14 январь — Ёзувчи Орзиқул Эргаш туғилган кун
Жонажон дўстимни “Хуршид Даврон кутубхонаси” веб-саҳифаси ва ютубканали муштарийлари номидан чин юракдан қутлаб, саломатлик, янги асарлар ва энг муҳими фарзанду набиралари, шогирдлари камолини кўриб юришини тилаб қоламан…
Гулсара ИСМОИЛОВА
ПОЯНДОЗ БАҲОНА…
Ушбу мақолани ёзишимга туртки бўлган нарса – яқинда мутолаа қилганим бир ҳикоядан олган таассуротим.
Ижодни фарзандга қиёслашади. Битта болани камолга етказгунча ота-она қанча азоб ва машаққат тортади. Бир файласуф айтган экан, бир болани тарбиялаб вояга етказиш шаҳар қуриш билан баробар, деб. Бир шаҳарни қуришга минглаган ишчилар балогардон. Болани камолга етказишда унинг теварагида қанча қондош куйди-пишди? Бир асарни яратишда-чи? Неча одам унга сафарбар бўладию, ёзувчининг олдига ким кўмакка келади? “Мана бундай бошла, бундай ёзсанг обрў топасан, бунисида машҳур бўлиб кетасан”, дейдиган ақлбоши турадими тепасида? Тун билан кунда қасди бордай, қоғозга боши билан шўнғувчи (техника асрида бу таъриф мос келмай қолди чоғи), ижодининг самараси – фарзанди дунёга келгунича тўлғоқ азобини якка-ёлғиз тортувчи қалам эгасига, балки бу бола тарбиялаш ва шаҳар қуришдан кўра машаққатлироқдир.
Энг сара ёзилмишлар муносиб кўриладиган даврнинг яккаю ягона газетаси “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да бундан ўн йиллар олдин Назар Эшонқулнинг “Маймун етаклаган одам” ҳикояси чоп этилди. Бу шоҳ (менинг шахсий баҳоим) асарга вақтида адабиётшунос Маҳмуд Саъдий шундай баҳо берган эди:
– Шу пайтгача ўзбек адабиётида ёзилган насрий асарларни тарозининг бир палласига қўйиб, иккинчисига Назарнинг шу ҳикоясини қўйсам, тарозининг бу томони босади.
Ушбу сўзларга кўзим тушганида, тўғриси, қўрқиб кетганман. Ахир, бир томонда ўзбек адабиётининг қанча забардаст адибларию, уларнинг юксак ижодлари турибди. Улар орасида замонанинг ҳукмрон доираси – марказгача довруқлари етиб бориб, обрў-эътибор қозонганлари-да бор.
Ҳикоядаги бетакрор руҳий тасвир мени тамоман асир қилган бўлса ҳам, устоз унга юқори баҳо бериб юборган, деган ташвишга ботдим. Таҳлилнинг пири бўлиб кетган танқидшуноснинг эҳтиросга берилмаслигини, ҳар бир гапини ўйлаб, асосли ёзишини қалам аҳли яхши биларди. Бироқ, барибир мўъжаз бир ҳикоя залворини бунчалик юксак баҳолаш бошқа қалам аҳлларининг нафсониятига тегса керак, деган фикр билан давр адабиётшуносларининг муносабатини кутганман ўшанда. Ажабланарлиси шундаки, адабиётшуноснинг баҳсга чорловчи бу ўлчовига на қўшилди бу адабиёт аҳли ва на уни инкор этди.
Оилада фарзанд туғилса, агар у ўнинчиси бўлса ҳам, атрофдагилар завққа тўлади. Айниқса, полвондек ўғил туғилса. Бунинг устига нечтадир қиздан кейингиси бўлса, кунлар хурсандчиликка қоришиб кетади. Ижодини фарзандига қиёслайдиган адабиёт аҳли нима учун полвондек ўғилга мос етук асар дунёга келса буни муносиб олқишламайди? Бир пайтлари гуриллаб турган муҳит қани? Китоблар ва матбуот саҳифаларида номлари бирин-кетин ёзиладиган адабиётшунос, танқидшунослар жамоаси қани? Танқидшунослик Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов, Бегали Қосимовлар билан бирга дунёдан ўтдими? Улардан сўнгги рўйхатда турувчи беш-олтита машҳур танқидчилар нега кейинги пайтларда матбуотда мутлақо кўринмай қолди? Наҳотки иккинчи авлоднинг изидан келаётган бошқа адабиётшунослар йўқ?
Болани камолга етказгунча ота-онанинг, момою боболарнинг қанчалаб кузатув ва эътиборлари зарур бўлади. Бувиси боққан бола ақлли бўлади, деб бекорга айтишмайди. Нега бугунги кунда потирлаб чиқаётган асарларнинг момо ва боболари бўлиб, кекса танқидшунос ва адабиётшуносларимиз уларни бир қур элакдан ўтказишга, умуман бугунги кун адабиёти йўналишига бефарқ қарашмоқда? Бугун ҳатто имло қоидаларини ҳам илғаб ололмайдиганларнинг муаллифлик мақомини олишаётганига, сариқ матбуотни “шоир”у, “ёзувчи”лар босиб кетганига, борингки, китобхоннинг кескин камайиб кетишига нотўғри йўлга кириб кетган фарзандининг тарбиясида ота-она айбдор бўлгани каби, рўёбга чиқаётган ҳар бир ижод маҳсулини сергаклик билан кузатиб, уларнинг сарагини – саракка ажратиб бермаётган, керак-нокераклардан афтодаҳол аҳволга келган адабиётни ҳимоя қилмаётган илм аҳллари сабабчимасмикан? Ота-она тизгинни бўш қўйса, бола чизиқдан чиқади. Шогирд ҳам кузатув остида бўлмаса, йўналишини йўқотади. Танқид таёғини татиб кўрмаган кўпгина асарлар кузатувнинг бўшлигидан фойдаланиб, ўтлаб кетаётган ўспиринлар каби қуюшқондан чиқмаётганмикан? Бироз олдин ўнлаб танқидчиларнинг номи саналадиган адабий муҳитда бугун ёш танқидшунослардан кимнинг отини рўйхатга киритиш мумкин?
Орзиқул Эргашнинг “Пояндоз” ҳикоясига Маҳмуд Саъдий айтган мезонда ёндашгим келади. Ҳикояни ўқиб ниҳоятда таъсирландим.
Бир китобда ўқиган эдим – ўзбек луғатидан бошқа биронта луғатда ҳаё, андиша сўзлари учрамас экан. Буни қаранг-а! Ҳаётда бор нарса албатта унинг тарихида, тилида акс этади. Қозонда бори чўмичга чиқади-да. Демак, дунё аҳлида бу сўзга асос йўқ. Луғатимизни чўғдек безаб турган бу табаррук сўзлар миллатимиз сийратининг энг сара, энг тоза, энг инжа феъл-одатларининг сурати-ку. Адиб ҳеч миллатда учрамайдиган, фақат ўзимизга хос гўзал бир хислатимизни шу мақсад-савияга мос бадиийлик билан очиб берган. Ҳикоянинг ечими ўқувчини жунбушга келтирадиган, чуқур ўйга соладиган, қалбининг туб-тубида ҳеч кимга бўй кўрсатгиси келмаётган нозик сир-асрорларини хаёлида қайта жонлантириб, ичикиб-эзилишга олиб келадиган кучга эга. Ота, ака, эр ва қолаверса, амакию тоғалар зиммасидаги (афсуски, кейинги пайтларда тобора ўз нуфузини йўқотаётган) улкан ва нозик масъулиятнинг нақадар муқаддас ва табаррук эканини англамаганларга англатиб, нафс йўлларида кўпроқ тентираб, заифа-ночорларга ҳаминқадар эркин қараётганларни бир туртиб қўювчи ушбу ҳикоянинг ўлчови тарозини босади.
Қўл бармоқларининг учини-да ҳаё ичига сингдириб, ички ҳовлиларда умри ўтган момоларимизнинг ёшлигида кўча-кўйда йигитлар билан етаклашиб юрганини эшитганмисиз? Бошидан чачвони тушмаган, то қабрга киргунча номаҳрамга юзини кўрсатмаган авлодимизнинг эрига хиёнат қилишини тасаввур қиласизми? Онда-сонда учраб қолган курмакларнинг элнинг кўзи олдида тошбўрон қилингани ҳақидаги манбаларга кўзингиз тушмаганми? Европа оқар сув каби шиддат билан кириб келаётган бугунги кунда бизнинг бекларимиз ота-боболаримиз измида асранилган бокиралик туйғусига “лаббай”, деб жавоб бера оладими?
Афсуски, бири биридан оғир саволларнинг жавоблари-да оғриқли.
Аниқ далилдан сўнг ҳам хотинининг хиёнатига кўз юмиб, уни тўшагида сақлаб келаётган эркак ҳақида сиз ҳам эшитгандирсиз? Қайнотасининг навбатдаги мурувватидан кўнгли тўлиб, завжасининг бечакки қадамини кечирган эркак ҳақида ҳам эшитган бўлсангиз керак? Балки, сизнинг қўшнингизда ҳам, ҳамкасбингиз орасида ҳам бундай гаплар оёқ очгандир? Муҳаббатнинг мансаб ва бойликка тобора эгилаётганини, унинг қули бўлаётганини сиз ҳам ҳис қиляпсизми? Ўзидан катта ёшдаги аёлларга уйланаётган, эридан ажрашган хотин билан бошини қовуштираётган йигитлар, давраларда хасми ҳалолини ўртага чиқариб, унинг орқасидан рўзғорини тебратаётган “эркак”лар борлигидан сиз ҳам бохабармисиз? Ўз ўрнини билмаётган ёки қадрламаётган бундай эркакларнинг тилимизда номи борми? Уни қандай сўз ёки ибора билан аташ мумкин? Кўча-кўйдагиларни-ку айтмай, миллионлаб ёшларни эргаштиришга қодир эркак хонанданинг қулоғидаги зиракка, телебошловчи ва қўшиқчиларнинг бўйнидаги рўмолга сизнинг ҳам кўзингиз тушдими? Астағфуриллоҳ, бу боришда қачондир жинслар фарқланмайдиган ҳолатга келиб қолсак-а, деган ўйдан қўрқиб кетади, одам.
Бир аёл куйиб-ёниб гапириб беряпти: Эрини эрлик аёл билан ушлаган. Аёлнинг эри олдига борса, у нима дебди денг: “Буни ўзим ҳам биламан. Нима қилай, юрагим касал, хотиним менинг дориларимни олиб беряпти”.
Бир пайтлари қадамидан ерлар гурсиллайдиган, ички ҳовлидан қаттиқроқ кулгу саси чиққанда бир томоқ қиришига унлар ўчадиган забардаст эр зотининг авлоди тилидан чиқаётган сўзларми бу?!
Ўн йилларча олдин Орзиқул Эргашнинг бир мўъжаз ҳикояси саҳналаштирилиб, экранда намойиш қилинган эди. Унинг мазмуни шундай: Бекатда улов кутиб турган кампир ва унинг невараси олдига қимматбаҳо машина келиб тўхтайди. Рулдаги басавлат йигит онахондан қаёққа боришларини сўрайди. Ийманиб-қимтиниб туришларига қарамасдан иккаловини машинасига чиқаради ва суҳбат асосида неварасининг мазаси йўқлигини, уни дўхтирга олиб кетаётганини, қизнинг ота-онаси бахтсиз ҳодиса туфайли ўтиб кетишганини билган йигит уларни таниш дўхтирига олиб боради. Кампирнинг “ҳай-ҳай”ига қарамасдан, барча дори-дармонларнинг пулини ўзи тўлайди ва қўярда-қўймай уйларигача олиб боради. Хайрлашаётганда кампирга телефонини бериб, қачон ёрдам керак бўлса бемалол, тортинмасдан телефон қилишини айтади. Эзгулик мавзусидаги гўзал кўриниш бу!
– Бу новеллангизда ўзингизни кўрсатмоқчи бўлдингизми? Бу дунёда сизнингдек одам йўқ, демак бу кўринишда ҳаётийлик етишмайди, – дедим адибга ярим ҳазил, ярим чин билан. – Дунёда яхши одамлар кўп, бироқ нотаниш йўловчини тўхтатиб, уни машинасида бепул у ёқдан-бу ёққа олиб борадиган, бунинг устига фалон пулга дори-дармон олиб берадиган мардлар бор эканми, ҳозир. Бундайлар анқонинг уруғи-ку, яхши одамлар ҳам фақат ўзларининг қариндош-уруғларига, таниш-билишларигагина мурувват кўрсатишади, бегоналарга эмас, – дедим муаллифнинг фикрларига қарши чиқиб.
– Илойим, сизга ҳам бегона мурувватчилар йўлиқсин, шунда мени тан оласиз, –деб баҳсга якун ясар экан, Орзиқул ака адабиётнинг кучини белгилайдиган ажойиб бир гап айтган эдилар ўшанда:
– Шу пайтгача бундай одам бўлмаган бўлса, энди бўлсин деб ёздим-да, шу нарсани.
“Пояндоз” ҳам шу мақсад йўлида хизмат қиладиган асар. Мақсад ҳам, танланган мавзу ҳам эзгуликка йўғрилган.
– Хоразмда эркаклар хотинининг молига кўз тикмайди, – деган сатрлар бор шоира Уллибиби Отаева ижодида. Бунинг тагида шундай мантиқ ётади – бу юртда уйга келаётган келинчакдан мол-дунё кутилмайди. Хоразмда қизнинг ота-онаси сарпо учун қайғурмайди. (Тўғрироғи, қайғурмас эди. Ҳар куни йигирмалаб вагонни пойтахтдан вилоятга етаклайдиган поезд аллақачон марказнинг бўлмағур одатини – қиз сарпосини сингдира олди.) Бу удумда катта маъни ётибди. Бир қизни тарбиялагунча сарфланадиган меҳнат-машаққатдан ташқари, унга кетадиган чиқимни ҳам бир ўйланг.
Нафсиламбирини айтганда, қиз туғиб, тили қисиқ бўлганлар эртадан-кечгача қўли косов, сочи супурги бўлиб, беш бегонанинг уйида елиб-югурувчи чўриси учун, ўша беш бегонанинг мозор каби ҳувиллаб ётган ҳовлисини бозорникидек шовқин-суронга айланиши учун, энг асосийси, шажара дарахтининг шохи синмасдан, янги новдалар асосида тарвақайлаб, кўп асрларгача етиб бориши учун сонсиз-саноқсиз меҳнат ва шунга яраша чиқим қилади. Бу машаққатлардан маъни, эртага фарзандининг қаҳри қаттиқ қайнона қўлида озиб-тўзиб югурдаклик қилиши учунми? Ҳозирги кўпгина замонавий қайнота-қайнона бўлмишларнинг ўзлари иложи бўлса кунини пуллайди, соатини демай. Остонасига қадам қўяётган бир бокира учун кимнингдир йиллаб чеккан заҳматларини обдон тарозига солиб кўрса, балки уйига оқиб келаётган сарпо-суруқни қабул қилишга бу ўпқонларнинг виждони қийналармиди?
Келиннинг мол-дунёсини кўздан кечираётган, уни синаб, шунга кўра муомала қилаётган, қиммат келинни аяб, камбағалини менсимаётган қайноналарнинг қилиғини кўра-била туриб, унга индамаётган, аслида завжасига кучи етмаётган, оиласида ўз ҳукмронлигини ўрната олмаётган қайноталар йўқ деб ўйлайсизми орамизда? Мол-дунё, мартаба учун қизининг кўнглини синдириб, руҳан топтаб, ваъдалашгани гарчи арзийдиган бўлса ҳам, сигирни бўйнидан судраб бозорга етаклаган даллол каби ўзгага сотиб юбораётган оталар ҳам борлигини билсангиз керак? Эркакларимизда мардлик, инсонийлик, тантилик деган туйғулар бўлганида, уларнинг оиладаги обрў-шаъни, ҳурмат-иззати ўрнида бўлганида эди, кишининг нафратига лойиқ бундайин назари очлик аллақачон йўқолган бўлар эди. Уйингизга келган меҳмон бирон нарса кўтариб келса унга чой-нон қўйиб, қуруқ келса шундоғ қайтариш, уни назарга илмаслик каби бир кўриниш-да бу. Уясида кўрганларини такрорлаётган қуш-одамчалар мансабдор қайнотасининг машинасига, уйига кўз тикиб, қизини севмаяптими? Замонасининг ўғлонларини Фарҳод ва Мажнун тимсолида кўриб, дунёдан ўтган Навоий бобомизнинг, яхшиям бизнинг давримизда дунёга келмагани. Бўлмасам, дунёни забт этишга қодир эркаклар ҳақида у ҳам қалам тебратолмай қолармиди…
Илм қилиш мақсадида пойтахтда узоқ йиллар яшаб, ҳозирда тўшакка михланиб қолган онахон изтироб билан бир воқеани гапириб берди.
У ўлимидан олдин бир хосиятли ишни амалга оширмоқчи, яъни юртидан узоқда яшаган армонини тўлдирмоқчи бўлиб, қиз невараларидан бирини ўша ёққа узатиб, кейин хотиржам кўз юммоқчи бўлган. Ўйланиб, узоқ қариндошларидан бирининг ўғлига қизидан бўлган невараси мос келишини тусмоллаб, қариндошларига хабар берган. Бўлажак куёвга бу ҳақда айтишганида унинг жавоби шундай бўлган: “Мен оладиган қизнинг қўлида машинанинг калити бўлиши керак”.
Онахон шундай куйиб, шундай ёниб гапирди-ки… Одамнинг нафрати қўзийди: йигитларимиз қаёққа қараб кетяпти, ўзи? Бир пайтлари, хотинлар молпараст бўлади, деган ақида юрарди элда. Тўй-маъракаларнинг олди-бердисида баъзан момоларимиз ундай-бундай камчиликлар ҳақида гапиришса, боболаримиз уларнинг оғзига уришарди. Ҳеч қандай камчиликка қарамасдан, тўй кунини белгилаб қўйишарди. Хотинлар дод-вой қилиб қолаверишарди. Хотини, қизи ёки онасининг мол-дунё ҳақидаги дийдиёларидан гап кетса, “Ҳа, энди хотинлигига борибди-да”, – деб қудалар олдида изза бўлишарди.
Бугун ҳам бундай эркаклар бор. Моддиятни маънавий дунё олдида бир пулга олмайдиган танти эркаклар ҳам бор орамизда. Онда-сонда бўлса ҳам бу ҳақда эшитиб қоламиз. Бироқ, қанийди бу анқонинг уруғлари ҳақида Орзиқул акага ўхшаганлар кўпроқ гапиришса, уларни кўпроқ тарғиб қилишса. Шу жиҳатдан олиб қараганда, “Пояндоз”нинг мантиқи жуда қадрли.
Ҳикояда эркаклик шаъни, аниқроғи укалик шаъни ҳақида гап боради. Кўпинча, қиз-жувонларнинг парда остидаги ибо-ҳаёсига ота, ака ва эр балогардон. Укалар эса опанинг соясида ўсади. Опа уни кўтариб боқади. Ўқишига, уйланишига она каби ғамхўрлик қилади. Қисқаси, ука олдида опа ҳукмбардор мавқега эга. Гарчи опа ожизаю ука кучли жинс бўлса ҳам, барибир ука опага ҳукм ўтказолмайди. Шу жиҳатдан опасининг бевафолигини сезиб қолган ҳикоя қаҳрамонининг изтиробини тасаввур қилиш мумкин.
Макони бир бўлса ҳам Европа қондошлари каби қалбан йироқда йиллаб бир-бири билан кўришмай юрадиган, ҳатто бирининг ўлигига иккинчиси қадам босмайдиган ака-укаю опа-сингилларга қариндошлик риштасини бир эслатиб қўядиган ҳикоя бўлибди бу.
Одамларда бир-бирига меҳр-оқибат қолмаяпти, деб матбуотда кўп гапирилади. Назаримда, бу ака-укачилик қадрини ота-онадан қоладиган уй ва бошқа мерослар манфаатдорлиги еб қўйяпти. Опа ва синглисини ўйлаб ўтиришга кўпгина эркакларнинг вақти ҳам, ҳафсаласи ҳам йўқ. Эгасига топширганмиз, масъулиятдан қутулганмиз, деб қарайди кўпчилиги. Бироқ, ойлаб, йиллаб назардан йироқдаги ўша опа-сингилнинг биронта беҳаё қилиғи ўртага чиқиб қолса, вазият ва тушунча дарров ўзгаради. Бундай пайтда ака ва уканинг эркаклик шаъни бўй кўрсатади. “Пояндоз”да эркак ғурурини ерга урувчи воқелик ва унинг ички руҳий таъсири ўта нозик тарзда ифода этилган. Маҳалла йигитларининг опасининг бевафолиги ҳақида гапиришаётганини эшитиб қолган уканинг ўша пайтдаги ҳолатини тасаввур қилинг. “Шарпасиз орқамга тисарила бошладим. Мени улар сезиб қолиши, кўзи тушишидан чўчирдим… худди орқамдан биров қувлаётгандек, жон ваҳмида югуриб кетдим.” “Жон ваҳмида”… Ожизаларнинг нопок қадами ўша оила эркакларини жон ваҳмига солади. Бу оилада гўё бомба портлайди. Ерлар остин-устун бўлади. Ука ўзини бунчалик бошқаролмай қолса, қиз номусига масъул ота ва ака не аҳволга тушади?
Опа бир мамлакатда, ука бошқа юртда ўз-ўзича яшайверадиган, ҳатто бир-бирови ҳақида эшитишга-да қулоқлари кар, энг “гуманний” халқ руҳшунослари эса “Бировнинг дардини эшитманг”, “Йўқ, дейишни ўрганинг”, дегувчи сўзларни ўргатадиган чет элга эшик очганимиз сайин эртага бугунги кунимизни ҳам тополмай қолишимиз ҳеч гап эмас.
Мен нима учун юқорида танқидшуносларимиздан гина қилдим?Жамиятнинг ахлоқ-одоб мезонлари асосида ҳукм суришида айни шу мезонларни ушлаб турувчи кимсаларнинг хизмат ва кузатуви даркор. Экранда ташвиқот қилинган биронта моддий нарсанинг, айтайлик кир содасининг истеъмолчилари бирпасда сон-саноқсизга айланади. Эзгу тушунчаларни тарғиб қилувчи, тарбиявий аҳамиятга молик адабий-бадиий асарлар ҳам шу даражада тезкорлик билан ўз таъсирини ўтказа оладими? Яхши асар тарғиботчилари, уларни рағбатлантирувчилар ким ўзи? Албатта, адабиётшунос ва танқидшунослар. Уларнинг фалсафий ва доно фикр-мулоҳазалари келажак учун, ёш авлоднинг комил ва фозил инсонлар бўлиб етишишлари учун жуда муҳим.
Бўлмаган нарсаларни бўлдиришга саъй-ҳаракат қилаётган, йўқ нарсани йўндириш билан эзгулик томон интилаётган, миллий ғуруримиз, имон-эътиқодимиз учун жон куйдираётган ва бу юксак ният ва ўйларини сийрати каби гўзал суратда намоён этаётган ёзувчи ва адибларимизнинг қораламасига – уларнинг жаҳон адабиёти билан беллаша оладиган мўъжаз асарларига давр адабиётшуносларининг эътибор билан қарашларини ва бу асарларга муносиб баҳо беришларини истар эдим.
Орзиқул ЭРГАШ
ПОЯНДОЗ
“Болалигим кўчаларида” туркумидан
Орзиқул Эргаш 1953 йил 14 январда Самарқанд яқинидаги Дархон қишлоғида туғилган. Самарқанд Давлат университетини тамомлаган (1975). «Тўй» (1983), «Дунёнинг бир чеккаси» (1984), «Болалигим кўчаларида» (1986), «Шохсанам» (1988), «Дархон қиссалари» (1990), «Сенинг бу дунёда борлигинг» (2008) каби қисса ва ҳикоялар китоблари нашр этилган.
Ёзувчи Орзиқул Эргаш ўз асарларида, асосан, қишлоқ ҳаётини ёритади. Қишлоқ кишиларининг турмуши, уларнинг ўй-хаёллари, пахта мавсуми “ҳангома”лари ёзувчи асарларида ойнадек акс этади. Адиб 80-йиллар аввалида “Шоҳсанам”, “Дунёнинг бир чеккаси” номли қиссалари билан кўзга кўрина бошлади. Сўнг унинг “Тўй”, “Болалигим кўчаларида”, “Дархон қиссалари” каби китоблари бирин-кетин нашр этила бошланди. Қисқа давр оралиғида ёзувчининг беш китоби дунё юзини кўриб, кенг жамоатчининг эътирофига сазовор бўлади.
Август охирлаяпти. Ҳадемай тўйлар мавсуми бошланади.
Тўй ажойиб нарса-да, айниқса, никоҳ тўйлари… Ҳамқишлоқ акалардан бирортаси уйланадими ё опалардан қай биттаси эрга тегадими, фарқи йўқ, ишқилиб кўчаларимиздан “ёр-ёр” айтиб, гурра-гурра куёвнавкарлар ўта бошласа бас, этларим ғалати-ғалати жимирлаб, бир ерда ўтиролмай қоламан. Тезроқ улғайгим келаверадими-ей, ширин-ширин хаёлларим ўз-ўзидан келажакка етаклайверадими-ей, ишқилиб!.. (тўғриси, ҳамма болалар ҳам шунақа, фақат бир-биримизга айтишга ийманамиз). Ва ҳар сафар кўз ўнгимда мана шунақа бир манзара жонлана бошлайди…
…Машиналардан тушиб, тўйхона сари боряпмиз. Мен куёвнавкарларим қуршовидаман. Улардан бири жўрттага: “Ҳўв, тераквой, кўп ғўдаймай, хам бўлсанг-чи!” деб биқинимга нуқилайди. Унга ҳўмрайиб қўяман. Бошимни эгиб, тиззамни букиб юраверганимдан терлаб кетганман (бўйинг дароз бўлса ҳам азоб экан).
Кенг ҳовлини эгаллаган стол-стулларга ўтирамиз. Талаба ошналарим торларини тиринглатиб, қўшиқ бошлайди.
Аввал шира-шарбат, кейин ош тортилади. Менга алоҳида товоқда “куёв ҳақи” келади: ликопчада ярим килоча қовурилган гўшт. Уни икки ёнбошимда ўтирган дўстларим — Эрйигит билан Сайим баҳам кўради. Гўштга ҳушим йўқроқ, аммо уларнинг жон-дили.
Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, бир оқсоқол тугунча кўтариб олдимга келади.
— Қани, куёвтўра, бир турсинлар!..
— Беқасам тўн кийдиради. Бошимга дўппи, белимга шоҳи қийиқча боғлайди. Сўнгра бўйдоқ тенгқурларим ва атрофдаги қора-қура болакайларнинг ҳавасманд нигоҳларини туюб, бир оз қизарган, бошимни сал эгган ҳолда келин турган хона томонга йўл оламан. Бир ёғимда Эрйигит, бир ёғимда Сайим. Сайим қулоғимга шипшийди.
— Тағин оёғингни бостириб қўйиб, бизани шарманда қилмагин-а! Пойла-аб туриб, ўнг оёғини ғарчча…
Сайим уйланган-да, билади(у оилада ёлғиз ўғил — эрта уйлантиришган).
Келиннинг дарвозасида бизни шу қишлоқ йигитлари ёвқараш билан қарши олишади. Тўхтаймиз. Бир қария қўлида пояндоз билан чиқиб, “Қани, келинглар”, дейди. Икки томондан икки йигит ажралиб чиқиб, катта қийиқчадек келадиган пояндознинг икки учидан тутади. Пояндоз келиннинг кўйлаклари қийқимларидан қураб тикилган. Мен унга ўнг оёғимни босиб, ҳатлаб ўтишим керак. Ўтаман. Икки томон йигитлари уни олатасир тортиша кетади. Мен уларга эътиборсиз, ичкари юраман. Эрйигит, Сайим ҳамон икки ёнимда. Улар менга келиннинг эшиги олдигача ҳамроҳ бўлиб келишади-да, кейин димиқиб кетган, атир, тер ҳиди анқиган, деворларига ранго-ранг кашталар урилган хонадаги ғужғон хотин-халажга топширишади. Сўнгра остонада турганча устимдан жаранглатиб сочқи сочишади. Хотинлар ялт-юлт қилиб гиламга тўкилган тангалар устида ёш қизчалардек талашиб кетишади. Кейин эса…қай бирлари мени қўлтиғимдан олиб, тўрдаги чимилдиқ томонга бошлайди.
Чимилдиқда тиллақош таққан, юзини ҳарир рўмол тўсган, нозиккина келинчак ҳуркибгина туради. Юзи кўринмайди. Айтишларича, бизга катта кўзгу кўрсатишаркан, мен уни, у мени кўзгуда кўрарканмиз… Аслида-ку, биз илгаридан кўришиб юрган бўламиз. Чунки, аҳд қилганман – севиб уйланаман. Мана, акам, янгамга уйланди-ю, ҳалигача озгина ичиб қолса, армиядаги бир қизни қўмсаб йиғлайди…
Чимилдиқда мен келинчагимнинг бармоғига узук тақаётганимда, синчалоқда бол ялатаётганимда, уни кўзгуда кўриб, кўз қисиб ҳазиллашаётганимда…ташқарида дўстларим қора терга тушиб, пояндоз тортишаётган бўлади. Пояндозни албатта улар олиб чиқишлари керак. Тайинлаб қўйганман, олмай кўришсин-чи!.. Пояндоз тортишда бизнинг қишлоқдагиларга тенг келадигани бўлмаган, бўлмайди ҳам.
…Умуман, биз болаларнинг никоҳ тўйларга қизиқишимиз, уни зориқиб кутишимизнинг ҳам асосий сабабларидан бири мана шу пояндоз тортиш. Бошқа нарсага унча ишимиз йўқ. Пойлаб турамиз, тезроқ ош ейилиб, куёвга сарупо кийдирилса-да, тезроқ пояндоздан ҳатлаб ўтса. Қизиғи шундан бошланади. Пояндознинг бир учини биз тарафдан албатта Ботир ака тутади. У қорувли, бақувват, тракторчи йигит. Ишонганимиз шу киши. Ботир ака бор жойда кўнглимиз тўқ. Бизлар пояндоз тортишаётганларнинг атрофини гир айланиб: “Ҳа, Ботир ака! Ҳа, Собир ака! Ҳа, Содиқ ака, тортинг! Темур ака, бўшашманг!” дея бақириб чопаверамиз. Ўзимиз ҳам қўшилиб кетгимиз келадию, эҳ-ҳе, қаёқда, уларнинг дамига йўлаб бўларканми? Бир сафар Сайим кириб, шу заҳоти қочиб чиққан эди. Эртаси кун қарасак, панжалари қийилиб, қорайиб кетибди.
Пояндоз тортишда баъзи бировлар пичоқ ишлатади, яъни тортишга чоғи келмагач, кесиб олмоқчи бўлади. Бу энди, ҳам номардлик, ҳам жуда хавфли иш, бировнинг эт-бетига тегиб кетса борми!.. Шунақаларни Ботир ака сезиб қолса, шартта даврадан суғуриб чиқади-да, индамай (у сира сўкинмайди) икки-уч шапалоқ тортиб юборади. Кейин жаҳл билан яна даврага кириб кетади. Сал ўтмай, ҳаммани доғда қолдириб, пояндозни тортиб чиқади-да, уни дўстларига, биз болаларга ҳам оз-оздан кесиб, улашиб беради. Биз уни ният қилиб сақлаб қўямиз. Ботир акамиз ана шунақа йигит. Ҳаммамиз унга ўхшагимиз келади…
…Август охирлаяпти.
Ҳадемай тўйлар бошланади. Бизникида ҳам тўй тараддуди. Опамни шаҳарга узатяпмиз. Пояндоз тортиш зўр бўлса керак. Шаҳарликлар ҳам уста бўлади, дейишади.
…Тўй куни аксари пояндоз тортадиган йигитлар негадир кўринмади. Ҳаммамиз ҳайронмиз. Белларига энли камар боғлаб олган, башанг кийинган шаҳарлик куёвнавкарларни кўриб, юрагимизни ваҳм босади. Булар билан ким тортишади – шарманда бўламиз чоғи…
Лекин куёв бўлмишни дарвозамиз томон олиб боришаётганда пояндозчи акаларимиз йиғилиб келиб қолишди. “Ур-ра!” деб бақириб юбордик ҳаммамиз. Бироқ, Ботир ака кўринмаётганди. Шундан андак кўнглимиз хижил. “Кеп қолар”, деб ҳар тарафга аланглаймиз…
Пояндознинг бир учини қудалар тарафдан полвонсифат, қўнғизмўйлов бир йигит ушлади. Бизлардан Содиқ ака. У киши ҳам анча чапдаст. Лекин, Ботир аканинг ўзи бўлгани дуруст эди. Эҳ, қаёқда юрган экан-а? Шунақа қалтис пайтда келмай қоладими?!.. Онасини бетоб дейишаётувди, касалхонага кетганми? Ўзининг тоби қочиб қолганми?.. Ким билсин, ҳар каллада ҳар хаёл…
Куёв пояндоздан ҳатлади.
— Ҳаа-ҳувв!..
Шаҳарлик полвон наъра билан пояндозни силтаб тортди.
Содиқ ака учиб бориб, унинг кўкрагига урилди. Кейин чўккалаб қолди. Кўз очиб юмгунча, полвон уни судраб кетди. Ҳаммамизнинг эсхонамиз чиқиб, ҳанг-манг бўлиб қолдик. Хайрият, Содиқ ака қўйиб юбормади. Бу орада икки томоннинг йигитлари ҳам пояндозга бориб ёпишишди. Шундагина енгил тортдик…
Шаҳарликларни уста деганларича бор экан. Улар бараварига “Торт! Ҳа, торт!” деб, бизникиларни анча ергача судраб боришади-да, кейин бирор девор ё дарахтни мўлжаллаб, тўсатдан орқага итариб қолишади. Девор ё дарахтга зарб билан урилган йигитлар чидаш беролмай даврадан чиқиб кетишади. Қайта киришга анчагача юраги дов бермай туради, кейин четда туришга уялибми ё қизибми, яна тортишувга қўшилиб кетади… бари бир бизникиларнинг сафи сийраклаша борди. Қолгани ҳам ҳар ёқдан, ҳар бири ўз бошича тортиб ётар, бу эса эртакдаги чўртанбалиқ, оққуш ва қисқичбақанинг арава судрашига ўхшаб кетарди.
Ботир ака бўлганида бунақа қилмасди. У бошида бетартиб тортишиб кетган шерикларини аста-секин имлаб, ўз ёнига ўтказаверади. Ҳамма бир томонга ўтиб, куч бир ерда тўплангач, секингина “Бошладик!” дейди. Шунда беш-олти азамат кучли ҳайқириқ билан тортиб кетади-да, рақиблар йўл-йўлакай тўкилиб қолаверади. Охирги рақибнинг қўли узилдими, бўлди, бизникилар ҳам пояндозни қўйиб юборади. Ботир ака бўлса уни яловдек баланд кўтариб, даврадан отилиб чиқади. Шу билан тамом — пояндоз олиб чиқилган ҳисобланади…
Ҳозир эса бундай аҳиллик йўқ эди.
Биз, болалар бўлсак, ҳаммадан кўпроқ қайғуриб, давра атрофида югурамиз. Овозимиз борича бақириб, ўзимизникиларга далда бермоқчи бўламиз. Ҳозирча шундан ортиғига ярамасак, на илож!
Пояндоз тортаётганлар жиққа терга тушишган. Дошқозондан чиққандек тўда тепасидан буғ кўтарилади. Икки томоннинг ҳам шашти пасайиб, секинлик билан, чамаси қанақадир қулай фурсатни пойлаб тортишишарди.
Меҳмонлардан бири пичоқ чиқарган шекилли, Собир ака у билан судрашиб чиқиб, муштлашиб кетди. Бошқалар аралашишга улгурмасдан, катталаримиз уларни ажратиб қўйишди. Меҳмон йигит бир чеккада бўзариб туриб қолаверди, Собир ака яна ўзини даврага урди…
Барча расм-русумлар тугаб, опамни ичкаридан олиб чиқиб, машинага киритишди. Лекин пояндоз тортиш ҳали-вери тугайдиганга ўхшамасди. Машиналар босиб-босиб сигнал бера бошлади. Икки томон қариялари сабрсизланиб, пояндозчилар тўдасига яқин келишди. “Бўлди, энди, тўхтатиб қўяқолинглар! Тарқалинглар, бас қилинглар!” деб йигитларни шошира бошлашди. Аммо, бировнинг гапини икки қилмайдиган бизнинг йигитлар ҳам, шаҳарликлар ҳам қизишиб кетганларидан қарияларга қулоқ солгилари келмасди.
Кимдир бир пақир муздай сув келтириб, уларга сепмоқчи эди, қишлоғимиз оқсоқоли уни жеркиб сувини тўктириб ташлади.
Кейин пояндозчиларга яқинлашиб:
— Тортадиган бўлсанг, ланжланмай, шартта юлиб чиқ! Бўлмаса ўт бу ёққа ҳамманг! Ё ўзим кирайми?! — деб бақирди.
Худди шу гап етмасдан турган эканми, Содиқ аканинг хирилдоқ овози эшитилди:
— Қани, ҳа, жўралар!
Бирданига олатасир бўлиб кетди-ку!
Шаҳарлик полвон ҳам ҳовлиқиб қолди.
— Торт! Ёпиш! — деб ўзиникиларга бақира бошлади.
Бир вақт қарасак, Содиқ ака, Собир ака, Туроб ака, Темур ака — ҳаммаси бир томонда. Бараварига бақириб юбордик.
Акаларимиз ҳам шуни кутгандай, катта тош кўча томонга қудаларни судраб кетишди. Қудалар ўз-ўзидан пояндоздан узилиб қолаверди. Охирида шаҳарлик полвонни чанг-тўзон ичида бир ўзи судралиб бораётганини кўрдик. “Қўйвор! Қўйвор!” деганча бақиришиб чопавердик. Полвон анча жойгача пояндозга осилиб борди-да, кейин уялдими, қўйиб юборди.
Содиқ аканинг қўлида баланд кўтарилган пояндозни кўриб, ҳаммамиз қийқириб юбордик.
Сўнгра илинж билан унинг атрофини ўрадик. Лекин Содиқ ака ҳеч биримизга пояндоздан йиртиб бермади, аксинча қўлтиғига урганча, нари кетди. Хафа бўлиб кетдик. Умрида бир мартагина олиб чиқдию, қизғанди-я!..
Қудалар машиналарга ўтириб, ёр-ёр айтиб йўлга тушишди. Содиқ ака ҳамроҳларини олиб, қаёққадир жўнади. Эрйигит, Сайим, яна бир-икки бола уларга эргашди. “Қаёққа боряпсизлар?” десам, Сайим, ишинг бўлмасин, деб жеркиб берди. Ҳайрон қолдим, буларга нима бўлди ўзи?..
Уларга қорама-қора кетавердим. Қишлоқ чеккасидаги сой томонга юрдик. Содиқ акалар қишлоқ охиридаги уйни айланиб ўтишдию, сой бўйига тушишди. Бу уйда Ботир ака онаси билан ёлғиз турар, ҳозир ҳовлида ҳам, ичкарида ҳам чироқ кўринмас, ҳаммаёқ зимистон эди.
—Ботир, шаҳарликларни ҳам бопладик,—бу Содиқ аканинг овози эди.—Мана, опкелдик.
Болаларнинг орқасидан етиб келиб, уларнинг елкаси оша секин мўраладим. Сой бўйидаги катта харсангтош устида ўтирган Ботир ака ўрнидан оғир қўзғалиб, Содиқ аканинг олдига келди. Ундан пояндозни олиб, яна харсанга бориб ўтирди. Уни жимгина юзига босди. Ҳайратда қолдим. Нега Ботир ака унақа қиляпти?..Йиғлаяптими?..Кап-катта йигит нега йиғлайди?.. Пояндозни ўзимизникилар олишди-ку!..
Йигитлар битта-битта бориб, унинг атрофига чўкишди. Бир оздан сўнг Туроб ака насиҳатомуз гап бошлади.
—Ботиржон, сен хафа бўлма… Сендай йигитти хор қилдими, ҳали пушаймон ейди. Кўп пушаймон бўладики… Майли, қўй энди, дўстим, куйганингга арзимайди!..
Бошқалар гап қўшмай, ерга бош солиб турарди. Болалар ҳам…
Шарпасиз орқамга тисарила бошладим. Мени булар сезиб қолиши, кўзи тушишидан чўчирдим. Сой бўйидаги йўлга чиқиб олдим-да, худди орқамдан биров қувлаётгандек, жон ваҳмида югуриб кетдим…
1980
14 yanvar — Yozuvchi Orziqul Ergash tug’ilgan kun
Jonajon do’stimni “Xurshid Davron kutubxonasi” veb-sahifasi va yutubkanali mushtariylari nomidan chin yurakdan qutlab, salomatlik, yangi asarlar va eng muhimi farzandu nabiralari, shogirdlari kamolini ko’rib yurishini tilab qolaman.
Gulsara ISMOILOVA
POYANDOZ BAHONA…
Ushbu maqolani yozishimga turtki bo‘lgan narsa – yaqinda mutolaa qilganim bir hikoyadan olgan taassurotim.
Ijodni farzandga qiyoslashadi. Bitta bolani kamolga yetkazguncha ota-ona qancha azob va mashaqqat tortadi. Bir faylasuf aytgan ekan, bir bolani tarbiyalab voyaga yetkazish shahar qurish bilan barobar, deb. Bir shaharni qurishga minglagan ishchilar balogardon. Bolani kamolga yetkazishda uning tevaragida qancha qondosh kuydi-pishdi? Bir asarni yaratishda-chi? Necha odam unga safarbar bo‘ladiyu, yozuvchining oldiga kim ko‘makka keladi? “Mana bunday boshla, bunday yozsang obro‘ topasan, bunisida mashhur bo‘lib ketasan”, deydigan aqlboshi turadimi tepasida? Tun bilan kunda qasdi borday, qog‘ozga boshi bilan sho‘ng‘uvchi (texnika asrida bu ta’rif mos kelmay qoldi chog‘i), ijodining samarasi – farzandi dunyoga kelgunicha to‘lg‘oq azobini yakka-yolg‘iz tortuvchi qalam egasiga, balki bu bola tarbiyalash va shahar qurishdan ko‘ra mashaqqatliroqdir.
Eng sara yozilmishlar munosib ko‘riladigan davrning yakkayu yagona gazetasi “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”da bundan o‘n yillar oldin Nazar Eshonqulning “Maymun yetaklagan odam” hikoyasi chop etildi. Bu shoh (mening shaxsiy bahoim) asarga vaqtida adabiyotshunos Mahmud Sa’diy shunday baho bergan edi:
– Shu paytgacha o‘zbek adabiyotida yozilgan nasriy asarlarni tarozining bir pallasiga qo‘yib, ikkinchisiga Nazarning shu hikoyasini qo‘ysam, tarozining bu tomoni bosadi.
Ushbu so‘zlarga ko‘zim tushganida, to‘g‘risi, qo‘rqib ketganman. Axir, bir tomonda o‘zbek adabiyotining qancha zabardast adiblariyu, ularning yuksak ijodlari turibdi. Ular orasida zamonaning hukmron doirasi – markazgacha dovruqlari yetib borib, obro‘-e’tibor qozonganlari-da bor.
Hikoyadagi betakror ruhiy tasvir meni tamoman asir qilgan bo‘lsa ham, ustoz unga yuqori baho berib yuborgan, degan tashvishga botdim. Tahlilning piri bo‘lib ketgan tanqidshunosning ehtirosga berilmasligini, har bir gapini o‘ylab, asosli yozishini qalam ahli yaxshi bilardi. Biroq, baribir mo‘jaz bir hikoya zalvorini bunchalik yuksak baholash boshqa qalam ahllarining nafsoniyatiga tegsa kerak, degan fikr bilan davr adabiyotshunoslarining munosabatini kutganman o‘shanda. Ajablanarlisi shundaki, adabiyotshunosning bahsga chorlovchi bu o‘lchoviga na qo‘shildi bu adabiyot ahli va na uni inkor etdi.
Oilada farzand tug‘ilsa, agar u o‘ninchisi bo‘lsa ham, atrofdagilar zavqqa to‘ladi. Ayniqsa, polvondek o‘g‘il tug‘ilsa. Buning ustiga nechtadir qizdan keyingisi bo‘lsa, kunlar xursandchilikka qorishib ketadi. Ijodini farzandiga qiyoslaydigan adabiyot ahli nima uchun polvondek o‘g‘ilga mos yetuk asar dunyoga kelsa buni munosib olqishlamaydi? Bir paytlari gurillab turgan muhit qani? Kitoblar va matbuot sahifalarida nomlari birin-ketin yoziladigan adabiyotshunos, tanqidshunoslar jamoasi qani? Tanqidshunoslik Ozod Sharafiddinov, Matyoqub Qo‘shjonov, Begali Qosimovlar bilan birga dunyodan o‘tdimi? Ulardan so‘nggi ro‘yxatda turuvchi besh-oltita mashhur tanqidchilar nega keyingi paytlarda matbuotda mutlaqo ko‘rinmay qoldi? Nahotki ikkinchi avlodning izidan kelayotgan boshqa adabiyotshunoslar yo‘q?
Bolani kamolga yetkazguncha ota-onaning, momoyu bobolarning qanchalab kuzatuv va e’tiborlari zarur bo‘ladi. Buvisi boqqan bola aqlli bo‘ladi, deb bekorga aytishmaydi. Nega bugungi kunda potirlab chiqayotgan asarlarning momo va bobolari bo‘lib, keksa tanqidshunos va adabiyotshunoslarimiz ularni bir qur elakdan o‘tkazishga, umuman bugungi kun adabiyoti yo‘nalishiga befarq qarashmoqda? Bugun hatto imlo qoidalarini ham ilg‘ab ololmaydiganlarning mualliflik maqomini olishayotganiga, sariq matbuotni “shoir”u, “yozuvchi”lar bosib ketganiga, boringki, kitobxonning keskin kamayib ketishiga noto‘g‘ri yo‘lga kirib ketgan farzandining tarbiyasida ota-ona aybdor bo‘lgani kabi, ro‘yobga chiqayotgan har bir ijod mahsulini sergaklik bilan kuzatib, ularning saragini – sarakka ajratib bermayotgan, kerak-nokeraklardan aftodahol ahvolga kelgan adabiyotni himoya qilmayotgan ilm ahllari sababchimasmikan? Ota-ona tizginni bo‘sh qo‘ysa, bola chiziqdan chiqadi. Shogird ham kuzatuv ostida bo‘lmasa, yo‘nalishini yo‘qotadi. Tanqid tayog‘ini tatib ko‘rmagan ko‘pgina asarlar kuzatuvning bo‘shligidan foydalanib, o‘tlab ketayotgan o‘spirinlar kabi quyushqondan chiqmayotganmikan? Biroz oldin o‘nlab tanqidchilarning nomi sanaladigan adabiy muhitda bugun yosh tanqidshunoslardan kimning otini ro‘yxatga kiritish mumkin?
Orziqul Ergashning “Poyandoz” hikoyasiga Mahmud Sa’diy aytgan mezonda yondashgim keladi. Hikoyani o‘qib nihoyatda ta’sirlandim.
Bir kitobda o‘qigan edim – o‘zbek lug‘atidan boshqa bironta lug‘atda hayo, andisha so‘zlari uchramas ekan. Buni qarang-a! Hayotda bor narsa albatta uning tarixida, tilida aks etadi. Qozonda bori cho‘michga chiqadi-da. Demak, dunyo ahlida bu so‘zga asos yo‘q. Lug‘atimizni cho‘g‘dek bezab turgan bu tabarruk so‘zlar millatimiz siyratining eng sara, eng toza, eng inja fe’l-odatlarining surati-ku. Adib hech millatda uchramaydigan, faqat o‘zimizga xos go‘zal bir xislatimizni shu maqsad-saviyaga mos badiiylik bilan ochib bergan. Hikoyaning yechimi o‘quvchini junbushga keltiradigan, chuqur o‘yga soladigan, qalbining tub-tubida hech kimga bo‘y ko‘rsatgisi kelmayotgan nozik sir-asrorlarini xayolida qayta jonlantirib, ichikib-ezilishga olib keladigan kuchga ega. Ota, aka, er va qolaversa, amakiyu tog‘alar zimmasidagi (afsuski, keyingi paytlarda tobora o‘z nufuzini yo‘qotayotgan) ulkan va nozik mas’uliyatning naqadar muqaddas va tabarruk ekanini anglamaganlarga anglatib, nafs yo‘llarida ko‘proq tentirab, zaifa-nochorlarga haminqadar erkin qarayotganlarni bir turtib qo‘yuvchi ushbu hikoyaning o‘lchovi tarozini bosadi.
Qo‘l barmoqlarining uchini-da hayo ichiga singdirib, ichki hovlilarda umri o‘tgan momolarimizning yoshligida ko‘cha-ko‘yda yigitlar bilan yetaklashib yurganini eshitganmisiz? Boshidan chachvoni tushmagan, to qabrga kirguncha nomahramga yuzini ko‘rsatmagan avlodimizning eriga xiyonat qilishini tasavvur qilasizmi? Onda-sonda uchrab qolgan kurmaklarning elning ko‘zi oldida toshbo‘ron qilingani haqidagi manbalarga ko‘zingiz tushmaganmi? Yevropa oqar suv kabi shiddat bilan kirib kelayotgan bugungi kunda bizning beklarimiz ota-bobolarimiz izmida asranilgan bokiralik tuyg‘usiga “labbay”, deb javob bera oladimi?
Afsuski, biri biridan og‘ir savollarning javoblari-da og‘riqli.
Aniq dalildan so‘ng ham xotinining xiyonatiga ko‘z yumib, uni to‘shagida saqlab kelayotgan erkak haqida siz ham eshitgandirsiz? Qaynotasining navbatdagi muruvvatidan ko‘ngli to‘lib, zavjasining bechakki qadamini kechirgan erkak haqida ham eshitgan bo‘lsangiz kerak? Balki, sizning qo‘shningizda ham, hamkasbingiz orasida ham bunday gaplar oyoq ochgandir? Muhabbatning mansab va boylikka tobora egilayotganini, uning quli bo‘layotganini siz ham his qilyapsizmi? O‘zidan katta yoshdagi ayollarga uylanayotgan, eridan ajrashgan xotin bilan boshini qovushtirayotgan yigitlar, davralarda xasmi halolini o‘rtaga chiqarib, uning orqasidan ro‘zg‘orini tebratayotgan “erkak”lar borligidan siz ham boxabarmisiz? O‘z o‘rnini bilmayotgan yoki qadrlamayotgan bunday erkaklarning tilimizda nomi bormi? Uni qanday so‘z yoki ibora bilan atash mumkin? Ko‘cha-ko‘ydagilarni-ku aytmay, millionlab yoshlarni ergashtirishga qodir erkak xonandaning qulog‘idagi zirakka, teleboshlovchi va qo‘shiqchilarning bo‘ynidagi ro‘molga sizning ham ko‘zingiz tushdimi? Astag‘furilloh, bu borishda qachondir jinslar farqlanmaydigan holatga kelib qolsak-a, degan o‘ydan qo‘rqib ketadi, odam.
Bir ayol kuyib-yonib gapirib beryapti: Erini erlik ayol bilan ushlagan. Ayolning eri oldiga borsa, u nima debdi deng: “Buni o‘zim ham bilaman. Nima qilay, yuragim kasal, xotinim mening dorilarimni olib beryapti”.
Bir paytlari qadamidan yerlar gursillaydigan, ichki hovlidan qattiqroq kulgu sasi chiqqanda bir tomoq qirishiga unlar o‘chadigan zabardast er zotining avlodi tilidan chiqayotgan so‘zlarmi bu?!
O‘n yillarcha oldin Orziqul Ergashning bir mo‘jaz hikoyasi sahnalashtirilib, ekranda namoyish qilingan edi. Uning mazmuni shunday: Bekatda ulov kutib turgan kampir va uning nevarasi oldiga qimmatbaho mashina kelib to‘xtaydi. Ruldagi basavlat yigit onaxondan qayoqqa borishlarini so‘raydi. Iymanib-qimtinib turishlariga qaramasdan ikkalovini mashinasiga chiqaradi va suhbat asosida nevarasining mazasi yo‘qligini, uni do‘xtirga olib ketayotganini, qizning ota-onasi baxtsiz hodisa tufayli o‘tib ketishganini bilgan yigit ularni tanish do‘xtiriga olib boradi. Kampirning “hay-hay”iga qaramasdan, barcha dori-darmonlarning pulini o‘zi to‘laydi va qo‘yarda-qo‘ymay uylarigacha olib boradi. Xayrlashayotganda kampirga telefonini berib, qachon yordam kerak bo‘lsa bemalol, tortinmasdan telefon qilishini aytadi. Ezgulik mavzusidagi go‘zal ko‘rinish bu!
– Bu novellangizda o‘zingizni ko‘rsatmoqchi bo‘ldingizmi? Bu dunyoda sizningdek odam yo‘q, demak bu ko‘rinishda hayotiylik yetishmaydi, – dedim adibga yarim hazil, yarim chin bilan. – Dunyoda yaxshi odamlar ko‘p, biroq notanish yo‘lovchini to‘xtatib, uni mashinasida bepul u yoqdan-bu yoqqa olib boradigan, buning ustiga falon pulga dori-darmon olib beradigan mardlar bor ekanmi, hozir. Bundaylar anqoning urug‘i-ku, yaxshi odamlar ham faqat o‘zlarining qarindosh-urug‘lariga, tanish-bilishlarigagina muruvvat ko‘rsatishadi, begonalarga emas, – dedim muallifning fikrlariga qarshi chiqib.
– Iloyim, sizga ham begona muruvvatchilar yo‘liqsin, shunda meni tan olasiz, –deb bahsga yakun yasar ekan, Orziqul aka adabiyotning kuchini belgilaydigan ajoyib bir gap aytgan edilar o‘shanda:
– Shu paytgacha bunday odam bo‘lmagan bo‘lsa, endi bo‘lsin deb yozdim-da, shu narsani.
“Poyandoz” ham shu maqsad yo‘lida xizmat qiladigan asar. Maqsad ham, tanlangan mavzu ham ezgulikka yo‘g‘rilgan.
– Xorazmda erkaklar xotinining moliga ko‘z tikmaydi, – degan satrlar bor shoira Ullibibi Otayeva ijodida. Buning tagida shunday mantiq yotadi – bu yurtda uyga kelayotgan kelinchakdan mol-dunyo kutilmaydi. Xorazmda qizning ota-onasi sarpo uchun qayg‘urmaydi. (To‘g‘rirog‘i, qayg‘urmas edi. Har kuni yigirmalab vagonni poytaxtdan viloyatga yetaklaydigan poyezd allaqachon markazning bo‘lmag‘ur odatini – qiz sarposini singdira oldi.) Bu udumda katta ma’ni yotibdi. Bir qizni tarbiyalaguncha sarflanadigan mehnat-mashaqqatdan tashqari, unga ketadigan chiqimni ham bir o‘ylang.
Nafsilambirini aytganda, qiz tug‘ib, tili qisiq bo‘lganlar ertadan-kechgacha qo‘li kosov, sochi supurgi bo‘lib, besh begonaning uyida yelib-yuguruvchi cho‘risi uchun, o‘sha besh begonaning mozor kabi huvillab yotgan hovlisini bozornikidek shovqin-suronga aylanishi uchun, eng asosiysi, shajara daraxtining shoxi sinmasdan, yangi novdalar asosida tarvaqaylab, ko‘p asrlargacha yetib borishi uchun sonsiz-sanoqsiz mehnat va shunga yarasha chiqim qiladi. Bu mashaqqatlardan ma’ni, ertaga farzandining qahri qattiq qaynona qo‘lida ozib-to‘zib yugurdaklik qilishi uchunmi? Hozirgi ko‘pgina zamonaviy qaynota-qaynona bo‘lmishlarning o‘zlari iloji bo‘lsa kunini pullaydi, soatini demay. Ostonasiga qadam qo‘yayotgan bir bokira uchun kimningdir yillab chekkan zahmatlarini obdon taroziga solib ko‘rsa, balki uyiga oqib kelayotgan sarpo-suruqni qabul qilishga bu o‘pqonlarning vijdoni qiynalarmidi?
Kelinning mol-dunyosini ko‘zdan kechirayotgan, uni sinab, shunga ko‘ra muomala qilayotgan, qimmat kelinni ayab, kambag‘alini mensimayotgan qaynonalarning qilig‘ini ko‘ra-bila turib, unga indamayotgan, aslida zavjasiga kuchi yetmayotgan, oilasida o‘z hukmronligini o‘rnata olmayotgan qaynotalar yo‘q deb o‘ylaysizmi oramizda? Mol-dunyo, martaba uchun qizining ko‘nglini sindirib, ruhan toptab, va’dalashgani garchi arziydigan bo‘lsa ham, sigirni bo‘ynidan sudrab bozorga yetaklagan dallol kabi o‘zgaga sotib yuborayotgan otalar ham borligini bilsangiz kerak? Erkaklarimizda mardlik, insoniylik, tantilik degan tuyg‘ular bo‘lganida, ularning oiladagi obro‘-sha’ni, hurmat-izzati o‘rnida bo‘lganida edi, kishining nafratiga loyiq bundayin nazari ochlik allaqachon yo‘qolgan bo‘lar edi. Uyingizga kelgan mehmon biron narsa ko‘tarib kelsa unga choy-non qo‘yib, quruq kelsa shundog‘ qaytarish, uni nazarga ilmaslik kabi bir ko‘rinish-da bu. Uyasida ko‘rganlarini takrorlayotgan qush-odamchalar mansabdor qaynotasining mashinasiga, uyiga ko‘z tikib, qizini sevmayaptimi? Zamonasining o‘g‘lonlarini Farhod va Majnun timsolida ko‘rib, dunyodan o‘tgan Navoiy bobomizning, yaxshiyam bizning davrimizda dunyoga kelmagani. Bo‘lmasam, dunyoni zabt etishga qodir erkaklar haqida u ham qalam tebratolmay qolarmidi…
Ilm qilish maqsadida poytaxtda uzoq yillar yashab, hozirda to‘shakka mixlanib qolgan onaxon iztirob bilan bir voqeani gapirib berdi.
U o‘limidan oldin bir xosiyatli ishni amalga oshirmoqchi, ya’ni yurtidan uzoqda yashagan armonini to‘ldirmoqchi bo‘lib, qiz nevaralaridan birini o‘sha yoqqa uzatib, keyin xotirjam ko‘z yummoqchi bo‘lgan. O‘ylanib, uzoq qarindoshlaridan birining o‘g‘liga qizidan bo‘lgan nevarasi mos kelishini tusmollab, qarindoshlariga xabar bergan. Bo‘lajak kuyovga bu haqda aytishganida uning javobi shunday bo‘lgan: “Men oladigan qizning qo‘lida mashinaning kaliti bo‘lishi kerak”.
Onaxon shunday kuyib, shunday yonib gapirdi-ki… Odamning nafrati qo‘ziydi: yigitlarimiz qayoqqa qarab ketyapti, o‘zi? Bir paytlari, xotinlar molparast bo‘ladi, degan aqida yurardi elda. To‘y-ma’rakalarning oldi-berdisida ba’zan momolarimiz unday-bunday kamchiliklar haqida gapirishsa, bobolarimiz ularning og‘ziga urishardi. Hech qanday kamchilikka qaramasdan, to‘y kunini belgilab qo‘yishardi. Xotinlar dod-voy qilib qolaverishardi. Xotini, qizi yoki onasining mol-dunyo haqidagi diydiyolaridan gap ketsa, “Ha, endi xotinligiga boribdi-da”, – deb qudalar oldida izza bo‘lishardi.
Bugun ham bunday erkaklar bor. Moddiyatni ma’naviy dunyo oldida bir pulga olmaydigan tanti erkaklar ham bor oramizda. Onda-sonda bo‘lsa ham bu haqda eshitib qolamiz. Biroq, qaniydi bu anqoning urug‘lari haqida Orziqul akaga o‘xshaganlar ko‘proq gapirishsa, ularni ko‘proq targ‘ib qilishsa. Shu jihatdan olib qaraganda, “Poyandoz”ning mantiqi juda qadrli.
Hikoyada erkaklik sha’ni, aniqrog‘i ukalik sha’ni haqida gap boradi. Ko‘pincha, qiz-juvonlarning parda ostidagi ibo-hayosiga ota, aka va er balogardon. Ukalar esa opaning soyasida o‘sadi. Opa uni ko‘tarib boqadi. O‘qishiga, uylanishiga ona kabi g‘amxo‘rlik qiladi. Qisqasi, uka oldida opa hukmbardor mavqega ega. Garchi opa ojizayu uka kuchli jins bo‘lsa ham, baribir uka opaga hukm o‘tkazolmaydi. Shu jihatdan opasining bevafoligini sezib qolgan hikoya qahramonining iztirobini tasavvur qilish mumkin.
Makoni bir bo‘lsa ham Yevropa qondoshlari kabi qalban yiroqda yillab bir-biri bilan ko‘rishmay yuradigan, hatto birining o‘ligiga ikkinchisi qadam bosmaydigan aka-ukayu opa-singillarga qarindoshlik rishtasini bir eslatib qo‘yadigan hikoya bo‘libdi bu.
Odamlarda bir-biriga mehr-oqibat qolmayapti, deb matbuotda ko‘p gapiriladi. Nazarimda, bu aka-ukachilik qadrini ota-onadan qoladigan uy va boshqa meroslar manfaatdorligi yeb qo‘yyapti. Opa va singlisini o‘ylab o‘tirishga ko‘pgina erkaklarning vaqti ham, hafsalasi ham yo‘q. Egasiga topshirganmiz, mas’uliyatdan qutulganmiz, deb qaraydi ko‘pchiligi. Biroq, oylab, yillab nazardan yiroqdagi o‘sha opa-singilning bironta behayo qilig‘i o‘rtaga chiqib qolsa, vaziyat va tushuncha darrov o‘zgaradi. Bunday paytda aka va ukaning erkaklik sha’ni bo‘y ko‘rsatadi. “Poyandoz”da erkak g‘ururini yerga uruvchi voqelik va uning ichki ruhiy ta’siri o‘ta nozik tarzda ifoda etilgan. Mahalla yigitlarining opasining bevafoligi haqida gapirishayotganini eshitib qolgan ukaning o‘sha paytdagi holatini tasavvur qiling. “Sharpasiz orqamga tisarila boshladim. Meni ular sezib qolishi, ko‘zi tushishidan cho‘chirdim… xuddi orqamdan birov quvlayotgandek, jon vahmida yugurib ketdim.” “Jon vahmida”… Ojizalarning nopok qadami o‘sha oila erkaklarini jon vahmiga soladi. Bu oilada go‘yo bomba portlaydi. Yerlar ostin-ustun bo‘ladi. Uka o‘zini bunchalik boshqarolmay qolsa, qiz nomusiga mas’ul ota va aka ne ahvolga tushadi?
