Хуршид Даврон билан катта интервьюнинг биринчи қисми

0820 январь — Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон туғилган кун

«Милий тикланш» партияси тузилганда унинг илк раҳбари, ҳатто 1993 йил Маданият ишлари вазири бўлишим мумкин эди. Аммо, сиёсатчи бўлишга интилмаганман, ижодкор ўз ишини қилиши керак деб ҳисоблаганман. Ижоднинг ўзини сиёсат деб билганман. Яхши китоб – сиёсат, тарих ҳақида ёзсанг, бу ҳам сиёсат, деб тушунганман. Ҳозир ҳам шундай тушунаман.

Effect.uz мухбири Аброр Поёнов – Ўзбекистон халқ шоири, устоз журналист, тарихчи олим, миллий телевидениемизда кўп йиллар давомида фаолият юритган жонкуяр инсон, шунингдек, мамлакатда ўзбек ва жаҳон адабиётининг медиа – архивини ярата олган – Хуршид Даврон билан катта интервью ташкиллаштирди.

Таклифимизга йўқ демаганлигингиз учун сизга раҳмат. Саноқли кунлардан сўнг буюк мутафаккирларимиз Aлишер Навоий ҳамда Бобур ҳазратларининг таваллуди нишонланади. Ҳозирда уларнинг мактаб дарсликларига киритилган асарлари, умуман ижод бўстонидан намуналар ўқувчилар ёшига мослаб қўйилганми?

– Таклиф учун хурсандман. Ўринли савол. Навоий ижодини ўрганишнинг ўзи жуда мураккаб жараён. Бу ҳақда, аниқроғи, бу соҳадаги камчиликлар-у хатоликлар ҳақида соатлаб гапириш мумкин.

Ёшлигимдаги бир воқеани айтиб берай. Катта (адабиётчи эмас, техника соҳасига тегишли) бир олим менга «Хуршиджон, бу одамлар Навоийни тушунмаймиз дейишади. Мана, мен бир достонларини ўқиб чиқдим, ҳаммасини тушундим. Бирон жойда қийналганим йўқ», деб айтиб қолди. Суриштирсам, бу инсон Навоий достонининг насрий баёнини ўқиган ва уни аслият деб билган экан. Гарчи «Хамса»га жамланган беш достон насрий баёнининг яратилгани катта воқеа бўлганини таъкидлаган ҳолда, юқорида айтиб берган воқеа сабаб бу насрий баёнлар Навоий ижодини билиш учун зарур ёрдамчи манбалардир, холос.

Навоий ҳам туркий, ҳам форсий тильда ижод қилган, Қуръони Каримни ва бошқа исломий китобларни мукаммал билган. Унинг бутун ижоди араб, форс ва туркчадаги буюк асарлардан сув ичган. Айни шу сабабдан, Ҳазрат Навоийни академик шоир дейишимиз мумкин. Демак, унинг асарларини билиш, англаш учун ҳам катта билимга, яъни академик билимга эга бўлиш талаб этилади.

Ижод кўлами кенглиги борасида бутун туркий оламда Навоийга етадигани йўқ. Шу сабабдан мен доим таъкидлайман, Навоий ижодини Ўзбекистоннинг 30 миллиондан зиёд аҳолисидан 50 минггинаси тушунса ҳам бу жуда катта гап. Тўғри, айрим рубоийлару ғазалларининг маъносини англашда оддий китобхон қийналмаслиги мумкин – аммо, Навоий ижоди фақат шулардангина иборат эмасда.

Барча Навоийни тушуниши шарт деган қараш ҳам тўғри талқин этилиши лозим. Навоий ижодини тўлиқ биламан дейдиган одам нафақат Ўзбекистонда, балким дунёда ҳам топилмаса керак. Унинг мероси чексиз коинотга ўхшайди. Шахсан ўзим узоғи билан 30 фоиздан сал зиёдроқ қисмини очиқ ва яхши англаган бўлишим мумкин. Тушунмаган жойларини эса махсус луғатлар билан англашга уринаман. Шундай экан, Навоийни ҳамма ўзбеклар билиши шарт деган нарса қуруқ даъводан бошқа нарса эмас.

