Ibrohim Haqqul. Navoiy va biz & Ibrohim Haqqul Alisher Navoiyga bag’ishlangan «Oqshom gurunglari»i teledasturida (1-2-qism)

09 Инсоният бор экан, Навоий шеърияти ҳаётий, маънавий, ахлоқий зиё манбаи бўлиб қолаверади. Буюк шоир бу дунёга келишнинг кетиши – қайтиши борлигини ҳар жиҳатдан теран талқин этиб берган муршид ва мураббий ҳамдир.

Иброҳим Ҳаққул
НАВОИЙ ВА БИЗ
(адабий – танқидий ўйлар)

I

06Алишер Навоий зулм ва зўравонлик, ижтимоий-сиёсий ҳақсизликларга кўксини қалқон қилган ҳақпараст санъаткор эди. Салтанат ва сиёсатдан келадиган адолатсизликлардан, ташқи муҳитдаги ҳар турли ёвузликлардан инсонни ҳимоя айлашга чоғлангани боис ҳам Навоий ишнинг сўздан ажралиб қолиши, у ёки бу моддий манфаат юзасидан тарк ҳолидан йироқлашишга ҳеч ён бермаган.

II

Абусаид Мирзо ҳукмронлиги тугагач, хусусан, Ҳирот ва ҳиротликлар учун эркинликни орзу этишга унча ҳожат қолмаганди. Ҳамма ўз қобилияти ва ҳунарини бемалол юзага чиқариб, янада илгари одимлаши мумкин эди. Ижтимоий-моддий турмушнинг барча жабҳасида ташаббус ва ғайрат қўллаб-қувватланадиган давр бошланганди. Албатта, бунда Алишер Навоийнинг ҳиссаси ҳам катта эди. Навоий ҳар бир киши билан унинг касби, ҳунари, имконияти юзасидан сўзлаша олар, олим билан олим, санъаткор билан санъаткор, мутасаввиф билан мутасаввиф, диндор билан диндор, деҳқон билан эса деҳқон тилида гаплашарди. Жамиятдаги ҳеч бир ижтимоий қатламнинг психологияси ва ички майллари унга тушунуксиз эмасди.

Ҳеч шубҳасиз, Навоий дин ва шариат алломаси эди. У фақат шариат ва тасаввуфда эмас, бадиий ижод, санъат ва мусиқада ҳам мустаҳкам диний-руҳоний пойдевор бўлиши зарурлигини бехато англар ва ҳамма соҳада ҳаёт талабларини доимо олдинга қўярди. Адабиётни ривожлантириш унинг ғоявий-бадиий куч-қувватини ошириб, уни халққа яқинлаштирмоққа у алоҳида аҳамият берган.

Хуллас, миллат онг ва тафаккур учун олис тарихда қолган нима нарсани қайта тирилтириш ёки ислоҳ қилиш зарур бўлса, Навоий улардан, деярли, ҳеч бирини назардан соқит қилмаган. Шу маънода Бобур Мирзонинг: “Аҳли фазл ва аҳли ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий (қўллаб-қувватловчи, кўмак берувчи) маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай”, – деган сўзларини қайта-қайта хотирлаш лозим. Ҳақиқатда ҳам, қадим Ҳирот ва азим Хуросон ўз тарихи мобайнида илм, ижод, санъат ва ҳунар аҳлига Навоийга тенг келадиган ғамхўр, муҳофиз, олийҳиммат ва холис зотни кўрмаган бўлиши керак. Ўзи табиатан гўзаллик ва ижод кишиси бўлганлиги, илмий, маданий, адабий юксалишни ҳар нимадан юқори қўя билгани туфайли ҳам Навоий неча юзлаб шоир, олим, мусаввир, мусиқачи, санъат ва ҳунар вакилларини сўзига инонтириб, ортидан эргаштиришга мушарраф бўлганди. Навоий маъқуллаган айтарли ҳар бир нарсани кўпчилик маъқуллаган, севса севгудек, суянса суянгудек шоири аралашган ва бош қўшган кўпдан-кўп юмушлар эл-юрт манфаати даражасида баҳоланган. Чунки ҳар кору ҳолда Навоий холис бўлган. Ҳар бир истеъдод соҳибининг ютуғини мутлақо беғараз, тўда ёки гуруҳ манфаатидан йироқ ҳолда баҳолай билган. Хуллас, Навоийнинг беқиёс ва серғайрат шахсияти ўзи яшаган даврнинг эмас, балки барча давр ва замонларнинг ишонч ҳамда илҳом тимсолига айланган.

III

Навоийнинг Мажнуни олис ўтмишдаги араб қавмига мансуб бир ошиқ деб қаралса-да, аслида у ўн бешинчи аср мусулмон муҳитидаги эркин ва ҳурриятчи инсондир. Ҳаётнинг туб мазмунини у, аввало, эркинликда, деб билади ва ишқ йўлида эркига қарши бўлган ҳамма тўсиқни четга улоқтириб ташлашга жаҳд қилади. Одамга ишқ-муҳаббат, албатта, эрк беради, аммо ишқ ҳурлик, озодлик нуридан қонмаса, висол ҳижронга, бахт, иқбол, саодат деганлари фожиага дўнади.

Мажнун шундоқ зукко ва ҳассос йигитки, наинки одам, оламнинг ҳам сир-асрори ҳурликда яширинганини бехато англайди. Халқу халойиқнинг жуда катта қисми озодлик учун курашмаслиги, ҳатто ҳурликни яхши кўрмаслигини теран фаҳмлаган Мажнун унга душманлик кўзи билан қарашларидан эмас, ишқ гўзаллиги, ошиқлик ҳолининг таҳқирланишларидан изтироб чекади. Ошиқликнинг бош шарти ва талаби эрк бўлгани боис ҳам у қуллик, қарамлик, турғунлик бағридаги жамиятни тарк этади. Қарангки, шу тарк уни асосий қийинчилик ва қийноқлардан қутқазади. Қисматидаги азоб ва зиддиятлар Қайсни аҳли дунёга бутунлай тушунарсиз жунун мақомига кўтаради. Шунда унинг кўнгли ва руҳида ишқ ирфонга, ирфон эса ишққа ўрин бўшатади. Ориф Мажнун ошиқ Мажнунни суя билишининг туб моҳияти, оламшумул аҳамиятидан сўз юритади:

Эй ишқ, ғариб кимёсен,
Бал оинаи жаҳоннамосен.
Ҳам зотингга дарж кимёлиқ,
Ҳам ойнаи жаҳоннамолиқ…

Шоир Лайли ва Мажнун қисмати, маънавий ҳолатлари билан бирга, улар мансуб ижтимоий-сиёсий, маданий-ахлоқий муҳитга ҳам “ойнаи жаҳоннамо”дан назар ташлайди. Достондаги қабилачилик, уруғ-аймоқчилик, маҳаллий маҳдудлик ва жаҳолатга қарши муносабат, кучли исённинг тахминан ярмидан кўпи – Навоийнинг танқидий муносабати ва исёнидир. “Хамса”нинг бошқа достонларига нисбатан “Лайли ва Мажнун”да Навоийнинг адабий шахси, шахсий хусусиятлари кўпроқ, тўлароқ аксини топган. “Хамса” достонларида макон, замон ва давр нисбий аҳамият касб этгани боис Мажнунни барча асрларнинг маънавий қаҳрамони, деса ғалат бўлмайди.

