Umidbaxsh adabiyot ehtiyoji. Yozuvchi Ulug’bek Hamdam bilan suhbat

05    Дунёда бир-биридан тамомила олисда, кўринишидан бир-бирига мутлақо алоқаси йўқ шаклларда юз берадиган кўпдан кўп ва хилма хил воқеа-ҳодисаларнинг замиридаги узвийликни кўнгил кўзи билан кўришга, англашга имкон яратадиган сеҳрли кўзгудир ҳақиқий адабиёт!

УМИДБАХШ АДАБИЁТ ЭҲТИЁЖИ
Ёзувчи Улуғбек ҲАМДАМ билан суҳбат
Адиба УМИРОВА гурунглашди
05

091Улуғбек Ҳамдам (Ҳамдамов Улуғбек Абдуваҳобович) 1968 йил, 24 апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги Юқори Роввот маҳалласида туғилди. 1985 йилда ўрта мактабни олтин медал билан тамомлади. 1986 ва 1988 йиллар орасида Украинада аскарлик хизматини ўтаган. 1988-1993 йилларда ТошДУ нинг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. 1992-93 йилларда эса давлатимиз ташаббуси билан ўқишга юборилган талабалар сафида Туркиянинг Кўнё шаҳрида тахсилни давом эттирган. 1993-1994 йилларда Шарқшунослик институтида турк тилидан дарс берган. 1994-1996 йилларда Ҳозирги Миллий Университет ўзбек филологияси факултетининг кундузги аспирантурасини ўқиган.
1997 йилда «30-йиллар ўзбек шеъриятида «соф лирика» муаммоси» (Ойбек шеърлари мисолида) мавзусида номзодлик диссертатсиясини ёқлаган.  Ҳозирда «ХХ аср ўзбек шеърияти бадиий тафаккур тадрижининг ижтимоий-психологик асослари» мавзусида докторлик диссертатсияси устида ишламоқда. 1997-2009 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва Адабиёт институтида катта илмий ходим,  2009-2015 йиллар «Шарқ юлдузи» журналининг бош муҳаррири лавозимида ишлади.
Улуғбек Ҳамдам бир неча насрий, назмий ҳамда адабий-танқидий тўпламлар муаллифи. Унинг илк насрий китоби 1998 йилда «Ёлғизлик» номи билан чоп этилган. «Мувозанат», «Исён ва итоат», «Сабо ва Самандар» номли романлари, «Тангрига элтувчи исён», «Атиргул», «Сени кутдим» ва «Узоқдаги Динура» номли шеърий ванасрий тўпламлари чоп этилган. Шунингдек,унинг «Бадиий тафаккур тадрижи» ва «Янгиланиш эҳтиёжи» номли адабий танқидий-тўпламлари эълон қилинган. Уларда ХХ ва ХХI аср аввалидаги ўзбек, қисман жаҳон адабиёти ва адабиётшунослиги муаммолари тадқиқ этилади. Улуғбек Ҳамдам Жалолиддин Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» ва проф. У. Туроннинг «Туркий халқлар мафкураси тарихи» номли асарларини турк тилидан ўгирган.

05

— Улуғбек ака, муҳтарам Президентимизнинг “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” деб номланган рисоласида миллий адабиётимиз олдида турган вазифалар ҳақида сўз боради. Биламизки, адабиёт тарбия воситаси — у инсон руҳиятини тозалаб туради. Бугунги кунда бадиий адабиёт, айниқса, яратилаётган асарлар хусусида қандай фикрлар билдирасиз? Китобхонлар қандай асарларга кўпроқ қизиқаяпти? Бу ёқда саргузашт, олди-қочди воқеалар баёнидан иборат китоблар ҳам кўпайиб боряпти…

— Аввало, шуни айтиб ўтиш керакки, яхши асарлар кам бўлса-да, яратиляпти. Фақат уларни кўра оладиган, хасу хашаклар орасидан илғайдиган нигоҳларимиз ҳақида кўпроқ қайғуришимиз керак. Агар шундай нигоҳларимиз бор бўлса, демак, сиз айтаётган тарғибот масалалар ҳақида гаплашсак бўлади. Йўқса, гулни алафдан ажратолмай қийналамиз. Бундай деётганимнинг сабаби, баъзида туппа тузук мунаққидларимиз танлаган, таҳлил қилиб китобхонларга тавсия этган айрим асарларни (агар уларни асар деб аташ мумкин бўлса!) ўқиб ёқа ушламоқдан ўзингни тутолмайсан, киши. Чинакам адабиёт, аввало, дунёга ботиний нигоҳ билан қараш дегани. Ботиний нигоҳи бор одам эса жуда-жуда мулоҳазакор бўлади. У бугун(дунё)ни қанчалик ўйласа, эрта (охират) ҳақида ҳам шунчалик ташвиш чекади. Бундай одамдан ёмонлик чиқмайди. У бировнинг жонига қасд қилмайди. Бир марта ҳидлаш учун яшнаб турган гулни узиб четга улоқтирмайди. Дунёга, дунёвийликка муккасидан кетиб, ўткинчи ҳою ҳавасларга иймонини сотмайди.

Аксинча, инсон деган номга муносиб равишда яшашга интилади, ўзига раво кўрганни ўзгага ҳам тилайди, умри борича, қўлидан келганча ҳаммага кўмак бермакка шошади. Шу маънода чинакам адабиёт одамга инсонийликдан сабоқ бергувчи жуда катта маънавий кучдир! Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари адабиётга, хусусан, келажакка эътиборимизни қаратганда шуларни назарда тутган. Дунёда бир-биридан тамомила олисда, кўринишидан бир-бирига мутлақо алоқаси йўқ шаклларда юз берадиган кўпдан кўп ва хилма хил воқеа-ҳодисаларнинг замиридаги узвийликни кўнгил кўзи билан кўришга, англашга имкон яратадиган сеҳрли кўзгудир ҳақиқий адабиёт! Аммо бу адабиёт ҳар доим ҳам қоғозга тушиб, китобга айланавермайди, у кўпинча юракларимизда яшайди. Матнга айланган адабиёт бу асл, ботинимиздаги адабиётнинг бир учқуни, холос. Юрагимизда бўладими ё китобларга дарж этиладими, қатъи назар, ҳақиқий адабиёт инсонни НАФС деб аталган ботқоқдан қутқариб, уни юксак идеалларга хизмат қилдиради. Чинакам адабиёт икки дунё ўртасидаги КЎПРИК бўла олади, бўлиши керак. Бундай адабиёт одамдаги ноқисликларни пасайтириб, унинг инсонлик қанотини парвозларга шайлайди, юксалтиради. Бас, шундай экан, мен бугун нафақат юртимизда, балки бутун дунёда яхши адабиётнинг тарғиботи қанча кўп бўлса, унинг моддий-маънавий фойдаси ҳам шунча яхши бўлади, деб ишонаман.

Китобхонлар ўзларига яқин мавзулардаги асарларга кўпроқ қизиқишади. Масалан, жамият бугунги кунда қандай муаммолар билан яшаётган эса, ўша масалалар мароқли ва юксак бадиият билан акс эттирилган асарлар ўқувчиларда энг кўп қизиқиш уйғотади, деб ўйлайман. Шу билан бирга, ўз оламига ғарқ бўлган, шоир айтмоқчи, торгина ҳовузни бутун бир дунё деб билган ўқувчилар гуруҳи ҳам бор. Улар худди шундай субЪектив оламда яшаб ижод қиладиган шоир ё ёзувчи асарларининг мухлиси бўлишади, одатда. Эътибор қилсангиз, замонамизда талай одамлар ўзи билан ўзи ўралашиб қолганини англайсиз. Худди шундай, ўз чорбоғини бутун бир оламга тенг дейдиган ижодкорлар ҳам топилади. Улар, кўпинча, ўз қобиғидан ташқари чиқа олмай, энг ёмони, бунга ҳаракат ҳам қилмай, ўз субЪективизми ботқоғи ичра хониш қилаётган шўрлик қушга ўхшайди. Аслида, ижодкорнинг ўз ички дунёсига саёҳат қилиши, у ердагини ташқарига – қоғозга, ўқувчиларга олиб чиқиши санъатнинг моҳиятига уйғун хатти-ҳаракат. Лекин, ҳамма гап шундаки, маънавий-руҳий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан паст савиядаги ижодкорнинг кўнгил дунёси биқиқ ва маиший ҳудуддан иборат бўлиб қолганда, унинг қаламидан чиққан шеър ҳам, қиссаю роман ҳам ўзга кўнгил ва онгга таъсир этмайди.

