Xurshid Davron. Bu minorlar — bizning qaddimiz. She’rlar.

021

18 апрел — Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни.

   Қадимий ёдгорликларга бўлган қизиқиш кўҳна ўтмишга нисбатан шунчаки ҳавас ёки эрмак эмас, балки, ҳар биримиздаги оддий инсоний туйғу — Ватанга бўлган меҳр туйғуси билан изоҳланади. Биз қадимий обидаларни, биринчи навбатда, инсон даҳоси, халқ тафаккури қудратининг намунаси сифатида қабул қиламиз. Олис асрлар қаъридан бизгача етиб келган ҳар бир мўъжиза — хоҳ меъморчилик, хоҳ мусиқа, хоҳ адабиёт осори-атиқаси бўлсин, барчасини инсон дили ва инсон қўли яратган. Шу сабабдан ҳам улар халқ ва миллат ҳаёти, инсон ижодининг кўздан яширин ботиний қатламларини очиб берувчи тарихий шаҳодатномалардир.
Бугун Самарқанду Бухорода, Термизу Хивада, Шаҳрисабзу Қўқонда яшаётган инсонлар онгини улар ўқиётган китоблар, таълим олаётган мактаб,панд-насиҳат бераётган муаллим,ота-оналаргина эмас,шу билан бирга,бу қадимий шаҳарлардаги кўҳна ёдгорликлар, уларнинг қизиқарли тарихи ва энг муҳими уларнинг бугунги аҳволи, аниқроғи, уларга бўлган бизнинг муносабатимиз ҳам белгилайди.
Замондош файласуфлардан бири: «Ўтмишга нисбатан лоқайд хотирасизлик жуда хавфлидир, бу маънавий қашшоқликка олиб келади», деб ёзган эди. Ҳақиқатан ҳам, хотира ва маданият — бугунги кунимиз учун курашган,биз яшаётган шаҳару қишлоқларни, таърифи дунёга кетган нодир обидалар ва тарихий жойларни бунёд этган, ўз юртини севган,унинг равнақи деб қайғурган неча-неча ўтмиш авлодларнинг виждонидир. Шу виждон дилимизда бўлсин.
Қадимий шаҳарларимиздаги кўҳна обидалар — ҳар бир иншоот, кўса ва майдон меҳримиз ҳимоясида бўлсин.Бу ёдгорликларга қилинган ғамхўрлик она тарихимизгагина эмас, келажак ва фарзандларимизга қилинган ғамхўрликдир.
Халқимиз меросини асраб-авайлаш фақат давлатнинг, тегишли ташкилотларнинг иши эмас. Бу ҳар биримизнинг, сизу бизнинг ишимиздир. Ҳар биримиз маърифатли, гўзалликни тушунадиган, ижодкор аждодларимиз яратган бобомерос мулкни қадрлай оладиган, уларни ҳимоя қилишга қодир ва масъулиятли шахс — Одам бўлиш учун интилайлик (Хуршид Давроннинг 1989 йилда ёзилган «Елкаларни тутинг» мақоласидан).

09
Хуршид Даврон
БУ МИНОРЛАР — БИЗНИНГ ҚАДДИМИЗ…
071

ЭСКИ ШАҲАР

Бибихоним даҳмаси харобасида
сўнгги бор акс этар ва сўнар қуёш.
Уйғона бошлайди кун нафасидан
мудраб ухлаб қолган қора қабртош.

Тор, қийшиқ кўчалар адашиб қолиб,
илондек ўрмалар нурафшон тунда.
Товлана бошлайди қайғуга тўлиб
“Зижи Кўрагон”нинг акси осмонда.

Мудрар сезгир қушлар бутоқлар аро,
уларнинг уйқусин бузар шамоллар
ва қайсар эшагин ниқтаб бесадо
уйга қайтаётган бозорчи чоллар.

Томга учиб тушган ёрқин бир юлдуз
куйдира бошлаган пайтда ўтларни,
мункайган чол каби қариган кундуз
Шоҳизинда томон писиб ўтарди…

Эски шаҳар ухлар, мудраган токлар
пахса деворларни маҳкам қучоқлар.
Ухлайди бохорда қовуну-ноклар,
Тушларига кириб муаттар боғлар.