IV

Алишер Навоий буюк тилшунос, адабиётшунос, тарихчи олим, давлат ва жамоат арбоби. Буни ҳамма билади. Навоий улуғ бир дин вакили, мутасаввиф, мутафаккир толмас сиёсатчи. Буни ҳам кўпчилик яхши англайди. Лекин буларнинг ҳеч бири Навоийнинг шоир-мутафаккирлигидан олдинга ўтганмас. Шоир бўлиш, шоир бўлганда ҳам зўр, бетакрор шоир бўлмоқ учун туғилганини Навоий ҳамма нарсадан ортиқ ҳис қилар, илҳом юз очган чоғларда замин билан само гўё ўрин алмашарди. Навоий ҳам дунё, ҳам охират, ҳам шодлик, ҳам қайғу, ҳам бахт, ҳам бахтсизлик, ҳам висол, ҳам ҳижрон, ҳам ўтмиш, ҳам келажак ижодкоридир. Унинг сўз, фикр, туйғу, хаёл ва армонларини турмушнинг тор, биқиқ, ўткинчи талаб ва манфаатларига мувофиқлаштириб бўлмаганидек, уларни ёлғон, ҳийла, алдов ва сохтакорликларга хизмат эттиришнинг йўли ҳам беркдир. Чунки Навоий шеъриятида ҳар бир нарса гўзаллик, софлик, илоҳийлик сифатлари билан сайқалланган.

Инсоният бор экан, Навоий шеърияти ҳаётий, маънавий, ахлоқий зиё манбаи бўлиб қолаверади. Буюк шоир бу дунёга келишнинг кетиши – қайтиши борлигини ҳар жиҳатдан теран талқин этиб берган муршид ва мураббий ҳамдир.

V

Биз нима демайлик ва қандай изоҳ бермайлик, ўтган асрда ҳам, кейинги юз йилликнинг аввалида ҳам Алишер Навоий ижодиётида турли шаклда талқин этилган жавонмардлик, тасаввуф, маломатийлик, ишқ ва ирфон ғоялари ўқувчи қалбига таъсир ўтказиб, маънавий оламини ўзгартирадиган зайлда ёритиб берилгани йўқ. Ҳатто айрим навоийшуносларнинг ботиний ҳаётида бирор янгиланиш бўлган дейиш душвордир. Чунки шахси ва табиатига бегона, ўзи инонмайдиган туйғу, ҳолат ва тушунчалар тўғрисида сўзлаб, амалда улардан йироқ ақида ва кўникмалар билан яшаш икки қиёфаликни қўллаб-қувватлаш демак. Бунинг аниқ бир далили ва исботи диндор, мутасаввиф, ориф, фақир Навоийнинг асл қиёфасини йиллар мобайнида сохталаштирилганидир. Мустабид совет давлати даврида шундай бир ақида шаклланган: ҳеч кимга, ҳатто Аллоҳга ҳисоб бермасанг, берма, аммо давр, сиёсат, расмий мафкура йўл-йўруғи ва талаби бўйича амалга оширилган Навоийни замонавийлаштириш ишларига асло қаршилик кўрсатма. Бу эса улуғ шоир ҳаёти, шахси, дунёқараши, ижодиётига доир маълум гаплар, саёз ва сохта таҳлилларнинг ортиб боришига кенг йўл очган. Ва бу ғайриилмий йўналиш давлат, партия арбоблари томонидан назорат этиб борилган. Мен яхши англайман: устод Садриддин Айний, Ойбек, Е.Э.Бертельс, Мақсуд Шайхзодалар анча тўғрисўз, қатъиятли, тамадан йироқ, дид ва савияси Навоийни ўрганишга муносиб тадқиқотчилар бўлишган. Зулм кучайгани сайин ортиб борган қўрқув, таҳлика ва эътиқод сустлиги, минг таассуфки, уларга маслакдош, чин издош олимларнинг сонини камайтирган. Аста-секин Навоийга қарши нуқтаи назар ва фикрлар билан навоийшунослик қилиш айб ҳам, уят ҳам саналмаган. Катта-кичик ҳар бир олим Навоий ижодиётидан ўзича пролетар доҳийлари таълимотига мувофиқ келадиган фикр-мулоҳазаларни топишга астойдил уринган. Бу ҳолдан кўз юмишнинг ҳеч иложи йўқ. Негаки бошқа тарихлар сингари навоийшунослик тарихини ҳам ўтда ёқиб, сувга чўктириб бўлмайди.

Коммунист навоийшунос ва уларнинг содиқ, ғофил, ҳавойи муридларини айблаш ё қоралашнинг энди ҳожати йўқ. Боз устига улар аллақачон аввалги манқуртлик, қатъият ва пешқадамликларидан воз кечишган. Бироқ илмдан ким қандай мақсадни кўзлаган, Навоий ижодиётини қанақа тубан манфаатлар туфайли сохталаштиришга бош қўшганини билиш, муҳокамадан ўтказиш ва хулоса чиқариш лозим. Бўлмаса адабиётшунослик сингари навоийшуносликда ҳам туб эврилиш юзага келмайди. Ростини айтганда, мустақилликдан кейин ҳам навоийшуносликнинг коммунист олимлар тасарруфида қолиши олдингидек Навоийни халққа яқинлаштириш, шоирнинг илмий-адабий меросига қуллик ва мутеликда яшаб келган омма қизиқишининг ўзгаришига имкон бермади. Бугунги асосий вазифа Навоий ижоди омма савиясига мослаш эмас, унинг дид ва савиясини Навоий асарларини англаш даражасига олиб чиқишдир.

VI

Алишер Навоий ижодиётининг зоҳирий, яъни ташқи жиҳатлари тўғрисида ўзбек навоийшунослигида ҳам, хорижий навоийшуносликда ҳам кўп ишлар қилинган ва уларнинг маълум қисми такрор ёки ифодаси ўзгартирилган қайтариқлардан иборат. Лекин шоир шеърий меросининг ботиний моҳиятидан баҳс юритилган тадқиқотлар йўқ, ҳисоби. Ваҳоланки, навоийшуносликнинг асосий вазифаси Навоий асарларининг маънавий, маърифий, руҳоний маъноларини очиб беришдир. Маълумки, совет замони моддиётчилик, зоҳирбинлик замони эди. Бундай вазиятда сийрат билан қизиқишга зарурият ҳам бўлмаган. Шунинг касофати бўлса керак, бугун ҳам “навоийшуносман”, деб юрганларнинг аксарияти билан Навоий ижодининг ички олами ҳақида фикрлашиб бўлмайди. Чунки улардан ҳар бири маънавийни моддийдан, руҳонийни жисмонийдан фарқлолмайдиган бир аҳволга тушиб қолишган.