Аслидаку, Аброржон, Ҳазрат Навоий ҳақида мен билан эмас, Иброҳим Ҳаққулдек зукко навоийшунос билан суҳбатлашган маъқул.

Мен Мирзо Бобурни кўпроқ ўрганганман. Унинг ҳаёти ва ижодига доир қисса, драма, рубоийларига шарҳлар ва эсселар ёзганман. Мана, иккаламиз ўзбек тилида гаплашяпмиз. Бироқ, бу тоза ўзбек тили эмас, замонавийлашган ўзбек тилидир. Aсл тилимизни «Бобурнома» ва шунга ўхшаган кўплаб асарларда акс этган сўзларда намоён деб биламан. Чиғатой ёки эски ўзбек тили деб аталган тил ўз вақтида Сибириядан тортиб то Ўрта ер денгизига қадар бўлган ҳудудларда яшовчи халқлару элатлар учун тушунарли бўлган.

Кейинчалик Туркияда, собиқ советлар империяси таркибидаги турк ўлкаларида имло, алифбога нисбатан ўтказилган турлича ислоҳотлар туфайли салбий натижалар юзага чиққан, туркчада сўзлашганлар бир-биридан узоқлаштирилган.

Бу жараён қандай кечгани, унинг зарарли оқибатлари ва бугун нима қилиш кераклиги ҳақида олимлар гапирмаётгани, тадқиқотлар қилмаётгани ачинарли ҳолдир.

Тилимиз илдизларининг бузилишининг кўп сабаблари бор, уларнинг бири, араб имлосига ўтиш жараёни билан боғлиқ. Сабаб, араб имлосига ўтилгандан кейин анчагина асл туркий сўзлар мағзи, маъноси араб имлоси товушларига мослаштриб ёзила бошлагани учун бузулиб бораверган. Вақт ўтгани сайин кўп сўзларни мана шу арабча имлода қандай ёзилса, ўшандай қабул қилаверганмиз. Биргина мисол келтириб ўтай. Тошкент деймиз, тўғрими? Тошкент ҳам ўзаги бузилган атамадир. У аслан «Чоч». Aрабча имло туфайли «Шош» бўлган. Кейин “Ш”нинг “Т”га айланиш хусусияти орқали «Тош»га ўзгарган. Биз бугун «Соч» деймиз. Олис қишлоқларимизда ҳеч ким «соч» демайди, «чоч» дейди. Соч қаерда? Бошимизда, яъни тепада. Шу сабабдан «Тепалик» атамаси «Чоч»нинг синоними сифатида пайдо бўлган Шарқу Ғарбда «Ҳамма шаҳарлар тепаликларда қад кўтарган» деган тушунча бор. Эски Тошкент ҳам ҳам тепаликда бўлгани учун «Чоч» деб аталган. Мана шундай мураккаб, қизиқ нарсалар борда. Қанийди, биронта ёш олим шу билан шуғулланса, деб орзу қиламан. «Бобурнома»га келсак, унинг ҳам насрий баёни нашр қилинди. Мен бу нашрни ҳам китобхонлар учун ёрдамчи қўлланма сифатида зарур деб биламан. Аммо, ўзим «Бобурнома»ни аслиятини ўқишни маъқул кўраман. Хатоларимиздан бири баъзи олимларимиз, журналистларимиз ҳамма билган нарсани яна қайтариб «илмий янгилик» деб жар солаётганларидаям кўринади. Бир-икки йилча бурун газеталаримизнинг бирида «Темур тузуклари»и топилди деб жар солишди. Унинг топилганига эҳ-ҳее, ярим аср бўлган деярли. Мана шундай нотўғри ёндашишлар борда.

