Asliddin Mustafo. She’rlar

033Нашрларда кўпроқ ҳикоялари билан танилган Аслиддин Мустафонинг шеърларини Марҳабо Шодмонова тавсияси билан тақдим этмоқдаман.

Аслиддин Мустафо
ШЕЪРЛАР


Оила
09
Нигоҳлар соғинчга лиммо-лим.
Кутасан…
Бормайман
Айб кимдан ўтган?
Ўзи келсин дейсан…
Менда ҳам шу гап.
Кутаман…
Келмайсан
Айб кимдан ўтган?

Шаррос қуяр ёмғир,
Пишқирар шамол,
Ойнадан боқасан,
Кўчалар халқоб.
Кўнглингдан ўтади меҳр сингган сўз:
— Йўлда бўлмасин-да, илоҳим, шу тоб.
Эртага ўзим боргум ёнига.

Чақмоқ чақар,
Борлиқ кетар ёришиб –
Наҳотки шу ғурур устун аёлдан?!
Минг битта фикрлар қолар қоришиб,
Сўнгги аҳдим маҳкам тутар хаёлдан:
— Эртага ёнига бораман ўзим.

Тонг отар мусаффо,
Офтоб ўзгача,
Йўқ, бугун айтилмас кечаги савол.
Айб сендан ўтмаган, мендан ҳам хато,
Барига сабабчи ҳўл дока рўмол.

КАРАНТИНДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Сукунатга ғарқ бўлган шаҳар
Кўз ўнгимда ётар ястаниб.
Кўп қаватли уй айвонидан
Мен боқаман дунёни яниб.

Қумурсқалар эркин… қуш эркин —
Қанот қоқар, чуғурлар бот-бот.
Фақат ўзи кишанлаб эркин
Уйда кунлар санар одамзод.

Илинж билан эшик рахидан
Тушган нурга боқар нигоҳлар.
Бало бўлиб изғир кўчада
Кўз илғамас улкан гуноҳлар.

Балки синов?! … Билмайман рости…
Сиз биларсиз… негадир жимсиз?!
Хаёлимда бир имло ўсди:
«Зулм бўлмас зинҳор зулмсиз!»

27/04/2020

***

Шеър ёзасан тиниш белгисиз,
Ўй сураман – сўроқми, дарак?
Ҳамма сўзинг таниш, белгисиз…
(Ҳисларингни яширсанг керак).

«Севаман» ё «севдим» демайсан,
Соғинишинг пинҳон нигоҳда.
Кўнгил билан менгзалган майса,
Кўк булути чексиз бир оҳдай…

Чақмоқ сўзи йўқ, лек сўзингдан
Юрагимга кўчар гулдирак.
Қақроқ ерга ёмғир шивалар
Ҳисларингни пичирлаб, малак…

Нуқта қўйма, тўхтар юрагим,
Сўроқлардан ер ўпар тизлар…
Мендан яхши биласан ўзинг,
Гўзал – тиниш белгисиз ҳислар!

***

Бир тонгга етказдинг, Художон,
У тонг-ла туйгани сурур бер.
Кибримни кетказгин, Художон,
Номус бер, ор бергин, ғурур бер.

Йиқилсам йиқилай тошларга,
Кесаклар миннатин ол, Худо.
Қайс каби ошиқ дил бошларга
Билолинг кунини сол, Худо.

Чумоли изидан из солай,
Ризқимни бер абад ҳалоллаб.
Кунимда кун кўрай, тунимни
Чароғон айлагин ҳилоллаб.

Бош қўйсам ёстиғим ҳаловат…
Ҳақ дейин қай он бош кўтарсам.
Кулгимки — шукримдан тиловат,
Қаҳрингдан огоҳлик — йўталсам.

Качкўли бўм-бўш бир дарвешман,
Каримсан, бисотим ғамлайин.
Раҳмонсан, қурқшаган тилимни
Ҳар лаҳза исминг-ла намлайин.

Сабримни кенг қилгин, синдирма,
Нафсимни қилдан-да ориқ қил,
Ишқ бергин, тиндирма, тиндирма,
Қошингда юзимни ёруғ қил.

Бир тонгга етказдинг, Художон,
Шукрингда ҳамиша собит қил!

***

Саратонда жазира лашкар
Қилич қайрар…
Сачрайди ёлқин.
Денгиз сари талпинар шаҳар,
Беркинади сояга салқин.
Дарахтларнинг тундлашар ранги,
Майсаларни тарк айлаган ҳол.
Бугун тўнин тескари кийган
Қаҳратонда қақшатган шамол.
Гўё дунё ҳувиллаб қолган,
Чанқоқликдан соя бир қарич.
Соат тиғларидан сириқади кун,
Тақвимга тирмашиб тинмас ўчирғич.
Олам жон ҳалпида тамшанар сув деб,
Ютиб юборгудек бўлса гар уммон.
Барига бепарво…
Далада бирдек
Кетмонин кўтариб ташлайди бир жон –
ДЕҲҚОН!

Чўғ

Мен кечадан айрилган ошиқ,
Бугунимда пора-пораман.
Кўнглимни чўғ айлаган Ўзинг,
Чўғдонликда ҳам ёлвораман.
Эрта – гумон. Борманми ё йўқ,
Изим — қумда сарғайган ҳаёт.
Мен – йўқликка маҳкум бўлган чўғ,
Мен – чўғ учун яралган баёт.
Мен ёнарман, чўғ оловланар,
Чўғ ловуллар, мен куёдурман.
Чўғ бағрида чўғ бўлиб ҳар кун,
Чулғанмоқни жим суёдурман.
Недир у?
Ишқ?
Висолми?
Хаёл?
Ҳаваслардан йироқман, илло.
Сўнгги куннинг сўнгигача, оҳ,
Чўғ бўлмоқни насиб эт, Худо!

Ватан

Ватан!
Шунчаки айтилмас бу сўз ҳеч қачон,
Ларзаланар юрак,
Титроқланар тан.
Кўзларга нур инар, босар ҳаяжон.
Саломга бош эгган келинчак мисол
Бағрида яшариб яшнайди чаман.

Ватан!
Жилға шивирида уммон қудрати,
Қалдирғоч ин қурар бахт бўғотига.
Найсон майсасидан ифор жаннатий
Таралиб, улашар дилларга фараҳ,
Умр бахш этилар шу сўз тотига.

Ватан!
Пойингни бошига кўтарган меҳр,
Ҳатто иддаонгдан оғринмаган жон.
Мил тортиб кетганда ҳавойи кибр
Ҳовуч тупроқ тутган кўзингга сурт деб,
Заррача ёмонлик соғинмаган жон.

Ватан!
Қароқлар қошида қалқиб турган ёш,
Ё севинч, ё андуҳ қоқса мижжангни…
“Ватан бўлинмайди, эй ватанталош!”-
Дея нидо қилган ОНА мисоли
Ўққа кўксин тутиб тўхтатар жангни.

Ватан!
Ҳаловатин руҳга пайвандлаган сир,
Ватан — тақдирдаги танланмас макон.
Сўзимга қўшилмас балки кимлардир,
Лекин юраги бир ҳаприқиши бор,
Шунчаки айтилмас бу сўз ҳеч қачон!

***

Ўн йил бўлди!
Бор бисотимга
Чипта харид қилдим сен учун.
Ўн йил кутдим,
Минг бор энтикдим,
Дилни шаҳид қилдим сен учун.
Кузак…
Туйқус поезд қичқирди,
Шошганимча вокзалга чопдим.
Минг турфали оломон ичра
Мунгга чўмган нигоҳинг топдим.
“Поезд кетди, — дединг мижжа ёш –
Йўлчиптамиз энди-чи бекор.
Энди руҳим бир умр талош –
Икки ўтнинг ўртасида хор.
Бахт тиламанг, қўлдан кетмиш у,
Қилинган харж – умр
Бесамар.
Етишмоқнинг илтижоси йўқ,
Поезднинг қайтиши – шумхабар!”

***

Бораётир дунё қовжираб,
Кўнгил ғариб, меҳр зафарон.
Япроқларда шабнамлар эмас,
Тун аксини қўрғонлайди қон.

Шомда кўкка ўрлайди тутун,
Дуо билмас тил-забонлари,
Ўзин эмас ўзлигин қирқар,
Итдай урчган “Жўломон”лари.

Мағрибми у ва ёхуд Машриқ…
Эй Одамнинг одам боласи,
Юрагингга етмадими, айт,
Гўдакларнинг ўтли ноласи?!

Замин оғир. Замин оғриқли,
Айланади биздан ётсираб.
Узилдими кўнгил Худодан,
Бораётир дунё қовжираб.

Ундов

Кузак куни…
Ҳаво тунд.
«Ёғмасмикан?» – кўз кўкда
Хазонлар кўтармас бош.
Анингдек сен тиз чўк-да
Бир дарахтга сол разм
Ва кўнглингга эт жазм…
“Қонун шудир: куз келиб
Хазон гилам тўшайди.
То кузгача япроқлар
Дарахт учун яшайди…
Дарахт бўлгин!
Бўл дарахт!”

ТОНГ

“Хайрли тонг!” дердим.
Соғинч бесархад,
Сахарлар исмингни айтиб уйғондим.
Ҳар тонг юрагимга ёзавердим хат
Ва хатга қўшилиб ўзим ҳам ёндим.
Чўғ бўлдим…
Кул бўлдим…
Сўнган тепада
Қақнусдек қайтадан келдим ҳаётга.
Кунни тунга бердим,
Тунларни ёқдим
Қалаб ўтин мисол ҳар битта ёдга.
Ишқим олов бўлди,
Соғинчим олов,
Борлиқ ёнаверди руҳимга хушдай…
Гўё топган эдим қор учун қалов
Ўзни ўтга урдим самандар қушдай.
Тунлар ёниб кетди.
Тонг-чи бўзарди,
Кўксимни тарс ёрди умид улғайиб.
“Хайрли тонг!” дедим…
Кўнглим сезарди…
“Хайрли тонг!” дединг аста жилмайиб.

Беҳуда уриниш

Чирқиллайди оромим бузиб,
Девордаги қаноти йўқ қуш.
Ҳар “чирқ”ида жонимни узиб,
Ҳар “чирқ”ида қилгудек беҳуш.

Қулоғимга ботар бармоғим…
Тингламасам сайроқи миллар…
Ташқарида сукунат.
Энди…
Чап кўксимда соат чирқиллар.

***

Муҳаббат…
Бу абад
Туйғудир,
Қайғудир,
Оҳ, сени эй санам
Суйгандим қайданам?
Бир қара
дил яра,
Топилмас дориси.
Қалбимнинг вориси
Сен эдинг. Боқмадинг
Не эди боиси?

Ўйимда айланар
Бир қатор сўроқлар,
Дилдаги орзумни
Ўроқлар ўроқлар.
Бу осмон
Зимистон.
Кечалар
Куй чалар.
Бир хазин,бир хазин,
Кўрганим туш десам
Афсуски бари чин.
Борар йўл-саҳро чўл,
Биёбон,
Бепоён.
На бир гул, на гиёҳ
Кўринмас дил — сиёҳ.
Сароблар хароблар.
Югурдим… йиқилдим,
Урилдим, сурилдим,
Кўз юмиб кўз очдим
Қайтадан тирилдим.
Англадим бу дунё
Бир рўё.
Ўткинчи — кеткинчи,
Йўқ десанг ўзинг бир
Этагин тутгин-чи.
Мана мен тутгандим
Синдирди билагим.
Оҳ, энди зирқирар
Юрагим, юрагим.

Муҳаббат
Бу абад
Туйғудир.
Тутолсанг, тутиб қол.
Тутмасанг тоабад
Қайғудир, қайғудир.

ЎЗБЕК АЁЛИ

Рухсорингни акс эттирар ой,
Қуёш балқар ёноқларингда.
Кулгиларинг андозаси сой,
Ғунча яшар дудоқларингда.

Қалдарғочлар қошинг ўғриси,
Кипригингни ўқ қилар сайёд.
Нигоҳингдан уялар оҳу,
Қоматингдан йиқилар шамшод.

Гул кўкарар юрсанг изингда,
Товонингда тўлғонар сунбул,
Гар сўзласанг маҳлиё бўлиб,
Хонишидан тўхтайди булбул.

Сенга қиёс бўлмоққа интиқ,
Дунёдаги борки гўзаллик,
Шоирларнинг қалами ожиз,
Таърифингдир минг-минг ғазаллик.

Сен борсанки ўчмагай асло
Гўзалликнинг мангу тимсоли.
Мадҳинг учун тополмадим сўз,
Кечир мени, ўзбек аёли.

* * *

Ҳар оним-да сенга суянса,
Елкамга бош қўйганинг каби.
Тонгда шабнам руҳимни чайса,
Ва ғунчалар қимтиниб лаби
Ҳаққимизга қилса дуолар.

Ришта бўлиб саболар бунда
Қалбларимиз мангу боғласа.
Бахтга элтган бахтнинг йўллари
Бизни яна бахтга чоғласа
Ва тенгсиз ишқ кўрса раволар.

Ўчар шунда зулмат олови…
Эй, гул, тўхта, умидим ситма.
Қўлларимда севги ялови,
Бунинг учун мени айбситма.
Унутилсин айтмоқ видолар.

***

Ўшал кун келади узоқмас,
Омадлар бўй чўзар йўлингда.
Биласан, умидлар тузоқмас,
Тутасан дунёни қўлингда.

Ачомлаб оласан севгингни,
Бўйнига осиб жон — кўзтумор.
Беғубор куласан бир гўзал,
Белингда қирқ кокил сенга ёр.

Йўқликки юз тутар ғамларинг,
Тонг отар, баҳорий тароват
Касб этар ҳар лаҳза-дамларинг
Ва бахтдан энтикар муҳаббат.

Ўшал кун келади узоқмас…

***

Ёмғир ёғди бош-адоғи йўқ,
Ҳалқобларни тинмай чимчилаб.
Ойқиз, сени кутдим дилим чўғ,
Ёмғирларнинг қаҳрига чидаб.

Жилғаланди лойланган дунё,
Юрагимга бетламай нигоҳ.
Тилиб руҳим кўксин беаёв
Чақмоқ чақиб ўтди баногоҳ.

Йилдиримдан яраланди дил,
Азобидан ингранди тоқат.
Менку майли…
Ёмғир остида
Соябонсиз қолди муҳаббат.

***

Чекканим тамаки эмас, мана кўр,
Дардни чекаяпман ўпкам тўлдириб.
Тутуни бурқсийди сассиқ тумандек
Тунларда туғилган ҳисни ўлдириб.

Кулдонга кўмилар орзулар бир-бир,
Устидан босаман чўғни эзғилаб.
Хумор босилмайди, навбатдагисин
Қисганча оташга тутар эзғин лаб.

Уйқу мўралайди янги келиндай,
Қучоғига кирсам ундан бахтли йўқ.
Кўзларим сузилар, кўнглим сен томон
Тортқилар, ўртада тутайверар чўғ.

Осмонга боқаман, юлдуз галаси
Устимдан кулади қош қоқиб гиз-гиз.
Кулдонни отаман: «Тўнғиз таласин…!»
Улар муҳаббатни билмайди, Ойқиз.

Табассум қиласан хаёлларимда,
Шу онни юракка хўп тоттираман.
Билмайсан-да, сенсиз ҳар кеча шундай
Тамаки чекмасдан тонг оттираман.

Қисқа хулоса

Шахматда мот бўлар оқ, ё қора шоҳ,
Кучсизни кучлилар енгади ҳар дам.
Осмон қанчалар кенг бўлса-да, ҳатто
Бир тўнка устини пойлар қушлар ҳам.

Минг одам орзуси минг турли доим,
Фақат эртакларда биз кутган тенглик.
Эй дўст, унутмайлик, кучми, кучсизми…
Сўнгги либос бўлмас ҳеч қачон енглик!

***

Мен энди кетяпман,
Ҳув эгасиз йўл
Чорлар…
Чориғимни илиб кетяпман.
Кетяпман,
Мен энди
Бобомдан қолган
Чориқнинг ҳикматин билиб кетяпман…

Тегирмон, эски дўл, тишалмаган тош,
Бу чархнинг ҳукмидан чархлари тинган.
Ёрти буғдой каби ёрилмиш не бош –
Атала ичмоқдан тишлари синган.

Мен энди кетяпман,
Ҳув эгасиз йўл
Қўқон аробаси чангин тўзитган.
Шу йўлларнинг ранги урсин рангимга,
Бу ердаги чанглар рангим тўзитган.

Ўтиб бўлмас эмиш “Илон ўтди”дан,
Жар солар жарчидек бир сохта бахши.
Жон берай, жон берай… илонлар чақсин,
Бебурд, бебурчлардан илонлар яхши.

Момом айтар эди: “Исмалоқни тер,
Пишиб қўйса дони бўлгай тиканак”.
Ҳаёт ё пишгач, ё майсаликда ер,
Чумчуқнинг умрига зомин кийканак.

Мен энди кетяпман,
Беэгамас йўл…
Эмишки, йўлларда қашқир галаси.
Шамшир тут – Ҳазрати Умардан мерос,
Йўлларга сочилсин ғовлар калласи.

Қўрққанга кўринар қўш бўлиб жондор,
Ёвқур бўлсанг ёвинг ҳамла этмагай.
Ки ҳар ким Ҳақни деб тортса гар наъра,
Садоси йўқликка сингиб кетмагай!

Мен энди кетяпман,
Ҳув эгасиз йўл…
Кўнглимга не келса шуни қилгани.
Бу йўлнинг бошидан ҳар бир фарсангга
Битта-битта эски чориқ илгани.

211Nashrlarda koʼproq hikoyalari bilan tanilgan Аsliddin Mustafoning sheʼrlarini Marhabo Shodmonova tavsiyasi bilan taqdim etmoqdaman.

Аsliddin Mustafo
SHE’RLАR


02Аsliddin Mustafo (Mustafoev) Jizzax viloyat Forish tumani Narvon qishlogʼida tugʼilgan.. Samarqand davlat universitetining oʼzbek filologiyasi fakulьtetini tamomlagan. “Fanodagi chiziq”, “Tegirmon”, “Yoʼlovchi”, “Hassa” singari hikoyalari adabiy nashrlarda chop etilgan. “Isteʼdod maktabi” respublika yosh ijodkorlar seminari ishtirokchisi (2011).


Oila

Nigohlar sogʼinchga limmo-lim.
Kutasan…
Bormayman
Аyb kimdan oʼtgan?
Oʼzi kelsin deysan…
Menda ham shu gap.
Kutaman…
Kelmaysan
Аyb kimdan oʼtgan?

Sharros quyar yomgʼir,
Pishqirar shamol,
Oynadan boqasan,
Koʼchalar xalqob.
Koʼnglingdan oʼtadi mehr singgan soʼz:
— Yoʼlda boʼlmasin-da, ilohim, shu tob.
Ertaga oʼzim borgum yoniga.

Chaqmoq chaqar,
Borliq ketar yorishib –
Nahotki shu gʼurur ustun ayoldan?!
Ming bitta fikrlar qolar qorishib,
Soʼnggi ahdim mahkam tutar xayoldan:
— Ertaga yoniga boraman oʼzim.

Tong otar musaffo,
Oftob oʼzgacha,
Yoʼq, bugun aytilmas kechagi savol.
Аyb sendan oʼtmagan, mendan ham xato,
Bariga sababchi hoʼl doka roʼmol.

KАRАNTINDА YoZILGАN ShEЪR

Sukunatga gʼarq boʼlgan shahar
Koʼz oʼngimda yotar yastanib.
Koʼp qavatli uy ayvonidan
Men boqaman dunyoni yanib.

Qumursqalar erkin… qush erkin —
Qanot qoqar, chugʼurlar bot-bot.
Faqat oʼzi kishanlab erkin
Uyda kunlar sanar odamzod.

Ilinj bilan eshik raxidan
Tushgan nurga boqar nigohlar.
Balo boʼlib izgʼir koʼchada
Koʼz ilgʼamas ulkan gunohlar.

Balki sinov?! … Bilmayman rosti…
Siz bilarsiz… negadir jimsiz?!
Xayolimda bir imlo oʼsdi:
«Zulm boʼlmas zinhor zulmsiz!»

27/04/2020

***

Sheʼr yozasan tinish belgisiz,
Oʼy suraman – soʼroqmi, darak?
Hamma soʼzing tanish, belgisiz…
(Hislaringni yashirsang kerak).

«Sevaman» yo «sevdim» demaysan,
Sogʼinishing pinhon nigohda.
Koʼngil bilan mengzalgan maysa,
Koʼk buluti cheksiz bir ohday…

Chaqmoq soʼzi yoʼq, lek soʼzingdan
Yuragimga koʼchar guldirak.
Qaqroq yerga yomgʼir shivalar
Hislaringni pichirlab, malak…

Nuqta qoʼyma, toʼxtar yuragim,
Soʼroqlardan yer oʼpar tizlar…
Mendan yaxshi bilasan oʼzing,
Goʼzal – tinish belgisiz hislar!

***

Bir tongga yetkazding, Xudojon,
U tong-la tuygani surur ber.
Kibrimni ketkazgin, Xudojon,
Nomus ber, or bergin, gʼurur ber.

Yiqilsam yiqilay toshlarga,
Kesaklar minnatin ol, Xudo.
Qays kabi oshiq dil boshlarga
Biloling kunini sol, Xudo.

Chumoli izidan iz solay,
Rizqimni ber abad halollab.
Kunimda kun koʼray, tunimni
Charogʼon aylagin hilollab.

Bosh qoʼysam yostigʼim halovat…
Haq deyin qay on bosh koʼtarsam.
Kulgimki — shukrimdan tilovat,
Qahringdan ogohlik — yoʼtalsam.

Kachkoʼli boʼm-boʼsh bir darveshman,
Karimsan, bisotim gʼamlayin.
Rahmonsan, qurqshagan tilimni
Har lahza isming-la namlayin.

Sabrimni keng qilgin, sindirma,
Nafsimni qildan-da oriq qil,
Ishq bergin, tindirma, tindirma,
Qoshingda yuzimni yorugʼ qil.

Bir tongga yetkazding, Xudojon,
Shukringda hamisha sobit qil!

***

Saratonda jazira lashkar
Qilich qayrar…
Sachraydi yolqin.
Dengiz sari talpinar shahar,
Berkinadi soyaga salqin.
Daraxtlarning tundlashar rangi,
Maysalarni tark aylagan hol.
Bugun toʼnin teskari kiygan
Qahratonda qaqshatgan shamol.
Goʼyo dunyo huvillab qolgan,
Chanqoqlikdan soya bir qarich.
Soat tigʼlaridan siriqadi kun,
Taqvimga tirmashib tinmas oʼchirgʼich.
Olam jon halpida tamshanar suv deb,
Yutib yuborgudek boʼlsa gar ummon.
Bariga beparvo…
Dalada birdek
Ketmonin koʼtarib tashlaydi bir jon –
DEHQON!

