Umid Bekmuhammad. Armon yoxud Navoiyning Xorazmdagi og’asi.

765
Хондамирнинг “Макорим-ул-ахлоқ” асарида Шайх Бахлул Навоийнинг “улуғ биродари”, яъни катта акаси-оғаси эканлиги таъкидланганди. Бу тўғрида Алишербек ҳам ўзининг “Мажолис-ун-нафоис” асарида Бахлулбекни “фақирнинг ( яъни Алишер Навоийнинг –У.Б.) оғаси “ дея ёзиб ўтганди. Маълумки, манбаларда ва шоҳона фармонларда Навоий ҳам “Амир Низомиддин Алишер” дея, шунингдек Бахлулбек ҳам шу нисба билан номланган, яъниким, Низомиддин мартабаси оилавий бўлган. Навоий қаламига мансуб “Мажолис-ун нафоис” асаридаги бешинчи фасл Шайх Бахлулбек тўғрисидадир. Унда оғасининг “Султон Соҳибқирон Бойқаро давлатидин Хоразм тахтида ҳукумат қилиб, аморат девонида муҳр босганлиги”, кейинги даврларда, хусусан 1497-98 йилларга келиб бўлса давлат ишларидан четлашиб, гўшанишинлик-истеъфо ихтиёр этганлиги ёзилган.

09
Умид Бекмуҳаммад
АРМОН ЁКИ НАВОИЙНИНГ ХОРАЗМДАГИ ОҒАСИ
07

Оила қурмай, ҳаётини фақат қариндош уруғлар дийдори, дўстлар, ижодкорлар давраси, салтанат, ижоду илм ташвишлари ила ўтказган юксак тафаккур соҳибининг ҳажга боришдек буюк орзуси амалга ошмади.Шунингдек, ул зотнинг Хоразмга бориш орзуси ҳам армон бўлиб қолди…
1469 йилда Хуросон тахтига чиққан Ҳусайн Бойқаронинг тожу тахт учун курашга кирган даврлари хавф хатарга тўла кечган.Негаки, у 1456 йилдан бошлаб ҳукмдорликка эришиш мақсадида кураш майдонига қўшилган, аммо омадсизликлар, мағлубиятлар сабабли кўп вақтини қочқинликда, туркман чўллари ва Хоразмда ўтказган эди.Бойқаро Хоразмнинг Вазир, Урганч,Адоқ ва Тирсак шаҳарларида бўлиб, ўзига содиқ навкарлар тўплади ҳамда 31 ёшида Абу Саидни тахтдан қулатиб,Хуросон ҳукмдори даражасига эришди.
Хоразмда кўп вақтини ўтказган Ҳусайн Бойқаро у ердаги вазият, қишлоқ, шаҳарлар ҳолати, урушлар туфайли хонавайрон бўлган воҳа аҳлининг кайфиятидан яхшигина хабардор бўлган.Ўша вақтда Хуросонга қарашли бўлган Хоразмда тикланиш ишларини олиб бориш учун ўзига содиқ, қаътиятли, ташаббускор инсонни у ерга ҳоким қилиб юбориш зарур эди.
Бойқаро ана шундай фазилатларга эга инсон сифатида дўсти Алишербекнинг акаси—сарой девонида хизмат қилаётган Баҳлулбекни танлади.Шу тариқа исломий илмларни мукаммал билганидан шайх даражасини олган Баҳлулбек Хоразм ҳокими қилиб тайинланди.
Хондамирнинг “Макорим-ул-ахлоқ” асарида Шайх Бахлул Навоийнинг “улуғ биродари”, яъни катта акаси-оғаси эканлиги таъкидланганди. Бу тўғрида Алишербек ҳам ўзининг “Мажолис-ун-нафоис” асарида Бахлулбекни “фақирнинг ( яъни Алишер Навоийнинг –У.Б.) оғаси “ дея ёзиб ўтганди. Маълумки, манбаларда ва шоҳона фармонларда Навоий ҳам “Амир Низомиддин Алишер” дея, шунингдек Бахлулбек ҳам шу нисба билан номланган, яъниким, Низомиддин мартабаси оилавий бўлган. Навоий қаламига мансуб “Мажолис-ун нафоис” асаридаги бешинчи фасл Шайх Бахлулбек тўғрисидадир. Унда оғасининг “Султон Соҳибқирон Бойқаро давлатидин Хоразм тахтида ҳукумат қилиб, аморат девонида муҳр босганлиги”, кейинги даврларда, хусусан 1497-98 йилларга келиб бўлса давлат ишларидан четлашиб, гўшанишинлик-истеъфо ихтиёр этганлиги ёзилган.
Шунга кўра, Шайх Бахлулбек Бойқаро тахтга чиққан 1469 йилдан, Нур Саидбек ўрнига Хоразмга ҳокимлик қила бошлаган кўринади.Баҳлулбекнинг ўғли бўлган Амир Камолиддин Султон Ҳусайн ўз давридаги таниқли шоирлардан бўлган.У “Ҳотамий” тахаллуси билан ашъорлар битган. “Мажолис-ун нафоис” асарида Навоий ҳазратлари ўз жиянининг ғазалларидан бирини намуна сифатида келтирганди:

