Miraziz A’zam. She’rlar.

989029 март — Атоқли ўзбек шоири Миразиз Аъзам туғилган кун.

   Миразиз Аъзам ўзбек шеъриятидаги энг тўғри сўз шоирларидан бири. У ҳамиша ва ҳар қандай шароитда ҳақиқат ва адолат томонида туришни ҳаёти ва ижодининг асл мақсади деб билди. Болаларга ёзган шеърларида ҳам уларни қадимий юртга, она халқига муносиб фарзандлар бўлишга даъват этди. Дунё шеъриятининг адолат ва эрк туйғулари мавжуд асарларинигина таржима қилди. Шеъриятининг ҳар бир сатрида миллат  билан ватанга ва аёл билан фарзандга бўлган буюк муҳаббатини жо қилди.

Хуршид Даврон

812

9890Миразиз Аъзам ҳам болалар, ҳам катталар шоири, айни чоғда етук таржимон,ўткир журналист ҳамдир. У 1936 йили Тошкентда таваллуд топган. Тошкент Давлат дорилфунунини тугатгач, Тошкент телестудиясида, «Ғунча» болалар ойномасида, сўнгра «Ёш гвардия», Ғафур Ғулом нашриётларида муҳаррир бўлиб ишлаган. Кўп йиллар Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида маслаҳатчи, саркотиб ёрдамчиси бўлиб ишлаган.
Унинг ижоди талабалик йилларидаёқ бошланган. Унинг биринчи шеъри 1960 йилда «Ғалати туш» номи билан чоп бўлган. Кейинчалик у 1972 йилда алоҳида китоб ҳолида болаларга совға қилинган. Унинг биринчи шеърий тўплами «Металлург» (1964) номи билан чоп бўлган. Шундан сўнг болалар учун «Ақлли болалар» (1969, достон), «Сенга нима бўлди» (1970), «Ер айланади» (1973), «Ерга довруқ соламиз» (1970), «Бир чўнтак ёнғоқ» (1990, сайланма) каби бир қатор ажойиб шеърий тўпламлари босилиб чиқди. Уларда болаларнинг қалби ва туйғулари орқали оламни, одамни билишга, яхшилик билан ёмонликни фарқлашга, ҳалол ва покиза меҳнатни улуғлашга интилади.
Адиб катталар учун ҳам бир қатор салмоқли шеърий гулдасталар яратган. Жумладан, «Севаман» 1977), «Туйғулар» (1980), «Сабот» (1983) каби тўпламларидаги кўпчилик шеърлар ўзининг ҳаётий ва жозибалилиги билан ўқувчи қалбини забт этади.Шоир ана шу шеърий тўпламларидаги энг яхши шеърларини ва янги ёзилган асарлари сарасини ўзининг «Ҳақиқатнинг кўзлари» (1988) сайланмасига жамлаб, талабчан ўқувчисига ҳавола этди.
Адиб моҳир таржимон, адабиёт ва маданиятнинг ҳормас таргиботчиси ҳам. Унинг турк, рус, немис адибларидан қилган таржималари, айниқса, ислом маданиятига оид таржималари қўпчилик мутахассис ва оддий ўқувчи ихлосини орттирди.
Бугун 77 ёшга тўлган Миразиз аканинг кейинги ижоди ҳам сермаҳсул, серфайз бўлишига ишонса бўлади.

МИРАЗИЗ АЪЗАМ
ШЕЪРЛАР

045

МЕРОС

Отам кетганига уч бола эдик,
онам 24 ёшида қолди,
шубҳасиз,
қпровсиз қизини,
бобом ўз ёнига олди.
Ҳовлини 20 минг сотган йилимиз
ўлкада айирбош бўлди пулимиз,
икки минг сўмни ҳам қарз олиб бир одам
қайтиб беролмасдан ўтди оламдан,
шундай қилиб,отамдан,
мерос бизга фақат
қорахат.

ЯШАГИМ КЕЛАДИ

Мен биринчи ёмғир бўлиб ёғгим келади
Ўзбекистон ерларига.
Мен кекса чинорларнинг салобати бўлиб,
қайрағочнинг метинлиги бўлиб
яшагим келади Ўзбекистонда.
Мен тоғларимиз тепасида сойларимизнинг гувуллашин
юрак ҳовучлаб эшитганман.
Сойларимизнинг овози бўлиб қолгим келади
Ўзбекистон дараларида.
Мен азим ёнғоқлардан ёнғоқ бўлиб сочилгим келади,
тутлардан тут бўлиб,
ноклардан нок бўлиб,
олмалардан олма бўлиб,
тарс ёрилиб,
шарбат бўлиб
тўкилгим келади Ўзбекистон ерларига.
Болаларнинг кўзларида қувонч бўлиб
чопиб юргим келади яна
Ўзбекистон ерларида.
Ўзбекистон пахтасининг оқлигида, юмшоқлигида,
Салоҳиятида, саховатида
яшагим келади.

* * *

Аллаким «Ушшоқ»ни куйлайди нафис,
Ким «Чўли ироқ»ни чалади найда.
Аллаким чилдирма чертади текис,
Сўнг биров куйлайди: «…қайдасан, қайда…»

Олиб кетмоқдалар кўзи оҳуни,
Менинг севгилимни узатмоқдалар.
Юрагим исёнда ва лекин уни
Мен севган қўшиқлар кузатмоқдалар.

* * *

Ёшлик бир асрдай туюлар ёшликда:
ёшлик осмонининг туби йўкдай,
ёшлик уфқи уфқсиздай,
гўзаллик абадийдай
ва оламнинг тақдири
қўлдан ҳеч қачон кетмайдигандай…
Одам қадрига етмайди вақтнинг ёшликда…
Сўнг шошилиш, сўнг афсус
ва қулаш ҳолбуки…

БОР

Ҳали рўй бермаган жасоратлар бор.
В. Затуливитер

Ҳали юз очмаган минг хил чечак бор,
ҳали бор олдинда гул фасли – баҳор.
Олдинда серқуёш кун бор улуғвор,
ҳали юз очмаган минг хил чечак бор.

Ҳали туғилмаган тойлар бор қатор,
ҳали кўз очмаган шерлар бор ёлдор.
Ҳали уйғонмаган қалдирғочлар бор,
ҳали туғилмаган тойлар бор қатор.

Ҳали болалар бор, ҳали қизлар бор,
Барчиной бўлажак ширмон юзлар бор.
Белин боғламаган шер йигитлар бор,
ҳали болалар бор, ҳали қизлар бор.

Навбат кутар кунлар қаттиқ сўроқли,
ҳали саволлар бор оғир, салмоқли,
жавобин тополмас кимдир яроқли,
навбат кутар кунлар қаттиқ сўроқли.

