Voqif Samado’g’li. Bilasizmi,aytadigan qancha so’zim bor & She’rlar. Xurshid Davron tarjimasi & Vaqif Səmədoğlu. Sandıq şeirləri

007Таниқли озарбайжон шоири Воқиф Самадўғли таваллудининг 80 йиллигига

    Шеърлари туркий халқлар адабиёти хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган улкан истеъдод соҳиби, таниқли озарбайжон шоири Воқиф Самадўғли (Vaqif Səmədoğlu) вафот этганига ҳам кўп бўлмади. Умрининг сўнгги йилларида оғир хасталик билан курашган шоир оғриқлару тинимсиз давом этаётган муолажалар пайтида ҳам шеър ёзишдан тўхтамади. Унинг ҳар бир янги шеърини озарбайжонлик шеърият мухлисларигина эмас, бутун миллат олқиш  ва улкан муҳаббат билан интизор кутарди. Инсон ўлими муқаррардир, аммо, асл шоир ҳаёти ўлим билмасдир, асл шоир ҳаёти унинг шеърларида,  мухлислари юрагида давом этиши ҳам муқаррар ҳақиқатдир.

ВОҚИФ САМАДЎҒЛИ
БИЛАСИЗМИ, АЙТАДИГАН
ҚАНЧА СЎЗИМ БОР?

022

Воқиф Самадўғлининг 2014 йил 27 октябр куни инглиз тилида нашр этилган “Зулматда қуёшга мадҳия” китобининг тақдимотида айтганлари  (Хуршид Давроннинг эркин таржимаси)

097Гапни нимадан бошласам экан? 75 ёш ман учун жуда оздир. Яшамоқ истайман, узоқ яшамоқ истайман. Нушоба хонимни (шоир рафиқасини назарда тутмоқда) яна узоқ вақтлар кўрмоқ, овозини жуда кўп эшитмоқ истайман.

Ҳаётимда дунёнинг жуда кўп таниқли инсонларини кўрмоқ манга насиб бўлди. 1951 йили Кремл саройида янги йил нишонланди. Яхши ёдимда,Чехословакиядан келган бир қиз билан вальсга тушар эдим. Бирдан ваҳима бошланди, улкан эшиклар очилиб, коммунистик партиянинг ўша вақтдаги раёсат ҳайъати ичкарига кириб келди. Авваллари менинг тасаввуримда Сталин мабодо Бакунинг Ичкаришаҳар қалъасининг дарвозасидан кирадиган бўлса, боши эшик тепасига тегиб кетадиган бир одам каби эди. Аслида Сталин пакана одам экан. Оқ ҳарбий форма кийган эди, кўзимни ундан узолмай қолдим.

Менга ўхшаб Пастернак билан ароқ ичган, Фадеев билан, Илья Эренбург билан юз кўришган менинг ёшимдаги одамлар орасида бошқа топилмаса керак.

Озарбайжонда бугун биз “классик” деб атаётган инсонларнинг кўпини мен “амаки” деганман. Яхши хотирамда, бир куни Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт музейида янги чизилган бир неча Низомий портретлари хусусида музокара кечаётган эди. Бирдан Зейнал Халил дедики, “бу портретлардаги кишилар ҳаммаси жуда гўзалдир, аммо, Низомий буларга ўхшашини қаердан биламиз?” Отам ( улуғ шоир Самад Вурғун назарда тутилмоқда) унинг гапига ризолашиб, дедики, “Бу одам тўғри гапни айтаяпти, балки Низомий Ганжавий Зейналга ўхшар, ахир уларнинг ҳар иккиси ганжалик бўлса…”

Ҳаётимнинг энг порлоқ саҳифаларидан бири Москва консерваториясида ўқиган давримдир. Бир тасаввур қилиб кўринг, даҳлизлардан юриб борасану “бир пайтлар бу даҳлизларда Чайковский, Рахманинов юрган” деб ўйлайсан.