Тунги сукунатда тўкилар ерга
йиллар нафасидан нам тортган шўрхок.
Боладек мўлтираб боқар шаҳарга
бир четда биқиниб олган митти боғ.

1979

САМАРҚАНД ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

1. К У Н Д У З

Кўчалари бир-бирин тинмай
такрорлайди мисли акс садо.
Олислардан келган кемадай
қалқиб турар Регистон танҳо.

Шу кемада келгандай, тушиб
эмаклайди ташна тонотар.
Унга асрий ўйларин қўшиб
тошҳовуз бир ҳовуч сув тутар.

Кўкда мовий дарё сузади,
оқиб ётар мовий бир кадар.
Темур отган пўлат найзадек
кўкка ботиб турар минорлар.

Олислардан келиб зиёрат
қилган каби армон мозорин,
Бибихоним масжиди узра
янграр Улуғ Қушлар Бозори.

Олиб чиқар нурга кўмилиб,
боболарга қирқ қари зина.
Ва эртакнинг нуқтаси бўлиб
қотиб турар тунд Шоҳизинда.

Шоҳизинда қабрларида
ухлаб ётар юз-юзлаб шаҳар.
Бироқ, унда энди ҳеч қачон
тун чўкмайди, оқармас саҳар.

2. Т У Н

Юлдузларга боқиб сармаст
шовиллайди чорбоғлари,
шаҳар томон оқиб тушар
Афросиёб сўқмоқлари.

Улар ойдин, улар сархуш,
ичгандек куз шаробидан.
Ерга қўнар мисоли қуш
хазонлар – ол, зардобиранг.

Мункиллаган кампирлар жим.
шам ёқади мозорларда.
Саратоннинг иси ҳоким
мудраб ётган бозорларда

Ачиган май иси кезган
ҳовлиларда шамол-дайди
ниманидир гўё излаб
хумлар гирдин айланади…

Ҳамма ухлар, фақат шамол
дарахтларнинг сочин тарар.
Ухламасдан қўриқлайди
Самарқандни миноралар.

3. Т О Н Г

Туш кўрдим мен бугун саҳарда –
Титраб ёниб дил ларзасидан,
кирармишман мовий шаҳарга
мен Навбаҳор дарвозасидан

ва юлдузлар чанги қоплаган
майсаларнинг яшил қоғозин
ўқиб турсам, ернинг қаъридан
янграр эмиш инсон овози:

— Мен опичлаб Афросиёбни
олиб келдим, чиққин югуриб.
Тушда кўриб ҳар кун офтобни
сочим кетди қордек оқариб.

…Уйғондиму чиқдим кўчага –
Шаршарадек ойдин эди тун.
Қиздек ухлаб ётган кечага
мен меҳримни бердим ўша кун.

Кўзим тиниб осмонга боқдим,
У шишадек порларди совуқ.
Ёр яшаган равоқдан оқиб
тушар эди пастга чирмовиқ

ва куз меҳри чулғаган боғда,
она шаҳрим, сени ўйладим.
Кекса боғлар уйғонган чоғда
тонгга сингиб кетди ўйларим.

1980

БИБИХОНИМ

1. УСТА

Мен шовқинга тўла бозордан
ҳайрат тўлиб тану жонимга,
термиламан кўкда порлаган
улуғ хаёл – Бибихонимга.

Термиламан, топаман излаб –
ҳув, хароба кўк гумбаз узра
эртак қаддин тикламоқ истаб
ўй суради мункайган уста.

У қовжироқ, титроқ қўлларин
бўйсундириб иродасига,
тинглар қадим ғиштлар куйлаган
рангин гуллар ҳикоясига.

Олисларда гувилларкан боғ
учиб кетмоқ бўлгандай ердан,
уста тикар самога нигоҳ
ва кўзлари қамашар нурдан.

Бироқ бирдан кўк тилга кирар,
сукут синар нақ шишасимон.
Хира кўзлар қаърига чўкар
гумбазнамо шаклда осмон.

Шунда ёниб шиддатдан қалби,
пастга, ерга ташлайди назар,
унда оний дақиқа каби
учиб ўтар баҳорлар, кузлар.