Ҳақсизлик муқаррар топгуси завол,
Чинакам ҳамдўстлик бўлур барқарор,
Озодлик ер узра топажак камол,
ҳали рўй бермаган жасоратлар бор.

ЭГИЛГАН БЎЙИНЛАР

«Эгилган бўйинни кесмайди қилич…»
Эгилган бўйинни кесмаса қилич,
қиличлик номини ўчирмоқ керак,
Эгилган бўйинни кесмаса қилич.

Эгилган бўйинлар эгилиб яшар,
эгилган бўйинлар қилар ҳар ишни.
Яшаса бўлгани эгик бўйинлар,
юз йиллар орқага суриб турмушни…

Эгилган бўйинни қилич кесмас,
деб яшамоқ керакми бўйинни эгиб?
Дўстларим, дўстларим, қўшилмангиз ҳеч,
бўйинлар тик бўлсин, кесса ҳам қилич…

* * *

Мен қоя эканман, сен эса дарё,
Менга бир урилдинг, кетдинг илгари.
Сени деб балки мен қилганман хато,
Балки илк севганлар адашса бари.

Ҳар ҳолда, муҳаббат мўйқалам экан:
Қалбимга сиймонгни нақашбанд этди.
Ширин бир орзумни мағлуб этса ҳам,
Ҳақиқий ҳаётдан дарс бериб кетди.

* * *

Тунларим узун-узун, Тунларим мунча узун?
Узунлиги дастидан Толиқиб кетди кўзим.
Тунларим узун-узун, Тунларим мунча узун?
Шунда ҳам қанча дўстим Таниб олмади ўзин.
Тунларим узун-узун, Тунларим мунча узун?
Муроса қилолмадим Юрагим билан ўзим.

АРМОН
Шуҳрат Абдурашидовга

Бир нарсалар ёзгим келади,
бир нарсалар қалбингга муносиб,
қалбимни идора қилолмайман,
ҳаяжоним,туйғуларим босиб.
Сен бизни ташладинг кетдинг,
не-не мўлжал қолди ҳавода.
Сени ҳеч қачон тополмасмиз,
дунёни кезсак ҳам пиёда.
Қани сенинг узрли табассуминг,
лабларингга қўнган очунлар?
Тунлари гўзал қўл дарчамни тақиллатмас,
тун бўлиб ўтаверар энди тунлар…
Бетинч юрак соҳиби,қўлингни узат,
дўстсиз ишлолмасдан бошим қуйи.
Бир умрлик мотам нима англадим,
ҳувиллаб ётибди кўнглимнинг уйи.
Фақат бир тасалло: тасвирларинг
дунёмиз тураркан — турарлар.
Яхшилик ва адолат нурини
кўзлардан юракларга урарлар.

“КУЗГИ ЯПРОҚЛАР” КИТОБИГА КИРГАН ҒАЗАЛЛАРИДАН НАМУНАЛАР

***

Бўлар бўлган,синар синган,нетай энди,гуноҳим кўп,
Яширмоққа иложим йўқ,гуноҳимга гувоҳим кўп.

Гувоҳим ёт киши эрмас — оёғимдир,қўлимдир ул,
Ёмон йўлға олиб кетган ўзимнинг ўз «илоҳим» кўп.

Санамгоҳни намозгоҳ деб сиғинганман санамларга,
Дариғо,ёт санамларда қолиб кетган нигоҳим кўп.

Кўнгилни дўст биларканман,адаштирди аро йўлда,
Неча дўстни адо қилган кўнгил аро сипоҳим кўп.

Бу Сўз отлиғ сеҳргарнинг этокиндан тутингандим,
Гўзал қалбда яро очган учар ўқдай силоҳим кўп.

Етим ўсган болайдим бир,етакчи-қиблагоҳи йўқ,
Қоронғуга йўлим бурган топилди хеш-паноҳим кўп.

Умр ўтди адоватда,қабоҳатдан едим калтак,
Гаҳи кандим,гаҳи ёрим йиқилган қора чоҳим кўп.

Шаррим ёзгич фариштамга Орол янглиг сиёҳ лозим,
Орол лекин озаймоқда…дегандимки:«сиёҳим кўп.»

Гуноҳкор Миразиз Аъзам,кечир Тангрим,ғафур Тангрим,
Кечирмассанг нетарман деб,юроким ичра воҳим кўп?!

***

Ватанга ким бўлур ворис? Қаю инсон эрур ворис?
Кими тупроқ учун турса бўлуб довон,эрур ворис.

Демаким,эй рафиқ,менга:биров ишдан,биров сўздан.
Қўшилмам гар десанг менга:қуруқ гапдон эрур ворис.

Сўзин ёзган ва ё айтган магар байроққа кўз суртиб
Ва тупроққа тўкиб кўзёш — ўшал хушхон эрур ворис.

Ёвин селдай босиб борган ва манглайдан отилган ўқ —
Қаро ерни қучиб ётган ўғул арслон эрур ворис.

Юҳо нафси ёмонларни — шаётинни босиб-янчиб
Ҳалоллик йўлларин очган ҳалол инсон эрур ворис.

Замонлардан замонларга,забонлардан забонларга
Азиз номи ўтиб юрган бўлиб достон,эрур ворис.

Ватанни Оқсарой янглиғ кўтарган қаддини ростлаб
Элин маъмур этолган мард,ақли полвон эрур ворис.

Улуснинг тил учиндаги бирон сўзни ёниб айтса
Ватанга Миразиз Аъзам ҳам ҳеч бегумон эрур ворис.

***

Нечун миллиятчи бўлдим? – Бунга ёвлар эрур боис,
Йўлимни чеклаган,тўсган баланд ғовлар эрур боис.

Сенинг халқинг қолоқ халқ,деб,илм-фандан йироқ халқ,деб
Берунийлар элин туртган қуруқ довлар эрур боис.

У ёнга бир бурилганда,бу ёнга бир бурилганда
Мадрасам,масжидим йиққан қўпол говлар эрур боис.

Чаманда гулни кўргандай,элимда бир даҳо кўрса
Кўкимда Чўлпоним урган разил овлар эрур боис.

Кўзи қонга тўлиб ётган,яшил ўрмонин тарк этган,
Ҳалол ўғлимни бузганлар – мушук мовлар эрур боис.

Ажиб атворлари:кавлар бир ерни,бири дилни,
Фақат ер остини эрмас,кўнгил овлар эрур боис.

Эшикдан газ қувур ўтган,қувур ғарбга қараб кетган,
Ўзи газсиз,ғўза терган хор яёвлар эрур боис.

Ер узра молдай ишлатган,сўнг туҳматла ер тишлатган,
Қизларни ҳам қамаб кулган беаёвлар эрур боис.

