Emil Zolya. Reklama qurboni & Toshqin

  2 апрель — Машҳур француз ёзувчиси Эмиль Золя (1840.2.4 — 1902.29.9) таваллуд топган кун

Пьер Ландри Марказий бозорга яқин Сент-Оноре кўчасида, бекорчилар масканида дунёга келган. Энагаси уни биноларга осиб қўйилган кўрсатгичлар ва эълонларни ҳижжалаш орқали ўқишга ўргатди. Бола шу каттакон тўртбурчак қизил, сариқ, мовий қоғозлар билан дўстлашди, бўйи ўсиб кўчаларда дайдий бошлаши билан Пьер катта ҳарфлар билан битилган рекламаларга ошиқ бўлиб қолди.

Эмил ЗОЛЯ
РЕКЛАМА ҚУРБОНИ
Француз тилидан Баҳодир ЭРМАТОВ таржимаси.
04

044Эмиль Золя (1840.2.4 — Париж — 1902.29.9) — француз ёзувчиси. Илк ижоди романтизм руҳида: «Нинон эртаклари» (1864), «Клоднинг тавбаси» (1865), «Марҳумнинг васияти» (1866) ва бошқа 60-йилларда натуралистик руҳдаги «Ўликлар васияти» (1866), «Тереза Ракен» (1867), «Мадлен Фера» (1868) каби романлар езди. «Ругон-Маккарлар» 20 жилдли романлар туркумида (1871-93) Наполеон давридаги сиёсий тузум қораланган («Ругонларнинг улғайиши», 1871; «Тор-мор», 1893), жамиятдаги молиявий ҳийла-найранглар фош этилган («Ўлжа», 1872; «Пул», 1891), киборларнинг ахлоқсизлиги кўрсатилган («Нана», 1880), амалпараст, маънавий қашшоқ кимсалар калака қилинган («Париж қуртлари», 1873), насронийларнинг тескаричилик ҳаракатлари фош этилган («Плассаннинг забт этилиши», 1874).
Золя бир қатор романларида оддий меҳнаткашларнинг олижаноб тимсолларини ёрқин бўёқларда тасвирлаган. Хусусан, «Қопқон» (1877) романида косиб ва ҳунармандлар ҳаёти, «Ҳамал» (1885) романида эса ишчиларнинг турмуш тарзи акс эттирилган. «Тереза Ракен» (1873 йилда саҳналаштирилган) драмаси ва «Рауберден ворислари» комедияси ёзувчининг энг яхши саҳна асарларидир. 3оля ижодида ижтимоий мавзулар устувор мавқега эга. «Уч шаҳар» трилогияси («Лурд», 1894; «Рим», 1896; «Париж», 1898), тугалланмай қолган «Тўрт инжил» тетрологияси («Ҳосилдорлик», 1899; «Меҳнат», 1901; «Ҳақиқат», 1903) бунга мисол бўлади.
Золя ижтимоий ҳаётга ҳам фаол аралашган ва 19-аср охирларида Францияда жуда катта шов-шувга сабаб бўлган «Дрейфус иши» (бошқа миллат вакилининг сохта айб билан қамалишига қарши) бўйича Франция Республикаси Президентига «Мен қоралайман!» (1898) номли очиқ хат билан мурожаат қилган. Республика ҳукумати 1898 йил 23 февралда ёзувчини қамаш ҳақида ҳукм чиқаради. 3оля чет элга қочади (1899 йилда Ватанига қайтади).
Золя халқ учун театр яратишни орзу қилган эди. «Франциянинг олға юриши» туркумидаги драмаларида инқилобий шиор остида мустабидлик руҳини яширган Учинчи республикага қарши курашни давом эттиришни мақсад қилган эди. Лекин бу мақсадини амалга оширолмади.
Золя романларида гарчи қалтис ижтимоий зиддиятлар тасвирланган бўлса ҳам, у маълум сиёсий тузумга дастёрлик қилишни ор деб билган. У ҳар доим ўзи танлаган тамойилга — ҳаққоният тамойилига содиқ қолади. Унинг романларини ўқиб бутун бир давр ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин.
Золянинг «Ҳикоялар» (1937), «Тегирмон қамали» (1942) ва «Ҳамал» (1981, таржимон Хайрулла Эргашев) асарлари ўзбек тилида нашр этилган.

04

I

Пьер Ландри Марказий бозорга яқин Сент-Оноре кўчасида, бекорчилар масканида дунёга келган. Энагаси уни биноларга осиб қўйилган кўрсатгичлар ва эълонларни ҳижжалаш орқали ўқишга ўргатди. Бола шу каттакон тўртбурчак қизил, сариқ, мовий қоғозлар билан дўстлашди, бўйи ўсиб кўчаларда дайдий бошлаши билан Пьер катта ҳарфлар билан битилган рекламаларга ошиқ бўлиб қолди.

Унинг пайпоқ тўқувчи отаси ишдан кетди-ю, ўғлининг саводини тўлиқ чиқарди, у ҳар куни боласига газетанинг сўнгги саҳифасини берарди, зеро айтишларича, шу саҳифадаги катта ҳарфлар билан битилган эълонларни ўқиш болаларга осон эмиш.

Йигирма ёшида Пьер Ландри етим қолди. Отасининг каттагина меросига эга бўлганлиги сабабли Пьер энди тараққиёт ва тамаддуннинг барча ютуқларидан баҳра олиб, фақат ўзи учун яшашга қарор қилди. Падари бузрукворининг шунча тер тўккани етар, у эса энди газеталарнинг сўнгги саҳифаларию шаҳарнинг ҳар жойида ёпиштирилган рекламалар таклиф этаётган олтин асрнинг битмас-туганмас лаззатидан баҳра олиб яшайди.

“Бизнинг асримиз – буюк аср, ўрганиш ва роҳатланиш асри. – деб ўйларди у. – Ўз умрини инсоният ҳузур-ҳаловати учун бахш этаётган одамларга қойил қоласан. Улар тинч ҳаёт учун тинмай мўъжизалар яратади ва бошқалар ҳаёт лаззатларига етишиши ва баҳра олиши учун ғамхўрлик қилади. Ўйлаб кўринг-а, шу яхшиларсиз ҳаётнинг энг кичик қувончидан тортиб, энг латиф лаззатни қаердан топишимиз ва улар бизга неча пулга тушишини маълум қилади, ўргатади! Улар орасида, ҳатто бизнинг ҳузур-ҳаловатимиз учун молини зарарига сотадиганлари ҳам бор (ўшаларга таъзим қилиш керак!) Уларнинг ҳеч бири фойда ҳақида уйламайди, одамлар бахтли ва тотли умр кечирсин, деб ўзини ўққа-чўққа уради! Ҳаётим режаси аниқ. Ҳеч нарсани ўйламай замонам таклиф этаётган ҳузур-ҳаловатдан роҳатланиб яшашим керак. Тараққиётдан ортда қолмаслик учун эса эрталаб ва кечқурун газеталардаги реклама эълонларини ўқиш ва шу оқил маслаҳатчилар таклиф этаётган юмушларни бажариш етарли, холос. Бу ҳақиқий оқиллик, бахтли яшашнинг ягона йўли шу.”

II

Шу кундан бошлаб Пьер Ландри газета ва кўча рекламаларига ҳаётини бошқарувчи қонундай қарай бошлади. Унинг учун газета умрининг асосий йўлбошчисига айланди. У босма ҳарфларга итоат этмай бирор нарсага қўл урмайдиган ва ҳеч бир нарса сотиб олмайдиган бўлди. Пьер ҳар куни эрталаб газеталарни варақлаб, ихтиролар ва янгиликлар ҳақидаги ҳар бир эълонни диққат билан ўқиб, катта иш қиларди. Унинг уйи турфа моллар омборига айланди. Парижда ишлаб чиқариладиган ҳар қандай арзимас янги буюм ва лаш-лушларни шу ердан топса бўларди.

Аслини олганда, унинг баъзи фикрларида жон бор эди. Тамаддун билан қадамба-қадам юриб, рекламанинг лирик шоирлари алоҳида илҳом билан кўкларга кўтарган буюмларнигина сотиб олар ва фаровон турмушидан фахрланса бўларди. Зеро Пьер тараққий этган тамаддуннинг энг сара маҳсулотларидан фойдаланарди.

Афсус! Бу аслида хомхаёл эди! Ҳақиқат эса кундан-кунга аччиқлашиб борарди. Ҳаммаси яхшиланиш ўрнига, чаппасига кетарди. Барча кўнгилсизликлар ана шундан бошланди.

Пьер Ландри дўзахга тушиб қолганга ўхшарди. У чўкинди жойдан ҳовли сотиб олди. Ўша жойда қурган уйи эса бора-бора турпоққа сингиб кетди. Янги технологиялар асосида қурилган иморат шамолда титрар, кучли ёмғир ёққанда эса бўлакларга ажралиб кетарди. Ичида ғалати мўри ўрнатилган каминлар одамни кўр қилар даража тутар, электр қўнғироқлар миқ этмас, патентланган чизма асосида қурилган ҳожатхона ифлос ахлатхонага айланган, оддий ва қулай тутқичлар билан ҳаракатга келадиган тортмаю эшикчалар на очилар ва на ёпиларди. Ўлганнинг устига тепгандек, уйдаги ҳеч ким кўтариб кетолмайдиган эски шақир-шуқур — пианинони, ўтда ёнмас, метиндек пишиқ жавонни қиш тунларининг бирида ўғрилар осонгина елкасига ортиб, илиб кетди.

Худди шунга ўхшаш воқеа Пьер Ландри Аркейлда сотиб олган дала ҳовлида ҳам такрорланди. У ерда хонадон соҳиби дарахт ўрнига нима экканини ўзиям билмасди. Нодир ўсимликлар ўрнига эса ғалати ўтлар ўсиб чиқди. Рекламалардан бирида тавсия этилган бассейн қулаб тушди. Пьер эса унинг тагида қолиб, сувда чўкиб кетишдан зўрға қутулиб қолди.

Пьер Ландри бу кўнгилсизликлару ташвишлар ичра бахтиёр тиржайиб турарди. Унинг кўнгли ўксимас, аксинча, кўтарилиб борарди. “Бу дунёда ҳеч ким, ҳеч нарса бенуқсон эмас, — дерди у ўзига-ўзи, — ҳамма, ҳаммаси мукаммаллашиб, ўсиб боради; бахтсизликнинг олдини олиш учун рекламаларни янада пишиқроқ ўрганиш, холос. Бассейнинг қулашига ўзим айбдор – газета хўжакўрсинга ташвиқ қилган қурувчини таклиф қилдим. Бу ёғига энди довруғи оламни бузадиган даражада мақталган қурувчини чақириш керак. Шубҳа йўқки, охир-оқибат мукаммаллик ва фаронвонликка эришаман.”

III

Бироқ нафақат Пьер Ландрининг мол-мулки, балки унинг ўзи ҳам азоб чекарди.

У кўчага чиққанида костюмларининг чоклари сўкиларди. Кийим-бошлар эълонлардаги фирмаларнинг тугатилиши ёки молларни қайта рўйхатдан ўтказиш муносабати билан ташкил этиладиган ярмаркалардан харид қилинарди. Унинг буюмларни арзон гаровга сотиб олишининг сабаби хасислигидан эмас, балки замонасининг барча ҳузур-халовотидан баҳра олишда эди.

Бир куни мен учратдим: бошида бир туки йўқ, кал эди. Бунга Пьернинг замондан ортда қолмасликка интилиши сабаб бўлганди: миясига оқ эмас, буғдой ранг одамга айланиш фикри келиб қолди. Бунинг учун қўлланган суюқликдан қаҳрамонимизнинг сочи битта қолмай тўкилди. Бироқ унинг кўнгли шод эди. “Бу ёғига, – дерди у ўзига-ўзи, — реклама қилинаётган мойни ишга солиш керак. Айтишларича, уни бошингга суртсанг, тўкилган соч ўрнига янада қалин ва чиройли қора соч ўсиб чиқармиш”.

У қўллаган “энг мукаммал” устаралар туфайли ўзининг ёноқлари ва ияги доимо кесилиб юрарди. Сотиб олган шляпалари бир ҳафта ўтар-ўтмас ўз шаклини йўқотар, ғалати пружиналардан иборат ёмғирпўшлар айнан ёмғир ёққан пайтларида очилмасди.

У ютиб юборган дори-дармонларни ёзишга қўлим бормайди. Илгари у кучли ва бақувват эди, энди эса, нафаси қисилади. Шу ерда реклама ўз ҳунарини кўрсатди. У ўзини касал деб ўйлаб қолди ва реклама қилинган барча ажо­йиб ва ғаройиб дармонларни қўл­лаб, даволана бошлади. Рекламаларда дориларга ўқилган мадҳиялардан боши гангиб қолди: қай бирини танлашни билмай, натижаси яхшироқ бўлсин, деб муолажанинг барча турини бараварига қўллай бошлади.

Пьер еган шоколаднинг ҳисоби йўқ эди, бунга турли шоколад ишлаб чиқарувчиларнинг унинг миясига ўтириб қолган маслаҳатлари сабаб бўлди. У парфюмерия маҳсулотларидан ҳам худди шундай меъёрсиз фойдалана бошлади. Азобламасликка сўз бериб, беморнинг нақ чакагини суғуриб оладиган саховатпеша тиш докторларига иш топиб бериш илинжида борган Пьер уч-тўрт қатнашда барча тишидан маҳрум бўлди.

IV

Реклама Пьер Ландрининг нафақат танасига, балки миясига ҳам шафқат қилмади. У токчалари суриладиган китоб жавонини сотиб олди ва уни рекламаларда тавсия этилган алламбало китоблар билан тўлдирди. Жавонга китобларни жойлаштириш ҳам ўзига хос бўлди; айтмоқчиманки, у китобларни рекламалардаги эълонларда қанчалик олқишланганлига қараб тахлаб чиқди.

Бу қадар бемаъни ва бемаза китоб жамламасини бошқа бирор жойда учратиш амри маҳол эди. Пьер Ландрининг кутубхонасида замонанинг энг беъмани ва жирканч маҳсулотлари мужассам эди. Қаҳрамонимиз ҳар бир китоб жилдига уларни харид қилишга мажбур қилган реклама мақтовларини ёпиштириб қўйди. У китоб ўқишга киришганида ундан қандай таассурот олишини аввалдан яхши биларди: мутолаа қила туриб ноширларнинг тавсияларига кўра, ё кулар, ё йиғларди.

Пьер Ландри бундай ҳаётдан бутунлай телба бўлиб қолди. Мен Пьер Ландрининг миясини бутунлай чиритган китобларни санаб ўтиришни хоҳламайман, бироқ айримларини келтиришим мумкин. Секин-аста у талабчан ва инжиқ бўлиб қолди. Энди Пьер даҳо ижодининг мислсиз маҳсули дея реклама қилинган асарларнигина сотиб олар, ҳафтасига кўпи билан йигирматача китоб харид қиларди.

Шу ўринда қўшимча қилиш керак-ки, кўзга ташланадиган эълонлар билан тавсия этилган айрим газеталар ҳам унинг бутунлай телбалашиб қолишига ўз улушини қўшди. Реклама қанчалар баландпарвоз бўлса, Пьер унга шунчалар ишонарди.

У ўзининг бир ишидан ўта завқ олди. Қандайдир газетанинг ношири томонидан Конкорд (Келишув) майдонида томоша уюштирилди, масхарабоз ўз ҳунарини кўрсата туриб, газетанинг янги сони чиқишини эълон қилди. Пьер Ландри шу нашрга обуна бўлганларнинг биринчиси эди.

V

Мен шу мунгли ҳикоямни тугатай, деб қолдим. Қандайдир бир табибнинг ҳар қандай касалликни даволай олиши ҳақда чоп этилган эълонни ўқиб, Пьер Ландри йўқ хасталикларига шифо топиш мақсадида унинг ҳузурига ошиқди. Табиб мулойимлик билан Пьерга ёшартириб қўйишни таклиф қилди ва ўн беш ёшли ўспиринга айланиш йўлини кўрсатди. Бунинг учун атиги у тавсия этган сувда чўмилиш-у, ўша сувдан ичиш лозим эди. Оғзи қулоғига етган Пьер Ландри табиб билан хайрлашди ва ҳамма ёққа даволашнинг бу усули — тараққиётнинг энг сўнгги сўзи эканлиги ҳақида жар солди.

Тавсия этилган бўтқани ичиб, қаҳрамонимиз ваннага тушиб шунчалар ёшариб кетди-ки, икки соатдан кейин бу дунё билан хайрлашди. Пьернинг юзида бахтиёр табассум қотиб қолган эди-ки, бечора Муқаддас Рекламага ибодат қила туриб жон берибди-да, деган хаёлга борардингиз. Табиб тавсия этган барча балолардан қутулиш йўли шу бўлса ажабмас.

Пьер Ландри вафотидан кейин ҳам эълонларнинг қулига айланди. У ўзини қандайдир сафсатабоз дорихоначи кашф этган усул билан ўзининг майитини бир зумда мўмиёлайдиган тобутда дафн қилишларини васият қилган экан. Қабристонда бу тобут сочилиб кетди, бахтиқаро мурда лойга қоришди, сўнг тобутининг парчалари билан бирга дафн этилди.

Қоғоз тош ва ясама мармардан ишланган қабр тоши ҳам об-ҳавонинг инжиқлигига фақат бир қишгина чидади; кўп ўтмай қабр устида сассиқ чириндидан бошқа нарса қолмади…

ТОШҚИН
Рус тилидан Асқар Ҳайдаров таржимаси.
04

I

Камина Луи Рубье бўламан. Ёшим етмишда. Тулузадан бир неча чақирим олисда оқадиган Гароннанинг юқори қирғоқларида жойлашган Сен-Жори қишлоғиданман. Ўй тўрт ёшимда тузлиқ-тўрва бўйнимдан тутдию ўзимга ҳамда оиламиздагиларга ризқ-рўз топиш пайига тушдим; хайрият фаровон кунлар ҳам етиб келди. Оз муддат ичида вилоятимиздаги энг давлатманд фермерга айланиб қолдим.
Бизнинг уйимиздан ҳам худо хайру саховатини аямади. Бошимизга бахт қуши қўнди; қуёш умримизга йўлдош эканидан бирон марта ҳам ердан кам ҳосил олган йилимизни эслай олмайман. Фермамизда ўн жон бўлиб, ҳаммаси бир-бирига мурувват кўрсатиб яшарди. Энг аввало ўзим, азаматларнинг азаматиман, ишда ёшлардан қолишмайман; сўнг кенжа укам Пьер — қари бўйдоқ, истеъфодаги сержант; эрининг ўлимидан кейин бизникига кўчиб келган хўппасемиз синглим Агата — жуда ҳам шаддод, масрур — кулганида қаҳқаҳаси бутун қишлоққа эшитилиб туради. Шундай қилиб томиримиз тармоқ отарди. Ўғлим Жак, унинг хотини Роза ҳамда уч қизи — Эма, Вероника ва Мария; тўнғичи Эма норғул йигит Сиприан Буисонга турмушга чиққан, ундан икки фарзанд кўрган, бири икки яшар, бошқаси ўн ойлик; оқ-сариқдан келган кенжа қизи қишлоқда эмас, худди шаҳарда туғилгандек. Мен — бува, энг катта бува эдим. Дастурхон теварагида синглим Агата ўнг тарафимда, укам Пьер сўл тарафимда ўтирар, атрофимни каттадан кичиккача, ҳатто ўн ойлик набирамгача ўраб олишар, у йигитлардай дуппа-дуруст хўриллатиб шўрва ичарди. Болаларнинг қошиқларни тарақа-туруқ қилишларини кўрсангиз эди! Қачонки, кичкинтойларим қўлчаларини чўзганларича бақириб-чақириб:
— Бува, нон олиб бери-инг! Буважон, яна нон олиб беринг! — дейишганида қонимда фахр ва қувонч жўш уриб кетарди.
Ажойиб кунлар эди! Ҳаётимизда меҳнат билан қўшиқ уйғун эди. Оқшомлари Пьер ҳар хил ўйинлар ўйлаб топар, полкдошлари ҳақида ҳикоялар айтиб берарди. Агата холалари бозор кунлари қизларимиз учун қуймоққа қорилган нонлар ёпиб берарди. Мария ингичка овозда оятларни қироат қилар, зар зулфлари бўйнини тутиб, қўлини тиззасига қўйиб ўтирганида нақ фариштага ўхшаб кетарди. Эма Сиприанга турмушга чиққанидан сўнг мен уйимизни икки қаватли қилишга жазм этдим. Вероника билан Гаспарнинг унаштирилишидан кейин эса учинчи қаватни тиклашни, хуллас осмонга етгунча қаватма-қават қўшиб бораверишни ўзимча ҳазил аралаш мўлжалга киритиб қўйган эдим. Биз бир-бирларимиздан ажралишни истамас, турмуш шундай кечаверса фермага улаб бутун бошли шаҳар барпо этишимиз мумкин эди. Оилада ҳамжиҳатлик ҳукмрон экан, ўз уй-жойингда умрингни яшаб, ошингни ошаб жон беришга нима етсин!
Бу йилги май ойи жуда қувончли келди. Пайкалларимизда худди бодроқдай бодраб ҳосил етишган эди. Ўғлим Жак бидан бирга тасарруфимиздаги ерларни айландик. Биз соат учларда йўлга чиққан эдик. Гаронна қирғоқлари бўйлаб ястаниб ётган яйловлар — яшил гилам, ўт-ўлан белга тепади, ўтган йили ўтқазилган толларнинг бўйи чамаси бир метрга кўтарилган. Майда участкалардаги буғдойзор ва узумзорларни ҳам кўздан кечирдик; бўлиқ буғдой бошоқлари мўл ҳосилдан дарак берарди. Жак хахолаб куларкан, елкамни қучиб қўйди:
— Буни қаранг-а, отахон! Энди нонга ҳам, шира-шарбатга ҳам роса тўядиган бўлибмиз! Худо бизга ёр бўлиб, тупроғимизни олтин ёмғири билан намлаган кўринади!
Биз аллақачон унут бўлган муҳтожликларимиз устидан кулардик. Жак тўғри айтади, балки худонинг, балки бошқа бирон бир набининг назари тушгандирки, атрофдаги, одамлардан кўра кўпроқ менга омад кулиб боққан эди. Қачон дўл ёғса, бизни четлаб ўтарди. Бордию қўшнининг узумзорларига касаллик тушса, гуё тўсиқ ўрнатилгандай, бизникига яқин йўламасди. Қисқаси, мен буни ҳақиқатда ҳам шунақа бўлиши кераклигига йўйдим — ахир мен ҳеч кимга ёмонлик, ғаразгўйлик қилмаганман, демак тўлақонли бахтга муносибман.
Қайтишда тасарруфимиздаги майдонларни кесиб ўтиб, қишлоқнинг нариги тарафидан юрдик. Тутлар яшнаб қийғоч барг ёзган. Гурунглашиб, режалашиб бораётибмиз. Кўпроқ пул жамғарсак, биз яна ер харид қиламиз, пировардида воҳанинг катта қисмини эгаллаб оламиз. Бордию биз кутгандек ҳосил мўл-кўл бўлиб берса, орзуларимизнинг рўёбга чиқиши муқаррар.
Уйига яқинлашиб қолганимизда Роза пайдо бўлиб, қўлини ҳаволатганча бизни чақира бошлади:
— Тезроқ, тезроқ юринглар!
Сигиримиз туққан экан. Уй шов-шувга тўлиб кетган, бақалоқ Агата ҳовлида лапанглаб юрар, қизлар эса бузоқчадан кўз узишмас эди. Бу ҳам худонинг марҳаматидан бошқа нарса эмас. Яқиндагина қўрани бошқатдан қурган эдик — ахир подада юздан зиёд мол бор, сигирлар, энг кўпи қўй бўлиб, йилқилар ҳам анчагина.
— О-ҳо, эзгулик-ку! — қичқирдим мен. — Бу оқшом асил винодан бир шиша ичадиган бўлибмиз-да.
Роза бизни четга тортиб, Вероникамиз маҳбуби Гаспарнинг никоҳ кунини аниқлаб олишга келганини айтди. Вероника уни тушликка таклиф қилган экан. Гаспар моранжлик фермернинг тўнғич ўғли, йигирма ёшли барзанги, воҳада ҳайратомуз кучи билан донг қозонган; ҳатто бир сафар Тулузадаги байрамда «жануб қоплони» дейишадиган Марсиалнинг ҳам адабини берган. Шундай бўлса-да, Гаспар — болалардай маъсум, кўнгли беғубор — бунинг устига, ниҳоятда уятчан эдики, Верониканинг кўзи унга тушиши ҳамоно ранги бошқача бўлиб кетарди.
Гаспар ҳовлида хизматкорларга чойшабларни ёйишда кўмаклашарди. Розадан уни чақириб қўйишни илтимос қилдим. У ошхонага кириши билан Жак менга ўгирилиб:
— Ота, гапни бошланг, — деди.
— Яхши юрибсанми, ўғлим, — дея Гаспарга мурожаат қилдим. — Демак, никоҳ кунини белгилашимиз керак… Шунга келгансан?
— Ҳа, Рубъе бобо…
— И-я, и-я, нимага қизарасан, — дедим. — Менга қолса тўйларинг авлиё Фелистанинг туғилган куни — ўнинчи июлда бўлақолсин. Бугун йигирма учинчи июнь, демак, бор-йўғи уч ҳафта кутишга тўғри келади. Ҳа, бечора раҳматли хотинимни ҳам Фелиста дейишарди, у сизларга бахт келтиради. Майлими?
— Жуда соз, авлиё Фелистанинг туғилган куни бўлгани маъқул.
У, Пьер ва менга қўлини чўзиб, бармоқларимизни шунақанги қисдики, суяклари қисирлаб кетди. Сўнг Розани ўпиб, уни онажон деб атади. Бу бўйчан, чўнг муштли йигитнинг Вероникага қаттиқ ишқи тушган экан, мабода биз бу гапни бекор қиладиган бўлсак, аламидан ҳушдан кетиб қолишини тан олди.
— Энди, — дея давом этдим мен, — биз билан тушлик қиласан… Сиз болатойлар, қани, тезда дастурхонга яқинлашинглар-чи! Ўзим ҳам роса очиқибман-да!
Ўша оқшом биз дастурхон атрофига ўн бир киши йиғилдик. Гаспарга Верониканинг ёнидан жой бердик; у маҳбубасидан кўз олмас, овқатни ҳам унутган, азбаройи ҳаяжонланганидан киприкларига инган ёшни ҳам пайқамас эди. Сиприан билан Эма бир-бирларига қарашиб, жилмайиб қўйишарди, — уларнинг ҳам турмуш қурганларига уч йил бўлди, холос. Йигирма беш йилдан бери бирга яшаётган Жак билан Роза эса ўта назокат билан севишганларга ўғринча боқишарди. Мен бўлсам, бу ошиқ-маъшуқларнинг бахти оиламиз дастурхонини гўё жаннатнинг бир буржига айлантирганидан қувонар, уларга тикиларканман, янгидан қўлга киритган ёшлигим ҳам ўтиб кетаётганидан ташвишланардим.
Эҳ-ҳе, ҳузур қилиб овқатланган эдик, ўша оқшом! Кулгисини одатда ичига ютиб юрадиган Агата холанинг жағи-жағига тегмас, ҳазил-ҳузулининг поёни йўқ эди. Кейин Пьер Лионда бошидан кечирган — бир қиз билан муҳаббати саргузаштларини айтиб бермоқчи бўлди. Бахтимизга мева олиб келишдию ҳамма бирдан гапдан қолди. Мен ертўладан икки шиша вино олиб чиқдим. Бўлғуси келин-куёвнинг муваффақиятлари учун ичдик: бизда муваффақияти учун дейишади, бу — жанжалсиз яшаш, бир этак бола кўриш ва ақчадонини тўлдириш демак. Шодиёна бошланди. Гаспаримиз тушгур севги ҳақидаги қўшиқларни чунонам қотириб айтарканки, асти қўяверинг. Мария ҳам четда қолмади: у диний мадҳияларни тик туриб, ингичка, майин овозда хиргойи қилди.
Мен ўрнимдан қўзғалиб деразага яқинлаган эдим, орқамдан Гаспар эргашиб қолди.
— Силар томонда қандай янгиликлар бор? — сўрадим ундан.
— Янгиликлар йўқ ҳисоби, — дея жавоб берди у. — Кўпчилик кейинги кунлардаги жала ҳақида гапиришяпти, бирон бир фалокат рўй бермаса гўрга эди, деган хавотирга тушишган.
Дарҳақиқат, икки кундан ошди: вақти-вақти билан жала қуйиб турарди. Бир кечадаёқ Гароннада сув кескин кўтарилган, бироқ ҳали бизга хавф солмас — қирғоғини ювмаган, демак, чўчишнинг ўрни йўқ; дарё шунчалик кенг ёйилган ва сокин эдики, у бизга худди мушфиқ бир қўшнидек беминнат хизматда эди. Боз устига, деҳқонлар туғилиб-ўсган жойларини, қулаб тушай деб турган уйларини истар-истамас тарк этишарди.
— Ҳечқиси йўқ, — хитоб қилдим мен, — ҳаммаси жойида бўлади! Бундай ҳол ҳар йили бўлиб турипти: дарё ямламай ютадигандек қутирадию кейин, қарабсанки, бир кечадаёқ тинчиб, худди беозор қўзичоқдек қирғоққа бош қўяди. Мени айтди дерсан, ўғлим, бу гал ҳам зарарсиз ўтиб кетади… Ҳавонинг мусаффолигини қара!
Мен унга осмонни нуқиб кўрсатдим. Қуёш ботган, соат еттига жом урмоқда эди. Ранглар жилоланади! Осмон кўм-кўк, бепоён кенгликка мовий чодир тўшалгандек, уфқдаги қуёш нурлари худди олтин чанг-кукунларидек товланади. Гуё кўкдан қандайдир сокин бир қувонч ёғаётгандек. Қишлоқда ҳеч қачон бундай сокинлик ҳукм сурмаган бўлса керак. Шафақ черепица-томларни бинафша тусига киритган. Қўшнилар қаҳқаҳасига йўлда кетаётган болаларнинг гангир-гунгир овозлари қўшилди, олисдан қишлоққа пода қайтарди: баа… мўў…
Гаронна таҳдидли ҳайқирар, аммо бу ҳайқириқ менга бошқа овозлар сингари табиий бўлиб туюлар — унинг гумбур-гумбурига чамаси кўникиб қолган эдим. Осмон бўзарди, қишлоқ эса мудрарди. Фараҳбахш кун оқшомга бўйин бурган, оиламизнинг иқболи, мўл ҳосил нашидаси, фаровонлик, Верониканинг никоҳланиши — ҳамма-ҳаммаси ўзи билан бирга мусаффо, тиниқ оқшом нурларини олиб келаётгандай туюларди менга.
Мен дераза ёнидан нари кетдим. Қизлар гурунглашиб ўтирар, биз уларнинг гапларини кулимсираганча эшитардик. Ногаҳон, қишлоқ сукунатини бузиб, кўнгилга ваҳим, ўлим даҳшатини солувчи шовқин-ҳайқириқ келди:
— Гаронна! Гаронна!..

II

Биз ҳовлига отилиб чиқдик.
Қишлоғимиз, Сен-Жори жарликда, Гаронна сатҳидан беш юз метр чамаси пастликда жойлашган. Дарё майсазорда бўй қўйган баланд тераклардан нарида, Биз ҳеч нарсани кўрмас, қулоғимиз остида ҳамон ўша даҳшатли нидо янграрди:
— Гаронна! Гаронна!..
Кутилмаганда катта йўлда икки эркак билан уч аёл кўринди: аёллардан бири боласини кўтариб олган. Улар ёнимиздан ўтаётиб, ҳамон қичқирардилар. Аҳён-аҳёнда ортларига қараб қўйишар, худди бўрилар галаси қувиб келаётгандай, зўр бериб чопишарди.
— Бу нима? Уларга бирон нарса бўлибдими? — сўради Сиприан. — Нима гап экан, бува?
— Билмадим, билмадим, — дедим мен. — Дарахт барглари ҳам қилт этаётгани йўқ, ҳатто.
Чиндан ҳам борлиқ мудроқ бир ҳолатда эди. Шу гап кўнглимдан ўтган эдики, содир бўлган даҳшатдан ҳаммамиз бирваракайига бақириб юбордик. Тераклар орасидан бехос ранг-қути ўчган қочоқ итлар галаси отилиб чиққандай бўлди; тўрт тарафдан ёпирилиб келган тўлқинларга тўлқинлар эргашар, дарё ерни тўзитганча шиддатли оқарди. Энди биз ҳам беихтиёр бақириб юбордик:
— Гаронна! Гаронна!..
Икки эркак ва уч аёл ҳамон йўлда чопиб боришмоқда. Оқим кучайгандан кучаяр, атрофни милтиқларнинг гумбурлашига ўхшаш садо тутган эди. Сув биринчи дуч келган забардаст учта теракка урилди, терак шохлари бир зум кўриндию ғойиб бўлди. Сўнг тўлқинлар синчли кулбани домига тортди; деворлар қулаб тушди, ҳовлидаги аравалар писта пўчоғидек оқиб борарди. Оқим асосан қочоқларнинг ортидан қуваётгандай эди. Йўлнинг бурилишида, тик нишабликда, дарё тенг иккига бўлиниб, қочоқларнинг барча чекиниш йўлларини тўсиб қўйди. Улар ақлдан озиб, бақиришига ҳам мадорлари етмай, сув кечганча ҳамон чопиб борардилар. Охири улкан тўлқин зарб билан болали аёлни йиқитди. Бирин-кетин қолганлари ҳам кўздан ғойиб бўлишди.
— Тезроқ! Тезроқ!— дея қичқирдим мен. — Тезроқ уйга киринглар! Уйимиз мустаҳкам, қўрқувга ҳожат йўқ.
Эҳтиёткорлик юзасидан дарҳол юқори қаватга чиқишга шошилдик. Дастлаб аёлларга йўл бердик. Оиламиздагиларнинг хоҳишларига қарамасдан мен энг кейинда борардим. Уй тепаликда, йўлдан анча баландда қурилган эди. Сув жимир-жимир қилиб ҳовлига оқиб кирди. Шундай бўлса-да, биз унчалик саросимага тушмадик.
— Ҳеч нарса бўлмайди, — деди Жак биродарларини хотиржам қилиш учун. — Ўтиб кетади… Ота, эслайсизми, эллик бешинчи йили ҳам ҳовлини мана шундай сув босган, бир фут кўтарилиб, кейин пасайган эди.
— Барибир ҳосилни пайҳон қиладиган бўлди… — деди Сиприан синиқ товушда.
— Йўқ, йўқ, ҳеч нарса қилмайди, — қўрқувдан бақрайиб қолган қизларга қараб, эътироз билдирдим мен.
Эма кичкинтойларини каравотларга ётқизди. Кейин болаларининг бош томонига ўтирди, унинг ёнидан Вероника билан Мария жой олишди. Агата хола ёнидагилардан ўзи билан олиб чиққан винони илитишларини илтимос қилди, — бир қултуми киши кайфиятини кўтаради-да. Жак билан Роза ташқаридан кўз узишмайди. Мен укам билан, Сиприан Гаспар билан бошқа дераза олдида ўтирибмиз.
— Юқорига чиқинглар! — дея ҳовли ўртасида, сув кечиб юрган оқсочларга бақирдим. — Шилта бўлишнинг ҳожати йўқ у ерда!
— Мол-ҳолларни нима қиламиз? — дейишди улар. — Ҳуркиб бир-бирларини эзиб қўйишади-ку!
— Чиқинглар дедимми, чиқинглар… Нарёғи бир гап бўлар. Бордию фалокат қайтмаса, барибир молларни сақлаб қолишнинг иложи бўлмайди.
Мен ўзимизникиларни қўрқитмоқчи эмасдим. Ўзимни бардам тутиб, уларга таскин бермоқчи бўлардим. Дераза токчасига тирсагимни тираб олиб, укам, набирам ва Гаспар билан суҳбатлашаману айни пайтда сувнинг кўтарилиб боришини кузатаман. Дарё бутун қишлоқни — жин кўчалардан тортиб, ўнқир-чўнқирларигача ютиб бўлди.
Ҳалигина даҳшат солиб ҳайқирган тўлқинлар энди шашти қайтиб, ўтиб бўлмас тўсиқларга айлана бошлаган эди. Сен-Жори қишлоғи жойлашган жарлик кўлга айланди-қолди. Ҳовлимизни чамаси бир метр баландликда сув босди. Гарчи унинг тобора кўтарилаётганини кўриб турсам ҳам, даҳшат ўтди, ана-мана пасаяди, деган гапларни қиламан.
— Ўғлим, агар бир неча соат ичида сув тортиб кетмаса, — дея Гаспарга мурожаат қилдим, — бизникида ётиб қолишингга тўғри келади. Бемалол.
У менга бир қараб қўйдию миқ этмади. Кейин юзи бўзариб, чуқур хўрсиниб олдида, Вероникага кўз ташлади.
Соат тўққиз яримлар атрофида. Ҳали қоронғилик тушмаган. Осмондан юракни ғаш қиладиган оқиш нур ёғилиб турарди. Юқорига кўтарилаётганларида хизматкорлар ўзлари билан иккита чироқни оливолишни унутмаган эканлар, мен уларни биз ўтирган хона қоронғилашганда, дилгир аламларимизни бир оз ёритар, деган умидда ёқишга амр қилдим. Агата столни ўртага суриб қарта чийлай бошлади. У ҳам аввало болалардаги нохуш хаёлларни чалғитмоқчи бўларди. Баъзан унинг нигоҳи мен билан тўқнаш келиб қоларди; хушчақчақлиги билан ҳаммага бирдамлик инъом этар, қўрқувни енгиш учун куларди. У Эма, Вероника, Марияни стол атрофига ўтиришга мажбур қилди. Қарта ўйнай бошладик. Агатанинг ўзини тутишини кўрсангиз, ёлғондакам иштиёқ билан қарталарни чийлар, ютуқларни йиғиштириб олар, ҳазиллашар ва бостириб келаётган сувнинг шовқинини эшиттирмайдиган даражада жағи-жағига тегмай гапирарди. Лекин қизлар хотиржам ўтиришолмасди: ранглари сўлғин, қўлларини букканларича ташқарида нима бўлаётганидан огоҳ бўлиб туришар, ўйин ҳар сонияда тўхтаб қоларди. Улардан бири менга ўгирилиб:
— Сувнинг шашти қайтмадимикин, бува? — деб сўради синиқ товушда.
Сув сатҳи дам сайин шиддат-ла кўтариларди. Мен уларга ҳазил аралаш жавоб қилдим:.
— Ўйинларингни бемалол ўйнайверинглар, сув кўтарилиб қаёққа ҳам борарди.
Ҳеч қачон юрагимни бунчалик бесаранжомлик қамрамаган эди. Даҳшатли манзарани ожизаларга кўрсатмаслик учун биз эркаклар атайин дераза ёнига туриб олганмиз. Гоҳо хона томон ўгирилиб жилмайган бўламиз — бир зайлда ёнаётган чироқ, стол устида ҳалқа-ҳалқа нур… Кўз олдимизда ялпи муҳаббат кошонаси оилавий саранжом-саришталик. Хонада сукунат ҳукмрон, ташқарида эса қутурган дарё суви тобора кўтарилиб борарди._
— Луи, — деди укам Пьер, сув деразагача уч фут қолибди. Бирон чора кўрмасак бўлмайди.
Мен уни жим бўлишга ундаб, қўлини чимчилаб қўйдим. Аммо яқинлашиб келаётган даҳшатни яширишнинг энди иложи йўқ эди. Алҳол қўйларнинг маъраши, молларнинг мўраши, йилқиларнинг кишнаши эшитилиб қолди, қачонки, йилқилар кулфат яқинлашса шундай пишқиришади, кишнашади…
— Худойим-эй! Вой худойим-эй! Эма бутун вужуди қалтираб, қўлини виски тўла стаканга тираганча ўрнидан тўрди. Ожизалар гур этиб деразага яқинлашишди, лекин чурқ этмасдан шу ерда тўхтаб қолишди: қўрқувдан уларнинг сочлари тикка бўлиб кетган эди.Оқшом. Лойқа сув устида хира нур қалқиб турар, бўзарган осмон тубида замин худди чанг-чунги қоқилган гиламдек кўзга чалинарди. Олисда паға-паға тутун осмонга ўрлайди. Зумда борлиқни туман қоплади, даҳшат солган кун ниҳоясига етиб, ажал келтирадиган тун бошланди; одамлар товуши эшитилмас, фақатгина бепоён денгизга қўйилаётган дарё шовуллаши ҳамда чўкаётган жониворларнинг маъраши, бўкириши қулоққа чалинарди.
— Худойим-эй! Худойим-эй!.. — шивирлашди ожизалар синиқ, аянчли товушда.
Кучли қарсиллаш уларнинг муножотларини тутиб кетди. Мол-ҳоллар жон ҳолатда оғилу отхоналар эшикларини синдириб юборган эди. Барибир нажот йўли йўқ: сув, сув… Кўй-қўзиларни гирдоб хазондек чир айлантиради, сигирлар ва йилқилар эса оқим билан курашиб олдинга талпинадилар, бироқ муаллақ қолгани ҳамоно ғарқ бўладилар. Айниқса, бўз отимиз ўлим олдида ўзини мардонавор тутди — қулоқларини динг қилиб пишқиришини кўрсангиз — йўқ, охири оқим уни ҳам адойи тамом қилди.
Биз биринчи бор умидсиз хитоблардан ўзимизни тутиб қололмадик; кўзёшларимиз беихтиёр томоғимизга тиқилиб қолди. Жонимиз борича бақириб-чақиргимиз келарди. Оиламиз учун қадрли бўлган, чўкиб бораётган мулкимизга қўлларимизни чўзганча ботинан йиғлардик, нолаю афғонимизни тийиб туришга мадоримиз қолмаган эди. О, бу хонавайронлик! Ҳосил яксон бўлди, мол-ҳол чўкиб битди; ўзимиз бўлсак беҳушу бесар эдик. Худода ҳам адолат йўқ: биз унга ҳеч шак келтирмагандик, у эса бутун борлиғимизни тортиб олди… Мен кўкка мушт ўқталиб нидо қилдим. Бизга ато қилинган, ҳозиргина тассаруфимизда бўлган буғдойзорлар, токзорлар, сайрибоғларимиз қани?! Офтобнинг беозор ботиши, ложувард оқшом — ҳамма-ҳаммаси наҳот ёлғон бўлса?! Сув дам сайин кўтариларди.
— Луи, — деди укам Пьер менга, — бирон чора кўрмасак бўлмайди, сув деразанинг тагигача чиқди.
Бу сўз бизни ҳушимизга келтирди. Мен ўзимни ўнглаб, елкамни қисганча дедим:
— Пул — қўлнинг кири. Бирга бўлсак, бундай ташвишлар ҳеч гапмас… Ишга киришишимиз биланоқ ўрни тўлиб кетади.
— Ҳа, албатта, сиз ҳақсиз, ота! — Жак ҳаяжон билан хитоб қилди.
— Деворлар мустаҳкам, бизга ҳеч нарса қилмайди. Зўр келса томга чиқамиз.
Бу жой биз учун сўнгги бошпана эди. Сув шиддат билан зинама-зина кўтарилар, эшикка даф қиларди. Хавфли дақиқаларда жамулжам бўлиш илинжида бир-биримиздан бир қадам ҳам ортда қолмай чордоқ томон интилдик. Баногоҳ Сиприан йўқолиб қолди. Мен уни чақирган эдим — у қўшни хонадан, юзи гезариб кетган ҳолда чиқди. Оқсочлар йўқлигини фаҳмлаб, уларни кутмоқчи бўлган эдик, Сиприан менга ғалати қараб, секингина:
— Ҳалок бўлишди… Улар турган хона тагидаги сарой ўпирилиб тушди… — деди,
Билишимча, бечора қизлар сандиқчаларидаги омонотларини олишга тушишган.
Сиприаннинг шивирлаб айтишича, нариги бинога нарвонни кўприк қилиб ўтганлар. Мен унга ҳеч кимга ҳеч нарса демаслигини тайинладим. Аъзои баданим муз бўлиб кетди, уйимизда ўлим шарпаси… Хонадан чиқарканмиз ақалли чироқни ўчириш эсимизга тушмабди. Стол устида қарталар сочилиб ётарди. Хонани бир метр сув босган эди.

III

Бахтимизга том кенг ва ясси эди. Амал-тақал қилиб туйнук орқали чиқдик. Ҳаммамиз шу ерда жойлашдик, ожизалар ўтириб олишди. Эркаклар атрофдан бохабар бўлиш учун черепицалар устидан юриб, уйнинг икки томонида бўй чўзган мўрилар олдига бориб туришди. Мен бўлсам туйнукка таянганимча қенг уфққа назар соламан.
— Ёрдам етиб келади, бунга ишончим комил, — дедим бардамлик билан, — Сентеналикларнинг қайиғи бор. Ҳали замон сузиб келишса ажаб эмас… Анавига қаранглар, ҳув сувда чироқ пордлаяптими, а?
Атрофимдагилар миқ этишмади. Пьер нима қилаётганини ўзи билмаган ҳолда сархонасини бўриқтириб ғазаб билан чекар, ҳар тортганида муштугининг бир четидан туфурарди. Жак билан Сиприан мунгли бир аҳволда олис-олисларга тикилишар, Гаспар эса қўлларини мушт қилганча мушкул аҳволдан чиқишнинг иложини қидираётгандек том устида у ёқдан-бу ёққа чопарди. Ожизалар ғуж бўлиб, совуқдан дир-дир титраганларича ҳеч нарсани кўрмаслик ниятида юзларини қўллари билан бекитиб ўтиришарди. Тўсатдан Роза бошини кўтарди-да, атрофга назар ташлаб, сўради:
— Оқсочлар қаерда? Нега улар бу ёққа келишмаяпти?
Мен жавоб беришдан ожиз эдим. Шунда у кўзимга тик қараб қистовга олди:
— Оқсочлар қаерда қолишди, деяпман?
Ёлғондакам бир нарса дейиш қўлимдан келмади, юзимни четга бурдим. Ҳаммадан аввал мени қамраб олган ўлим талвасаси аёллару жондан ширин қизларга ҳам юққанини сездим. Улар нима бўлаётганини билиб турардилар. Мария ўрнидан даст туриб, титраганча нафас олдида, кўзёшларини тўка-тўка хумордан чиқди. Эма куйлаги аралаш болаларини кўкрагига босганча ҳар қандай офатга дош берадигандай тик қолган. Вероника ҳамон кўзини қўллари билан тўсган. Ҳатто ҳамиша ўзини қувноқ тутадиган Агата холанинг ҳам энди рангида ранг қолмаган: муножот ўқийди, чўқинади.
Кўз олдимиздаги совуқ манзара янада кенгайиб борарди. Шаффоф ёз туни кирган. Ой ҳали чиқмаган, бироқ кўм-кўк осмонга сочилган юлдузлар шуълаланиб турарди. Оқшом тунга ўрин бермаётгандай. Сўнгсиз осмон қучоғида сув; у юлдузларнинг хира шуъласида жилваланади. Замин қорасини кўрсатмас, бутун ўлкани борлиғича сув ютиб юборгандек. Фалокат бир зумгина ёдимдан кўтарилди. Қайси бир оқшом, Марселда худди шундай денгизни кўрганим, ҳайратга тушганимни эсладим.
— Сув кўтариляпти, сув кўтариляпти, — укам Пьер муштугини қаттиқ тишлаганча дам-бадам шу сўзни такрорларди.
Томдан бир метрча атроф сув. Унинг сокин тортган юзи кўринмаса ҳам оқими, шиддати эшитилиб туради. Ён-атрофимдаги тепаликлар дарё қирғоғидан унчалик баланд эмаслигини биламан. Бир соатдирки, тошқин очиқ даҳшат сола бошлади. Сув юзида дарахтлар, бўчкалар, боғ-боғ пичанлар қалқиган. Узоқ-узоқларда қасира-қусир қилиб уйлар, дарахтлар қулайди — шағал тўкаётган араваларми дейсиз…
Ожизаларнинг оҳу нолаларидан Жакнинг бардоши тугади.
— Бу ерда туришимиз мумкин эмас. Омон қолишнинг бирон йўлини топайлик… Ота, сизга ялиниб ёлвораман, бир нарса денг!
— Ҳа, тўғри айтасан, ҳаракат қилишимиз керак… — дедим минғирлаб.
Бироқ нима қиларимизни билолмасдик. Гаспар Вероникани опичиб олиб сузмоқчи бўлди. Пьер сол ясашни таклиф қилди. Бу ғирт жиннилик эди.
— Агар черковгача етиб олишнинг имкони бўлганда эди, — деди ниҳоят Сиприан.
Сув юзида тўрт қуббалик черков кўриниб турарди. У биздан етти қўрғон нарида: қишлоқ четида қад кўтарган фермамиз иморатларига туташган. Наҳотки, томма-том ошиб черков биносига етиб олиш мумкин бўлмаса? Боргандан кейин черков ичига тушиб олиш қийин эмас. Афтидан кўпчилик ўша ерда паноҳ топган бўлса керак, чунки қўшни томлар усти бўм-бўш, боз устига жомхонадан овозлар эшитилиб турарди. Лекин унга етиб олиш учун қатор тўсиқларни енгиб ўтишга тўғри келади!
— Бунинг иложи йўқ, — деди Пьер. — Рембонинг уйи бир оз баланд, бунинг учун нарвонлар керак.
— Мен бориб кўрай-чи, — таклиф қилди Сиприан. — Мабода у ёққа ўтишнинг иложи бўлмаса, қайтиб келаман, бордию иложи топилса бирга жўнаймиз, аёлларни кўтариб оламиз.
Мен розилик бердим. У ҳақ эди. Бўлиши мумкин эмасдек туюлган нарсани амалга оширишимиз керак. Сиприан мўрилар маҳкамланган темир тутқич ёрдамида қўшни уйга етиб олган ҳам эдики, хотини бошини кўтара уввос солди:
— Қани у? Ёлғиз қолишни хоҳламайман. Бирга яшадикми, бирга ўлишимиз керак.
Эма эрининг томда эканини пайқади. У болаларини қўлдан қўймай, черепицалар устидан чопиб кетди.
— Сиприан, кутиб тур, — дерди у, — мен олдингга боряпман, сен билан бирга ўлмоқчиман.
У матонат билан олдинга интиларди. Эри ўгирилиб ундан орқасидан келмаслигини ёлвориб сўрар, қайтиб келиб, ҳаммани қутқариб қолмоқчи эканини айтарди. Аммо хотини асабий равишда бошини чайқаганча дерди:
— Мен сенинг олдингга боряпман, олдингга боряпман. Қанақасига халақит беришим мумкин? Сенинг олдингга боряпман, а?..
Сиприан хотинининг қўлидан болаларини олди. Сўнг эса томга чиқишга ёрдам берди. Биз уларнинг ҳар бир ҳаракатларини кузатиб турардик. Секинлик билан улар йўлга тушдилар. Эма йиғлаётган болаларини кўтариб олган, Сиприан эса нимадир деб унга таскин берар, ва аҳён-аҳёнда биз томонга қараб-қараб қўярди.
— Уларни бехавотир жойга қўйгину тезда биз томон қайтиб кел! — дея Сиприанга қараб бақирдим.
У қўлларини силкитиб нималардир дер, дарё шовқинидан мен унинг гапларини эшитмасдим. Тез орада биз уларни кўздан йўқотдик — чамаси пастқам томлар устидан борардилар. Беш дақиқа ўтар-ўтмас яна кўзга чалинишди, том жудаям тик бўлса керак, юқорига эмаклаб кўтарилишмоқда. Тўсатдан мени ваҳима чулғаб олди. Қўлимни кувача қилдиму жоним борича қичқира бошладим:
— Орқага! Орқага қайтинглар!
Ҳамма — Пьер, Жак, Гаспар ҳам: «Орқага, орқага!» дея қичқира бошлади. Улар бир лаҳзагина тўхташдию яна ҳаракатга тушишди. Бу вақтда Рембонинг уйи қаршисига, кўча муюлишига бориб қолишган, бинонинг томи нисбатан уч метрча баланд эди. Бир фурсатлик иккиланишдан сўнг Сиприан мушукдек эпчиллик билан сакраб мўри қувуридан ушлади. Келишиб олишган бўлса керак, Эма черепицалар устида турарди. Биз унинг бўй-бастини кўриб турибмиз, кўкиш осмон этагида қомати кўрса кўргудай; болаларини меҳр ва муҳаббат билан қучоқлаб олган. Э-воҳ, худди шу лаҳзада даҳшатли ҳодиса рўй берди.
Рембонинг уйи бир вақтлар саноат корхонаси учун мўлжалланган бўлиб, шошилинч, омонат қурилган эди. Боз устига кўчани босган сув оқими уй пештоқига келиб уриларди. Назаримда уй қасир-қусир қилаётгандек туюлар, нафасим ичимга тушиб том устига тирмашиб чиқаётган Сиприанни ваҳима аралаш кузатиб турардим. Баногоҳ қаттиқ гумбурлаш эшитилди. Кулчага ўхшаш сарғиш ой чиққан, булутсиз самодан заминга хотиржам боқиб гуё беҳад сув сатҳини чироқдек ёрита бошлаган эди. Фалокат кўз олдимизда рўй берди. Рембонинг уйи қулаб тушди. Қўрққанимиздан чинқириб юбордик. Сиприан кўринмасди. Тўлқинлар аввал томни парчалаб ташлади, сўнг ютиб юборди. Жимиб қолган сув бетида айқаш-уйқаш ёғочлар ярим бутхонани эслатади: устунлар орасида тасаввур қилиш қийин даражада жонсарак бўлиб типирчилаётган тана.
— У тирик! — қичқириб юбордим. — Худога шукр, у тирик!.. Анави ёққа қаранглар, ой ёруғига, у сувда сузиб юрибди!
Ажал сиртмоқ солган бўғзимдан кулги тошиб чиқди. Биз худди омон қолгандек шодмонликдан чапак чалардик.
— У қайтиб келади, — деди Пьер.
— Ҳа. У албатта қайтади, қаранглар! — деди Гаспар. — У чап тарафидаги устунни ушлаб олишга уринмоқда.
Лекин биз ва на бошқа кулолдик, на бошқа бир сўз дея олдик: ситамгир хавотирлик яна юрагимизни сиқа бошлади. Билдикки, Сиприаннинг аҳволи ниҳоятда танг. Афтидан уй қулаган ҳамон унинг оёқлари тўсинлар орасида қисилиб қолган, бошини сувдан чиқара олган холос. Бу жудаям қўрқинчли эди. Эма қўрқувдан титраганча иккала гўдаги билан ҳали-ҳануз қўшни уй томида турарди. Кўзлари бир неча метр нарида ўлим билан олишаётган эрида. У ақлдан озган, типирчилар, қутурган итдек тинмай уввос соларди.
— Унинг бундай ўлимига йўл қўймаслик керак! — Жак чидаб туролмади. — Қандай бўлмасин олдига бориш лозим.
— Тўсинлар орқали пастга тушсак… — луқма ташлади Пьер, — балки оёқларини чиқариб олармиз?
Улар томлар оша келишаётган ҳам эдики, шу заҳоти яна бир уй қулаб йўл бекилиб қолди. Вужудимизни муздек тер қоплади, аламдан қўлларимизни синдиргудай қисамизу даҳшатли манзарадан кўз узишга ботинолмаймиз.
Сиприан ўнгланиб олиш учун уриниб кўрди. У фавқулодда куч билан сув юзига чиқиб, ёнбош бўлиб олди. Бироқ ҳорғинлик ундан устун келарди. Жон ширин: бирон нарсага илиниш илинжида яна ҳаракат қила бошлади. Бўлмади. Оҳири тақдирга тан берди шекилли жим бўлиб қолди. Ажал шарпаси яқин: Сиприаннинг сочлари сувга ботиб турибди… Ана, биринчи тўлқин унинг пешонасига урилди, бошқасй эса кўзларини тўсиб ташлади. Зум ўтмай боши кўринмай қолди, ғарқ бўлди.
Оёқларимизга ёпишиб ўтирган аёллар жон ҳолатда юзларини тўсдилар. Ҳаммамиз тиззалаб олганмиз, қўлларимизни чўзганча ҳўнграб йиғлаб, такбир туширамиз. Эма бўлса болаларини бағрига босиб, ҳануз томда турар, айюҳанноси тунда жуда қаттиқ эшитиларди.

