Хуршид Даврон билан катта интервьюнинг давоми (2-қисми)

04 …ёлғон иддао тарафдорларининг амали сабаб бўлиб, ўша йиллари нашр этилган «Ўзбекистон тарихи» дарсликларидан бир асрдан кўпроқ давом этган Шайбонийлар салтанати ҳақидаги маълумотлар бутунлай олиб ташланган эди. Ваҳоланки, тарихни ўзгартириб ёзишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Хуршид Даврон билан
катта интервьюнинг давоми
(2-қисми)

1993 йил 23 декабрда ташкил этилган Халқаро Бобур жамғармаси фаолияти манзур бўлмоқдами?

– Тўғриси, бу фонд ҳақида бошқалар гапирсин.

Аммо, шу саволингиз баҳона Бобурни ўрганишда йўл қўйилаётган камчиликларни айтиб кетмасам бўлмайди. Aйримлар мустақилликнинг илк йилларида жамоатчилик, шу жумладан мамлакат раҳбарияти онгига Бобурни Шайбонийхон ҳайдаб юборган деб нотўғри ахборотни тинимсиз қуйишган.

Яна бир ачинарлиси, ана шу ёлғон иддао тарафдорларининг амали сабаб бўлиб, ўша йиллари нашр этилган «Ўзбекистон тарихи» дарсликларидан бир асрдан кўпроқ давом этган Шайбонийлар салтанати ҳақидаги маълумотлар бутунлай олиб ташланган эди. Ваҳоланки, тарихни ўзгартириб ёзишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Тўғри, бу боболаримиз иккаласи бир-бири билан ўзаро уришган.

Лекин Шайбонийхон темурийлар заифлашиб қолиб, бир – бири билан низолар чиқариб ётганида тарих майдонига кириб келганку! «Бобурнома»да ўша давр воқеаларини тасвирларкан, Бобур алам билан «На Тошкентдаги тоғаларим, на Ҳиротдаги амакиларим ёрдам беришди» деб ёзади.

Оқибатда ноилож қолиб у Эрондаги сафавийлар давлати ҳукмдори, аслан озарбайжон бўлгани учун туркчада Хатоий тахаллуси билан гўзал ғазаллар ёзган Шоҳ Исмоилдан кўмак сўрашга мажбур бўлади. Айни шу кўмак учун уларнинг жуда кўп талабларига, хусусан Туркистон аҳлининг сунний мазҳабига таалуқлигига зид равишда, ғайри мазҳабнинг айрим амалларига бош эгади.

Бу ҳақда гапирсангиз, кўпчиликка ёқмайди. Мен бу ўринда Бобурни мутлақ қораламайман. Тасаввур қилинг, ўша пайтда Мирзо Бобур 21-22 ёшдаги йигит бўлган. Унга, айтиб ўтганимдек, ҳеч ким ёрдамга келмаган. Натижада аросатда қолгани туфайли, «Чўкаётган одам хасгаям ёпишади», деганларидек, мажбур бўлиб ўшалардан ёрдам сўраган.

Устига-устак, ёрдамга келган сафавийлар қўшининг бошлиғи Нажмиддин Соний Қарши шаҳрида оммавий қирғинни амалга оширгач, Самарқанду Бухоро аҳли ёш мирзодан юз ўгирса нима қилиши керак эди? Мен Бобурнинг буюклигини «Бобурнома» билан ўлчайман.

Унинг ғазалиёти Муҳаммад Шайбонийхону, Убайдийда қандай бўлса ўшандай даражададир. Она юртини тарк этгач, вақт ўтиб, Бобур Самарқанддаги хатосини англагани учун «Не юз қаролиғ бўлди» деб бўзлайди. Бандаси хато қилади. Беайб парвардигор. Фақат буларни тўғри тушуниш керак. Тўғри талқин қилиш лозим.

Бобур туғилганида Самарқандга олиб келинган. Унинг исмини эса ўша даврнинг буюк сиймоси Хожа Aҳрор Валий қўйган.

Яна бир ҳақиқат шундаки, Ҳиндистонни эгаллагач Бобур хонлар удумига кўра тахтда ўтирган. Aмир Темур ва темурийлар тахтда ўтиришмаган. Негаки, туркийлар амал қилган тузукка кўра, Чингизхоннинг авлоди бўлмаса, хон ёки султон бўлмаган, тахтга ўтирмаган. Балки Чингизхоннинг бирон бир авлоди тахтга чиқарилган. Масалан, Амир Темур Султон Маҳмудхонни тахтга ўтқазган.

Бу қоидага қаттиқ амал қилинган. Сўнгги темурийлардан бирини тахтга чиқариш учун Чингиззода топишга қийналгани ҳақида тарихий ривоят бор. Охир-оқибат, кўча-кўйда дарвишлик қилиб юрган бир одам чингизий наслдан эканини билиб қолишиб, олиб келиб тахтга ўтқазишган. Бир замонавий романда эса тарихий манбаларга зид равишда Aмир Темурни ҳам тахтга чиқазиб қўйишди.

Ўша асарда Темурнинг тахтга чиқиш маросими йигирма бетга яқин саҳифада тасвирланди. Ўзимизнинг манбаларгина эмас, ҳатто Кастилия элчиси Клавихо ўз саёҳатномасида “Aмир Темур Самарқанддаги Кўктош устига ўтирган»лиги ҳақида инкор қилиб бўлмас ҳақиқатларни ёзиб кетган. Қолаверса, ўша Кўктош ҳозиргача сақланиб қолган.

