Xurshid Do’stmuhammad. «To’g’rilik to’nini kiygil…» & Xurshid Davron. Samarqand xayoli

034    Инсоний комиллик ўтмишни англашдан бошланади. Чинакам маърифат эгаси олис мозийдан озуқа олади, истиқобол ва истиқлол неъмати ана шундай зиёли мақомидаги қалб ва шуур соҳибларига кўпроқ баҳра беради – Хуршид Давроннинг тарихий мавзудаги бадиалари мазмун-моҳиятини мазкур ҳақиқатлар ташкил этади. Жумладан, “Массагетлар маликаси ва форслар подшоҳи”, “Босқинчилик қаҳрамонлик бўладими?”, “Амир Темур ўғлининг ўлими ҳақида ривоят” бадиалари 80-йиллар охиридаги ўзбек тарихий маърифатномасида ҳодисага айланди.

Хуршид Дўстмуҳаммад
“ТЎҒРИЛИК ТЎНИНИ КИЙГИЛ!..”
08

    Ижод аҳли икки реалликда – ҳамма қатори ҳаётда ва ўзи яратган бадиий оламда яшайди. Бадиий оламнинг нечоғли бой ва файзли бўлиши ижод салоҳиятидан келиб чиқади. Ҳассос ижодкорларнинг бадиий дунёси кўп қаватли муҳташам иморат янглиғ кўкка бўй чўзаверади. Муаллифнинг айтар сўзига, маслак майдонига, руҳий ҳаловатгоҳига айланади бу иморат.

Хуршид Даврон “Ватан” дея аталмиш ўз иморати, яъни бадиий дунёсини йигирма беш йил бурун қуришга киришган. Ватанни душман ихтиёрига ташлаб, жон сақлаган қочоқ фожиасини шундай шеърга солган эди ўшанда Хуршид:

Уни қувар тинмай она ер –
У ҳимоя қилмаган тупроқ.

Чорак аср нарини қўятурайлик, яқин олти-етти йилга қадар ҳам ижодкор учун бундай бинолар бунёд этиш орзусида яшаш хатарли эди. Шу боис шоир келажакка умид боғлади:

Самарқанд – бу бир ҳовуч қайғу,
Бир қултум бахт, бир ҳовуч армон.
Самарқанд – бу қадим қайиғу,
Сузиб борар келажак томон.

Бадиий ҳақиқатнинг қудрати ва шаккоклиги шундаки, у ҳар қандай мустабид ҳаёт “ҳақиқати” исканжасида ҳам ўз сўзини айтиш чорасини топади. Агар Хуршид Даврон ижодининг аввалида ўз сўзини баъзан лирик қаҳрамоннинг умидсизланишлари, маъюсликлари орқали ифодалашга уринган бўлса (“Мен кўксингга бошим қўйдим, Сен чеккан дард, ҳасратда куйдим… Эй, қалбимнинг онаси, Ватан!”), унинг қайғу-ҳасрат зимистонида аста-секин умид чироқлари ҳам порлай бошлади. 80-йилларнинг ўрталарига келиб эса ватанга эгалик туйғуси даъват шаклида шеърий мисраларга тизилди:

Ўғлим, бу ер –
Бизнинг еримиз.
Ўзимизнинг еримиз.
Қўрқмасдан қадам ташла…
Эмаклаганим етар, ўғлим,
Қад тиклашни ўрган,
Шунинг учун бизга берилган
Бу ер – бу Ватан.