Choʼgʼ

Men kechadan ayrilgan oshiq,
Bugunimda pora-poraman.
Koʼnglimni choʼgʼ aylagan Oʼzing,
Choʼgʼdonlikda ham yolvoraman.
Erta – gumon. Bormanmi yo yoʼq,
Izim — qumda sargʼaygan hayot.
Men – yoʼqlikka mahkum boʼlgan choʼgʼ,
Men – choʼgʼ uchun yaralgan bayot.
Men yonarman, choʼgʼ olovlanar,
Choʼgʼ lovullar, men kuyodurman.
Choʼgʼ bagʼrida choʼgʼ boʼlib har kun,
Chulgʼanmoqni jim suyodurman.
Nedir u?
Ishq?
Visolmi?
Xayol?
Havaslardan yiroqman, illo.
Soʼnggi kunning soʼngigacha, oh,
Choʼgʼ boʼlmoqni nasib et, Xudo!

Vatan

Vatan!
Shunchaki aytilmas bu soʼz hech qachon,
Larzalanar yurak,
Titroqlanar tan.
Koʼzlarga nur inar, bosar hayajon.
Salomga bosh eggan kelinchak misol
Bagʼrida yasharib yashnaydi chaman.

Vatan!
Jilgʼa shivirida ummon qudrati,
Qaldirgʼoch in qurar baxt boʼgʼotiga.
Nayson maysasidan ifor jannatiy
Taralib, ulashar dillarga farah,
Umr baxsh etilar shu soʼz totiga.

Vatan!
Poyingni boshiga koʼtargan mehr,
Hatto iddaongdan ogʼrinmagan jon.
Mil tortib ketganda havoyi kibr
Hovuch tuproq tutgan koʼzingga surt deb,
Zarracha yomonlik sogʼinmagan jon.

Vatan!
Qaroqlar qoshida qalqib turgan yosh,
Yo sevinch, yo anduh qoqsa mijjangni…
“Vatan boʼlinmaydi, ey vatantalosh!”-
Deya nido qilgan ONА misoli
Oʼqqa koʼksin tutib toʼxtatar jangni.

Vatan!
Halovatin ruhga payvandlagan sir,
Vatan — taqdirdagi tanlanmas makon.
Soʼzimga qoʼshilmas balki kimlardir,
Lekin yuragi bir hapriqishi bor,
Shunchaki aytilmas bu soʼz hech qachon!

***

Oʼn yil boʼldi!
Bor bisotimga
Chipta xarid qildim sen uchun.
Oʼn yil kutdim,
Ming bor entikdim,
Dilni shahid qildim sen uchun.
Kuzak…
Tuyqus poezd qichqirdi,
Shoshganimcha vokzalga chopdim.
Ming turfali olomon ichra
Mungga choʼmgan nigohing topdim.
“Poezd ketdi, — deding mijja yosh –
Yoʼlchiptamiz endi-chi bekor.
Endi ruhim bir umr talosh –
Ikki oʼtning oʼrtasida xor.
Baxt tilamang, qoʼldan ketmish u,
Qilingan xarj – umr
Besamar.
Yetishmoqning iltijosi yoʼq,
Poezdning qaytishi – shumxabar!”

***

Borayotir dunyo qovjirab,
Koʼngil gʼarib, mehr zafaron.
Yaproqlarda shabnamlar emas,
Tun aksini qoʼrgʼonlaydi qon.

Shomda koʼkka oʼrlaydi tutun,
Duo bilmas til-zabonlari,
Oʼzin emas oʼzligin qirqar,
Itday urchgan “Joʼlomon”lari.

Magʼribmi u va yoxud Mashriq…
Ey Odamning odam bolasi,
Yuragingga yetmadimi, ayt,
Goʼdaklarning oʼtli nolasi?!

Zamin ogʼir. Zamin ogʼriqli,
Аylanadi bizdan yotsirab.
Uzildimi koʼngil Xudodan,
Borayotir dunyo qovjirab.

Undov

Kuzak kuni…
Havo tund.
«Yogʼmasmikan?» – koʼz koʼkda
Xazonlar koʼtarmas bosh.
Аningdek sen tiz choʼk-da
Bir daraxtga sol razm
Va koʼnglingga et jazm…
“Qonun shudir: kuz kelib
Xazon gilam toʼshaydi.
To kuzgacha yaproqlar
Daraxt uchun yashaydi…
Daraxt boʼlgin!
Boʼl daraxt!”

TONG

“Xayrli tong!” derdim.
Sogʼinch besarxad,
Saxarlar ismingni aytib uygʼondim.
Har tong yuragimga yozaverdim xat
Va xatga qoʼshilib oʼzim ham yondim.
Choʼgʼ boʼldim…
Kul boʼldim…
Soʼngan tepada
Qaqnusdek qaytadan keldim hayotga.
Kunni tunga berdim,
Tunlarni yoqdim
Qalab oʼtin misol har bitta yodga.
Ishqim olov boʼldi,
Sogʼinchim olov,
Borliq yonaverdi ruhimga xushday…
Goʼyo topgan edim qor uchun qalov
Oʼzni oʼtga urdim samandar qushday.
Tunlar yonib ketdi.
Tong-chi boʼzardi,
Koʼksimni tars yordi umid ulgʼayib.
“Xayrli tong!” dedim…
Koʼnglim sezardi…
“Xayrli tong!” deding asta jilmayib.

Behuda urinish

Chirqillaydi oromim buzib,
Devordagi qanoti yoʼq qush.
Har “chirq”ida jonimni uzib,
Har “chirq”ida qilgudek behush.

Qulogʼimga botar barmogʼim…
Tinglamasam sayroqi millar…
Tashqarida sukunat.
Endi…
Chap koʼksimda soat chirqillar.

***

Muhabbat…
Bu abad
Tuygʼudir,
Qaygʼudir,
Oh, seni ey sanam
Suygandim qaydanam?
Bir qara
dil yara,
Topilmas dorisi.
Qalbimning vorisi
Sen eding. Boqmading
Ne edi boisi?

Oʼyimda aylanar
Bir qator soʼroqlar,
Dildagi orzumni
Oʼroqlar oʼroqlar.
Bu osmon
Zimiston.
Kechalar
Kuy chalar.
Bir xazin,bir xazin,
Koʼrganim tush desam
Аfsuski bari chin.
Borar yoʼl-sahro choʼl,
Biyobon,
Bepoyon.
Na bir gul, na giyoh
Koʼrinmas dil — siyoh.
Saroblar xaroblar.
Yugurdim… yiqildim,
Urildim, surildim,
Koʼz yumib koʼz ochdim
Qaytadan tirildim.
Аngladim bu dunyo
Bir roʼyo.
Oʼtkinchi — ketkinchi,
Yoʼq desang oʼzing bir
Etagin tutgin-chi.
Mana men tutgandim
Sindirdi bilagim.
Oh, endi zirqirar
Yuragim, yuragim.

Muhabbat
Bu abad
Tuygʼudir.
Tutolsang, tutib qol.
Tutmasang toabad
Qaygʼudir, qaygʼudir.

OʼZBEK АYoLI

Ruxsoringni aks ettirar oy,
Quyosh balqar yonoqlaringda.
Kulgilaring andozasi soy,
Gʼuncha yashar dudoqlaringda.

Qaldargʼochlar qoshing oʼgʼrisi,
Kiprigingni oʼq qilar sayyod.
Nigohingdan uyalar ohu,
Qomatingdan yiqilar shamshod.

Gul koʼkarar yursang izingda,
Tovoningda toʼlgʼonar sunbul,
Gar soʼzlasang mahliyo boʼlib,
Xonishidan toʼxtaydi bulbul.

Senga qiyos boʼlmoqqa intiq,
Dunyodagi borki goʼzallik,
Shoirlarning qalami ojiz,
Taʼrifingdir ming-ming gʼazallik.

Sen borsanki oʼchmagay aslo
Goʼzallikning mangu timsoli.
Madhing uchun topolmadim soʼz,
Kechir meni, oʼzbek ayoli.

* * *

Har onim-da senga suyansa,
Yelkamga bosh qoʼyganing kabi.
Tongda shabnam ruhimni chaysa,
Va gʼunchalar qimtinib labi
Haqqimizga qilsa duolar.

Rishta boʼlib sabolar bunda
Qalblarimiz mangu bogʼlasa.
Baxtga eltgan baxtning yoʼllari
Bizni yana baxtga chogʼlasa
Va tengsiz ishq koʼrsa ravolar.

Oʼchar shunda zulmat olovi…
Ey, gul, toʼxta, umidim sitma.
Qoʼllarimda sevgi yalovi,
Buning uchun meni aybsitma.
Unutilsin aytmoq vidolar.

***

Oʼshal kun keladi uzoqmas,
Omadlar boʼy choʼzar yoʼlingda.
Bilasan, umidlar tuzoqmas,
Tutasan dunyoni qoʼlingda.