IV

Қанча фурсат серрайиб қолганимизни билмайман. Ўзимга келганимда сув яна ҳам кўтарилган эди. Энди у уйимизнинг черепицаларигача етган, том улкан кўлда мўъжазгина оролдек кўзга чалинарди. Ўнг ва сўл тарафимиздаги уйлар ҳам чамамда йиқилиб тушган, чор-атрофни батамом сув босган эди.
— Биз сузяпмиз, — дея шивирлади Роза, черепицаларга суяниб.
Ҳақиқатда ҳам, том асосидан узилган, баайни солга айланган, чайқалаётганини сезиб турибмиз, аллақаёқларга судраётгандек. Фақат бир зайлда тош қотган жомеъ биносига боққанимиздагина бош айланишимиз қолар, фалокат қутурган жойнинг ўртасида, ўз ўрнимизда турганимизни англардик.
Энди сув бошқачароқ жунбишга келди. Ҳозирга қадар оқим кўча бўйлаб оқаётган бўлса, кутилмаганда ҳаракатини ўзгартирди. Бу жуда даҳшат эди. У йўлида нима учрамасин, домига олар, шитоб билан дуч келган жойга урарди. Уйимиз томон айқаш-уйқаш бўлиб, тўсин, ходапўшлар оқиб кела бошлади. Сув кар ва соқовдек нола қилади. Пардеворлар қисирлаб кетди. Ёғочларнинг қасира-қусирини эшитиб томга қараймиз — мана ҳозир том ҳам, девор қам қулаб тушади, биз тамом бўламиз…
Гаспар том буржига амаллаб борди-да, қудратли қўллари билан битта тўсинни ўзи томон тортиб оларкан, хитоб қилди:
— Курашиш керак!
Жак узун синчни ушлаб олишга уринар, Пьер эса унга кўмаклашарди. Мен ёшимни яшаб, белимдан қувват кетиб, боладек нимжон бўлиб қолганимдан ўзимга-ўзим лаънат ўқирдим. Уч эркак ҳимояланишга — тошқин дарё билан яккама-якка олишишга жазм этишган. Гаспарнинг қўлида таёқ, деворга урилиши эҳтимоли бор ходаларни эпчиллик билан четга буриб юборар, қутурган тўлқин оёқларидан тортқиларди, Пьер билан Жак ҳам унинг ёнида шу иш билан машғул. Бу беҳуда уринишлар бир соатдан ошиқ чўзилди. Учалови ҳам гангиб қолган, сўкинишар, тошқинга лаънатлар ўқишарди. Гаспар ашаддий жангда ҳолдан тойган найзабозга ўхшарди. Сув кўпириб тошмоқда. Жак билан Пьер қўллари қўлтиқларида, тек қолишган; Гаспар яна бир бор уриниб кўрган эди, тўсин сирғалиб кетиб деворга урилди. Саъйи ҳаракатларимиздан фойда йўқ эди.
Мария билан Вероника бир-бирини қучоқлаб олишган. Иккаласи ҳам юракни ларзага соладиган бир оғиз гапни такрорлашади — улар ҳозир ҳам қулоғим тагида жаранглаб турибди:
— Мен ўлишни истамайман!.. Мен ўлишни истамайман!..
Розанинг иккала қизи қўлида, уларни овутган, тасалли берган бўлар, ўзи эса бошини кўтарган кўйи Мария билан Верониканинг ноласини такрорларди:
— Мен ўлишни истамайман!..
Фақат Агата холагина миқ этмайди: тиловат ҳам қилмайди, чўқинмайди ҳам. Чуқур қайғуга ботган, ногоҳ кўзи менга тушиб қолса, базўр жилмайган бўлади.
Сув том устида жимирлай бошлади. Қутилишга умид йўқ. Черков томондан овозлар эшитилгандай, олисда иккита чироқ милтиллагандай бўлди-ю, яна сукунат, яна нажотсизлик домига тортди. Сентеналикларнинг қайиғи бўлатуриб биздан олдин ғафлатда қолганликлари энди равшан эди.
Гаспар ҳали-ҳануз том устида у ёқдан-бу ёққа бориб келарди. Тўсатдан бизни чақириб қолди.
— Қани, ёрдамга келинглар. Мени маҳкам ушлаб туринглар-чи!
Йигитнинг қўлида таёқ — уй томон сувда қалқиб келаётган ниманидир пойлаб турибди. У мустаҳкам тахталардан ясалган сарой томи худди солнинг ўзи эди. Сол уйимизга яқинлашган заҳоти Гаспар таёғи билан тўхтатишга уринган ҳам эдики, оқим уни юлқиб олиб кетишга бир баҳя қолди-ю, ёрдам сўраб бақириб юборди. Белидан маҳкам ушлаб олганмиз. Сол деганимиз зарб билан деворга урилди, биз унинг парчаланиб кетишидан хавотирланардик.
Гаспар осмондан тушгандек пайдо бўлган солга бир сакрашдаёқ чиқиб олди-да, мустаҳкамлигига ишонч ҳосил қилиш учун ҳамма тарафини кўздан кечирди. Пьер билан Жак томнинг бир четида солни ушлаб турардилар. Гаспар кулар, қувонч билан дерди:
— Биз омон қолдик, бобожон… Аёллар, намунча кўзёши тўкмасаларинг!.. Ахир бу ростмана кема. Қаранглар-а, ҳатто оёғим ҳўл бўлмади. Биз бемалол сиғишамиз, ўзимизни уйдагидек ҳис қилаверсак бўлади. Ўзи ҳам жуда мустаҳкам.
У солни янада мустаҳкам қилмоқчи бўлди: сув бетида қалқиётган бир неча тўсинларни ушлаб, Пьер ҳар эҳтимолга қарши уйдан олиб чиққан арқонга боғлади. Бу орада сувга йиқилиб ҳам тушди. Бизнинг бақириқ-чақириқларимизга кулган бўлди: у сув балосини биринчи кўраётгани йўқ, у Гаронна бўйлаб бир мил сузишга қобил эди. Йигит томга қайтиб чиқиб, уст-бошидаги сувни сидираркан, зўр бериб гапирарди:
— Солга дарров чиқиб олинглар, ғанимат дам ўтмасин!
Ожизалар солга ўтишдию чўкка тушишди. Гаспар ҳолсизланган Вероника билан Марияни кўтариб ўтқазди. Роза билан Агата хола томдан ўзлари тушиб, қизларнинг ёнидан жой олдилар. Худди шу он черков томонга кўз ташладим. Эма мўрига суянган, белигача сувга ботган, гўдакларини баланд кўтарганча турарди.
— Хафа бўлманг, бува, — деди Гаспар. — Сизга ваъда бераманки, улар шундай қолишмайди, йўл-йўлакай олиб кетамиз.
Пьер билан Жакдан кейин солга мен ҳам чиқдим. Солнинг бир томони сал қийшайгандай бўлди, аммо мустаҳкамлигига ишониш мумкин эди. Томни энг кейин тарк этган Гаспар ниҳоятда абжирлик-ла олволганимиз таёқ билан солни йўлга солмоқчи булди. Ҳаммамиз унга бўйсунардик. Таёқларимизни томга нуқиб шунчалик ҳаракат қиламиз, қани қимирласа: сол гуё михланиб қолгандай. Шиддатли оқим уни зарб билан томга қайтариб урар, бу шу жиҳатдан хавфли эдики, тахталар бир-биридан ажралиб кетиши ҳеч гап эмас эди.
Биз яна мутлақ ёрдамга муҳтож эканимизни англадик. Офатдан қутулдик деб ўйлагандик, аммо дарё ҳали бизни ўз ҳибсидан бўшатмаган экан. Ожизаларнинг томда эмасликларига ҳатто афсус қила бошладим, негаки, шиддатли оқим уларни юлиб кетиши мумкин эди. Томга қайтиш ҳақида оғиз очишим билан ҳаммалари:
— Йўқ, йўқ, яна пича сабр қилайлик. Ўладиган бўлсак, мана шу ерда ўлганимиз маъқул! — дея бақириб юборишди.
Гаспар энди кулмасди. Биз яна, икки ҳисса куч билан таёқларни томга тираб, солни итара бошладик. Қани қимирласа! Пьернинг хаёлига арқонда унинг йўналишини ўзгартириш келди-ю, амалга оширишга киришдик. Биз сув бетида қалқиб-қалқиб борардик. Гаспар Эмани солга олиш ҳақидаги ваъдасини эслатди. У ҳамон фарёд чекиб турарди. Бунинг учун бизни ҳолдан тойдирган шиддатли оқимни кесиб ўтишимиз лозим. Гаспар маслаҳатомуз назар билан менга қаради. Мен содир бўлган воқеалардан эсанкираб қолган, боз устига ўз-ўзидан равшанки, бундай мушкулотга олдин ҳеч қачон рўпара келмаган эдим. Эмани деб саккиз кишининг ҳаёт шамини ўчиришимиз хавфи бор. Бир неча сония шу ҳақда ўйга ботган бўлсам-да, барибир набираларимнинг бўзлашлари жон-жонимдан ўтиб кетди.
— Ҳа, албатта, — дедим Гаспарга, — биз уларни ташлаб кетолмаймиз, бу мумкин эмас.
У жимгина бошини қуйи эгди ва яна таёқларни қўлига олиб, омон қолган деворга тираб итара бошлади. Биз қўшни уйни ёнлаб саройларимизу омборхоналаримиз устидан сузиб ўтдик. Сол сув босган кўча ўрнига бурилгани ҳамон ҳаммамиз бақириб юбордик, — оқим бизни бир ҳамла билан яна ҳозиргина жилган жойимизга элтиб қўйди. Сол ҳазон янглиғ чир айланар, фавқулодда куч билан том черепицаларига бориб уриларди. Ажралиб кетган тахталар атрофимизда сузиб юради. Ҳаммамиз шалаббомиз. Кейин, нима бўлганини эслай олмайман. Фақатгина Агатанинг чалқанча ётганини, этагини сув юлқиётганини, чўкиб бораётганини хотирлайман, холос. Кучли оғриқдан кўзим ярқ этиб очилиб кетди — Пьер сочимдан тортганча мени сувдан олиб чиқарди. Жонибга маъносиз аданглайман, ҳеч нарсанинг фарқига бормайман, Пьер яна шўнғиди. Тўсатдан Гаспарга кўзим тушди: йигитча қўлида Вероникани тутиб турибди. Гаспар уни ёнимга ётқизиб яна сувга шўнғиди-да, Марияни олиб чиқди. Унинг юзи заъфарон, ҳаракатсиз ётишидан ўлибдимикин деган хаёлга бордим. Бу саъй-ҳаракат яна такрорланди. Аммо беҳуда эди. Пьер билан Гаспар қутуриб кетган сувда бир-бирларига яқинлашиб, маслаҳатлашган бўлди, бироқ мен ҳеч нарсани эшитолмадим. Суроби қолмай томга қайтиб чиққанларида алам билан бақириб юбордим:
— Агата хола қани?! Жак-Чи?! Роза-чи?!
Улар бошларини қўйи эгишди, кўзлари жиққа ёш дудуқланиб айтган гапларидан маълум бўлишича: Жакнинг бошига тўсин урилиши билан Роза эрига ёпишиб олган, оқибатда икковиниям оқим оқизиб кетган. Агата хола бўлса, ғарқ бўлганича кетди. Биз унинг танаси очиқ дераза туйнуги орқали тагимиздаги уйга оқиб қирган, деган тўхтамга келдик. Ўрнимдан туриб, бир неча дақиқа олдин Эма турган томга қарадим. Сув кўтарилган, Эманинг болаларини тутганча қотиб қолган қўллари кўринарди, холос. Кейин ҳаммаси тўлқинларга сингишиб кетди; фақатгина сув сатҳи ой ёғдусида милтилларди.

V

Биз бор-йўғи беш киши қолдик. Ҳали сув ботмаган узунгина томимиз биз учун паноҳ. Оқим мўрилардану бирини оқизиб кетди. Ҳушдан кетган Мария ва Вероникани оёқлари сувга тегмасин деб кўтариб олганмиз. Улар аста ўзларига келишди: кийимлари шилта, совуқдан қалтираётган қизларга қараш, ўлим хавфи олдидаги нолаларини эшитиш жудаям оғир ботади. Биз уларни худди болаларни юпатгандек юпатамиз, бу кулфатдан омон сақлаб қолишимизни тушунтирамиз. Лекин бизга ишонишмайди, ўлимга маҳкум эканликларини билишади. Таскин-тасаллиларимиз дафн маршидек эшитилади-ю, бир-бирларини қучоқлаганича қўрқув ва совуқдан тишларини такиллатишади.
Атроф сув… Қишлоқдаги жами уйларнинг икки-учтасининггина деворлари бутун қолган. Фақатгина черковда жон сақлаётган одамларнинг овози қулоққа чалиниб туради. Энди шағал ташиётган араваларнинг товушига ўхшаш товуш ҳам эшитилмай қолган. Биз океанда, заминдан минг-минг мил нарида қолиб кетгандаймиз.
Баногоҳ чап томондан эшкак шалоплаши эшитилгандай бўлди. Оҳ, бу шалоплаш қанчалар умидбахш!.. Биз нафасимизни ичимизга ютиб, овозларга қулоқ тутардик, бироқ сарғиш сув кенглиги ва ҳар жой-ҳар жойда кўзга ташланиб турган қора кўланкалардан бошқа ҳеч нарсани кўрмасдик; бу рамзлар — дарахтларнинг учи ҳамда қулаб тушган деворларнинг парча-пурчаси — улар ҳаракатсиз эди. Сув юзидаги ходалар, ўт-ўлан, бўш бўчкалар — ҳамма-ҳаммаси бизга сохта қувонч бағишлар, гарчи шовқиннинг сабабини билмасак-да, уни яққол эшитиб турардик.
— Аҳ-ҳа, мен кўрдим! — хитоб қилди Гаспар. — Қаранглар! Ҳу, ана катта қайиқ!..
У қандайдир бир нуқтани кўрсатди, мен ҳам, Пьер ҳам ҳеч вақони кўрмасдик. Аммо Гаспар ўз сўзида туриб олди. Эшкакларнинг шалоплаши ошкора қулоққа чалинарди. Ростдан ҳам қайиқ кўринди. У олисда, секннгина сузиб юрарди-ю, аммо биз томонга яқинлашмасди. Ақлдан озгудай аҳволдамиз, томоғимиз йиртилгудек бўлиб бақирамиз. Қайиқда ўтирганларнинг гўрларига кесак қалаб ташладик, қани, бир акс садо келса. Ўша кўзга кўринган нарса ҳақиқатданам қайиқмиди — ҳалигача билолмайман. У кўринмай кетгач, биз сўнгги умидимизни ҳам йўқотдик.
Пьер анчадан буён қуруқ муштугини лабига қистирганча ўтирарди. У, эскидан меҳнаткаш — мўйлабини бураб, қошларини чимириб, ҳозир нималардир деб пўнғиллаб қўяди. Унинг жасурлиги айниқса хавф кучайганда тутади, азбаройи қаҳри қайнаб сувга туфлайди. Чўкаётибмиз. Бирдан укам нимагадир қарор қилиб, том четига йўл олди.
— Пьер, Пьер! — юрагим орқага тортиб чақирдим.
— Алвидо, Луи… — деди у ўгирилиб. — Мен ортиқ тоқат қилолмайман, кетсам сизларга кўпроқ жой қолади. Алвидо!..
Кейин муштугини улоқтириб юборди-да, ўзини сувга ташлади.
Сузишни унчалик билмасди, сувга ташлаганча қайтиб чиқмади. Аслида, Пьер ўз эркини тўлқинларга қасдма-қасд топширди, — биродарлари афғонларини, уқубатларини тортишга унинг юраги тоб беролмади.
Черков соати иккига жом урди. Шунчалик ўлим ва азоб олиб келган аёвсиз тун пировардига етмоқдайди. Оёғимиз тагидаги қуруқлик тобора торайиб борар, сув жимирлар, ўйноқи тўлқинлар изма-из чопарди. Оқим яна ўз йўналишини ўзгартирди, ёғоч, вайроналар уюми энди қишлоқнинг ўнг тарафида сокин, ёйилиб сузардикй, дарёнинг кўтарилиши энг поён нуқтага етиб, ҳориганидан эринчоқлик-ла сеқин оқаётгандек эди.
Тўсатдан Гаспар бошмоқ ва камзулини ечди. Бир дақиқа олдин у қўлини букиб, бармоқларини қисирлатиб ўтирарди.
— Гапимга қулоқ солинг, бува, — деди у менинг қарашимга дош беролмай. Кута-кута тўйдим. Энди иложим йўқ… Рухсат этсангиз мен уни қутқариб қоламан.
У Вероникани назарда тутарди. Мен баҳсга киришдим — қизим билан черковгача сузиб боришларига инонмасдим. Лекин Гаспар ўз сўзида туриб олди.
— Йўқ, йўқ, кучим кўп, қўлларим бақувват… Бунга ўзингиз ҳам ишонасиз! — У ҳозироқ бу ишни амалга ошириши зарурлигини, кейинроқ эса боладек ожизланиб қолишини қўшиб қўйди; пойимиздаги уй уваланиб кетса Вероникани қутқариб қололмасди.
— У менинг дилрабом, мен уни қутқариб қоламан…
Мен Марияни бағримга босганча миқ этмай турардим.
— Олдингизда қасам ичаманки, Мария учун қайтиб келаман…
Гаспар бор кийимини ечиб, битта иштонда қолган: синиққина овозда Вероникага тез-тез кўрсатмалар берар, ундан ажралмаслигини, ўзини бутунлай унинг ихтиёрига топшириши кераклигини, энг муҳими —бардам бўлишини уқтирарди. Қиз бечора унинг ҳар бир сўзини бош қимирлатиб маъқулларди-ю, афт-ангоридан жуда тушкун ҳолда экани сезилиб турарди. Гарчи Гаспар художўй бўлмаса-да, чўқиниб олди, сўнг Верониканинг қўлтиғидан арқон билан боғлаб, томдан тушди. Қиз оёқлари сувга тегиши билан чинқириб юборди, нафаси қайтиб ҳушидан кетди.
— Худди шу керак эди! Мен энди унинг учун жавоб бераман.
Уларнинг ортидан қанчалик хавотир билан кузатганимни тасаввур қилишингиз мумкин. Йилтиллаб турган сувда Гаспарнинг бор ҳаракати яққол кўринарди. Арқонга боғланган Вероника елкасида, сув домига тортади, аммо ғайритабиий куч билан олға ҳаракат қилади. У масофанинг учдан бир қисмини сузиб ўтган ҳам эдики, тўсатдан сув жунбишга келиб қолди. Тўқнашув жуда даҳшатли эди. Улар кўринмай қолдилар. Куп ўтмай Гаспар сув юзига сузиб чиқди, ёлғиз — арқоннинг узилгани табиий эди. У икки бор сувга шўнғиб, ниҳоят Вероникани ҳам олиб чиқди ва уни елкасига ўнгариб олди. Энди арқон йўқ, сузиш ниҳоятда оғир. Гаспар бор кучи билан сузмоқда. Улар черковга яқинлашганлари сари титрай бошладим. Чинқириб юборишдан қўрқаман — ёнма-ён катта бир тўсин оқмоқда. Агар… Оғзим очилганча қолди: янги пайдо бўлган тўлқин уларни икки томонга улоқтириб юборди, кейин… кўринмай кетдилар.
Мен бутунлай гангиб қолдим. Ҳайвондан фарқим йўқ — хаёлимда фақат ўзимни асраш. Тўлқин тортқилайди. Ёнимда аллакимнинг хахолашини эшитаман, холос.
Тонг бўзара бошлади. Ҳавонинг авзойи ажойиб: гўё қуёш чиқиши арафасидаги кўл соҳилига ўхшайди, атроф салқин ва сокин. Ҳамон ёнимда аллаким: бурилганим заҳоти Марияни кўрдим — у шилтаси чиққан кийимда хахолаб куларди.
Бечора, шўрликлари-я!.. У деярли ҳар куни, айниқса, жом қайта-қайта янграйдиган якшанба кунлари азонда турар, юзини обдан чаярди… Кейин оро бериб оқиш сочларини турмакларди… Ҳозир ҳам ўзини худди уйдагидек хаёл қилиб, назарида эрталабки ювиниб-таранишни маромига етказаётгани равшан эди… Беозор боладек кулмоқда кўзлари тиниқ, юзида шодмонлик. Ундаги телбалик менга ҳам юқди. Гоҳо хахолаб кулаётганимни пайқаб қоламан. Мария… Бошдан кечган кўргиликлар уни ақлдан оздирган, баҳор кунлари уни алқаётгандек эди.
Ҳеч нарсага тушунмасам-да, унга қараб назокат-ла бошимни ирғаб қўяман. У шошилганча ўзига зеб беради. Мария ясан-тусанни тугатиб, йўлга тушишим мумкин, деб ўйлади шекилли, ингичка, биллурдек овозда қўшиқ бошлаб юборди. Лекин у тезда хиргойисини бас қилди, худди кимнингдир чақириғига жавоб бераётгандек:
— Боряпман! Боряпман! — деб хитоб қилди.
У яна хиргойисини бошлаб, томдан тушди-да, сувга шўнғиб кетди. Мен эсам ҳамон кулар, уни ютиб юборган сувга қувонч билан тикилардим.
Бундан кейин нима бўлганини яна эслай олмайман. Томда ёлғизман. Сув ҳали ҳам кўтариларди. Биттагина мўри соғ қолган эди: мен унга сувда ғарқ бўлишни истамаган абжир ҳайвондек тирмашиб олган эдим. Кейин йўқлик қаърига қулагандек бўлдим…

VI

Мен нега тирикман? Айтишларича, соат олтида сентеналиклар қайиқда сузиб келишибди: мўрига ёпишганча беҳуш ётган эканман. Шафқатсиз офат мени четлаб ўтган, ҳамма туғишганларимдан ажралиб, ўзимнинг бу бахтсизлигимни ҳали ҳис этмаган бир алфозда, тирик эдим.
Мана, мен ҳамон тирикман. Наслу насабим — болаларим, қизлариму келинларим, ёш ва кекса эркак ва аёлларнинг ҳаммаси нобуд бўлди. Мен эса тошлар ёнида ўсадиган ўлимтик ёввойи ўтдек яшаяпман. Агар менда жасорат бўлганда эди, Пьер сингари: «Тоқатим тугади, алвидо!» дея улар кетидан Гароннага йўл олардим. Бошқа фарзандларим йўқ, уйим яксон бўлган, майдонларим яроқсиз ҳолга тушган. Э-воҳ!.. Дастурхон атрофида ҳаммамиз — кексалар ўртада, ёшлар теграмизда ўтирган оқшомлар бир хотира энди! Қалбим меҳр ва ҳароратдан тўлиб-тошарди ўшанда! Ўрим пайти, узумни йиғиштириш кунларида уйимизга қайтганимиз ҳамоно мўл ҳосилдан қалбимиз фахрга лиммо-лим тўларди! Беозор болалар, ажойиб токзорлар, хуррам қизлар ва юмшоқ нонлар — кексаликдаги қувончлар бир умрга арзигулик мукофот эди! Ҳаммаси барбод бўлди, шундай экан, мен нега тириклар орасидаман?!
Менга ҳаловат бегона, энди ҳеч кимнинг мадади керак эмас. Майдонларимни болалари тирик қолган деҳқонларга улашаман. Уларнинг заминни алқашга, қайта тирилтиришга қувватлари келади. Бор буд-шудидан айрилган мен учун бир парча ер бўлса, бас.
Ягона истагим — туғишганларимнинг жасадларини топиш, орқаларидан ўзим ҳам борадиган мозоримизга дафн этиш. Тулузадан дарё оқизиб кетган кўплаб мурдаларни топишибди. Ўша ёққа боришга қарор қилдим.
Қанчалик даҳшатли кулфат! Икки мингга яқин уй қулаган, етти юз киши чўкиб кетган; бутун қишлоқ ҳувиллаб, балчиққа ботган… Йигирма минг ярим яланғоч, бахтсиз одамлар қолди; шаҳарда мурда ҳиди анқийди, ҳамма тиф тарқалишидан хавотирда; мурувватли одамлар жароҳатни даволашдан ожиз.
Мен нураган уйлару ўзимга тегишли марҳумлардан бошқа ҳеч нарсани кўрмасдим. Ўз изтиробларим ўзимга етиб ортади! Айтишларича, ҳақиқатдан ҳам кўп мурдаларни топишибди. Уларнинг ҳаммасини шаҳар мозорига қўйишибди. Мурдаларни суратга олишган экан, Гаспар билан Верониканинг суратини топиб олдим. Ҳали расман қовушмаган келин-куёвлар ўлганларида ҳам ажралишни истамаган: қучоқлашган, ўпишган кўйи туришибди. Шундай аҳволда суратга олишган экан. Айтишларича, жасадларини бир-биридан ажратиш учун ачомлашганча қотиб қолган қўлларини кесишибди.
Менда, тўфонда мағлуб бўлсалар-да барибир гезарган чеҳраларида юксак муҳаббатнинг поклиги, жасорати қолган гўзал йигит ва қиздан қолган хотира — шу. Сурат, сурат… Уларга тикилганим сайин кўзларимдан шашқатор ёш оқади…

Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 1988 йил, 1-сон.

