Биринчи навбатда болалар учун адабиётларни арзон қилиш керак. Бу жуда муҳим. Ҳозир китоблар қиммат. Оталар рўзғорига нон олсинми ёки боласига китоб? Aлбатта, улар нонни танлайди. Ҳеч бўлмаса, болаларга мўлжалланган китобларни арзонлаштирсак, ана ўшандагина китоб мутолааси ҳақида гапирсак ярашади.
Хуршид Даврон билан интервьюнинг
сўнгги 3-қисми
Effect.uz мухбири Аброр Поёнов – Ўзбекистон халқ шоири, устоз журналист, тарихчи олим, миллий телевидениемизда кўп йиллар давомида фаолият юритган жонкуяр инсон, шунингдек, юртимизда ўзбек ва жаҳон адабиётининг медиа – архивини ярата олган – Хуршид Даврон билан катта интервью ташкиллаштирди.
Aдабий нашрларнинг хатоси қаерларда кўриниб қоляпти?
– Камчиликлар яққол билиниб қолмоқда. Масалан, адабиётга оид газеталарда пандемияга аталган қофиябозликка урғу берилган деворий газеталарга мос шеърлар чиқаётганлигини умуман ёқламайман. Унақа шеърларнинг чиқадиган ўз жойлари бор. Мен телевидение роликлари учун ёзилган ёки таниқли хонандалар томонидан қўшиқ қилиб куйланган шеърларим матнларини бирор тўпламимга киритмаганман. Чунки, улар клип ёки қўшиқ учун мослаб ёзилган. Ҳақиқий шеър эса бутунлай бошқача руҳда бўлади.
«Гонорар» масаласига оид ҳар бир сўзингиз оммага қизиқ. Марҳамат…
– Ҳозирда гонорар (қалам ҳақи) йўқ ҳисоби. Aммо илгари биз олардик. Профессионал ёзувчи деганда фақат ижоднинг ўзи билан тирикчилик ўтказадиган инсон тушунилиши керак. Топган пули туриш – турмушига етиши шарт. Ҳозир бунақалар деярли йўқ ҳисоби. Ҳамма қаердадир қўшимча ишлашга мажбур. Гонорар қачон ошади? Жавоб битта – нашриётлар молиявий бақувват бўлсагина.
Энди ўйланг, нашриётнинг ўзи кунини зўрға амаллаб кўриб турган бўлса, у қанақа гонорар бера олиши мумкин? Аҳвол шундай экан, қандай қилиб Янги ўзбек адабиётини дунёга танитиш у ёқда турсин, ўз халқимизга танитиш мумкин? Аҳвол шундай экан, аллақандай Янги Ренесанс даври бошланди деб чўпчаклар айтиш мумкин?
Яна бир масала хусусида гапирмай ўтолмайман. Биринчи навбатда болалар учун адабиётларни арзон қилиш керак. Бу жуда муҳим. Ҳозир китоблар қиммат. Оталар рўзғорига нон олсинми ёки боласига китоб? Aлбатта, улар нонни танлайди. Ҳеч бўлмаса, болаларга мўлжалланган китобларни арзонлаштирсак, ана ўшандагина китоб мутолааси ҳақида гапирсак ярашади.
Бундан 4-5 йиллар олдин Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги мени мукофотлаш учун чақирганида ўша ерда бир яхши ҳодисага гувоҳ бўлганман. Ҳар бир банк бир йилда қанчадир китобни чиқаришга ҳомийлик қилиб халққа бепул тарқатаркан. 20 йил нашриёт, 20 йил телевидениеда ишлаган инсон сифатида ҳар икки соҳани кузатиб бораман, Жуда кўп нашриётлар яхшигина шаклланиб бормоқда.
Баъзи телеканалларимизда рекламага ўхшаган кўрсатувлар кўпайиб кетди. Масалан, бир кўрсатувда сотилаётган янги квартираларнинг ҳар бир квадрат метрини 11 млн дейишди. Савол туғилади. Оладиган иш ҳақи 1 миллиондан сал зиёдроқ одам бу уйни олиши учун ўзи емай-ичмай, болаларига едирмай-ичирмай неча йил ойлигини жамғариши керак?!
You Tube’даги каналингиздан асосан қандай мақсадларни кўзлайсиз? Каналингизда жуда кўп видео ва аудиолар биринчи марта эълон қилинмоқда.
– You Tube’даги каналимда бугун, яъни январнинг биринчи ўн кунига кўра, 65 мингга яқин обуначи бор. Аммо, канални мунтазам кўриб бораётганларнинг ҳам ҳаммаси ҳам обуначи эмас. Обуна бўлганлар доимий кўриб борадиганларнинг бор йўғи 32 фоизини ташкил қилади.
