Xurshid Davron. Navoiynoma. VII. Hirot. Navoiy Boyqaro saroyida & Usmon Sanaqulov. Husayn Boyqaro va Alisher Navoiy davrida Hirot

07_.png     Ҳусайн Бойқаро узоқ йиллик машаққатли курашлар эвазига 1469 йилда Хуросон мулкини эгаллаб, ғалаёнларни тинчлантиргач, қадрдон дўсти Навоийни Самарқанддан ўз ҳузурига қайтариб, уни давлат ишларига жалб этади. У дўстини, аввал, муҳрдорлик лавозимига, кейинчалик (1472 йилдан) унга амир унвонини бериб, бош вазир этиб тайинлади. Шу кундан бошлаб Алишер Навоийнинг фаолияти мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнай бошлади.

ҲУСАЙН БОЙҚАРО
ВА АЛИШЕР НАВОИЙ ДАВРИДА ҲИРОТ
Филология фанлари доктори Усмон САНАҚУЛОВ
09

0-143.jpgАбулғози Султон Ҳусайн Бойқаро Амир Темурнинг эвараси. Яъни, Соҳибқироннинг ўғли Умаршайхнинг Мирзо Бойқаро исмли фарзанди бўлиб, унинг Ғиёсиддин Мансур деган валиаҳди бўлган. Ҳусайн Бойқаро эса Ғиёсиддин Мансурнинг яккаю ягона ўғлидир.

Ҳусайн Бойқаро 1438 йилда Ҳирот шаҳрида таваллуд топган. 1469 йилда Ҳирот тахтига ўтириб, 37 йил ҳукмронлик қилган. У жуда идрокли, зўр қобилиятли эди. Темурийлар сулоласида юзага келаётган инқирозий ҳолатлар, мамлакатдаги мураккаб сиёсий танглик, шаҳзодалар ўртасидаги зиддиятли тўполонлар, қонли олишувлар даврида Ҳусайнга Хуросон мулки насиб этди.

Манбалардаги маълумотларга кўра, Ҳусайн Бойқаро XV асрнинг 60-йиллари бошларида Ҳирот, Обивард, Нисо, Машҳад ва бошқа вилоятларда темурий Султон Абусаидга қарши кураш олиб бориб, Хуросон тож-тахтининг асосий даъвогари сифатида танилди. У аввал Хоразм вилоятини қўлга киритди. Абусаид Мирзо Ғарбий Эрон ва Ироқ вилоятларида Оққўюнли туркманларга қарши ҳарбий юриш қилаётган бир пайтда Ҳусайн Бойқаро катта куч билан Хуросонда пайдо бўлади. Бу урушда Абусаид Мирзонинг ҳалок бўлиши Ҳусайн Бойқаро учун омад келтиради. Чунки Абусаиднинг ворислари отасининг ўлимидан сўнг Султон Ҳусайн билан тўқнашишга журъат эта олмай, Хуросон учун курашдан воз кечади ва Мовароуннаҳрга қайтади.

1469 йил 24 мартда Султон Ҳусайн Хуросоннинг ҳокими сифатида пойтахт — Ҳиротга кириб келади. Шундан сўнг Шоҳруҳ Мирзо давридагидек, Амир Темур давлатининг марказий ҳудудларида яна Хуросон ва Мовароуннаҳр каби икки давлат юзага келди. Мовароуннаҳрда Султон Абусаид ўғиллари (Султон Аҳмад, Султон Маҳмуд)нинг уқувсизлиги ва сусткашлиги туфайли феодал тарқоқлик авж олиб, кўп вилоятларда мустақил ҳокимликлар пайдо бўлади.

XV асрнинг II ярмида Мовароуннаҳрнинг сиёсий ва маънавий ҳаётида сўфийлик тариқатининг таъсири кучайиб, мамлакат сиёсий турмушида унинг намояндалари муҳим роль ўйнай бошлаган эди. Темурийзодаларнинг ўзаро зиддиятли тўқнашувларига аралашиб, уларни ўзаро келиштириш, тинчитишда ҳам тариқат намояндалари воситачилик қиларди. Масалан, Хўжа Аҳрор можароларга аралашиб, рақибларни ярашишга ундарди.

Шундай бир пайтда Хуросон шаҳарлари, хусусан, Ҳиротда Султон Ҳусайн ва унинг донишманд дўсти Алишер Навоий таъсирида маънавий-маданий ҳаёт бир мунча юксалди. Хуросон илм-фан, адабиёт ва маданият марказига айланди, муҳими, осойишталик ҳукм сурди. Тўғри, бу даврда қисман бўлса-да Хуросонда шаҳзода ва амирларнинг ўзаро зиддиятлари мавжуд эди. Шунингдек, айрим ҳудудларда Шайбонийхоннинг тажовузкорлиги ҳам бошланаётган эди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Шайбонихон Амир Темурдан сўнг, унинг салтанатида қарийб 40 йил давом этган ҳукмронликнинг охирги таянчларини деярли тамоман забт эта бошлаган бир даврларда Ҳусайн Бойқаро Хуросонда осойишталикни ўрната олган ва ўзига хос салоҳиятга эга эди. Шунинг учун Шайбонийхон Бойқаронинг ўзига қарши қатъий ҳужумга ўтишидан ҳайиқар эди.

Ана шундай давр ва шароитда Султон Ҳусайн Бойқаро ўз фаолиятида ижтимоий фойдали тадбирларни амалга ошира олди. Темурийлар ва ўз ворислари ўртасидаги зиддиятлар мавжудлиги ҳамда шайбонийлар таҳдидининг кучайиб боришига қарамай, мамлакатнинг илм-маърифатини, маънавий маданиятини ва хўжалик ҳаётини Мовароуннаҳрдагидан анча юксак даражага кўтарди. Мамлакатда барқарорлик ҳамда бирликни сақлаб, замонасининг тадбиркор ва салоҳиятли ҳукмдори сифатида танилди. Бунда Алишер Навоийнинг таъсири ва хизматлари ниҳоятда катта бўлган.

Навоийнинг таъсири ва иштирокида Ҳусайн Бойқаро мамлакатда ободонлаштириш ишларини амалга оширди, савдо-сотиқ муносабатларини йўлга қўйди. Тарих, тил ва адабиёт, санъат ва ҳунармандчилик соҳаларининг равнақ топишига имконият яратади. Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро ва унинг ҳукмдорлик даври ҳақида ўзининг «Муҳокаматул-луғатайн” асарида қуйидагича таъриф беради: «…Абдулғозий Султон Ҳусайн Баҳодурхон… жаҳонбонлик тахтида мақом тутти ва кишвариситонлиғ маснадида ором топти – мулк силкига амният гавҳарларин чекти ва жаҳон мазраъида жамият доналарин экти… ва калом хайлиға равнақ ва ривожлар даст берди. Ва ҳар илмда муфид таълифлар ва ҳар фанда мунтиж таснифлар қилдилар. …Қирқ йилға яқиндурким, Хуросон мулкиким, фазлу камол аҳлиға олам мамоликининг мисри муаззами ва саводи аъзамидур…”.

Ҳусайн Бойқаро Навоийни ниҳоятда ҳурмат қилган. Унинг сўзи, қимматли маслаҳатлари ва бевосита ёрдами билан мамлакатдаги ҳалокатли низоларга хотима берган. Хуросонда ўттиз йилча давом этган ўзаро келишмовчиликларни бостириб, осойишталик ўрнатишга эришган. Тўғри, бунда Ҳусайн Бойқаронинг ўткир ақли, теран зеҳни ва қаттиққўллиги ҳам ёрдам берган. Лекин ундаги бундай хусусиятларни ижобий томонга йўналтиришда Навоийнинг доно маслаҳатлари муҳим роль ўйнаган.

Алишер Навоий авлоди ўз даврининг ҳам давлатманд, ҳам маърифатпарвар кишиларидан бўлган. Баъзи тарихий манбаларда ёзилишича, Алишер Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад Кичкина билан Ҳусайн Бойқаронинг отаси ўиёсиддин Мансур эмикдош бўлишган (Суйима ўаниева, Шарифа Абдуллаева «Ҳусайн Бойқаро». Девон. Рисола. 1968 й).

Алишер Навоий шу жиҳатдан ҳам темурийлар авлодига яқин, деб қаралади. Шу билан бирга манбаларда ёзилишича, Навоий ҳам темурийларнинг уруғ-аймоғи саналган имтиёзли барлос баҳодирларига мансубдир. Ҳар ҳолда Навоийнинг ота-боболари темурий авлодлари билан яқин алоқада, сарой амалдорларидан бўлган, бувилари эса темурий шаҳзодаларга энагалик қилишган.

Темурий Абулқосим Бобур (1452-1457 йй) даврида Навоийнинг отаси саройда подшонинг ишончли, мартабали амалдорларидан ҳисобланган. Шунинг учун ҳам у 1452 йилда Сабзавор шаҳрига ҳоким этиб тайинланган. Темурийлар даврида Навоийнинг отаси ва бобоси анча катта ер, сув ҳамда турли соҳадаги мол-мулклар эгаси бўлишган.

Алишер Навоий ва Султон Ҳусайн бирга ўқиб, болалик чоғларидаёқ яқин дўст бўлганлар. Алишер отадан ёш етим қолади. Шу боис, у Хуросоннинг ҳукмдори Абулқосим Бобур даргоҳида Ҳусайн билан бирга тарбияланган. 1456 йилда Абулқосим Бобур Машҳадга жўнаганда бу икки дўст у билан бирга боришади ва ўша ерда ўқишни давом эттиришади. Абулқосим Бобур (1457 йил) вафотидан сўнг Алишер ва Ҳусайн 12 йил давомида бошқа-бошқа шаҳарда бўлишган. Хусусан, Ҳусайн Мирзо бу даврда Хоразмда, сўнг Хуросоннинг Ҳирот, Обивард, Нисо, Машҳад каби вилоятларини кезиб юрган. Бу ерларда у ҳукмронлик учун куч тўплаб, ўзининг рақиби – Абусаид Мирзога қарши курашиб, қўзғолонлар кўтариб юрган. Алишер эса айни шоирлик истеъдоди туфайли катта шуҳрат қозониб, аввал Машҳад, сўнг Тафт (Ироқ), Ҳирот мадрасаларида таълим олган. Машҳадда Ҳасан Ардашер ва Камол Турбадий каби машҳур шоирлар билан, Тафтда тарихчи Шарафиддин Али Яздий билан учрашиб, уларнинг суҳбатида бўлган.

Темурий Абусаид Мирзо Ҳиротни эгаллагач, Навоийни ўз рақибининг энг яқин дўсти бўлганлиги ҳамда шоирнинг оиласи ва қариндошлари алғов-далғов курашлар даврида Ҳусайн Мирзога садоқат билан хизмат қилганлиги боис ёш ижодкорга нисбатан адоватда бўлади. Абусаид Мирзо Навоийнинг эл орасида шуҳрат топаётганидан хавфсирарди. Унинг халқ ўртасида обрў-эътибор қозона бориши ҳокимият илдизига зарба бўлажагини биларди. Бу хавфсираш туфайли, ҳатто, унинг ижодкор тоғалари Мир Сайид (Қобилий) ва Муҳаммад Али (ўарибий)ни қатл эттиради. Алишер Навоийни эса марказдан йироқлаштириш ҳаракатида бўлади. Унинг хоҳиши (шоирнинг ҳам истаги) билан Навоий Ҳиротни тарк этиб, маълум муддат Самарқандда яшашга мажбур бўлади.

Алишер Навоий Самарқандда яшаган пайтларда ҳам илм-фан ва бадиий ижод билан машғул бўлади, икки йил мадраса таълимини олади. У машҳур олим Абу Лайс Самарқандийдан сабоқ олади. Жумладан, фалакиётшунослик, риёзиёт, ҳикматшунослик, муҳандислик каби илмларга қизиқиб, бу соҳаларда ҳам анча билимга эга бўлади. Улуғбек раҳбарлигида вужудга келган расадхонани кўришга муяссар бўлади ва бу даргоҳ унда катта таассурот қолдиради. Хуллас, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг кейинги фаолияти учун Самарқанд сафари муҳим аҳамиятга эга бўлди…

Ҳусайн Бойқаро узоқ йиллик машаққатли курашлар эвазига 1469 йилда Хуросон мулкини эгаллаб, ғалаёнларни тинчлантиргач, қадрдон дўсти Навоийни Самарқанддан ўз ҳузурига қайтариб, уни давлат ишларига жалб этади. У дўстини, аввал, муҳрдорлик лавозимига, кейинчалик (1472 йилдан) унга амир унвонини бериб, бош вазир этиб тайинлади. Шу кундан бошлаб Алишер Навоийнинг фаолияти мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнай бошлади. У Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлигининг барқарорлиги учун курашди. Бунинг учун дастлаб инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилади. Ҳусайн Бойқарони мамлакатда адолат ўрнатиб, халққа ғамхўрлик кўрсатишга ундади. Унга аҳолининг тинч ва осойишта яшаши учун мамлакатда кучли марказлашган давлатни вужудга келтиришни, ички ва ташқи муносабатларни яхшилашни уқтиради. У Ҳусайн Бойқарони мамлакатни ободонлаштириш ва илм-фан, маданий-маърифий соҳаларни ривожлантириш, халқнинг моддий-иқтисодий аҳволини яхшилаш учун зарур бўлган барча тадбирларни амалга оширишга ундайди. Бу каби таклиф ва маслаҳатлар Султон Ҳусайнга маъқул бўлади. Натижада у фаолиятини Алишер Навоий маслаҳатлари асосида тартибга келтиради.

Ўша даврнинг машҳур тарихнависи Хондамир ўзининг «Макорим ул-аҳлоқ” асарида Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийнинг мамлакатни ободонлаштириш, бунёдкорлик ва деҳқончилик ишларини ривожлантириш юзасидан тузган режалари ҳақида муҳим маълумотларни беради. Унинг ёзишича, Ҳусайн Бойқаро суҳбатларда мамлакат ободончилиги ҳақида сўз кетса, Алишер Навоийнинг маслаҳати ёхуд мулоҳазаларидан тўғри хулоса чиқаришини, бош вазири, қадрдон дўстининг сўзлари шоҳ (Ҳусайн) наздида эътиборли бўлганлигини баён этган.

Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги давридаги ободонлаштириш, шунингдек, қурилиш-бунёдкорлик ишлари салтанат девонхонаси бош вазири бўлган Алишер Навоий номи билан бевосита боғлиқ.

Тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг «Тарихи Рашиди” рисоласида қайд этилишича, Алишер Навоийнинг бир йиллик даромади 18 минг «шоҳруҳий” динорга тенг бўлган. Бундан ташқари, отасидан мерос бўлиб қолган ер-сув, мол-мулкдан ҳам яхшигина даромад олган. У ушбу маблағнинг аксарият қисмини ҳайрия тадбирларига, жумладан, қурилиш ва ободонлаштириш ишларига сарфлаган.

Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, Навоий ўз маблағига 52 та работ, 19 та ҳовуз, 16 та кўприк, 9 та ҳаммом ва бир қанча иморат ва иншоотлар қурдирган. Астробод шаҳридаги Мир саройи, жоме масжиди, Марв шаҳридаги «Хисравия” мадрасаси шулар жумласидандир.

