Genrix Mann. Intiqom

Ashampoo_Snap_2017.06.05_21h28m05s_001_.png     Эмма Блазиус кўнгил қўйган кишисига турмушга чиқолмади – асессор Либан камбағал эди. Ёшлар ота-оналарининг ҳоҳиш-иродаларига қарши чиқишга ботинолмадилар; уларнинг тақдирини катталар ҳал қилди.

Генрих МАНН
ИНТИҚОМ
Русчадан Олим Отахон таржимаси
09

 6248_135408592197.jpg  Генрих Манн (нем. Heinrich Mann; 27. 03. 1871, Любек, Германия, — 11. 03. 1950, Санта-Моника, АҚШ) — таниқли немис адиби. У  савдо иши билан шуғуланувчи бадавлат ва маданиятли оилада туғилади. Машҳур ёзувчи, Нобель мукофотининг соҳиби Томас Маннинг акаси.
Дастлабки романлари: «Бир оилада» (1894), «Фаровон ўлка» (1900, «Маъбудалар ёхуд герцогиня Ассининг уч қиссаси» трилогияси (1903) . Уларда адиб ижодига хос фош этувчи сатира очиқ кўринади. «Фаровон ўлка» романининг қаҳрамони чекка вилоятдан келган камбағал студент Андреас Цумзедир. У Берлиннинг ғарбий қисмидаги биржа корчалонлари, банкирлар, савдо аҳли, малайсифат газетачилар яшайдиган бой маҳаллада яшашни орзу қилади. Андреас қийналиб бўлса ҳам ўша муҳитга кириб олади, сўнгра бешафқат муҳит таъсирида мутлақо ўзгаради. «Маъбудалар» трилогиясида эса ўша даврдаги ижтимоий ҳаёт санъат ва муҳаббат муаммолари орқали кўрсатилади.
Генрих Манн ҳажвиётининг юксак намунаси «Империя» трилогиясининг биринчи романи «Содиқ фуқаро» (1941)дир. Унда зўравонлик ва монархия тартибларининг ҳимоячиси бўлмиш бош каҳрамон Дидрих Гесслинг тимсолида «маъсулиятни ҳис этмайдиган ашаддий миллатчи»нинг шаклланиш жараёни намоён этилади.
Адибнинг яна бир машҳур асари 1935-1939 йилларда ёзилган ва XVI асрда фаолият юритган француз императори Генрих Тўртинчига бағишланган эпопеядир. Эпопея «Генрих Тўртинчининг ёшлиги» ва «Генрих Тўртинчининг етуклик даври» деб аталувчи икки романдан иборат.

09

Эмма Блазиус кўнгил қўйган кишисига турмушга чиқолмади – асессор Либан камбағал эди. Ёшлар ота-оналарининг ҳоҳиш-иродаларига қарши чиқишга ботинолмадилар; уларнинг тақдирини катталар ҳал қилди. Зотан ота-оналари ўша тинч замонларда устивор бўлган барқарор одатларни ўз турмушларида давом этишини исташар эди. Асессорнинг ожизона норозилигини айтмаса, севишганларнинг қўлидан ҳеч нарса келмади. Тақдирнинг раҳм-шафқатига ноил бўлиш ниятида асессор ишхонада ўзини намунали ходим сифатида кўрсатишга уринар ва севган одамнинг кўнглини олиш учун унинг онасига иштиёқ билан мулозамат қилар эди, Эмма эса ўзини ёлғондан аламзада қилиб кўрсатишдан нарига ўтолмади. Нафсиламбирини айтганда, шундоқ ҳам асаблари сал нарсага дош беролмайдиган бўлиб қолгани – уларнинг яширин никоҳидан кейинги йиллар ичида содир бўлган нохуш воқеалар, ушалмаган умидлар ўзидан огоҳ қилаётган эди. Махфий маслаҳатчи Блазиус одати бўйича қиш охирларида ташкил этадиган имлама зиёфат арафасида, Либан Эмманинг укасини кўчада учратиб қолди ва қизиқиб сўради:

— Зиёфатда мен ким билан ўтирар эканман?

Гимназист маънодор қилиб кулимсиди. Ким биланлигини у билмаса ким билади!

— Айт! Мен қарздор бўлиб қолмасман.
— Бўпти, мен ўйлаб кўрай.

Улар бир мунча вақт келишолмай туришди. Ниҳоят бир тўхтамга келишди.

— Хўш, хуллас калом, ким билан экан?
— Мусиқа муаллимаси билан!

Асессор шартта бурилди-да, ундан узоқлашди.

Кечқурун эса Эмма ёши ўтиб қолган бўйдоқ, Африкадаги мустамлакаларда ишлаб бойлик орттирган доктор Шац ёнида ўтирарди. У столнинг нариги бошидаги ёри билан одамнинг раҳмини келтирадиган даражада маъюсгина кўз уриштириб қўярди. Шу билан бирга Шац дўмбоққина, яланғоч билакларини кўриб маҳлиё бўлсин учун ишвакор тарзда елпиниб қўяр, Либан эса мусиқа муаллимасининг кўнглини топишга бериларди. Шунча йил сабр қилиб, ичикиб, қўмсаб ва севги азобини чексаю бир бор кўриш, учрашиш учун турли хил ҳийла-найранг ўйлаб топиб, бахт ҳақидаги орзулар билан яшаб юрганлари нима бўлади? Наҳотки ҳаммаси зое кетса! Гимназистнинг ёшгина ўсмир қизга бўлган нозик туйғулари; яхмалакда дийдор кўришганлари, ўша ерда ота-онасининг йиғиб қўйган пулларидан ўғирлаб чиққан пулларига унга пирожки олиб берганлари; ўқишга кетиш арафасида бир-биримиздан ҳеч қачон айрилмаймиз, дея қасам ичганлари-чи! Қолаверса, узоқ давом этган айрилиқ даврида, иккови ҳам майда хиёнатлардан сақланолмади. Бироқ бунақа арзимаган нарсалар ва ҳатто улардан каттароғи ҳам уларнинг юксак мақсадлари олдида тирноқчалик аҳамияти йўқ эди.

Зиёфат тугади, меҳмонлар хоналарга тарқалиб кетгунча бахтсиз севишганлар бунақа пайтда юз берадиган одатдаги қий-чувдан фойдаланиб, қайсидир эшик ортига яшириниб олдилар. Қизнинг авзойидан Либан ҳаммасини тушунди: фожеа рўй бериши муқаррар ва Эмма унинг олдини олишга ожиз. Ота-онаси унга нима дейишди, фақат шуни билиш қолди, холос.

— Улар, ёшинг йигирма иккига чиқди, бошқа кутиш мумкин эмас, дейишди.
— Хўп, доктор Шац қаердан пайдо бўлиб қолди…

— Дадам уни рад қилишимга қатъиян қарши бўлаяпти.
— Шунақа дегин… Начора… – дея галга солди Либан.

Шунда Эмма очиғини айтди: шу бугуноқ унаштириб қўйишаркан.

— У кутолмас эмиш, — деди Эмма умидсизликка тушиб. – Унинг ўзи узоққа бормайди.

Сигарет тутатгани чекиш хонасига ўтиб кетаётган бир гала кашандалар севишганларни чўчитиб юборишди. Хавф ўтиб кетгач, улар хайрлашишди. Яхши оилаларнинг одобли болаларига муносиб равишда улар ўз севгилари, ёшликдан бери юракларида жўш уриб келаётган орзулари билан яширинча видолашдилар. Шундан сўнг ҳаммаси ўз йўлида давом этди: Эмма доктор Шацга турмушга чиқди, янги, муҳташам салон қурилди, бутун шаҳарга довруғи кетган зиёфат, қабул маросимлари ўша ерда ўтказилди. Бу орада Эмма ўғил туғди, отаси улғайса унга консулликни кўзлаб қўйди. Хонадоннинг энг яқин дўсти, округ судининг маслаҳатчиси Либан эса ҳатто Вольфхен рейхканцлер бўлади, деб башорат қилди.

— Ана шунда саноатнинг роли ўзининг қадрини топади. Янги кайзер ҳукуматга сармоядорларни жалб этади, — дея каромат қилди.

Либан эса ҳаётини ҳукмрон урф-одатларнинг талабларига биноан бошлади: бадавлат қизга уйланди. Унинг хотини турмушга чиқмасидан олдин Эмманинг яқин дугонаси эди, энди бу қадрдонлик янаям мустаҳкам жипслашди. Либаннинг икки нафар қизи ёки кичкина Вольф ҳаётида юз берган ҳар қандай ҳодиса иккала оилада қизғин муҳокама қилинарди.

Шац оғир дардга йўлиқиб кўрпа-тўшак қилиб ётиб олганида Либанлар хонадонининг барча аъзолари унинг тепасида парвона бўлишди. Беморнинг аҳволи тобора ёмонлашаётганини кўрган фрау Либан шундай деди: “Биз жуда кўпчилик бўлиб, уни чарчатиб қўяяпмиз, шекилли.Унга бир ўзинг қараб турақол”.  Либан бемор  тепасида уни овутиб, кўнглини олиш учун ҳар хил воқеаларни гапириб берганча соатлаб ўтирар, бироқ Шац ҳеч нарсани эшитмас – у алаҳлаб ётарди. Бемор, Эмма томиридан дори юборганидан кейингина ухлаб қоларди. Шунда уй бекаси билан оиланинг қадрдон дўсти бирдан енгил тортишарди. Улар бемор ётган ўриннинг икки тарафида ўтиришарди. Бу оқшом улар илк бор бир-бирларига узоқ термулиб қолишди. Икковларининг чеҳрасидан дили сиёҳ экани ва қаттиқ толиққани сезиларди. Айни чоқда икковига ҳам эс-ҳуши жойида эмасдек туюларди. Бироқ улар шу аҳволда ҳам беморнинг аҳволини жиддий муҳокама қила бошлашди. Соғайиб кетишидан умид борма? Врач нима деркин? Улар врачнинг ташриф беришини сабрсизлик билан кутишарди, очиғи, врач фақатгина беморга қараш учун эмас — у келса, икковининг узоқ вақт ёлғиз қолиши ва шунингдек, суҳбатлашиб ўтиришлари учун имкон яратарди. Чурқ этмай ўтириш нақадар оғир ва чидаб бўлмас хол. Ажабо, нега бирдан бунақа бўлиб қолди? Ваҳоланки, шунча йиллардан бери энди-энди ёлғиз қолишмаётган бўлса. Аммо ҳозир улар унчалик ишониб бўлмайдиган қарздорга қараб ўтиргандек бир-бирларини кузатиб ўтиришарди.

— Агар илгарироқ шунақа бўлишини билганимизда эди… – деди хижолат бўлиб Эмма.

— Ҳозир ҳаммаси бошқача бўларди, — дея унинг чала қолган гапини тугатди Либан. Бирдан унинг вужудини тушунтириб бўлмайдиган ҳаяжон қамраб олди.

— Агар Шац оламдан ўтса, — деди у ўрнидан турар экан, — мен хотиним билан ажрашаман. Ҳаётимизни янгитдан қурамиз.

— Кечикмадикмикин? — ишонқирамай сўради Эмма. – Ёш бўлмасак энди!

— Куйиб кетмайдими…. Қизларимнинг меросидан барибир уларнинг балоғат ёшига етгунча фойдаланиш ҳуқуқи менда бўлади, тушунгандирсан.

— Шац менга ҳам бирон нима қолдиради, — қўшиб қўйди гердайганча Эмма.

Кутилмаганда маслаҳатчи кўзларига ёш келганини сезди.

— Эмма! – дея хитоб қилди у – Эмма! Биз асли ўша пайтда дадилроқ бўлишимиз, умидсизликка тушмаслигимиз керак экан. Ота-онангни раъйига қарамасак бўлар эди-ю! Баъзан шундай вазиятларда яширинча никоҳ ўқитишган одамлар! Эҳ, ҳаётимиз бутунлай бошқача бўлар эди!

Эмма чинданам Либан айтганидек ҳаётлари бошқача бўларди, фақат улар сариқ чақага зор бўлиб ўтиришарди, деб ҳаёл қилди ичида. Бироқ кўнглидан ўтган бу гапни айтмади – Либаннинг юксак даражада хаёлпараст экани унга таъсир қилди ва ўз хушторига муносиб бўлгиси келди.

— Бизнинг фарзандларимиз бошқача бўлишади, мана кўрасан, — деди у қатъий қилиб. – Улар биз учун ҳали қасос олишади.

“Яна болалар!” Вой худойим-ей! Лоақал уларни мавқеи баланд, мартабали одам бўлишларига ёрдамимиз тегса! – хаёл қилди у.- Ахир, бу ота-онанинг бурчига кирмайдими!” Инчунун у анчадан бери эришишни орзу қилиб юрган аёлни ўтли бир истак билан қучоқлаб бағрига босди.

— Бир вақтлари ҳам худди шундай эдинг-а! – дея инқиллади у.

Орқа томонда ётган бемор унга қўшилиб олдинма-кетин ингради. Либан билан Эмма тушида безовталанаётган Шацга ғазаб билан ўгирилишди. Мана шу одамни, деб улар ҳаммасидан маҳрум бўлишган, ҳаётларини барбод қилишган-а! Қўшни хона қоп-қоронғу эди. Қоқилиб-суқилиб улар ўша ерга киришди ва бир-бирини оғушидан бўшатмай диванга йиқилишди.

— Ойи! Либан амаки! Қофия топишга ёрдам бериб юборинглар:

Гекторга нисбатан нафрат ўчмаган ҳали,
Ўғлидан хавотир олади улар.

Бизга шу сатрларни таржима қилиб, қофиялаш топширилган.

Сукунат. Улар қоронғулик қўйнида тўлғонишарди. Ахир бу Вольф-ку!

Ёнгиналаридаги ошхонада дарс тайёрлаяпти. Шуғулланиб ўтирган бола билан ҳозиргина ўзлари ётган диванни дарпарда тўсиб турарди, бамисли охирзамон бошлангандек ўтакалари ёрилай, деди, ҳар қандай аҳлоқий қонунларни бузган жиноятчилар шу топда ўз аҳволларини кўз олдиларига келтириб даҳшатга тушишди. Тушмай ҳам бўлармиди! Чамаси, трояликлар ғазабга минган Атройнинг фарзандларини кўрганда шундай қутлари ўчган бўлса керак. Эркак киши бўлгани сабабли аввал Либан ўзини қўлга олди ва шахдам юриб ошхонага чиқди.