Маро бисёр мушкил менамояд фурқати жонон,
Видои жони ширин хаст, душвор, эй мусулмон.

Хондамир “Макорим ул ахлоқ” асарида Амир Камолиддин Султон Ҳусайннинг Навоий вафотига бағишлаб қитъа ёзганлигини айтиб ўтганди: “олий мартабали Амир Камолиддин ул ҳазрат Алишернинг фарзанди ўрнида эдики, у мана бу қитъани айтган:

Он мағфиратпаноҳ ки рафт аз фазои хок,
Фир равзатин муқаддастин тоба ҳолуҳу,
Чун ёфт ин камол зи ҳайрат дар ҳаёт,
Таърихи фавт газш “Ҳайрун Каморлуҳу”…

Амир Камолиддиннинг Мир Иброҳим номли ўғли бўлиб, у Навоийга тутинган ўғил бўлган. Бу ҳақда Алишер Навоий “Мир Иброҳим Султон Ҳусайн Камолиддиннинг ўғлидир ва фақирнинг (оғасининг) яъни Шайх Баҳлулнинг набирасидур.Фақир они ўғилчадай асрабмен“ дея ёзганди.Шоирлар авлодига мансуб Навоийнинг тутинган ўғли ҳам ашъорлар битганки, Навоий Мир Иброҳимнинг “Шоҳим”, “Моҳим” отига боғлаган муаммосини қониқиш билан қайд этиб ўтган:

Аз сари-сари меҳр, эй нигори дилнавоз,
Сўнг Иброҳим бедил бин ба ноз.

