Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 9. Tasavvuf va kalom ilmi

09Профессор Нажмиддин Комиловнинг «Tасаввуф» рисоласида Шарқ халқлари маънавияти тарихида чуқур из қолдирган диний-фалсафий таълимот – тасаввуфнинг пайдо бўлиши, тадрижий ривожи, асосий жиҳатлари ёритилган. Тариқат ва шариат орасидаги муносабат, тасаввуф гуманизми ва Комил инсон муаммолари, тасаввуф ривожига ҳисса қўшган олимлар, тариқат шайхлари ҳақида таҳлилий кузатишлар қилинган. Бугун ушбу рисоланинг сўнгги мақоласи — «Тасаввуф ва калом илми«ни тақдим этмоқдамиз.

НАЖМИДДИН КОМИЛОВ
ТАСАВВУФ
02

ТАСАВВУФ ВА КАЛОМ ИЛМИ

   Шариат билан тариқат орасидаги масала ғоят нозик масаладир. Бу жиҳатни англамаган одам шубҳасиз бирор томонга путур етказиши мумкин. Чинакам мусулмон бўлган, исломни чуқур англаб, унинг маърифати, ҳикмат ва фалсафасидан баҳраманд бўлган, мусулмонликни Аллоҳ ёдида пок яшаш деб билган киши ҳеч қачон тариқатни ўзига ёт деб билмайди. Мусулмонликни фақат расм-русмлар, одатлар ва бошқа ташқи белгилар йиғиндиси деб билувчи киши учун, турган гап, тариқат мавҳум ва ҳатто зарарли нарса бўлиб туюлади. Бу ўринда шуни айтиш керакки, шариат аҳлининг ҳаммасини ҳам тариқат билан курашиб келган, тариқатга мухолиф бўлган деб айта олмаймиз. Кўпгина шариат пешволари тариқат аҳлига ҳурмат билан қараганлар, шайхлар билан дўстлашганлар. Бундан ташқари, дарвеш сулукига кирган фақиҳлар, шайхулисломлар, обидлар бор эди, масжидлар ва хонақолар орасида алоқа бўлиб турарди.

Шунга қарамай, шариат ва тариқат аҳллари орасида мухолифлик давом этиб келди. Зоҳирбин уламолар наздида сурункали тақво, доимий рўза, риёзат учун ўзини қийноқларга солиш Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) суннатларига хилоф. Инсон ҳаётдан, яъни Аллоҳ берган неъматлардан баҳраманд бўлиши ва ҳам ўз Тангрисига шукрона сифатида тоат-ибодат билан шуғулланиши, бандалик хизматини бажариб туриши лозим. Ўзини қийноқларга солиш Аллоҳга хуш келмайдиган ишдир, дейди шариат аҳли.

Аммо мухолифатнинг бош сабаби бу эмас эди, зоҳидлар, «осойишта» сўфийлар шариат аҳлини унчалик безовта қилмаганлар. Шариат аҳлига ташвиш келтирган нарса – бу тасаввуфнинг фано, тавҳид, ишқ ва васл каби ғоялари эди. Чунки мазкур тушунчалар ҳурфикрлиликни, ҳақиқатни излаш йўлидаги мантиқий-тафаккурий жиҳатни кучайтирар, ваҳдат, руҳ, Илоҳ ва инсон ҳақида теранроқ билим берар, олам асрорини англашга йўл очарди. Бу эса зоҳирий билим билангина чекланган одамларга ёқмасди. Боз устига, Ҳақ ишқида бехуду девона бўлган валийларнинг «шатҳиёт»лари, яъни зоҳирда «куфр» бўлиб кўринган гаплари (чунончи, Ҳалложнинг: «Аналҳақ» дейиши, Боязиднинг «Шарафланганман, шарафланганман, шаъну шараф менга» деган гапи, Машрабнинг «Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ на керак, Бошимга урайинму Иброҳимдан қолғон ул эски дўконни» дейиши) табиийки ақидапараст кишиларни таш-вишга солар ва улар буни иймондан чекиниш деб баҳолардилар.

Шунинг оқибати бўлдики, тасаввуф маслагининг энг ёрқин фикрли азиз фарзандлари Мансур Ҳаллож, Яҳъё Суҳравардий, Айнулқуззот Ҳамадоний, Имомиддин Насимий, Бадриддин Ҳилолий, Бобораҳим Машраб муқаллид уламолар фатвоси билан расмий равишда қатл этилдилар. Мансур ва Суҳравардийнинг бир неча шогирдлари ҳам қатл этилган. Шу каби Зуннун Мисрий, Боязид Бистомий, Абдуллоҳ Ансорий, Фаридиддин Аттор, Инб Арабий, Жалолиддин Румий каби машҳур мутафаккир шайхлар умр бўйи шариат аҳли билан келишолмай, баъзан эса жоҳил ҳокимлар, амирларнинг тазйиқи остида умр ўтказганлар.

Мақомот ва валийлик сирларидан биринчи бўлиб сўз очган Зуннун Мисрий Миср уламолари раиси Абдуллоҳ бин Ҳаким томонидан таъқиб остига олинади, Зуннуннинг қарашлари инкор қилинади. Зуннун айтган гаплар илми калом уламолари айтган гапларга тўғри келмайди, деб уни зиндақа (дунёнинг асосида икки куч – Ёвузлик ва Эзгулик ётади деган эътиқодни олға сурувчи Занд дини) тарафдорисан, кофирсан дея тошбўрон қиладилар. Абдулқосим Суламий ўзининг «Табақатус сўфия» китобида мазкур маълумотларни келтириб, яна давом этадиким, шайх Абусулаймон Дороний фаришталарни кўраман ва улар билан суҳбат-лашаман, дегани учун Дамашқдан бадарға қилинган. Бистом шаҳри аҳолиси ҳам Боязид Бистомийдан мункир бўлдилар. Сабаби у: мен ҳам Пайғамбар сингари Меърожга кўтарилдим, деган экан. Суламийнинг ёзишича, Саҳл бин Абдуллоҳ Тустарий дебдурким, фаришталар, шайтонлар ва жинлар унинг олдида ҳозир бўладилар ва у билан сўзлашадилар. Лекин одамлар бунга ишонмай рад этадилар ва Саҳлни ёмон отлиқ қиладилар. Натижада Саҳл Тустардан Басрага қочиб бориб, ўша ерда вафот этди.

Улуғ шайх ва шоир Фаридиддин Атторни «Жавҳаруз зот» (Зот гавҳари) асари учун рофизийлик (шиалик)да айблаган Нишопур уламолари уни Мансур каби қатл этмоқчи бўладилар. Бироқ шоир қочиб жон сақлайди, лекин мол-мулкидан буткул ажралади. Яна қизиғи шундаки, XV асрда, худди шу достонни кўчирган Низомиддин Ҳайдар Бобуний деган котиб Самарқандда муллаларнинг ғазабига дучор бўлган ва қаттиқ жазога ҳукм этилган. Хайриятки, Ҳирот олимлари бундан хабар топиб, Низомиддинни қутқариб қоладилар (Е.Э.Бертельс. «Суфизм и муфийская литература». 372-373-бетлар).

Шариат ва тариқат орасидаги мухолифлик илмий-назарий йўналишда ҳам давом этиб турган. Бир қанча рисолалар ёзилиб, сўфийларнинг сўзлари ва амаллари танқид қилинди. Шундай китоблардан бири 1153 йилда вафот этган Ибн Жавзийнинг араб тилидаги «Талбис иблис» (Иблис васвасаси) номли китобидир. Эронлик олим Сайид Гуҳарин «Тасаввуф истилоҳлари шарҳи» номли китобнинг муқаддимасида Ибн Жавзий асари устида батафсил тўхтаб ўтган. Биз ушбу манбаъдан маълумот учун баъзи иқтибосларни келтириб ўтмоқчимиз.

Ибн Жавзий тасаввуф тарихини икки даврга бўлади. Биринчиси – зоҳидлик даври бўлиб, у даврда сўфийлар шариат талабларига қатъий риоя қилганлар. Иккинчиси – дарвешлик даври бўлиб, бу даврда фикру шуурда ислом ақидаларига тўғри келмайдиган қарашлар юзага келган, тариқат қабул қилган расм-русмлар ҳам илк исломда йўқ эди, дейди Жавзий. Чунончи, хирқа кийиб алоҳида жамоа бўлиб юриш, рақсу самоъ мажлислари ташкил қилиш, куй-қўшиқ эшитиш, чилла ўтириш, зикр тушиш ва ҳоказолар исломга хилоф. Сўфийларнинг бу ишлари одамларни йўлдан ура бошлади, деб ёзади Ибн Жавзий, чунки сўфийлар бағоят тақводор кишилар бўлганлиги сабабли диндорларга таъсир ўтказарди, аммо иккинчи томондан, ўйин-кулгуга берилган дунёпараст кишилар ҳам сўфийларнинг илмини ўрганишдан кўра, каромат ва сеҳрга эътибор берадилар, бу эса шай-тоннинг райъига эргашишдир. Ибн Жавзий ёзади: «Кейинги даврларга келиб, Иблис уларнинг ишларига аралашди ва васвасага солди. Уларнинг тобеълари ҳам бу васвасага учдилар. Иблис васавасасининг моҳияти шундан иборатки, у сўфийларни илм ва донишдан қайтариб, уларга мақсад-муддао илм эмас, балки амалдир, деб кўрсатди. Ва улар учун илм чироғи сўнган-дан кейин зулмат ичра қолдилар ва йўлдан адашдилар».

Бу тасаввуфга қўйилган катта айб эди. Амалда Ибн Жавзий сўфийларни билимсиз, нодон кишилар деб таҳқирлаган. Тўғри, тасаввуфда шариат илми ақлий-мантиқий илм сифатида олиб қаралади ва сўфий бу илмнинг ўзи билан чегараланса бўлмайди, у ишқ ва ботиний тараққиёт орақли ғайбий-ладуний билимлар соҳиби бўлсагина, мақсадга эришади, деган қараш бор. Бироқ буни шайтон васвасаси ёки нодонлик деб аташ хато. Ахир Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрори вали каби улуғ шайхларни шариат илмидан бехабар деб бўладими? Улар бу илмни сув қилиб ичган одамлар эдилар. Улар ана шу шариат илмидан ташқари яна ботиний-илоҳий илм ҳам жўш уриб турган. Ана шу фазилат билан улар оддий диндорлар, муҳаддису муфассирлардан устун эдилар.

Ибн Жавзийга шариат илмини илми зоҳир, тариқат илмини илми ботин дейиш ҳам ёқмаган, унинг назарида бу тариқатни шариатдан афзал ҳисоблашдир. «Кўп оч юриш, сурункали чилла ўтириш, парҳезкорлик бу одамларнинг миясини айнитган. Шунинг учун улар бидъат ва куфр сўзларни айтадилар, хаёлларига ҳар хил нарсалар кўринади», деб ёзади Ибн Жавзий сўфийлар ҳақида. Сўфийлар ўзларини ислом асосларига дахлдор қилиш учун чаҳорёрлар – Абубакр, Усмон, Умар ва Али разийаллоҳу анҳуларни, бир қисм саҳобаларни илк сўфийлар деб айтадилар ва ҳатто Ҳазрати Пайғамбаримиздан ҳам сўфийлик сифатларини қидирадилар, Қуръони Карим оятларини сўфиёна руҳда шаҳрлайдилар, дейди Ибн Жавзий.

