Asqad Muxtor. «Bizning bog’da'» turkumidan. She’rlar

a-muxtor

     Дўрмондаги ижод уйидаги чорбоғларнинг бирида 4 йилча яшадим, ижод қилдим. Кўнгил жўраларим Эркин Аъзам,Иброҳим Ҳаққул,Усмон Азим  билан тонготар суҳбатлар айни шу чорбоғда бўларди. Мен чорбоққа шунчаки бориб қолганим йўқ. Унда узоқ йиллар устоз Асқад Мухтор яшагани учун борганман. Ўн йилча аввал ўша пайтдаги  уюшма раисидан чорбоғ ажратишни сўраганимда, у «Мен билмайман, А.( А. ўша пайтдаги ижод боғининг маъмури эди) билади» дегани учун «Куним А.га қолдими» деб аразладиму чорбоғ ҳақидаги орзуни четга суриб қўйдим. Ҳатто орага Саид Аҳмад тушиб, «Аразлаб юраверасанми,Соибқирон, келиб ўтирсанг-чи», дейишига қарамай,бормадим. Саид Аҳмад мени «Соҳибқирон» сўзини «Соибқирон» дейишимдан кулиб, менга шу лақабни осиб қўйган эди.
Ўша пайтлар  Ижод боғида жуда кўп ёзувчиликка мутлақо алоқаси бўлмаган одамлар чорбоғларни эгаллаб олишганди.  «Эгаллаб олишганди» дейишим сал нотўғри,аслида пули ёки мансаби бор одамлар деб айтишим керак.  Ана шундай пули ё мансаби борлардан бири Асқад Мухтор яшаган ва шу сабабдан ҳар доим Асқад ака номи билан боғланиб қолган чорбоғни сўраб олган,яширмайман,анча обод қилган,аммо,бир кун ҳам келиб турмаган эди.
Кунлардан бир кун дўстларимдан бири «Асқад аканинг дачасига келмайсизми?» — деб сўраб қолди. Мен «Ҳа,у ерда фалончи ака туради-ку» дедим.  Дўстим «Фалончи ака ишдан кетди,демак боғдан ҳам кетади,яна биронта бегона одам келмасдан,ўзингиз олсангиз-чи» — деди-да, қўшиб қўйди: «Сиз келсангиз Асқад аканинг  руҳи  шод  бўлади».
Дарҳақиқат,бу ерда яшаб турган мансабдор ( вилоят ҳокими,вазир ўринбосари,ректор) ишдан кетиши билан ижод уйидаги чорбоғдан айриларди.  Боғ директори А.  раис топшириғи  билан ҳар куни келиб тиқилинч қилиб тураверарди. Албатта, А.нинг ўзига қолса-ку,бу ишга журъат қилолмасди. Раҳбари айтгандан кейин шундай қилишдан бошқа чораси йўқ эди. Амалдорнинг мансабда ўтирган пайтида қилган қуллуқлари, берган зиёфатлари, тонготаргача давом этадиган сармаст базмлар  тамом унутилиб, ҳар кун «Қачон бўшатасиз?»  жараёни бошланарди.
Бу гап бошланган-да, кузнинг охири эди. Чорбоққа келаси йилнинг эрта баҳорида кўчдим. Ўша йилги қиш жуда қаттиқ келган эди. Баҳор келгунга қадар  одам турмаган ва шу сабабдан бирон кун ҳам иситилмаган хоналарнинг аҳволини кўриб,рости,хафа бўлиб кетдим. Қувурлар совуқнинг зўридан ёрилган, деворлар бўёғи тўкилиб тушган, пол илма-тешик эди. Бир амаллаб,ука жўрам Набижон Боқий ёрдамида хоналарни чала таъмирдан чиқардим. Чала дейишимга сабаб Набижоннинг 100 сўмлик ишга 1000 беришга ваъда қилиб ( ўз ёнидан тўламайди-да,қолаверса, унинг назарида, телеканал директорининг пули кўп) олиб келган усталар чала эди. Хуллас, баҳордан бошлаб чорбоғда яшай бошладим.
Ана ўшанда Асқад Мухторнинг шеърларини чуқурроқ англай бошлаганимни сезиб қолдим. Хусусан,унинг «Бизнинг боғда» туркумига кирган шеърларини. Боғнинг ўзи бу шеърларни қулоғимга шивирлай бошлади. Ёз,куз,қиш ва баҳор айлангани сайин бу шеърлар қулоғим остида жаранглаб турадиган бўлди.Асқад ака ўз шеърларини қачон ва қандай ҳолатда «топиб» олганини биладиган бўлиб қолдим. Гоҳ ёз тунида сўрида ётганимда ой шуъласи кўзларимни қамаштирганда,гоҳ баҳорда яшнаб турган баргизубларни томоша қилиб турганимда,гоҳ қиш кечаси деразадан қорнинг бўралаб ёғишини, шамол қорбўрон ўйнашини,гоҳ кузги дарахтларнинг маҳзун турганча хазон тўкишини кузатганимда Асқад Мухторнинг шеърлари ўзидан-ўзи тилимга кела бошлар, моҳитоб мисралардан юрагим ёришиб кетгандай бўларди.
Ҳозир мен чорбоғда яшамаяпман.Икки йилча аввал боғда таъмир ишлари бошланиб,у ердан чиқиб кетганман. Бошқа чорбоққа эмас, айнан Асқад аканинг боғида яшашни истаги ҳали-ҳануз юрагимни тарк этгани йўқ.Бу боғда ёш укаларим ёрдамида 40 дан ортиқ мевали дарахтлар, арчалар бўй чўзиб турибди, бир қисми ҳосилга ҳам кирган.