Сўнг пайтларда қўлим на қалам тутмоққа ярайди, на пианино чала оламан. Диктафон менга тўғри келмади, неча марта уриниб кўрдим, уддалолмадим. Вақт ўтган сайин хотираларим тобора заифлашиб, баъзан кўнгилни севинтирадиган бирор хотирани эслашга ҳам илож қолмаяпти. Хотираларимнинг ғаддорлашуви, саволларнинг кўпайиши, жавобларнинг бениҳоялиги мени қийнайди. Бугун ҳеч бир саволга жавобим йўқдай. Балки бу яқинлашган ўлим ҳикматидир, дунёга саволлар билан келиб, умр бўйи бу саволларнинг жавоблари ила мубориза этиб, яна ўша саволлар билан кетамиз. Саволларга жавоб тополмай мағлуб кетамиз. Бу даҳшатли мағлубиятдир.

Аммо хотиржамман, чунки биламанки, менга ўхшаб бошқалар ҳам бу саволларга жавоб топа олмаяпти. Аллоҳнинг қандай эканини ва ҳамиша борлигини биламиз. Кўринмаса-да, албатта бир ишора беради.

Уч-тўрт ой аввал машҳур гуржи кинорежиссёри, дўстим Отар Иоселиани Париждан қўнғироқ қилди. Йиғлай-йиғлай дедики, “Воқиф,Гуржистон капитализмнинг жангига киришини истамайман”. Шундай дедию, гўшакни қўйди…Миллий озодлик ҳаракати бўлди, майдонларга чиқдик, мубориза олиб бордик, аммо энди кўряпманки, капитализмнинг бизга берган озод тижорати, демократиясининг ўзи даҳшатли ва жавобсиз саволлар экан.

Биласизми, айтадиган қанча сўз бор? Аммо бу сўзларни олдини саратон (рак) деб аталган бир калит бекитиб, танишмоққа қўймаётир. Яхшики, у фикрлашга, орзуларга тўсиқ бўла олмайди.

Ўлим яқинми ёки узоқми, мен билмайман, ўлим қайноқми ёки совуқми, буниям билмайман. Фақат бир нарсани аниқ биламанки, мен ўлсам, Нушаба ёлғиз қолади.

Ўлимдан қатъиян қўрқмайман, ишонинг, самимий айтяпман. Билмаган нарсамдан нега қўрқишим керак? Олдимга қутурган ит келса қўрқаман, чунки биламанки, у қутурган. Олдимга оч паланг (йўлбарс) келса, қочаман. Аммо ўлимдан қўрқмайман. Ахир, уни билмасам, сиймоси қандайдир, кўрмаган бўлсам…

У дунёдан ҳам қатъиян қўрқмайман. Билмайман у ерда неча тил бор,орадаги масофа қанча, кўриниши қандай, муҳаббат борми?.. Ҳар ҳолда муҳаббат бўлса, ёмон бўлмасди. Аммо, бир илтимос борки, мен ўлгандан эллик йил ўтиб Нушоба ёнимга борса, унга яна қайтадан ошиқ бўлсам ва “мен сени севаман” деб айтсам.

Яна нима дейин? Ўлим ҳақдир. Бахтимга, мотам маросимлари ҳозир анча арзонлашган. Дунёни тарк этсам, ҳаммангизни бир бошдан жанозамга келишингизга даъват этаман, ташрифингиз бош устига (gözüm üstə yeriniz var).

Эй Аллоҳ, бирдан бир орзум бор: ўлганимдан кейин бирон киши ёдига тушсам, йиғламаса-да, кўзлари ёшлансин…

Воқиф Самадўғли
ЯНГИ ВА ЭСКИ ШЕЪРЛАРДАН
Хуршид Даврон таржималари
022

Аллоҳим

Аллоҳим,
Ётоғим на ўнгида,
На сўлида
На бир гўзал қўлида
Ётмоқ истамайман.
035
Аллоҳим,
На мажнунтол кўлкасида,
На дунёнинг энг озод ўлкасида
Ётмоқ истамайман.