Ўтган иш ўтди,фикр қил,Миразиз Аъзам шукр қил,
Бу ҳасратга ички дардлар,сис-оловлар эрур боис.

Баҳс этиш асли ёмонмас,бўлмаса беҳуда баҳс.
Бир фақат жонон билан этмоқ қийин осуда баҳс.

Кўзларига термиларсан,сўзларинг ёддан чиқар,
Жимгина мағлуб бўларсан,тин топар қайғуда баҳс.

Кетганингда ўз уйингга,ётганингда тун маҳал
Гавдалангай тушларингда қайтадан уйқуда баҳс.

Тағи бир тур баҳс бўларки ундан ор қилғай киши,
Илму динга қарши бўлса,асли бу олуда баҳс.

Ақли бут ориф йигит жоҳил билан баҳслашмагай,
Баҳслашиб қолса мабодо,бўп ўтар кулгуда баҳс.

Четда юр эй,Миразиз Аъзам,бунингдек даврадан,
Боқма асло,қайда қандай ўтса ўтсин сувда баҳс.

***

Турфа кўйга солодур инсонларни эҳтиёж,
Гирдобларга кўмодур жононларни эҳтиёж,

Бир ёнда ўйин-кулгу,бир ёнда бўлса заҳмат –
Дарҳол ишга солодур шайтонларни эҳтиёж.

Ғийбат-ҳасаддан қочар дунё кўрган боболар –
Чунки кўмиб ташлайди ирфонларни эҳтиёж.

Қўмондон аскар ҳақин таласа бойлик йиғиб,
Ҳадни ташлашга ундар посбонларни эҳтиёж,

Адлия ухлаб ётса,ишга тушар золимлар,
Қўллашга мажбур айлар ёлғонларни эҳтиёж.

Боғбонлар бўлиб ночор,деҳқонлар қолса беҳол,
Саҳрога айлантирар бўстонларни эҳтиёж.

Ҳақ устувор бўлмаса орқага дўнар ҳаёт –
Қарамликка қайтарар давронларни эҳтиёж.

Эй сен,Миразиз Аъзам,ухлама,чора изла –
Сусайтириб қўймасин иймонларни эҳтиёж.

***

Сарғайиб ўтиришар офтобда хотин-халаж,
Гоҳо рўмолсиз,гоҳо ҳижобда хотин-халаж.

Гоҳ масжид остонаси,гоҳ метрода тиланар,
Баъзан куйлар,қўллари рубобда хотин-халаж.

Севгим,эҳтиромим кўп кўз-қоши қароларга,
Аммо қалбим эзмоқда шу тобда хотин-халаж.

Кўзларига қарасанг,кечирим сўрагандай,
“Бошқа йўл йўқ”,дегандай хитобда хотин-халаж.

Ўтиш даврин ҳоллари,кечим қийинлигидан
Ҳис этишар ўзларин гирдобда хотин-халаж.

Мубтало улар ҳозир турли можароларга,
Кундалик кемтиклардан фарёдда хотин-халаж.

Ҳа,улар кўпчиликмас,озчилик ҳам эмаслар,
Аччиқланиб,кучланиб шитобда хотин-халаж.

Қадларини тиклашни билайлик биз,эркаклар,
Кирмасин бевақт хоки туробга хотин-халаж.

Мунча донолик қилиб эланасан,Миразиз,
Пастдан юқоригача ҳисобда хотин-халаж.

Ўртар мени ҳар доим кўллар юзидаги мавж,
Севгилимнинг ТВда айтган сўзидаги мавж.

Шамоллар сийпалаган қуёшранг ва ложувард
Ўзбекюртнинг қўшқўлли олтин кузидаги мавж.

Боғлар сувин симириб,билакларин шимариб,
Зафарларга отилган ёшлар кўзидаги мавж.

Авазхонни қамалдан қутқарган Гўрўғлини
Сел бўлиб тасвирлаган бахши бўғзидаги мавж.

Қилни қирқ ёрган олим Ҳамид Зиё домланинг
Туркистон тарихини таҳлил тарзидаги мавж.

Юртим етакчилари жаҳоннинг ҳар ерида
Баралла айта олган жасур лафзидаги мавж.

Озодликни мунчалар севдинг,Миразиз Аъзам,
Сени ёндирар доим бу сўз мағзидаги мавж.

***

Боғда униб ўсди бир қуш,изғиб юроди шохма-шох,
Раъйи чексиз,чекланмаган,у чарх уроди шохма-шох.

Райҳонлару,жамбуллару турли-туман гулни чўқиб,
Тутлар,гилосларни талаб даврон суроди шохма-шох.

Булар оздай кўринганда ўзга қушлар инин кавлаб,
Қўйган тухумларин титиб,тотиб кўроди шохма-шох.

Кейин булбул,кейин саъва,қумриларга қирон солди,
Ҳаммасини битта-битта боғдан суроди шохма-шох.

Во ажабо,на чумчуғу жиблажибон,на зарғалдоқ,
На читтакка омон бермай,қувиб юроди шохма-шох.

Ола ҳакка,дерлар уни,ўғри зағизғон,дейди халқ
Экологлар кўзларини четга буроди шохма-шох.

Миразиз Аъзам хаёли ўғри зағизғон ишларин
Изма-из тинмай кузатиб,кўриб бороди шохма-шох.

***

Менинг орзу-хаёлимда улусим доимо обод,
Бамисли Сир каби ўйчан,Амудай жангари,озод.

Наманганда ва Паркандда савол бергувчи инсон кўп,
Жавоб бергай керак бўлса андижонлик янги авлод.

Чунончи бир савол улким:нечун ҳар ким яшар ҳар хил,
“Беш қўл ахир баробарми?”- жавоб бергай бирор девзод.

Ҳа,қўлингни кузат,ишлат,шу ҳар хил қўл бирикканда
Ҳаётингни гўзал қилмоқ учун сенга берур имдод.

Тўғри,деб бармоқларингга ўтирсанг кўз тикиб мудроқ,
Билиб қўйки,уйқу сенинг кунларингни этгай касод.

Миразизнинг неча ўн йиллик кузатган илми шу,
Истасанг сен ҳам риоят шу тарийқни айлагин ёд.

Жаҳд ила,ғайрат ила,зеҳну фикр,тадбир ила
Ҳар жамоат,истаганда,ўз ҳаётин этди шод.

***

Баланддан боқмагин манга,сенам кимсан аён манга,
Назм мулкида ман фаррош,сенам султон эмас анга.

Аён кимга қараб ётдинг,кими бирла намак тотдинг,
Қачон кимга кими сотдинг,қачон урдинг қўлинг зангга.

Бу дафтарни очиб бўлмас,сиринг ёвга сочиб бўлмас,
Вале,ундан қочиб бўлмас,аён барин тушунганга.

Мани санда ишим йўқдир,хусуматли нишим йўқдир,
Хавотир олмайин ухла,хабар топмас мандан янга.

Ман эрса,ман…ёвим бошқа,элим ризқига кўз тиккан,
Еримни топтаган каслар ила киргум фақат жангга.

Сан бир шумроқ боламдайсан,манинг оғриқ ярамдайсан,
Кетиб кўнглинг амалларга,ўйнадинг турли оҳангга.

Бу кун бўлдим дея сардор,ҳаромдан ҳам чекилмассан,
Ҳаром луқма,кибр-ҳавво ҳалокат келтирар санга.

Бу сўзни Миразиз Аъзам деяркан,сен юзинг бурма,
Йўқотма эл аро қадринг,йўқотгандек кучин танга.

***

Хаёлимда юрар бир ўй: шифо борми мунофиққа,
Асл йўлни сурат этган садо борми мунофиққа?

Ҳақиқатга ишонтирган ота бирла она борми,
Ҳукм ёки илм аҳли — даҳо борми мунофиққа?

Нечун битмас ажиб зумра — сўзи бошқа,иши бошқа,
Наҳот ҳеч бир иложи йўқ,даво йўқми мунофикқа?

Бу қандоқ бир синоатким,мунофиқ айш сурар доим,
Жамоатда,жамиятда баҳо борми мунофиққа?

Ватан борми,улус борми,муқаддас бир хаёл борми,
Аё тақдир,заҳирангда ҳаё борми мунофиққа?

Дема сен,Миразиз Аъзам,зулм кўрдим мунофикдан,
У дунёю бу дунёда Худо борми мунофиққа?

* * *

Адолат бор,адоват бор,адоватдан келар офат,
Бу душманлик,бу кек доим чиқаргай эл аро ғорат.

Адолатда малоҳат бор,адолатда маҳобат бор,
Адоватда зулумат бор,қароҳат ва буюк иллат.

Бу маълум бир ҳақиқат-ку,нечун тилга оларсан кўп?
Латиф санъат ила сўз оч,ичингда бор эса қурбат.

Сабаб икки яқин дўстим адоватга чўмиб кетди,
Аламли бу ҳақиқатдан юракда қолмади роҳат.

Адолатнинг кичик бир бобида асло чекинмаслар,
Адолатга адолат мушт урар энди,бу не ғурбат?

Уларни дўст этиш,эвоҳ,жаҳон аҳлига мушкулдур,
Қалбларига етиб бормас уҳувват,бирликка даъват.

Уларни бирга ишлашга чақиргай Миразиз Аъзам,
Бу йўлда ёнса жони,бу –бўларди жонига миннат

* * *

Жилғалар дарё бўларлар бирлашиб,
Турналар сайёҳ бўларлар бирлашиб.

Музлигу иссиқ-совуқ денгизлару
Қитъалар дунё бўларлар бирлашиб.

Ой ила юлдузлару сайёралар
Бир фалак – фазо бўларлар бирлашиб.

Эрк деса,ҳурлик деса бир мушт каби
Одамлар шайдо бўларлар бирлашиб.

Бир ажиб ҳодиса улкам,шайтанат
Бир-бирига ёв бўларлар муштлашиб,

Ва локин инсонни кўрган чоғида
Жанг учун пайдо бўларлар бирлашиб.

Миразиз дерки яна:мунофиқлар
Кўринмас мафё бўларлар бирлашиб.

* * *

Марҳабо,келдингми,жоним,марҳабо,
Ҳурлигим,эркин жаҳоним,марҳабо.

Эй,асрлаб кутганим маъюсгинам,
Дилдаги дарди ниҳоним,марҳабо.

Йиғлама,бас,жон сувинг қайтиб келар,
Эй,Оролим,заъфароним,марҳабо…

Энди ётма,ўлмаган жоним элим,
Силкин эй,умри хазоним,марҳабо.

Кул,очил,энди боқар сенга замон,
Истеъдоди сернишоним,марҳабо…

Энди ортиқ ўз болангга бойлигинг,
Жаннатим,олтин маконим,марҳабо.

Эй,кеча қонга беланган Шошгинам,
Марди мардон қаҳрамоним,марҳабо.

Иншоолоҳ,ҳур яшарсан,Миразиз,
Ҳур бўлар мангу Туроним,марҳабо.

* * *

Ҳаёт қувлашмачоқ янглиғ:қаён боқма,югур,чоп-чоп,
Агар сен ҳам қувиб ўтсанг,уял,дерлар,этакни ёп!

Ўзиб кетмаслигинг лозим бировлардан билиб-билмай,
Агар юз-хотиринг йўқса,бошингда ўйнагай бир соп.

Китобда йўқ бу қонундан савол очма,савол очма,
Дегайларким:ёношма сен,бу иқлимлар фақат биз боп.

Ҳазин ҳолингни кўрганда кулишгай аҳли донишлар:
Эзилма,ўрта йўлдан юр,ҳаёт мезонин излаб топ.

Ҳаёт мезонин изларсан тинимсиз Миразиз Аъзамдай,
Билмай ҳам қоларсан бир кун бутун умринг бўлганин соп.

* * *

Ўзинг яхши биласан,аранг келдик бу кунга,
Милёнлаб бердик қурбон,тинимсиз ютдик зардоб.

Бошдан то оёққача топталганмиз зулмдан,
Ҳар бир қилтомиримиз инграр чертгандай мизроб.

Не-не адиб,арбоблар бошларидан еди ўқ,
Бири учди бўронда,бирини ютди гирдоб.

Таланди хазинамиз,ташилди аслаҳамиз,
Қўлларда қурол тугул қолмади оддий асбоб.

Қўйдилар бошимизга қўрқоқлар,хоинларни,
Карвон ўлакса бўлар,сарбони бўлса қаллоб.

Одамлар,асранг энди бу кунги қутлуғ эркни,
Ё Ҳақ,ёруғлик юзин ортиқ тўсмасин ҳижоб.

Миразиз Аъзамингнинг кўнглида умиди кўп,
Кечиргил шоирингни,мана,сўз бўлди санжоб.

* * *

Эй гадо дил,жони йўқдан қон тиларсан,во ажаб,
Кимдаки имкони йўқ,имкон тиларсан,во ажаб…

Сен ватанни сутли говмиш деб билувчи телбадан,
Нафс қулидан шу ватанга жон тиларсан,во ажаб.

Бу башар авлоди ичра ҳамма ҳам инсон дебон
На саноғу сонда бордан сон тиларсан,во ажаб.

Мансаб аҳлида –хаёлингда –адолат барқарор,
Кимники виждони йўқ,виждон тиларсан,во ажаб.