Энди “саргузашт, олди-қочди воқеалар баёнидан иборат китоблар ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотаётгани” масаласига келсак, бу ҳол шу кеча-кундузда дунёда ҳукм сураётган “оммавий маданият” кайфиятидан келиб чиқадиган енгил ҳаёт тарзига қизиқиш ва интилиш билан белгиланса, ажабмас. Фикрлаш, бу — аслида, жуда катта меҳнат қилиш дегани. Биз ана шундай меҳнатдан қочаётганга ўхшаймиз. Натижада қалб ва тафаккур дангаса бўлиб, ўрнига бадан билан боғлиқ истакларимиз ҳакалак отмоқда. Сиз айтаётган саргузашт ва олди-қочди адабиётга қизиқишнинг туб илдизи, адашмасам, шу ерда. Аммо бу дарднинг ҳам шифоси бор, у ҳам бўлса, жиддий адабиётга, шу жумладан, мумтоз адабиётимиз намуналарига тизимли эътибор қаратиб, уларни мактаб, коллеж ва лицейларданоқ ўқувчилар қалби ва онгига малҳам янглиғ қуйишда. Чунки бундай адабиёт миллатнинг ботиний қиёфасини белгилаб берадиган асосий устунлардан биридир! Бир халқ ўз ботиний қиёфасини қўримас экан, у моддий жиҳатдан қанчалик бой-бадавлат яшагани билан глобализм таъсири остида секин-аста ён-атрофдаги ўз “мен”ини таниган, уни ҳимоя қилган халқлар қатига сингиб кетиши ҳеч гапмас. Адабиёт ва маънавият шунинг учун ҳам бугун сув билан ҳаводек зарур!

— Биламизки, адабиёт бу одоб-ахлоқ фанидир. Лекин унинг бу хусусиятини иккинчи даражали, деб қарайдиганлар, бадиият, санъат бирламчи, панд-насиҳат сўз санъати намунасининг моҳиятини белгиламайди, дегувчилар ҳам бор. Сизнинг бу масалага муносабатингиз қандай?

— Биласизми, ижодкор ҳаёти мобайнида сиз санаган босқичларни босиб ўтар, тўғрироғи, босиб ўтиши керак экан. Танқид учун ўзгадан мисол қидириб нима қилдим, мана, менинг ўзим, талабалик йилларимда адабиёт ҳис ва идрок маҳсули, нимаики, қалбимиз ва баданимиз томонидан ҳис қилиниб, ақлимиз билан идрок қилиндими, бас, шуларнинг бари чинакам адабиётнинг маҳсулидир, деган максималистча қарашда юрар эдим. Ижодкор ҳақиқатгўй бўлиши шарт, у инсонга нимаики алоқадор эса, борини борича акс эттиришга маҳкум деб билардим. Талай қораламаларим шу йўсин бунёд ҳам бўлди. Вақтлар ўтиб эса қарашларим таҳрирга учради. Албатта, ижодкорнинг ҳар қандай вазиятда ҳам ўзгармайдиган ҳақиқатлари бўлади, бўлиши керак. У бундай ҳақиқатдан ҳеч қачон юз ўгирмаслиги лозим, бу фикримни бугун ҳам, эртага ҳам ёқлашимга ишонаман. Лекин вақти-соати келиб адашганини англаб етсаю қайсарлик қилиб буни тан олмаса, бу энди, юмшоқ қилиб айтганда, сира яхши эмас. Қолаверса, ҳақиқатнинг ҳам ўз аҳли бўлади. Аҳлига айтилмаган ҳар қандай тўғри ва яхши гапнинг зарари бўлса бўладики, фойдаси йўқ. Демак, ҳар бир гап ўз аҳлига айтилсагина кутилган натижани беради. Бундан ҳам муҳимроқ гап шуки, адабиёт инсон (ўқувчи) нигоҳини юксак ва пок нуқталарга қаратмоғи жуда-жуда зарур экан! (“Ботқоқларга ботса-да жисмим Қорачиғда яшайди осмон!” дейди шоир). Айниқса, бугун — глобализм даврида! “Оммавий маданият” кучайиб, инсон турли маданиятлар ва қарашлар буҳронида йўлини йўқотаёзган паллада!

Яқинда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Миллатимиз, адабиётимиз, маънавиятимиз учун катта хизмат қилган забардаст шоиримиз билан учрашувга талабаларнинг аксарияти, биласизми, кимнинг тўпламини бағирларига босиб келишди? Замонамизнинг “Мен севаман, Сен севасанми?” деб ёзғучи қўшиқчи назмбозининг! Мана, сиз айтаётган ўқувчи савиясига битта мисол! Йўқ, мен ҳамма ёшларимизни ёппасига айбламоқчи эмасман. Айбдор бор бўлса, у ҳам ўзимиз. Чунки уларга ҳақиқий, баланд адабиётдан сабоқ беролмаган бўлиб чиқаяпмиз. Мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юртларида имкон топиб (адабиётга ажратилаётган дарс соатлари мурғак онг ва юракни тўғри тарбия қилиш учун кифоями?) ўқувчилар қалбига етарлича кира олмаган бўлаяпмиз. Натижада, улар ўз ёшларига кўра осон ҳазм қилинувчи, дастлабки икки қаторидан қолган ҳамма мисралари нима билан тугаши аён сўзлар йиғиндисини шеър деб қабул қилишмоқда. Ўқувчини тарбиялаш учун эса адабиётнинг нима эканлигини аввало ўзи яхши англаб олган ҳамда баланд савияда дарс беришдан бошқа ташвиши йўқ мутахассис-ўқитувчилар “армия”си зарурлигини ёдда тутмоғимиз керак. Демак, жиддий ва катта адабиёт бу жамиятнинг битта бўғини уддалайдиган осон иш бўлмай, ҳаммамизнинг бир ёқадан бош чиқариб, доимо баҳамжиҳат меҳнат қилишимиз натижасида қўлга киритиладиган бебаҳо маънавий бойлик экан.

— Интернетга муносабатингиз қандай? Бу ёзувчининг имкониятларини кенгайтираяптими ёки вақтини ўғирлаяптими? Интернетнинг китобхонликка таъсири ҳам бор гап…

— Яқинда интернет ҳақида гапира туриб, бир танишим оддий пичоқни ташбеҳ сифатида қўллади ва бу менга жуда маъқул келди. Унинг айтишича, пичоқни инсон ош пишириш учун ҳам, бировни жароҳатлаш ёки ҳаётига зомин бўлиш учун ҳам ишлатиши мумкин экан. Интернет ҳам тахминан шундай қурол. Демак, интернетдан сиз қайси мақсадда фойдаланаяпсиз, ҳамма гап ана шунда. Интернет — тараққиёт маҳсули. Ундан ва унинг каби маҳсуллардан воз кечилмайди. Ихтиёримизда нима қолади? Унга ва унинг каби тамаддун туғиб бераётган бошқа техник воситаларга қаратилган муносабатимизни инсоннинг шаънига муносиб мақомга кўтариш қолади. Демак, интернетга қайси мақсадда ёндашсак, у ҳам бизга шу тарзда жавоб берар экан. Лекин онги етарлича шаклланмаган ёшларимизнинг интернетга бўлган муносабатларини доимий назорат қилиб бориш шарт деб биламан. Ўғил-қизларимиз қайси сайтларга кираяпти, кимлар билан мулоқотда бўлаяпти ва у ерда бир кунда ёки бир ҳафтада неча соат вақт ўтказаяпти, деган саволларга аниқ, ижобий жавобимиз бўлиши зарур. Умуман олганда эса, дунё миқёсида интернетнинг инсонни ҳайвонийлигига ёғ қуядиган, фаҳш, бузғунчилик, қўпорувчилик, террорга гиж-гижлайдиган имконларини бутунлай ва узил-кесил чегаралаш устида жиддий қарорлар оладиган вақт келмадимикан?..

Мен интернетга, асосан, маълумот олиш, хабар ва почта ўқиш учун кираман. Бу иш учун менга одатда, уч-тўрт дақиқадан ярим соатгача вақт кифоя қилади. Мабодо, узоқроқ қолиб кетсам, асосий ҳаётим тепадаю менинг ўзим ертўлада қамалиб колгандек ҳис қиламан ўзимни. Унутмаслигимиз керакки, интернет бу ҳақиқий ҳаётнинг битта жилваси, холос. Кўп кузатганман, реал ҳаётда муваффақиятсизликка учраган одамлар, одатда, виртуал оламдан тасалли, овунчоқ излаб қолади. Шунданми, интернетга конкрет иш юзасидан кирмай, унинг бепоён бўшлиқларида шунчаки вақт ўтказиб юрган кишиларга кўзим тушса ё улар ҳақида эшитсам, негадир уларнинг ҳаётларида муаммо бормикан, деган ўйга бораман. Албатта, касб-кори интернет билан мунтазам ишлашни тақозо қиладиган мутахассислар бундан мустасно. Алқисса, интернетга тўғри мақсад ва эзгу ният билан муносабатда бўлинса, у дастёрга айланади. Йўқса, инсонни турли балоларга гирифтор этиши ҳам бор гап.

