Abu Homid Muhammad G’azzoliy. «Ihyoul-ulum»dan parchalar & Imom G’azzoliy. Mukoshafatul-qulub

09    Минг йил нарисидан бутун дунёда “Ҳужжатул Ислом” унвони билан улуғланиб келаётган Имом Абу Ҳомид Ғаззолий асарлари Ислом дини моҳиятини барча нозик жиҳатларигача эътиборга олиб, теран тафаккур ва идрок этиш, тушуниш хусусиятлари билан ажралиб туради. Эътиқодий масалаларга алоҳида ҳассослик, меҳр-муҳаббат билан йўғрилган бу сифатлар, шубҳасиз, ўқувчиларни ҳам инсоннинг дунёга келишидаги илоҳий ҳикмат, яшашидан мақсад ҳамда вазифалари ҳақида чуқур ўйлашга ундайди.

1
УШБУ ТАРЖИМАНИНГ ТАРИХИ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА СЎЗ

    Муқаддас Қуръони Каримнинг биринчи марта замонавий ўзбек тилидаги маъно таржимаси  бугунги кунда Ислом оламининг етук алломасига айланган Шайх Аловуддин Мансур томонидан 1989 йилда бошланган эди. Ардоқли шоир Шавкат Раҳмоннинг  яқин дўсти бўлмиш бу инсон билан Ўшда, шоир жўрамнинг она шаҳрига меҳмон бўлиб борган кезларимда яқиндан танишган эдим. Очиғини айтиш керак, Аловуддин Мансур ўша олис йиллар биз — бир неча  ёш  шоиру ёзувчини Ислом маданиятига, тарихига ва энг муҳими, Қуръони Каримни англаш моҳиятига яқинлаштирган, олис Қорасувдан  Тошкентга қатнаб,  Муқаддас Китобдан сабоқ берган зотдир.

Аловуддин Мансур таржимага қаттиқ киришган пайтлар эди. Шавкат Раҳмон ташаббуси билан иккимиз бу ишни тезлаштиришга ҳисса қўшиш ниятида мутаржимга навбатма-навбат котиблик қилишни маъқул топдик. Шу мақсадда мен бир неча кун Қорасувда бўлиб, қўлимдан келганча, таржимонга котиблик қилдим.

Таржимадан бўш пайтда Аловуддин Мансурнинг унчалик катта бўлмаган, аммо ниҳоятда нодир китоблар тахланган кутубхонасида суҳбатлашардик. Шундай суҳбатлардан бирида гап Имом Абу Ҳомид Ғаззолий ҳақида бораркан, уй соҳиби жавондан муҳташам бир китобни олиб, «Бу «Иҳёул- улум» китоблари», — дея, асар ҳақида тушунтиришлар берди. Ўша пайтлар мен «Ёш гвардия» нашриётида ишлардим ва бўлим мудирлигимдан фойдаланиб, «Камалак» номли йиллик адабий-танқидий тўплам (альманах)ни ташкил этган ва унинг салмоқли (320 бетли) биринчи китоби эндигина нашрдан чиққан эди. Ичимда навбатдаги тўпламга «Иҳёул- улум»дан парчалар беришни ўйладим. Гапнинг рости,  ҳали исломий асарларга кенг йўл очилмаган бўлса-да, бу соҳада илк қадамлар ташлашга уринишлар бошланган замон эди. Ўйлаганимни Аловуддин Мансурга айтдим, «Агар иложини топсангиз, яхши бўларди» — деди. Иложи топилди ва Яратганнинг кўмаги билан «Камалак»нинг навбатдаги, 1990 йилда нашр этилган тўпламида бугун сиз ўқийдиган таржима чоп этилди.

Ўша кунларда бўлган суҳбатларнинг бирида Исломда эр ва хотин муносабати ҳақида гап кетди. Аловуддин Мансур бу масала акс этган бир мақолани менга тавсия қилди. Мен мақолани ўзбек тилига таржима қилиш керак, деган гапни айтдим. «Ҳозир бу мақолани чиқариш даргумон», — деди суҳбатдошим. Хуллас, қисқа баҳсдан кейин мен мақолани таржима қилиб, бирон бир журналда чиқаришга уринадиган бўлдим. Алҳамдулиллоҳ, кўп ўтмай мисрлик таниқли аллома мақоласининг таржимаси «Саодат» журналида чоп этилди.

Қуръони Каримнинг дастлабки суралари 1990 йилнинг март ойидан «Шарқ юлдузи» журналида эълон қилина бошланди ва орадан кўп ўтмай китоб шаклида нашр этилди. Ана шу илк таржиманинг бир нуқтасида бўлса-да, менинг  ҳиссам ҳам  қўшилганини Парвардигор  раҳмати деб биламан.

Бугун ҳазрати Имом Ғаззолий асаридан таржима қилинган парчаларни сизга тавсия қиларканман, ўша олис воқеаларни эслагим келди. Оллоҳ таоло бизга ибрат қолдирган барча зотларни раҳматига олсин  ва гуноҳларимизни мағфират айласин.

Хуршид Даврон

1
МУАЛЛИФ ХУСУСИДА СЎЗ

   Имом Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолий (450ҳ-1058-59м-505х- 1111 м) Тус шаҳрида камбағал косиб оиласида дунёга келди. Унинг отаси Муҳаммад ибн Аҳмад Тусдаги кичиккина дўконида юнг йигириб сотиб, қўл учида тирикчилик қилар эди. (Олимнинг Ғаззолий тахаллуси ҳам ота касбига ишора— «ғаззол» йигирувчи деган маънони билдиради). Илму маърифатга беҳад муҳаббатли бўлишига қарамасдан камбағаллиги туфайли дунёдан саводсиз ўтаётган ота умрининг охирида ўзидан кейин қолаётган икки сағир фарзанд — Абду Ҳомид ва Аҳмадни бир аҳли солиҳ мутасаввиф дўстига топширади, уй-жойини сотиб, пулини ўғилларини илм олиш учун сарфлашини васият қилиб оламдан ўтади. Дарҳақиқат, ота илтижолари ижобат бўлиб, ўғилларидан Аҳмад ўз замонасининг тенгсиз воизи, Абу Ҳомид эса дўст ҳам, душман ҳам тан олган буюк олим, беназир файласуф бўлиб етишади.

Бошланғич билимлар ва ҳуқуқшунослик фанини туғилган шаҳрида ўрганган Абу Ҳомид кейинчалик Журжонга, ўша даврнинг машҳур қомусий алломаси Абу Наср ҳузурига бориб, таҳсили илмни ўша ерда давом эттиради. Бир неча йил мобайнида устозининг барча билимларини эгаллаб, ўқиб-ўрганган китобларига кўп жилдлик шарҳ ва изоҳлар битиб, ўз юртига қайтаёгганида, йўлда келажак ҳаётида катта аҳамият касб этган бир воқеа рўй беради. Ғаззолийнинг ўзи бу ҳақда шундай ҳикоя қилади: «Йўлда карвонимизга қароқчилар хужум қилиб, бор нарсамизни талаб кетдилар. Мен қароқчилар бошлиғининг ортидан бориб, «Олган нарсаларинг орасида сенга ҳеч қандай фойдаси бўлмаган бир тўрва бор, шуни қайтариб бергин», деб ялиндим. «Тўрвангда нима бор эди?»— сўради у. «Унда менинг бор илмим—жуда кўп китоблардан олиб ёзилган шарҳ ва изоҳлар бор. Неча йиллардан бери мусофирлик азобини тортиб топган бойлигим шу», дедим. Қароқчи кулиб: «Ҳар қандай одам олиб қўйиши мумкин бўлган нарсани «менинг илмим» дейишга уялмайсанми?»—деди ва :«Унинг илмини қайтариб беринглар!»—деб буюрди. Бу гап менга шундай қаттиқ таъсир қилдики, Тусга қайтиб келганимдан кейин уч йилгача уйдан ташқарига бир қадам қўймасдан ўша ёзган шарҳу  изоҳларимнинг ҳаммасини ёд олиб, ҳеч қандай қароқчи ололмайдиган жойга — қалбимга жо қилдим». Лекин Ғаззолий бу билимларни ўзи учун етарли ҳисобламас ва олган илмини тўлдириш билан бирга яна янги фанларни ҳам эгаллаш мақсадида ўша даврнинг илм-фан маркази ҳисобланмиш Хуросон давлатининг пойтахти Найсобур шаҳрига йўл олади. У ерда замонанинг етук уламоларидан мазҳаб, усул (методика), жадал (диалектика), мантиқ илмларини ҳамда ҳикмат, фалсафа фанларини чуқур ўрганди ва кейинчалик бу фанларнинг барчасида ўз китобларини тасниф қилди.

Шундай қилиб, жаҳонга Беруний, Ибн Сино, Хоразмийларни берган Мовароуннаҳр алломалари сафига яна бир қомусий олим келиб қўшилдики, замондошлари уни «баҳри муғриқ» (тубсиз денгиз), «ҳужжатул-ислом» деб тан олдилар. Ундан «Иҳёул-улум», «Таҳофутул-фалосифа», «Ал-Хулоса», «Шифоул-алил», «Ал-Қистосул-мустақим» каби юзга яқин асар мерос бўлиб қолди. Бу асарларга нафақат Шарқда, балки Ғарб оламида ҳам катта қизиқиш билан қаралиб, уларнинг асосий қисми дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинди. Жумладан, Москвадаги «Фан» нашриёти 1980 йилда олимнинг «Иҳёул-улум» («Дин илмларини тирилтириш»), «Ал-Қистосул-мустақим («Адолат мезони») китобларидан боблар таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр этди.
«Иҳёул-улум» китоби аслидан ағдарилиб, хамир учидан патир қабилида тақдим этилаётган мазкур парчалар ҳам толиби тарих, толиби илмларга манзур бўлар, деган умиддамиз.

Таржимон.

05
ИМОМ АБУ ҲОМИД ҒАЗЗОЛИЙ

«ИҲЁУЛ-УЛУМ» (ДИН ИЛМЛАРИНИ ТИРИЛТИРИШ) АСАРИДАН
Арабчадан Алоуддин Мансур таржимаси
045

ДИЛ АЖОЙИБОТЛАРИНИНГ ШАРҲИ
(Ҳалок қилгувчи нарсалар рубъининг биринчи китоби)
НАФС, ЖОН (РУҲ), ДИЛ, АҚЛ ЛАФЗЛАРИ
ВА БУЛАРДАН АНГЛАНАДИГАН МАЪНОЛАР БАЁНИДА

Билингки, бу бобларда сўз шу тўрт лафз устида кетади. Уламо орасида бу лафзларнинг маъноларини ва моҳиятларини тўла-тўкис англаб ета оладиган кишилар жуда камдир. Кўп хатолар бу сўзларнинг асл маъносини билмасликдан ва уларнинг маъноларини шу сўзлар билан номланган бошқа нарсаларга аралаштириб юборишдан келиб чиқади. Биз қуйида мазкур лафзларнинг мавзуйи баҳсимизга алоқадор маъноларини шарҳ қиламиз.

Аввалги ДИЛ сўзини икки маънода тушуниш мумкин. Биринчиси: дил кўкракнинг чап тарафида жойлашган конус шаклли бир парча гўштдир. У ичи ғовак бўлган махсус гўшт бўлиб, бу ғовакда руҳнинг асл манбаи бўлмиш қора қон мавжуддир. Биз бу ерда юракнинг шакли ва кўринишини шарҳламоқчи эмасмиз, зеро бу табибларга тааллуқли ишдирки, унинг диний баҳсларга алоқаси йўқ. Чунки, юрак ҳайвонотда. ҳатто ўликда ҳам бордир. Демак, китобимизнинг қайси жойида ДИЛ сўзини ишлатсак, одамлар у ёқда турсин, ҳатто ҳайвонлар ҳам кўра оладиган, ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган бир парча гўштни назарда тутмаймиз.

ДИЛ сўзининг иккинчи маъноси — дил Парвардигорнинг ўз бандаларига ато этган руҳоний неъмати бўлиб, унинг жисмоний дилга алоқаси бордир. Бу неъмат инсоннинг асл моҳиятидирки, инсон бутун илму маърифатга унинг воситасида эришади ва барча хитоб, азоб, хитоб (танбеҳ) ва талаблар унга қаратилган бўлади. У руҳоний неъмат билан жисмоний юрак ўртасидаги мустаҳкам алоқанинг ҳақиқий суратини кўпчилик англаб етмайди. Зеро, бу алоқа аразнинг (шакл, ранг, ҳажм каби) жисмга, сифатнинг мавсуфга (сифатланувчига) ёки бирор асбобнинг ишлатувчининг ўша асбобга бўлган алоқасига ўхшайди. Биз бу ерда икки нарса сабабли мазкур алоқани  шарҳлашдан ўзимизни сақлаймиз. Биринчиси: у (яъни руҳоний дил билан жисмоний дил орасидаги алоқа) мукошафа (сирларни кашф қилиш) илмига тааллуқлидир. Бу китобнинг мақсади эса муомала илмларини ўрганишдир. Иккинчиси: мазкур алоқанинг таҳқиқоти руҳ сирларини фош қилиш қудратини тақозо қилади. Бу эса ҳатто Пайғамбар алайҳиссалом ҳам сўз юритмаган мавзуларданки, бошқалар бу борада сўзлашга ожиздир.

Хулоса шулким, бу китобнинг қаерида ДИЛ сўзи мазкур бўлса, ўша неъмати илоҳийя, яъни руҳоний дил назарда тутилади ва унинг моҳият-ҳақиқати эмас, балки сифат-аҳволини баён қилиш мақсад қилинади. Зеро, муомала дилнинг ҳақиқат-моҳиятини эмас, балки сифат-аҳволини танишга муҳтождир.

Иккинчи лафз ЖОН (руҳ)дир. У ҳам бизнинг мавзуимизга тааллуқи жиҳатидан икки маънода келади. Биринчиси: жон кўзга кўринмас жисм бўлиб, манбаи жисмоний дилнинг ғовакларидир. У ердан уриб турувчи томирлар орқали бутун баданга тарқайди. Жоннинг бадандаги жараёни (ҳаракати); дилдан баданнинг барча аъзоларига сезиш, кўриш, эшитиш, ҳидлаш каби ҳаёт нурлари оқиши — худди уйнинг бурчакларидаги чироқдан таралаётган нурнинг оқишига ўхшайди. У нур уйнинг қаерига етиб борса ўша ерни ёритади. Демак, деворларда ҳосил бўлган нур ҳаётнинг мисоли, чироқ жоннинг мисоли, ҳаракатлантирувчининг қўли билан уйнинг ҳар бир бурчакларини ёритаётган чироқ ҳаракати эса бадандаги жон ҳаракатининг мисоли десак бўлар экан.

Табиблар жон деганда дил ҳароратида пишиб етилган кўзга кўринмас буғни ирода қиладилар. Биз бу ҳақда гапирмоқчи эмасмиз, чунки масаланинг бу томони баданларни даволайдиган табибларга тааллуқлидир. Аммо дилларни бутун олам Парвардигори тарафига юрадиган бўлиши учун даво излайдиган дин табибларига эса жон ҳақида бундай шарҳу изоҳлар бериш асло вазифа эмас.

ЖОН сўзининг иккинчи маъноси қуйидагичадир: жон инсондаги билувчи, идрок қилувчи илоҳий неъматки, биз бу ҳақда дил маъноларидан иккинчисини шарҳлаганимизда айтиб ўтдик. Оллоҳ Таоло ўзининг «Айтинг, жон Эгамнинг (Парвардигоримнинг) ишидандир» — деган қовли билан жоннинг шу маъносини  кўзда тутганки, у ҳақиқатан ҳам инсоният моҳиятига етиши мушкул бўлган илоҳий ишдир.

Учинчи лафз НАФС эдики, у ҳам бир неча маъноларда келади. Бу маънолардан иккитаси бизнинг мавзуйи баҳсимизга алоқадордир. Биринчиси: НАФС деганда инсондаги ғазаб ва шаҳват қувватларини ўз ичига олган тараф назарда тутилади. (Бу ҳақда кейинроқ батафсил тўхталамиз). Нафсни бу маънода тушуниш аҳли тасаввуфда ғолибдир. Улар нафс деганда инсондаги барча мазмун (манфур) сифатларни ўзида жамлаган зўровон кучни назарда тутадилар ва шу боис бундай дейдилар: «Доимо нафсга қарши курашиш ва мудом уни синдириш лозим, зеро Пайғамбар алайҳиссалом «Энг қаттол душманинг ўз ичингдаги нафсингдир», деган ҳикматлари билан шунга ишора қилганлар.

Иккинчи маъно шундан иборатки, НАФС биз юқорида зикр қилиб ўтган илоҳий неъмат бўлиб, у инсоннинг ўзидир. Лекин у ҳар хил ҳолларда хилма-хил сифатланади. Масалан: шаҳват хуружларини енгиб, ҳақ амрига бўйсунган нафсни «нафси мутмаинна», яъни хотиржам-сокин нафс дейилади. Оллоҳ у ҳақда шундай дейди: «Эй, нафси мутмаинна, рози бўлувчи ва рози бўлинган ҳолингда Парвардигорингга қайт!»

Аввалги маънодаги нафс эса Оллоҳ таолога қайтиши тасаввур қилинмайди, чунки у Оллоҳдан узоқ шайтон гуруҳидандир. Агар нафс хотиржам-сокинлик даражасига етмай, шаҳвониятни бир ёқлаб, бир унга қарши турадиган бўлса, хуллас ҳақ-ноҳақ орасида иккиланувчи бўлса, у чоғда «нафси лаввома», яъни маломатгўй нафс дейилади. Зеро бундай нафс эгаси Тангрига ибодат қилишда қосир (калта нуқсонли)лик қилса нафси уни маломат қилади. Бу хусусда Оллоҳ таоло шундай деган: «Маломатгўй нафс номи билан қасам ичаман!»

Энди у эътирозни тарк этиб, шаҳват хуружлари ва шайтон васвасаларига бўйсинувчи бўлса, «нафси аммора», яъни ёмонлик-гуноҳга буюрувчи нафс бўлади. Оллоҳ таоло Қуръонда, Юсуф алайҳиссалом қиссасида у зотнинг тилидан бундай ҳикоя қилади: «Нафсимни оқламайман, зеро нафс ёмонликка буюргувчидир». Ёмонликка буюргувчи нафс — биринчи маънодаги нафс бўлиб, у энг ёмон сифатларни ўзида жамлагандир. Иккинчи маънодаги нафс эса мақтовга лойиқ, негаки у Оллоҳнинг зотини ва у зот яратган барча нарсаларни таниб, ибрат олгувчи инсоннинг ўзидир.

Тўртинчи лафз АҚЛдир. У ҳам хилма-хил маъноларда келишини биз «Қитоби илм»да айтиб ўтдик. АҚЛ лафзидан чиқадиган маънолардан иккитаси мавзумизга алоқадордир. Биринчиси: ақл деганда ишларнинг асл моҳиятини англаш тушунилади. Демак, у инсоннинг дилидан ўрин олган билишлик сифатидан иборат экан.

АҚЛнинг иккинчи маъноси бундай: ақл деб илмларни идрок қилгувчини айтилади. Демак, у илоҳий неъмат бўлган дилнинг ўзи экан. Зеро, ҳар қандай билгувчининг ўз ҳолича тура оладиган мустақил вужуди бўлиб, билим шу вужудга ҳулул қилган (тушган) сифатдир. Сифат эса мавсуфнинг (сифатланувчининг) ўзи эмас. Ақл деганда гоҳо олимнинг (билгувчинннг) сифати англанса, гоҳо унинг зоти (ўзи) англанади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг «Оллоҳ яратган биринчи нарса ақлдир», деган сўзларидан мурод ҳам шу. Зеро, билишлик бир сифат бўлиб, унинг ўзи биринчи яралувчи бўлиши тасаввур қилинмайди, балки ундан илгари ёки у билан бирга унинг ўрни-маҳалли яралиши лозим бўлади. Бундан ташқари билишлик сифатига қарата хитоб қилиш ҳам мумкин эмас. Ҳолбуки «Оллоҳ таоло унга (илмга) «кел» деди. У келди. Сўнгра «кет» деди. У кетди», деган мазмунда ҳадис бор.

Шундай қилиб, сизга маълум бўлдики, юқорида мазкур бўлган ҳар бир лафзнинг ўз маъноси бор экан. Булар: жисмоний дил, жисмоний руҳ, шаҳвоний нафс ва билимлардир. Бу тўрт маъно юқоридаги тўрт лафз билан ифодаланади. Лекин, инсондаги билгувчи-идрок қилгувчи илоҳий неъмат бўлмиш бешинчи маъно ҳам борки, бу маънода ҳар тўрттала лафз муштаракдир. Демак, маъно бешта, лафз эса тўртта бўлиб, ҳар бир лафз икки маънода қўлланади. Кўпчилик уламога бу лафзнинг умумий ва хусусий жиҳатлари яхши маълум бўлмагани натижасида улар «бу ақлий тушунча, бу руҳий сезим, бу қалб туйғуси, бу нафс хуружи» дейдилар-у, ўзлари мазкур лафзлардаги маънолар тафовутини тўла идрок қилмайдилар. Шу боис орадаги ноаниқлик пардаси кўтарилсин, деб юқоридаги лафзлар маъносини алоқадри ҳол шарҳлаб ўтдик.

Қуръон ва ҳадиснинг қайси жойида дил сўзи келса, ундан нарсаларни англаб-моҳиятига ета олувчи инсон маънавияти мурод бўлади. Фақат гоҳи пайтлардагина жисмоний аъзо бўлмиш юрак маъносида келиши мумкин, у ҳолда бунга сабаб инсоннинг асл моҳияти саналадиган маънавийят билан жисмоний юрак чамбарчас боғлиқ эканлигидир. Чунки маънавийят, гарчи руҳ, нафс, ақл каби бошқа аъзоларга ҳам алоқадор ва истеъмолда улар орасида муштарак бўлса-да, маънавийятнинг мазкур аъзолардаги истеъмоли ўша буюк неъмат — дил воситасида кечади. Яъни, инсондаги буюк илоҳий неъмат — маънавийятнинг макон-мамлакати, маскан тутган олами ва ўрнашган тахти ДИЛдир. Саҳл Тустарий беҳуда «Дил арш, кўкрак курсидир» демаган. Лекин бундан Оллоҳнинг арш ва курсиси ирода қилинаётгани йўқ, чунки бу имконсиздир. Балки мурод — дил инсоннинг биринчи мамлакати ва барча тадбир-тасарруфларнинг илк манбаи эканлигини таъкидлашдир. Бу мамлакат, бу манбанинг инсон ҳаётида (борлигида) тутган ўрни эса арш ва курсининг Оллоҳ таолога нисбатан тутган мавқеига ўхшайди. Бироқ, бу ўхшашлик ҳам нисбий ўхшашлик бўлиб, ҳозир уни муфассал шарҳлаб ўтиришнинг мавриди эмас, бас шу айтганларимиз билан чегараланиб, қалб мавзусини давом зттирамиз.

ҲАСАД МАЗАММАТИ БАЁНИ
(Ҳалок қилгувчи нарсалар рубнинг ғазаб, адоват, ҳасад зарарлари
хусусидаги бешинчи китобидан)

Билингки, ҳасад ҳам адоват натижаларидан бўлиб, адоват эса ғазабдан келиб чиқади. Демак, у ғазабдан униб чиққан тиканнинг бир шохи, ғазаб эса унинг асл томири экан. Энди ўз навбатида ҳасаднинг ҳам саноқсиз мазмум (ёмон) шох-бутоқлари бор. Ҳасад зарарлари ҳақида жуда кўп ХАБАРлар ворид бўлган.

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Олов ўтинни егани каби ҳасад яхши амалларни ейди». У зот ҳасад, унинг сабаб ва оқибатлари тўғрисида яна шундай дедилар: «Бир-бирингиз билан ҳасад қилишманг, узилишманг, адоват сақламанг ва бир-бирингиздан юз ўгиришманг, балки,  эй Оллоҳ бандалари, ўзаро биродар бўлинглар!»

Анас шундай деган эди: «Бир куни Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида ўтирган эдик, у зот «Ҳозир мана шу дарадан сизларнинг олдингизга чиқиб келадиган киши аҳли жаннатлардандир», дедилар. Шу заҳоти ансор (Мадина шаҳридан бир қабила)лардан бўлган бир киши кўринди. У чап қўлида кавуши, соқолидан таҳорат сувларини сачратганча келиб, салом берди. Эртасига Расулуллоҳ кечаги сўзларини такрорлаган эдилар, яна ўша киши кўринди. Учинчи куни ҳам шу ҳол такрорланди. Пайғамбар аллайҳиссалом ўтирган жойларидан туриб кетганларидан кейин Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ҳалиги кишининг ортидан бориб деди: «Мен отам билан тортишиб қолиб, уч кунгача унинг олдига кирмасликка қасам ичдим. Агар сен менга жой берсанг борар эдим». У киши «Яхши» деб жавоб қилди. Шундан кейин (Абдуллоҳ) уч кеча уникида ётиб юрди, лекин бирор кеча унинг ухламай ибодат қилганини кўрмади. Фақат у ётган жойида, у ёндан бу ёнга ағдарилса ҳам, Оллоҳни зикр қиларди. Аммо бомдод номозигача ўрнидан турмасди. Абдуллоҳ айтдики, «Ундан ҳеч ёмон гап эшитмадим. Уч кун кечиб унинг қилган амалларидан кўнглим тўлмагандан кейин айтдим: «Эй, Худонинг бандаси, отам билан орамизда ҳеч қандай жанжал бўлмаган эди. Магар мен Расулуллоҳдан сен ҳақингда шундай- шундай гапларни эшитиб, қандай амаллар шарофати билан бундай баланд даражага мушарраф бўлганингни билмоқчи бўлдим, аммо, сен тарафингдан бирор ортиқча амални кўрмадим. Энди ўзинг айтсанг, қай йўл билан бундай баланд мақомга эришдинг?» У айтди: «Ўзинг кўрганингдан ўзга сирим йўқ». Мен бурилиб кетмоқчи бўлган эдим, у тўхтатиб деди: «Ўзинг кўрганингдан ўзга сирим йўқ, фақатгина мен бирор мусулмонга Оллоҳ таоло қандайдир неъмат ато қилган бўлса, унга нисбатан кўнглимда ҳеч қандай кудурат ва ҳасад топмайман». Абдуллоҳ айтади: «Мен унга, сен кўтарила олган, бизлар ета олмайдиган мақом шу экан» дедим».

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Гумон, фоли бад (ёмон фол олиш) ва ҳасад деб аталмиш уч нарса борки, ҳеч ким ундан холи эмас. Мен сизларга бу уч балодан қутулиш йўлини айтаман. Гумон қилсангиз уни ҳақиқат деб билманг, фоли бад олсангиз (масалан, олдингиздан қора мушук ўтса) тўхтамай кетаверинг, ҳасад қилсангиз зулм қилманг (яъни ҳасад қилган одамингизга ёмонлик раво кўрманг).

У улуғ зот яна шундай дедилар: «Аввалги миллатларнинг иллатларидан сизларга ҳасад ва адоват ўтди. Адоват — даҳшатли қирғин, яъни дину иймон қирғинидир. Тангри номига қасамки, иймонли бўлмагунча жаннатга кирмайсизлар, бир-бирингизни яхши кўрмасдан эса ҳаргиз иймонли бўла олмайсизлар. Бинобарин, иймон билан яшашнинг йўли — ўз ораларингда дўстлик ва хайрихоҳликни ёйишдир.»

Яна шундай дедилар: «Камбағаллик куфрга олиб бориши мумкин, ҳасад эса тақдири-азални енгиши мумкин».

Яна айтдилар: «Менинг умматимга ҳам илгари ўтганларнинг касали етиб келади». «Илгари ўтганларнинг касали не эди?» деб сўралди. Жавоб қилдилар: «Кибр-ҳаво, манманлик, мол-дунё орттиришдаги рақобат, бир-биридан четланиш ва зулмга, сўнгра эса бош-бошдоқликка олиб борадиган ҳасадгўйлик».

Расулуллоҳ яна шундай деган эканлар: «Биродаринг бахтсизлигидан кулмагин, зеро Оллоҳ унга бахт ато этиб, сенга балосини юбориши мумкин».

Ривоят қилиндики, Мусо алайҳиссалом Оллоҳ таоло ҳузурига бораётган чоғида Арши-аъло соясида бир кишини кўриб, унинг мартабасига ниҳоятда ҳаваси келди ва ўз-ўзига «Шубҳасиз бу улуғ зот Тангри таолонинг севган, ардоқли бандасидир» деди. Кейин Оллоҳ таолодан у кишининг исмини билдиришини сўраган эди, Парвардигор ўз Пайғамбарининг саволига жавоб қилмай, бундай деди: «Балки сенга унинг амалларидан учтасини айтаман: у Оллоҳ ўз фазлу карами билан бандаларига берган неъматларига ҳасад қилмасди; оқпадар эмас эди; чақимчилик қилмаган эди».

Закариё алайҳиссалом айтдилар: «Оллоҳ таоло дейдики, ҳасадчи — берган неъматларимга душман, қилган ҳукмимдан норози, бандаларим орасида қилган тақсимотимдан хурсанд бўлмайдиган кимсадир».

Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Умматим устида энг кўп қўрқадиган нарсам, уларнинг мол-дунёлари кўпайиши натижасида бир-бирларига ҳасад қилиб, ўзаро низолар чиқишидир».

Яна шундай дедилар: «Ҳожатларингга етиш йўлида уларни сир тутиш билан мадад сўранглар, зеро ҳар бир неъмат эгаси ҳасадланувчидир». Яна айтдилар: «Шубҳасиз, Оллоҳ берган неъматларнинг душманлари бордир.» «Улар кимлар?» деб сўрадилар. Жавоб бўлди: «Улар Оллоҳ таоло ўз фазлу карами билан берган неъматларига сазовор бўлган инсонларга ҳасад қилгувчи кимсалардир».

Яна айтдилар: «Олти нарса касофатидан сўроқ-саволсиз дўзахга кирувчи олти тоифа бор». «Улар кимлар, ё Расулуллоҳ?» деб сўралди. «Жабру-зулм қилган амирлар, миллатчилик қилган араблар, кибру ҳавога берилган йўлбошчилар, хиёнат йўлига кирган савдогарлар, жаҳолатга юз бурган аҳли давлатлар, ҳасад қилувчи аҳли илмлар», дедилар.

Салафлардан бири айтди: «Қилинган биринчи гуноҳ ҳасад бўлган эди: Иблис Одам алайҳиссаломнинг мартабаларига ҳасад қилиб, у зотга сажда қилишдан бош тортди — ҳасад уни гуноҳга етаклади».

Ҳикоя қилинадики, Авн ибн Абдуллоҳ (бир кун) Фазл ибн Меҳлаб ҳузурига кирди. Ўшанда у (Фазл) Восит шаҳрида ҳоким эди. Авн айтди: «Мен сенга баъзи нарсалар ҳақида ваъз-насиҳат қилмоқчиман.» «Қандай ваъз?» сўради ҳоким. У деди: «Кибру ҳаводан йироқ бўл, негаки, Тангри таолога қилинган биринчи гуноҳ кибру ҳаводир». Сўнгра «Малоикаларга Одамга сажда қилинглар деганимизда улар сажда қилдилар, фақат Иблис бош тортди…»  оятини охиригача ўқиди. «Яна очкўзликликдан сақлан, чунки Одамни жаннатдан чиқарган нарса очкўзликдир. Оллоҳ таоло унга кенглиги осмонлар ва ерга тенг келадиган жаннатни раво кўриб, у жойдаги бор неъматлардан тановул қилишга изн берди, фақатгина бир дарахтдан ман қилди. У эса очкўзлик қилиб худди шу дарахтдан еди ва натижада жаннатдан чиқарилди», деб, «Ундан (жаннатдан) ҳаммангиз тушингиз!» оятини охиригача тиловат қилди. Шундан кейин Авн насиҳатда давом қилди: «Яна ҳасаддан ҳазар қил. Зеро Одам боласи ўз биродарини ҳасад сабабли ўлдирди» деб, «Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳаққирост тиловат қилинг!» оятларини ўқиди ва шу сўзларни қўшимча қилди: «Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳақида гап кетса билмасдан бирон нарса дейишдан ўзингни тий, қазо- қадар хусусида сўзланганда, юлдузлар тўғрисида гапирилганда сукут қил!»

Бакр ибн Абдуллоҳ айтди: «Подшоҳлардан бирининг олдига келиб юрадиган киши бор эди. Одатда у ҳар гал подшоҳнинг рўбарўсига туриб, шундай дерди: «Сенга яхшилик қилганга яхшилик қил, ёмонлик қилувчига эса ёмонлик қилма, чунки қилган ёмонлиги ўзига қайтгусидир». Бу кишининг подшоҳ ҳузуридаги обрў-эътиборига бир кимсанинг ҳасади келиб, подшоҳ олдида унга туҳмат қилди: «Рўбарўйингизда туриб олиб ҳар хил гапларни гапирувчи ўша одам Сизни оғзи бадбўй деб юрибди». Подшоҳ сўради: «Сўзларингни ростлигини қандай билишим мумкин?» У айтди: «Сиз уни ёнингизга чақирасиз. У Сизга яқин борганида бадбўйдан қочиб қўли билан бурнини тўсиб олади.» Подшоҳ унга: «Кетавер, мен ўйлаб кўраман», — деди. У кимса подшоҳ олдидан чиқибоқ, ҳалиги кишини ўз уйига меҳмонга чақириб, саримсоқ солинган таомлар билан меҳмон қилди. Меҳмондорчиликдан кейин у киши подшоҳ ҳузурига борди ва одатдагидек унинг рўбарўсида туриб, «Сенга яхшилик қилганга яхшилик ҳил, ёмонлик ҳулувчига эса ёмонлик қилма, зеро, қилган ёмонлиги ўзига қайтгусидир» деди. Шунда подшоҳ унга «Ёнимга яқинроқ кел!» — деди. У подшоҳнинг ёнига бораркан, саримсоқ ҳидидан подшоҳ озорланмаснн деб қўли билан оғзини тўсди. Подшоҳ ичида «Фалончининг гапи рост экан- да», деди. Лекин ҳеч нарса сезмагандай қўлига қалам олиб, унга бир хат ёзиб берди ва амалдорларидан бирига олиб боришини тайинлади. Бу шоҳнинг шундай одати бор эди:  бировга ҳадя ёки мукофот бермоқчи бўлса, унга ўз қўли билан хат ёзиб берар эди. Аммо бу сафарги хатнинг мазмуни бундай эди: «Хатимни олиб борган кимсани сўйиб, терисини шил ва ичига сомон тиқиб менинг олдимга жўнат!» У киши хатни олиб чиқиб келаётиб ҳалиги туҳматчига дуч келди. Унинг кўзи хатга тушиб, «Бу қандай хат?» — деб сўради. «Билмадим, подшоҳ бирор мукофотга ёзиб берди шекилли», деди у киши. «Шуни менга ҳадя қилгин», деб ялинди туҳматчи. Бу киши яқиндагина уникида мсҳмон бўлганини ўйлаб, ичида «Йўқ десам уят бўлар», деди-да, «Майли сенга бўла қолсин», деди. У хатни олибоқ, амалдорнинг олдига чопди. Хатни очиб ўқиб кўрган амалдор «Бунда ёзилишича мен сени сўйиб, терингни шилишим керак», деди. Қўлга тушганини сезган туҳматчи жон ҳолатда «Худо ҳаққи бу хат меники эмас эди. Ишонмасанг текшириб кўр», деб ялина бошлади. Амалдор эса «Подшоҳнинг хати текширилмайди», деб уни сўйиб, терисини шилди ва ичига сомон тиқиб подшоҳ саройига жўнатди.

Эртасига ҳалиги киши подшоҳ ҳузурига борди ва одатда айтадиган гапини яна такрорлади. Подшоҳ уни тирик ҳолда кўриб таажжубга тушди ва «Хатни нима қилдинг?» — деб сўради. У айтди: «Фалончи йўлимдан чиқиб, хатингизни ҳадя қилишимни сўраган эди, унга ҳадя қилдим». Подшоҳ айтди: «У кимса, одамларга  «подшоҳнинг оғзи бадбўй», деб юрганингни менга етказган эди. «Мен бундай демаганман» деди у. «У ҳолда нима сабабдан менинг ёнимга келганингда бурнингни тўсиб олдинг?» сўради подшоҳ. У жавоб қилди: «Ўша кимса шу куни мени саримсоқ солинган таомлар билан меҳмон қилган эди. Шу ҳид Сизга етишини истамаган эдим.» Бу сўзларни эшитган подшоҳ «Ёмонлик қилгувчининг ёмонлиги ўзига қайтгусидир», деган сўзларинг чин ҳақиқат экан, сен ўз мартабангга муносиб экансан», деди.

Ибн Сийрин алайҳирраҳма айтди: «Дунё ишларидан бирор ишда ўзгага ҳасад қилмадим. Чунки, у зот жаннат аҳлларидан бўлса, унинг жаннат неъматлари олдида жуда ҳақир бўлиб қоладиган дунёсининг нимасига ҳасад қиламан. Энди агар у кимса дўзахилардан бўлса, унинг дўзахга киришига сабаб бўладиган дунёсининг нимасига ҳасад қилай». Бир киши Ҳасандан сўради: «Иймонли одам ҳасад қилиши мумкинми?» Ҳасан деди: «Албатта. Ахир Яъқубнинг болалари ҳақидаги ҳикояни унутдингми? Лекин қачон дилингда бировнинг бахтига ҳасад қилсанг, модомики уни қўлинг ёки тилингга чиқармас экансан (яъни амалга оширмас экансан), сенга зарар қилмайди».

Абу-д-Дардо айтди: «Банда ўлимни қанча кўп зикр қилса, унинг хурсандлиги ва ҳасади шунча кам бўлади».

Муовия деди: «Ҳаммани рози қилишим мумкин, фақат неъматга ҳасад қилгувчини рози қила олмайман, чунки уни фақатгина неъматнинг кетиши рози қилади». Ахир айтилган-ку:

Ҳар қандай адоватни йўқ қилиш мумкин, вале
Ул адоватга сабаб бўлса ҳасад йўқолмас.

Ҳукамолардан бири айтди: «Ҳасад тузалмас жароҳатдир, ҳасадгўйнинг ҳасад қилиши учун эса учраган нарса сабаб бўлаверади».

Аъробий деди: «Мен ҳасадгўйдан кўра мазлумга ўхшаганроқ золимни кўрмадим. Чунки у сенинг олдингдаги неъматни ўзига нисбатан зулм деб ҳисоблайверади».

Ҳасан айтди: «Эй одам боласи, нега биродарингга ҳасад қиласан? Агар Оллоҳ суйганлиги сабабли у бандага неъмат ато қилган бўлса, сен Оллоҳ суйган бандага қандай ҳасад қиласан? Агар унинг мол-давлат топишига бошқа сабаб бўлса  (яъни, ҳаром йўллар билан топган бўлса), оқибатда дўзахга элтувчи бўлган мол-давлатнинг нимасига ҳасад қиласан?»

Тангри таоло барчамизни ҳасад балосидан асрагай!

САХОВАТ ЭГАЛАРИ ҲАҚИДА ҲИКОЯТЛАР

Муҳаммад ибн Мункадир Оиша(Ойша)нинг ходимаси бўлмиш Умми Даррадан ҳикоя қилишича, Муовия Оишага икки халтада бир юз саксон минг дирҳам ҳадя юборди. Оиша у пулларнинг ҳаммасини бир товоққа тўкди ва одамларга улашиб берди. Кеч киргач, Умми Даррага «Э, жория, таом келтир!» деди. Ходима нон билан ёғ келтириб, «Бугун улашиб берган пулларингиздан ўзимиз учун бирор дирҳамлик гўшт сотиб олмадингиз-а», деганда, у шундай жавоб қилди: «Ёдимга солиб қўйганингда шундай қилган бўлардим».

Уббон ибн Усмон айтди: «Бир киши Абдуллоҳ ибн Аббосни бир бопламоқчи бўлиб, Қурайш қабиласининг катталарига келиб, «Абдуллоҳ бугун сизларни нонуштага таклиф қилди», деди. Улар розилик бнлдириб, нонушта вақтига етиб бордилар. Абдуллоҳнинг ҳовлиси лиқ тўлди. У бу ҳолни кўриб, «Нима гап?» — деб сўраган эди, меҳмонлардан бири уни бир чеккага тортиб бўлган гапни айтиб берди. Шунда Абдуллоҳ дарҳол мева-чева келтиришни буюриб, нон ва турли таомлар пишгунча меҳмонларни мевалар билан сийлади. Кетидан дастурхонлар ёзилиб, хилма-хил таомлар тортилди. Улар овқатланишиб, ўринларидан туришаётганда Абдуллоҳ ўз хизматкорларидан «Шундай таомларни ҳар куни тайёрлай оламизми?» деб сўради. Тасдиқ жавобини олгач, меҳмонлардан ҳар куни шу ерда нонушта қилишларини илтимос қилди.

Мусъаб ибн Зубайр ҳикоя қилишича, Муовия ҳаж қилиб қайтаётиб Мадина шаҳридан ўтди. Шунда Ҳусайн ибн Али акаси Ҳасанга «У билан учрашмагин ҳам, саломлашмагин ҳам», деди. Муовия шаҳардан чиқиб кетганидан кейин Ҳасан ибн Али ўзича «Ахир зиммамизда қарзимиз бор-ку, бориб айтсам зора ёрдами тегса», деб ўйлади-да, унинг изидан отланди ва етиб бориб, салом берганидан кейин қарзи борлигини арз қилди. Шу пайт уларнинг олдидан қарилик ва устидаги юки оғирлигидан ниҳоят даражада ҳолдан тойган бир туяни ҳайдаб ўтиб қолдилар. Унга Муовияга тегишли бўлган саксон минг динор ортилган эди. «Бу кимнинг туяси?» сўради Муовия. Унга айтдилар. «У ҳолда бу туяни устидаги юки билан Абу Муҳаммад (Ҳасан назарда тутилади) уйи томонга ҳайданглар!» деб буюрди у.

Воқид ибн Муҳаммад ал-Воқидий ривоят қилади: «Отамнинг айтишича, зиммасидаги қарзлари кўпайиб, тоқат қилиб бўлмайдиган даражага етганидан ўз арзи- ҳолини бир вараққа битиб, халифа Маъмуннинг ҳузурига чиққан экан. Халифа варақни ўқиб кўргач, орқа тарафига бундай сўзларни ёзиб қўйибди: «Сенда саховат ва ҳаё хислатлари жамланган. Саховатинг қўлингдаги бор нарса кетишига сабаб бўлди. Ҳаё аҳволингни бизга билдиришни ман қилиб туради. Мен сенга юз минг дирҳам беришларини буюрдим. Агар сенинг хусусингдаги фикрларим тўғри бўлса, бундан кейин ҳам қўлинг янада очиқ бўлаверсин, лекин мен адашган бўлсам, унда сенга ўзингнинг бир сўзингни эслатиб қўйишга ижозат бер! Ёдингдами, сен отам Ҳорун-ар-Рашиднинг саройида қозилик мансабида турганингда менга Муҳаммад ибн Исҳоқ аз-Заҳрийдан, у эса Анас ибн Моликдан ривоят қилган бир ҳадисни айтиб берган эдинг. У ҳадисда айтилишича, Пайғамбар алайҳиссалом Зубайр ибн Аввомга шундай деганлар: «Ё Зубайр, билгилки, барча бандалар ризқларининг калитлари Аршда бўлиб, Тангри таоло ҳар бир бандага қилган ҳаражатига қараб (ризқ) беради. Кўп харажат қилганга кўп беради, кам харажат қилганга оз беради».

Яна ўзинг мендан кўра яхшироқ билгувчисан. Шунда отам айтган экан: «Тангрига қасамки, халифа мен билан ҳадис музокара қилиши, унинг менга юз минг дирҳам ҳадя қилишидан яхшироқдир».

Бир киши Ҳасан ибн Алидан (Оллоҳ улардан рози бўлгай) моддий мадад сўраган эди, у шундай жавоб қилди: «Эй биродар, сенинг мендан сўраш ҳуқуқинг бор эканлиги менинг зиммамга катта масъулият юклайди. Сенга лозим бўлган даражада ёрдам қила олмаслигимни билишим эса мени қийнайди. Зотан, Оллоҳ йўлида ҳар қанча эҳсон қилинса оздир. Менинг қўлимда сенинг раҳматингга муносиб нарсанинг ўзи йўқ. Шундоқ бўлса ҳам мендан арзимас ҳадямни қабул қилсанг ва мени, зиммамдаги сенга лойиқ бўлган ҳадяни бериш бурчидан халос қилсанг, бажонидил қўлимдан келган ёрдамни берган бўлардим». У киши айтди: «Эй, Пайғамбар фарзанди, ёрдамингни жоним билан қабул қиламан ва раҳмат айтаман. Агар ҳеч нарса бера олмасанг ҳам Сени маъзур кўраман». Ҳасан ўз вакилини чақириб, у билан қилиниши лозим бўлган харажатларни ҳисоблаб кўрса, уч юз минг дирҳам экан. «Шундан ортганини келтир!» — деди у вакилга. У эллик минг дирҳам ҳозир қилди. «Беш юз динор ҳам бор эди-ку?» — деб сўради Ҳасан. «Олиб қолган эдим», деди вакил. «Уни ҳам олиб кел!» — деб буюрди у. Сўнг келтирилган барча динор ва дирҳамларни ҳалиги кишининг олдига қўйиб, деди: «Энди бу нарсаларни кўтариб кетадиган одам топ!» У киши иккита ҳаммол топиб келган эди, Ҳасан уларга кира ҳаққи учун ўз ридосини берди. Бу ҳолни кўриб турган хизматкорлар «Худо ҳаққи ўзимизга ҳеч вақо қолмади» дейишди. «Лекин мен умид қиламанки, Оллоҳ ҳузурида биз учун жуда катта ажр бўлади», — деб жавоб қилди Ҳасан.

Абдуллоҳ ибн Аббос Басрада ҳокимлик қилиб турганида унинг олдига бир гуруҳ аҳли илм келиб, айтишди: «Бизнинг кундузларини рўза тутиб, кечаларини ухламай ибодат қилиб ўтказадиган бир қўшнимиз бор. Ҳар биримиз унингдек бўлишни орзу қиламиз.  Шу киши қизини ўз жиянига узатяпти. Аммо у шу қадар камбағалки, қизига сеп қилиб бергудек ҳеч нарсаси йўқ». Абдуллоҳ ўрнидан туриб уларни ўз уйига олиб борди-да, тахмондаги сандиқни очиб, олти халта тилла олди ва: «Унга олиб боринглар!» — деди. Улар Абдуллоҳнинг саховатидан мамнун бўлиб чиқиб кетаётганларида у: «Тўхтанглар, биз у кишига фақат ибодатдан қўядиган нарсалар бериб яхши иш қилмадик. Келинглар, яхшиси шундай фараҳли кунда унинг ёнида бўлайлик. Зотан дунё бир мўъминни Парвардигорга ибодатдан тўсишга арзийдиган қийматга эга эмас, биз эса Тангрининг дўстларига хизмат қилишдан орланадиган даражада мутакаббир эмасмиз», деди- да, улар билан бирга кетди.

Ҳикоя қилинишича, Абдулҳамид ибн Саъд Мисрда амирлик лавозимида турганда у ерда қаҳатчилик бўлди. Раийятнинг аҳволидан ниҳоятда изтиробга тушган амир: «Валлоҳи мен шайтоннинг душмани эканлигимни билдириб қўяман», деб, то арзончилик бўлгунча муҳтожларни ўз қарамоғига олди. Лекин орадан кўп ўтмай, у лавозимидан четлатилди. Мисрдан кетаётганида унинг зиммасида шу ерлик савдогарлардан минг- минг дирҳам қарзи бор эди. Шунинг учун ўз хотинларининг беш юз минг дирҳам қийматга эга бўлган зийнатларини уларга гаровга қўйиб кетди ва кейинроқ қарзларини уза олмаслигига қаноат ҳосил қилгач, савдогарларга ўша зийнатларни сотиб, ўз ҳақларидан ортганини унинг эҳсонларидан баҳраманд бўла олмаган бечораларга тарқатишларини сўраб мактуб ёзди…

Абу Марсад ниҳоятда саховатли киши эди. Бир шоир уни мадҳ этиб шеър ёзди. У шоирга деди: «Худо ҳаққи, менинг сенга берадиган ҳеч воқойим йўқ. Лекин сен мени қозининг олдига олиб бор-да, «Унда ўн минг тангам бор», деб даъво қил. Мен иқрор қиламан. Кейин мени ҳибс қил, қариндошларим мени маҳбус қилиб қўйишмас». Шоир унинг айтганини қилди ва ўша куни кеч кирмасданоқ унга ўн минг дирҳам берилиб, Абу Марсад озодликка чиқди.

Маън ибн Зоида ироқликларнинг Басрадаги ҳокими эди. Унинг дарвозаси олдига бир шоир келиб бир муддат Маъннинг ҳузурига кирмоқчи бўлиб турди, аммо унга рухсат берилмади. Бир куни у Маъннинг хизматкорларидан бирига: «Амир боққа кирганида менга билдириб қўй», деб тайинлади. Кўп ўтмай хизматкор амир боққа кирганини хабар ҳилди. Шунда шоир бир тахтага икки мисра шеър битиб, уни боққа кирадиган ариқдаги сувга ташлади. Маън бу пайтда ариқ ёқасида ўтирган эди. Оқибат келаётган тахтага кўзи тушгач, ушлаб олиб қараса, унга шу байт битилган экан:

Ёлғиз ўзинг таянчим, кел, бошимдан бу ғамимни кетказгил.
Эй Маъннинг саховати, ўзинг унга ҳожатимни етказгил…

Маън байтни ўқигач: «Бунинг эгаси ким?» — деб сўраган эди, ташқаридан шоирни топиб келдилар. «Не сабабдан буни ёздинг?» — сўради амир. Шоир айтди. Амир унга ўн халта танга беришларини буюрди. Шоир унга раҳмат айтиб чиқиб кетди. Амир эса ҳалиги байт ёзилган тахтачани гиламнинг остига қўйиб қўйди. Эртасига уни олиб ўқиб, яна шоирни чақиртириб келиб унга яна юз минг танга берди. Шоир хурсанд бўлиб ҳадяни олди ва амир ўз қароридан қайтиб қолишидан қўрқиб, тезда чиқиб кетди. Учинчи куни амир яна тахтачани олиб ўқиди ва яна шоирни чақириб келишларини буюрди. Лекин уни излаб топа олмадилар. Шунда Маън айтди: «У мени шу даражада олижаноб деб ҳисоблар экан, уни ёлғончи қилмаслик учун уйимда бирор танга қолмагунча ҳадя қилишим лозим эди».

Абу Ҳасан Мадоиний айтди: «Ҳасан, Ҳусайн ва Абдуллоҳ ибн Жаъфар ҳаж қилиш учун кетаётганларида зоди рохилаларини (сафарда ейиш учун олган озиқ-овқатларини) йўқотиб қўйдилар. Очлик ва сувсизликдан қийналиб бораётиб йўл четидаги бир чодирда ёлғиз ўтирган кампирга дуч келдилар ва ундан ташналикларини қондиргани бирор нарса сўрашди. У «Бор» деди. Лекин улар чодир ёнига боғлаб қўйилган бир қўйдан бошқа нарса кўрмадилар. «Ўшани соғиб, сутини ичинглар», деди кампир. Улар сут ичиб бир оз ўзларига келгач, «Егулик нимангиз бор?» — деб сўрашди. Кампир деди: «Шу қўйдан бошқа ҳеч нарсам йўқ. Бирортангиз шуни сўйиб берсангиз, мен сизларга егулик пишириб берар эдим». Улардан бири қўйни сўйиб, терисини шилиб берган эди, кампир таом тайёрлади. Овқатланиб, бир оз дам олганларидан кейин меҳмонлар кампирга бундай дедилар: «Биз Қурайш қабиласиданмиз. Ҳаж сафарига кетмоқдамиз. Саломат қайтсак, биз томонларга ўтишингизни кутамиз ва биз ҳам Сизнинг хизматингизда бўлишни орзу қиламиз». Улар кетганларидан кўп ўтмай, кампирнинг чоли келади. Кампир унга бўлган воқеани айтиб берди. Чол унинг гўллигидан фиғони чиқиб, деди: «Ўлим бўлсин сенга. Танимаган-билмаган одамларга биттаю битта қўйингни сўйиб бериб юбориб, яна «Қурайшлар экан», дейсан».

Бир қанча муддат ўтгандан кейин чол-кампир тирикчилик важидан Мадинага қатнай бошладилар. Улар у ерда ўтин сотиб, ўшанинг пули билан кун ўтказардилар. Бир куни кампир Мадина кўчаларидан бирида кетаётган эди, баногоҳ уни бир уйнинг дарвозаси олдида ўтирган Ҳасан ибн Али кўриб, таниб қолди. Кампир ўзини танимай ўтиб кетганини кўрган Ҳасан унинг ортидан хизматкорини юборди. Қампир келгач, унга: «Эй, Оллоҳнинг чўриси, мени танияпсизми?» — деди. «Йўқ», деб жавоб қилди кампир. Ҳасан деди: «Мен фалон-фалон кунда Сизнинг меҳмонингиз бўлганман». «Ота-онам сенга фиддо бўлсин, сен ўшами?» — ҳайрон бўлди кампир. Ҳасан тасдиқ ишорасини қилиб, унинг ҳол-аҳволини сўради ва хизматкорларига бозордан мингта қўй сотиб олиб, бу қўйларга яна минг динор пул қўшиб кампирга беришларини буюрди. Кейин уни хизматкорларидан бирига қўшиб, укаси Ҳусайннинг олдига жўнатди. Ҳусайн ҳам унга мингта қўй билан минг динор ҳадя қилди. Сўнг уни хизматкорига қўшиб Абдуллоҳ ибн Жаъфар ҳузурига юборди. Абдуллоҳ кампирдан Ҳасан ва Ҳусайн қандай ҳадя берганларини сўраган эди, кампир: «Икки минг қўй ва икки минг динор», деб жавоб қилди. Абдуллоҳ бир ўзи унга икки минг қўй ва икки минг динор беришларини буюриб, деди: «Агар мендав бошлаганингизда, уларни қийнаб қўйган бўлар эдим». Шундай қилиб кампир чолининг ёнига тўрт минг қўй ва тўрт минг динор пул билан қайтди.

Абдуллоҳ ибн Омир ибн Қурайз масжиддан чиқиб ёлғиз ҳолда уйи томонга кетаётган эди, ёнига Сақиф қабиласидан бўлган бир йигит келиб, индамасдан у билан ёнма-ён кета бошлади. Абдуллоҳ ундан: «Менда бирор ишинг борми, эй йигит?» — деб сўради у. У деди: «Жонингиз омон бўлсин. Сизнинг якка-ёлғиз кетаётганингизни кўриб, ўзимча: «Бу зотни қўриқлаб борай», деб, Сизга бирор ёмонлик етмаслигини Тангри таолодан тилаб ёнингиздй келмоқдаман». Бу фидойиликдан мутаассир бўлган Абдуллоҳ унинг қўлидан ушлаб уйига олиб кирди ва уйдан минг динор олиб унга бераркан, шундай деди: «Бирор ҳожатингга ишлатгин. Ота-онанг сени мунча яхши тарбиялабдилар».

Ҳикоя қилишларича, бир жамоа араблар саховатли кишилардан бирининг қабрини зиёрат қилгани бордилар. Олис сафардан ҳориб келганлари учун ўша жойда ётиб қолдилар. Шу кеча улардан бирининг тушига қабр соҳиби кириб, «Туянгни менинг зотдор отимга алмашмайсанми?» — деяётганмиш. Уйқудаги киши: «Хўп», дебди. Дарвоқе, ухлаётган кишининг туяси, қабр эгаси бўлмиш марҳумнинг зотдор оти бор эди. Ўрталаридаги савдо битганидан кейин марҳум ўрнидан туриб, туянинг тўшига пичоқ санчибди. Уйқудаги киши бу ҳолдан чўчиб уйғониб қараса, туясининг тўшидан қон оқаётганмиш. Шунда у ётган жойидан туриб, туяни сўйиб, гўштини тақсимлади. Сўнг уни пишириб, қоринларини тўйдиргач, уйларига қайтдилар. Йўлга тушганларининг иккинчи куни қаршиларидан бир тўп отлиқ чиқиб, у отлиқлардан бири: «Сизларнинг қайси бирингиз Фалон ибн Фалон?»—деб туш кўрган кишининг номини айтди. У киши: «Мен» — деб жавоб қилди. «Сен Фалон ибн Фалонга бирор нарса сотдингми?» — деб марҳумнинг исмини тилга олди отлиқ. «Ҳа, тушимда туямни унинг зотдор отига алмашганман», деди у киши. Отлиқ: «Мана унинг зотдор оти», деб унга бир кўркам отнинг жиловини тутқизди ва шу сўзларни айтди: «Ўша отнинг эгаси менинг отам бўлади. Кеча тушимга кириб: «Агар менинг ўғлим бўлсанг, мана шу зотдор отимни Фалон ибн Фалонга бергин!» — деб сенинг номингни айтди».

Қурайшлик бир киши сафардан қайтаётиб йўл ёқасида ўтирган, замон оёқдан қолдирган, хасталик ҳолдан тойдирган бир аъробийнинг ёнидан ўтди. У қурайшликка қараб, «Эй биродар, ҳолимга раҳминг келсин, ёрдамингни дариғ тутма», деди. Қурайшлик хизматкорига: «Ёнингда қолган пулнинг ҳаммасини унга бергин!» — деган эди, хизматкор аъробийнинг олдига тўрт минг дирҳам тўкди. Аъробий ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, кучи етмагач, ўксиб йиғлаб юборди. Буни кўрган қурайшлик: «Нега йиғлаяпсан, берган нарсамиз озлик қилдими?» — деб сўради. У жавоб қилди: «Йўқ, билъакс, сендек саховатли зотларни ҳам ер ютишини ўйлаб йиғлаяпман».

Хорун ар-Рашид (бир куни)  Молик ибн Анас алайҳирраҳмага беш юз динор юборибди. Бу воқеани эшитиб Лайс ибн Саъд Моликка минг динор ўтказди. Бундан хабар топган Хорун ғазабланиб: «Мен беш юз берсаму, сен менинг фуқаром бўла туриб минг динор берасанми?» —деди. У жавоб берди: Эй, амиралимўъминин, менинг кундалик киримим минг динордир. Шундай улуғ зотга бир кунлик фойдамдан ҳам озроқ ҳадя қилишга номус қилдим».

Аъмаш айтди: «Қўйларим касалга чалиниб қолди-ю, Хайсума ибн Абдурраҳмон ҳар куни эрталаб ва кечқурун келиб уларнинг аҳволини сўрайдиган, «Емлари етарлими, сут йўқлигидан болалари қийналмаяптими», деб суриштирадиган бўлди. У ҳар сафар келганида ерга тўшалган биттаю-битта кигизга ўтирар, чиқиб кетаётганида эса: «Кигизни остидаги нарсани ол!» — деб қўярди. Шундай қилиб қўйимнинг касали сабаб бўлиб менга у томондан уч юз олтмиш динор келди, мен эса ҳатто «Қўйларим тузалмасайкан», деб орзу қиладиган бўлдим».

Абдуллоҳ ибн Марвон Асмо ибн Хорисага: «Менга сенинг хислатларинг ҳақида кўп гапиришган. Шу хусусда ўзингдан ҳам эшитсак», деди. Асмо деди: «Кишининг хислати ҳақида ўзгалар гапиргани гўзалроқдир». «Мен ўзингдан эшитмоқчиман, гапира қолгин!»— деди халифа. «Эй, амиралмўъминин, мен ҳеч қачон суҳбатдошим олдида оёғимни узатган эмасман. Бирон таом тайёрлаб одамларни чорласам ўзим улардан кўра кўпроқ миннатдор бўлганман. Бирор киши мендан ниманидир сўраса, албатта сўраганидан зиёдароқ қилиб қўшиб берганман», деб жавоб қилди Асмо.

МАНА ШУНДАЙ ХИСЛАТ ЭГАЛАРИНИ ТАНГРИ РАҲМАТ ҚИЛСИН ВА БАРЧАЛАРИНИНГ ГУНОҲЛАРИНИ МАҒРИФАТ АЙЛАСИН!!!

03

   Ming yil narisidan butun dunyoda “Hujjatul Islom” unvoni bilan ulug’lanib kelayotgan Imom Abu Homid G’azzoliy asarlari Islom dini mohiyatini barcha nozik jihatlarigacha e’tiborga olib, teran tafakkur va idrok etish, tushunish xususiyatlari bilan ajralib turadi. E’tiqodiy masalalarga alohida hassoslik, mehr-muhabbat bilan yo’g’rilgan bu sifatlar, shubhasiz, o’quvchilarni ham insonning dunyoga kelishidagi ilohiy hikmat, yashashidan maqsad hamda vazifalari haqida chuqur o’ylashga undaydi.

1
USHBU TARJIMANING TARIXI HAQIDA QISQACHA SO’Z

Muqaddas Qur’oni Karimning birinchi marta zamonaviy o’zbek tilidagi ma’no tarjimasi bugungi kunda Islom olamining yetuk allomasiga aylangan Shayx Alovuddin Mansur tomonidan 1989 yilda boshlangan edi. Ardoqli shoir Shavkat Rahmonning yaqin do’sti bo’lmish bu inson bilan O’shda, shoir jo’ramning ona shahriga mehmon bo’lib borgan kezlarimda yaqindan tanishgan edim. Ochig’ini aytish kerak, Alovuddin Mansur o’sha olis yillar biz — bir necha yosh shoiru yozuvchini Islom madaniyatiga, tarixiga va eng muhimi, Qur’oni Karimni anglash mohiyatiga yaqinlashtirgan, olis Qorasuvdan Toshkentga qatnab, Muqaddas Kitobdan saboq bergan zotdir.

Alovuddin Mansur tarjimaga qattiq kirishgan paytlar edi. Shavkat Rahmon tashabbusi bilan ikkimiz bu ishni tezlashtirishga hissa qo’shish niyatida mutarjimga navbatma-navbat kotiblik qilishni ma’qul topdik. Shu maqsadda men bir necha kun Qorasuvda bo’lib, qo’limdan kelgancha, tarjimonga kotiblik qildim.

Tarjimadan bo’sh paytda Alovuddin Mansurning unchalik katta bo’lmagan, ammo nihoyatda nodir kitoblar taxlangan kutubxonasida suhbatlashardik. Shunday suhbatlardan birida gap Imom Abu Homid G’azzoliy haqida borarkan, uy sohibi javondan muhtasham bir kitobni olib, «Bu «Ihyoul- ulum» kitoblari», — deya, asar haqida tushuntirishlar berdi. O’sha paytlar men «Yosh gvardiya» nashriyotida ishlardim va bo’lim mudirligimdan foydalanib, «Kamalak» nomli yillik adabiy-tanqidiy to’plam (al`manax)ni tashkil etgan va uning salmoqli (320 betli) birinchi kitobi endigina nashrdan chiqqan edi. Ichimda navbatdagi to’plamga «Ihyoul- ulum»dan parchalar berishni o’yladim. Gapning rosti, hali islomiy asarlarga keng yo’l ochilmagan bo’lsa-da, bu sohada ilk qadamlar tashlashga urinishlar boshlangan zamon edi. O’ylaganimni Alovuddin Mansurga aytdim, «Agar ilojini topsangiz, yaxshi bo’lardi» — dedi. Iloji topildi va Yaratganning ko’magi bilan «Kamalak»ning navbatdagi, 1990 yilda nashr etilgan to’plamida bugun siz o’qiydigan tarjima chop etildi.

O’sha kunlarda bo’lgan suhbatlarning birida Islomda er va xotin munosabati haqida gap ketdi. Alovuddin Mansur bu masala aks etgan bir maqolani menga tavsiya qildi. Men maqolani o’zbek tiliga tarjima qilish kerak, degan gapni aytdim. «Hozir bu maqolani chiqarish dargumon», — dedi suhbatdoshim. Xullas, qisqa bahsdan keyin men maqolani tarjima qilib, biron bir jurnalda chiqarishga urinadigan bo’ldim. Alhamdulilloh, ko’p o’tmay misrlik taniqli alloma maqolasining tarjimasi «Saodat» jurnalida chop etildi.

Qur’oni Karimning dastlabki suralari 1990 yilning mart oyidan «Sharq yulduzi» jurnalida e’lon qilina boshlandi va oradan ko’p o’tmay kitob shaklida nashr etildi. Ana shu ilk tarjimaning bir nuqtasida bo’lsa-da, mening hissam ham qo’shilganini Parvardigor rahmati deb bilaman.

Bugun hazrati Imom G’azzoliy asaridan tarjima qilingan parchalarni sizga tavsiya qilarkanman, o’sha olis voqealarni eslagim keldi. Olloh taolo bizga ibrat qoldirgan barcha zotlarni rahmatiga olsin va gunohlarimizni mag’firat aylasin.

Xurshid Davron

1
MUALLIF XUSUSIDA SO’Z

Imom Abu Homid Muhammad ibn Muhammad al-G’azzoliy (450h-1058-59m-505x- 1111 m) Tus shahrida kambag’al kosib oilasida dunyoga keldi. Uning otasi Muhammad ibn Ahmad Tusdagi kichikkina do’konida yung yigirib sotib, qo’l uchida tirikchilik qilar edi. (Olimning G’azzoliy taxallusi ham ota kasbiga ishora— «g’azzol» yigiruvchi degan ma’noni bildiradi). Ilmu ma’rifatga behad muhabbatli bo’lishiga qaramasdan kambag’alligi tufayli dunyodan savodsiz o’tayotgan ota umrining oxirida o’zidan keyin qolayotgan ikki sag’ir farzand — Abdu Homid va Ahmadni bir ahli solih mutasavvif do’stiga topshiradi, uy-joyini sotib, pulini o’g’illarini ilm olish uchun sarflashini vasiyat qilib olamdan o’tadi. Darhaqiqat, ota iltijolari ijobat bo’lib, o’g’illaridan Ahmad o’z zamonasining tengsiz voizi, Abu Homid esa do’st ham, dushman ham tan olgan buyuk olim, benazir faylasuf bo’lib yetishadi.

Boshlang’ich bilimlar va huquqshunoslik fanini tug’ilgan shahrida o’rgangan Abu Homid keyinchalik Jurjonga, o’sha davrning mashhur qomusiy allomasi Abu Nasr huzuriga borib, tahsili ilmni o’sha yerda davom ettiradi. Bir necha yil mobaynida ustozining barcha bilimlarini egallab, o’qib-o’rgangan kitoblariga ko’p jildlik sharh va izohlar bitib, o’z yurtiga qaytayogganida, yo’lda kelajak hayotida katta ahamiyat kasb etgan bir voqea ro’y beradi. G’azzoliyning o’zi bu haqda shunday hikoya qiladi: «Yo’lda karvonimizga qaroqchilar xujum qilib, bor narsamizni talab ketdilar. Men qaroqchilar boshlig’ining ortidan borib, «Olgan narsalaring orasida senga hech qanday foydasi bo’lmagan bir to’rva bor, shuni qaytarib bergin», deb yalindim. «To’rvangda nima bor edi?»— so’radi u. «Unda mening bor ilmim—juda ko’p kitoblardan olib yozilgan sharh va izohlar bor. Necha yillardan beri musofirlik azobini tortib topgan boyligim shu», dedim. Qaroqchi kulib: «Har qanday odam olib qo’yishi mumkin bo’lgan narsani «mening ilmim» deyishga uyalmaysanmi?»—dedi va :«Uning ilmini qaytarib beringlar!»—deb buyurdi. Bu gap menga shunday qattiq ta’sir qildiki, Tusga qaytib kelganimdan keyin uch yilgacha uydan tashqariga bir qadam qo’ymasdan o’sha yozgan sharhu izohlarimning hammasini yod olib, hech qanday qaroqchi ololmaydigan joyga — qalbimga jo qildim». Lekin G’azzoliy bu bilimlarni o’zi uchun yetarli hisoblamas va olgan ilmini to’ldirish bilan birga yana yangi fanlarni ham egallash maqsadida o’sha davrning ilm-fan markazi hisoblanmish Xuroson davlatining poytaxti Naysobur shahriga yo’l oladi. U yerda zamonaning yetuk ulamolaridan mazhab, usul (metodika), jadal (dialektika), mantiq ilmlarini hamda hikmat, falsafa fanlarini chuqur o’rgandi va keyinchalik bu fanlarning barchasida o’z kitoblarini tasnif qildi.

Shunday qilib, jahonga Beruniy, Ibn Sino, Xorazmiylarni bergan Movarounnahr allomalari safiga yana bir qomusiy olim kelib qo’shildiki, zamondoshlari uni «bahri mug’riq» (tubsiz dengiz), «hujjatul-islom» deb tan oldilar. Undan «Ihyoul-ulum», «Tahofutul-falosifa», «Al-Xulosa», «Shifoul-alil», «Al-Qistosul-mustaqim» kabi yuzga yaqin asar meros bo’lib qoldi. Bu asarlarga nafaqat Sharqda, balki G’arb olamida ham katta qiziqish bilan qaralib, ularning asosiy qismi dunyoning ko’pgina tillariga tarjima qilindi. Jumladan, Moskvadagi «Fan» nashriyoti 1980 yilda olimning «Ihyoul-ulum» («Din ilmlarini tiriltirish»), «Al-Qistosul-mustaqim («Adolat mezoni») kitoblaridan boblar tarjima qilib, alohida kitob holida nashr etdi.
«Ihyoul-ulum» kitobi aslidan ag’darilib, xamir uchidan patir qabilida taqdim etilayotgan mazkur parchalar ham tolibi tarix, tolibi ilmlarga manzur bo’lar, degan umiddamiz.

Tarjimon.

05
IMOM ABU HOMID G’AZZOLIY

«IHYOUL-ULUM» (DIN ILMLARINI TIRILTIRISH) ASARIDAN
Arabchadan Alouddin Mansur tarjimasi
045

DIL AJOYIBOTLARINING SHARHI
(Halok qilguvchi narsalar rub’ining birinchi kitobi)
NAFS, JON (RUH), DIL, AQL LAFZLARI
VA BULARDAN ANGLANADIGAN MA’NOLAR BAYONIDA

Bilingki, bu boblarda so’z shu to’rt lafz ustida ketadi. Ulamo orasida bu lafzlarning ma’nolarini va mohiyatlarini to’la-to’kis anglab yeta oladigan kishilar juda kamdir. Ko’p xatolar bu so’zlarning asl ma’nosini bilmaslikdan va ularning ma’nolarini shu so’zlar bilan nomlangan boshqa narsalarga aralashtirib yuborishdan kelib chiqadi. Biz quyida mazkur lafzlarning mavzuyi bahsimizga aloqador ma’nolarini sharh qilamiz.

Avvalgi DIL so’zini ikki ma’noda tushunish mumkin. Birinchisi: dil ko’krakning chap tarafida joylashgan konus shaklli bir parcha go’shtdir. U ichi g’ovak bo’lgan maxsus go’sht bo’lib, bu g’ovakda ruhning asl manbai bo’lmish qora qon mavjuddir. Biz bu yerda yurakning shakli va ko’rinishini sharhlamoqchi emasmiz, zero bu tabiblarga taalluqli ishdirki, uning diniy bahslarga aloqasi yo’q. Chunki, yurak hayvonotda. hatto o’likda ham bordir. Demak, kitobimizning qaysi joyida DIL so’zini ishlatsak, odamlar u yoqda tursin, hatto hayvonlar ham ko’ra oladigan, hech qanday qiymatga ega bo’lmagan bir parcha go’shtni nazarda tutmaymiz.

DIL so’zining ikkinchi ma’nosi — dil Parvardigorning o’z bandalariga ato etgan ruhoniy ne’mati bo’lib, uning jismoniy dilga aloqasi bordir. Bu ne’mat insonning asl mohiyatidirki, inson butun ilmu ma’rifatga uning vositasida erishadi va barcha xitob, azob, xitob (tanbeh) va talablar unga qaratilgan bo’ladi. U ruhoniy ne’mat bilan jismoniy yurak o’rtasidagi mustahkam aloqaning haqiqiy suratini ko’pchilik anglab yetmaydi. Zero, bu aloqa arazning (shakl, rang, hajm kabi) jismga, sifatning mavsufga (sifatlanuvchiga) yoki biror asbobning ishlatuvchining o’sha asbobga bo’lgan aloqasiga o’xshaydi. Biz bu yerda ikki narsa sababli mazkur aloqani sharhlashdan o’zimizni saqlaymiz. Birinchisi: u (ya’ni ruhoniy dil bilan jismoniy dil orasidagi aloqa) mukoshafa (sirlarni kashf qilish) ilmiga taalluqlidir. Bu kitobning maqsadi esa muomala ilmlarini o’rganishdir. Ikkinchisi: mazkur aloqaning tahqiqoti ruh sirlarini fosh qilish qudratini taqozo qiladi. Bu esa hatto Payg’ambar alayhissalom ham so’z yuritmagan mavzulardanki, boshqalar bu borada so’zlashga ojizdir.

Xulosa shulkim, bu kitobning qaerida DIL so’zi mazkur bo’lsa, o’sha ne’mati ilohiyya, ya’ni ruhoniy dil nazarda tutiladi va uning mohiyat-haqiqati emas, balki sifat-ahvolini bayon qilish maqsad qilinadi. Zero, muomala dilning haqiqat-mohiyatini emas, balki sifat-ahvolini tanishga muhtojdir.

Ikkinchi lafz JON (ruh)dir. U ham bizning mavzuimizga taalluqi jihatidan ikki ma’noda keladi. Birinchisi: jon ko’zga ko’rinmas jism bo’lib, manbai jismoniy dilning g’ovaklaridir. U yerdan urib turuvchi tomirlar orqali butun badanga tarqaydi. Jonning badandagi jarayoni (harakati); dildan badanning barcha a’zolariga sezish, ko’rish, eshitish, hidlash kabi hayot nurlari oqishi — xuddi uyning burchaklaridagi chiroqdan taralayotgan nurning oqishiga o’xshaydi. U nur uyning qaeriga yetib borsa o’sha yerni yoritadi. Demak, devorlarda hosil bo’lgan nur hayotning misoli, chiroq jonning misoli, harakatlantiruvchining qo’li bilan uyning har bir burchaklarini yoritayotgan chiroq harakati esa badandagi jon harakatining misoli desak bo’lar ekan.

Tabiblar jon deganda dil haroratida pishib yetilgan ko’zga ko’rinmas bug’ni iroda qiladilar. Biz bu haqda gapirmoqchi emasmiz, chunki masalaning bu tomoni badanlarni davolaydigan tabiblarga taalluqlidir. Ammo dillarni butun olam Parvardigori tarafiga yuradigan bo’lishi uchun davo izlaydigan din tabiblariga esa jon haqida bunday sharhu izohlar berish aslo vazifa emas.

JON so’zining ikkinchi ma’nosi quyidagichadir: jon insondagi biluvchi, idrok qiluvchi ilohiy ne’matki, biz bu haqda dil ma’nolaridan ikkinchisini sharhlaganimizda aytib o’tdik. Olloh Taolo o’zining «Ayting, jon Egamning (Parvardigorimning) ishidandir» — degan qovli bilan jonning shu ma’nosini ko’zda tutganki, u haqiqatan ham insoniyat mohiyatiga yetishi mushkul bo’lgan ilohiy ishdir.

Uchinchi lafz NAFS ediki, u ham bir necha ma’nolarda keladi. Bu ma’nolardan ikkitasi bizning mavzuyi bahsimizga aloqadordir. Birinchisi: NAFS deganda insondagi g’azab va shahvat quvvatlarini o’z ichiga olgan taraf nazarda tutiladi. (Bu haqda keyinroq batafsil to’xtalamiz). Nafsni bu ma’noda tushunish ahli tasavvufda g’olibdir. Ular nafs deganda insondagi barcha mazmun (manfur) sifatlarni o’zida jamlagan zo’rovon kuchni nazarda tutadilar va shu bois bunday deydilar: «Doimo nafsga qarshi kurashish va mudom uni sindirish lozim, zero Payg’ambar alayhissalom «Eng qattol dushmaning o’z ichingdagi nafsingdir», degan hikmatlari bilan shunga ishora qilganlar.

Ikkinchi ma’no shundan iboratki, NAFS biz yuqorida zikr qilib o’tgan ilohiy ne’mat bo’lib, u insonning o’zidir. Lekin u har xil hollarda xilma-xil sifatlanadi. Masalan: shahvat xurujlarini yengib, haq amriga bo’ysungan nafsni «nafsi mutmainna», ya’ni xotirjam-sokin nafs deyiladi. Olloh u haqda shunday deydi: «Ey, nafsi mutmainna, rozi bo’luvchi va rozi bo’lingan holingda Parvardigoringga qayt!»

Avvalgi ma’nodagi nafs esa Olloh taologa qaytishi tasavvur qilinmaydi, chunki u Ollohdan uzoq shayton guruhidandir. Agar nafs xotirjam-sokinlik darajasiga yetmay, shahvoniyatni bir yoqlab, bir unga qarshi turadigan bo’lsa, xullas haq-nohaq orasida ikkilanuvchi bo’lsa, u chog’da «nafsi lavvoma», ya’ni malomatgo’y nafs deyiladi. Zero bunday nafs egasi Tangriga ibodat qilishda qosir (kalta nuqsonli)lik qilsa nafsi uni malomat qiladi. Bu xususda Olloh taolo shunday degan: «Malomatgo’y nafs nomi bilan qasam ichaman!»

Endi u e’tirozni tark etib, shahvat xurujlari va shayton vasvasalariga bo’ysinuvchi bo’lsa, «nafsi ammora», ya’ni yomonlik-gunohga buyuruvchi nafs bo’ladi. Olloh taolo Qur’onda, Yusuf alayhissalom qissasida u zotning tilidan bunday hikoya qiladi: «Nafsimni oqlamayman, zero nafs yomonlikka buyurguvchidir». Yomonlikka buyurguvchi nafs — birinchi ma’nodagi nafs bo’lib, u eng yomon sifatlarni o’zida jamlagandir. Ikkinchi ma’nodagi nafs esa maqtovga loyiq, negaki u Ollohning zotini va u zot yaratgan barcha narsalarni tanib, ibrat olguvchi insonning o’zidir.

To’rtinchi lafz AQLdir. U ham xilma-xil ma’nolarda kelishini biz «Qitobi ilm»da aytib o’tdik. AQL lafzidan chiqadigan ma’nolardan ikkitasi mavzumizga aloqadordir. Birinchisi: aql deganda ishlarning asl mohiyatini anglash tushuniladi. Demak, u insonning dilidan o’rin olgan bilishlik sifatidan iborat ekan.

AQLning ikkinchi ma’nosi bunday: aql deb ilmlarni idrok qilguvchini aytiladi. Demak, u ilohiy ne’mat bo’lgan dilning o’zi ekan. Zero, har qanday bilguvchining o’z holicha tura oladigan mustaqil vujudi bo’lib, bilim shu vujudga hulul qilgan (tushgan) sifatdir. Sifat esa mavsufning (sifatlanuvchining) o’zi emas. Aql deganda goho olimning (bilguvchinnng) sifati anglansa, goho uning zoti (o’zi) anglanadi. Payg’ambar alayhissalomning «Olloh yaratgan birinchi narsa aqldir», degan so’zlaridan murod ham shu. Zero, bilishlik bir sifat bo’lib, uning o’zi birinchi yaraluvchi bo’lishi tasavvur qilinmaydi, balki undan ilgari yoki u bilan birga uning o’rni-mahalli yaralishi lozim bo’ladi. Bundan tashqari bilishlik sifatiga qarata xitob qilish ham mumkin emas. Holbuki «Olloh taolo unga (ilmga) «kel» dedi. U keldi. So’ngra «ket» dedi. U ketdi», degan mazmunda hadis bor.

Shunday qilib, sizga ma’lum bo’ldiki, yuqorida mazkur bo’lgan har bir lafzning o’z ma’nosi bor ekan. Bular: jismoniy dil, jismoniy ruh, shahvoniy nafs va bilimlardir. Bu to’rt ma’no yuqoridagi to’rt lafz bilan ifodalanadi. Lekin, insondagi bilguvchi-idrok qilguvchi ilohiy ne’mat bo’lmish beshinchi ma’no ham borki, bu ma’noda har to’rttala lafz mushtarakdir. Demak, ma’no beshta, lafz esa to’rtta bo’lib, har bir lafz ikki ma’noda qo’llanadi. Ko’pchilik ulamoga bu lafzning umumiy va xususiy jihatlari yaxshi ma’lum bo’lmagani natijasida ular «bu aqliy tushuncha, bu ruhiy sezim, bu qalb tuyg’usi, bu nafs xuruji» deydilar-u, o’zlari mazkur lafzlardagi ma’nolar tafovutini to’la idrok qilmaydilar. Shu bois oradagi noaniqlik pardasi ko’tarilsin, deb yuqoridagi lafzlar ma’nosini aloqadri hol sharhlab o’tdik.

Qur’on va hadisning qaysi joyida dil so’zi kelsa, undan narsalarni anglab-mohiyatiga yeta oluvchi inson ma’naviyati murod bo’ladi. Faqat gohi paytlardagina jismoniy a’zo bo’lmish yurak ma’nosida kelishi mumkin, u holda bunga sabab insonning asl mohiyati sanaladigan ma’naviyyat bilan jismoniy yurak chambarchas bog’liq ekanligidir. Chunki ma’naviyyat, garchi ruh, nafs, aql kabi boshqa a’zolarga ham aloqador va iste’molda ular orasida mushtarak bo’lsa-da, ma’naviyyatning mazkur a’zolardagi iste’moli o’sha buyuk ne’mat — dil vositasida kechadi. Ya’ni, insondagi buyuk ilohiy ne’mat — ma’naviyyatning makon-mamlakati, maskan tutgan olami va o’rnashgan taxti DILdir. Sahl Tustariy behuda «Dil arsh, ko’krak kursidir» demagan. Lekin bundan Ollohning arsh va kursisi iroda qilinayotgani yo’q, chunki bu imkonsizdir. Balki murod — dil insonning birinchi mamlakati va barcha tadbir-tasarruflarning ilk manbai ekanligini ta’kidlashdir. Bu mamlakat, bu manbaning inson hayotida (borligida) tutgan o’rni esa arsh va kursining Olloh taologa nisbatan tutgan mavqeiga o’xshaydi. Biroq, bu o’xshashlik ham nisbiy o’xshashlik bo’lib, hozir uni mufassal sharhlab o’tirishning mavridi emas, bas shu aytganlarimiz bilan chegaralanib, qalb mavzusini davom zttiramiz.

HASAD MAZAMMATI BAYONI
(Halok qilguvchi narsalar rubning g’azab, adovat, hasad zararlari
xususidagi beshinchi kitobidan)

Bilingki, hasad ham adovat natijalaridan bo’lib, adovat esa g’azabdan kelib chiqadi. Demak, u g’azabdan unib chiqqan tikanning bir shoxi, g’azab esa uning asl tomiri ekan. Endi o’z navbatida hasadning ham sanoqsiz mazmum (yomon) shox-butoqlari bor. Hasad zararlari haqida juda ko’p XABARlar vorid bo’lgan.

Payg’ambar alayhissalom aytdilar: «Olov o’tinni yegani kabi hasad yaxshi amallarni yeydi». U zot hasad, uning sabab va oqibatlari to’g’risida yana shunday dedilar: «Bir-biringiz bilan hasad qilishmang, uzilishmang, adovat saqlamang va bir-biringizdan yuz o’girishmang, balki, ey Olloh bandalari, o’zaro birodar bo’linglar!»

Anas shunday degan edi: «Bir kuni Payg’ambar alayhissalom huzurlarida o’tirgan edik, u zot «Hozir mana shu daradan sizlarning oldingizga chiqib keladigan kishi ahli jannatlardandir», dedilar. Shu zahoti ansor (Madina shahridan bir qabila)lardan bo’lgan bir kishi ko’rindi. U chap qo’lida kavushi, soqolidan tahorat suvlarini sachratgancha kelib, salom berdi. Ertasiga Rasululloh kechagi so’zlarini takrorlagan edilar, yana o’sha kishi ko’rindi. Uchinchi kuni ham shu hol takrorlandi. Payg’ambar allayhissalom o’tirgan joylaridan turib ketganlaridan keyin Abdulloh ibn Amr ibn Os haligi kishining ortidan borib dedi: «Men otam bilan tortishib qolib, uch kungacha uning oldiga kirmaslikka qasam ichdim. Agar sen menga joy bersang borar edim». U kishi «Yaxshi» deb javob qildi. Shundan keyin (Abdulloh) uch kecha unikida yotib yurdi, lekin biror kecha uning uxlamay ibodat qilganini ko’rmadi. Faqat u yotgan joyida, u yondan bu yonga ag’darilsa ham, Ollohni zikr qilardi. Ammo bomdod nomozigacha o’rnidan turmasdi. Abdulloh aytdiki, «Undan hech yomon gap eshitmadim. Uch kun kechib uning qilgan amallaridan ko’nglim to’lmagandan keyin aytdim: «Ey, Xudoning bandasi, otam bilan oramizda hech qanday janjal bo’lmagan edi. Magar men Rasulullohdan sen haqingda shunday- shunday gaplarni eshitib, qanday amallar sharofati bilan bunday baland darajaga musharraf bo’lganingni bilmoqchi bo’ldim, ammo, sen tarafingdan biror ortiqcha amalni ko’rmadim. Endi o’zing aytsang, qay yo’l bilan bunday baland maqomga erishding?» U aytdi: «O’zing ko’rganingdan o’zga sirim yo’q». Men burilib ketmoqchi bo’lgan edim, u to’xtatib dedi: «O’zing ko’rganingdan o’zga sirim yo’q, faqatgina men biror musulmonga Olloh taolo qandaydir ne’mat ato qilgan bo’lsa, unga nisbatan ko’nglimda hech qanday kudurat va hasad topmayman». Abdulloh aytadi: «Men unga, sen ko’tarila olgan, bizlar yeta olmaydigan maqom shu ekan» dedim».

Payg’ambar alayhissalom aytdilar: «Gumon, foli bad (yomon fol olish) va hasad deb atalmish uch narsa borki, hech kim undan xoli emas. Men sizlarga bu uch balodan qutulish yo’lini aytaman. Gumon qilsangiz uni haqiqat deb bilmang, foli bad olsangiz (masalan, oldingizdan qora mushuk o’tsa) to’xtamay ketavering, hasad qilsangiz zulm qilmang (ya’ni hasad qilgan odamingizga yomonlik ravo ko’rmang).

U ulug’ zot yana shunday dedilar: «Avvalgi millatlarning illatlaridan sizlarga hasad va adovat o’tdi. Adovat — dahshatli qirg’in, ya’ni dinu iymon qirg’inidir. Tangri nomiga qasamki, iymonli bo’lmaguncha jannatga kirmaysizlar, bir-biringizni yaxshi ko’rmasdan esa hargiz iymonli bo’la olmaysizlar. Binobarin, iymon bilan yashashning yo’li — o’z oralaringda do’stlik va xayrixohlikni yoyishdir.»

Yana shunday dedilar: «Kambag’allik kufrga olib borishi mumkin, hasad esa taqdiri-azalni yengishi mumkin».

Yana aytdilar: «Mening ummatimga ham ilgari o’tganlarning kasali yetib keladi». «Ilgari o’tganlarning kasali ne edi?» deb so’raldi. Javob qildilar: «Kibr-havo, manmanlik, mol-dunyo orttirishdagi raqobat, bir-biridan chetlanish va zulmga, so’ngra esa bosh-boshdoqlikka olib boradigan hasadgo’ylik».

Rasululloh yana shunday degan ekanlar: «Birodaring baxtsizligidan kulmagin, zero Olloh unga baxt ato etib, senga balosini yuborishi mumkin».

Rivoyat qilindiki, Muso alayhissalom Olloh taolo huzuriga borayotgan chog’ida Arshi-a’lo soyasida bir kishini ko’rib, uning martabasiga nihoyatda havasi keldi va o’z-o’ziga «Shubhasiz bu ulug’ zot Tangri taoloning sevgan, ardoqli bandasidir» dedi. Keyin Olloh taolodan u kishining ismini bildirishini so’ragan edi, Parvardigor o’z Payg’ambarining savoliga javob qilmay, bunday dedi: «Balki senga uning amallaridan uchtasini aytaman: u Olloh o’z fazlu karami bilan bandalariga bergan ne’matlariga hasad qilmasdi; oqpadar emas edi; chaqimchilik qilmagan edi».

Zakariyo alayhissalom aytdilar: «Olloh taolo deydiki, hasadchi — bergan ne’matlarimga dushman, qilgan hukmimdan norozi, bandalarim orasida qilgan taqsimotimdan xursand bo’lmaydigan kimsadir».

Payg’ambar alayhissalom shunday deganlar: «Ummatim ustida eng ko’p qo’rqadigan narsam, ularning mol-dunyolari ko’payishi natijasida bir-birlariga hasad qilib, o’zaro nizolar chiqishidir».

Yana shunday dedilar: «Hojatlaringga yetish yo’lida ularni sir tutish bilan madad so’ranglar, zero har bir ne’mat egasi hasadlanuvchidir». Yana aytdilar: «Shubhasiz, Olloh bergan ne’matlarning dushmanlari bordir.» «Ular kimlar?» deb so’radilar. Javob bo’ldi: «Ular Olloh taolo o’z fazlu karami bilan bergan ne’matlariga sazovor bo’lgan insonlarga hasad qilguvchi kimsalardir».

Yana aytdilar: «Olti narsa kasofatidan so’roq-savolsiz do’zaxga kiruvchi olti toifa bor». «Ular kimlar, yo Rasululloh?» deb so’raldi. «Jabru-zulm qilgan amirlar, millatchilik qilgan arablar, kibru havoga berilgan yo’lboshchilar, xiyonat yo’liga kirgan savdogarlar, jaholatga yuz burgan ahli davlatlar, hasad qiluvchi ahli ilmlar», dedilar.

Salaflardan biri aytdi: «Qilingan birinchi gunoh hasad bo’lgan edi: Iblis Odam alayhissalomning martabalariga hasad qilib, u zotga sajda qilishdan bosh tortdi — hasad uni gunohga yetakladi».

Hikoya qilinadiki, Avn ibn Abdulloh (bir kun) Fazl ibn Mehlab huzuriga kirdi. O’shanda u (Fazl) Vosit shahrida hokim edi. Avn aytdi: «Men senga ba’zi narsalar haqida va’z-nasihat qilmoqchiman.» «Qanday va’z?» so’radi hokim. U dedi: «Kibru havodan yiroq bo’l, negaki, Tangri taologa qilingan birinchi gunoh kibru havodir». So’ngra «Maloikalarga Odamga sajda qilinglar deganimizda ular sajda qildilar, faqat Iblis bosh tortdi…» oyatini oxirigacha o’qidi. «Yana ochko’zliklikdan saqlan, chunki Odamni jannatdan chiqargan narsa ochko’zlikdir. Olloh taolo unga kengligi osmonlar va yerga teng keladigan jannatni ravo ko’rib, u joydagi bor ne’matlardan tanovul qilishga izn berdi, faqatgina bir daraxtdan man qildi. U esa ochko’zlik qilib xuddi shu daraxtdan yedi va natijada jannatdan chiqarildi», deb, «Undan (jannatdan) hammangiz tushingiz!» oyatini oxirigacha tilovat qildi. Shundan keyin Avn nasihatda davom qildi: «Yana hasaddan hazar qil. Zero Odam bolasi o’z birodarini hasad sababli o’ldirdi» deb, «Ularga Odamning ikki o’g’li xabarini haqqirost tilovat qiling!» oyatlarini o’qidi va shu so’zlarni qo’shimcha qildi: «Rasulullohning sahobalari haqida gap ketsa bilmasdan biron narsa deyishdan o’zingni tiy, qazo- qadar xususida so’zlanganda, yulduzlar to’g’risida gapirilganda sukut qil!»

Bakr ibn Abdulloh aytdi: «Podshohlardan birining oldiga kelib yuradigan kishi bor edi. Odatda u har gal podshohning ro’baro’siga turib, shunday derdi: «Senga yaxshilik qilganga yaxshilik qil, yomonlik qiluvchiga esa yomonlik qilma, chunki qilgan yomonligi o’ziga qaytgusidir». Bu kishining podshoh huzuridagi obro’-e’tiboriga bir kimsaning hasadi kelib, podshoh oldida unga tuhmat qildi: «Ro’baro’yingizda turib olib har xil gaplarni gapiruvchi o’sha odam Sizni og’zi badbo’y deb yuribdi». Podshoh so’radi: «So’zlaringni rostligini qanday bilishim mumkin?» U aytdi: «Siz uni yoningizga chaqirasiz. U Sizga yaqin borganida badbo’ydan qochib qo’li bilan burnini to’sib oladi.» Podshoh unga: «Ketaver, men o’ylab ko’raman», — dedi. U kimsa podshoh oldidan chiqiboq, haligi kishini o’z uyiga mehmonga chaqirib, sarimsoq solingan taomlar bilan mehmon qildi. Mehmondorchilikdan keyin u kishi podshoh huzuriga bordi va odatdagidek uning ro’baro’sida turib, «Senga yaxshilik qilganga yaxshilik hil, yomonlik huluvchiga esa yomonlik qilma, zero, qilgan yomonligi o’ziga qaytgusidir» dedi. Shunda podshoh unga «Yonimga yaqinroq kel!» — dedi. U podshohning yoniga borarkan, sarimsoq hididan podshoh ozorlanmasnn deb qo’li bilan og’zini to’sdi. Podshoh ichida «Falonchining gapi rost ekan- da», dedi. Lekin hech narsa sezmaganday qo’liga qalam olib, unga bir xat yozib berdi va amaldorlaridan biriga olib borishini tayinladi. Bu shohning shunday odati bor edi: birovga hadya yoki mukofot bermoqchi bo’lsa, unga o’z qo’li bilan xat yozib berar edi. Ammo bu safargi xatning mazmuni bunday edi: «Xatimni olib borgan kimsani so’yib, terisini shil va ichiga somon tiqib mening oldimga jo’nat!» U kishi xatni olib chiqib kelayotib haligi tuhmatchiga duch keldi. Uning ko’zi xatga tushib, «Bu qanday xat?» — deb so’radi. «Bilmadim, podshoh biror mukofotga yozib berdi shekilli», dedi u kishi. «Shuni menga hadya qilgin», deb yalindi tuhmatchi. Bu kishi yaqindagina unikida ms’hmon bo’lganini o’ylab, ichida «Yo’q desam uyat bo’lar», dedi-da, «Mayli senga bo’la qolsin», dedi. U xatni oliboq, amaldorning oldiga chopdi. Xatni ochib o’qib ko’rgan amaldor «Bunda yozilishicha men seni so’yib, teringni shilishim kerak», dedi. Qo’lga tushganini sezgan tuhmatchi jon holatda «Xudo haqqi bu xat meniki emas edi. Ishonmasang tekshirib ko’r», deb yalina boshladi. Amaldor esa «Podshohning xati tekshirilmaydi», deb uni so’yib, terisini shildi va ichiga somon tiqib podshoh saroyiga jo’natdi.

Ertasiga haligi kishi podshoh huzuriga bordi va odatda aytadigan gapini yana takrorladi. Podshoh uni tirik holda ko’rib taajjubga tushdi va «Xatni nima qilding?» — deb so’radi. U aytdi: «Falonchi yo’limdan chiqib, xatingizni hadya qilishimni so’ragan edi, unga hadya qildim». Podshoh aytdi: «U kimsa, odamlarga «podshohning og’zi badbo’y», deb yurganingni menga yetkazgan edi. «Men bunday demaganman» dedi u. «U holda nima sababdan mening yonimga kelganingda burningni to’sib olding?» so’radi podshoh. U javob qildi: «O’sha kimsa shu kuni meni sarimsoq solingan taomlar bilan mehmon qilgan edi. Shu hid Sizga yetishini istamagan edim.» Bu so’zlarni eshitgan podshoh «Yomonlik qilguvchining yomonligi o’ziga qaytgusidir», degan so’zlaring chin haqiqat ekan, sen o’z martabangga munosib ekansan», dedi.

Ibn Siyrin alayhirrahma aytdi: «Dunyo ishlaridan biror ishda o’zgaga hasad qilmadim. Chunki, u zot jannat ahllaridan bo’lsa, uning jannat ne’matlari oldida juda haqir bo’lib qoladigan dunyosining nimasiga hasad qilaman. Endi agar u kimsa do’zaxilardan bo’lsa, uning do’zaxga kirishiga sabab bo’ladigan dunyosining nimasiga hasad qilay». Bir kishi Hasandan so’radi: «Iymonli odam hasad qilishi mumkinmi?» Hasan dedi: «Albatta. Axir Ya’qubning bolalari haqidagi hikoyani unutdingmi? Lekin qachon dilingda birovning baxtiga hasad qilsang, modomiki uni qo’ling yoki tilingga chiqarmas ekansan (ya’ni amalga oshirmas ekansan), senga zarar qilmaydi».

Abu-d-Dardo aytdi: «Banda o’limni qancha ko’p zikr qilsa, uning xursandligi va hasadi shuncha kam bo’ladi».

Muoviya dedi: «Hammani rozi qilishim mumkin, faqat ne’matga hasad qilguvchini rozi qila olmayman, chunki uni faqatgina ne’matning ketishi rozi qiladi». Axir aytilgan-ku:

Har qanday adovatni yo’q qilish mumkin, vale
Ul adovatga sabab bo’lsa hasad yo’qolmas.

Hukamolardan biri aytdi: «Hasad tuzalmas jarohatdir, hasadgo’yning hasad qilishi uchun esa uchragan narsa sabab bo’laveradi».

A’robiy dedi: «Men hasadgo’ydan ko’ra mazlumga o’xshaganroq zolimni ko’rmadim. Chunki u sening oldingdagi ne’matni o’ziga nisbatan zulm deb hisoblayveradi».

Hasan aytdi: «Ey odam bolasi, nega birodaringga hasad qilasan? Agar Olloh suyganligi sababli u bandaga ne’mat ato qilgan bo’lsa, sen Olloh suygan bandaga qanday hasad qilasan? Agar uning mol-davlat topishiga boshqa sabab bo’lsa (ya’ni, harom yo’llar bilan topgan bo’lsa), oqibatda do’zaxga eltuvchi bo’lgan mol-davlatning nimasiga hasad qilasan?»

Tangri taolo barchamizni hasad balosidan asragay!

SAXOVAT EGALARI HAQIDA HIKOYATLAR

Muhammad ibn Munkadir Oisha(Oysha)ning xodimasi bo’lmish Ummi Darradan hikoya qilishicha, Muoviya Oishaga ikki xaltada bir yuz sakson ming dirham hadya yubordi. Oisha u pullarning hammasini bir tovoqqa to’kdi va odamlarga ulashib berdi. Kech kirgach, Ummi Darraga «E, joriya, taom keltir!» dedi. Xodima non bilan yog’ keltirib, «Bugun ulashib bergan pullaringizdan o’zimiz uchun biror dirhamlik go’sht sotib olmadingiz-a», deganda, u shunday javob qildi: «Yodimga solib qo’yganingda shunday qilgan bo’lardim».

Ubbon ibn Usmon aytdi: «Bir kishi Abdulloh ibn Abbosni bir boplamoqchi bo’lib, Quraysh qabilasining kattalariga kelib, «Abdulloh bugun sizlarni nonushtaga taklif qildi», dedi. Ular rozilik bnldirib, nonushta vaqtiga yetib bordilar. Abdullohning hovlisi liq to’ldi. U bu holni ko’rib, «Nima gap?» — deb so’ragan edi, mehmonlardan biri uni bir chekkaga tortib bo’lgan gapni aytib berdi. Shunda Abdulloh darhol meva-cheva keltirishni buyurib, non va turli taomlar pishguncha mehmonlarni mevalar bilan siyladi. Ketidan dasturxonlar yozilib, xilma-xil taomlar tortildi. Ular ovqatlanishib, o’rinlaridan turishayotganda Abdulloh o’z xizmatkorlaridan «Shunday taomlarni har kuni tayyorlay olamizmi?» deb so’radi. Tasdiq javobini olgach, mehmonlardan har kuni shu yerda nonushta qilishlarini iltimos qildi.

Mus’ab ibn Zubayr hikoya qilishicha, Muoviya haj qilib qaytayotib Madina shahridan o’tdi. Shunda Husayn ibn Ali akasi Hasanga «U bilan uchrashmagin ham, salomlashmagin ham», dedi. Muoviya shahardan chiqib ketganidan keyin Hasan ibn Ali o’zicha «Axir zimmamizda qarzimiz bor-ku, borib aytsam zora yordami tegsa», deb o’yladi-da, uning izidan otlandi va yetib borib, salom berganidan keyin qarzi borligini arz qildi. Shu payt ularning oldidan qarilik va ustidagi yuki og’irligidan nihoyat darajada holdan toygan bir tuyani haydab o’tib qoldilar. Unga Muoviyaga tegishli bo’lgan sakson ming dinor ortilgan edi. «Bu kimning tuyasi?» so’radi Muoviya. Unga aytdilar. «U holda bu tuyani ustidagi yuki bilan Abu Muhammad (Hasan nazarda tutiladi) uyi tomonga haydanglar!» deb buyurdi u.

Voqid ibn Muhammad al-Voqidiy rivoyat qiladi: «Otamning aytishicha, zimmasidagi qarzlari ko’payib, toqat qilib bo’lmaydigan darajaga yetganidan o’z arzi- holini bir varaqqa bitib, xalifa Ma’munning huzuriga chiqqan ekan. Xalifa varaqni o’qib ko’rgach, orqa tarafiga bunday so’zlarni yozib qo’yibdi: «Senda saxovat va hayo xislatlari jamlangan. Saxovating qo’lingdagi bor narsa ketishiga sabab bo’ldi. Hayo ahvolingni bizga bildirishni man qilib turadi. Men senga yuz ming dirham berishlarini buyurdim. Agar sening xususingdagi fikrlarim to’g’ri bo’lsa, bundan keyin ham qo’ling yanada ochiq bo’laversin, lekin men adashgan bo’lsam, unda senga o’zingning bir so’zingni eslatib qo’yishga ijozat ber! Yodingdami, sen otam Horun-ar-Rashidning saroyida qozilik mansabida turganingda menga Muhammad ibn Is’hoq az-Zahriydan, u esa Anas ibn Molikdan rivoyat qilgan bir hadisni aytib bergan eding. U hadisda aytilishicha, Payg’ambar alayhissalom Zubayr ibn Avvomga shunday deganlar: «YO Zubayr, bilgilki, barcha bandalar rizqlarining kalitlari Arshda bo’lib, Tangri taolo har bir bandaga qilgan harajatiga qarab (rizq) beradi. Ko’p xarajat qilganga ko’p beradi, kam xarajat qilganga oz beradi».

Yana o’zing mendan ko’ra yaxshiroq bilguvchisan. Shunda otam aytgan ekan: «Tangriga qasamki, xalifa men bilan hadis muzokara qilishi, uning menga yuz ming dirham hadya qilishidan yaxshiroqdir».

Bir kishi Hasan ibn Alidan (Olloh ulardan rozi bo’lgay) moddiy madad so’ragan edi, u shunday javob qildi: «Ey birodar, sening mendan so’rash huquqing bor ekanligi mening zimmamga katta mas’uliyat yuklaydi. Senga lozim bo’lgan darajada yordam qila olmasligimni bilishim esa meni qiynaydi. Zotan, Olloh yo’lida har qancha ehson qilinsa ozdir. Mening qo’limda sening rahmatingga munosib narsaning o’zi yo’q. Shundoq bo’lsa ham mendan arzimas hadyamni qabul qilsang va meni, zimmamdagi senga loyiq bo’lgan hadyani berish burchidan xalos qilsang, bajonidil qo’limdan kelgan yordamni bergan bo’lardim». U kishi aytdi: «Ey, Payg’ambar farzandi, yordamingni jonim bilan qabul qilaman va rahmat aytaman. Agar hech narsa bera olmasang ham Seni ma’zur ko’raman». Hasan o’z vakilini chaqirib, u bilan qilinishi lozim bo’lgan xarajatlarni hisoblab ko’rsa, uch yuz ming dirham ekan. «Shundan ortganini keltir!» — dedi u vakilga. U ellik ming dirham hozir qildi. «Besh yuz dinor ham bor edi-ku?» — deb so’radi Hasan. «Olib qolgan edim», dedi vakil. «Uni ham olib kel!» — deb buyurdi u. So’ng keltirilgan barcha dinor va dirhamlarni haligi kishining oldiga qo’yib, dedi: «Endi bu narsalarni ko’tarib ketadigan odam top!» U kishi ikkita hammol topib kelgan edi, Hasan ularga kira haqqi uchun o’z ridosini berdi. Bu holni ko’rib turgan xizmatkorlar «Xudo haqqi o’zimizga hech vaqo qolmadi» deyishdi. «Lekin men umid qilamanki, Olloh huzurida biz uchun juda katta ajr bo’ladi», — deb javob qildi Hasan.

