Xurshid Davron. Massagetlar malikasi va forslar podshohi & To‘maris. Multfilm

012     Малика Тўмарис жасорати икки дарё атрофи ва оралиғида яшовчи халқлар тарихида ўчмас из қолдирди. Шу сабабдан муаррихлар бу қаҳрамон аёлни гоҳ бу, гоҳ у халққа мансуб бўлгани ҳақида ёзадилар. Аммо тарих фақат муаррихлар мулки эмас, тарих халқ ёдномаси ҳамдир. Мозийда бўлиб ўтган ҳар бир воқеа фақат тарихчи битигида эмас, энг аввало халқ хотирасида ўзининг боқий изини қолдириши шак-шубҳасиз.

Хуршид Даврон
МАССАГЕТЛАР МАЛИКАСИ
ВА ФОРСЛАР ПОДШОҲИ

02

Бир куни қоп-қора, совуқ сўқмоқда
Ўнгимда бўларсан бирдан намоён –
Ота-онасини ярим кечаси
Бўғиб ўлдираркан ёғийлар пинҳон,
Шовқиндан уйғониб кетган боланинг
Кўзлари мисоли чақнаб қаҳрдан…

БИРИНЧИ ҚИСМ: АФСОНА ВА ҲАҚИҚАТ

032Бу воқеа эрамиздан олдинги 530-529 йиллар орасида бўлиб ўтган.

Ўша замоннинг буюк ҳукмдорларидан бири, форслар подшоҳи Куруш (Кир) ўз салтанати теграсида яшайдиган халқларни кетма-кет бўйсундирар экан, тобора ўз номини шон-шуҳратга кўмиш мақсадида янги-янги юришлар режасини тузарди.

Куруш бундан бир неча йил аввал буюк Бобил шаҳрини қўлга киритган эди. Бундай бой ва шавкатли шаҳарни қўлга киритганидан Куруш дунёга сиғмасди. У ўзига худолар назари тушган ва шу сабабдан омадлиман, деб ҳисобларди. Дарҳақиқат, Куруш жуда омадли эди. Бунга ишониш учун шаҳаншоҳнинг ҳаёт йўлини кўздан кечириш, айрим воқеаларни айтиб ўтиш ўринли бўлади.

Аммо бу ҳақда ҳикоя қилишдан аввал тарихнинг яна ҳам олисроқ қатламларига назар ташлайлик.

Тарихда маълум бўлган энг қадим давлатлар икки дарё – Дажла ва Фурот оралиғида, Мессопотамия деб ном олган манзилда ташкил топган эди. Эрамиздан олдинги IV минг йилликда этник қатлами ҳалигача тўла аниқланмаган шумер қабилалари бу икки дарё орасидаги ҳосилдор ерларни ўзлаштира бошладилар. Улар энг аввало бу ерда кўп учрайдиган ботқоқзорларни қуритдилар, Фурот дарёсининг даҳшатли баҳорий тошқинларига барҳам берадиган мураккаб ирригация шаҳобчаларини тузиб чиқдилар. Бунинг натижасида деҳқончилик юксалиб савдо-сотиқ ривожланди, охир-оқибатда икки дарё оралиғида дастлабки шаҳар – давлатлар ташкил топди.

Икки дарё оралиғи қуйи қисмининг шимолий тарафида эрамиздан олдинги III минг йилликда кўчманчи семит-аккад қабилалари ўрнашиб олдилар. Улар шумерларга қўшни бўлганлари учун уларнинг кучли таъсирида эдилар. Аммо орадан бир аср ўтар-ўтмай шумерлар ўз тилларини унутиб, аккад тилида гапира бошладилар. Шумер тили фақат фан, диний адабиёт тили сифатида сақланиб қолди. Аммо охир-оқибатда у ўлик тилга айланди. Бу шумер тилининг одамлар турмушида муҳим ўрин тутган соҳалардан тобора сиқиб чиқарилгани оқибатида рўй берди. Она тилимиз бўлмиш ўзбек тилининг бугунги аҳволидан келиб чиқиб, тарихнинг бу ҳикматидан тегишли хулосалар чиқариш бизнинг бурчимиз ва вазифамиз эканлигини унутмаслик керак.

Эрамиздан олдинги II минг йилликка келиб икки дарё оралиғида яшаётган халқлар асосан семит-аккад тилларида сўзлаша бошладилар. Бу халқлар ичида айниқса, аккадлар ва шумерлар қўшилуви натижасида шаклланган ва асосан аккад тилида сўзловчи бобилликлар муҳим ўрин тута бошладилар. Бобилнинг энг юқори тараққий босқичи Бобил шаҳри шоҳларининг биринчи сулоласининг олтинчи шоҳи бўлмиш Хаммурани (эрамиздан олдинги 1792-1750 йй.) даврига тўғри келади. Бироқ, бу сулоланинг сўнгги ҳукмдорлари даврида Бобил инқирозга юз тутди. У тоғлик қабилалар томонидан вайрон этилди ва камида беш аср давомида таназзулда қолди.

Эрамиздан олдинги XIV асрда бу ерда Ашшура (Ассирия) давлати ташкил топди ва IX асрнинг охирига келиб қудратли давлатга айланди. У Кичик Осиё, Эрон, Бобил, Киликия, Урарту, Ўрта Ер денгизи шарқий қисми, ҳатто бир оз муддат Мисрни ҳам ўз ҳукми остига бўйсундирди. Ҳеродотнинг ёзишича, Юқори Осиё устидан Ашшура ҳукмронлиги 520 йил давом этган. Аммо ҳар қандай буюк давлат (империя) охир-оқибатда ички низолар натижасида парчаланишини тарихдаги кўп мисоллар исботлайди.

Ашшураликлар ҳукмронлигидан қутилишга илк уриниш мидияликлар томонидан бошланди. Уларнинг озодлик учун бошлаган кураши, мидияликлар матонати туфайли муваффақиятли тугади, мидияликлар асоратдан озод бўлдилар. Уларнинг бу кураши бошқалар учун ибрат бўлди, бошқа халқлар ҳам озодлик учун ассирияликларга қарши отландилар. Ассирия парчаланди. Бу эрамиздан олдинги 612 асрда рўй берди.

Аммо биринчи бўлиб озод бўлган мидияликлар ғалаба лаззатини тотгач, ўз давлатларини тузишга шошилмадилар. Улар ўз қишлоқларида ўзлари хоҳлаган тартибда яшай бошладилар. Бунинг оқибатида одамлар ва қишлоқлар ўртасида низолар кучайиб бораверди. “Бўлинганни бўри ер” деганларидек, улар бошқа халқлар ҳужумларидан ҳам кўп жабр чекдилар.

Худди шу даврда Мидия қишлоқларининг бирида Деиок исмли бир ақлли одам яшарди. У ўзининг адолатпарварлиги билан одамлар орасида машҳур эди. Талашиб қолган ҳамқишлоқлари унинг ҳузурига келардилар, Деиок эса бу низоларни адолат билан ҳал қиларди. Аввал қўшни қишлоқлар аҳолиси, кейин эса бутун мидияликлар ўз ташвишлари билан унга мурожаат қила бошладилар. Деиок олдидан ўйлаган нияти амалга ошаётганини кўриб, бундан кейин ҳеч кимга қозилик қилмаслигини эълон қилади. Ўз ишларимни қўйиб, бошқалар ташвишини чекишимдан нима фойда? – дейди у. Унинг айрим тарафдорлари эса олдиндан келишилгандек: “Бундай яшаб бўлмайди! Келинглар, ўзимизга ҳукмдор сайлайлик! Шунда бизнинг еримизда ҳам тартиб ва адолат ўрнатилади, биз барчамиз ўз ишимиз билан бемалол шуғулланамиз, адолатсизликлар бизни ўз юртимиздан қувмайди”, — дейдилар. Уларнинг бу сўзи кўпчиликка маъқул тушади ва кўпчилик Деиокни ҳукмдор қилиб сайлашга қарор қиладилар.

Деиок энг аввал ўзига қаср қуришни ва шахсий қўриқчилар беришни талаб қилди. Мидияликлар унинг ҳукмига бўйсуниб, янги ҳукмдор амри билан у кўрсатган ерда забт этиш ғоят мушкул қўрғон тиклайдилар. Деиок шундан кейин мидияликларга янги шаҳар тиклашни буюради. Тез орада Акбатан шаҳрига асос солинади. Шаҳар етти айлана девор ҳалқаси билан ўралади. Тепаликда қурилган шаҳарнинг табиий ўрни бунга жуда мос келарди. Ҳар бир ҳалқа муайян ранг билан бўялади. Биринчи ҳалқа – оқ, иккинчиси – қора, учинчиси – қизил, тўртинчиси – кўк, бешинчиси – қирмиз, олтинчиси – кумуш, еттинчиси, яъни энг ичкариги ҳалқа олтин рангга бўялди. Олтинранг билан бўялган ҳалқа ичида Деиок учун қаср ва хазина биноси тикланади. Деиок мидияликларга ўзлари яшаб турган қишлоқларини ташлаб, етти ҳалқа орасида жойлашишни буюради. Деиок мидияликлар устидан 53 йил ҳукмронлик қилиб оламдан ўтди. Ҳокимият унинг ўғли Фраортга ўтди. У отасига ўхшаб Акбатанда муқим туролмади ва қўшни шаҳар-давлатларга ҳужум қила бошлади. Фраорт ўз ҳукмронлигининг йигирма иккинчи йилида Ассирияга қарши уруш очди. Ассирия, юқорида айтганимиздек, бу даврда ўзига бўйсунган мулклардан ажралган бўлса-да, ўз мустақиллигини йўқотмаган ва ҳали анча кучли эди. Фраорт бу урушда бутун қўшинидан айрилди ва жангларнинг бирида ўзи ҳам ҳалок бўлди.

Мидия тахтига Фраортнинг ўғли Киаксар ўтирди. Киаксар отасидан ҳам жанговарроқ чиқди. У Осиёда биринчи бўлиб қўшинларни қуролларга қараб бўлинмаларга ажратиб, уларнинг ҳар бирини мустақил ҳаракат қилиш уқувига ўргатди.

Аммо бу борада Киаксарнинг ўз урушқоқ феълини жуда узоқ вақт босиб ўтиришга мажбур қилган воқеалар бўлиб ўтди. У отасининг ўчини олиш учун Ассирияга қарши уруш очганида, чопарлар унинг юртига скифлар ҳужум қилиб келаётгани ҳақида хабар етказдилар. Танаис (Дон) дарёси атрофида яшаётган скифлар Қримда яшаган киммерияликларни ўз еридан сиқиб чиқариб, уларни таъқиб қилиб Кичик Осиё ерларига кириб келаётган эдилар. Мидияликлар билан скифлар ўртасидаги жанг кейингилар ғалабаси билан тугайди. Ғолиблар Кичик Осиёнинг ичкарисига – Мисрга қараб интилдилар. Фаластинга етганда уларнинг қаршисига Миср шоҳи совға-салом билан чиқди ва ўз салтанатини скифлар ғоратидан сақлаб қолди. Скифлар йигирма саккиз йил давомида Кичик Осиёни даҳшатга тутдилар. Ҳар қандай ўтроқ халққа нафрат билан қараган кўчманчи скифларнинг асосий машғулоти жанг қилиш эди. уларнинг йигирма саккиз йиллик ҳукмронлиги давомида ўзларига бўйсунган халқлардан бож йиғиш билан бир қаторда уларни тинмай талаш билан шуғулландилар.

Скифлар кимлар эдилар? Ҳеродотнинг ёзишича, форслар саклар деб атаган скифлар ўзларини скалотлар деб номлардилар.

Скифларга бош эгган Киаксар охири ҳийла ишлатиб, уларни ўз мулкидан қувиб чиқарди. Воқеа бундай бўлди: Киаксар скифларнинг бошлиқларини меҳмонга чақиради ва уларни роса маст қилиб, жонларига қасд қилади. Мана шундай ҳийла билан Киаксар яна ўз давлати мустақиллигини тиклаб олди ва ҳатто тез орада Бобилдан бошқа ҳамма Ашшура ерларини ўзига бўйсундирди. Киаксар ўлимидан сўнг тахт унинг ўғли Астиагга ўтди. Мана энди аждодларимиз бўлмиш массагетларни забт этиш ниятида бошқа бир икки дарё – Окс (Ўкуз, Амударё) билан Яксарт (Сирдарё) оралиғидаги ерларга оч назарини тиккан Куруш ҳақидаги ҳикоямиз бошланади.

Астиагнинг яккаю ёлғиз Мандона исмли қизи бор эди. кунларнинг бирида Астиаг даҳшатли туш кўради. Бу тушида қизи ётган тўшакдан оқиб чиққан сув тошқини пойтахтни, кейин бутун Осиёни босган эмиш. Астиаг ўз тушининг таъбирини суриштириб билгач, даҳшатга тушади. Шу сабабдан ҳам қизи бўйига етгандаям, у ўз қизини эрга беришни пайсалга сола бошлайди. Айниқса, бой ва ҳурматли мидияликлардан келган совчиларни у қасрига яқинлаштирмайди. Охири у қизини саройида хизмат қилган бой ва феъл-атвори мўмин Камбис исмли форс зодагонига узатади. Бу билан қизидан туғилажак болани Мидия тахтига бўлган ҳуқуқдан маҳрум қилмоқчи эди.

Камбис билан Мандона турмушининг биринчи йилида Астиаг яна туш кўради. Бу сафар тушида қизи ётган тўшак узра ток ўсиб чиқиб, шохи тарвақайлаб бутун Осиёни чирмаб олганмиш. Туши таъбирини билиб, Астиаг яна даҳшатга тушади. Таъбирчилар, худди олдинги галдагидек, қизидан туғилажак бола унинг ўрнида шоҳ бўлишини, унинг ҳукми бутун Осиёни забт этишини айтгандилар.

Астиаг Форс мулкига чопар юбориб, қизини ўз ҳузурига олиб келишларини буюради. Қизи қошига етиши билан Астиаг уни жуда қаттиқ қўриқлашни талаб қилди, ўзи бўлса туну-кун ухлолмай, туғилажак болани нобуд этиш режасини туза бошлади. Бола дунёга келиши билан Астиаг ўзининг яқин қариндоши, энг ишончли ва садоқатли амалдори Гарпагни ҳузурига чорлади. “Гарпаг, — деди даҳшатли режасидан кўзлари хира тортган Астиаг. – Сенга муҳим топшириқ бермоқчиман. Сен бу топшириқни бажаришинг шарт. Агар даҳшатли ўлим топишни истамасанг, душманларим манфаати деб, мени хароб этишни ўйлаб, мени алдама. Қизимдан туғилган болани ол-да, уйингга олиб бориб ўлдир. Кейин уни ўзинг хоҳлаган тарзда дафн эт”. Гарпаг қудратли шоҳнинг бу ғалати сўзларини эшитгач, тили калимага келмай, узоқ жим қолди. Кейин эс-ҳушини йиғиб, Астиагга боқди. “Шоҳим, — деди у бошини кўтармай, — ҳеч қачон мен сени норози қиладиган хатти-ҳаракат қилмаганман, мудом амрингни адо этганман. Бундан кейин ҳам сенга садоқат билан хизмат қилиш муддаоим. Агар амринг шу бўлса, уни бажармоқ менинг бурчим”.

Астиаг ўз ҳузуридан шошиб чиқиб кетаётган Гарпагни тўхтатиб, елкасидаги зарбоф тўнни ечиб қўлига тутқазди: “Боланинг жасадини шунга ўраб кўмасан”.

Уйига етиб борган Гарпаг бу ёвуз топшириқ ҳақида хотинига гапириб берди. Даҳшатга тушган хотин эридан энди нима қилишини сўради. Гарпаг: “Нима бўлгандаям, бу оғир жиноятга – бегуноҳ гўдакни, қолаверса, яқин қариндошим умрини нобуд қилмайман”, — деб жавоб беради. Сўнг яна шундай дейди: “Астиаг ҳам қариб қолди, бир оёғи ерда бўлса, бир оёғи гўрда. Эрта-индин бизни ташлаб кетиши аниқ. Унинг ўғли йўқ. Ёлғиз қизи бор. Агар шоҳ ўладиган бўлса, тахт шу қизига тегади. Ҳокимият қўлига тегган куниёқ боласининг қотилини ўлдириши шубҳасиз. Агар боламни биров ўлдирса, мен ҳам шундай қилган бўлардим, ўчимни олмагунча кўзимни хотиржам юмолмасдим”.

Аммо вақт ўтган сайин Гарпаг шоҳ амрини бажармаслик бошига нақадар аянчли ўлимни солишини англаб, даҳшатга тушарди. Охири у Астиаг амрини бажаришга, аммо болани ўз қўли билан эмас, бошқа бир одам томонидан ўлдиришга қарор қилди. “Бу одам Астиаг одамларидан бўлиши керак!” – деб ўйлади Гарпаг. Шу ниятда у Акбатан шимолидаги тоғларда подшоҳ қўйларни боқиб юрган подачи Митридатни ҳузурига чорлади. Подачи билан танҳо қолган Гарпаг шундай деди: “Митридат, подшоҳимиз бу бола ўлимини тилаяпти. Бунинг учун сен уни пойида пода боқиб юрган тоғнинг энг овлоқ ерига олиб бориб ташлашинг керак. Уни ўша ерда йиртқичлар еб кетар ё ўзи очликдан нобуд бўлар. Нима бўлгандаям сен унинг ўлгани ҳақида хабарни менга, мен бўлсам шоҳга етказмоғим шарт. Аммо икки қулоғингга қуйиб ол, буни шоҳнинг ўзи сенга айтишни қаттиқ тайинлаган. Агар болани ўлдирмай тирик қолдирсанг, сени даҳшатли қатл кутади”.


Суратда: Бола Куруш подшоҳ Астиаг тахти пойида. XVIII асрга тегишли гобеленда тасвирланган тасвир ўша даврда Европада мавжуд Кир Астиагнинг набираси бўлган деган афсонага асосланган.