Aмир Темур ҳақида ёзяпмиз. Aввал ҳам ёзилган, бундан кейин ҳам ёзилади. Аммо,аччиқ бўлсада, тан олиш керак, ёшлар бугун энг кўп Марсел Брионнинг кичкинагина рисоласини бошқа тарихий манбалар асосида бир неча баробар бойитган бир эронлик қаламкаш юзага чиқарган «Мен-ким, Соҳибқирон Жаҳонгир Темур» асарини ўқияпти. Нега улар беш жилд қилиб ёзилган пенталогияларни ўқишмайди. Ҳамма гап шундаки, бу асарлар «Ёзишим шарт» деган иштиёқ билан эмас, «Амир Темур ҳақида ёзсам, мукофот оламан» деган иддао билан ёзилган.

Амир Темурнинг 660 йиллиги нишонланган кундан бошлаб то шу бугунгача қанча асарлар ёзилди. Aйримлар фактларни билмасдан ҳам ёзди қават – қават қилиб. Ҳолбуки, Амир Темурни, унинг авлодлари тарихини билиш учун энг аввало тарихий манбаларнинг илмий нашрларидан бошлаш керак эди. Афсуски, иш ундай бўлмади.

Ўша юбилей йилидаям, кейин ҳам асосан бир пайтлари гугурт фабрикаси тарихини ёзиб юрган, илмий фаолиятини Амир Темурни қоралашдан бошлаган, мустақиллик келиши билан бир думалаб «темурчилар»га айланган олимларнинг китоблари нашр этилди, холос. Нима учун ишни тарихий манбаларни ўрганиш ва нашр этишдан бошлаш керак дедим? Амир Темур ҳақида шунча кўп асар ёзилгани билан уларнинг биронтасида Соҳибқирон билан баробар салтанатни бошқарган вазирлар ҳақида кенгроқ бирон бир маълумотни ўқиганмисиз? Йўқ, тополмайсиз. Ўша фаранг Брион асаридаги вазирларнинг тўқима исмларни олиб ишлатаверамиз.

Ҳиндистоннинг Патта шаҳридаги кутубхонада шарқ ҳукмдорларининг вазирлари ҳақида китоб қўлёзмаси сақланади. Патта Ҳиндистондаги кичкина шаҳар бўлгани билан жуда ноёб китоблар йиғилган кутубхонаси бор. Ўша мен айтган китобда Амир Темурнинг вазирлари ҳақидаям маълумотлар бор. Aнча олдин, ўтган асрнинг 70 йилларида тожикистонлик олимлар ўша ерга боришдида, ўзларига керакли манбани – сомонийларга тегишли қисмини олиб келишди. Ҳарқалай, улар чоп этган ҳисоботларда Темур ва темурийлар вазирлари тўғрисида ҳам ёзилган қисмлар борлигини айтиб ўтиб кетишган. Ўша пайтдаям, орадан шунча вақт ўтиб ҳозиргача биздан биров бу манбани ўрганиш билан қизиқмади. Илмдаям, адабиётдаям Aмир Темур ҳақида ҳеч нимани билмайдиганлар ёзган асарларни таржима қилиш билан банд бўлдик. Фаранг, рус романларидаги бадиий тўқималарни илмий ишларга кўчирдик. Таассуфки, шулар асосида илмий иш қилиб, диссертация ёқлаганлар ҳам бўлди. 340 бетдан зиёд «Амир Темур салтанатида хавфсизлик хизмати» деб номланган сохта илмга асосланган китоблар нашр этилди.

Буларни тартибга соладиган ягона тизим йўқ бизда. Илм учун ақл билан бирга фаросат ҳам керак. Мустақиллик йилларида сал қўшилди демаса, тарихимизга оид илмий тадқиқотлар Совет пайтидалигича турибди. Очиғини айтсам, совет пайтидан ҳам пастлашиб кетилди. Aброржон, шуларни гапиришимга мажбур қилдингиз. Бироқ, мен бу гапларни 40-45 йилдан бери айтиб келяпман. Фойдаси бўлса қанийди…

«Бобурнома»да шахс, жой номлари кўп. Тушуниб ўқиш учун нима қилиш даркор?

– «Бобурнома»ни мен қандай ўқиганман, биласизми? Биринчи марта фақат шахслар учун ўқиганман. Бошқа китобларда ўша киши исми чиқиб қолса махсус дафтаримга уни ҳам қўшиб қўяверганман. Шундан сўнг географик номлар бўйича изланганман. Бунга тахминан 40 йилча бўлиб қолди. Бирданига кўз югуртириб кетмаганман.

«Бобурнома»даги ҳарбий атамалар луғатини яратиш ниятида иш ҳам бошлаган эдим. Ҳаммаси қолиб кетди.

Бунга сабаб молиявий муаммолармиди?

– Ҳа. Асосий омил қийинчиликлар. Мен тенгилар энди кучга тўлган пайтимизда оғир синовларга дуч келдик?! Китоб чиқариш синди, орада қанча ишсиз юрдик. Aхир, бола-чақани боқиш керак эди. Мен телевидениега орзу қилиб эмас, тирикчилик, ижоддан четлашиб кетмаслик учунгина борганман.

«Милий тикланиш» партияси тузилганда унинг илк раҳбари, ҳатто 1993 йил Маданият ишлари вазири бўлишим мумкин эди. Аммо, сиёсатчи бўлишга интилмаганман, ижодкор ўз ишини қилиши керак деб ҳисоблаганман. Ижоднинг ўзини сиёсат деб билганман. Яхши китоб – сиёсат, тарих ҳақида ёзсанг, бу ҳам сиёсат, деб тушунганман. Ҳозир ҳам шундай тушунаман. Моддий аҳволим танглигида йиллар давомида тўплаган кўп-кўп китобларимни сотдим. Самарқанддан чой олиб келиб, сотиб ҳам тирикчилик қилмоқчи бўлганман, аммо уддалолмаганман. 1990 йиллар оғир кечган.

Ҳозиргача китоб чиқарсангиз қўлингизга уч-тўртта китоб тутқазишади. Олдин биз асарларимиз учун қалам ҳақи олардик. Бугунги кунда аксарият муаллифлар ўзлари пул тўлаб китоб чоп эттиришади. Мана, йигирма икки йилдан буён бирорта китоб чиқармаганимнинг асл сабаби. Мен китоб чиқармайман, майли шеърларим жойида қолиб кетсин деганман. Бу тўғри ёки нотўғри бўлганми, билмайман. Китобларимнинг охиргиси 1997 йилда босилган. Қизиққанлар ўқисин деган мақсадда ижодимни асосан интернет орқали ёритиб бораман. Aммо ҳаммасини жамлаб, набираларим учун бирин-кетин чиқариш ниятим йўқ эмас. Беморлик пайтида йўқлаб борганларимизда устоз Aсқад Мухтор: «Укалар, кечаси ишламанглар!» – деб насиҳат қиларди. Ижодкор зоти кундузи тирикчилик, бола – чақа ташвиши билан юриб асосан кечаси ишлайди. Тунги иш эса мияни қуритади. 20 йилча телевидениеда ишладим.

Тенгдошларимнинг бир қисми ҳукуматнинг турли маҳкамаларига ўтишди. Қолганлари бошқа ишларга, бир қисми қийинчиликлар оқибатида (Aллоҳ раҳмат қилсин) эрта вафот этишди. Ёшликда шижоату қувват бор эди, ҳозир бир қанча чала ёзилган қиссаларим ўша куч-қувватга муҳтожлигича ётибди.

Биринчи қисм тугади. Давоми бор…

Аброр Поёнов суҳбатлашди

09

 

 

(Tashriflar: umumiy 183, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring