Xurshid Davron. Navoiynoma. VI. Ilk devon & Husayn Boyqaro. Devon va Risola & Dilnavoz Yusupova. Navoiy devonlari

0_14b881_124cb96d_orig.png   Алишер Навоийнинг «Бадоеъ ул-бидоя» (ажойиб янгиликларнинг бошланиши) деб аталган биринчи девони 1479-1480 йилларда тузилган. Бу девонда 11 навъдаги 1041-та шеърлар: ғазал, рубоий, мухаммас, мустазод, мусаддас,таржеъбанд, қитъа, луғз, муаммо, туюқ, фардлар киритилган. Бунгача Навоийнинг мухлислари томонидан ҳижрий 870 — мелодий 1465-1466 йилларда тузилгани маълум.  Бу девонга ном қўйилмаганидан унинг факсимил (фото) нусхасини биринчи марта нашрга (Тошкент, «Фан», 1968) тайёрлаган Ҳамид Сулаймон уни «Илк девон» деб атаган.

АЛИШЕР НАВОИЙ ДЕВОНЛАРИ
Дилнавоз ЮСУПОВА
09

 425415163619.jpg   Мусулмон Шарқи шеърияти тарихини Алишер Навоий лирикасисиз тасаввур этиб бўлмайди. Унинг лирик мероси ўзигача яратилган форс-тожик ва туркий шеъриятнинг давоми бўлиш билан бирга барча замонлардаги ўзбек шеъриятининг энг юксак чўққиси ҳамдир. Ҳар иккала тилда юксак бадиий асарлар ярата олиш қобилиятига эга бўлган ҳассос шоир 45 минг мисрага яқин туркий тилдаги шеърлари ва 12 минг мисрадан ортиқ форс-тожик тилидаги назмий мероси билан ўша давр шеърияти ривожига катта ҳисса қўшди.

Алишер Навоий болалик йиллариданоқ бадиий ижод билан шуғуллана бошлаган. “Уч ёш била тўрт ёшнинг орасида” форсигўй адиб Қосим Анворнинг байтини ёд ўқиб, йиғилганларни ҳайратда қолдирган (“Мажолисун нафоис”) Алишер 15 ёшларида “малику-л-калом” Лутфийнинг таҳсинига сазовор бўлади. Адабиёт ихлосмандлари ундан девон тузишни илтимос қилганларида, у ғоят камтарлик юзасидан девон тузиш учун ҳали вақт эрта деб ҳисоблайди. Шунда шоирнинг мухлислари 1465-66 йилларда унинг шеърларини тўплаб, девон тузадилар ва бу девон ўз даврида “хаттотлар султони” номи билан машҳур бўлган Султонали Машҳадий томонидан настаълиқ хатида кўчирилади.

Навоийнинг ўзи “Бадоеъу-л-бидоя”га ёзган дебочасида “…аммо халойиқ аросида минг байт-икки минг байт ортуғроқ, ўксукракким ўзлари жамъ қилиб эрдилар, бағоят машҳур бўлуб эрди”, – деб ёзади. Девон уни нашрга тайёрлаган адабиётшунос олим Ҳамид Сулаймонов томонидан шартли равишда “Илк девон” деб номланган бўлиб, 391 ғазал, 41 рубоий, 1 мустазод, 1 мухаммас – жами 434 шеърдан ташкил топган.

Девонга шоирнинг 1466 йилдан аввал ёзилган асарлари киргани учун ундаги шеърларнинг ёзилиш санаси нисбатан аниқ деб ҳисоблаш мумкин, шу сабабли бу девон шоирнинг ўспиринлик ва йигитлик давридаги ижоди ва таржимаи ҳоли ҳақида муайян тасаввур берувчи манба сифатида юксак қийматга эга. Девондаги ғазалларни кузатар эканмиз, бугунги кунда халқ орасида машҳур бўлган қуйидаги ғазаллар айнан шоир ижодининг илк даврида яратилганлигига гувоҳ бўламиз:

Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,
Кўзларимға кеча тонг отқунча уйқу келмади…

Кўргали ҳуснунгни зору мубтало бўлдум санго,
Не балолиғ кун эдиким ошно бўлдум санго…

Навоий фалсафий тафаккурида муҳим қийматга эга бўлган “Анго” радифли ғазалнинг ҳам айнан шу девондан ўрин олганлиги шоирнинг ўша даврдаги юксак салоҳиятидан дарак беради. Ғазал матлаъсини келтирамиз:

Ҳар гадоким, бўриёйи фақр эрур кисват анго,
Салтанат зарбофтидин ҳожат эмас хилъат анго.

“Илк девон”даги барча шеърларнинг кейинчалик “Хазойину-л- маоний”га киритилганлиги уларнинг Алишер Навоий учун ҳам қадрли бўлганлигини кўрсатади.

Навоийшунос олим, филология фанлари доктори Афтондил Эркинов жаҳон қўлёзма фондларида сақланаётган нусхаларни ўрганиш асносида Алишер Навоийнинг ихлосмандлари томонидан тузилган яна бир девони қўлёзмасини аниқлаб, 2012 йилда фанга маълум қилди. Мазкур девон шоирнинг Оққуюнлилар сулоласи (Озарбайжон ва Ғарбий Эрон ҳудудида 1378-1508 йилларда ҳукмронлик қилган ўғуз турклари) ҳукмронлиги ҳудудидаги мухлислари томонидан тузилган бўлиб, ҳозирча фанда шартли равишда “Оққуюнлилар девони” номи билан юритилмоқда.

Девон 1471 йил 25 декабрда Анисий тахаллуси билан шеърлар ёзган шоир ва хаттот Абдураҳим ибн Абдураҳмон Хоразмий томонидан Оққуюнлилар салтанатининг марказларидан бири бўлган Шероз шаҳрида кўчирилган. Девонда жами 229 та шеър бор: 224 ғазал, 1 мустазод, 3 мухаммас ва 1 таржеъбанд. Бу мажмуадаги 224 ғазалдан 217 таси “Бадоеъу-л-бидоя”га ва фақат биттасигина “Наводиру-н-ниҳоя”га ўтган. Девондаги 90% ғазал «Илк девон»да учрамайди. Бу ҳолат мазкур ғазалларнинг катта қисми 1466 йилдан кейинги 5 йил орасида (1471 йилгача) яратилганлигини кўрсатади. Авваллари Алишер Навоийнинг туркий тилдаги шеърияти 4 босқичда: “Илк девон”, “Бадоеъу-л-бидоя”, “Наводиру-н-ниҳоя”, “Хазойину-л-маоний” тарзида ўрганилиб келинарди. Эндиликда мазкур девон топилгандан сўнг Алишер Навоий шеъриятини беш босқичда ўрганишга зарурат сезилади. Буни қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:

Босқичлар        Навоий девонлари           Тузилиш муддати

I                      Илк девон                                   1465-66
II                    Оққуюнлилар девони               1471
III                   Бадоеъу-л-бидоя                     1470-80
IV                   Наводиру-н-ниҳоя                   1480-87
V                     Хазойину-л-маоний                 1492-98

Оққуюнлилар салтанатининг асосий аҳолиси ўғуз турклари бўлгани учун мазкур қўлёзмада Алишер Навоий шеърлари ўғуз лаҳжасига мослаштирилиб кўчирилган. Масалан, Навоийнинг машҳур ғазали матлаъси ушбу девонда қуйидаги ҳолатда учрайди:

Меҳр чўх кўрсатдим, аммо меҳрибоне допмадим,
Жон басе қилдим фидо, ороми жоне допмадим.

Оққуюнлилар девони ҳозирда Мисрнинг Коҳира шаҳрида сақланмоқда.

Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро тахтга чиққанидан кейин унинг топшириғи билан ўзининг биринчи расмий девони “Бадоеъу-л-бидоя” (“Бадиийликнинг бошланиши”)ни тартиб беради. Девоннинг Алишер Навоий ҳаётлик даврида (1480, 1482 ва 1486 йилларда) кўчирилган нусхалари Париж Миллий кутубхонасида (1480 йил, инв.№ 746), Британия музейида (1482 йил, инв.№ 401) ва Тошкент шаҳрида (1486 йил, инв.№ 216, асос нусха) сақланади. Девон мазкур нусхалар асосида филология фанлари номзодлари Ш.Шарипов ва М.Раҳматуллаевалар томонидан нашрга тайёрланган (МАТ, 1-жилд).

Шоир бу девони учун махсус дебоча ҳам ёзиб, унда девон тартиб бериш масалаларига тўхталади ва қуйидаги хусусиятларни алоҳида кўрсатиб ўтади:

1. “Аввал будурким, ҳар кишиким девон тартиб қилибдурур, ўттиз икки ҳарфдинки, халойиқ иборатида воқиъдурур ва улус китобатида шойиъ, тўрт ҳарфға таарруз қилмайдурурлар…

2. Яна буким, ҳар ҳарф ғазалиётининг аввал битиган ғазал била ўзга ғазаллар орасида услуб хайсиятидин тафовут риоят қилмайдурурлар. Муқаррардурким, ҳар амрда бир лаҳза ҳақ субҳонаҳу ва таоло ҳамдидин ё расул алайҳиссалом наътидин, ё бу икки ишга далолат қилурдек бир амрдин ғофил бўлмамоғлиқ авлодур…

3. Яна бир буким, гўйиё баъзи эл ашъор таҳсилидин ва девон такмилидин ғараз мажозий ҳусну жамол тавсифи ва мақсуд зоҳирий хатту хол таърифидин ўзга нима англамайдурурлар. Девон топилғайким, анда маърифатомиз бир ғазал топилмағай ва ғазал бўлғайким, анда мавъизатангиз бир байт бўлмағай…

4. Яна буким, сойир давовинда расмий ғазал услубидинким, шойиъдурур, тажовуз қилиб, махсус навъларда сўз арусининг жилвасиға намойиш ва жамолиға оройиш бермайдурурлар. Ва агар аҳёнан матлаъе махсус навъда воқиъ бўлғон бўлса, ҳамул матлаъ услуби била итмом хилъатин ва анжом кисватин кийдурмайдурурлар, балки тугангунча агар бир байт мазмуни висол баҳорида гулоройлиқ қилса, яна бири фироқ хазонида хорнамойлиқ қилибдурур… Ул жиҳатдин саъй қилиндиким, ҳар мазмунда матлаъе воқиъ бўлса, аксар андоғ бўлғайким, мақтаъгача сурат хайсиятидин мувофиқ ва маъни жонибидин мутобиқ тушкай”.

Алишер Навоий бу ўринда девонни ғазаллар билан бошлаш, ғазалларни 28 ҳарф эмас, балки 32 ҳарф (ﭺ – чим, ﮊ – же, ﮒ – гоф ва ﻼ – лом-алифни ҳам қўшган ҳолда) билан тугаллаш зарурлиги, девонга даставвал Аллоҳга ҳамд ёки Пайғамбарга наът мавзусидаги ғазалларни жойлаштириш, ғазалларга маърифат ва мавъиза мавзуларига доир байтлар киритиш, ғазал матлаъсида келтирилган фикрни мақтаъгача ривожлантириб бориш ва албатта, девонга жанр жиҳатдан ранг-баранг шеърларни киритишни назарда тутади.

Алишер Навоийнинг мазкур девони айнан юқоридаги қонун-қоидаларга амал қилинган ҳолда тартиб берилган бўлиб, унда 11 жанрга оид жами 1046 та шеър мавжуд. Девонга шеърлар қуйидаги тартибда жойлаштирилган: ғазал – 777 та, мустазод – 3 та , мухаммас – 5 та, мусаддас – 2 та, таржиъбанд – 3 та, қитъа – 46 та, рубоий – 85 та, луғз – 10 та, муаммо – 52 та, туюқ – 10 та, фард – 53 та.

Алишер Навоий тузган иккинчи расмий девони “Наводиру-н-ниҳоя” (“Беҳад нодирликлар”) деб аталиб, 1480-1487 йиллар оралиғида тузилган. Девоннинг 1487 йилда Ҳиротда машҳур хаттот Абдужамил котиб томонидан кўчирилган нодир қўлёзма нусхаси ҳозирда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида (инв. №11675, асос нусха) сақланмоқда. Шунингдек, девоннинг яна бир нисбатан тўлиқ нусхаси Султон Али Машҳадий томонидан Ҳиротда кўчирилган бўлиб, бу нусха ҳам ҳозирда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида (инв. №1995) сақланади. “Наводиру-н-ниҳоя” девони матни мазкур нусхалар асосида филология фанлари номзоди М.Раҳматуллаева томонидан нашрга тайёрланган бўлиб, унда 862 шеър бор (МАТ, 2 жилд). Мазкур нашрдан ўрин олган шеърларнинг барчаси ғазал жанрига оид. Ушбу девондаги 64 ғазал “Ғаройибу-с-сиғар”га, 331 ғазал “Наводиру-ш-шабоб”га, 213 ғазал “Бадоеъу-л-васат”га ва 196 ғазал “Фавойиду-л-кибар”га киритилган. Ҳазрат Навоий “Наводиру-н-ниҳоя”даги ғазалларни кейинчалик “Хазойину-л-маоний”га киритганда кўпинча уларни таҳрир қилган, баъзи ғазалларнинг фақат матлаъсини сақлаб қолиб, қолган байтларини бутунлай ўзгартирган .

Девон Навоийнинг ҳамд мазмунидаги машҳур ғазали билан бошланади:

Зиҳи зуҳури жамолинг қуёш киби пайдо,
Юзунг қуёшиға зарроти кавн ўлуб шайдо.

Алишер Навоий 1492-1498 йилларда Ҳусайн Бойқаронинг таклифи билан ўзининг барча шеърлари, жумладан, аввалги расмий девонларига кирган шеърларини ҳам тўплаб, “Хазойину-л-маоний” (“Маънолар хазинаси”) номли йирик куллиёт яратади. Куллиёт тўрт девонни ўз ичига олганлиги учун “Чор девон” деб ҳам юритилади. Куллиётнинг Санкт-Петербург (1498-99, инв. Хаников-55; 1592-96, инв. Дорн-558), Истамбул (1495-97, хаттот Дарвеш Муҳаммад Тоқий кўчирган, инв. № 808), Париж (1525-27, котиб ал-Ҳижроний кўчирган, инв. № 316-317) нусхалари мавжуд бўлиб, улар асосида профессор Ҳ.Сулаймонов куллиётнинг илмий-танқидий матнини яратди (1959-60). Мазкур матн МАТнинг 3-6 жилдларини ташкил этувчи девонлар учун асос бўлган.

Алишер Навоий тўрт девоннинг ҳар бирига инсон умрининг фаслларига мослаб ном берди. Шу маънода 7-8 ёшдан 20 ёшгача бўлган даврни инсон умрининг баҳори деб атади ва куллиётнинг биринчи девонини “Ғаройибу-с-сиғар” (“Болалик ғаройиботлари”) деб номлади. 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган даврни инсон умрининг ёзи деб белгилади ва “Наводиру-ш-шабоб” (“Йигитлик нодирликлари”) деб атади. 35-45 ёшни умрнинг кузига қиёс этди ва «Бадоеъу-л-васат» («Ўрта ёш гўзалликлари») деб номлади. 45-60 ёшини умрининг қишига ўхшатиб, «Фавойиду-л-кибар» («Кексалик фойдалари») деб атади. Ҳар бир девонга 650 тадан ғазал киритди, шунга мувофиқ бошқа шеърий жанрларга ҳам жой ажратди.

Олим Ҳ.Сулаймоновнинг изланишлари шуни кўрсатадики, Навоий “Хазойину-л-маоний” куллиётини тузиш устида бир неча йил тинимсиз меҳнат қилган ва 1498 йилдагина уни ҳозирги ҳолатда тугал тарзда якунлаган. Навоий куллиёт девонларини ўзаро ички мустаҳкам боғлиқ ҳолда ва қатъий мутаносибликда тузадики, уларга кейинчалик бирорта ғазал киритиш ёки девонлар таркибидан тушириб қолдириш ва ҳатто ички ўрнини алмаштириш ҳам мумкин бўлмаган.

“Хазойину-л-маоний” куллиётининг ички тузилиши жаҳатидан ниҳоятда мустаҳкам тарзда тартиб берилганлигини шундан тасаввур қилиш мумкинки, Алишер Навоий ундаги тўрт девоннинг ҳар бирига тенг миқдорда 650 тадан ғазал жойлаштиргангина эмас, балки шу билан бирга, шу ғазалларнинг қофияланишига кўра ҳам ҳар бир девонда ўзаро тенг ва қатъий мутаносиб бўлишига жиддий аҳамият берган. Яъни, “алиф” ҳарфи билан тугалланувчи қофия ва радифли ғазаллар тўртала девонда ҳам 39 тадан, “бе” ҳарфи билан тугалланувчи қофия ва радифли ғазаллар 27 тадан ва ҳ.к. тенг тарзда учрайди.

Ёки яна бир мисол. “Хазойину-л-маоний” куллиётида ҳаммаси бўлиб “Анго” радифли 12 ғазал мавжуд. Бу ғазаллар тўртала девонга учтадан тенг тарзда тақсимланган. Шунингдек, улар ҳар бир девонда бир ўринда, яъни 8-9- 10 ўринларда жойлаштирилган. Буларнинг барчаси куллиётнинг ниҳоятда мустаҳкам тартибда ўзаро мутаносиб ҳолатда тузилганлигини кўрсатади.

Алишер Навоий “Хазойину-л-маоний” куллиёти такмилини 1498 йилда тугатгандан сўнг бу санадан кейинги йилларда ҳам юксак ижодий суръат билан ишлашда давом этган. Шоирнинг ўзи куллиёт дебочасида гувоҳлик беришича, бир кунда бир-икки, баъзан уч-тўрт ғазал ёзган пайтлари ҳам бўлган:

Кун бор эдики бир ғазалу икки ғазал,
Бал уч ғазалу тўрт ғазал баъзи маҳал…

Навоийшунос А.Абдуғафуровнинг ёзишича, Навоий ҳаётининг сўнгги йилларида ҳам ана шундай катта илҳом ва жиддий суръат билан баракали қалам тебратган ва кейинги икки йилдан ортиқ вақт давомида кўплаб ғазал, қитъа, рубоий, мухаммас ва бошқа лирик жанрларда асарлар яратган . Олим бу лирик шеърлар ўрин олган бир неча манбаларни келтиради:

1. “Муҳокамату-л-луғатайн”да шоир ўзбек адабиёти ва жонли сўзлашув тилининг бойлигини кўрсатиш мақсадида кўплаб сўз ва ибораларнинг ёзма адабиётда ишлатилишига мисол тариқасида ўз шеъриятидан байтлар келтиради. Келтирилган байтларнинг аксарияти тахаллус билан якунланувчи мақтаъ эканлиги ҳазрат Навоийнинг мазкур ғазали тугал ҳолда мавжуд бўлганлигини кўрсатади.

2. Баъзи тазкиралар, хусусан, Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” тазкирасида келтирилган мақтаъ байт Навоий девонларининг ҳеч бирида учрамайди.

3. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Рисолаи аруз” асарида Навоий ижодидан рамал баҳри учун мисол тариқасида келтирилган қирқ олти ғазал матлаъларининг биттаси куллиёт таркибига кирмаганлигининг гувоҳи бўламиз.

4. Алишер Навоий асарларига XV-XVIII асрларда тузилган луғатлар, хусусан, “Бадоеъу-л-луғат”, “Абушқа”, “Санглоҳ” луғатларида кўплаб сўзларнинг изоҳи учун келтирилган айрим мисол байтлар ҳам “Хазойину-л-маоний”да учрамайди.

5. Алишер Навоий ғазалларига битилган кўплаб тахмислар таркибидаги шоир қаламига мансуб байтлар ажратиб олинганда уларнинг баъзилари “Хазойину-л-маоний” куллиётида мавжуд эмаслиги маълум бўлади .
Буларнинг барчаси Алишер Навоий умрининг сўнгги йилларида ҳам ижод қилишдан бир лаҳза тўхтамаганлигини кўрсатади.
Алишер Навоий форсий тилда битган шеърларини ҳам йиғиб, «Девони Фоний» номли тўплам тузди. Бизгача девоннинг бир неча қўлёзма нусхалари етиб келган. Булардан 2 таси Париж (инв. № 285, 1345), 2 таси Туркия (инв. № 3850, 1952), ва бир нусха Теҳрон (инв. № 15002) кутубхоналарида сақланади. Бу нусхалар орасида Париждаги 285 рақамли қўлёзма нисбатан мукаммал ҳисобланади . Академик Б.Валихўжаев “Девони Фоний” нусхаларини ўрганиб чиқиб, улардаги шеърий жанрлар миқдорини қуйидагича деб кўрсатади: 10 қасида, 554 ғазал, 1 мусаддас, 1 марсия, 72 қитъа, 73 рубоий, 16 таърих, 373 муаммо, 9 луғз. Олим уларнинг миқдорини 1109 та деб белгилаб, умумий ҳажми 6179 байт эканлигини таъкидлайди.
Кўринганидек, Алишер Навоийнинг барча шеърий мероси 9 девонда жам бўлган бўлиб, уларнинг иккитаси ихлосмандлари томонидан тузилганлиги Навоий шеърларига ҳамма даврларда, хусусан, ўз даврида ҳам юқори даражада эҳтиёж бўлганлигидан дарак беради.

АДАБИЁТЛАР:

1. Навоий Алишер. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1987-1988. 1-2- жилдлар.
2. Навоий Алишер. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1988-1990. 3-6- жилдлар.
3. Навоий Алишер. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 2003. 20- жилд.
4. Навоий Алишер. Айёми висол ўлди яна: Янги топилган ғазаллар (Нашрга тайёрловчи Ф.Сулаймонова). – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1995.
5. Навоий Алишер. Хазойинул маоний (Илмий-танқидий текст асосида нашрга тайёрловчи Ҳ.Сулаймонов). 4 жилдлик. 1-4-жилдлар. – Т.: Фан, 1959-1960.
6. Исҳоқов Ё. Алишер Навоийнинг илк лирикаси: Филол. фан.номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган диссерт. – Т., 1963.
7. А.Абдуғафуров. “Хазойину-л-маоний”дан четда қолган ғазаллар// Навоийнинг ижод олами (мақолалар тўплами). – Т.: Фан, 2001.
8. Эркинов А. Навоийнинг мухлислари томонидан тузилган яна бир девони // Ўзбек тили ва адабиёти. – Т.: Фан, 2012. – № 1.
9. Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977.

ҲУСАЙН БОЙҚАРО ҲАҚИДА
09

img_1.jpgҲусайннинг отаси Ғиёсиддин Мансур 1445 йилда вафот этгач, Ҳусайн 14 ёшигача мактабда таълим олади ва шу мактабда ёш Алишер билан дўстлашади. Тарихий манбалардан шу нарса муьлумки, Султон Ҳусайн Бойқаро Темурий шаҳзодалар орасида жасоратли, мард, одил ва тадбиркор салтанат соҳиби бўлган.

Султон Ҳусайн Амир Темурнинг эвараси бўлиб, 1438 йил июль (ҳижрий 842 йил, муҳаррам) ойида Хиротнинг шарқи-шимолидаги Давлатхона саройида дунёга келган. Унинг отаси Ғиёсиддин Мансур Бойқоро Мирзонинг учинчи ўғли эди. Бойқоро Мирзонинг отаси эса Амир Темурнинг иккинчи ўғли Умар Шайх (1356-1394), онаси Феруза бегим эса ота томонидан Амир Темурнинг катта қизи Ўги Беги хонимнинг ўғли Султон Ҳусайн Мирзонинг қизи бўлиб, Феруза бегимнинг онаси Қутлуғ Султон бегим эса Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ Мирзонинг (1366-1408) қизи эди. Дарҳақиқат, Ҳусайн Бойқоро Заҳириддин Муҳаммад Бобур таърифлаганидек, «Карим ут-тарафайн», яъни ҳар икки томондан ҳам насаби Амир Темур Кўрагонга бориб туташади.