Митридатнинг хотини ҳомиладор эди. У эри Гарпаг ҳузурида бўлганида тўлғоқ тутиб, ўлик бола туғади. У чақалоқ жасади устида юм-юм йиғлаб ўтирганида, Митридат кириб келди. Ҳали бу фожиадан бехабар подаси кела солиб хотинига қўлидаги болани тутқазди. “Бу кимнинг боласи?” – деб сўради хотини йиғисини ичига ютиб. “Болани менга Гарпаг берди. Гарпаг хонадонига киришим билан унинг хотини йиғлаб ўтирганини кўриб, қайтиб чиқдим. Аммо Гарпагнинг: “Ичкарига кир!” деган овозини эшитиб ортимга қайтдим. Киришим билан шоҳлар киядиган зарбоф тўнга ўралган мана шу чақалоққа кўзим тушди. Гарпаг менга тезликда мана шу болани олиб бориб тоғнинг овлоқ ерига йиртқичларга ем бўлиши учун қолдиришни буюрди. Бу подшоҳимиз Астиаг амри экан. Агар бу ишни бажармасам мени ўлим кутишини айтиб дағдаға қилди. Мен бу бола бирор гуноҳкор қулнинг фарзанди бўлса керак, деб ўйладим, уни қўлимга олиб уйдан чиқдим. Аммо гўдак ўралган зарбоф тўн, бола бўйнидаги олтин тангалар, тилла тақинчоқлар, ортимдан уввос солиб йиғлаган Гарпаг хотинининг қора йиғиси менинг кўнглимга ваҳима соларди. Мени шаҳар чеккасигача кузатиб қўйган хизматкор қўрқа-писа бу гўдак Астиагнинг қизи Мандона ва куёви Камбиснинг фарзанди эканини айтганда, даҳшатдан қотиб қолдим. Наҳотки, Астиаг ўз набирасини ўлимга буюрган бўлса?! Уйга келгунча нима қилишимни билмай бошим қотди. Гарчи Гарпаг тўғри тоққа бориб болани овлоқ жойга ташлашни буюрган бўлса-да, олдин сенинг аҳволингдан хабар олай дедим”. Аччиқ аламдан кўз ўнги қоронғилашиб ўтирган подачининг хотини эрининг сўзларидан кейингина ўзига келиб, гўдакни бағрига босганча ўзини Митридат оёғига ташлади: “Митридат, ялинаман, бу ишни қилма, гуноҳга ботма… Уни менга қолдир”.

Митридат ўрнидан туриб кетди: “Ўйлаб гапиряпсанми, хотин? Ахир, Гарпаг ортимдан изма-из айғоқчи жўнатган бўлиши ҳам мумкин. бу ишни бажармасам мени ўлдиришади”. Ҳар қанча ялингани бекор кетишини ўйлаб, қўлидаги чақалоқни бир четга қўйди-да, ўлик туғилган чақалоқ жасади устидаги матони секин кўтарди: “Қара, Митридат, бу сенинг боланг. Аммо у ўлик туғилди. Майли, сен уни олиб бориб йиртқичларга ем қилиб кел, розиман. Бироқ, Астиаг қизининг боласини ўз боламиздек улғайтирайлик. Боламизнинг жасадини шоҳона кўмишади, шунинг ўзи дардимни камайтирар… Аммо тирик бола ярамга малҳам бўлади”.

Хотини ҳақ эканини англаган Митридат тоққа ўз боласи жасадини ташлаб қайтди. Уч кун ўтар-ўтмас у Актабанга бориб, Гарпагга бола нобуд этилгани ҳақидаги хабарни етказди. Гарпаг ўша заҳоти ўзига содиқ одамларини тоққа юбориб, подачи ўғли жасадини олиб келиб, зарбоф тўнга ўраб, иззат-икром билан дафн этди. Митридат ва унинг хотини тирик қолган подшоҳ набирасини тарбиялай бошладилар, фақат улар энди уни Куруш деб эмас, бошқа ном билан чақира бошладилар.
Подачи оиласида, озод одамлар орасида улғайган гўдак барибир тенгдошлари орасида ўзининг заковати, хатти-ҳаракати билан ажралиб турарди. Бола ўн ёшга тўлган кунларнинг бирида тенгдошлари ўйин давомида уни подшоҳ қилиб сайладилар. У дарров ўзига “қўриқчилар” танлади, вазирларни белгилади. Болаларнинг бирини эса “айғоқчи”ликка тайинлади. “Айғоқчи” ҳамма гапни подшоҳга етказиб туриши шарт эди. бошқаларга эса “уй” қуришни буюрди. Зодагон Артамбарнинг ўғли унинг айтганини бажаришдан бош тортди. Шунда Куруш зодагон боласини жуда қаттиқ жазолади. Уни хивчин билан савалатди. Бола жазоловчилар қўлидан қутилгач, бора солиб отасига арз қилди. Ўғлининг аҳволини кўрган Артамбар қаттиқ изза чекди, фиғон чекиб подшоҳ Астиаг ҳузурига бориб Митридат ўғли устидан арз-надомат қилди.

“Шоҳ, — деди у, — сенинг подачинг Митридатнинг ўғли менинг, яъни сенга содиқ хизматкоринг боласини ноҳақ хивчин билан савалатди”. У шундай деб ўғли баданидаги хивчин изларини кўрсатди ва Митридат ўғлини жазолашни сўради.
Астиаг подачи билан унинг ўғлини тезликда ҳузурига олиб келишни амр этди. Улар келиши билан Астиаг Курушга қараб дағдаға қилди: “Сен, қулвачча, нега иззат-икромли одамнинг боласига қўл кўтардинг?” Бола унга шундай деб жавоб берди: “Олампаноҳ! Мен уни адолат юзасидан жазоладим. Қишлоғимиз болалари, шу жумладан, мен жазолаган бола ҳам мени ўзларига подшоҳ қилиб сайладилар. Улар бундай шарафни ёлғиз менга лойиқ кўрдилар. Ҳамма болалар менинг амримни сўзсиз бажарган бир пайтда, бу бола мени назар-писанд қилмади, амримга қулоқ солмади. Шунинг учун уни жазолашни лозим кўрдим. Агар гуноҳим бўлса, энди сен мени жазола!”

Бола сўзини тугатиши билан Астиаг ўз қаршисида қулвачча эмас, шаҳзода турганини сезди. Бу бола подачининг эмас, қизи Мандонанинг ўғли эканини билди. Боланинг юз-кўзи, ўзини тутиши, қолаверса, ёши ҳам шоҳ фикрини тасдиқларди. “Артамбар, — деди шоҳ узоқ жимликдан сўнг. – Мен сенинг сўзингни ерда қолдирмайман. Фақат сен ҳозир мени ёлғиз қолдир”. Шундай дегач Астиаг Митридатдан бошқа ҳамма унинг ҳузурини тарк этишларини буюрди. Куруш бўлса, Астиаг амрига биноан, саройда қолдирилди. Подачи билан ёлғиз қолган шоҳ бу бола унинг қўлига қандай тушиб қолганини, уни ким берганини айтишни талаб қилди. Подачи болани хотини туққанини, хотини, худога шукур, ҳозир ҳам тирик эканлигини айтди. “Алдама, — деди Астиаг, сўнг соқчиларга подачини қийноққа солишни буюрди. Қўрқиб кетган Митридат бор гапни тўкиб солди ва шу гуноҳидан кечишини ялиниб-ёлворди.

Бор ҳақиқатни эшитган Астиаг ўша заҳоти Митридатни унутиб, ҳузурига бу ишларнинг сабабчиси гуноҳкор Гарпагни олиб келишларини буюрди. Соқчилар ўша заҳоти қўрқиб кетган Гарпагни шоҳ ҳузурига етказдилар. “Гарпаг, — деди шоҳ ғазабдан қалтираб, — сен қизимнинг ўғлини қандай қилиб ўлдирдинг?” Гарпаг подшоҳга ҳамма сир маълум эканини билиб, ёлғон сўзлаш ўлим билан баравар эканини англади. “Подшоҳим, — деди у, — агар мен сенинг амрингни бажармасам, барибир набиранг қотили сифатида бир кунмас бир кун қаҳрингга дучор бўлишдан қўрқдим. Уни подачига топшириб, тоғу-тошнинг бир овлоқ жойига олиб бориб ташлашни буюрдим. У амримни бажо этди. Набирангнинг жасадини ўзинг берган зарбоф тўнга ўраб, иззат-икром билан дафн этдим. Хато қилган бўлсам, гуноҳимдан ўт, шоҳим!”

Астиаг қаҳру ғазабини ичига ютиб, Гарпагни даҳшатли жазо билан қийнашни ўйлаб, подачидан эшитган бор воқеани – ҳали Гарпагга номаълум гапларниям гапириб берди. “Яхши бўпти, — деди сўнг шоҳ ёлғондан жилмайиб, — ўғлини ўлдирганимдан буён қизимнинг нафратини кўриб юриш азобидан қутиладиган бўлдим. Энди гап бундай, тирилиб қайтган неварам бир ўзи зерикиб қолмаслиги учун ўғлингни саройга юбор. Қуёш чўкиши билан неварамни қутқариб қолган худолар шарафига берадиган зиёфатга етиб кел”.

Подшоҳнинг бу гапларини эшитиб Гарпаг жазодан қутулганига ишониб-ишонмай тахт пойига ўзини ташлаб узоқ юкунди. Сўнг уйига қушдек учиб бориб, ўн уч яшар ўғлини саройга жўнатди. Ўзи бўлса қулай ўрнашиб олиб, шарбат ҳўплаб бўлиб ўтган воқеани хотинига ҳикоя қилиб бера бошлади.

У ҳали ҳикоясининг ярмига етмай, саройга етиб келган ўғли жаллод қўлига топширилганидан бехабар эди. Астиаг бола жасадини нимталаб, бир қисмини қовуриб, бир қисмини пишириб қўйишни буюрди. Зиёфат айни қизиган пайт кўпчилик билан чақчақлашиб ўтирган Гарпагнинг олдига ўғлининг қовурилган гўштидан келтириб қўйишди. У тўйиб еб бўлгандан сўнг, Астиаг ишораси билан хизматкорлар бегуноҳ ўлдирилган бола калла-почаси солиб қўйилган қутини кўтариб кирдилар ва Гарпагдан яна кўнгли тортган бўлакларни олишни илтимос қилдилар. Гарпаг қути оғзини очиши билан қандай даҳшатли воқеа содир бўлганини англади, аммо ўзини хотиржам тутди. Қути оғзини эҳтиёткорлик билан, ўғлига озор беришни истамагандек, секингина ёпди. Унинг ўзини тутишини кўриб, Астиаг у нима еганини билган-билмаганини сўради. “Билдим, шоҳим, — деди Гарпаг, — сиз менга нимани раво кўрган бўлсангиз, барчасини қабул қиламан”. У шу сўзни айтар экан, олдида турган суякларни ҳам ўғлининг калла-почаси солинган қутига қўшиб, ҳеч бўлмаса, ўғлининг қолган қисмини ерга топшириш учун уйига олиб кетди.

Астиаг яна ўз фолбинларига мурожаат қилди. Улар агар бола тирик бўлганида подшоҳ бўлиши керак эди. Биламизки, у нобуд бўлган, бу туш энди сизни безовта қилмаслиги керак, дейдилар. Астиаг боланинг тириклигини ва бўлиб ўтган воқеаларни фолбинларга оқизмай-томизмай сўзлаб берди. Фолбинлар “Агар бола ўз тенгдошлари томонидан подшоҳ қилиб сайланган бўлса, энди қўрқмасангиз бўлаверади. Иккинчи марта у подшоҳ бўлолмайди”, — дейдилар. “Мен ҳам шундай ўйлайман, — дейди Астиаг, — аммо болани бундан кейин ўзим тарбия қилайми ё ота-онаси ҳузурига, Форслар юртига жўнатайми, шуни айтинглар”. Фолбинлар болани ота-онаси ҳузурига жўнатишни маъқул топдилар.

Астиаг Курушни чақириб, энди у подачи Митридат хонадонида эмас, ота-онаси бўлмиш Мандона билан Камбис ҳузурида яшаши кераклигини айтиб, уни Форс ўлкасига карвон билан жўнатади. Куруш йўлда ўзининг кимлигини, ота-онаси кимлигини билиб олади. Шунинг учун ҳам уни кутиб шаҳар чеккасига чиққан онаси елкасига бошини қўйиб ширин-ширин хўрсинди.

Вақт елдек учиб ўтиб, Куруш ҳақиқий йигитга, асл жангчига айланди. У Форс мулкидаги тенгдошлари орасида заковати, жасорати билан кўзга ташланиб турарди. У улғайгани сайин Астиаг ҳузурида хизматини давом этган жабрдийда Гарпагнинг ичидаям шоҳга нисбатан хусумат шунчалик кучайиб борарди. У ўз ниятини амалга ошириш ниятида даставвал мидияликлардан ҳам тарафдор йиғди. Золим Астиагнинг жабри жонидан ўтган жуда кўп мидиялик зодагонлар Гарпаг фитнасига бош қўшдилар. Фақат шундан кейингина Гарпаг Куруш ҳузурига содиқ хизматкорини юбориб, уни бобосига қарши бош кўтаришга даъват қилди. Аммо пойтахтдан Форс мулкига борадиган йўллар кучли қўриқланар, ҳар бир шубҳали шахс назорат остига олинарди. Буни яхши билган Гарпаг ҳийла ўйлаб топди. У ўз режаси баён этилган мактубни бутунлигича пиширилган товушқон қорнига яшириб содиқ хизматкорига берди. Гарпаг мактубда шундай деб ёзган эди: “Камбис ўғли! Туғилгандан худолар паноҳидасан. Бўлмаса нобуд бўлиб кетардинг. Астиаг сени – ўз набирасини ҳам ўлдирмоқчи бўлди. Жонингга қасд қилмай подачига берганим учун у мени энг ёвуз жазога дучор қилди. Фақат худолар ёрдами ва мен туфайли омон қолдинг. Агар сен менинг сўзимга қулоқ оссанг, Астиаг тахти сеники бўлади. Форсларни унга қарши жангга чорла. Агар Астиаг мени ёки бошқа бир мидиялик зодагонни лашкарбоши қилиб тайинланса, бутун Мидия қўшини эртага сеники бўлади. Астиаг тақдири бугун сенинг қўлингда. Шошил!”

Форслар Астиаг қаҳридан қаттиқ қўрқардилар. Буни билган Куруш уларни Астиагга қарши бош кўтаришга кўндириш осонликча бўлмаслигини тушунарди. Шунинг учун у форс йигитларини йиғиб, эртаси куни унинг ҳузурига ўроқ билан келишларини буюрди. Эртаси йигитлар ўроқлар билан келгач, жуда катта майдонни эгаллаб ётган пичанзорни ўришга буйруқ берди. Бу оғир иш ярим тунга бориб тугагач, Куруш йигитларга эртага ювиниб-тараниб, ҳашаматли либосларини кийиб келишларини сўради. Ўзи бўлса отасига қарашли подаларни бир яйловга тўплаб, кечаси билан уларни сўйиб, турли лаззатли таомлар тайёрлашни талаб этди. Шунга яраша жуда кўп шароб олиб келтирди. Нонвойлар кечаси билан нон ёпиб чиқдилар. Тонг отиб йиғилган йигитлар қуёш ботгунча кайфу-сафо қилдилар. Зиёфат тугагач, Куруш йигитлардан сўради: “Қани айтинглар-чи, сизларга қайси кун маъқул – кечагими ёки бугунгими?” Йигитлар қийқириб: “Албатта, бугунги кун!” – дедилар.

Уларнинг шундай дейишини билган Куруш хурсанд бўлди.У йигитларга яна мурожаат қилди: “Форс жангчилари! Менинг сизга айтадиган сўзим бор. Сўзимга кирсаларинг, бугунгидек фароғатда, кирмасаларинг, кечагидек заҳматда яшайсизлар. Сўзимга кирсаларинг, озод бўласизлар, сўзимга кирмасаларинг, қулликда яшашга маҳкумсиз! Хабарларинг бор: туғилганимдан мени худолар ўз паноҳида асраб келаяптилар. Бугун улар менга Астиагга қарши бош кўтар, деб даъват қилмоқдалар”.

Форс жангчилари Куруш сўзидан руҳланиб узоқ вақтдан бери мидияликларга бўлган адоватлари туғён уриб, урушга тайёргарлик кўра бошладилар. Бу хабар Астиаг қулоғига етгач, у чопар юбориб, Курушни ўз ҳузурига чақирди. Куруш подшоҳга: “Ҳузурингга сен истагандан ҳам тезликда етиб бораман”, деган жавоб юборди. Бу гапни эшитган Мидия шоҳи ўз фуқароларини урушга қўзғаб, Гарпагни уларга лашкарбоши қилиб тайинлади. Биринчи жангдаёқ Астиаг тахти Куруш қўлига ўтди: Гарпаг фитнасига бош қўшган мидияликлар Куруш тарафига ўтдилар, фитнадан бехабар лашкарлар эса тор-мор бўлиб, орқага қочдилар. Бу даҳшатли хабарни эшитган Астиаг: “Барибир Курушни енгаман!” – дея ғазаб билан ҳайқирди. У даставвал унга Курушни Форс мулкига юборишни маслаҳат қилган фолбинларни қатл эттирди. Кейин эса қарими-ёшми, қолган ҳамма мидияликларни қуроллантириб, ўзи уларга бош бўлиб, Курушга юзма-юз чиқди. Аммо бу қўшин ҳам жуда осон мағлуб бўлди. Бутун аскаридан айрилган Мидия шоҳи асир тушди. Бобил шоҳи Набонид солномасига кўра, Астиаг исён кўтарган ўз аскарлари томонидан Курушга топширилган.

Занжирбанд қилинган Астиагни кўрган Гарпаг унга яқинлашиб сўради: “Астиаг, бир пайтлар менга ўз фарзандим гўштини едирганинг олдида сенинг салтанат йўқотишинг нима бўпти?”

“Сен аҳмоқсан, Гарпаг, — деб жавоб берди Астиаг, — ахир, сен атрофингда йиғган одамларинг билан бемалол мени бартараф этиб подшоҳ бўлишинг мумкин эди-ку. Ўшанда мен бунчалик азоб чекмасдим. Мен сенинг ўғлингни ўлдирдим, сен бўлсанг ундан ҳам оғирроқ жиноят қилдинг – ўз она юртингни – Мидияни душманларга қул қилдинг. Сенинг бу хиёнатинг туфайли ҳукмдор – қул, қул бўлса ҳукмдор бўлди. Авлодлар мени эмас, сени лаънатлашади, бахтиқаро Гарпаг!”

Юнон муаррихи Плутарх “Дилкаш суҳбатлар” асарида Куруш билан Астиаг ўртасида кечган жанг баёнида ғаройиб бир ҳикояни сўйлайди:

“Форсларни Мидия шоҳи Астиаг ҳукмидан қутулишга чорлаган Кир (Куруш) жангда мағлубиятга учради. Мағлуб бўлган форс аскарлари қувиб келаётган душманлардан қочиб ўз шаҳарларига кириб олишга ҳаракат қилаётганларида, шаҳар аёллари этакларини белдан юқоригача даст кўтариб, ўз эрларининг йўлини тўсиб чиқдилар ва шундай дедилар: “Эй, муттаҳам қўрқоқлар, қаёққа қочяпсиз? Барибир қаердан чиққан бўлсаларинг, ўша ерга бекинолмайсизлар-ку!”

Аёлларнинг бу аҳволини кўриб ва сўзларини эшитиб қочишдан тўхтадилар. Сўнг душманга юз ўгириб жанг бошладилар. Бу сафар улар ғолиб чиқдилар”.

Аёллар надомати билан жангда зафар қозонган Куруш вақти етиб аёл жасорати туфайли мағлуб бўлишидан бехабар эди. бу ҳақда иккинчи қисмда ҳикоя қиламиз.

Шундай қилиб, 128 йил давом этган Мидия ҳукмронлиги барҳам топиб, тарих майдонига форслар чиқиб келдилар. Бу чиқиш Куруш номи билан тарих солномаларига битиб қўйилди. Ўша даврнинг буюк ҳукмронларидан бири Лидия шоҳи Крёзни енггандан сўнг Куруш бутун Кичик Осиёни ўзига бўйсундирди. Асир шоҳ Крезни эса ўзига бош маслаҳатчи қилиб тайинлади.

Юқорида юнон муаррихи Ҳеродотнинг “Тарих” китобида келтирилган Курушнинг туғилиши, болалиги ва ёшлигида бағишланган воқеалар муаррих томонидан Куруш асос солган Аҳмонийлар сулоласи шоҳлари ҳақидаги афсоналар асосида ёзилган. Ромул ва Рем ҳақидаги афсонага ўхшаш бу афсона ғаройиб ва гўзал бўлгани учун ҳам уни сизларга ҳикоя қилиб бердим.

Аслида эса Куруш Мидия шоҳи Астиагга бўйин эгган вассал ҳукмдорлардан бири бўлган ва ўз қудратли давлатини, афсонада айтилганидек, Астиагни тахтдан қулатиш билан туза бошлаган.

Куруш ғалабаси ҳақида эшитган Кичик Осиёнинг Ўрта Ер денгизи соҳилларида яшаган юнон халқлари – ионияликлар ва эолияликлар форслар ҳукмдори ҳузурига элчиларни жўнатиб, олдин Мидия шоҳи Крезга қандай тобе бўлган бўлсалар, унгаям ўша шартлар асосида бўйсунишларини маълум қиладилар.

Бу гапни эшитган Куруш элчиларга шундай дейди: “Мен сизларга бир масал айтиб берай. Бир куни бир сурнайчи соҳилга ўтириб, шўх бир куйни чала бошлабди. Бу шўх оҳангни эшитган балиқлар қирғоққа сакраб чиқиб ўйнашса керак, шунда мен уларни осонликча тутиб оламан, деб ўйлаган экан бечора сурнайчи. Аммо бундан иш чиқмаслигига кўзи етгач, сувга тўр ташлаб, бир оздан сўнг анчагина балиқни тортиб олибди. Шўрлик балиқларни типирчилашини кўриб турган сурнайчи балиқларга қараб: “Энди ўйинга тушишни бас қилинг. Олдин шундай шўх куй чалганимга қарамай, ўйнамаган, энди ўйнайсизларми?!” – деган экан. Сиз, юнонлар ҳам ўша балиқлар қилиғини қиляпсизлар. Мен Крезни енгмай туриб, менга тобе бўлишларингни тилаганимда, гапимга кирмадиларинг. Крезни мағлуб этганимдан сўнг, бош эгиб келдиларинг. Йўқ, энди мен сизни қилич билан тобе этаман”.

Куруш тез орада бутун Кичик Осиёни ўзига тобе этди. Унинг Бобилни забт этгани ҳақидаги хабар “Осиё подшоҳи туғилди” деган хабар каби тарқалди. Куруш Бобилни эрамиздан олдинги 539 йилда забт этди. Бобилнинг забт этилиши билан Ассирия давлат сифатида барҳам топди.

ИККИНЧИ ҚИСМ: ҚОН ТЎЛА МЕШ ВА КЕСИЛГАН БОШ

wPQT0hzf_400x400.jpgБобил забт этилган санадан роппа-роса ўн йил ўтгач, Куруш ўзининг оч назарини бошқа бир-икки дарё – Сирдарё (Ҳеродот бу дарёни Аракс деб атайди) ва Амударё оралиғидаги тупроққа тикди.

Аммо ўша олис йилларда Амударё бугунгидек Орол денгизига эмас, балки Каспий денгизига бориб қуйиларди. Бугунги қуриб қолган Ўзбой дарёсининг ўзани ўша қадимги Аракс (Амударё) йўлидир.

Аракс дарёси ортида массагетлар қабиласи истиқомат қиларди. “Бу массагетлар, — деб ёзади Ҳеродот, — кўп сонли ва жасур қабила эди. Улар Аракс дарёси ортида, кунботар тарафнинг шарқий қисмида яшайдилар. Баъзилар уларни ҳам скифлар қабиласидан деб билишади”.

Қадимий массагетлар иккига бўлинган: шимолий саклар деб аталган қисми, яъни бош саклар Марғиёнада шимолдан кўчиб келган бўлсалар, иккинчи қисм саклар бугунги Мурғоб дарёси воҳасида яшар ва улар учли қалпоқ киярдилар. Улар деҳқончилик билан шуғулланмасдилар, емишларини овчилик ва мол боқиш билан топардилар. Ёз давоми қишга мевалар қуритардилар. Массагетлар ўша замонларда шароб нималигини билмасдилар. Улар гулхан ёқиб, унга бизгача номи етиб келмаган мева уруғларини ташлардилар, бу уруғлар оловда ёниб, кишини маст этадиган ис чиқарарди. Бу исни тўйиб ҳидлаган массагетлар кайф қилиб, ўйинга тушардилар. Улар ўзлари яшаб турган бепоён даштларга ярашарли баланд овозда қўшиқ куйлардилар. Массагетлар қуёшга сиғинардилар.

Ўтмиш юнон муаррихларидан Максим Тирский массагетлар ҳақида ёзар экан, улар “Танаис (яъни Амударё) дарёсини муқаддас деб, маълум кунда бу дарёда чўмилардилар” деб ахборот беради. Бу одат кейинги асрларда ҳам Мовароуннаҳр аҳолиси орасида расм бўлганини Абу Тоҳирхўжанинг “Самария” асаридаги қуйидаги сатрлар тасдиқлайди: “Самарқанд элининг эскидан қолган бир қилиқлари бордирким, улар ажам йилининг сўнгги душанба оқшомида ушбу ариқ (Оби раҳмат) ёқасига йиғилиб чўмилдилар…”

Бошқа бир юнон муаррихи Афиний “Софистлар базми” рисоласида ўзидан олдин ўтган муаррих Харетнинг “Александр тарихи” асарининг тўққизинчи китобидан олинган ва Танаис дарёси ортида яшовчи маратлар (массагетлар) подшоҳи Омартнинг қизи Одатида билан юқорида тилга олинган Гистаспнинг укаси Зариадр ўртасидаги муҳаббат ҳақида сўйловчи ривоятини келтиради.

Ҳеродот ҳали Крез подшоҳлигидан олдин Бобил, Мидия, Иония ерларига босқин уюштириб турган киммерияликлар ҳақида ёзади. Бу воқеалар милоддан олдинги 700 йиллар атрофида рўй берган. Қадимий форс тош устунларидаги битиклар киммерияликларни Амударёнинг қуйи оқимида яшаган “гимер”, “гиммери” деб аталувчи саклар эди деб маълумот беради.

Ҳеродот “Тарих”да юнонлар билан жанг қилган форслар тарафида турган бохтарийлар, саклар, сўғдийлар ҳақида ёзар экан, жумладан сакларни қуйидагича таърифлайди: “Саклар бошларига учли қалпоқ, эгниларига чарм иштон кийган эдилар. Қуроллари эса сак камони ва ханжаридан иборат эди. бундан ташқари уларнинг икки дамли жанговар ойболталари ҳам бор эди.

Бу қабилани амиргий (“гиммери”, “гимер”) саклар деб атардилар. Форслар барча скифларни сак деб номлашади”. Ҳеродотнинг бу маълумоти биз учун жуда муҳим. Демак, ишонч билан айтиш мумкинки, юнонийлар массагетлар мансуб қабилаларини скифлар деб, форслар эса саклар деб атаган эканлар. Скифлар (саклар) қайси тил гуруҳига мансуб эдилар? Шу пайтгача бир гуруҳ рус олимлари уларни рус халқининг аждодлари, бошқа гуруҳ олимлар эроний халқлар аждодлари эдилар деб келадилар. Дунай дарёси билан Сибириягача бўлган жуда кенг маконда яшаган скифларни ёлғиз бир тил эгалари сифатида кўрсатиш тўғри бўлмаса керак. Мен ўз фикримни “Самарқанд хаёли” тарихий бадиамда келтирилган гувоҳлик орқали исботлашга уринаман: “Мелоддан олдинги XII асрга тааллқули Аш-Шира (Ассирия) битиклари Осиёнинг бепоён даштларидан бостириб кирган скифлар босқини ҳақида хабар берар экан, бу жанговар кўчманчи қабилалар номини “ишгауз”, уларнинг бошлиғининг исмини Испак деб маълум қилади. Туркий халқлар тарихи билан яхши таниш бўлган одам “ишгауз” деб ном аслида “ўғиз” номи билан боғлиқлигини тезда пайқайди. Маълумки, йигирма тўрт уруғдан иборат бу туркий қабила икки йирик гуруҳдан иборат бўлиб, бири “ич ўғиз” (“ички ўғиз”), иккинчиси “ташўғиз” (“ташқи ўғиз”) деб номланган”. Демак, Аш-Шира битикларидаги “ишгауз” аслида “ич ўғиз” бўлиб, бу тарихий гувоҳлик скифларнинг (ёки уларнинг маълум қисмининг) туркий тил эгалари бўлганларини исботлайди.

Бу фикрни бошқа гувоҳликлар ҳам тасдиқлайди. Рус муаррихи Н.Карамзин рус давлати тарихига бағишланган китобида милоддан олдинги воқеалар тасвирида, Дон дарёси ортида, Астрахан даштларида сарматлар ёки савроматлар, улардан сўнг – ўрмонлар орасида будинлар, гелонлар, торкилар яшаган эдилар, деб ёзади. Бир қатор тарихий рисолаларда номи тилга олинган қабилаларнинг скифларга мансублиги қайд этилган. Қадимий юнон муаррихлари Помпоний Мела билан Плиний эса торкилар туркий эдилар деб маълумот беради.

Юқорида Мидия тупроғига киммерияликларни қувиб, бостириб кирган Шоҳ Мидиас бошчилигидаги скифлар ҳақида сўз юритган эдик. Ўша скифларни Каспий денгизи атрофида, шимолий Туркистон ерларидан массагетлар сиқиб чиқарган эдилар. Шундан маълум бўладики, массагетлар жуда катта жуғрофий кенгликларни эгаллаб олганлар. “Массагетлар, — деб ёзади Ҳеродот, — скифларникига ўхшаш либос киядилар. Турмуш тарзлари ҳам скифларникига ўхшаш. Отлиқ ва пиёда баб-баробар жанг қиладилар. Шунингдек, уларда камон, найза ва ойболта ҳам бор. Улар қўллаган буюмларнинг деярли ҳаммаси олтин ва мисдан. Найза ва камон ўқларининг учлари, ойболталари олтиндан, бош кийимлари, камарлари ва белбоғлари тилладан ясалган тақинчоқлар билан безатилган. Улар ҳатто ўзлари минган жанг отларини ҳам мис ниқоб билан ёпадилар. Отларининг анжомлари ҳам тилла билан безатилган. Массагетлар темир билан кумушни деярли ишлатмайдилар. Улар яшаган мамлакатда бу нарсаларнинг ўзи йўқ. Олтин билан мис эса ошиб-тошиб ётибди.

Массагетлар қуёшга сиғинадилар. Маълум муддатда (яъни ўзига хос байрам куни) улар қуёшга бағишлаб жуда кўп отларни қурбонлик қиладилар. Отларни қурбонлик қилишни улар энг учқур тангрига учқур жониворлар бағишлаш керак деган тушунчадан келиб чиқиб бажарганлар”.

Таниқли инглиз олими Э.Б.Тэйлор “Ибтидоий маданият” асарида Ҳеродотнинг бу фикрини тасдиқлаб: “Татарияда (яъни Туркистонда) яшаган қуёшга сиғинувчи массагетлар ўзларини қаҳратон совуғи даҳшатларидан халос этувчи тангрига (қуёшга атаб) ўз отларини қурбонликка берардилар. …Осиё шимолида яшовчи Турон қабилалари ўлган одамлар билан хайрлашиш маросимида руҳлар дунёсига сафарга отланган одам учун зарур от, чана, болта, чақмоқтош, гўшт, ёғ каби нарсалар жасад билан қўшиб кўмилган”, деб маълумот беради.

Куруш ўзининг очкўз назарини массагетлар ерига тиккан йилларда бу қабила устидан Тўмарис исмли малика ҳукмронлик қиларди. Маликанинг эри ўн йилча бурун ўлган эди. Унинг яккаю-ёлғиз ўғли Спарганис массагетлар қўшинига бошчилик қиларди. Массагетлар қўшинида эркаклар билан тенгма-тенг хотин-қизлар ҳам қатнашардилар. Улар қиличбозлик, айниқса массагетлар учун асосий қурол бўлган камондан ўқ узишда эркаклардан қолишмасдилар.

Куруш жуда кўп юртларни ҳийла билан жангу-жадалсиз эгаллаб олгани учун бу гал ҳам массагетларга найранг ишлатмоқчи бўлди. У малика Тўмарис ҳузурига ўз элчиларини турли-туман тортиқлар билан жўнатди. Элчилар келиб, совғаларни топширдилар ва буюк шаҳаншоҳ Куруш массагетлар маликаси Тўмарисни ўзига хотинликка сўраётганини айтадилар. Аммо, ҳам ўктам, ҳам заковатли малика форслар ҳукмдорининг асл ниятини осонгина пайқаган эди. Шунинг учун ҳам у гапни чўзиб ўтирмай элчиларга рад жавобини бериб, улар келтирган тортиқларга қўл тегизмай қайтариб жўнатди. Элчиларни жўнатган малика эртага албатта уруш бўлажагини билгани учун ҳам Спарганисни ва қабиланинг ҳурматли кишиларини ҳузурига чорлаб, кенгаш ўтказди.

Ҳийласи иш бермаганидан аламзада Куруш қўшинини бошлаб массагетлар юртига қараб отланди. У энг аввало Аракс дарёсидан ўтиш учун жуда кўп қайиқ ва соллар ясатди, сўнг уларни бир сафга тизиб кўприк ясашни буюрди.
Сафарбарлик ишлари билан машғул бўлган безовта Куруш қошига Тўмарис жўнатган элчилар келиб, унга массагетлар маликаси сўзини етказдилар.

Малика Тўмарис Курушга қарата шундай деган эди: “Мидия ва Форс шоҳи! Бу йўлингдан қайт. Сен қуришга амр этган бу кўприк сенинг бошингга нелар келтиришини ҳали билмайсан. Наҳотки, сен нимани истасанг, ўша нарса бажо бўлишига ишонасан? Бу ниятингдан воз кеч, ўз юртингда подшоҳлик қил. Бизнинг юртимизга кўз тикма. Сен, албатта, бу гапларни назар-писанд қилмаслигингни ҳам биламан.

Сен тинчликни эмас, урушни истаяпсан. Агар массагетлар билан жанг қилмоқни истаётган бўлсанг, кўприк қуриб овора бўлма. Биз сенга дарёдан бемалол, ҳеч қандай тўсиқсиз ўтиш имкониятини берамиз. Биз дарё қирғоғидан уч кунлик масофага бориб турамиз. Агар хоҳласанг, сен дарёдан ўтиб ўтирма, ўзинг уч кунлик масофага чекиниб бизни кут. Биз дарёдан ўтиб олайлик. Кейин жанг қиламиз!”

Малика Тўмариснинг бу мардона сўзлари Курушни ҳайратга солди, жавоб тополмай боши қотди. Кейин ўз саркардаларини кенгашга чорлади. Кенгашда Куруш Тўмарис сўзларини ҳаммага айтиб берди. Кўпчилик орқага чекиниб, массагетлар қўшинига дарёдан ўтиш имкониятини бериш тарафдори бўлди. Бу таклиф тарафдорлари “Ўзимизга яхши таниш ерда урушиш осон, Аракс ортида бизни нималар кутаётганини аниқ билмаймиз”, дедилар.

Аммо Курушнинг энг яқин маслаҳатчисига айланган собиқ Лидия шоҳи Крёз кўпчиликнинг фикрига қарши чиқди. “Шоҳим! – деди Крёз. – Шу пайтгача мен сенинг садоқатли хизматкоринг эканимни исботлаб келяпман. Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Менинг сенга бўлган садоқатим қутлуғ хонадонингга нисбатан ҳар қандай хавф-хатарни бартараф этиш йўлларини қидиришга мажбур этади. Албатта, сен ўзингга боқийлигингга ва енгилмас қўшинингга бош эканингга ишонасан. Шундай экан, менинг ҳозир айтмоқчи бўлган гапларим фойдасиз эканини билиб турибман”.

“Фойдасиз бўлса ҳам ўз фикрингни айт!” – деди Куруш.

“Шоҳим! – деди Крёз. – Агар сен ҳам ўзингни, ҳам аскарларингни фоний бандалар эканини тан олсанг, англагингки, тақдир ҳамиша бир кишига кулиб боқавермайди. Бугун музаффар қўшин эртага мағлуб ва хароб бўлиши мумкинлигини англа. Мана шунинг учун ҳам саркардаларинг айтган таклифга қаршиман!”

“Айт!” – деди Куруш.

“Шоҳим! – деб яна давом этди Крёз. – Агар сен массагетларни ўз еримизга ўтказсанг, сен жуда катта хатога йўл қўясан. Мабодо жангда мағлуб бўлсанг, улар сенинг бутун салтанатингни вайрон қилишади. Сени енгган тақдирда ҳам улар ўз юртларига хотиржам қайтмайдилар, аксинча ортингдан изма-из қувиб бораверадилар. Қолаверса, шу нарсани ёдингда тутгин: бир пайтлар оталаримизни қарийиб ўттиз йил давомида асоратда тутган урушқоқ скифларни мана шу массагетлар жангу-жадалда енгиб келганлар.

Мабодо жангда омад сенга кулиб боқса, сен ҳеч нарса йўқотмайсан. Сен уларни қаерда мағлуб этганингнинг аҳамияти йўқ. Аксинча, сен массагетларни тор-мор этсанг, Тўмарис юртига бемалол кириб боришинг мумкин. Наҳотки, бир даштлик хотинга ён босгани шон-шавкатли Курушнинг, бутун Осиё ҳукмдорининг иззат-нафсига тегмаса?! “Ёмон гапнинг қаноти бор”, дейдилар. Мана шунинг учун ҳам массагетлар эмас, биз дарёдан кечиб ўтишимиз шарт. Улар уч кунлик масофага чекинишини ҳисобга олиб, ҳеч қандай тўсиқсиз даштликлар мамлакатига кириб оламиз. Уларни қандай мағлуб этиш чорасини эса аллақачонлар топиб қўйганман”.

“Айт!” – деди Куруш.

“Шоҳим! – деди Крёз. – Бизга аниқ маълумки, массагетлар товушқон овлаб, уни ўтда пишириб еб юрадиган бир оми халқ. Улар дунё лаззатларидан бехабар: на шароб, на асл таомлар маззасини биладилар.

Шунинг учун ҳам дарёдан ўтиб, дашт ичкарисига киргач, бир манзилда қўним топгач, сен лашкаринг учун асраган буқаларни сўйиб, турли-туман лаззатли таомлар тайёрлашни буюр. Яна шуни амр этгинким, мамлакатингдаги бор бўш кўзалар она юртим – Лидия узумзорларида етилган ҳосилдан тайёрланган кучли, чолларни гўдакка, йигитларни тантиқ қизга айлантиришга қодир шароб билан тўлдирилсин. Булар ҳаммаси тахт бўлгач, бутун қўшин билан яна дарёга қараб чекин. Озгина аскарларингни эса массагетлар билан жангга чиқар. Улар биринчи тўқнашувдаёқ орқага қараб қочадилар. Зафар маст қилган массагетлар қўшини, албатта, уларни қувадилар ва албатта, ўша биз тайёрлаган ғаройиб дастурхон устидан чиқиб қоладилар. Агар адашмасам, улар умрларида кўрмаган ноз-неъматларни тотмай ўтиб кетишга бардош беролмайдилар. Ана шунда уларни бизнинг қиличимиз эмас, ўзларининг нафслари мағлуб этади. Массагетларни форс қиличи эмас, форс шароби енгади. Агар сўзим амалга ошмаса, тақдир яна сенга улуғ жасоратлар қилишингга имкон беради. Сўзимни тугатдим”.

Крёзнинг сўзлари форслар ҳукмдорига маъқул тушди. У ўз саркардалари таклифини рад этди ва шошилинч равишда малика Тўмарисга унинг биринчи таклифини қабул қилганини, у дарёдан бемалол кечиб ўтиши учун массагетлар уч кунлик масофага туришларига розилигини етказишни буюрди. Озгина вақт ўтмай айғоқчилар массагетлар қўшини дарё соҳилини тарк этиб, саҳро ичкарисига йўл олганини шоҳга хабар бердилар. Куруш бу хабарни эшитиб, ўғли Камбисни ҳузурига чақирди. У ўғлига ўзи массагетлар билан урушни тугатгунга қадар мамлакатни бошқариб туришни ва унга доно Крёзни маслаҳатчи қилиб тайинлаганини айтди. “Мен ҳатто бу урушда мағлуб бўлганимни эшитсанг ҳам Крёзнинг жонига қасд қилма. Уни асра!” – деди Куруш ўғлига.

Тез орада Камбис билан Крёз ўтирган тахтиравонни кўтарган қуллар карвони сарой қўриқчилари билан биргаликда пойтахтга қараб йўл олди.

Форслар қўшини эрталабдан то қуёш ботгунча дарёнинг уч-тўрт жойидан кечиб ўтиб, дашт ичкарисига қараб юрди. Аскарлар бир кунлик масофани босиб, бир воҳада тўхтаб қўним топдилар. Сўнг Крез берган маслаҳатга амал қилиб, Куруш қўшини кўтарган чангу-тўзон тинмасдан буқаларни бир бошдан сўйиб, лаззатли таомларни пишириб, юзлар шароб қуйилган мешларни ва кўзаларни тайёрлатди. Барча тадбирлар амалга ошгач, Куруш бир неча минг аскарни бу хуш ислар таратиб турган дошқозонларнинг ёнида қолдириб, ўзи қўшиннинг асосий қисми билан яна Амударё соҳилига қараб чекинди. Дошқозонлар ва шаробли мешлар ёнида қолдирилган аскарлар Крез берган маслаҳатдан бехабар эдилар, Куруш асл мақсадини уларга айтмаган эди. Шунинг учун, овчилар шерни жалб этиш учун оёғини тушовлаб қўйган от аҳволига тушганларидан бехабар бу аскарлар Куруш кетиши билан хавф-хатарни унутиб, базми-жамшид бошладилар.

Малика Тўмариснинг ўн саккиз яшар ўғли Спарганис бошлиқ массагетлар қўшинининг илғор қисми Куруш қолдирган аскарларга тўсатдан ҳужум қилди. Жанг узоқ чўзилмади. Сархуш форс аскарларининг жанг қилмоққа мажоллари қолмаган эди. Уларнинг асосий қисми жанг майдонида қолди, қолганлари отларига миниб қочдилар. Уларнинг қочганини кўрган массагетлар душманни қувишга уринмадилар. Уларни осон тушган ғалаба алдаган эди.

Массагетлар атайин қолдирилган дошқозонларни, умрларида кўрмаган шароб қуйилган меш ва кўзаларни кўриб, пайсалламай базм бошладилар. Улар ҳам тушовланган от аҳволига тушганларидан бехабар эдилар. Ўткир шароб ва хуштаъм таомлар ўз кучини кўрсатди. Қуёш оғмай туриб, массагетларнинг ҳаммаси донг қотиб ухлаб қолдилар. Бундан хабар топган Куруш шиддат билан олға юриб ғафлатда ётган сармаст массагетларни ўраб олди. Душманлар қийқириғидан уйғонган массагетлар қиличларини яланғочлаб душманга қўрқмасдан ташландилар. Бироқ, улар жанг қиладиган аҳволда эмас эдилар. Уларнинг кўпи қириб ташланди, қолганлари асир олиндилар. Сармаст Спарганис ҳам ярадор ҳолда қўлга тушди.

Малика Тўмарис массагетлар қўшини ва ўғлининг аянчли қисматидан хабардор бўлгач, форслар қароргоҳига чопар жўнатди. Чопар форслар ҳукмдорига малика Тўмариснинг қуйидаги сўзларини етказди: “Қонхўр Куруш! Душманимни енгдим деб ғурурланма. Сен ўғлимни ва массагет жангчиларини қилич билан юзма-юз жангда эмас, ўзларингни ҳам номаъқул сўзлар ва хатти-ҳаракатлар қилишга мажбур этадиган узум суви билан эс-ҳушидан айириб мағлуб қилдинг. Менинг сенга маслаҳатим: ўғлим Спарганисни қайтариб берда, массагетларнинг бир қисмини нобуд этганингдан шодланиб, мамлакатим тупроғини иложи борича тезроқ тарк эт! Агар маслаҳатимга қулоқ солмасанг, массагетларнинг олий тангриси Қуёш ҳақи онт ичаман: сенга аскарларинг қонини ичираман!”

Ғалаба нашидасидан маст Куруш даштлик хотиннинг дағдағаси устидан қаҳ-қаҳ отиб кулди-да, чопарнинг қулоқ-бурнини кесиб, юзига қозон куясини суркаб қайтариб жўнатди.

Эртаси куни Курушга тутқун Спарганис ўзини занжирдан халос этишларини сўраганини етказдилар. Шоҳ дарров тутқуннинг бу талабини адо этишларини ва шитоб билан ўз ҳузурига олиб келишларини буюрди. Куруш олдидаги шароб тўла косани ҳали бўшатишга улгурмай, ташқарида туйқусдан ғалати шовин-сурон кўтарилганини сезди. “Нима бало, малика Тўмарис ўғлини қутқараман, деб бостириб келдими?” – деб ўйлади шоҳ. Аммо, қўрқиб кетганини атрофида ўтирганларга билдирмай, қаршисида рақс тушаётган бобиллик раққосадан кўзини узмай жим ўтираверди. Аммо, шовқинни бошқалар ҳам эшитган эди. Уларнинг безовталанганини кўрган Куруш, ҳеч нимадан бехабардек, пойгакда ўтирган эшикоғага: “Нима гап?” – дегандек қаради. Эшикоғаси сакраб ўрнидан турди-да, ташқарига йўналди. Бироқ, у чодирдан чиқишга улгурмай, ичкарига шоҳ қўриқчилари бошлиғи хабаш қул отилиб қирди. Унинг ранг-рўйи оқариб кетган эди. Қўрқиб кетганидан кўзлари чақчайган хабаш Куруш қаршисига келиб тиз чўкди ва шоҳга тутқун Спарганис қўл-оёғи занжирдан бўшаши билан тўсатдан ҳамла қилиб соқчилардан бирининг ханжарини тортиб олиб ўз жонига қасд қилганини айтди.

Куруш чодирдан чиқиб массагетлар саркардасининг жонсиз танасига бир муддат индамай тикилиб турди-да, унинг кўксига ботган ханжарни бир силтаб тортиб олди. Сўнг ёнида турган соқчиларга кўз ташлаб чиқди-да, Спарганисга ўз ханжарини тортиб олишга имкон берган аскарга яқинлашиб, тўсатдан кўксига ханжар ботирди. Нима бўлганини билмай қолган бечора аскар бир муддат кўксига ботган ханжарни суғуриб олишларини кутгандек, чайқалиб турдида, кейин бирдан гурсиллаб ерга қулади. Куруш миқ этмай чодирга қайтиб кирди. “Лаънати ғофиллар, — деб ўйларди у, — даштлик хотин ўғли қўлимда тирик юрса, онасининг кўкси аламу-изтиробдан куйиб, тузукроқ жанг қилишга ярамасди. Ҳатто жангга чиққандаям душманни енгишни эмас, ўғлини қутқаришни ўйларди. Менинг ҳар дақиқада ўғлини қатл қилишим мумкинлигини ўйлаб адойи-тамом бўларди. Энди-чи, энди?! Энди у ярадор шердан ҳам даҳшатли. Энди у тирик ўғлини қутқараман деб эмас, ўғлимнинг ўчини оламан, деб жанг қилади. Энди у ўлимдан қўрқмайди. Олдин ўртамизда ҳаёт турган бўлса, энди ўртамизда ўлим турибди. Энди қийин бўлади…”

Мана шу ўйлар қучоғида турган Курушга ичкарига отилиб кирган соқчилар бошлиғи айғоқчилар массагетлар қўшини шиддат билан шоҳ қўналғаси томон келаётганларини хабар қилганларини етказди.

Куруш қўшини жанговар сафга тизишни буюрди. Ўша заҳоти жанговар ноғоралар товуши теп-текис дашт сукунатини бузиб юборди. Шоҳ чодири устунларида қўниб турган ёввойи кабутарлар “гурр” этиб осмонга кўтарилдилар. Куруш севимли отини келтиришни буюрди. Отига мингач, қиличини яланғочлаб саф тортган безовта аскарлар олдига чиқар экан, олисда массагетлар қўшини кўтарган чангу-тўзонни кўрди. “Энди қийин бўлади!” – деб ўйлади яна Куруш. Форслар қўшинига яқинлашган массагетлар аввал камонлардан ўқ уза бошладилар. Ўқларнинг қалинлигидан форслар қўшини устини соя қоплагандек бўлди. Форслар ҳам қараб турмай, камонларни ишга солдилар. Аммо камон отишда форсларга қараганда массагетлар уста эдилар. Уларнинг боласи олти-етти ёшидаёқ елиб бораётган отда туриб чумчуқни мўлжалга олишини Куруш мидияликлардан эшитган эди. Мидияликлар эса бу гапни неча замон илгари скифлардан эшитган эдилар. Скифларнинг ўзи камон отишда бутун Кичик Осиё халқларини қойил қолдирганларига қарамай, бу ишда массагетлар улардан машҳурроқ эканларини айтган эканлар.

Курушнинг кўнгли безовталанди. Жанг шундай давом этадиган бўлса, кўп аскарларидан жудо бўлишини сезган шоҳ қўшинини олға бошлади. Массагетлар ҳам шуни кутиб тургандек олдинга ташландилар. Жанг жуда узоқ давом этди. Массагетлар – эркагу хотинлар баб-баравар ортларидаги ҳимоясиз болалари, кекса ота-оналари, чеки йўқ саҳро-киндик қонлари томган она юртлари турганини туйиб ўлимдан қўрқмай жанг қилардилар. Уларнинг шижоатини кўрган форс аскарлари юрагида қўрқув ғимирлай бошлади, диллардаги титроқ қўлларига ўтди. Ниҳоят, улар мардона рақибга бас келолмасликларини англадилар ва жанг майдонини ташлаб қоча бошладилар. Массагетлар уларни қувиб дарёга етдилар. Дарёдан бирорта ҳам форс аскари кечиб ўтолмади.

Осиёни неча йиллардан бери зир титратиб келаётган Куруш ҳам жангда ҳалок бўлди. Жанг бошланган жой билан дарё оралиғида форсларнинг икки юз минглик қўшини нес-нобуд бўлди.

Ўғли Спарганис алами қийнаган малика Тўмарис амрига биноан жанггоҳдаги мурдалар орасидан форслар ҳукмдори жасадини қидирдилар. Тўлин ой чиқиб, атроф сутдек оппоқ эди. Туни билан қидириб, тонгга яқин Курушнинг жонсиз танасини отда судраб келтирдилар. Массагетлар маликаси икки кун илгари ўғли бошлиқ аскарларни нобуд этиш учун хизмат қилган шаробдан бўшаган мешларнинг бирини форс аскарлари қони билан тўлдиришни буюрди. Массагетлар тангриси Қуёш ҳақи ичган қасамини ўташ учун Курушнинг бошини танасидан жудо қилиб қон тўла меш ичига ташлар экан, ғазабдан ҳайқирди: “Сенга ўз аскарларинг қонини ичираман дегандим, мана, сўзимнинг устидан чиқдим. Ич энди, қонхўр, тўйиб-тўйиб ич!”


Малика Тўмарисга Курушнинг бошини келтирдилар. Мусаввир Питер Пауль Рубенс (Бостон музейида сақланади)

Мусаввир Андреа дель Кастаньо (XV век) қаламига мансуб Тўмарис портрети.


1587 йилда Брюгге шаҳри ратушасида чизилган сурат.


Малика Тўмарисга Курушнинг бошини мешга солмоқда.XIX аср гравюраси.


Остона шаҳридаги Тўмарисга ўрнатилган ҳайкал

Малика Тўмарис жасорати икки дарё атрофи ва оралиғида яшовчи халқлар тарихида ўчмас из қолдирди. Шу сабабдан муаррихлар бу қаҳрамон аёлни гоҳ бу, гоҳ у халққа мансуб бўлгани ҳақида ёзадилар. Аммо тарих фақат муаррихлар мулки эмас, тарих халқ ёдномаси ҳамдир. Мозийда бўлиб ўтган ҳар бир воқеа фақат тарихчи битигида эмас, энг аввало халқ хотирасида ўзининг боқий изини қолдириши шак-шубҳасиз. Халқ оғзаки ижоди намуналарида, хоҳ “Алпомиш” бўлсин, хоҳ “Муслимнома” бўлсин халқлар босиб ўтган йўллар давомида содир бўлган ҳодисалар ўз аксини топган. Худди мана шу нуқтаи-назардан келиб чиқиб, Тўмарис жасоратига назар ташлайлик. Бундан бор-йўғи юз-юз эллик йилча бурун Самарқанд даштларида “Ойсулув” номли достон куйланган. Минг афсуским, Эргаш Жуманбулбулнинг момоси бўлмиш Тилла кампир куйлаган бу достон бизгача етиб келмаган ва атоқли олим Ҳоди Зариф достон мазмунини ёзиб олган, холос. Достоннинг бош қаҳрамони Ойсулув Эрон подшоҳи босқинчи Дорога қарши курашади. Ойсулув тимсолида малика Тўмарис намоён бўлгани ҳақида гапириб ўтириш ортиқча. “Ойсулув” достонининг мавжуд бўлгани Ўрта Осиё халқлари қатори биз – ўзбекларнинг ҳам Тўмарис жасоратига ворис эканимизни тасдиқлаб туради.

Қадим мозий битикларини варақлаган инсонлар дунёнинг ярмини титратган форслар ҳукмдори Куруш номини эмас, балки она юртини ҳимоя қилиб босқинчиларни мағлуб этган массагетлар маликаси, мағрур ва қўрқмас Тўмарис номини улуғлайдилар. Бундан қарийб етти аср бурун яшаган, инсониятнинг улуғ даҳоси Данте ўзининг ўлмас “Илоҳий комедия” асарида Турон маликаси жасоратини илк бор шеърда мадҳ этган эди. Куруш устидан ғалаба қозонган Тўмарис ҳақида ёзар экан, Данте биз – бугунги авлодлар юрагини ҳаяжонга соладиган сатрларни битади:

Пайдо бўлиб гўё даҳшатли ўч қиличи,
Курушга ҳайқирганча сўзлар Тўмарис:
— Қонга жуда ташна эдинг, энди ич, қонхўр!

1989 — 1990

  Malika To‘maris jasorati ikki daryo atrofi va oralig‘ida yashovchi xalqlar tarixida o‘chmas iz qoldirdi. Shu sababdan muarrixlar bu qahramon ayolni goh bu, goh u xalqqa mansub bo‘lgani haqida yozadilar. Ammo tarix faqat muarrixlar mulki emas, tarix xalq yodnomasi hamdir. Moziyda bo‘lib o‘tgan har bir voqea faqat tarixchi bitigida emas, eng avvalo xalq xotirasida o‘zining boqiy izini qoldirishi shak-shubhasiz.

Xurshid Davron
MASSAGETLAR MALIKASI
VA FORSLAR PODSHOHI

001

Bir kuni qop-qora, sovuq so’qmoqda
O’ngimda bo’larsan birdan namoyon –
Ota-onasini yarim kechasi
Bo’g’ib o’ldirarkan yog’iylar pinhon,
Shovqindan uyg’onib ketgan bolaning
Ko’zlari misoli chaqnab qahrdan…

BIRINCHI QISM: AFSONA VA HAQIQAT

045Bu voqea eramizdan oldingi 530-529 yillar orasida bo’lib o’tgan.

O’sha zamonning buyuk hukmdorlaridan biri, forslar podshohi Kurush (Kir) o’z saltanati tegrasida yashaydigan xalqlarni ketma-ket bo’ysundirar ekan, tobora o’z nomini shon-shuhratga ko’mish maqsadida yangi-yangi yurishlar rejasini tuzardi.

Kurush bundan bir necha yil avval buyuk Bobil shahrini qo’lga kiritgan edi. Bunday boy va shavkatli shaharni qo’lga kiritganidan Kurush dunyoga sig’masdi. U o’ziga xudolar nazari tushgan va shu sababdan omadliman, deb hisoblardi. Darhaqiqat, Kurush juda omadli edi. Bunga ishonish uchun shahanshohning hayot yo’lini ko’zdan kechirish, ayrim voqealarni aytib o’tish o’rinli bo’ladi.

Ammo bu haqda hikoya qilishdan avval tarixning yana ham olisroq qatlamlariga nazar  tashlaylik.

Tarixda ma’lum bo’lgan eng qadim davlatlar ikki daryo – Dajla va Furot oralig’ida, Messopotamiya deb nom olgan manzilda tashkil topgan edi. Eramizdan oldingi IV ming yillikda etnik qatlami haligacha to’la aniqlanmagan shumer qabilalari bu ikki daryo orasidagi hosildor yerlarni o’zlashtira boshladilar. Ular eng avvalo bu yerda ko’p uchraydigan botqoqzorlarni quritdilar, Furot daryosining dahshatli bahoriy toshqinlariga barham beradigan murakkab irrigatsiya shahobchalarini tuzib chiqdilar. Buning natijasida dehqonchilik yuksalib savdo-sotiq rivojlandi, oxir-oqibatda ikki daryo oralig’ida dastlabki shahar – davlatlar tashkil topdi.

Ikki daryo oralig’i quyi qismining shimoliy tarafida eramizdan oldingi III ming yillikda ko’chmanchi semit-akkad qabilalari o’rnashib oldilar. Ular shumerlarga qo’shni bo’lganlari uchun ularning kuchli ta’sirida edilar. Ammo oradan bir asr o’tar-o’tmay shumerlar o’z tillarini unutib, akkad tilida gapira boshladilar. Shumer tili faqat fan, diniy adabiyot tili sifatida saqlanib qoldi. Ammo oxir-oqibatda u o’lik tilga aylandi. Bu shumer tilining odamlar turmushida muhim o’rin tutgan sohalardan tobora siqib chiqarilgani oqibatida ro’y berdi. Ona tilimiz bo’lmish o’zbek tilining bugungi ahvolidan kelib chiqib, tarixning bu hikmatidan tegishli xulosalar chiqarish bizning burchimiz va vazifamiz ekanligini unutmaslik kerak.

Eramizdan oldingi II ming yillikka kelib ikki daryo oralig’ida yashayotgan xalqlar asosan semit-akkad tillarida so’zlasha boshladilar. Bu xalqlar ichida ayniqsa, akkadlar va shumerlar qo’shiluvi natijasida shakllangan va asosan akkad tilida so’zlovchi bobilliklar muhim o’rin tuta boshladilar. Bobilning eng yuqori taraqqiy bosqichi Bobil shahri shohlarining birinchi sulolasining oltinchi shohi bo’lmish Xammurani (eramizdan oldingi 1792-1750 yy.) davriga to’g’ri keladi. Biroq, bu sulolaning so’nggi hukmdorlari davrida Bobil inqirozga yuz tutdi. U tog’lik qabilalar tomonidan vayron etildi va kamida besh asr davomida tanazzulda qoldi.

Eramizdan oldingi XIV asrda bu yerda Ashshura (Assiriya) davlati tashkil topdi va IX asrning oxiriga kelib qudratli davlatga aylandi. U Kichik Osiyo, Eron, Bobil, Kilikiya, Urartu, O’rta Yer dengizi sharqiy qismi, hatto bir oz muddat Misrni ham o’z hukmi ostiga bo’ysundirdi. Herodotning yozishicha, Yuqori Osiyo ustidan Ashshura hukmronligi 520 yil davom etgan. Ammo har qanday buyuk davlat (imperiya) oxir-oqibatda ichki nizolar natijasida parchalanishini tarixdagi ko’p misollar isbotlaydi.
Ashshuraliklar hukmronligidan qutilishga ilk urinish midiyaliklar tomonidan boshlandi. Ularning ozodlik uchun boshlagan kurashi, midiyaliklar matonati tufayli muvaffaqiyatli tugadi, midiyaliklar asoratdan ozod bo’ldilar. Ularning bu kurashi boshqalar uchun ibrat bo’ldi, boshqa xalqlar ham ozodlik uchun assiriyaliklarga qarshi otlandilar. Assiriya parchalandi. Bu eramizdan oldingi 612 asrda ro’y berdi.

Ammo birinchi bo’lib ozod bo’lgan midiyaliklar g’alaba lazzatini totgach, o’z davlatlarini tuzishga shoshilmadilar. Ular o’z qishloqlarida o’zlari xohlagan tartibda yashay boshladilar. Buning oqibatida odamlar va qishloqlar o’rtasida nizolar kuchayib boraverdi. “Bo’linganni bo’ri yer” deganlaridek, ular boshqa xalqlar hujumlaridan ham ko’p jabr chekdilar.

Xuddi shu davrda Midiya qishloqlarining birida Deiok ismli bir aqlli odam yashardi. U o’zining adolatparvarligi bilan odamlar orasida mashhur edi. Talashib qolgan hamqishloqlari uning huzuriga kelardilar, Deiok esa bu nizolarni adolat bilan hal qilardi. Avval qo’shni qishloqlar aholisi, keyin esa butun midiyaliklar o’z tashvishlari bilan unga murojaat qila boshladilar. Deiok oldidan o’ylagan niyati amalga oshayotganini ko’rib, bundan keyin hech kimga qozilik qilmasligini e’lon qiladi. O’z ishlarimni qo’yib, boshqalar tashvishini chekishimdan nima foyda? – deydi u. Uning ayrim tarafdorlari esa oldindan kelishilgandek: “Bunday yashab bo’lmaydi! Kelinglar, o’zimizga hukmdor saylaylik! Shunda bizning yerimizda ham tartib va adolat o’rnatiladi, biz barchamiz o’z ishimiz bilan bemalol shug’ullanamiz, adolatsizliklar bizni o’z yurtimizdan quvmaydi”, — deydilar. Ularning bu so’zi  ko’pchilikka ma’qul tushadi va ko’pchilik Deiokni hukmdor qilib saylashga qaror qiladilar.

Deiok eng avval o’ziga qasr qurishni va shaxsiy qo’riqchilar berishni talab qildi. Midiyaliklar uning hukmiga bo’ysunib, yangi hukmdor amri bilan u ko’rsatgan yerda zabt etish g’oyat mushkul qo’rg’on tiklaydilar. Deiok shundan keyin midiyaliklarga yangi shahar tiklashni buyuradi. Tez orada Akbatan shahriga asos solinadi. Shahar yetti aylana devor halqasi bilan o’raladi. Tepalikda qurilgan shaharning tabiiy o’rni bunga juda mos kelardi. Har bir halqa muayyan rang bilan bo’yaladi. Birinchi halqa – oq, ikkinchisi – qora, uchinchisi – qizil, to’rtinchisi – ko’k, beshinchisi – qirmiz, oltinchisi – kumush, yettinchisi, ya’ni eng ichkarigi halqa oltin rangga bo’yaldi. Oltinrang bilan bo’yalgan halqa ichida Deiok uchun qasr va xazina binosi tiklanadi. Deiok midiyaliklarga o’zlari yashab turgan qishloqlarini tashlab, yetti halqa orasida joylashishni buyuradi. Deiok midiyaliklar ustidan 53 yil hukmronlik qilib olamdan o’tdi. Hokimiyat uning o’g’li Fraortga o’tdi. U otasiga o’xshab Akbatanda muqim turolmadi va qo’shni shahar-davlatlarga hujum qila boshladi. Fraort o’z hukmronligining yigirma ikkinchi yilida Assiriyaga qarshi urush ochdi. Assiriya, yuqorida aytganimizdek, bu davrda o’ziga bo’ysungan mulklardan ajralgan bo’lsa-da, o’z mustaqilligini yo’qotmagan va hali ancha kuchli  edi.

Fraort bu urushda butun qo’shinidan ayrildi va janglarning birida o’zi ham halok bo’ldi.

Midiya taxtiga Fraortning o’g’li Kiaksar o’tirdi. Kiaksar otasidan ham jangovarroq chiqdi. U Osiyoda birinchi bo’lib qo’shinlarni qurollarga qarab bo’linmalarga ajratib, ularning har birini mustaqil harakat qilish uquviga o’rgatdi.

Ammo bu borada Kiaksarning o’z urushqoq fe’lini juda uzoq vaqt bosib o’tirishga majbur qilgan voqealar bo’lib o’tdi. U otasining o’chini olish uchun Assiriyaga qarshi urush ochganida, choparlar uning yurtiga skiflar hujum qilib kelayotgani haqida xabar yetkazdilar. Tanais (Don) daryosi atrofida yashayotgan skiflar Qrimda yashagan kimmeriyaliklarni o’z yeridan siqib chiqarib, ularni ta’qib qilib Kichik Osiyo yerlariga kirib kelayotgan edilar. Midiyaliklar bilan skiflar o’rtasidagi jang keyingilar g’alabasi bilan tugaydi. G’oliblar Kichik Osiyoning ichkarisiga – Misrga qarab intildilar. Falastinga yetganda ularning qarshisiga Misr shohi sovg’a-salom bilan chiqdi va o’z saltanatini skiflar g’oratidan saqlab qoldi. Skiflar yigirma sakkiz yil davomida Kichik Osiyoni dahshatga tutdilar. Har qanday o’troq xalqqa nafrat bilan qaragan ko’chmanchi skiflarning asosiy mashg’uloti jang qilish edi. ularning yigirma sakkiz yillik hukmronligi davomida o’zlariga bo’ysungan xalqlardan boj yig’ish bilan bir qatorda ularni tinmay talash bilan shug’ullandilar.

Skiflar kimlar edilar? Herodotning yozishicha, forslar saklar deb atagan skiflar o’zlarini skalotlar deb nomlardilar.

Skiflarga bosh eggan Kiaksar oxiri hiyla ishlatib, ularni o’z mulkidan quvib chiqardi. Voqea bunday bo’ldi: Kiaksar skiflarning boshliqlarini mehmonga chaqiradi va ularni rosa mast qilib, jonlariga qasd qiladi. Mana shunday hiyla bilan Kiaksar yana o’z davlati mustaqilligini tiklab oldi va hatto tez orada Bobildan boshqa hamma Ashshura yerlarini o’ziga bo’ysundirdi. Kiaksar o’limidan so’ng taxt uning o’g’li Astiagga o’tdi. Mana endi ajdodlarimiz bo’lmish massagetlarni zabt etish niyatida boshqa bir ikki daryo – Oks (O’kuz, Amudaryo) bilan Yaksart (Sirdaryo) oralig’idagi yerlarga och nazarini tikkan Kurush haqidagi hikoyamiz boshlanadi.

Astiagning yakkayu yolg’iz Mandona ismli qizi bor edi. kunlarning birida Astiag dahshatli tush ko’radi. Bu tushida qizi yotgan to’shakdan oqib chiqqan suv toshqini poytaxtni, keyin butun Osiyoni bosgan emish. Astiag o’z tushining ta’birini surishtirib bilgach, dahshatga tushadi. Shu sababdan ham qizi bo’yiga yetgandayam, u o’z qizini erga berishni paysalga sola boshlaydi. Ayniqsa, boy va hurmatli midiyaliklardan kelgan sovchilarni u qasriga yaqinlashtirmaydi. Oxiri u qizini saroyida xizmat qilgan boy va fe’l-atvori mo’min Kambis ismli fors zodagoniga uzatadi. Bu bilan qizidan tug’ilajak bolani Midiya taxtiga bo’lgan huquqdan mahrum qilmoqchi edi.

Kambis bilan Mandona turmushining birinchi yilida Astiag yana tush ko’radi. Bu safar tushida qizi yotgan to’shak uzra tok o’sib chiqib, shoxi tarvaqaylab butun Osiyoni chirmab olganmish. Tushi ta’birini bilib, Astiag yana dahshatga tushadi. Ta’birchilar, xuddi oldingi galdagidek, qizidan tug’ilajak bola uning o’rnida shoh bo’lishini, uning hukmi butun Osiyoni zabt etishini aytgandilar.

Astiag Fors mulkiga chopar yuborib, qizini o’z huzuriga olib kelishlarini buyuradi. Qizi qoshiga yetishi bilan Astiag uni juda qattiq qo’riqlashni talab qildi, o’zi bo’lsa tunu-kun uxlolmay, tug’ilajak bolani nobud etish rejasini tuza boshladi. Bola dunyoga kelishi bilan Astiag o’zining yaqin qarindoshi, eng ishonchli va sadoqatli amaldori Garpagni huzuriga chorladi. “Garpag, — dedi dahshatli rejasidan ko’zlari xira tortgan Astiag. – Senga muhim topshiriq bermoqchiman. Sen bu topshiriqni bajarishing shart. Agar dahshatli o’lim topishni istamasang, dushmanlarim manfaati deb, meni xarob etishni o’ylab, meni aldama. Qizimdan tug’ilgan bolani ol-da, uyingga olib borib o’ldir. Keyin uni o’zing xohlagan tarzda dafn et”.

Garpag qudratli shohning bu g’alati so’zlarini eshitgach, tili kalimaga kelmay, uzoq jim qoldi. Keyin es-hushini yig’ib, Astiagga boqdi. “Shohim, — dedi u boshini ko’tarmay, — hech qachon men seni norozi qiladigan xatti-harakat qilmaganman, mudom amringni ado etganman. Bundan keyin ham senga sadoqat bilan xizmat qilish muddaoim. Agar amring shu bo’lsa, uni bajarmoq mening burchim”.

Astiag o’z huzuridan shoshib chiqib ketayotgan Garpagni to’xtatib, yelkasidagi zarbof to’nni yechib qo’liga tutqazdi: “Bolaning jasadini shunga o’rab ko’masan”.

Uyiga yetib borgan Garpag bu yovuz topshiriq haqida xotiniga gapirib berdi. Dahshatga tushgan xotin eridan endi nima qilishini so’radi. Garpag: “Nima bo’lgandayam, bu og’ir jinoyatga – begunoh go’dakni, qolaversa, yaqin qarindoshim umrini nobud qilmayman”, — deb javob beradi. So’ng yana shunday deydi: “Astiag ham qarib qoldi, bir oyog’i yerda bo’lsa, bir oyog’i go’rda. Erta-indin bizni tashlab ketishi aniq. Uning o’g’li yo’q. Yolg’iz qizi bor. Agar shoh o’ladigan bo’lsa, taxt shu qiziga tegadi. Hokimiyat qo’liga teggan kuniyoq bolasining qotilini o’ldirishi shubhasiz. Agar bolamni birov o’ldirsa, men ham shunday qilgan bo’lardim, o’chimni olmaguncha ko’zimni xotirjam yumolmasdim”.

Ammo vaqt o’tgan sayin Garpag shoh amrini bajarmaslik boshiga naqadar ayanchli o’limni solishini anglab, dahshatga tushardi. Oxiri u Astiag amrini bajarishga, ammo bolani o’z qo’li bilan emas, boshqa bir odam tomonidan o’ldirishga qaror qildi. “Bu odam Astiag odamlaridan bo’lishi kerak!” – deb o’yladi Garpag. Shu niyatda u Akbatan shimolidagi tog’larda podshoh qo’ylarni boqib yurgan podachi Mitridatni huzuriga chorladi. Podachi bilan tanho qolgan Garpag shunday dedi: “Mitridat, podshohimiz bu bola o’limini tilayapti. Buning uchun sen uni poyida poda boqib yurgan tog’ning eng ovloq yeriga olib borib tashlashing kerak. Uni o’sha yerda yirtqichlar yeb ketar yo o’zi ochlikdan nobud bo’lar. Nima bo’lgandayam sen uning o’lgani haqida xabarni menga, men bo’lsam shohga yetkazmog’im shart. Ammo ikki qulog’ingga quyib ol, buni shohning o’zi senga aytishni qattiq tayinlagan. Agar bolani o’ldirmay tirik qoldirsang, seni dahshatli qatl kutadi”.