«Талбис Иблис» китобидан: «Одамларнинг бу қавмга (яъни сўфийларга) майли кучлигига боис шуки, тариқатнинг ташқи кўринишини ибодатга мослаганлар, аммо ботинини рақсу самоъ билан тўлдирганлар, одамларга эса бу ёқади».

Яна: «Аввалги сўфийлар шоҳ ва амирлардан нафратланардилар, уларнинг инъомларини олмасдилар. Кейинги сўфийлар тахту тож аҳлининг яқин дўстларига айландилар».

Яна: «Абдураҳмон Суламийнинг келтиришича, Амру Маккий (Мансурнинг пири) ҳикоят қилибдурким, Мансур Ҳаллож билан Макка кўчаларини кезардик. Мен Қуръони Мажиддин бир оят ўқидим. Мансур менинг қироатимга қулоқ солиб деди: мен ҳам шунга ўхшаш сўзларни айта оламан».

Ва яна: «Сўфийларнинг кўпи хотинларга қарашни ножоиз ҳисоблайдилар. Лекин чиройли йигитлар билан суҳбат қуришни ёқтирадилар… Уларнинг фикрича, Худо гўзаллар жисмига синггандир, гўзаллар юзига боқиб, Худонинг жамолидан баҳра оламиз, дейдилар».

Ибн Жавзийга тариқат одоби, яъни таркидунё қилиш, хонақоларда тақво билан умр ўтказиш ҳам маъқул эмас, муаллиф буни ислом шариатига хилоф деб билади. Ибн Жавзий фикрича, олти сабабга биноан бу иш хатодир, яъни биринчидан, ушбу ҳаракат одамларни масжиддан челаштиради, ҳолбуки, масжид мусулмонларнинг асосий йиғиладиган жойи бўлиши керак. Иккинчидан, мусулмонларнинг жам бўлиб ибодат қилиши камайиши мумкин. Учинчидан, кишиларни масжидга бориб намоз ўқишдан маҳрум этади. Тўртинчидан бу иш насронийлар ва исопарастларга тақлид бўлиб, яка ибодат қилиш одатини жорий этади. Бешинчидан, хонақо аҳли орасида кўп ёш йигитлар борким, улар уйланиши ва фарзандли бўлиши керак. Таркидунё улар ҳаётига зоминдир. Олтинчидан, хонақоларда бажариладиган амаллар халқ-ни алдаш ва залолатга йўллашдан иборат. «Кейинги давр сўфий-лари, — деб таъкидлайди Ибн Жавзий, — хонақо ва работлардан текин яшаш ва истироҳат билан кун ўтказишга ўрганиб қолганлар, фақат овқат ейиш ва ўйин-кулги қилиш билан бандлар».

Кўриндики, Ибн Жавзий учун тасаввуф таълимот сифатидаги назарий жиҳатлари, ғоялари билан ҳам мақбул эмас. Муаллиф хонақолардаги пир ва муридилик муомаласидан тортиб, ўз-ўзини назорат қилиш шартлари ҳисобланган зикру самоъ, чилла ўтириш, сурункали тақводорлик, махсус кийим – хирқа кийиб юришгача – ҳаммасини бидъат деб рад этади («бидъат» – араб тилида янгилик демакдир).

Тасаввуфни танқид қилиш кейинги асрларда ҳам давом эттирилди, ҳозир ҳам афсуским айрим мамлакатларда нақшбанддандия, суҳравардия ва мавлавия тариқатларини танқид этувчи китоблар чоп этилмоқда. Уларда асосан ўша Ибн Жавзий айтган гаплар такрорланади.

Энди тариқат аҳлининг гапларини ҳам эшитайлик. Аввало алоҳида қайд этамизки, тариқат аҳли ҳеч ерда ва ҳеч қачон шариатни инкор этган эмаслар. Билъакс, шариат тасаввуфнинг муҳим ва зарурий қисми деб қаралган. Бошқача айтганда, шариат маънавий тарбиянинг биринчи босқичи ҳисобланган. «Кашфул маҳжуб» китобининг муаллифи Абулқосим Қушайрий фикрича, сулук йўлига кирган киши тўрт буюк марҳала (мақом)ни босиб ўтиши лозим, яъни шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат. Баъзилар маърифатни алоҳида мақом сифатида тилга олмасалар ҳам, аммо шариат, тариқат ва ҳақиқатни санаб ўтганлар.

Яна шуниси борки, кўпгина шайхлар ўз муридларига биринчи навбатда шариат асосларини пухта ўргатганлар, мурид токи Қуръон ва Ҳадисни бутун моҳияти билан англаб етмаса, шариат аҳкоми бўлмиш тавҳид, иймон маъносини тушунмаса, беш вақт намозни адо этиб, рўза тутиб, закот ва ҳаж талабларини ҳам бажармаса, у ҳақиқий мусулмон деб қаралмаган ва хонақога киритилмаган. Бироқ, ҳамма гап шундаки, тариқат пешволари шариат талаблари устига яна янги талаблар қўйганлар, мусулмонлик шартларини чуқурлаштирганлар. Аниқроқ қилиб айтсак, омма тоқат қила олмайдиган, бироқ махсус кишиларгина тоқат қиладиган қишимча риёзатлар юклаганлар ва соликлар буни мажбурий эмас, ихтиёрий равишда ўз зиммаларига олганлар. Ана шу асосда қўшимча намоз, қўшимча рўза, парҳез ва тақво, қўшимча ҳаж қилиш жорий этилган. Шунга қудрати бор кишилар учун бу нарса раво деб қаралган. Чунки бундай одамлар ўз ҳаётларини Худо йўлига бағишлаган эдилар, улар учун бундан муҳим, бундан олижаноб ва қимматли нарса бўлмаган. Хўш, буни манъ этиб бўладими? Ўзини Худо йўлига бағишлаган, туну-кун ибодат билан шуғулланишни одат қилган одамни сен гуноҳ қилаяпсан дейиш мумкинми? Бу ҳар бир банданинг ўзининг шахсий иши. Шунинг учун ҳам тасаввуф ва тариқатни хослар йўли дейдилар ва индивудиал (фардий) ҳодиса сифатида олиб қарайдилар.

Аслини олганда, шариатнинг ўзи ҳам риёзатдир. Беш вақт намозни адо этиш, бир ой рўза тутиш, узоқ сафарга чиқиб ҳаж қилиш риёзат эмасми?

X–XI асрлардан бошлаб шариат ва тариқат аҳллари орасида мунозаралар бошлангандан кейин тасаввуф назариётчилари бу икки томонни келиштириш, шариат ва тариқатни мувофиқлаштириш устида бош қотириб, фикрлар баён этганлар.

Бу ишга биринчи бўлиб қўл урган киши Абубакр Калободий Бухорий (вафоти 990 йил)эди. У ўзининг «Ат-таарруф ли мазҳаби тасаввуф» (Тасаввуф мазҳаби бўйича таништириш китоби) номли асарида тасаввуф ақидаларининг ислом аҳкомларига мувофиқ келишини исботлашга интилган. Олим асосан Қуръон ва Ҳадисдан олинган мисоллар ва тасаввуф шайхлари сўзларини қиёслаш усулидан фойдаланган. Кейинчалик Абдуллоҳ Ансорий (1006–1089) Абдуллоҳ Кушайри (986–1072), Ҳужвирий (вафоти 1075) ҳам бу масалада фикр билдириб, шариат ва тариқат бир-бирини тўлдирадиган, ривожлантирадиган йўллар эканини қайд этганлар. Чунончи, Абдулло Ансорий дейди: «Шариат барча инкор ва тасдиқдан иборат, у инсон вужудига қаратилган бўлиб, шакл-русумлар (қолиплар)ни ташкил этади. Тариқат буткул маҳв бўлмоқ (фано), ҳақиқат эса барча хайратдан иборат. Шариатни тана деб бил, тариқатни дил дегин, ҳақиқатни эса жон ҳисобла».

Аммо бу борада ҳеч ким Имом Муҳаммад Ғаззолийчалик чуқур илмий фикрлар баён этган эмас.
Имом Ғаззолий – Шарқнинг дунёга машҳур мутафаккирларидан, калом илми (фиқҳ, тафсир, ҳадис), фалсафа ва тасаввуф масалалари бўйича бир нечта жаҳоншумул аҳамиятга эга китоблар муаллифи. Ғаззолий асарлари 1145 йилдан бошлаб Европа тилларига таржима қилина бошлаган, Данте, Бекон, Дидро, Руссо, Гегел уни донишманд мутафаккир сифатида тилга оладилар. Абуҳомид Муҳаммад бин Муҳаммад Ғаззолий (1058–1111) Эроннинг Тус шаҳрида туғилган. Нишопурда калом илмининг алломаси ашъарий Жувайнийдан таълим олиб, шу соҳанинг билимдони сифатида ном чиқаради. Салжуқийлар вазири Низомулмулк уни Бағдодда қурдиргани Низомия мадрасасига ишга таклиф этади. 1095 йилда Ғаззолий Бағдодни тарк этиб, кўп шаҳарларни кезиб чиқади, 11 йилдан сўнг яна Бағдодга қайтиб оз муддат дарс бериш билан шуғулланиб, кейин она шаҳри Тусга қайтади. Хонақо ва мадрасаларда маҳаллий ёшларга таълим бериб, шу ерда оламдан ўтади.

Имом Ғаззолий ўз замонининг барча илмларини ўрганиб, уларга муносабат билдирган алломадир. Уни калом илмининг схоластик усуллари ҳам, фалсафанинг ҳаддан зиёд ақлий мушоҳадакорлиги, ички зиддияти ҳам, исмоилийларнинг бир ёқлама қарашлари ҳам қаноатлантирмаган. Ғаззолий ҳар бир илмга унинг инсон табиати ва руҳиятига қанчалик мос келишига ва инсон ка-молотига хизмат қила олишига қараб баҳо беради. У улуғ руҳшу-нос олим сифатида иш кўради. Калом илми ўзининг ақидалари (догмалари) билан инсон юрагига йўл тополмаслигини, Худони англаш ва севишга етарли эмаслигини англаган олим тасаввуфда бунинг имкониятлари борлигини кўради. Айнан тасаввуфда дин ва иймоннинг руҳий-психологик жиҳати мужассамланган. Чунки тасаввуфда Худони қалб билан идрок этиш, ҳис-ҳаяжон, муҳаб-бат орқали қабул қилиш бор (буни юқорида кўриб ўтдик). Ғаззолий каломдаги ақлий муҳокамаларни сўфиёна ҳиссий идрок усуллари билан қўшиб, исломий илмларга янгидан руҳ бағиш-лади, уларни «тирилтирди». Бошқача айтганда, калом нуқтаи назаридан тасаввуфни ва тасаввуф нуқтаи назаридан калом илмини назардан ўтказди. «У тасаввуфнинг барча қоидаларини таҳлил қилиб, текшириб чиқди, улардан қайсилари суннага мувофиқ келишини, қайси томонлари тўғри келмаслигини аниқлаб берди» (Е.Э.Бертальс. Суфизм и суфийская литература. М., «Наука», 1965, стр. 43.) Бундан, Ғаззолий тасаввуфни каломга мослаштириш биланганина шуғулланган, деган хулоса чиқмаслиги керак. Имом Ғаззолийнинг ҳусни таважжуҳи кўпроқ тасаввуф томонида эди. Унинг тадқиқотлари наинки тариқат билан шариатни чуқур илмий-назарий жиҳатдан яқинлаштиришга хизмат қилди, балки ҳар икки томон ривожи учун фойдали бўлди.