Пастда қолди шарафу олқиш,
Пастда қолди қарилик – хаста.
Фисқу-фасод, ғийбату-ташвиш –
қолиб кетди барчаси пастда.

Пастда бўғиқ суронга тўлиб
оқиб ётар гавжум кўчалар.
Пастда нуқра сочин силкитиб
сўкинади маст ёрдамчилар.

Пастда қолиб кетди ўқлардан
яраланган ғиштлар, нақшлар.
Пастда қолиб кетди устанинг
кўзларидан тўкилган ёшлар.

Бунда эса гумбаз ва осмон
бир-бирига қоришиб ётар,
ботаётган қуёш осмоннинг
ва гумбазнинг бағрига ботар.

Бунда дилда парвознинг ҳисси
уйғонади… Ё раббим! Наҳот?!
Кўкни қўмсар занжирлар қисиб
оддий қўлга айланган қанот.

2. БОЛА

Бола ҳар кун келар оқшомда,
тут тагига бориб ўтирар,
ва сарҳадсиз нилий осмонга –
кўк гумбазга боқиб ўй сурар.

Офтоб акси тушиб нақшларга
бўғилади бақироқ бозор.
Сукут чўкар улкан шаҳарга,
тиниб қолар мисоли мозор.

Бу сукунат болага ёқар
ва сукутни у тинглаган дам,
боши узра силкинган шохлар
қора тортиб борар хотиржам.
…………………………………………..
Сўнг ичкари кирар у сармаст
ва тепага боқар бахтиёр.
Ташқарида шитир этган сас
янграр бунда жомдек улуғвор.

Ташқаридан ҳар бир товушни
ютар бунда уч эшик – қулоқ.
Ютадию дарахтнинг, қушнинг
қўшиғини такрорлар узоқ.
…………………………………………..
…………………………………………..
“Мен тепага чиқишим керак”,
деган бир ўй чулғаган они,
бежо тепа бошлайди юрак,
гупуради соғинчдан қони.

Илк қувончи, илк қўшиқлари
ва илк ғами, қайғуси билан
юксакдаги кўк гумбаз сари
кўтарилар бола хаёлан…

Мана, осмон елкангга тегар,
мана, қолди пастликда шаҳар.
Ана ғарбда қуёш ҳам чўкар,
ана, шарқда кўринар саҳар.

…У умрида ҳали ҳеч қачон
чиқмагандир бундай юксакка,
шунинг учун оловланар қон
ва юраги сиғмас кўкракка.

Ҳали унинг кўксида тирик
эртаклари олмоқда нафас.
Кўзларини асраган киприк,
билмас ёшни, қайғуни билмас.

Ҳали унинг қўшиқларига
ситилмаган ғамгин садолар,
Ҳали унинг қўшиқларига
жўр бўлмаган ёлғон наволар.

Бироқ, соқов, гунг бўлган бола
тўлдиргандек ерни овозга,
кўзлари кўр ва хаста бола
чизганидек нурни қоғозга,

оёқлари шол бўлган бола
учганидай қушдек осмонда,
ва санашни билмаган бола
санагандек юлдузни тунда,

Бу бола ҳам ҳар куни такрор
орзусини туш кўрар шодон:
Кўтарилиб борармиш тонгда
юксакдаги кўк гумбаз томон.

1980

БУ ДЕВОРЛАР – БИЗНИНГ ЕЛКАМИЗ

Г.А.Пугаченковага

Бу деворлар – бизнинг елкамиз,
Бу деворлар – оёқларимиз.
Елкамизда она ўлкамиз –
Кую баёт, қир, боғларимиз.

Сўзимиздир – деворда ҳар тош,
Кўзимиздир – тошдаги бўёқ.
Изимиздир – юртдаги ҳар бир
Қалъа, қаср, мадраса, чортоқ.

Миноралар – қаддимиз бизнинг,
Сардобалар – бизнинг кўз ёшлар.
Битик тошдир ҳар бири, ўқинг,
Пойдеворга тахланган тошлар.

Бўлмаганда гар Шохизинда,
Ё Хиванинг Калта минори –
Юрак деган қутлуғ заминда
Юксалмасди Ғурур чинори.