Opa bir mamlakatda, uka boshqa yurtda o‘z-o‘zicha yashayveradigan, hatto bir-birovi haqida eshitishga-da quloqlari kar, eng “gumanniy” xalq ruhshunoslari esa “Birovning dardini eshitmang”, “Yo‘q, deyishni o‘rganing”, deguvchi so‘zlarni o‘rgatadigan chet elga eshik ochganimiz sayin ertaga bugungi kunimizni ham topolmay qolishimiz hech gap emas.
Men nima uchun yuqorida tanqidshunoslarimizdan gina qildim?Jamiyatning axloq-odob mezonlari asosida hukm surishida ayni shu mezonlarni ushlab turuvchi kimsalarning xizmat va kuzatuvi darkor. Ekranda tashviqot qilingan bironta moddiy narsaning, aytaylik kir sodasining iste’molchilari birpasda son-sanoqsizga aylanadi. Ezgu tushunchalarni targ‘ib qiluvchi, tarbiyaviy ahamiyatga molik adabiy-badiiy asarlar ham shu darajada tezkorlik bilan o‘z ta’sirini o‘tkaza oladimi? Yaxshi asar targ‘ibotchilari, ularni rag‘batlantiruvchilar kim o‘zi? Albatta, adabiyotshunos va tanqidshunoslar. Ularning falsafiy va dono fikr-mulohazalari kelajak uchun, yosh avlodning komil va fozil insonlar bo‘lib yetishishlari uchun juda muhim.
Bo‘lmagan narsalarni bo‘ldirishga sa’y-harakat qilayotgan, yo‘q narsani yo‘ndirish bilan ezgulik tomon intilayotgan, milliy g‘ururimiz, imon-e’tiqodimiz uchun jon kuydirayotgan va bu yuksak niyat va o‘ylarini siyrati kabi go‘zal suratda namoyon etayotgan yozuvchi va adiblarimizning qoralamasiga – ularning jahon adabiyoti bilan bellasha oladigan mo‘jaz asarlariga davr adabiyotshunoslarining e’tibor bilan qarashlarini va bu asarlarga munosib baho berishlarini istar edim.
Orziqul ERGASH
POYANDOZ
“Bolaligim ko‘chalarida” turkumidan
Orziqul Ergash 1953 yil 14 yanvarda Samarqand yaqinidagi Darxon qishlog‘ida tug‘ilgan. Samarqand Davlat universitetini tamomlagan (1975). «To‘y» (1983), «Dunyoning bir chekkasi» (1984), «Bolaligim ko‘chalarida» (1986), «Shoxsanam» (1988), «Darxon qissalari» (1990), «Sening bu dunyoda borliging» (2008) kabi qissa va hikoyalar kitoblari nashr etilgan.
Yozuvchi Orziqul Ergash o‘z asarlarida, asosan, qishloq hayotini yoritadi. Qishloq kishilarining turmushi, ularning o‘y-xayollari, paxta mavsumi “hangoma”lari yozuvchi asarlarida oynadek aks etadi. Adib 80-yillar avvalida “Shohsanam”, “Dunyoning bir chekkasi” nomli qissalari bilan ko‘zga ko‘rina boshladi. So‘ng uning “To‘y”, “Bolaligim ko‘chalarida”, “Darxon qissalari” kabi kitoblari birin-ketin nashr etila boshlandi. Qisqa davr oralig‘ida yozuvchining besh kitobi dunyo yuzini ko‘rib, keng jamoatchining e’tirofiga sazovor bo‘ladi.
Avgust oxirlayapti. Hademay to‘ylar mavsumi boshlanadi.
To‘y ajoyib narsa-da, ayniqsa, nikoh to‘ylari… Hamqishloq akalardan birortasi uylanadimi yo opalardan qay bittasi erga tegadimi, farqi yo‘q, ishqilib ko‘chalarimizdan “yor-yor” aytib, gurra-gurra kuyovnavkarlar o‘ta boshlasa bas, etlarim g‘alati-g‘alati jimirlab, bir yerda o‘tirolmay qolaman. Tezroq ulg‘aygim kelaveradimi-yey, shirin-shirin xayollarim o‘z-o‘zidan kelajakka yetaklayveradimi-yey, ishqilib!.. (to‘g‘risi, hamma bolalar ham shunaqa, faqat bir-birimizga aytishga iymanamiz). Va har safar ko‘z o‘ngimda mana shunaqa bir manzara jonlana boshlaydi…
…Mashinalardan tushib, to‘yxona sari boryapmiz. Men kuyovnavkarlarim qurshovidaman. Ulardan biri jo‘rttaga: “Ho‘v, terakvoy, ko‘p g‘o‘daymay, xam bo‘lsang-chi!” deb biqinimga nuqilaydi. Unga ho‘mrayib qo‘yaman. Boshimni egib, tizzamni bukib yuraverganimdan terlab ketganman (bo‘ying daroz bo‘lsa ham azob ekan).
Keng hovlini egallagan stol-stullarga o‘tiramiz. Talaba oshnalarim torlarini tiringlatib, qo‘shiq boshlaydi.
Avval shira-sharbat, keyin osh tortiladi. Menga alohida tovoqda “kuyov haqi” keladi: likopchada yarim kilocha qovurilgan go‘sht. Uni ikki yonboshimda o‘tirgan do‘stlarim — Eryigit bilan Sayim baham ko‘radi. Go‘shtga hushim yo‘qroq, ammo ularning jon-dili.
Dasturxonga fotiha o‘qilgach, bir oqsoqol tuguncha ko‘tarib oldimga keladi.
— Qani, kuyovto‘ra, bir tursinlar!..
— Beqasam to‘n kiydiradi. Boshimga do‘ppi, belimga shohi qiyiqcha bog‘laydi. So‘ngra bo‘ydoq tengqurlarim va atrofdagi qora-qura bolakaylarning havasmand nigohlarini tuyub, bir oz qizargan, boshimni sal eggan holda kelin turgan xona tomonga yo‘l olaman. Bir yog‘imda Eryigit, bir yog‘imda Sayim. Sayim qulog‘imga shipshiydi.
— Tag‘in oyog‘ingni bostirib qo‘yib, bizani sharmanda qilmagin-a! Poyla-ab turib, o‘ng oyog‘ini g‘archcha…
Sayim uylangan-da, biladi(u oilada yolg‘iz o‘g‘il — erta uylantirishgan).
Kelinning darvozasida bizni shu qishloq yigitlari yovqarash bilan qarshi olishadi. To‘xtaymiz. Bir qariya qo‘lida poyandoz bilan chiqib, “Qani, kelinglar”, deydi. Ikki tomondan ikki yigit ajralib chiqib, katta qiyiqchadek keladigan poyandozning ikki uchidan tutadi. Poyandoz kelinning ko‘ylaklari qiyqimlaridan qurab tikilgan. Men unga o‘ng oyog‘imni bosib, hatlab o‘tishim kerak. O‘taman. Ikki tomon yigitlari uni olatasir tortisha ketadi. Men ularga e’tiborsiz, ichkari yuraman. Eryigit, Sayim hamon ikki yonimda. Ular menga kelinning eshigi oldigacha hamroh bo‘lib kelishadi-da, keyin dimiqib ketgan, atir, ter hidi anqigan, devorlariga rango-rang kashtalar urilgan xonadagi g‘ujg‘on xotin-xalajga topshirishadi. So‘ngra ostonada turgancha ustimdan jaranglatib sochqi sochishadi. Xotinlar yalt-yult qilib gilamga to‘kilgan tangalar ustida yosh qizchalardek talashib ketishadi. Keyin esa…qay birlari meni qo‘ltig‘imdan olib, to‘rdagi chimildiq tomonga boshlaydi.
Chimildiqda tillaqosh taqqan, yuzini harir ro‘mol to‘sgan, nozikkina kelinchak hurkibgina turadi. Yuzi ko‘rinmaydi. Aytishlaricha, bizga katta ko‘zgu ko‘rsatisharkan, men uni, u meni ko‘zguda ko‘rarkanmiz… Aslida-ku, biz ilgaridan ko‘rishib yurgan bo‘lamiz. Chunki, ahd qilganman – sevib uylanaman. Mana, akam, yangamga uylandi-yu, haligacha ozgina ichib qolsa, armiyadagi bir qizni qo‘msab yig‘laydi…
Chimildiqda men kelinchagimning barmog‘iga uzuk taqayotganimda, sinchaloqda bol yalatayotganimda, uni ko‘zguda ko‘rib, ko‘z qisib hazillashayotganimda…tashqarida do‘stlarim qora terga tushib, poyandoz tortishayotgan bo‘ladi. Poyandozni albatta ular olib chiqishlari kerak. Tayinlab qo‘yganman, olmay ko‘rishsin-chi!.. Poyandoz tortishda bizning qishloqdagilarga teng keladigani bo‘lmagan, bo‘lmaydi ham.
…Umuman, biz bolalarning nikoh to‘ylarga qiziqishimiz, uni zoriqib kutishimizning ham asosiy sabablaridan biri mana shu poyandoz tortish. Boshqa narsaga uncha ishimiz yo‘q. Poylab turamiz, tezroq osh yeyilib, kuyovga sarupo kiydirilsa-da, tezroq poyandozdan hatlab o‘tsa. Qizig‘i shundan boshlanadi. Poyandozning bir uchini biz tarafdan albatta Botir aka tutadi. U qoruvli, baquvvat, traktorchi yigit. Ishonganimiz shu kishi. Botir aka bor joyda ko‘nglimiz to‘q. Bizlar poyandoz tortishayotganlarning atrofini gir aylanib: “Ha, Botir aka! Ha, Sobir aka! Ha, Sodiq aka, torting! Temur aka, bo‘shashmang!” deya baqirib chopaveramiz. O‘zimiz ham qo‘shilib ketgimiz keladiyu, eh-he, qayoqda, ularning damiga yo‘lab bo‘larkanmi? Bir safar Sayim kirib, shu zahoti qochib chiqqan edi. Ertasi kun qarasak, panjalari qiyilib, qorayib ketibdi.
Poyandoz tortishda ba’zi birovlar pichoq ishlatadi, ya’ni tortishga chog‘i kelmagach, kesib olmoqchi bo‘ladi. Bu endi, ham nomardlik, ham juda xavfli ish, birovning et-betiga tegib ketsa bormi!.. Shunaqalarni Botir aka sezib qolsa, shartta davradan sug‘urib chiqadi-da, indamay (u sira so‘kinmaydi) ikki-uch shapaloq tortib yuboradi. Keyin jahl bilan yana davraga kirib ketadi. Sal o‘tmay, hammani dog‘da qoldirib, poyandozni tortib chiqadi-da, uni do‘stlariga, biz bolalarga ham oz-ozdan kesib, ulashib beradi. Biz uni niyat qilib saqlab qo‘yamiz. Botir akamiz ana shunaqa yigit. Hammamiz unga o‘xshagimiz keladi…
…Avgust oxirlayapti.
Hademay to‘ylar boshlanadi. Biznikida ham to‘y taraddudi. Opamni shaharga uzatyapmiz. Poyandoz tortish zo‘r bo‘lsa kerak. Shaharliklar ham usta bo‘ladi, deyishadi.
…To‘y kuni aksari poyandoz tortadigan yigitlar negadir ko‘rinmadi. Hammamiz hayronmiz. Bellariga enli kamar bog‘lab olgan, bashang kiyingan shaharlik kuyovnavkarlarni ko‘rib, yuragimizni vahm bosadi. Bular bilan kim tortishadi – sharmanda bo‘lamiz chog‘i…
Lekin kuyov bo‘lmishni darvozamiz tomon olib borishayotganda poyandozchi akalarimiz yig‘ilib kelib qolishdi. “Ur-ra!” deb baqirib yubordik hammamiz. Biroq, Botir aka ko‘rinmayotgandi. Shundan andak ko‘nglimiz xijil. “Kep qolar”, deb har tarafga alanglaymiz…
Poyandozning bir uchini qudalar tarafdan polvonsifat, qo‘ng‘izmo‘ylov bir yigit ushladi. Bizlardan Sodiq aka. U kishi ham ancha chapdast. Lekin, Botir akaning o‘zi bo‘lgani durust edi. Eh, qayoqda yurgan ekan-a? Shunaqa qaltis paytda kelmay qoladimi?!.. Onasini betob deyishayotuvdi, kasalxonaga ketganmi? O‘zining tobi qochib qolganmi?.. Kim bilsin, har kallada har xayol…
Kuyov poyandozdan hatladi.
— Haa-huvv!..
Shaharlik polvon na’ra bilan poyandozni siltab tortdi.
Sodiq aka uchib borib, uning ko‘kragiga urildi. Keyin cho‘kkalab qoldi. Ko‘z ochib yumguncha, polvon uni sudrab ketdi. Hammamizning esxonamiz chiqib, hang-mang bo‘lib qoldik. Xayriyat, Sodiq aka qo‘yib yubormadi. Bu orada ikki tomonning yigitlari ham poyandozga borib yopishishdi. Shundagina yengil tortdik…
Shaharliklarni usta deganlaricha bor ekan. Ular baravariga “Tort! Ha, tort!” deb, biznikilarni ancha yergacha sudrab borishadi-da, keyin biror devor yo daraxtni mo‘ljallab, to‘satdan orqaga itarib qolishadi. Devor yo daraxtga zarb bilan urilgan yigitlar chidash berolmay davradan chiqib ketishadi. Qayta kirishga anchagacha yuragi dov bermay turadi, keyin chetda turishga uyalibmi yo qizibmi, yana tortishuvga qo‘shilib ketadi… bari bir biznikilarning safi siyraklasha bordi. Qolgani ham har yoqdan, har biri o‘z boshicha tortib yotar, bu esa ertakdagi cho‘rtanbaliq, oqqush va qisqichbaqaning arava sudrashiga o‘xshab ketardi.
Botir aka bo‘lganida bunaqa qilmasdi. U boshida betartib tortishib ketgan sheriklarini asta-sekin imlab, o‘z yoniga o‘tkazaveradi. Hamma bir tomonga o‘tib, kuch bir yerda to‘plangach, sekingina “Boshladik!” deydi. Shunda besh-olti azamat kuchli hayqiriq bilan tortib ketadi-da, raqiblar yo‘l-yo‘lakay to‘kilib qolaveradi. Oxirgi raqibning qo‘li uzildimi, bo‘ldi, biznikilar ham poyandozni qo‘yib yuboradi. Botir aka bo‘lsa uni yalovdek baland ko‘tarib, davradan otilib chiqadi. Shu bilan tamom — poyandoz olib chiqilgan hisoblanadi…
Hozir esa bunday ahillik yo‘q edi.
Biz, bolalar bo‘lsak, hammadan ko‘proq qayg‘urib, davra atrofida yuguramiz. Ovozimiz boricha baqirib, o‘zimiznikilarga dalda bermoqchi bo‘lamiz. Hozircha shundan ortig‘iga yaramasak, na iloj!
Poyandoz tortayotganlar jiqqa terga tushishgan. Doshqozondan chiqqandek to‘da tepasidan bug‘ ko‘tariladi. Ikki tomonning ham shashti pasayib, sekinlik bilan, chamasi qanaqadir qulay fursatni poylab tortishishardi.
Mehmonlardan biri pichoq chiqargan shekilli, Sobir aka u bilan sudrashib chiqib, mushtlashib ketdi. Boshqalar aralashishga ulgurmasdan, kattalarimiz ularni ajratib qo‘yishdi. Mehmon yigit bir chekkada bo‘zarib turib qolaverdi, Sobir aka yana o‘zini davraga urdi…
Barcha rasm-rusumlar tugab, opamni ichkaridan olib chiqib, mashinaga kiritishdi. Lekin poyandoz tortish hali-veri tugaydiganga o‘xshamasdi. Mashinalar bosib-bosib signal bera boshladi. Ikki tomon qariyalari sabrsizlanib, poyandozchilar to‘dasiga yaqin kelishdi. “Bo‘ldi, endi, to‘xtatib qo‘yaqolinglar! Tarqalinglar, bas qilinglar!” deb yigitlarni shoshira boshlashdi. Ammo, birovning gapini ikki qilmaydigan bizning yigitlar ham, shaharliklar ham qizishib ketganlaridan qariyalarga quloq solgilari kelmasdi.
Kimdir bir paqir muzday suv keltirib, ularga sepmoqchi edi, qishlog‘imiz oqsoqoli uni jerkib suvini to‘ktirib tashladi.
Keyin poyandozchilarga yaqinlashib:
— Tortadigan bo‘lsang, lanjlanmay, shartta yulib chiq! Bo‘lmasa o‘t bu yoqqa hammang! Yo o‘zim kiraymi?! — deb baqirdi.
Xuddi shu gap yetmasdan turgan ekanmi, Sodiq akaning xirildoq ovozi eshitildi:
— Qani, ha, jo‘ralar!
Birdaniga olatasir bo‘lib ketdi-ku!
Shaharlik polvon ham hovliqib qoldi.
— Tort! Yopish! — deb o‘zinikilarga baqira boshladi.
Bir vaqt qarasak, Sodiq aka, Sobir aka, Turob aka, Temur aka — hammasi bir tomonda. Baravariga baqirib yubordik.
Akalarimiz ham shuni kutganday, katta tosh ko‘cha tomonga qudalarni sudrab ketishdi. Qudalar o‘z-o‘zidan poyandozdan uzilib qolaverdi. Oxirida shaharlik polvonni chang-to‘zon ichida bir o‘zi sudralib borayotganini ko‘rdik. “Qo‘yvor! Qo‘yvor!” degancha baqirishib chopaverdik. Polvon ancha joygacha poyandozga osilib bordi-da, keyin uyaldimi, qo‘yib yubordi.
Sodiq akaning qo‘lida baland ko‘tarilgan poyandozni ko‘rib, hammamiz qiyqirib yubordik.
So‘ngra ilinj bilan uning atrofini o‘radik. Lekin Sodiq aka hech birimizga poyandozdan yirtib bermadi, aksincha qo‘ltig‘iga urgancha, nari ketdi. Xafa bo‘lib ketdik. Umrida bir martagina olib chiqdiyu, qizg‘andi-ya!..
Qudalar mashinalarga o‘tirib, yor-yor aytib yo‘lga tushishdi. Sodiq aka hamrohlarini olib, qayoqqadir jo‘nadi. Eryigit, Sayim, yana bir-ikki bola ularga ergashdi. “Qayoqqa boryapsizlar?” desam, Sayim, ishing bo‘lmasin, deb jerkib berdi. Hayron qoldim, bularga nima bo‘ldi o‘zi?..
Ularga qorama-qora ketaverdim. Qishloq chekkasidagi soy tomonga yurdik. Sodiq akalar qishloq oxiridagi uyni aylanib o‘tishdiyu, soy bo‘yiga tushishdi. Bu uyda Botir aka onasi bilan yolg‘iz turar, hozir hovlida ham, ichkarida ham chiroq ko‘rinmas, hammayoq zimiston edi.
—Botir, shaharliklarni ham bopladik,—bu Sodiq akaning ovozi edi.—Mana, opkeldik.
Bolalarning orqasidan yetib kelib, ularning yelkasi osha sekin mo‘raladim. Soy bo‘yidagi katta xarsangtosh ustida o‘tirgan Botir aka o‘rnidan og‘ir qo‘zg‘alib, Sodiq akaning oldiga keldi. Undan poyandozni olib, yana xarsanga borib o‘tirdi. Uni jimgina yuziga bosdi. Hayratda qoldim. Nega Botir aka unaqa qilyapti?..Yig‘layaptimi?..Kap-katta yigit nega yig‘laydi?.. Poyandozni o‘zimiznikilar olishdi-ku!..
Yigitlar bitta-bitta borib, uning atrofiga cho‘kishdi. Bir ozdan so‘ng Turob aka nasihatomuz gap boshladi.
—Botirjon, sen xafa bo‘lma… Senday yigitti xor qildimi, hali pushaymon yeydi. Ko‘p pushaymon bo‘ladiki… Mayli, qo‘y endi, do‘stim, kuyganingga arzimaydi!..
Boshqalar gap qo‘shmay, yerga bosh solib turardi. Bolalar ham…
Sharpasiz orqamga tisarila boshladim. Meni bular sezib qolishi, ko‘zi tushishidan cho‘chirdim. Soy bo‘yidagi yo‘lga chiqib oldim-da, xuddi orqamdan birov quvlayotgandek, jon vahmida yugurib ketdim…
1980