Айнан Навоийнинг Хоразмга ҳоким бўлган Баҳлулбекгагина эмас, унинг ўғил ва набирасига ҳам тўхталиб ўтганимиз боиси шуки, улар Хоразмга бориб маълум бир муддат яшашган. Акасининг қадимий ўлкага ҳоким бўлиши Хуросон давлатининг вазири бўлиб ишлаётган Навоий ҳазратларига ҳам бу воқеа хушнудлик бахш этди.Зеро, у бу мафтункор ўлкага боришни ёшликдан орзу қилар, энди давлат ишлари билан ёхуд қариндошчилик ришталари сабабли орзуси ушалишига ишонарди.1465-69 йилларда Алишербек Самарқандда таҳсил олиб, ҳаёт кечирганида, таътил пайтлари Хоразмга бормоқчи бўлган, аммо бунинг иложи топилмаганди.Самарқандда илм олаётган Хоразмлик талабалар билан Хоразм тўғрисида, у ерга бориш ҳақида суҳбатлашавериб,Алишербек бир куни туш кўради.Хондамирнинг ёзишига кўра, тушида Навоий ҳазратлари Мирзо Муҳаммад Хоразмшоҳ билан тоққа чиқибди.Хоразмшоҳ бир катта тош устига қадам қўйиб, Навоийнинг қўлидан ушлаб, унинг ўша баланд тош устига чиқишига кўмаклашган экан…
Орадан йиллар ўтди.Салтанат ишлари кўпайиб,Навоий ҳазратлари ижоду илм билан шуғулланай дея, 1476 йилда амирлик лавозимидан истеъфога чиқди.Бу пайтда у акаси Баҳлулбекнинг невараси Мир Иброҳимни, оила қурмагани туфайли ўзига ўғил қилиб олганди.Кейин Мир Иброҳимнинг отаси—Ҳиротдаги подшо саройида хизматда бўлган Камолиддинни Хоразмга—отаси Баҳлулбек ёнига ишга юборилади.Шундан сўнг Навоий ҳазратлари Мир Иброҳимни онасининг илтимосига биноан, бобоси Баҳлулбек ёнига жўнатади.Навоий шеърлар битаётган жияни Мир Иброҳимни, акаси Баҳлулбекни кўриш ниятида кейин ҳам Хоразмга бормоқчи бўлди.Аммо..
1476-1486 йиллар орасида у тинмай ижод қилгани туфайли бунга вақт топа олмади.Негаки, Навоий бу даврда » Наводир –ун-ниҳоя» девонини, беш достондан иборат «Хамса» сини, кўплаб ғазалларини ёзди.Қолаверса, давлат вазифасидан бўшаганига қарамай, дўсти Бойқаронинг илтимосига кўра, салтанатдаги ва шаҳзодалар ўртасидаги зиддиятларни бартараф этиш билан машғул бўлди.Бундан ташқари, укаси Дарвешалибек Балхга ҳоким бўлиб кетгани боис, Навоий Ҳиротдаги отасидан ёдгор бўлиб қолган уйнинг чироғини ёқиб ўтирди.Учала ака-укага Ғиёсиддин Кичкинадан мерос бўлиб қолган молу-мулкдан хабар олиш ҳамда ўзининг Ҳиротдаги кўплаб боғу-роғ, ер савдо расталарига қараб туриш ҳам керак эди.Шунингдек, Навоий Хуросоннинг кўплаб жойларида меъморий обидалар, масжид, мадрасалар қурдириш ишлари билан бандлиги туфайли ҳам Хоразмдаги акаси ҳамда жиянларининг ёнига боришга вақт топаолмади.Негаки, Хоразм вилояти Ҳиротдан анча узоқ бўлиб, бориб келишга бир неча ойлаб вақт кетарди.Пойтахтдаги бунёдкорлик ишларини эса кечиктириб бўлмасди.
Шунга қарамай, Навоий ҳазратлари Хоразмга алоҳида меҳр билан қаради.Жиянлари Камолиддин, Мир Иброҳим Ҳиротга келганларида уларни хушнудлик билан кутиб олди, уларнинг Хоразмдан олиб келган совғаларини қувонч билан қабул қилди.У воҳадаги ҳаёт, урф-одатлар, маданий вазият, акаси Баҳлулбек қилаётган ишларни суриштирар, гоҳида давлат ишлари боис, Баҳлулбек Хоразмдан Ҳиротга келганида маслаҳатлар бериб турарди.Шу тариқа Баҳлулбек укаси Алишербекнинг Ҳиротда амалга ошираётган бунёдкорлик ишларини Хоразмда ҳам қилиб, кўплаб иншоаатлар барпо этдирди, сув йўллари, ёп(ариқлар) қаздирган, Навоий ҳазратлари эса акаси ва жиянларидан эшитганларидан таъсирланиб, назмий асарларида Хоразм, Жайхун ҳақида фикр юритади:

Завроқ ичра ул қуёш сайр айламас— Жайхун аро,
Ахтари саъда ҳалок ичра кезар гардун аро,
Англамоқ Жайхунда ул ой кема бирла сайр этар,
Ё ҳилолу меҳр аксин эл кўрар Жайхун аро…

Бундан ташқари, «Сабъаи сайёр» достонида Дилором билан боғлиқ воқеалар, унинг моҳир созанда сифатида тасвирланиши ҳамда унга тенг келадиган “ устозлар устози” Ҳожанинг кун кўрадиган касби созандачилик бўлиши ва бу ҳунар Хоразмни етти иқлим ичида ажратиб турувчи нишон эканлиги таъкидланади:

Чун дуо қилди деди фарзона,
Ки дей ўз кўрганимдан афсона.

Менки тушмиш буён гузор манга,
Мулки Хоразм эрур диёр манга.

Санъатим анда соз чалмоқ иши,
Билмайин мен киби ишимни киши.

Илми адвору фанни мусиқий,
Мендин ул илм аҳли таҳқиқий.

Элга таълим этмоқ вирдим,
Кимки устози қавм—шогирдим.