Аллоҳим,
Тор бир чуқур ичинда,
Қоронғу нам ичинда
Ёруғ бир ғам ичинда
Оғриқсиз
Бир оз ётмоқ истайман…

2014

Киминг бор, Улуғ Тангри

Киминг бор, Улуғ Тангри,
Мендан бўлак бу дунёда?
Кимим бор сендан бошқа
Бу оламда маним?
Сен тоқ, мен ёлғиз,
Улуғ Тангри…

Анор*га

Ичимга муҳаббат ёзар,
Ичимга ҳасрат ёзар,
Ёзар,ёзар ёзар ҳаёт.
Қуёшли кундузлар,
Кўкси мусаффо дала-тузлар,
Кеча ёлғиз зулмат,
Кундуз каби ойдин излар,
Ёзилар ичимга,
Ичимда қолар.

Севганлариму
Севмаганларим
Ёзилар ичимга,
Қолар ичимнинг
Қалин сабр дафтарларида…

Дўстим,
Мен ўлгандан сўнгра
Босарсан бу магнитафоним
Овоз чиқарар тугмасини,
Бир дафъа эшитарсан
Ортиқ чидолмаган
Қалбимнинг сасини…

*Анор — атоқли озарбайжон адиби

Ўрхон Вали*га

Ҳаммомчининг
тўнғич қизи гўзалдир,
Башмоқчининг
Кичик қизи гўзалдир.
Сартарошнинг
ўртанчаси гўзалдир…
Каттасининг кўзлари,
кичигининг сўзлари,
ўртанчасин тиз**лари гўзалдир.

* Ўрхон Вали -машҳур турк шоири
** тиз — тизза

Биз эмас, Аллоҳ ишонмас бизга…

Биз эмас,
Аллоҳ ишонмас бизга…

Ишонмас қўлимиз қонга ботганда,
инсон инсонга тош отганда.

Фақат кўк юзи
гўдак табассуми каби кўринганда кўзга,
Инсон “Дунё гўзалдир” деганда
юзини тутиб денгизга —
биз эмас,
Аллоҳ ишонар бизга.

Аллоҳ борми…

Аллоҳ борми,
йўқми Аллоҳ?
На кундузи, на сабоҳда
бу саволнинг денгизига
кириб, ботган эмасман.
Ҳатто буни билмоқ учун
кўкка дуо ўрнига
каманд отган эмасман…

Шамолли кузак куни

Шамолли кузак куни
Ташландиқ боғ уйининг
Эшигидек
Очилар, ёпилар
Юрагим.

Бармоғим-ла
Кунларимнинг шаклин чизаман
Дунёнинг деразасин
Чанг босган ойнасида
Ай Аллоҳ
Ҳеч бўлмаса
Бошим сақла!

Чағалай, ахтар мени

Чағалай, ахтар мени,
Бу ердан обкет мени,
Ўлим кўксим пайпаслар,
Қўрқаман, очар мени.

Ичим қора кечадир,
Тор пиёда кўчадир.
Чағалай, денгиз узра
Айтгин, соат нечадир?

Бу куз фасли бошланди

Бу куз фасли бошланди,
Бошлади ёмғирларда…
Ўликларим,
Тирикларим яшар ичимда,
Хотиралар сайр этар кечамда
Ёлғизлигим оқ отда танҳо
Ёнар
Сўнар
Ўтар умрим…
Экспресслар тўхтамайдиган
Кичик бекатлар ёлғиз…

Бу дунёнинг сўз-суҳбати

Бу дунёнинг сўз-суҳбати
иккиюзли ҳақиқати
келиб қулоғимни тўлдирар.
Бу дунё шеър ёзмоққа
менга бугун монеъ бўлар…

Аллоҳим, сенга қайси тилда ёлворай

Аллоҳим,
сенга қайси тилда ёлворай?
Бир дуо айтмоқ учун
Ахир сенга
Оғиз очмоқ керакми қайта-қайта?
Сендан эмас, дунёдан эмас,
Ўзимдан куламан.
Чунки яратганинг неча минг тилдан
Жами иккисини биламан.
Уларнинг биридан
Ер ҳам, кўк ҳам хабарсиз.
Билганим яна бирида
Ёлвораман сенга энди:
Господи, помоги, Господи…

 

Чап қўлиму ўнг қўлимнинг

Сўл қўлиму ўнг қўлимнинг
Орасида туман, тоғ.
Қайси қўлим ғурбатдадир,
Қайси ўлик, қайси соғ?