Бўлмаганда Гўри Амирнинг
Тошларига битилган кўклам –
Ҳайратланиб қошида сирнинг,
Виқор билан тўлмасди кўкрак.

Юрмас эдик бунчалар тетик,
Бўлмас эди танда руҳ обод.
Бор бўларди юракда кемтик –
Бўлмаганда оддий Руҳобод.

Бухорода қадим Сомоний
Мақбараси бўлмаса агар –
Боболарнинг равшан имони,
Умидидан етмасди хабар.

Ўзга бўлар эди сўзимиз,
Порламасди бунча кўзимиз.
Осмонларни титратмас эди
Шеър айтганда сас, овозимиз.

Она деймиз Ватанни!
Ватан –
Шу Регистон, шу Ичанқалъа.
Болаликдан улар бизларнинг
Бошимизда айтмишлар алла.

Ватандир – ер остидан бирдан,
Қадим қўшиқ парчаси каби,
Селлар ўтиб, кўзга ашланган
Битик тошлар – боболар қалби.

Қалъаларнинг кўксига ботган
Ўқлар изи – ярасига боқ!
Улар – дилда оғриқ уйғотган
Бужур яра, изтироб, ингроқ.

Уларни сен ўйилган кўз деб
Ўйламагин – кўради улар.
Улар яшар дунёда биз деб,
Қадамимиз тузатиб турар.

Улар қадди букилса агар,
Елкамизни тутайлик дарров.
Қулаётган минор олдидан
Бефарқ ўтган ажнабиймас, ёв!

Зилзилани кутган асбобдек
Сергак бўлсин доимо юрак.
Алдамасин худди саробдек
Алдоқчи ҳис, ўткинчи эрмак.

Елкаларни тутайлик, токи
Қудрат билан тўлсин елкамиз.
Елкамизда кўзимиз оқу
Қораси – юрт, она ўлкамиз.

Елкаларни тутинг… Деворлар
Чўкиб борар – Вақт қилмас шафқат.
Қулаганда… Қулайди улар
Болаларнинг устига фақат.

1984

03

   Qadimiy yodgorliklarga bo’lgan qiziqish ko’hna o’tmishga nisbatan shunchaki havas yoki ermak emas, balki, har birimizdagi oddiy insoniy tuyg’u — Vatanga bo’lgan mehr tuyg’usi bilan izohlanadi. Biz qadimiy obidalarni, birinchi navbatda, inson dahosi, xalq tafakkuri qudratining namunasi sifatida qabul qilamiz. Olis asrlar qa’ridan bizgacha yetib kelgan har bir mo»jiza — xoh me’morchilik, xoh musiqa, xoh adabiyot osori-atiqasi bo’lsin, barchasini inson dili va inson qo’li yaratgan. Shu sababdan ham ular xalq va millat hayoti, inson ijodining ko’zdan yashirin botiniy qatlamlarini ochib beruvchi tarixiy shahodatnomalardir.
Bugun Samarqandu Buxoroda, Termizu Xivada, Shahrisabzu Qo’qonda yashayotgan insonlar ongini ular o’qiyotgan kitoblar, ta’lim olayotgan maktab,pand-nasihat berayotgan muallim,ota-onalargina emas,shu bilan birga,bu qadimiy shaharlardagi ko’hna yodgorliklar, ularning qiziqarli tarixi va eng muhimi ularning bugungi ahvoli, aniqrog’i, ularga bo’lgan bizning munosabatimiz ham belgilaydi.
Zamondosh faylasuflardan biri: «O’tmishga nisbatan loqayd xotirasizlik juda xavflidir, bu ma’naviy qashshoqlikka olib keladi», deb yozgan edi. Haqiqatan ham, xotira va madaniyat — bugungi kunimiz uchun kurashgan,biz yashayotgan shaharu qishloqlarni, ta’rifi dunyoga ketgan nodir obidalar va tarixiy joylarni bunyod etgan, o’z yurtini sevgan,uning ravnaqi deb qayg’urgan necha-necha o’tmish avlodlarning vijdonidir. Shu vijdon dilimizda bo’lsin.
Qadimiy shaharlarimizdagi ko’hna obidalar — har bir inshoot, ko’sa va maydon mehrimiz himoyasida bo’lsin.Bu yodgorliklarga qilingan g’amxo’rlik ona tariximizgagina emas, kelajak va farzandlarimizga qilingan g’amxo’rlikdir.
Xalqimiz merosini asrab-avaylash faqat davlatning, tegishli tashkilotlarning ishi emas. Bu har birimizning, sizu bizning ishimizdir. Har birimiz ma’rifatli, go’zallikni tushunadigan, ijodkor ajdodlarimiz yaratgan bobomeros mulkni qadrlay oladigan, ularni himoya qilishga qodir va mas’uliyatli shaxs — Odam bo’lish uchun intilaylik (Xurshid Davronning 1989 yilda yozilgan «Yelkalarni tuting» maqolasidan).