1452 йилда ёш Ҳусайн Хирот ҳукмдори Абулқосим Бобур саройига хизматга киради. 1457 йили Абулқосим Бобур вафотидан сўнг, Ҳусайн Мирзо саройни тарк этиб, Марв ҳукмдори Санжар Мирзо Марвий саройига хизматга ўтгач, ҳукмдор ўз қизи — 15 ёшли Бека Султонни унга никоҳлаб беради. Бироқ, қайната билан куёв ўртасига совуқчилик тушиб, саройдан кетишга мажбур бўлади. Шундан сўнг Ҳусайн Мирзо ўн йилдан кўпроқ вақт давомида Хоразм, Хуросон, Астробод, Мозандарон ва Журжон оралиғида саргардонликда умр кечирди. Бу давр мобайнида Темурий шаҳзодаларнинг тожу-тахт учун олиб борган ўзаро урушларида Ҳусайн Мирзо ҳам фаол катнашиб, Хирот ҳукмдори Султон Абусаййид Мирзо (1424-1469) ҳалокатидан сўнг, 1469 йил 24 март, жума куни Ҳусайн Мирзо тантана билан Хиротга кириб келди ва ўша куни Жомеъ масжидида унинг номига хутба ўкилди.

Ҳусайн Бойқаро Темурий ҳукмронлик қилган даврда Хуросон фуқаролари бирмунча осойишта ва фаровон ҳаёт кечирган. Айниқса, унинг вазири Алишер Навоийнинг саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ, мамлакатда йирик сув иншоотлари, маъмурий ва маданий қурилишлар, Мадраса, масжид, карвонсарой, работлар, кўприклар ва шу каби қурилиш ишлари кенг кўламда олиб борилган. Шу боис Султон Ҳусайн Бойқоронинг ҳукмронлик даврида Хирот фан ва маданият марказига айланган эди. Бу даврда илму фаннинг барча жабҳаларида қалам тебратган билимдон олимлар, сўз усталари, адиблар, шоирлар, мусиқашунослар, ҳунарманд наққошлар ва мусаввирлар Хиротнинг довруғини жаҳонга машҳур қилганлар.

Султон Ҳусайн Бойқоро Хуросон музофотида, айниқса, Хиротда диний ва маданий-маиший биноларни кўплаб қурдирди. Бу қурилишларнинг асосий мутасаддийси сифатида Алишер Навоийни кўрсатиш жоиздир. Шунингдек, шаҳаншоҳнинг яқин кишилари ҳамда бек ва амирлари ўз номларини абадийлаштириш мақсадида масжид, Мадраса, работ, кўприк, ҳаммом ва шунга ўхшаш қурилишлар билан шаҳар кўркини янада жилолантирганлар. Чунончи, Султон Ҳусайн Бойқаро Гозургоҳ яқинида ўз номига Мадраса, Хирот ташқарисида «БOҒИ байт ул-имон» ва » БOҒИ Ҳамса оройи» боғларини барпо этган. Султон Бадиуззамон Мирзо номи билан аталувчи «Мадрасайи Бадиъа» ҳам Султон Ҳусайн Бойқоро даврининг улкан обидаларидан биридир. Бу даврда таъмирланган Жомеъ масжиди улкан бинолардан бўлиб, 403 гумбази, 130 равоқи ва 44 устуни бўлган.

Шунингдек, Алишер Навоий ҳам ўз ҳисобидан бир неча мада¬ний-маиший бинолар, чунончи «Сафоия» номли ҳаммом ва «Шифоия» номли касалхона қурдирган.

Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, Хуросонда қирққа яқин йи¬рик иншоотлар Султон Ҳусайн Бойқоро даврида вужудга келган ва Хиротга атроф-теваракдан олимлар, шоирлар, адиблар, рассомлар, хаттотлар, мусиқачилар ва бошқа ҳар хил ҳунар аҳллари кириб кела бошлаган. Жумладан, ўша даврда табиб Ҳусайн Жарроҳ ичакни кесиб даволашда чумолидан фойдаланиш усулини ихтиро қилган. Устод Саййид Аҳмад ғижжак, Устод Шодқули ғижжак, Устод Қул Муҳаммад удий, Устод Ҳусайн удий, Устод Шайх Фоний ноилар Хуросонда ном чиқарган етук мусиқашунос алломалардан бўлган. Наққошлик ва хаттотлик соҳасида Хожа Мирак наққош, Мавлоно Хожа Муҳаммад наққош ва буюк истеъдод соҳиби Устод Камолиддин Беҳзодлар ўз маҳоратлари билан Хуросон фахри ҳисобланган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳусайн Бойқоро замонидаги олим¬лар, фозил ва шоирлар ҳақида гапириб, уларнинг ҳаммасини саромади Мавлоно Абдураҳмон Жомий, шунингдек, Шайхим Судайлий, Ҳусайн Али Туфайлий, Осафий, Биноий, Сайфи Бухорий, Мир Ҳусайн Муаммоий, Мулло Муҳаммад Бадахший, Юсуф Бадиий, Охий, Шоҳ Ҳусайн Коший, Хилолий Аҳлий, Муҳаммад Солиҳ ва бошқалар ҳакида қисқача тўҳталиб ўтади.

Алишер Навоийнинг таъкидлашича эса Ҳусайн Бойқоро қадимги турк тилининг тақдирига бефарқ бўлмай, унинг ривожи учун қатор чора-тадбирларни амалга оширган. Ўша давр адабий муҳитининг баъзи бир «муътабар» намояндалари назарида турк тили таҳқирланиб, мазкур тилда ижод этиш, ижодкорнинг истеъдодсизлигини билдирувчи нуқсонлардан бири деб ҳисобланган. Бинобарин, араб ва форс тилларига эътибор берилиб, турк тили камситилган. Ана шундай шароитда Ҳусайн Бойк,аро ёзувда турк тилини истеъмолга киритиш борасида махсус фармон берган. Бу дадил қадам мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаётида катта воқеа бўлгани шубҳасиз.

Ҳусайн Бойқоро форс ва туркий тилларида ғазал битиш иқтидорига эга бўлса-да, асосан турк тилида «Ҳусайний» тахаллуси билан ижод этган. Унинг таъби назми ҳақида Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида шундай ёзади: «Ул хазратнинг ҳўб ашъори ва Mapғyб абёти бағоят кўпдур ва девон ҳам мураттаб бўлубтур».

Султон Ҳусайн Бойқаро Хуросон ҳудудини ички ва ташқи душмандан тозалагач, беғамликка, айшу-ишратга берилади. Ҳукмдорнинг сўнгги йиллари мамлакат ичида вужудга келган исёнларни бостириш билан ўтади. Бу исёнлар ўз ўғиллари тарафидан мулк талашиб, кўтарилган низо ва можаролардан иборат эди. Аммо шунга қарамай, у қўлидан келганича мамлакатда адолат ва осойишталикни, илм-маърифат ва маданиятни равнақ топтиришга ҳаракат қилган.

1506 йил баҳорида Султон Ҳусайн Бойқаро хасталигига қарамай Хуросон қўшинини йиғиб, Муҳаммад Шайбонийхонга қарши Мовароуннаҳр ҳудудига қараб йўл олади. Шаҳаншоҳ Бобо Илохий мавзеига етганда, аҳволи оғирлашиб, қўшинни тўҳтатишга қарор қилади. 1506 йил 5 май, душанба куни кечқурун салтанат соҳиби Абулғозий Султон Ҳусайн Мирзо Бойқоро сактайи қалб (апоплексия) касали билан 69 ёшида оламдан ўтади.

ALISHЕR NAVOIY DЕVONLARI
Dilnavoz YUSUPOVA
09

1011378200.jpgMusulmon Sharqi she’riyati tarixini Alisher Navoiy lirikasisiz tasavvur etib bo‘lmaydi. Uning lirik merosi o‘zigacha yaratilgan fors-tojik va turkiy she’riyatning davomi bo‘lish bilan birga barcha zamonlardagi o‘zbek she’riyatining eng yuksak cho‘qqisi hamdir. Har ikkala tilda yuksak badiiy asarlar yarata olish qobiliyatiga ega bo‘lgan hassos shoir 45 ming misraga yaqin turkiy tildagi she’rlari va 12 ming misradan ortiq fors-tojik tilidagi nazmiy merosi bilan o‘sha davr she’riyati rivojiga katta hissa qo‘shdi.