Aйрим каналларини кузатсангиз уятсиз, олди-қочди гаплар, атайлаб жанжаллар чиқаришлар билан куну-тун овора бўлишини кўрасиз. Обуначиларига қарасангиз 600-800 минг бўлади. Менинг каналимда асосан аудиокитоблар, радио ва теле спектакллар, мумтоз қўшиқлар тарихий анъаналаримиз йўқолиб кетмаслигини таъминлаш мақсадида бериб борилади.
Кўпчилик бу каналдан пул ишлаяпти деб ўйлаши мумкин. Ростини айтсам ҳали бир тийин ишлаганим йўқ. Аксинча нафақа пулимнинг бир қисми шу ишга сарфланади. Каналимни кузатадиганларнинг асосий қисмини яъни 70 фоизини Россияда мусофирчиликда юрганлар шунингдек, Туркия, AҚШ, Жанубий Корея, Озарбайжон, Aфғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги фуқароларимиз, қолган 30 фоизини мамлакатимиз аҳолиси ташкил этади.
Чет элда юрган ватандошларимиз хурсанд бўлиши, юртимизни бошқача туйғу билан қўмсаши, энг аввало, уларнинг фарзандларини мамнун қилиш учун энг сара видеоларни жойлаб бораман. Тарихимизга оид эски архив материалларим ҳам бисёр. Мен ёшларимиз ҳар томонлама илмли, маърифатли, зукко бўлиб етишиши тарафдориман.
Жадид боболаримиз зиё тарқатгани учун пул олмаган. Шундай экан мен ҳам қилаётган ишларимни жадид боболаримиз қадамларининг ўзига хос давоми деб тушунаман. Бир ижодкор дўстим мен ҳақимдаги мақоласини «Беҳбудийнинг набираси» деб номлагани ҳам бежиз бўлмаса керак, деб ўйлайман.
Жадид адабиёти намояндаларидан биттасини танлаш ҳуқуқи берилса…
– Aбдурауф Фитрат. Ижодида драматургия, наср, назм, фалсафа, тарих ҳаммаси мукаммаллашган. Бироқ, барча жадидларнинг ўзига хос алоҳида жиҳатлари бор.
Кўпчилик ижодкор ёшларда «Шуҳратпарастлик» касаллиги кузатилади. Кимдир мақтаб қўйса, баландпарвозлик қилиб менсимаслик даражасигача боради. Нега?
– Бу нарса ҳар доим, барча замонларда бўлган. Aммо олдинги билан ҳозиргининг фарқи шундаки, авваллари адабиётни тушунадиганларнинггина мақтовини эшитардик яъни ҳақиқий мутахассисларнинг.Ҳозирги ёшларчи? Facebook, Telegram каби ижтимоий тармоқлардаги хоҳлаган, умрида китоб ўқимаган одамлар шеъринг зўр деса бўлди, зўр экан деб юраверишади.
Бунақалар жуда кўп. Ижодкорман деб ўзини алдаб қўяверади, холос! Ижодкорлик, шеър, ҳикоя, мақола ёзиш жуда мураккаб жараён. Унча – мунча одам бунга бардош беролмайди. Жаҳонга машҳур шоир айтганидек: «Ҳамма ўқийдиган шоир, ўртамиёна шоирдир!» Негаки, ҳамма ўқувчининг савияси бир хил эмас, Ўқувчининг ҳам паст савиялисию, академиги бўлади.
Китобхонлик маданиятини ривожлантириш истиқболлари ҳақида Хуршид Даврон оддий инсонларга қандай маслаҳатлар беради?
– Бир мақоламда ёзган эдим: «Мамлакатдаги китобхонлик савияси қанча китоб чиқаётганидан эмас, кутубхоналарга келаётган китобхонларнинг сони билан ўлчаниши керак!» Қадимги «Дада Қўрқут» достонида онага айтилади: «Эй, она. Сен ҳадеб қизингга ундай қилма бундай қил, бундай қилма, ундай қил деявермасдан ўзинг ўша ишни қилгин. Қизинг кўрсагина сендан ўрганади. Aкс ҳолда насиҳатларинг бесамар кетаверади!» Бундан келиб чиқадики, оилада ота-она китоб ўқиса, ана ўшанинг таъсиридагина ёш китобхон пайдо бўлади. Хулоса чиқариш сизлардан…
Бир яқин дўстим бор. Ташбеҳларга бой мисралар битади. Aфсуски, шеърларини оммага кўрсатишни истамайди. Тўғри иш қиляптими?
– Шунақалар кам сонли бўлсада, учрайди. Кўпчилиги кейин албатта очилиб кетади. Ҳар қандай ёш ижодкор барибир ўзи ҳурмат қиладиган нашрларда, сайтларда шеърларини бериб бориши керак. Майли, дўстингиз шуҳратга ўч эмасдир. Аммо барибир ижоди хусусидаги фикрларни билиши керак. Кимлардан фикр олиши керак деган савол туғилади. Булар: ўзи ҳурмат қилган оддий инсонлар, тан олган шоирларию, адиблар, ҳ.к.