Ғаззолий назарида олий даражадаги мустаҳкам иймон сўфий иймонидир, шунинг учун фано йўлидаги беинтиҳо ишқни исломнинг зарурий рукнларидан ҳисобламоқ керак. Имом Ғаззолий ўзининг «Эҳъё ул улум вад дин» (Диний илмларнинг қайта тирилиши) ва «Кимёи саодат» (Саодат кимёси) номли китобларида тасаввуфни ислом илмларининг таркибий қисми сифатида чуқур ўрганган, тариқатни одам ахлоқини покловчи ва ҳалок этувчи хислатлардан қутқарувчи йўл деб кўтсатади.

Ғаззолийнинг худди шу иши Ибн Жавзийга ёқмаган. Унинг ёзишича, Ғаззолий «Эҳъё ул-улум»да ботил (нотўғри деб топилган) ҳадислар ёрдамида тасаввуфни оқламоқчи бўлади, «Ҳолбуки ўзи ўша ҳадисларнинг ботиллигини билмайди», дейди у. Ғаззолий сўфиёна кароматларни бор нарса, ҳақиқат деб айтади, дунё Парвардигор пардасидир, шунингдек, шариат ҳам зоҳирий нарса, сўфийлар фаришталар, руҳлар анбиёларни кўрадилар ва улардан куйлар эшитадилар ва бунинг фойдаси катта деб ёзади. Бу ахир исломни бузишку, деб хитоб қилади Ибн Жавзий. «Талбиси иблис» китобининг муаллифи Ғаззолийни ислоҳотчилик (реформаторликда) айбланган. Ваҳоланки, ислом тарихида ислом илмининг ривожи учун Имом Муҳаммад Ғаззолийчалик хизмати сингган одам кам бўлса керак. Ғаззолий исломни назарий жиҳатдан бойитди, уни янги давр талабига мос равишда ривожлантирди, мустаҳкамлади. Исломни дунёга машҳур этди. У «ҳужжатул ислом» – ислом ҳужжати деган лақабни бекорга олмаган. Мана бу ривоят ҳам Ғаззолийнинг буюклигига ишорадир.

Абдураҳмон Жомий «Нафаҳотул унс» китобида келтиради: Хожа Буали Формадий дерки, Ғаззолийнинг баъзи ишларидан норози бўлиб юрар эдим. Бир кун уйқу босди, ярим уйқу, ярим уйғоқлик орасида туш кўрдим: катта бир майдон ўртасида оқ иморат бўлиб, одамлар турнақатор тизилиб шу иморат томон борардилар. Сўрадимки, бу не иморат ва сизлар кимсизлар? Жавоб бердиларки, бу бинода Ҳазрати Расулуллоҳ ислом дини ҳақида китоб ёзганларни қабул қилмоқда, биз китоб ёзган кишилармиз. Мен ҳам улар орқасидан турдим ва бино ичкарисига кирдим. Ҳар бир мазҳаб эгаси тасниф этган китобини Пайғам-барга кўрсатарди. Имом Шофеъи, Имом Абуҳанифа ва бошқа-лар китобларини кўрсатдилар. Расулуллоҳ (САВ) уларни ўз ёни-га ўтқазиб, сийлади. Ҳамма тинчигандан кейин мен овоз чиқариб дедим: «Ё Расулуллоҳ, менинг қўлимда ҳам аҳли ислом ақидасини баён этувчи бир китоб бор, агар ижозат берсангиз, ўқиб берай». Расулуллоҳ дедилар: «Қандай китоб?». Дедим: «Қавоидул ақоид» деган китоб, Ғаззолий таълиф этган. Менга китобни ўқишга ижозат бердилар, ўтириб ўқий бошладим… Расули Акрам сифатлари таърифига етганимда юзлари ёришди ва табассум қилиб, дедилар: «Қани Ғаззолий?». Ғаззолий ўша ерда эди, жавоб берди: «Ғаззолий менман». Расуллуллоҳ қўлларини узатдилар, Ғаззолий ул муборак қўлни ўпди ва кўзларига суртди ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ишораси билан тўрт мазҳаб соҳиби бўлган имомлар қаторига бориб ўтирди».

Бу ривоят, аммо уинг замирида катта ҳақиқат бор. Ҳақиқат шуки, Имом Ғаззолий аъламул уламо, буюк диншунос аллома сифатида ислом оламида тан олинган эди. Бундай улуғ шайхнинг тасаввуфга ҳусни таважжуқ этиши эса бежиз эмас эди. Чунки Ғаззолий бирданига сўфийлар тариқатини қабул қилганлардан эмас. У бошида фиқҳ ва Ҳадис олими сифатида машҳур бўлган, ўз замонасининг барча имларида тенгсиз устоз сифатида танилган эди. Шарқнинг энг нуфузли мадрасаси Низомияда раисул уламо лавозимига тайинланиб, уч юз толиби илмга дарс ўқирди. Аммо ёши элликка етганда бирдан мадрасани, дўстлари ва шогирдларини ташлаб, узлатни ихтиёр этди ва бунинг сабаб-ларини ўзининг «Ал Мунқиз миназ залол» (Гумроҳликдан қутулиш) китобида баён этди.

«Мени тақлид тубанлигидан басират баландлигига қандай журъат етказинини сенга ҳикоя қилай», деб бошлайди китобини Ғаззолий. «Калом илмидан нима олдим, аҳли таълим (исмоилия мазҳаби) ва имомга тақлид қилувчиларким, ҳақиқатни англашдан узрли ва ожиздирлар, қандай нафрат пайдо бўлганини айтай. Ва фалсафа тўқиш шевасини арзимас деб билганим… ва тасаввуф тариқатини қандай афзал билганимни айтай».

Унинг ёзишича, ёшлигидан қалбида ҳақиқатга ташналик ҳисси борлиги учун «қўрқмасдан ўзини чуқур дарёга» ташлаган, яъни ҳар бир илмни дадиллик билан ўргана бошлаган. Ҳар бир тоифанинг ақидасини яхшилаб тафаккурдан ўтказган ва қониқмай яна ўргана бошлаган. Имом Ғаззолийнинг уқтиришича, илм икки хил бўлади. Бири – тақлидий илм, яъни ўтмишдан мерос қолган, ота-она ва устозлардан олинадиган билимлар. Иккинчиси – кашф этилган илм. Тақлидий илм кўр-кўрона эргашиш билан бўлади, кашф этилган илм эса ҳар бир шахснинг қобилияти, шуурий изланиши орқали қўлга киритилади. «Менинг мақсадим амрлар ҳақиқатини кашф этиш эди», дейди му-аллиф. Зотан, ҳаётда жуда кўп одамлар тақлидий билмилар билан қаноатланадилар. Чунки янгилик яратмай, тайёр ҳунарлар, илмларни ўрганиб, кўп қатори яшаш осон. Аммо тараққиёт учун, инсоният тафаккурини олға силжитиш учун илоҳий ва дунёвий ҳақиқат-ларни, моҳиятларни излаш, кашф этиш зарур. Бу – айрим буюк шахсларнинг насибаси.

Шундай буюк шахслардан бири бўлган Имом Абуҳомид Ғаззолий Ҳақиқат толиби бўлиб, аввал калом илмини, сўнгра фалсафани, кейин исмоилия таълимотини ва охири тасаввуфни ўрганишга киришган. У илми калом ҳақида, фалсафа ва исмоилия ҳақида бир нечта китоб ёзади. Олим шундай хулосага келадики, илми калом ҳам, фалсафа ва исмоилия ҳам илоҳий ҳақиқатларни янгилатишга қодир эмас. Мана унинг хулосалари:

«Мутакаллимлар ўз ақидаларини чуқурлаштириш учун жав-ҳар ва араз (фалсафа тушунчалари) масалаларида баҳс бошладилар ва фалсафага қўл урдилар. Лекин улар илмининг мақсади бошқа бўлгани сабабли уларнинг сўзи нишонга етмади ва одамлар орасидаги шак-шубҳаларни бартараф қилолмадилар».

«Икки йил ичида файласуфлар илмини эгалладим. Яна бир йил тафаккурга берилдим. Уларнинг китобларини такроран ўқир эдим. Уларнинг хато ва адашишларини англадим, раддига йўл топдим ва билдимки (фалсафа) инсон камоли учун етарли эмас».

«Таълимийлардан (исмоилия аҳли) бир кишини учратдим… уларнинг китобларини топиб ўқидим, сўзларини кўрдим… Уларнинг фасод-хатоларини далиллар билан исботладим. Хулоса шуки, уларда ҳам ишга ярайдиган ва фойда берадиган сўз тополмадим».

Шундан кейин Ғаззолий тасаввуф ва тариқатга юзланади. У ёзади:
«Ҳақиқат юзасидан англадимки, бу жамоат, (яъни сўфийлар) аҳвол эгаларидирлар, сўз аҳли эмаслар. Бу илмни таҳсил билан имкон қадар ўргандим, аммо қолган нарсаларни дарс таҳсили ва суҳбат билан эгаллаб бўлмасди, балки бу завқ ва сулукни талаб қиларди. Менга шу нарса аён бўлдики, тариқатнинг асоси тарки нафс, тарки алоиқ экан, уқбога кўнгил боғлаш, бутун ҳиммат билан Худо сари юзланиш экан. Ўз ҳолимга қарадим ва кўр-димки, тааллуқларга ғарқ, дунё ташвишига кўмилган эканман».