Миразиз Аъзам,бугун кўрдингми сен босқинчини?
Ори йўқ бир бешарафдан шон тиларсан,во ажаб.

09

Miraziz A’zam o’zbek she’riyatidagi eng to’g’ri so’z shoirlaridan biri. U hamisha va har qanday sharoitda haqiqat va adolat tomonida turishni hayoti va ijodining asl maqsadi deb bildi. Bolalarga yozgan she’rlarida ham ularni qadimiy yurtga, ona xalqiga munosib farzandlar bo’lishga da’vat etdi. Dunyo she’riyatining adolat va erk tuyg’ulari mavjud asarlarinigina tarjima qildi. She’riyatining har bir satrida millat  bilan vatanga va ayol bilan farzandga bo’lgan buyuk muhabbatini jo qildi.

Xurshid Davron

812

09Miraziz A’zam ham bolalar, ham kattalar shoiri, ayni chog’da yetuk tarjimon,o’tkir jurnalist hamdir. U 1936 yili Toshkentda tavallud topgan. Toshkent Davlat dorilfununini tugatgach, Toshkent telestudiyasida, «G’uncha» bolalar oynomasida, so’ngra «Yosh gvardiya», G’afur G’ulom nashriyotlarida muharrir bo’lib ishlagan. Ko’p yillar O’zbekiston Yozuvchilari uyushmasida maslahatchi, sarkotib yordamchisi bo’lib ishlagan.
Uning ijodi talabalik yillaridayoq boshlangan. Uning birinchi she’ri 1960 yilda «G’alati tush» nomi bilan chop bo’lgan. Keyinchalik u 1972 yilda alohida kitob holida bolalarga sovg’a qilingan. Uning birinchi she’riy to’plami «Metallurg» (1964) nomi bilan chop bo’lgan. Shundan so’ng bolalar uchun «Aqlli bolalar» (1969,doston), «Senga nima bo’ldi» (1970), «Yer aylanadi» (1973), «Yerga dovruq solamiz» (1970), «Bir cho’ntak yong’oq» (1990, saylanma) kabi bir qator ajoyib she’riy to’plamlari bosilib chiqdi. Ularda bolalarning qalbi va tuyg’ulari orqali olamni, odamni bilishga, yaxshilik bilan yomonlikni farqlashga, halol va pokiza mehnatni ulug’lashga intiladi.
Adib kattalar uchun ham bir qator salmoqli she’riy guldastalar yaratgan. Jumladan, «Sevaman» 1977), «Tuyg’ular» (1980), «Sabot» (1983) kabi to’plamlaridagi ko’pchilik she’rlar o’zining hayotiy va jozibaliligi bilan o’quvchi qalbini zabt etadi.Shoir ana shu she’riy to’plamlaridagi eng yaxshi she’rlarini va yangi yozilgan asarlari sarasini o’zining «Haqiqatning ko’zlari» (1988) saylanmasiga jamlab, talabchan o’quvchisiga havola etdi.
Adib mohir tarjimon, adabiyot va madaniyatning hormas targibotchisi ham. Uning turk, rus, nemis adiblaridan qilgan tarjimalari, ayniqsa, islom madaniyatiga oid tarjimalari qo’pchilik mutaxassis va oddiy o’quvchi ixlosini orttirdi.
Bugun 77 yoshga to’lgan Miraziz akaning keyingi ijodi ham sermahsul, serfayz bo’lishiga ishonsa bo’ladi.

MIRAZIZ  A’ZAM
SHE’RLAR

044

MEROS

Otam ketganiga uch bola edik,
onam 24 yoshida qoldi,
shubhasiz,
qprovsiz qizini,
bobom o’z yoniga oldi.
Hovlini 20 ming sotgan yilimiz
o’lkada ayirbosh bo’ldi pulimiz,
ikki ming so’mni ham qarz olib bir odam
qaytib berolmasdan o’tdi olamdan,
shunday qilib,otamdan,
meros bizga faqat
qoraxat.

YASHAGIM KELADI

Men birinchi yomg’ir bo’lib yog’gim keladi
O’zbekiston yerlariga.
Men keksa chinorlarning salobati bo’lib,
qayrag’ochning metinligi bo’lib
yashagim keladi O’zbekistonda.
Men tog’larimiz tepasida soylarimizning guvullashin
yurak hovuchlab eshitganman.
Soylarimizning ovozi bo’lib qolgim keladi
O’zbekiston daralarida.
Men azim yong’oqlardan yong’oq bo’lib sochilgim keladi,
tutlardan tut bo’lib,
noklardan nok bo’lib,
olmalardan olma bo’lib,
tars yorilib,
sharbat bo’lib
to’kilgim keladi O’zbekiston yerlariga.
Bolalarning ko’zlarida quvonch bo’lib
chopib yurgim keladi yana
O’zbekiston yerlarida.
O’zbekiston paxtasining oqligida, yumshoqligida,
Salohiyatida, saxovatida
yashagim keladi.

* * *

Allakim «Ushshoq»ni kuylaydi nafis,
Kim «Cho’li iroq»ni chaladi nayda.
Allakim childirma chertadi tekis,
So’ng birov kuylaydi: «…qaydasan, qayda…»

Olib ketmoqdalar ko’zi ohuni,
Mening sevgilimni uzatmoqdalar.
Yuragim isyonda va lekin uni
Men sevgan qo’shiqlar kuzatmoqdalar.

* * *

Yoshlik bir asrday tuyular yoshlikda:
yoshlik osmonining tubi yo’kday,
yoshlik ufqi ufqsizday,
go’zallik abadiyday
va olamning taqdiri
qo’ldan hech qachon ketmaydiganday…
Odam qadriga yetmaydi vaqtning yoshlikda…
So’ng shoshilish, so’ng afsus
va qulash holbuki…

BOR

Hali ro’y bermagan jasoratlar bor.
V. Zatuliviter

Hali yuz ochmagan ming xil chechak bor,
hali bor oldinda gul fasli – bahor.
Oldinda serquyosh kun bor ulug’vor,
hali yuz ochmagan ming xil chechak bor.

Hali tug’ilmagan toylar bor qator,
hali ko’z ochmagan sherlar bor yoldor.
Hali uyg’onmagan qaldirg’ochlar bor,
hali tug’ilmagan toylar bor qator.

Hali bolalar bor, hali qizlar bor,
Barchinoy bo’lajak shirmon yuzlar bor.
Belin bog’lamagan sher yigitlar bor,
hali bolalar bor, hali qizlar bor.

Navbat kutar kunlar qattiq so’roqli,
hali savollar bor og’ir, salmoqli,
javobin topolmas kimdir yaroqli,
navbat kutar kunlar qattiq so’roqli.