09
Xurshid Davron
BU MINORLAR — BIZNING QADDIMIZ…
071

ESKI SHAHAR

Bibixonim dahmasi xarobasida
so’nggi bor aks etar va so’nar quyosh.
Uyg’ona boshlaydi kun nafasidan
mudrab uxlab qolgan qora qabrtosh.

Tor, qiyshiq ko’chalar adashib qolib,
ilondek o’rmalar nurafshon tunda.
Tovlana boshlaydi qayg’uga to’lib
“Ziji Ko’ragon”ning aksi osmonda.

Mudrar sezgir qushlar butoqlar aro,
ularning uyqusin buzar shamollar
va qaysar eshagin niqtab besado
uyga qaytayotgan bozorchi chollar.

Tomga uchib tushgan yorqin bir yulduz
kuydira boshlagan paytda o’tlarni,
munkaygan chol kabi qarigan kunduz
Shohizinda tomon pisib o’tardi…

Eski shahar uxlar, mudragan toklar
paxsa devorlarni mahkam quchoqlar.
Uxlaydi boxorda qovunu-noklar,
Tushlariga kirib muattar bog’lar.

Tungi sukunatda to’kilar yerga
yillar nafasidan nam tortgan sho’rxok.
Boladek mo’ltirab boqar shaharga
bir chetda biqinib olgan mitti bog’.

1979

SAMARQAND HAQIDA QO’SHIQ

1. K U N D U Z

Ko’chalari bir-birin tinmay
takrorlaydi misli aks sado.
Olislardan kelgan kemaday
qalqib turar Registon tanho.

Shu kemada kelganday, tushib
emaklaydi tashna tonotar.
Unga asriy o’ylarin qo’shib
toshhovuz bir hovuch suv tutar.

Ko’kda moviy daryo suzadi,
oqib yotar moviy bir kadar.
Temur otgan po’lat nayzadek
ko’kka botib turar minorlar.

Olislardan kelib ziyorat
qilgan kabi armon mozorin,
Bibixonim masjidi uzra
yangrar Ulug’ Qushlar Bozori.

Olib chiqar nurga ko’milib,
bobolarga qirq qari zina.
Va ertakning nuqtasi bo’lib
qotib turar tund Shohizinda.

Shohizinda qabrlarida
uxlab yotar yuz-yuzlab shahar.
Biroq, unda endi hech qachon
tun cho’kmaydi, oqarmas sahar.

2. T U N

Yulduzlarga boqib sarmast
shovillaydi chorbog’lari,
shahar tomon oqib tushar
Afrosiyob so’qmoqlari.

Ular oydin, ular sarxush,
ichgandek kuz sharobidan.
Yerga qo’nar misoli qush
xazonlar – ol, zardobirang.

Munkillagan kampirlar jim.
sham yoqadi mozorlarda.
Saratonning isi hokim
mudrab yotgan bozorlarda

Achigan may isi kezgan
hovlilarda shamol-daydi
nimanidir go’yo izlab
xumlar girdin aylanadi…

Hamma uxlar, faqat shamol
daraxtlarning sochin tarar.
Uxlamasdan qo’riqlaydi
Samarqandni minoralar.

