Aleksandr Pushkin. She’rlar. Mirtemir tarjimalari

Ashampoo_Snap_2017.05.04_14h23m39s_002_.png    Миртемир ҳозирги замон ўзбек шеъриятининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган ардоқли лирик шоирдир. Комил Яшин таъкидлаганидек, Миртемир ХХ аср ўзбек шеъриятининг тамал тошини қўйган устоз, оқсоқол шоирларимиздан. У ғоятда меҳнаткаш, жафокаш, хассос, билимдон, камтар сўз санъаткоридир. Ватанпарвар шоир классик адабиётимизнинг барҳаёт анъаналарини, халқ оғзаки ижодини чуқур ўрганиб, ҳозирги ўзбек адабиётини бойитди, юксакликка кўтаришда зўр куч сарф этди.

08Шу билан бирга Миртемирнинг таржимонлик санъати бутун борлиғи билан ўзлигини намойиш қилди. Ўзбек китобхони шоирнинг катта меҳнати туфайли А.С.Пушкиннинг шеърлари ва эртаклари, М.Ю.Лермонтовнинг шеърлари, Н.А.Некрасовнинг “Русияда ким яхши яшайди?”, М.Горькийнинг “Бўрон қуши ҳақида қўшиқ” каби ўлмас асарларни ўз она тилида ўқишга муяссар бўлди. Булардан ташқари Миртемир қирғиз эпоси “Манас”ни, қорақалпоқ эпоси “Қирқ қиз”ни, Мақсуд Шайхзода билан ҳамкорликда грузин шоири Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонини ўзбек тилига ўгирди.Бугина эмас, у Генрих Гейне, Эжен Потье, Абай, Бердақ, Нозим Ҳикмат, А.Твардовский, Пабло Неруда каби шоирларнинг асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилди.
Адабиётшунослар таъкидлаганидек, Миртемир таржимани аслият даражасига кўтарган моҳир ижодкор эди.

Александр Пушкин
ШЕЪРЛАР
Миртемир таржималари
032

ЭРКИНЛИК
ОДА

Қоч, йўқол, кўринма — чекил кўзлардан.
Цитеранинг ожиз. эй маликаси!
Магрур эрк куйчиси, қани, қайдасан.
Қайдасан шоҳларнинг зўр таҳликаси!
Кел, гултожим узиб ташла бир ёнга!
Инжиқ рубобимни парчала-синдир…
Эркни улуглайин бутун жаҳонга.
Тахту тож қусурин топтайин бир-бир.

Шоири кулфат. офат аро сен ўзинг
Дадил қасидалар илҳомин берган —
Ўша олижаноб, улуг инсоннинг
Атоқли изларин очгил менга сан!
Ҳавойи қисматнинг арзандалари.
Жаҳон золимлари! Титранг бу замон!
Сиз-чи, эй уларнинг хор бандалари.
Мардона-мардона бошланг қўзғолон!

Қай томонга назар ташламай, эвоҳ.
Темир кишанлару зулм қамчилари:

Қонунлар хатарли, қонунлар расво,
Эрксизликнинг ночор ёш томчилари;
Ҳар ёнда хақсизлик, зўрлик ҳукмрон.
Уюшган хурофот — қуюқ мавҳумот,
Қулликнинг даҳоси қўрқинч ўлтирган,
Шонларни бўғади шум ҳирси, ҳайҳот!

Эзгу озодлик-ла қонун дўстлашса,
Айрилмас бир тусда жипслашса магар;
Содиқ қўллар қонун тиғин ушласа.
Ҳаммани қуриса хайрлик сипар;
Бош устида адл қиличи ниҳоят —
Танламасдан келиб тушса аёвсиз —
Юқоридан барбод этилса бутун жиноят,
Қиличнинг дамидан ўтса тўхтовсиз,

На очкўз, нокаслик ва на қўрқув-ла
Сотилиб кетмаса қонун беомон —
Подшоҳ бошига хавф солмас шунда
Халқларнинг уволи фақат шу замоп.
Ҳукмдорлар! Сизга тож-гахт берган
Қонундир! Наинки берсин табиат.
Сиз халқдан юқори турасиз, аммо,
Мангу қонун сиздан юксакдир, албат!

Халқ ўзи ёки шоҳ қонун қўлида
Билганин қилолса, бу халқнинг шўри,
Бехабар мудраган қабилаларга
Алам! Ушаларга тушади зўри.
Сени гувоҳликка чақирдим букун
Нуқсонлар ўтида куйган подшоҳ ,
Яқиндаги бўронда боболар учун
Шоҳона калласин қўйган подшоҳ.

Людовик ўлимга чиқиб боради,
Буни кузатади жим зурриёти,
Тожидан ажралган шоҳона бошин
Қонли, шум кундага муте уради.
Қонун жим туради — халқ туради жим,
Жиноят болтаси тушади оғир…
Ҳам ёвуз, қирмизи, ясоғлик кийим
Кишанбанд галларда ётади ахир.

Эй ёвуз ҳукмрон, бадкирдор, золим!
Нафратларим сенга, тожу тахтингга.
Сенга ва наслингга келаркан ўлим.
Қаттиқ севинч бўлиб кўринар менга
Сенинг пешанангда, эй зулм шоҳи!
Халқлар ўқир аниқ — лаънат тамғаси,
Сен жаҳон даҳшати, сен олам доғи,
Сен ерда тангрига халқлар таънаси!

Қоронғи ва ғамгин Невага боқиб,
Ярим тун юлдузи жилва қилганда,
Қайғусиз, ташвишсиз калласи оғиб,
Сокин уйқу малол келганда,
Ўйга толган шоир югуртади кўз:
Туман орасида мудҳиш уйқуда —
Хилватда золимнинг ҳайкали ёлғиз .
Унутилган сарой — турар қаршида.

Ҳам эшитар қўрқинч Клио товушин —
Шу қўрқинчли девор, сарой ортида.
Ҳам Калигуланинг сўна олишин
Яққол кўради у кўзи олдида…
У кўради уқалар ҳам юлдузларда,
Шароб, аччиқ ғазаб — кин ила сархуш
Яширин қотиллар борар, юзларда —
Густоҳлик — юракда ваҳима-қўрқиш.

Турар сотқин посбон сассиз-садосиз,
Аста туширилган осма кўприк ҳам,
Дарвозалар очиқ кимсасиз тунда,
Ёлланган хиёнат қулида шу дам.
О, номус! О, бизнинг кунлар даҳшати!
Янчарлар босиб кирди йиртқичга ўхшаб,
Шарафсиз зарбалар бир-бир тушади…
Ҳам тождор ёвуз маҳв бўлади қақшаб.

Сизга ибрат бўлсин, эй шоҳлар, букун:
На инъом, мукофот, на оғир жазо —
На хилват зиндонлар, на-да саждагоҳ
Бўлар сизга содиқ қалқон, ё паноҳ.

Шоҳлар, бошлаб ўзингиз бош эгингиз
Мустаҳкам қонуннинг остонасига,
Халқнинг эрки, тинчи шудир, билингиз.
Шудир тахтнинг қўриқчиси мангуга!

1817

* * *
04
Сибирь конларининг тагида
Мағрур сақпанг сабот ва чидам.
Ғамгин заҳмат кетмас беҳуда —
Юксак хаёл, амалингиз ҳам.

Бахтсизликнинг содиқ синглиси —
Умид қора чуқурда, инон,
Кўзғар ғайрат, қувноқлик ҳиссин,
Келур орзу этилган замон.

Мушкул жазо инларингизга —
Эркин товшим етган сингари,
Пўлат қопқалардан ўтиб ичкари —
Севги, дўстлик етади сизга!

Парчаланур оғир кишанлар,
Зиндон қулар ва эрк шодумон
Пешвоз чиқар эшикда у он,
Қилич берур сизга ёронлар.

ЦАРСКОЕ СЕЛО ХОТИРАЛАРИ

Ғуссали тун пардасин осмиш
Мудроқ осмон равоқларида.
Водийларни сукунат бағрига босмиш.
Ўрмон оппоқтуман қучоқларида.

Сал шилдирар эманзор соясига шошган сой.
Сал пичирлар уйқучан шаббода барг-ўтларда,
Юзиб юрар каттакон оққуш янглиғ ой —
Кумуш ранг булутларда.

Юзиб юрар — ҳам сочар хира, оқиш нур.
Буюмларни ёритар нур доираси.
Юз яшар арғувонзор — хиёбонлар кўринур,
Йироқларда сабзазор ҳам тепалар сираси;

Бунда кўрдим сарвга чирмашибдир мажнунтол,
Соялари жимиллар сувнинг биллур мавжида;
Далалар маликаси нилуфар мағрур, хушҳол,
Дабдабаси, зийнати, гўзаллиги авжида.

Ғадир-будур тоғлардан тушар бебош шаршара,
Марварид дарё бўлиб оқар, қайнашар.
У ёнда, сокин кўлда пари қизлар шўх сара,
Эринчак тўлқинларни сачратишар, ўйнашар.

Бу ёнда, жимжитликда муҳташам саройлари.
Булутларга чўзмиш бўй, суянчиғи кўк тоқи,
Даврон сурмаганмиди бунда ер худолари?
Россия Минервасин шумасми саждагоҳи .

Шу эмасми шимол жаннати.
Шоҳ қишлоғи, соз боғи эрам;
Ҳалок этиб арслонни рус бургутин қудрати.
Тинчиб ором олмасмиди шу жойда хуррам?

Эвоҳ! У олтин пайтлар ўтдилар жадал.
У палла буюк хотин эди ҳукмрон.
Россиянинг шавкати бошкарарди у маҳал.
Бахтиёр дориламон.

Бу ерларда ҳар қадам дилни уйғотар.
Ўтмишларни эслатар дарҳол;
Атрофга назар солиб рус бир оҳ тортар:
«Ғойиб бўлди бари, йўқ буюк аёл!»

Ҳам хаёлга ғарқ бўлиб, ям-яшил қирғоқларда,
Қулоқ солиб елларга ўтиради лол.
Кечмиш йиллар жимирлар кўз қароқларда. —
Ва жимгина дил бўлар хушҳол.

У кўради, ҳайбатли қоя кўксида
Тўлқинлар ўртасида юксак ҳайкал бор .
Қанотларин кенг ёйиб унинг устида
Бир ёш бургут турар барқарор;

Оғир занжир ҳалқаси, ҳам ўқ, ҳам камон —
Баланд ҳайкал атрофин қуршамиш уч қат.
Оқтўлқинлар шовуллаб этакларида бийрон.
Ярқироқ кўпикларда қилади роҳат.

Қалин қарағайларнинг қуюқ сояларида
Кўтарилган оддий ёдгор .
Кагул қирғоғи, сенга ҳарорат бор барида.
Азиз ватанга эса шавкат пойидор!

Умрбод барҳаётсиз, эй рус паҳлавонлари,
Сиз жанг даҳшатларида топдингиз камол роса,
Сизнинг ҳақда, малика сафдоши-ёронлари
Наслдан наслга кетар овоза.

О! ҳарбий талашларнинг гурлаган асри
Россия шавкатининг гувоҳи бўлган замон!
Славянларнинг уша мардона насли —
Улуғ саркардаларни кўргансан аён,

Зевс яшинларидай, қўлга олдилар зафар,
Шиддатларидан титраб жаҳон қолди танг,
Тўқидилар Державин ва Петров мадҳиялар —
Баҳодирлар шаънига куйлари жаранг!

Сен ҳам ўтиб кетдинг, унутилмас чог!
Ҳам дарров ўзга замон бўлди намудор;
Ҳам янги можаро, жанг даҳшатлари тумтароқ;
Одамзод қисмати — азоб, оҳу зор.

Маккор ва беор шоҳнинг тийиқсиз панжасида
Ярқиради қонли бир қилич.
Турди жаҳон офати, шиддат алангасила —
Жадал отди жанг тонги мудҳиш ва қизгич.

Ҳовлиқма тошқинлардай Россия далаларида —
Оқди, оқди душманлар;
Йўлларида ғамнок чўл чуқур уйқу бағрида,
Ерда бурқийди қонлар;

Тинч қишлоқлар, шаҳарлар ёлқинланар тун бўйи
Кўк гумбази ва уфқ кийди қизил ранг.
Мудроқ ўрмонлар қўйни — қочқинлар уйи,
Омочларни қирларда босиб ётди занг.

Келмакдалар — уларнинг зўрига йўқ бирон ғов,
Хароб этар, ағдарар, кўтарар тўзон.
Беллона фарзандлари руҳлари тузиб ясов,
Самовий лашкарсимон —

Қоронғи қабрларга инар бетўхтов,
Ё тун бўйи кезишар ўрмонларда саргардон…
Аммо, янгради овоз! Йироқда алғов-далғов,
Совут, қилич шақирлаб келар оломон!

Эсингни йиғ, қалтира, ёт қабила лашкари,
Россия ўгиллари — бу қўзғалганлар;
Орсизларнинг устига учар бирдай ёш- қари.
Ўч қаҳрида диллари олов,чанганлар.

Қалтира. эй шаддод шоҳ! Ҳалокат яқин!
Ҳар аскар бир баҳодир, мардона келар.
Ё ғалаба қозонар дин ва шоҳ ҳаққи.
Ё жангда ўлар.

Арғумоқлар пишқирар, ўтар ўйноқлаб,
Водийлар тўлиқ лашкар;
Саф ортидан саф оқар ўч ва шон чоглаб,
Севинчлари ошкор.

Мудҳиш базмга шошар, қиличлар ўлжа қунлар
Ҳам жанг оловламади, гумбурлайди қир-довон.
Тўзонли ҳаволарда шамширлар, ўқлар гувлар.
Қалқонларга сачрар қон.

Ҳалок бўлди душманлар жангда! Рус ғолиб!
Такаббур французлар орқага қочар,
Аммо, зўравонларга парвардигор ёр бўлиб
Сўнг қатла шуъла сочар;

Ёвни бунда янчмаган кекса саркарда ,
Бородино даласи, о, қонли жанггоҳ!
Қутуришлар, кибрлар битмади бу сафарда!
Кремль тепасида француз, эвоҳ!

Москва ерлари, эй она юртим,
Гуллаган у йилларнинг эрталарида —
Бепарво олтин кунлар кечирган эдим,
Балолардан, ғамдан нарида…

Ватан душманларини кўрдингиз сиз ҳам,
Сизни ҳам қизартти, қон қақшатди олов бисёр.
Қурбон қила олмадим жонимни мен ўша дам,
Фақат дил ғазаб билан ўртанди бекор.

Қани сен, эй юз қуббалик Москва чиройи?
Азиз мамлакатимнинг кўрки, қайдасан?
Қани жилодор шаҳар, ҳашамат жойи?
Ҳозир фақат вайронадасан.

Москва! Бу манзаранг русга ғамгин шу қадар!
Йўқолмиш аъёнлару шоҳлар кошоналари.
Миноралар тожларин қорайтирмиш ёнғинлар.
Йиқилмиш боёнларнинг фароғатхоналари.

Зийнат, кўркамлик макон қурган жойларда,
Сояли дарахтзорда, яшил боғларда.
Арчазор хушҳид сочиб турган жойларда —
Кул, тўзон — бу чоқларда.

Сўлим ёз тунларининг сокин, соз дамларида
Учиб келмас бу ерга хушчақчақ шовқин.
Чароғонлик, жило йўқ қирғоқ чаманларида.
Ҳаммаси жимжит, сўлғун.

Ҳай рус шаҳри! Шаҳарлар онаси, юпан.
Келгинди ўлимига кўз ташлагил бир йўла.
Ёвнинг ўжар бўйнига тушди бу замон
Парвардигор ғазаби, ўч қўли биратўла.

Кўз ташла, қочмоқдалар орқага боқмай бир зум,
Қонлари оқ қорларда оқмоқда дарёсимон.
Қирмоқда қора тунда уларни очлик, ўлим.
Орқадан рус қиличи қувар беомон.

Эй, уларни қалтиратган зўр — бардам
Европанинг қабилалари,
О, йиртқич французлар! Гўрга тушдингиз сиз ҳам.
Эй, даҳшат! Эй, шиддат йиллари!

Ҳақиқат овозига, ҳам динга, қонунга ёв —
Бахт ва жанг арзандаси, қайлардасан бу замон?
Салтанатларни бузиш хаёлида солдинг дов!
Ғойиб бўлдинг субҳидам қўрқинч тушсимон.

Парижга кирди руслар! Ўч машъали каёқда?
Эй, француз, бошингни қуйи сол бу дам
Аммо нима кўрдим мен? Илжайиб айни чоқда
Зар-зайтун шохин тутиб қаҳрамон ташлар қадам.

Ҳали овлоқ жойларда жанг чақмоғи чақарди.
Гўёки чўл тунидай Москва ғамгин;
У ёвга ўлим эмас. нажот — сулҳ олиб борди,
Ҳам жаҳонда тотувлик сочди, сақламади кин.

Баҳодирлар шаънига қасидалар куйлаган
О, Россия куйчиси, илҳоми балапдпарвоз.
Ёронлар даврасида алангали шавқ билан —
Жаранглатгил олтин соз.

Титроқ торлар дилларга пуркади олов.
Янграр ботир шаънига хуш, ширин овоз,
Ҳам жанговар қўшиқни тинглаб қўзгалар дарров,
Жўшар навқирон шоввоз.

1814

*   *   *

Ғуссали тун пардасин осмиш
Мудроқ осмон равоқларида.
Водийларни сукунат бағрига босмиш,
Ўрмон оппоқ туман қучоқларида.

Сал шилдирар эманзор соясида шошган сой,
Сал пичирлар уйқучан шаббода барг-ўтларда.
Сузиб юрар каттакон оққуш янглиғ тўлин Ой —
Кумушранг булутларда.

…Бунда кўрдим: сарвига чирмашибдир мажнунтол,
Соялари жимирлар сувнинг биллур мавжида.
Далалар маликаси нилуфар мағрур, хушҳол,
Дабдабаси, зийнати, гўзаллиги авжида.

Ғадир-будур тоғлардан тушар бебош шаршара,
Марварид дарё бўлиб оқар, қайнашар,
У ёнда, сокит кўлда пари қизлар шўх, сара,
Эринчоқ тўлқинларни сачратишар, ўйнашар.

* * *

Бўрон, зулмат осмонни тутар,
Қор қуюни қилади ўйин.
Дам ҳайвондек бўкириб ўтар,
Дам гўдакдай йиғлоқи бир ун.

Эски томдан похол тортади,
Гувлаб, бирдан солади шовқин,
Дарчамизни келиб қоқади —
Дам кеч қолган йўлчидай юпун.

Кўҳна кулбам, кичкина уйим
Ҳам ғамгин, ҳам зулмат қўйнида.
Сен нимага, бечора бувим,
Жимжит қолдинг ойнак тагида?

Чарчатдими бўрон увлаши,
Зерикдингми, бувим ё эса?
Ё мудратган дугинг товшими,
Ҳоридингми ёки бўлмаса?

Кел, ичайлик, меҳрибонгинам,
Шўрлик ёшлигимнинг ҳамроҳи…

 

ТУМОР

Яланг қояларга сира тўхтамай
Денгиз ҳамишалик чайқалиб урган,
Илиққина порлаб кўкда тўлин ой
Туннинг ширин пайти жилмайиб турган,
Ҳарамда мусулмон, кайфини суриб,
Яшаган диёрда — кўзлари хумор
Жоду қиз эркалаб, нозланиб туриб
Қўлимга тутқизган эди бир тумор.

Эркаланиб туриб менга дедики:
«Менинг туморимни йўқотмай сақла.
Унда сирли куч бор, муҳаббатимки
Бағишлади сенга, сен уни оқла! ,
Бўронда, довулда, мудҳиш тўфонда —
Касалдан, ўлимдан, тўфондан, эй ёр,
Бошингни сакламас ҳеч бир маконда
Сенга мен бахш этган сеҳрли тумор.

Шарқнинг сон-саноқсиз давлатларини
Багишламас сенга бу тумор ҳеч ҳам,
Ҳамма пайғамбарнинг умматларини
Бош эгдириб сенга қилмайди қарам;
Ҳамда сени гамгин бу узоқ юртдан
Дўстлар оғушига, ватанга, дилдор.—
Шимол сари, она юртга жанубдан
Учириб еткизмас мен берган тумор…

Ва лекин макрли, ҳийлакор нигоҳ
Мафтун этиб қўйса сани дафъаган,
Ё зулмат кечада дудоқ хар ногоҳ
Севмасдан бўсалар олса лабингдан,
Азиз дўст, ўшандай бир жиноятдан
Юракка янгидан қўймай дард, ғубор;
Хиёнат, унутиш каби ҳолатдан
Саклаб қолар сени мен берган тумор».

1827

ДЕНГИЗГА

Алвидо, зўр қудрат — асов ғалаён!
Яшил тўлқинларинг сўнг дафъа суриб —
Кўзларим олдида қайнайсан чунон,
Мағрур гўзаллигинг билан барқ уриб.

Ундовинг ғавғоли, шовқининг камли,
Қулоғим соламан сўнг қатла мен ҳам,
Гўёки пичирлар, чорлар аламли,
Ҳайрлашув пайти яқин дўст, ҳамдам.

Орзули бу кўнглим истаган қирғоқ,
Сенинг соҳилингда кезардим сарсон,
Кезар эдим сокин, туманли, чарчоқ,
Эзгу ниятларим қийнар эди жон!

Нақадар ёқарди: бўғиқ овозинг
Ва теран садоли чақириқларинг,
Кечқурунги сукут ва ўжар нозинг,
Ҳаяжон, ғазабинг — бақириқларинг!

Балиқчининг енгил елкан кемаси —
Истасанг кўксингда сақланар омон,
Юзар тўлқинларда, йўқдек ваҳмаси,
Лекин сен бошласанг улкан ғалаён —
Ғарқ бўлар кеманинг гала-галаси.

Мангу кетай девдим, бўлмади имкон:
Ғамгин, ҳаракатсиз, кўнгилсиз қирғоқ,
Сени шодиёна қутлай олмадим,
Тизма тоғларингдан ҳатлай олмадим,
Шоирона қочмоқ бўлгандим йироқ!

Сен кутдинг,чорладинг… мен кишандайдим.
Руҳим қанотланди беҳуда, бекор.
Қудратли орзуга мафтун бандайдим.
Шу сабаб мен колдим қирғокларла зор.

Нимани аяйман! Қайга бу замон —
Мен йўл солар эдим бепарво, беғам?
Битта илинж сенинг гўшангда ҳамон
Кўнглимга ҳайратлар солар дам-бадам…

У битта қоядир, шон сағанаси…
У ерда ухлайди совуқ уйқуда —
Улкан хотиралар ҳаммаси.
Наполеон ҳаёти сўнган ер шу-да!

У ерда азобла бўлди у ҳалок.
Унинг орқасидан довул сингари —
Ўзга даҳо учди, дилни айлаб чок,
Ақлимизнинг ўзга бир ҳукмдори.

Кетди, эркинлик-чи, йиғлади йўқтаб,
Қолдирди тожини жаҳонга, эсиз!—
Шовқин сол, пўртана, уни улуғлаб,
У сенинг қўшиқчинг эди-ку, денгиз!

Унда барқ урарди тимсолинг аён,
Руҳан худди сендай яралган эди.
Сендай теран, ғамгин, сендай паҳлавон,
Сендай- бўйинсунмас, зўр инсон эди.

Дунё бўшаб қолди… энди сен мени
Қаён олиб чиқар эдинг, океан?
Инсонлар тақдири ҳар ерда бирдир,
Қайда фароғат бор бўлса, посбон —
Маърифат золим у ерда, аён…

Яхши қолгил, денгиз! Унутмайман ҳеч
Сенинг тантанали бу жамолингни,
Қулоғимда турар, жаранглар ҳар кеч,
Ҳамиша тинглайман ғалаёнингни.

Ўрмонлар ва жимжит саҳролар томон —
Ёрқин хотиралар ола кетаман.
Қоялар, кўрфазлар, тўлқин ва сурон,
Соя, жилоларинг эсда тутаман.

1824

БОҚЧАСАРОЙ ФОНТАНИГА

Ишқ фонтани, эй ўлмас фонтан.
Сенга икки қизил гул совғам!
Шилдирашинг ёқимли чунон,
Шоирона кўз ёшларинг ҳам.

Сачрар менга кумуш тўзонинг,
Эсар салқин шабнам нафаси,
Тинмайин оқ, юпанч чашмаси!
Шилдир-шилдир сўйла достонинг…

Ишқ фонтани, қайғули фонтан,
Мармарингдан айладим сўроқ,
Мен эшитдим йироқ элга шон;
Мариядан айтмадинг бироқ…

Унут бўлдинг наҳотки мангу —
Сен, эй сўлгин ҳарам юлдузи?
Ё Мария, Зарема бону —
Наҳот ширин хаёлнинг ўзи?

Ёки бари ширин бир уйқу,
Бу қоронги хилватда хаёл,
Ё бир дамлик тимсолмиди у,
Ё қалбдаги мажҳул идеал?

1824

ПАЙҒАМБАР

Руҳий ташналикда ҳорғин, саргардон,
Зулмат саҳросида кўп санқиб юрдим.
Ҳам олти қанотлик фаришта кўрдим —
Икки йўл устида бўлди намоён.

Енгил бармоқлари — енгил туш каби
Кўзу кипригимга тўқиниб ўтди,
Башорат нури-ла чарақлаб кетди —
Сесканиб, кўз очган бургут қуш каби.
Қулоқларимга ҳам тегиб ўтди у,
Бўлди қулоқларга садо ва шов-шув;
Туйдим мен — ларзада эди осмон,
Малакларнинг баланд учишин кўрдим.
Денгиз махлуқлари юзишар чунон,
Водийларда кўкан сўлишин кўрдим.

У менинг оғзимга ёпишди шу дам,
Гуноҳкор тилимни суғуриб олди,
Каззоб, сафсатабоз эди тилим ҳам.
Жонсиз огзим очиб, ўрната қолди —
Ҳикматли илондан олиб заҳар тил.
Қонли қўли билан дарров исрофил.
Қилич-ла сийнамни этиб чоку чок,
Титроқ юрагимни юлиб олди у,
Ёлқинланган кўмир чўғини шу чоқ
Сийнайи порамга жойлай қолди у.

Даштда ётар эдим мурда мисоли,
Ваҳий тушди кўкдан — тангри мақоли:
«Қўзғал, эй пайғамбар, менга қулоқсол,
Иродам-ла тўлиб ҳақлик таратгил,
Денгизда, тупроқда айлан, айт мақол,
Сўз айтиб инсонлар қалбин ёқа бил.

1826

ЭНАГАМГА

Оғир кунлардаги ягона ҳамдам.
Эй менинг суюкли, кекса энагам!
Хилват қарагайзор гўшасидасан.
Кўпдан буён мени ёлғиз кутасан.
Ўз уйинг ойнаси ёнида ҳамон —
Куйиб-ўртанасан вақт ўтган сайин.
Ажин босган қўллар қимирлар бийрон,
Оҳиста тўқийсан сира қўймайин.
Унутилган эшик сари қарайсан,
Йироқ, хилват йўлга тикасан кўзинг.
Ғусса, андишага дилни ўрайсан.
Кукрагингни эзар, саргаяр юзинг.
Кузингга кўринар, ногаҳон…

1826

* * *

Куйлама ёнимда, о, соҳибжамол,
Грузиянинг ғамгин қўшиғин, ҳайҳот,
Куйласанг, ёдимга тушади дарҳол
Йироқ соҳил ва ўзга ҳаёт.

Ҳайҳот, ҳеч шафқат йўқ бу қўшиғингда,
Хотиримга солар олис саҳрони,
Ҳам ойдин кечада — ой ёруғида
Йироқдаги қизни — шўрлик сиймони…

Азиз, маъсум хаёл чиқар ёдимдан,
Унутилар сени кўрганда, дилдор,
Сен куйлайсан, тағин мен кўз олдимда
Тасаввур киламан ўшани такрор.

Куйлама ёнимда, о, соҳибжамол,
Грузиянинг ғамгин қўшигин, ҳайҳот,
Куйласанг, ёдимга тушади дарҳол
Йироқ соҳил ва ўзга ҳаёт.

1828

ГУЛ

Қуриган, хиди йўқ, унутилган гул —
Китобни очаркан кўриб қолдим мен.
Ғалати хаёлга тўлди-да кўнгил,
Паришон термулиб, туриб қолдим мен:

Қаерда ва қачон, қайси бахорда —
Гуллаган? Узоқми? Ким узди экан?
Ёт қўлми, танишми узган нахорла.
Нима учун бу ерга қўйди экан?

Нозик бир висолнинг эсдалигими.
Ёки шум айрилиқ — фироқ ёдгори?
Ёки тинч сахрода, ўрмон соясида
Ёлғиз сайр, томоша хотиралари?

Тирикмикан йигит, тирикмикан қиз?
Шу пайтда уларнинг қайда гўшаси?
Ёки шу қуриган — сўлғин, белгисиз
Гул каби сўлдими хар иккаласи.

1828

sergeich.jpgMirtemir hozirgi zamon o’zbek she’riyatining rivojlanishiga salmoqli hissa qo’shgan ardoqli lirik shoirdir. Komil Yashin ta’kidlaganidek, Mirtemir XX asr o’zbek she’riyatining tamal toshini qo’ygan ustoz, oqsoqol shoirlarimizdan. U g’oyatda mehnatkash, jafokash, xassos, bilimdon, kamtar so’z san’atkoridir. Vatanparvar shoir klassik adabiyotimizning barhayot an’analarini, xalq og’zaki ijodini chuqur o’rganib, hozirgi o’zbek adabiyotini boyitdi, yuksaklikka ko’tarishda zo’r kuch sarf etdi.

Shu bilan birga Mirtemirning tarjimonlik san’ati butun borlig’i bilan o’zligini namoyish qildi. O’zbek kitobxoni shoirning katta mehnati tufayli A.S.Pushkinning she’rlari va ertaklari, M.YU.Lermontovning she’rlari, N.A.Nekrasovning “Rusiyada kim yaxshi yashaydi?”, M.Gor`kiyning “Bo’ron qushi haqida qo’shiq” kabi o’lmas asarlarni o’z ona tilida o’qishga muyassar bo’ldi. Bulardan tashqari Mirtemir qirg’iz eposi “Manas”ni, qoraqalpoq eposi “Qirq qiz”ni, Maqsud Shayxzoda bilan hamkorlikda gruzin shoiri Shota Rustavelining “Yo’lbars terisini yopingan pahlavon” dostonini o’zbek tiliga o’girdi.Bugina emas, u Genrix Geyne, Ejen Pot`e, Abay, Berdaq, Nozim Hikmat, A.Tvardovskiy, Pablo Neruda kabi shoirlarning asarlarini ham o’zbek tiliga tarjima qildi.
Adabiyotshunoslar ta’kidlaganidek, Mirtemir tarjimani asliyat darajasiga ko’targan mohir ijodkor edi.

Aleksandr Pushkin
SHE’RLAR
Mirtemir tarjimalari
032

ERKINLIK
ODA

Qoch, yo’qol, ko’rinma — chekil ko’zlardan.
Siteraning ojiz. ey malikasi!
Magrur erk kuychisi, qani, qaydasan.
Qaydasan shohlarning zo’r tahlikasi!
Kel, gultojim uzib tashla bir yonga!
Injiq rubobimni parchala-sindir…
Erkni uluglayin butun jahonga.
Taxtu toj qusurin toptayin bir-bir.

Shoiri kulfat. ofat aro sen o’zing
Dadil qasidalar ilhomin bergan —
O’sha olijanob, ulug insonning
Atoqli izlarin ochgil menga san!
Havoyi qismatning arzandalari.
Jahon zolimlari! Titrang bu zamon!
Siz-chi, ey ularning xor bandalari.
Mardona-mardona boshlang qo’zg’olon!

Qay tomonga nazar tashlamay, evoh.
Temir kishanlaru zulm qamchilari:

Qonunlar xatarli, qonunlar rasvo,
Erksizlikning nochor yosh tomchilari;
Har yonda xaqsizlik, zo’rlik hukmron.
Uyushgan xurofot — quyuq mavhumot,
Qullikning dahosi qo’rqinch o’ltirgan,
Shonlarni bo’g’adi shum hirsi, hayhot!

Ezgu ozodlik-la qonun do’stlashsa,
Ayrilmas bir tusda jipslashsa magar;
Sodiq qo’llar qonun tig’in ushlasa.
Hammani qurisa xayrlik sipar;
Bosh ustida adl qilichi nihoyat —
Tanlamasdan kelib tushsa ayovsiz —
Yuqoridan barbod etilsa butun jinoyat,
Qilichning damidan o’tsa to’xtovsiz,

Na ochko’z, nokaslik va na qo’rquv-la
Sotilib ketmasa qonun beomon —
Podshoh boshiga xavf solmas shunda
Xalqlarning uvoli faqat shu zamop.
Hukmdorlar! Sizga toj-gaxt bergan
Qonundir! Nainki bersin tabiat.
Siz xalqdan yuqori turasiz, ammo,
Mangu qonun sizdan yuksakdir, albat!

Xalq o’zi yoki shoh qonun qo’lida
Bilganin qilolsa, bu xalqning sho’ri,
Bexabar mudragan qabilalarga
Alam! Ushalarga tushadi zo’ri.
Seni guvohlikka chaqirdim bukun
Nuqsonlar o’tida kuygan podshoh ,
Yaqindagi bo’ronda bobolar uchun
Shohona kallasin qo’ygan podshoh.

Lyudovik o’limga chiqib boradi,
Buni kuzatadi jim zurriyoti,
Tojidan ajralgan shohona boshin
Qonli, shum kundaga mute uradi.
Qonun jim turadi — xalq turadi jim,
Jinoyat boltasi tushadi og’ir…
Ham yovuz, qirmizi, yasog’lik kiyim
Kishanband gallarda yotadi axir.

Ey yovuz hukmron, badkirdor, zolim!
Nafratlarim senga, toju taxtingga.
Senga va naslingga kelarkan o’lim.
Qattiq sevinch bo’lib ko’rinar menga
Sening peshanangda, ey zulm shohi!
Xalqlar o’qir aniq — la’nat tamg’asi,
Sen jahon dahshati, sen olam dog’i,
Sen yerda tangriga xalqlar ta’nasi!

Qorong’i va g’amgin Nevaga boqib,
Yarim tun yulduzi jilva qilganda,
Qayg’usiz, tashvishsiz kallasi og’ib,
Sokin uyqu malol kelganda,
O’yga tolgan shoir yugurtadi ko’z:
Tuman orasida mudhish uyquda —
Xilvatda zolimning haykali yolg’iz .
Unutilgan saroy — turar qarshida.

Ham eshitar qo’rqinch Klio tovushin —
Shu qo’rqinchli devor, saroy ortida.
Ham Kaligulaning so’na olishin
Yaqqol ko’radi u ko’zi oldida…
U ko’radi uqalar ham yulduzlarda,
Sharob, achchiq g’azab — kin ila sarxush
Yashirin qotillar borar, yuzlarda —
Gustohlik — yurakda vahima-qo’rqish.

Turar sotqin posbon sassiz-sadosiz,
Asta tushirilgan osma ko’prik ham,
Darvozalar ochiq kimsasiz tunda,
Yollangan xiyonat qulida shu dam.
O, nomus! O, bizning kunlar dahshati!
Yancharlar bosib kirdi yirtqichga o’xshab,
Sharafsiz zarbalar bir-bir tushadi…
Ham tojdor yovuz mahv bo’ladi qaqshab.

Sizga ibrat bo’lsin, ey shohlar, bukun:
Na in’om, mukofot, na og’ir jazo —
Na xilvat zindonlar, na-da sajdagoh
Bo’lar sizga sodiq qalqon, yo panoh.

Shohlar, boshlab o’zingiz bosh egingiz
Mustahkam qonunning ostonasiga,
Xalqning erki, tinchi shudir, bilingiz.
Shudir taxtning qo’riqchisi manguga!

1817

* * *
04
Sibir` konlarining tagida
Mag’rur saqpang sabot va chidam.
G’amgin zahmat ketmas behuda —
Yuksak xayol, amalingiz ham.

Baxtsizlikning sodiq singlisi —
Umid qora chuqurda, inon,
Ko’zg’ar g’ayrat, quvnoqlik hissin,
Kelur orzu etilgan zamon.

Mushkul jazo inlaringizga —
Erkin tovshim yetgan singari,
Po’lat qopqalardan o’tib ichkari —
Sevgi, do’stlik yetadi sizga!

Parchalanur og’ir kishanlar,
Zindon qular va erk shodumon
Peshvoz chiqar eshikda u on,
Qilich berur sizga yoronlar.

SARSKOE SELO XOTIRALARI

G’ussali tun pardasin osmish
Mudroq osmon ravoqlarida.
Vodiylarni sukunat bag’riga bosmish.
O’rmon oppoqtuman quchoqlarida.

Sal shildirar emanzor soyasiga shoshgan soy.
Sal pichirlar uyquchan shabboda barg-o’tlarda,
Yuzib yurar kattakon oqqush yanglig’ oy —
Kumush rang bulutlarda.

Yuzib yurar — ham sochar xira, oqish nur.
Buyumlarni yoritar nur doirasi.
Yuz yashar arg’uvonzor — xiyobonlar ko’rinur,
Yiroqlarda sabzazor ham tepalar sirasi;

Bunda ko’rdim sarvga chirmashibdir majnuntol,
Soyalari jimillar suvning billur mavjida;
Dalalar malikasi nilufar mag’rur, xushhol,
Dabdabasi, ziynati, go’zalligi avjida.

G’adir-budur tog’lardan tushar bebosh sharshara,
Marvarid daryo bo’lib oqar, qaynashar.
U yonda, sokin ko’lda pari qizlar sho’x sara,
Erinchak to’lqinlarni sachratishar, o’ynashar.

Bu yonda, jimjitlikda muhtasham saroylari.
Bulutlarga cho’zmish bo’y, suyanchig’i ko’k toqi,
Davron surmaganmidi bunda yer xudolari?
Rossiya Minervasin shumasmi sajdagohi .

Shu emasmi shimol jannati.
Shoh qishlog’i, soz bog’i eram;
Halok etib arslonni rus burgutin qudrati.
Tinchib orom olmasmidi shu joyda xurram?

Evoh! U oltin paytlar o’tdilar jadal.
U palla buyuk xotin edi hukmron.
Rossiyaning shavkati boshkarardi u mahal.
Baxtiyor dorilamon.

Bu yerlarda har qadam dilni uyg’otar.
O’tmishlarni eslatar darhol;
Atrofga nazar solib rus bir oh tortar:
«G’oyib bo’ldi bari, yo’q buyuk ayol!»

Ham xayolga g’arq bo’lib, yam-yashil qirg’oqlarda,
Quloq solib yellarga o’tiradi lol.
Kechmish yillar jimirlar ko’z qaroqlarda. —
Va jimgina dil bo’lar xushhol.

U ko’radi, haybatli qoya ko’ksida
To’lqinlar o’rtasida yuksak haykal bor .
Qanotlarin keng yoyib uning ustida
Bir yosh burgut turar barqaror;

Og’ir zanjir halqasi, ham o’q, ham kamon —
Baland haykal atrofin qurshamish uch qat.
Oqto’lqinlar shovullab etaklarida biyron.
Yarqiroq ko’piklarda qiladi rohat.

Qalin qarag’aylarning quyuq soyalarida
Ko’tarilgan oddiy yodgor .
Kagul qirg’og’i, senga harorat bor barida.
Aziz vatanga esa shavkat poyidor!

Umrbod barhayotsiz, ey rus pahlavonlari,
Siz jang dahshatlarida topdingiz kamol rosa,
Sizning haqda, malika safdoshi-yoronlari
Nasldan naslga ketar ovoza.

O! harbiy talashlarning gurlagan asri
Rossiya shavkatining guvohi bo’lgan zamon!
Slavyanlarning usha mardona nasli —
Ulug’ sarkardalarni ko’rgansan ayon,

Zevs yashinlariday, qo’lga oldilar zafar,
Shiddatlaridan titrab jahon qoldi tang,
To’qidilar Derjavin va Petrov madhiyalar —
Bahodirlar sha’niga kuylari jarang!

Sen ham o’tib ketding, unutilmas chog!
Ham darrov o’zga zamon bo’ldi namudor;
Ham yangi mojaro, jang dahshatlari tumtaroq;
Odamzod qismati — azob, ohu zor.

Makkor va beor shohning tiyiqsiz panjasida
Yarqiradi qonli bir qilich.
Turdi jahon ofati, shiddat alangasila —
Jadal otdi jang tongi mudhish va qizgich.

Hovliqma toshqinlarday Rossiya dalalarida —
Oqdi, oqdi dushmanlar;
Yo’llarida g’amnok cho’l chuqur uyqu bag’rida,
Yerda burqiydi qonlar;

Tinch qishloqlar, shaharlar yolqinlanar tun bo’yi
Ko’k gumbazi va ufq kiydi qizil rang.
Mudroq o’rmonlar qo’yni — qochqinlar uyi,
Omochlarni qirlarda bosib yotdi zang.

Kelmakdalar — ularning zo’riga yo’q biron g’ov,
Xarob etar, ag’darar, ko’tarar to’zon.
Bellona farzandlari ruhlari tuzib yasov,
Samoviy lashkarsimon —

Qorong’i qabrlarga inar beto’xtov,
YO tun bo’yi kezishar o’rmonlarda sargardon…
Ammo, yangradi ovoz! Yiroqda alg’ov-dalg’ov,
Sovut, qilich shaqirlab kelar olomon!

Esingni yig’, qaltira, yot qabila lashkari,
Rossiya o’gillari — bu qo’zg’alganlar;
Orsizlarning ustiga uchar birday yosh- qari.
O’ch qahrida dillari olov,changanlar.

Qaltira. ey shaddod shoh! Halokat yaqin!
Har askar bir bahodir, mardona kelar.
YO g’alaba qozonar din va shoh haqqi.
YO jangda o’lar.

Arg’umoqlar pishqirar, o’tar o’ynoqlab,
Vodiylar to’liq lashkar;
Saf ortidan saf oqar o’ch va shon choglab,
Sevinchlari oshkor.

Mudhish bazmga shoshar, qilichlar o’lja qunlar
Ham jang olovlamadi, gumburlaydi qir-dovon.
To’zonli havolarda shamshirlar, o’qlar guvlar.
Qalqonlarga sachrar qon.

Halok bo’ldi dushmanlar jangda! Rus g’olib!
Takabbur frantsuzlar orqaga qochar,
Ammo, zo’ravonlarga parvardigor yor bo’lib
So’ng qatla shu’la sochar;

Yovni bunda yanchmagan keksa sarkarda ,
Borodino dalasi, o, qonli janggoh!
Quturishlar, kibrlar bitmadi bu safarda!
Kreml` tepasida frantsuz, evoh!

Moskva yerlari, ey ona yurtim,
Gullagan u yillarning ertalarida —
Beparvo oltin kunlar kechirgan edim,
Balolardan, g’amdan narida…

Vatan dushmanlarini ko’rdingiz siz ham,
Sizni ham qizartti, qon qaqshatdi olov bisyor.
Qurbon qila olmadim jonimni men o’sha dam,
Faqat dil g’azab bilan o’rtandi bekor.

Qani sen, ey yuz qubbalik Moskva chiroyi?
Aziz mamlakatimning ko’rki, qaydasan?
Qani jilodor shahar, hashamat joyi?
Hozir faqat vayronadasan.

Moskva! Bu manzarang rusga g’amgin shu qadar!
Yo’qolmish a’yonlaru shohlar koshonalari.
Minoralar tojlarin qoraytirmish yong’inlar.
Yiqilmish boyonlarning farog’atxonalari.

Ziynat, ko’rkamlik makon qurgan joylarda,
Soyali daraxtzorda, yashil bog’larda.
Archazor xushhid sochib turgan joylarda —
Kul, to’zon — bu choqlarda.

So’lim yoz tunlarining sokin, soz damlarida
Uchib kelmas bu yerga xushchaqchaq shovqin.
Charog’onlik, jilo yo’q qirg’oq chamanlarida.
Hammasi jimjit, so’lg’un.

Hay rus shahri! Shaharlar onasi, yupan.
Kelgindi o’limiga ko’z tashlagil bir yo’la.
Yovning o’jar bo’yniga tushdi bu zamon
Parvardigor g’azabi, o’ch qo’li birato’la.

Ko’z tashla, qochmoqdalar orqaga boqmay bir zum,
Qonlari oq qorlarda oqmoqda daryosimon.
Qirmoqda qora tunda ularni ochlik, o’lim.
Orqadan rus qilichi quvar beomon.

Ey, ularni qaltiratgan zo’r — bardam
Yevropaning qabilalari,
O, yirtqich frantsuzlar! Go’rga tushdingiz siz ham.
Ey, dahshat! Ey, shiddat yillari!

Haqiqat ovoziga, ham dinga, qonunga yov —
Baxt va jang arzandasi, qaylardasan bu zamon?
Saltanatlarni buzish xayolida solding dov!
G’oyib bo’lding subhidam qo’rqinch tushsimon.

Parijga kirdi ruslar! O’ch mash’ali kayoqda?
Ey, frantsuz, boshingni quyi sol bu dam
Ammo nima ko’rdim men? Iljayib ayni choqda
Zar-zaytun shoxin tutib qahramon tashlar qadam.

Hali ovloq joylarda jang chaqmog’i chaqardi.
Go’yoki cho’l tuniday Moskva g’amgin;
U yovga o’lim emas. najot — sulh olib bordi,
Ham jahonda totuvlik sochdi, saqlamadi kin.

Bahodirlar sha’niga qasidalar kuylagan
O, Rossiya kuychisi, ilhomi balapdparvoz.
Yoronlar davrasida alangali shavq bilan —
Jaranglatgil oltin soz.

Titroq torlar dillarga purkadi olov.
Yangrar botir sha’niga xush, shirin ovoz,
Ham jangovar qo’shiqni tinglab qo’zgalar darrov,
Jo’shar navqiron shovvoz.

1814

* * *

G’ussali tun pardasin osmish
Mudroq osmon ravoqlarida.
Vodiylarni sukunat bag’riga bosmish,
O’rmon oppoq tuman quchoqlarida.

Sal shildirar emanzor soyasida shoshgan soy,
Sal pichirlar uyquchan shabboda barg-o’tlarda.
Suzib yurar kattakon oqqush yanglig’ to’lin Oy —
Kumushrang bulutlarda.

…Bunda ko’rdim: sarviga chirmashibdir majnuntol,
Soyalari jimirlar suvning billur mavjida.
Dalalar malikasi nilufar mag’rur, xushhol,
Dabdabasi, ziynati, go’zalligi avjida.

G’adir-budur tog’lardan tushar bebosh sharshara,
Marvarid daryo bo’lib oqar, qaynashar,
U yonda, sokit ko’lda pari qizlar sho’x, sara,
Erinchoq to’lqinlarni sachratishar, o’ynashar.

* * *

Bo’ron, zulmat osmonni tutar,
Qor quyuni qiladi o’yin.
Dam hayvondek bo’kirib o’tar,
Dam go’dakday yig’loqi bir un.

Eski tomdan poxol tortadi,
Guvlab, birdan soladi shovqin,
Darchamizni kelib qoqadi —
Dam kech qolgan yo’lchiday yupun.

Ko’hna kulbam, kichkina uyim
Ham g’amgin, ham zulmat qo’ynida.
Sen nimaga, bechora buvim,
Jimjit qolding oynak tagida?

Charchatdimi bo’ron uvlashi,
Zerikdingmi, buvim yo esa?
YO mudratgan duging tovshimi,
Horidingmi yoki bo’lmasa?

Kel, ichaylik, mehribonginam,
Sho’rlik yoshligimning hamrohi…

 

TUMOR

Yalang qoyalarga sira to’xtamay
Dengiz hamishalik chayqalib urgan,
Iliqqina porlab ko’kda to’lin oy
Tunning shirin payti jilmayib turgan,
Haramda musulmon, kayfini surib,
Yashagan diyorda — ko’zlari xumor
Jodu qiz erkalab, nozlanib turib
Qo’limga tutqizgan edi bir tumor.

Erkalanib turib menga dediki:
«Mening tumorimni yo’qotmay saqla.
Unda sirli kuch bor, muhabbatimki
Bag’ishladi senga, sen uni oqla! ,
Bo’ronda, dovulda, mudhish to’fonda —
Kasaldan, o’limdan, to’fondan, ey yor,
Boshingni saklamas hech bir makonda
Senga men baxsh etgan sehrli tumor.

Sharqning son-sanoqsiz davlatlarini
Bagishlamas senga bu tumor hech ham,
Hamma payg’ambarning ummatlarini
Bosh egdirib senga qilmaydi qaram;
Hamda seni gamgin bu uzoq yurtdan
Do’stlar og’ushiga, vatanga, dildor.—
Shimol sari, ona yurtga janubdan
Uchirib yetkizmas men bergan tumor…

Va lekin makrli, hiylakor nigoh
Maftun etib qo’ysa sani daf’agan,
YO zulmat kechada dudoq xar nogoh
Sevmasdan bo’salar olsa labingdan,
Aziz do’st, o’shanday bir jinoyatdan
Yurakka yangidan qo’ymay dard, g’ubor;
Xiyonat, unutish kabi holatdan
Saklab qolar seni men bergan tumor».

1827

DENGIZGA

Alvido, zo’r qudrat — asov g’alayon!
Yashil to’lqinlaring so’ng daf’a surib —
Ko’zlarim oldida qaynaysan chunon,
Mag’rur go’zalliging bilan barq urib.

Undoving g’avg’oli, shovqining kamli,
Qulog’im solaman so’ng qatla men ham,
Go’yoki pichirlar, chorlar alamli,
Hayrlashuv payti yaqin do’st, hamdam.

Orzuli bu ko’nglim istagan qirg’oq,
Sening sohilingda kezardim sarson,
Kezar edim sokin, tumanli, charchoq,
Ezgu niyatlarim qiynar edi jon!

Naqadar yoqardi: bo’g’iq ovozing
Va teran sadoli chaqiriqlaring,
Kechqurungi sukut va o’jar nozing,
Hayajon, g’azabing — baqiriqlaring!

Baliqchining yengil yelkan kemasi —
Istasang ko’ksingda saqlanar omon,
Yuzar to’lqinlarda, yo’qdek vahmasi,
Lekin sen boshlasang ulkan g’alayon —
G’arq bo’lar kemaning gala-galasi.

Mangu ketay devdim, bo’lmadi imkon:
G’amgin, harakatsiz, ko’ngilsiz qirg’oq,
Seni shodiyona qutlay olmadim,
Tizma tog’laringdan hatlay olmadim,
Shoirona qochmoq bo’lgandim yiroq!

Sen kutding,chorlading… men kishandaydim.
Ruhim qanotlandi behuda, bekor.
Qudratli orzuga maftun bandaydim.
Shu sabab men koldim qirg’oklarla zor.

Nimani ayayman! Qayga bu zamon —
Men yo’l solar edim beparvo, beg’am?
Bitta ilinj sening go’shangda hamon
Ko’nglimga hayratlar solar dam-badam…

U bitta qoyadir, shon sag’anasi…
U yerda uxlaydi sovuq uyquda —
Ulkan xotiralar hammasi.
Napoleon hayoti so’ngan yer shu-da!

U yerda azobla bo’ldi u halok.
Uning orqasidan dovul singari —
O’zga daho uchdi, dilni aylab chok,
Aqlimizning o’zga bir hukmdori.

Ketdi, erkinlik-chi, yig’ladi yo’qtab,
Qoldirdi tojini jahonga, esiz!—
Shovqin sol, po’rtana, uni ulug’lab,
U sening qo’shiqching edi-ku, dengiz!

Unda barq urardi timsoling ayon,
Ruhan xuddi senday yaralgan edi.
Senday teran, g’amgin, senday pahlavon,
Senday- bo’yinsunmas, zo’r inson edi.

Dunyo bo’shab qoldi… endi sen meni
Qayon olib chiqar eding, okean?
Insonlar taqdiri har yerda birdir,
Qayda farog’at bor bo’lsa, posbon —
Ma’rifat zolim u yerda, ayon…

Yaxshi qolgil, dengiz! Unutmayman hech
Sening tantanali bu jamolingni,
Qulog’imda turar, jaranglar har kech,
Hamisha tinglayman g’alayoningni.

O’rmonlar va jimjit sahrolar tomon —
Yorqin xotiralar ola ketaman.
Qoyalar, ko’rfazlar, to’lqin va suron,
Soya, jilolaring esda tutaman.

1824

BOQCHASAROY FONTANIGA

Ishq fontani, ey o’lmas fontan.
Senga ikki qizil gul sovg’am!
Shildirashing yoqimli chunon,
Shoirona ko’z yoshlaring ham.

Sachrar menga kumush to’zoning,
Esar salqin shabnam nafasi,
Tinmayin oq, yupanch chashmasi!
Shildir-shildir so’yla dostoning…

Ishq fontani, qayg’uli fontan,
Marmaringdan ayladim so’roq,
Men eshitdim yiroq elga shon;
Mariyadan aytmading biroq…

Unut bo’lding nahotki mangu —
Sen, ey so’lgin haram yulduzi?
YO Mariya, Zarema bonu —
Nahot shirin xayolning o’zi?

Yoki bari shirin bir uyqu,
Bu qorongi xilvatda xayol,
YO bir damlik timsolmidi u,
YO qalbdagi majhul ideal?

1824

PAYG’AMBAR

Ruhiy tashnalikda horg’in, sargardon,
Zulmat sahrosida ko’p sanqib yurdim.
Ham olti qanotlik farishta ko’rdim —
Ikki yo’l ustida bo’ldi namoyon.

Yengil barmoqlari — yengil tush kabi
Ko’zu kiprigimga to’qinib o’tdi,
Bashorat nuri-la charaqlab ketdi —
Seskanib, ko’z ochgan burgut qush kabi.
Quloqlarimga ham tegib o’tdi u,
Bo’ldi quloqlarga sado va shov-shuv;
Tuydim men — larzada edi osmon,
Malaklarning baland uchishin ko’rdim.
Dengiz maxluqlari yuzishar chunon,
Vodiylarda ko’kan so’lishin ko’rdim.

U mening og’zimga yopishdi shu dam,
Gunohkor tilimni sug’urib oldi,
Kazzob, safsataboz edi tilim ham.
Jonsiz ogzim ochib, o’rnata qoldi —
Hikmatli ilondan olib zahar til.
Qonli qo’li bilan darrov isrofil.
Qilich-la siynamni etib choku chok,
Titroq yuragimni yulib oldi u,
Yolqinlangan ko’mir cho’g’ini shu choq
Siynayi poramga joylay qoldi u.

Dashtda yotar edim murda misoli,
Vahiy tushdi ko’kdan — tangri maqoli:
«Qo’zg’al, ey payg’ambar, menga quloqsol,
Irodam-la to’lib haqlik taratgil,
Dengizda, tuproqda aylan, ayt maqol,
So’z aytib insonlar qalbin yoqa bil.

1826

ENAGAMGA

Og’ir kunlardagi yagona hamdam.
Ey mening suyukli, keksa enagam!
Xilvat qaragayzor go’shasidasan.
Ko’pdan buyon meni yolg’iz kutasan.
O’z uying oynasi yonida hamon —
Kuyib-o’rtanasan vaqt o’tgan sayin.
Ajin bosgan qo’llar qimirlar biyron,
Ohista to’qiysan sira qo’ymayin.
Unutilgan eshik sari qaraysan,
Yiroq, xilvat yo’lga tikasan ko’zing.
G’ussa, andishaga dilni o’raysan.
Kukragingni ezar, sargayar yuzing.
Kuzingga ko’rinar, nogahon…

1826

* * *

Kuylama yonimda, o, sohibjamol,
Gruziyaning g’amgin qo’shig’in, hayhot,
Kuylasang, yodimga tushadi darhol
Yiroq sohil va o’zga hayot.

Hayhot, hech shafqat yo’q bu qo’shig’ingda,
Xotirimga solar olis sahroni,
Ham oydin kechada — oy yorug’ida
Yiroqdagi qizni — sho’rlik siymoni…

Aziz, ma’sum xayol chiqar yodimdan,
Unutilar seni ko’rganda, dildor,
Sen kuylaysan, tag’in men ko’z oldimda
Tasavvur kilaman o’shani takror.

Kuylama yonimda, o, sohibjamol,
Gruziyaning g’amgin qo’shigin, hayhot,
Kuylasang, yodimga tushadi darhol
Yiroq sohil va o’zga hayot.

1828

GUL

Qurigan, xidi yo’q, unutilgan gul —
Kitobni ocharkan ko’rib qoldim men.
G’alati xayolga to’ldi-da ko’ngil,
Parishon termulib, turib qoldim men:

Qaerda va qachon, qaysi baxorda —
Gullagan? Uzoqmi? Kim uzdi ekan?
Yot qo’lmi, tanishmi uzgan naxorla.
Nima uchun bu yerga qo’ydi ekan?

Nozik bir visolning esdaligimi.
Yoki shum ayriliq — firoq yodgori?
Yoki tinch saxroda, o’rmon soyasida
Yolg’iz sayr, tomosha xotiralari?

Tirikmikan yigit, tirikmikan qiz?
Shu paytda ularning qayda go’shasi?
Yoki shu qurigan — so’lg’in, belgisiz
Gul kabi so’ldimi xar ikkalasi.

1828

Aleksandr Pushkin. Tanlangan asarlar. She’rlar — Xurshid Davron kutubxonasi by Khurshid Davron on Scribd

09

(Tashriflar: umumiy 17 902, bugungi 1)

3 izoh

  1. Menga bu yerda berilgan afsuski oxiriga yetmay qolgan enagamgam she’ri juda yoqadi. Agar bu she’r oxirga yetganida hech shupxasiz bu she’rni muxlislari, she’r ixlosmandlari, pushkinning o’quvchilariga albatta yoqqan bo’lardi hozirgidan ham ko’proq. lekin nima bo’lsa ham bu she’r men uchun doim eng sevimli she’rlarimdan biri bo’lb qoladi va bu sherni men o’zim tarjima qilib davomini yozish niyatim bor.

  2. MANZURA
    MEN PUSHKIN She’riyatini sevaman.Ayniqsa,she’rlari ichida enaga she’ri judda yoqdi.

  3. Menga A.S.Pushkinning sheʼrlari juda yoqadi.Eng sevimli sheʼrim ʼʼ33 PAHLAVONʼʼ SHEʼRI hisoblanadi. PUSHKIN ASARLARI ASRLAR DAVOMIDA OʻZINING AJOYIB RUHDA VA OʻTA MAHORAT BILAN YOZILGAN. OʻYLAYMANKI, YANA SHUNCHA ASRLAR OʻTSA HAM UNING ASARLARI OʻZ EHTIROMINI TOPA OLADI CHUNKI BU ASARLAR HAR BIR ZAMONANING KOʻNGLIDAN JOY EGALLAY OLADI…AZIZ KITOBXONLAR RUS ADABIYOTI JUDA AJOYIB ULARDAN KOʻPROQ OʻQISHNI TAVSIYA QILARDIM!❤️

Izoh qoldiring