— Биринчидан, талаффузинг жуда ёмон, — деди у остонадан ўтган заҳоти, — иккинчидан, унақа қийин эмас:

Ва нафрат юракларни куйдирди ўтдек.
Шодланмоқ эрта эмасми ҳали?
Гекторнинг ўғли бор – алпдек.

Вольфхен унга завқ билан тикилди, Либан эса бу сафар кўнгилсиз сатрларнинг таржимаси очиқдан-очиқ қочиримли чиққани учун яна қизариб кетганини ҳис қилди. Боланинг ишшайиб туриши эса унга ғалати туюлди: наҳотки пайқаб қолган бўлса?

— Бу ҳаддан ташқари эркин таржима, — дея қўшимча қилишга шошилди маслаҳатчи. – Жуда нўноқ. Қофияси тентакона экан, янаям тўғрироғи мана бундай:

Гарчи Гектор ўлди, лек ундан-да хатарли ёв бор,
Ахир унинг ўғли ёнидан кетмайди зинҳор.

Тугатмасдан аввалроқ, бу сатрлар ҳам уни фош қилиб қўяётгандек туюлди-да, шунақа нўноқ шеърлар билан болаларнинг бошини қотираётган тентак муаллимни ёмонлашга тушди ва гапини тасдиқлаш учун боланинг онасини чақира бошлади. Лекин ҳеч ким жавоб бермади.

Нима бўлган тақдирда ҳам, Либан билан Эмма ниҳоят бир-бирининг васлига эришишди: севишганлар фақат шу мақсадда шаҳар чеккасидаги икки хонали уйни ижарага олишди. Ўзга иложлари ҳам йўқ эди, чунки Шац аксига олиб соғайиб борарди. Улар қачон учрашмоқчи бўлсалар телефонда келишиб олишарди. Агар, телефон қилганда дастакни Шац кўтариб қолса, Либан у билан арзимас нарсалар ҳақида гаплашар, бироқ Эмма унинг қўнғироқ қилишдан мақсади бутунлай бошқа нарса эканини фаҳмлаб турарди. Дарвоқе, Шацнинг саломатлиги уларни заррача қизиқтирмасди. Лекин Вольфни бир дақиқа ҳам унутишолмасди.

Ўшанда у бирон нимани сезганмикин?

— Кўпинча болалар лозим бўлмаган нарсаларни эшитиб қоладилар! Қолаверса, болалиги қоптими – ўн тўртга қараб кетди бу йил!
— Балки! – деди бунга жавобан. – Вольфхен бошқа болаларга мутлақо ўхшамайди.

Аммо маслаҳатчининг бунга ишончи комил эмасди. Эҳтимол бола шунчаки яшираётгандир. У Вольфни текширишга, қадамини кузатиб юришга аҳд қилди. Иттифоқо, бир куни, Вольф гимназиядан қайтиб келаётганда, аёлларнинг ички кийими сотиладиган дўкон витринасидаги яланғоч манекенларни тамоша қилиб турган эди. Либан у билан саломлашиб бўлгач, ҳазил аралаш шунақаларнинг ростакамини кўргинг келяптими, деб сўради. Бир вақтинг бўлганда “Метрополь”да намойиш этилаётган ревьюга олиб бораман, бўптими? Боланинг ишончига кириш учун суд маслаҳатчиси ҳеч шошилмай секин-секин йўлдан ура бошлади. Бироқ, минг қилмасин, унинг қалбига йўл тополмади. Онаси эса, аксинча, ўғлини рақс тўгарагига юбормай қўйди. Эмма сарлавҳасида аёл исми акс этган бирон-бир рангли суратлар билан безатилган журнални қўлида кўрса, ундан тортиб оларди. У болаларга хос софлик ва маъсумлик сақланиб қолганмикин, дегандек унинг кўзларига синовчан тикиларди. Бироқ, охир-оқибат ўзи ноқулай аҳволга тушди ва номусдан юзи қизариб кетганини ҳис қилди. Ваҳоланки, Либан ҳам ич-ичидан уяларди. Қаранг-а, шу ёшида, жамиятда эгаллаган мавқеига қарамай ёш боланинг орқасидан айғоқчилик қилиб юрса, унинг олдида титраб-қақшаса ва шунинг оқибатида ҳеч нарсага эришолмай юрса! Бу шумтака, бирдан оғзидан гуллаб қўйса-чи! Адойи-тамом, дегани-ку бу! Иккала хонадоннинг тинчлигига, ҳаёт тарзига путур етади, қолверса, судьялик лавозимида ўтириши ҳам гумон бўлиб қолади. Мана шуларнинг ҳаммаси шу лаънати боланинг қўлида. Ғинг деса – тамом, бугунми-эрта Либаннинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Йўқ, бу ҳаддан ташқари даҳшат! Ҳатто у ўзи йўлдан оздирган аёлнинг боласи бўлса ҳам, бунақа дъво қилишга ҳаққи йўқ!

Судья Либан эндиликда, таъбир жоиз бўлса, бунақа айб учун қонун бузувчилар эмас, балки жамият айбдор, деб ҳисоблашга мойил эди. Шу жамият яна даъво қилишига ўлайми! Кимнинг номидан даъво қилади? Шацнинг номидан эмасми яна? Бу шарти кетиб, парти қолган чол икки ёшнинг муҳаббат шаробидан лаззатланиб яшаш орзусини барбод қилиб, уларни хиёнат ботқоғига итариб юборишга ҳеч қанақасига ҳаққи йўқ эди. Ўғил – бошқа гап! Унинг, албатта, бирон-бир норозилик билдиришга ҳаққи бор. Аммо айнан қанақа? Бу хусусда у нималар билади? Минг айлантирма, ўша дарди бедаво! Либан болани ёмон кўриб кетди.

— Вольф жуда камҳаракат бўлиб бораяпти, — деди кунларнинг бирида хонадон дўсти. – Китоб жиннисига айланиб қолмасин яна! Чиниқиш ўрнига уйдан кўчага чиқмаса, бу қанақаси!

Провардида Вольфхен гимнастга айланди, бойскаут бўлди ва ҳатто, “Ватан фарзандлари”га аъзо бўлиб кирди. Боланинг бир дақиқа ҳам бўш вақти қолмади, севишганларнинг юрагига доим хавф соладиган сабаб йўқолди. Шу орада, ҳамманинг бахтига, Вольф эр етиб, куч-қувватга тўлди. Либаннинг қизлари ҳам ўсиб-улғайиб гул-гул очилишди. Каттаси, Инга, кичкина Шацга турмушга чиқиши лозим эди, —  тўғри, у ўқишни тугатиб, оёққа туриб олгандан кейин. Бундай режа, энг аввало Эммани қаноатлантирар эди. Ўзининг ўтмишдаги гуноҳларини ювиш истагига қулай фурсат келганини ҳис қилган она, фарзандига бекаму-кўст оила қуриши учун шароит яратиб бериш орқали, хуштори, деб Вольфхенни болалигида нимаданки маҳрум этган бўлса – ўша нуқсон ўрнини тўлдирмоқчи бўлди. Умуман, ўзи, афуски, амал қилолмаса-да, ўғлига сингдириши шарт бўлган муқаддас аҳлоқ қоидаларидан оғишмай, Вольфга севгилисининг қизини қонунан никоҳлаб олиб берса, назарида ўша ақидалар тантана қилган бўлар эди.

Шац тез-тез касалга чалинар, қолаверса Либаннинг хотини ҳам бу масалада ундан қолишмасди. Иккаласи ҳам деярли уйдан чиқмас ва севишганларнинг мана шу ёшда ҳам кўнгилхушлик қилишларига ҳеч нарса ҳалал бермасди. Улар ҳафта давомида бир неча марта кўришардилар. Кенгайтиришган ва дид билан безатиб қўйишган шинам ва қулай уялари икковининг ҳам кўзларига қонуний оилаларидан кўра ёқимлироқ ва гўзалроқ кўринарди. Бирон сабабли, айтайлик, кечиктириш мумкин бўлмаган сафар ёки шошилинч кенгаш чиқиб қолса бўш оқшомларини шу ерда ўтказишар эди. Баъзан Либан куппа-кундузи ишхонасидан чиқиб кетар, Эмма эса — уйида, оила даврасида парҳез таомларни кутиб ўтиришга сабри чидамай ўша уйга ошиқарди. “Жонгинам”, — эркалаб шундай дерди у севгилисига: Шацга эса ўлақолса бунақа демасди. “Сен ҳалиям қаримагандексан”, — ундан фахрланиб қўшиб қўярди у .  Бир пайтлар Эмма оқ оралаган сочларини бўямоқчи бўлганда, Либан қаршилик қилганди.

— Сен ҳеч қачон, ҳозиргидек, ниҳоят бир-биримизга эришган пайтдагидек жозибадор, дилбар бўлмаган эдинг, — деди у ва кўҳликкина севгилисининг баданида яққол ажралиб турган дуркун, дўмбоқ ерларининг бенуқсонлигига суқ билан тикилар экан, берухсат лаззатланишнинг иккови учун тўла-тўкислигидан қувнаб.

— Илгари биз ҳозирдагидек бунақа тажрибали, бунақа назокатли эмасдик… Эҳтимол, бир-биримизга хиёнат қилган бўлардик ўшанда ҳам. Лекин,мана бугун маълум бўлаяптики, бекорга шунча вақт кутмаган эканмиз. Нақадар тотли, нақадар гўзал ҳаётимиз!

Улар ҳақиқатан ҳам бахтиёр эдилар. Бироқ орада уруш бошланиб қолди. Шац уни охирига қадар яшолмади. Ўлишини олдиндан сезиш ҳисси ва дунё кезиб юрганида орттирган тажрибаси уни зийрак қилиб қўйганди: бу урушнинг охири жуда ёмон тугайди, деб башорат қилди у. Кўп ўтмай, биринчи талофатлардан кейин чол вафот этди. “Сўнгги нафасига қадар ватанпарвар бўлиб қолди”, — деган сўзлар билан тугаганди таъзиянома.

— У хавотирдан ўлди, топган шунча яканларини йўқотишдан қўрқарди, дея изоҳлаб берди Вольф.

Яшаш тобора қийинлашарди. Шац олдиндан сезган экан: кичик ва ўртача акциядорлар учун оғир замонлар келди. Уруш уларни хонавайрон қилди, аммо тақдир ҳукмдорлари жорий этган қонун-қоидалар урушдан ҳам оғир ва машаққатли эди. Либан пул билан боғлиқ ишларда кўзи пишиб кетган бўлса ҳам, уддабурон эмас ва шароитга тез мослаша олмас эди; ўзи билан Эмма учун бир нималарни қанчадир вақтга қадар машаққат билан сақлаб қўйишга эришди. Бироқ иккита оиланинг рўзғорини тебратишга Либаннинг кучи етмади: у мўлжалдан адашди, тўғри йўл қолиб, кўзи ожиз одам сингари пайпаслаб, тимирскиланиб, янги-янги кўнгилсизликлар сари кетаверди. Ва охири бор будидан айрилди, фақатгина қадри йўқ қоғозлар – маоши қолди, холос. Ўз судьяларини тақдир измига итқитиб юборган давлат ўз-ўзидан ҳеч нарсага арзимайди; унга бундан буён умид билан қараш, ундан нажот кутиш бефойда эди.

Севгилисидан фарқли ўлароқ Эмма инқирозга тушишдан сақланиб қолди. Бунга, охирги дақиқаларда ўзи беган маслаҳатдан кўра ўғлининг йўл-йўриқларига амал қилгани сабаб бўлди, деб Либан тан олишдан ўзга иложи йўқ эди. Ўша бола том маънода ишбилармон бўлиб етишган эди! Ҳали она сути оғзидан кетмаган, ҳеч вақоси йўқ ёш-ёш йигитчалар бу ола-тасир замонда ўзларини сувга тушган балиқдек ҳис қилишарди. Телба асрнинг ҳақиқий ўғлонлари! Вольф ҳандақларни кўрмади – уруш бошланганида у ёш бола эди, бироқ мана шу оғир, машаққатли йиллар мобайнида бошқа жиҳатдан у ҳазилакам чиниқмади. Шу билан кифояланиб қолмаслиги ҳам кундай равшан эди! Ҳатто балоғатга етмай туриб, у ўзининг шахсий машинасида юрарди. Ундан ташқари, у энди жорий этилган тартиб-интизомни ҳимоя қилиш учун ҳеч нарсадан тоймайдиган ташкилотлардан бирининг раҳбарига айланди. Нимасини айтасиз, хўп яхши тартиб экан-да! Қисқаси, нима бўлган тақдирда ҳам у ҳеч қандай идорага бўйсунмайдиган куч яратган эди. Ҳар ҳолда куч билан ҳисоблашишга тўғри келади, уни беҳурмат қилиш мумкин эмас.

Либан путур етган обрўйини тиклаш учун сўнгги имкониятни ишга солмоқчи бўлди. Худди ўша пайтда Вольф туғилган уйидан кўчиб кетмоқчи бўлаётганди. Унинг бугунги мавқеи ва умуман жамики ҳаёт тарзи кўҳна хонадондаги тартибларга мувофиқ эмас эмиш.

Либан норозилик билдирди: у васий сифатида болани аҳлоқ тузатиш муассасига қаматиб қўйишга ҳаққи бор.

— Мени-я! – деб қайта сўради Вольф. – Шунча таниш-билишим Бўлатуриб-а? У ерда бир кун ҳам ўтирмайман! Ким кўпроқ зарар кўраркин бундан, қани?! Тўғрисини айтсам, менсиз битта иш қилолмайдиган одамларга ёмон бўлади. Амаки, сиз биронта одамга рўзғор қилиб берганмисиз ўзи!

Ҳар қанча салобатини сақлашга тиришмасин, барибир, унинг лавлагиси чиқиб кетди: Вольфнинг дўқ-пўписаси ўз ишини қилди. Судья ўзининг мағлуб бўлганини яшириш учун панд-насиҳат қилишга, огоҳлантиришга ўтди, аммо толеи паст одамнинг огоҳлантиришлари нима бўларди? Омад! Бу нарса ҳамма замонларда мезон бўлиб келган, ҳозир эса ҳар хил тирранча, жўжахўрозлар, шубҳали кимсаларнинг омади чопган! Либан округ судьясининг раиси лавозимига тайинланди. Ўзининг бу янги лавозими изн берган юксакликдан туриб у ҳақиқий йўлдан адашган ўнлаб одамларни кўрди. Бироқ, озодликка чиққан заҳоти, улар қисқа вақт ичида омади келиб бойиб кетишар ёки юксак лавозимларга кўтарилишар эди. Фақатгина у, судья, лақиллаб қолаверди. Дарҳақиқат, у ҳеч кимни, оқимга қараб сузиб бораётган мулоҳазасиз ёшларни-ку турган гап – боқолмаган!

Назарида катта қизи Инга, яхши оиланинг қизи бўлгани учун ўзи тушуниб олиши керак эди. Модомики, отанг камбағаллашиб, фақирона яшаяпсанми, лоақал зоҳиран одамшавандаликка риоя қилишлик шарт эди. Бир замонлар, ҳеч бўлмаганда ана шундай қилинарди. Энди-чи? Отасининг қатиян манъ этишига қарамай, Инга янги иш бошлаган шубҳали фирмага хизматга кирди. Қизининг даромади, анча бўлди отасиникидан ошиб кетди, лекин шу ҳам унга етмайди: унинг ғарра-шарра еб-ичиб юриши ўзга манба ҳисобидан таъминланар, қайси манбадан эканлигини эса аниқлаш қийин эмасди.

Ота-оналари балоғат ёшидаги фарзандларининг бу қадар яқин бўлишларига, ишқий муносабатларига йўл қўйиб қўйиш яхшиликка олиб бормаслигини билсалар-да унга қаршилик қилишга кучлари етмасди. Улар ота-оналарининг гапини сариқ чақага олишмас, кўнгилларига келганини қилишарди. Шунчаликка боришган эдики, ҳеч нарсани ўйламай, ташвишини қилмай тарала-бедод яшашар, орқа-олдиларига қарамай пул сарфлашарди, ҳолбуки, эски пайтда бу пулга катта зиёфат қилиб, тумонат одамни чорласа бўларди. Ишбилармонликлари ҳам шу ҳаётларига монанд эди: на уят, на инсофни билишарди! Либан Ингани инсофга чақириб қўйиш ниятида кўнглидаги гапларни айтганда, қизи очиқчасига деди:

— Дада, бу нарсалар ҳозир модадан қолган!

Ҳаддан зиёд нозик муносабатнинг оддийгина натижасими бу? Бўлиши мумкин эмас! Унинг Вольф билан муносабати бутунлай бошқача, ўзига хос; унинг жазмани шундоқ ҳам ошиб-тошиб ётибди, у ҳаммасини танир эмиш! Шу гапларни, нима қиларини билмай, охири бу ҳақда эшитишни ҳам истамайдиган касалманд онасининг ҳузурида айтаяптими? Ота нима қилиши керак бунақа пайтда? Бемор жанжал-тўполонни кўтаролмаса! Бунинг устига-устак қизини маломат қилишига маънавий ҳаққи борми уни?

Нақадар шармандалик, тубанлик ҳам шунчалик бўладими! Ўйласанг этинг жунжикиб кетади! Либан энди умуман камроқ ўйлашга ҳаракат қилади, энг даҳшатлиси шу — у иложи борича қаршилик қилмасликка тиришади. Бу ҳам майли ота-оналар бебош болаларини бажонидил ўз ҳолларига қўйиб беришга рози: ҳоҳлаганини қилишсин, фақат бунинг учун улар пул сарфлашмаса бас! Либан касалманд хотинига ўхшаб, кўнгилсиз гапларга аҳамият бермайдиган бўлди. Бироқ кенжа қизи Эффи унга оқизмай-томизмай айтиб бериш фурсати келганидан фойдаланиб қолишни лозим топди.

— Чшш, секинроқ, касал ётган онангни аягин ҳеч бўлмаса, — деб ёлборди Либан ва ётоқхона эшигига кўз қири билан қараб қўйди.

У ҳатто Эффига гапини ўтказа олмади. Ҳолбуки, унга ҳам бутунлай ишониш қийин. Бир куни Эффининг дераза олдида, ўтиб кетаётган гимназист билан кўз қисишиб турганида ушлаб олганди. Либан хонадонини жўшқин мухлислар ҳужумидан кўксини қалқон қилиб ҳимоя қилишига тўғри келганди. Албатта бу бачканаликдан бошқа нарса эмас, ташвиш чекадиган ўрни йўқ, ҳаёлида шундай туюлибди. Аммо бир куни эрталаб Эффи нонушта қилгани хонадан бир ўзи чиқиб келди.

— Инга-чи?
— У ҳали келмади.

— Нега келмайди? – Либан бамисли девордек оқариб кетди.

Эффи бамайлихотир тарелкани олдига сурди.

— Нима бало, кармисан? – ўшқирди Либан ва столга мушт билан урди.

— Вой худойим-ей, дадагинам, нега ҳаяжонланасиз, — деб жавоб берди кенжа қизи, елкасини қисиб.- Инга таътилга чиқаман, деб юрганди. Қаерга кетди, ким билан кетди, билмайман. Ўзинг, катталарнинг ишига аралашма, демаганмидинг?

Отаси унга ялиниб-ёлборишга тушди. Ниҳоят анчадан бери ўзи тусмол қилиб юрган ҳақиқатни қизининг оғзидан эшитди.

Либан Эммага қўнғироқ қилди. Улар ўша куниёқ ўзларининг “уялари”да учрашишди. Судья ёлғиз шу ердагина бунақа оғир зарбани кўтаришга ёрдам бера олгувчи таскин-тасалли топаман, деб ўйлаганди. Ахир унинг дунёда Эммадан бошқа ғамхўри борми!

— Биз қариганда ҳам бир-биримизга суянамиз. Ҳоҳлаганларини қилаверишсин – бизни ажратолмайдилар!

У Эмманинг қучоғига отилмоқчи эди, лекин нажот париси, деб ҳисоблаган соҳиба уялдими, ҳар қалай кўзларини олиб қочди ва унинг бояги ишончидан бир зумда асар ҳам қолмади.

— Ҳаммасига чек қўйиш керак, — судья беихтиёр кўнглига тугиб қўйган гапни айтди.

Бироқ ёш йигитчанинг онаси қизнинг отасига нисбатан юз берган ҳодисалардан ўзгача хулоса чиқарди.

— Шу чоққача кўп нарсаларни хаспўшлаб келишга тўғри келди, энди жанжал қилишдан нима фойда?

Қизнинг отаси шартта дераза томонга юзини буриб олди.

— Мени қизимнинг иффати…- дея гап бошлади у бор-йўқ журъатини йиғиб, бироқ ўша заҳоти дами ичига тушиб кетди. Гапиришдан фойда йўқ: қизини йўлдан оздирган йигитчанинг онаси очиқдан-очиқ унинг гапларини тушунишни истамасди. Либаннинг кўз ўнги қоронғулашди. У иккала қўли билан бошини чангаллаганча ҳолсизланиб стулга чўкди.

— Албатта, буни кўтариш жуда қийин! – тилёғламалик қилиб минғиллади Эмма.

Лекин нима қилиш керак! Бу аҳволда уларнинг тақдирга тан беришдан ўзга иложи йўқ. У бечора қизини аяб, унга қаттиқ жазо бермаслиги лозим. Бугунги ёшлар шунақа ҳаммаси. Улардан нима кутиш мумкин! Эмманинг ўзи бир амаллаб ўғлини йўлга солиб олади..

Либан қачон Эмма қонуний никоҳ ҳақида гап очаркин, деб анчадан буён кутиб юрарди. Бироқ бу ҳақда гапиришни у ҳаёлига ҳам келтирмас эди, мана ҳозир Либан бирдан сабабини тушуниб қолди. Ахир Инганинг сариқ чақаси йўқ-ку! Шундай бўлса ҳам Эмма ўғлини уйлантиришга қарши эмас, Либан, ҳар қалай шундай хаёллар билан ўзини юпатди. Бироқ бу аёл ўзининг суюқоёқ ўғлига таъсир қилолмаслиги аниқ. Аввало жазманига, қолаверса ўзига ачинганидан унинг энсаси қотди. Улар хайрлашаётганда, Эмманинг чеҳрасида алланечук мужмал, муҳмал, жирканчгина ифода пайдо бўлди, бироқ хушторининг ғамгин кўриниши унинг кўнглини юмшатди. У дунёда энг яқин одамим, деб ҳисоблаган дўстини маҳкам бағрига босди.

— Ўзимиз ҳам ахир бунақа гуноҳлардан ҳоли эмасмиз-ку, — деди таъсирчан овозда. – Ҳеч нарсага қарамасдан бир-биримизни севган эмасмизми? Бечора болаларимиз, бизнинг овозимиз билан куйлашаётгани хаёлларига ҳам келмаяпти.

Либан ишонмади: шунчаки хаёлларига келтирмаслиги мумкинми? Бироқ Эмма бу хусусда муталқо хотиржам эди – ўз онасидан шубҳаланиш Вольфнинг ҳаёлига ҳам келмайди.

Бир неча кундан сўнг, ҳеч нарса бўлмагандек Инга уйга қайтди.

— Салом, дадажонгинам. Мен Вольф билан Венага боргандим.

— Бундан афзалроқ баҳонани тополмадингми? – Либан бўғилиб нафас оломаётгандек ёқасини тортди.

— Хуллас калом, сени хабаринг бор, — деди Инга. – Бошқа ҳеч кимга бир оғиз гапирмайман. Ташвиш чекмаслигинг мумкин, дадажонгинам!

— Ол-а, жонкуярлик ҳам шунча бўлади-да! – деди бўғиқ овозда Либан.
— Ҳа айтганча, сизлар бу нарсаларга бошқача қарайсиз-ку, топдимми!

— Биз ёшлигимизда бунақа номаъқул ишларни қилмасдик…

— Мунофиқликни афзал билган ҳолда, — деди Инга шартта унинг гапини кесиб.

— Агарда, мен ҳар нечук оталик ҳуқуқимдан фойдаланадиган бўлсам…- тоқати тоқ бўлаёзганини ҳис қилган судья, сўнги марта кўнглидаги гапларини айтишга чоғланди.

— У ҳолда, минг афсуслар бўлсинки, бизнинг йўлларимиз ажралиб кетади, — деди Инга юмшоқ, лекин қатъий оҳангда.

Либан илк бор самолёт ойнасидан пастга қараган одам каби чуқур энтикди.

— Сен лоақал жазманингга турмушга чиқишга ҳаракат қилсанг бўларди! — дея олди у фақат.

— Бўлмайди! Эффига зарар. Чунки кейинги сафар унга навбат, шундайми?

— Қойил-ей! Ҳаммаси тушунарли. Бундан расвоси бўлмайди!- Бу ақлдан озган кишининг қичқиришига, лекин айни чоқда енгил тортиши учун уринишига ҳам ўхшарди.

Инга сергакланди.

— Сенга бир нима бўлдими, дадажон?

— Менгами? – хириллади у тантанавор. – Ниҳоят мен жазоимни олдим. Ўт тушсин ҳаммасига! Қанча тез бўлса шунча яхши! Қўлингиздан яна нима келади? Мендан ўчингизни олаверинг!

Кимдан ва нима учун ўч олиш кераклигини ўзи ҳам билмасди. Поймол бўлган ёшлиги учунми? Ё хун бўлган қалби учунми? Уни хонавайрон ва шарманда қилганлардан ўч олишсинми? Унинг кўнглида туғён урган ҳис-туйғулари алғов-далғов бўлиб кетди. Кўз очиб юмгулик лаҳзада минг йиллик аҳлоқий кишанлардан халос бўлган судья ҳозир ҳамма нарсага тайёр эди.

— Мени ҳам эсингдан чиқарма. Кел, бағрингга бос мени, нуридийдам!- деди у жазава ичида чинқириб.

Қўрқиб кетган қизи орқасига тисарилди. Бироқ Либан қалбида туғён урган вулқон узоққа бормади, сўнди. У юраги бирдан кўтаролмй қолишидан хавтирланиб каравот сари юрди. Унинг назарида катта бахтсизлик юз бериши муқаррар эди ва бундан баттарроғини кутди. Чиндан ҳам, кечқурун Эмма қўнғироқ қилиб, зудлик билан келишини сўради. Қаттиқ ҳаяжонланганидан у аранг гапирарди. Аввалига Либан тоби йўқлигини рўкач қилиб, боролмаслигини айтди. У Эммани ўтган сафар узоқ ялинтиргани учун кечиролмаётган эди. Аммо кейин боришга ваъда берди.

Ярим кечага яқин улар кимсасиз, тор кўчада учрашишди, ўғринча бориб, жонсарак сукунат қўйнида нотаниш ва бегонадек туюлаётган уйларига етиб олишди.

Баҳайбат соялар, девор сатҳида сирғалиб улардан олдинга чўзилиб ўтди-да, зина суянчиқлари орасида ғойиб бўлди. Улар қотиб қолишди. Қочиш керак! Ҳеч нарсага қарамасдан!

— Юр! Ҳар хил шарпалардан қўрқиб ўтирамизми? – деди судья.

Ичкарига киргач, барибир ҳамма кунжакларни текшириб чиқишди – ҳар бири ўзини, гўё қолиб кетган нарсасини излаётгандек тутарди.

— Хуллас, нима бўлди уйларингда?- Неча марта Либан шу саволни такрорлади, бироқ жавоб ололмади. У ўгирилиб қаради, Эмма хонанинг ўртасида серрайиб турар, юзида рўй берган машъум воқеанинг ифодаси қотиб қолганга ўхшарди.

— Эй, худойим-ей! Сенга нима бўлди, жонгинам? – Унинг товушидаги самимият Эммани ҳушига келтирди.

— Унга менинг пулларим керак эмиш, — деди у кўз ёшларини тўхтатолмай.

У ўкраб юборишдан ўзини зўрға тиярди. Либан нима гап бўлганини тагига етиш учун қийналиб кетди. Ўғли унинг бор-йўқ пулини талаб қилаётган экан! Бу сафар иши ўнгидан келмай Вольф катта зарар кўрибди. Улар Венага ёлғиз кўнгилхушлик қилиш учун боришмаган экан.

Бу ҳам баҳарнав. Акс ҳолда, у ерда улар босар-тусарларини билмай, тартибга чақирадиган кишилари йўқ – нималар қилишмасди, ҳозирги ёшлардан нима ҳам кутиш мумкин! Йўқ, шунга қарамай у таваккалига чайқовчилик қилишга киришиб кетган ва оқибат хонавайрон бўлган, энди онасининг пули билан қарзларидан узилмоқчи эмиш! Бундан баттар нима бўлиши мумкин!

Сочлари тўзғиган, кўзлари бежо Эмма стулларга қоқилиб-суқилиб хонада у ёқдан бу ёққа кезар, нима қиларини билмасди. Қадрдон дўстининг тинчлантириш учун айтган ҳар битта гапи оловга ёғ пуркагандек бўлар эди. Ҳа, ўзини пули, ҳоҳлаганини қилиши мумкин, албатта. Бироқ пул кун сайин қадрсизланаяпти, бу аҳволда уни сақлаб қолишнинг иложи йўқ. Вольфнинг ёрдамисиз ҳеч нима қилолмайди. Лекин у чексиз-чегарасиз ваколат беришни талаб қиляпти, акс ҳолда уни ташлаб кетаман, деб қўрқитяпти. Эртага эрталаб узил-кесил жавоб бериши керак. Йўқ, дейиш – бефойда! Вольфдан омад юз ўгиргани чатоқ бўлди. Ҳаммаси барбод бўлиши мумкин! Тамом! Адойи тамом бўлди! Кафангадо!

Либан унинг гапини тинглагани билан ўз хаёллари билан банд эди.

“Бу нарсалар менга таҳдид солмайди энди, — деб ўйларди у, — буларнинг бари бошимдан ўтган. Мени унақа пулим йўқ қўрқсам маҳрум бўлиб қолишдан, лекин сени тушуняпман, шўрликкинам! Афсус сенга ўхшолмайман! Камситилган ва хўрланган отанинг ғами сенга таъсир қилмаган эди-ю!”.

Эмманинг ўксиб йиғлашлари унинг асабига тега бошлади.

“Бунчалар умидсизлик, ўз қадрини ерга уриш – фақат пул учун! Қолаверса, унга қанақа қилиб хайриҳоҳлик билдираман, қачонки ўзим бир тийинга зор бўлсам”…

Кўнглига келган шу фикрдан кулимсиради ва бирдан бу кулгуси сўнгги учрашувлари чоғида Эмманинг лабида кўрган табассум сингари разилона эканини пайқаб қолди. Либан бу қилмишидан ўзи уялди, аммо ортиқ маъшуқасининг олдида қололмаслигини ҳис қилиб, қўшни хонага чиқиб кетди.

Шу пайт уйлари ёнига машина келиб тўхтагани эшитилди. Кўча эшик гумбирлаб ёпилди. Иккаласи беихтиёр бир-бирларига қараб югуришди ва остонада қотиб қолишди. Тунги меҳмон ҳали анча нарида эди, бироқ улар унинг ана-мана кириб келишини ҳис қилишди. Пастдаги кимса яширинишни ҳаёлига ҳам келтирмасди – унинг гурсиллаган қадам товуши сукунат қоплаган уйда бўғиқ янгради. Либан Эммага юзланди ва унинг кўзларида ўз қўрқувининг аксини кўрди. Қочиш керак! Улар бир-бирларининг қўлини маҳкам ушлаб олишди. Қулф жаранглаб очилди – кимдир хонага кирди. Зинадан югуриб чиқиш ёш, кучга тўлган йигит учун нима дегани! Яна бир лаҳзадан сўнг хонанинг қўш қаватли эшиги ланг очилди. Ўспирин таққа тўхтади. У оқ оралаган сочлари тартибсиз ёйилган онаси, унинг қўлидан маҳкам ушлаб олган чол, уларнинг эсанкираб қолганидан оппоқ оқариб кетган юзларини кўрди. Вольф нафасини ростлади.

— Ана холос! Лекин тўғри қилибсизлар. Салом, амакижон! Ишончим комилки, ҳаммасини муҳокама қилиб олгансиз. Хўш, ойи, ишончнома ёзиб берасизми?

Кексалар чурқ этишмасди. То улар ўзларини йиғиштириб олгунча, Вольф ўзининг кутилмаган ташрифини изоҳлаб берди.

— Очиғи, ўша заҳоти кўнглим сезди, бугун албатта бехавотир кулбангизда кўришасиз. Мени калитим бор: анча бўлди ойи, сизни калитингиздан кўпайтириб олгандим. Уларни сизга топшираман, энди менга ортиқ керак бўлмайди.

Эмма вақтдан ютиш учун беҳуда уринарди, бироқ, афсуски, бир оғиз гапиролмас, фақат қуруқшаган лабларини қимирлатарди. Шунда бахтига судья уни бундай вазиятдан халос қилди.

— Сен ўғил эмас, газанда экансан, — деди у зааҳрини сочиб. — Нима, сен қарзингни олгани келдингми? Аммо билиб қўй, ҳатто кредиторнинг бунақа қилишга ҳаққи йўқ!

Йигитча кулиб юборди.

— Розиман! Ўғил эмас, кредитор бўлсам бўлибман! Яна қанақа кредитор денг! Кўнглига келганини ундириб оладиган кредитор!

— Йўқол! Пасткаш! Онангдан ҳозироқ кечирим сўра ёки кўзимга кўринма!- ҳайқирди судья.

Вольф боягидан ҳам қаттиқроқ кулди.

— Ёмон эмас! Сизлар ҳали тавба қилишингиз ўрнига мен кечирим сўрашим керакми? Сиз ўзи қаерда турганингизни эсдан чиқариб қўйдингизми?

У хонага кўз югуртириб чиқди. Кексалар типирчилаб қолишди. Вольф уларнинг шу пароканда аҳволларидан фойдаланди.

— Мен бу ерга бир иш билан келдим. Бунақа ишларда ҳиссиётга берилиш ярамайди. Менга дағдаға қилгандан кўра, Либан амаки, ойимга тушунтирсангиз бўларди. Қисқаси мени шартларим тўла-тўкис бажарилишини тақозо этади – бошқа йўл йўқ.

Кекса судья яна ҳужумга ўтмоқчи бўлди:
— Ҳаёлингга келтирма буни! Мутлақо! Мен сенга қаршиман! Бутун куч қувватим, обрў-эътиборим , мартабамни ишга солиб бўлса ҳам бу ишга йўл қўймайман.

Унинг бу дағдағаси иш бермади.

— Қанақа обрў-эътибор? Қанақа мартаба! Улардан ҳеч фойдаландингми? Қанча топдинг, айт! Мен бошқа йўл билан пул топаман.

— Қанақа йўл билан пул топишингни яхши биламиз, — деди Либан иккиланиброқ. Лекин ўша заҳоти яна Вольфга бақира бошлади. -Турқингдан фариштага ўхшайсан! Кўринишинг беозоргина йигитча, юрагинг эса қадим замонлардаги қул сотиб юрадиганларнинг юрагидан фарқ қилмайди. Қўйиб берса, оқ сут берган онангни ҳам, болаликдан битта майизни бўлиб еган дўстингни ҳам сотасан. Сен ўзинг ётган беланчакни тан олмайсан! Нобакор! Барча муқаддас эҳромларни оёқости қилиб, вайронага айлантириб бўлдинг, яна шахсий машинангда ҳеч нарса қилмагандек юришингни қара! Одамлик сиёҳинг қолмаган, сени! Ўша машинага ўхшаб жонсиз, ҳиссиз бўлиб қолгансан.

Нафрат чолнинг тилини ечиб юборганди – Эмма ишни расво қилмаса эди, дея бекорга унинг енгидан тортарди. У иккинчи қўли билан ўғлининг елкасидан қучмоқчи бўлди. Бироқ кечикди, Вольф таъсир қиларли ҳаракат билан бошини шахт орқага ташлади-да, бировни фош этишга чоғланган нотиқ қиёфасига кирди: ғайратли ва ташқи кўринишининг ўктамлиги туфайли, у гўё ёшлик тимсолидек туюларди.

— Шундай бўлади деб олдиндан ўйлаб қўйгандим. Вайроналар деяпсан-а! Дунёни ким вайронага айлантирди? Менинг тенгдошларим – бутун бир авлодни мана шундай вайроналарда яшашга ким гирифтор қилди? Сиз!

— Бунақа хулосалар исбот талаб қилади. Мана шунинг ўзи сени ғўрлигинг, гумроҳлигинг далилидир! – деди тишини тишига қўйиб судья, бироқ ҳазар қилгандек афтини ҳар қанча буриштирмасин, ранг-рўйи тобора оқариб борарди.

— Қанақа эканимни ўзим биламан, — деди жарангдор овозда йигитча. – Сизлар мени фақат вайрон қилишга ўргатдингиз! Агар барини юрагимга олганимда борми, нима бўларди? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Шукрки, унақа латталардан эмасман. Мен, ҳатто сизларни ҳалокатдан сақлаб қолишга тайёрман. Сизлар энди ҳеч нарсага қодир эмассиз! Қўлингиздан биронта иш келмайди! Тарих сизни ҳеч қачон кечирмайди, чунки ҳалокат тегирмонига сув қуйдингиз. Энди бўлса эсингизни йўқотаяпсиз. Сизлар кутган ягона нажот – биз! Ҳа, биз ўша – ҳиссиз, машинага айланган, ҳамма нарсага лоқайд ёшлар! Худо бизни заминга сизларнинг ғанимларингизни яксон қилиш учун юборди. Сизлар гўё яратган ўша тартиб-интизом биз туфайли сақланиб турибди! Яна озгина кечиксак – тамом – сизлар ўша тартиботни яксон этардингиз. Шундан кейин ҳам, бизларнинг тутумимизга норозилик билдирасиз-а?!

— Жим бўл! – дея ёлворди онаси.

У хуштори оёғида аранг турганини, бир оғиз ҳам сўз айтолмаслигини пайқади.

Йигитча бир он тўхтади. Унинг оқариб, буришиб кетган юзидан бу қари-қартангларга нисбатан кўпроқ азоб чекаётгани билинарди. Унинг юраги тез-тез ура бошлади, у оғзидан чиққан шафқатсиз гаплардан қўрқиб кетганди. Лекин ўзини тўхтатолмади: сўзлар оғзидан лава каби отилиб чиқиб келаверди.

— Биз сизларга ўхшаб мунофиқлик қилмаймиз. Биз нарсаларни ўз номи билан аташдан ор қилмаймиз, лекин шундай тубан ишлар борки, биз бундай қилолмаймиз. Мол-мулкка эга бўлиш мақсадида уйланмаймиз. Бир-биримизни алдамаймиз. Пинҳона бузуқчилик билан шуғулланмаймиз! Қолаверса, бизларга бунинг кераги ҳам йўқ! Биз ахир нимамизни ҳам йўқотардик, қаранг, бу ҳам сизларнинг тарбиянгиз! Биз тўғри одамлармиз ва кўзингизга тик қараб туриб ҳақиқатни айтишдан чўчимаймиз. Биз сизлардан ҳам, сизларнинг ҳаёт тарзингиздан ҳам ҳазар қиламиз.

Вольф онасининг ёлворгудек ўзига узатилган қўлини сезмади ҳам. Шунда Эмма энг сўнгги чорани ишга солди.

— Наҳотки дунёда сен учун муқаддас нарса қолмаган бўлса! – дея эшитилар-эшитилмас шивирлади у.

Бироқ Вольфни энди ҳеч қанақа куч энди тўхтатолмас эди:

— Бу ерда, мана шу хонада сиз ўн йиллардан буён одамлардан ва уларнинг ҳукмидан яшириниб юрдингиз. Тўғрироғи, тўққиз йил-у, тўққиз ой ва яна беш кун. Ўша кун ҳеч қачон менинг хотирамдан ўчмайди. Мен ўта таъсирчан бола эдим…

Телбаларча инграган овоз эшитилди. Кампир нари кетди.У каравот ёнига етиб борган замони тиззалаб қолди ва оппоқ бошини ёстиққа қўйди. Ўз сўзларидан сархуш бўлган Вольф, қизариб-бўзариб, муштини тукканча ўзига ташланган қария билан юзма-юз қолганини сезди. У чолнинг қалтираётган бемажол қўлини қийналмасдан қайтарди ва паст, лекин чертиб-чертиб гапирди:

— Қари зинокор! Сен ўз қизингни ҳам номусини поймол қилмоқчи бўлгансан.

Даҳшатга тушган судья ортига чекинди-ю, қоронғулик қўйнида ғойиб бўлди. Йигитча тимирскилаб уни ётган жойидан топди. Чол юз тубан ётар, нафас олмасди. Вольф бунақа воқеаларни кўп кўргани учун нима гаплигини дарҳол фаҳмлади: у бундан баттарларини ҳам кўрганди. Онаси ўзига келиб, ерда ётган судьянинг устига ўзини отмасидан бурун, Вольф уни чалқанча ётқизди-да, бўйин томирига бармоғини босди.

— Тирик, — деди у бапарволик билан. – Қани, қўйворинг уни, ойи, каравотга ётқизиб қўяман. Яхшиямки менга мушт туширишга улгуролмади. Акс холда ўзим жонини суғуриб олардим.  Лекин, сизнинг ҳурматингиз ҳаққи, бунга қўлим бормайди.

5164326525.jpgGenrix MANN
INTIQOM
Ruschadan Olim Otaxon tarjimasi
09

Genrix Mann (nem. Heinrich Mann; 27. 03. 1871, Lyubek, Germaniya, — 11. 03. 1950, Santa-Monika, AQSH) — taniqli nemis adibi. U savdo ishi bilan shug‘ulanuvchi badavlat va madaniyatli oilada tug‘iladi. Mashhur yozuvchi, Nobel mukofotining sohibi Tomas Manning akasi.
show-photo.jpg Dastlabki romanlari: “Bir oilada” (1894), «Farovon o‘lka» (1900, “Ma’budalar yoxud gersoginya Assining uch qissasi” trilogiyasi (1903) . Ularda adib ijodiga xos fosh etuvchi satira ochiq ko‘rinadi. «Farovon o‘lka» romanining qahramoni chekka viloyatdan kelgan kambag‘al student Andreas Sumzedir. U Berlinning g‘arbiy qismidagi birja korchalonlari, bankirlar, savdo ahli, malaysifat gazetachilar yashaydigan boy mahallada yashashni orzu qiladi. Andreas qiynalib bo‘lsa ham o‘sha muhitga kirib oladi, so‘ngra beshafqat muhit ta’sirida mutlaqo o‘zgaradi. «Ma’budalar» trilogiyasida esa o‘sha davrdagi ijtimoiy hayot san’at va muhabbat muammolari orqali ko‘rsatiladi.
Genrix Mann hajviyotining yuksak namunasi «Imperiya» trilogiyasining birinchi romani «Sodiq fuqaro» (1941)dir. Unda zo‘ravonlik va monarxiya tartiblarining himoyachisi bo‘lmish bosh kahramon Didrix Gessling timsolida «ma’suliyatni his etmaydigan ashaddiy millatchi»ning shakllanish jarayoni namoyon etiladi.
Adibning yana bir mashhur asari 1935-1939 yillarda yozilgan va XVI asrda faoliyat yuritgan fransuz imperatori Genrix To‘rtinchiga bag‘ishlangan epopeyadir. Epopeya «Genrix To‘rtinchining yoshligi» va «Genrix To‘rtinchining yetuklik davri» deb ataluvchi ikki romandan iborat.

09

Emma Blazius ko‘ngil qo‘ygan kishisiga turmushga chiqolmadi – asessor Liban kambag‘al edi. Yoshlar ota-onalarining hohish-irodalariga qarshi chiqishga botinolmadilar; ularning taqdirini kattalar hal qildi. Zotan ota-onalari o‘sha tinch zamonlarda ustivor bo‘lgan barqaror odatlarni o‘z turmushlarida davom etishini istashar edi. Asessorning ojizona noroziligini aytmasa, sevishganlarning qo‘lidan hech narsa kelmadi. Taqdirning rahm-shafqatiga noil bo‘lish niyatida asessor ishxonada o‘zini namunali xodim sifatida ko‘rsatishga urinar va sevgan odamning ko‘nglini olish uchun uning onasiga ishtiyoq bilan mulozamat qilar edi, Emma esa o‘zini yolg‘ondan alamzada qilib ko‘rsatishdan nariga o‘tolmadi. Nafsilambirini aytganda, shundoq ham asablari sal narsaga dosh berolmaydigan bo‘lib qolgani – ularning yashirin nikohidan keyingi yillar ichida sodir bo‘lgan noxush voqealar, ushalmagan umidlar o‘zidan ogoh qilayotgan edi. Maxfiy maslahatchi Blazius odati bo‘yicha qish oxirlarida tashkil etadigan imlama ziyofat arafasida, Liban Emmaning ukasini ko‘chada uchratib qoldi va qiziqib so‘radi:

— Ziyofatda men kim bilan o‘tirar ekanman?

Gimnazist ma’nodor qilib kulimsidi. Kim bilanligini u bilmasa kim biladi!

— Ayt! Men qarzdor bo‘lib qolmasman.
— Bo‘pti, men o‘ylab ko‘ray.

Ular bir muncha vaqt kelisholmay turishdi. Nihoyat bir to‘xtamga kelishdi.

— Xo‘sh, xullas kalom, kim bilan ekan?
— Musiqa muallimasi bilan!

Asessor shartta burildi-da, undan uzoqlashdi.

Kechqurun esa Emma yoshi o‘tib qolgan bo‘ydoq, Afrikadagi mustamlakalarda ishlab boylik orttirgan doktor Shas yonida o‘tirardi. U stolning narigi boshidagi yori bilan odamning rahmini keltiradigan darajada ma’yusgina ko‘z urishtirib qo‘yardi. Shu bilan birga Shas do‘mboqqina, yalang‘och bilaklarini ko‘rib mahliyo bo‘lsin uchun ishvakor tarzda yelpinib qo‘yar, Liban esa musiqa muallimasining ko‘nglini topishga berilardi. Shuncha yil sabr qilib, ichikib, qo‘msab va sevgi azobini cheksayu bir bor ko‘rish, uchrashish uchun turli xil hiyla-nayrang o‘ylab topib, baxt haqidagi orzular bilan yashab yurganlari nima bo‘ladi? Nahotki hammasi zoye ketsa! Gimnazistning yoshgina o‘smir qizga bo‘lgan nozik tuyg‘ulari; yaxmalakda diydor ko‘rishganlari, o‘sha yerda ota-onasining yig‘ib qo‘ygan pullaridan o‘g‘irlab chiqqan pullariga unga pirojki olib berganlari; o‘qishga ketish arafasida bir-birimizdan hech qachon ayrilmaymiz, deya qasam ichganlari-chi! Qolaversa, uzoq davom etgan ayriliq davrida, ikkovi ham mayda xiyonatlardan saqlanolmadi. Biroq bunaqa arzimagan narsalar va hatto ulardan kattarog‘i ham ularning yuksak maqsadlari oldida tirnoqchalik ahamiyati yo‘q edi.

Ziyofat tugadi, mehmonlar xonalarga tarqalib ketguncha baxtsiz sevishganlar bunaqa paytda yuz beradigan odatdagi qiy-chuvdan foydalanib, qaysidir eshik ortiga yashirinib oldilar. Qizning avzoyidan Liban hammasini tushundi: fojea ro‘y berishi muqarrar va Emma uning oldini olishga ojiz. Ota-onasi unga nima deyishdi, faqat shuni bilish qoldi, xolos.

— Ular, yoshing yigirma ikkiga chiqdi, boshqa kutish mumkin emas, deyishdi.
— Xo‘p, doktor Shas qayerdan paydo bo‘lib qoldi…

— Dadam uni rad qilishimga qat’iyan qarshi bo‘layapti.
— Shunaqa degin… Nachora… – deya galga soldi Liban.

Shunda Emma ochig‘ini aytdi: shu bugunoq unashtirib qo‘yisharkan.

— U kutolmas emish, — dedi Emma umidsizlikka tushib. – Uning o‘zi uzoqqa bormaydi.

Sigaret tutatgani chekish xonasiga o‘tib ketayotgan bir gala kashandalar sevishganlarni cho‘chitib yuborishdi. Xavf o‘tib ketgach, ular xayrlashishdi. Yaxshi oilalarning odobli bolalariga munosib ravishda ular o‘z sevgilari, yoshlikdan beri yuraklarida jo‘sh urib kelayotgan orzulari bilan yashirincha vidolashdilar. Shundan so‘ng hammasi o‘z yo‘lida davom etdi: Emma doktor Shasga turmushga chiqdi, yangi, muhtasham salon qurildi, butun shaharga dovrug‘i ketgan ziyofat, qabul marosimlari o‘sha yerda o‘tkazildi. Bu orada Emma o‘g‘il tug‘di, otasi ulg‘aysa unga konsullikni ko‘zlab qo‘ydi. Xonadonning eng yaqin do‘sti, okrug sudining maslahatchisi Liban esa hatto Volfxen reyxkansler bo‘ladi, deb bashorat qildi.

— Ana shunda sanoatning roli o‘zining qadrini topadi. Yangi kayzer hukumatga sarmoyadorlarni jalb etadi, — deya karomat qildi.

Liban esa hayotini hukmron urf-odatlarning talablariga binoan boshladi: badavlat qizga uylandi. Uning xotini turmushga chiqmasidan oldin Emmaning yaqin dugonasi edi, endi bu qadrdonlik yanayam mustahkam jipslashdi. Libanning ikki nafar qizi yoki kichkina Volf hayotida yuz bergan har qanday hodisa ikkala oilada qizg‘in muhokama qilinardi.

Shas og‘ir dardga yo‘liqib ko‘rpa-to‘shak qilib yotib olganida Libanlar xonadonining barcha a’zolari uning tepasida parvona bo‘lishdi. Bemorning ahvoli tobora yomonlashayotganini ko‘rgan frau Liban shunday dedi: “Biz juda ko‘pchilik bo‘lib, uni charchatib qo‘yayapmiz, shekilli.Unga bir o‘zing qarab turaqol”. Liban bemor tepasida uni ovutib, ko‘nglini olish uchun har xil voqealarni gapirib bergancha soatlab o‘tirar, biroq Shas hech narsani eshitmas – u alahlab yotardi. Bemor, Emma tomiridan dori yuborganidan keyingina uxlab qolardi. Shunda uy bekasi bilan oilaning qadrdon do‘sti birdan yengil tortishardi. Ular bemor yotgan o‘rinning ikki tarafida o‘tirishardi. Bu oqshom ular ilk bor bir-birlariga uzoq termulib qolishdi. Ikkovlarining chehrasidan dili siyoh ekani va qattiq toliqqani sezilardi. Ayni choqda ikkoviga ham es-hushi joyida emasdek tuyulardi. Biroq ular shu ahvolda ham bemorning ahvolini jiddiy muhokama qila boshlashdi. Sog‘ayib ketishidan umid borma? Vrach nima derkin? Ular vrachning tashrif berishini sabrsizlik bilan kutishardi, ochig‘i, vrach faqatgina bemorga qarash uchun emas — u kelsa, ikkovining uzoq vaqt yolg‘iz qolishi va shuningdek, suhbatlashib o‘tirishlari uchun imkon yaratardi. Churq etmay o‘tirish naqadar og‘ir va chidab bo‘lmas xol. Ajabo, nega birdan bunaqa bo‘lib qoldi? Vaholanki, shuncha yillardan beri endi-endi yolg‘iz qolishmayotgan bo‘lsa. Ammo hozir ular unchalik ishonib bo‘lmaydigan qarzdorga qarab o‘tirgandek bir-birlarini kuzatib o‘tirishardi.

— Agar ilgariroq shunaqa bo‘lishini bilganimizda edi… – dedi xijolat bo‘lib Emma.

— Hozir hammasi boshqacha bo‘lardi, — deya uning chala qolgan gapini tugatdi Liban. Birdan uning vujudini tushuntirib bo‘lmaydigan hayajon qamrab oldi.

— Agar Shas olamdan o‘tsa, — dedi u o‘rnidan turar ekan, — men xotinim bilan ajrashaman. Hayotimizni yangitdan quramiz.

— Kechikmadikmikin? — ishonqiramay so‘radi Emma. – Yosh bo‘lmasak endi!

— Kuyib ketmaydimi…. Qizlarimning merosidan baribir ularning balog‘at yoshiga yetguncha foydalanish huquqi menda bo‘ladi, tushungandirsan.

— Shas menga ham biron nima qoldiradi, — qo‘shib qo‘ydi gerdaygancha Emma.

Kutilmaganda maslahatchi ko‘zlariga yosh kelganini sezdi.

— Emma! – deya xitob qildi u – Emma! Biz asli o‘sha paytda dadilroq bo‘lishimiz, umidsizlikka tushmasligimiz kerak ekan. Ota-onangni ra’yiga qaramasak bo‘lar edi-yu! Ba’zan shunday vaziyatlarda yashirincha nikoh o‘qitishgan odamlar! Eh, hayotimiz butunlay boshqacha bo‘lar edi!

Emma chindanam Liban aytganidek hayotlari boshqacha bo‘lardi, faqat ular sariq chaqaga zor bo‘lib o‘tirishardi, deb hayol qildi ichida. Biroq ko‘nglidan o‘tgan bu gapni aytmadi – Libanning yuksak darajada xayolparast ekani unga ta’sir qildi va o‘z xushtoriga munosib bo‘lgisi keldi.

— Bizning farzandlarimiz boshqacha bo‘lishadi, mana ko‘rasan, — dedi u qat’iy qilib. – Ular biz uchun hali qasos olishadi.

“Yana bolalar!” Voy xudoyim-yey! Loaqal ularni mavqei baland, martabali odam bo‘lishlariga yordamimiz tegsa! – xayol qildi u.- Axir, bu ota-onaning burchiga kirmaydimi!” Inchunun u anchadan beri erishishni orzu qilib yurgan ayolni o‘tli bir istak bilan quchoqlab bag‘riga bosdi.

— Bir vaqtlari ham xuddi shunday eding-a! – deya inqilladi u.

Orqa tomonda yotgan bemor unga qo‘shilib oldinma-ketin ingradi. Liban bilan Emma tushida bezovtalanayotgan Shasga g‘azab bilan o‘girilishdi. Mana shu odamni, deb ular hammasidan mahrum bo‘lishgan, hayotlarini barbod qilishgan-a! Qo‘shni xona qop-qorong‘u edi. Qoqilib-suqilib ular o‘sha yerga kirishdi va bir-birini og‘ushidan bo‘shatmay divanga yiqilishdi.

— Oyi! Liban amaki! Qofiya topishga yordam berib yuboringlar:

Gektorga nisbatan nafrat o‘chmagan hali,
O‘g‘lidan xavotir oladi ular.

Bizga shu satrlarni tarjima qilib, qofiyalash topshirilgan.

Sukunat. Ular qorong‘ulik qo‘ynida to‘lg‘onishardi. Axir bu Volf-ku!

Yonginalaridagi oshxonada dars tayyorlayapti. Shug‘ullanib o‘tirgan bola bilan hozirgina o‘zlari yotgan divanni darparda to‘sib turardi, bamisli oxirzamon boshlangandek o‘takalari yorilay, dedi, har qanday ahloqiy qonunlarni buzgan jinoyatchilar shu topda o‘z ahvollarini ko‘z oldilariga keltirib dahshatga tushishdi. Tushmay ham bo‘larmidi! Chamasi, troyaliklar g‘azabga mingan Atroyning farzandlarini ko‘rganda shunday qutlari o‘chgan bo‘lsa kerak. Erkak kishi bo‘lgani sababli avval Liban o‘zini qo‘lga oldi va shaxdam yurib oshxonaga chiqdi.

— Birinchidan, talaffuzing juda yomon, — dedi u ostonadan o‘tgan zahoti, — ikkinchidan, unaqa qiyin emas:

Va nafrat yuraklarni kuydirdi o‘tdek.
Shodlanmoq erta emasmi hali?
Gektorning o‘g‘li bor – alpdek.

Volfxen unga zavq bilan tikildi, Liban esa bu safar ko‘ngilsiz satrlarning tarjimasi ochiqdan-ochiq qochirimli chiqqani uchun yana qizarib ketganini his qildi. Bolaning ishshayib turishi esa unga g‘alati tuyuldi: nahotki payqab qolgan bo‘lsa?

— Bu haddan tashqari erkin tarjima, — deya qo‘shimcha qilishga shoshildi maslahatchi. – Juda no‘noq. Qofiyasi tentakona ekan, yanayam to‘g‘rirog‘i mana bunday:

Garchi Gektor o‘ldi, lek undan-da xatarli yov bor,
Axir uning o‘g‘li yonidan ketmaydi zinhor.

Tugatmasdan avvalroq, bu satrlar ham uni fosh qilib qo‘yayotgandek tuyuldi-da, shunaqa no‘noq she’rlar bilan bolalarning boshini qotirayotgan tentak muallimni yomonlashga tushdi va gapini tasdiqlash uchun bolaning onasini chaqira boshladi. Lekin hech kim javob bermadi.

Nima bo‘lgan taqdirda ham, Liban bilan Emma nihoyat bir-birining vasliga erishishdi: sevishganlar faqat shu maqsadda shahar chekkasidagi ikki xonali uyni ijaraga olishdi. O‘zga ilojlari ham yo‘q edi, chunki Shas aksiga olib sog‘ayib borardi. Ular qachon uchrashmoqchi bo‘lsalar telefonda kelishib olishardi. Agar, telefon qilganda dastakni Shas ko‘tarib qolsa, Liban u bilan arzimas narsalar haqida gaplashar, biroq Emma uning qo‘ng‘iroq qilishdan maqsadi butunlay boshqa narsa ekanini fahmlab turardi. Darvoqe, Shasning salomatligi ularni zarracha qiziqtirmasdi. Lekin Volfni bir daqiqa ham unutisholmasdi.

O‘shanda u biron nimani sezganmikin?

— Ko‘pincha bolalar lozim bo‘lmagan narsalarni eshitib qoladilar! Qolaversa, bolaligi qoptimi – o‘n to‘rtga qarab ketdi bu yil!
— Balki! – dedi bunga javoban. – Volfxen boshqa bolalarga mutlaqo o‘xshamaydi.

Ammo maslahatchining bunga ishonchi komil emasdi. Ehtimol bola shunchaki yashirayotgandir. U Volfni tekshirishga, qadamini kuzatib yurishga ahd qildi. Ittifoqo, bir kuni, Volf gimnaziyadan qaytib kelayotganda, ayollarning ichki kiyimi sotiladigan do‘kon vitrinasidagi yalang‘och manekenlarni tamosha qilib turgan edi. Liban u bilan salomlashib bo‘lgach, hazil aralash shunaqalarning rostakamini ko‘rging kelyaptimi, deb so‘radi. Bir vaqting bo‘lganda “Metropol”da namoyish etilayotgan revyuga olib boraman, bo‘ptimi? Bolaning ishonchiga kirish uchun sud maslahatchisi hech shoshilmay sekin-sekin yo‘ldan ura boshladi. Biroq, ming qilmasin, uning qalbiga yo‘l topolmadi. Onasi esa, aksincha, o‘g‘lini raqs to‘garagiga yubormay qo‘ydi. Emma sarlavhasida ayol ismi aks etgan biron-bir rangli suratlar bilan bezatilgan jurnalni qo‘lida ko‘rsa, undan tortib olardi. U bolalarga xos soflik va ma’sumlik saqlanib qolganmikin, degandek uning ko‘zlariga sinovchan tikilardi. Biroq, oxir-oqibat o‘zi noqulay ahvolga tushdi va nomusdan yuzi qizarib ketganini his qildi. Vaholanki, Liban ham ich-ichidan uyalardi. Qarang-a, shu yoshida, jamiyatda egallagan mavqeiga qaramay yosh bolaning orqasidan ayg‘oqchilik qilib yursa, uning oldida titrab-qaqshasa va shuning oqibatida hech narsaga erisholmay yursa! Bu shumtaka, birdan og‘zidan gullab qo‘ysa-chi! Adoyi-tamom, degani-ku bu! Ikkala xonadonning tinchligiga, hayot tarziga putur yetadi, qolversa, sudyalik lavozimida o‘tirishi ham gumon bo‘lib qoladi. Mana shularning hammasi shu la’nati bolaning qo‘lida. G‘ing desa – tamom, bugunmi-erta Libanning holiga maymunlar yig‘laydi. Yo‘q, bu haddan tashqari dahshat! Hatto u o‘zi yo‘ldan ozdirgan ayolning bolasi bo‘lsa ham, bunaqa d’vo qilishga haqqi yo‘q!

Sudya Liban endilikda, ta’bir joiz bo‘lsa, bunaqa ayb uchun qonun buzuvchilar emas, balki jamiyat aybdor, deb hisoblashga moyil edi. Shu jamiyat yana da’vo qilishiga o‘laymi! Kimning nomidan da’vo qiladi? Shasning nomidan emasmi yana? Bu sharti ketib, parti qolgan chol ikki yoshning muhabbat sharobidan lazzatlanib yashash orzusini barbod qilib, ularni xiyonat botqog‘iga itarib yuborishga hech qanaqasiga haqqi yo‘q edi. O‘g‘il – boshqa gap! Uning, albatta, biron-bir norozilik bildirishga haqqi bor. Ammo aynan qanaqa? Bu xususda u nimalar biladi? Ming aylantirma, o‘sha dardi bedavo! Liban bolani yomon ko‘rib ketdi.

— Volf juda kamharakat bo‘lib borayapti, — dedi kunlarning birida xonadon do‘sti. – Kitob jinnisiga aylanib qolmasin yana! Chiniqish o‘rniga uydan ko‘chaga chiqmasa, bu qanaqasi!

Provardida Volfxen gimnastga aylandi, boyskaut bo‘ldi va hatto, “Vatan farzandlari”ga a’zo bo‘lib kirdi. Bolaning bir daqiqa ham bo‘sh vaqti qolmadi, sevishganlarning yuragiga doim xavf soladigan sabab yo‘qoldi. Shu orada, hammaning baxtiga, Volf er yetib, kuch-quvvatga to‘ldi. Libanning qizlari ham o‘sib-ulg‘ayib gul-gul ochilishdi. Kattasi, Inga, kichkina Shasga turmushga chiqishi lozim edi, — to‘g‘ri, u o‘qishni tugatib, oyoqqa turib olgandan keyin. Bunday reja, eng avvalo Emmani qanoatlantirar edi. O‘zining o‘tmishdagi gunohlarini yuvish istagiga qulay fursat kelganini his qilgan ona, farzandiga bekamu-ko‘st oila qurishi uchun sharoit yaratib berish orqali, xushtori, deb Volfxenni bolaligida nimadanki mahrum etgan bo‘lsa – o‘sha nuqson o‘rnini to‘ldirmoqchi bo‘ldi. Umuman, o‘zi, afuski, amal qilolmasa-da, o‘g‘liga singdirishi shart bo‘lgan muqaddas ahloq qoidalaridan og‘ishmay, Volfga sevgilisining qizini qonunan nikohlab olib bersa, nazarida o‘sha aqidalar tantana qilgan bo‘lar edi.

Shas tez-tez kasalga chalinar, qolaversa Libanning xotini ham bu masalada undan qolishmasdi. Ikkalasi ham deyarli uydan chiqmas va sevishganlarning mana shu yoshda ham ko‘ngilxushlik qilishlariga hech narsa halal bermasdi. Ular hafta davomida bir necha marta ko‘rishardilar. Kengaytirishgan va did bilan bezatib qo‘yishgan shinam va qulay uyalari ikkovining ham ko‘zlariga qonuniy oilalaridan ko‘ra yoqimliroq va go‘zalroq ko‘rinardi. Biron sababli, aytaylik, kechiktirish mumkin bo‘lmagan safar yoki shoshilinch kengash chiqib qolsa bo‘sh oqshomlarini shu yerda o‘tkazishar edi. Ba’zan Liban kuppa-kunduzi ishxonasidan chiqib ketar, Emma esa — uyida, oila davrasida parhez taomlarni kutib o‘tirishga sabri chidamay o‘sha uyga oshiqardi. “Jonginam”, — erkalab shunday derdi u sevgilisiga: Shasga esa o‘laqolsa bunaqa demasdi. “Sen haliyam qarimagandeksan”, — undan faxrlanib qo‘shib qo‘yardi u . Bir paytlar Emma oq oralagan sochlarini bo‘yamoqchi bo‘lganda, Liban qarshilik qilgandi.

— Sen hech qachon, hozirgidek, nihoyat bir-birimizga erishgan paytdagidek jozibador, dilbar bo‘lmagan eding, — dedi u va ko‘hlikkina sevgilisining badanida yaqqol ajralib turgan durkun, do‘mboq yerlarining benuqsonligiga suq bilan tikilar ekan, beruxsat lazzatlanishning ikkovi uchun to‘la-to‘kisligidan quvnab.

— Ilgari biz hozirdagidek bunaqa tajribali, bunaqa nazokatli emasdik… Ehtimol, bir-birimizga xiyonat qilgan bo‘lardik o‘shanda ham. Lekin,mana bugun ma’lum bo‘layaptiki, bekorga shuncha vaqt kutmagan ekanmiz. Naqadar totli, naqadar go‘zal hayotimiz!

Ular haqiqatan ham baxtiyor edilar. Biroq orada urush boshlanib qoldi. Shas uni oxiriga qadar yasholmadi. O‘lishini oldindan sezish hissi va dunyo kezib yurganida orttirgan tajribasi uni ziyrak qilib qo‘ygandi: bu urushning oxiri juda yomon tugaydi, deb bashorat qildi u. Ko‘p o‘tmay, birinchi talofatlardan keyin chol vafot etdi. “So‘nggi nafasiga qadar vatanparvar bo‘lib qoldi”, — degan so‘zlar bilan tugagandi ta’ziyanoma.

— U xavotirdan o‘ldi, topgan shuncha yakanlarini yo‘qotishdan qo‘rqardi, deya izohlab berdi Volf.

Yashash tobora qiyinlashardi. Shas oldindan sezgan ekan: kichik va o‘rtacha aksiyadorlar uchun og‘ir zamonlar keldi. Urush ularni xonavayron qildi, ammo taqdir hukmdorlari joriy etgan qonun-qoidalar urushdan ham og‘ir va mashaqqatli edi. Liban pul bilan bog‘liq ishlarda ko‘zi pishib ketgan bo‘lsa ham, uddaburon emas va sharoitga tez moslasha olmas edi; o‘zi bilan Emma uchun bir nimalarni qanchadir vaqtga qadar mashaqqat bilan saqlab qo‘yishga erishdi. Biroq ikkita oilaning ro‘zg‘orini tebratishga Libanning kuchi yetmadi: u mo‘ljaldan adashdi, to‘g‘ri yo‘l qolib, ko‘zi ojiz odam singari paypaslab, timirskilanib, yangi-yangi ko‘ngilsizliklar sari ketaverdi. Va oxiri bor budidan ayrildi, faqatgina qadri yo‘q qog‘ozlar – maoshi qoldi, xolos. O‘z sudyalarini taqdir izmiga itqitib yuborgan davlat o‘z-o‘zidan hech narsaga arzimaydi; unga bundan buyon umid bilan qarash, undan najot kutish befoyda edi.

Sevgilisidan farqli o‘laroq Emma inqirozga tushishdan saqlanib qoldi. Bunga, oxirgi daqiqalarda o‘zi began maslahatdan ko‘ra o‘g‘lining yo‘l-yo‘riqlariga amal qilgani sabab bo‘ldi, deb Liban tan olishdan o‘zga iloji yo‘q edi. O‘sha bola tom ma’noda ishbilarmon bo‘lib yetishgan edi! Hali ona suti og‘zidan ketmagan, hech vaqosi yo‘q yosh-yosh yigitchalar bu ola-tasir zamonda o‘zlarini suvga tushgan baliqdek his qilishardi. Telba asrning haqiqiy o‘g‘lonlari! Volf handaqlarni ko‘rmadi – urush boshlanganida u yosh bola edi, biroq mana shu og‘ir, mashaqqatli yillar mobaynida boshqa jihatdan u hazilakam chiniqmadi. Shu bilan kifoyalanib qolmasligi ham kunday ravshan edi! Hatto balog‘atga yetmay turib, u o‘zining shaxsiy mashinasida yurardi. Undan tashqari, u endi joriy etilgan tartib-intizomni himoya qilish uchun hech narsadan toymaydigan tashkilotlardan birining rahbariga aylandi. Nimasini aytasiz, xo‘p yaxshi tartib ekan-da! Qisqasi, nima bo‘lgan taqdirda ham u hech qanday idoraga bo‘ysunmaydigan kuch yaratgan edi. Har holda kuch bilan hisoblashishga to‘g‘ri keladi, uni behurmat qilish mumkin emas.

Liban putur yetgan obro‘yini tiklash uchun so‘nggi imkoniyatni ishga solmoqchi bo‘ldi. Xuddi o‘sha paytda Volf tug‘ilgan uyidan ko‘chib ketmoqchi bo‘layotgandi. Uning bugungi mavqei va umuman jamiki hayot tarzi ko‘hna xonadondagi tartiblarga muvofiq emas emish.

Liban norozilik bildirdi: u vasiy sifatida bolani ahloq tuzatish muassasiga qamatib qo‘yishga haqqi bor.

— Meni-ya! – deb qayta so‘radi Volf. – Shuncha tanish-bilishim Bo‘laturib-a? U yerda bir kun ham o‘tirmayman! Kim ko‘proq zarar ko‘rarkin bundan, qani?! To‘g‘risini aytsam, mensiz bitta ish qilolmaydigan odamlarga yomon bo‘ladi. Amaki, siz bironta odamga ro‘zg‘or qilib berganmisiz o‘zi!

Har qancha salobatini saqlashga tirishmasin, baribir, uning lavlagisi chiqib ketdi: Volfning do‘q-po‘pisasi o‘z ishini qildi. Sudya o‘zining mag‘lub bo‘lganini yashirish uchun pand-nasihat qilishga, ogohlantirishga o‘tdi, ammo tolei past odamning ogohlantirishlari nima bo‘lardi? Omad! Bu narsa hamma zamonlarda mezon bo‘lib kelgan, hozir esa har xil tirrancha, jo‘jaxo‘rozlar, shubhali kimsalarning omadi chopgan! Liban okrug sudyasining raisi lavozimiga tayinlandi. O‘zining bu yangi lavozimi izn bergan yuksaklikdan turib u haqiqiy yo‘ldan adashgan o‘nlab odamlarni ko‘rdi. Biroq, ozodlikka chiqqan zahoti, ular qisqa vaqt ichida omadi kelib boyib ketishar yoki yuksak lavozimlarga ko‘tarilishar edi. Faqatgina u, sudya, laqillab qolaverdi. Darhaqiqat, u hech kimni, oqimga qarab suzib borayotgan mulohazasiz yoshlarni-ku turgan gap – boqolmagan!

Nazarida katta qizi Inga, yaxshi oilaning qizi bo‘lgani uchun o‘zi tushunib olishi kerak edi. Modomiki, otang kambag‘allashib, faqirona yashayapsanmi, loaqal zohiran odamshavandalikka rioya qilishlik shart edi. Bir zamonlar, hech bo‘lmaganda ana shunday qilinardi. Endi-chi? Otasining qatiyan man’ etishiga qaramay, Inga yangi ish boshlagan shubhali firmaga xizmatga kirdi. Qizining daromadi, ancha bo‘ldi otasinikidan oshib ketdi, lekin shu ham unga yetmaydi: uning g‘arra-sharra yeb-ichib yurishi o‘zga manba hisobidan ta’minlanar, qaysi manbadan ekanligini esa aniqlash qiyin emasdi.

Ota-onalari balog‘at yoshidagi farzandlarining bu qadar yaqin bo‘lishlariga, ishqiy munosabatlariga yo‘l qo‘yib qo‘yish yaxshilikka olib bormasligini bilsalar-da unga qarshilik qilishga kuchlari yetmasdi. Ular ota-onalarining gapini sariq chaqaga olishmas, ko‘ngillariga kelganini qilishardi. Shunchalikka borishgan ediki, hech narsani o‘ylamay, tashvishini qilmay tarala-bedod yashashar, orqa-oldilariga qaramay pul sarflashardi, holbuki, eski paytda bu pulga katta ziyofat qilib, tumonat odamni chorlasa bo‘lardi. Ishbilarmonliklari ham shu hayotlariga monand edi: na uyat, na insofni bilishardi! Liban Ingani insofga chaqirib qo‘yish niyatida ko‘nglidagi gaplarni aytganda, qizi ochiqchasiga dedi:

— Dada, bu narsalar hozir modadan qolgan!

Haddan ziyod nozik munosabatning oddiygina natijasimi bu? Bo‘lishi mumkin emas! Uning Volf bilan munosabati butunlay boshqacha, o‘ziga xos; uning jazmani shundoq ham oshib-toshib yotibdi, u hammasini tanir emish! Shu gaplarni, nima qilarini bilmay, oxiri bu haqda eshitishni ham istamaydigan kasalmand onasining huzurida aytayaptimi? Ota nima qilishi kerak bunaqa paytda? Bemor janjal-to‘polonni ko‘tarolmasa! Buning ustiga-ustak qizini malomat qilishiga ma’naviy haqqi bormi uni?

Naqadar sharmandalik, tubanlik ham shunchalik bo‘ladimi! O‘ylasang eting junjikib ketadi! Liban endi umuman kamroq o‘ylashga harakat qiladi, eng dahshatlisi shu — u iloji boricha qarshilik qilmaslikka tirishadi. Bu ham mayli ota-onalar bebosh bolalarini bajonidil o‘z hollariga qo‘yib berishga rozi: hohlaganini qilishsin, faqat buning uchun ular pul sarflashmasa bas! Liban kasalmand xotiniga o‘xshab, ko‘ngilsiz gaplarga ahamiyat bermaydigan bo‘ldi. Biroq kenja qizi Effi unga oqizmay-tomizmay aytib berish fursati kelganidan foydalanib qolishni lozim topdi.

— Chshsh, sekinroq, kasal yotgan onangni ayagin hech bo‘lmasa, — deb yolbordi Liban va yotoqxona eshigiga ko‘z qiri bilan qarab qo‘ydi.

U hatto Effiga gapini o‘tkaza olmadi. Holbuki, unga ham butunlay ishonish qiyin. Bir kuni Effining deraza oldida, o‘tib ketayotgan gimnazist bilan ko‘z qisishib turganida ushlab olgandi. Liban xonadonini jo‘shqin muxlislar hujumidan ko‘ksini qalqon qilib himoya qilishiga to‘g‘ri kelgandi. Albatta bu bachkanalikdan boshqa narsa emas, tashvish chekadigan o‘rni yo‘q, hayolida shunday tuyulibdi. Ammo bir kuni ertalab Effi nonushta qilgani xonadan bir o‘zi chiqib keldi.

— Inga-chi?
— U hali kelmadi.

— Nega kelmaydi? – Liban bamisli devordek oqarib ketdi.

Effi bamaylixotir tarelkani oldiga surdi.

— Nima balo, karmisan? – o‘shqirdi Liban va stolga musht bilan urdi.

— Voy xudoyim-yey, dadaginam, nega hayajonlanasiz, — deb javob berdi kenja qizi, yelkasini qisib.- Inga ta’tilga chiqaman, deb yurgandi. Qayerga ketdi, kim bilan ketdi, bilmayman. O‘zing, kattalarning ishiga aralashma, demaganmiding?

Otasi unga yalinib-yolborishga tushdi. Nihoyat anchadan beri o‘zi tusmol qilib yurgan haqiqatni qizining og‘zidan eshitdi.

Liban Emmaga qo‘ng‘iroq qildi. Ular o‘sha kuniyoq o‘zlarining “uyalari”da uchrashishdi. Sudya yolg‘iz shu yerdagina bunaqa og‘ir zarbani ko‘tarishga yordam bera olguvchi taskin-tasalli topaman, deb o‘ylagandi. Axir uning dunyoda Emmadan boshqa g‘amxo‘ri bormi!

— Biz qariganda ham bir-birimizga suyanamiz. Hohlaganlarini qilaverishsin – bizni ajratolmaydilar!

U Emmaning quchog‘iga otilmoqchi edi, lekin najot parisi, deb hisoblagan sohiba uyaldimi, har qalay ko‘zlarini olib qochdi va uning boyagi ishonchidan bir zumda asar ham qolmadi.

— Hammasiga chek qo‘yish kerak, — sudya beixtiyor ko‘ngliga tugib qo‘ygan gapni aytdi.

Biroq yosh yigitchaning onasi qizning otasiga nisbatan yuz bergan hodisalardan o‘zgacha xulosa chiqardi.

— Shu choqqacha ko‘p narsalarni xaspo‘shlab kelishga to‘g‘ri keldi, endi janjal qilishdan nima foyda?

Qizning otasi shartta deraza tomonga yuzini burib oldi.

— Meni qizimning iffati…- deya gap boshladi u bor-yo‘q jur’atini yig‘ib, biroq o‘sha zahoti dami ichiga tushib ketdi. Gapirishdan foyda yo‘q: qizini yo‘ldan ozdirgan yigitchaning onasi ochiqdan-ochiq uning gaplarini tushunishni istamasdi. Libanning ko‘z o‘ngi qorong‘ulashdi. U ikkala qo‘li bilan boshini changallagancha holsizlanib stulga cho‘kdi.

— Albatta, buni ko‘tarish juda qiyin! – tilyog‘lamalik qilib ming‘illadi Emma.

Lekin nima qilish kerak! Bu ahvolda ularning taqdirga tan berishdan o‘zga iloji yo‘q. U bechora qizini ayab, unga qattiq jazo bermasligi lozim. Bugungi yoshlar shunaqa hammasi. Ulardan nima kutish mumkin! Emmaning o‘zi bir amallab o‘g‘lini yo‘lga solib oladi..

Liban qachon Emma qonuniy nikoh haqida gap ocharkin, deb anchadan buyon kutib yurardi. Biroq bu haqda gapirishni u hayoliga ham keltirmas edi, mana hozir Liban birdan sababini tushunib qoldi. Axir Inganing sariq chaqasi yo‘q-ku! Shunday bo‘lsa ham Emma o‘g‘lini uylantirishga qarshi emas, Liban, har qalay shunday xayollar bilan o‘zini yupatdi. Biroq bu ayol o‘zining suyuqoyoq o‘g‘liga ta’sir qilolmasligi aniq. Avvalo jazmaniga, qolaversa o‘ziga achinganidan uning ensasi qotdi. Ular xayrlashayotganda, Emmaning chehrasida allanechuk mujmal, muhmal, jirkanchgina ifoda paydo bo‘ldi, biroq xushtorining g‘amgin ko‘rinishi uning ko‘nglini yumshatdi. U dunyoda eng yaqin odamim, deb hisoblagan do‘stini mahkam bag‘riga bosdi.

— O‘zimiz ham axir bunaqa gunohlardan holi emasmiz-ku, — dedi ta’sirchan ovozda. – Hech narsaga qaramasdan bir-birimizni sevgan emasmizmi? Bechora bolalarimiz, bizning ovozimiz bilan kuylashayotgani xayollariga ham kelmayapti.

Liban ishonmadi: shunchaki xayollariga keltirmasligi mumkinmi? Biroq Emma bu xususda mutalqo xotirjam edi – o‘z onasidan shubhalanish Volfning hayoliga ham kelmaydi.

Bir necha kundan so‘ng, hech narsa bo‘lmagandek Inga uyga qaytdi.

— Salom, dadajonginam. Men Volf bilan Venaga borgandim.

— Bundan afzalroq bahonani topolmadingmi? – Liban bo‘g‘ilib nafas olomayotgandek yoqasini tortdi.

— Xullas kalom, seni xabaring bor, — dedi Inga. – Boshqa hech kimga bir og‘iz gapirmayman. Tashvish chekmasliging mumkin, dadajonginam!

— Ol-a, jonkuyarlik ham shuncha bo‘ladi-da! – dedi bo‘g‘iq ovozda Liban.
— Ha aytgancha, sizlar bu narsalarga boshqacha qaraysiz-ku, topdimmi!

— Biz yoshligimizda bunaqa noma’qul ishlarni qilmasdik…

— Munofiqlikni afzal bilgan holda, — dedi Inga shartta uning gapini kesib.

— Agarda, men har nechuk otalik huquqimdan foydalanadigan bo‘lsam…- toqati toq bo‘layozganini his qilgan sudya, so‘ngi marta ko‘nglidagi gaplarini aytishga chog‘landi.

— U holda, ming afsuslar bo‘lsinki, bizning yo‘llarimiz ajralib ketadi, — dedi Inga yumshoq, lekin qat’iy ohangda.

Liban ilk bor samolyot oynasidan pastga qaragan odam kabi chuqur entikdi.

— Sen loaqal jazmaningga turmushga chiqishga harakat qilsang bo‘lardi! — deya oldi u faqat.

— Bo‘lmaydi! Effiga zarar. Chunki keyingi safar unga navbat, shundaymi?

— Qoyil-yey! Hammasi tushunarli. Bundan rasvosi bo‘lmaydi!- Bu aqldan ozgan kishining qichqirishiga, lekin ayni choqda yengil tortishi uchun urinishiga ham o‘xshardi.

Inga sergaklandi.

— Senga bir nima bo‘ldimi, dadajon?

— Mengami? – xirilladi u tantanavor. – Nihoyat men jazoimni oldim. O‘t tushsin hammasiga! Qancha tez bo‘lsa shuncha yaxshi! Qo‘lingizdan yana nima keladi? Mendan o‘chingizni olavering!

Kimdan va nima uchun o‘ch olish kerakligini o‘zi ham bilmasdi. Poymol bo‘lgan yoshligi uchunmi? Yo xun bo‘lgan qalbi uchunmi? Uni xonavayron va sharmanda qilganlardan o‘ch olishsinmi? Uning ko‘nglida tug‘yon urgan his-tuyg‘ulari alg‘ov-dalg‘ov bo‘lib ketdi. Ko‘z ochib yumgulik lahzada ming yillik ahloqiy kishanlardan xalos bo‘lgan sudya hozir hamma narsaga tayyor edi.

— Meni ham esingdan chiqarma. Kel, bag‘ringga bos meni, nuridiydam!- dedi u jazava ichida chinqirib.

Qo‘rqib ketgan qizi orqasiga tisarildi. Biroq Liban qalbida tug‘yon urgan vulqon uzoqqa bormadi, so‘ndi. U yuragi birdan ko‘tarolmy qolishidan xavtirlanib karavot sari yurdi. Uning nazarida katta baxtsizlik yuz berishi muqarrar edi va bundan battarrog‘ini kutdi. Chindan ham, kechqurun Emma qo‘ng‘iroq qilib, zudlik bilan kelishini so‘radi. Qattiq hayajonlanganidan u arang gapirardi. Avvaliga Liban tobi yo‘qligini ro‘kach qilib, borolmasligini aytdi. U Emmani o‘tgan safar uzoq yalintirgani uchun kechirolmayotgan edi. Ammo keyin borishga va’da berdi.

Yarim kechaga yaqin ular kimsasiz, tor ko‘chada uchrashishdi, o‘g‘rincha borib, jonsarak sukunat qo‘ynida notanish va begonadek tuyulayotgan uylariga yetib olishdi.

Bahaybat soyalar, devor sathida sirg‘alib ulardan oldinga cho‘zilib o‘tdi-da, zina suyanchiqlari orasida g‘oyib bo‘ldi. Ular qotib qolishdi. Qochish kerak! Hech narsaga qaramasdan!

— Yur! Har xil sharpalardan qo‘rqib o‘tiramizmi? – dedi sudya.

Ichkariga kirgach, baribir hamma kunjaklarni tekshirib chiqishdi – har biri o‘zini, go‘yo qolib ketgan narsasini izlayotgandek tutardi.

— Xullas, nima bo‘ldi uylaringda?- Necha marta Liban shu savolni takrorladi, biroq javob ololmadi. U o‘girilib qaradi, Emma xonaning o‘rtasida serrayib turar, yuzida ro‘y bergan mash’um voqeaning ifodasi qotib qolganga o‘xshardi.

— Ey, xudoyim-yey! Senga nima bo‘ldi, jonginam? – Uning tovushidagi samimiyat Emmani hushiga keltirdi.

— Unga mening pullarim kerak emish, — dedi u ko‘z yoshlarini to‘xtatolmay.

U o‘krab yuborishdan o‘zini zo‘rg‘a tiyardi. Liban nima gap bo‘lganini tagiga yetish uchun qiynalib ketdi. O‘g‘li uning bor-yo‘q pulini talab qilayotgan ekan! Bu safar ishi o‘ngidan kelmay Volf katta zarar ko‘ribdi. Ular Venaga yolg‘iz ko‘ngilxushlik qilish uchun borishmagan ekan.

Bu ham baharnav. Aks holda, u yerda ular bosar-tusarlarini bilmay, tartibga chaqiradigan kishilari yo‘q – nimalar qilishmasdi, hozirgi yoshlardan nima ham kutish mumkin! Yo‘q, shunga qaramay u tavakkaliga chayqovchilik qilishga kirishib ketgan va oqibat xonavayron bo‘lgan, endi onasining puli bilan qarzlaridan uzilmoqchi emish! Bundan battar nima bo‘lishi mumkin!

Sochlari to‘zg‘igan, ko‘zlari bejo Emma stullarga qoqilib-suqilib xonada u yoqdan bu yoqqa kezar, nima qilarini bilmasdi. Qadrdon do‘stining tinchlantirish uchun aytgan har bitta gapi olovga yog‘ purkagandek bo‘lar edi. Ha, o‘zini puli, hohlaganini qilishi mumkin, albatta. Biroq pul kun sayin qadrsizlanayapti, bu ahvolda uni saqlab qolishning iloji yo‘q. Volfning yordamisiz hech nima qilolmaydi. Lekin u cheksiz-chegarasiz vakolat berishni talab qilyapti, aks holda uni tashlab ketaman, deb qo‘rqityapti. Ertaga ertalab uzil-kesil javob berishi kerak. Yo‘q, deyish – befoyda! Volfdan omad yuz o‘girgani chatoq bo‘ldi. Hammasi barbod bo‘lishi mumkin! Tamom! Adoyi tamom bo‘ldi! Kafangado!

Liban uning gapini tinglagani bilan o‘z xayollari bilan band edi.

“Bu narsalar menga tahdid solmaydi endi, — deb o‘ylardi u, — bularning bari boshimdan o‘tgan. Meni unaqa pulim yo‘q qo‘rqsam mahrum bo‘lib qolishdan, lekin seni tushunyapman, sho‘rlikkinam! Afsus senga o‘xsholmayman! Kamsitilgan va xo‘rlangan otaning g‘ami senga ta’sir qilmagan edi-yu!”.

Emmaning o‘ksib yig‘lashlari uning asabiga tega boshladi.

“Bunchalar umidsizlik, o‘z qadrini yerga urish – faqat pul uchun! Qolaversa, unga qanaqa qilib xayrihohlik bildiraman, qachonki o‘zim bir tiyinga zor bo‘lsam”…

Ko‘ngliga kelgan shu fikrdan kulimsiradi va birdan bu kulgusi so‘nggi uchrashuvlari chog‘ida Emmaning labida ko‘rgan tabassum singari razilona ekanini payqab qoldi. Liban bu qilmishidan o‘zi uyaldi, ammo ortiq ma’shuqasining oldida qololmasligini his qilib, qo‘shni xonaga chiqib ketdi.

Shu payt uylari yoniga mashina kelib to‘xtagani eshitildi. Ko‘cha eshik gumbirlab yopildi. Ikkalasi beixtiyor bir-birlariga qarab yugurishdi va ostonada qotib qolishdi. Tungi mehmon hali ancha narida edi, biroq ular uning ana-mana kirib kelishini his qilishdi. Pastdagi kimsa yashirinishni hayoliga ham keltirmasdi – uning gursillagan qadam tovushi sukunat qoplagan uyda bo‘g‘iq yangradi. Liban Emmaga yuzlandi va uning ko‘zlarida o‘z qo‘rquvining aksini ko‘rdi. Qochish kerak! Ular bir-birlarining qo‘lini mahkam ushlab olishdi. Qulf jaranglab ochildi – kimdir xonaga kirdi. Zinadan yugurib chiqish yosh, kuchga to‘lgan yigit uchun nima degani! Yana bir lahzadan so‘ng xonaning qo‘sh qavatli eshigi lang ochildi. O‘spirin taqqa to‘xtadi. U oq oralagan sochlari tartibsiz yoyilgan onasi, uning qo‘lidan mahkam ushlab olgan chol, ularning esankirab qolganidan oppoq oqarib ketgan yuzlarini ko‘rdi. Volf nafasini rostladi.

— Ana xolos! Lekin to‘g‘ri qilibsizlar. Salom, amakijon! Ishonchim komilki, hammasini muhokama qilib olgansiz. Xo‘sh, oyi, ishonchnoma yozib berasizmi?

Keksalar churq etishmasdi. To ular o‘zlarini yig‘ishtirib olguncha, Volf o‘zining kutilmagan tashrifini izohlab berdi.

— Ochig‘i, o‘sha zahoti ko‘nglim sezdi, bugun albatta bexavotir kulbangizda ko‘rishasiz. Meni kalitim bor: ancha bo‘ldi oyi, sizni kalitingizdan ko‘paytirib olgandim. Ularni sizga topshiraman, endi menga ortiq kerak bo‘lmaydi.

Emma vaqtdan yutish uchun behuda urinardi, biroq, afsuski, bir og‘iz gapirolmas, faqat quruqshagan lablarini qimirlatardi. Shunda baxtiga sudya uni bunday vaziyatdan xalos qildi.

— Sen o‘g‘il emas, gazanda ekansan, — dedi u zaahrini sochib. — Nima, sen qarzingni olgani keldingmi? Ammo bilib qo‘y, hatto kreditorning bunaqa qilishga haqqi yo‘q!

Yigitcha kulib yubordi.

— Roziman! O‘g‘il emas, kreditor bo‘lsam bo‘libman! Yana qanaqa kreditor deng! Ko‘ngliga kelganini undirib oladigan kreditor!

— Yo‘qol! Pastkash! Onangdan hoziroq kechirim so‘ra yoki ko‘zimga ko‘rinma!- hayqirdi sudya.

Volf boyagidan ham qattiqroq kuldi.

— Yomon emas! Sizlar hali tavba qilishingiz o‘rniga men kechirim so‘rashim kerakmi? Siz o‘zi qayerda turganingizni esdan chiqarib qo‘ydingizmi?

U xonaga ko‘z yugurtirib chiqdi. Keksalar tipirchilab qolishdi. Volf ularning shu parokanda ahvollaridan foydalandi.

— Men bu yerga bir ish bilan keldim. Bunaqa ishlarda hissiyotga berilish yaramaydi. Menga dag‘dag‘a qilgandan ko‘ra, Liban amaki, oyimga tushuntirsangiz bo‘lardi. Qisqasi meni shartlarim to‘la-to‘kis bajarilishini taqozo etadi – boshqa yo‘l yo‘q.

Keksa sudya yana hujumga o‘tmoqchi bo‘ldi:
— Hayolingga keltirma buni! Mutlaqo! Men senga qarshiman! Butun kuch quvvatim, obro‘-e’tiborim , martabamni ishga solib bo‘lsa ham bu ishga yo‘l qo‘ymayman.

Uning bu dag‘dag‘asi ish bermadi.

— Qanaqa obro‘-e’tibor? Qanaqa martaba! Ulardan hech foydalandingmi? Qancha topding, ayt! Men boshqa yo‘l bilan pul topaman.

— Qanaqa yo‘l bilan pul topishingni yaxshi bilamiz, — dedi Liban ikkilanibroq. Lekin o‘sha zahoti yana Volfga baqira boshladi. -Turqingdan farishtaga o‘xshaysan! Ko‘rinishing beozorgina yigitcha, yuraging esa qadim zamonlardagi qul sotib yuradiganlarning yuragidan farq qilmaydi. Qo‘yib bersa, oq sut bergan onangni ham, bolalikdan bitta mayizni bo‘lib yegan do‘stingni ham sotasan. Sen o‘zing yotgan belanchakni tan olmaysan! Nobakor! Barcha muqaddas ehromlarni oyoqosti qilib, vayronaga aylantirib bo‘lding, yana shaxsiy mashinangda hech narsa qilmagandek yurishingni qara! Odamlik siyohing qolmagan, seni! O‘sha mashinaga o‘xshab jonsiz, hissiz bo‘lib qolgansan.

Nafrat cholning tilini yechib yuborgandi – Emma ishni rasvo qilmasa edi, deya bekorga uning yengidan tortardi. U ikkinchi qo‘li bilan o‘g‘lining yelkasidan quchmoqchi bo‘ldi. Biroq kechikdi, Volf ta’sir qilarli harakat bilan boshini shaxt orqaga tashladi-da, birovni fosh etishga chog‘langan notiq qiyofasiga kirdi: g‘ayratli va tashqi ko‘rinishining o‘ktamligi tufayli, u go‘yo yoshlik timsolidek tuyulardi.

— Shunday bo‘ladi deb oldindan o‘ylab qo‘ygandim. Vayronalar deyapsan-a! Dunyoni kim vayronaga aylantirdi? Mening tengdoshlarim – butun bir avlodni mana shunday vayronalarda yashashga kim giriftor qildi? Siz!

— Bunaqa xulosalar isbot talab qiladi. Mana shuning o‘zi seni g‘o‘rliging, gumrohliging dalilidir! – dedi tishini tishiga qo‘yib sudya, biroq hazar qilgandek aftini har qancha burishtirmasin, rang-ro‘yi tobora oqarib borardi.

— Qanaqa ekanimni o‘zim bilaman, — dedi jarangdor ovozda yigitcha. – Sizlar meni faqat vayron qilishga o‘rgatdingiz! Agar barini yuragimga olganimda bormi, nima bo‘lardi? Hech o‘ylab ko‘rganmisiz? Shukrki, unaqa lattalardan emasman. Men, hatto sizlarni halokatdan saqlab qolishga tayyorman. Sizlar endi hech narsaga qodir emassiz! Qo‘lingizdan bironta ish kelmaydi! Tarix sizni hech qachon kechirmaydi, chunki halokat tegirmoniga suv quydingiz. Endi bo‘lsa esingizni yo‘qotayapsiz. Sizlar kutgan yagona najot – biz! Ha, biz o‘sha – hissiz, mashinaga aylangan, hamma narsaga loqayd yoshlar! Xudo bizni zaminga sizlarning g‘animlaringizni yakson qilish uchun yubordi. Sizlar go‘yo yaratgan o‘sha tartib-intizom biz tufayli saqlanib turibdi! Yana ozgina kechiksak – tamom – sizlar o‘sha tartibotni yakson etardingiz. Shundan keyin ham, bizlarning tutumimizga norozilik bildirasiz-a?!

— Jim bo‘l! – deya yolvordi onasi.

U xushtori oyog‘ida arang turganini, bir og‘iz ham so‘z aytolmasligini payqadi.

Yigitcha bir on to‘xtadi. Uning oqarib, burishib ketgan yuzidan bu qari-qartanglarga nisbatan ko‘proq azob chekayotgani bilinardi. Uning yuragi tez-tez ura boshladi, u og‘zidan chiqqan shafqatsiz gaplardan qo‘rqib ketgandi. Lekin o‘zini to‘xtatolmadi: so‘zlar og‘zidan lava kabi otilib chiqib kelaverdi.

— Biz sizlarga o‘xshab munofiqlik qilmaymiz. Biz narsalarni o‘z nomi bilan atashdan or qilmaymiz, lekin shunday tuban ishlar borki, biz bunday qilolmaymiz. Mol-mulkka ega bo‘lish maqsadida uylanmaymiz. Bir-birimizni aldamaymiz. Pinhona buzuqchilik bilan shug‘ullanmaymiz! Qolaversa, bizlarga buning keragi ham yo‘q! Biz axir nimamizni ham yo‘qotardik, qarang, bu ham sizlarning tarbiyangiz! Biz to‘g‘ri odamlarmiz va ko‘zingizga tik qarab turib haqiqatni aytishdan cho‘chimaymiz. Biz sizlardan ham, sizlarning hayot tarzingizdan ham hazar qilamiz.

Volf onasining yolvorgudek o‘ziga uzatilgan qo‘lini sezmadi ham. Shunda Emma eng so‘nggi chorani ishga soldi.

— Nahotki dunyoda sen uchun muqaddas narsa qolmagan bo‘lsa! – deya eshitilar-eshitilmas shivirladi u.

Biroq Volfni endi hech qanaqa kuch endi to‘xtatolmas edi:

— Bu yerda, mana shu xonada siz o‘n yillardan buyon odamlardan va ularning hukmidan yashirinib yurdingiz. To‘g‘rirog‘i, to‘qqiz yil-u, to‘qqiz oy va yana besh kun. O‘sha kun hech qachon mening xotiramdan o‘chmaydi. Men o‘ta ta’sirchan bola edim…

Telbalarcha ingragan ovoz eshitildi. Kampir nari ketdi.U karavot yoniga yetib borgan zamoni tizzalab qoldi va oppoq boshini yostiqqa qo‘ydi. O‘z so‘zlaridan sarxush bo‘lgan Volf, qizarib-bo‘zarib, mushtini tukkancha o‘ziga tashlangan qariya bilan yuzma-yuz qolganini sezdi. U cholning qaltirayotgan bemajol qo‘lini qiynalmasdan qaytardi va past, lekin chertib-chertib gapirdi:

— Qari zinokor! Sen o‘z qizingni ham nomusini poymol qilmoqchi bo‘lgansan.

Dahshatga tushgan sudya ortiga chekindi-yu, qorong‘ulik qo‘ynida g‘oyib bo‘ldi. Yigitcha timirskilab uni yotgan joyidan topdi. Chol yuz tuban yotar, nafas olmasdi. Volf bunaqa voqealarni ko‘p ko‘rgani uchun nima gapligini darhol fahmladi: u bundan battarlarini ham ko‘rgandi. Onasi o‘ziga kelib, yerda yotgan sudyaning ustiga o‘zini otmasidan burun, Volf uni chalqancha yotqizdi-da, bo‘yin tomiriga barmog‘ini bosdi.

— Tirik, — dedi u baparvolik bilan. – Qani, qo‘yvoring uni, oyi, karavotga yotqizib qo‘yaman. Yaxshiyamki menga musht tushirishga ulgurolmadi. Aks xolda o‘zim jonini sug‘urib olardim. Lekin, sizning hurmatingiz haqqi, bunga qo‘lim bormaydi.

09

(Tashriflar: umumiy 954, bugungi 1)

Izoh qoldiring