Шундан кейин Ғаззолий қалбида ўтли ғалаёнлар бошлангани, шариат илми ва фалсафадан, дарсу таълимлардан совиганлигини ёзади. «Худо оғизимга қулф урди ва дарс айтолмадим, дейди у, овқат томоғимдан ўтмади, қувватим сусайиб борарди». Табиблар уни кўриб руҳий муолажага муҳтож эканини айтадилар. Ғаззолий сафарга чиқиб ўн йил шаҳарма-шаҳар юради. «Ва бу хил вақтларда менга шундай нарсалар намоён бўлдики, деб таъкидлайди улуғ олим, айтиб адо қилолмайман… Аниқ билидимки, сўфийлар Худо таоло йўлининг ошиқу соликлари экан ва уларнинг сийратлари, сийратларнинг энг яхшиси ва уларнинг йўли энг тўғри йўл ва аҳлоқлари энг покиза ахлоқдир. Шу даражадаки, агар дин асрорининг барча оқилу донишмандларини бир-бирларига қўшсалар ва ҳулқу атворлари, сийратларини ўзгартирсалар ва яхшиласалар ҳам бу даргоҳга йўл топмаслар. Чунки сўфийларнинг жамики ҳаракат ва сўзлари зоҳиру ботинда Пайғамбарнинг чароғдонидан нур олгандир. Барча мукошофа ва мушоҳида Пайғамбар нуридан бошланади».

Имом Ғаззолий тасаввуфдаги илоҳий муҳаббат, ишқ, самоъ ҳодисаларига ижобий муносабатда бўлган, бу ҳодисаларни ҳам инсон руҳияти билан боғлаб тушунтирган. Унинг уқтиришича, инсон руҳиятида кечадиган, руҳни яйратадиган жами воситалар Аллоҳ муҳаббатини кўпайтиришга сабаб бўлади ва сўфийни Улуғ даргоҳга яқинлаштиришга хизмат этади. Масалан, у «Кимён саодат» асарида самоъ ҳақида бундай ёзади: «Уламо орасида самоънинг ҳаром (манъ қилинган) ёки ҳалоллиги (рухсат этилган) масаласида ихтилоф бор. Кимки самоъни манъ қилган бўлса, зоҳир аҳлидан-дирки, у Ҳақ таолонинг муҳаббати шахс дилида қандай пайдо бўлишини англамайди. Зоҳирбин одам бундай дейди: одам боласи ўз жинсини севиши мумкин. Аммо на унинг жинсидан бўлган, на унга ўхшамайдиганни қандай қилиб севади? Бас, унинг кўнглида маҳлуқ ишқидан бошқа ишқ бўлмайди ва агар Холиқнинг ишқи пайдо бўлса, у ўхшатиш хаёлига бориб, буни ботил ҳисоблайди. Шу сабабдан дейдики, самоъ ёки кўнгилхушлик ўйинидир ёки махлуқ ишқидандир ва бунинг иккаласи ҳам динда номақбулдир.
Агар бундай одамдан халқ учун вожиб бўлган Худо севгиси нимадир деб сўрасалар, амрга итоат қилиш ва тоат деб жавоб беради. Ва бу ушбу қавмга хос улуғ хатодир».

Ана шу «улуғ хато» нима эканлигини исботлаш мақсадида Ғаззолий инсон кўнгли истакларига мурожаат қилади. «Самоъ ҳақида ҳукм чиқариш учун гапни аввало кўнгилдан бошлаш керак, деб ёзади олим, чунки самоъ кўнгилда бор нарсани юзага чиқаради, ҳаракатга келтиради. Кимнинг кўнглида Маҳбубга муҳаббат учқу-ни бўлса, самоъ уни кучайтиради, аланга олдиради. Бундай пайтда самоъ савобдир (раводир). Самоъни ёқимли бўлгани, хурсандчилик келтиргани учун ҳаром дейиш тўғри эмас. Ёқимли нарсалар ҳаром эмас, ёқимлилардан зарарли бўлганларигина ҳа-ромдир».
Ғаззолийнинг мана бу фикри ҳам муҳим: «Шуни билгилким, кимки самоъ ва важдни, сўфийлар аҳволини инкор этса, у буни ўзининг ноқислиги, калтафаҳмлигидан қилади». Демак, қуруқ ақидапарастлик, зоҳрий билимларга ёпишиб олган одамнинг фикри заиф, тор ва ноқис, бўлади. Билим кенгайиши учун инсон ақл ва тафаккур билан бирга қалбини ҳам ишга солиши лозим. Камолот йўли шу. Маълум бўладики, Ғаззолий ҳар бир масалага ҳаётий эҳтиёжлар нуқтаи назаридан ёндашади, қуруқ шиорлар ташлаш, маълум, неча марта қайтарилган гапларни такрорлайверишни олим кишининг иши эмас деб ҳисоблаган. Масалан, у ило-ҳий муҳаббатнинг зарурий нарса эканлигини «Эҳъё ул улум» асарида мана бундай исботлаган: инсон ўзига яхшилик қилган одамни яхши кўради, гўзал нарсаларни яхши кўради, умуман яхшилик ва гўзаллик севимли, демак, жамики яхшиликлар (эзгулик) ва нафосат мужассами бўлмиш Аллоҳ таолони севишимиз табиий ҳолдир.

Ёки у тасаввуфдаги «узлат» тушунчасини бундай изоҳлайди: узлатнинг олти хил фойдаси ва олти хил зарари бор. Аввало шуки, деб таъкидлайди олим, узлат мутафаккир инсонлар учун зарурий эҳтиёждир. Инсон бот-бот ўзи ёлғиз қолиб, хаёл ва тафаккурга ғарқ бўлишни хоҳлайди. Илоҳ ишқида ёнган кишилар учун бу эҳтиёж яна ҳам кучлироқ. Шундай қилиб, узлат «фикр фароға-ти»ни юзага келтиради, «кўп изтироблардан одамни халос этади», фитнадан қутқаради, «гумон ва туҳмат ранжидан озод» этади, «тамаъдан узилади, одамлар ҳам ундан тамаъ қилмайдилар», нохуш одамлар суҳбатидан халос этади. Бу узлатнинг фойдаси.

Энди зарарига келсак, узлат қилган одам илмни оширишдан маҳрум бўлади, одамларга манфаат етказолмайди, ўзи ҳам манфаат кўролмайди, кишиларни дину диёнатга даъватдан четда қолади, «васвос ғалаба қилиб, зикрдан нафратланиши мумкин, савоблар (ҳол сўраш, касал кўриш каби)дан қуруқ қолади, такаббурга берилади, чунки «узлат ҳам такаббурнинг бир тури».

Кўринадики, Имом Ғаззолий бир томонлама муҳокамалар, яъни мана бу яхши, буниси ёмон каби ҳукмлар тарафдори эмас. У ҳар бир ҳодиса-воқеани турли томондан олиб қарайди. Жумладан, калом илмини ҳам, фалсафани ҳам, тасаввуфни ҳам қайси жиҳатлари эътиқод-иймонни мустаҳкамлайди, инсон учун зарур ва фойдали, қайси томонлари қусурли, зиддиятли, инсон эъти-қоди учун зарарли эканини кўрсатиб беради. Унинг қудрати чексиз билимида, у гарчи перипатетик файласуфлар Аристотел, Форобий, Ибн Синоларни танқид қилган бўлса-да, аммо ўзи тавҳид, таваккул, қазову қадар, ақли кулл, сурат ва маъно, оламлар тузилиши, («Эҳъеул улум» асарида олам зарралардан ташкил топган, зарралар домий харакатда деган фикрни билдиради), табиий жисмлар хусусиятини ўрганганда фалсафа ютуқларидан фойдаланади.

Шундай таассурот туғиладики, Имом Ғаззолий Ибн Синоларга қараганда кўпроқ исломий муҳит ичида фикр юритади, кўпроқ шарқликдир. У жами илмларни ислом илми, исломий тафаккур тараққиётига хизмат қилдирди. Ғаззолийнинг тадқиқот усули рационалистик усул, аммо дунё ва Илоҳни англашда у ирриционат йўлни ҳам мақбул ҳисоблади, ирфоний билишни билишнинг юксак кўриниши деб ҳисоблади. Одамнинг ўзини таниши ҳам шу йўлдан бориши зарур, инсон ўзини танимай оламни ва Илоҳни таний олмайди. Жамики илмлар, қарашлар, таълимотлар шунга хизмат қилиши керак.

Имом Ғаззолий меросини ўрганиш ислом фалсафаси тарихини ёритиш, калом илми, фалсафа ва тасаввуф орасидаги муносабатларни ёритишда катта аҳамиятга эга.

ТАҚДИМ ЭТИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

1. Алишер Навоий. Лисоунт тайр. –Тошкент: Фан, 1965.
2. Алишер Навоий. Насойимул муҳаббат. 17-жилд. -Т.: Фан, 2002.
3. Жалолиддин Румий. Маснавии маънавий. Шарҳи билан, 1-китоб. –Т.: «Шарқ» матбаа нашр., 2000.
4. Аҳмад Яссавий. Ҳикматлар. –Т.: «Ўзбекистон», 1993.
5. «Комил инсон ҳақида тўрт рисола» (Н.Комилов таржи-маси). –Т.: «Маънавият», 1998.
6. Бертельс Е.Э. Избиранная труды. Суфизм и суфийская литература. -М.: «Наука», 1965. Стр. 13-103.
7. Ибн Араби. Геммы мудрости (главы). Перевод А.В. Смир-нова. В.Кн. М.Степанянц. Философские аспекты суфизма. -М.: «Наука», 1987. Стр. до-119.
8. Доктор Абдулҳусайн Зарринкўб. Жустужў дар тасаввуфи Эрон. Икки жилдлик (форс тилида). Теҳрон, ҳижрий 1349.
9. Комилов Н. Тасаввуф. 1-китоб. –Т.: «Ёзувчи», 1997.
10. Комилов Н. Тасаввуф. 2-китоб. –Т.: «Ўзбекистон», 2000.
11. Ҳаққулов И. Тасаввуф сабоқлари. «Бухоро» нашр., 2000.
12. Ҳаққулов И. Тасаввуф ва шеърият. –Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 1991.
13. «Ғойиблар хайлидан ёнган чироқлар» (Тўплам). –Т.: «Ўзбекистон», 1993.
14. Олим С. Навоий ва Нақшбанд. –Т.: «Фан», 1992.
15. Салим С. Ишқ, ошиқ ва маъшуқ. –Т.: «Фан», 1994.
16. Салим С. Бухорий. Дилда ёр. –Т.: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашр., 1992.
17. Суфизм в контексе мусульманской культуры. –М.: «Нау-ка», 1989.
18. Абдуҳамид ал-Ғазали. Воскрешение наук о вере. –М.: «Наука», 1980.
19. Абдулҳаким Шаръий Жузжоний. Тасаввуф ва инсон. –Т.: «Адолат», 2001.
20. Ислам. Энциклопедический словарь. -М.: «Наука», 1991.
21. Саййид Жаъфар Сажжодий. Фарҳанги мусталиҳоти ура-фо (форс тилида). Теҳрон, ҳижрий 1329.
22. Ҳусайн Вассоф. Сафинаи авлиё (турк тилида). Истамбул, 1990.
23. Абдулбоқий Гулпинарли. Мавлоно Жалолиддин (форс тилида). Теҳрон, ҳижрий 1370.