033

Emil ZOLYA
REKLAMA QURBONI
Frantsuz tilidan Bahodir ERMATOV tarjimasi.
04

Emil` Zolya (1840.2.4 — Parij — 1902.29.9) — frantsuz yozuvchisi. Ilk ijodi romantizm ruhida: «Ninon ertaklari» (1864), «Klodning tavbasi» (1865), «Marhumning vasiyati» (1866) va boshqa 60-yillarda naturalistik ruhdagi «O’liklar vasiyati» (1866), «Tereza Raken» (1867), «Madlen Fera» (1868) kabi romanlar yezdi. «Rugon-Makkarlar» 20 jildli romanlar turkumida (1871-93) Napoleon davridagi siyosiy tuzum qoralangan («Rugonlarning ulg’ayishi», 1871; «Tor-mor», 1893), jamiyatdagi moliyaviy hiyla-nayranglar fosh etilgan («O’lja», 1872; «Pul», 1891), kiborlarning axloqsizligi ko’rsatilgan («Nana», 1880), amalparast, ma’naviy qashshoq kimsalar kalaka qilingan («Parij qurtlari», 1873), nasroniylarning teskarichilik harakatlari fosh etilgan («Plassanning zabt etilishi», 1874).
Zolya bir qator romanlarida oddiy mehnatkashlarning olijanob timsollarini yorqin bo’yoqlarda tasvirlagan. Xususan, «Qopqon» (1877) romanida kosib va hunarmandlar hayoti, «Hamal» (1885) romanida esa ishchilarning turmush tarzi aks ettirilgan. «Tereza Raken» (1873 yilda sahnalashtirilgan) dramasi va «Rauberden vorislari» komediyasi yozuvchining eng yaxshi sahna asarlaridir. 3olya ijodida ijtimoiy mavzular ustuvor mavqega ega. «Uch shahar» trilogiyasi («Lurd», 1894; «Rim», 1896; «Parij», 1898), tugallanmay qolgan «To’rt injil» tetrologiyasi («Hosildorlik», 1899; «Mehnat», 1901; «Haqiqat», 1903) bunga misol bo’ladi.
Zolya ijtimoiy hayotga ham faol aralashgan va 19-asr oxirlarida Frantsiyada juda katta shov-shuvga sabab bo’lgan «Dreyfus ishi» (boshqa millat vakilining soxta ayb bilan qamalishiga qarshi) bo’yicha Frantsiya Respublikasi Prezidentiga «Men qoralayman!» (1898) nomli ochiq xat bilan murojaat qilgan. Respublika hukumati 1898 yil 23 fevralda yozuvchini qamash haqida hukm chiqaradi. 3olya chet elga qochadi (1899 yilda Vataniga qaytadi).
Zolya xalq uchun teatr yaratishni orzu qilgan edi. «Frantsiyaning olg’a yurishi» turkumidagi dramalarida inqilobiy shior ostida mustabidlik ruhini yashirgan Uchinchi respublikaga qarshi kurashni davom ettirishni maqsad qilgan edi. Lekin bu maqsadini amalga oshirolmadi.
Zolya romanlarida garchi qaltis ijtimoiy ziddiyatlar tasvirlangan bo’lsa ham, u ma’lum siyosiy tuzumga dastyorlik qilishni or deb bilgan. U har doim o’zi tanlagan tamoyilga — haqqoniyat tamoyiliga sodiq qoladi. Uning romanlarini o’qib butun bir davr haqida tasavvurga ega bo’lish mumkin.
Zolyaning «Hikoyalar» (1937), «Tegirmon qamali» (1942) va «Hamal» (1981, tarjimon Xayrulla Ergashev) asarlari o’zbek tilida nashr etilgan.

04

I

Pyer Landri Markaziy bozorga yaqin Sent-Onore ko’chasida, bekorchilar maskanida dunyoga kelgan. Enagasi uni binolarga osib qo’yilgan ko’rsatgichlar va e’lonlarni hijjalash orqali o’qishga o’rgatdi. Bola shu kattakon to’rtburchak qizil, sariq, moviy qog’ozlar bilan do’stlashdi, bo’yi o’sib ko’chalarda daydiy boshlashi bilan P`er katta harflar bilan bitilgan reklamalarga oshiq bo’lib qoldi.

Uning paypoq to’quvchi otasi ishdan ketdi-yu, o’g’lining savodini to’liq chiqardi, u har kuni bolasiga gazetaning so’nggi sahifasini berardi, zero aytishlaricha, shu sahifadagi katta harflar bilan bitilgan e’lonlarni o’qish bolalarga oson emish.

Yigirma yoshida Pyer Landri yetim qoldi. Otasining kattagina merosiga ega bo’lganligi sababli P`er endi taraqqiyot va tamaddunning barcha yutuqlaridan bahra olib, faqat o’zi uchun yashashga qaror qildi. Padari buzrukvorining shuncha ter to’kkani yetar, u esa endi gazetalarning so’nggi sahifalariyu shaharning har joyida yopishtirilgan reklamalar taklif etayotgan oltin asrning bitmas-tuganmas lazzatidan bahra olib yashaydi.

“Bizning asrimiz – buyuk asr, o’rganish va rohatlanish asri. – deb o’ylardi u. – O’z umrini insoniyat huzur-halovati uchun baxsh etayotgan odamlarga qoyil qolasan. Ular tinch hayot uchun tinmay mo»jizalar yaratadi va boshqalar hayot lazzatlariga yetishishi va bahra olishi uchun g’amxo’rlik qiladi. O’ylab ko’ring-a, shu yaxshilarsiz hayotning eng kichik quvonchidan tortib, eng latif lazzatni qaerdan topishimiz va ular bizga necha pulga tushishini ma’lum qiladi, o’rgatadi! Ular orasida, hatto bizning huzur-halovatimiz uchun molini zarariga sotadiganlari ham bor (o’shalarga ta’zim qilish kerak!) Ularning hech biri foyda haqida uylamaydi, odamlar baxtli va totli umr kechirsin, deb o’zini o’qqa-cho’qqa uradi! Hayotim rejasi aniq. Hech narsani o’ylamay zamonam taklif etayotgan huzur-halovatdan rohatlanib yashashim kerak. Taraqqiyotdan ortda qolmaslik uchun esa ertalab va kechqurun gazetalardagi reklama e’lonlarini o’qish va shu oqil maslahatchilar taklif etayotgan yumushlarni bajarish yetarli, xolos. Bu haqiqiy oqillik, baxtli yashashning yagona yo’li shu.”

II

Shu kundan boshlab Pyer Landri gazeta va ko’cha reklamalariga hayotini boshqaruvchi qonunday qaray boshladi. Uning uchun gazeta umrining asosiy yo’lboshchisiga aylandi. U bosma harflarga itoat etmay biror narsaga qo’l urmaydigan va hech bir narsa sotib olmaydigan bo’ldi. P`er har kuni ertalab gazetalarni varaqlab, ixtirolar va yangiliklar haqidagi har bir e’lonni diqqat bilan o’qib, katta ish qilardi. Uning uyi turfa mollar omboriga aylandi. Parijda ishlab chiqariladigan har qanday arzimas yangi buyum va lash-lushlarni shu yerdan topsa bo’lardi.

Aslini olganda, uning ba’zi fikrlarida jon bor edi. Tamaddun bilan qadamba-qadam yurib, reklamaning lirik shoirlari alohida ilhom bilan ko’klarga ko’targan buyumlarnigina sotib olar va farovon turmushidan faxrlansa bo’lardi. Zero P`er taraqqiy etgan tamaddunning eng sara mahsulotlaridan foydalanardi.

Afsus! Bu aslida xomxayol edi! Haqiqat esa kundan-kunga achchiqlashib borardi. Hammasi yaxshilanish o’rniga, chappasiga ketardi. Barcha ko’ngilsizliklar ana shundan boshlandi.

P`er Landri do’zaxga tushib qolganga o’xshardi. U cho’kindi joydan hovli sotib oldi. O’sha joyda qurgan uyi esa bora-bora turpoqqa singib ketdi. Yangi texnologiyalar asosida qurilgan imorat shamolda titrar, kuchli yomg’ir yoqqanda esa bo’laklarga ajralib ketardi. Ichida g’alati mo’ri o’rnatilgan kaminlar odamni ko’r qilar daraja tutar, elektr qo’ng’iroqlar miq etmas, patentlangan chizma asosida qurilgan hojatxona iflos axlatxonaga aylangan, oddiy va qulay tutqichlar bilan harakatga keladigan tortmayu eshikchalar na ochilar va na yopilardi. O’lganning ustiga tepgandek, uydagi hech kim ko’tarib ketolmaydigan eski shaqir-shuqur — pianinoni, o’tda yonmas, metindek pishiq javonni qish tunlarining birida o’g’rilar osongina yelkasiga ortib, ilib ketdi.

Xuddi shunga o’xshash voqea P`er Landri Arkeylda sotib olgan dala hovlida ham takrorlandi. U yerda xonadon sohibi daraxt o’rniga nima ekkanini o’ziyam bilmasdi. Nodir o’simliklar o’rniga esa g’alati o’tlar o’sib chiqdi. Reklamalardan birida tavsiya etilgan basseyn qulab tushdi. P`er esa uning tagida qolib, suvda cho’kib ketishdan zo’rg’a qutulib qoldi.

P`er Landri bu ko’ngilsizliklaru tashvishlar ichra baxtiyor tirjayib turardi. Uning ko’ngli o’ksimas, aksincha, ko’tarilib borardi. “Bu dunyoda hech kim, hech narsa benuqson emas, — derdi u o’ziga-o’zi, — hamma, hammasi mukammallashib, o’sib boradi; baxtsizlikning oldini olish uchun reklamalarni yanada pishiqroq o’rganish, xolos. Basseyning qulashiga o’zim aybdor – gazeta xo’jako’rsinga tashviq qilgan quruvchini taklif qildim. Bu yog’iga endi dovrug’i olamni buzadigan darajada maqtalgan quruvchini chaqirish kerak. Shubha yo’qki, oxir-oqibat mukammallik va faronvonlikka erishaman.”

III

Biroq nafaqat P`er Landrining mol-mulki, balki uning o’zi ham azob chekardi.

U ko’chaga chiqqanida kostyumlarining choklari so’kilardi. Kiyim-boshlar e’lonlardagi firmalarning tugatilishi yoki mollarni qayta ro’yxatdan o’tkazish munosabati bilan tashkil etiladigan yarmarkalardan xarid qilinardi. Uning buyumlarni arzon garovga sotib olishining sababi xasisligidan emas, balki zamonasining barcha huzur-xalovotidan bahra olishda edi.

Bir kuni men uchratdim: boshida bir tuki yo’q, kal edi. Bunga P`erning zamondan ortda qolmaslikka intilishi sabab bo’lgandi: miyasiga oq emas, bug’doy rang odamga aylanish fikri kelib qoldi. Buning uchun qo’llangan suyuqlikdan qahramonimizning sochi bitta qolmay to’kildi. Biroq uning ko’ngli shod edi. “Bu yog’iga, – derdi u o’ziga-o’zi, — reklama qilinayotgan moyni ishga solish kerak. Aytishlaricha, uni boshingga surtsang, to’kilgan soch o’rniga yanada qalin va chiroyli qora soch o’sib chiqarmish”.

U qo’llagan “eng mukammal” ustaralar tufayli o’zining yonoqlari va iyagi doimo kesilib yurardi. Sotib olgan shlyapalari bir hafta o’tar-o’tmas o’z shaklini yo’qotar, g’alati prujinalardan iborat yomg’irpo’shlar aynan yomg’ir yoqqan paytlarida ochilmasdi.

U yutib yuborgan dori-darmonlarni yozishga qo’lim bormaydi. Ilgari u kuchli va baquvvat edi, endi esa, nafasi qisiladi. Shu yerda reklama o’z hunarini ko’rsatdi. U o’zini kasal deb o’ylab qoldi va reklama qilingan barcha ajo­yib va g’aroyib darmonlarni qo’l­lab, davolana boshladi. Reklamalarda dorilarga o’qilgan madhiyalardan boshi gangib qoldi: qay birini tanlashni bilmay, natijasi yaxshiroq bo’lsin, deb muolajaning barcha turini baravariga qo’llay boshladi.

P`er yegan shokoladning hisobi yo’q edi, bunga turli shokolad ishlab chiqaruvchilarning uning miyasiga o’tirib qolgan maslahatlari sabab bo’ldi. U parfyumeriya mahsulotlaridan ham xuddi shunday me’yorsiz foydalana boshladi. Azoblamaslikka so’z berib, bemorning naq chakagini sug’urib oladigan saxovatpesha tish doktorlariga ish topib berish ilinjida borgan P`er uch-to’rt qatnashda barcha tishidan mahrum bo’ldi.

IV

Reklama P`er Landrining nafaqat tanasiga, balki miyasiga ham shafqat qilmadi. U tokchalari suriladigan kitob javonini sotib oldi va uni reklamalarda tavsiya etilgan allambalo kitoblar bilan to’ldirdi. Javonga kitoblarni joylashtirish ham o’ziga xos bo’ldi; aytmoqchimanki, u kitoblarni reklamalardagi e’lonlarda qanchalik olqishlanganliga qarab taxlab chiqdi.

Bu qadar bema’ni va bemaza kitob jamlamasini boshqa biror joyda uchratish amri mahol edi. P`er Landrining kutubxonasida zamonaning eng be’mani va jirkanch mahsulotlari mujassam edi. Qahramonimiz har bir kitob jildiga ularni xarid qilishga majbur qilgan reklama maqtovlarini yopishtirib qo’ydi. U kitob o’qishga kirishganida undan qanday taassurot olishini avvaldan yaxshi bilardi: mutolaa qila turib noshirlarning tavsiyalariga ko’ra, yo kular, yo yig’lardi.

P`er Landri bunday hayotdan butunlay telba bo’lib qoldi. Men P`er Landrining miyasini butunlay chiritgan kitoblarni sanab o’tirishni xohlamayman, biroq ayrimlarini keltirishim mumkin. Sekin-asta u talabchan va injiq bo’lib qoldi. Endi P`er daho ijodining mislsiz mahsuli deya reklama qilingan asarlarnigina sotib olar, haftasiga ko’pi bilan yigirmatacha kitob xarid qilardi.

Shu o’rinda qo’shimcha qilish kerak-ki, ko’zga tashlanadigan e’lonlar bilan tavsiya etilgan ayrim gazetalar ham uning butunlay telbalashib qolishiga o’z ulushini qo’shdi. Reklama qanchalar balandparvoz bo’lsa, P`er unga shunchalar ishonardi.

U o’zining bir ishidan o’ta zavq oldi. Qandaydir gazetaning noshiri tomonidan Konkord (Kelishuv) maydonida tomosha uyushtirildi, masxaraboz o’z hunarini ko’rsata turib, gazetaning yangi soni chiqishini e’lon qildi. P`er Landri shu nashrga obuna bo’lganlarning birinchisi edi.

V

Men shu mungli hikoyamni tugatay, deb qoldim. Qandaydir bir tabibning har qanday kasallikni davolay olishi haqda chop etilgan e’lonni o’qib, P`er Landri yo’q xastaliklariga shifo topish maqsadida uning huzuriga oshiqdi. Tabib muloyimlik bilan P`erga yoshartirib qo’yishni taklif qildi va o’n besh yoshli o’spiringa aylanish yo’lini ko’rsatdi. Buning uchun atigi u tavsiya etgan suvda cho’milish-u, o’sha suvdan ichish lozim edi. Og’zi qulog’iga yetgan P`er Landri tabib bilan xayrlashdi va hamma yoqqa davolashning bu usuli — taraqqiyotning eng so’nggi so’zi ekanligi haqida jar soldi.

Tavsiya etilgan bo’tqani ichib, qahramonimiz vannaga tushib shunchalar yosharib ketdi-ki, ikki soatdan keyin bu dunyo bilan xayrlashdi. P`erning yuzida baxtiyor tabassum qotib qolgan edi-ki, bechora Muqaddas Reklamaga ibodat qila turib jon beribdi-da, degan xayolga borardingiz. Tabib tavsiya etgan barcha balolardan qutulish yo’li shu bo’lsa ajabmas.

P`er Landri vafotidan keyin ham e’lonlarning quliga aylandi. U o’zini qandaydir safsataboz dorixonachi kashf etgan usul bilan o’zining mayitini bir zumda mo’miyolaydigan tobutda dafn qilishlarini vasiyat qilgan ekan. Qabristonda bu tobut sochilib ketdi, baxtiqaro murda loyga qorishdi, so’ng tobutining parchalari bilan birga dafn etildi.

Qog’oz tosh va yasama marmardan ishlangan qabr toshi ham ob-havoning injiqligiga faqat bir qishgina chidadi; ko’p o’tmay qabr ustida sassiq chirindidan boshqa narsa qolmadi…

Manba: «Kitob dunyosi» gazetasi veb-sahifasi

TOSHQIN
Rus tilidan Asqar Haydarov tarjimasi.
04

I

Kamina Lui Rube bo‘laman. Yoshim yetmishda. Tuluzadan bir necha chaqirim olisda oqadigan Garonnaning yuqori qirg‘oqlarida joylashgan Sen-Jori qishlog‘idanman. O‘y to‘rt yoshimda tuzliq-to‘rva bo‘ynimdan tutdiyu o‘zimga hamda oilamizdagilarga rizq-ro‘z topish payiga tushdim; xayriyat farovon kunlar ham yetib keldi. Oz muddat ichida viloyatimizdagi eng davlatmand fermerga aylanib qoldim.
Bizning uyimizdan ham xudo xayru saxovatini ayamadi. Boshimizga baxt qushi qo‘ndi; quyosh umrimizga yo‘ldosh ekanidan biron marta ham yerdan kam hosil olgan yilimizni eslay olmayman. Fermamizda o‘n jon bo‘lib, hammasi bir-biriga muruvvat ko‘rsatib yashardi. Eng avvalo o‘zim, azamatlarning azamatiman, ishda yoshlardan qolishmayman; so‘ng kenja ukam Per — qari bo‘ydoq, iste’fodagi serjant; erining o‘limidan keyin biznikiga ko‘chib kelgan xo‘ppasemiz singlim Agata — juda ham shaddod, masrur — kulganida qahqahasi butun qishloqqa eshitilib turadi. Shunday qilib tomirimiz tarmoq otardi. O‘g‘lim Jak, uning xotini Roza hamda uch qizi — Ema, Veronika va Mariya; to‘ng‘ichi Ema norg‘ul yigit Siprian Buisonga turmushga chiqqan, undan ikki farzand ko‘rgan, biri ikki yashar, boshqasi o‘n oylik; oq-sariqdan kelgan kenja qizi qishloqda emas, xuddi shaharda tug‘ilgandek. Men — buva, eng katta buva edim. Dasturxon tevaragida singlim Agata o‘ng tarafimda, ukam Per so‘l tarafimda o‘tirar, atrofimni kattadan kichikkacha, hatto o‘n oylik nabiramgacha o‘rab olishar, u yigitlarday duppa-durust xo‘rillatib sho‘rva ichardi. Bolalarning qoshiqlarni taraqa-turuq qilishlarini ko‘rsangiz edi! Qachonki, kichkintoylarim qo‘lchalarini cho‘zganlaricha baqirib-chaqirib:
— Buva, non olib beri-ing! Buvajon, yana non olib bering! — deyishganida qonimda faxr va quvonch jo‘sh urib ketardi.
Ajoyib kunlar edi! Hayotimizda mehnat bilan qo‘shiq uyg‘un edi. Oqshomlari Per har xil o‘yinlar o‘ylab topar, polkdoshlari haqida hikoyalar aytib berardi. Agata xolalari bozor kunlari qizlarimiz uchun quymoqqa qorilgan nonlar yopib berardi. Mariya ingichka ovozda oyatlarni qiroat qilar, zar zulflari bo‘ynini tutib, qo‘lini tizzasiga qo‘yib o‘tirganida naq farishtaga o‘xshab ketardi. Ema Siprianga turmushga chiqqanidan so‘ng men uyimizni ikki qavatli qilishga jazm etdim. Veronika bilan Gasparning unashtirilishidan keyin esa uchinchi qavatni tiklashni, xullas osmonga yetguncha qavatma-qavat qo‘shib boraverishni o‘zimcha hazil aralash mo‘ljalga kiritib qo‘ygan edim. Biz bir-birlarimizdan ajralishni istamas, turmush shunday kechaversa fermaga ulab butun boshli shahar barpo etishimiz mumkin edi. Oilada hamjihatlik hukmron ekan, o‘z uy-joyingda umringni yashab, oshingni oshab jon berishga nima yetsin!
Bu yilgi may oyi juda quvonchli keldi. Paykallarimizda xuddi bodroqday bodrab hosil yetishgan edi. O‘g‘lim Jak bidan birga tasarrufimizdagi yerlarni aylandik. Biz soat uchlarda yo‘lga chiqqan edik. Garonna qirg‘oqlari bo‘ylab yastanib yotgan yaylovlar — yashil gilam, o‘t-o‘lan belga tepadi, o‘tgan yili o‘tqazilgan tollarning bo‘yi chamasi bir metrga ko‘tarilgan. Mayda uchastkalardagi bug‘doyzor va uzumzorlarni ham ko‘zdan kechirdik; bo‘liq bug‘doy boshoqlari mo‘l hosildan darak berardi. Jak xaxolab kularkan, yelkamni quchib qo‘ydi:
— Buni qarang-a, otaxon! Endi nonga ham, shira-sharbatga ham rosa to‘yadigan bo‘libmiz! Xudo bizga yor bo‘lib, tuprog‘imizni oltin yomg‘iri bilan namlagan ko‘rinadi!
Biz allaqachon unut bo‘lgan muhtojliklarimiz ustidan kulardik. Jak to‘g‘ri aytadi, balki xudoning, balki boshqa biron bir nabining nazari tushgandirki, atrofdagi, odamlardan ko‘ra ko‘proq menga omad kulib boqqan edi. Qachon do‘l yog‘sa, bizni chetlab o‘tardi. Bordiyu qo‘shnining uzumzorlariga kasallik tushsa, guyo to‘siq o‘rnatilganday, biznikiga yaqin yo‘lamasdi. Qisqasi, men buni haqiqatda ham shunaqa bo‘lishi kerakligiga yo‘ydim — axir men hech kimga yomonlik, g‘arazgo‘ylik qilmaganman, demak to‘laqonli baxtga munosibman.
Qaytishda tasarrufimizdagi maydonlarni kesib o‘tib, qishloqning narigi tarafidan yurdik. Tutlar yashnab qiyg‘och barg yozgan. Gurunglashib, rejalashib borayotibmiz. Ko‘proq pul jamg‘arsak, biz yana yer xarid qilamiz, pirovardida vohaning katta qismini egallab olamiz. Bordiyu biz kutgandek hosil mo‘l-ko‘l bo‘lib bersa, orzularimizning ro‘yobga chiqishi muqarrar.
Uyiga yaqinlashib qolganimizda Roza paydo bo‘lib, qo‘lini havolatgancha bizni chaqira boshladi:
— Tezroq, tezroq yuringlar!
Sigirimiz tuqqan ekan. Uy shov-shuvga to‘lib ketgan, baqaloq Agata hovlida lapanglab yurar, qizlar esa buzoqchadan ko‘z uzishmas edi. Bu ham xudoning marhamatidan boshqa narsa emas. Yaqindagina qo‘rani boshqatdan qurgan edik — axir podada yuzdan ziyod mol bor, sigirlar, eng ko‘pi qo‘y bo‘lib, yilqilar ham anchagina.
— O-ho, ezgulik-ku! — qichqirdim men. — Bu oqshom asil vinodan bir shisha ichadigan bo‘libmiz-da.
Roza bizni chetga tortib, Veronikamiz mahbubi Gasparning nikoh kunini aniqlab olishga kelganini aytdi. Veronika uni tushlikka taklif qilgan ekan. Gaspar moranjlik fermerning to‘ng‘ich o‘g‘li, yigirma yoshli barzangi, vohada hayratomuz kuchi bilan dong qozongan; hatto bir safar Tuluzadagi bayramda «janub qoploni» deyishadigan Marsialning ham adabini bergan. Shunday bo‘lsa-da, Gaspar — bolalarday ma’sum, ko‘ngli beg‘ubor — buning ustiga, nihoyatda uyatchan ediki, Veronikaning ko‘zi unga tushishi hamono rangi boshqacha bo‘lib ketardi.
Gaspar hovlida xizmatkorlarga choyshablarni yoyishda ko‘maklashardi. Rozadan uni chaqirib qo‘yishni iltimos qildim. U oshxonaga kirishi bilan Jak menga o‘girilib:
— Ota, gapni boshlang, — dedi.
— Yaxshi yuribsanmi, o‘g‘lim, — deya Gasparga murojaat qildim. — Demak, nikoh kunini belgilashimiz kerak… Shunga kelgansan?
— Ha, Rub’e bobo…
— I-ya, i-ya, nimaga qizarasan, — dedim. — Menga qolsa to‘ylaring avliyo Felistaning tug‘ilgan kuni — o‘ninchi iyulda bo‘laqolsin. Bugun yigirma uchinchi iyun, demak, bor-yo‘g‘i uch hafta kutishga to‘g‘ri keladi. Ha, bechora rahmatli xotinimni ham Felista deyishardi, u sizlarga baxt keltiradi. Maylimi?
— Juda soz, avliyo Felistaning tug‘ilgan kuni bo‘lgani ma’qul.
U, Per va menga qo‘lini cho‘zib, barmoqlarimizni shunaqangi qisdiki, suyaklari qisirlab ketdi. So‘ng Rozani o‘pib, uni onajon deb atadi. Bu bo‘ychan, cho‘ng mushtli yigitning Veronikaga qattiq ishqi tushgan ekan, maboda biz bu gapni bekor qiladigan bo‘lsak, alamidan hushdan ketib qolishini tan oldi.
— Endi, — deya davom etdim men, — biz bilan tushlik qilasan… Siz bolatoylar, qani, tezda dasturxonga yaqinlashinglar-chi! O‘zim ham rosa ochiqibman-da!
O‘sha oqshom biz dasturxon atrofiga o‘n bir kishi yig‘ildik. Gasparga Veronikaning yonidan joy berdik; u mahbubasidan ko‘z olmas, ovqatni ham unutgan, azbaroyi hayajonlanganidan kipriklariga ingan yoshni ham payqamas edi. Siprian bilan Ema bir-birlariga qarashib, jilmayib qo‘yishardi, — ularning ham turmush qurganlariga uch yil bo‘ldi, xolos. Yigirma besh yildan beri birga yashayotgan Jak bilan Roza esa o‘ta nazokat bilan sevishganlarga o‘g‘rincha boqishardi. Men bo‘lsam, bu oshiq-ma’shuqlarning baxti oilamiz dasturxonini go‘yo jannatning bir burjiga aylantirganidan quvonar, ularga tikilarkanman, yangidan qo‘lga kiritgan yoshligim ham o‘tib ketayotganidan tashvishlanardim.
Eh-he, huzur qilib ovqatlangan edik, o‘sha oqshom! Kulgisini odatda ichiga yutib yuradigan Agata xolaning jag‘i-jag‘iga tegmas, hazil-huzulining poyoni yo‘q edi. Keyin Per Lionda boshidan kechirgan — bir qiz bilan muhabbati sarguzashtlarini aytib bermoqchi bo‘ldi. Baxtimizga meva olib kelishdiyu hamma birdan gapdan qoldi. Men yerto‘ladan ikki shisha vino olib chiqdim. Bo‘lg‘usi kelin-kuyovning muvaffaqiyatlari uchun ichdik: bizda muvaffaqiyati uchun deyishadi, bu — janjalsiz yashash, bir etak bola ko‘rish va aqchadonini to‘ldirish demak. Shodiyona boshlandi. Gasparimiz tushgur sevgi haqidagi qo‘shiqlarni chunonam qotirib aytarkanki, asti qo‘yavering. Mariya ham chetda qolmadi: u diniy madhiyalarni tik turib, ingichka, mayin ovozda xirgoyi qildi.
Men o‘rnimdan qo‘zg‘alib derazaga yaqinlagan edim, orqamdan Gaspar ergashib qoldi.
— Silar tomonda qanday yangiliklar bor? — so‘radim undan.
— Yangiliklar yo‘q hisobi, — deya javob berdi u. — Ko‘pchilik keyingi kunlardagi jala haqida gapirishyapti, biron bir falokat ro‘y bermasa go‘rga edi, degan xavotirga tushishgan.
Darhaqiqat, ikki kundan oshdi: vaqti-vaqti bilan jala quyib turardi. Bir kechadayoq Garonnada suv keskin ko‘tarilgan, biroq hali bizga xavf solmas — qirg‘og‘ini yuvmagan, demak, cho‘chishning o‘rni yo‘q; daryo shunchalik keng yoyilgan va sokin ediki, u bizga xuddi mushfiq bir qo‘shnidek beminnat xizmatda edi. Boz ustiga, dehqonlar tug‘ilib-o‘sgan joylarini, qulab tushay deb turgan uylarini istar-istamas tark etishardi.
— Hechqisi yo‘q, — xitob qildim men, — hammasi joyida bo‘ladi! Bunday hol har yili bo‘lib turipti: daryo yamlamay yutadigandek qutiradiyu keyin, qarabsanki, bir kechadayoq tinchib, xuddi beozor qo‘zichoqdek qirg‘oqqa bosh qo‘yadi. Meni aytdi dersan, o‘g‘lim, bu gal ham zararsiz o‘tib ketadi… Havoning musaffoligini qara!
Men unga osmonni nuqib ko‘rsatdim. Quyosh botgan, soat yettiga jom urmoqda edi. Ranglar jilolanadi! Osmon ko‘m-ko‘k, bepoyon kenglikka moviy chodir to‘shalgandek, ufqdagi quyosh nurlari xuddi oltin chang-kukunlaridek tovlanadi. Guyo ko‘kdan qandaydir sokin bir quvonch yog‘ayotgandek. Qishloqda hech qachon bunday sokinlik hukm surmagan bo‘lsa kerak. Shafaq cherepitsa-tomlarni binafsha tusiga kiritgan. Qo‘shnilar qahqahasiga yo‘lda ketayotgan bolalarning gangir-gungir ovozlari qo‘shildi, olisdan qishloqqa poda qaytardi: baa… mo‘o‘…
Garonna tahdidli hayqirar, ammo bu hayqiriq menga boshqa ovozlar singari tabiiy bo‘lib tuyular — uning gumbur-gumburiga chamasi ko‘nikib qolgan edim. Osmon bo‘zardi, qishloq esa mudrardi. Farahbaxsh kun oqshomga bo‘yin burgan, oilamizning iqboli, mo‘l hosil nashidasi, farovonlik, Veronikaning nikohlanishi — hamma-hammasi o‘zi bilan birga musaffo, tiniq oqshom nurlarini olib kelayotganday tuyulardi menga.
Men deraza yonidan nari ketdim. Qizlar gurunglashib o‘tirar, biz ularning gaplarini kulimsiragancha eshitardik. Nogahon, qishloq sukunatini buzib, ko‘ngilga vahim, o‘lim dahshatini soluvchi shovqin-hayqiriq keldi:
— Garonna! Garonna!..

II

Biz hovliga otilib chiqdik.
Qishlog‘imiz, Sen-Jori jarlikda, Garonna sathidan besh yuz metr chamasi pastlikda joylashgan. Daryo maysazorda bo‘y qo‘ygan baland teraklardan narida, Biz hech narsani ko‘rmas, qulog‘imiz ostida hamon o‘sha dahshatli nido yangrardi:
— Garonna! Garonna!..
Kutilmaganda katta yo‘lda ikki erkak bilan uch ayol ko‘rindi: ayollardan biri bolasini ko‘tarib olgan. Ular yonimizdan o‘tayotib, hamon qichqirardilar. Ahyon-ahyonda ortlariga qarab qo‘yishar, xuddi bo‘rilar galasi quvib kelayotganday, zo‘r berib chopishardi.
— Bu nima? Ularga biron narsa bo‘libdimi? — so‘radi Siprian. — Nima gap ekan, buva?
— Bilmadim, bilmadim, — dedim men. — Daraxt barglari ham qilt etayotgani yo‘q, hatto.
Chindan ham borliq mudroq bir holatda edi. Shu gap ko‘nglimdan o‘tgan ediki, sodir bo‘lgan dahshatdan hammamiz birvarakayiga baqirib yubordik. Teraklar orasidan bexos rang-quti o‘chgan qochoq itlar galasi otilib chiqqanday bo‘ldi; to‘rt tarafdan yopirilib kelgan to‘lqinlarga to‘lqinlar ergashar, daryo yerni to‘zitgancha shiddatli oqardi. Endi biz ham beixtiyor baqirib yubordik:
— Garonna! Garonna!..
Ikki erkak va uch ayol hamon yo‘lda chopib borishmoqda. Oqim kuchaygandan kuchayar, atrofni miltiqlarning gumburlashiga o‘xshash sado tutgan edi. Suv birinchi duch kelgan zabardast uchta terakka urildi, terak shoxlari bir zum ko‘rindiyu g‘oyib bo‘ldi. So‘ng to‘lqinlar sinchli kulbani domiga tortdi; devorlar qulab tushdi, hovlidagi aravalar pista po‘chog‘idek oqib borardi. Oqim asosan qochoqlarning ortidan quvayotganday edi. Yo‘lning burilishida, tik nishablikda, daryo teng ikkiga bo‘linib, qochoqlarning barcha chekinish yo‘llarini to‘sib qo‘ydi. Ular aqldan ozib, baqirishiga ham madorlari yetmay, suv kechgancha hamon chopib borardilar. Oxiri ulkan to‘lqin zarb bilan bolali ayolni yiqitdi. Birin-ketin qolganlari ham ko‘zdan g‘oyib bo‘lishdi.
— Tezroq! Tezroq!— deya qichqirdim men. — Tezroq uyga kiringlar! Uyimiz mustahkam, qo‘rquvga hojat yo‘q.
Ehtiyotkorlik yuzasidan darhol yuqori qavatga chiqishga shoshildik. Dastlab ayollarga yo‘l berdik. Oilamizdagilarning xohishlariga qaramasdan men eng keyinda borardim. Uy tepalikda, yo‘ldan ancha balandda qurilgan edi. Suv jimir-jimir qilib hovliga oqib kirdi. Shunday bo‘lsa-da, biz unchalik sarosimaga tushmadik.
— Hech narsa bo‘lmaydi, — dedi Jak birodarlarini xotirjam qilish uchun. — O‘tib ketadi… Ota, eslaysizmi, ellik beshinchi yili ham hovlini mana shunday suv bosgan, bir fut ko‘tarilib, keyin pasaygan edi.
— Baribir hosilni payhon qiladigan bo‘ldi… — dedi Siprian siniq tovushda.
— Yo‘q, yo‘q, hech narsa qilmaydi, — qo‘rquvdan baqrayib qolgan qizlarga qarab, e’tiroz bildirdim men.
Ema kichkintoylarini karavotlarga yotqizdi. Keyin bolalarining bosh tomoniga o‘tirdi, uning yonidan Veronika bilan Mariya joy olishdi. Agata xola yonidagilardan o‘zi bilan olib chiqqan vinoni ilitishlarini iltimos qildi, — bir qultumi kishi kayfiyatini ko‘taradi-da. Jak bilan Roza tashqaridan ko‘z uzishmaydi. Men ukam bilan, Siprian Gaspar bilan boshqa deraza oldida o‘tiribmiz.
— Yuqoriga chiqinglar! — deya hovli o‘rtasida, suv kechib yurgan oqsochlarga baqirdim. — Shilta bo‘lishning hojati yo‘q u yerda!
— Mol-hollarni nima qilamiz? — deyishdi ular. — Hurkib bir-birlarini ezib qo‘yishadi-ku!
— Chiqinglar dedimmi, chiqinglar… Naryog‘i bir gap bo‘lar. Bordiyu falokat qaytmasa, baribir mollarni saqlab qolishning iloji bo‘lmaydi.
Men o‘zimiznikilarni qo‘rqitmoqchi emasdim. O‘zimni bardam tutib, ularga taskin bermoqchi bo‘lardim. Deraza tokchasiga tirsagimni tirab olib, ukam, nabiram va Gaspar bilan suhbatlashamanu ayni paytda suvning ko‘tarilib borishini kuzataman. Daryo butun qishloqni — jin ko‘chalardan tortib, o‘nqir-cho‘nqirlarigacha yutib bo‘ldi.
Haligina dahshat solib hayqirgan to‘lqinlar endi shashti qaytib, o‘tib bo‘lmas to‘siqlarga aylana boshlagan edi. Sen-Jori qishlog‘i joylashgan jarlik ko‘lga aylandi-qoldi. Hovlimizni chamasi bir metr balandlikda suv bosdi. Garchi uning tobora ko‘tarilayotganini ko‘rib tursam ham, dahshat o‘tdi, ana-mana pasayadi, degan gaplarni qilaman.
— O‘g‘lim, agar bir necha soat ichida suv tortib ketmasa, — deya Gasparga murojaat qildim, — biznikida yotib qolishingga to‘g‘ri keladi. Bemalol.
U menga bir qarab qo‘ydiyu miq etmadi. Keyin yuzi bo‘zarib, chuqur xo‘rsinib oldida, Veronikaga ko‘z tashladi.
Soat to‘qqiz yarimlar atrofida. Hali qorong‘ilik tushmagan. Osmondan yurakni g‘ash qiladigan oqish nur yog‘ilib turardi. Yuqoriga ko‘tarilayotganlarida xizmatkorlar o‘zlari bilan ikkita chiroqni olivolishni unutmagan ekanlar, men ularni biz o‘tirgan xona qorong‘ilashganda, dilgir alamlarimizni bir oz yoritar, degan umidda yoqishga amr qildim. Agata stolni o‘rtaga surib qarta chiylay boshladi. U ham avvalo bolalardagi noxush xayollarni chalg‘itmoqchi bo‘lardi. Ba’zan uning nigohi men bilan to‘qnash kelib qolardi; xushchaqchaqligi bilan hammaga birdamlik in’om etar, qo‘rquvni yengish uchun kulardi. U Ema, Veronika, Mariyani stol atrofiga o‘tirishga majbur qildi. Qarta o‘ynay boshladik. Agataning o‘zini tutishini ko‘rsangiz, yolg‘ondakam ishtiyoq bilan qartalarni chiylar, yutuqlarni yig‘ishtirib olar, hazillashar va bostirib kelayotgan suvning shovqinini eshittirmaydigan darajada jag‘i-jag‘iga tegmay gapirardi. Lekin qizlar xotirjam o‘tirisholmasdi: ranglari so‘lg‘in, qo‘llarini bukkanlaricha tashqarida nima bo‘layotganidan ogoh bo‘lib turishar, o‘yin har soniyada to‘xtab qolardi. Ulardan biri menga o‘girilib:
— Suvning shashti qaytmadimikin, buva? — deb so‘radi siniq tovushda.
Suv sathi dam sayin shiddat-la ko‘tarilardi. Men ularga hazil aralash javob qildim:.
— O‘yinlaringni bemalol o‘ynayveringlar, suv ko‘tarilib qayoqqa ham borardi.
Hech qachon yuragimni bunchalik besaranjomlik qamramagan edi. Dahshatli manzarani ojizalarga ko‘rsatmaslik uchun biz erkaklar atayin deraza yoniga turib olganmiz. Goho xona tomon o‘girilib jilmaygan bo‘lamiz — bir zaylda yonayotgan chiroq, stol ustida halqa-halqa nur… Ko‘z oldimizda yalpi muhabbat koshonasi oilaviy saranjom-sarishtalik. Xonada sukunat hukmron, tashqarida esa quturgan daryo suvi tobora ko‘tarilib borardi._
— Lui, — dedi ukam Per, suv derazagacha uch fut qolibdi. Biron chora ko‘rmasak bo‘lmaydi.
Men uni jim bo‘lishga undab, qo‘lini chimchilab qo‘ydim. Ammo yaqinlashib kelayotgan dahshatni yashirishning endi iloji yo‘q edi. Alhol qo‘ylarning ma’rashi, mollarning mo‘rashi, yilqilarning kishnashi eshitilib qoldi, qachonki, yilqilar kulfat yaqinlashsa shunday pishqirishadi, kishnashadi…
— Xudoyim-ey! Voy xudoyim-ey! Ema butun vujudi qaltirab, qo‘lini viski to‘la stakanga tiragancha o‘rnidan to‘rdi. Ojizalar gur etib derazaga yaqinlashishdi, lekin churq etmasdan shu yerda to‘xtab qolishdi: qo‘rquvdan ularning sochlari tikka bo‘lib ketgan edi.Oqshom. Loyqa suv ustida xira nur qalqib turar, bo‘zargan osmon tubida zamin xuddi chang-chungi qoqilgan gilamdek ko‘zga chalinardi. Olisda pag‘a-pag‘a tutun osmonga o‘rlaydi. Zumda borliqni tuman qopladi, dahshat solgan kun nihoyasiga yetib, ajal keltiradigan tun boshlandi; odamlar tovushi eshitilmas, faqatgina bepoyon dengizga qo‘yilayotgan daryo shovullashi hamda cho‘kayotgan jonivorlarning ma’rashi, bo‘kirishi quloqqa chalinardi.
— Xudoyim-ey! Xudoyim-ey!.. — shivirlashdi ojizalar siniq, ayanchli tovushda.
Kuchli qarsillash ularning munojotlarini tutib ketdi. Mol-hollar jon holatda og‘ilu otxonalar eshiklarini sindirib yuborgan edi. Baribir najot yo‘li yo‘q: suv, suv… Ko‘y-qo‘zilarni girdob xazondek chir aylantiradi, sigirlar va yilqilar esa oqim bilan kurashib oldinga talpinadilar, biroq muallaq qolgani hamono g‘arq bo‘ladilar. Ayniqsa, bo‘z otimiz o‘lim oldida o‘zini mardonavor tutdi — quloqlarini ding qilib pishqirishini ko‘rsangiz — yo‘q, oxiri oqim uni ham adoyi tamom qildi.
Biz birinchi bor umidsiz xitoblardan o‘zimizni tutib qololmadik; ko‘zyoshlarimiz beixtiyor tomog‘imizga tiqilib qoldi. Jonimiz boricha baqirib-chaqirgimiz kelardi. Oilamiz uchun qadrli bo‘lgan, cho‘kib borayotgan mulkimizga qo‘llarimizni cho‘zgancha botinan yig‘lardik, nolayu afg‘onimizni tiyib turishga madorimiz qolmagan edi. O, bu xonavayronlik! Hosil yakson bo‘ldi, mol-hol cho‘kib bitdi; o‘zimiz bo‘lsak behushu besar edik. Xudoda ham adolat yo‘q: biz unga hech shak keltirmagandik, u esa butun borlig‘imizni tortib oldi… Men ko‘kka musht o‘qtalib nido qildim. Bizga ato qilingan, hozirgina tassarufimizda bo‘lgan bug‘doyzorlar, tokzorlar, sayribog‘larimiz qani?! Oftobning beozor botishi, lojuvard oqshom — hamma-hammasi nahot yolg‘on bo‘lsa?! Suv dam sayin ko‘tarilardi.
— Lui, — dedi ukam Per menga, — biron chora ko‘rmasak bo‘lmaydi, suv derazaning tagigacha chiqdi.
Bu so‘z bizni hushimizga keltirdi. Men o‘zimni o‘nglab, yelkamni qisgancha dedim:
— Pul — qo‘lning kiri. Birga bo‘lsak, bunday tashvishlar hech gapmas… Ishga kirishishimiz bilanoq o‘rni to‘lib ketadi.
— Ha, albatta, siz haqsiz, ota! — Jak hayajon bilan xitob qildi.
— Devorlar mustahkam, bizga hech narsa qilmaydi. Zo‘r kelsa tomga chiqamiz.
Bu joy biz uchun so‘nggi boshpana edi. Suv shiddat bilan zinama-zina ko‘tarilar, eshikka daf qilardi. Xavfli daqiqalarda jamuljam bo‘lish ilinjida bir-birimizdan bir qadam ham ortda qolmay chordoq tomon intildik. Banogoh Siprian yo‘qolib qoldi. Men uni chaqirgan edim — u qo‘shni xonadan, yuzi gezarib ketgan holda chiqdi. Oqsochlar yo‘qligini fahmlab, ularni kutmoqchi bo‘lgan edik, Siprian menga g‘alati qarab, sekingina:
— Halok bo‘lishdi… Ular turgan xona tagidagi saroy o‘pirilib tushdi… — dedi,
Bilishimcha, bechora qizlar sandiqchalaridagi omonotlarini olishga tushishgan.
Siprianning shivirlab aytishicha, narigi binoga narvonni ko‘prik qilib o‘tganlar. Men unga hech kimga hech narsa demasligini tayinladim. A’zoi badanim muz bo‘lib ketdi, uyimizda o‘lim sharpasi… Xonadan chiqarkanmiz aqalli chiroqni o‘chirish esimizga tushmabdi. Stol ustida qartalar sochilib yotardi. Xonani bir metr suv bosgan edi.

III

Baxtimizga tom keng va yassi edi. Amal-taqal qilib tuynuk orqali chiqdik. Hammamiz shu yerda joylashdik, ojizalar o‘tirib olishdi. Erkaklar atrofdan boxabar bo‘lish uchun cherepitsalar ustidan yurib, uyning ikki tomonida bo‘y cho‘zgan mo‘rilar oldiga borib turishdi. Men bo‘lsam tuynukka tayanganimcha qeng ufqqa nazar solaman.
— Yordam yetib keladi, bunga ishonchim komil, — dedim bardamlik bilan, — Sentenaliklarning qayig‘i bor. Hali zamon suzib kelishsa ajab emas… Anaviga qaranglar, huv suvda chiroq pordlayaptimi, a?
Atrofimdagilar miq etishmadi. Per nima qilayotganini o‘zi bilmagan holda sarxonasini bo‘riqtirib g‘azab bilan chekar, har tortganida mushtugining bir chetidan tufurardi. Jak bilan Siprian mungli bir ahvolda olis-olislarga tikilishar, Gaspar esa qo‘llarini musht qilgancha mushkul ahvoldan chiqishning ilojini qidirayotgandek tom ustida u yoqdan-bu yoqqa chopardi. Ojizalar g‘uj bo‘lib, sovuqdan dir-dir titraganlaricha hech narsani ko‘rmaslik niyatida yuzlarini qo‘llari bilan bekitib o‘tirishardi. To‘satdan Roza boshini ko‘tardi-da, atrofga nazar tashlab, so‘radi:
— Oqsochlar qaerda? Nega ular bu yoqqa kelishmayapti?
Men javob berishdan ojiz edim. Shunda u ko‘zimga tik qarab qistovga oldi:
— Oqsochlar qaerda qolishdi, deyapman?
Yolg‘ondakam bir narsa deyish qo‘limdan kelmadi, yuzimni chetga burdim. Hammadan avval meni qamrab olgan o‘lim talvasasi ayollaru jondan shirin qizlarga ham yuqqanini sezdim. Ular nima bo‘layotganini bilib turardilar. Mariya o‘rnidan dast turib, titragancha nafas oldida, ko‘zyoshlarini to‘ka-to‘ka xumordan chiqdi. Ema kuylagi aralash bolalarini ko‘kragiga bosgancha har qanday ofatga dosh beradiganday tik qolgan. Veronika hamon ko‘zini qo‘llari bilan to‘sgan. Hatto hamisha o‘zini quvnoq tutadigan Agata xolaning ham endi rangida rang qolmagan: munojot o‘qiydi, cho‘qinadi.
Ko‘z oldimizdagi sovuq manzara yanada kengayib borardi. Shaffof yoz tuni kirgan. Oy hali chiqmagan, biroq ko‘m-ko‘k osmonga sochilgan yulduzlar shu’lalanib turardi. Oqshom tunga o‘rin bermayotganday. So‘ngsiz osmon quchog‘ida suv; u yulduzlarning xira shu’lasida jilvalanadi. Zamin qorasini ko‘rsatmas, butun o‘lkani borlig‘icha suv yutib yuborgandek. Falokat bir zumgina yodimdan ko‘tarildi. Qaysi bir oqshom, Marselda xuddi shunday dengizni ko‘rganim, hayratga tushganimni esladim.
— Suv ko‘tarilyapti, suv ko‘tarilyapti, — ukam Per mushtugini qattiq tishlagancha dam-badam shu so‘zni takrorlardi.
Tomdan bir metrcha atrof suv. Uning sokin tortgan yuzi ko‘rinmasa ham oqimi, shiddati eshitilib turadi. Yon-atrofimdagi tepaliklar daryo qirg‘og‘idan unchalik baland emasligini bilaman. Bir soatdirki, toshqin ochiq dahshat sola boshladi. Suv yuzida daraxtlar, bo‘chkalar, bog‘-bog‘ pichanlar qalqigan. Uzoq-uzoqlarda qasira-qusir qilib uylar, daraxtlar qulaydi — shag‘al to‘kayotgan aravalarmi deysiz…
Ojizalarning ohu nolalaridan Jakning bardoshi tugadi.
— Bu yerda turishimiz mumkin emas. Omon qolishning biron yo‘lini topaylik… Ota, sizga yalinib yolvoraman, bir narsa deng!
— Ha, to‘g‘ri aytasan, harakat qilishimiz kerak… — dedim ming‘irlab.
Biroq nima qilarimizni bilolmasdik. Gaspar Veronikani opichib olib suzmoqchi bo‘ldi. Per sol yasashni taklif qildi. Bu g‘irt jinnilik edi.
— Agar cherkovgacha yetib olishning imkoni bo‘lganda edi, — dedi nihoyat Siprian.
Suv yuzida to‘rt qubbalik cherkov ko‘rinib turardi. U bizdan yetti qo‘rg‘on narida: qishloq chetida qad ko‘targan fermamiz imoratlariga tutashgan. Nahotki, tomma-tom oshib cherkov binosiga yetib olish mumkin bo‘lmasa? Borgandan keyin cherkov ichiga tushib olish qiyin emas. Aftidan ko‘pchilik o‘sha yerda panoh topgan bo‘lsa kerak, chunki qo‘shni tomlar usti bo‘m-bo‘sh, boz ustiga jomxonadan ovozlar eshitilib turardi. Lekin unga yetib olish uchun qator to‘siqlarni yengib o‘tishga to‘g‘ri keladi!
— Buning iloji yo‘q, — dedi Per. — Remboning uyi bir oz baland, buning uchun narvonlar kerak.
— Men borib ko‘ray-chi, — taklif qildi Siprian. — Maboda u yoqqa o‘tishning iloji bo‘lmasa, qaytib kelaman, bordiyu iloji topilsa birga jo‘naymiz, ayollarni ko‘tarib olamiz.
Men rozilik berdim. U haq edi. Bo‘lishi mumkin emasdek tuyulgan narsani amalga oshirishimiz kerak. Siprian mo‘rilar mahkamlangan temir tutqich yordamida qo‘shni uyga yetib olgan ham ediki, xotini boshini ko‘tara uvvos soldi:
— Qani u? Yolg‘iz qolishni xohlamayman. Birga yashadikmi, birga o‘lishimiz kerak.
Ema erining tomda ekanini payqadi. U bolalarini qo‘ldan qo‘ymay, cherepitsalar ustidan chopib ketdi.
— Siprian, kutib tur, — derdi u, — men oldingga boryapman, sen bilan birga o‘lmoqchiman.
U matonat bilan oldinga intilardi. Eri o‘girilib undan orqasidan kelmasligini yolvorib so‘rar, qaytib kelib, hammani qutqarib qolmoqchi ekanini aytardi. Ammo xotini asabiy ravishda boshini chayqagancha derdi:
— Men sening oldingga boryapman, oldingga boryapman. Qanaqasiga xalaqit berishim mumkin? Sening oldingga boryapman, a?..
Siprian xotinining qo‘lidan bolalarini oldi. So‘ng esa tomga chiqishga yordam berdi. Biz ularning har bir harakatlarini kuzatib turardik. Sekinlik bilan ular yo‘lga tushdilar. Ema yig‘layotgan bolalarini ko‘tarib olgan, Siprian esa nimadir deb unga taskin berar, va ahyon-ahyonda biz tomonga qarab-qarab qo‘yardi.
— Ularni bexavotir joyga qo‘yginu tezda biz tomon qaytib kel! — deya Siprianga qarab baqirdim.
U qo‘llarini silkitib nimalardir der, daryo shovqinidan men uning gaplarini eshitmasdim. Tez orada biz ularni ko‘zdan yo‘qotdik — chamasi pastqam tomlar ustidan borardilar. Besh daqiqa o‘tar-o‘tmas yana ko‘zga chalinishdi, tom judayam tik bo‘lsa kerak, yuqoriga emaklab ko‘tarilishmoqda. To‘satdan meni vahima chulg‘ab oldi. Qo‘limni kuvacha qildimu jonim boricha qichqira boshladim:
— Orqaga! Orqaga qaytinglar!
Hamma — Per, Jak, Gaspar ham: «Orqaga, orqaga!» deya qichqira boshladi. Ular bir lahzagina to‘xtashdiyu yana harakatga tushishdi. Bu vaqtda Remboning uyi qarshisiga, ko‘cha muyulishiga borib qolishgan, binoning tomi nisbatan uch metrcha baland edi. Bir fursatlik ikkilanishdan so‘ng Siprian mushukdek epchillik bilan sakrab mo‘ri quvuridan ushladi. Kelishib olishgan bo‘lsa kerak, Ema cherepitsalar ustida turardi. Biz uning bo‘y-bastini ko‘rib turibmiz, ko‘kish osmon etagida qomati ko‘rsa ko‘rguday; bolalarini mehr va muhabbat bilan quchoqlab olgan. E-voh, xuddi shu lahzada dahshatli hodisa ro‘y berdi.
Remboning uyi bir vaqtlar sanoat korxonasi uchun mo‘ljallangan bo‘lib, shoshilinch, omonat qurilgan edi. Boz ustiga ko‘chani bosgan suv oqimi uy peshtoqiga kelib urilardi. Nazarimda uy qasir-qusir qilayotgandek tuyular, nafasim ichimga tushib tom ustiga tirmashib chiqayotgan Siprianni vahima aralash kuzatib turardim. Banogoh qattiq gumburlash eshitildi. Kulchaga o‘xshash sarg‘ish oy chiqqan, bulutsiz samodan zaminga xotirjam boqib guyo behad suv sathini chiroqdek yorita boshlagan edi. Falokat ko‘z oldimizda ro‘y berdi. Remboning uyi qulab tushdi. Qo‘rqqanimizdan chinqirib yubordik. Siprian ko‘rinmasdi. To‘lqinlar avval tomni parchalab tashladi, so‘ng yutib yubordi. Jimib qolgan suv betida ayqash-uyqash yog‘ochlar yarim butxonani eslatadi: ustunlar orasida tasavvur qilish qiyin darajada jonsarak bo‘lib tipirchilayotgan tana.
— U tirik! — qichqirib yubordim. — Xudoga shukr, u tirik!.. Anavi yoqqa qaranglar, oy yorug‘iga, u suvda suzib yuribdi!
Ajal sirtmoq solgan bo‘g‘zimdan kulgi toshib chiqdi. Biz xuddi omon qolgandek shodmonlikdan chapak chalardik.
— U qaytib keladi, — dedi Per.
— Ha. U albatta qaytadi, qaranglar! — dedi Gaspar. — U chap tarafidagi ustunni ushlab olishga urinmoqda.
Lekin biz va na boshqa kuloldik, na boshqa bir so‘z deya oldik: sitamgir xavotirlik yana yuragimizni siqa boshladi. Bildikki, Siprianning ahvoli nihoyatda tang. Aftidan uy qulagan hamon uning oyoqlari to‘sinlar orasida qisilib qolgan, boshini suvdan chiqara olgan xolos. Bu judayam qo‘rqinchli edi. Ema qo‘rquvdan titragancha ikkala go‘dagi bilan hali-hanuz qo‘shni uy tomida turardi. Ko‘zlari bir necha metr narida o‘lim bilan olishayotgan erida. U aqldan ozgan, tipirchilar, quturgan itdek tinmay uvvos solardi.
— Uning bunday o‘limiga yo‘l qo‘ymaslik kerak! — Jak chidab turolmadi. — Qanday bo‘lmasin oldiga borish lozim.
— To‘sinlar orqali pastga tushsak… — luqma tashladi Per, — balki oyoqlarini chiqarib olarmiz?
Ular tomlar osha kelishayotgan ham ediki, shu zahoti yana bir uy qulab yo‘l bekilib qoldi. Vujudimizni muzdek ter qopladi, alamdan qo‘llarimizni sindirguday qisamizu dahshatli manzaradan ko‘z uzishga botinolmaymiz.
Siprian o‘nglanib olish uchun urinib ko‘rdi. U favqulodda kuch bilan suv yuziga chiqib, yonbosh bo‘lib oldi. Biroq horg‘inlik undan ustun kelardi. Jon shirin: biron narsaga ilinish ilinjida yana harakat qila boshladi. Bo‘lmadi. Ohiri taqdirga tan berdi shekilli jim bo‘lib qoldi. Ajal sharpasi yaqin: Siprianning sochlari suvga botib turibdi… Ana, birinchi to‘lqin uning peshonasiga urildi, boshqasy esa ko‘zlarini to‘sib tashladi. Zum o‘tmay boshi ko‘rinmay qoldi, g‘arq bo‘ldi.
Oyoqlarimizga yopishib o‘tirgan ayollar jon holatda yuzlarini to‘sdilar. Hammamiz tizzalab olganmiz, qo‘llarimizni cho‘zgancha ho‘ngrab yig‘lab, takbir tushiramiz. Ema bo‘lsa bolalarini bag‘riga bosib, hanuz tomda turar, ayyuhannosi tunda juda qattiq eshitilardi.

IV

Qancha fursat serrayib qolganimizni bilmayman. O‘zimga kelganimda suv yana ham ko‘tarilgan edi. Endi u uyimizning cherepitsalarigacha yetgan, tom ulkan ko‘lda mo‘‘jazgina oroldek ko‘zga chalinardi. O‘ng va so‘l tarafimizdagi uylar ham chamamda yiqilib tushgan, chor-atrofni batamom suv bosgan edi.
— Biz suzyapmiz, — deya shivirladi Roza, cherepitsalarga suyanib.
Haqiqatda ham, tom asosidan uzilgan, baayni solga aylangan, chayqalayotganini sezib turibmiz, allaqayoqlarga sudrayotgandek. Faqat bir zaylda tosh qotgan jome’ binosiga boqqanimizdagina bosh aylanishimiz qolar, falokat quturgan joyning o‘rtasida, o‘z o‘rnimizda turganimizni anglardik.
Endi suv boshqacharoq junbishga keldi. Hozirga qadar oqim ko‘cha bo‘ylab oqayotgan bo‘lsa, kutilmaganda harakatini o‘zgartirdi. Bu juda dahshat edi. U yo‘lida nima uchramasin, domiga olar, shitob bilan duch kelgan joyga urardi. Uyimiz tomon ayqash-uyqash bo‘lib, to‘sin, xodapo‘shlar oqib kela boshladi. Suv kar va soqovdek nola qiladi. Pardevorlar qisirlab ketdi. Yog‘ochlarning qasira-qusirini eshitib tomga qaraymiz — mana hozir tom ham, devor qam qulab tushadi, biz tamom bo‘lamiz…
Gaspar tom burjiga amallab bordi-da, qudratli qo‘llari bilan bitta to‘sinni o‘zi tomon tortib olarkan, xitob qildi:
— Kurashish kerak!
Jak uzun sinchni ushlab olishga urinar, Per esa unga ko‘maklashardi. Men yoshimni yashab, belimdan quvvat ketib, boladek nimjon bo‘lib qolganimdan o‘zimga-o‘zim la’nat o‘qirdim. Uch erkak himoyalanishga — toshqin daryo bilan yakkama-yakka olishishga jazm etishgan. Gasparning qo‘lida tayoq, devorga urilishi ehtimoli bor xodalarni epchillik bilan chetga burib yuborar, quturgan to‘lqin oyoqlaridan tortqilardi, Per bilan Jak ham uning yonida shu ish bilan mashg‘ul. Bu behuda urinishlar bir soatdan oshiq cho‘zildi. Uchalovi ham gangib qolgan, so‘kinishar, toshqinga la’natlar o‘qishardi. Gaspar ashaddiy jangda holdan toygan nayzabozga o‘xshardi. Suv ko‘pirib toshmoqda. Jak bilan Per qo‘llari qo‘ltiqlarida, tek qolishgan; Gaspar yana bir bor urinib ko‘rgan edi, to‘sin sirg‘alib ketib devorga urildi. Sa’yi harakatlarimizdan foyda yo‘q edi.
Mariya bilan Veronika bir-birini quchoqlab olishgan. Ikkalasi ham yurakni larzaga soladigan bir og‘iz gapni takrorlashadi — ular hozir ham qulog‘im tagida jaranglab turibdi:
— Men o‘lishni istamayman!.. Men o‘lishni istamayman!..
Rozaning ikkala qizi qo‘lida, ularni ovutgan, tasalli bergan bo‘lar, o‘zi esa boshini ko‘targan ko‘yi Mariya bilan Veronikaning nolasini takrorlardi:
— Men o‘lishni istamayman!..
Faqat Agata xolagina miq etmaydi: tilovat ham qilmaydi, cho‘qinmaydi ham. Chuqur qayg‘uga botgan, nogoh ko‘zi menga tushib qolsa, bazo‘r jilmaygan bo‘ladi.
Suv tom ustida jimirlay boshladi. Qutilishga umid yo‘q. Cherkov tomondan ovozlar eshitilganday, olisda ikkita chiroq miltillaganday bo‘ldi-yu, yana sukunat, yana najotsizlik domiga tortdi. Sentenaliklarning qayig‘i bo‘laturib bizdan oldin g‘aflatda qolganliklari endi ravshan edi.
Gaspar hali-hanuz tom ustida u yoqdan-bu yoqqa borib kelardi. To‘satdan bizni chaqirib qoldi.
— Qani, yordamga kelinglar. Meni mahkam ushlab turinglar-chi!
Yigitning qo‘lida tayoq — uy tomon suvda qalqib kelayotgan nimanidir poylab turibdi. U mustahkam taxtalardan yasalgan saroy tomi xuddi solning o‘zi edi. Sol uyimizga yaqinlashgan zahoti Gaspar tayog‘i bilan to‘xtatishga uringan ham ediki, oqim uni yulqib olib ketishga bir bahya qoldi-yu, yordam so‘rab baqirib yubordi. Belidan mahkam ushlab olganmiz. Sol deganimiz zarb bilan devorga urildi, biz uning parchalanib ketishidan xavotirlanardik.
Gaspar osmondan tushgandek paydo bo‘lgan solga bir sakrashdayoq chiqib oldi-da, mustahkamligiga ishonch hosil qilish uchun hamma tarafini ko‘zdan kechirdi. Per bilan Jak tomning bir chetida solni ushlab turardilar. Gaspar kular, quvonch bilan derdi:
— Biz omon qoldik, bobojon… Ayollar, namuncha ko‘zyoshi to‘kmasalaring!.. Axir bu rostmana kema. Qaranglar-a, hatto oyog‘im ho‘l bo‘lmadi. Biz bemalol sig‘ishamiz, o‘zimizni uydagidek his qilaversak bo‘ladi. O‘zi ham juda mustahkam.
U solni yanada mustahkam qilmoqchi bo‘ldi: suv betida qalqiyotgan bir necha to‘sinlarni ushlab, Per har ehtimolga qarshi uydan olib chiqqan arqonga bog‘ladi. Bu orada suvga yiqilib ham tushdi. Bizning baqiriq-chaqiriqlarimizga kulgan bo‘ldi: u suv balosini birinchi ko‘rayotgani yo‘q, u Garonna bo‘ylab bir mil suzishga qobil edi. Yigit tomga qaytib chiqib, ust-boshidagi suvni sidirarkan, zo‘r berib gapirardi:
— Solga darrov chiqib olinglar, g‘animat dam o‘tmasin!
Ojizalar solga o‘tishdiyu cho‘kka tushishdi. Gaspar holsizlangan Veronika bilan Mariyani ko‘tarib o‘tqazdi. Roza bilan Agata xola tomdan o‘zlari tushib, qizlarning yonidan joy oldilar. Xuddi shu on cherkov tomonga ko‘z tashladim. Ema mo‘riga suyangan, beligacha suvga botgan, go‘daklarini baland ko‘targancha turardi.
— Xafa bo‘lmang, buva, — dedi Gaspar. — Sizga va’da beramanki, ular shunday qolishmaydi, yo‘l-yo‘lakay olib ketamiz.
Per bilan Jakdan keyin solga men ham chiqdim. Solning bir tomoni sal qiyshayganday bo‘ldi, ammo mustahkamligiga ishonish mumkin edi. Tomni eng keyin tark etgan Gaspar nihoyatda abjirlik-la olvolganimiz tayoq bilan solni yo‘lga solmoqchi buldi. Hammamiz unga bo‘ysunardik. Tayoqlarimizni tomga nuqib shunchalik harakat qilamiz, qani qimirlasa: sol guyo mixlanib qolganday. Shiddatli oqim uni zarb bilan tomga qaytarib urar, bu shu jihatdan xavfli ediki, taxtalar bir-biridan ajralib ketishi hech gap emas edi.
Biz yana mutlaq yordamga muhtoj ekanimizni angladik. Ofatdan qutuldik deb o‘ylagandik, ammo daryo hali bizni o‘z hibsidan bo‘shatmagan ekan. Ojizalarning tomda emasliklariga hatto afsus qila boshladim, negaki, shiddatli oqim ularni yulib ketishi mumkin edi. Tomga qaytish haqida og‘iz ochishim bilan hammalari:
— Yo‘q, yo‘q, yana picha sabr qilaylik. O‘ladigan bo‘lsak, mana shu yerda o‘lganimiz ma’qul! — deya baqirib yuborishdi.
Gaspar endi kulmasdi. Biz yana, ikki hissa kuch bilan tayoqlarni tomga tirab, solni itara boshladik. Qani qimirlasa! Perning xayoliga arqonda uning yo‘nalishini o‘zgartirish keldi-yu, amalga oshirishga kirishdik. Biz suv betida qalqib-qalqib borardik. Gaspar Emani solga olish haqidagi va’dasini eslatdi. U hamon faryod chekib turardi. Buning uchun bizni holdan toydirgan shiddatli oqimni kesib o‘tishimiz lozim. Gaspar maslahatomuz nazar bilan menga qaradi. Men sodir bo‘lgan voqealardan esankirab qolgan, boz ustiga o‘z-o‘zidan ravshanki, bunday mushkulotga oldin hech qachon ro‘para kelmagan edim. Emani deb sakkiz kishining hayot shamini o‘chirishimiz xavfi bor. Bir necha soniya shu haqda o‘yga botgan bo‘lsam-da, baribir nabiralarimning bo‘zlashlari jon-jonimdan o‘tib ketdi.
— Ha, albatta, — dedim Gasparga, — biz ularni tashlab ketolmaymiz, bu mumkin emas.
U jimgina boshini quyi egdi va yana tayoqlarni qo‘liga olib, omon qolgan devorga tirab itara boshladi. Biz qo‘shni uyni yonlab saroylarimizu omborxonalarimiz ustidan suzib o‘tdik. Sol suv bosgan ko‘cha o‘rniga burilgani hamon hammamiz baqirib yubordik, — oqim bizni bir hamla bilan yana hozirgina jilgan joyimizga eltib qo‘ydi. Sol hazon yanglig‘ chir aylanar, favqulodda kuch bilan tom cherepitsalariga borib urilardi. Ajralib ketgan taxtalar atrofimizda suzib yuradi. Hammamiz shalabbomiz. Keyin, nima bo‘lganini eslay olmayman. Faqatgina Agataning chalqancha yotganini, etagini suv yulqiyotganini, cho‘kib borayotganini xotirlayman, xolos. Kuchli og‘riqdan ko‘zim yarq etib ochilib ketdi — Per sochimdan tortgancha meni suvdan olib chiqardi. Jonibga ma’nosiz adanglayman, hech narsaning farqiga bormayman, Per yana sho‘ng‘idi. To‘satdan Gasparga ko‘zim tushdi: yigitcha qo‘lida Veronikani tutib turibdi. Gaspar uni yonimga yotqizib yana suvga sho‘ng‘idi-da, Mariyani olib chiqdi. Uning yuzi za’faron, harakatsiz yotishidan o‘libdimikin degan xayolga bordim. Bu sa’y-harakat yana takrorlandi. Ammo behuda edi. Per bilan Gaspar quturib ketgan suvda bir-birlariga yaqinlashib, maslahatlashgan bo‘ldi, biroq men hech narsani eshitolmadim. Surobi qolmay tomga qaytib chiqqanlarida alam bilan baqirib yubordim:
— Agata xola qani?! Jak-Chi?! Roza-chi?!
Ular boshlarini qo‘yi egishdi, ko‘zlari jiqqa yosh duduqlanib aytgan gaplaridan ma’lum bo‘lishicha: Jakning boshiga to‘sin urilishi bilan Roza eriga yopishib olgan, oqibatda ikkoviniyam oqim oqizib ketgan. Agata xola bo‘lsa, g‘arq bo‘lganicha ketdi. Biz uning tanasi ochiq deraza tuynugi orqali tagimizdagi uyga oqib qirgan, degan to‘xtamga keldik. O‘rnimdan turib, bir necha daqiqa oldin Ema turgan tomga qaradim. Suv ko‘tarilgan, Emaning bolalarini tutgancha qotib qolgan qo‘llari ko‘rinardi, xolos. Keyin hammasi to‘lqinlarga singishib ketdi; faqatgina suv sathi oy yog‘dusida miltillardi.

V

Biz bor-yo‘g‘i besh kishi qoldik. Hali suv botmagan uzungina tomimiz biz uchun panoh. Oqim mo‘rilardanu birini oqizib ketdi. Hushdan ketgan Mariya va Veronikani oyoqlari suvga tegmasin deb ko‘tarib olganmiz. Ular asta o‘zlariga kelishdi: kiyimlari shilta, sovuqdan qaltirayotgan qizlarga qarash, o‘lim xavfi oldidagi nolalarini eshitish judayam og‘ir botadi. Biz ularni xuddi bolalarni yupatgandek yupatamiz, bu kulfatdan omon saqlab qolishimizni tushuntiramiz. Lekin bizga ishonishmaydi, o‘limga mahkum ekanliklarini bilishadi. Taskin-tasallilarimiz dafn marshidek eshitiladi-yu, bir-birlarini quchoqlaganicha qo‘rquv va sovuqdan tishlarini takillatishadi.
Atrof suv… Qishloqdagi jami uylarning ikki-uchtasininggina devorlari butun qolgan. Faqatgina cherkovda jon saqlayotgan odamlarning ovozi quloqqa chalinib turadi. Endi shag‘al tashiyotgan aravalarning tovushiga o‘xshash tovush ham eshitilmay qolgan. Biz okeanda, zamindan ming-ming mil narida qolib ketgandaymiz.
Banogoh chap tomondan eshkak shaloplashi eshitilganday bo‘ldi. Oh, bu shaloplash qanchalar umidbaxsh!.. Biz nafasimizni ichimizga yutib, ovozlarga quloq tutardik, biroq sarg‘ish suv kengligi va har joy-har joyda ko‘zga tashlanib turgan qora ko‘lankalardan boshqa hech narsani ko‘rmasdik; bu ramzlar — daraxtlarning uchi hamda qulab tushgan devorlarning parcha-purchasi — ular harakatsiz edi. Suv yuzidagi xodalar, o‘t-o‘lan, bo‘sh bo‘chkalar — hamma-hammasi bizga soxta quvonch bag‘ishlar, garchi shovqinning sababini bilmasak-da, uni yaqqol eshitib turardik.
— Ah-ha, men ko‘rdim! — xitob qildi Gaspar. — Qaranglar! Hu, ana katta qayiq!..
U qandaydir bir nuqtani ko‘rsatdi, men ham, Per ham hech vaqoni ko‘rmasdik. Ammo Gaspar o‘z so‘zida turib oldi. Eshkaklarning shaloplashi oshkora quloqqa chalinardi. Rostdan ham qayiq ko‘rindi. U olisda, seknngina suzib yurardi-yu, ammo biz tomonga yaqinlashmasdi. Aqldan ozguday ahvoldamiz, tomog‘imiz yirtilgudek bo‘lib baqiramiz. Qayiqda o‘tirganlarning go‘rlariga kesak qalab tashladik, qani, bir aks sado kelsa. O‘sha ko‘zga ko‘ringan narsa haqiqatdanam qayiqmidi — haligacha bilolmayman. U ko‘rinmay ketgach, biz so‘nggi umidimizni ham yo‘qotdik.
Per anchadan buyon quruq mushtugini labiga qistirgancha o‘tirardi. U, eskidan mehnatkash — mo‘ylabini burab, qoshlarini chimirib, hozir nimalardir deb po‘ng‘illab qo‘yadi. Uning jasurligi ayniqsa xavf kuchayganda tutadi, azbaroyi qahri qaynab suvga tuflaydi. Cho‘kayotibmiz. Birdan ukam nimagadir qaror qilib, tom chetiga yo‘l oldi.
— Per, Per! — yuragim orqaga tortib chaqirdim.
— Alvido, Lui… — dedi u o‘girilib. — Men ortiq toqat qilolmayman, ketsam sizlarga ko‘proq joy qoladi. Alvido!..
Keyin mushtugini uloqtirib yubordi-da, o‘zini suvga tashladi.
Suzishni unchalik bilmasdi, suvga tashlagancha qaytib chiqmadi. Aslida, Per o‘z erkini to‘lqinlarga qasdma-qasd topshirdi, — birodarlari afg‘onlarini, uqubatlarini tortishga uning yuragi tob berolmadi.
Cherkov soati ikkiga jom urdi. Shunchalik o‘lim va azob olib kelgan ayovsiz tun pirovardiga yetmoqdaydi. Oyog‘imiz tagidagi quruqlik tobora torayib borar, suv jimirlar, o‘ynoqi to‘lqinlar izma-iz chopardi. Oqim yana o‘z yo‘nalishini o‘zgartirdi, yog‘och, vayronalar uyumi endi qishloqning o‘ng tarafida sokin, yoyilib suzardiky, daryoning ko‘tarilishi eng poyon nuqtaga yetib, horiganidan erinchoqlik-la seqin oqayotgandek edi.
To‘satdan Gaspar boshmoq va kamzulini yechdi. Bir daqiqa oldin u qo‘lini bukib, barmoqlarini qisirlatib o‘tirardi.
— Gapimga quloq soling, buva, — dedi u mening qarashimga dosh berolmay. Kuta-kuta to‘ydim. Endi ilojim yo‘q… Ruxsat etsangiz men uni qutqarib qolaman.
U Veronikani nazarda tutardi. Men bahsga kirishdim — qizim bilan cherkovgacha suzib borishlariga inonmasdim. Lekin Gaspar o‘z so‘zida turib oldi.
— Yo‘q, yo‘q, kuchim ko‘p, qo‘llarim baquvvat… Bunga o‘zingiz ham ishonasiz! — U hoziroq bu ishni amalga oshirishi zarurligini, keyinroq esa boladek ojizlanib qolishini qo‘shib qo‘ydi; poyimizdagi uy uvalanib ketsa Veronikani qutqarib qololmasdi.
— U mening dilrabom, men uni qutqarib qolaman…
Men Mariyani bag‘rimga bosgancha miq etmay turardim.
— Oldingizda qasam ichamanki, Mariya uchun qaytib kelaman…
Gaspar bor kiyimini yechib, bitta ishtonda qolgan: siniqqina ovozda Veronikaga tez-tez ko‘rsatmalar berar, undan ajralmasligini, o‘zini butunlay uning ixtiyoriga topshirishi kerakligini, eng muhimi —bardam bo‘lishini uqtirardi. Qiz bechora uning har bir so‘zini bosh qimirlatib ma’qullardi-yu, aft-angoridan juda tushkun holda ekani sezilib turardi. Garchi Gaspar xudojo‘y bo‘lmasa-da, cho‘qinib oldi, so‘ng Veronikaning qo‘ltig‘idan arqon bilan bog‘lab, tomdan tushdi. Qiz oyoqlari suvga tegishi bilan chinqirib yubordi, nafasi qaytib hushidan ketdi.
— Xuddi shu kerak edi! Men endi uning uchun javob beraman.
Ularning ortidan qanchalik xavotir bilan kuzatganimni tasavvur qilishingiz mumkin. Yiltillab turgan suvda Gasparning bor harakati yaqqol ko‘rinardi. Arqonga bog‘langan Veronika yelkasida, suv domiga tortadi, ammo g‘ayritabiiy kuch bilan olg‘a harakat qiladi. U masofaning uchdan bir qismini suzib o‘tgan ham ediki, to‘satdan suv junbishga kelib qoldi. To‘qnashuv juda dahshatli edi. Ular ko‘rinmay qoldilar. Kup o‘tmay Gaspar suv yuziga suzib chiqdi, yolg‘iz — arqonning uzilgani tabiiy edi. U ikki bor suvga sho‘ng‘ib, nihoyat Veronikani ham olib chiqdi va uni yelkasiga o‘ngarib oldi. Endi arqon yo‘q, suzish nihoyatda og‘ir. Gaspar bor kuchi bilan suzmoqda. Ular cherkovga yaqinlashganlari sari titray boshladim. Chinqirib yuborishdan qo‘rqaman — yonma-yon katta bir to‘sin oqmoqda. Agar… Og‘zim ochilgancha qoldi: yangi paydo bo‘lgan to‘lqin ularni ikki tomonga uloqtirib yubordi, keyin… ko‘rinmay ketdilar.
Men butunlay gangib qoldim. Hayvondan farqim yo‘q — xayolimda faqat o‘zimni asrash. To‘lqin tortqilaydi. Yonimda allakimning xaxolashini eshitaman, xolos.
Tong bo‘zara boshladi. Havoning avzoyi ajoyib: go‘yo quyosh chiqishi arafasidagi ko‘l sohiliga o‘xshaydi, atrof salqin va sokin. Hamon yonimda allakim: burilganim zahoti Mariyani ko‘rdim — u shiltasi chiqqan kiyimda xaxolab kulardi.
Bechora, sho‘rliklari-ya!.. U deyarli har kuni, ayniqsa, jom qayta-qayta yangraydigan yakshanba kunlari azonda turar, yuzini obdan chayardi… Keyin oro berib oqish sochlarini turmaklardi… Hozir ham o‘zini xuddi uydagidek xayol qilib, nazarida ertalabki yuvinib-taranishni maromiga yetkazayotgani ravshan edi… Beozor boladek kulmoqda ko‘zlari tiniq, yuzida shodmonlik. Undagi telbalik menga ham yuqdi. Goho xaxolab kulayotganimni payqab qolaman. Mariya… Boshdan kechgan ko‘rgiliklar uni aqldan ozdirgan, bahor kunlari uni alqayotgandek edi.
Hech narsaga tushunmasam-da, unga qarab nazokat-la boshimni irg‘ab qo‘yaman. U shoshilgancha o‘ziga zeb beradi. Mariya yasan-tusanni tugatib, yo‘lga tushishim mumkin, deb o‘yladi shekilli, ingichka, billurdek ovozda qo‘shiq boshlab yubordi. Lekin u tezda xirgoyisini bas qildi, xuddi kimningdir chaqirig‘iga javob berayotgandek:
— Boryapman! Boryapman! — deb xitob qildi.
U yana xirgoyisini boshlab, tomdan tushdi-da, suvga sho‘ng‘ib ketdi. Men esam hamon kular, uni yutib yuborgan suvga quvonch bilan tikilardim.
Bundan keyin nima bo‘lganini yana eslay olmayman. Tomda yolg‘izman. Suv hali ham ko‘tarilardi. Bittagina mo‘ri sog‘ qolgan edi: men unga suvda g‘arq bo‘lishni istamagan abjir hayvondek tirmashib olgan edim. Keyin yo‘qlik qa’riga qulagandek bo‘ldim…

VI

Men nega tirikman? Aytishlaricha, soat oltida sentenaliklar qayiqda suzib kelishibdi: mo‘riga yopishgancha behush yotgan ekanman. Shafqatsiz ofat meni chetlab o‘tgan, hamma tug‘ishganlarimdan ajralib, o‘zimning bu baxtsizligimni hali his etmagan bir alfozda, tirik edim.
Mana, men hamon tirikman. Naslu nasabim — bolalarim, qizlarimu kelinlarim, yosh va keksa erkak va ayollarning hammasi nobud bo‘ldi. Men esa toshlar yonida o‘sadigan o‘limtik yovvoyi o‘tdek yashayapman. Agar menda jasorat bo‘lganda edi, Per singari: «Toqatim tugadi, alvido!» deya ular ketidan Garonnaga yo‘l olardim. Boshqa farzandlarim yo‘q, uyim yakson bo‘lgan, maydonlarim yaroqsiz holga tushgan. E-voh!.. Dasturxon atrofida hammamiz — keksalar o‘rtada, yoshlar tegramizda o‘tirgan oqshomlar bir xotira endi! Qalbim mehr va haroratdan to‘lib-toshardi o‘shanda! O‘rim payti, uzumni yig‘ishtirish kunlarida uyimizga qaytganimiz hamono mo‘l hosildan qalbimiz faxrga limmo-lim to‘lardi! Beozor bolalar, ajoyib tokzorlar, xurram qizlar va yumshoq nonlar — keksalikdagi quvonchlar bir umrga arzigulik mukofot edi! Hammasi barbod bo‘ldi, shunday ekan, men nega tiriklar orasidaman?!
Menga halovat begona, endi hech kimning madadi kerak emas. Maydonlarimni bolalari tirik qolgan dehqonlarga ulashaman. Ularning zaminni alqashga, qayta tiriltirishga quvvatlari keladi. Bor bud-shudidan ayrilgan men uchun bir parcha yer bo‘lsa, bas.
Yagona istagim — tug‘ishganlarimning jasadlarini topish, orqalaridan o‘zim ham boradigan mozorimizga dafn etish. Tuluzadan daryo oqizib ketgan ko‘plab murdalarni topishibdi. O‘sha yoqqa borishga qaror qildim.
Qanchalik dahshatli kulfat! Ikki mingga yaqin uy qulagan, yetti yuz kishi cho‘kib ketgan; butun qishloq huvillab, balchiqqa botgan… Yigirma ming yarim yalang‘och, baxtsiz odamlar qoldi; shaharda murda hidi anqiydi, hamma tif tarqalishidan xavotirda; muruvvatli odamlar jarohatni davolashdan ojiz.
Men nuragan uylaru o‘zimga tegishli marhumlardan boshqa hech narsani ko‘rmasdim. O‘z iztiroblarim o‘zimga yetib ortadi! Aytishlaricha, haqiqatdan ham ko‘p murdalarni topishibdi. Ularning hammasini shahar mozoriga qo‘yishibdi. Murdalarni suratga olishgan ekan, Gaspar bilan Veronikaning suratini topib oldim. Hali rasman qovushmagan kelin-kuyovlar o‘lganlarida ham ajralishni istamagan: quchoqlashgan, o‘pishgan ko‘yi turishibdi. Shunday ahvolda suratga olishgan ekan. Aytishlaricha, jasadlarini bir-biridan ajratish uchun achomlashgancha qotib qolgan qo‘llarini kesishibdi.
Menda, to‘fonda mag‘lub bo‘lsalar-da baribir gezargan chehralarida yuksak muhabbatning pokligi, jasorati qolgan go‘zal yigit va qizdan qolgan xotira — shu. Surat, surat… Ularga tikilganim sayin ko‘zlarimdan shashqator yosh oqadi…

М: “Sharq yulduzi” jurnali, 1988 yil, 1-son.

033

(Tashriflar: umumiy 2 760, bugungi 2)

Izoh qoldiring