— Бугун адабиёт табиатида қандай ўзгаришларни, янгиланишларни кузатиш мумкин? Шу маънода “Наъматак” асарингизга тўхталсангиз.

— Адабиёт янгиланаётир. У вақти-вақти билан либосини ўзгартириб туради, яъни янги тўн кийиб олади. Бу нарса, айниқса, кейинги вақтларда бўртиб кўрина бошлади. Бугун ёстиқдек романларни ўқиш ниҳоятда мушкул. Қисқалик, лўндалик, образлилик бугунги адабиётнинг асосий атрибутларидан. Чунки вақтнинг унуми қолмаган. Техника ва ахборот асрлари инсон учун вақт деб аталган неъмат баракасини учириб юборди. Бунга амин бўлиш учун, ана, бирон ҳафтага қишлоққа, одамлар камроқ яшайдиган овлоққа бориб вақтни кузатинг. Бирданига у имиллай бошлаганига гувоҳ бўласиз. Лекин гавжум шаҳарга қайтиб келганингизда ҳаммаси ўзгаради – йилларингиз ойлардек, ойларингиз ҳафталар каби, ҳафталарингиз кунлар цингари ўтаётганини пайқаб қоласиз. Нега? Чунки бу ерда ҳаракат кўп ва тиғиз. Атрофингизда кўпқаватли уйлар, автолар, одамлар… Ва улар кўз ўнгингизда тинимсиз ҳаракатланиб туради. Ғоялар, қарашлар, кайфиятлар ҳам шундай. Натижада вақтни ҳис қилишимиз ўзгариб, инсон қисқа фурсат ичида кўпроқ нарсага эришиш пайига тушиб қолади. Шаҳарликларнинг шошқалоқ бўлиб қолиши шундан. У ёғини суриштирсангиз, дунёнинг ўзи секин-аста улкан бир шаҳарга айланиб бораяпти. Мен мана “Наъматак” деб аталган кичик экспериметал асар ёздим. Ва уни шартли равишда роман деб атадим. Бунда ана ўша ихтиёримизда тобора камайиб бораётган ВАҚТ тушунчасидан келиб чиқиб, роман мазмунини битта ҳикоя ҳажмига қамашга ҳаракат қилдим. Бу бир тажриба, холос. Ундан каттасига даъвоим йўқ. Албатта, асарга қарашлар ҳар хил бўлди, бўлаяпти. Буни мен табиий қабул қиламан. Фақат томонлар бу асар ўйин ёки ҳавас тарзида туғилмаганлигини, унинг айнан шундай кичик ҳажмда ёзилганлигининг, юқорида баён этилганидек, жуда салмоқли асос — сабаби борлигини бир бор мушоҳада қилиб кўрсалар, бас. У ёғини сўрасангиз, мутолаадан сўнг хотирангизда ҳикоянинг юкича мазмун қолдирмаган ёстиқдек романдан, романнинг юкидек мазмун қолдирган жимитдек ҳикояни чандон афзал кўраман.

Дарвоқе, адабиётдаги ўйин масаласига келсак. Кўпчилик замондош ижодкорлар шаклга шу даражада ружу қўйишдики, натижада кўп ҳолларда алам билан мазмуннинг оқсаётганини кузатишга тўғри келмоқда. Адабиёт инсон дардидан, адолат ва ҳақиқатдан узоқлашар ва шаклбозликни ўзининг бош аъмолига айлантирар, санъат асосини бошқотирмадан иборат деб билар экан, у сариқ чақага ҳам арзимайди. Адабиётни кўнгилхушлик даражасига туширмаслик керак. Ҳақиқий адабиёт, бу — инсон руҳи акс этгувчи илоҳий кўзгудир!

— Айримлар хослар учун ёзаман деб айтса, баъзилар халқ учун ижод қиламан дейди. Сиз-чи?

— Баъзан учрашувларда турфа йўналишдаги шоирлар шеър ўқиб қолади. Яшириб нима қилдим, одатда, халқона йўналишдагиларни зал аҳли кўпроқ қўллаб-қувватлайди, мураккаброқ йўналиш шоирларини эса, одатда, уч-тўрт киши маъқуллаганининг гувоҳи бўламиз. Мени эса ҳар доим битта нарса ўйлантириб келган: ижодда шундай бир даражага эришсангки, унда сени ҳамма – омма ҳам, хос ҳам бирдек тушунса. Бу айтишгагина осон. Ҳатто чинакамига халқона йўлда ўқувчига маъқул бўладиган тўрт қатор шеър айтиш ҳам ғоят мушкул иш. Бир неча вақт муқаддам яқин дўстим тавсиясига кўра профессор Суйима Ғаниева таржимаси ва таҳрири остида чоп этилган “Калила ва Димна” асарини қайта ўқиб чиқдим. Қайта деганимнинг сабаби, бир вақтлар, мактаб пайтимда асар билан илк бор танишган эдим. Биласизми, дўстимдан жуда-жуда миннатдор бўлиб кетдим. Ахир, мана-ку, мен ижодда орзу қилган ўша даража! Етти ёшдан етмиш ёшгача манзур бўладиган услуб! Қаҳрамонлари асосан даррандаю парранда, ҳашароту одамизод бўлган ушбу асарнинг сюжети болаларга қанчалик завқли бўлса, сюжет зимнидаги маънолар тафаккур юритувчилар учун шунчалар мароқли. Унда акс этган бир-биридан қизиқ воқеалар халқ эътиборини қанча тортса, воқеалардан келиб чиқадиган хулосалар, қиссадан ҳиссалар хос кишилар диққатига шунча муносиб. Бир вақтнинг ўзида ҳам кўпчилик, ҳам озчилик дидига уйғун сўз айтишнинг уддасидан чиқолмаганим учун ҳам мен ҳозиргача алоҳида-алоҳида айтиб келдим. Чунончи, “Ёлғизлик” деган қиссамни ёзганимда мен ёзувчи сифатида айтадиган ҳамма асосий гапимни айтиб бўлдим, деб ўйлаганман. Лекин кейинроқ синчиклаб назар солсам, у асар кўпроқ хослар учун битилган экан. Кўнглим тўлмади ва уни кўпчиликка тушунтириш учун нақ учта роман ёздим: “Мувозанат”, “Исён ва итоат” ва “Сабо ва Самандар” аслида ана ўша “Ёлғизлик”нинг ўзига хос таржималари, шарҳи ҳисобланади. Айрим ҳикояларда ва айниқса, 2013 йилда ёзилган “Наъматак” кичик романдагина орзуимга қисман эришдим. Лекин катта ҳажмдаги асарда буни уддалай олганим йўқ ҳали. Яқинда якунлаган “Йўл ва йўловчи” деб номланган романимни ўқувчи сифатида ўқиб кўрсам, яна кўпгина ўринларда “Ёлғизлик”нинг руҳига тушиб қолганимни англадим ва кўнглим бироз чўқди. Кўриб турганингиздек, мен ҳали изланишда эканман. Ҳали орзуимдаги асар олдинда экан. Етиб бораманми унга йўқми, буни билмадим, билганим ва, эҳтимол, муҳими шуки, мен ундан эсаётган бўйни туйдим.

— Шу ўринда танқидчилигимиз ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтсангиз. Бугунги ўзбек танқиди чинакамига воқеа бўлаётган асарларни тўғри топиб, уларга тўғри ташҳис қўя оляптими?

— Ўзбек адабий танқиди, унинг бугунги савияси, келажакдаги тақдири адабиёт жонкуярларини айниқса, бугун жиддий ўйлатмоқда, қаердадир севинтирса, қаердадир ташвишга солмоқда. Истагимиз — ўзбек адабий танқиди юксалсин! Адабий жараёндан ортда қолмасин, аксинча, байроқни қўлга олган ҳолда олд сафга ўтиб юрсин. Чунки адабий жараён аввалида эмас, ортида юрган адабий танқид, бу – асл танқид эмас, балки ана шу жараённинг аянчли соясидир. Устоз мунаққид, профессор У.Норматов бир мақоласида“Инсоният ҳали улкан истеъдодлар хизматини муносиб қадрлаш даражасига кўтарилгани йўқ”, деб айтадики, бу дардли ҳайқириқнинг бир учи келиб танқидга қадалади. Шунда беихтиёр хаёлга америкалик машҳур скрипкачи Жошуа Белл келади. 2009 йилда қуйидагича бир эксперимент ўтказилади: жаҳонга машҳур, бир кун олдин “Бостон Симфоник Холл”да берган контсертининг билет нархи 100-120 доллар бўлган скрипкачи оддий кийим кийган ҳолда метро бекатига тушиб келади ва тик турган кўйи 3,5 млн. доллар турадиган қимматбаҳо скрипкасида дунёларга донғи кетган мусиқаларини чала бошлайди. Шунда, биласизми, нима ҳол рўй беради: ачинарли, аммо бугунги замонавий дунё ва замондош инсоннинг асл юзини очиб ташлайдиган, уларда яширин фожиани шундоқ кўз ўнгимизда намоён этадиган воқеа содир бўлади. Скрипкачи 45 дақиқа мобайнида мусиқа чалади, лекин уни ҳеч ким танимайди, танимагани майли, шу вақт давомида 6 кишигина хиёл тўхтаб мусиқага қулоқ тутгандек бўлади, аммо соатларига қараб олгач, яна шитоб билан йўлларида давом этади, атиги 20 киши пул беради, машҳур скрипкачи бор-йўғи 32 доллар пул йиғади. Энг қизиғи шуки, мусиқани астойдил эшитаман деган саноқлиларнинг бари болалар бўлади. Қиссадан ҳисса — бунга ўхшаш не-не мўъжизаларни ҳар куни, ҳар он назардан соқит қилиб, уларда ғофил ҳолда яшаётган эканмиз?” деган саволни қўйишади клип ижодкорлари.
Худди шундай, бугунги ўзбек адабиётида ҳам юқоридаги ҳолни ёдга соладиган воқеалар анчадан бери бор. Қаршисида тўхтаб тафаккур қиладиган асарлар оз бўлса-да яратилди, яратилаётир. Лекин ўқувчи метродаги одамлар каби бепарво, бееътибор. Ҳатто адабий танқид ҳам деярли шундай аҳволда, баъзан эса янада аянчли ҳолларга тушиб туради у: асосий эътиборни чинакам санъат асарларига қаратиш ўрнига, кўпинча, ўртамиёна қораламалар билан андармон бўлиб умрини ўтказмоқда. Мунаққид ёзган мақоласини ўзидан узоқроқ умр кўришини истаса, ўлмайдиган адабий дурдоналар ҳақида кўпроқ бош қотириб, хўпроқ ёзиши керак бўлади.

— Шиддат билан ўзгариб, турланиб бораётган дунёда ижодкорнинг зиммасига тушаётган энг муҳим вазифа, сизнингча, нимадан иборат?

— Умиддан, уни одамларга бағишлашдан. Умиддан, ишончдан бошқа нима бор ўзи бу оламда? Ўшани ҳам йўқ десак… Адабиёт орқали, бадиий сўз воситасида ўша ҳаёт осилиб турган риштани ҳам кессак, нима қолади ўзи?.. Битта ёки бир қанча ғамгин шеърнинг йўриғи бошқа. Лекин ижодкор тушкунликни тарғиб қилса-чи? Ҳаётга муҳаббатни эмас, ўлимга муҳаббатни куйлаб турса-чи?.. Унинг бутун ижоди шундай кайфиятлар маҳсулидан иборат бўлса-чи?.. У ҳолда жим туриш жиноят қилиш билан баробар эмасми?.. Албатта, ҳеч кимга “сен бундай ёзма!” дея буйруқ бериб бўлмайди. Ҳар бир ижодкор қалби буюрганини ёзади. Фақат жамият ичра тушкун кайфият уруғини сепмасин, қора руҳни тарғиб қилмасин, бузғунчиликни ташвиқ этмасин, дея истак билдиришга ҳаққимиз бордир, ахир! Тани бузуқ бўлган бор, онги бузуқ бўлган бор. Кўпинча, кейингиси чунон хавфлидир. Чунки биринчи ҳолда зарар асосан инсоннинг ўзига ва нисбатан озчиликка, иккинчисида эса аксарият ҳолда атрофдагиларга ва кўпчиликка келади. Зулматга хизмат қиладиган асарлар ўқувчи онгини бузувчи асарлардир. Бугунги замондош учун ёруғ асарлар сув билан ҳаводек зарур. Инсониятнинг иймону эътиқоддан маҳрум қисми шундоғам умидсизлик деган ботқоққа чўкиб бораяпти. Шундай бир пайтда башар аҳлига бир қатим нур илиниш ижодкорларнинг муқаддас бурчи эмасми!?.

— Баъзан бугун “қоладиган асарлар кам ёзилаяпти”, дегандек ёзғириқларни эшитиб қоламиз. Наҳотки, шундай бўлса?

— Биз кўпинча “тайёр” асарларни ўқишга мойил бўламиз. Ва “тайёр” қарашларга суяниб, устига устак, худди Америка кашф қилган каби асарни мақтай кетамиз. Ҳеч ким билмаса, сезмаса, ўша фикрларни ўзимизники ҳам қилиб оламиз. Чунки устозимиз Талъат Солиҳов айтганидек: “бизнинг тафаккуримиз дангаса”. Фикр юритишдан қочамиз, унга бўйнимиз ёр бермайди. Худди дўконлардан яримтайёр маҳсулотларни олиб, уйга келиб, электриситгичда апил-тапил илитиб оғзимизга солаётганимиз каби ижтимоий-маънавий интилишларимиз бобида ҳам ўша тайёр қарашларга тобемиз: бизгача айтилган мулоҳазалар қолиплари доирасидан чиқиб кетолмаймиз. Кундалигимга қачонлардир шундай фикрни қоралаб қўйган эканман: “Биз қолипларга кўра яшаймиз. Ҳар доим, ҳар бир ҳаракатимиз қолипларга риоядир. Аслида, табиатимиз ва виждон амримизга қулоқ осиш бизни руҳий изтироблардан сақлар эди. Лекин биз “одамлар нима дейди?”, деб ўзимизни яна қолиплар ичига яширамиз. Ҳаёт ҳам шунга яраша жазолайди — биз қолиплар ичра кўринмай кетамиз”. Ҳозирда, бадиий асарларни баҳолашда, ҳатто улар ўтмиш меросига оид бўлса-да, асосан, бизгача айтилган тайёр қарашларни дастак қилиб кун кўраётган чалаолимлар урчиб кетган. Аслида, бошқаларни фикрларини ўқиб-ўрганишнинг ёнида уларга қул бўлиб қолмай, асарни гўёки энди ёзилгандек мутолаа қилиш ва у ҳақида ўз мулоҳазаларимизни айтишимиз керакмасми? Бошқа томондан эса, улуғ асарлар фақат ўтмишда ёзилган деган ғайриилмий, ғайримантиқий қарашдан воз кечиш керак. Инсон, агар у олим бўлса ҳам, ўз даври билан, унинг муаммолари билан яшамас, уларни ҳис қилмас экан, шу даврнинг кўзгудаги акси бўлиб яратилган асарлари ҳақида кескин фикр билдиришдан ўзини тийгани маъқул.