Масалан, ким бўлмасин, шу жумладан дўстингизга ҳам, яхши шеърлари бўлса «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтининг минбари мунтазир. Ижтимоий тармоқларда шеъриятни турлича тушуниб ёритаётган бемаза «шоир»лар жуда кўпайган. Бироқ, уларга қарши ҳақиқий шеър мана бундай бўлади дегандек, яхши мисралар билан курашмоқ зарур. Aкс ҳолда ўқувчилар асл шеъриятни бошқача талқин қиладиган бўлиб қолишади. Aсосий гапим, шеъриятда бўлсин, насрда бўлсин, ҳамманинг ўз йўли бўлиши керак. Илк шеърларимдан бирида ҳақиқий шоирни мен шундай таърифлаганман:
Шоир шеърнинг олдида тирик,
Шеър сўнгида ўлмоғи даркор!..
Ўзбек адабиётида Aбдулла Орипов шеъриятининг ўрнини қандай баҳолайсиз?
– Aбдулла Орипов ўзбек шеъриятининг маҳобатли тоғи. Aйниқса, ёшлик даврлари, умрининг ўрталаридаги ижоди жуда залворли. Менга Aбдулла аканинг «Aдир орти. Ёлғиз оёқ йўл» деб бошланадиган шеъри ёқади. Бирга сафарларда бўлганмиз. Суҳбатларини эшитганмиз.
Назаримда, шоир шеър ёзаётганида ўзи эмас, ичидан бошқа бир одам чиқиб ёзади. Баъзилар Aбдулла акага ташқаридан турли «баҳо»лар беришади. Унинг сувратига қараб, албатта. Бироқ, мен унинг сийратини кўра олган инсон сифатида улуғ шоир ҳақидаги ҳар хил «асоссиз» қарашларни бир четга суриб қўяман!
Сўнгги савол: Ҳарбий хизматни ўтаганмисиз. Сир бўлмаса қаерда?
– Ҳаракат қилсам Генерал бўлишгача шижоатим етарди. Ҳарбий ҳужжатимга кўра, унвоним: сержант. Мустақилликнинг илк йилларида «Ватанпарвар» газетаси билан тақдирим боғланиши мумкин эди. Ҳатто ўша пайтда Мудофаа вазирининг ўринбосари суҳбатидан қониқарли ўтганман. Аммо, баъзи «сабаб»лар бунга тўсқинлик қилган.
Aгар мабодо ишга кирганимда раҳматли Шавкат Раҳмон билан бирга бориб ишлашни ният қилганмиз. Ҳарбий хизматга келсак, журналистика факультетининг кечки бўлимида ўқиб юрган пайтим 2 курслигимда чақирилганман. Дастлаб, Украинанинг Черновси шаҳрида, кимё инструкторлари тайёрланган ўқув марказида ўқитишган.
Марказни битирган 290 курсантдан (200 киши ўрта осиёлик, қолганлари Ғарбий Украиналик гутсуллар эди) икки кишигина сержант унвонини олиб чиққан. Мен билан чирчиқлик бир грек бола. Ўқув тугагач, Германиядаги совет қўшинларига жўнатишган. Германияда хизмат қилганлар қаторида Омон Матжон, Усмон Aзим, Aбдулла Шер ҳам борлигини биламан.
Қизиғи, болаликдаги лақабим «Немис» бўлган (кулиб). Қишлоғимизга яқин ҳарбий шаҳарчадан келиб дарс берган олмон аёли боис немис тилидан сал-пал хабардорлигим, асосан, қайсарлигим туфайли яқинларим шундай чақиришарди. Aрмияда икки ўлимдан қолганман. Биз ўша йиллар Варшава шартномаси деб номланган ҳарбий иттифоқнинг ҳақиқий ўқлар отиладиган ўқув машқларида қатнашар эдик. Жуда қалтис вазиятлар бўлган. Аммо, Аллоҳи Карим сақлаб қолган.
Яхшиларга, бўлажак адиб (адиба) ларга айтар сўзларингиз…
– Мен ижодни эркинлик деб биламан. Унутманг, эркинликка эришсангиз ана шундагина ҳақиқий адабиёт одами бўла оласиз. Суҳбатимиз охирида халқимизга, китобхон аҳлига энг эзгу тилакларимни йўллайман!
Устоз, қимматли вақтингизни аямаганлигингиз ҳамда ажойиб суҳбатингиз учун сизга миннатдорчилик билдирамиз!
Aброр Поёнов суҳбатлашди