Haqsizlik muqarrar topgusi zavol,
Chinakam hamdo’stlik bo’lur barqaror,
Ozodlik yer uzra topajak kamol,
hali ro’y bermagan jasoratlar bor.

EGILGAN BO’YINLAR

«Egilgan bo’yinni kesmaydi qilich…»
Egilgan bo’yinni kesmasa qilich,
qilichlik nomini o’chirmoq kerak,
Egilgan bo’yinni kesmasa qilich.

Egilgan bo’yinlar egilib yashar,
egilgan bo’yinlar qilar har ishni.
Yashasa bo’lgani egik bo’yinlar,
yuz yillar orqaga surib turmushni…

Egilgan bo’yinni qilich kesmas,
deb yashamoq kerakmi bo’yinni egib?
Do’stlarim, do’stlarim, qo’shilmangiz hech,
bo’yinlar tik bo’lsin, kessa ham qilich…

* * *

Men qoya ekanman, sen esa daryo,
Menga bir urilding, ketding ilgari.
Seni deb balki men qilganman xato,
Balki ilk sevganlar adashsa bari.

Har holda, muhabbat mo’yqalam ekan:
Qalbimga siymongni naqashband etdi.
Shirin bir orzumni mag’lub etsa ham,
Haqiqiy hayotdan dars berib ketdi.

* * *

Tunlarim uzun-uzun, Tunlarim muncha uzun?
Uzunligi dastidan Toliqib ketdi ko’zim.
Tunlarim uzun-uzun, Tunlarim muncha uzun?
Shunda ham qancha do’stim Tanib olmadi o’zin.
Tunlarim uzun-uzun, Tunlarim muncha uzun?
Murosa qilolmadim Yuragim bilan o’zim.

ARMON
Shuhrat Abdurashidovga

Bir narsalar yozgim keladi,
bir narsalar qalbingga munosib,
qalbimni idora qilolmayman,
hayajonim,tuyg’ularim bosib.
Sen bizni tashlading ketding,
ne-ne mo’ljal qoldi havoda.
Seni hech qachon topolmasmiz,
dunyoni kezsak ham piyoda.
Qani sening uzrli tabassuming,
lablaringga qo’ngan ochunlar?
Tunlari go’zal qo’l darchamni taqillatmas,
tun bo’lib o’taverar endi tunlar…
Betinch yurak sohibi,qo’lingni uzat,
do’stsiz ishlolmasdan boshim quyi.
Bir umrlik motam nima angladim,
huvillab yotibdi ko’nglimning uyi.
Faqat bir tasallo: tasvirlaring
dunyomiz turarkan — turarlar.
Yaxshilik va adolat nurini
ko’zlardan yuraklarga urarlar.

“KUZGI YAPROQLAR” KITOBIGA KIRGAN G’AZALLARIDAN NAMUNALAR

***

Bo’lar bo’lgan,sinar singan,netay endi,gunohim ko’p,
Yashirmoqqa ilojim yo’q,gunohimga guvohim ko’p.

Guvohim yot kishi ermas — oyog’imdir,qo’limdir ul,
Yomon yo’lg’a olib ketgan o’zimning o’z «ilohim» ko’p.

Sanamgohni namozgoh deb sig’inganman sanamlarga,
Darig’o,yot sanamlarda qolib ketgan nigohim ko’p.

Ko’ngilni do’st bilarkanman,adashtirdi aro yo’lda,
Necha do’stni ado qilgan ko’ngil aro sipohim ko’p.

Bu So’z otlig’ sehrgarning etokindan tutingandim,
Go’zal qalbda yaro ochgan uchar o’qday silohim ko’p.

Yetim o’sgan bolaydim bir,yetakchi-qiblagohi yo’q,
Qorong’uga yo’lim burgan topildi xesh-panohim ko’p.

Umr o’tdi adovatda,qabohatdan yedim kaltak,
Gahi kandim,gahi yorim yiqilgan qora chohim ko’p.

Sharrim yozgich farishtamga Orol yanglig siyoh lozim,
Orol lekin ozaymoqda…degandimki:«siyohim ko’p.»

Gunohkor Miraziz A’zam,kechir Tangrim,g’afur Tangrim,
Kechirmassang netarman deb,yurokim ichra vohim ko’p?!

***

Vatanga kim bo’lur voris? Qayu inson erur voris?
Kimi tuproq uchun tursa bo’lub dovon,erur voris.

Demakim,ey rafiq,menga:birov ishdan,birov so’zdan.
Qo’shilmam gar desang menga:quruq gapdon erur voris.

So’zin yozgan va yo aytgan magar bayroqqa ko’z surtib
Va tuproqqa to’kib ko’zyosh — o’shal xushxon erur voris.

Yovin selday bosib borgan va manglaydan otilgan o’q —
Qaro yerni quchib yotgan o’g’ul arslon erur voris.

Yuho nafsi yomonlarni — shayotinni bosib-yanchib
Halollik yo’llarin ochgan halol inson erur voris.

Zamonlardan zamonlarga,zabonlardan zabonlarga
Aziz nomi o’tib yurgan bo’lib doston,erur voris.

Vatanni Oqsaroy yanglig’ ko’targan qaddini rostlab
Elin ma’mur etolgan mard,aqli polvon erur voris.

Ulusning til uchindagi biron so’zni yonib aytsa
Vatanga Miraziz A’zam ham hech begumon erur voris.

***

Nechun milliyatchi bo’ldim? – Bunga yovlar erur bois,
Yo’limni cheklagan,to’sgan baland g’ovlar erur bois.

Sening xalqing qoloq xalq,deb,ilm-fandan yiroq xalq,deb
Beruniylar elin turtgan quruq dovlar erur bois.

U yonga bir burilganda,bu yonga bir burilganda
Madrasam,masjidim yiqqan qo’pol govlar erur bois.

Chamanda gulni ko’rganday,elimda bir daho ko’rsa
Ko’kimda Cho’lponim urgan razil ovlar erur bois.

Ko’zi qonga to’lib yotgan,yashil o’rmonin tark etgan,
Halol o’g’limni buzganlar – mushuk movlar erur bois.

Ajib atvorlari:kavlar bir yerni,biri dilni,
Faqat yer ostini ermas,ko’ngil ovlar erur bois.

Eshikdan gaz quvur o’tgan,quvur g’arbga qarab ketgan,
O’zi gazsiz,g’o’za tergan xor yayovlar erur bois.

Yer uzra molday ishlatgan,so’ng tuhmatla yer tishlatgan,
Qizlarni ham qamab kulgan beayovlar erur bois.

O’tgan ish o’tdi,fikr qil,Miraziz A’zam shukr qil,
Bu hasratga ichki dardlar,sis-olovlar erur bois.

