Qurbon hayitingiz muborak bo’lsin!

077

   Саодатли кун арафасида жаннатмакон диёримизда яшовчи барча юртдошларимизни Муборак Қурбон ҳайити билан самимий қутлаймиз. Аллоҳ таолодан бу улуғ байрамни барчамиз учун хурсандчилик, шоду хуррамлик ва ҳамжиҳатликда ўтказишликни сўраймиз. Ҳайит хурсандчилик, Аллоҳга итоат намойиши байрамидир, ихлос нашидаси тантанасидир. Қурбон ҳайитини қиёматгача тарих саҳифасидан ўчмас, виждонимизда ва ҳаётимиздаги унутилмас воқеа сифатида нишонлашга одат қилганмиз.
Қурбон ҳайити Иброҳим (а.с.) ҳамда ўғли Исмоил ва хотини Ҳожар онамизнинг нафс истаги, Шайтон васвасаси устидан қозонган ғалабалари сифатида тарихда қолган.

033Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ таоло Ўз иродаси билан динларнинг охиргиси бўлган Ислом динини мукаммал ниҳоясига етказгани ва У бу динга рози бўлгани ва бандалари одамлар ичидаги энг олийжаноб уммат бўлишганини яна бир бор эсга оламиз. Расулуллоҳ (сав)нинг видолашув ҳажларида улуғ бир ҳукм нозил бўлди. Бу ҳақ таолонинг қуйидаги каломидир:

الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا فَمَنِ اضْطُرَّ فِي مَخْمَصَةٍ غَيْرَ مُتَجَانِفٍ لِإِثْمٍ فَإِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ (سورة ﺍلمائدة/3

яъни “…Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим. Кимки, гуноҳга мойиллигидан эмас, балки очарчиликда (мазкур ман этилган нарсалардан ейишга) мажбур бўлса, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”.
Шунинг учун ҳам бу буюк кун ҳайит сифатида нишонлашга лойиқдир. Бу илоҳий ҳукм қувончи ва шодлиги Аллоҳга беадад шукр айтишни барчамизга вожиб этади. Зеро, шу куни бизларга Аллоҳ неъмати тўла-тўкис, мукаммал қилиб берилди. У зот бизларни зулмат қаъридан нурга олиб чиқди, динни бизларга ҳидоят йўли этиб, хавфу хатардан омонлик сари йўллади. Заиф-нотовонликдан куч-қувватга, жаҳолатдан илму ирфонга, тафриқа-бўлинишдан бирлик бирдамликка, хор-зорликдан иззат, шон-шуҳратга олиб чиқди. Бу илоҳий неъматларни инкор этишимиз ёки улардан юз ўгиришимиз асло жоиз эмас.
Барчамизга яхши аёнки, мусулмонларнинг асосан иккита катта диний байрами бор. Ана шу икки улуғ байрамининг хабарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматга берганлар: «Аллоҳ таоло сизлар нишонлайдиган бу (жоҳилиятдан қолган) икки байрам ўрнига янада яхшироғини – Рамазон ва Қурбон байрамини ҳадя қилди» (Абу Довуд ривояти).
Маълумки, Қурбон байрами зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидан бошланади. Арафа кунидан бошлаб дунё мусулмонлари қатори ҳаж ибодатига борган юртдошларимиз ҳам зиммаларидаги фарзлардан бири – ҳаж ибодатини бажаришга киришдилар. Мино, Арафот, Муздалифа, Маккадаги Масжидул Ҳаром каби ибодат жойларида ҳаж амалларини бажариб, гуноҳлардан покланиш билан бирга мустақил юртимиз ҳамда унинг раҳбарларига, халқимиз ва барча мусулмонларимизга Аллоҳ таолодан тинчлик-хотиржамлик, файзу баракот ва эзгуликлар, кенг ризқ ва фаровонлик тилаб дуолар қилишмоқда. Байтуллоҳни тавоф этган вақтларида тазарруъ билан кўзларидан тўкилган ёшлар туфайли Аллоҳ таоло уларга раҳмат ва барокотларини нозил қилгусидур, иншоаллоҳу таоло.
Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган ҳадисда: «Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа кунлардагидан Аллоҳ таолога суюклидир», дейилган (Имом Бухорий ривояти, «Саҳиҳи Бухорий»). Аллоҳ таоло ва Унинг суюкли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом рози бўлган ишлар яхши ишлардир.
Қурбон ҳайити кунлари шуни мамнуният билан эслаймизки, мустақиллигимизнинг илк онлариданоқ диёримиз мусулмонларига ўзларининг диний маросимларини тўла адо этишлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилди. Ҳар йили муборак ҳаж сафарига борувчи фуқаролар учун қулай шароитлар вужудга келди.
Вилоят, шаҳар ва қишлоқлардаги янги очилган ва таъмирланган минглаб масжидларда мўмин-мусулмонлар бемалол эмин-эркин ибодатларини адо этиб келмоқдалар. Уларда илмли ва иқтидорли имом-хатиблар фаолият юритиб, фуқароларимизни икки дунёда аҳли саодатлардан бўлишлари йўлида муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Диний таълим муассасалари такомиллаштирилиб, диний мутахассислар тайёрлаш ишларига катта эътибор берилмоқда.
Буюк муҳаддислар, алломалар, уламоларнинг қўним топган жойлари зиёратгоҳ ва қадамжоларга айлантирилиб, обод этилмоқда, илмий-маънавий мерослари қадр топмоқда. Буларнинг барчасига албатта, шукр қилишимиз даркор.
Аллоҳ таоло бу ишларни амалга ошираётган халқимиз ва унга раҳнамолик қилаётган Йўлбошчимизга улкан ажру савоблар ато этсин!
Истиқлол шарофати туфайли ҳар йили махсус Қарор қабул қилиниб, Қурбон ҳайити дам олиш куни деб эълон қилинади. Барча юртдошларимиз ҳайитни кўтаринки байрам руҳида кенг нишонлайдилар. Бу муборак кунда барчаларимиз Аллоҳ таолонинг зиёфатида ҳозир бўламиз.
Азизлар, Ҳақ таоло бандаларига берган ва ато қилган чиройли ризқ-рўз ва таомлар билан хурсандчилик қилайлик. Ўрталаримизда шодлик ва сурур нашидасини кенг тарқатайлик, ҳар қандай ўзаро низо, келишмовчилик, душманлик қилиш, ҳасад ва ғаразларга барҳам бериб, Пайғамбаримиз (сав)нинг:

«كُونُوا عِبَادَ اللهِ إِخْوَانًا «

яъни: “Аллоҳнинг биродарлашган бандалари бўлингиз!” – деган сўзларининг маъно ва мазмунини асло эсдан чиқармайлик.
Қурбон ҳайити намози адо этилганидан сўнг қодир бўлган мусулмонлар Аллоҳ таолога атаган қурбонликларини сўйишга киришадилар. Зеро, қурбонлик қилиш Аллоҳ таолони улуғлаш, берган неъматларининг шукронасини адо қилиш ва нафсоний иллатлардан покланишдир. Қурбонлик қилиш закот нисобига қодир кишиларга вожиб амаллардан ҳисобланади.
Қурбонлик қилишнинг фазилати ва бу ибодатнинг Парвардигор ҳузурида қанчалар эътиборли экани хусусида Қуръони каримда бир неча ояти карималар нозил бўлган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади:

وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ … (سورة الحج/36

яъни, «(Қурбон қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир. » (Ҳаж сураси, 36-оят).
Бу табаррук кунлар фазилатидан насиба олиш учун биз мусулмонлар, энг аввало, ортга боқиб, ўтган умримизни сарҳисоб этишимиз, гуноҳ ва хатоларимизга тавба-тазаррулар қилишимиз лозим. Гуноҳни англаш абадий саодатга эришишнинг бир шарти бўлса, тавба қилиб яхши амаллар қилишга ўтиш унинг кейинги шартидир. Иккинчидан, мустақиллик берган бундай дориломон замон, тинчлик-хотиржамлик ва фаровонликда ҳаёт кечириш, ибодатларимизни мукаммал адо этишда яратилган кенг шароитлар учун Парвардигоримизга шукроналар айтишимиз лозим. Зеро, неъматга шукр қилиш унинг баракотига сабаб бўлади. Айни пайтда, ўртамиздаги меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилайлик. Юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида доимо сергак ва огоҳ бўлайлик.
Азиз намозхонлар! Бу муборак кунлар, шунингдек, кишилар ўртасидаги меҳр-оқибатни, мурувватни, ҳамкорлик ва биродарликни кучайтириш кунларидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига мувофиқ байрам кунларида мўминлар ахлоқига мос ва хос бўлган ўзаро саломлашиш, дийдорлашиш, бир-бирларини ҳайит билан қутлаш, меҳрибонлик, саховат, оқибат кўрсатиш каби фазилатлар кўпроқ намоён бўлиши лозим. Байрам кунларида ота-оналаримизни, устозларимизни, қариндош-уруғлар, ёр-биродарларни, бемор ва муҳтожларни зиёрат қилиш, ҳол-аҳвол сўраш, уларга ҳадялар бериб ёки ширин сўзларимиз билан хушнуд этиш мусулмон кишининг бурчидир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَآَتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلَا تُبَذِّرْ تَبْذِيرًا (سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/26

яъни, “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг* ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Ал-Исро сураси, 26-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Мўмин киши ўзи тўқ бўлатуриб, қўшнисини оч қўймайди» (Имом Аҳмад ривояти).
Қурбон ҳайити кунлари қилинадиган яна бир вазифамиз – ҳаётдаги икир-чикир ва нохушликлардан руҳи синиққан инсонларга байрам хурсандчилигини, хушнуд кайфиятини улашишдир. Бунинг учун учраган ҳар бир инсонни, у танишми ёки нотаниш, бундан қатъи назар, ҳайит билан қутлайлик. Аҳли аёлларимиз, фарзандларимизни ҳам табриклаб, совғалар билан сийлайлик. Шифохоналарда, хонадонларда бемор ётганларни йўқлаб, тезроқ соғайишларини тилаб дуолар қилайлик. Атрофимиздаги эҳтиёжманд кишиларга ёрдам қўлини чўзиш, етим-есирларнинг бошини силаб, кўнгилларини кўтариш, уларга совғалар бериш, биздан дуо кутаётган марҳумларимиз руҳини шод этиш учун Қуръон тиловат қилиб бағишлаш, аразлашиб қолган яқинларимизнинг ораларини ислоҳ қилиб яраштириш каби ишлар биз, мусулмонлар бажариши зарур бўлган энг савобли ва хайрли, Аллоҳ таолони рози қилувчи амаллардир.

Лекин шуни таассуф билан айтиш керакки, ушбу хурсандчилик, байрам кайфиятига соя солиб қўяётган бир иллатдан қутулишимиз қийин кечмоқда. Олдинлари ҳам кўп марта эслатганимиздек, Аллоҳнинг амр-фармонларидан, Пайғамбар алайҳиссалом кўрсатмаларидан чекинилган айрим жойларда шариатимизда бўлмаган, исрофга олиб борувчи турли маросимлар ўтказиш одатга айланиб қолган. Яқинлари вафот этган хонадонларда дастурхон тузаб ўтказиладиган «янги ҳайит», «фотиҳахонлик», никоҳ тўйлари ўтган оилалардаги «ҳайит йўқлови» каби маросимлар бидъат ва исрофдан бошқа нарса эмас. Ана шундай шариат ман қилган исрофгарчиликлар, ҳайит хурсандчилигини аза ва мотамга айлантиришлар мусулмонларга асло муносиб эмас. Бунинг устига «Исрофгарнинг жойи дўзахда», деган ҳадиси шариф ҳам бор. Бу маросимларга кетадиган маблағ ва неъматларни эҳтиёжманд кишиларга, етим-есирларга тарқатишдан хайрлироқ иш бўлмаса керак?!

021Қурбон ҳайити – улуғ байрам. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаб уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва, умуман, байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган амали солиҳлар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар. Бу кунда гина-қудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш лозим. Аммо гуруҳ-гуруҳ бўлиб уч кунлаб фотиҳахонлик қилиш, байрамни мотамга айлантириш ўрнига уни хурсандчилик ва шодиёна билан ўтказайлик!
Муҳтарам жамоат! Яна бир бор барчамизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин, гўзал диёримизни турли бало-офатлардан Яратганнинг ўзи асрасин, кейинги Қурбон ҳайити кунларига сиҳат-саломатликда етиб боришимизни ҳаммамизга насиб этсин деб, дуога қўл очайлик! Аллоҳ таолодан Юртбошимизнинг эл-юрт манфаати йўлидаги хайрли ишларига муваффақиятлар халқимизга хотиржамлик, фаровонлик ва қут-барака ато этишини ҳамда мустақиллик шарофати ила ҳозирда Саудия Арабистонининг Арафот, Муздалифа, Мино водийларида ҳаж амалларини адо этиб турган ҳожиларимизнинг амалларини мақбул айлаб, Ватанларига улкан савоблар билан, соғ-саломат қайтишларини тилаб қоламиз. Омин.

Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Манба: http://kamolon.uz
(Tashriflar: umumiy 875, bugungi 1)

1 izoh

  1. Әссиламу әләйкүм, Җасарәтлик өзбек қериндашлирим , қурбан һейтиңизларға мубарәк болсун.
    Өзбекстан җумһурийитиниң әсирләрдин –әсирләргичә гүлләп яшинишиға тиләкдашмән.
    Өзбекстан! мәнзилиңиз парлақ болсун!!!

Izoh qoldiring