Alisher Navoiy bolalik yillaridanoq badiiy ijod bilan shug‘ullana boshlagan. “Uch yosh bila to‘rt yoshning orasida” forsigo‘y adib Qosim Anvorning baytini yod o‘qib, yig‘ilganlarni hayratda qoldirgan (“Majolisun nafois”) Alisher 15 yoshlarida “maliku-l-kalom” Lutfiyning tahsiniga sazovor bo‘ladi. Adabiyot ixlosmandlari undan devon tuzishni iltimos qilganlarida, u g‘oyat kamtarlik yuzasidan devon tuzish uchun hali vaqt erta deb hisoblaydi. Shunda shoirning muxlislari 1465-66 yillarda uning she’rlarini to‘plab, devon tuzadilar va bu devon o‘z davrida “xattotlar sultoni” nomi bilan mashhur bo‘lgan Sultonali Mashhadiy tomonidan nasta’liq xatida ko‘chiriladi.

Navoiyning o‘zi “Badoe’u-l-bidoya”ga yozgan debochasida “…ammo xaloyiq arosida ming bayt-ikki ming bayt ortug‘roq, o‘ksukrakkim o‘zlari jam’ qilib erdilar, bag‘oyat mashhur bo‘lub erdi”, – deb yozadi. Devon uni nashrga tayyorlagan adabiyotshunos olim Hamid Sulaymonov tomonidan shartli ravishda “Ilk devon” deb nomlangan bo‘lib, 391 g‘azal, 41 ruboiy, 1 mustazod, 1 muxammas – jami 434 she’rdan tashkil topgan.

Devonga shoirning 1466 yildan avval yozilgan asarlari kirgani uchun undagi she’rlarning yozilish sanasi nisbatan aniq deb hisoblash mumkin, shu sababli bu devon shoirning o‘spirinlik va yigitlik davridagi ijodi va tarjimai holi haqida muayyan tasavvur beruvchi manba sifatida yuksak qiymatga ega. Devondagi g‘azallarni kuzatar ekanmiz, bugungi kunda xalq orasida mashhur bo‘lgan quyidagi g‘azallar aynan shoir ijodining ilk davrida yaratilganligiga guvoh bo‘lamiz:

Kecha kelgumdur debon ul sarvi gulro‘ kelmadi,
Ko‘zlarimg‘a kecha tong otquncha uyqu kelmadi…

Ko‘rgali husnungni zoru mubtalo bo‘ldum sango,
Ne balolig‘ kun edikim oshno bo‘ldum sango...

Navoiy falsafiy tafakkurida muhim qiymatga ega bo‘lgan “Ango” radifli g‘azalning ham aynan shu devondan o‘rin olganligi shoirning o‘sha davrdagi yuksak salohiyatidan darak beradi. G‘azal matla’sini keltiramiz:

Har gadokim, bo‘riyoyi faqr erur kisvat ango,
Saltanat zarboftidin hojat emas xil’at ango.

“Ilk devon”dagi barcha she’rlarning keyinchalik “Xazoyinu-l- maoniy”ga kiritilganligi ularning Alisher Navoiy uchun ham qadrli bo‘lganligini ko‘rsatadi.

Navoiyshunos olim, filologiya fanlari doktori Aftondil Erkinov jahon qo‘lyozma fondlarida saqlanayotgan nusxalarni o‘rganish asnosida Alisher Navoiyning ixlosmandlari tomonidan tuzilgan yana bir devoni qo‘lyozmasini aniqlab, 2012 yilda fanga ma’lum qildi. Mazkur devon shoirning Oqquyunlilar sulolasi (Ozarbayjon va G‘arbiy Eron hududida 1378-1508 yillarda hukmronlik qilgan o‘g‘uz turklari) hukmronligi hududidagi muxlislari tomonidan tuzilgan bo‘lib, hozircha fanda shartli ravishda “Oqquyunlilar devoni” nomi bilan yuritilmoqda.

Devon 1471 yil 25 dekabrda Anisiy taxallusi bilan she’rlar yozgan shoir va xattot Abdurahim ibn Abdurahmon Xorazmiy tomonidan Oqquyunlilar saltanatining markazlaridan biri bo‘lgan Sheroz shahrida ko‘chirilgan. Devonda jami 229 ta she’r bor: 224 g‘azal, 1 mustazod, 3 muxammas va 1 tarje’band. Bu majmuadagi 224 g‘azaldan 217 tasi “Badoe’u-l-bidoya”ga va faqat bittasigina “Navodiru-n-nihoya”ga o‘tgan. Devondagi 90% g‘azal «Ilk devon»da uchramaydi. Bu holat mazkur g‘azallarning katta qismi 1466 yildan keyingi 5 yil orasida (1471 yilgacha) yaratilganligini ko‘rsatadi. Avvallari Alisher Navoiyning turkiy tildagi she’riyati 4 bosqichda: “Ilk devon”, “Badoe’u-l-bidoya”, “Navodiru-n-nihoya”, “Xazoyinu-l-maoniy” tarzida o‘rganilib kelinardi. Endilikda mazkur devon topilgandan so‘ng Alisher Navoiy she’riyatini besh bosqichda o‘rganishga zarurat seziladi. Buni quyidagi jadvalda ko‘rish mumkin:

Bosqichlar        Navoiy devonlari           Tuzilish muddati

I                      Ilk devon                               1465-66
II                    Oqquyunlilar devoni                1471
III                   Badoe’u-l-bidoya                     1470-80
IV                   Navodiru-n-nihoya                   1480-87
V                     Xazoyinu-l-maoniy                  1492-98

Oqquyunlilar saltanatining asosiy aholisi o‘g‘uz turklari bo‘lgani uchun mazkur qo‘lyozmada Alisher Navoiy she’rlari o‘g‘uz lahjasiga moslashtirilib ko‘chirilgan. Masalan, Navoiyning mashhur g‘azali matla’si ushbu devonda quyidagi holatda uchraydi:

Mehr cho‘x ko‘rsatdim, ammo mehribone dopmadim,
Jon base qildim fido, oromi jone dopmadim.

Oqquyunlilar devoni hozirda Misrning Kohira shahrida saqlanmoqda.

Alisher Navoiy Husayn Boyqaro taxtga chiqqanidan keyin uning topshirig‘i bilan o‘zining birinchi rasmiy devoni “Badoe’u-l-bidoya” (“Badiiylikning boshlanishi”)ni tartib beradi. Devonning Alisher Navoiy hayotlik davrida (1480, 1482 va 1486 yillarda) ko‘chirilgan nusxalari Parij Milliy kutubxonasida (1480 yil, inv.№ 746), Britaniya muzeyida (1482 yil, inv.№ 401) va Toshkent shahrida (1486 yil, inv.№ 216, asos nusxa) saqlanadi. Devon mazkur nusxalar asosida filologiya fanlari nomzodlari Sh.Sharipov va M.Rahmatullayevalar tomonidan nashrga tayyorlangan (MAT, 1-jild).

Shoir bu devoni uchun maxsus debocha ham yozib, unda devon tartib berish masalalariga to‘xtaladi va quyidagi xususiyatlarni alohida ko‘rsatib o‘tadi:

1. “Avval budurkim, har kishikim devon tartib qilibdurur, o‘ttiz ikki harfdinki, xaloyiq iboratida voqi’durur va ulus kitobatida shoyi’, to‘rt harfg‘a taarruz qilmaydururlar…

2. Yana bukim, har harf g‘azaliyotining avval bitigan g‘azal bila o‘zga g‘azallar orasida uslub xaysiyatidin tafovut rioyat qilmaydururlar. Muqarrardurkim, har amrda bir lahza haq subhonahu va taolo hamdidin yo rasul alayhissalom na’tidin, yo bu ikki ishga dalolat qilurdek bir amrdin g‘ofil bo‘lmamog‘liq avlodur…

3. Yana bir bukim, go‘yiyo ba’zi el ash’or tahsilidin va devon takmilidin g‘araz majoziy husnu jamol tavsifi va maqsud zohiriy xattu xol ta’rifidin o‘zga nima anglamaydururlar. Devon topilg‘aykim, anda ma’rifatomiz bir g‘azal topilmag‘ay va g‘azal bo‘lg‘aykim, anda mav’izatangiz bir bayt bo‘lmag‘ay…

4. Yana bukim, soyir davovinda rasmiy g‘azal uslubidinkim, shoyi’durur, tajovuz qilib, maxsus nav’larda so‘z arusining jilvasig‘a namoyish va jamolig‘a oroyish bermaydururlar. Va agar ahyonan matlaye maxsus nav’da voqi’ bo‘lg‘on bo‘lsa, hamul matla’ uslubi bila itmom xil’atin va anjom kisvatin kiydurmaydururlar, balki tuganguncha agar bir bayt mazmuni visol bahorida guloroyliq qilsa, yana biri firoq xazonida xornamoyliq qilibdurur… Ul jihatdin sa’y qilindikim, har mazmunda matlaye voqi’ bo‘lsa, aksar andog‘ bo‘lg‘aykim, maqta’gacha surat xaysiyatidin muvofiq va ma’ni jonibidin mutobiq tushkay”.

Alisher Navoiy bu o‘rinda devonni g‘azallar bilan boshlash, g‘azallarni 28 harf emas, balki 32 harf (ﭺ – chim, ﮊ – je, ﮒ – gof va ﻼ – lom-alifni ham qo‘shgan holda) bilan tugallash zarurligi, devonga dastavval Allohga hamd yoki Payg‘ambarga na’t mavzusidagi g‘azallarni joylashtirish, g‘azallarga ma’rifat va mav’iza mavzulariga doir baytlar kiritish, g‘azal matla’sida keltirilgan fikrni maqta’gacha rivojlantirib borish va albatta, devonga janr jihatdan rang-barang she’rlarni kiritishni nazarda tutadi.

Alisher Navoiyning mazkur devoni aynan yuqoridagi qonun-qoidalarga amal qilingan holda tartib berilgan bo‘lib, unda 11 janrga oid jami 1046 ta she’r mavjud. Devonga she’rlar quyidagi tartibda joylashtirilgan: g‘azal – 777 ta, mustazod – 3 ta , muxammas – 5 ta, musaddas – 2 ta, tarji’band – 3 ta, qit’a – 46 ta, ruboiy – 85 ta, lug‘z – 10 ta, muammo – 52 ta, tuyuq – 10 ta, fard – 53 ta.

Alisher Navoiy tuzgan ikkinchi rasmiy devoni “Navodiru-n-nihoya” (“Behad nodirliklar”) deb atalib, 1480-1487 yillar oralig‘ida tuzilgan. Devonning 1487 yilda Hirotda mashhur xattot Abdujamil kotib tomonidan ko‘chirilgan nodir qo‘lyozma nusxasi hozirda O‘zR FA Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik institutida (inv. №11675, asos nusxa) saqlanmoqda. Shuningdek, devonning yana bir nisbatan to‘liq nusxasi Sulton Ali Mashhadiy tomonidan Hirotda ko‘chirilgan bo‘lib, bu nusxa ham hozirda O‘zR FA Abu Rayhon Beruniy nomidagi Sharqshunoslik institutida (inv. №1995) saqlanadi. “Navodiru-n-nihoya” devoni matni mazkur nusxalar asosida filologiya fanlari nomzodi M.Rahmatullayeva tomonidan nashrga tayyorlangan bo‘lib, unda 862 she’r bor (MAT, 2 jild). Mazkur nashrdan o‘rin olgan she’rlarning barchasi g‘azal janriga oid. Ushbu devondagi 64 g‘azal “G‘aroyibu-s-sig‘ar”ga, 331 g‘azal “Navodiru-sh-shabob”ga, 213 g‘azal “Badoe’u-l-vasat”ga va 196 g‘azal “Favoyidu-l-kibar”ga kiritilgan. Hazrat Navoiy “Navodiru-n-nihoya”dagi g‘azallarni keyinchalik “Xazoyinu-l-maoniy”ga kiritganda ko‘pincha ularni tahrir qilgan, ba’zi g‘azallarning faqat matla’sini saqlab qolib, qolgan baytlarini butunlay o‘zgartirgan .

Devon Navoiyning hamd mazmunidagi mashhur g‘azali bilan boshlanadi:

Zihi zuhuri jamoling quyosh kibi paydo,
Yuzung quyoshig‘a zarroti kavn o‘lub shaydo.

Alisher Navoiy 1492-1498 yillarda Husayn Boyqaroning taklifi bilan o‘zining barcha she’rlari, jumladan, avvalgi rasmiy devonlariga kirgan she’rlarini ham to‘plab, “Xazoyinu-l-maoniy” (“Ma’nolar xazinasi”) nomli yirik kulliyot yaratadi. Kulliyot to‘rt devonni o‘z ichiga olganligi uchun “Chor devon” deb ham yuritiladi. Kulliyotning Sankt-Peterburg (1498-99, inv. Xanikov-55; 1592-96, inv. Dorn-558), Istambul (1495-97, xattot Darvesh Muhammad Toqiy ko‘chirgan, inv. № 808), Parij (1525-27, kotib al-Hijroniy ko‘chirgan, inv. № 316-317) nusxalari mavjud bo‘lib, ular asosida professor H.Sulaymonov kulliyotning ilmiy-tanqidiy matnini yaratdi (1959-60). Mazkur matn MATning 3-6 jildlarini tashkil etuvchi devonlar uchun asos bo‘lgan.

Alisher Navoiy to‘rt devonning har biriga inson umrining fasllariga moslab nom berdi. Shu ma’noda 7-8 yoshdan 20 yoshgacha bo‘lgan davrni inson umrining bahori deb atadi va kulliyotning birinchi devonini “G‘aroyibu-s-sig‘ar” (“Bolalik g‘aroyibotlari”) deb nomladi. 20 yoshdan 35 yoshgacha bo‘lgan davrni inson umrining yozi deb belgiladi va “Navodiru-sh-shabob” (“Yigitlik nodirliklari”) deb atadi. 35-45 yoshni umrning kuziga qiyos etdi va “Badoe’u-l-vasat” (“O‘rta yosh go‘zalliklari”) deb nomladi. 45-60 yoshini umrining qishiga o‘xshatib, “Favoyidu-l-kibar” (“Keksalik foydalari”) deb atadi. Har bir devonga 650 tadan g‘azal kiritdi, shunga muvofiq boshqa she’riy janrlarga ham joy ajratdi.

Olim H.Sulaymonovning izlanishlari shuni ko‘rsatadiki, Navoiy “Xazoyinu-l-maoniy” kulliyotini tuzish ustida bir necha yil tinimsiz mehnat qilgan va 1498 yildagina uni hozirgi holatda tugal tarzda yakunlagan. Navoiy kulliyot devonlarini o‘zaro ichki mustahkam bog‘liq holda va qat’iy mutanosiblikda tuzadiki, ularga keyinchalik birorta g‘azal kiritish yoki devonlar tarkibidan tushirib qoldirish va hatto ichki o‘rnini almashtirish ham mumkin bo‘lmagan.

“Xazoyinu-l-maoniy” kulliyotining ichki tuzilishi jahatidan nihoyatda mustahkam tarzda tartib berilganligini shundan tasavvur qilish mumkinki, Alisher Navoiy undagi to‘rt devonning har biriga teng miqdorda 650 tadan g‘azal joylashtirgangina emas, balki shu bilan birga, shu g‘azallarning qofiyalanishiga ko‘ra ham har bir devonda o‘zaro teng va qat’iy mutanosib bo‘lishiga jiddiy ahamiyat bergan. Ya’ni, “alif” harfi bilan tugallanuvchi qofiya va radifli g‘azallar to‘rtala devonda ham 39 tadan, “be” harfi bilan tugallanuvchi qofiya va radifli g‘azallar 27 tadan va h.k. teng tarzda uchraydi.

Yoki yana bir misol. “Xazoyinu-l-maoniy” kulliyotida hammasi bo‘lib “Ango” radifli 12 g‘azal mavjud. Bu g‘azallar to‘rtala devonga uchtadan teng tarzda taqsimlangan. Shuningdek, ular har bir devonda bir o‘rinda, ya’ni 8-9- 10 o‘rinlarda joylashtirilgan. Bularning barchasi kulliyotning nihoyatda mustahkam tartibda o‘zaro mutanosib holatda tuzilganligini ko‘rsatadi.

Alisher Navoiy “Xazoyinu-l-maoniy” kulliyoti takmilini 1498 yilda tugatgandan so‘ng bu sanadan keyingi yillarda ham yuksak ijodiy sur’at bilan ishlashda davom etgan. Shoirning o‘zi kulliyot debochasida guvohlik berishicha, bir kunda bir-ikki, ba’zan uch-to‘rt g‘azal yozgan paytlari ham bo‘lgan:

Kun bor ediki bir g‘azalu ikki g‘azal,
Bal uch g‘azalu to‘rt g‘azal ba’zi mahal…

Navoiyshunos A.Abdug‘afurovning yozishicha, Navoiy hayotining so‘nggi yillarida ham ana shunday katta ilhom va jiddiy sur’at bilan barakali qalam tebratgan va keyingi ikki yildan ortiq vaqt davomida ko‘plab g‘azal, qit’a, ruboiy, muxammas va boshqa lirik janrlarda asarlar yaratgan . Olim bu lirik she’rlar o‘rin olgan bir necha manbalarni keltiradi:

1. “Muhokamatu-l-lug‘atayn”da shoir o‘zbek adabiyoti va jonli so‘zlashuv tilining boyligini ko‘rsatish maqsadida ko‘plab so‘z va iboralarning yozma adabiyotda ishlatilishiga misol tariqasida o‘z she’riyatidan baytlar keltiradi. Keltirilgan baytlarning aksariyati taxallus bilan yakunlanuvchi maqta’ ekanligi hazrat Navoiyning mazkur g‘azali tugal holda mavjud bo‘lganligini ko‘rsatadi.

2. Ba’zi tazkiralar, xususan, Hasanxoja Nisoriyning “Muzakkiri ahbob” tazkirasida keltirilgan maqta’ bayt Navoiy devonlarining hech birida uchramaydi.

3. Zahiriddin Muhammad Boburning “Risolai aruz” asarida Navoiy ijodidan ramal bahri uchun misol tariqasida keltirilgan qirq olti g‘azal matla’larining bittasi kulliyot tarkibiga kirmaganligining guvohi bo‘lamiz.

4. Alisher Navoiy asarlariga XV-XVIII asrlarda tuzilgan lug‘atlar, xususan, “Badoe’u-l-lug‘at”, “Abushqa”, “Sangloh” lug‘atlarida ko‘plab so‘zlarning izohi uchun keltirilgan ayrim misol baytlar ham “Xazoyinu-l-maoniy”da uchramaydi.

5. Alisher Navoiy g‘azallariga bitilgan ko‘plab taxmislar tarkibidagi shoir qalamiga mansub baytlar ajratib olinganda ularning ba’zilari “Xazoyinu-l-maoniy” kulliyotida mavjud emasligi ma’lum bo‘ladi .
Bularning barchasi Alisher Navoiy umrining so‘nggi yillarida ham ijod qilishdan bir lahza to‘xtamaganligini ko‘rsatadi.
Alisher Navoiy forsiy tilda bitgan she’rlarini ham yig‘ib, “Devoni Foniy” nomli to‘plam tuzdi. Bizgacha devonning bir necha qo‘lyozma nusxalari yetib kelgan. Bulardan 2 tasi Parij (inv. № 285, 1345), 2 tasi Turkiya (inv. № 3850, 1952), va bir nusxa Tehron (inv. № 15002) kutubxonalarida saqlanadi. Bu nusxalar orasida Parijdagi 285 raqamli qo‘lyozma nisbatan mukammal hisoblanadi . Akademik B.Valixo‘jayev “Devoni Foniy” nusxalarini o‘rganib chiqib, ulardagi she’riy janrlar miqdorini quyidagicha deb ko‘rsatadi: 10 qasida, 554 g‘azal, 1 musaddas, 1 marsiya, 72 qit’a, 73 ruboiy, 16 ta’rix, 373 muammo, 9 lug‘z. Olim ularning miqdorini 1109 ta deb belgilab, umumiy hajmi 6179 bayt ekanligini ta’kidlaydi.
Ko‘ringanidek, Alisher Navoiyning barcha she’riy merosi 9 devonda jam bo‘lgan bo‘lib, ularning ikkitasi ixlosmandlari tomonidan tuzilganligi Navoiy she’rlariga hamma davrlarda, xususan, o‘z davrida ham yuqori darajada ehtiyoj bo‘lganligidan darak beradi.

ADABIYOTLAR:

1. Navoiy Alisher. Mukammal asarlar to‘plami. 20 jildlik. – T.: Fan, 1987-1988. 1-2- jildlar.
2. Navoiy Alisher. Mukammal asarlar to‘plami. 20 jildlik. – T.: Fan, 1988-1990. 3-6- jildlar.
3. Navoiy Alisher. Mukammal asarlar to‘plami. 20 jildlik. – T.: Fan, 2003. 20- jild.
4. Navoiy Alisher. Ayyomi visol o‘ldi yana: Yangi topilgan g‘azallar (Nashrga tayyorlovchi F.Sulaymonova). – T.: Adabiyot va san’at nashriyoti, 1995.
5. Navoiy Alisher. Xazoyinul maoniy (Ilmiy-tanqidiy tekst asosida nashrga tayyorlovchi H.Sulaymonov). 4 jildlik. 1-4-jildlar. – T.: Fan, 1959-1960.
6. Is’hoqov Yo. Alisher Navoiyning ilk lirikasi: Filol. fan.nomzodi ilmiy darajasini olish uchun yozilgan dissert. – T., 1963.
7. A.Abdug‘afurov. “Xazoyinu-l-maoniy”dan chetda qolgan g‘azallar// Navoiyning ijod olami (maqolalar to‘plami). – T.: Fan, 2001.
8. Erkinov A. Navoiyning muxlislari tomonidan tuzilgan yana bir devoni // O‘zbek tili va adabiyoti. – T.: Fan, 2012. – № 1.
9. O‘zbek adabiyoti tarixi. Besh jildlik. 2-jild (XV asrning ikkinchi yarmi). – T.: Fan, 1977.

HUSAYN BOYQARO HAQIDA
09

Ashampoo_Snap_2016.12.20_16h43m39s_001_.pngHusaynning otasi G‘iyosiddin Mansur 1445 yilda vafot etgach, Husayn 14 yoshigacha maktabda ta’lim oladi va shu maktabda yosh Alisher bilan do‘stlashadi. Tarixiy manbalardan shu narsa mulumki, Sulton Husayn Boyqaro Temuriy shahzodalar orasida jasoratli, mard, odil va tadbirkor saltanat sohibi bo‘lgan.

Sulton Husayn Amir Temurning evarasi bo‘lib, 1438 yil iyul (hijriy 842 yil, muharram) oyida Xirotning sharqi-shimolidagi Davlatxona saroyida dunyoga kelgan. Uning otasi G‘iyosiddin Mansur Boyqoro Mirzoning uchinchi o‘g‘li edi. Boyqoro Mirzoning otasi esa Amir Temurning ikkinchi o‘g‘li Umar Shayx (1356-1394), onasi Feruza begim esa ota tomonidan Amir Temurning katta qizi O‘gi Begi xonimning o‘g‘li Sulton Husayn Mirzoning qizi bo‘lib, Feruza begimning onasi Qutlug‘ Sulton begim esa Amir Temurning uchinchi o‘g‘li Mironshoh Mirzoning (1366-1408) qizi edi. Darhaqiqat, Husayn Boyqoro Zahiriddin Muhammad Bobur ta’riflaganidek, “Karim ut-tarafayn”, ya’ni har ikki tomondan ham nasabi Amir Temur Ko‘ragonga borib tutashadi.

1452 yilda yosh Husayn Xirot hukmdori Abulqosim Bobur saroyiga xizmatga kiradi. 1457 yili Abulqosim Bobur vafotidan so‘ng, Husayn Mirzo saroyni tark etib, Marv hukmdori Sanjar Mirzo Marviy saroyiga xizmatga o‘tgach, hukmdor o‘z qizi — 15 yoshli Beka Sultonni unga nikohlab beradi. Biroq, qaynata bilan kuyov o‘rtasiga sovuqchilik tushib, saroydan ketishga majbur bo‘ladi. Shundan so‘ng Husayn Mirzo o‘n yildan ko‘proq vaqt davomida Xorazm, Xuroson, Astrobod, Mozandaron va Jurjon oralig‘ida sargardonlikda umr kechirdi. Bu davr mobaynida Temuriy shahzodalarning toju-taxt uchun olib borgan o‘zaro urushlarida Husayn Mirzo ham faol katnashib, Xirot hukmdori Sulton Abusayyid Mirzo (1424-1469) halokatidan so‘ng, 1469 yil 24 mart, juma kuni Husayn Mirzo tantana bilan Xirotga kirib keldi va o‘sha kuni Jome’ masjidida uning nomiga xutba o‘kildi.

Husayn Boyqaro Temuriy hukmronlik qilgan davrda Xuroson fuqarolari birmuncha osoyishta va farovon hayot kechirgan. Ayniqsa, uning vaziri Alisher Navoiyning sa’y-harakatlari natijasi o‘laroq, mamlakatda yirik suv inshootlari, ma’muriy va madaniy qurilishlar, Madrasa, masjid, karvonsaroy, rabotlar, ko‘priklar va shu kabi qurilish ishlari keng ko‘lamda olib borilgan. Shu bois Sulton Husayn Boyqoroning hukmronlik davrida Xirot fan va madaniyat markaziga aylangan edi. Bu davrda ilmu fanning barcha jabhalarida qalam tebratgan bilimdon olimlar, so‘z ustalari, adiblar, shoirlar, musiqashunoslar, hunarmand naqqoshlar va musavvirlar Xirotning dovrug‘ini jahonga mashhur qilganlar.

Sulton Husayn Boyqoro Xuroson muzofotida, ayniqsa, Xirotda diniy va madaniy-maishiy binolarni ko‘plab qurdirdi. Bu qurilishlarning asosiy mutasaddiysi sifatida Alisher Navoiyni ko‘rsatish joizdir. Shuningdek, shahanshohning yaqin kishilari hamda bek va amirlari o‘z nomlarini abadiylashtirish maqsadida masjid, Madrasa, rabot, ko‘prik, hammom va shunga o‘xshash qurilishlar bilan shahar ko‘rkini yanada jilolantirganlar. Chunonchi, Sulton Husayn Boyqaro Gozurgoh yaqinida o‘z nomiga Madrasa, Xirot tashqarisida “BOG‘I bayt ul-imon” va “ BOG‘I Hamsa oroyi” bog‘larini barpo etgan. Sulton Badiuzzamon Mirzo nomi bilan ataluvchi “Madrasayi Badi’a” ham Sulton Husayn Boyqoro davrining ulkan obidalaridan biridir. Bu davrda ta’mirlangan Jome’ masjidi ulkan binolardan bo‘lib, 403 gumbazi, 130 ravoqi va 44 ustuni bo‘lgan.

Shuningdek, Alisher Navoiy ham o‘z hisobidan bir necha mada¬niy-maishiy binolar, chunonchi “Safoiya” nomli hammom va “Shifoiya” nomli kasalxona qurdirgan.

Tarixchi Xondamirning yozishicha, Xurosonda qirqqa yaqin yi¬rik inshootlar Sulton Husayn Boyqoro davrida vujudga kelgan va Xirotga atrof-tevarakdan olimlar, shoirlar, adiblar, rassomlar, xattotlar, musiqachilar va boshqa har xil hunar ahllari kirib kela boshlagan. Jumladan, o‘sha davrda tabib Husayn Jarroh ichakni kesib davolashda chumolidan foydalanish usulini ixtiro qilgan. Ustod Sayyid Ahmad g‘ijjak, Ustod Shodquli g‘ijjak, Ustod Qul Muhammad udiy, Ustod Husayn udiy, Ustod Shayx Foniy noilar Xurosonda nom chiqargan yetuk musiqashunos allomalardan bo‘lgan. Naqqoshlik va xattotlik sohasida Xoja Mirak naqqosh, Mavlono Xoja Muhammad naqqosh va buyuk iste’dod sohibi Ustod Kamoliddin Behzodlar o‘z mahoratlari bilan Xuroson faxri hisoblangan.

Zahiriddin Muhammad Bobur Husayn Boyqoro zamonidagi olim¬lar, fozil va shoirlar haqida gapirib, ularning hammasini saromadi Mavlono Abdurahmon Jomiy, shuningdek, Shayxim Sudayliy, Husayn Ali Tufayliy, Osafiy, Binoiy, Sayfi Buxoriy, Mir Husayn Muammoiy, Mullo Muhammad Badaxshiy, Yusuf Badiiy, Oxiy, Shoh Husayn Koshiy, Xiloliy Ahliy, Muhammad Solih va boshqalar hakida qisqacha to‘htalib o‘tadi.

Alisher Navoiyning ta’kidlashicha esa Husayn Boyqoro qadimgi turk tilining taqdiriga befarq bo‘lmay, uning rivoji uchun qator chora-tadbirlarni amalga oshirgan. O‘sha davr adabiy muhitining ba’zi bir “mu’tabar” namoyandalari nazarida turk tili tahqirlanib, mazkur tilda ijod etish, ijodkorning iste’dodsizligini bildiruvchi nuqsonlardan biri deb hisoblangan. Binobarin, arab va fors tillariga e’tibor berilib, turk tili kamsitilgan. Ana shunday sharoitda Husayn Boyk,aro yozuvda turk tilini iste’molga kiritish borasida maxsus farmon bergan. Bu dadil qadam mamlakatning siyosiy, ijtimoiy va madaniy hayotida katta voqea bo‘lgani shubhasiz.

Husayn Boyqoro fors va turkiy tillarida g‘azal bitish iqtidoriga ega bo‘lsa-da, asosan turk tilida “Husayniy” taxallusi bilan ijod etgan. Uning ta’bi nazmi haqida Alisher Navoiy “Majolis un-nafois” asarida shunday yozadi: “Ul xazratning ho‘b ash’ori va Mapg‘yb abyoti bag‘oyat ko‘pdur va devon ham murattab bo‘lubtur”.

Sulton Husayn Boyqaro Xuroson hududini ichki va tashqi dushmandan tozalagach, beg‘amlikka, ayshu-ishratga beriladi. Hukmdorning so‘nggi yillari mamlakat ichida vujudga kelgan isyonlarni bostirish bilan o‘tadi. Bu isyonlar o‘z o‘g‘illari tarafidan mulk talashib, ko‘tarilgan nizo va mojarolardan iborat edi. Ammo shunga qaramay, u qo‘lidan kelganicha mamlakatda adolat va osoyishtalikni, ilm-ma’rifat va madaniyatni ravnaq toptirishga harakat qilgan.

1506 yil bahorida Sulton Husayn Boyqaro xastaligiga qaramay Xuroson qo‘shinini yig‘ib, Muhammad Shayboniyxonga qarshi Movarounnahr hududiga qarab yo‘l oladi. Shahanshoh Bobo Iloxiy mavzeiga yetganda, ahvoli og‘irlashib, qo‘shinni to‘htatishga qaror qiladi. 1506 yil 5 may, dushanba kuni kechqurun saltanat sohibi Abulg‘oziy Sulton Husayn Mirzo Boyqoro saktayi qalb (apopleksiya) kasali bilan 69 yoshida olamdan o‘tadi.

007

(Tashriflar: umumiy 19 205, bugungi 5)

1 izoh

  1. Ўқимишли мақола учун муаллифга ташаккур. Жиндаккина мулоҳаза.
    Алишер Навоийнинг девон тузиш анъанасини янгилаб, ﭺ – чим, ﮊ – же, ﮒ – гоф ва ﻼ – лом-алиф ҳарфларига ҳам шеърлар битганлиги илк марта фахрий академик Садриддин Айний томонларидан кўрсатилган.
    «Бадоеъ ул-бидоя»тузилишига оид тўрт оригинал хусусият, шоир новаторлиги устоз навоийшунос Ёқубжон Исҳоқов томонларидан аниқланган ва шарҳланган. Илм этикаси нуқтаи назаридан мақола матни ичида устоз олимларнинг хизматлари, шариф номлари эслатиб ўтилса, яхши бўларди.

Izoh qoldiring