Bahs etish asli yomonmas,bo’lmasa behuda bahs.
Bir faqat jonon bilan etmoq qiyin osuda bahs.

Ko’zlariga termilarsan,so’zlaring yoddan chiqar,
Jimgina mag’lub bo’larsan,tin topar qayg’uda bahs.

Ketganingda o’z uyingga,yotganingda tun mahal
Gavdalangay tushlaringda qaytadan uyquda bahs.

Tag’i bir tur bahs bo’larki undan or qilg’ay kishi,
Ilmu dinga qarshi bo’lsa,asli bu oluda bahs.

Aqli but orif yigit johil bilan bahslashmagay,
Bahslashib qolsa mabodo,bo’p o’tar kulguda bahs.

Chetda yur ey,Miraziz A’zam,buningdek davradan,
Boqma aslo,qayda qanday o’tsa o’tsin suvda bahs.

***

Turfa ko’yga solodur insonlarni ehtiyoj,
Girdoblarga ko’modur jononlarni ehtiyoj,

Bir yonda o’yin-kulgu,bir yonda bo’lsa zahmat –
Darhol ishga solodur shaytonlarni ehtiyoj.

G’iybat-hasaddan qochar dunyo ko’rgan bobolar –
Chunki ko’mib tashlaydi irfonlarni ehtiyoj.

Qo’mondon askar haqin talasa boylik yig’ib,
Hadni tashlashga undar posbonlarni ehtiyoj,

Adliya uxlab yotsa,ishga tushar zolimlar,
Qo’llashga majbur aylar yolg’onlarni ehtiyoj.

Bog’bonlar bo’lib nochor,dehqonlar qolsa behol,
Sahroga aylantirar bo’stonlarni ehtiyoj.

Haq ustuvor bo’lmasa orqaga do’nar hayot –
Qaramlikka qaytarar davronlarni ehtiyoj.

Ey sen,Miraziz A’zam,uxlama,chora izla –
Susaytirib qo’ymasin iymonlarni ehtiyoj.

***

Sarg’ayib o’tirishar oftobda xotin-xalaj,
Goho ro’molsiz,goho hijobda xotin-xalaj.

Goh masjid ostonasi,goh metroda tilanar,
Ba’zan kuylar,qo’llari rubobda xotin-xalaj.

Sevgim,ehtiromim ko’p ko’z-qoshi qarolarga,
Ammo qalbim ezmoqda shu tobda xotin-xalaj.

Ko’zlariga qarasang,kechirim so’raganday,
“Boshqa yo’l yo’q”,deganday xitobda xotin-xalaj.

O’tish davrin hollari,kechim qiyinligidan
His etishar o’zlarin girdobda xotin-xalaj.

Mubtalo ular hozir turli mojarolarga,
Kundalik kemtiklardan faryodda xotin-xalaj.

Ha,ular ko’pchilikmas,ozchilik ham emaslar,
Achchiqlanib,kuchlanib shitobda xotin-xalaj.

Qadlarini tiklashni bilaylik biz,erkaklar,
Kirmasin bevaqt xoki turobga xotin-xalaj.

Muncha donolik qilib elanasan,Miraziz,
Pastdan yuqorigacha hisobda xotin-xalaj.

O’rtar meni har doim ko’llar yuzidagi mavj,
Sevgilimning TVda aytgan so’zidagi mavj.

Shamollar siypalagan quyoshrang va lojuvard
O’zbekyurtning qo’shqo’lli oltin kuzidagi mavj.

Bog’lar suvin simirib,bilaklarin shimarib,
Zafarlarga otilgan yoshlar ko’zidagi mavj.

Avazxonni qamaldan qutqargan Go’ro’g’lini
Sel bo’lib tasvirlagan baxshi bo’g’zidagi mavj.

Qilni qirq yorgan olim Hamid Ziyo domlaning
Turkiston tarixini tahlil tarzidagi mavj.

Yurtim yetakchilari jahonning har yerida
Baralla ayta olgan jasur lafzidagi mavj.

Ozodlikni munchalar sevding,Miraziz A’zam,
Seni yondirar doim bu so’z mag’zidagi mavj.

***

Bog’da unib o’sdi bir qush,izg’ib yurodi shoxma-shox,
Ra’yi cheksiz,cheklanmagan,u charx urodi shoxma-shox.

Rayhonlaru,jambullaru turli-tuman gulni cho’qib,
Tutlar,giloslarni talab davron surodi shoxma-shox.

Bular ozday ko’ringanda o’zga qushlar inin kavlab,
Qo’ygan tuxumlarin titib,totib ko’rodi shoxma-shox.

Keyin bulbul,keyin sa’va,qumrilarga qiron soldi,
Hammasini bitta-bitta bog’dan surodi shoxma-shox.

Vo ajabo,na chumchug’u jiblajibon,na zarg’aldoq,
Na chittakka omon bermay,quvib yurodi shoxma-shox.

Ola hakka,derlar uni,o’g’ri zag’izg’on,deydi xalq
Ekologlar ko’zlarini chetga burodi shoxma-shox.

Miraziz A’zam xayoli o’g’ri zag’izg’on ishlarin
Izma-iz tinmay kuzatib,ko’rib borodi shoxma-shox.

***

Mening orzu-xayolimda ulusim doimo obod,
Bamisli Sir kabi o’ychan,Amuday jangari,ozod.

Namanganda va Parkandda savol berguvchi inson ko’p,
Javob bergay kerak bo’lsa andijonlik yangi avlod.

Chunonchi bir savol ulkim:nechun har kim yashar har xil,
“Besh qo’l axir barobarmi?”- javob bergay biror devzod.

Ha,qo’lingni kuzat,ishlat,shu har xil qo’l birikkanda
Hayotingni go’zal qilmoq uchun senga berur imdod.

To’g’ri,deb barmoqlaringga o’tirsang ko’z tikib mudroq,
Bilib qo’yki,uyqu sening kunlaringni etgay kasod.

Mirazizning necha o’n yillik kuzatgan ilmi shu,
Istasang sen ham rioyat shu tariyqni aylagin yod.

Jahd ila,g’ayrat ila,zehnu fikr,tadbir ila
Har jamoat,istaganda,o’z hayotin etdi shod.

***

Balanddan boqmagin manga,senam kimsan ayon manga,
Nazm mulkida man farrosh,senam sulton emas anga.

Ayon kimga qarab yotding,kimi birla namak totding,
Qachon kimga kimi sotding,qachon urding qo’ling zangga.

Bu daftarni ochib bo’lmas,siring yovga sochib bo’lmas,
Vale,undan qochib bo’lmas,ayon barin tushunganga.