VII

Ҳар қандай илмий-назарий қараш, фикр ёки тушунчанинг асосий манбаси адабий матндир. Адабий матн эса фақат ижтимоий, сиёсий, ахлоқий мазмунларни эмас, балки соф миллий, диний, ирфоний ҳақиқатларни ҳам акс этииради. Шунинг учун хорижий бир адабиёт намуналарига таяниб топилган термин, ибора ва назарий қонун-қоидаларни тақлидчилик йўли билан ўзлаштириб миллий адабиётга тадбиқ қилиш ғайриилмий устомонликдан бошқа бир нима эмас. Афсуски, адабиётшунослик ва танқидчиликда кенг томир ёзган бу ҳодисага ҳанузгача чек қўйилган эмас. Ваҳоланки, миллий адабиёшунослик тил, маслак, тадқиқ холислиги ва талқин жонлилигидан бошланади. Қайси муқаллид олимки, хориждан ўзлаштирилган термин, тушунча ёхуд илмий-назарий “янгилик” билан гапни айлантирса, билингки, унинг миллий шуури, маънавий-эстетик қаноати сингари савияси паст, диди ночордир. Олдинги авлод навоийшуносларининг тажрибаларига очиқ, тўғри ва холис муносабат билдирилмагани боис Навоий асарларини ўзгача бир қитмирлик билан қолиплаштириб, моҳиятни бузиб, ўзбошимчалик билан сохталаштириб талқин этиш янгидан йўлга қўйилди. Агар бундай илмбозлик, бузғунчилик ҳаракатига чек қўйилмаса, худди аввалгидек Навоийни кўкларга кўтариб мақташ, чиройли сўзлар билан шарафлаш давом этавериб, юрт, миллат, ҳақиқат ишқида ёнганшоир ижодиётини ўқиб-ўзлаштиришда сезилари бир силжишга эришилмайди.

VIII

Анча узоқ йиллардан буён мен кўраман, кузатаман: ички бир истак, майл, фикрий ташаббус билан Алишер Навоий асарларини мутолаа қилишга вақт ажратадиган ўзбек амалдорларининг сони ҳаддан ташқари сийрак. 9 февраль яқинлашиб, бирор бир йиғин ёки учрашув ўтказиш мўлжалланганда улар Навоийни эслашади. Бошқа пайт асарлари нари турсин, Навоийнинг кимлигини ҳам ўйлаб кўришмайди. Менинг назаримда, Навоий ҳақида энг кўп ёлғон айтиладиган кун шоир таваллуд топган кун. Чунки ундан-мундан ўзлаштирилган китобий гаплар бир-икки кун ўтмай бутунлай унутилади. Мансабдор ва давлат мулозимлари сидқидилдан Навоийни ўқиб, мушоҳадага киришса улардан кўпининг маънавий, маърифий савияси, ҳеч шубҳасиз, ўзгаради, калондимоғлик, худпарастлик, такаббурлик, риёкорлик, муттаҳамлик, порахўрлик, ғирромлик сингари ўнлаб офатлардан ҳар қалай ўзини чеклайди. Бироқ ҳеч қачон бундай бўлмаган, бўлиши ҳам жуда қийин. Навоийни ўқиб-ўрганаётирмиз, деб биз ўзимизни алдаймиз. Навоий ёзиб қолдирган олий фикр ва ҳақиқатларни, албатта, амалга оширамиз деймиз, бироқ эътирофимизга ишонмаймиз, Навоийни “авлиёларнинг авлиёси”, дея улуғлаймиз, бироқ тил бошқа, дил бошқалигидан уялмаймиз. Навоийни ўқиб, етарли зайлда англаганлар халқ ва миллат мақомини эгаллашига инонса бўлади. Эгалламаганлар-чи? Оломонлигича қолади. Буни, айниқса, зиёлилар, илм ва ижод вакиллари чуқур билиши керак.

Машҳур олмон олими ва файласуфи Фридрих Нитше ёзади: “Кўзимизни қоплаб олган оптимизм пардасини Шопенгауэр йўқотганидан буён ҳаётни яхши кўраётирмиз. Ҳаёт ҳар не қадар янада чиркинлашган бўлса ҳам анча қизиқарли ҳолга келгани муҳаққақдир».

Қизил империя даврида кўзимизга ва онгимизга қопланган “некбинлик пардаси”ни йўқотадиган даҳо шоиримиз Алишер Навоийдир. Маълум бир тоифа ёки гуруҳнинг эмас, Навоий бутун миллат ва Ватаннинг халоскори эканини сира унутмаслик лозим!

Тасаввуф аҳлининг маълумот беришича, инсоннинг маънавий уйғониш ва ўзини таниш нуқтасида башарий, нафсоний ирода билан илоҳий ирода орасида баъзан анча узоқ ва кескин бир мужодала бўлар экан. Олишиб-талашган икки тарафни бир-биридан ажратиш чегарасига етган қулга тўрт сас, тўрт чақириқ эшитиларкан. Уларнинг иккиси хайр ва илоҳий иродага, қолган иккиси шарр ва нафснинг иродасига ён беришга ундар экан. Буларни хотири Ҳақ, хотири малак, хотири шайтон, хотири нафс, дея номлашган. Ҳақ ва малакка нисбат берилган хотир (сас, овоз, садо) инсонни яхшилик, эзгуликка чақирса, шайтон ва нафсдан келган хотир ёмонлик ва тубанликка чорлаган. Алишер Навоий шеърларини синчиклаб ўқиган ўқувчи ана шу тўрт хотирни аниқ тасаввур қилади ва уларнинг сасу садосини эшитишни ҳам истайди. Ушбу хотирлар орасида нафсга тегишли хотирга Навоий диққатни кўпроқ қаратиб, ундан етадиган сасларни шарҳлайди.Масалан, шоир бир рубоийсида:

Нафс амрида ҳар нечаки толпинғайсен,
Кўп гарчи бутунлуқ тиласанг, синғайсен, –

дейди. “Нафс амри” дегани аслида хотири нафсдир. Унинг саси, овозига таслим бўлганкимса, албатта, синади, парчаланади ва ҳеч вақт бутунликка эришолмай ўтади. Хотири нафс инсонгаҳукмини ўтказдими, демак, хотири шайтонга ҳам йўл очилади ва икки “ўт” орасида қолган киши ҳамиша бир ички нотинчлик, қаноатсизлик, азоб, майдакашлик ичида кун кечиради.

IX

Аҳли маърифатнинг эътирофлари бўйича, пайғамбарлар қанча фикр ва ҳикматни ўртага ташлаган бўлишмасин, асил мақсадлари уларнинг тўртта бўлган. Биринчиси, одамларнинг дунёга алданмаслик, ундан эҳтиёжига яраша фойдаланиш ва молу мулк ҳамда мартабанинг турли азоб-уқубатларга сабаб бўлишини билиши, яъни тарк ҳолининг моҳиятига етишиши.

Иккинчиси, халқу халойиқнинг ёмон ахлоқдан қутулиб, яхши ахлоқ, чиройли хулққа соҳиб бўлиши.

Учинчиси, инсонларнинг сўзда ҳам, амалда ҳам тўғриликка риоя қилиши, дилдаги билан тилдагининг бир-биридан ажралмаслиги.

Тўртинчиси, халқнинг илм эгаллашни жойига қўйиб, ожизлик ва илмсизликларини эътироф айлай олиши.

Шу нуқтаи назардан Алишер Навоий ижодиётига ёндашилса, нубувват таълимоти буюк шоирнинг илҳом чашмасидан бири бўлганлигига ҳеч шубҳа қолмайди. Унинг асарларида ахлоқ камолоти ва гўзаллиги тушунчаси қанча кенг, нечоғли теран ёртилган бўлса, илм-маърифат мавзусига ундан ҳам ортиқроқ миқёсда эътибор қаратилган. Фикр, ҳол ва фаолиятдаги ростликнинг куч-қувватини дарж айлашда Навоийнинг панжасига панжа урадиган санъаткор ғоятда оздир.