049Бадиий дунё иморатининг қандай қурилиш ашёси ва воситада бунёд этилиши давр яратган имкониятга ҳам боғлиқ. Хуршиднинг ватан ва ҳурлик мавзуидаги шеърларида рўйирост айтилмай қолаётган “нимадир” 80-йилларнинг охирига келиб публицистик чиқишларда “фош” бўлди. Публицистик шакл ва руҳ шарофати билан шоир гапнинг индаллосига кўчди. Йиллар мобайнида кўнгли тубида йиғилиб ётган аламу армонлар мақолалар, суҳбатлар, хотиралар пўртанасига айланди. “Тарих – боболар боғи”, “Муқаддас китобни варақла”, “Ватанни сев, тупроғини ўп”, “Кўнглимизда юлдузлар чақнасин” каби бир қатор мақола ва суҳбатлар ана шу пўртананинг қувватига-қувват, шиддатига-шиддат қўшди. Тарихни, тарихга айланган хотираларни шоир виждон посангисига қўйди. Шоир ўз шахсий армони моҳиятидаги катта ижтимоий кемтикликни топди. “Болалигимиздан билиш шарт бўлган оддий ҳақиқатларни англаш учун умримизнинг ярмини бериб қўйдик” деди у. Энди бунга чек қўймоқлик зарур. Қандай бўлмасин, жаҳолатдан, илмсизликдан, манқуртликдан халос бўлиш керак. Ватанни озод кишиларгина чуқурроқ ва теранроқ англайдилар. Бунинг учун эса ишни тарихни англашдан бошламоқ зарур. Шу тариқа “Аждодлар ёди” деб номланган туркум вужудга келди. Унда тарихни англаш борасида тоғ-тоғ бўлиб уюлиб ётган вазифалар манзараси яратилди.

Инсоний комиллик ўтмишни англашдан бошланади. Чинакам маърифат эгаси олис мозийдан озуқа олади, истиқобол ва истиқлол неъмати ана шундай зиёли мақомидаги қалб ва шуур соҳибларига кўпроқ баҳра беради – Хуршид Давроннинг тарихий мавзудаги бадиалари мазмун-моҳиятини мазкур ҳақиқатлар ташкил этади. Жумладан, “Массагетлар маликаси ва форслар подшоҳи”, “Босқинчилик қаҳрамонлик бўладими?”, “Амир Темур ўғлининг ўлими ҳақида ривоят” бадиалари 80-йиллар охиридаги ўзбек тарихий маърифатномасида ҳодисага айланди.

Мустақиллик йилларида замондошларимизнинг ўтмишга муносабатини соғломлаштириш, янгилаш ва шакллантириш борасида кўпгина ишлар қилинди. Янгиланишга руҳан тайёр турганлар орасида Хуршид Даврон ҳам бор эди. У чорак аср муқаддам бунёд этишга киришган иморати тархи-бичимини ўзгартирмади, балки қурилиш суръатини дадил жадаллаштирди. Чунки у имконият кутаётган эди, бу имкониятни мустақиллик даври яратди.

Одатда тарихни ўрганишга жазм этган муаллифлар олдида аҳамияти жиҳатидан бир-биридан кам бўлмаган вазифалар қалашиб ётади. Бизда авваламбор тарихдан бохабарлик борасидаги билимсизликка барҳам бериш зарурати кўплиги сезилди. Бинобарин, матбуот саҳифаларида эълон қилинган ҳисобсиз чиқишлардан тортиб катта-кичик адабиётлар ушбу кемтикликни тўлдиришга қаратилди. “Аждодлар ёди” туркумидан ўрин олган бадиалар соф тарихчи мутахассислар тадқиқотларидан фарқли ўлароқ, уларда ўқувчини маърифатга чорловчи шоирона эҳтирос яққол сезилди. Бадиаларни бефарқ ёки лоқайд ўқиш мумкин эмас, улар беихтиёр ўқувчининг маънавий мулкига айланади, ўқувчини ўйлашга, мушоҳада юритишга ундайди.

Хуршид Давроннинг “Самарқанд хаёли” деб номланган салмоқли китобидан ўрин олган бадиаларда, хусусан, “Бибихоним қиссаси ёки тугамаган достон” асарида муаллиф тарихнинг ўқилмаган саҳифаларини оммалаштириш билан бирга мозий воқеаларини бадиий таҳлил этади. Таҳлил муаллифнинг эҳтиросларга бой хотиралари қоришиғида эссе даражасига кўтарилади. Хуршид Даврон муқаддам яшаб ўтган ўнлаб мумтоз тарихнавислар, шунингдек, бизга замондош устоз адиб ва олимлар номларини беҳад улуғлайди. Шу билан бирга номлари кўпчиликка маълум бўлмаган оддий ва фидойи зотларни кашф этади ҳам. Шундайлардан бири – Самарқанд тарих музейига директорлик қилган Мамат Юсупов образини яратади. Мазкур реал образдаги мусаффолик, садоқат туйғуси муаллиф “мен”идаги самимият билан ажиб уйғунлик яратади.

Ўтмишни ўрганишда қонуний бир ҳолат кузатилади: тадқиқотларда муаллифнинг “мен”и яққол акс этмай иложи йўқ. Тарихчи воқеа-ҳодисаларнинг ўз “мен”ида акс этган “маънавий манзаралари”ни (Гегел) яратди. Хуршид буюк соҳибқирон шахсини улуғлайдими, Бибихоним, Улуғбек ё бошқа темурий шаҳзодалар ҳаётини ўрганадими – мезон шайинини адолат, виждон, жасорат юксаклигига кўтаради. Темур номаълумлик қаршисида қўл қовуштириб ўтиришни ёқтирмайди… “Иккиланиш – мағлубиятдир” деб ўйлайди Темур. Буюк саркарда қўрқоқликни кечирса кечиради-ю, аммо хиёнатчига мурувват кўрсатишни гуноҳ санайди…

Ўтмишда қандай воқеа-ҳодисалар юз берганини ёзадиган тарихнавислар одатда кўпчиликни ташкил қилади. НЕГА айни воқеа-ҳодисалар рўй берганини таҳлил қилиш тарихнавислардан ўзгача малака, катта уқув ва чуқур билимни тақозо қилади. Бўрибой Аҳмедов, Турғун Файзиев, Амриддин Бердимуродов, Азамат Зиё сингари бу тоифа тарихнависларимиз сафида Хуршид Даврон ҳам бор. “Бибихоним қиссаси ёхуд тугамаган достон”нинг қайта сайқалланган нашрида, “Соҳибқирон набираси ёхуд митти юлдуз қиссаси”да Хуршиднинг ўтмиш воқеалари орасидаги мураккаб мантиқий боғланишларни, сабаб ва оқибатлар занжирини тадқиқ этишга, дадил фаразларни илгари суришга мойиллик кучайди. Чунончи, тарихнавис адиб ва шоир нуқтаи-назаридан хийла нозик масалаларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилади, яъни у Темурдек буюк инсоннинг айни 660 йил муқаддам дунёга келиши ҳикматини изоҳлашга уринади.

Ҳа, Амир Темур она юрт бошидаги энг оғир паллада тарих саҳнасида пайдо бўлди. Хуршид ёзмоқчи, Темурнинг “ҳам давлат арбоби, ҳам ҳарбий саркардалик даҳоси Ватан учун мураккаб пайтда зоҳир бўлгани мўъжиза эмасми?” Буюк даҳоларнинг туғилиш санаси, вояга етиб, ўз халқи ва ватанининг оғир кунларига яраша тарихига мурожаат қилинса, ақл бовар қилмас мантиқий қонуниятни англаш мумкин бўлади. Айни шу нуқтаи назардан тадқиқ этилса, Амир Темур мўғул истибдоди авжига минган пайтда мамлакат ва башарият тарихи саҳнига чиқди. Марказий Осиё халқларининг маданияти, адабиёти, илм-фани бир неча юз йиллик таназзулдан “толиққан”, парвозга қанот ёзаётган эди. Маҳаллий халқларнинг туркий тили юксалиш палласига кирди. Янгича давлатчилик тизими вужудга келди, савдо-сотиқ ривожланди.

Амир Темурнинг умумбашарий аҳамиятга молик фазилатларидан ҳайратга тушганда ана шу буюкликни таъмин этиб турган ботиний инсоний қудратни унутмаслик керак деган хулосага келади Хуршид Даврон бадиаларини ўқиган киши. Соҳибқирон яратган боғлар таърифи… Жаҳонгашта саркарданинг аҳли аёллари, суюкли неваралари билан фавқулодда илиқ муносабатлари…

Келини Севинбеканинг ўғли Мироншоҳдан арзини эшитган жаҳонгирнинг кўзларидан ёш тирқирайди, ўзини хилватга тортади… Навбатдаги юришга ҳозирлик кўраётган жаҳонгир муваққат чодирига кириб қайтиб не кўз билан кўрсаки, ҳеч ким йўқлигида чодир туйнугидан кирган қўш қабутар уя қуриб, макиёни тухум босишга улгурибди. Қўшин сафарга отланганда Темур тўрт нафар навкарини мулозим билан қолдириб, уларга тайинлайди: “Тангри таолонинг бу қушлари тухум очиб, полапонлари учирма бўлғунча, шу ёнда бўлурсиз, полапонлар учирма бўлғач, чодирни йиғиб ортимиздан юрғайсиз…”

Хуршид Даврон тарихий бадиа-қиссани “Соҳибқирон набираси” деб атаган. Гарчи унда асосан Мирзо Улуғбекнинг болалик айёмлари хусусида сўз борса-да, бобонинг неварага бундай муносабати улуғ неваралар, яъни боқий авлодлар етишиб чиқажагига ишора вазифасини ўтайди. Буюк бобонинг авлодлари ҳам буюк бўладилар. Зеро, боқий сафар тўшагида ётган Муҳаммад Тарағай баҳодир ўғли Темурга бир умрга, қолаверса, неча ўнлаб авлодларга татигулик васият қилган эди:
— Толеингга битилган бўлса, ҳукмфармо бўлурсан, аммо ким бўлмагин, мусулмон бўл! Ҳеч бир кимсага ҳақсизлик қилма! Ҳеч кимга сабабсиз ранжу озор етказма! Бировнинг ҳақига ҳийла ёки зўрлик билан хиёнат этма! Тўғрилик тўнини кийгил!..

Ўн етти ёшида қиблагоҳидан тинглаган бу ўгитларни Амир Темур умр бўйи ёдидан чиқармайди, уларга оғишмай амал қилади…

1996

Insoniy komillik o’tmishni anglashdan boshlanadi. Chinakam ma’rifat egasi olis moziydan ozuqa oladi, istiqobol va istiqlol ne’mati ana shunday ziyoli maqomidagi qalb va shuur sohiblariga ko’proq bahra beradi – Xurshid Davronning tarixiy mavzudagi badialari mazmun-mohiyatini mazkur haqiqatlar tashkil etadi. Jumladan, “Massagetlar malikasi va forslar podshohi”, “Bosqinchilik qahramonlik bo’ladimi?”, “Amir Temur o’g’lining o’limi haqida rivoyat” badialari 80-yillar oxiridagi o’zbek tarixiy ma’rifatnomasida hodisaga aylandi.

Xurshid Do’stmuhammad
“TO’G’RILIK TO’NINI KIYGIL!..”
08

   Ijod ahli ikki reallikda – hamma qatori hayotda va o’zi yaratgan badiiy olamda yashaydi. Badiiy olamning nechog’li boy va fayzli bo’lishi ijod salohiyatidan kelib chiqadi. Hassos ijodkorlarning badiiy dunyosi ko’p qavatli muhtasham imorat yanglig’ ko’kka bo’y cho’zaveradi. Muallifning aytar so’ziga, maslak maydoniga, ruhiy halovatgohiga aylanadi bu imorat.

Xurshid Davron “Vatan” deya atalmish o’z imorati, ya’ni badiiy dunyosini yigirma besh yil burun qurishga kirishgan. Vatanni dushman ixtiyoriga tashlab, jon saqlagan qochoq fojiasini shunday she’rga solgan edi o’shanda Xurshid:

Uni quvar tinmay ona yer –
U himoya qilmagan tuproq.

Chorak asr narini qo’yaturaylik, yaqin olti-yetti yilga qadar ham ijodkor uchun bunday binolar bunyod etish orzusida yashash xatarli edi. Shu bois shoir kelajakka umid bog’ladi:

Samarqand – bu bir hovuch qayg’u,
Bir qultum baxt, bir hovuch armon.
Samarqand – bu qadim qayig’u,
Suzib borar kelajak tomon.

Badiiy haqiqatning qudrati va shakkokligi shundaki, u har qanday mustabid hayot “haqiqati” iskanjasida ham o’z so’zini aytish chorasini topadi. Agar Xurshid Davron ijodining avvalida o’z so’zini ba’zan lirik qahramonning umidsizlanishlari, ma’yusliklari orqali ifodalashga uringan bo’lsa (“Men ko’ksingga boshim qo’ydim, Sen chekkan dard, hasratda kuydim… Ey, qalbimning onasi, Vatan!”), uning qayg’u-hasrat zimistonida asta-sekin umid chiroqlari ham porlay boshladi. 80-yillarning o’rtalariga kelib esa vatanga egalik tuyg’usi da’vat shaklida she’riy misralarga tizildi:

O’g’lim, bu yer –
Bizning yerimiz.
O’zimizning yerimiz.
Qo’rqmasdan qadam tashla…
Emaklaganim yetar, o’g’lim,
Qad tiklashni o’rgan,
Shuning uchun bizga berilgan
Bu yer – bu Vatan.

Badiiy dunyo imoratining qanday qurilish ashyosi va vositada bunyod etilishi davr yaratgan imkoniyatga ham bog’liq. Xurshidning vatan va hurlik mavzuidagi she’rlarida ro’yirost aytilmay qolayotgan “nimadir” 80-yillarning oxiriga kelib publitsistik chiqishlarda “fosh” bo’ldi. Publitsistik shakl va ruh sharofati bilan shoir gapning indallosiga ko’chdi. Yillar mobaynida ko’ngli tubida yig’ilib yotgan alamu armonlar maqolalar, suhbatlar, xotiralar po’rtanasiga aylandi.

“Tarix – bobolar bog’i”, “Muqaddas kitobni varaqla”, “Vatanni sev, tuprog’ini o’p”, “Ko’nglimizda yulduzlar chaqnasin” kabi bir qator maqola va suhbatlar ana shu po’rtananing quvvatiga-quvvat, shiddatiga-shiddat qo’shdi. Tarixni, tarixga aylangan xotiralarni shoir vijdon posangisiga qo’ydi. Shoir o’z shaxsiy armoni mohiyatidagi katta ijtimoiy kemtiklikni topdi. “Bolaligimizdan bilish shart bo’lgan oddiy haqiqatlarni anglash uchun umrimizning yarmini berib qo’ydik” dedi u.

Endi bunga chek qo’ymoqlik zarur. Qanday bo’lmasin, jaholatdan, ilmsizlikdan, manqurtlikdan xalos bo’lish kerak. Vatanni ozod kishilargina chuqurroq va teranroq anglaydilar. Buning uchun esa ishni tarixni anglashdan boshlamoq zarur. Shu tariqa “Ajdodlar yodi” deb nomlangan turkum vujudga keldi. Unda tarixni anglash borasida tog’-tog’ bo’lib uyulib yotgan vazifalar manzarasi yaratildi.

Insoniy komillik o’tmishni anglashdan boshlanadi. Chinakam ma’rifat egasi olis moziydan ozuqa oladi, istiqobol va istiqlol ne’mati ana shunday ziyoli maqomidagi qalb va shuur sohiblariga ko’proq bahra beradi – Xurshid Davronning tarixiy mavzudagi badialari mazmun-mohiyatini mazkur haqiqatlar tashkil etadi.Jumladan, Massagetlar malikasi va forslar podshohi”, Bosqinchilik qahramonlik bo’ladimi?, “Amir Temur o’g’lining o’limi haqida rivoyat” badialari 80-yillar oxiridagi o’zbek tarixiy ma’rifatnomasida hodisaga aylandi.

Mustaqillik yillarida zamondoshlarimizning o’tmishga munosabatini sog’lomlashtirish, yangilash va shakllantirish borasida ko’pgina ishlar qilindi. Yangilanishga ruhan tayyor turganlar orasida Xurshid Davron ham bor edi. U chorak asr muqaddam bunyod etishga kirishgan imorati tarxi-bichimini o’zgartirmadi, balki qurilish sur’atini dadil jadallashtirdi. Chunki u imkoniyat kutayotgan edi, bu imkoniyatni mustaqillik davri yaratdi.

Odatda tarixni o’rganishga jazm etgan mualliflar oldida ahamiyati jihatidan bir-biridan kam bo’lmagan vazifalar qalashib yotadi. Bizda avvalambor tarixdan boxabarlik borasidagi bilimsizlikka barham berish zarurati ko’pligi sezildi. Binobarin, matbuot sahifalarida e’lon qilingan hisobsiz chiqishlardan tortib katta-kichik adabiyotlar ushbu kemtiklikni to’ldirishga qaratildi. “Ajdodlar yodi” turkumidan o’rin olgan badialar sof tarixchi mutaxassislar tadqiqotlaridan farqli o’laroq, ularda o’quvchini ma’rifatga chorlovchi shoirona ehtiros yaqqol sezildi. Badialarni befarq yoki loqayd o’qish mumkin emas, ular beixtiyor o’quvchining ma’naviy mulkiga aylanadi, o’quvchini o’ylashga, mushohada yuritishga undaydi.

Xurshid Davronning “Samarqand xayoli” deb nomlangan salmoqli kitobidan o’rin olgan badialarda, xususan, “Bibixonim qissasi yoki tugamagan doston” asarida muallif tarixning o’qilmagan sahifalarini ommalashtirish bilan birga moziy voqealarini badiiy tahlil etadi. Tahlil muallifning ehtiroslarga boy  xotiralari qorishig’ida esse darajasiga ko’tariladi. Xurshid Davron muqaddam yashab o’tgan o’nlab mumtoz tarixnavislar, shuningdek, bizga zamondosh ustoz adib va olimlar nomlarini behad ulug’laydi. Shu bilan birga nomlari ko’pchilikka ma’lum bo’lmagan oddiy va fidoyi zotlarni kashf etadi ham. Shundaylardan biri – Samarqand tarix muzeyiga direktorlik qilgan Mamat Yusupov obrazini yaratadi. Mazkur real obrazdagi musaffolik, sadoqat tuyg’usi muallif “men”idagi samimiyat bilan ajib uyg’unlik yaratadi.

O’tmishni o’rganishda qonuniy bir holat kuzatiladi: tadqiqotlarda muallifning “men”i yaqqol aks etmay iloji yo’q. Tarixchi voqea-hodisalarning o’z “men”ida aks etgan “ma’naviy manzaralari”ni (Gegel) yaratdi. Xurshid buyuk sohibqiron shaxsini ulug’laydimi, Bibixonim, Ulug’bek yo boshqa temuriy shahzodalar hayotini o’rganadimi – mezon shayinini adolat, vijdon, jasorat yuksakligiga ko’taradi. Temur noma’lumlik qarshisida qo’l qovushtirib o’tirishni yoqtirmaydi… “Ikkilanish – mag’lubiyatdir” deb o’ylaydi Temur. Buyuk sarkarda qo’rqoqlikni kechirsa kechiradi-yu, ammo xiyonatchiga muruvvat ko’rsatishni gunoh sanaydi…

O’tmishda qanday voqea-hodisalar yuz berganini yozadigan tarixnavislar odatda ko’pchilikni tashkil qiladi. NEGA ayni voqea-hodisalar ro’y berganini tahlil qilish tarixnavislardan o’zgacha malaka, katta uquv va chuqur bilimni taqozo qiladi. Bo’riboy Ahmedov, Turg’un Fayziev, Amriddin Berdimurodov, Azamat Ziyo singari bu toifa tarixnavislarimiz safida Xurshid Davron ham bor. “Bibixonim qissasi yoxud tugamagan doston”ning qayta sayqallangan nashrida, “Sohibqiron nabirasi yoxud mitti yulduz qissasi”da Xurshidning o’tmish voqealari orasidagi murakkab mantiqiy bog’lanishlarni, sabab va oqibatlar zanjirini  tadqiq etishga, dadil farazlarni ilgari surishga moyillik kuchaydi. Chunonchi, tarixnavis adib va shoir nuqtai-nazaridan xiyla nozik masalalarga oydinlik kiritishga harakat qiladi, ya’ni u Temurdek buyuk insonning ayni 660 yil muqaddam dunyoga kelishi hikmatini izohlashga urinadi.

Ha, Amir Temur ona yurt boshidagi eng og’ir pallada tarix sahnasida paydo bo’ldi. Xurshid yozmoqchi, Temurning “ham davlat arbobi, ham harbiy sarkardalik dahosi Vatan uchun murakkab paytda zohir bo’lgani mo»jiza emasmi?” Buyuk daholarning tug’ilish sanasi, voyaga yetib, o’z xalqi va vatanining og’ir kunlariga yarasha tarixiga murojaat qilinsa, aql bovar qilmas mantiqiy qonuniyatni anglash mumkin bo’ladi. Ayni shu nuqtai nazardan tadqiq etilsa, Amir Temur mo’g’ul istibdodi avjiga mingan paytda mamlakat va bashariyat tarixi sahniga chiqdi. Markaziy Osiyo xalqlarining madaniyati, adabiyoti, ilm-fani bir necha yuz yillik tanazzuldan “toliqqan”, parvozga qanot yozayotgan edi. Mahalliy xalqlarning turkiy tili yuksalish pallasiga kirdi. Yangicha davlatchilik tizimi vujudga keldi, savdo-sotiq rivojlandi.

Amir Temurning umumbashariy ahamiyatga molik fazilatlaridan hayratga tushganda ana shu buyuklikni ta’min etib turgan botiniy insoniy qudratni unutmaslik kerak degan xulosaga keladi Xurshid Davron badialarini o’qigan kishi. Sohibqiron yaratgan bog’lar ta’rifi… Jahongashta sarkardaning ahli ayollari, suyukli nevaralari bilan favqulodda iliq munosabatlari…

Kelini Sevinbekaning o’g’li Mironshohdan arzini eshitgan jahongirning ko’zlaridan yosh tirqiraydi, o’zini xilvatga tortadi… Navbatdagi yurishga hozirlik ko’rayotgan jahongir muvaqqat chodiriga kirib qaytib ne ko’z bilan ko’rsaki, hech kim yo’qligida chodir tuynugidan kirgan qo’sh qabutar uya qurib, makiyoni tuxum bosishga ulguribdi. Qo’shin safarga otlanganda Temur to’rt nafar navkarini mulozim bilan qoldirib, ularga tayinlaydi: “Tangri taoloning bu qushlari tuxum ochib, polaponlari uchirma bo’lg’uncha, shu yonda bo’lursiz, polaponlar uchirma bo’lg’ach, chodirni yig’ib ortimizdan yurg’aysiz…”

Xurshid Davron tarixiy badia-qissani “Sohibqiron nabirasi” deb atagan. Garchi unda asosan Mirzo Ulug’bekning bolalik ayyomlari xususida so’z borsa-da, boboning nevaraga bunday munosabati ulug’ nevaralar, ya’ni boqiy avlodlar yetishib chiqajagiga ishora vazifasini o’taydi. Buyuk boboning avlodlari ham buyuk bo’ladilar. Zero, boqiy safar to’shagida yotgan Muhammad Tarag’ay bahodir o’g’li Temurga bir umrga, qolaversa, necha o’nlab avlodlarga tatigulik vasiyat qilgan edi:
— Toleingga bitilgan bo’lsa, hukmfarmo bo’lursan, ammo kim bo’lmagin, musulmon bo’l! Hech bir kimsaga haqsizlik qilma! Hech kimga sababsiz ranju ozor yetkazma! Birovning haqiga hiyla yoki zo’rlik bilan xiyonat etma! To’g’rilik to’nini kiygil!..

O’n yetti yoshida qiblagohidan tinglagan bu o’gitlarni Amir Temur umr bo’yi yodidan chiqarmaydi, ularga og’ishmay amal qiladi…

1996

066

(Tashriflar: umumiy 1 084, bugungi 1)

Izoh qoldiring