Манба: «Hurriyat» газетаси

012

UMIDBAXSH ADABIYOT EHTIYOJI
Yozuvchi Ulug’bek HAMDAM bilan suhbat
Adiba UMIROVA gurunglashdi
05

091Ulug’bek Hamdam (Hamdamov Ulug’bek Abduvahobovich) 1968 yil, 24 aprelda Andijon viloyatining Marhamat tumanidagi Yuqori Rovvot mahallasida tug’ildi. 1985 yilda o’rta maktabni oltin medal bilan tamomladi. 1986 va 1988 yillar orasida Ukrainada askarlik xizmatini o’tagan. 1988-1993 yillarda ToshDU ning o’zbek filologiyasi fakultetida tahsil olgan. 1992-93 yillarda esa davlatimiz tashabbusi bilan o’qishga yuborilgan talabalar safida Turkiyaning Ko’nyo shahrida taxsilni davom ettirgan. 1993-1994 yillarda Sharqshunoslik institutida turk tilidan dars bergan. 1994-1996 yillarda Hozirgi Milliy Universitet o’zbek filologiyasi fakultetining kunduzgi aspiranturasini o’qigan.
1997 yilda «30-yillar o’zbek she’riyatida «sof lirika» muammosi» (Oybek she’rlari misolida) mavzusida nomzodlik dissertatsiyasini yoqlagan. Hozirda «XX asr o’zbek she’riyati badiiy tafakkur tadrijining ijtimoiy-psixologik asoslari» mavzusida doktorlik dissertatsiyasi ustida ishlamoqda.  1997-2009 yillarda O’zbekiston Fanlarakademiyasining Alisher Navoiy nomidagi Til va Adabiyot institutida katta ilmiy xodim. 2009-2015 yillar «Sharq yulduzi» jurnalining bosh muharriri lavozimida ishladi.
Ulug’bek Hamdam bir necha nasriy, nazmiy hamda adabiy-tanqidiy to’plamlar muallifi. Uning ilk nasriy kitobi 1998 yilda «Yolg’izlik» nomi bilan chop etilgan. «Muvozanat», «Isyon va itoat», «Sabo va Samandar» nomli romanlari, «Tangriga eltuvchi isyon», «Atirgul», «Seni kutdim» va «Uzoqdagi Dinura» nomli she’riy vanasriy to’plamlari chop etilgan. Shuningdek,uning «Badiiy tafakkur tadriji» va «Yangilanish ehtiyoji» nomli adabiy tanqidiy-to’plamlari e’lon qilingan. Ularda XX va XXI asr avvalidagi o’zbek, qisman jahon adabiyoti va adabiyotshunosligi muammolari tadqiq etiladi. Ulug’bek Hamdam Jaloliddin Rumiyning «Ichindagi ichindadir» va prof. U. Turonning «Turkiy xalqlar mafkurasi tarixi» nomli asarlarini turk tilidan o’girgan.

05

— Ulug‘bek aka, muhtaram Prezidentimizning “Adabiyotga e’tibor — ma’naviyatga, kelajakka e’tibor” deb nomlangan risolasida milliy adabiyotimiz oldida turgan vazifalar haqida so‘z boradi. Bilamizki, adabiyot tarbiya vositasi — u inson ruhiyatini tozalab turadi. Bugungi kunda badiiy adabiyot, ayniqsa, yaratilayotgan asarlar xususida qanday fikrlar bildirasiz? Kitobxonlar qanday asarlarga ko‘proq qiziqayapti? Bu yoqda sarguzasht, oldi-qochdi voqealar bayonidan iborat kitoblar ham ko‘payib boryapti…

— Avvalo, shuni aytib o‘tish kerakki, yaxshi asarlar kam bo‘lsa-da, yaratilyapti. Faqat ularni ko‘ra oladigan, xasu xashaklar orasidan ilg‘aydigan nigohlarimiz haqida ko‘proq qayg‘urishimiz kerak. Agar shunday nigohlarimiz bor bo‘lsa, demak, siz aytayotgan targ‘ibot masalalar haqida gaplashsak bo‘ladi. Yo‘qsa, gulni alafdan ajratolmay qiynalamiz. Bunday deyotganimning sababi, ba’zida tuppa tuzuk munaqqidlarimiz tanlagan, tahlil qilib kitobxonlarga tavsiya etgan ayrim asarlarni (agar ularni asar deb atash mumkin bo‘lsa!) o‘qib yoqa ushlamoqdan o‘zingni tutolmaysan, kishi. Chinakam adabiyot, avvalo, dunyoga botiniy nigoh bilan qarash degani. Botiniy nigohi bor odam esa juda-juda mulohazakor bo‘ladi. U bugun(dunyo)ni qanchalik o‘ylasa, erta (oxirat) haqida ham shunchalik tashvish chekadi. Bunday odamdan yomonlik chiqmaydi. U birovning joniga qasd qilmaydi. Bir marta hidlash uchun yashnab turgan gulni uzib chetga uloqtirmaydi. Dunyoga, dunyoviylikka mukkasidan ketib, o‘tkinchi hoyu havaslarga iymonini sotmaydi. Aksincha, inson degan nomga munosib ravishda yashashga intiladi, o‘ziga ravo ko‘rganni o‘zgaga ham tilaydi, umri boricha, qo‘lidan kelgancha hammaga ko‘mak bermakka shoshadi. Shu ma’noda chinakam adabiyot odamga insoniylikdan saboq berguvchi juda katta ma’naviy kuchdir! Shu bois ham davlatimiz rahbari adabiyotga, xususan, kelajakka e’tiborimizni qaratganda shularni nazarda tutgan. Dunyoda bir-biridan tamomila olisda, ko‘rinishidan bir-biriga mutlaqo aloqasi yo‘q shakllarda yuz beradigan ko‘pdan ko‘p va xilma xil voqea-hodisalarning zamiridagi uzviylikni ko‘ngil ko‘zi bilan ko‘rishga, anglashga imkon yaratadigan sehrli ko‘zgudir haqiqiy adabiyot! Ammo bu adabiyot har doim ham qog‘ozga tushib, kitobga aylanavermaydi, u ko‘pincha yuraklarimizda yashaydi. Matnga aylangan adabiyot bu asl, botinimizdagi adabiyotning bir uchquni, xolos. Yuragimizda bo‘ladimi yo kitoblarga darj etiladimi, qat’i nazar, haqiqiy adabiyot insonni NAFS deb atalgan botqoqdan qutqarib, uni yuksak ideallarga xizmat qildiradi. Chinakam adabiyot ikki dunyo o‘rtasidagi KO‘PRIK bo‘la oladi, bo‘lishi kerak. Bunday adabiyot odamdagi noqisliklarni pasaytirib, uning insonlik qanotini parvozlarga shaylaydi, yuksaltiradi. Bas, shunday ekan, men bugun nafaqat yurtimizda, balki butun dunyoda yaxshi adabiyotning targ‘iboti qancha ko‘p bo‘lsa, uning moddiy-ma’naviy foydasi ham shuncha yaxshi bo‘ladi, deb ishonaman.

Kitobxonlar o‘zlariga yaqin mavzulardagi asarlarga ko‘proq qiziqishadi. Masalan, jamiyat bugungi kunda qanday muammolar bilan yashayotgan esa, o‘sha masalalar maroqli va yuksak badiiyat bilan aks ettirilgan asarlar o‘quvchilarda eng ko‘p qiziqish uyg‘otadi, deb o‘ylayman. Shu bilan birga, o‘z olamiga g‘arq bo‘lgan, shoir aytmoqchi, torgina hovuzni butun bir dunyo deb bilgan o‘quvchilar guruhi ham bor. Ular xuddi shunday sub’ektiv olamda yashab ijod qiladigan shoir yo yozuvchi asarlarining muxlisi bo‘lishadi, odatda. E’tibor qilsangiz, zamonamizda talay odamlar o‘zi bilan o‘zi o‘ralashib qolganini anglaysiz. Xuddi shunday, o‘z chorbog‘ini butun bir olamga teng deydigan ijodkorlar ham topiladi. Ular, ko‘pincha, o‘z qobig‘idan tashqari chiqa olmay, eng yomoni, bunga harakat ham qilmay, o‘z sub’ektivizmi botqog‘i ichra xonish qilayotgan sho‘rlik qushga o‘xshaydi. Aslida, ijodkorning o‘z ichki dunyosiga sayohat qilishi, u yerdagini tashqariga – qog‘ozga, o‘quvchilarga olib chiqishi san’atning mohiyatiga uyg‘un xatti-harakat. Lekin, hamma gap shundaki, ma’naviy-ruhiy, ijtimoiy-siyosiy jihatdan past saviyadagi ijodkorning ko‘ngil dunyosi biqiq va maishiy hududdan iborat bo‘lib qolganda, uning qalamidan chiqqan she’r ham, qissayu roman ham o‘zga ko‘ngil va ongga ta’sir etmaydi.