Mitridatning xotini homilador edi. U eri Garpag huzurida bo’lganida to’lg’oq tutib, o’lik bola tug’adi. U chaqaloq jasadi ustida yum-yum yig’lab o’tirganida, Mitridat kirib keldi. Hali bu fojiadan bexabar podasi kela solib xotiniga qo’lidagi bolani tutqazdi. “Bu kimning bolasi?” – deb so’radi xotini yig’isini ichiga yutib. “Bolani menga Garpag berdi. Garpag xonadoniga kirishim bilan uning xotini yig’lab o’tirganini ko’rib, qaytib chiqdim. Ammo Garpagning: “Ichkariga kir!” degan ovozini eshitib ortimga qaytdim. Kirishim bilan shohlar kiyadigan zarbof to’nga o’ralgan mana shu chaqaloqqa ko’zim tushdi. Garpag menga tezlikda mana shu bolani olib borib tog’ning ovloq yeriga yirtqichlarga yem bo’lishi uchun qoldirishni buyurdi. Bu podshohimiz Astiag amri ekan. Agar bu ishni bajarmasam meni o’lim kutishini aytib dag’dag’a qildi. Men bu bola biror gunohkor qulning farzandi bo’lsa kerak, deb o’yladim, uni qo’limga olib uydan chiqdim. Ammo go’dak o’ralgan zarbof to’n, bola bo’ynidagi oltin tangalar, tilla taqinchoqlar, ortimdan uvvos solib yig’lagan Garpag xotinining qora yig’isi mening ko’nglimga vahima solardi. Meni shahar chekkasigacha kuzatib qo’ygan xizmatkor qo’rqa-pisa bu go’dak Astiagning qizi Mandona va kuyovi Kambisning farzandi ekanini aytganda, dahshatdan qotib qoldim. Nahotki, Astiag o’z nabirasini o’limga buyurgan bo’lsa?! Uyga kelguncha nima qilishimni bilmay boshim qotdi. Garchi Garpag to’g’ri toqqa borib bolani ovloq joyga tashlashni buyurgan bo’lsa-da, oldin sening ahvolingdan xabar olay dedim”. Achchiq alamdan ko’z o’ngi qorong’ilashib o’tirgan podachining xotini erining so’zlaridan keyingina o’ziga kelib, go’dakni bag’riga bosgancha o’zini Mitridat oyog’iga tashladi: “Mitridat, yalinaman, bu ishni qilma, gunohga botma… Uni menga qoldir”.

Mitridat o’rnidan turib ketdi: “O’ylab gapiryapsanmi, xotin? Axir, Garpag ortimdan izma-iz ayg’oqchi jo’natgan bo’lishi ham mumkin. bu ishni bajarmasam meni o’ldirishadi”. Har qancha yalingani bekor ketishini o’ylab, qo’lidagi chaqaloqni bir chetga qo’ydi-da, o’lik tug’ilgan chaqaloq jasadi ustidagi matoni sekin ko’tardi: “Qara, Mitridat, bu sening bolang. Ammo u o’lik tug’ildi. Mayli, sen uni olib borib yirtqichlarga yem qilib kel, roziman. Biroq, Astiag qizining bolasini o’z bolamizdek ulg’aytiraylik. Bolamizning jasadini shohona ko’mishadi, shuning o’zi dardimni kamaytirar… Ammo tirik bola yaramga malham bo’ladi”.

Xotini haq ekanini anglagan Mitridat toqqa o’z bolasi jasadini tashlab qaytdi. Uch kun o’tar-o’tmas u Aktabanga borib, Garpagga bola nobud etilgani haqidagi xabarni yetkazdi.

Garpag o’sha zahoti o’ziga sodiq odamlarini toqqa yuborib, podachi o’g’li jasadini olib kelib, zarbof to’nga o’rab, izzat-ikrom bilan dafn etdi. Mitridat va uning xotini tirik qolgan podshoh nabirasini tarbiyalay boshladilar, faqat ular endi uni Kurush deb emas, boshqa nom bilan chaqira boshladilar.

Podachi oilasida, ozod odamlar orasida ulg’aygan go’dak baribir tengdoshlari orasida  o’zining zakovati, xatti-harakati bilan ajralib turardi. Bola o’n yoshga to’lgan kunlarning birida tengdoshlari o’yin davomida uni podshoh qilib sayladilar. U darrov o’ziga “qo’riqchilar” tanladi, vazirlarni belgiladi. Bolalarning birini esa “ayg’oqchi”likka tayinladi. “Ayg’oqchi” hamma gapni podshohga yetkazib turishi shart edi. boshqalarga esa “uy” qurishni buyurdi. Zodagon Artambarning o’g’li uning aytganini bajarishdan bosh tortdi. Shunda Kurush zodagon bolasini juda qattiq jazoladi. Uni xivchin bilan savalatdi. Bola jazolovchilar qo’lidan qutilgach, bora solib otasiga arz qildi. O’g’lining ahvolini ko’rgan Artambar qattiq izza chekdi, fig’on chekib podshoh Astiag huzuriga borib Mitridat o’g’li ustidan arz-nadomat qildi.

“Shoh, — dedi u, — sening podaching Mitridatning o’g’li mening, ya’ni senga sodiq xizmatkoring bolasini nohaq xivchin bilan savalatdi”. U shunday deb o’g’li badanidagi xivchin izlarini ko’rsatdi va Mitridat o’g’lini jazolashni so’radi.

Astiag podachi bilan uning o’g’lini tezlikda huzuriga olib kelishni amr etdi. Ular kelishi bilan Astiag Kurushga qarab dag’dag’a qildi: “Sen, qulvachcha, nega izzat-ikromli odamning bolasiga qo’l ko’tarding?” Bola unga shunday deb javob berdi: “Olampanoh! Men uni adolat yuzasidan jazoladim. Qishlog’imiz bolalari, shu jumladan, men jazolagan bola ham meni o’zlariga podshoh qilib sayladilar. Ular bunday sharafni yolg’iz menga loyiq ko’rdilar.

Hamma bolalar mening amrimni so’zsiz bajargan bir paytda, bu bola meni nazar-pisand qilmadi, amrimga quloq solmadi. Shuning uchun uni jazolashni lozim ko’rdim. Agar gunohim bo’lsa, endi sen meni jazola!”

Bola so’zini tugatishi bilan Astiag o’z qarshisida qulvachcha emas, shahzoda turganini sezdi. Bu bola podachining emas, qizi Mandonaning o’g’li ekanini bildi. Bolaning yuz-ko’zi, o’zini tutishi, qolaversa, yoshi ham shoh fikrini tasdiqlardi. “Artambar, — dedi shoh uzoq jimlikdan so’ng. – Men sening so’zingni yerda qoldirmayman. Faqat sen hozir meni yolg’iz qoldir”. Shunday degach Astiag Mitridatdan boshqa hamma uning huzurini tark etishlarini buyurdi. Kurush bo’lsa, Astiag amriga binoan, saroyda qoldirildi. Podachi bilan yolg’iz qolgan shoh bu bola uning qo’liga qanday tushib qolganini, uni kim berganini aytishni talab qildi. Podachi bolani xotini tuqqanini, xotini, xudoga shukur, hozir ham tirik ekanligini aytdi.

“Aldama, — dedi Astiag, so’ng soqchilarga podachini qiynoqqa solishni buyurdi. Qo’rqib ketgan Mitridat bor gapni to’kib soldi va shu gunohidan kechishini yalinib-yolvordi.

Bor haqiqatni eshitgan Astiag o’sha zahoti Mitridatni unutib, huzuriga bu ishlarning sababchisi gunohkor Garpagni olib kelishlarini buyurdi. Soqchilar o’sha zahoti qo’rqib ketgan Garpagni shoh huzuriga yetkazdilar. “Garpag, — dedi shoh g’azabdan qaltirab, — sen qizimning o’g’lini qanday qilib o’ldirding?” Garpag podshohga hamma sir ma’lum ekanini bilib, yolg’on so’zlash o’lim bilan baravar ekanini angladi. “Podshohim, — dedi u, — agar men sening amringni bajarmasam, baribir nabirang qotili sifatida bir kunmas bir kun qahringga duchor bo’lishdan qo’rqdim. Uni podachiga topshirib, tog’u-toshning bir ovloq joyiga olib borib tashlashni buyurdim. U amrimni bajo etdi. Nabirangning jasadini o’zing bergan zarbof to’nga o’rab, izzat-ikrom bilan dafn etdim. Xato qilgan bo’lsam, gunohimdan o’t, shohim!”

Astiag qahru-g’azabini ichiga yutib, Garpagni dahshatli jazo bilan qiynashni o’ylab, podachidan eshitgan bor voqeani – hali Garpagga noma’lum gaplarniyam gapirib berdi. “Yaxshi bo’pti, — dedi so’ng shoh yolg’ondan jilmayib, — o’g’lini o’ldirganimdan buyon qizimning nafratini ko’rib yurish azobidan qutiladigan bo’ldim. Endi gap bunday, tirilib qaytgan nevaram bir o’zi zerikib qolmasligi uchun o’g’lingni saroyga yubor. Quyosh cho’kishi bilan nevaramni qutqarib qolgan xudolar sharafiga beradigan ziyofatga yetib kel”.

Podshohning bu gaplarini eshitib Garpag jazodan qutulganiga ishonib-ishonmay taxt poyiga o’zini tashlab uzoq yukundi. So’ng uyiga qushdek uchib borib, o’n uch yashar o’g’lini saroyga jo’natdi. O’zi bo’lsa qulay o’rnashib olib, sharbat ho’plab bo’lib o’tgan voqeani xotiniga hikoya qilib bera boshladi.

U hali hikoyasining yarmiga yetmay, saroyga yetib kelgan o’g’li jallod qo’liga topshirilganidan bexabar edi. Astiag bola jasadini nimtalab, bir qismini qovurib, bir qismini pishirib qo’yishni buyurdi. Ziyofat ayni qizigan payt ko’pchilik bilan chaqchaqlashib o’tirgan Garpagning oldiga o’g’lining qovurilgan go’shtidan keltirib qo’yishdi. U to’yib yeb bo’lgandan so’ng, Astiag ishorasi bilan xizmatkorlar begunoh o’ldirilgan bola kalla-pochasi solib qo’yilgan qutini ko’tarib kirdilar va Garpagdan yana ko’ngli tortgan bo’laklarni olishni iltimos qildilar. Garpag quti og’zini ochishi bilan qanday dahshatli voqea sodir bo’lganini angladi, ammo o’zini xotirjam tutdi. Quti og’zini ehtiyotkorlik bilan, o’g’liga ozor berishni istamagandek, sekingina yopdi. Uning o’zini tutishini ko’rib, Astiag u nima yeganini bilgan-bilmaganini so’radi. “Bildim, shohim, — dedi Garpag, — siz menga nimani ravo ko’rgan  bo’lsangiz, barchasini qabul qilaman”. U shu so’zni aytar ekan, oldida turgan suyaklarni ham o’g’lining kalla-pochasi solingan qutiga qo’shib, hech bo’lmasa, o’g’lining qolgan qismini yerga topshirish uchun uyiga olib ketdi.

Astiag yana o’z folbinlariga murojaat qildi. Ular agar bola tirik bo’lganida podshoh bo’lishi kerak edi. Bilamizki, u nobud bo’lgan, bu tush endi sizni bezovta qilmasligi kerak, deydilar. Astiag bolaning tirikligini va bo’lib o’tgan voqealarni folbinlarga oqizmay-tomizmay so’zlab berdi. Folbinlar “Agar bola o’z tengdoshlari tomonidan podshoh qilib saylangan bo’lsa, endi qo’rqmasangiz bo’laveradi. Ikkinchi marta u podshoh bo’lolmaydi”, — deydilar. “Men ham shunday o’ylayman, — deydi Astiag, — ammo bolani bundan keyin o’zim tarbiya qilaymi yo ota-onasi huzuriga, Forslar yurtiga jo’nataymi, shuni aytinglar”. Folbinlar bolani ota-onasi huzuriga jo’natishni ma’qul topdilar.

Astiag Kurushni chaqirib, endi u podachi Mitridat xonadonida emas, ota-onasi bo’lmish Mandona bilan Kambis huzurida yashashi kerakligini aytib, uni Fors o’lkasiga karvon bilan jo’natadi. Kurush yo’lda o’zining kimligini, ota-onasi kimligini bilib oladi. Shuning uchun ham uni kutib shahar chekkasiga chiqqan onasi yelkasiga boshini qo’yib shirin-shirin xo’rsindi.

Vaqt yeldek uchib o’tib, Kurush haqiqiy yigitga, asl jangchiga aylandi. U Fors mulkidagi tengdoshlari orasida zakovati, jasorati bilan ko’zga tashlanib turardi. U ulg’aygani sayin Astiag huzurida xizmatini davom etgan jabrdiyda Garpagning ichidayam shohga nisbatan xusumat shunchalik kuchayib borardi. U o’z niyatini amalga oshirish niyatida dastavval midiyaliklardan ham tarafdor yig’di. Zolim Astiagning jabri jonidan o’tgan juda ko’p midiyalik zodagonlar Garpag fitnasiga bosh qo’shdilar. Faqat shundan keyingina Garpag Kurush huzuriga sodiq xizmatkorini yuborib, uni bobosiga qarshi bosh ko’tarishga da’vat qildi. Ammo poytaxtdan Fors mulkiga boradigan yo’llar kuchli qo’riqlanar, har bir shubhali shaxs nazorat ostiga olinardi. Buni yaxshi bilgan Garpag hiyla o’ylab topdi. U o’z rejasi bayon etilgan maktubni butunligicha pishirilgan tovushqon qorniga yashirib sodiq xizmatkoriga berdi. Garpag maktubda shunday deb yozgan edi: “Kambis o’g’li! Tug’ilgandan xudolar panohidasan. Bo’lmasa nobud bo’lib ketarding. Astiag seni – o’z nabirasini ham o’ldirmoqchi bo’ldi. Joningga qasd qilmay podachiga berganim uchun u meni eng yovuz jazoga duchor qildi. Faqat xudolar yordami va men tufayli omon qolding. Agar sen mening so’zimga quloq ossang, Astiag taxti seniki bo’ladi. Forslarni unga qarshi jangga chorla. Agar Astiag meni yoki boshqa bir midiyalik zodagonni lashkarboshi qilib tayinlansa, butun Midiya qo’shini ertaga seniki bo’ladi. Astiag taqdiri bugun sening qo’lingda. Shoshil!”

Forslar Astiag qahridan qattiq qo’rqardilar. Buni bilgan Kurush ularni Astiagga qarshi bosh ko’tarishga ko’ndirish osonlikcha bo’lmasligini tushunardi. Shuning uchun u fors yigitlarini yig’ib, ertasi kuni uning huzuriga o’roq bilan kelishlarini buyurdi. Ertasi yigitlar o’roqlar bilan kelgach, juda katta maydonni egallab yotgan pichanzorni o’rishga buyruq berdi. Bu og’ir ish yarim tunga borib tugagach, Kurush yigitlarga ertaga yuvinib-taranib, hashamatli liboslarini kiyib kelishlarini so’radi. O’zi bo’lsa otasiga qarashli podalarni bir yaylovga to’plab, kechasi bilan ularni so’yib, turli lazzatli taomlar tayyorlashni talab etdi. Shunga yarasha juda ko’p sharob olib keltirdi. Nonvoylar kechasi bilan non yopib chiqdilar. Tong otib yig’ilgan yigitlar quyosh botguncha kayfu-safo qildilar. Ziyofat tugagach, Kurush yigitlardan so’radi: “Qani aytinglar-chi, sizlarga qaysi kun ma’qul – kechagimi yoki bugungimi?” Yigitlar qiyqirib: “Albatta, bugungi kun!” – dedilar.

Ularning shunday deyishini bilgan Kurush xursand bo’ldi.U yigitlarga yana murojaat qildi: “Fors jangchilari! Mening sizga aytadigan so’zim bor. So’zimga kirsalaring, bugungidek farog’atda, kirmasalaring, kechagidek zahmatda yashaysizlar. So’zimga kirsalaring, ozod bo’lasizlar, so’zimga kirmasalaring, qullikda yashashga mahkumsiz! Xabarlaring bor: tug’ilganimdan meni xudolar o’z panohida asrab kelayaptilar. Bugun ular menga Astiagga qarshi bosh ko’tar, deb da’vat qilmoqdalar”.

Fors jangchilari Kurush so’zidan ruhlanib uzoq vaqtdan beri midiyaliklarga bo’lgan adovatlari tug’yon urib, urushga tayyorgarlik ko’ra boshladilar. Bu xabar Astiag qulog’iga yetgach, u chopar yuborib, Kurushni o’z huzuriga chaqirdi. Kurush podshohga: “Huzuringga sen istagandan ham tezlikda yetib boraman”, degan javob yubordi. Bu gapni eshitgan Midiya shohi o’z fuqarolarini urushga qo’zg’ab, Garpagni ularga lashkarboshi qilib tayinladi. Birinchi jangdayoq Astiag taxti Kurush qo’liga o’tdi: Garpag fitnasiga bosh qo’shgan midiyaliklar Kurush tarafiga o’tdilar, fitnadan bexabar lashkarlar esa tor-mor bo’lib, orqaga qochdilar. Bu dahshatli xabarni eshitgan Astiag: “Baribir Kurushni yengaman!” – deya g’azab bilan hayqirdi. U dastavval unga Kurushni Fors mulkiga yuborishni maslahat qilgan folbinlarni qatl ettirdi. Keyin esa qarimi-yoshmi, qolgan hamma midiyaliklarni qurollantirib, o’zi ularga bosh bo’lib, Kurushga yuzma-yuz chiqdi. Ammo bu qo’shin ham juda oson mag’lub bo’ldi. Butun askaridan ayrilgan Midiya shohi asir tushdi. Bobil shohi Nabonid solnomasiga ko’ra, Astiag isyon ko’targan o’z askarlari tomonidan Kurushga topshirilgan.

Zanjirband qilingan Astiagni ko’rgan Garpag unga yaqinlashib so’radi: “Astiag, bir paytlar menga o’z farzandim go’shtini yedirganing oldida sening saltanat yo’qotishing nima bo’pti?”

“Sen ahmoqsan, Garpag, — deb javob berdi Astiag, — axir, sen atrofingda yig’gan odamlaring bilan bemalol meni bartaraf etib podshoh bo’lishing mumkin edi-ku. O’shanda men bunchalik azob chekmasdim. Men sening o’g’lingni o’ldirdim, sen bo’lsang undan ham og’irroq jinoyat qilding – o’z ona yurtingni – Midiyani dushmanlarga qul qilding. Sening bu xiyonating tufayli hukmdor – qul, qul bo’lsa hukmdor bo’ldi. Avlodlar meni emas, seni la’natlashadi, baxtiqaro Garpag!”

Yunon muarrixi Plutarx “Dilkash suhbatlar” asarida Kurush bilan Astiag o’rtasida kechgan jang bayonida g’aroyib bir hikoyani so’ylaydi:

“Forslarni Midiya shohi Astiag hukmidan qutulishga chorlagan Kir (Kurush) jangda mag’lubiyatga uchradi. Mag’lub bo’lgan fors askarlari quvib kelayotgan dushmanlardan qochib o’z shaharlariga kirib olishga harakat qilayotganlarida, shahar ayollari etaklarini beldan yuqorigacha dast ko’tarib, o’z erlarining yo’lini to’sib chiqdilar va shunday dedilar: “Ey, muttaham qo’rqoqlar, qayoqqa qochyapsiz? Baribir qaerdan chiqqan bo’lsalaring, o’sha yerga bekinolmaysizlar-ku!”