3. T O N G

Tush ko’rdim men bugun saharda –
Titrab yonib dil larzasidan,
kirarmishman moviy shaharga
men Navbahor darvozasidan

va yulduzlar changi qoplagan
maysalarning yashil qog’ozin
o’qib tursam, yerning qa’ridan
yangrar emish inson ovozi:

— Men opichlab Afrosiyobni
olib keldim, chiqqin yugurib.
Tushda ko’rib har kun oftobni
sochim ketdi qordek oqarib.

…Uyg’ondimu chiqdim ko’chaga –
Sharsharadek oydin edi tun.
Qizdek uxlab yotgan kechaga
men mehrimni berdim o’sha kun.

Ko’zim tinib osmonga boqdim,
U shishadek porlardi sovuq.
Yor yashagan ravoqdan oqib
tushar edi pastga chirmoviq

va kuz mehri chulg’agan bog’da,
ona shahrim, seni o’yladim.
Keksa bog’lar uyg’ongan chog’da
tongga singib ketdi o’ylarim.

1980

BIBIXONIM

1. USTA

Men shovqinga to’la bozordan
hayrat to’lib tanu jonimga,
termilaman ko’kda porlagan
ulug’ xayol – Bibixonimga.

Termilaman, topaman izlab –
huv, xaroba ko’k gumbaz uzra
ertak qaddin tiklamoq istab
o’y suradi munkaygan usta.

U qovjiroq, titroq qo’llarin
bo’ysundirib irodasiga,
tinglar qadim g’ishtlar kuylagan
rangin gullar hikoyasiga.

Olislarda guvillarkan bog’
uchib ketmoq bo’lganday yerdan,
usta tikar samoga nigoh
va ko’zlari qamashar nurdan.

Biroq birdan ko’k tilga kirar,
sukut sinar naq shishasimon.
Xira ko’zlar qa’riga cho’kar
gumbaznamo shaklda osmon.

Shunda yonib shiddatdan qalbi,
pastga, yerga tashlaydi nazar,
unda oniy daqiqa kabi
uchib o’tar bahorlar, kuzlar.

Pastda qoldi sharafu olqish,
Pastda qoldi qarilik – xasta.
Fisqu-fasod, g’iybatu-tashvish –
qolib ketdi barchasi pastda.

Pastda bo’g’iq suronga to’lib
oqib yotar gavjum ko’chalar.
Pastda nuqra sochin silkitib
so’kinadi mast yordamchilar.

Pastda qolib ketdi o’qlardan
yaralangan g’ishtlar, naqshlar.
Pastda qolib ketdi ustaning
ko’zlaridan to’kilgan yoshlar.

Bunda esa gumbaz va osmon
bir-biriga qorishib yotar,
botayotgan quyosh osmonning
va gumbazning bag’riga botar.

Bunda dilda parvozning hissi
uyg’onadi… YO rabbim! Nahot?!
Ko’kni qo’msar zanjirlar qisib
oddiy qo’lga aylangan qanot.

2. BOLA

Bola har kun kelar oqshomda,
tut tagiga borib o’tirar,
va sarhadsiz niliy osmonga –
ko’k gumbazga boqib o’y surar.

Oftob aksi tushib naqshlarga
bo’g’iladi baqiroq bozor.
Sukut cho’kar ulkan shaharga,
tinib qolar misoli mozor.

Bu sukunat bolaga yoqar
va sukutni u tinglagan dam,
boshi uzra silkingan shoxlar
qora tortib borar xotirjam.
…………………………………………..
So’ng ichkari kirar u sarmast
va tepaga boqar baxtiyor.
Tashqarida shitir etgan sas
yangrar bunda jomdek ulug’vor.

Tashqaridan har bir tovushni
yutar bunda uch eshik – quloq.
Yutadiyu daraxtning, qushning
qo’shig’ini takrorlar uzoq.
…………………………………………..
…………………………………………..
“Men tepaga chiqishim kerak”,
degan bir o’y chulg’agan oni,
bejo tepa boshlaydi yurak,
gupuradi sog’inchdan qoni.

Ilk quvonchi, ilk qo’shiqlari
va ilk g’ami, qayg’usi bilan
yuksakdagi ko’k gumbaz sari
ko’tarilar bola xayolan…

Mana, osmon yelkangga tegar,
mana, qoldi pastlikda shahar.
Ana g’arbda quyosh ham cho’kar,
ana, sharqda ko’rinar sahar.