Шу мавзуда саҳифалар:
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 1.Тарих ва таъриф
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 2.Тариқат
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 3. Сўфий психологияси ёки ҳол
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 4. Маърифат ва ҳақиқат
Нажмиддин Комилов. Тасаввуф. 7. Комил инсон

09

Professor Najmiddin Komilovning «Tasavvuf» risolasida Sharq xalqlari ma’naviyati tarixida chuqur iz qoldirgan diniy-falsafiy ta’limot – tasavvufning paydo bo’lishi, tadrijiy rivoji, asosiy jihatlari yoritilgan. Tariqat va shariat orasidagi munosabat, tasavvuf gumanizmi va Komil inson muammolari, tasavvuf rivojiga hissa qo’shgan olimlar, tariqat shayxlari haqida tahliliy kuzatishlar qilingan. Bugun ushbu risolaning so’nggi maqolasi — «Tasavvuf va kalom ilmi«ni taqdim etmoqdamiz.

NAJMIDDIN KOMILOV
TASAVVUF
02

TASAVVUF VA KALOM ILMI

Shariat bilan tariqat orasidagi masala g’oyat nozik masaladir. Bu jihatni anglamagan odam shubhasiz biror tomonga putur yetkazishi mumkin. Chinakam musulmon bo’lgan, islomni chuqur anglab, uning ma’rifati, hikmat va falsafasidan bahramand bo’lgan, musulmonlikni Alloh yodida pok yashash deb bilgan kishi hech qachon tariqatni o’ziga yot deb bilmaydi. Musulmonlikni faqat rasm-rusmlar, odatlar va boshqa tashqi belgilar yig’indisi deb biluvchi kishi uchun, turgan gap, tariqat mavhum va hatto zararli narsa bo’lib tuyuladi. Bu o’rinda shuni aytish kerakki, shariat ahlining hammasini ham tariqat bilan kurashib kelgan, tariqatga muxolif bo’lgan deb ayta olmaymiz. Ko’pgina shariat peshvolari tariqat ahliga hurmat bilan qaraganlar, shayxlar bilan do’stlashganlar. Bundan tashqari, darvesh sulukiga kirgan faqihlar, shayxulislomlar, obidlar bor edi, masjidlar va xonaqolar orasida aloqa bo’lib turardi.

Shunga qaramay, shariat va tariqat ahllari orasida muxoliflik davom etib keldi. Zohirbin ulamolar nazdida surunkali taqvo, doimiy ro’za, riyozat uchun o’zini qiynoqlarga solish Hazrati Payg’ambarimiz (s.a.v.) sunnatlariga xilof. Inson hayotdan, ya’ni Alloh bergan ne’matlardan bahramand bo’lishi va ham o’z Tangrisiga shukrona sifatida toat-ibodat bilan shug’ullanishi, bandalik xizmatini bajarib turishi lozim. O’zini qiynoqlarga solish Allohga xush kelmaydigan ishdir, deydi shariat ahli.

Ammo muxolifatning bosh sababi bu emas edi, zohidlar, «osoyishta» so’fiylar shariat ahlini unchalik bezovta qilmaganlar. Shariat ahliga tashvish keltirgan narsa – bu tasavvufning fano, tavhid, ishq va vasl kabi g’oyalari edi. Chunki mazkur tushunchalar hurfikrlilikni, haqiqatni izlash yo’lidagi mantiqiy-tafakkuriy jihatni kuchaytirar, vahdat, ruh, Iloh va inson haqida teranroq bilim berar, olam asrorini anglashga yo’l ochardi. Bu esa zohiriy bilim bilangina cheklangan odamlarga yoqmasdi. Boz ustiga, Haq ishqida bexudu devona bo’lgan valiylarning «shathiyot»lari, ya’ni zohirda «kufr» bo’lib ko’ringan gaplari (chunonchi, Hallojning: «Analhaq» deyishi, Boyazidning «Sharaflanganman, sharaflanganman, sha’nu sharaf menga» degan gapi, Mashrabning «Yorsiz ham bodasiz Makkaga bormoq na kerak, Boshimga urayinmu Ibrohimdan qolg’on ul eski do’konni» deyishi) tabiiyki aqidaparast kishilarni tash-vishga solar va ular buni iymondan chekinish deb baholardilar.

Shuning oqibati bo’ldiki, tasavvuf maslagining eng yorqin fikrli aziz farzandlari Mansur Halloj, Yah’yo Suhravardiy, Aynulquzzot Hamadoniy, Imomiddin Nasimiy, Badriddin Hiloliy, Boborahim Mashrab muqallid ulamolar fatvosi bilan rasmiy ravishda qatl etildilar. Mansur va Suhravardiyning bir necha shogirdlari ham qatl etilgan. Shu kabi Zunnun Misriy, Boyazid Bistomiy, Abdulloh Ansoriy, Farididdin Attor, Inb Arabiy, Jaloliddin Rumiy kabi mashhur mutafakkir shayxlar umr bo’yi shariat ahli bilan kelisholmay, ba’zan esa johil hokimlar, amirlarning tazyiqi ostida umr o’tkazganlar.

Maqomot va valiylik sirlaridan birinchi bo’lib so’z ochgan Zunnun Misriy Misr ulamolari raisi Abdulloh bin Hakim tomonidan ta’qib ostiga olinadi, Zunnunning qarashlari inkor qilinadi. Zunnun aytgan gaplar ilmi kalom ulamolari aytgan gaplarga to’g’ri kelmaydi, deb uni zindaqa (dunyoning asosida ikki kuch – Yovuzlik va Ezgulik yotadi degan e’tiqodni olg’a suruvchi Zand dini) tarafdorisan, kofirsan deya toshbo’ron qiladilar. Abdulqosim Sulamiy o’zining «Tabaqatus so’fiya» kitobida mazkur ma’lumotlarni keltirib, yana davom etadikim, shayx Abusulaymon Doroniy farishtalarni ko’raman va ular bilan suhbat-lashaman, degani uchun Damashqdan badarg’a qilingan. Bistom shahri aholisi ham Boyazid Bistomiydan munkir bo’ldilar. Sababi u: men ham Payg’ambar singari Me’rojga ko’tarildim, degan ekan. Sulamiyning yozishicha, Sahl bin Abdulloh Tustariy debdurkim, farishtalar, shaytonlar va jinlar uning oldida hozir bo’ladilar va u bilan so’zlashadilar. Lekin odamlar bunga ishonmay rad etadilar va Sahlni yomon otliq qiladilar. Natijada Sahl Tustardan Basraga qochib borib, o’sha yerda vafot etdi.

Ulug’ shayx va shoir Farididdin Attorni «Javharuz zot» (Zot gavhari) asari uchun rofiziylik (shialik)da ayblagan Nishopur ulamolari uni Mansur kabi qatl etmoqchi bo’ladilar. Biroq shoir qochib jon saqlaydi, lekin mol-mulkidan butkul ajraladi. Yana qizig’i shundaki, XV asrda, xuddi shu dostonni ko’chirgan Nizomiddin Haydar Bobuniy degan kotib Samarqandda mullalarning g’azabiga duchor bo’lgan va qattiq jazoga hukm etilgan. Xayriyatki, Hirot olimlari bundan xabar topib, Nizomiddinni qutqarib qoladilar (YE.E.Bertel`s. «Sufizm i mufiyskaya literatura». 372-373-betlar).

Shariat va tariqat orasidagi muxoliflik ilmiy-nazariy yo’nalishda ham davom etib turgan. Bir qancha risolalar yozilib, so’fiylarning so’zlari va amallari tanqid qilindi. Shunday kitoblardan biri 1153 yilda vafot etgan Ibn Javziyning arab tilidagi «Talbis iblis» (Iblis vasvasasi) nomli kitobidir. Eronlik olim Sayid Guharin «Tasavvuf istilohlari sharhi» nomli kitobning muqaddimasida Ibn Javziy asari ustida batafsil to’xtab o’tgan. Biz ushbu manba’dan ma’lumot uchun ba’zi iqtiboslarni keltirib o’tmoqchimiz.

Ibn Javziy tasavvuf tarixini ikki davrga bo’ladi. Birinchisi – zohidlik davri bo’lib, u davrda so’fiylar shariat talablariga qat’iy rioya qilganlar. Ikkinchisi – darveshlik davri bo’lib, bu davrda fikru shuurda islom aqidalariga to’g’ri kelmaydigan qarashlar yuzaga kelgan, tariqat qabul qilgan rasm-rusmlar ham ilk islomda yo’q edi, deydi Javziy. Chunonchi, xirqa kiyib alohida jamoa bo’lib yurish, raqsu samo’ majlislari tashkil qilish, kuy-qo’shiq eshitish, chilla o’tirish, zikr tushish va hokazolar islomga xilof. So’fiylarning bu ishlari odamlarni yo’ldan ura boshladi, deb yozadi Ibn Javziy, chunki so’fiylar bag’oyat taqvodor kishilar bo’lganligi sababli dindorlarga ta’sir o’tkazardi, ammo ikkinchi tomondan, o’yin-kulguga berilgan dunyoparast kishilar ham so’fiylarning ilmini o’rganishdan ko’ra, karomat va sehrga e’tibor beradilar, bu esa shay-tonning ray’iga ergashishdir. Ibn Javziy yozadi: «Keyingi davrlarga kelib, Iblis ularning ishlariga aralashdi va vasvasaga soldi. Ularning tobe’lari ham bu vasvasaga uchdilar. Iblis vasavasasining mohiyati shundan iboratki, u so’fiylarni ilm va donishdan qaytarib, ularga maqsad-muddao ilm emas, balki amaldir, deb ko’rsatdi. Va ular uchun ilm chirog’i so’ngan-dan keyin zulmat ichra qoldilar va yo’ldan adashdilar».

Bu tasavvufga qo’yilgan katta ayb edi. Amalda Ibn Javziy so’fiylarni bilimsiz, nodon kishilar deb tahqirlagan. To’g’ri, tasavvufda shariat ilmi aqliy-mantiqiy ilm sifatida olib qaraladi va so’fiy bu ilmning o’zi bilan chegaralansa bo’lmaydi, u ishq va botiniy taraqqiyot oraqli g’aybiy-laduniy bilimlar sohibi bo’lsagina, maqsadga erishadi, degan qarash bor. Biroq buni shayton vasvasasi yoki nodonlik deb atash xato. Axir Najmiddin Kubro, Ahmad Yassaviy, Bahouddin Naqshband, Xoja Ahrori vali kabi ulug’ shayxlarni shariat ilmidan bexabar deb bo’ladimi? Ular bu ilmni suv qilib ichgan odamlar edilar. Ular ana shu shariat ilmidan tashqari yana botiniy-ilohiy ilm ham jo’sh urib turgan. Ana shu fazilat bilan ular oddiy dindorlar, muhaddisu mufassirlardan ustun edilar.

Ibn Javziyga shariat ilmini ilmi zohir, tariqat ilmini ilmi botin deyish ham yoqmagan, uning nazarida bu tariqatni shariatdan afzal hisoblashdir. «Ko’p och yurish, surunkali chilla o’tirish, parhezkorlik bu odamlarning miyasini aynitgan. Shuning uchun ular bid’at va kufr so’zlarni aytadilar, xayollariga har xil narsalar ko’rinadi», deb yozadi Ibn Javziy so’fiylar haqida. So’fiylar o’zlarini islom asoslariga daxldor qilish uchun chahoryorlar – Abubakr, Usmon, Umar va Ali raziyallohu anhularni, bir qism sahobalarni ilk so’fiylar deb aytadilar va hatto Hazrati Payg’ambarimizdan ham so’fiylik sifatlarini qidiradilar, Qur’oni Karim oyatlarini so’fiyona ruhda shahrlaydilar, deydi Ibn Javziy.