Хоразмликларнинг мусиқага қизиқишларини, Дилоромнинг санъаткорларга, илму ижод аҳлига эътибор бериши ҳақидаги таъсирчан воқеалар баёнида, гўё Алишербекнинг келинойиси—акаси Баҳлулбекнинг рафиқаси ҳақида сўз юритилгандек туюлади, кишига.Зеро, Навоийнинг келини –укаси Дарвешалибекнинг хотини Офоқ бегим Балхда айнан «Сабъаи сайёр» даги Дилором сингари ижоду илм аҳлининг ҳомийси эди.Бундай ишларни табийки, Хоразмдаги келинойиси ҳам амалга ошираётганди…
Шунингдек, Навоий ҳазратларининг «Мажолис-ун нафоис», «Насойим-ул муҳаббат» «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарларида Хоразм адабий муҳити, ижодкорлари ҳақида ҳам сўз юритилади. Хожа Абдул Вафоий Хоразмий, Мавлоно Ҳусайн Хоразмий, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Сулаймон Боқирғоний, Рабғузий сингари хоразмлик ижодкорларга Навоий ҳазратлари алоҳида меҳр қўйган эди.
Бундан ташқари,Навоий асарларида Хоразм шевасига, ўғуз лаҳжасига оид кўплаб сўзлар учрайдики, уларни бошқа лаҳжада сўзловчилар тушунишлари қийин.Табийки, уларни Алишербек Хоразмда яшаган акаси, жиянларидан эшитган ва улардан асарларида фойдаланганди.Масалан: «Алоло»—сўзи шовқин-сурон маъносини билдиради.»Сабъаи сайёр» достонида мазкур сўз қуйидагича ишлатилади:

Солур андоғ жаҳона ғавғое,
Коинот ичра бир алолое.

«Муфт»( мут)—сўзи Хоразм воҳасида текин ёки арзон деган маъноларни англатади.Мисол:

Деди: бу ерда олтин анча муфт.Мен қилурман шаҳ олтунини нуфут.

«Ал»—қўл маъносини берувчи сўз бўлиб, азалдан то бугунгача қўлланилиб келиняпти.Навоий ҳазратлари ёзади:

Они ҳам чекди мезбони сахий,
Меҳмон алинда сахо кўр, ахий.

«Ибриқ»—кўза:

Зайдга робитаи бўлди дақиқи,
Нон ики курс эди, су бир ибриқ.
Йурмоқ—таъбир қилмоқ:
Мен тушингни йурай, вале сен ҳам.
Шарт қилким, не айтсам мен ҳам.

Хуллас, биргина «Сабъаи сайёр» асарининг ўзида «дадак»—чури ёки оми, «ковмок»—ҳайдамоқ, «изо»—изтироб, «интитмоқ»—хафа қилмоқ сингари юзлаб Хоразмликларнинг ўғуз лаҳжасида ишлатган, ҳозирдаям истеъмолда бўлган сўзларни учратишимиз мумкин.
Бундан ташқари Навоийнинг бошқа асарларида “исванд-исириқ”,”йавған-ёғсиз”, “ири-йирик”, “ис-ҳид”, “йабан-йаван-чўл,” “йалпақ-ёйиқ”, “йумруқ”-мушт”, “йумуртқа-тухум”, “йурунчқа-беда”, “кади-қовоқ”, “кадхудо-оқсоқл”, “кат-ухлайдиган оромгоҳ”, “лачак-рўмол”(Фақат Шарқда Хоразмдагина аёллар лачак номли рўмол ўрашган), “майруқ”-мажруҳ-чўлоқ”, “манглай-пешона”, “муфт-мут-текин”, “муғанний-мусиқачи, “ойилмак-айилмак”-хасталикдан ўз ҳолига келиш сингари кўплаб Хоразм шевасига оид сўзлар учрайди.Табийки, Ҳиротда яшаётган шоир бундай Хоразм шевасига оид сўзларни Хуросонга келиб турган акаси Баҳлулбек ва унинг фарзанду-невараларидан эшитганди.
Хондамирнинг «Макоримул ахлок» асарида ёзилишича, » Бир вақтда Султон ( Ҳусайн Бойқаро) » Хоразм вилоятини обод қилиш ва унга бинолар қуриш хаёлига тушиб, бинокорлик ва деҳқончилик ишларига яхши аҳамият бериб ҳаракат қилишлари ва жойланиб туришлари учун Хуросондан уч минг хонадонни Ҳоразмга кўчириш ҳақида мажбурий буйруқ чиқарди».
Табийки, уч минг хонадонни ватанидан жудо қилиш яхши эмаслигини англаган Навоий дўсти Ҳусайнга бундай ишнинг нотўғрилиги ҳақида тўққиз бор арз қилди.Ўнинчи бор арз қилганида Бойқаро фақат минг хонадонигина Хоразмга кўчиришга амр қилди.Навоий ўтроқлашган хуросонликларни Хоразмга мажбурий кўчиргандан кўра, 12 асрнинг 80 йилларида Ҳазорасп ва Хивадан Ҳиротга кўчиртириб келинган наққош, меъмор, ҳунармандларни ўз эллари—Ҳоразмга юбориш зарурлигини уқтириб, дўсти Бойқародан бу ҳақда фармон чиқартириб олди.
Хуллас, Навоий ҳазратлари Хоразмликларга алоҳида меҳр билан қараб, улар ҳақида қайғурди, асарларида мафтункор ўлкани мароқ билан тасвирлади.Негаки, Хоразмда акаси, жиянлари яшар, қариндошлик ришталари узоқдаги воҳа билан боғланган эди.У Ҳиротдаги ижод, давлат ишлари, тадбиркорлигу бунёдкорлик фаолияти сабабли Хоразмга боролмас, аммо доимо акаси, жиянлари ёнига боришни орзу қилиб юрарди.Афсуски, бу орзулар армон бўлиб қолди.

09
Umid Bekmuhammad
ARMON YOKI NAVOIYNING XORAZMDAGI OG’ASI
07

Oila qurmay, hayotini faqat qarindosh urug’lar diydori, do’stlar, ijodkorlar davrasi, saltanat, ijodu ilm tashvishlari ila o’tkazgan yuksak tafakkur sohibining hajga borishdek buyuk orzusi amalga oshmadi. Shuningdek, ul zotning Xorazmga borish orzusi ham armon bo’lib qoldi…
1469 yilda Xuroson taxtiga chiqqan Husayn Boyqaroning toju taxt uchun kurashga kirgan davrlari xavf xatarga to’la kechgan.Negaki, u 1456 yildan boshlab hukmdorlikka erishish maqsadida kurash maydoniga qo’shilgan, ammo omadsizliklar, mag’lubiyatlar sababli ko’p vaqtini qochqinlikda, turkman cho’llari va Xorazmda o’tkazgan edi.Boyqaro Xorazmning Vazir, Urganch,Adoq va Tirsak shaharlarida bo’lib, o’ziga sodiq navkarlar to’pladi hamda 31 yoshida Abu Saidni taxtdan qulatib,Xuroson hukmdori darajasiga erishdi.
Xorazmda ko’p vaqtini o’tkazgan Husayn Boyqaro u yerdagi vaziyat, qishloq, shaharlar holati, urushlar tufayli xonavayron bo’lgan voha ahlining kayfiyatidan yaxshigina xabardor bo’lgan.O’sha vaqtda Xurosonga qarashli bo’lgan Xorazmda tiklanish ishlarini olib borish uchun o’ziga sodiq, qa’tiyatli, tashabbuskor insonni u yerga hokim qilib yuborish zarur edi.
Boyqaro ana shunday fazilatlarga ega inson sifatida do’sti Alisherbekning akasi—saroy devonida xizmat qilayotgan Bahlulbekni tanladi.Shu tariqa islomiy ilmlarni mukammal bilganidan shayx darajasini olgan Bahlulbek Xorazm hokimi qilib tayinlandi.
Xondamirning “Makorim-ul-axloq” asarida Shayx Baxlul Navoiyning “ulug’ birodari”, ya’ni katta akasi-og’asi ekanligi ta’kidlangandi. Bu to’g’rida Alisherbek ham o’zining “Majolis-un-nafois” asarida Baxlulbekni “faqirning ( ya’ni Alisher Navoiyning –U.B.) og’asi “ deya yozib o’tgandi. Ma’lumki, manbalarda va shohona farmonlarda Navoiy ham “Amir Nizomiddin Alisher” deya, shuningdek Baxlulbek ham shu nisba bilan nomlangan, ya’nikim, Nizomiddin martabasi oilaviy bo’lgan. Navoiy qalamiga mansub “Majolis-un nafois” asaridagi beshinchi fasl Shayx Baxlulbek to’g’risidadir. Unda og’asining “Sulton Sohibqiron Boyqaro davlatidin Xorazm taxtida hukumat qilib, amorat devonida muhr bosganligi”, keyingi davrlarda, xususan 1497-98 yillarga kelib bo’lsa davlat ishlaridan chetlashib, go’shanishinlik-iste’fo ixtiyor etganligi yozilgan.
Shunga ko’ra, Shayx Baxlulbek Boyqaro taxtga chiqqan 1469 yildan, Nur Saidbek o’rniga Xorazmga hokimlik qila boshlagan ko’rinadi.Bahlulbekning o’g’li bo’lgan Amir Kamoliddin Sulton Husayn o’z davridagi taniqli shoirlardan bo’lgan.U “Hotamiy” taxallusi bilan ash’orlar bitgan. “Majolis-un nafois” asarida Navoiy hazratlari o’z jiyanining g’azallaridan birini namuna sifatida keltirgandi:

Maro bisyor mushkil menamoyad furqati jonon,
Vidoi joni shirin xast, dushvor, ey musulmon.

Xondamir “Makorim ul axloq” asarida Amir Kamoliddin Sulton Husaynning Navoiy vafotiga bag’ishlab qit’a yozganligini aytib o’tgandi: “oliy martabali Amir Kamoliddin ul hazrat Alisherning farzandi o’rnida ediki, u mana bu qit’ani aytgan:

On mag’firatpanoh ki raft az fazoi xok,
Fir ravzatin muqaddastin toba holuhu,
Chun yoft in kamol zi hayrat dar hayot,
Ta’rixi favt gazsh “Hayrun Kamorluhu”…

Amir Kamoliddinning Mir Ibrohim nomli o’g’li bo’lib, u Navoiyga tutingan o’g’il bo’lgan. Bu haqda Alisher Navoiy “ Mir Ibrohim Sulton Husayn Kamoliddinning o’g’lidir va faqirning (og’asining) ya’ni Shayx Bahlulning nabirasidur.Faqir oni o’g’ilchaday asrabmen “ deya yozgandi.Shoirlar avlodiga mansub Navoiyning tutingan o’g’li ham ash’orlar bitganki, Navoiy Mir Ibrohimning “Shohim”, “Mohim” otiga bog’lagan muammosini qoniqish bilan  qayd etib o’tgan:

Az sari-sari mehr, ey nigori dilnavoz,
So’ng Ibrohim bedil bin ba noz.

Aynan Navoiyning Xorazmga hokim bo’lgan Bahlulbekgagina emas, uning o’g’il va nabirasiga ham to’xtalib o’tganimiz boisi shuki, ular Xorazmga borib ma’lum bir muddat yashashgan. Akasining qadimiy o’lkaga hokim bo’lishi Xuroson davlatining vaziri bo’lib ishlayotgan Navoiy hazratlariga ham bu voqea xushnudlik baxsh etdi.Zero, u bu maftunkor o’lkaga borishni yoshlikdan orzu qilar, endi davlat ishlari bilan yoxud qarindoshchilik rishtalari sababli orzusi ushalishiga ishonardi.1465-69 yillarda Alisherbek Samarqandda tahsil olib, hayot kechirganida, ta’til paytlari Xorazmga bormoqchi bo’lgan, ammo buning iloji topilmagandi.Samarqandda ilm olayotgan Xorazmlik talabalar bilan Xorazm to’g’risida, u yerga borish haqida suhbatlashaverib,Alisherbek bir kuni tush ko’radi.Xondamirning yozishiga ko’ra, tushida Navoiy hazratlari Mirzo Muhammad Xorazmshoh bilan toqqa chiqibdi.Xorazmshoh bir katta tosh ustiga qadam qo’yib, Navoiyning qo’lidan ushlab, uning o’sha baland tosh ustiga chiqishiga ko’maklashgan ekan…
Oradan yillar o’tdi.Saltanat ishlari ko’payib,Navoiy hazratlari ijodu ilm bilan shug’ullanay deya, 1476 yilda amirlik lavozimidan iste’foga chiqdi.Bu paytda u akasi Bahlulbekning nevarasi Mir Ibrohimni, oila qurmagani tufayli o’ziga o’g’il qilib olgandi.Keyin Mir Ibrohimning otasi—Hirotdagi podsho saroyida  xizmatda bo’lgan Kamoliddinni Xorazmga—otasi Bahlulbek yoniga ishga yuboriladi.Shundan so’ng Navoiy hazratlari Mir Ibrohimni onasining iltimosiga binoan, bobosi Bahlulbek yoniga jo’natadi.Navoiy she’rlar bitayotgan jiyani Mir Ibrohimni, akasi Bahlulbekni ko’rish niyatida keyin ham Xorazmga bormoqchi  bo’ldi.Ammo..1476-1486 yillar orasida u tinmay ijod qilgani tufayli bunga vaqt topa olmadi.Negaki, Navoiy bu davrda » Navodir –un-nihoya» devonini, besh dostondan iborat «Xamsa» sini, ko’plab g’azallarini yozdi.Qolaversa, davlat vazifasidan bo’shaganiga qaramay, do’sti Boyqaroning iltimosiga ko’ra, saltanatdagi va shahzodalar o’rtasidagi ziddiyatlarni bartaraf etish bilan mashg’ul bo’ldi.Bundan tashqari, ukasi Darveshalibek Balxga hokim bo’lib ketgani bois, Navoiy Hirotdagi otasidan yodgor bo’lib qolgan uyning chirog’ini yoqib o’tirdi.Uchala aka-ukaga G’iyosiddin Kichkinadan meros bo’lib qolgan molu-mulkdan xabar olish hamda o’zining Hirotdagi ko’plab bog’u-rog’, yer savdo rastalariga qarab turish ham kerak edi.Shuningdek, Navoiy Xurosonning ko’plab joylarida me’moriy obidalar, masjid, madrasalar qurdirish ishlari bilan bandligi tufayli ham Xorazmdagi akasi hamda jiyanlarining yoniga borishga vaqt topaolmadi.Negaki, Xorazm viloyati Hirotdan ancha uzoq bo’lib, borib kelishga bir necha oylab vaqt ketardi.Poytaxtdagi bunyodkorlik ishlarini esa kechiktirib bo’lmasdi.
Shunga qaramay, Navoiy hazratlari Xorazmga alohida mehr bilan qaradi.Jiyanlari Kamoliddin, Mir Ibrohim Hirotga kelganlarida ularni xushnudlik bilan kutib oldi, ularning Xorazmdan olib kelgan sovg’alarini quvonch bilan qabul qildi.U vohadagi hayot, urf-odatlar, madaniy vaziyat, akasi Bahlulbek qilayotgan  ishlarni surishtirar, gohida davlat ishlari bois, Bahlulbek Xorazmdan Hirotga kelganida maslahatlar berib turardi.Shu tariqa Bahlulbek ukasi Alisherbekning Hirotda amalga oshirayotgan bunyodkorlik ishlarini Xorazmda ham qilib, ko’plab inshoaatlar barpo etdirdi, suv yo’llari, yop(ariqlar) qazdirgan, Navoiy  hazratlari esa akasi va jiyanlaridan eshitganlaridan ta’sirlanib, nazmiy asarlarida Xorazm, Jayxun haqida fikr yuritadi:

Zavroq ichra ul quyosh sayr aylamas— Jayxun aro,
Axtari sa’da halok ichra kezar gardun aro,
Anglamoq Jayxunda ul oy kema birla sayr etar,
YO hilolu mehr aksin el ko’rar Jayxun aro…

Bundan tashqari, «Sab’ai sayyor» dostonida Dilorom bilan bog’liq voqealar, uning mohir sozanda sifatida tasvirlanishi hamda unga teng keladigan “ustozlar ustozi” Hojaning kun ko’radigan kasbi sozandachilik bo’lishi va bu hunar Xorazmni yetti iqlim ichida ajratib turuvchi nishon ekanligi ta’kidlanadi:

Chun duo qildi dedi farzona,
Ki dey o’z ko’rganimdan afsona.

Menki tushmish buyon guzor manga,
Mulki Xorazm erur diyor manga.

San’atim anda soz chalmoq ishi,
Bilmayin men kibi ishimni kishi.

Ilmi advoru fanni musiqiy,
Mendin ul ilm ahli tahqiqiy.

Elga ta’lim etmoq virdim,
Kimki ustozi qavm—shogirdim.

Xorazmliklarning musiqaga qiziqishlarini, Diloromning san’atkorlarga, ilmu ijod ahliga e’tibor berishi haqidagi ta’sirchan voqealar bayonida, go’yo Alisherbekning kelinoyisi—akasi Bahlulbekning rafiqasi haqida so’z yuritilgandek tuyuladi, kishiga.Zero, Navoiyning kelini –ukasi Darveshalibekning xotini  Ofoq begim Balxda aynan «Sab’ai sayyor» dagi Dilorom singari ijodu ilm ahlining homiysi edi.Bunday ishlarni tabiyki, Xorazmdagi kelinoyisi ham amalga oshirayotgandi…
Shuningdek, Navoiy hazratlarining «Majolis-un nafois», «Nasoyim-ul muhabbat» «Tarixi anbiyo va hukamo» asarlarida Xorazm adabiy muhiti, ijodkorlari haqida ham so’z yuritiladi. Xoja Abdul Vafoiy Xorazmiy, Mavlono Husayn Xorazmiy, Najmiddin Kubro, Pahlavon Mahmud, Sulaymon Boqirg’oniy, Rabg’uziy singari  xorazmlik ijodkorlarga Navoiy hazratlari alohida mehr qo’ygan edi.
Bundan tashqari,Navoiy asarlarida Xorazm shevasiga, o’g’uz lahjasiga oid ko’plab so’zlar uchraydiki, ularni boshqa lahjada so’zlovchilar tushunishlari qiyin.Tabiyki, ularni Alisherbek Xorazmda yashagan akasi, jiyanlaridan eshitgan va ulardan asarlarida foydalangandi.Masalan: «Alolo»—so’zi shovqin-suron  ma’nosini bildiradi.»Sab’ai sayyor» dostonida mazkur so’z quyidagicha ishlatiladi:

Solur andog’ jahona g’avg’oe,
Koinot ichra bir aloloe.

«Muft»( mut)—so’zi Xorazm vohasida tekin yoki arzon degan ma’nolarni anglatadi.Misol:

Dedi: bu yerda oltin ancha muft.Men qilurman shah oltunini nufut.

«Al»—qo’l ma’nosini beruvchi so’z bo’lib, azaldan to bugungacha qo’llanilib kelinyapti.Navoiy hazratlari yozadi:

Oni ham chekdi mezboni saxiy,
Mehmon alinda saxo ko’r, axiy.

«Ibriq»—ko’za:

Zaydga robitai bo’ldi daqiqi,
Non iki kurs edi, su bir ibriq.
Yurmoq—ta’bir qilmoq:
Men tushingni yuray, vale sen ham.
Shart qilkim, ne aytsam men ham.

Xullas, birgina «Sab’ai sayyor» asarining o’zida «dadak»—churi yoki omi, «kovmok»—haydamoq, «izo»—iztirob, «intitmoq»—xafa qilmoq singari yuzlab Xorazmliklarning o’g’uz lahjasida ishlatgan, hozirdayam iste’molda bo’lgan so’zlarni uchratishimiz mumkin.
Bundan tashqari Navoiyning boshqa asarlarida “isvand-isiriq”,”yavg’an-yog’siz”, “iri-yirik”, “is-hid”, “yaban-yavan-cho’l,” “yalpaq-yoyiq”, “yumruq”-musht”, “yumurtqa-tuxum”, “yurunchqa-beda”, “kadi-qovoq”, “kadxudo-oqsoql”, “kat-uxlaydigan oromgoh”, “lachak-ro’mol”(Faqat Sharqda Xorazmdagina ayollar lachak nomli ro’mol o’rashgan), “mayruq”-majruh-cho’loq”, “manglay-peshona”, “muft-mut-tekin”, “mug’anniy-musiqachi, “oyilmak-ayilmak”-xastalikdan o’z holiga kelish singari ko’plab Xorazm shevasiga oid so’zlar uchraydi.Tabiyki, Hirotda yashayotgan shoir bunday Xorazm shevasiga oid so’zlarni Xurosonga kelib turgan akasi Bahlulbek va uning farzandu-nevaralaridan eshitgandi.
Xondamirning «Makorimul axlok» asarida yozilishicha, » Bir vaqtda Sulton ( Husayn Boyqaro) » Xorazm viloyatini obod qilish va unga binolar qurish xayoliga tushib, binokorlik va dehqonchilik ishlariga yaxshi ahamiyat berib harakat qilishlari va joylanib turishlari uchun Xurosondan uch ming xonadonni Horazmga ko’chirish haqida majburiy buyruq chiqardi».
Tabiyki, uch ming xonadonni vatanidan judo qilish yaxshi emasligini anglagan Navoiy do’sti Husaynga bunday ishning noto’g’riligi haqida to’qqiz bor arz qildi.O’ninchi bor arz qilganida Boyqaro faqat ming xonadonigina Xorazmga ko’chirishga amr qildi.Navoiy o’troqlashgan xurosonliklarni Xorazmga majburiy ko’chirgandan ko’ra, 12 asrning 80 yillarida Hazorasp va Xivadan Hirotga ko’chirtirib kelingan naqqosh, me’mor, hunarmandlarni o’z ellari—Horazmga yuborish zarurligini uqtirib, do’sti Boyqarodan bu haqda farmon chiqartirib oldi.
Xullas, Navoiy hazratlari Xorazmliklarga alohida mehr bilan qarab, ular haqida qayg’urdi, asarlarida maftunkor o’lkani maroq bilan tasvirladi.Negaki, Xorazmda akasi, jiyanlari yashar, qarindoshlik rishtalari uzoqdagi voha bilan bog’langan edi.U Hirotdagi ijod, davlat ishlari, tadbirkorligu bunyodkorlik faoliyati sababli Xorazmga borolmas, ammo doimo akasi, jiyanlari yoniga borishni orzu qilib yurardi.Afsuski, bu orzular armon bo’lib qoldi.

05

(Tashriflar: umumiy 922, bugungi 1)

Izoh qoldiring