Мутафаккир шоирнинг ҳар ўн шеъридан камида тўрт-бештасида тарк, тарки дунё, тарки уқбо, тарки ҳасти талқинига дуч келинади. Навоийга кўра, тарк ҳали инсон табиатини кераксиз хасу хашаклардан тозалаб, фаҳму фаросатнинг кучайишига яқиндан ёрдам беради. Амалда тарки ҳасти – ўзликни тарк этишга эришган одам ўзини қушдай енгил, эркин ҳис қилиб, моддий дунёнинг асосий тузоқларидан қутқазади.

X

Алишер Навоий фанони бақода, бақони фанода идрок эта билган мутасаввиф санъаткор. Дунёдаги ҳамма нарса ва мавжудликнинг сифати ҳам, қисмати ҳам фаноликдир. Фақат биргина бақо мартабасига соҳиб – Аллоҳ. Бу эса Аллоҳ билан боғланмаган ҳеч қандай борлиқда бақо хусусияти бўлмайди, дегани бўлади. Борни йўқ ҳолида кўриш, йўқни бордай тасаввур айлаш фано сирларидандир. Фано ҳақида илм ва ижод аҳли бир-бирига зид, гоҳо бири бошқасини инкор айлайдиган кўп фикрларни илгари суришган. Аслида фано борлиқни соядан, асл ва асосни кўлкадан ажратувчи мушоҳада ва завқ тажрибасидир. Бу маънавий малака наинки одам қавмидаги, балки оламдаги ёмонлик, ёвузлик ва разолатни тутдай тўкиб, башар қалбига осудалик ҳамда қаноат бағишлайди. Алишер Навоий шу ҳақиқатга суяниб, бандасининг ўзини ўзидан (башарий “мен”лигидан қутқазишидан ҳам сўзлайди:

Ул киши ўзни қилур аҳли фано базмида хос,
Ким, қилур ўзлики бирла ўзидан ўзни халос.

Шоир бошқа бир ўринда инсоннинг ўзидан ўзни халос айлашни ўзлик иморатини бузиш, деб ифодалайдики, бундан кўзлангани нафс “иморат”идир.

Кимки ўзлик иморатин бузди,
Нақди фано бўлди анинг музди…

Жунайд Бағдодийнинг таъкидлашича, фано инсоннинг ўз борлиғини Аллоҳ борлиғи билан ўзгартириш эмас, балки ўз орзуларини Аллоҳ амри ва фармойиши билан ўзгартиришдир. Шунинг учун Ҳақ йўлчисининг кўнглини дунёпарастлик майли ва нафсоний орзулардан тозалашга ҳам фано, дейилган. Мана шу натижага эриша олган ҳар бир киши эркин ва қаноатлидир.

XI

Инсон тирик ва ҳаракатда экан, унинг ўзгалар билан муомала-муносабатида англашмовчилик, зиддият, зоҳирий ёки ботиний келишмовчиликлар бўлади. Яқинлик ҳолидаги йироқлик, дўстлик ниқобидаги душманлик, саховат ва ҳиммат иддаосидаги нокаслик ёки бахилликларни-ку, адоғига етиш душвордир. Буларни бартараф қилиш ё четлаш учун ҳеч вақт “қарс икки қўлдан” чиқавермайди. Шу боис тилдаги гап ва эътирофлар кўпинча дилдагига мувофиқ келмайди. Ва айёрлик, ҳийла, риё, қитмирлик миқёсига қараб ўзаро адоват, ғанимлик давом топаверади. Бу беоқибатлик ва ичқораликка қандай чек қўймоқ керак?

Алишер Навоийга кўра, бунинг энг мақбул ва қулай чораси фақру фанодир. Чунки фано барча ғайриинсоний алоқа ва ўйинлардан халос айлаб одамга ҳурлик, осудалик эшикларини очади. Шоир ёзади:

Эл нифоқин кўрмайин десанг, Навоий, фоний бўл,
Чунки сен чиқсанг ародин кимга қилғайлар нифоқ.

Бунда “ародин” чиқмоқ кин, адоват, нифоқ бандаларидан ўзни йироқ тутиш маъносини билдиради. Зеро, фонийвашлик оқни қорадан, тозаликни чиркинликдан, холисликни фисқу фасоддан фарқлаш, Махтумқули айтмоқчи, сўзингни ҳар нокасга раво кўрмасликдир. Навоий шеъриятида фано ва фановашлик гўё бир кўрсаткичдирки, дунёдаги ҳамма муваққат, маънисиз, тубан ва алдоқчи нарсалардан одамни огоҳлантириб, хабардор этиб туради.

“Бир кимсанинг фано ҳоли, – дейди Имом Раббоний, – том маъноси ила ниҳоясига етса, унинг маърифати ҳам мукаммаллашади. Фано даражаси паст бўлганларнинг ҳол ва маърифат даражаси ҳампаст бўлади”. Фано ва фановашликка доир устувор ҳақиқатлардан бири мана шудир.

XII

Олам ўша олам, одам ўша одам. Шарт ва шароит ўзгаргани билан ғаму ташвиш ҳам айтарли ўзгармаган – ўша-ўша. Олийроқ мурод-мақсадга етишган киши кам. Демак, Алишер Навоийнинг:

Гар будур олам, кишига мумкин эрмас анда кам,
Ҳақ магарким ком учун боштин ёротқай оламе,–

деган фикри ҳамон долзарблигини сақлаб турибди. Хўш, Ҳақ бани одам орзу-умиди руёбга чиқадиган бир олам яратиш мумкинми? Буни башорат этиш қийин. Модомики, шундоқ эканбеқарор ва ўткинчи бу дунёда бандаси борини бозор айлаб яшашга мажбурдир. Навоий байтида ҳам шу моҳият сингдирилган. Оламдан топмаган эзгулик ёки хотиржамликни аҳли оламдан истаса бўладими? Навоийнинг бу саволга жавоби янада кескинроқ:

Йўқ вафо жинси бани одамда, бўл навмидким,
Сен вафо кўрмак учун халқ ўлғуси йўқ одаме.

Меҳри вафодан ном-нишон топилгач, табиийки, қалбда умидсизлик уйғонади. Аммо бу Аллоҳдан нажот тилашга дахл этолмайди. Вафо исташга муносибодам топилмаса-да, Аллоҳ таоло ҳеч қачон бандасини новмид қилмайди. Мана шунинг ўзи умид пойдеворидир. Буни чуқур англаш жафони вафо ўрнида қабул айлаш кўникмасини шакллантирганидек, бандасидан етадиган вафосизликка чидашга ҳам ўргатади. Донишманд шоир бу ҳақиқатни бир қитъасида шундай ифодалайди:

Агар оқил эсанг, узгил жаҳон аҳлидин улфатким,
Алардин жуз жафо келмас агар юз йил вафо қилсанг…

Хуллас, Навоий вафо ва жафо тазодини ана шу тарзда ҳал қилиб, инсонни ҳар не истаса, албатта, ўзидан исташга (“Ҳар не истарсан ўзингдин истагил”) ундайди. Шу туйғу қанча кучайса, одамнинг ўзгалар билан муомала муносабатида беғаразлик, холислик ўшанча юксалади.