Aдабиётимиздаги энг катта муаммо?

– Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини тўғри йўлга солиш. Қонунийлаштириш. Бу дегани шуки, уюшма жамоат ташкилоти эканига амал қилиш. Унга аъзо бўлганлар раҳбариятни сайлаш ҳуқуқини олиши зарур. Ёшлигимизда кўплаб қурултойларда қатнашиб овоз берардик. Ҳозир раис тайинланади. Худди давлат ташкилотлари каби. Нега энди унақа бўлиши керак? Шу сабабдан уюшма фаолиятига аралашгим келмайди.

Кўпчилик қизиқади «Комсомол» мукофотини нега рад этгансиз?

– Бунинг тарихи узун. Мени ишдан олиш учун махсус комиссия келиб, масалам Ўзбекистон ёшлар қўмитаси бюросида кўрилган. Мукофотни отиб юбориб чиқиб кетганман. Ўшанда «Ёш Гвардия» ўрнида пайдо бўлган «Камалак» матбаа-ноширлик бирлашмасида директор ўринбосари бўлиб ишлардим. Бирлашманинг нашриёт қисмига жавоб берардим.

Худди ўша йиллари бошқа бир нашриётдагилар «Қуръони Карим»ни чоп этишарди. Уларнинг қоғози тугаб қолди. «Қуръони Карим»нинг тиражи 200-300 минг ёзилгани билан аслида икки баробар чиқарилиб яширинча сотиларди. Қоғоз бериш шарти билан менга «ҳамкорлик» таклиф қилишди. Йўқ дедим. Уларнинг вакили олдимга кириб, «Рози бўлмасангиз, ишдан кетасиз» деди. «Қуръондек муқаддас китобни нопок ишларга аралаштиришнинг ўзи гуноҳ» дедим.

Шундан кейин девондаги мавқеси баланд амалдорни ишга солиб, Ёшлар қўмитасининг махсус комиссиясини юборишди. Аммо, ишдан кеткизиш учун «қоғоз масаласи»ни қўллаб бўлмаслигини англаб, бошқа баҳоналар излашди. Ўша даврдан олдинроқ миллионлаб нусхада чиқадиган «Ёш – куч», «Ёшлик» журналлари ҳам қоғоз йўқлигидан қийналиб қолган эди.

Қуръон билан боғлиқ «бизнес»ни рад этганлигим туфайли ўзларича ҳужжатларни сохталаштириб, менга алоқаси бўлмаган, яъни «қоғоз танқислиги учун» ҳамма айбни бўйнимга қўйишди. Ишдан кетаётиб, бир яхши одам маслаҳатига кириб, раҳбар сифатида қўл қўйган шартномаларнинг барчасидан ксеронусхаси олдим. Уларни Бош прокуратурага олиб бориб бердим. Шундан кейин ҳеч нима қила олишмади. Йиллар ўтгач, ўша пайтдаги Бош прокурор мендан узр сўраган эди. У воқеаларни ким уюштирганлигини жуда яхши биламан.

Сизнингча, ТОП-5 энг яхши асарлар?

– Мен бу борада бирор нарса демаган бўлардим. Кўп китоблар босилди. Баъзи яхши тўпламлардан бехабар қолган бўлишим мумкин.

Нафақадаман. Уйдан чиқмайман. Айрим янги китобларнигина, шогирдларим олиб келиб беришади. Бари бир бехабарлик бор. Бу ҳолатда маъқул бешликни айтиш тўғри бўлмайди деб ўйлайман. Хуллас, саволингизга жавоб бериш сал мушкулроқ!

Бўлмаса бугунги шоирлар ҳамда ёзувчилар «Беш»лигини айтақолинг…

– Майли. Жавобни ўзимнинг тенгдошларимдан бошлайман. Булар: ёзувчилардан – Эркин Aъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Зулфия Қуролбой қизи, Назар Эшонқул, Исажон Султон;

Шоирлардан – Усмон Aзим, Эшқобил Шукур, Азиз Саид, Ҳалима Аҳмад, Зебо Мирзо.

Мен ҳамиша ўзим мансуб бўлган авлод билан фахрланаман. Барчасини устозларим деб биламан. Шулар билан ёнма – ён юриб кўп нарсани ўрганганман. «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтимда ёшларга кўпроқ эътибор қаратяпман. Орасида жуда яхши шоир, шоира, прозаиклар бор. Жавлон Жовлиев, Нафиса Омон, Жонтемир Жондор, Шербек Бобонор, Раҳмат Бобожон, Рафиқ Ўзтурк, Бобо Равшан, Меҳрноз Аббосова, Тилланисо Эшбоева, Нозима Ҳабибуллаева, Мадина Норчаева, Мирзоҳид Музаффар, Муҳаммад Сиддиқ ва бошқалар янги адабиётимизнинг келажакларидир.

Афсуски, ҳозир мен ишонган кўп ёшлар исмини келтира ололмадим. Бу саноқ жуда узун бўларди. Ҳар бир авлод бир саф бўлиб келади. Кейин сараланади. Кимдир ижодни ташлаб амалу мансабга қараб йўл олади. Aмал эса ё ижодни, ё мени танла дейди. Оқибатда қайсисидир қурбон бўлади. Aдабиётни тақдири деб билганлар эса ҳар қандай вазиятда Сўз хизматида қолади.

Давоми бор

Аброр Поёнов суҳбатлашди

03

(Tashriflar: umumiy 156, bugungi 1)

Izoh qoldiring