«Talbis Iblis» kitobidan: «Odamlarning bu qavmga (ya’ni so’fiylarga) mayli kuchligiga bois shuki, tariqatning tashqi ko’rinishini ibodatga moslaganlar, ammo botinini raqsu samo’ bilan to’ldirganlar, odamlarga esa bu yoqadi».

Yana: «Avvalgi so’fiylar shoh va amirlardan nafratlanardilar, ularning in’omlarini olmasdilar. Keyingi so’fiylar taxtu toj ahlining yaqin do’stlariga aylandilar».

Yana: «Abdurahmon Sulamiyning keltirishicha, Amru Makkiy (Mansurning piri) hikoyat qilibdurkim, Mansur Halloj bilan Makka ko’chalarini kezardik. Men Qur’oni Majiddin bir oyat o’qidim. Mansur mening qiroatimga quloq solib dedi: men ham shunga o’xshash so’zlarni ayta olaman».

Va yana: «So’fiylarning ko’pi xotinlarga qarashni nojoiz hisoblaydilar. Lekin chiroyli yigitlar bilan suhbat qurishni yoqtiradilar… Ularning fikricha, Xudo go’zallar jismiga singgandir, go’zallar yuziga boqib, Xudoning jamolidan bahra olamiz, deydilar».

Ibn Javziyga tariqat odobi, ya’ni tarkidunyo qilish, xonaqolarda taqvo bilan umr o’tkazish ham ma’qul emas, muallif buni islom shariatiga xilof deb biladi. Ibn Javziy fikricha, olti sababga binoan bu ish xatodir, ya’ni birinchidan, ushbu harakat odamlarni masjiddan chelashtiradi, holbuki, masjid musulmonlarning asosiy yig’iladigan joyi bo’lishi kerak. Ikkinchidan, musulmonlarning jam bo’lib ibodat qilishi kamayishi mumkin. Uchinchidan, kishilarni masjidga borib namoz o’qishdan mahrum etadi. To’rtinchidan bu ish nasroniylar va isoparastlarga taqlid bo’lib, yaka ibodat qilish odatini joriy etadi. Beshinchidan, xonaqo ahli orasida ko’p yosh yigitlar borkim, ular uylanishi va farzandli bo’lishi kerak. Tarkidunyo ular hayotiga zomindir. Oltinchidan, xonaqolarda bajariladigan amallar xalq-ni aldash va zalolatga yo’llashdan iborat. «Keyingi davr so’fiy-lari, — deb ta’kidlaydi Ibn Javziy, — xonaqo va rabotlardan tekin yashash va istirohat bilan kun o’tkazishga o’rganib qolganlar, faqat ovqat yeyish va o’yin-kulgi qilish bilan bandlar».

Ko’rindiki, Ibn Javziy uchun tasavvuf ta’limot sifatidagi nazariy jihatlari, g’oyalari bilan ham maqbul emas. Muallif xonaqolardagi pir va muridilik muomalasidan tortib, o’z-o’zini nazorat qilish shartlari hisoblangan zikru samo’, chilla o’tirish, surunkali taqvodorlik, maxsus kiyim – xirqa kiyib yurishgacha – hammasini bid’at deb rad etadi («bid’at» – arab tilida yangilik demakdir).

Tasavvufni tanqid qilish keyingi asrlarda ham davom ettirildi, hozir ham afsuskim ayrim mamlakatlarda naqshbanddandiya, suhravardiya va mavlaviya tariqatlarini tanqid etuvchi kitoblar chop etilmoqda. Ularda asosan o’sha Ibn Javziy aytgan gaplar takrorlanadi.

Endi tariqat ahlining gaplarini ham eshitaylik. Avvalo alohida qayd etamizki, tariqat ahli hech yerda va hech qachon shariatni inkor etgan emaslar. Bil’aks, shariat tasavvufning muhim va zaruriy qismi deb qaralgan. Boshqacha aytganda, shariat ma’naviy tarbiyaning birinchi bosqichi hisoblangan. «Kashful mahjub» kitobining muallifi Abulqosim Qushayriy fikricha, suluk yo’liga kirgan kishi to’rt buyuk marhala (maqom)ni bosib o’tishi lozim, ya’ni shariat, tariqat, ma’rifat va haqiqat. Ba’zilar ma’rifatni alohida maqom sifatida tilga olmasalar ham, ammo shariat, tariqat va haqiqatni sanab o’tganlar.

Yana shunisi borki, ko’pgina shayxlar o’z muridlariga birinchi navbatda shariat asoslarini puxta o’rgatganlar, murid toki Qur’on va Hadisni butun mohiyati bilan anglab yetmasa, shariat ahkomi bo’lmish tavhid, iymon ma’nosini tushunmasa, besh vaqt namozni ado etib, ro’za tutib, zakot va haj talablarini ham bajarmasa, u haqiqiy musulmon deb qaralmagan va xonaqoga kiritilmagan. Biroq, hamma gap shundaki, tariqat peshvolari shariat talablari ustiga yana yangi talablar qo’yganlar, musulmonlik shartlarini chuqurlashtirganlar. Aniqroq qilib aytsak, omma toqat qila olmaydigan, biroq maxsus kishilargina toqat qiladigan qishimcha riyozatlar yuklaganlar va soliklar buni majburiy emas, ixtiyoriy ravishda o’z zimmalariga olganlar. Ana shu asosda qo’shimcha namoz, qo’shimcha ro’za, parhez va taqvo, qo’shimcha haj qilish joriy etilgan. Shunga qudrati bor kishilar uchun bu narsa ravo deb qaralgan. Chunki bunday odamlar o’z hayotlarini Xudo yo’liga bag’ishlagan edilar, ular uchun bundan muhim, bundan olijanob va qimmatli narsa bo’lmagan. Xo’sh, buni man’ etib bo’ladimi? O’zini Xudo yo’liga bag’ishlagan, tunu-kun ibodat bilan shug’ullanishni odat qilgan odamni sen gunoh qilayapsan deyish mumkinmi? Bu har bir bandaning o’zining shaxsiy ishi. Shuning uchun ham tasavvuf va tariqatni xoslar yo’li deydilar va indivudial (fardiy) hodisa sifatida olib qaraydilar.

Aslini olganda, shariatning o’zi ham riyozatdir. Besh vaqt namozni ado etish, bir oy ro’za tutish, uzoq safarga chiqib haj qilish riyozat emasmi?

X–XI asrlardan boshlab shariat va tariqat ahllari orasida munozaralar boshlangandan keyin tasavvuf nazariyotchilari bu ikki tomonni kelishtirish, shariat va tariqatni muvofiqlashtirish ustida bosh qotirib, fikrlar bayon etganlar.

Bu ishga birinchi bo’lib qo’l urgan kishi Abubakr Kalobodiy Buxoriy (vafoti 990 yil)edi. U o’zining «At-taarruf li mazhabi tasavvuf» (Tasavvuf mazhabi bo’yicha tanishtirish kitobi) nomli asarida tasavvuf aqidalarining islom ahkomlariga muvofiq kelishini isbotlashga intilgan. Olim asosan Qur’on va Hadisdan olingan misollar va tasavvuf shayxlari so’zlarini qiyoslash usulidan foydalangan. Keyinchalik Abdulloh Ansoriy (1006–1089) Abdulloh Kushayri (986–1072), Hujviriy (vafoti 1075) ham bu masalada fikr bildirib, shariat va tariqat bir-birini to’ldiradigan, rivojlantiradigan yo’llar ekanini qayd etganlar. Chunonchi, Abdullo Ansoriy deydi: «Shariat barcha inkor va tasdiqdan iborat, u inson vujudiga qaratilgan bo’lib, shakl-rusumlar (qoliplar)ni tashkil etadi. Tariqat butkul mahv bo’lmoq (fano), haqiqat esa barcha xayratdan iborat. Shariatni tana deb bil, tariqatni dil degin, haqiqatni esa jon hisobla».

Ammo bu borada hech kim Imom Muhammad G’azzoliychalik chuqur ilmiy fikrlar bayon etgan emas.
Imom G’azzoliy – Sharqning dunyoga mashhur mutafakkirlaridan, kalom ilmi (fiqh, tafsir, hadis), falsafa va tasavvuf masalalari bo’yicha bir nechta jahonshumul ahamiyatga ega kitoblar muallifi. G’azzoliy asarlari 1145 yildan boshlab Yevropa tillariga tarjima qilina boshlagan, Dante, Bekon, Didro, Russo, Gegel uni donishmand mutafakkir sifatida tilga oladilar. Abuhomid Muhammad bin Muhammad G’azzoliy (1058–1111) Eronning Tus shahrida tug’ilgan. Nishopurda kalom ilmining allomasi ash’ariy Juvayniydan ta’lim olib, shu sohaning bilimdoni sifatida nom chiqaradi. Saljuqiylar vaziri Nizomulmulk uni Bag’dodda qurdirgani Nizomiya madrasasiga ishga taklif etadi. 1095 yilda G’azzoliy Bag’dodni tark etib, ko’p shaharlarni kezib chiqadi, 11 yildan so’ng yana Bag’dodga qaytib oz muddat dars berish bilan shug’ullanib, keyin ona shahri Tusga qaytadi. Xonaqo va madrasalarda mahalliy yoshlarga ta’lim berib, shu yerda olamdan o’tadi.

Imom G’azzoliy o’z zamonining barcha ilmlarini o’rganib, ularga munosabat bildirgan allomadir. Uni kalom ilmining sxolastik usullari ham, falsafaning haddan ziyod aqliy mushohadakorligi, ichki ziddiyati ham, ismoiliylarning bir yoqlama qarashlari ham qanoatlantirmagan. G’azzoliy har bir ilmga uning inson tabiati va ruhiyatiga qanchalik mos kelishiga va inson ka-molotiga xizmat qila olishiga qarab baho beradi. U ulug’ ruhshu-nos olim sifatida ish ko’radi. Kalom ilmi o’zining aqidalari (dogmalari) bilan inson yuragiga yo’l topolmasligini, Xudoni anglash va sevishga yetarli emasligini anglagan olim tasavvufda buning imkoniyatlari borligini ko’radi. Aynan tasavvufda din va iymonning ruhiy-psixologik jihati mujassamlangan. Chunki tasavvufda Xudoni qalb bilan idrok etish, his-hayajon, muhab-bat orqali qabul qilish bor (buni yuqorida ko’rib o’tdik). G’azzoliy kalomdagi aqliy muhokamalarni so’fiyona hissiy idrok usullari bilan qo’shib, islomiy ilmlarga yangidan ruh bag’ish-ladi, ularni «tiriltirdi». Boshqacha aytganda, kalom nuqtai nazaridan tasavvufni va tasavvuf nuqtai nazaridan kalom ilmini nazardan o’tkazdi. «U tasavvufning barcha qoidalarini tahlil qilib, tekshirib chiqdi, ulardan qaysilari sunnaga muvofiq kelishini, qaysi tomonlari to’g’ri kelmasligini aniqlab berdi» (YE.E.Bertal`s. Sufizm i sufiyskaya literatura. M., «Nauka», 1965, str. 43.) Bundan, G’azzoliy tasavvufni kalomga moslashtirish bilanganina shug’ullangan, degan xulosa chiqmasligi kerak. Imom G’azzoliyning husni tavajjuhi ko’proq tasavvuf tomonida edi. Uning tadqiqotlari nainki tariqat bilan shariatni chuqur ilmiy-nazariy jihatdan yaqinlashtirishga xizmat qildi, balki har ikki tomon rivoji uchun foydali bo’ldi.

G’azzoliy nazarida oliy darajadagi mustahkam iymon so’fiy iymonidir, shuning uchun fano yo’lidagi beintiho ishqni islomning zaruriy ruknlaridan hisoblamoq kerak. Imom G’azzoliy o’zining «Eh’yo ul ulum vad din» (Diniy ilmlarning qayta tirilishi) va «Kimyoi saodat» (Saodat kimyosi) nomli kitoblarida tasavvufni islom ilmlarining tarkibiy qismi sifatida chuqur o’rgangan, tariqatni odam axloqini poklovchi va halok etuvchi xislatlardan qutqaruvchi yo’l deb ko’tsatadi.

G’azzoliyning xuddi shu ishi Ibn Javziyga yoqmagan. Uning yozishicha, G’azzoliy «Eh’yo ul-ulum»da botil (noto’g’ri deb topilgan) hadislar yordamida tasavvufni oqlamoqchi bo’ladi, «Holbuki o’zi o’sha hadislarning botilligini bilmaydi», deydi u. G’azzoliy so’fiyona karomatlarni bor narsa, haqiqat deb aytadi, dunyo Parvardigor pardasidir, shuningdek, shariat ham zohiriy narsa, so’fiylar farishtalar, ruhlar anbiyolarni ko’radilar va ulardan kuylar eshitadilar va buning foydasi katta deb yozadi. Bu axir islomni buzishku, deb xitob qiladi Ibn Javziy. «Talbisi iblis» kitobining muallifi G’azzoliyni islohotchilik (reformatorlikda) ayblangan. Vaholanki, islom tarixida islom ilmining rivoji uchun Imom Muhammad G’azzoliychalik xizmati singgan odam kam bo’lsa kerak. G’azzoliy islomni nazariy jihatdan boyitdi, uni yangi davr talabiga mos ravishda rivojlantirdi, mustahkamladi. Islomni dunyoga mashhur etdi. U «hujjatul islom» – islom hujjati degan laqabni bekorga olmagan. Mana bu rivoyat ham G’azzoliyning buyukligiga ishoradir.

Abdurahmon Jomiy «Nafahotul uns» kitobida keltiradi: Xoja Buali Formadiy derki, G’azzoliyning ba’zi ishlaridan norozi bo’lib yurar edim. Bir kun uyqu bosdi, yarim uyqu, yarim uyg’oqlik orasida tush ko’rdim: katta bir maydon o’rtasida oq imorat bo’lib, odamlar turnaqator tizilib shu imorat tomon borardilar. So’radimki, bu ne imorat va sizlar kimsizlar? Javob berdilarki, bu binoda Hazrati Rasululloh islom dini haqida kitob yozganlarni qabul qilmoqda, biz kitob yozgan kishilarmiz. Men ham ular orqasidan turdim va bino ichkarisiga kirdim. Har bir mazhab egasi tasnif etgan kitobini Payg’am-barga ko’rsatardi. Imom Shofe’i, Imom Abuhanifa va boshqa-lar kitoblarini ko’rsatdilar. Rasululloh (SAV) ularni o’z yoni-ga o’tqazib, siyladi. Hamma tinchigandan keyin men ovoz chiqarib dedim: «YO Rasululloh, mening qo’limda ham ahli islom aqidasini bayon etuvchi bir kitob bor, agar ijozat bersangiz, o’qib beray». Rasululloh dedilar: «Qanday kitob?». Dedim: «Qavoidul aqoid» degan kitob, G’azzoliy ta’lif etgan. Menga kitobni o’qishga ijozat berdilar, o’tirib o’qiy boshladim… Rasuli Akram sifatlari ta’rifiga yetganimda yuzlari yorishdi va tabassum qilib, dedilar: «Qani G’azzoliy?». G’azzoliy o’sha yerda edi, javob berdi: «G’azzoliy menman». Rasullulloh qo’llarini uzatdilar, G’azzoliy ul muborak qo’lni o’pdi va ko’zlariga surtdi va Payg’ambar sallallohu alayhi vasallam ishorasi bilan to’rt mazhab sohibi bo’lgan imomlar qatoriga borib o’tirdi».

Bu rivoyat, ammo uing zamirida katta haqiqat bor. Haqiqat shuki, Imom G’azzoliy a’lamul ulamo, buyuk dinshunos alloma sifatida islom olamida tan olingan edi. Bunday ulug’ shayxning tasavvufga husni tavajjuq etishi esa bejiz emas edi. Chunki G’azzoliy birdaniga so’fiylar tariqatini qabul qilganlardan emas. U boshida fiqh va Hadis olimi sifatida mashhur bo’lgan, o’z zamonasining barcha imlarida tengsiz ustoz sifatida tanilgan edi. Sharqning eng nufuzli madrasasi Nizomiyada raisul ulamo lavozimiga tayinlanib, uch yuz tolibi ilmga dars o’qirdi. Ammo yoshi ellikka yetganda birdan madrasani, do’stlari va shogirdlarini tashlab, uzlatni ixtiyor etdi va buning sabab-larini o’zining «Al Munqiz minaz zalol» (Gumrohlikdan qutulish) kitobida bayon etdi.

«Meni taqlid tubanligidan basirat balandligiga qanday jur’at yetkazinini senga hikoya qilay», deb boshlaydi kitobini G’azzoliy. «Kalom ilmidan nima oldim, ahli ta’lim (ismoiliya mazhabi) va imomga taqlid qiluvchilarkim, haqiqatni anglashdan uzrli va ojizdirlar, qanday nafrat paydo bo’lganini aytay. Va falsafa to’qish shevasini arzimas deb bilganim… va tasavvuf tariqatini qanday afzal bilganimni aytay».

Uning yozishicha, yoshligidan qalbida haqiqatga tashnalik hissi borligi uchun «qo’rqmasdan o’zini chuqur daryoga» tashlagan, ya’ni har bir ilmni dadillik bilan o’rgana boshlagan. Har bir toifaning aqidasini yaxshilab tafakkurdan o’tkazgan va qoniqmay yana o’rgana boshlagan. Imom G’azzoliyning uqtirishicha, ilm ikki xil bo’ladi. Biri – taqlidiy ilm, ya’ni o’tmishdan meros qolgan, ota-ona va ustozlardan olinadigan bilimlar. Ikkinchisi – kashf etilgan ilm. Taqlidiy ilm ko’r-ko’rona ergashish bilan bo’ladi, kashf etilgan ilm esa har bir shaxsning qobiliyati, shuuriy izlanishi orqali qo’lga kiritiladi. «Mening maqsadim amrlar haqiqatini kashf etish edi», deydi mu-allif. Zotan, hayotda juda ko’p odamlar taqlidiy bilmilar bilan qanoatlanadilar. Chunki yangilik yaratmay, tayyor hunarlar, ilmlarni o’rganib, ko’p qatori yashash oson. Ammo taraqqiyot uchun, insoniyat tafakkurini olg’a siljitish uchun ilohiy va dunyoviy haqiqat-larni, mohiyatlarni izlash, kashf etish zarur. Bu – ayrim buyuk shaxslarning nasibasi.

Shunday buyuk shaxslardan biri bo’lgan Imom Abuhomid G’azzoliy Haqiqat tolibi bo’lib, avval kalom ilmini, so’ngra falsafani, keyin ismoiliya ta’limotini va oxiri tasavvufni o’rganishga kirishgan. U ilmi kalom haqida, falsafa va ismoiliya haqida bir nechta kitob yozadi. Olim shunday xulosaga keladiki, ilmi kalom ham, falsafa va ismoiliya ham ilohiy haqiqatlarni yangilatishga qodir emas. Mana uning xulosalari:

«Mutakallimlar o’z aqidalarini chuqurlashtirish uchun jav-har va araz (falsafa tushunchalari) masalalarida bahs boshladilar va falsafaga qo’l urdilar. Lekin ular ilmining maqsadi boshqa bo’lgani sababli ularning so’zi nishonga yetmadi va odamlar orasidagi shak-shubhalarni bartaraf qilolmadilar».

«Ikki yil ichida faylasuflar ilmini egalladim. Yana bir yil tafakkurga berildim. Ularning kitoblarini takroran o’qir edim. Ularning xato va adashishlarini angladim, raddiga yo’l topdim va bildimki (falsafa) inson kamoli uchun yetarli emas».

«Ta’limiylardan (ismoiliya ahli) bir kishini uchratdim… ularning kitoblarini topib o’qidim, so’zlarini ko’rdim… Ularning fasod-xatolarini dalillar bilan isbotladim. Xulosa shuki, ularda ham ishga yaraydigan va foyda beradigan so’z topolmadim».

Shundan keyin G’azzoliy tasavvuf va tariqatga yuzlanadi. U yozadi:
«Haqiqat yuzasidan angladimki, bu jamoat, (ya’ni so’fiylar) ahvol egalaridirlar, so’z ahli emaslar. Bu ilmni tahsil bilan imkon qadar o’rgandim, ammo qolgan narsalarni dars tahsili va suhbat bilan egallab bo’lmasdi, balki bu zavq va sulukni talab qilardi. Menga shu narsa ayon bo’ldiki, tariqatning asosi tarki nafs, tarki aloiq ekan, uqboga ko’ngil bog’lash, butun himmat bilan Xudo sari yuzlanish ekan. O’z holimga qaradim va ko’r-dimki, taalluqlarga g’arq, dunyo tashvishiga ko’milgan ekanman».