Mani sanda ishim yo’qdir,xusumatli nishim yo’qdir,
Xavotir olmayin uxla,xabar topmas mandan yanga.

Man ersa,man…yovim boshqa,elim rizqiga ko’z tikkan,
Yerimni toptagan kaslar ila kirgum faqat jangga.

San bir shumroq bolamdaysan,maning og’riq yaramdaysan,
Ketib ko’ngling amallarga,o’ynading turli ohangga.

Bu kun bo’ldim deya sardor,haromdan ham chekilmassan,
Harom luqma,kibr-havvo halokat keltirar sanga.

Bu so’zni Miraziz A’zam deyarkan,sen yuzing burma,
Yo’qotma el aro qadring,yo’qotgandek kuchin tanga.

***

Xayolimda yurar bir o’y: shifo bormi munofiqqa,
Asl yo’lni surat etgan sado bormi munofiqqa?

Haqiqatga ishontirgan ota birla ona bormi,
Hukm yoki ilm ahli — daho bormi munofiqqa?

Nechun bitmas ajib zumra — so’zi boshqa,ishi boshqa,
Nahot hech bir iloji yo’q,davo yo’qmi munofikqa?

Bu qandoq bir sinoatkim,munofiq aysh surar doim,
Jamoatda,jamiyatda baho bormi munofiqqa?

Vatan bormi,ulus bormi,muqaddas bir xayol bormi,
Ayo taqdir,zahirangda hayo bormi munofiqqa?

Dema sen,Miraziz A’zam,zulm ko’rdim munofikdan,
U dunyoyu bu dunyoda Xudo bormi munofiqqa?

* * *

Adolat bor,adovat bor,adovatdan kelar ofat,
Bu dushmanlik,bu kek doim chiqargay el aro g’orat.

Adolatda malohat bor,adolatda mahobat bor,
Adovatda zulumat bor,qarohat va buyuk illat.

Bu ma’lum bir haqiqat-ku,nechun tilga olarsan ko’p?
Latif san’at ila so’z och,ichingda bor esa qurbat.

Sabab ikki yaqin do’stim adovatga cho’mib ketdi,
Alamli bu haqiqatdan yurakda qolmadi rohat.

Adolatning kichik bir bobida aslo chekinmaslar,
Adolatga adolat musht urar endi,bu ne g’urbat?

Ularni do’st etish,evoh,jahon ahliga mushkuldur,
Qalblariga yetib bormas uhuvvat,birlikka da’vat.

Ularni birga ishlashga chaqirgay Miraziz A’zam,
Bu yo’lda yonsa joni,bu –bo’lardi joniga minnat

* * *

Jilg’alar daryo bo’larlar birlashib,
Turnalar sayyoh bo’larlar birlashib.

Muzligu issiq-sovuq dengizlaru
Qit’alar dunyo bo’larlar birlashib.

Oy ila yulduzlaru sayyoralar
Bir falak – fazo bo’larlar birlashib.

Erk desa,hurlik desa bir musht kabi
Odamlar shaydo bo’larlar birlashib.

Bir ajib hodisa ulkam,shaytanat
Bir-biriga yov bo’larlar mushtlashib,

Va lokin insonni ko’rgan chog’ida
Jang uchun paydo bo’larlar birlashib.

Miraziz derki yana:munofiqlar
Ko’rinmas mafyo bo’larlar birlashib.

* * *

Marhabo,keldingmi,jonim,marhabo,
Hurligim,erkin jahonim,marhabo.

Ey,asrlab kutganim ma’yusginam,
Dildagi dardi nihonim,marhabo.

Yig’lama,bas,jon suving qaytib kelar,
Ey,Orolim,za’faronim,marhabo…

Endi yotma,o’lmagan jonim elim,
Silkin ey,umri xazonim,marhabo.

Kul,ochil,endi boqar senga zamon,
Iste’dodi sernishonim,marhabo…

Endi ortiq o’z bolangga boyliging,
Jannatim,oltin makonim,marhabo.

Ey,kecha qonga belangan Shoshginam,
Mardi mardon qahramonim,marhabo.

Inshooloh,hur yasharsan,Miraziz,
Hur bo’lar mangu Turonim,marhabo.

* * *

Hayot quvlashmachoq yanglig’:qayon boqma,yugur,chop-chop,
Agar sen ham quvib o’tsang,uyal,derlar,etakni yop!

O’zib ketmasliging lozim birovlardan bilib-bilmay,
Agar yuz-xotiring yo’qsa,boshingda o’ynagay bir sop.

Kitobda yo’q bu qonundan savol ochma,savol ochma,
Degaylarkim:yonoshma sen,bu iqlimlar faqat biz bop.

Hazin holingni ko’rganda kulishgay ahli donishlar:
Ezilma,o’rta yo’ldan yur,hayot mezonin izlab top.

Hayot mezonin izlarsan tinimsiz Miraziz A’zamday,
Bilmay ham qolarsan bir kun butun umring bo’lganin sop.

* * *

O’zing yaxshi bilasan,arang keldik bu kunga,
Milyonlab berdik qurbon,tinimsiz yutdik zardob.

Boshdan to oyoqqacha toptalganmiz zulmdan,
Har bir qiltomirimiz ingrar chertganday mizrob.

Ne-ne adib,arboblar boshlaridan yedi o’q,
Biri uchdi bo’ronda,birini yutdi girdob.

Talandi xazinamiz,tashildi aslahamiz,
Qo’llarda qurol tugul qolmadi oddiy asbob.

Qo’ydilar boshimizga qo’rqoqlar,xoinlarni,
Karvon o’laksa bo’lar,sarboni bo’lsa qallob.

Odamlar,asrang endi bu kungi qutlug’ erkni,
YO Haq,yorug’lik yuzin ortiq to’smasin hijob.

Miraziz A’zamingning ko’nglida umidi ko’p,
Kechirgil shoiringni,mana,so’z bo’ldi sanjob.

* * *

Ey gado dil,joni yo’qdan qon tilarsan,vo ajab,
Kimdaki imkoni yo’q,imkon tilarsan,vo ajab…

Sen vatanni sutli govmish deb biluvchi telbadan,
Nafs qulidan shu vatanga jon tilarsan,vo ajab.

Bu bashar avlodi ichra hamma ham inson debon
Na sanog’u sonda bordan son tilarsan,vo ajab.

Mansab ahlida –xayolingda –adolat barqaror,
Kimniki vijdoni yo’q,vijdon tilarsan,vo ajab.

Miraziz A’zam,bugun ko’rdingmi sen bosqinchini?
Ori yo’q bir besharafdan shon tilarsan,vo ajab.

022

(Tashriflar: umumiy 14 615, bugungi 26)

1 izoh

Izoh qoldiring