Сўл қўлиму ўнг қўлимнинг
Орасида сой оқар.
Қайси қўлим оқар сувда,
Қайси соҳилдан боқар?

Сўл қўлиму ўнг қўлимнинг
Орасида ёғар қор.
Қайси қўлим иссиқ кундек,
Қайси муздек жафокор?

Сўл қўлиму ўнг қўлимнинг
Орасида эшик бор.
Қайси қўлим тақиллатар,
Қайси очишга тайёр?

Энди арздан,энди доддан

Энди арздан,энди доддан
Бош олиб қочмоқ вақтидир.
Очилмаган эшикларни
Кенг қилиб очмоқ вақтидир.

Энди ҳар сас,ҳар бир куйдан
Сукутга кетмоқ вақтидир,
Миллат,давлат зирвасидан
Инсонга етмоқ вақтидир.

На дуо-ю,на-да қарғиш,
На назир демак вақтидир.
Бу дунё сукут ичра,
Оллоҳга кўмак вақтидир.

Зирва — чўққи

Бир жуфт пойабзал

Мозоримга
на қабртоши қўйинг.
на ҳайкал.
Бир жуфт пойабзал қўйинг,
оёқяланг
кийиб кетсин…

Салом,ота,салом…

Салом,ота,салом.
Биламан,сен
орқамдасан.

Мозорингдан бор-йўғи эллик-олтмиш
қадам масофада туриб
троллейбусни кутаман,ота.
Троллейбусга миниб,
сенинг ёнингга
келишга қадар
яшамоққа кетаман,ота.
Умр,шу эканми,ота?

Келди…
Салом, троллейбус,
алвидо, ота…

Сен маним асл онамсан

Сен маним
асл онамсан,Озодлик,
ман сенинг
остонангда турган ёт боланг.

Сен энг сўнгги умидим кўтарган
оқ байроқсан,Озодлик,
мен — сени
силкиган шамол.

Чарх уради даврада

Чарх уради даврада
Коинот,
Қуёш,
Инсон,
Дорга осиғ кийимлар
Чарли Чаплин ҳассаси
Чарх урар, чарх урар даврада.
Сурнай, балабон саси,
Давранинг мусиқаси
Кучаяр ниҳоятда.
Аммо биз яна қайта
Чарх урамиз даврада

Мени унут, унут

Мени унут, унут,
хотираларим
бир юк бўлди умримга.
Ёлғизликда қолган
сасим,
ростим, ёлғоним,
ўзимга керак кўпроқ.
Сендан кўпроқ
ўзимга керакдир
сенсиз қолмоғим…

Унутма

Унутма,
бу кеча кириб келса юм кўзларингни,
кўрпа билан бошингни ёпсанг,
зил қоронғига ботасан
ва ўша пайт
бир оний зулматда ёдлагин мени.
Ўша пайт зулматда кўражаксан
озгина бўлса-да
кўзларимдан ёруғ тушар устингга

Туғилдим 1939-да

Туғилдим 1939-да,
1937-да тутилдим.
48-да бувим ўлди,
умримда илк дафъа
мурда узра йиғладим.

Балиқлар сақладим
аквариумда.

Очиқ қолди деразам
бир қиш кечаси.
Ўлди балиқлар…

Энди 1965-нинг
январ кечасидир.
Сезяпсанми,яшамоқ истайман.

Қўлимни узатдим севинчлар томон

Қўлимни узатдим
севинчлар томон,
кўрдимки, йўқ, —
ўртамизда туғлар турарди.

Отамни чақирдим,
кўмакка келсин,
кўрдимки, йўқ, —
ўртамизда қабр турарди.

Юзимни бурдим сўнг
Аллоҳ тарафга,
кўрдимки, йўқ, —
ўртамизда ҳаёт турарди.

Мен ўлган кун

Мен ўлган кун
бир шамол эсажак кўчаларда.
Ва силкитажак
чақалоқнинг
арқонга осиғли,қуриган,
сариқ гулли кўйлакчасини.