Endi “sarguzasht, oldi-qochdi voqealar bayonidan iborat kitoblar ham ko‘pchilikda qiziqish uyg‘otayotgani” masalasiga kelsak, bu hol shu kecha-kunduzda dunyoda hukm surayotgan “ommaviy madaniyat” kayfiyatidan kelib chiqadigan yengil hayot tarziga qiziqish va intilish bilan belgilansa, ajabmas. Fikrlash, bu — aslida, juda katta mehnat qilish degani. Biz ana shunday mehnatdan qochayotganga o‘xshaymiz. Natijada qalb va tafakkur dangasa bo‘lib, o‘rniga badan bilan bog‘liq istaklarimiz hakalak otmoqda. Siz aytayotgan sarguzasht va oldi-qochdi adabiyotga qiziqishning tub ildizi, adashmasam, shu yerda. Ammo bu dardning ham shifosi bor, u ham bo‘lsa, jiddiy adabiyotga, shu jumladan, mumtoz adabiyotimiz namunalariga tizimli e’tibor qaratib, ularni maktab, kollej va litseylardanoq o‘quvchilar qalbi va ongiga malham yanglig‘ quyishda. Chunki bunday adabiyot millatning botiniy qiyofasini belgilab beradigan asosiy ustunlardan biridir! Bir xalq o‘z botiniy qiyofasini qo‘rimas ekan, u moddiy jihatdan qanchalik boy-badavlat yashagani bilan globalizm ta’siri ostida sekin-asta yon-atrofdagi o‘z “men”ini tanigan, uni himoya qilgan xalqlar qatiga singib ketishi hech gapmas. Adabiyot va ma’naviyat shuning uchun ham bugun suv bilan havodek zarur!

— Bilamizki, adabiyot bu odob-axloq fanidir. Lekin uning bu xususiyatini ikkinchi darajali, deb qaraydiganlar, badiiyat, san’at birlamchi, pand-nasihat so‘z san’ati namunasining mohiyatini belgilamaydi, deguvchilar ham bor. Sizning bu masalaga munosabatingiz qanday?

— Bilasizmi, ijodkor hayoti mobaynida siz sanagan bosqichlarni bosib o‘tar, to‘g‘rirog‘i, bosib o‘tishi kerak ekan. Tanqid uchun o‘zgadan misol qidirib nima qildim, mana, mening o‘zim, talabalik yillarimda adabiyot his va idrok mahsuli, nimaiki, qalbimiz va badanimiz tomonidan his qilinib, aqlimiz bilan idrok qilindimi, bas, shularning bari chinakam adabiyotning mahsulidir, degan maksimalistcha qarashda yurar edim. Ijodkor haqiqatgo‘y bo‘lishi shart, u insonga nimaiki aloqador esa, borini boricha aks ettirishga mahkum deb bilardim. Talay qoralamalarim shu yo‘sin bunyod ham bo‘ldi. Vaqtlar o‘tib esa qarashlarim tahrirga uchradi. Albatta, ijodkorning har qanday vaziyatda ham o‘zgarmaydigan haqiqatlari bo‘ladi, bo‘lishi kerak. U bunday haqiqatdan hech qachon yuz o‘girmasligi lozim, bu fikrimni bugun ham, ertaga ham yoqlashimga ishonaman. Lekin vaqti-soati kelib adashganini anglab yetsayu qaysarlik qilib buni tan olmasa, bu endi, yumshoq qilib aytganda, sira yaxshi emas. Qolaversa, haqiqatning ham o‘z ahli bo‘ladi. Ahliga aytilmagan har qanday to‘g‘ri va yaxshi gapning zarari bo‘lsa bo‘ladiki, foydasi yo‘q. Demak, har bir gap o‘z ahliga aytilsagina kutilgan natijani beradi. Bundan ham muhimroq gap shuki, adabiyot inson (o‘quvchi) nigohini yuksak va pok nuqtalarga qaratmog‘i juda-juda zarur ekan! (“Botqoqlarga botsa-da jismim Qorachig‘da yashaydi osmon!” deydi shoir). Ayniqsa, bugun — globalizm davrida! “Ommaviy madaniyat” kuchayib, inson turli madaniyatlar va qarashlar buhronida yo‘lini yo‘qotayozgan pallada!

Yaqinda bir voqeaning guvohi bo‘ldim. Millatimiz, adabiyotimiz, ma’naviyatimiz uchun katta xizmat qilgan zabardast shoirimiz bilan uchrashuvga talabalarning aksariyati, bilasizmi, kimning to‘plamini bag‘irlariga bosib kelishdi? Zamonamizning “Men sevaman, Sen sevasanmi?” deb yozg‘uchi qo‘shiqchi nazmbozining! Mana, siz aytayotgan o‘quvchi saviyasiga bitta misol! Yo‘q, men hamma yoshlarimizni yoppasiga ayblamoqchi emasman. Aybdor bor bo‘lsa, u ham o‘zimiz. Chunki ularga haqiqiy, baland adabiyotdan saboq berolmagan bo‘lib chiqayapmiz. Maktab, kollej, litsey, oliy o‘quv yurtlarida imkon topib (adabiyotga ajratilayotgan dars soatlari murg‘ak ong va yurakni to‘g‘ri tarbiya qilish uchun kifoyami?) o‘quvchilar qalbiga yetarlicha kira olmagan bo‘layapmiz. Natijada, ular o‘z yoshlariga ko‘ra oson hazm qilinuvchi, dastlabki ikki qatoridan qolgan hamma misralari nima bilan tugashi ayon so‘zlar yig‘indisini she’r deb qabul qilishmoqda. O‘quvchini tarbiyalash uchun esa adabiyotning nima ekanligini avvalo o‘zi yaxshi anglab olgan hamda baland saviyada dars berishdan boshqa tashvishi yo‘q mutaxassis-o‘qituvchilar “armiya”si zarurligini yodda tutmog‘imiz kerak. Demak, jiddiy va katta adabiyot bu jamiyatning bitta bo‘g‘ini uddalaydigan oson ish bo‘lmay, hammamizning bir yoqadan bosh chiqarib, doimo bahamjihat mehnat qilishimiz natijasida qo‘lga kiritiladigan bebaho ma’naviy boylik ekan.

— Internetga munosabatingiz qanday? Bu yozuvchining imkoniyatlarini kengaytirayaptimi yoki vaqtini o‘g‘irlayaptimi? Internetning kitobxonlikka ta’siri ham bor gap…

— Yaqinda internet haqida gapira turib, bir tanishim oddiy pichoqni tashbeh sifatida qo‘lladi va bu menga juda ma’qul keldi. Uning aytishicha, pichoqni inson osh pishirish uchun ham, birovni jarohatlash yoki hayotiga zomin bo‘lish uchun ham ishlatishi mumkin ekan. Internet ham taxminan shunday qurol. Demak, internetdan siz qaysi maqsadda foydalanayapsiz, hamma gap ana shunda. Internet — taraqqiyot mahsuli. Undan va uning kabi mahsullardan voz kechilmaydi. Ixtiyorimizda nima qoladi? Unga va uning kabi tamaddun tug‘ib berayotgan boshqa texnik vositalarga qaratilgan munosabatimizni insonning sha’niga munosib maqomga ko‘tarish qoladi. Demak, internetga qaysi maqsadda yondashsak, u ham bizga shu tarzda javob berar ekan. Lekin ongi yetarlicha shakllanmagan yoshlarimizning internetga bo‘lgan munosabatlarini doimiy nazorat qilib borish shart deb bilaman. O‘g‘il-qizlarimiz qaysi saytlarga kirayapti, kimlar bilan muloqotda bo‘layapti va u yerda bir kunda yoki bir haftada necha soat vaqt o‘tkazayapti, degan savollarga aniq, ijobiy javobimiz bo‘lishi zarur. Umuman olganda esa, dunyo miqyosida internetning insonni hayvoniyligiga yog‘ quyadigan, fahsh, buzg‘unchilik, qo‘poruvchilik, terrorga gij-gijlaydigan imkonlarini butunlay va uzil-kesil chegaralash ustida jiddiy qarorlar oladigan vaqt kelmadimikan?..

Men internetga, asosan, ma’lumot olish, xabar va pochta o‘qish uchun kiraman. Bu ish uchun menga odatda, uch-to‘rt daqiqadan yarim soatgacha vaqt kifoya qiladi. Mabodo, uzoqroq qolib ketsam, asosiy hayotim tepadayu mening o‘zim yerto‘lada qamalib kolgandek his qilaman o‘zimni. Unutmasligimiz kerakki, internet bu haqiqiy hayotning bitta jilvasi, xolos. Ko‘p kuzatganman, real hayotda muvaffaqiyatsizlikka uchragan odamlar, odatda, virtual olamdan tasalli, ovunchoq izlab qoladi. Shundanmi, internetga konkret ish yuzasidan kirmay, uning bepoyon bo‘shliqlarida shunchaki vaqt o‘tkazib yurgan kishilarga ko‘zim tushsa yo ular haqida eshitsam, negadir ularning hayotlarida muammo bormikan, degan o‘yga boraman. Albatta, kasb-kori internet bilan muntazam ishlashni taqozo qiladigan mutaxassislar bundan mustasno. Alqissa, internetga to‘g‘ri maqsad va ezgu niyat bilan munosabatda bo‘linsa, u dastyorga aylanadi. Yo‘qsa, insonni turli balolarga giriftor etishi ham bor gap.