Shundan keyin G’azzoliy qalbida o’tli g’alayonlar boshlangani, shariat ilmi va falsafadan, darsu ta’limlardan soviganligini yozadi. «Xudo og’izimga qulf urdi va dars aytolmadim, deydi u, ovqat tomog’imdan o’tmadi, quvvatim susayib borardi». Tabiblar uni ko’rib ruhiy muolajaga muhtoj ekanini aytadilar. G’azzoliy safarga chiqib o’n yil shaharma-shahar yuradi. «Va bu xil vaqtlarda menga shunday narsalar namoyon bo’ldiki, deb ta’kidlaydi ulug’ olim, aytib ado qilolmayman… Aniq bilidimki, so’fiylar Xudo taolo yo’lining oshiqu soliklari ekan va ularning siyratlari, siyratlarning eng yaxshisi va ularning yo’li eng to’g’ri yo’l va ahloqlari eng pokiza axloqdir. Shu darajadaki, agar din asrorining barcha oqilu donishmandlarini bir-birlariga qo’shsalar va hulqu atvorlari, siyratlarini o’zgartirsalar va yaxshilasalar ham bu dargohga yo’l topmaslar. Chunki so’fiylarning jamiki harakat va so’zlari zohiru botinda Payg’ambarning charog’donidan nur olgandir. Barcha mukoshofa va mushohida Payg’ambar nuridan boshlanadi».

Imom G’azzoliy tasavvufdagi ilohiy muhabbat, ishq, samo’ hodisalariga ijobiy munosabatda bo’lgan, bu hodisalarni ham inson ruhiyati bilan bog’lab tushuntirgan. Uning uqtirishicha, inson ruhiyatida kechadigan, ruhni yayratadigan jami vositalar Alloh muhabbatini ko’paytirishga sabab bo’ladi va so’fiyni Ulug’ dargohga yaqinlashtirishga xizmat etadi. Masalan, u «Kimyon saodat» asarida samo’ haqida bunday yozadi: «Ulamo orasida samo’ning harom (man’ qilingan) yoki halolligi (ruxsat etilgan) masalasida ixtilof bor. Kimki samo’ni man’ qilgan bo’lsa, zohir ahlidan-dirki, u Haq taoloning muhabbati shaxs dilida qanday paydo bo’lishini anglamaydi. Zohirbin odam bunday deydi: odam bolasi o’z jinsini sevishi mumkin. Ammo na uning jinsidan bo’lgan, na unga o’xshamaydiganni qanday qilib sevadi? Bas, uning ko’nglida mahluq ishqidan boshqa ishq bo’lmaydi va agar Xoliqning ishqi paydo bo’lsa, u o’xshatish xayoliga borib, buni botil hisoblaydi. Shu sababdan deydiki, samo’ yoki ko’ngilxushlik o’yinidir yoki maxluq ishqidandir va buning ikkalasi ham dinda nomaqbuldir.
Agar bunday odamdan xalq uchun vojib bo’lgan Xudo sevgisi nimadir deb so’rasalar, amrga itoat qilish va toat deb javob beradi. Va bu ushbu qavmga xos ulug’ xatodir».

Ana shu «ulug’ xato» nima ekanligini isbotlash maqsadida G’azzoliy inson ko’ngli istaklariga murojaat qiladi. «Samo’ haqida hukm chiqarish uchun gapni avvalo ko’ngildan boshlash kerak, deb yozadi olim, chunki samo’ ko’ngilda bor narsani yuzaga chiqaradi, harakatga keltiradi. Kimning ko’nglida Mahbubga muhabbat uchqu-ni bo’lsa, samo’ uni kuchaytiradi, alanga oldiradi. Bunday paytda samo’ savobdir (ravodir). Samo’ni yoqimli bo’lgani, xursandchilik keltirgani uchun harom deyish to’g’ri emas. Yoqimli narsalar harom emas, yoqimlilardan zararli bo’lganlarigina ha-romdir».

G’azzoliyning mana bu fikri ham muhim: «Shuni bilgilkim, kimki samo’ va vajdni, so’fiylar ahvolini inkor etsa, u buni o’zining noqisligi, kaltafahmligidan qiladi». Demak, quruq aqidaparastlik, zohriy bilimlarga yopishib olgan odamning fikri zaif, tor va noqis, bo’ladi. Bilim kengayishi uchun inson aql va tafakkur bilan birga qalbini ham ishga solishi lozim. Kamolot yo’li shu. Ma’lum bo’ladiki, G’azzoliy har bir masalaga hayotiy ehtiyojlar nuqtai nazaridan yondashadi, quruq shiorlar tashlash, ma’lum, necha marta qaytarilgan gaplarni takrorlayverishni olim kishining ishi emas deb hisoblagan. Masalan, u ilo-hiy muhabbatning zaruriy narsa ekanligini «Eh’yo ul ulum» asarida mana bunday isbotlagan: inson o’ziga yaxshilik qilgan odamni yaxshi ko’radi, go’zal narsalarni yaxshi ko’radi, umuman yaxshilik va go’zallik sevimli, demak, jamiki yaxshiliklar (ezgulik) va nafosat mujassami bo’lmish Alloh taoloni sevishimiz tabiiy holdir.

Yoki u tasavvufdagi «uzlat» tushunchasini bunday izohlaydi: uzlatning olti xil foydasi va olti xil zarari bor. Avvalo shuki, deb ta’kidlaydi olim, uzlat mutafakkir insonlar uchun zaruriy ehtiyojdir. Inson bot-bot o’zi yolg’iz qolib, xayol va tafakkurga g’arq bo’lishni xohlaydi. Iloh ishqida yongan kishilar uchun bu ehtiyoj yana ham kuchliroq. Shunday qilib, uzlat «fikr farog’a-ti»ni yuzaga keltiradi, «ko’p iztiroblardan odamni xalos etadi», fitnadan qutqaradi, «gumon va tuhmat ranjidan ozod» etadi, «tama’dan uziladi, odamlar ham undan tama’ qilmaydilar», noxush odamlar suhbatidan xalos etadi. Bu uzlatning foydasi.

Endi zarariga kelsak, uzlat qilgan odam ilmni oshirishdan mahrum bo’ladi, odamlarga manfaat yetkazolmaydi, o’zi ham manfaat ko’rolmaydi, kishilarni dinu diyonatga da’vatdan chetda qoladi, «vasvos g’alaba qilib, zikrdan nafratlanishi mumkin, savoblar (hol so’rash, kasal ko’rish kabi)dan quruq qoladi, takabburga beriladi, chunki «uzlat ham takabburning bir turi».

Ko’rinadiki, Imom G’azzoliy bir tomonlama muhokamalar, ya’ni mana bu yaxshi, bunisi yomon kabi hukmlar tarafdori emas. U har bir hodisa-voqeani turli tomondan olib qaraydi. Jumladan, kalom ilmini ham, falsafani ham, tasavvufni ham qaysi jihatlari e’tiqod-iymonni mustahkamlaydi, inson uchun zarur va foydali, qaysi tomonlari qusurli, ziddiyatli, inson e’ti-qodi uchun zararli ekanini ko’rsatib beradi. Uning qudrati cheksiz bilimida, u garchi peripatetik faylasuflar Aristotel, Forobiy, Ibn Sinolarni tanqid qilgan bo’lsa-da, ammo o’zi tavhid, tavakkul, qazovu qadar, aqli kull, surat va ma’no, olamlar tuzilishi, («Eh’eul ulum» asarida olam zarralardan tashkil topgan, zarralar domiy xarakatda degan fikrni bildiradi), tabiiy jismlar xususiyatini o’rganganda falsafa yutuqlaridan foydalanadi.

Shunday taassurot tug’iladiki, Imom G’azzoliy Ibn Sinolarga qaraganda ko’proq islomiy muhit ichida fikr yuritadi, ko’proq sharqlikdir. U jami ilmlarni islom ilmi, islomiy tafakkur taraqqiyotiga xizmat qildirdi. G’azzoliyning tadqiqot usuli ratsionalistik usul, ammo dunyo va Ilohni anglashda u irritsionat yo’lni ham maqbul hisobladi, irfoniy bilishni bilishning yuksak ko’rinishi deb hisobladi. Odamning o’zini tanishi ham shu yo’ldan borishi zarur, inson o’zini tanimay olamni va Ilohni taniy olmaydi. Jamiki ilmlar, qarashlar, ta’limotlar shunga xizmat qilishi kerak.

Imom G’azzoliy merosini o’rganish islom falsafasi tarixini yoritish, kalom ilmi, falsafa va tasavvuf orasidagi munosabatlarni yoritishda katta ahamiyatga ega.

TAQDIM ETILGAN ADABIYOTLAR:

1. Alisher Navoiy. Lisount tayr. –Toshkent: Fan, 1965.
2. Alisher Navoiy. Nasoyimul muhabbat. 17-jild. -T.: Fan, 2002.
3. Jaloliddin Rumiy. Masnavii ma’naviy. Sharhi bilan, 1-kitob. –T.: «Sharq» matbaa nashr., 2000.
4. Ahmad Yassaviy. Hikmatlar. –T.: «O’zbekiston», 1993.
5. «Komil inson haqida to’rt risola» (N.Komilov tarji-masi). –T.: «Ma’naviyat», 1998.
6. Bertel`s YE.E. Izbirannaya trudi. Sufizm i sufiyskaya literatura. -M.: «Nauka», 1965. Str. 13-103.
7. Ibn Arabi. Gemmi mudrosti (glavi). Perevod A.V. Smir-nova. V.Kn. M.Stepanyants. Filosofskie aspekti sufizma. -M.: «Nauka», 1987. Str. do-119.
8. Doktor Abdulhusayn Zarrinko’b. Justujo’ dar tasavvufi Eron. Ikki jildlik (fors tilida). Tehron, hijriy
1349.

9. Komilov N. Tasavvuf. 1-kitob. –T.: «Yozuvchi», 1997.
10. Komilov N. Tasavvuf. 2-kitob. –T.: «O’zbekiston», 2000.
11. Haqqulov I. Tasavvuf saboqlari. «Buxoro» nashr., 2000.
12. Haqqulov I. Tasavvuf va she’riyat. –T.: G’.G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashr., 1991.
13. «G’oyiblar xaylidan yongan chiroqlar» (To’plam). –T.: «O’zbekiston», 1993.
14. Olim S. Navoiy va Naqshband. –T.: «Fan», 1992.
15. Salim S. Ishq, oshiq va ma’shuq. –T.: «Fan», 1994.
16. Salim S. Buxoriy. Dilda yor. –T.: G’.G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashr., 1992.
17. Sufizm v kontekse musul`manskoy kul`turi. –M.: «Nau-ka», 1989.
18. Abduhamid al-G’azali. Voskreshenie nauk o vere. –M.: «Nauka», 1980.
19. Abdulhakim Shar’iy Juzjoniy. Tasavvuf va inson. –T.: «Adolat», 2001.
20. Islam. Entsiklopedicheskiy slovar`. -M.: «Nauka», 1991.
21. Sayyid Ja’far Sajjodiy. Farhangi mustalihoti ura-fo (fors tilida). Tehron, hijriy 1329.
22. Husayn Vassof. Safinai avliyo (turk tilida). Istambul, 1990.
23. Abdulboqiy Gulpinarli. Mavlono Jaloliddin (fors tilida). Tehron, hijriy 1370.

Shu mavzuda sahifalar:
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 1.Tarix va ta’rif
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 2.Tariqat
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 3. So’fiy psixologiyasi yoki hol
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 4. Ma’rifat va haqiqat
Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 7. Komil inson

022

(Tashriflar: umumiy 6 962, bugungi 1)

Izoh qoldiring