Мотам байроғидек силкинажак
гўдак кўйлакчаси
мен ўлган кун…

04Taniqli ozarbayjon shoiri Voqif Samado’g’li tavalludining 80 yilligiga

    She’rlari turkiy xalqlar adabiyoti xazinasidan munosib o’rin egallagan ulkan iste’dod sohibi, taniqli ozarbayjon shoiri Voqif Samado’g’li (Vaqif S?m?doglu) vafot etganiga ham ko’p bo’lmadi. Bir yil oldin 75 yoshini og’ir xastalik bilan kurashib nishonlagan shoir og’riqlaru tinimsiz davom etayotgan muolajalar paytida ham she’r yozishdan to’xtamadi. Uning har bir yangi she’rini ozarbayjonlik she’riyat muxlislarigina emas, butun millat olqish  va ulkan muhabbat bilan intizor kutardi. Inson o’limi muqarrardir, ammo, asl shoir hayoti o’lim bilmasdir, asl shoir hayoti uning she’rlarida,  muxlislari yuragida davom etishi ham muqarrar haqiqatdir.

VOQIF SAMADO’G’LI
BILASIZMI, AYTADIGAN
QANCHA SO’ZIM BOR?

022

Voqif Samado’g’lining 27 oktyabr kuni ingliz tilida nashr etilgan “Zulmatda quyoshga madhiya” kitobining taqdimotida aytganlari  (Xurshid Davronning erkin tarjimasida)

05Gapni nimadan boshlasam ekan? 75 yosh man uchun juda ozdir. Yashamoq istayman, uzoq yashamoq istayman. Nushoba xonimni (shoir rafiqasini nazarda tutmoqda) yana uzoq vaqtlar ko’rmoq, ovozini juda ko’p eshitmoq istayman.

Hayotimda dunyoning juda ko’p taniqli insonlarini ko’rmoq manga nasib bo’ldi. 1951 yili Kreml saroyida yangi yil nishonlandi. Yaxshi yodimda,Chexoslovakiyadan kelgan bir qiz bilan val`sga tushar edim. Birdan vahima boshlandi, ulkan eshiklar ochilib, kommunistik partiyaning o’sha vaqtdagi rayosat hay’ati ichkariga kirib keldi. Avvallari mening tasavvurimda Stalin mabodo Bakuning Ichkarishahar qal’asining darvozasidan kiradigan bo’lsa, boshi eshik tepasiga tegib ketadigan bir odam kabi edi. Aslida Stalin pakana odam ekan. Oq harbiy forma kiygan edi, ko’zimni undan uzolmay qoldim.

Menga o’xshab Pasternak bilan aroq ichgan, Fadeev bilan, Il`ya Erenburg bilan yuz ko’rishgan mening  yoshimdagi odamlar orasida boshqa topilmasa kerak.

Ozarbayjonda bugun biz “klassik” deb atayotgan insonlarning ko’pini men “amaki” deganman. Yaxshi xotiramda, bir kuni Nizomiy Ganjaviy nomidagi Adabiyot muzeyida yangi chizilgan bir necha Nizomiy portretlari xususida muzokara kechayotgan edi. Birdan Zeynal Xalil dediki, “bu portretlardagi kishilar hammasi juda go’zaldir, ammo, Nizomiy bularga o’xshashini qaerdan bilamiz?” Otam ( ulug’ shoir Samad Vurg’un nazarda tutilmoqda) uning gapiga rizolashib, dediki, “Bu odam to’g’ri gapni aytayapti, balki Nizomiy Ganjaviy Zeynalga o’xshar, axir ularning har ikkisi ganjalik bo’lsa…”

Hayotimning eng porloq sahifalaridan biri Moskva konservatoriyasida o’qigan davrimdir. Bir tasavvur qilib ko’ring, dahlizlardan yurib borasanu “bir paytlar bu dahlizlarda Chaykovskiy, Raxmaninov yurgan” deb o’ylaysan.