…U umrida hali hech qachon
chiqmagandir bunday yuksakka,
shuning uchun olovlanar qon
va yuragi sig’mas ko’krakka.

Hali uning ko’ksida tirik
ertaklari olmoqda nafas.
Ko’zlarini asragan kiprik,
bilmas yoshni, qayg’uni bilmas.

Hali uning qo’shiqlariga
sitilmagan g’amgin sadolar,
Hali uning qo’shiqlariga
jo’r bo’lmagan yolg’on navolar.

Biroq, soqov, gung bo’lgan bola
to’ldirgandek yerni ovozga,
ko’zlari ko’r va xasta bola
chizganidek nurni qog’ozga,

oyoqlari shol bo’lgan bola
uchganiday qushdek osmonda,
va sanashni bilmagan bola
sanagandek yulduzni tunda,

Bu bola ham har kuni takror
orzusini tush ko’rar shodon:
Ko’tarilib borarmish tongda
yuksakdagi ko’k gumbaz tomon.

1980

BU DEVORLAR – BIZNING YELKAMIZ

G.A.Pugachenkovaga

Bu devorlar – bizning yelkamiz,
Bu devorlar – oyoqlarimiz.
Yelkamizda ona o’lkamiz –
Kuyu bayot, qir, bog’larimiz.

So’zimizdir – devorda har tosh,
Ko’zimizdir – toshdagi bo’yoq.
Izimizdir – yurtdagi har bir
Qal’a, qasr, madrasa, chortoq.

Minoralar – qaddimiz bizning,
Sardobalar – bizning ko’z yoshlar.
Bitik toshdir har biri, o’qing,
Poydevorga taxlangan toshlar.

Bo’lmaganda gar Shoxizinda,
YO Xivaning Kalta minori –
Yurak degan qutlug’ zaminda
Yuksalmasdi G’urur chinori.

Bo’lmaganda Go’ri Amirning
Toshlariga bitilgan ko’klam –
Hayratlanib qoshida sirning,
Viqor bilan to’lmasdi ko’krak.

Yurmas edik bunchalar tetik,
Bo’lmas edi tanda ruh obod.
Bor bo’lardi yurakda kemtik –
Bo’lmaganda oddiy Ruhobod.

Buxoroda qadim Somoniy
Maqbarasi bo’lmasa agar –
Bobolarning ravshan imoni,
Umididan yetmasdi xabar.

O’zga bo’lar edi so’zimiz,
Porlamasdi buncha ko’zimiz.
Osmonlarni titratmas edi
She’r aytganda sas, ovozimiz.

Ona deymiz Vatanni!
Vatan –
Shu Registon, shu Ichanqal’a.
Bolalikdan ular bizlarning
Boshimizda aytmishlar alla.

Vatandir – yer ostidan birdan,
Qadim qo’shiq parchasi kabi,
Sellar o’tib, ko’zga ashlangan
Bitik toshlar – bobolar qalbi.

Qal’alarning ko’ksiga botgan
O’qlar izi – yarasiga boq!
Ular – dilda og’riq uyg’otgan
Bujur yara, iztirob, ingroq.

Ularni sen o’yilgan ko’z deb
O’ylamagin – ko’radi ular.
Ular yashar dunyoda biz deb,
Qadamimiz tuzatib turar.

Ular qaddi bukilsa agar,
Yelkamizni tutaylik darrov.
Qulayotgan minor oldidan
Befarq o’tgan ajnabiymas, yov!

Zilzilani kutgan asbobdek
Sergak bo’lsin doimo yurak.
Aldamasin xuddi sarobdek
Aldoqchi his, o’tkinchi ermak.

Yelkalarni tutaylik, toki
Qudrat bilan to’lsin yelkamiz.
Yelkamizda ko’zimiz oqu
Qorasi – yurt, ona o’lkamiz.

Yelkalarni tuting… Devorlar
Cho’kib borar – Vaqt qilmas shafqat.
Qulaganda… Qulaydi ular
Bolalarning ustiga faqat.

1984

022

(Tashriflar: umumiy 3 909, bugungi 1)

Izoh qoldiring