Ayollarning bu ahvolini ko’rib va so’zlarini eshitib qochishdan to’xtadilar. So’ng dushmanga yuz o’girib jang boshladilar. Bu safar ular g’olib chiqdilar”.

Ayollar nadomati bilan jangda zafar qozongan Kurush vaqti yetib ayol jasorati tufayli mag’lub bo’lishidan bexabar edi. bu haqda ikkinchi qismda hikoya qilamiz.

Shunday qilib, 128 yil davom etgan Midiya hukmronligi barham topib, tarix maydoniga forslar chiqib keldilar. Bu chiqish Kurush nomi bilan tarix solnomalariga bitib qo’yildi. O’sha davrning buyuk hukmronlaridan biri Lidiya shohi Kryozni yenggandan so’ng Kurush butun Kichik Osiyoni o’ziga bo’ysundirdi. Asir shoh Krezni esa o’ziga bosh maslahatchi qilib tayinladi.

Yuqorida yunon muarrixi Herodotning “Tarix” kitobida keltirilgan Kurushning tug’ilishi, bolaligi va yoshligida bag’ishlangan voqealar muarrix tomonidan Kurush asos solgan Ahmoniylar sulolasi shohlari haqidagi afsonalar asosida yozilgan. Romul va Rem haqidagi afsonaga o’xshash bu afsona g’aroyib va go’zal bo’lgani uchun ham uni sizlarga hikoya qilib berdim.

Aslida esa Kurush Midiya shohi Astiagga bo’yin eggan vassal hukmdorlardan biri bo’lgan va o’z qudratli davlatini, afsonada aytilganidek, Astiagni taxtdan qulatish bilan tuza boshlagan.

Kurush g’alabasi haqida eshitgan Kichik Osiyoning O’rta Yer dengizi sohillarida yashagan  yunon xalqlari – ioniyaliklar va eoliyaliklar forslar hukmdori huzuriga elchilarni jo’natib, oldin Midiya shohi Krezga qanday tobe bo’lgan bo’lsalar, ungayam o’sha shartlar asosida bo’ysunishlarini ma’lum qiladilar.

Bu gapni eshitgan Kurush elchilarga shunday deydi: “Men sizlarga bir masal aytib beray. Bir kuni bir surnaychi sohilga o’tirib, sho’x bir kuyni chala boshlabdi. Bu sho’x ohangni eshitgan baliqlar qirg’oqqa sakrab chiqib o’ynashsa kerak, shunda men ularni osonlikcha tutib olaman, deb o’ylagan ekan bechora surnaychi. Ammo bundan ish chiqmasligiga ko’zi yetgach, suvga to’r tashlab, bir ozdan so’ng anchagina baliqni tortib olibdi. Sho’rlik baliqlarni tipirchilashini ko’rib turgan surnaychi baliqlarga qarab: “Endi o’yinga tushishni bas qiling. Oldin shunday sho’x kuy chalganimga qaramay, o’ynamagan, endi o’ynaysizlarmi?!” – degan ekan. Siz, yunonlar ham o’sha baliqlar qilig’ini qilyapsizlar. Men Krezni yengmay turib, menga tobe bo’lishlaringni tilaganimda, gapimga kirmadilaring. Krezni mag’lub etganimdan so’ng, bosh egib keldilaring. Yo’q, endi men sizni qilich bilan tobe etaman”.

Kurush tez orada butun Kichik Osiyoni o’ziga tobe etdi. Uning Bobilni zabt etgani haqidagi xabar “Osiyo podshohi tug’ildi” degan xabar kabi tarqaldi. Kurush Bobilni eramizdan oldingi 539 yilda zabt etdi. Bobilning zabt etilishi bilan Assiriya davlat sifatida barham topdi.

1ғBattle-between_Tomiris_Kir.GIF

IKKINCHI QISM: QON TO’LA MESH VA KESILGAN BOSH

034Bobil zabt etilgan sanadan roppa-rosa o’n yil o’tgach, Kurush o’zining och nazarini boshqa bir-ikki daryo – Sirdaryo (Herodot bu daryoni Araks deb ataydi) va Amudaryo oralig’idagi tuproqqa tikdi.

Ammo o’sha olis yillarda Amudaryo bugungidek Orol dengiziga emas, balki Kaspiy dengiziga borib quyilardi. Bugungi qurib qolgan O’zboy daryosining o’zani o’sha qadimgi Araks (Amudaryo) yo’lidir.

Araks daryosi ortida massagetlar qabilasi istiqomat qilardi. “Bu massagetlar, — deb yozadi Herodot, — ko’p sonli va jasur qabila edi. Ular Araks daryosi ortida, kunbotar tarafning sharqiy qismida yashaydilar. Ba’zilar ularni ham skiflar qabilasidan deb bilishadi”.

Qadimiy massagetlar ikkiga bo’lingan: shimoliy saklar deb atalgan qismi, ya’ni bosh saklar Marg’iyonada shimoldan ko’chib kelgan bo’lsalar, ikkinchi qism saklar bugungi Murg’ob daryosi vohasida yashar va ular uchli qalpoq kiyardilar. Ular dehqonchilik bilan shug’ullanmasdilar, yemishlarini ovchilik va mol boqish bilan topardilar. Yoz davomi qishga mevalar quritardilar. Massagetlar o’sha zamonlarda sharob nimaligini bilmasdilar. Ular gulxan yoqib, unga bizgacha nomi yetib kelmagan meva urug’larini tashlardilar, bu urug’lar olovda yonib, kishini mast etadigan is chiqarardi. Bu isni to’yib hidlagan massagetlar kayf qilib, o’yinga tushardilar. Ular o’zlari yashab turgan bepoyon dashtlarga yarasharli baland ovozda qo’shiq kuylardilar. Massagetlar quyoshga sig’inardilar.

O’tmish yunon muarrixlaridan Maksim Tirskiy massagetlar haqida yozar ekan, ular “Tanais (ya’ni Amudaryo) daryosini muqaddas deb, ma’lum kunda bu daryoda cho’milardilar” deb axborot beradi. Bu odat keyingi asrlarda ham Movarounnahr aholisi orasida rasm bo’lganini Abu Tohirxo’janing “Samariya” asaridagi quyidagi satrlar tasdiqlaydi: “Samarqand elining eskidan qolgan bir qiliqlari bordirkim, ular ajam yilining so’nggi dushanba oqshomida ushbu ariq (Obi rahmat) yoqasiga yig’ilib cho’mildilar…”

Boshqa bir yunon muarrixi Afiniy “Sofistlar bazmi” risolasida o’zidan oldin o’tgan muarrix Xaretning “Aleksandr tarixi” asarining to’qqizinchi kitobidan olingan va Tanais daryosi ortida yashovchi maratlar (massagetlar) podshohi Omartning qizi Odatida bilan yuqorida tilga olingan Gistaspning ukasi Zariadr o’rtasidagi muhabbat haqida so’ylovchi rivoyatini keltiradi.

Herodot hali Krez podshohligidan oldin Bobil, Midiya, Ioniya yerlariga bosqin uyushtirib turgan kimmeriyaliklar haqida yozadi. Bu voqealar miloddan oldingi 700 yillar atrofida ro’y bergan. Qadimiy fors tosh ustunlaridagi bitiklar kimmeriyaliklarni Amudaryoning quyi oqimida yashagan “gimer”, “gimmeri” deb ataluvchi saklar edi deb ma’lumot beradi.

Herodot “Tarix”da yunonlar bilan jang qilgan forslar tarafida turgan boxtariylar, saklar, so’g’diylar haqida yozar ekan, jumladan saklarni quyidagicha ta’riflaydi: “Saklar boshlariga uchli qalpoq, egnilariga charm ishton kiygan edilar. Qurollari esa sak kamoni va xanjaridan iborat edi. bundan tashqari ularning ikki damli jangovar oyboltalari ham bor edi.

Bu qabilani amirgiy (“gimmeri”, “gimer”) saklar deb atardilar. Forslar barcha skiflarni sak deb nomlashadi”. Herodotning bu ma’lumoti biz uchun juda muhim. Demak, ishonch bilan aytish mumkinki, yunoniylar massagetlar mansub qabilalarini skiflar deb, forslar esa saklar deb atagan ekanlar. Skiflar (saklar) qaysi til guruhiga mansub edilar? Shu paytgacha bir guruh rus olimlari ularni rus xalqining ajdodlari, boshqa guruh olimlar eroniy xalqlar ajdodlari edilar deb keladilar. Dunay daryosi bilan Sibiriyagacha bo’lgan juda keng makonda yashagan skiflarni yolg’iz bir til egalari sifatida ko’rsatish to’g’ri bo’lmasa kerak. Men o’z fikrimni “Samarqand xayoli” tarixiy badiamda keltirilgan guvohlik orqali isbotlashga urinaman: “Meloddan oldingi XII asrga taallquli Ash-Shira (Assiriya) bitiklari Osiyoning bepoyon dashtlaridan bostirib kirgan skiflar bosqini haqida xabar berar ekan, bu jangovar ko’chmanchi qabilalar nomini “ishgauz”, ularning boshlig’ining ismini Ispak deb ma’lum qiladi. Turkiy xalqlar tarixi bilan yaxshi tanish bo’lgan odam “ishgauz” deb nom aslida “o’g’iz” nomi bilan bog’liqligini tezda payqaydi. Ma’lumki, yigirma to’rt urug’dan iborat bu turkiy qabila ikki yirik guruhdan iborat bo’lib, biri “ich o’g’iz” (“ichki o’g’iz”), ikkinchisi “tasho’g’iz” (“tashqi o’g’iz”) deb nomlangan”. Demak, Ash-Shira bitiklaridagi “ishgauz” aslida “ich o’g’iz” bo’lib, bu tarixiy guvohlik skiflarning (yoki ularning ma’lum qismining) turkiy til egalari bo’lganlarini isbotlaydi.

Bu fikrni boshqa guvohliklar ham tasdiqlaydi. Rus muarrixi N.Karamzin rus davlati tarixiga bag’ishlangan kitobida miloddan oldingi voqealar tasvirida, Don daryosi ortida, Astraxan dashtlarida sarmatlar yoki savromatlar, ulardan so’ng – o’rmonlar orasida budinlar, gelonlar, torkilar yashagan edilar, deb yozadi. Bir qator tarixiy risolalarda nomi tilga olingan qabilalarning skiflarga mansubligi qayd etilgan. Qadimiy yunon muarrixlari Pomponiy Mela bilan Pliniy esa torkilar turkiy edilar deb ma’lumot beradi.

Yuqorida Midiya tuprog’iga kimmeriyaliklarni quvib, bostirib kirgan Shoh Midias boshchiligidagi skiflar haqida so’z yuritgan edik. O’sha skiflarni Kaspiy dengizi atrofida, shimoliy Turkiston yerlaridan massagetlar siqib chiqargan edilar. Shundan ma’lum bo’ladiki, massagetlar juda katta jug’rofiy kengliklarni egallab olganlar. “Massagetlar, — deb yozadi Herodot, — skiflarnikiga o’xshash libos kiyadilar. Turmush tarzlari ham skiflarnikiga o’xshash. Otliq va piyoda bab-barobar jang qiladilar. Shuningdek, ularda kamon, nayza va oybolta ham bor. Ular qo’llagan buyumlarning deyarli hammasi oltin va misdan. Nayza va kamon o’qlarining uchlari, oyboltalari oltindan, bosh kiyimlari, kamarlari va belbog’lari tilladan yasalgan taqinchoqlar bilan bezatilgan. Ular hatto o’zlari mingan jang otlarini ham mis niqob bilan yopadilar. Otlarining anjomlari ham tilla bilan bezatilgan. Massagetlar temir bilan kumushni deyarli ishlatmaydilar. Ular yashagan mamlakatda bu narsalarning o’zi yo’q. Oltin bilan mis esa oshib-toshib yotibdi.

Massagetlar quyoshga sig’inadilar. Ma’lum muddatda (ya’ni o’ziga xos bayram kuni) ular   quyoshga bag’ishlab juda ko’p otlarni qurbonlik qiladilar. Otlarni qurbonlik qilishni ular eng uchqur tangriga uchqur jonivorlar bag’ishlash kerak degan tushunchadan kelib chiqib bajarganlar”.

Taniqli ingliz olimi E.B.Teylor “Ibtidoiy madaniyat” asarida Herodotning bu fikrini tasdiqlab: “Tatariyada (ya’ni Turkistonda) yashagan quyoshga sig’inuvchi massagetlar o’zlarini qahraton sovug’i dahshatlaridan xalos etuvchi tangriga (quyoshga atab) o’z otlarini qurbonlikka berardilar. …Osiyo shimolida yashovchi Turon qabilalari o’lgan odamlar bilan xayrlashish marosimida ruhlar dunyosiga safarga otlangan odam uchun zarur ot, chana, bolta, chaqmoqtosh, go’sht, yog’ kabi narsalar jasad bilan qo’shib ko’milgan”, deb ma’lumot beradi.

Kurush o’zining ochko’z nazarini massagetlar yeriga tikkan yillarda bu qabila ustidan To’maris ismli malika hukmronlik qilardi. Malikaning eri o’n yilcha burun o’lgan edi. Uning yakkayu-yolg’iz o’g’li Sparganis massagetlar qo’shiniga boshchilik qilardi. Massagetlar qo’shinida erkaklar bilan tengma-teng xotin-qizlar ham qatnashardilar. Ular qilichbozlik, ayniqsa massagetlar uchun asosiy qurol bo’lgan kamondan o’q uzishda erkaklardan qolishmasdilar.

Kurush juda ko’p yurtlarni hiyla bilan jangu-jadalsiz egallab olgani uchun bu gal ham massagetlarga nayrang ishlatmoqchi bo’ldi. U malika To’maris huzuriga o’z elchilarini turli-tuman tortiqlar bilan jo’natdi. Elchilar kelib, sovg’alarni topshirdilar va buyuk shahanshoh Kurush massagetlar malikasi To’marisni o’ziga xotinlikka so’rayotganini aytadilar. Ammo, ham o’ktam, ham zakovatli malika forslar hukmdorining asl niyatini osongina payqagan edi. Shuning uchun ham u gapni cho’zib o’tirmay elchilarga rad javobini berib, ular keltirgan tortiqlarga qo’l tegizmay qaytarib jo’natdi. Elchilarni jo’natgan malika ertaga albatta urush bo’lajagini bilgani uchun ham Sparganisni va qabilaning hurmatli kishilarini huzuriga chorlab, kengash o’tkazdi.

Hiylasi ish bermaganidan alamzada Kurush qo’shinini boshlab massagetlar yurtiga qarab otlandi. U eng avvalo Araks daryosidan o’tish uchun juda ko’p qayiq va sollar yasatdi, so’ng ularni bir safga tizib ko’prik yasashni buyurdi.

Safarbarlik ishlari bilan mashg’ul bo’lgan bezovta Kurush qoshiga To’maris jo’natgan elchilar kelib, unga massagetlar malikasi so’zini yetkazdilar.

Malika To’maris Kurushga qarata shunday degan edi: “Midiya va Fors shohi! Bu yo’lingdan qayt. Sen qurishga amr etgan bu ko’prik sening boshingga nelar keltirishini hali bilmaysan. Nahotki, sen nimani istasang, o’sha narsa bajo bo’lishiga ishonasan? Bu niyatingdan voz kech, o’z yurtingda podshohlik qil. Bizning yurtimizga ko’z tikma. Sen, albatta, bu gaplarni nazar-pisand qilmasligingni ham bilaman.

Sen tinchlikni emas, urushni istayapsan. Agar massagetlar bilan jang qilmoqni istayotgan bo’lsang, ko’prik qurib ovora bo’lma. Biz senga daryodan bemalol, hech qanday to’siqsiz o’tish imkoniyatini beramiz. Biz daryo qirg’og’idan uch kunlik masofaga borib turamiz. Agar xohlasang, sen daryodan o’tib o’tirma, o’zing uch kunlik masofaga chekinib bizni kut. Biz daryodan o’tib olaylik. Keyin jang qilamiz!”

Malika To’marisning bu mardona so’zlari Kurushni hayratga soldi, javob topolmay boshi qotdi. Keyin o’z sarkardalarini kengashga chorladi. Kengashda Kurush To’maris so’zlarini hammaga aytib berdi. Ko’pchilik orqaga chekinib, massagetlar qo’shiniga daryodan o’tish imkoniyatini berish tarafdori bo’ldi. Bu taklif tarafdorlari “O’zimizga yaxshi tanish yerda urushish oson, Araks ortida bizni nimalar kutayotganini aniq bilmaymiz”, dedilar.

Ammo Kurushning eng yaqin maslahatchisiga aylangan sobiq Lidiya shohi Kryoz ko’pchilikning fikriga qarshi chiqdi. “Shohim! – dedi Krez. – Shu paytgacha men sening sadoqatli xizmatkoring ekanimni isbotlab kelyapman. Bundan keyin ham shunday bo’ladi. Mening senga bo’lgan sadoqatim qutlug’ xonadoningga nisbatan har qanday xavf-xatarni bartaraf etish yo’llarini qidirishga majbur etadi. Albatta, sen o’zingga boqiyligingga va yengilmas qo’shiningga bosh ekaningga ishonasan. Shunday ekan, mening hozir aytmoqchi bo’lgan gaplarim foydasiz ekanini bilib turibman”.

“Foydasiz bo’lsa ham o’z fikringni ayt!” – dedi Kurush.

“Shohim! – dedi Kryoz. – Agar sen ham o’zingni, ham askarlaringni foniy bandalar ekanini tan olsang, anglagingki, taqdir hamisha bir kishiga kulib boqavermaydi. Bugun muzaffar qo’shin ertaga mag’lub va xarob bo’lishi mumkinligini angla. Mana shuning uchun ham sarkardalaring aytgan taklifga qarshiman!”

“Ayt!” – dedi Kurush.