Abdulloh ibn Abbos Basrada hokimlik qilib turganida uning oldiga bir guruh ahli ilm kelib, aytishdi: «Bizning kunduzlarini ro’za tutib, kechalarini uxlamay ibodat qilib o’tkazadigan bir qo’shnimiz bor. Har birimiz uningdek bo’lishni orzu qilamiz. Shu kishi qizini o’z jiyaniga uzatyapti. Ammo u shu qadar kambag’alki, qiziga sep qilib bergudek hech narsasi yo’q». Abdulloh o’rnidan turib ularni o’z uyiga olib bordi-da, taxmondagi sandiqni ochib, olti xalta tilla oldi va: «Unga olib boringlar!» — dedi. Ular Abdullohning saxovatidan mamnun bo’lib chiqib ketayotganlarida u: «To’xtanglar, biz u kishiga faqat ibodatdan qo’yadigan narsalar berib yaxshi ish qilmadik. Kelinglar, yaxshisi shunday farahli kunda uning yonida bo’laylik. Zotan dunyo bir mo»minni Parvardigorga ibodatdan to’sishga arziydigan qiymatga ega emas, biz esa Tangrining do’stlariga xizmat qilishdan orlanadigan darajada mutakabbir emasmiz», dedi- da, ular bilan birga ketdi.

Hikoya qilinishicha, Abdulhamid ibn Sa’d Misrda amirlik lavozimida turganda u yerda qahatchilik bo’ldi. Raiyyatning ahvolidan nihoyatda iztirobga tushgan amir: «Vallohi men shaytonning dushmani ekanligimni bildirib qo’yaman», deb, to arzonchilik bo’lguncha muhtojlarni o’z qaramog’iga oldi. Lekin oradan ko’p o’tmay, u lavozimidan chetlatildi. Misrdan ketayotganida uning zimmasida shu yerlik savdogarlardan ming- ming dirham qarzi bor edi. Shuning uchun o’z xotinlarining besh yuz ming dirham qiymatga ega bo’lgan ziynatlarini ularga garovga qo’yib ketdi va keyinroq qarzlarini uza olmasligiga qanoat hosil qilgach, savdogarlarga o’sha ziynatlarni sotib, o’z haqlaridan ortganini uning ehsonlaridan bahramand bo’la olmagan bechoralarga tarqatishlarini so’rab maktub yozdi…

Abu Marsad nihoyatda saxovatli kishi edi. Bir shoir uni madh etib she’r yozdi. U shoirga dedi: «Xudo haqqi, mening senga beradigan hech voqoyim yo’q. Lekin sen meni qozining oldiga olib bor-da, «Unda o’n ming tangam bor», deb da’vo qil. Men iqror qilaman. Keyin meni hibs qil, qarindoshlarim meni mahbus qilib qo’yishmas». Shoir uning aytganini qildi va o’sha kuni kech kirmasdanoq unga o’n ming dirham berilib, Abu Marsad ozodlikka chiqdi.

Ma’n ibn Zoida iroqliklarning Basradagi hokimi edi. Uning darvozasi oldiga bir shoir kelib bir muddat Ma’nning huzuriga kirmoqchi bo’lib turdi, ammo unga ruxsat berilmadi. Bir kuni u Ma’nning xizmatkorlaridan biriga: «Amir boqqa kirganida menga bildirib qo’y», deb tayinladi. Ko’p o’tmay xizmatkor amir boqqa kirganini xabar hildi. Shunda shoir bir taxtaga ikki misra she’r bitib, uni boqqa kiradigan ariqdagi suvga tashladi. Ma’n bu paytda ariq yoqasida o’tirgan edi. Oqibat kelayotgan taxtaga ko’zi tushgach, ushlab olib qarasa, unga shu bayt bitilgan ekan:

Yolg’iz o’zing tayanchim, kel, boshimdan bu g’amimni ketkazgil.
Ey Ma’nning saxovati, o’zing unga hojatimni yetkazgil…

Ma’n baytni o’qigach: «Buning egasi kim?» — deb so’ragan edi, tashqaridan shoirni topib keldilar. «Ne sababdan buni yozding?» — so’radi amir. Shoir aytdi. Amir unga o’n xalta tanga berishlarini buyurdi. Shoir unga rahmat aytib chiqib ketdi. Amir esa haligi bayt yozilgan taxtachani gilamning ostiga qo’yib qo’ydi. Ertasiga uni olib o’qib, yana shoirni chaqirtirib kelib unga yana yuz ming tanga berdi. Shoir xursand bo’lib hadyani oldi va amir o’z qaroridan qaytib qolishidan qo’rqib, tezda chiqib ketdi. Uchinchi kuni amir yana taxtachani olib o’qidi va yana shoirni chaqirib kelishlarini buyurdi. Lekin uni izlab topa olmadilar. Shunda Ma’n aytdi: «U meni shu darajada olijanob deb hisoblar ekan, uni yolg’onchi qilmaslik uchun uyimda biror tanga qolmaguncha hadya qilishim lozim edi».

Abu Hasan Madoiniy aytdi: «Hasan, Husayn va Abdulloh ibn Ja’far haj qilish uchun ketayotganlarida zodi roxilalarini (safarda yeyish uchun olgan oziq-ovqatlarini) yo’qotib qo’ydilar. Ochlik va suvsizlikdan qiynalib borayotib yo’l chetidagi bir chodirda yolg’iz o’tirgan kampirga duch keldilar va undan tashnaliklarini qondirgani biror narsa so’rashdi. U «Bor» dedi. Lekin ular chodir yoniga bog’lab qo’yilgan bir qo’ydan boshqa narsa ko’rmadilar. «O’shani sog’ib, sutini ichinglar», dedi kampir. Ular sut ichib bir oz o’zlariga kelgach, «Yegulik nimangiz bor?» — deb so’rashdi. Kampir dedi: «Shu qo’ydan boshqa hech narsam yo’q. Birortangiz shuni so’yib bersangiz, men sizlarga yegulik pishirib berar edim». Ulardan biri qo’yni so’yib, terisini shilib bergan edi, kampir taom tayyorladi. Ovqatlanib, bir oz dam olganlaridan keyin mehmonlar kampirga bunday dedilar: «Biz Quraysh qabilasidanmiz. Haj safariga ketmoqdamiz. Salomat qaytsak, biz tomonlarga o’tishingizni kutamiz va biz ham Sizning xizmatingizda bo’lishni orzu qilamiz». Ular ketganlaridan ko’p o’tmay, kampirning choli keladi. Kampir unga bo’lgan voqeani aytib berdi. Chol uning go’lligidan fig’oni chiqib, dedi: «O’lim bo’lsin senga. Tanimagan-bilmagan odamlarga bittayu bitta qo’yingni so’yib berib yuborib, yana «Qurayshlar ekan», deysan».

Bir qancha muddat o’tgandan keyin chol-kampir tirikchilik vajidan Madinaga qatnay boshladilar. Ular u yerda o’tin sotib, o’shaning puli bilan kun o’tkazardilar. Bir kuni kampir Madina ko’chalaridan birida ketayotgan edi, banogoh uni bir uyning darvozasi oldida o’tirgan Hasan ibn Ali ko’rib, tanib qoldi. Kampir o’zini tanimay o’tib ketganini ko’rgan Hasan uning ortidan xizmatkorini yubordi. Qampir kelgach, unga: «Ey, Ollohning cho’risi, meni taniyapsizmi?» — dedi. «Yo’q», deb javob qildi kampir. Hasan dedi: «Men falon-falon kunda Sizning mehmoningiz bo’lganman». «Ota-onam senga fiddo bo’lsin, sen o’shami?» — hayron bo’ldi kampir. Hasan tasdiq ishorasini qilib, uning hol-ahvolini so’radi va xizmatkorlariga bozordan mingta qo’y sotib olib, bu qo’ylarga yana ming dinor pul qo’shib kampirga berishlarini buyurdi. Keyin uni xizmatkorlaridan biriga qo’shib, ukasi Husaynning oldiga jo’natdi. Husayn ham unga mingta qo’y bilan ming dinor hadya qildi. So’ng uni xizmatkoriga qo’shib Abdulloh ibn Ja’far huzuriga yubordi. Abdulloh kampirdan Hasan va Husayn qanday hadya berganlarini so’ragan edi, kampir: «Ikki ming qo’y va ikki ming dinor», deb javob qildi. Abdulloh bir o’zi unga ikki ming qo’y va ikki ming dinor berishlarini buyurib, dedi: «Agar mendav boshlaganingizda, ularni qiynab qo’ygan bo’lar edim». Shunday qilib kampir cholining yoniga to’rt ming qo’y va to’rt ming dinor pul bilan qaytdi.

Abdulloh ibn Omir ibn Qurayz masjiddan chiqib yolg’iz holda uyi tomonga ketayotgan edi, yoniga Saqif qabilasidan bo’lgan bir yigit kelib, indamasdan u bilan yonma-yon keta boshladi. Abdulloh undan: «Menda biror ishing bormi, ey yigit?» — deb so’radi u. U dedi: «Joningiz omon bo’lsin. Sizning yakka-yolg’iz ketayotganingizni ko’rib, o’zimcha: «Bu zotni qo’riqlab boray», deb, Sizga biror yomonlik yetmasligini Tangri taolodan tilab yoningizdy kelmoqdaman». Bu fidoyilikdan mutaassir bo’lgan Abdulloh uning qo’lidan ushlab uyiga olib kirdi va uydan ming dinor olib unga berarkan, shunday dedi: «Biror hojatingga ishlatgin. Ota-onang seni muncha yaxshi tarbiyalabdilar».

Hikoya qilishlaricha, bir jamoa arablar saxovatli kishilardan birining qabrini ziyorat qilgani bordilar. Olis safardan horib kelganlari uchun o’sha joyda yotib qoldilar. Shu kecha ulardan birining tushiga qabr sohibi kirib, «Tuyangni mening zotdor otimga almashmaysanmi?» — deyayotganmish. Uyqudagi kishi: «Xo’p», debdi. Darvoqe, uxlayotgan kishining tuyasi, qabr egasi bo’lmish marhumning zotdor oti bor edi. O’rtalaridagi savdo bitganidan keyin marhum o’rnidan turib, tuyaning to’shiga pichoq sanchibdi. Uyqudagi kishi bu holdan cho’chib uyg’onib qarasa, tuyasining to’shidan qon oqayotganmish. Shunda u yotgan joyidan turib, tuyani so’yib, go’shtini taqsimladi. So’ng uni pishirib, qorinlarini to’ydirgach, uylariga qaytdilar. Yo’lga tushganlarining ikkinchi kuni qarshilaridan bir to’p otliq chiqib, u otliqlardan biri: «Sizlarning qaysi biringiz Falon ibn Falon?»—deb tush ko’rgan kishining nomini aytdi. U kishi: «Men» — deb javob qildi. «Sen Falon ibn Falonga biror narsa sotdingmi?» — deb marhumning ismini tilga oldi otliq. «Ha, tushimda tuyamni uning zotdor otiga almashganman», dedi u kishi. Otliq: «Mana uning zotdor oti», deb unga bir ko’rkam otning jilovini tutqizdi va shu so’zlarni aytdi: «O’sha otning egasi mening otam bo’ladi. Kecha tushimga kirib: «Agar mening o’g’lim bo’lsang, mana shu zotdor otimni Falon ibn Falonga bergin!» — deb sening nomingni aytdi».

Qurayshlik bir kishi safardan qaytayotib yo’l yoqasida o’tirgan, zamon oyoqdan qoldirgan, xastalik holdan toydirgan bir a’robiyning yonidan o’tdi. U qurayshlikka qarab, «Ey birodar, holimga rahming kelsin, yordamingni darig’ tutma», dedi. Qurayshlik xizmatkoriga: «Yoningda qolgan pulning hammasini unga bergin!» — degan edi, xizmatkor a’robiyning oldiga to’rt ming dirham to’kdi. A’robiy o’rnidan turmoqchi bo’ldi-yu, kuchi yetmagach, o’ksib yig’lab yubordi. Buni ko’rgan qurayshlik: «Nega yig’layapsan, bergan narsamiz ozlik qildimi?» — deb so’radi. U javob qildi: «Yo’q, bil’aks, sendek saxovatli zotlarni ham yer yutishini o’ylab yig’layapman».

Xorun ar-Rashid (bir kuni) Molik ibn Anas alayhirrahmaga besh yuz dinor yuboribdi. Bu voqeani eshitib Lays ibn Sa’d Molikka ming dinor o’tkazdi. Bundan xabar topgan Xorun g’azablanib: «Men besh yuz bersamu, sen mening fuqarom bo’la turib ming dinor berasanmi?» —dedi. U javob berdi: Ey, amiralimo»minin, mening kundalik kirimim ming dinordir. Shunday ulug’ zotga bir kunlik foydamdan ham ozroq hadya qilishga nomus qildim».

A’mash aytdi: «Qo’ylarim kasalga chalinib qoldi-yu, Xaysuma ibn Abdurrahmon har kuni ertalab va kechqurun kelib ularning ahvolini so’raydigan, «Yemlari yetarlimi, sut yo’qligidan bolalari qiynalmayaptimi», deb surishtiradigan bo’ldi. U har safar kelganida yerga to’shalgan bittayu-bitta kigizga o’tirar, chiqib ketayotganida esa: «Kigizni ostidagi narsani ol!» — deb qo’yardi. Shunday qilib qo’yimning kasali sabab bo’lib menga u tomondan uch yuz oltmish dinor keldi, men esa hatto «Qo’ylarim tuzalmasaykan», deb orzu qiladigan bo’ldim».

Abdulloh ibn Marvon Asmo ibn Xorisaga: «Menga sening xislatlaring haqida ko’p gapirishgan. Shu xususda o’zingdan ham eshitsak», dedi. Asmo dedi: «Kishining xislati haqida o’zgalar gapirgani go’zalroqdir». «Men o’zingdan eshitmoqchiman, gapira qolgin!»— dedi xalifa. «Ey, amiralmo»minin, men hech qachon suhbatdoshim oldida oyog’imni uzatgan emasman. Biron taom tayyorlab odamlarni chorlasam o’zim ulardan ko’ra ko’proq minnatdor bo’lganman. Biror kishi mendan nimanidir so’rasa, albatta so’raganidan ziyodaroq qilib qo’shib berganman», deb javob qildi Asmo.

MANA SHUNDAY XISLAT EGALARINI TANGRI RAHMAT QILSIN VA BARCHALARINING GUNOHLARINI MAG’RIFAT AYLASIN!!!

03

(Tashriflar: umumiy 10 880, bugungi 4)

1 izoh

  1. Хазрат Аловуддин Мансурнинг таржимасидаги бу асарни укидим.Нихоятда гузал,чиройли таржима булган.Хазратнинг ижодига муваффакиятлар тилайман. Арслонбоб.

Izoh qoldiring