Аchomlab olasan sevgingni,
Boʼyniga osib jon — koʼztumor.
Begʼubor kulasan bir goʼzal,
Belingda qirq kokil senga yor.

Yoʼqlikki yuz tutar gʼamlaring,
Tong otar, bahoriy tarovat
Kasb etar har lahza-damlaring
Va baxtdan entikar muhabbat.

Oʼshal kun keladi uzoqmas…

***

Yomgʼir yogʼdi bosh-adogʼi yoʼq,
Halqoblarni tinmay chimchilab.
Oyqiz, seni kutdim dilim choʼgʼ,
Yomgʼirlarning qahriga chidab.

Jilgʼalandi loylangan dunyo,
Yuragimga betlamay nigoh.
Tilib ruhim koʼksin beayov
Chaqmoq chaqib oʼtdi banogoh.

Yildirimdan yaralandi dil,
Аzobidan ingrandi toqat.
Menku mayli…
Yomgʼir ostida
Soyabonsiz qoldi muhabbat.

***

Chekkanim tamaki emas, mana koʼr,
Dardni chekayapman oʼpkam toʼldirib.
Tutuni burqsiydi sassiq tumandek
Tunlarda tugʼilgan hisni oʼldirib.

Kuldonga koʼmilar orzular bir-bir,
Ustidan bosaman choʼgʼni ezgʼilab.
Xumor bosilmaydi, navbatdagisin
Qisgancha otashga tutar ezgʼin lab.

Uyqu moʼralaydi yangi kelinday,
Quchogʼiga kirsam undan baxtli yoʼq.
Koʼzlarim suzilar, koʼnglim sen tomon
Tortqilar, oʼrtada tutayverar choʼgʼ.

Osmonga boqaman, yulduz galasi
Ustimdan kuladi qosh qoqib giz-giz.
Kuldonni otaman: «Toʼngʼiz talasin…!»
Ular muhabbatni bilmaydi, Oyqiz.

Tabassum qilasan xayollarimda,
Shu onni yurakka xoʼp tottiraman.
Bilmaysan-da, sensiz har kecha shunday
Tamaki chekmasdan tong ottiraman.

Qisqa xulosa

Shaxmatda mot boʼlar oq, yo qora shoh,
Kuchsizni kuchlilar yengadi har dam.
Osmon qanchalar keng boʼlsa-da, hatto
Bir toʼnka ustini poylar qushlar ham.

Ming odam orzusi ming turli doim,
Faqat ertaklarda biz kutgan tenglik.
Ey doʼst, unutmaylik, kuchmi, kuchsizmi…
Soʼnggi libos boʼlmas hech qachon yenglik!

***

Men endi ketyapman,
Huv egasiz yoʼl
Chorlar…
Chorigʼimni ilib ketyapman.
Ketyapman,
Men endi
Bobomdan qolgan
Choriqning hikmatin bilib ketyapman…

Tegirmon, eski doʼl, tishalmagan tosh,
Bu charxning hukmidan charxlari tingan.
Yorti bugʼdoy kabi yorilmish ne bosh –
Аtala ichmoqdan tishlari singan.

Men endi ketyapman,
Huv egasiz yoʼl
Qoʼqon arobasi changin toʼzitgan.
Shu yoʼllarning rangi ursin rangimga,
Bu yerdagi changlar rangim toʼzitgan.

Oʼtib boʼlmas emish “Ilon oʼtdi”dan,
Jar solar jarchidek bir soxta baxshi.
Jon beray, jon beray… ilonlar chaqsin,
Beburd, beburchlardan ilonlar yaxshi.

Momom aytar edi: “Ismaloqni ter,
Pishib qoʼysa doni boʼlgay tikanak”.
Hayot yo pishgach, yo maysalikda yer,
Chumchuqning umriga zomin kiykanak.

Men endi ketyapman,
Beegamas yoʼl…
Emishki, yoʼllarda qashqir galasi.
Shamshir tut – Hazrati Umardan meros,
Yoʼllarga sochilsin gʼovlar kallasi.

Qoʼrqqanga koʼrinar qoʼsh boʼlib jondor,
Yovqur boʼlsang yoving hamla etmagay.
Ki har kim Haqni deb tortsa gar naʼra,
Sadosi yoʼqlikka singib ketmagay!

Men endi ketyapman,
Huv egasiz yoʼl…
Koʼnglimga ne kelsa shuni qilgani.
Bu yoʼlning boshidan har bir farsangga
Bitta-bitta eski choriq ilgani.

021

(Tashriflar: umumiy 430, bugungi 1)

Izoh qoldiring