Шунингдек, жангу жадаллар ёки табий офатлар туфайли шикастланган жамоат биноларини қайта таъмирлашдек сермашаққат ишларни ҳам амалга оширган. Масалан, тарихчи Хондамирнинг «Хулосатул-ахбор” асарида ёзилишича, XII асрда Ҳиротда бунёд этилган жоме масжидини таъмирлашда қарийб 100 нафар моҳир ҳунарманд-усталар жалб этилиб, узунлиги 114 метр, эни 84 метр, 6 та дарвозаси бўлган бу масжид қисқа фурсатда кўркам бинога айланган. Ушбу мажмуа ҳозир ҳам Ҳиротнинг энг гўзал обидаларидан бири саналади. Бундан ташқари, Навоий ташаббуси билан Ҳирот, Машҳад, Марв ва бошқа шаҳар-қишлоқлардаги Гавҳаршод масжиди, Қобус минораси, Арслон-жозиба работи каби 12 та йирик иморату иншоотлар таъмирланган.

Мир Алишер Навоий инсонлар саломатлиги йўлидаги эзгу ишларга ҳам бефарқ бўлмаган. Жумаладан, Ҳирот шаҳрида ўз жамғармаси ҳисобидан «Шифоия” шифохонасини қурдирган ва бу ерда ишлаш учун таниқли табиб ва доришуносларни жалб этган. Бу маскан табобат илмгоҳи тарзида бўлиб, унда табиб ва ҳакимлар беморларни даволаш билан бирга табобат илми ва тадқиқот ишлари ҳам олиб боришган. ¢иёсиддин Муҳаммад, Низомиддин Абдулхай, Дарвишали, Муҳаммад Юсуф, Абдулхай Туний, Муҳаммад Муъин, Худбиддин Одам каби машҳур табиблар «Шифоия”да фаолият кўрсатганлар.

Навоий раҳнамолигида Ҳиротда «Доруш-шифо” шифохонаси ҳам очилади. ХV асрда Ҳирот «Доруш-шифо”си, айниқса, каҳҳоллари (кўз касалликлари табиблари) ниҳоятда шуҳрат қозонган. Ҳатто Хўжа Аҳрорнинг Навоийга ёзган мактуби билан Мавлоно Фазлулло даволаниш учун Самарқанддан Ҳиротга келган эди. Хўжа Аҳрор касал бўлганида эса Навоийнинг фармонига асосан «Доруш-шифо» шифохонаси табиби Низомиддин Абдулҳай Самарқандга юборилади.

Навоийнинг Ҳирот ва Машҳад шаҳарларида деҳқончилик ишларининг ривожи учун амалга оширган эзгу тудбирлари ҳам таҳсинга лойиқ. У ушбу икки шаҳар атрофида канал қаздиради, Тус вилоятининг Чашмағул мавзеида «Турукбанд» сув омбори қурдиради.

Алишер Навоий даврида Ҳиротда китобот санъати, яъни хаттотлик – қўлёзма асарларни (ҳуснихат, мусаввирлик, лаввоҳлик ва муқовалаш асосида) кўчириб тайёрлаш, тасвирий ҳамда халқ мусиқаси санъатлари ҳам юксак даражада ривожланган эди (Маллаев Н.М. «Навоий ижодиётининг халқчил негизи», 1973 й).

Маънавий маданият ривожи йўлида ҳамиша мурувватли бўлган Алишер Навоийнинг тасвирий ва мусиқа санъати аҳлига ҳам эътибори катта бўлган, уларга ғамхўрлик қилган. Унинг муруввати билан бу соҳалар анча тараққий этган эди. Масалан, тасвирий санъатда Камолиддин Беҳзод, Мирак Наққош, Маҳмуд Музаҳҳиб, Ҳожи Муҳаммад Наққош каби кўпгина мўйқалам соҳиблари етишиб чиққан. Айниқса, Алишер Навоий муруввати билан юзага келган Ҳирот мусаввирлик мактаби улкан ютуқларга эришди. Бу мактаб асосчиси замондошлари томонидан «Монийи соний”, кейинги давр олимлари томонидан эса «Шарқ Рафаэли” деб улуғланган Камолиддин Беҳзод XV аср тасвирий санъатининг улуғ намояндаси ҳисобланди.

XIV-XV асрларда Ўрта Осиёда мусиқа санъати ҳам анча тараққий этди. Бу даврларда янги куй ва қўшиқлар, чолғу асбоблари ҳамда мусиқа назариясига доир асарлар яратилди. Жуда кўп созандалар, бастакор ва ҳофизлар етишиб чиқди. Машҳур мусиқачилар билан бир қаторда Алишер Навоий ҳам мусиқа соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган. Яъни, истеъдодли мусиқашунос сифатида «Исфахоний” ва туркий тилда «аруз” вазнида қўшиқ айтиш санъатини «Мезонул-авзон» асарида назарий жиҳатдан асослаган.

Манба: Муаллифнинг «Зарафшон» газетасида босилган “Ҳусайн Бойқаро салтанати” мақоласидан парча

HUSAYN BOYQARO
VA ALISHЕR NAVOIY DAVRIDA HIROT
Filologiya fanlari doktori Usmon SANAQULOV
09

Ashampoo_Snap_2016.12.20_16h43m39s_001_.pngAbulg‘ozi Sulton Husayn Boyqaro Amir Temurning evarasi. Ya’ni, Sohibqironning o‘g‘li Umarshayxning Mirzo Boyqaro ismli farzandi bo‘lib, uning G‘iyosiddin Mansur degan valiahdi bo‘lgan. Husayn Boyqaro esa G‘iyosiddin Mansurning yakkayu yagona o‘g‘lidir.

Husayn Boyqaro 1438 yilda Hirot shahrida tavallud topgan. 1469 yilda Hirot taxtiga o‘tirib, 37 yil hukmronlik qilgan. U juda idrokli, zo‘r qobiliyatli edi. Temuriylar sulolasida yuzaga kelayotgan inqiroziy holatlar, mamlakatdagi murakkab siyosiy tanglik, shahzodalar o‘rtasidagi ziddiyatli to‘polonlar, qonli olishuvlar davrida Husaynga Xuroson mulki nasib etdi.

Manbalardagi ma’lumotlarga ko‘ra, Husayn Boyqaro XV asrning 60-yillari boshlarida Hirot, Obivard, Niso, Mashhad va boshqa viloyatlarda temuriy Sulton Abusaidga qarshi kurash olib borib, Xuroson toj-taxtining asosiy da’vogari sifatida tanildi. U avval Xorazm viloyatini qo‘lga kiritdi. Abusaid Mirzo G‘arbiy Eron va Iroq viloyatlarida Oqqo‘yunli turkmanlarga qarshi harbiy yurish qilayotgan bir paytda Husayn Boyqaro katta kuch bilan Xurosonda paydo bo‘ladi. Bu urushda Abusaid Mirzoning halok bo‘lishi Husayn Boyqaro uchun omad keltiradi. Chunki Abusaidning vorislari otasining o‘limidan so‘ng Sulton Husayn bilan to‘qnashishga jur’at eta olmay, Xuroson uchun kurashdan voz kechadi va Movarounnahrga qaytadi.

1469 yil 24 martda Sulton Husayn Xurosonning hokimi sifatida poytaxt — Hirotga kirib keladi. Shundan so‘ng Shohruh Mirzo davridagidek, Amir Temur davlatining markaziy hududlarida yana Xuroson va Movarounnahr kabi ikki davlat yuzaga keldi. Movarounnahrda Sulton Abusaid o‘g‘illari (Sulton Ahmad, Sulton Mahmud)ning uquvsizligi va sustkashligi tufayli feodal tarqoqlik avj olib, ko‘p viloyatlarda mustaqil hokimliklar paydo bo‘ladi.

XV asrning II yarmida Movarounnahrning siyosiy va ma’naviy hayotida so‘fiylik tariqatining ta’siri kuchayib, mamlakat siyosiy turmushida uning namoyandalari muhim rol o‘ynay boshlagan edi. Temuriyzodalarning o‘zaro ziddiyatli to‘qnashuvlariga aralashib, ularni o‘zaro kelishtirish, tinchitishda ham tariqat namoyandalari vositachilik qilardi. Masalan, Xo‘ja Ahror mojarolarga aralashib, raqiblarni yarashishga undardi.

Shunday bir paytda Xuroson shaharlari, xususan, Hirotda Sulton Husayn va uning donishmand do‘sti Alisher Navoiy ta’sirida ma’naviy-madaniy hayot bir muncha yuksaldi. Xuroson ilm-fan, adabiyot va madaniyat markaziga aylandi, muhimi, osoyishtalik hukm surdi. To‘g‘ri, bu davrda qisman bo‘lsa-da Xurosonda shahzoda va amirlarning o‘zaro ziddiyatlari mavjud edi. Shuningdek, ayrim hududlarda Shayboniyxonning tajovuzkorligi ham boshlanayotgan edi.

Shuni alohida qayd etish lozimki, Shaybonixon Amir Temurdan so‘ng, uning saltanatida qariyb 40 yil davom etgan hukmronlikning oxirgi tayanchlarini deyarli tamoman zabt eta boshlagan bir davrlarda Husayn Boyqaro Xurosonda osoyishtalikni o‘rnata olgan va o‘ziga xos salohiyatga ega edi. Shuning uchun Shayboniyxon Boyqaroning o‘ziga qarshi qat’iy hujumga o‘tishidan hayiqar edi.

Ana shunday davr va sharoitda Sulton Husayn Boyqaro o‘z faoliyatida ijtimoiy foydali tadbirlarni amalga oshira oldi. Temuriylar va o‘z vorislari o‘rtasidagi ziddiyatlar mavjudligi hamda shayboniylar tahdidining kuchayib borishiga qaramay, mamlakatning ilm-ma’rifatini, ma’naviy madaniyatini va xo‘jalik hayotini Movarounnahrdagidan ancha yuksak darajaga ko‘tardi. Mamlakatda barqarorlik hamda birlikni saqlab, zamonasining tadbirkor va salohiyatli hukmdori sifatida tanildi. Bunda Alisher Navoiyning ta’siri va xizmatlari nihoyatda katta bo‘lgan.

Navoiyning ta’siri va ishtirokida Husayn Boyqaro mamlakatda obodonlashtirish ishlarini amalga oshirdi, savdo-sotiq munosabatlarini yo‘lga qo‘ydi. Tarix, til va adabiyot, san’at va hunarmandchilik sohalarining ravnaq topishiga imkoniyat yaratadi. Alisher Navoiy Husayn Boyqaro va uning hukmdorlik davri haqida o‘zining “Muhokamatul-lug‘atayn” asarida quyidagicha ta’rif beradi: ”…Abdulg‘oziy Sulton Husayn Bahodurxon… jahonbonlik taxtida maqom tutti va kishvarisitonlig‘ masnadida orom topti – mulk silkiga amniyat gavharlarin chekti va jahon mazra’ida jamiyat donalarin ekti… va kalom xaylig‘a ravnaq va rivojlar dast berdi. Va har ilmda mufid ta’liflar va har fanda muntij tasniflar qildilar. …Qirq yilg‘a yaqindurkim, Xuroson mulkikim, fazlu kamol ahlig‘a olam mamolikining misri muazzami va savodi a’zamidur…”.

Husayn Boyqaro Navoiyni nihoyatda hurmat qilgan. Uning so‘zi, qimmatli maslahatlari va bevosita yordami bilan mamlakatdagi halokatli nizolarga xotima bergan. Xurosonda o‘ttiz yilcha davom etgan o‘zaro kelishmovchiliklarni bostirib, osoyishtalik o‘rnatishga erishgan. To‘g‘ri, bunda Husayn Boyqaroning o‘tkir aqli, teran zehni va qattiqqo‘lligi ham yordam bergan. Lekin undagi bunday xususiyatlarni ijobiy tomonga yo‘naltirishda Navoiyning dono maslahatlari muhim rol o‘ynagan.

Alisher Navoiy avlodi o‘z davrining ham davlatmand, ham ma’rifatparvar kishilaridan bo‘lgan. Ba’zi tarixiy manbalarda yozilishicha, Alisher Navoiyning otasi G‘iyosiddin Muhammad Kichkina bilan Husayn Boyqaroning otasi o‘iyosiddin Mansur emikdosh bo‘lishgan (Suyima o‘aniyeva, Sharifa Abdullayeva «Husayn Boyqaro». Devon. Risola. 1968 y).

Alisher Navoiy shu jihatdan ham temuriylar avlodiga yaqin, deb qaraladi. Shu bilan birga manbalarda yozilishicha, Navoiy ham temuriylarning urug‘-aymog‘i sanalgan imtiyozli barlos bahodirlariga mansubdir. Har holda Navoiyning ota-bobolari temuriy avlodlari bilan yaqin aloqada, saroy amaldorlaridan bo‘lgan, buvilari esa temuriy shahzodalarga enagalik qilishgan.

Temuriy Abulqosim Bobur (1452-1457 yy) davrida Navoiyning otasi saroyda podshoning ishonchli, martabali amaldorlaridan hisoblangan. Shuning uchun ham u 1452 yilda Sabzavor shahriga hokim etib tayinlangan. Temuriylar davrida Navoiyning otasi va bobosi ancha katta yer, suv hamda turli sohadagi mol-mulklar egasi bo‘lishgan.

Alisher Navoiy va Sulton Husayn birga o‘qib, bolalik chog‘laridayoq yaqin do‘st bo‘lganlar. Alisher otadan yosh yetim qoladi. Shu bois, u Xurosonning hukmdori Abulqosim Bobur dargohida Husayn bilan birga tarbiyalangan. 1456 yilda Abulqosim Bobur Mashhadga jo‘naganda bu ikki do‘st u bilan birga borishadi va o‘sha yerda o‘qishni davom ettirishadi. Abulqosim Bobur (1457 yil) vafotidan so‘ng Alisher va Husayn 12 yil davomida boshqa-boshqa shaharda bo‘lishgan. Xususan, Husayn Mirzo bu davrda Xorazmda, so‘ng Xurosonning Hirot, Obivard, Niso, Mashhad kabi viloyatlarini kezib yurgan. Bu yerlarda u hukmronlik uchun kuch to‘plab, o‘zining raqibi – Abusaid Mirzoga qarshi kurashib, qo‘zg‘olonlar ko‘tarib yurgan. Alisher esa ayni shoirlik iste’dodi tufayli katta shuhrat qozonib, avval Mashhad, so‘ng Taft (Iroq), Hirot madrasalarida ta’lim olgan. Mashhadda Hasan Ardasher va Kamol Turbadiy kabi mashhur shoirlar bilan, Taftda tarixchi Sharafiddin Ali Yazdiy bilan uchrashib, ularning suhbatida bo‘lgan.

Temuriy Abusaid Mirzo Hirotni egallagach, Navoiyni o‘z raqibining eng yaqin do‘sti bo‘lganligi hamda shoirning oilasi va qarindoshlari alg‘ov-dalg‘ov kurashlar davrida Husayn Mirzoga sadoqat bilan xizmat qilganligi bois yosh ijodkorga nisbatan adovatda bo‘ladi. Abusaid Mirzo Navoiyning el orasida shuhrat topayotganidan xavfsirardi. Uning xalq o‘rtasida obro‘-e’tibor qozona borishi hokimiyat ildiziga zarba bo‘lajagini bilardi. Bu xavfsirash tufayli, hatto, uning ijodkor tog‘alari Mir Sayid (Qobiliy) va Muhammad Ali (o‘aribiy)ni qatl ettiradi. Alisher Navoiyni esa markazdan yiroqlashtirish harakatida bo‘ladi. Uning xohishi (shoirning ham istagi) bilan Navoiy Hirotni tark etib, ma’lum muddat Samarqandda yashashga majbur bo‘ladi.

Alisher Navoiy Samarqandda yashagan paytlarda ham ilm-fan va badiiy ijod bilan mashg‘ul bo‘ladi, ikki yil madrasa ta’limini oladi. U mashhur olim Abu Lays Samarqandiydan saboq oladi. Jumladan, falakiyotshunoslik, riyoziyot, hikmatshunoslik, muhandislik kabi ilmlarga qiziqib, bu sohalarda ham ancha bilimga ega bo‘ladi. Ulug‘bek rahbarligida vujudga kelgan rasadxonani ko‘rishga muyassar bo‘ladi va bu dargoh unda katta taassurot qoldiradi. Xullas, she’riyat mulkining sultoni Alisher Navoiyning keyingi faoliyati uchun Samarqand safari muhim ahamiyatga ega bo‘ldi…

Husayn Boyqaro uzoq yillik mashaqqatli kurashlar evaziga 1469 yilda Xuroson mulkini egallab, g‘alayonlarni tinchlantirgach, qadrdon do‘sti Navoiyni Samarqanddan o‘z huzuriga qaytarib, uni davlat ishlariga jalb etadi. U do‘stini, avval, muhrdorlik lavozimiga, keyinchalik (1472 yildan) unga amir unvonini berib, bosh vazir etib tayinladi. Shu kundan boshlab Alisher Navoiyning faoliyati mamlakat siyosiy hayotida muhim rol o‘ynay boshladi. U Husayn Boyqaro hukmronligining barqarorligi uchun kurashdi. Buning uchun dastlab insonparvarlik g‘oyalarini targ‘ib qiladi. Husayn Boyqaroni mamlakatda adolat o‘rnatib, xalqqa g‘amxo‘rlik ko‘rsatishga undadi. Unga aholining tinch va osoyishta yashashi uchun mamlakatda kuchli markazlashgan davlatni vujudga keltirishni, ichki va tashqi munosabatlarni yaxshilashni uqtiradi. U Husayn Boyqaroni mamlakatni obodonlashtirish va ilm-fan, madaniy-ma’rifiy sohalarni rivojlantirish, xalqning moddiy-iqtisodiy ahvolini yaxshilash uchun zarur bo‘lgan barcha tadbirlarni amalga oshirishga undaydi. Bu kabi taklif va maslahatlar Sulton Husaynga ma’qul bo‘ladi. Natijada u faoliyatini Alisher Navoiy maslahatlari asosida tartibga keltiradi.

O‘sha davrning mashhur tarixnavisi Xondamir o‘zining «Makorim ul-ahloq” asarida Husayn Boyqaro va Alisher Navoiyning mamlakatni obodonlashtirish, bunyodkorlik va dehqonchilik ishlarini rivojlantirish yuzasidan tuzgan rejalari haqida muhim ma’lumotlarni beradi. Uning yozishicha, Husayn Boyqaro suhbatlarda mamlakat obodonchiligi haqida so‘z ketsa, Alisher Navoiyning maslahati yoxud mulohazalaridan to‘g‘ri xulosa chiqarishini, bosh vaziri, qadrdon do‘stining so‘zlari shoh (Husayn) nazdida e’tiborli bo‘lganligini bayon etgan.

Husayn Boyqaro hukmronligi davridagi obodonlashtirish, shuningdek, qurilish-bunyodkorlik ishlari saltanat devonxonasi bosh vaziri bo‘lgan Alisher Navoiy nomi bilan bevosita bog‘liq.

Tarixchi Mirzo Muhammad Haydarning “Tarixi Rashidi” risolasida qayd etilishicha, Alisher Navoiyning bir yillik daromadi 18 ming ”shohruhiy” dinorga teng bo‘lgan. Bundan tashqari, otasidan meros bo‘lib qolgan yer-suv, mol-mulkdan ham yaxshigina daromad olgan. U ushbu mablag‘ning aksariyat qismini hayriya tadbirlariga, jumladan, qurilish va obodonlashtirish ishlariga sarflagan.

Tarixchi Xondamirning yozishicha, Navoiy o‘z mablag‘iga 52 ta rabot, 19 ta hovuz, 16 ta ko‘prik, 9 ta hammom va bir qancha imorat va inshootlar qurdirgan. Astrobod shahridagi Mir saroyi, jome masjidi, Marv shahridagi «Xisraviya” madrasasi shular jumlasidandir.

Shuningdek, jangu jadallar yoki tabiy ofatlar tufayli shikastlangan jamoat binolarini qayta ta’mirlashdek sermashaqqat ishlarni ham amalga oshirgan. Masalan, tarixchi Xondamirning «Xulosatul-axbor” asarida yozilishicha, XII asrda Hirotda bunyod etilgan jome masjidini ta’mirlashda qariyb 100 nafar mohir hunarmand-ustalar jalb etilib, uzunligi 114 metr, eni 84 metr, 6 ta darvozasi bo‘lgan bu masjid qisqa fursatda ko‘rkam binoga aylangan. Ushbu majmua hozir ham Hirotning eng go‘zal obidalaridan biri sanaladi. Bundan tashqari, Navoiy tashabbusi bilan Hirot, Mashhad, Marv va boshqa shahar-qishloqlardagi Gavharshod masjidi, Qobus minorasi, Arslon-joziba raboti kabi 12 ta yirik imoratu inshootlar ta’mirlangan.

Mir Alisher Navoiy insonlar salomatligi yo‘lidagi ezgu ishlarga ham befarq bo‘lmagan. Jumaladan, Hirot shahrida o‘z jamg‘armasi hisobidan “Shifoiya” shifoxonasini qurdirgan va bu yerda ishlash uchun taniqli tabib va dorishunoslarni jalb etgan. Bu maskan tabobat ilmgohi tarzida bo‘lib, unda tabib va hakimlar bemorlarni davolash bilan birga tabobat ilmi va tadqiqot ishlari ham olib borishgan. ¢iyosiddin Muhammad, Nizomiddin Abdulxay, Darvishali, Muhammad Yusuf, Abdulxay Tuniy, Muhammad Mu’in, Xudbiddin Odam kabi mashhur tabiblar ”Shifoiya”da faoliyat ko‘rsatganlar.

Navoiy rahnamoligida Hirotda “Dorush-shifo” shifoxonasi ham ochiladi. XV asrda Hirot ”Dorush-shifo”si, ayniqsa, kahhollari (ko‘z kasalliklari tabiblari) nihoyatda shuhrat qozongan. Hatto Xo‘ja Ahrorning Navoiyga yozgan maktubi bilan Mavlono Fazlullo davolanish uchun Samarqanddan Hirotga kelgan edi. Xo‘ja Ahror kasal bo‘lganida esa Navoiyning farmoniga asosan «Dorush-shifo» shifoxonasi tabibi Nizomiddin Abdulhay Samarqandga yuboriladi.

Navoiyning Hirot va Mashhad shaharlarida dehqonchilik ishlarining rivoji uchun amalga oshirgan ezgu tudbirlari ham tahsinga loyiq. U ushbu ikki shahar atrofida kanal qazdiradi, Tus viloyatining Chashmag‘ul mavzeida «Turukband» suv ombori qurdiradi.

Alisher Navoiy davrida Hirotda kitobot san’ati, ya’ni xattotlik – qo‘lyozma asarlarni (husnixat, musavvirlik, lavvohlik va muqovalash asosida) ko‘chirib tayyorlash, tasviriy hamda xalq musiqasi san’atlari ham yuksak darajada rivojlangan edi (Mallayev N.M. «Navoiy ijodiyotining xalqchil negizi», 1973 y).

Ma’naviy madaniyat rivoji yo‘lida hamisha muruvvatli bo‘lgan Alisher Navoiyning tasviriy va musiqa san’ati ahliga ham e’tibori katta bo‘lgan, ularga g‘amxo‘rlik qilgan. Uning muruvvati bilan bu sohalar ancha taraqqiy etgan edi. Masalan, tasviriy san’atda Kamoliddin Behzod, Mirak Naqqosh, Mahmud Muzahhib, Hoji Muhammad Naqqosh kabi ko‘pgina mo‘yqalam sohiblari yetishib chiqqan. Ayniqsa, Alisher Navoiy muruvvati bilan yuzaga kelgan Hirot musavvirlik maktabi ulkan yutuqlarga erishdi. Bu maktab asoschisi zamondoshlari tomonidan “Moniyi soniy”, keyingi davr olimlari tomonidan esa ”Sharq Rafaeli” deb ulug‘langan Kamoliddin Behzod XV asr tasviriy san’atining ulug‘ namoyandasi hisoblandi.

XIV-XV asrlarda O‘rta Osiyoda musiqa san’ati ham ancha taraqqiy etdi. Bu davrlarda yangi kuy va qo‘shiqlar, cholg‘u asboblari hamda musiqa nazariyasiga doir asarlar yaratildi. Juda ko‘p sozandalar, bastakor va hofizlar yetishib chiqdi. Mashhur musiqachilar bilan bir qatorda Alisher Navoiy ham musiqa sohasi rivojiga munosib hissa qo‘shgan. Ya’ni, iste’dodli musiqashunos sifatida “Isfaxoniy” va turkiy tilda ”aruz” vaznida qo‘shiq aytish san’atini «Mezonul-avzon» asarida nazariy jihatdan asoslagan.

Manba: Muallifning “Zarafshon” gazetasida bosilgan “Husayn Boyqaro saltanati” maqolasidan parcha

09

(Tashriflar: umumiy 13 432, bugungi 2)

4 izoh

Izoh qoldiring