— Bugun adabiyot tabiatida qanday o‘zgarishlarni, yangilanishlarni kuzatish mumkin? Shu ma’noda “Na’matak” asaringizga to‘xtalsangiz.

— Adabiyot yangilanayotir. U vaqti-vaqti bilan libosini o‘zgartirib turadi, ya’ni yangi to‘n kiyib oladi. Bu narsa, ayniqsa, keyingi vaqtlarda bo‘rtib ko‘rina boshladi. Bugun yostiqdek romanlarni o‘qish nihoyatda mushkul. Qisqalik, lo‘ndalik, obrazlilik bugungi adabiyotning asosiy atributlaridan. Chunki vaqtning unumi qolmagan. Texnika va axborot asrlari inson uchun vaqt deb atalgan ne’mat barakasini uchirib yubordi. Bunga amin bo‘lish uchun, ana, biron haftaga qishloqqa, odamlar kamroq yashaydigan ovloqqa borib vaqtni kuzating. Birdaniga u imillay boshlaganiga guvoh bo‘lasiz. Lekin gavjum shaharga qaytib kelganingizda hammasi o‘zgaradi – yillaringiz oylardek, oylaringiz haftalar kabi, haftalaringiz kunlar singari o‘tayotganini payqab qolasiz. Nega? Chunki bu yerda harakat ko‘p va tig‘iz. Atrofingizda ko‘pqavatli uylar, avtolar, odamlar… Va ular ko‘z o‘ngingizda tinimsiz harakatlanib turadi. G‘oyalar, qarashlar, kayfiyatlar ham shunday. Natijada vaqtni his qilishimiz o‘zgarib, inson qisqa fursat ichida ko‘proq narsaga erishish payiga tushib qoladi. Shaharliklarning shoshqaloq bo‘lib qolishi shundan. U yog‘ini surishtirsangiz, dunyoning o‘zi sekin-asta ulkan bir shaharga aylanib borayapti. Men mana “Na’matak” deb atalgan kichik eksperimetal asar yozdim. Va uni shartli ravishda roman deb atadim. Bunda ana o‘sha ixtiyorimizda tobora kamayib borayotgan VAQT tushunchasidan kelib chiqib, roman mazmunini bitta hikoya hajmiga qamashga harakat qildim. Bu bir tajriba, xolos. Undan kattasiga da’voim yo‘q. Albatta, asarga qarashlar har xil bo‘ldi, bo‘layapti. Buni men tabiiy qabul qilaman. Faqat tomonlar bu asar o‘yin yoki havas tarzida tug‘ilmaganligini, uning aynan shunday kichik hajmda yozilganligining, yuqorida bayon etilganidek, juda salmoqli asos — sababi borligini bir bor mushohada qilib ko‘rsalar, bas. U yog‘ini so‘rasangiz, mutolaadan so‘ng xotirangizda hikoyaning yukicha mazmun qoldirmagan yostiqdek romandan, romanning yukidek mazmun qoldirgan jimitdek hikoyani chandon afzal ko‘raman.

Darvoqe, adabiyotdagi o‘yin masalasiga kelsak. Ko‘pchilik zamondosh ijodkorlar shaklga shu darajada ruju qo‘yishdiki, natijada ko‘p hollarda alam bilan mazmunning oqsayotganini kuzatishga to‘g‘ri kelmoqda. Adabiyot inson dardidan, adolat va haqiqatdan uzoqlashar va shaklbozlikni o‘zining bosh a’moliga aylantirar, san’at asosini boshqotirmadan iborat deb bilar ekan, u sariq chaqaga ham arzimaydi. Adabiyotni ko‘ngilxushlik darajasiga tushirmaslik kerak. Haqiqiy adabiyot, bu — inson ruhi aks etguvchi ilohiy ko‘zgudir!

— Ayrimlar xoslar uchun yozaman deb aytsa, ba’zilar xalq uchun ijod qilaman deydi. Siz-chi?

— Ba’zan uchrashuvlarda turfa yo‘nalishdagi shoirlar she’r o‘qib qoladi. Yashirib nima qildim, odatda, xalqona yo‘nalishdagilarni zal ahli ko‘proq qo‘llab-quvvatlaydi, murakkabroq yo‘nalish shoirlarini esa, odatda, uch-to‘rt kishi ma’qullaganining guvohi bo‘lamiz. Meni esa har doim bitta narsa o‘ylantirib kelgan: ijodda shunday bir darajaga erishsangki, unda seni hamma – omma ham, xos ham birdek tushunsa. Bu aytishgagina oson. Hatto chinakamiga xalqona yo‘lda o‘quvchiga ma’qul bo‘ladigan to‘rt qator she’r aytish ham g‘oyat mushkul ish. Bir necha vaqt muqaddam yaqin do‘stim tavsiyasiga ko‘ra professor Suyima G‘anieva tarjimasi va tahriri ostida chop etilgan “Kalila va Dimna” asarini qayta o‘qib chiqdim. Qayta deganimning sababi, bir vaqtlar, maktab paytimda asar bilan ilk bor tanishgan edim. Bilasizmi, do‘stimdan juda-juda minnatdor bo‘lib ketdim. Axir, mana-ku, men ijodda orzu qilgan o‘sha daraja! Yetti yoshdan yetmish yoshgacha manzur bo‘ladigan uslub! Qahramonlari asosan darrandayu parranda, hasharotu odamiyzod bo‘lgan ushbu asarning syujeti bolalarga qanchalik zavqli bo‘lsa, syujet zimnidagi ma’nolar tafakkur yurituvchilar uchun shunchalar maroqli. Unda aks etgan bir-biridan qiziq voqealar xalq e’tiborini qancha tortsa, voqealardan kelib chiqadigan xulosalar, qissadan hissalar xos kishilar diqqatiga shuncha munosib. Bir vaqtning o‘zida ham ko‘pchilik, ham ozchilik didiga uyg‘un so‘z aytishning uddasidan chiqolmaganim uchun ham men hozirgacha alohida-alohida aytib keldim. Chunonchi, “Yolg‘izlik” degan qissamni yozganimda men yozuvchi sifatida aytadigan hamma asosiy gapimni aytib bo‘ldim, deb o‘ylaganman. Lekin keyinroq sinchiklab nazar solsam, u asar ko‘proq xoslar uchun bitilgan ekan. Ko‘nglim to‘lmadi va uni ko‘pchilikka tushuntirish uchun naq uchta roman yozdim: “Muvozanat”, “Isyon va itoat” va “Sabo va Samandar” aslida ana o‘sha “Yolg‘izlik”ning o‘ziga xos tarjimalari, sharhi hisoblanadi. Ayrim hikoyalarda va ayniqsa, 2013 yilda yozilgan “Na’matak” kichik romandagina orzuimga qisman erishdim. Lekin katta hajmdagi asarda buni uddalay olganim yo‘q hali. Yaqinda yakunlagan “Yo‘l va yo‘lovchi” deb nomlangan romanimni o‘quvchi sifatida o‘qib ko‘rsam, yana ko‘pgina o‘rinlarda “Yolg‘izlik”ning ruhiga tushib qolganimni angladim va ko‘nglim biroz cho‘qdi. Ko‘rib turganingizdek, men hali izlanishda ekanman. Hali orzuimdagi asar oldinda ekan. Yetib boramanmi unga yo‘qmi, buni bilmadim, bilganim va, ehtimol, muhimi shuki, men undan esayotgan bo‘yni tuydim.

— Shu o‘rinda tanqidchiligimiz haqida ikki og‘iz to‘xtalib o‘tsangiz. Bugungi o‘zbek tanqidi chinakamiga voqea bo‘layotgan asarlarni to‘g‘ri topib, ularga to‘g‘ri tashhis qo‘ya olyaptimi?