So’ng paytlarda qo’lim na qalam tutmoqqa yaraydi, na pianino chala olaman. Diktafon menga to’g’ri kelmadi, necha marta urinib ko’rdim, uddalolmadim. Vaqt o’tgan sayin xotiralarim tobora zaiflashib, ba’zan ko’ngilni sevintiradigan biror xotirani eslashga ham iloj qolmayapti. Xotiralarimning g’addorlashuvi, savollarning ko’payishi, javoblarning benihoyaligi meni qiynaydi. Bugun hech bir savolga javobim yo’qday. Balki bu yaqinlashgan o’lim hikmatidir, dunyoga savollar bilan kelib, umr bo’yi bu savollarning javoblari ila muboriza etib, yana o’sha savollar bilan ketamiz. Savollarga javob topolmay mag’lub ketamiz. Bu dahshatli mag’lubiyatdir.

Ammo xotirjamman, chunki bilamanki, menga o’xshab boshqalar ham bu savollarga javob topa olmayapti. Allohning qanday ekanini va hamisha borligini bilamiz. Ko’rinmasa-da, albatta bir ishora beradi.

Uch-to’rt oy avval mashhur gurji kinorejissyori, do’stim Otar Ioseliani Parijdan qo’ng’iroq qildi. Yig’lay-yig’lay dediki, “Voqif,Gurjiston kapitalizmning jangiga kirishini istamayman”. Shunday dediyu, go’shakni qo’ydi…Milliy ozodlik harakati bo’ldi, maydonlarga chiqdik, muboriza olib bordik, ammo endi ko’ryapmanki, kapitalizmning bizga bergan ozod tijorati, demokratiyasining o’zi dahshatli va javobsiz savollar ekan.

Bilasizmi, aytadigan qancha so’z bor? Ammo bu so’zlarni oldini saraton (rak) deb atalgan bir kalit bekitib, tanishmoqqa qo’ymayotir. Yaxshiki, u fikrlashga, orzularga to’siq bo’la olmaydi.

O’lim yaqinmi yoki uzoqmi, men bilmayman, o’lim qaynoqmi yoki sovuqmi, buniyam bilmayman. Faqat bir narsani aniq bilamanki, men o’lsam, Nushaba yolg’iz qoladi.

O’limdan qat’iyan qo’rqmayman, ishoning, samimiy aytyapman. Bilmagan narsamdan nega qo’rqishim kerak?
Oldimga quturgan it kelsa qo’rqaman, chunki bilamanki, u quturgan. Oldimga och palang (yo’lbars) kelsa, qochaman. Ammo o’limdan qo’rqmayman. Axir, uni bilmasam,  siymosi qandaydir, ko’rmagan bo’lsam…

U dunyodan ham qat’iyan qo’rqmayman. Bilmayman u yerda necha til bor,oradagi masofa qancha, ko’rinishi
qanday, muhabbat bormi?.. Har holda muhabbat bo’lsa, yomon bo’lmasdi. Ammo, bir iltimos borki, men o’lgandan ellik yil o’tib Nushoba yonimga borsa, unga yana qaytadan oshiq bo’lsam va “men seni sevaman” deb aytsam.

Yana nima deyin? O’lim haqdir. Baxtimga, motam marosimlari hozir ancha arzonlashgan. Dunyoni tark etsam, hammangizni bir boshdan janozamga kelishingizga da’vat etaman, tashrifingiz bosh ustiga (gozum ust? yeriniz var).

Ey Alloh, birdan bir orzum bor: o’lganimdan keyin biron kishi yodiga tushsam, yig’lamasa-da, ko’zlari yoshlansin…

Voqif Samado’g’li
YANGI VA ESKI SHE’RLARDAN
Xurshid Davron tarjimalari
022

Allohim

Allohim,099
Yotog’im na o’ngida,
Na so’lida
Na bir go’zal qo’lida
Yotmoq istamayman.

Allohim,
Na majnuntol ko’lkasida,
Na dunyoning eng ozod o’lkasida
Yotmoq istamayman.

Allohim,
Tor bir chuqur ichinda,
Qorong’u nam ichinda
Yorug’ bir g’am ichinda
Og’riqsiz
Bir oz yotmoq istayman…

2014

Kiming bor, Ulug’ Tangri

Kiming bor, Ulug’ Tangri,
Mendan bo’lak bu dunyoda?
Kimim bor sendan boshqa
Bu olamda manim?
Sen toq, men yolg’iz,
Ulug’ Tangri…

Anor*ga

Ichimga muhabbat yozar,
Ichimga hasrat yozar,
Yozar,yozar yozar hayot.
Quyoshli kunduzlar,
Ko’ksi musaffo dala-tuzlar,
Kecha yolg’iz zulmat,
Kunduz kabi oydin izlar,
Yozilar ichimga,
Ichimda qolar.

Sevganlarimu
Sevmaganlarim
Yozilar ichimga,
Qolar ichimning
Qalin sabr daftarlarida…

Do’stim,
Men o’lgandan so’ngra
Bosarsan bu magnitafonim
Ovoz chiqarar tugmasini,
Bir daf’a eshitarsan
Ortiq chidolmagan
Qalbimning sasini…

*Anor — atoqli ozarbayjon adibi

O’rxon Vali*ga

Hammomchining
to’ng’ich  qizi go’zaldir,
Bashmoqchining
Kichik qizi go’zaldir.
Sartaroshning
o’rtanchasi go’zaldir…
Kattasining ko’zlari,
kichigining so’zlari,
o’rtanchasin tiz**lari go’zaldir.

* O’rxon Vali -mashhur turk shoiri
** tiz — tizza

Biz emas, Alloh ishonmas bizga…

Biz emas,
Alloh ishonmas bizga…

Ishonmas qo’limiz qonga botganda,
inson insonga tosh otganda.

Faqat ko’k yuzi
go’dak tabassumi kabi ko’ringanda ko’zga,
Inson “Dunyo go’zaldir” deganda
yuzini tutib dengizga —
biz emas,
Alloh ishonar bizga.

Alloh bormi…

Alloh bormi,
yo’qmi Alloh?
Na kunduzi, na sabohda
bu savolning dengiziga
kirib, botgan emasman.
Hatto buni bilmoq uchun
ko’kka duo o’rniga
kamand otgan emasman…

Shamolli kuzak kuni

Shamolli kuzak kuni
Tashlandiq bog’ uyining
Eshigidek
Ochilar, yopilar
Yuragim.

Barmog’im-la
Kunlarimning shaklin chizaman
Dunyoning derazasin
Chang bosgan oynasida
Ay Alloh
H’ech bo’lmasa
Boshim saqla!

Chag’alay, axtar meni

Chag’alay, axtar meni,
Bu yerdan obket meni,
O’lim ko’ksim paypaslar,
Qo’rqaman, ochar meni.

Ichim qora kechadir,
Tor piyoda ko’chadir.
Chag’alay, dengiz uzra
Aytgin, soat nechadir?

Bu kuz fasli boshlandi

Bu kuz fasli boshlandi,
Boshladi yomg’irlarda…
O’liklarim,
Tiriklarim yashar ichimda,
Xotiralar sayr etar kechamda
Yolg’izligim oq otda tanho
Yonar
So’nar
O’tar umrim…
Ekspresslar to’xtamaydigan
Kichik bekatlar yolg’iz…

Bu dunyoning so’z-suhbati

Bu dunyoning so’z-suhbati
ikkiyuzli haqiqati
kelib qulog’imni to’ldirar.
Bu dunyo she’r yozmoqqa
menga bugun mone’ bo’lar…

Allohim, senga qaysi tilda yolvoray

Allohim,
senga qaysi tilda yolvoray?
Bir duo aytmoq uchun
Axir senga
Og’iz ochmoq kerakmi qayta-qayta?
Sendan emas, dunyodan emas,
O’zimdan kulaman.
Chunki yaratganing necha ming tildan
Jami ikkisini bilaman.
Ularning biridan
Yer ham, ko’k ham xabarsiz.
Bilganim yana birida
Yolvoraman senga endi:
Gospodi, pomogi, Gospodi…

 

Chap qo’limu o’ng qo’limning

So’l qo’limu o’ng qo’limning
Orasida tuman, tog’.
Qaysi qo’lim g’urbatdadir,
Qaysi o’lik, qaysi sog’?

So’l qo’limu o’ng qo’limning
Orasida soy oqar.
Qaysi qo’lim oqar suvda,
Qaysi sohildan boqar?

So’l qo’limu o’ng qo’limning
Orasida yog’ar qor.
Qaysi qo’lim issiq kundek,
Qaysi muzdek jafokor?

So’l qo’limu o’ng qo’limning
Orasida eshik bor.
Qaysi qo’lim taqillatar,
Qaysi ochishga tayyor?

Endi arzdan,endi doddan

Endi arzdan,endi doddan
Bosh olib qochmoq vaqtidir.
Ochilmagan eshiklarni
Keng qilib ochmoq vaqtidir.

Endi har sas,har bir kuydan
Sukutga ketmoq vaqtidir,
Millat,davlat zirvasidan
Insonga yetmoq vaqtidir.

Na duo-yu,na-da qarg’ish,
Na nazir demak vaqtidir.
Bu dunyo sukut ichra,
Ollohga ko’mak vaqtidir.

Zirva — cho’qqi

Bir juft poyabzal

Mozorimga
na qabrtoshi qo’ying.
na haykal.
Bir juft poyabzal qo’ying,
oyoqyalang
kiyib ketsin…

Salom,ota,salom…

Salom,ota,salom.
Bilaman,sen
orqamdasan.

Mozoringdan bor-yo’g’i ellik-oltmish
qadam masofada turib
trolleybusni kutaman,ota.
Trolleybusga minib,
sening yoningga
kelishga qadar
yashamoqqa ketaman,ota.
Umr,shu ekanmi,ota?

Keldi…
Salom, trolleybus,
alvido, ota…

Sen manim asl onamsan

Sen manim
asl onamsan,Ozodlik,
man sening
ostonangda turgan yot bolang.

Sen eng so’nggi umidim ko’targan
oq bayroqsan,Ozodlik,
men — seni
silkigan shamol.

Charx uradi davrada

Charx uradi davrada
Koinot,
Quyosh,
Inson,
Dorga osig’ kiyimlar
Charli Chaplin hassasi
Charx urar, charx urar davrada.
Surnay, balabon sasi,
Davraning musiqasi
Kuchayar nihoyatda.
Ammo biz yana qayta
Charx uramiz davrada

Meni unut, unut

Meni unut, unut,
xotiralarim
bir yuk bo’ldi umrimga.
Yolg’izlikda qolgan
sasim,
rostim, yolg’onim,
o’zimga kerak ko’proq.
Sendan ko’proq
o’zimga kerakdir
sensiz qolmog’im…

Unutma

Unutma,
bu kecha kirib kelsa yum ko’zlaringni,
ko’rpa bilan boshingni yopsang,
zil qorong’iga botasan
va o’sha payt
bir oniy zulmatda yodlagin meni.
O’sha payt zulmatda ko’rajaksan
ozgina bo’lsa-da
ko’zlarimdan yorug’ tushar ustingga

Tug’ildim 1939-da

Tug’ildim 1939-da,
1937-da tutildim.
48-da buvim o’ldi,
umrimda ilk daf’a
murda uzra yig’ladim.

Baliqlar saqladim
akvariumda.

Ochiq qoldi derazam
bir qish kechasi.
O’ldi baliqlar…

Endi 1965-ning
yanvar kechasidir.
Sezyapsanmi,yashamoq istayman.

Qo’limni uzatdim sevinchlar tomon

Qo’limni uzatdim
sevinchlar tomon,
ko’rdimki, yo’q, —
o’rtamizda tug’lar turardi.

Otamni chaqirdim,
ko’makka kelsin,
ko’rdimki, yo’q, —
o’rtamizda qabr turardi.

Yuzimni burdim so’ng
Alloh tarafga,
ko’rdimki, yo’q, —
o’rtamizda hayot turardi.

Men o’lgan kun

Men o’lgan kun
bir shamol esajak ko’chalarda.
Va silkitajak
chaqaloqning
arqonga osig’li,qurigan,
sariq gulli ko’ylakchasini.

Motam bayrog’idek silkinajak
go’dak ko’ylakchasi
men o’lgan kun…

021

(Tashriflar: umumiy 1 329, bugungi 1)

Izoh qoldiring