Ibrohim Haqqul. «Qaro ko’zum kelu…» Bir bayt tahlili

812
Навоийнинг ижод йўли, энг аввало, Кўнгул ва Руҳоният йўли. Навоий ҳаётга кўнгил нигоҳи билан назар ташлар экан, маъно, туйғу, таассурот, тасвир – ҳамма-ҳаммасини ё дард, ё изтироб ёки ҳолат орқали албатта кўнгилга боғлайди. Унинг “Не назмки ўтлуғ кўнгулдин чиқардим…” дейиши ҳам шунчаки гап эмасди.

09
Иброҳим Ҳаққул
“ҚАРО КЎЗУМ КЕЛУ …”
Бир байт таҳлили

Алишер Навоий шахсиятда беназир Инсон, шеъриятда такрорланмас санъаткор. Навоийнинг деярли ҳар бир сўзи ва сатрида англаш ҳаяжони, гўзаллик ва нафосат завқи ёлқинланиб туради. Улуғ шоиринг шеърлари қанчалик пухта ўрганилиб, нечоғлик ҳаққоний ҳис этилса, ўқувчининг мушоҳада имкони ва имтиёзи ҳам ўшанча кенгайиб, бойиб боради. Навоийнинг ижод йўли, энг аввало, Кўнгул ва Руҳоният йўли. Навоий ҳаётга кўнгил нигоҳи билан назар ташлар экан, маъно, туйғу, таассурот, тасвир – ҳамма-ҳаммасини ё дард, ё изтироб ёки ҳолат орқали албатта кўнгилга боғлайди. Унинг “Не назмки ўтлуғ кўнгулдин чиқардим…” дейиши ҳам шунчаки гап эмасди. Бундоқ қаралганда, Навоий ҳам ўтмишда яшаб, ижод этган шоирларга ўхшаб анъанавий мавзу ва усулларда қалам юритган. Лекин энг эски фикр, энг кўп такрорланган маъно ва тимсоллар ҳам Навоийнинг ўша ўтлуғ кўнгли нафасидан янгиланган, руҳоний қуввати туфайли ўзгача жозиба касб айлаган. Масалан, кўз тимсолини олайлик. Кўз инсон вужудининг гўзал аъзоси, гўзалликнинг характерли бир белгиси. Инсоннинг ич оламига ҳам, зоҳирий дунёга ҳам бориладиган барча йўллар кўздан бошланади. Кўнгил ойнаси ҳам кўздир.
Халқ оғзаки ижодиётида, мумтоз шеъриятимизда кўз таърифига бағишланган неча юзлаб байт, бир-биридан жозибадор қиёс ва ташбиҳларни учратиш мумкин. Кўзнинг биргина сифати – қаролиги орқали ошиқликнинг қанчадан-қанча кайфият ва ҳолатлари ёритилиб берилган. Ошиқнинг хаёлини ўғирлаган, қалбга сеҳр оловини ёққан, ҳижрон ва айрилиқ кунларида умид юлдузи бўлиб порлаган, хоҳласа жаллод ўлароқ жон олган худди ўша қаро кўзлар бўлган. Севгилининг кўзи ҳамиша сеҳр кучига соҳибдир. Унинг айнан қаролиги ишқ аҳлини нима офату балоларга мубтало қилмаган дейсиз? Навоий рубоийларидан бирида мана нима деб ёзган:

Лаълингни қилииб нуктасаро, эй қоракўз,
Ишқ аҳли ҳаётига яро, эй қоракўз.
Чекма яна сурма кўз аро, эй қоракўз,
Эл қониға қилма кўз қаро, эй қоракўз.

Сеҳру жоду, нозу ишва, ҳаё ва назокат “гулшани” бўлмиш зебо кўз, чашми шаҳлога ақл, руҳ, кўнгил ва хотира ҳам шайдодир. Шайдолик эса ҳаракат ва олий мақсадга интилиш демак. Навоийнинг кўз ҳақида кўп ёзиши, кўз тимсолига қайта-қайта мурожаат қилишининг туб сабабларидан бири мана шудир. Аммо асосийси эмас. Навоий мажоз ва тимсол сифатида кўздан илоҳий ишқ, ирфоний ҳақиқатлар моҳиятини ёритиш учун ҳам ниҳоятда моҳирлик билан фойдаланган. Шоирнинг машҳур “Қаро кўзум” ғазали шу фикрнинг жуда ёрқин бир далилидир. Мана ўша ғазал матлаъси:

Қаро кўзум келу мардумлуғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум кеби ватан қилғил.

Инсон кимнидир қаттиқ соғиниб, соғинч қўмсашга дўнганда, хаёлий мурожаат унга юрак қаъридан қаноатланиб чиқади. Шунда вақт, масофа, айрилиқ деган нарсаларда гўё ҳеч қиймат қолмайди. Яъни тасаввур ва тахайюл воқеликдан устун келади. Ва одам кўнгил тилидан ўзга бир тилда гаплашишни истамайди. Шу маънода Навоийнинг байтида дил-дилдан марҳамат тилаш, ёлвориш, дийдорталаблик ҳоли уйғунлаштирилгандир. Биргина сўз билан буни ёр чорлови деса ҳам бўлади.
Мардумлуғ, фан, мардум калималарини айтмаса, байтдаги қолган барча сўзлар кўпчиликка тушунарли. “Навоий асарларининг изоҳли луғати”да мардумлиғ: 1. Одамлик, инсонлик; сахийлик, ҳиммат, ҳимматлилик, одамгарчилик. 2. Кўзда ўрнашиш, кўз олдида туришлик. Мардум: 1. Одамлар, кишилар; 2. Қарочиғ деб изоҳланган. Фан сўзининг қўшимча маъносига ҳам изоҳ берилган. Демак, луғатга мурожаат қилган ўқувчи Навоий сўзларини тахминан мана бундай мазмунда қабул этади: “Эй гўзал ёрим (ёки, эй азиз дўстим), одамийлик марҳаматига амал айлаб мени ҳам энди бир сўроғла. Мен сенинг дийдорингга шу қадар муштоқманки, келгилда кўзум қарочиғида одамга ўхшаб қарор топгил. Токи жудолик, меҳрсизлик жафосини мен бошқа тортмай”. Шеърхонга ана шу моҳият: одамнинг одам учун зориқиши, кўз кўрмагунча, кўнгилни тинчитиш қийинлигини англаш муҳимдир. Қолгани завқ, савия, билим даражасида ҳол бўлаверади. Мабодо хатога йўл қўйиб, ниманидир у нотўғри тушунса ҳам бундан кўпчиликка зиён етмайди. Аммо шеършунос чалғиса, неча юзлаб кишилар чалғиши, ёлғон ва уйдирма онгдан онгга ўтиб давом топиши мумкин. Наинки шоир, балки ўқувчи манфаати учун ҳам бу ёмон, албатта. “Қаро кўзум” шарҳи ва талқинига бағишланган қатор мақолалар эълон қилинди. Улар орасида ғазал ниҳоятда жўнлаштирилгани ҳам, ақл ва мантиққа тамоман мувофиқ келмайдиган фикр-мулоҳазалар қалашиб кетганлари ҳам бор. Улардан бирида “Қаро кўзим” ундалмаси дунёвий маънода “севикли, гўзал маҳбуба, ёр”, дўстни англатса, “илоҳий мазмунда у Оллоҳни ифодалайди”, дейилади. Наҳотки, шу гап рост бўлса? Мана бу сўзларни кўриб, ўқувчи нимага ишониб, нимага эътироз билдиришни ҳам билмай қолади: “Сўфий учун ўз нигоҳида, қорачиғида илоҳий нур орқали кўриш олий бахт, Ҳақ васлига муяссарликдир. Сўфийнинг илоҳий маъшуқни “кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил” дея чорлаши асл моя билан бирлашиш, қовушиш, уни ўзига сингдириб, ўзи унга сингиб кетиши – ваҳдати вужуд истагидир”.
Лоф десангиз бу – лофга, сафсата десангиз – сафсатага ўхшамайди. Аммо унда лоф билан сафсата, тахмин билан уйдирма қўшилиб-қоришгани аниқ. Аниқлиги шундаки, сўфийлик тарихи мобайнида “қаро кўз” ибораси мазмунан Оллоҳни ифодалайди, дейилмаган. Ва ҳеч биров юқоридаги сингари сунъий мулоҳазалар тўқиб, “кўз”ни ўзича идеаллаштирмаган. Аксинча, тасаввур бўладими, таърифу тавсиф бўладими ёки бошқасими – барида ақл ва ҳақиқатга мувофиқлик талабидан чекинилмаган.
Имом Ғаззолий “Мишкотуъл анвор” (“Нурлар қандили”) асарида кўзнинг асосий хусусият ва фазилатлари билан бир қаторда, унинг қусурларидан ҳам баҳс юритади. Улардан биринчиси, кўз бошқани кўради, аммо ўзини кўролмайди. Иккинчиси, кўз ўзига яқинни ҳам, узоқни ҳам кўришга қодир эмас. Учинчиси, кўз парда ортини кўриб билмайди. Тўртинчиси, кўз ашёнинг ташқарисини, яъни уст томонини кўради. Бешинчиси, кўз борлиқларнинг ҳаммасини эмас, айримларинигина кўришга қодир. Олтинчиси, товушлар, ҳид ва лаззатлар, хуллас, идрок туйғулари кўз учун бутунлай бегона. Ва ниҳоят, кўз каттани кичик, торни кенг кўргани боис унинг хатолари кўп бўлади. Бас шундоқ экан, қайси сўфий кўз ёки кўз қарочиғи воситасида “асл моя билан бирлашиш, қовушиш”ни ўйлаган дейсиз? Ахир, бу шўрлик сўфийнинг устидан кулиш ва таҳқирлашга асос бўладиган бир бемаънилик-ку! Мумтоз шеъриятда қўлланилган сўз, ибора ва атамаларнинг истилоҳий, рамзий-мажозий маъноларини эски, илмий, тарихий, адабий манбаларга таянмасдан, у ё бу шоир яшаган давр одамларининг фикр-қарашлари билан ҳисоблашмай, уларни биз тўғри изоҳлашга эришолмаймиз. Акс тарзда шарҳ ва талқинлар шеърхонни адабий матн моҳияти ва гўзаллигидан йироқлаштиради, холос. Бир қудсий ҳадисда Оллоҳ номидан “Мен қулимнинг кўргувчи кўзи бўлурмен ва ул қул менингла кўрур”, – дейилган. Бу ва бунга монанд фикрлар зинҳор-базинҳор кўзни Оллоҳ ила мувофиқлаштиришга изн бермайди.
“Кўз қуёшга тикила бошладими, – дейди Маҳмуд Шабустарий, – қамашади, қораяди, ҳеч нимани кўрмай қолади. Аммо сен шуни билгилки, қоронғулик Тангри Таолло зотининг нуридир. Обиҳаёт ана шу қоралик ичида эрур”. Қора рангнинг, Алишер Навоий сўзлари билан айтганда, муборак ранг ҳисобланиши, соч, қош, кўз, холнинг қаролигини таъкидлаш ё таърифлаш иштиёқининг замини ана шунда эрур. Оллоҳ ва инсон муносабати, бирлиги, илоҳий васл ҳолатлари ҳақида, тўғрими, нотўғрими, буни зарур миқёсда ўйлаб кўрмасдан гапирувчилар кўпайиб қолди. Ваҳоланки, сайри сулук йўлларини кечиб ўтган орифларнинг эътирофига кўра “Оллоҳ қалбларга кирмайди. Қалблардан жой оладигани Оллоҳга имондир. Уни тасдиқдир, тавҳид ва маърифатдир”. Навоий “Қаро кўзум, келу мардумлуғ эмди фан қилғил”, дея мурожаат ва даъват айлаган Шахс дин, маърифат, ишқ аҳлининг пири комили эди. Шоир бу улуғ зотдан “мардумлиғ” тилаганда ундан етадиган безавол файз, бақо қулфларини очадиган маслак ва маърифат нурини назарда тутганди. “Кўзум қаросида мардум кеби ватан қилиғил”, дейилгани билан ҳеч ким, ҳеч қачон бировнинг кўзига кириб олиб, муқим ўрнаша қолмайди. Шу учун кейинги мисрадаги фикрни тўппа-тўғри тушуниб, “Ватан” сўзида “ботинан қўним, сукунат, ҳаракатсизлик, истиқомат” маъноси мавжуд демаслик керак. Негаки, ўтмишда калиманинг қуйидаги каби истилоҳий изоҳлари берилган: “Ватан – қулнинг ҳол билан энг охирда эришгани ва қарор топгани (маънавий) юртдир. Зеро, “Киши фалон ҳолга етди, фалон мақомга юксалди” дейилади. Жунайд шундай дегандир: “Оллоҳнинг шундай қуллари бордурки, бир қанча мақом (ватан)ларда кезурлар…” (Абу Наср Саррож, ал-Лунъа, Истанбул, 1996, 360-бет) Демак, Навоий қўллаган “ватан” сўзида “сукунат”, “ҳаракатсизлик”ка ҳатто ишорат ҳам йўқ. Ишқ ва маърифат аҳли онгидан Оллоҳ оламга комил инсон кўзи билан қарайди ва борлиқни унинг нигоҳи билан кўради, деган тушунча муқим ўрин эгаллаган. Шу боис Ибн Арабий “Оллоҳни фақат ўзининг кўзи билан кўришга умид қилган кимса жоҳил ва пардаланмишдир”, дейди. Маърифат ва орифлик тарбияси шу жоҳиллик, шунақа ҳижоб офатидан қутилиш учун жуда-жуда зарурдир. Биринчидан, инсон кашфу каромат иддаоларидан халос бўлади. Иккинчидан, назар ва мушоҳадада адашувлардан сақланади. Навоий эса комилларнинг сарвари, энг буюк муршидларнинг ҳам маҳбубига қарата, “Кўзум қаросида мардум киби ватан қилиғил”, дейдики, бу – “Эй ҳабибларнинг ҳабиби, дунёга сенинг муборак кўзларинг билан қараш менга ҳам насиб айласин”, дегани бўлади. Ғазалнинг навбатдаги байтида шу орзу янада ёрқинлаштирилади. Биз эса айтилган фикр-мулоҳазалар билан ҳозирча чекланамиз.

(Tashriflar: umumiy 6 082, bugungi 1)

2 izoh

  1. Ғазалнинг таҳлили жуда чуқур илмий тилда изоҳ этилган,хақиқатан ўзбек тили сўзга бой, бу ерда киши илғамас инсоний хис — туйғулар аниқ очиб берилган, масалан ишққа мубтало кишининг ёрининг қачонки кўзи билан кўрганда кўнгли таскин топиши,қалб шунгача ғалаён қилиши в. х.. Раҳмат ўзим учун кўп янгиликлар кашф этдим.

Izoh qoldiring