— O‘zbek adabiy tanqidi, uning bugungi saviyasi, kelajakdagi taqdiri adabiyot jonkuyarlarini ayniqsa, bugun jiddiy o‘ylatmoqda, qaerdadir sevintirsa, qaerdadir tashvishga solmoqda. Istagimiz — o‘zbek adabiy tanqidi yuksalsin! Adabiy jarayondan ortda qolmasin, aksincha, bayroqni qo‘lga olgan holda old safga o‘tib yursin. Chunki adabiy jarayon avvalida emas, ortida yurgan adabiy tanqid, bu – asl tanqid emas, balki ana shu jarayonning ayanchli soyasidir. Ustoz munaqqid, professor U.Normatov bir maqolasida“Insoniyat hali ulkan iste’dodlar xizmatini munosib qadrlash darajasiga ko‘tarilgani yo‘q”, deb aytadiki, bu dardli hayqiriqning bir uchi kelib tanqidga qadaladi. Shunda beixtiyor xayolga amerikalik mashhur skripkachi Joshua Bell keladi. 2009 yilda quyidagicha bir eksperiment o‘tkaziladi: jahonga mashhur, bir kun oldin “Boston Simfonik Xoll”da bergan kontsertining bilet narxi 100-120 dollar bo‘lgan skripkachi oddiy kiyim kiygan holda metro bekatiga tushib keladi va tik turgan ko‘yi 3,5 mln. dollar turadigan qimmatbaho skripkasida dunyolarga dong‘i ketgan musiqalarini chala boshlaydi. Shunda, bilasizmi, nima hol ro‘y beradi: achinarli, ammo bugungi zamonaviy dunyo va zamondosh insonning asl yuzini ochib tashlaydigan, ularda yashirin fojiani shundoq ko‘z o‘ngimizda namoyon etadigan voqea sodir bo‘ladi. Skripkachi 45 daqiqa mobaynida musiqa chaladi, lekin uni hech kim tanimaydi, tanimagani mayli, shu vaqt davomida 6 kishigina xiyol to‘xtab musiqaga quloq tutgandek bo‘ladi, ammo soatlariga qarab olgach, yana shitob bilan yo‘llarida davom etadi, atigi 20 kishi pul beradi, mashhur skripkachi bor-yo‘g‘i 32 dollar pul yig‘adi. Eng qizig‘i shuki, musiqani astoydil eshitaman degan sanoqlilarning bari bolalar bo‘ladi. Qissadan hissa — bunga o‘xshash ne-ne mo‘’jizalarni har kuni, har on nazardan soqit qilib, ularda g‘ofil holda yashayotgan ekanmiz?” degan savolni qo‘yishadi klip ijodkorlari.

Xuddi shunday, bugungi o‘zbek adabiyotida ham yuqoridagi holni yodga soladigan voqealar anchadan beri bor. Qarshisida to‘xtab tafakkur qiladigan asarlar oz bo‘lsa-da yaratildi, yaratilayotir. Lekin o‘quvchi metrodagi odamlar kabi beparvo, bee’tibor. Hatto adabiy tanqid ham deyarli shunday ahvolda, ba’zan esa yanada ayanchli hollarga tushib turadi u: asosiy e’tiborni chinakam san’at asarlariga qaratish o‘rniga, ko‘pincha, o‘rtamiyona qoralamalar bilan andarmon bo‘lib umrini o‘tkazmoqda. Munaqqid yozgan maqolasini o‘zidan uzoqroq umr ko‘rishini istasa, o‘lmaydigan adabiy durdonalar haqida ko‘proq bosh qotirib, xo‘proq yozishi kerak bo‘ladi.

— Shiddat bilan o‘zgarib, turlanib borayotgan dunyoda ijodkorning zimmasiga tushayotgan eng muhim vazifa, sizningcha, nimadan iborat?

— Umiddan, uni odamlarga bag‘ishlashdan. Umiddan, ishonchdan boshqa nima bor o‘zi bu olamda? O‘shani ham yo‘q desak… Adabiyot orqali, badiiy so‘z vositasida o‘sha hayot osilib turgan rishtani ham kessak, nima qoladi o‘zi?.. Bitta yoki bir qancha g‘amgin she’rning yo‘rig‘i boshqa. Lekin ijodkor tushkunlikni targ‘ib qilsa-chi? Hayotga muhabbatni emas, o‘limga muhabbatni kuylab tursa-chi?.. Uning butun ijodi shunday kayfiyatlar mahsulidan iborat bo‘lsa-chi?.. U holda jim turish jinoyat qilish bilan barobar emasmi?.. Albatta, hech kimga “sen bunday yozma!” deya buyruq berib bo‘lmaydi. Har bir ijodkor qalbi buyurganini yozadi. Faqat jamiyat ichra tushkun kayfiyat urug‘ini sepmasin, qora ruhni targ‘ib qilmasin, buzg‘unchilikni tashviq etmasin, deya istak bildirishga haqqimiz bordir, axir! Tani buzuq bo‘lgan bor, ongi buzuq bo‘lgan bor. Ko‘pincha, keyingisi chunon xavflidir. Chunki birinchi holda zarar asosan insonning o‘ziga va nisbatan ozchilikka, ikkinchisida esa aksariyat holda atrofdagilarga va ko‘pchilikka keladi. Zulmatga xizmat qiladigan asarlar o‘quvchi ongini buzuvchi asarlardir. Bugungi zamondosh uchun yorug‘ asarlar suv bilan havodek zarur. Insoniyatning iymonu e’tiqoddan mahrum qismi shundog‘am umidsizlik degan botqoqqa cho‘kib borayapti. Shunday bir paytda bashar ahliga bir qatim nur ilinish ijodkorlarning muqaddas burchi emasmi!?.

— Ba’zan bugun “qoladigan asarlar kam yozilayapti”, degandek yozg‘iriqlarni eshitib qolamiz. Nahotki, shunday bo‘lsa?

— Biz ko‘pincha “tayyor” asarlarni o‘qishga moyil bo‘lamiz. Va “tayyor” qarashlarga suyanib, ustiga ustak, xuddi Amerika kashf qilgan kabi asarni maqtay ketamiz. Hech kim bilmasa, sezmasa, o‘sha fikrlarni o‘zimizniki ham qilib olamiz. Chunki ustozimiz Tal’at Solihov aytganidek: “bizning tafakkurimiz dangasa”. Fikr yuritishdan qochamiz, unga bo‘ynimiz yor bermaydi. Xuddi do‘konlardan yarimtayyor mahsulotlarni olib, uyga kelib, elektrisitgichda apil-tapil ilitib og‘zimizga solayotganimiz kabi ijtimoiy-ma’naviy intilishlarimiz bobida ham o‘sha tayyor qarashlarga tobemiz: bizgacha aytilgan mulohazalar qoliplari doirasidan chiqib ketolmaymiz. Kundaligimga qachonlardir shunday fikrni qoralab qo‘ygan ekanman: “Biz qoliplarga ko‘ra yashaymiz. Har doim, har bir harakatimiz qoliplarga rioyadir. Aslida, tabiatimiz va vijdon amrimizga quloq osish bizni ruhiy iztiroblardan saqlar edi. Lekin biz “odamlar nima deydi?”, deb o‘zimizni yana qoliplar ichiga yashiramiz. Hayot ham shunga yarasha jazolaydi — biz qoliplar ichra ko‘rinmay ketamiz”. Hozirda, badiiy asarlarni baholashda, hatto ular o‘tmish merosiga oid bo‘lsa-da, asosan, bizgacha aytilgan tayyor qarashlarni dastak qilib kun ko‘rayotgan chalaolimlar urchib ketgan. Aslida, boshqalarni fikrlarini o‘qib-o‘rganishning yonida ularga qul bo‘lib qolmay, asarni go‘yoki endi yozilgandek mutolaa qilish va u haqida o‘z mulohazalarimizni aytishimiz kerakmasmi? Boshqa tomondan esa, ulug‘ asarlar faqat o‘tmishda yozilgan degan g‘ayriilmiy, g‘ayrimantiqiy qarashdan voz kechish kerak. Inson, agar u olim bo‘lsa ham, o‘z davri bilan, uning muammolari bilan yashamas, ularni his qilmas ekan, shu davrning ko‘zgudagi aksi bo‘lib yaratilgan asarlari haqida keskin fikr bildirishdan o‘zini tiygani ma’qul.

Manba: «Hurriyat» gazetasi

xdk

(Tashriflar: umumiy 4 981, bugungi 1)

1 izoh

  1. Улуғбек Ҳамдам ўз асарларида ғарб ва шарқ фалсафасини, ғарб ва шарқ адабиётининг яхши анъаналарини уйғунлаштира билади. Менга унинг романларидан ҳам кўра «Ёлғизлик» қиссаси ва «Тош» номли ҳикояси ёқади. Яқинда «Ёшлик»да чиққан романини ҳам ўқидим. Бу асарда адиб РУҲ ҳаётининг жуда кўп жиҳатларини қамраб олишга муваффақ бўлган, деб ўйлайман. Менимча, романни ўқиш чоғида адиб истеъдоди ва тасаввуригина эмас, билим ва тафаккурининг даражаси ҳақида ҳам муайян хулосага келиш мумкин.(Гулноз)

Izoh qoldiring