Мен бу сўзларни устоз Асқад Мухторни хотирлаб ёздим ва сизга унинг Дўрмон боғида битган шеърларидан айримларини тақдим этгим келди.

Хуршид Даврон

08
Асқад Мухтор
«БИЗНИНГ БОҒДА» ТУРКУМИДАН
022

УМР

Куни кеча шу сўрида ётганимда
Ой шуъласи тушмас эди юзларимга:
Япроқпарнинг титроқ, яшил шарпалари
Ором олиб келар эди кўзларимга.
Бугун бўлса танга-танга нур тушипти.
Мижжам ҳорғин, уйқу бермас ёруғ юлдуз.
Бирданига юрагим шув этиб кетди:
Куз келипти, куз…

ТУН ЎЙ СУРАР

Бизнинг боғда оқшом пайтлари,
Йиғиб олганида кун шуъласини,
Ўтлар орасида яшил чигиртка
Бошлайди тинимсиз ашуласини.
Бу кичкина жоннинг сўзсиз қўшиғин
Асли фидойилик деса бўлади.
«Ҳаёт бор…» — тун бўйи ўжар бир таъкид,
Катта сукунатнинг жонли бўлаги.
Шу чириллаш борки, назаримда,
Тун ўй сурар, табиат тугал.
У бўлмаса сўқир кечалари
Руҳимиз ҳувиллаб қоларди гар гал.
Қашшоқроқ бўларди тун манзараси,
Бундай сеҳрий таъсир этмасди
Ҳам умумжаҳоний гармонияда
Бир азалий оҳанг етмасди…

* * *

Бизнинг боғда чиқсанг оқшом сайрига,
Ё оралаб юрсанг сен ишкомларни.
Чўчитмагил севишганларни,
Осмонларда сезсин ўзни, майлига.
Бу лаҳзалар бир умрга татир.
Бу лаҳзалар синар ёшлик сабрини.
Биз шуларни кўриб биламиз ахир
Тунги юлдузларнинг қадрини.

* * *

Бизнинг боғда биринчи қор ёғди.
Ўйга ёмонликлар келмайди сира.
Сен менинг қоримсан, биринчи қорим,
Гўё бутун олам сендай бокира.
Бутун олам шундай оппоқ тинлик,
Баҳор гулларининг ҳиди келади.
Баҳор гулларидек, қор тагида мудрар
Одамларнинг эзгу тилаги.

* * *

Бизнинг боғда тун чўккан маҳал
Қалбни увиштирар укки ноласи.
Биров дер, у чорлар бадбахт қисматни,
Биров дер, қарғармиш ўгай боласин.
Мусибатдай совуқ, узоқ,гоҳ яқин,
Балки гадо фолбин, балки жиннидир.
У ўзи бегона кўздан яширин,
Лекин чақиради ҳамон кимнидир.
Бетиним саннайди, назаримда тунни
Қора бўлакларга бўлиб чиқади.
Нимага ўхшатсанг, нима десанг ҳам
Бир ғамгин афсона бўлиб чиқади.
Оқлолмаган эмиш она сутини,
Оқ сут тилар эмиш, деган гап:
Бу ҳам-ертак. Шундай сўлим тунда
Эртак рўпарангдан чиқса не ажаб.
Ҳаёт шу экан-да: ёғду ва зулмат,
Қишу ёз, ўнгу туш, тирик ва ўлик.
Шусиз бўлмас экан тугаллик сира,
Ҳатто қуш нағмаси: гўзал ва хунук.

* * *

Бизнинг боғда шифобахш ўт бор,
Халқ унинг отини баргизуб демиш.
Чунки ўша ўтни тунлари бедор
Юлдузлар нур билан суғорар эмиш.
Сиз биласиз менинг ёнишларим,
Сатрларга кўчган қалб чўғимни,
О,юлдузлар,тунги танишларим,
Нур билан суғоринг шу қўшиғимни.
Эҳтимол,шунда у бирон кимсанинг
Юрак ярасига малҳам бўларди.
Гулдек очиларди замин инсоннинг
Атиги бир зумга ариса дарди.

ТУҒИЛИШ

Тонг олдидан ёмғир севалаб ўтди,
Кейин кўк очилиб, ёғди юлдузлар.
Ердан ҳовур кўтарилди, худди
Қимирлаган каби зимдан илдизлар.
Кимгадир муқаддас бир зум яқинлади,
Қоровул ўчирди сўнгги фонарин.
Июл қуёшининг илк ёлқинлари
Япроқларга сачраб ёнарди.
Ер ёш: софлик жимирлатар этин,
Зориққан ғунчалар очилди боғда.
Панжарадан ошиб чиқиб кетди,
Майсаларда юрган яшил шаббода.
Эшикдан эшикка югуриб еларди,
Суюнчи сўрарди, суюнчи.
У гўё тақдирни олддан биларди,
Гўё йўқ дунёнинг ғами, куюнчи.
Ийманиброқ турар ота пойгакда,
Кўксида юлдузи, бир қўли майиб.
Ичкарида эса, оппоқ чойшабда
Жаҳоннинг умиди ётар жилмайиб.

ҚАЛБИМ НОЗИКЛАШДИ

Янги йилнинг яқин оппоқ туни:
Болалар орзиқиб тунни кутади.
Ўтган йили учган нафис қор учқуни
Янги йил сарҳадин бузиб ўтади.
Болалар ҳовлиқиб янги йил кутади,
Менга эса йил кузатиш- ғам:
Қилт этиб узилган битта япроқ ҳам
Нақ қалбимга тегиб ўтади…

04g

    Do’rmondagi ijod uyidagi chorbog’larning birida 4 yilcha yashadim, ijod qildim. Ko’ngil jo’ralarim Erkin A’zam,Ibrohim Haqqul,Usmon Azim bilan tongotar suhbatlar ayni shu chorbog’da bo’lardi. Men chorboqqa shunchaki borib qolganim yo’q. Unda uzoq yillar ustoz Asqad Muxtor yashagani uchun borganman.
O’n yilcha avval o’sha paytdagi uyushma raisidan chorbog’ ajratishni so’raganimda, u «Men bilmayman, A.( A. o’sha paytdagi ijod bog’ining ma’muri edi) biladi» degani uchun «Kunim A.ga qoldimi» deb arazladimu chorbog’ haqidagi orzuni chetga surib qo’ydim. Hatto oraga Said Ahmad tushib, «Arazlab  yuraverasanmi,Soibqiron, kelib o’tirsang-chi», deyishiga qaramay,bormadim. Said Ahmad meni «Sohibqiron» so’zini «Soibqiron» deyishimdan kulib, menga shu laqabni osib qo’ygan edi.
O’sha paytlar Ijod bog’ida juda ko’p yozuvchilikka mutlaqo aloqasi bo’lmagan odamlar chorbog’larni egallab olishgandi. «Egallab olishgandi» deyishim sal noto’g’ri,aslida puli yoki mansabi bor odamlar deb aytishim kerak. Ana shunday puli yo mansabi borlardan biri Asqad Muxtor yashagan va shu sababdan har doim Asqad aka nomi bilan bog’lanib qolgan chorbog’ni so’rab olgan,yashirmayman,ancha obod qilgan,ammo,bir kun ham kelib turmagan edi.
Kunlardan bir kun do’stlarimdan biri «Asqad akaning dachasiga kelmaysizmi?» — deb so’rab qoldi. Men «Ha,u yerda falonchi aka turadi-ku» dedim. Do’stim «Falonchi aka ishdan ketdi,demak bog’dan ham ketadi,yana bironta begona odam kelmasdan,o’zingiz olsangiz-chi» — dedi-da, qo’shib qo’ydi: «Siz kelsangiz Asqad akaning ruhi shod bo’ladi».
Darhaqiqat,bu yerda yashab turgan mansabdor ( viloyat hokimi,vazir o’rinbosari,rektor) ishdan ketishi bilan ijod uyidagi chorbog’dan ayrilardi. Bog’ direktori A. rais topshirig’i bilan har kuni kelib tiqilinch qilib turaverardi. Albatta, A.ning o’ziga qolsa-ku,bu ishga jur’at qilolmasdi. Rahbari aytgandan keyin shunday qilishdan boshqa chorasi yo’q edi. Amaldorning mansabda o’tirgan paytida qilgan qulluqlari, bergan ziyofatlari, tongotargacha davom etadigan sarmast bazmlar tamom unutilib, har kun «Qachon bo’shatasiz?» jarayoni boshlanardi.
Bu gap boshlangan-da, kuzning oxiri edi. Chorboqqa kelasi yilning erta bahorida ko’chdim. O’sha yilgi qish juda qattiq kelgan edi. Bahor kelgunga qadar odam turmagan va shu sababdan biron kun ham isitilmagan xonalarning ahvolini ko’rib,rosti,xafa bo’lib ketdim. Quvurlar sovuqning zo’ridan yorilgan, devorlar bo’yog’i to’kilib tushgan, pol ilma-teshik edi. Bir amallab,uka jo’ram Nabijon Boqiy yordamida xonalarni chala ta’mirdan chiqardim. Chala deyishimga sabab Nabijonning 1 so’mlik ishga 100 berishga va’da qilib ( o’z yonidan to’lamaydi-da,qolaversa, uning nazarida, telekanal direktorining puli ko’p) olib kelgan ustalar chala edi. Xullas, bahordan boshlab chorbog’da yashay boshladim.
Ana o’shanda Asqad Muxtorning she’rlarini chuqurroq anglay boshlaganimni sezib qoldim. Xususan,uning «Bizning bog’da» turkumiga kirgan she’rlarini. Bog’ning o’zi bu she’rlarni qulog’imga shivirlay boshladi. Yoz,kuz,qish va bahor aylangani sayin bu she’rlar qulog’im ostida jaranglab turadigan bo’ldi.Asqad aka o’z she’rlarini qachon va qanday holatda «topib» olganini biladigan bo’lib qoldim. Goh yoz tunida so’rida yotganimda oy shu’lasi ko’zlarimni qamashtirganda,goh bahorda yashnab turgan bargizublarni tomosha qilib turganimda,goh qish kechasi derazadan qorning bo’ralab yog’ishini, shamol qorbo’ron o’ynashini,goh kuzgi daraxtlarning mahzun turgancha xazon to’kishini kuzatganimda Asqad Muxtorning she’rlari o’zidan-o’zi tilimga kela boshlar, mohitob misralardan yuragim yorishib ketganday bo’lardi.
Hozir men chorbog’da yashamayapman.Ikki yilcha avval bog’da ta’mir ishlari boshlanib,u yerdan chiqib ketganman. Boshqa chorboqqa emas, aynan Asqad akaning bog’ida yashashni istagi hali-hanuz yuragimni tark etgani yo’q.Bu bog’da yosh ukalarim yordamida 40 dan ortiq mevali daraxtlar, archalar bo’y cho’zib turibdi, bir qismi hosilga ham kirgan.

 

Xurshid Davron

08

Asqad Muxtor
«BIZNING BOG’DA» TURKUMIDAN
022

UMR

Kuni kecha shu so’rida yotganimda
Oy shu’lasi tushmas edi yuzlarimga:
Yaproqparning titroq, yashil sharpalari
Orom olib kelar edi ko’zlarimga.
Bugun bo’lsa tanga-tanga nur tushipti.
Mijjam horg’in, uyqu bermas yorug’ yulduz.
Birdaniga yuragim shuv etib ketdi:
Kuz kelipti, kuz…

TUN O’Y SURAR

Bizning bog’da oqshom paytlari,
Yig’ib olganida kun shu’lasini,
O’tlar orasida yashil chigirtka
Boshlaydi tinimsiz ashulasini.
Bu kichkina jonning so’zsiz qo’shig’in
Asli fidoyilik desa bo’ladi.
«Hayot bor…» — tun bo’yi o’jar bir ta’kid,
Katta sukunatning jonli bo’lagi.
Shu chirillash borki, nazarimda,
Tun o’y surar, tabiat tugal.
U bo’lmasa so’qir kechalari
Ruhimiz huvillab qolardi gar gal.
Qashshoqroq bo’lardi tun manzarasi,
Bunday sehriy ta’sir etmasdi
Ham umumjahoniy garmoniyada
Bir azaliy ohang yetmasdi…

* * *

Bizning bog’da chiqsang oqshom sayriga,
YO oralab yursang sen ishkomlarni.
Cho’chitmagil sevishganlarni,
Osmonlarda sezsin o’zni, mayliga.
Bu lahzalar bir umrga tatir.
Bu lahzalar sinar yoshlik sabrini.
Biz shularni ko’rib bilamiz axir
Tungi yulduzlarning qadrini.

* * *

Bizning bog’da birinchi qor yog’di.
O’yga yomonliklar kelmaydi sira.
Sen mening qorimsan, birinchi qorim,
Go’yo butun olam senday bokira.
Butun olam shunday oppoq tinlik,
Bahor gullarining hidi keladi.
Bahor gullaridek, qor tagida mudrar
Odamlarning ezgu tilagi.

* * *

Bizning bog’da tun cho’kkan mahal
Qalbni uvishtirar ukki nolasi.
Birov der, u chorlar badbaxt qismatni,
Birov der, qarg’armish o’gay bolasin.
Musibatday sovuq, uzoq,goh yaqin,
Balki gado folbin, balki jinnidir.
U o’zi begona ko’zdan yashirin,
Lekin chaqiradi hamon kimnidir.
Betinim sannaydi, nazarimda tunni
Qora bo’laklarga bo’lib chiqadi.
Nimaga o’xshatsang, nima desang ham
Bir g’amgin afsona bo’lib chiqadi.
Oqlolmagan emish ona sutini,
Oq sut tilar emish, degan gap:
Bu ham-yertak. Shunday so’lim tunda
Ertak ro’parangdan chiqsa ne ajab.
Hayot shu ekan-da: yog’du va zulmat,
Qishu yoz, o’ngu tush, tirik va o’lik.
Shusiz bo’lmas ekan tugallik sira,
Hatto qush nag’masi: go’zal va xunuk.

* * *

Bizning bog’da shifobaxsh o’t bor,
Xalq uning otini bargizub demish.
Chunki o’sha o’tni tunlari bedor
Yulduzlar nur bilan sug’orar emish.
Siz bilasiz mening yonishlarim,
Satrlarga ko’chgan qalb cho’g’imni,
O,yulduzlar,tungi tanishlarim,
Nur bilan sug’oring shu qo’shig’imni.
Ehtimol,shunda u biron kimsaning
Yurak yarasiga malham bo’lardi.
Guldek ochilardi zamin insonning
Atigi bir zumga arisa dardi.

TUG’ILISH

Tong oldidan yomg’ir sevalab o’tdi,
Keyin ko’k ochilib, yog’di yulduzlar.
Yerdan hovur ko’tarildi, xuddi
Qimirlagan kabi zimdan ildizlar.
Kimgadir muqaddas bir zum yaqinladi,
Qorovul o’chirdi so’nggi fonarin.
Iyul quyoshining ilk yolqinlari
Yaproqlarga sachrab yonardi.
Yer yosh: soflik jimirlatar etin,
Zoriqqan g’unchalar ochildi bog’da.
Panjaradan oshib chiqib ketdi,
Maysalarda yurgan yashil shabboda.
Eshikdan eshikka yugurib yelardi,
Suyunchi so’rardi, suyunchi.
U go’yo taqdirni olddan bilardi,
Go’yo yo’q dunyoning g’ami, kuyunchi.
Iymanibroq turar ota poygakda,
Ko’ksida yulduzi, bir qo’li mayib.
Ichkarida esa, oppoq choyshabda
Jahonning umidi yotar jilmayib.

QALBIM NOZIKLASHDI

Yangi yilning yaqin oppoq tuni:
Bolalar orziqib tunni kutadi.
O’tgan yili uchgan nafis qor uchquni
Yangi yil sarhadin buzib o’tadi.
Bolalar hovliqib yangi yil kutadi,
Menga esa yil kuzatish- g’am:
Qilt etib uzilgan bitta yaproq ham
Naq qalbimga tegib o’tadi…

(Tashriflar: umumiy 1 995, bugungi 1)

Izoh qoldiring