“Shohim! – deb yana davom etdi Kryoz. – Agar sen massagetlarni o’z yerimizga o’tkazsang, sen juda katta xatoga yo’l qo’yasan. Mabodo jangda mag’lub bo’lsang, ular sening butun saltanatingni vayron qilishadi. Seni yenggan taqdirda ham ular o’z yurtlariga xotirjam qaytmaydilar, aksincha ortingdan izma-iz quvib boraveradilar. Qolaversa, shu narsani yodingda tutgin: bir paytlar otalarimizni qariyib o’ttiz yil davomida asoratda tutgan urushqoq skiflarni mana shu massagetlar jangu-jadalda yengib kelganlar.

Mabodo jangda omad senga kulib boqsa, sen hech narsa yo’qotmaysan. Sen ularni qaerda mag’lub etganingning ahamiyati yo’q. Aksincha, sen massagetlarni tor-mor etsang, To’maris yurtiga bemalol kirib borishing mumkin. Nahotki, bir dashtlik xotinga yon bosgani shon-shavkatli Kurushning, butun Osiyo hukmdorining izzat-nafsiga tegmasa?! “Yomon gapning qanoti bor”, deydilar. Mana shuning uchun ham massagetlar emas, biz daryodan kechib o’tishimiz shart. Ular uch kunlik masofaga chekinishini hisobga olib, hech qanday to’siqsiz dashtliklar mamlakatiga kirib olamiz. Ularni qanday mag’lub etish chorasini esa allaqachonlar topib qo’yganman”.

“Ayt!” – dedi Kurush.
“Shohim! – dedi Kryoz. – Bizga aniq ma’lumki, massagetlar tovushqon ovlab, uni o’tda pishirib yeb yuradigan bir omi xalq. Ular dunyo lazzatlaridan bexabar: na sharob, na asl taomlar mazzasini biladilar.

Shuning uchun ham daryodan o’tib, dasht ichkarisiga kirgach, bir manzilda qo’nim topgach, sen lashkaring uchun asragan buqalarni so’yib, turli-tuman lazzatli taomlar tayyorlashni buyur. Yana shuni amr etginkim, mamlakatingdagi bor bo’sh ko’zalar ona yurtim – Lidiya uzumzorlarida yetilgan hosildan tayyorlangan kuchli, chollarni go’dakka, yigitlarni tantiq qizga aylantirishga qodir sharob bilan to’ldirilsin. Bular hammasi taxt bo’lgach, butun qo’shin bilan yana daryoga qarab chekin. Ozgina askarlaringni esa massagetlar bilan jangga chiqar. Ular birinchi to’qnashuvdayoq orqaga qarab qochadilar. Zafar mast qilgan massagetlar qo’shini, albatta, ularni quvadilar va albatta, o’sha biz tayyorlagan g’aroyib dasturxon ustidan chiqib qoladilar. Agar adashmasam, ular umrlarida ko’rmagan noz-ne’matlarni totmay o’tib ketishga bardosh berolmaydilar. Ana shunda ularni bizning qilichimiz emas, o’zlarining nafslari mag’lub etadi. Massagetlarni fors qilichi emas, fors sharobi yengadi. Agar so’zim amalga oshmasa, taqdir yana senga ulug’ jasoratlar qilishingga imkon beradi. So’zimni tugatdim”.

Krezning so’zlari forslar hukmdoriga ma’qul tushdi. U o’z sarkardalari taklifini rad etdi va shoshilinch ravishda malika To’marisga uning birinchi taklifini qabul qilganini, u daryodan bemalol kechib o’tishi uchun massagetlar uch kunlik masofaga turishlariga roziligini yetkazishni buyurdi. Ozgina vaqt o’tmay ayg’oqchilar massagetlar qo’shini daryo sohilini tark etib, sahro ichkarisiga yo’l olganini shohga xabar berdilar. Kurush bu xabarni eshitib, o’g’li Kambisni huzuriga chaqirdi. U o’g’liga o’zi massagetlar bilan urushni tugatgunga qadar mamlakatni boshqarib turishni va unga dono Kryozni maslahatchi qilib tayinlaganini aytdi. “Men hatto bu urushda mag’lub bo’lganimni eshitsang ham Kryozning joniga qasd qilma. Uni asra!” – dedi Kurush o’g’liga.

Tez orada Kambis bilan Kryoz o’tirgan taxtiravonni ko’targan qullar karvoni saroy qo’riqchilari bilan birgalikda poytaxtga qarab yo’l oldi.

Forslar qo’shini ertalabdan to quyosh botguncha daryoning uch-to’rt joyidan kechib o’tib, dasht ichkarisiga qarab yurdi. Askarlar bir kunlik masofani bosib, bir vohada to’xtab qo’nim topdilar. So’ng Krez bergan maslahatga amal qilib, Kurush qo’shini ko’targan changu-to’zon tinmasdan buqalarni bir boshdan so’yib, lazzatli taomlarni pishirib, yuzlar sharob quyilgan meshlarni va ko’zalarni tayyorlatdi. Barcha tadbirlar amalga oshgach, Kurush bir necha ming askarni bu xush islar taratib turgan doshqozonlarning yonida qoldirib, o’zi qo’shinning asosiy qismi bilan yana Amudaryo sohiliga qarab chekindi. Doshqozonlar va sharobli meshlar yonida qoldirilgan askarlar Kryoz bergan maslahatdan bexabar edilar, Kurush asl maqsadini ularga aytmagan edi. Shuning uchun, ovchilar sherni jalb etish uchun oyog’ini tushovlab qo’ygan ot ahvoliga tushganlaridan bexabar bu askarlar Kurush ketishi bilan xavf-xatarni unutib, bazmi-jamshid boshladilar.

Malika To’marisning o’n sakkiz yashar o’g’li Sparganis boshliq massagetlar qo’shinining ilg’or qismi Kurush qoldirgan askarlarga to’satdan hujum qildi. Jang uzoq cho’zilmadi. Sarxush fors askarlarining jang qilmoqqa majollari qolmagan edi. Ularning asosiy qismi jang maydonida qoldi, qolganlari otlariga minib qochdilar. Ularning qochganini ko’rgan massagetlar dushmanni quvishga urinmadilar. Ularni oson tushgan g’alaba aldagan edi.

Massagetlar atayin qoldirilgan doshqozonlarni, umrlarida ko’rmagan sharob quyilgan mesh va ko’zalarni ko’rib, paysallamay bazm boshladilar. Ular ham tushovlangan ot ahvoliga tushganlaridan bexabar edilar. O’tkir sharob va xushta’m taomlar o’z kuchini ko’rsatdi. Quyosh og’may turib, massagetlarning hammasi dong qotib uxlab qoldilar. Bundan xabar topgan Kurush shiddat bilan olg’a yurib g’aflatda yotgan sarmast massagetlarni o’rab oldi. Dushmanlar qiyqirig’idan uyg’ongan massagetlar qilichlarini yalang’ochlab dushmanga qo’rqmasdan tashlandilar. Biroq, ular jang qiladigan ahvolda emas edilar. Ularning ko’pi qirib tashlandi, qolganlari asir olindilar. Sarmast Sparganis ham yarador holda qo’lga tushdi.

Malika To’maris massagetlar qo’shini va o’g’lining ayanchli qismatidan xabardor bo’lgach, forslar qarorgohiga chopar jo’natdi. Chopar forslar hukmdoriga malika To’marisning quyidagi so’zlarini yetkazdi: “Qonxo’r Kurush! Dushmanimni yengdim deb g’ururlanma. Sen o’g’limni va massaget jangchilarini qilich bilan yuzma-yuz jangda emas, o’zlaringni ham noma’qul so’zlar va  xatti-harakatlar qilishga majbur etadigan uzum suvi bilan es-hushidan ayirib mag’lub qilding. Mening senga maslahatim: o’g’lim Sparganisni qaytarib berda, massagetlarning bir qismini nobud etganingdan shodlanib, mamlakatim tuprog’ini iloji boricha tezroq tark et! Agar maslahatimga quloq solmasang, massagetlarning oliy tangrisi Quyosh haqi ont ichaman: senga askarlaring qonini ichiraman!”

G’alaba nashidasidan mast Kurush dashtlik xotinning dag’dag’asi ustidan qah-qah otib kuldi-da, choparning quloq-burnini kesib, yuziga qozon kuyasini surkab qaytarib jo’natdi.

Ertasi kuni Kurushga tutqun Sparganis o’zini zanjirdan xalos etishlarini so’raganini yetkazdilar. Shoh darrov tutqunning bu talabini ado etishlarini va shitob bilan o’z huzuriga olib kelishlarini buyurdi. Kurush oldidagi sharob to’la kosani hali bo’shatishga ulgurmay, tashqarida tuyqusdan g’alati shovin-suron ko’tarilganini sezdi. “Nima balo, malika To’maris o’g’lini qutqaraman, deb bostirib keldimi?” – deb o’yladi shoh. Ammo, qo’rqib ketganini atrofida o’tirganlarga bildirmay, qarshisida raqs tushayotgan bobillik raqqosadan ko’zini uzmay jim o’tiraverdi. Ammo, shovqinni boshqalar ham eshitgan edi. Ularning bezovtalanganini ko’rgan Kurush, hech nimadan bexabardek, poygakda o’tirgan eshikog’aga: “Nima gap?” – degandek qaradi. Eshikog’asi sakrab o’rnidan turdi-da, tashqariga yo’naldi. Biroq, u chodirdan chiqishga ulgurmay, ichkariga shoh qo’riqchilari boshlig’i xabash qul otilib qirdi. Uning rang-ro’yi oqarib ketgan edi. Qo’rqib ketganidan ko’zlari chaqchaygan xabash Kurush qarshisiga kelib tiz cho’kdi va shohga tutqun Sparganis qo’l-oyog’i zanjirdan bo’shashi bilan to’satdan hamla qilib soqchilardan birining xanjarini tortib olib o’z joniga qasd qilganini aytdi.

Kurush chodirdan chiqib massagetlar sarkardasining jonsiz tanasiga bir muddat indamay tikilib turdi-da, uning ko’ksiga botgan xanjarni bir siltab tortib oldi. So’ng yonida turgan soqchilarga ko’z tashlab chiqdi-da, Sparganisga o’z xanjarini tortib olishga imkon bergan askarga yaqinlashib, to’satdan ko’ksiga xanjar botirdi. Nima bo’lganini bilmay qolgan bechora askar bir muddat ko’ksiga botgan xanjarni sug’urib olishlarini kutgandek, chayqalib turdida, keyin birdan gursillab yerga quladi. Kurush miq etmay chodirga qaytib kirdi. “La’nati g’ofillar, — deb o’ylardi u, — dashtlik xotin o’g’li qo’limda tirik yursa, onasining ko’ksi alamu-iztirobdan kuyib, tuzukroq jang qilishga yaramasdi. Hatto jangga chiqqandayam dushmanni yengishni emas, o’g’lini qutqarishni o’ylardi. Mening har daqiqada o’g’lini qatl qilishim mumkinligini o’ylab adoyi-tamom bo’lardi. Endi-chi, endi?! Endi u yarador sherdan ham dahshatli. Endi u tirik o’g’lini qutqaraman deb emas, o’g’limning o’chini olaman, deb jang qiladi. Endi u o’limdan qo’rqmaydi. Oldin o’rtamizda hayot turgan bo’lsa, endi o’rtamizda o’lim turibdi. Endi qiyin bo’ladi…”

Mana shu o’ylar quchog’ida turgan Kurushga ichkariga otilib kirgan soqchilar boshlig’i ayg’oqchilar massagetlar qo’shini shiddat bilan shoh qo’nalg’asi tomon kelayotganlarini xabar qilganlarini yetkazdi.

Kurush qo’shini jangovar safga tizishni buyurdi. O’sha zahoti jangovar nog’oralar tovushi tep-tekis dasht sukunatini buzib yubordi. Shoh chodiri ustunlarida qo’nib turgan yovvoyi kabutarlar “gurr” etib osmonga ko’tarildilar. Kurush sevimli otini keltirishni buyurdi. Otiga mingach, qilichini yalang’ochlab saf tortgan bezovta askarlar oldiga chiqar ekan, olisda massagetlar qo’shini ko’targan changu-to’zonni ko’rdi. “Endi qiyin bo’ladi!” – deb o’yladi yana Kurush. Forslar qo’shiniga yaqinlashgan massagetlar avval kamonlardan o’q uza boshladilar. O’qlarning qalinligidan forslar qo’shini ustini soya qoplagandek bo’ldi. Forslar ham qarab turmay, kamonlarni ishga soldilar. Ammo kamon otishda forslarga qaraganda massagetlar usta edilar. Ularning bolasi olti-yetti yoshidayoq yelib borayotgan otda turib chumchuqni mo’ljalga olishini Kurush midiyaliklardan eshitgan edi. Midiyaliklar esa bu gapni necha zamon ilgari skiflardan eshitgan edilar. Skiflarning o’zi kamon otishda butun Kichik Osiyo xalqlarini qoyil qoldirganlariga qaramay, bu ishda massagetlar ulardan mashhurroq ekanlarini aytgan ekanlar.

Kurushning ko’ngli bezovtalandi. Jang shunday davom etadigan bo’lsa, ko’p askarlaridan judo bo’lishini sezgan shoh qo’shinini olg’a boshladi. Massagetlar ham shuni kutib turgandek oldinga tashlandilar. Jang juda uzoq davom etdi. Massagetlar – erkagu xotinlar bab-baravar ortlaridagi himoyasiz bolalari, keksa ota-onalari, cheki yo’q sahro-kindik qonlari tomgan ona yurtlari turganini tuyib o’limdan qo’rqmay jang qilardilar. Ularning shijoatini ko’rgan fors askarlari yuragida qo’rquv g’imirlay boshladi, dillardagi titroq qo’llariga o’tdi. Nihoyat, ular mardona raqibga bas kelolmasliklarini angladilar va jang maydonini tashlab qocha boshladilar. Massagetlar ularni quvib daryoga yetdilar. Daryodan birorta ham fors askari kechib o’tolmadi.

Osiyoni necha yillardan beri zir titratib kelayotgan Kurush ham jangda halok bo’ldi. Jang boshlangan joy bilan daryo oralig’ida forslarning ikki yuz minglik qo’shini nes-nobud bo’ldi.

O’g’li Sparganis alami qiynagan malika To’maris amriga binoan janggohdagi murdalar orasidan forslar hukmdori jasadini qidirdilar. To’lin oy chiqib, atrof sutdek oppoq edi. Tuni bilan qidirib, tongga yaqin Kurushning jonsiz tanasini otda sudrab keltirdilar. Massagetlar malikasi ikki kun ilgari o’g’li boshliq askarlarni nobud etish uchun xizmat qilgan sharobdan bo’shagan meshlarning birini fors askarlari qoni bilan to’ldirishni buyurdi. Massagetlar tangrisi Quyosh haqi ichgan qasamini o’tash uchun Kurushning boshini tanasidan judo qilib qon to’la mesh ichiga tashlar ekan, g’azabdan hayqirdi: “Senga o’z askarlaring qonini ichiraman degandim, mana, so’zimning ustidan chiqdim. Ich endi, qonxo’r, to’yib-to’yib ich!”

Malika To’maris jasorati ikki daryo atrofi va oralig’ida yashovchi xalqlar tarixida o’chmas iz qoldirdi. Shu sababdan muarrixlar bu qahramon ayolni goh bu, goh u xalqqa mansub bo’lgani haqida yozadilar. Ammo tarix faqat muarrixlar mulki emas, tarix xalq yodnomasi hamdir. Moziyda bo’lib o’tgan har bir voqea faqat tarixchi bitigida emas, eng avvalo xalq xotirasida o’zining boqiy izini qoldirishi shak-shubhasiz. Xalq og’zaki ijodi namunalarida, xoh “Alpomish” bo’lsin, xoh “Muslimnoma” bo’lsin xalqlar bosib o’tgan yo’llar davomida sodir bo’lgan hodisalar o’z aksini topgan. Xuddi mana shu nuqtai-nazardan kelib chiqib, To’maris jasoratiga nazar tashlaylik. Bundan bor-yo’g’i yuz-yuz ellik yilcha burun Samarqand dashtlarida “Oysuluv” nomli doston kuylangan. Ming afsuskim, Ergash Jumanbulbulning momosi bo’lmish Tilla kampir kuylagan bu doston bizgacha yetib kelmagan va atoqli olim Hodi Zarif doston mazmunini yozib olgan, xolos. Dostonning bosh qahramoni Oysuluv Eron podshohi bosqinchi Doroga qarshi kurashadi. Oysuluv timsolida malika To’maris namoyon bo’lgani haqida gapirib o’tirish ortiqcha. “Oysuluv” dostonining mavjud bo’lgani O’rta Osiyo xalqlari qatori biz –
o’zbeklarning ham To’maris jasoratiga voris ekanimizni tasdiqlab turadi.

Qadim moziy bitiklarini varaqlagan insonlar dunyoning yarmini titratgan forslar hukmdori Kurush nomini emas, balki ona yurtini himoya qilib bosqinchilarni mag’lub etgan massagetlar malikasi, mag’rur va qo’rqmas To’maris nomini ulug’laydilar. Bundan qariyb yetti asr burun yashagan, insoniyatning ulug’ dahosi Dante o’zining o’lmas “Ilohiy komediya” asarida Turon malikasi jasoratini ilk bor she’rda madh etgan edi. Kurush ustidan g’alaba qozongan To’maris haqida yozar ekan, Dante biz – bugungi avlodlar yuragini hayajonga soladigan satrlarni bitadi:

Paydo bo’lib go’yo dahshatli o’ch qilichi,
Kurushga hayqirgancha so’zlar To’maris:
— Qonga juda tashna eding, endi ich, qonxo’r!

1989 — 1990

Mazkur asar ilk marta 1991 yilda nshr etilgan «Samarqand xayoli» kitobida bosilgan.

045

(Tashriflar: umumiy 15 075, bugungi 2)

2 izoh

  1. 1979 yil. 4-sinf da O’zbekiston SSR tarixidan hikoyalr darsligida To’maris va Shiroq kabi qahramon shaxslar haqida yozilgan va sularni biz o’qiganmiz. U juda qisqa hikoya shaklida berilgan bo’lsada, asl mohiyati huddi yuqoridagidek bo’lgan. Juda ham maroq bilan o’qib chiqdim. Ruhan dam oldim. Katta raxmat sizga.

  2. Menga bu asa juda yoqdi agar uni yiglab olish imkoni bolganimda biz kitobxonlar juda hursand bo’lgan bo’lar edik. Kitob uchun katta rahmat yana ko’plab tarixi kitoblar kutib qolamiz

Izoh qoldiring