Тошкент, 2020

Insoniyat bor ekan, Navoiy sheʼriyati hayotiy, maʼnaviy, axloqiy ziyo manbai boʼlib qolaveradi. Buyuk shoir bu dunyoga kelishning ketishi – qaytishi borligini har jihatdan teran talqin etib bergan murshid va murabbiy hamdir.

Ibrohim Haqqul
NАVOIY VА BIZ
(adabiy – tanqidiy oʼylar)

I

Alisher Navoiy zulm va zo’ravonlik, ijtimoiy-siyosiy haqsizliklarga ko’ksini qalqon qilgan haqparast san’atkor edi. Saltanat va siyosatdan keladigan adolatsizliklardan, tashqi muhitdagi har turli yovuzliklardan insonni himoya aylashga chog’langani bois ham Navoiy ishning so’zdan ajralib qolishi, u yoki bu moddiy manfaat yuzasidan tark holidan yiroqlashishga hech yon bermagan.

II

Abusaid Mirzo hukmronligi tugagach, xususan, Hirot va hirotliklar uchun erkinlikni orzu etishga uncha hojat qolmagandi. Hamma o’z qobiliyati va hunarini bemalol yuzaga chiqarib, yanada ilgari odimlashi mumkin edi. Ijtimoiy-moddiy turmushning barcha jabhasida tashabbus va g’ayrat qo’llab-quvvatlanadigan davr boshlangandi. Albatta, bunda Alisher Navoiyning hissasi ham katta edi. Navoiy har bir kishi bilan uning kasbi, hunari, imkoniyati yuzasidan so’zlasha olar, olim bilan olim, san’atkor bilan san’atkor, mutasavvif bilan mutasavvif, dindor bilan dindor, dehqon bilan esa dehqon tilida gaplashardi. Jamiyatdagi hech bir ijtimoiy qatlamning psixologiyasi va ichki mayllari unga tushunuksiz emasdi.

Hech shubhasiz, Navoiy din va shariat allomasi edi. U faqat shariat va tasavvufda emas, badiiy ijod, san’at va musiqada ham mustahkam diniy-ruhoniy poydevor bo’lishi zarurligini bexato anglar va hamma sohada hayot talablarini doimo oldinga qo’yardi. Adabiyotni rivojlantirish uning g’oyaviy-badiiy kuch-quvvatini oshirib, uni xalqqa yaqinlashtirmoqqa u alohida ahamiyat bergan.

Xullas, millat ong va tafakkur uchun olis tarixda qolgan nima narsani qayta tiriltirish yoki isloh qilish zarur bo’lsa, Navoiy ulardan, deyarli, hech birini nazardan soqit qilmagan. Shu ma’noda Bobur Mirzoning: “Ahli fazl va ahli hunarg’a Alisherbekcha murabbiy va muqavviy (qo’llab-quvvatlovchi, ko’mak beruvchi) ma’lum emaskim, hargiz paydo bo’lmish bo’lg’ay”, – degan so’zlarini qayta-qayta xotirlash lozim. Haqiqatda ham, qadim Hirot va azim Xuroson o’z tarixi mobaynida ilm, ijod, san’at va hunar ahliga Navoiyga teng keladigan g’amxo’r, muhofiz, oliyhimmat va xolis zotni ko’rmagan bo’lishi kerak. O’zi tabiatan go’zallik va ijod kishisi bo’lganligi, ilmiy, madaniy, adabiy yuksalishni har nimadan yuqori qo’ya bilgani tufayli ham Navoiy necha yuzlab shoir, olim, musavvir, musiqachi, san’at va hunar vakillarini so’ziga inontirib, ortidan ergashtirishga musharraf bo’lgandi. Navoiy ma’qullagan aytarli har bir narsani ko’pchilik ma’qullagan, sevsa sevgudek, suyansa suyangudek shoiri aralashgan va bosh qo’shgan ko’pdan-ko’p yumushlar el-yurt manfaati darajasida baholangan. Chunki har koru holda Navoiy xolis bo’lgan. Har bir iste’dod sohibining yutug’ini mutlaqo beg’araz, to’da yoki guruh manfaatidan yiroq holda baholay bilgan. Xullas, Navoiyning beqiyos va serg’ayrat shaxsiyati o’zi yashagan davrning emas, balki barcha davr va zamonlarning ishonch hamda ilhom timsoliga aylangan.


III

Navoiyning Majnuni olis o’tmishdagi arab qavmiga mansub bir oshiq deb qaralsa-da, aslida u o’n beshinchi asr musulmon muhitidagi erkin va hurriyatchi insondir. Hayotning tub mazmunini u, avvalo, erkinlikda, deb biladi va ishq yo’lida erkiga qarshi bo’lgan hamma to’siqni chetga uloqtirib tashlashga jahd qiladi. Odamga ishq-muhabbat, albatta, erk beradi, ammo ishq hurlik, ozodlik nuridan qonmasa, visol hijronga, baxt, iqbol, saodat deganlari fojiaga do’nadi.

Majnun shundoq zukko va hassos yigitki, nainki odam, olamning ham sir-asrori hurlikda yashiringanini bexato anglaydi. Xalqu xaloyiqning juda katta qismi ozodlik uchun kurashmasligi, hatto hurlikni yaxshi ko’rmasligini teran fahmlagan Majnun unga dushmanlik ko’zi bilan qarashlaridan emas, ishq go’zalligi, oshiqlik holining tahqirlanishlaridan iztirob chekadi. Oshiqlikning bosh sharti va talabi erk bo’lgani bois ham u qullik, qaramlik, turg’unlik bag’ridagi jamiyatni tark etadi. Qarangki, shu tark uni asosiy qiyinchilik va qiynoqlardan qutqazadi. Qismatidagi azob va ziddiyatlar Qaysni ahli dunyoga butunlay tushunarsiz junun maqomiga ko’taradi. Shunda uning ko’ngli va ruhida ishq irfonga, irfon esa ishqqa o’rin bo’shatadi. Orif Majnun oshiq Majnunni suya bilishining tub mohiyati, olamshumul ahamiyatidan so’z yuritadi:

Ey ishq, g’arib kimyosen,
Bal oinai jahonnamosen.
Ham zotingga darj kimyoliq,
Ham oynai jahonnamoliq…

Shoir Layli va Majnun qismati, ma’naviy holatlari bilan birga, ular mansub ijtimoiy-siyosiy, madaniy-axloqiy muhitga ham “oynai jahonnamo”dan nazar tashlaydi. Dostondagi qabilachilik, urug’-aymoqchilik, mahalliy mahdudlik va jaholatga qarshi munosabat, kuchli isyonning taxminan yarmidan ko’pi – Navoiyning tanqidiy munosabati va isyonidir. “Xamsa”ning boshqa dostonlariga nisbatan “Layli va Majnun”da Navoiyning adabiy shaxsi, shaxsiy xususiyatlari ko’proq, to’laroq aksini topgan. “Xamsa” dostonlarida makon, zamon va davr nisbiy ahamiyat kasb etgani bois Majnunni barcha asrlarning ma’naviy qahramoni, desa g’alat bo’lmaydi.

IV

Alisher Navoiy buyuk tilshunos, adabiyotshunos, tarixchi olim, davlat va jamoat arbobi. Buni hamma biladi. Navoiy ulug’ bir din vakili, mutasavvif, mutafakkir tolmas siyosatchi. Buni ham ko’pchilik yaxshi anglaydi. Lekin bularning hech biri Navoiyning shoir-mutafakkirligidan oldinga o’tganmas. Shoir bo’lish, shoir bo’lganda ham zo’r, betakror shoir bo’lmoq uchun tug’ilganini Navoiy hamma narsadan ortiq his qilar, ilhom yuz ochgan chog’larda zamin bilan samo go’yo o’rin almashardi. Navoiy ham dunyo, ham oxirat, ham shodlik, ham qayg’u, ham baxt, ham baxtsizlik, ham visol, ham hijron, ham o’tmish, ham kelajak ijodkoridir. Uning so’z, fikr, tuyg’u, xayol va armonlarini turmushning tor, biqiq, o’tkinchi talab va manfaatlariga muvofiqlashtirib bo’lmaganidek, ularni yolg’on, hiyla, aldov va soxtakorliklarga xizmat ettirishning yo’li ham berkdir. Chunki Navoiy she’riyatida har bir narsa go’zallik, soflik, ilohiylik sifatlari bilan sayqallangan.

Insoniyat bor ekan, Navoiy she’riyati hayotiy, ma’naviy, axloqiy ziyo manbai bo’lib qolaveradi. Buyuk shoir bu dunyoga kelishning ketishi – qaytishi borligini har jihatdan teran talqin etib bergan murshid va murabbiy hamdir.

V

Biz nima demaylik va qanday izoh bermaylik, o’tgan asrda ham, keyingi yuz yillikning avvalida ham Alisher Navoiy ijodiyotida turli shaklda talqin etilgan javonmardlik, tasavvuf, malomatiylik, ishq va irfon g’oyalari o’quvchi qalbiga ta’sir o’tkazib, ma’naviy olamini o’zgartiradigan zaylda yoritib berilgani yo’q. Hatto ayrim navoiyshunoslarning botiniy hayotida biror yangilanish bo’lgan deyish dushvordir. Chunki shaxsi va tabiatiga begona, o’zi inonmaydigan tuyg’u, holat va tushunchalar to’g’risida so’zlab, amalda ulardan yiroq aqida va ko’nikmalar bilan yashash ikki qiyofalikni qo’llab-quvvatlash demak. Buning aniq bir dalili va isboti dindor, mutasavvif, orif, faqir Navoiyning asl qiyofasini yillar mobaynida soxtalashtirilganidir. Mustabid sovet davlati davrida shunday bir aqida shakllangan: hech kimga, hatto Allohga hisob bermasang, berma, ammo davr, siyosat, rasmiy mafkura yo’l-yo’rug’i va talabi bo’yicha amalga oshirilgan Navoiyni zamonaviylashtirish ishlariga aslo qarshilik ko’rsatma. Bu esa ulug’ shoir hayoti, shaxsi, dunyoqarashi, ijodiyotiga doir ma’lum gaplar, sayoz va soxta tahlillarning ortib borishiga keng yo’l ochgan. Va bu g’ayriilmiy yo’nalish davlat, partiya arboblari tomonidan nazorat etib borilgan. Men yaxshi anglayman: ustod Sadriddin Ayniy, Oybek, Ye.E.Bertelьs, Maqsud Shayxzodalar ancha to’g’riso’z, qat’iyatli, tamadan yiroq, did va saviyasi Navoiyni o’rganishga munosib tadqiqotchilar bo’lishgan. Zulm kuchaygani sayin ortib borgan qo’rquv, tahlika va e’tiqod sustligi, ming taassufki, ularga maslakdosh, chin izdosh olimlarning sonini kamaytirgan. Asta-sekin Navoiyga qarshi nuqtai nazar va fikrlar bilan navoiyshunoslik qilish ayb ham, uyat ham sanalmagan. Katta-kichik har bir olim Navoiy ijodiyotidan o’zicha proletar dohiylari ta’limotiga muvofiq keladigan fikr-mulohazalarni topishga astoydil uringan. Bu holdan ko’z yumishning hech iloji yo’q. Negaki boshqa tarixlar singari navoiyshunoslik tarixini ham o’tda yoqib, suvga cho’ktirib bo’lmaydi.

Kommunist navoiyshunos va ularning sodiq, g’ofil, havoyi muridlarini ayblash yo qoralashning endi hojati yo’q. Boz ustiga ular allaqachon avvalgi manqurtlik, qat’iyat va peshqadamliklaridan voz kechishgan. Biroq ilmdan kim qanday maqsadni ko’zlagan, Navoiy ijodiyotini qanaqa tuban manfaatlar tufayli soxtalashtirishga bosh qo’shganini bilish, muhokamadan o’tkazish va xulosa chiqarish lozim. Bo’lmasa adabiyotshunoslik singari navoiyshunoslikda ham tub evrilish yuzaga kelmaydi. Rostini aytganda, mustaqillikdan keyin ham navoiyshunoslikning kommunist olimlar tasarrufida qolishi oldingidek Navoiyni xalqqa yaqinlashtirish, shoirning ilmiy-adabiy merosiga qullik va mutelikda yashab kelgan omma qiziqishining o’zgarishiga imkon bermadi. Bugungi asosiy vazifa Navoiy ijodi omma saviyasiga moslash emas, uning did va saviyasini Navoiy asarlarini anglash darajasiga olib chiqishdir.

VI

Alisher Navoiy ijodiyotining zohiriy, ya’ni tashqi jihatlari to’g’risida o’zbek navoiyshunosligida ham, xorijiy navoiyshunoslikda ham ko’p ishlar qilingan va ularning ma’lum qismi takror yoki ifodasi o’zgartirilgan qaytariqlardan iborat. Lekin shoir she’riy merosining botiniy mohiyatidan bahs yuritilgan tadqiqotlar yo’q, hisobi. Vaholanki, navoiyshunoslikning asosiy vazifasi Navoiy asarlarining ma’naviy, ma’rifiy, ruhoniy ma’nolarini ochib berishdir. Ma’lumki, sovet zamoni moddiyotchilik, zohirbinlik zamoni edi. Bunday vaziyatda siyrat bilan qiziqishga zaruriyat ham bo’lmagan. Shuning kasofati bo’lsa kerak, bugun ham “navoiyshunosman”, deb yurganlarning aksariyati bilan Navoiy ijodining ichki olami haqida fikrlashib bo’lmaydi. Chunki ulardan har biri ma’naviyni moddiydan, ruhoniyni jismoniydan farqlolmaydigan bir ahvolga tushib qolishgan.

VII

Har qanday ilmiy-nazariy qarash, fikr yoki tushunchaning asosiy manbasi adabiy matndir. Adabiy matn esa faqat ijtimoiy, siyosiy, axloqiy mazmunlarni emas, balki sof milliy, diniy, irfoniy haqiqatlarni ham aks etiiradi. Shuning uchun xorijiy bir adabiyot namunalariga tayanib topilgan termin, ibora va nazariy qonun-qoidalarni taqlidchilik yo’li bilan o’zlashtirib milliy adabiyotga tadbiq qilish g’ayriilmiy ustomonlikdan boshqa bir nima emas. Afsuski, adabiyotshunoslik va tanqidchilikda keng tomir yozgan bu hodisaga hanuzgacha chek qo’yilgan emas. Vaholanki, milliy adabiyoshunoslik til, maslak, tadqiq xolisligi va talqin jonliligidan boshlanadi. Qaysi muqallid olimki, xorijdan o’zlashtirilgan termin, tushuncha yoxud ilmiy-nazariy “yangilik” bilan gapni aylantirsa, bilingki, uning milliy shuuri, ma’naviy-estetik qanoati singari saviyasi past, didi nochordir. Oldingi avlod navoiyshunoslarining tajribalariga ochiq, to’g’ri va xolis munosabat bildirilmagani bois Navoiy asarlarini o’zgacha bir qitmirlik bilan qoliplashtirib, mohiyatni buzib, o’zboshimchalik bilan soxtalashtirib talqin etish yangidan yo’lga qo’yildi. Agar bunday ilmbozlik, buzg’unchilik harakatiga chek qo’yilmasa, xuddi avvalgidek Navoiyni ko’klarga ko’tarib maqtash, chiroyli so’zlar bilan sharaflash davom etaverib, yurt, millat, haqiqat ishqida yonganshoir ijodiyotini o’qib-o’zlashtirishda sezilari bir siljishga erishilmaydi.

VIII

Ancha uzoq yillardan buyon men ko’raman, kuzataman: ichki bir istak, mayl, fikriy tashabbus bilan Alisher Navoiy asarlarini mutolaa qilishga vaqt ajratadigan o’zbek amaldorlarining soni haddan tashqari siyrak. 9 fevralь yaqinlashib, biror bir yig’in yoki uchrashuv o’tkazish mo’ljallanganda ular Navoiyni eslashadi. Boshqa payt asarlari nari tursin, Navoiyning kimligini ham o’ylab ko’rishmaydi. Mening nazarimda, Navoiy haqida eng ko’p yolg’on aytiladigan kun shoir tavallud topgan kun. Chunki undan-mundan o’zlashtirilgan kitobiy gaplar bir-ikki kun o’tmay butunlay unutiladi. Mansabdor va davlat mulozimlari sidqidildan Navoiyni o’qib, mushohadaga kirishsa ulardan ko’pining ma’naviy, ma’rifiy saviyasi, hech shubhasiz, o’zgaradi, kalondimog’lik, xudparastlik, takabburlik, riyokorlik, muttahamlik, poraxo’rlik, g’irromlik singari o’nlab ofatlardan har qalay o’zini cheklaydi. Biroq hech qachon bunday bo’lmagan, bo’lishi ham juda qiyin. Navoiyni o’qib-o’rganayotirmiz, deb biz o’zimizni aldaymiz. Navoiy yozib qoldirgan oliy fikr va haqiqatlarni, albatta, amalga oshiramiz deymiz, biroq e’tirofimizga ishonmaymiz, Navoiyni “avliyolarning avliyosi”, deya ulug’laymiz, biroq til boshqa, dil boshqaligidan uyalmaymiz. Navoiyni o’qib, yetarli zaylda anglaganlar xalq va millat maqomini egallashiga inonsa bo’ladi. Egallamaganlar-chi? Olomonligicha qoladi. Buni, ayniqsa, ziyolilar, ilm va ijod vakillari chuqur bilishi kerak.

Mashhur olmon olimi va faylasufi Fridrix Nitshe yozadi: “Ko’zimizni qoplab olgan optimizm pardasini Shopengauer yo’qotganidan buyon hayotni yaxshi ko’rayotirmiz. Hayot har ne qadar yanada chirkinlashgan bo’lsa ham ancha qiziqarli holga kelgani muhaqqaqdir».

Qizil imperiya davrida ko’zimizga va ongimizga qoplangan “nekbinlik pardasi”ni yo’qotadigan daho shoirimiz Alisher Navoiydir. Ma’lum bir toifa yoki guruhning emas, Navoiy butun millat va Vatanning xaloskori ekanini sira unutmaslik lozim!

Tasavvuf ahlining ma’lumot berishicha, insonning ma’naviy uyg’onish va o’zini tanish nuqtasida bashariy, nafsoniy iroda bilan ilohiy iroda orasida ba’zan ancha uzoq va keskin bir mujodala bo’lar ekan. Olishib-talashgan ikki tarafni bir-biridan ajratish chegarasiga yetgan qulga to’rt sas, to’rt chaqiriq eshitilarkan. Ularning ikkisi xayr va ilohiy irodaga, qolgan ikkisi sharr va nafsning irodasiga yon berishga undar ekan. Bularni xotiri Haq, xotiri malak, xotiri shayton, xotiri nafs, deya nomlashgan. Haq va malakka nisbat berilgan xotir (sas, ovoz, sado) insonni yaxshilik, ezgulikka chaqirsa, shayton va nafsdan kelgan xotir yomonlik va tubanlikka chorlagan. Alisher Navoiy she’rlarini sinchiklab o’qigan o’quvchi ana shu to’rt xotirni aniq tasavvur qiladi va ularning sasu sadosini eshitishni ham istaydi. Ushbu xotirlar orasida nafsga tegishli xotirga Navoiy diqqatni ko’proq qaratib, undan yetadigan saslarni sharhlaydi.Masalan, shoir bir ruboiysida:

Nafs amrida har nechaki tolping’aysen,
Ko’p garchi butunluq tilasang, sing’aysen, –

deydi. “Nafs amri” degani aslida xotiri nafsdir. Uning sasi, ovoziga taslim bo’lgankimsa, albatta, sinadi, parchalanadi va hech vaqt butunlikka erisholmay o’tadi. Xotiri nafs insongahukmini o’tkazdimi, demak, xotiri shaytonga ham yo’l ochiladi va ikki “o’t” orasida qolgan kishi hamisha bir ichki notinchlik, qanoatsizlik, azob, maydakashlik ichida kun kechiradi.

IX

Ahli ma’rifatning e’tiroflari bo’yicha, payg’ambarlar qancha fikr va hikmatni o’rtaga tashlagan bo’lishmasin, asil maqsadlari ularning to’rtta bo’lgan. Birinchisi, odamlarning dunyoga aldanmaslik, undan ehtiyojiga yarasha foydalanish va molu mulk hamda martabaning turli azob-uqubatlarga sabab bo’lishini bilishi, ya’ni tark holining mohiyatiga yetishishi.

Ikkinchisi, xalqu xaloyiqning yomon axloqdan qutulib, yaxshi axloq, chiroyli xulqqa sohib bo’lishi.

Uchinchisi, insonlarning so’zda ham, amalda ham to’g’rilikka rioya qilishi, dildagi bilan tildagining bir-biridan ajralmasligi.

To’rtinchisi, xalqning ilm egallashni joyiga qo’yib, ojizlik va ilmsizliklarini e’tirof aylay olishi.

Shu nuqtai nazardan Alisher Navoiy ijodiyotiga yondashilsa, nubuvvat ta’limoti buyuk shoirning ilhom chashmasidan biri bo’lganligiga hech shubha qolmaydi. Uning asarlarida axloq kamoloti va go’zalligi tushunchasi qancha keng, nechog’li teran yortilgan bo’lsa, ilm-ma’rifat mavzusiga undan ham ortiqroq miqyosda e’tibor qaratilgan. Fikr, hol va faoliyatdagi rostlikning kuch-quvvatini darj aylashda Navoiyning panjasiga panja uradigan san’atkor g’oyatda ozdir.

Mutafakkir shoirning har o’n she’ridan kamida to’rt-beshtasida tark, tarki dunyo, tarki uqbo, tarki hasti talqiniga duch kelinadi. Navoiyga ko’ra, tark hali inson tabiatini keraksiz xasu xashaklardan tozalab, fahmu farosatning kuchayishiga yaqindan yordam beradi. Amalda tarki hasti – o’zlikni tark etishga erishgan odam o’zini qushday yengil, erkin his qilib, moddiy dunyoning asosiy tuzoqlaridan qutqazadi.

X

Alisher Navoiy fanoni baqoda, baqoni fanoda idrok eta bilgan mutasavvif san’atkor. Dunyodagi hamma narsa va mavjudlikning sifati ham, qismati ham fanolikdir. Faqat birgina baqo martabasiga sohib – Alloh. Bu esa Alloh bilan bog’lanmagan hech qanday borliqda baqo xususiyati bo’lmaydi, degani bo’ladi. Borni yo’q holida ko’rish, yo’qni borday tasavvur aylash fano sirlaridandir. Fano haqida ilm va ijod ahli bir-biriga zid, goho biri boshqasini inkor aylaydigan ko’p fikrlarni ilgari surishgan. Aslida fano borliqni soyadan, asl va asosni ko’lkadan ajratuvchi mushohada va zavq tajribasidir. Bu ma’naviy malaka nainki odam qavmidagi, balki olamdagi yomonlik, yovuzlik va razolatni tutday to’kib, bashar qalbiga osudalik hamda qanoat bag’ishlaydi. Alisher Navoiy shu haqiqatga suyanib, bandasining o’zini o’zidan (bashariy “men”ligidan qutqazishidan ham so’zlaydi:

Ul kishi o’zni qilur ahli fano bazmida xos,
Kim, qilur o’zliki birla o’zidan o’zni xalos.

Shoir boshqa bir o’rinda insonning o’zidan o’zni xalos aylashni o’zlik imoratini buzish, deb ifodalaydiki, bundan ko’zlangani nafs “imorat”idir.

Kimki o’zlik imoratin buzdi,
Naqdi fano bo’ldi aning muzdi…

Junayd Bag’dodiyning ta’kidlashicha, fano insonning o’z borlig’ini Alloh borlig’i bilan o’zgartirish emas, balki o’z orzularini Alloh amri va farmoyishi bilan o’zgartirishdir. Shuning uchun Haq yo’lchisining ko’nglini dunyoparastlik mayli va nafsoniy orzulardan tozalashga ham fano, deyilgan. Mana shu natijaga erisha olgan har bir kishi erkin va qanoatlidir.

XI

Inson tirik va harakatda ekan, uning o’zgalar bilan muomala-munosabatida anglashmovchilik, ziddiyat, zohiriy yoki botiniy kelishmovchiliklar bo’ladi. Yaqinlik holidagi yiroqlik, do’stlik niqobidagi dushmanlik, saxovat va himmat iddaosidagi nokaslik yoki baxilliklarni-ku, adog’iga yetish dushvordir. Bularni bartaraf qilish yo chetlash uchun hech vaqt “qars ikki qo’ldan” chiqavermaydi. Shu bois tildagi gap va e’tiroflar ko’pincha dildagiga muvofiq kelmaydi. Va ayyorlik, hiyla, riyo, qitmirlik miqyosiga qarab o’zaro adovat, g’animlik davom topaveradi. Bu beoqibatlik va ichqoralikka qanday chek qo’ymoq kerak?

Alisher Navoiyga ko’ra, buning eng maqbul va qulay chorasi faqru fanodir. Chunki fano barcha g’ayriinsoniy aloqa va o’yinlardan xalos aylab odamga hurlik, osudalik eshiklarini ochadi. Shoir yozadi:

El nifoqin ko’rmayin desang, Navoiy, foniy bo’l,
Chunki sen chiqsang arodin kimga qilg’aylar nifoq.

Bunda “arodin” chiqmoq kin, adovat, nifoq bandalaridan o’zni yiroq tutish ma’nosini bildiradi. Zero, foniyvashlik oqni qoradan, tozalikni chirkinlikdan, xolislikni fisqu fasoddan farqlash, Maxtumquli aytmoqchi, so’zingni har nokasga ravo ko’rmaslikdir. Navoiy she’riyatida fano va fanovashlik go’yo bir ko’rsatkichdirki, dunyodagi hamma muvaqqat, ma’nisiz, tuban va aldoqchi narsalardan odamni ogohlantirib, xabardor etib turadi.

“Bir kimsaning fano holi, – deydi Imom Rabboniy, – tom ma’nosi ila nihoyasiga yetsa, uning ma’rifati ham mukammallashadi. Fano darajasi past bo’lganlarning hol va ma’rifat darajasi hampast bo’ladi”. Fano va fanovashlikka doir ustuvor haqiqatlardan biri mana shudir.

XII

Olam o’sha olam, odam o’sha odam. Shart va sharoit o’zgargani bilan g’amu tashvish ham aytarli o’zgarmagan – o’sha-o’sha. Oliyroq murod-maqsadga yetishgan kishi kam. Demak, Alisher Navoiyning:

Gar budur olam, kishiga mumkin ermas anda kam,
Haq magarkim kom uchun boshtin yorotqay olame,–

degan fikri hamon dolzarbligini saqlab turibdi. Xo’sh, Haq bani odam orzu-umidi ruyobga chiqadigan bir olam yaratish mumkinmi? Buni bashorat etish qiyin. Modomiki, shundoq ekanbeqaror va o’tkinchi bu dunyoda bandasi borini bozor aylab yashashga majburdir. Navoiy baytida ham shu mohiyat singdirilgan. Olamdan topmagan ezgulik yoki xotirjamlikni ahli olamdan istasa bo’ladimi? Navoiyning bu savolga javobi yanada keskinroq:

Yo’q vafo jinsi bani odamda, bo’l navmidkim,
Sen vafo ko’rmak uchun xalq o’lg’usi yo’q odame.

Mehri vafodan nom-nishon topilgach, tabiiyki, qalbda umidsizlik uyg’onadi. Ammo bu Allohdan najot tilashga daxl etolmaydi. Vafo istashga munosibodam topilmasa-da, Alloh taolo hech qachon bandasini novmid qilmaydi. Mana shuning o’zi umid poydevoridir. Buni chuqur anglash jafoni vafo o’rnida qabul aylash ko’nikmasini shakllantirganidek, bandasidan yetadigan vafosizlikka chidashga ham o’rgatadi. Donishmand shoir bu haqiqatni bir qit’asida shunday ifodalaydi:

Agar oqil esang, uzgil jahon ahlidin ulfatkim,
Alardin juz jafo kelmas agar yuz yil vafo qilsang…

Xullas, Navoiy vafo va jafo tazodini ana shu tarzda hal qilib, insonni har ne istasa, albatta, o’zidan istashga (“Har ne istarsan o’zingdin istagil”) undaydi. Shu tuyg’u qancha kuchaysa, odamning o’zgalar bilan muomala munosabatida beg’arazlik, xolislik o’shancha yuksaladi.

Toshkent, 2020

03

(Tashriflar: umumiy 1 671, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring