Lev Tolstoy. Hojimurod. Qissa. X-XXV boblar

Ashampoo_Snap_2016.07.09_01h03m54s_002_.png    Биқинидаги жароҳат қаттиқ жароҳат бўлиб, Ҳожимурод ўлишини сезди, Хотиралар ва тасвирлар ҳаддан ташқари тезлик билан бирма-бир унинг хаёлидан ўтдилар. У ҳали ўз қаршисида бир қўли билан кесилиб тушган юзини ушлаган, бир қўлида ханжар тутган ҳолда душманга ташланаётган паҳлавон Абунунсалхопни кўрар, ҳали оқ, айёр юзли чол Воронцовни кўрар, унинг мулойим товушини эшитар, ҳали ўғли Юсуфнинг, ҳали хотини Софиатнинг, ҳали душмани бўлган, рангсиз, сариқ соқолли, хумор кўзли Шомилни кўрар эди…

Лев Толстой
ҲОЖИМУРОД
Уйғун таржимаси
002

X

031Эртаси Ҳожимурод Воронцовнинг олдига келганида князнинг қабулхонаси одам билан лиқ тўла эди. Бу ерда формасини тўла кийган ва орденларини тақиб, князни зиёрат қилиб кетгани келган тикандай дағал мўйловли кечаги генерал ҳам; яна полкнинг озиқ-овқатини суиистеъмол қилгани учун судга тушиш хавфи бўлган полк командири ҳам; давлатдан майхоналарни сотиб олган ва энди шартномани янгилаш учун ҳаракат қилиб юрган, доктор Андреевский томони ҳимоя қилинадиган бой армани ҳам ҳозир эди. Бу ерда, бошдан-оёқ қора кийган — пенсия ёки болаларини етимхонага жойлаштиришни сўраб келган, ўлдирилган бир офицернинг бева хотини ҳам бор эди. Бу ерда хонавайрон бўлган, ёпилган черков ерларини ўзига олмоқ учун ҳаракат қилиб юрган, башанг кийинган грузин князи ҳам бор эди. Бу ерда Кавказни бўйсундиришнинг янги лойиҳасини кўтариб келган пристав ҳам ҳозир эди. Бу ерда уйига бориб, мен князнинг ҳузурида бўлдим, деб мақтаниш учунгина келган бир хон ҳам бор эди.

Ҳамма навбат кутмоқда ва чиройли, малла сочли ёш йигит — адъютант уларни бирин-сирин князнинг кабинетига олиб кириб турмоқда эди.

Қабулхонага залварли дадил қадам ташлаб, сал оқсоқланиб Ҳожимурод кириб келди, ҳамма унга қаради ва у ҳар тарафдан шивирлаб айтилаётган ўз номини эшитди.

Ҳожимурод, ёқасига кумуш жияк тутилган жигарранг камзул устидан узун оқ черкаска кийиб олган эди. Оёғида қора ноговица ва худди қўлқоп сингари товонига таранг бўлиб ёпишиб турган чувак, бошида — папахга ўралган салла бор эди, салла — Аҳмадхоннинг чақиғи билан Ҳожимуроднинг генерал Клюгенау томонидан қамалишига ва Шомилга ўтиб кетишига сабаб бўлган — ҳов, ўша салла эди. Ҳожимурод калтароқ оёғига сал оқсоқланганидан бутун келишган қомати билан чайқалиб, қабулхонанинг паркет полидан тез қадам ташлаб келарди. Унинг катта-катта кўзлари илгарига жўнгина қарар ва ҳеч кимни кўрмаётганга ўхшар эди.

Хушбичим адъютант, кўришиб бўлиб, Ҳожимуроддан князга хабар бергунча ўтириб туришликни сўради. Лекин Ҳожимурод ўтирмади, у қўлини ханжарига тираб, оёқларини керган ҳолда, атрофдагиларга рашк билан қараб тикка тураверди.

Таржимон князь Тарханов Ҳожимуроднинг ёнига келиб, у билан гаплаша бошлади. Ҳожимурод истамасдан, калта-калта жавоб берди. Приставнинг устидан арз қилиб келган қўмиқ князи кабинетдан чиқди, унинг орқасидан адъютант Ҳожимуродни чақирди ва уни кабинетнинг эшигига олиб келди-да, ичкарига киргизиб юборди.

Воронцов Ҳожимуродни столнинг чеккасида тикка туриб қабул этди. Бош қўмондоннинг кекса оқ юзи кечагига ўхшаш табассум қилувчи эмас, балки кўпроқ жиддий ва тантанали эди.

Ҳожимурод катта стол ўрнатилган ва зангори жалузалар тутилган зўр деразалари бор улкан хонага киргач, офтобда куйган росмана қўлларини кўкрагига қўйиб ўтириб, ўзи яхши гапирадиган қўмиқ лаҳжасида кўзларини пастга олиб, шошилмасдан, дона-дона қилиб, ҳурмат билан деди:
— Улуғ подшоҳ ва сизнинг ҳимояларингизга сиғиниб келдим. Садоқат билан, бир томчи қоним қолгунча оқподшоҳга хизмат қилишга ваъда бераман ва сизнинг ҳам, менинг ҳам душманимиз бўлган Шомил билан бўлажак урушда фойдам тегар, деб умид қиламан.

Воронцов таржимоннинг сўзини эшитиб бўлгач, Ҳожимуродга қаради, Ҳожимурод ҳам Воронцовнинг юзига боқди.

Бу икки кишининг кўзлари бир-бирлари билан учрашдилар ва бир-бирларига кўп сўз билан ифода қилиб бўлмайдиган ва таржимон айтган гаплардан тамом бошқа нарсаларни гапирдилар. Улар бир-бирларига тўғридан-тўғри, сўзсиз ҳамма ҳақиқатни айтиб бердилар: Воронцовнинг кўзлари Ҳожимурод гапирган сўзларнинг биттасига ҳам ишонмаслигини, Ҳожимурод бутун русларнинг душмани эканини ва доимо шундай бўлиб қолишлигини, ҳозир эса бўйсунишга мажбур бўлгани учун таслим бўлаётганини билганини гапирарди. Ҳожимурод ҳам буни англар ва ҳар ҳолда ўзининг содиқ эканлигини инонтиришга тиришар эди. Ҳожимуроднинг кўзлари эса, бу чол рус уруши ҳақида эмас, балки ўлим ҳақида ўйлаши керак, аммо у, гарчи қари бўлса-да, ҳийлакордир, у билан эҳтиёт бўлиб муомала қилиш керак, деб гапирар эди. Воронцов ҳам буни англар ва ҳар ҳолда Ҳожимуродга, урушнинг муваффақияти учун керак деб қараганини билдирар эди.
— Унга айтгин,— деди Воронцов таржимонга (у ёш адъютантларни сенсираб гапирарди)—бизнинг подшоҳимиз қудратли бўлгани сингари, шафқатли ҳамдир, эҳтимол, менинг илтимосим билан уни кечирар ҳам хизматга олар. Айтдингми?—деб сўради у таржимондан Ҳожимуродга қараб туриб.—Унга айт, подшоҳимнинг марҳаматли қарорини олганимга қадар, уни қабул қилишни ва бизникида ўтказадиган умрини кўнгилли қилишни ўз устимга оламан.

Ҳожимурод яна бир марта таъзим қилди ва қизғинлик билан ниманидир гапира кетди.

Таржимоннинг таржима қилиб беришига кўра, у илгари 39-йилларда, Аварияни идора қилган вақтларида ҳам русларга содиқ бўлиб хизмат қилганини ва мабодо уни ҳалок қилмоқчи бўлган ва генерал Клюгенау олдида унга бўҳтон қилган душмани Аҳмадхон бўлмаса, русларга ҳеч қачон хиёнат қилмаган бўлишини гапирди.
— Биламан, биламан,—деди Воронцов, гарчи у буларнинг ҳаммасини билган бўлса ҳам аллақачон унутган эди.— Биламан,— деди у, ўтириб ва Ҳожимуродга девор ёнидаги тахтадан жой кўрсатиб. Лекин Ҳожимурод Воронцовдай обрўли кишининг ҳузурида ўтиришга журъат этолмаганининг ишораси қилиб, кучли елкаларини қисиб, ўтирмади.
— Аҳмадхон ҳам, Шомил ҳам — менинг душманларим,— у таржимонга мурожаат қилди ва сўзида давом этди.— Князга айт, Аҳмадхон ўлди, мен ундан ўчимни ололмадим, аммо Шомил ҳали тирик ва мен ундан ўчимни олмай туриб ўлмайман,— деди у қовоғини солиб ва жағларини маҳкам қисиб.
— Ха, ҳа,—деди Воронцов секин,— у Шомилдан қандай қилиб ўч олади?—деди у таржимонга.— Айтгин ахир, ўтириши мумкин.

Ҳожимурод яна ўтирмади ва ўзига берилган саволга: «Шомилни йўқотишда ёрдам бериш учун русларга қўшилдим»,— деб жавоб берди.
— Яхши, яхши,— деди Воронцов.— У, хулласи калом, нима қилмоқчи ахир? Ўтир, ўтир…

Ҳожимурод ўтирди ва агар уни лазги томонига юборсалар ва унга қўшин берсалар, бутун Доғистонни оёққа турғизишга ва Шомилнинг бунга дош бера олмаслигига кафил эканини айтди.
— Бу яхши гап. Буни қилиш мумкин.— деди Воронцов.— Ўйлаб кўраман.

Таржимон Воронцовнинг сўзларини Ҳожимуродга таржима қилиб берди. Ҳожимурод ўйга толди.
— Сардорга айт,— деди у яна,— менинг оилам душманимнинг қўлида ва қачонки, менинг оилам тоғда экан, мен тўппа-тўғри унга қарши борсам, у менинг хотинимни, онамни, болаларимни ўлдиради. Князь менинг оиламни қутқазсин, уни асирларга алмаштирсин, у вақтда мен ё ўламан, ё Шомилни йўқотаман.
— Яхши, яхши,— деди Воронцов.— Бу ҳақда ўйлаб кўрамиз. Энди у штаб бошлиғининг олдига борсин ва унга ўз вазияти, нияти ва хоҳишини батафсил айтиб берсин.

Ҳожимуроднинг Воронцов билан бўлган биринчи учрашуви шу билан тугади.

Ўша куни кечқурун Шарқ услубида, янгидан ишланган театрда итальянча опера қўйилмоқда эди. Воронцов ўз ложасида эди, шу вақт партерда салла ўраган ҳолда, кўзга ташланиб турган қомати билан оқсоқ Ҳожимурод пайдо бўлди. Ҳожимурод, ўз ёнига қўшиб қўйилган Воронцовнинг адъютанти Лорис-Меликов билан бирга кириб биринчи қаторга жойланди. Ҳожимурод биринчи парда тамом бўлгунча, шарққа, мусулмонларга хос босиқлик билан, бетаажжуб, ҳатто бепарво кўриниш билан томоша қилиб ўтириб, сўнг ўрнидан турди ва томошабинларга секин кўз югуртириб чиқиб, бутун кишиларнинг диққатини ўзига қаратиб, залдан чиқиб кетди.

Эртаси душанба Воронцовникида базм бўладиган кун эди. Катта, кўзни қамаштирадиган даражада ёритилган залда, қишки боғча орасига яшириниб музика ўйнар эди. Бўйинларини, қўлларини ва кўкракларини очиб турадиган кийимлар кийган ёш, навқирон ва шунингдек, унча ёш бўлмаган хотинлар рангдор мундирлар кийиб олишган эркакларнинг қучоғида айланмоқда эдилар. Буфетда қизил фрак, пайпоқ ва бошмоқлар кийиб олган лакейлар қадаҳларга шампанский қуймоқда ва хотинларга конфетлар олиб бориб тутмоқда эдилар. «Сардор»нинг хотини ҳам ёши ўтиб қолганига қарамасдан, бошқаларга ўхшаш ярим яланғоч ҳолда салом ва табассумлар билан меҳмонлар орасида юрарди. У таржимон орқали, худди кеча театрдаги сингари, бепарволик билан меҳмонларга кўз ташлаган Ҳожимуродга бир қанча илиқ сўз айтди. Қнягинянинг орқасидан Ҳожимуроднинг ёнига бошқа хотинлар ҳам келишди ва ҳаммаси ҳам уялишмасдан унинг рўбарўсида туришиб, жилмайишиб бир нарсани: Ҳожимуроднинг бу ерда кўраётгандари унга ёқиш-ёқмаслигини сўрашди. Воронцовнинг ўзи олтин эполетлар ва аксельбантларда, бўйнига оқ бут тақиб олган ҳолда Ҳожимуроднинг ёнига келди ва у ҳам муқаррар, бошқа сўровчилар сингари Ҳожимуродга, бу ерда кўрган нарсаларининг ёқмаслиги мумкин эмас дея ишониб, ўша саволни берди. Ҳожимурод Воронцовга ҳам ҳаммага қилган жавоб қилди: яхшими ё ёмонми, буни гапирмасдан,— бизда бунақа нарсалар йўқ,— деб айтди.

Ҳожимурод шу ерда, балда Воронцов билан ўз иши, оиласини асирлар баробарига сотиб олиш тўғрисида сўзлашмоқчи бўлган эди, лекин Воронцов, унинг сўзларини эшитмаганликка солиб нари кетди. Кейин Лорис-Меликов Ҳожимуродга, бу ер иш тўғрисида гапиришадиган жой эмаслигини айтди.

Соат ўн бирга жом чалганда Ҳожимурод вақтни Мария Васильевна ҳадя қилган соатга қараб текшириб кўриб, Лорис-Меликовдан кетиш мумкинми, деб сўради. Лорис-Меликов мумкин эканини, бироқ қолса яхши бўлишини айтди. Бунга қарамасдан Ҳожимурод қолмади ва унинг ихтиёрига топширилган файтон билан ўзига берилган уйга қараб жўнади.

XI

Ҳожимурод Тифлисга келганининг бешинчи куни ноибнинг адъютанти Лорис-Меликов, бош қўмондоннинг топшириғи билан Ҳожимурод олдига келди.
— Бошим ҳам, қўлларим ҳам сардорга хизмат қилишга тайёр,— деди Ҳожимурод ўзининг одатий дипломатик қиёфаси билан қўли кўксида бош эгиб.— Буюр,— деди Лорис-Меликовнинг кўзларига мулойимгина қараб.

Лорис-Меликов, столнинг ёнида турган креслога ўтирди. Ҳожимурод унинг қаршисидаги паст тахтага ўтирди ва қўлларини тиззасига тираб, бошини қуйи солди-да, Лорис-Меликовнинг айтаётган гапларини тинглай бошлади. Татарчани эркин гапира оладиган Лорис-Меликов, князь, гарчи Ҳожимуроднинг ўтмишини билса-да, унинг бутун тарихини ўз оғзидан эшитишни истаганини айтди.
— Сен менга гапириб бер,— мен ёзиб оламан, кейин русчага таржима қиламан, ундан кейин князь подшоҳга юборади,— деди Лорис-Меликов.

Ҳожимурод пича жим қолди (у ҳеч қачон гапни бўлмас, эдигина эмас, балки ҳамма вақт ҳамсуҳбат яна бирор нарса айтмасмикан, деб кутиб турарди), кейин бошини кўтарди, папахини орқага суриб қўйди ва Мария Васильевнани мафтун этган бола табассуми билан илжайди.
— Бажону дил,— деди у, афтидан, менинг тарихим подшоҳга ўқиб берилади, деган фикрдан қувониб.
— Менга шошилмасдан, ҳаммасини бир бошидан сўзлаб бер,—деди Лорис-Меликов ёнидан дафтарчасини олиб.
— Хўп бўлади, аммо айтиб берадиган нарса жуда кўп-да. Кўп ишлар бўлган,— деди Ҳожимурод.
— Агар бир кунда айтиб битиролмасанг, қолганини эртага айтиб битирасан,— деди Лорис-Меликов.
— Бошидан бошлайми?
— Ҳа, энг бошидан, қаерда туғилдинг, қаерда яшадинг, шундан.

Ҳожимурод бошини эгган кўйи узоқ ўтирди; кейин тахтада ётган кичкина бир ёғочни олди, ханжарининг остидан, сопи фил суягидан қилинган тилла суви югуртирилган устарадай ўткир пўлат паккисини чиқарди-да, ёғочни йўниб ўтириб гапира бошлади.
— Ёз: Цельмесда, тоғликларнинг тили билан айтсак, эшакнинг бошидек кичкина бир қишлоқда туғилганман,— деб бошлади у.— Хонлар яшаган Хунзах биздан унча узоқ эмас, икки милтиқ отимча келар эди. Бизнинг оиламиз улар билан яқин эди. Чунки менинг онам хоннинг катта ўғли Абунунсалхонни эмизиб катта қилган.

Хонзодалар учта эди: акам Усмоннинг эмишган оғайниси Абунунсалхон, менинг тутинган оғайним Уммахон ва кичиги Булачхон, уни Шомил жардан ташлаб юборган. Бу воқеа кейин бўлган эди. Муридлар овулларни оралаб юра бошлаган вақтларида, мен ўн беш ёшларга бориб қолган эдим. Улар ёғоч қиличларни тошларга уришар ва: «Мусулмонлар, ғазавот!»—деб қичқиришар, эдилар. Чеченларнинг ҳаммаси муридлар томонга ўтдилар, кейин аварлар ҳам улар томонига ўта бошладилар. Мен у вақтларда саройда яшар эдим. Мен худди хоннинг оғайнисидай эдим: нима истасам шуни қилардим, мен бой бўлиб кетдим. Менда от ҳам, қурол ҳам бор эди. Кайфи сафо ичида яшар ва ҳеч нарса тўғрисида ўйламас эдим. Шу тахлитда то Қозимулла ўлдирилиб, унинг ўрнига Ғамзат ўтирган вақтга қадар яшадим. Ғамзат хонларга вакил юбориб, агар улар ғазавотни қабул қилмасалар, Хунзахни хароб қилишини билдирди. Бош қотар эди. Хонлар ғазавотни қабул қилишда руслардан қўрқардилар. Шунда малика русларнинг энг катта бошлиғидан Ғамзатга қарши ёрдам сўраш учун иккинчи ўғли Уммахон билан бирга мени Тифлисга юборди. Энг катта бошлиқ барон Розен эди. У мени ҳам, Уммахонни ҳам қабул қилмади, ёрдам берамиз, деб айтибди, лекин ҳеч нарса қилмади. Фақат унинг офицерлари бизнинг олдимизга келиб, Уммахон билан карта ўйнашадиган бўлиб олишди. Улар Уммахонни вино ичириб маст қилишар ва ёмон ерларга олиб боришар эди. Уммахон уларга қартада бор-йўғини ютқазиб қўйди. У буқадек кучли, шерюрак, аммо қалби эса сувдек бўш эди. Агар мен уни олиб кетмасам, у сўнгги отини ҳам, қуролини ҳам ютқазиб қўйган бўларди. Тифлисга бориб келгандан сўнг менинг фикрим ўзгарди, мен ғазавотни қабул қилиш керак, деб малика ва ёш хонларни ташвиқ қила бошладим.
— Нима сабабдан фикринг ўзгарди?—деб сўради Лорис-Меликов.— Руслар ёқмадими?

Ҳожимурод бир оз жим қолди.
— Йўқ, ёқмадилар,— деди қатъий, кейин кўзларини юмди.— Бунинг устига яна шундай бир иш бор эди, мен ғазавотни қабул қилгим келди.
— Қандай иш?
— Цельмеснинг остида биз хон иккимиз учта мурид билан тўқнашдик, иккитаси қочиб кетди, учинчисини тўппонча билан отиб ўлдирдим. Мен қуролларини ечиб олай деб унинг ёнига келсам, у тирик экан. У менга қаради: «Сен мени ўлдирдинг, мен учун яхши. Сен эсанг мусулмон, ёш, кучли экансан: ғазавотни қабул эт. Тангри шундай буюради», деди.
— Хўш, шу билан сен қабул қилдингми?
— Қабул қилганим йўқ, аммо ўйлай бошладим,— деди Ҳожимурод ва ўз ҳикоясини давом эттирди.
— Ғамзат Хунзахга яқинлашиб келиб қолганда, биз унинг олдига қарияларни юбордик ва уларга ғазавотни қабул қилишга рози эканимизни, фақат уни яхшилаб тушунтириб берадиган бир олим киши юборишини айтишликни буюрдик. Ғамзат чолларнинг мўйловларини қирқиб ташлаш, бурунларининг тешигини бекитиш, бурунларига нон осиш ва шу ҳолда уларни қайтариб юборишни буюрибди. Чоллар келиб, маликага омонат сифатида кенжа ўғлини Ғамзатнинг ёнига юбориш шарти билан улар олдига ғазавотни ўргатиш учун бир шайх юборишга унинг розилигини айтдилар. Малика бунга ишониб Булачхонни Ғамзатнинг олдига юборди. Ғамзат Булачхонни яхши қарши олди ва унинг ёнига акаларини ҳам олиб келиш учун бизга киши юборди. Ғамзат, ўз отаси уларнинг отасига хизмат қилгани сингари, у ҳам хонларга хизмат қилмоқчи бўлганини айтишни буюрибди. Ўз бошларича яшаган вақтларида ҳамма хотинлар қандай бўлса малика ҳам шундай бўш, аҳмоқ ва орсиз хотин эди. У иккала ўғлини юборишдан қўрқиб, ёлғиз Уммахонни юборди. Мен у билан бирга бордим. Бизни бир чақиримча жойда муридлар кутиб олиб, зикр тушдилар, милтиқ отдилар ва атрофимизда от ўйнатдилар. Биз яқинлашиб қелаётган вақтимизда Ғамзат чодиридан чиқиб Уммахоннинг узангиларига ёнашиб келди ва уни хон сифатида қарши олди. У: «Мен сизнинг хонадонингизга ҳеч қандай ёмонлик қилганим йўқ ва қилишни ҳам истамайман. Сиз фақат мени ўлдирманг ва одамларни ғазавотга олиб бориш учун халақит берманг. Мен эса, отам отангизга хизмат қилгани каби, бутун қўшиним билан сизга хизмат қиламан. Мени уйингизда яшагани қабул қилинг. Мен, маслаҳатларим билан сизга ёрдам бераман, сиз эсангиз билганингизни қилаверинг», деди. Уммахон сўзга жуда нўноқ эди. У нима дейишини билмасдан, жим туриб қолди. Шундан кейин мен, гап шу бўлса Ғамзат Хунзахга борсин, малика ва хон уни ҳурмат билан қабул қилади, дедим. Лекин менинг гапимни тугаттирмадилар ва мен бу ерда биринчи марта Шомил билан тўқнашдим. У шу ерда, имомнинг ёнида эди. «Сендан эмас, хондан сўраётибдилар»,— деди у. Мен жим бўлдим, Ғамзат эса Уммахонни чодирга олиб кетди. Кейин Ғамзат мени чақириб олиб, ўзининг элчилари билан бирга Хунзахга боришга буюрди. Мен кетдим. Элчилар Ғамзатнинг олдига катта хонни ҳам юбораверинг, деб маликани ташвиқ қила бошладилар. Мен хиёнатни пайқадим ва маликага: ўғлингизни юборманг, дедим. Лекин тухумда қанча тук бўлса, хотинларнинг бошида ҳам шунча ақл бўлади. Малика элчиларнинг гапига ишониб ўғлини боришга буюрди. Абунунсалхон истамади. Шунда малика: «Кўриниб турибди, сен қўрқаётибсан», деди. У худди арига ўхшаб ўғлининг жон жойини топиб чақишни яхши биларди. Абунунсалхон қизиб кетди, онаси билан ортиқ гаплашиб ўтирмади-да, отини эгарлашга буюрди. Мен у билан бирга кетдим. Ғамзат бизни Уммахондан ҳам яхшироқ қилиб кутиб олди. Унинг ўзи икки милтиқ отими қадар ерга келиб бизга пешвоз чиқди. Унинг орқасидан нишон таққан отлиқлар бирга келдилар, такбир айтдилар, ўқ уздилар, от ўйнатдилар. Биз лагерга келганимизда, Ғамзат хонни чодирга олиб кириб кетди, мен эса отларнинг ёнида қолдим. Ғамзатнинг чодиридан ўқ овози эшитила бошлаган вақтда, мен тоғнинг остида эдим. Мен чодирнинг олдига чопиб келдим. Уммахон муккасидан тушиб қонга беланиб ётар, Абунунсалхон эса муридлар билан солишмоқда эди. Юзининг ярми чопиб ташланган бўлиб, осилиб турарди. У бир қўли билан чопилган юзини ушлаган, иккинчи қўлидаги ханжар билан яқинлашганларни уриб турар эди. У менинг ҳузуримда Ғамзатнинг укасини чопиб ташлади ва бошқасига қараб интилди, аммо шу вақтда муридлар унга қараб ўқ уза бошладилар, у йиқилди.

Ҳожимурод тўхтади, унинг офтобда куйган юзи қип-қизариб кетди, кўзларига қон қуйилди.
— Мени даҳшат босди, қочиб кетдим.
— Шунақами?— деди Лорис-Меликов.— Мен сени ҳеч қачон ҳеч нарсадан қўрқмаган, деб ўйлаган эдим.
— Кейин ҳеч қачон қўрққан эмасман. Ўшандан бери мен бу воқеани ҳамма вақт хотирлаб келаман ва эслаган вақтимда ҳеч нарсадан қўрқмайман.

XII

— Энди бас. Намоз ўқиш керак,— деди Ҳожимурод, у черкаскасининг кўкрак чўнтагидан Воронцовнинг брегетини чиқарди, эҳтиёт билан мурватини босди ва бошини қийшайтириб қулоқ солди. Соат ўн иккию чоракни урди.
— Меҳмондўст Воронцовдан пешкаш,— деди у илжайиб,— Яхши одам.
— Ҳа, яхши соат,— деди Лорис-Меликов.— Хўп бўлмаса, сен намозингни ўқи, мен кутиб тураман.
— Хўп,— деди Ҳожимурод ва ётоқхонасига кириб кетди.

Лорис-Меликов ёлғиз ўзи қолгач, Ҳожимурод гапириб берган воқеаларнинг энг муҳимларини дафтарчасига ёзиб қўйди, сўнг папирос чекди-да, уйнинг у бошидан бу бошига юра бошлади. Лорис-Меликов, ётоқхонанинг қаршисидаги эшик олдига келиб, татарчалаб нима тўғрисидадир тез ва қизғин гаплашаётган кишиларнинг овозларини эшитди. У, булар Ҳожимуроднинг муридлари эканини билди-да, эшикни очиб улар олдига кирди.

Уйда тоғликларга хос нордон тери ҳиди бор эди. Қийшиқ, сариқ Гамзало, ёғи чиқиб кетган жулдур камзул кийиб олгани ҳолда, дераза ёнига солинган чакмон устида ўтириб юган тўқимоқда эди, лекин Лорис-Меликов кириши билан жим бўлди ва унга эътибор қилмасдан бемалол ишини давом эттирди. Унинг рўпарасида хушчақчақ Хон-Магома турар ва оқ тишларини иржайтириб, киприксиз қора кўзларини ялтиратганича бир сўзни такрорламоқда эди. Гўзал Элдор енгларини кучли қўлларига шимариб олиб, эгарнинг михига илиниб қўйилган айилни артар эди. Бош ходим ва хўжалик мудири Ҳанафий уйда йўқ, у ошхонада овқат пиширмоқда эди.
— Нима тўғрисида мунозара қилаётибсизлар?—Лорис-Меликов Хон-Магома билан кўришаётиб сўради.
— Э, анави ҳадеб Шомилни мақтайди,— деди Хон-Магома Лорисга қўлини бераётиб,— Шомил — катта одам. Ҳам олий, ҳам авлиё, ҳам ботир, дейди.
— Уни ҳадеб мақтайдиган бўлса, нима учун ундан ажралиб кетади?
— Ундан кетгану, лекин ҳамон уни мақтайди,— деди Хон-Магома тишларини иржайтириб ва кўзларини ялтиратиб.
— Нима, уни авлиё деб ҳисоблайсанми?— сўради Лорис-Меликов.
— У авлиё бўлмаса, халқ унинг сўзига кирмаган бўларди,— Гамзало тез гапирди.
— Шомил эмас, Мансур авлиё эди,— деди Хон-Магома.— У ҳақиқий авлиё эди. У имомлик қилганда, бутун халқ бошқача эди. У овулларни кезиб юраркан, халқ черкаскасининг этагини ўпиш учун унинг олдига чиқар ва гуноҳларига тавба қилар ҳам ёмон иш қилмасликка онт ичар эди. Чоллар: у вақтда ҳамма одам авлиёга ўхшаб яшар — чекмас, ичмас, намозини канда қилмас, бир-бирининг жабрини кечирар, ҳатто қон тўкканни ҳам кечирар эди, деб гапирадилар. У вақтларда пул ёки буюм топиб олинса, ходага боғлаб йўлга қўярдилар. У вақтларда, ҳозирдагидай эмас, худо ҳам ҳамма нарсада халққа мададкор эди,— деди Хон-Магома.
— Ҳозир ҳам тоғликлар ичмайдилар ва чекмайдилар,— деди Гамзало.
— Сенинг Шомилинг Ламарой,— деди Хон-Магома Лорис-Меликовга кўзини қисиб қўйиб.

«Ламарой» тоғликларнинг ёмон лақаби эди.
— Ламарой — тоғлик,— Гамзало жавоб берди.— Тоғда бургутлар яшайди.
— О, бало экансан, қотириб жавоб бердинг,— деди Хон-Магома тишларини иржайтириб ўз мухолифининг ўткир жавобидан хурсанд бўлиб.

У Лорис-Меликовнинг қўлидаги кумуш папирос қутини кўриб, папирос сўради. Лорис-Меликов, уларга чекиш ман қилинганини айтгач, у бир кўзини қисди-да, Ҳожимуроднинг ётоғи томон бошини буриб, у йўқлиги-да чекиш мумкин эканини айтди. Қейин шу замониёқ тутунни ичига тортмасдан сиртга пуфлаб, қизил лабларини ўхшовсиз бир равишда чўччайтириб чека бошлади.
— Бу ишинг яхши эмас,— деди Гамзало жиддий, кейин уйдан чиқиб кетди.

Хон-Магома унинг орқасидан кўзини қисиб қўйди ва папиросини чека туриб Лорис-Меликовдан, шоҳи камзул ва оқ папахни қаердан сотиб олиш яхшироқ эканини сўради.
— Хўш, ақчанг шунақа кўпми?
— Бор, етади.— Хон-Магома кўзини қисиб жавоб берди.
— Сўрагин-чи, ақчани қаердан олди экан,— деди Элдор ўзининг чиройли, кулиб турувчи юзини Лорис-Меликовга томон буриб.
— Ютиб олдим,— деди тез Хон-Магома.

Сўнг у, кеча Тифлис кўчаларида томоша қилиб юриб, танга отиб қимор ўйнаётган бир тўда рус ва арманларга дуч келиб қолганини гапириб берди. Тикилган пул катта: учта тилла ва кўп кумуш бор экан. Хон-Магома бирпасдаёқ ўйиннинг нимадан иборат эканини англайди ва чўнтагидаги чақаларни шилдиратиб, даврага киради-да, ўртадаги ҳамма пулга отишлигини билдиради.
— Қандай қилиб ҳаммасига отасан? Пулинг бормиди?—Лорис-Меликов сўради ундан.
— Менда ҳаммаси бўлиб ўн икки тийин бор эди,— деди Хон-Магома тишларини иржайтириб.
— Хўш, ютқизиб қўйсанг нима қилар эдинг?
— Бу-чи,— дея Хон-Магома тўппончасини кўрсатиб қўйди.
— Нима, тўппончангни берармидинг?
— Нега берайин, қочар эдим, агар битта-яримтаси ушласа отиб ўлдирар эдим. Тамом — вассалом.
— Хўш, шундай қилиб ютиб олдингми?
— Ҳа, ҳаммасини шипирдим-да, кетавердим.

Лорис-Меликов Хон-Магома билан Элдорни яхшилаб билиб олди. Хон-Магома ошиб-тошиб кетган кучини қаерга сарф қилишини билмаган, ўйин-кулгини, айш-ишратни яхши кўрувчи, доим шод, енгилтак, ўзининг ва бошқаларнинг ҳаёти билан ўйновчи ва бу ўйин орқасида ҳозир русларга келиб қўшилган ва худди шунингдек, эртага шу ўйин орқасида яна Шомилга ўтиб кетиши мумкин бўлган киши эди. Элдор ҳам тамом англашиларли эди. Лорис-Меликов фақат сариқ Гамзалога тушунолмас эди. Лорис-Меликов, бу одамнинг фақат Шомилга берилгангина эмас, балки барча русларга нисбатан қаттиқ нафрат, жирканув, қабоҳат ва душманлик туйғулари билан тўлган эканини ҳам билар, шунинг учун ҳам Лорис-Меликов, унинг нима учун русларга ўтганига тушунолмас эди. Лорис-Меликов, баъзи бир бошлиқлар тарафидан ҳам маъқулланган фикрга, яъни Ҳожимуроднинг русларга ўтиши ва Шомил билан бўлган душманлиги ҳақидаги гапларни алдашдан иборат, у фақат русларнинг заиф ерларини кўриб олиш ва қайтадан тоққа қочиб кетиб, русларнинг заиф ерларига куч юбориш учунгина русларга қўшилган, деган фикрга келди. Гамзало ўзининг бутун туриш-турмуши билан бу фикрни қувватлар эди. Лорис-Меликов: «Манавлар ва Ҳожимуроднинг ўзи, ўз ниятларини яширишни биладилар, аммо манави эса, ўзининг ошкора душманлиги билан ўзини ошкор қилиб қўйди», деб ўйлади.

Лорис-Меликов у билан гаплашишга ҳаракат қилиб «ўриб, зерикмай ётибсизми, деб сўради. Аммо у, қилиб турган ишини тўхтатмай Лорис-Меликовга кўз қирини солди-да, хириллаб ва калта қилиб:
— Зерикаётганим йўқ,— деб жавоб берди.

Бошқа саволларга ҳам шундай жавоб берди. Лорис-Меликов ҳали навкарлар уйида экан, Ҳожимуроднинг тўртинчи муриди, юз ва бўйнини соқол босиб кетган, сержун кўкраги дўнг авариялик Ҳанафий ичкарига кирди. Бу киши муҳокама қилиб ўтирмайдиган, ҳамма вақт ўз иши билан банд, Элдорга ўхшаш муҳокамасиз, ўз хўжасига бўйсунувчи зўр хизматчи эди.

У гуруч олгани навкарлар уйига кирганида Лорис-Меликов уни тўхтатиб, қаерлик эканини ва Ҳожимуродга қачондан бери хизмат қилишини сўради.
— Беш йилдан бери,—дея Ҳанафий Лорис-Меликовнинг саволига жавоб берди.— Мен у билан бир овулданман. Менинг отам унинг амакисини ўлдириб қўйган эди. Улар ҳам мени ўлдирмоқчи бўлдилар,— деди у тинчгина ўсиқ қошларининг остидан Лорис-Меликовнинг юзига қараб туриб.— Шунда мени оғайни қилиб қабул этишларини сўрадим.
— Оғайни қилиб қабул этиш деганинг нима?
— Мен икки ой тирноқларимни олмасдан юриб, уларникига келдим. Улар мени оналари Фатиматнинг ёнига киргиздилар. Фатимат мени эмизди, шундай қилиб мен унинг укаси бўлиб қолдим.

Қўшни хонадан Ҳожимуроднинг овози эшитилди. Элдор шу замониёқ хўжайинининг чақирганини билди ва қўлларини артиб, кенг қадамлар ташлаб меҳмонхонага кириб кетди.
— Сизни чақираётибди,— деди у қайтиб келиб. Шундан сўнг Лорис-Меликов хушчақчақ Хон-Магомага яна бир дона папирос бериб, меҳмонхонага қараб кетди.

XIII

Лорис-Меликов меҳмонхонага кирганида Ҳожимурод уни шод чеҳра билан қарши олди.
— Хўш, давом эттирамизми?— деди у тахтага ўтираётиб.
— Ҳа, шубҳасиз,— деди Лорис-Меликов.— Мен навкарларингнинг ёнига кириб, улар билан пича гаплашдим. Биттаси жуда хушчақчақ йигит экан,— деб илова қилди.
— Ҳа, Хон-Магома ҳазилкаш одам,— деди Ҳожимурод.
— Менга чиройли ёш йигит жуда ёқди.
— У Элдор. Ўзи ёш, аммо темирдек қаттиқ.

Сўнг жим бўлдилар.
— Гапни давом эттирайми?
— Ҳа, ҳа.
— Мен хонларни қандай ўлдирганларини айтдим. Хўш, уларни ўлдирдилар. Шундан сўнг Ғамзат Хунзахга бориб хон саройига кириб олади,— деб бошлади Ҳожимурод.— Она — малика ҳали тирик эди, Ғамзат уни ўз олдига чақиртиради. Малика уни айблаб гапира бошлайди. Ғамзат ўз муриди Аслдорга қараб кўзини қисиб-қўйди, шунда Аслдор орқасидан уриб маликани ўлдиради.
— У маликани нега ўлдиради ахир?— сўради Лорис-Меликов.
— Бўлмаса қандай қилсин. Бошлаган ишини охиригача етказиш керак-да. Бутун уруғини қуритиш керак эди. Шундай қилдилар ҳам. Шомил жардан ташлаб кичик хонни ҳам ўлдирди. Бутун Авария Ғамзатга бўйсунди, фақат биз; мен ва акамгина бўйсунишни истамадик. Биз ундан хонлар учун хун олишимиз керак эди. Биз; кўринишда бўйсунгандай бўлиб юрдик, лекин фақат қандай қилиб ундан хун олишни ўйлардик. Бобомиз билан маслаҳатлашдик ва Ғамзатнинг саройдан чиқиш вақтини пойлашга ҳам пистирмада туриб уни ўлдиришга қарор қилдик. Кимдир бизнинг сўзларимизни эшитиб олиб, Ғамзатга айтибди, у бобомни олдига чақиртириб: «Менга қара, агарда набираларингнинг менга қарши ёмонлик ўйлаб юргани рост бўлса, сен ҳам улар билан бирга битта дорга осиласан. Мен тангрининг ишини қилиб юрибман, менга халақит бериши мумкин эмас. Бор, айтган сўзларимни хотирингда тут, дебди. Бобом уйга келиб бу сўзларни бизга айтиб берди. Шундан кейингина биз кутмай, ишни ҳайитнинг биринчи куниёқ мачитда битиришга қарор бердик, ўртоқларимиз айниб қолдилар,— акам иккаламизгина қолдик. Биз иккитадан тўппонча олдик, чакмонларимизни кийдик, сўнг мачитга бордик. Ғамзат ўттизтача муриди билан мачитга кириб келди. Ҳамма муридлар қиличларини яланғочлаб ушлаб олишган эди. Ғамзат билан бир қаторда унинг яхши кўрган муриди, маликанинг бошини чопиб ташлаган — Аслдор келмоқда эди. У бизни кўриб чакмонларингни ечинглар, деб қичқириб менинг олдимга келди. Ханжар қўлимда эди, мен уни ўлдира солиб, Ғамзатга ташландим. Лекин акам Усмон уни аллақачон отиб қўйган эди. Ғамзат ҳали тирик эди, у ханжар билан акамга ташланди, аммо мен бошига уриб ишини тугатдим. Муридлар ўттиз чоқли киши, биз эса иккита эдик. Улар акам Усмонни ўлдирдилар, мен бўлсам, деразага сакраб чиқдим-да, қутулиб кетдим. Ғамзатнинг ўлдирилганини эшитгач, бутун халқ кўтарилди, муридлар қочиб кетдилар, қочмай қолганларини оломон уриб ўлдирди. Ҳожимурод гапдан тўхтаб оғир бир нафас олди.
— Бу «ишларнинг ҳаммаси яхши эди-ю,— у давом этди,— кейин ҳамма иш бузилиб кетди. Ғамзатнинг ўрнига Шомил чиқиб олди. У менинг олдимга вакиллар юбориб, у билан бирга русларга қарши боришим кераклигини, агар мен рад этсам, у вақтда Хунзахни вайрон қилиб, мени ўлдиришини айтибди, мен унинг ёнига бормаслигимни ва уни ўз ёнимга йўлатмаслигимни айтдим.
— Нима сабабдан унинг ёнига бормадинг?—Лорис-Меликов сўради.

Ҳожимурод қовоғини солди, у дарров жавоб бермади.
— Мумкин эмас эди. Шомилда — ҳам акам Усмоннинг, ҳам Абунунсалхоннинг хуни бор эди. Мен унинг олдига борганим йўқ. Генерал Розин, менга офицерлик мансабини бериб, Аварияга бошлиқ бўлишимни таклиф этди. Ҳамма иш жойда эди, лекин Розин Авария устидан аввало қозиқўмиқ хони Муҳаммад Мирзони, кейин Аҳмадхонни тайинлади. Аҳмадхон мени кўролмас эди. У ўғли учун маликанинг қизи Салтанатга совчи юборган эди; қизни унга бермадилар. У мени бу масалада айбдор деб ўйлаган. У мени кўролмасди ва яширин равишда ўз навкарларини юбориб, мени ўлдирмоқчи ҳам бўлди, лекин мен улардан кетиб қолдим. Шундан сўнг у мени генерал Клюгенауга чақибди, мени аварияликларга солдатларга ўтин берманглар, деб буюрган, деди. У, генералга яна, мана бу салламни,— деди Ҳожимурод папахига ўралган саллани кўрсатиб,— ўраганимни айтибди ва бу, Ҳожимуроднинг Шомилга садоқатини билдиради, дебди. Генерал бу сўзларга ишонмаган ва менга тегмасликни буюрган. Лекин генерал Тифлисга кетгач, Аҳмадхон ўз билганини қилди: бир рота солдат билак мени ушлаб олди ва занжирбанд қилиб тўпга боғлаб қўйди. Шу кўйи мени олти кечаю олти кундуз ушлаб турдилар. Еттинчи куни бўшатиб, Темирхон-Шурага олиб кетдилар. Қирқ солдат милтиқларини ўқлаб олиб борарди. Қўлларим боғланган ва қочмоқчи бўлсам мени ўлдириш буюрилган эди. Мен буни билар эдим. Моксох ёнидан ўта бошлаганимизда сўқмоқ йўл жуда тор, ўнг тараф эллик сажинлар келадиган тикка жар эди. Мен бир солдатнинг ўнг томонига, жар ёқасига ўтдим. Солдат мени тўхтатмоқчи бўлди, лекин мен жарликка қараб ирғидим ва ўзим билан бирга солдатни ола кетдим. Солдат парча-парча бўлди, мен эсам мана — тирик қолдим. Қовурғаларим, бошим, қўлларим, оёқларим ҳаммаси синган эди. Судралмоқчи бўлдим, мумкин бўлмади. Бошим айланди, сўнг ухлаб қолибман. Уйғонсам, қонга беланиб ётибман. Чўпон мени кўриб одамларни чақирди, мени овулга олиб келдилар. Синган қовурғаларим тузалди, оёғим ҳам тузалди, фақат қисқа бўлиб қолди. Шундай деб туриб Ҳожимурод қийшиқ оёғини илгарига чўзди.
— Ишлайди, шуниси ҳам катта гап,— деди у.— Халқ мени таниб олдимга кела бошлади. Мен соғайдим, Цельмесга кўчиб келдим. Аварияликлар мени яна ўзларини идора қилиш учун чақирдилар,— Ҳожимурод осойишта, ишончли ғурур билан айтди.— Мен ҳам рози бўлдим.

Ҳожимурод тез ўрнидан турди-да, хуржундан портфелини олди, ундан иккита сарғайиб кетган хат чиқариб, Лорис-Меликовга берди. Хатлар Клюгенаудан келган эди. Лорис-Меликов ўқиди. Биринчи хатда шундай гаплар ёзилган эди:

«Прапоршик Ҳожимурод! Сен менда хизмат қилдинг, мен сендан мамнун эдим ва сени яхши киши деб билган эдим. Яқинда генерал-майор Аҳмадхон менга, сени хоин салла ўради. Шомил билан алоқаси бор, халқни рус бошлиқларига қулоқ солмасликка ўргатди, деб хабар етказди. Мен сени ҳисбга олиб, олдимга келтиришликни буйруқ берган эдим — сен қочибсан; билмадим — бу нарса яхшиликками ёки ёмонликками, чунки сен айбдорсанми, йўқми — билмайман. Энди гапимга қулоқ сол. Агарда буюк подшоҳ олдида виждонинг пок бўлса, агар ҳеч бир нарсадан айбдор бўлмасанг, менинг олдимга кел. Ҳеч кимдан қўрқма, сенинг ҳимоячинг менман. Хон сенга ҳеч нарса қилмайди, унинг ўзи менинг қўл остимдаги киши. Шунинг учун ҳам ҳеч нарсадан қўрқма».

Бундан сўнг Клюгенау, ҳамма вақт ўз сўзининг устидан чиққанини ва ҳаққоний бўлганини ёзган ва Ҳожимуродга, ўз ёнига келиш учун яна насиҳат қилган эди.

Лорис-Меликов биринчи хатни тугатгач, Ҳожимурод иккинчи хатни олди, лекин уни Лорис-Меликовнинг қўлига бермай туриб, биринчи хатга қандай жавоб ёзганини гапириб берди.
— Мен унга салла ўраганим рост, лекин Шомил учун эмас, балки ўз жонимни қутқазиш учун ўраганман, деб хат ёздим. Мен Шомил тарафига ўтишни истамайман, ўта олмайман ҳам, чунки унинг дастидан менинг отам, акаларим ва қариндошларим ўлдирилганлар, аммо русларга ҳам бора олмайман, чунки мени обрўсизлантирдилар. Хунзахда тутқун эканимда, бир ярамас менинг устимга …ди. То бу одам ўлдирилмагунча, мен сизларнинг олдингизга бора олмайман. Ҳаммадан муҳими эса алдамчи Аҳмадхондан қўрқаман, деб ёздим. Шундан кейин генерал менга мана бу хатни юборди,— деди Ҳожимурод Лорис-Меликовга сарғайиб кетган иккинчи хатни бераётиб.

«Сен менинг хатимга жавоб ёзибсан, раҳмат,— дея Лорис-Меликов ўқий бошлади.— Сен, қайтиб боришдан қўрқмайман, лекин бир кофир томонидан менга қилинган ҳурматсизлик буни ман қилади, деб ёзибсан; мен сени ишонтираманки, рус қонуни одил, ўз кўз олдингда сени ҳақорат қилишга журъат этган кишининг жазоланишини кўрасан. Мен аллақачон бу ишни текширишни буюрганман. Ҳожимурод, қулоқ сол. Сендан ранжишга ҳаққим бор, чунки менга ва менинг виждонимга ишонмайсан, бироқ ишонмаслик бутун тоғликларнинг одати эканини билганим учун сени кечираман. Агар виждонан тоза бўлсанг, агар сен саллани фақат жонингни қутқазиш учун ўраган бўлсанг, у ҳолда сен ҳақлисан ва рус ҳукуматининг кўзига ва менинг кўзларимга қўрқмасдан қарай биласан, сени обрўсизлантирган киши бўлса, сени ишонтираманки, жазосини тортади, мол-мулкинг ўзингга қайтарилади ва русларнинг қонуни нимадан иборат эканини кўрасан ҳам биласан. Айниқса, руслар ҳамма нарсага бошқача қарайдилар, сени бир ярамас обрўсизлантиргани учун сен уларнинг кўзида ўз эътиборингни туширган бўлмайсан. Мен ўзим гимриликларга салла ўрагани рухсат бердим, мен уларнинг ҳаракатларига керагича яхши қарайман, демакг такроран айтаман, қўрқишингга ҳеч ўрин йўқ. Сен, ҳозир ёнингга юборадиган кишим билан бирга менинг олдимга кел; у менга содиқ, у душманларингнинг қули эмас, балки ҳукумат олдида алоҳида эътиборга сазовор бўлган кишининг дўстидир».

Ундан кейин Клюгенау Ҳожимуродни яна қўшилишга ташвиқ қилган.
— Мен бунга ишонмадим,— деди Ҳожимурод Лорис-Меликов хатни тугатгач,— ва Клюгенаунинг олдига бормадим. Мен, ҳаммадан муҳими, Аҳмадхондан ўч олишим керак эди, бу ишни эса руслар орқали қилиб бўлмас эди. Бу вақтда эса Аҳмадхон Цельмесни ўраб олган ва мени ушлаб олмоқчи ёки ўлдирмоқчи эди. Менинг одамларим жуда оз эди, мен унинг қўлидан қутулиб чиқиб кетолмай турдим. Худди мана шу вақтда хат билан Шомилдан элчи келди. У менга Аҳмадхоннинг қўлидан қутулиб чиқишга ва уни ўлдиришга ёрдам беришга ваъда қилибди ва бутун Аварияни идора қилишни менга топширибди. Мен узоқ ўйладим ва ниҳоят Шомилга ўтдим. Мана, ўшандан бери ҳеч тўхтовсиз руслар билан уришиб келдим.

Бу ерда Ҳожимурод ўзининг барча ҳарбий ишларини ҳикоя қилиб берди. Унинг ҳарбий ишлари жуда кўп бўлиб, Лорис-Меликов буларни қисман билар эди. Унинг барча юришлари ва ҳамлалари ҳаддан ташқари тезлиги ва ҳамма вақт муваффақият қозонадиган мардоналиги билан ҳайрон қоларли эди.
— Мен билан Шомил ўртасида ҳеч қачон дўстлик бўлган эмас,— Ҳожимурод ўз ҳикоясини тамомлади,— лекин у мендан қўрқар ва мен унга керак эдим. Бироқ бир куни бир воқеа юз берди, мендан, Шомилдан кейин ким имом бўлиши керак, деб сўрадилар. Мен кимнинг қиличи ўткир бўлса, ўша имом бўлади, дедим. Буни Шомилга айтибдилар, шунда Шомил мендан қутулмоқчи бўлибди. У мени Табасаранга юборди. Мен бориб мингта қўй, уч юз отни қайтариб олдим. Лекин у, айтганимни қилмабсан деб, мени ноибликдан бўшатиб ва бутун ақчани юборишимни буюрди. Мен минг тилла юбордим. У ўз муридларини юбориб, бутун мулкимни олиб қўйди. У мени ўз олдига чақиртирди, мени ўлдирмоқчи бўлганини билиб бормадим. У тутиб олиб кетгани одамлар юборди, улардан қутулиб чиқиб, Воронцовнинг олдига келдим. Фақат оиламни ўзим билан бирга олиб кела олмадим. Онам ҳам, хотиним ҳам, ўғлим ҳам унинг қўлида. Сардорга айт: оилам у ерда экан, ҳеч нарса қила олмайман.
— Мен айтаман,— деди Лорис-Меликов.
— Уриниб кўр, ҳаракат қил. Нимаики нарсам бўлса, ҳаммаси сеники, фақат князь олдида ёрдам бер. Мен боғланганман, арқоннинг учи Шомилнинг қўлида.

Шу сўзлари билан Ҳожимурод Лорис-Меликовга сўзлаб берган ҳикоясини тугатди.

XIV

Воронцов, 20 декабрда ҳарбий министр Чернишевга тубандаги хатни ёзди. Хат французча эди.

«Суюкли князь, мен аввало Ҳожимуродни нима қилиш кераклиги ҳақида бир фикрга келишни истаб, сўнгги почта билан сизга хат ёзмадим. Ўзимни икки-уч кундан бери бир оз бетоб ҳис қилиб турибман. Мен сўнгги хатимда Ҳожимуроднинг бу ерга келганлигини сизга хабар қилган эдим: У Тифлисга саккизинчида келди, эртасига у билан танишдим ва саккиз ёки тўққиз кун мобайнида у билан сўзлашдим, оқибатда унинг биз учун нима қила олишлиги ва айниқса, ҳозир уни нима қилишимиз кераклиги ҳақида ўйладим, негаки, у ўз оиласининг тақдири тўғрисида жуда қаттиқ ташвиш тортмоқда ва очиқдан-очиқ, унинг оиласи Шомилнинг қўлида экан, оёқ-қўли боғлиқ эканини ҳам бизга хизмат этишдан ва шафқат билан қарши олганлигимиз, гуноҳларини кечирганимиз учун миннатдор эканини исбот қилишдан ожизлигини айтди. Унинг учун қийматли бўлган кишилар ҳақида очиқ бир хабар бўлмаслиги уни ташвишга солади ва бу ерда у билан бирга туриш учун менинг томонимдан қўйилган кишилар, кечалари унинг ухламаслигини, деярли ҳеч нарса емаслигини, доимо намоз ўқишини ва фақат бир қанча казаклар билан бирга узоқ йиллик одат натижасида зарурий бўлиб қолган — отда томоша қилиб келиш учун рухсат берилишини сўраганини айтади. У оиласи тўғрисида бирор хабар олган-олмаганимни билиш учун ҳар куни олдимга келади ва мендан, оиласини айирбошлаш мақсадида Шомилга таклиф қилиш учун бизнинг ихтиёримизда бўлган, ҳарбий йўлларимиздаги барча асирларни тўплашга буйруқ беришимизни илтимос қилади ва бу асирларнинг ёнига яна бир оз пул қўшиб юборишни гапиради. Бунинг учун унга пул берадиган кишилар бор. У менга ҳадеб: менинг оиламни қутқазинг ва ундан сўнг сизга хизмат қилиш учун менга имконият беринг, ана ундан кейин, бир ой мобайнида сизга катта хизмат қилиб бермасам, мени қандай лозим топсангиз, шундай жазоланг, деб такрорлайди.

Мен унга, бу талабларнинг ҳаммаси ҳам ҳақли эканини, агар унинг оиласи қўлимизда гаровда бўлмай, тоғда турса, бизда унга ишонмайдиган жуда кўп киши топилишини, бизнинг чегарамиздаги асирларни тўплаш учун мумкин бўлган ҳамма нарса қилишимни ва оиласини сотиб олиш учун, у ўзи топадиган пул ёнига қўшишликка уставимиз бўйича ҳақим бўлмаганидан, унга ёрдам бериш учун эҳтимол бошқа маблағ топишимни айтдим. Шундан кейин мен унга ўз фикримни очиқ қилиб дедим: Шомил ҳеч қачон сенга оилангни бермайди, у эҳтимол буни сенга очиқдан-очиқ айтар ҳам сени тамом кечиришга ва илгариги мансабингни қайтиб беришга ваъда қилади, агар сен қайтмасанг, онангни, хотинингни ва олти болангни ўлдираман, деб қўрқитади, дедим. Мен ундан, агар Шомилдан шундай мазмунда хабар олган тақдирингда нима қилишингни очиқ айта оласанми, деб сўрадим. Ҳожимурод кўзларини ва қўлларини осмонга кўтариб туриб, менга, ҳаммаси худонинг ихтиёрида, лекин мен ҳеч қачон ўз душманимга таслим бўлмайман, чунки мен, Шомилнинг мени кечирмаслигига ва борган вақтда тирик қолмаслигимга тамом ишонаман, деди. Оиласининг ўлдирилиш масаласига келган вақтда, у Шомил бу қадар енгилтак иш қилмас, деб ўйлайди: биринчидан, Шомил мени ўзига яна ҳам ғазабли ва хавфли душман қилмаслик учун бундай қилмайди, иккинчидан, Доғистонда Шомилни бу ишдан қайтарадиган жуда кўп кишилар бор, дейди. Ниҳоят у менга, келгуси учун, тангрининг хоҳиши қандай бўлмасин, уни ҳозир фақат ўз оиласини сотиб олиш ҳақидаги фикр банд қилаётганини бир неча бор такрорлади, у мендан тангри ҳаққи учун, унга ёрдам беришни ва унга, Чечен атрофларига қайтиб боришга рухсат этишни қайта-қайта сўради ҳам, у ерда бошлиқларимизнинг воситачилиги ва рухсати орқали ўз оиласи билан алоқа қилиш, уларнинг ҳозирги аҳволи ва уларни қутқазиб олиш воситалари ҳақида хабар олиб туриш имкониятига эга бўлиши мумкинлигини душман ўлкасининг бу қисмидаги кўп шахсларнинг ва ҳатто ноибларнинг ҳам озми-кўпми унга боғлиқ бўлганини, бажарилиши уни хотиржам қиладиган ва унга бизнинг фойдамиз учун хизмат қилишга ва бизнинг ишончимизни қозонишга имкон берадиган ва унинг ўзини кечаю кундуз таъқиб қилаётган мақсадга эришиш учун бизнинг ёрдамимиз билан, шу русларга кўпдан бўйсунган ёки бетараф бўлган ҳамма аҳоли билан ғоят фойдали, алоқа боғлай олиши мумкин эканини айтади. У, ўзини, душманлардан сақлаб юргани, бизга эса — у айтган ниятларнинг рост эканига кафолат бўлсин учун йигирма ёки ўттиз чоқли ботир казаклардан иборат конвой билан яна Грознийга юборишини сўрайди.

Севикли князь, буларнинг ҳаммаси бошимни қотириб қўйганини англарсиз, чунки қандай бўлмасин, менинг устимда каттакон жавобгарлик ётади. Унга тамом ишониб юбориш ғоят даражада эҳтиётсизлик бўлар эди, лекин биз ундаги қочиш учун лозим бўлган воситаларни тортиб олмоқчи бўлсак, у ҳолда уни қамашимиз керак бўлар эди, бу эса, менинг фикримча, адолатсизлик ва сиёсий жиҳатдан нотўғри бўларди. Бундай чора тўғрисидаги хабар дарров бутун Доғистонга тарқалар ва барча Шомилга қарашли очиқ равишда боришга тайёр турган озми-кўпми кишиларнинг (бундайлар эса жуда кўп) ҳам имомнинг ўзини бизга берилишига мажбур ҳис этган бир ботир ва эпчил ёрдамчисининг биздаги аҳволи билан жуда қаттиқ қизиқсинувчи кишилардаги ҳавасни тортиб олиб, бизга жуда катта зарар қилган бўларди. Агар биз Ҳожимуродга, асирларга қилинадиган муносабатни қилсак, унинг Шомилга қилган хиёнатидан келиб чиқадиган барча фойдали натижалар, биз учун йўқолган бўларди.

Шунинг учун Ҳожимурод янгидан қайтиб кетишни ўйлаган бўлса, мени катта хато қилишда айблашлари мумкин эканлигини сезганим ҳолда, Ҳожимуродга ҳозирги муносабатдан бошқача муносабат қила олмас эдим, деб ўйлайман. Хизматда ва бунақанги чалкаш ишларда хато қилишдан қўрқиб ва ўз устингга жавобгарликни олмасдан туриб, битта тўғри йўлдан кетиш мумкин эмас, деб айтмай илож йўқ; лекин модомики йўл тўғри бўлиб кўринар экан, ўша йўлдан кетиш керак,— майли, нима бўлса бўлсин.

Севимли князь, бу фикрларни баланд мартабали император жанобларининг муҳокамасига топширишингизни илтимос қиламан, агар жаноби олийлари бу ишимни маъқул кўрсалар, мен бахтиёр бўламан. Юқорида сизга ёзганларимнинг ҳаммасини, генерал Завадовский ва генерал Козловскийларга ҳам ёзиб юбордим. Ҳожимуродга Козловскийнинг розилигисиз ҳеч нарса қилиш ва ҳеч ёққа бориши мумкин эмаслигини айтиб қўйдим. Мен унга, Ҳожимурод бизнинг конвойимиз билан юрса, биз учун яна яхши эканини, бўлмаса Шомил «руслар Ҳожимуродни қамоқда сақлайди», деб гап тарқата бошлашини айтдим; лекин мен бу билан бирга ҳеч қачон Воздвиженскийга бормаслиги учун ундан ваъда олдим, негаки, у биринчи марта бош эгиб келган ва ўзининг ошнаси деб ҳисоблаган кишиси — менинг ўғлим, у жойнинг бошлиғи эмас, шунинг учун ҳам бирор англашилмовчилик юз бериши мумкин эканини гапирдим. Шуниси ҳам борки, Воздвиженский бир талай бизга ёв бўлган қишлоқларга жуда ҳам яқин, ҳолбуки, у, ўзининг ишончли кишилари билан олиб боришни истаган алоқалар учун Грозний ҳар жиҳатдан қулай.

Танлаб олинган ва унинг ўз сўрови бўйича ундан бир қадам ҳам ажралмайдиган йигирма чоқли казаклардан ташқари, татарча гаплаша оладиган, Ҳожимуродни яхши биладиган, Ҳожимурод ҳам, мазмуни, унга тамом ишонадиган, лойиқ, аъло ва ақлли офицер, ротмистр Лорис-Меликовни ҳам қўшиб юбордим. Ҳожимурод бу ерда ўтказгани ўн кун мобайнида, бу ерга иш билан келган, Шуша уездининг бошлиғи полковник князь Тарханов билан бир уйда яшади; бу одам — ҳақиқатан ҳам яхши одам, мен унга тамом ишонаман. У ҳам Ҳожимуроднинг ишончини қозонибди ва у татарчани яхши гапирганидан унинг бир ўзи орқали биз энг нозик ва яширин ишлар ҳақида муҳокамалашдик.

Мен Ҳожимурод тўғрисида Тарханов билан маслаҳатлашдим ва у ё мен қилгандай қилиш, ё Ҳожимуродни қамаш, ҳам уни мумкин бўлган барча қаттиқ чоралар билан қўриқлаш,— чунки унга ёмон муомала қилингач, уни қўриқлаш осон бўлмайди — ё бўлмаса, уни мамлакатдан тамом узоқлаштириш керак эканлиги масаласида менинг фикримга тамом қўшилди. Лекин бу сўнгги икки чора, биз учун Ҳожимурод билан Шомил ўртасидаги жанжалдан келиб чиқадиган барча фойдани йўққа чиқарар эдигина эмас, балки Шомил ҳукуматига қарши қаратилган ҳар қандай норозиликларнинг ўсишини ва тоғликларнинг ғалаёнга келиш имкониятини тўхтатиб қўяр эди. Князь Тарханов менга, Ҳожимуроднинг ростгўйлигига ишонганлигини ва Ҳожимуроднинг Шомил уни ҳеч қачон кечирмаслигини ҳам кечириш тўғрисидаги ваъдаларига қарамай, ўлимга ҳукм қилишига шубҳаланмаслигини айтди. Тархановнинг Ҳожимурод билан бўлган алоқаларида ташвишга солиши мумкин бўлган бирдан-бир нарса Ҳожимуроднинг ўз динига боғланган бўлишлиги эди ва у, Шомилнинг унга шу жиҳатдан таъсир қила олишини яширмайди. Лекин, юқорида айтганим каби Шомил Ҳожимуродни, менинг ёнимга қайтиб келсанг, ҳеч вақт ҳаётингдан маҳрум қилмайман, деб ҳеч қачон ишонтира олмайди.

Мана, суюкли князь, бу ердаги ишларнинг бу эпизоди ҳақида сизга айтмоқчи бўлганларимнинг ҳаммаси шу».

XV

Бу ахборот Тифлисдан 24 декабрда жўнатилган эди. Янги 52-йилнинг арафасида фельдъегерь ўнлаб отларни ўлар-тириларига қарамасдан қаттиқ ҳайдаб ва ўнлаб ямшикларни қонга белаб уриб, у хатни, ўша вақтдаги ҳарбий министр князь Чернишевга етказди ва Чернишев 1852 йилнинг биринчи ярмида, бошқа ишлар қаторида Воронцовнинг бу маълумотини ҳам император Николайга олиб борди.

Чернишев, Воронцов ҳамманинг ҳурматини қозонгани учун ҳам, Воронцов ҳақиқий барин, Чернишев эса ҳар ҳолда рагупи бўлгани ва ҳаммадан муҳими — императорнинг Воронцовга нисбатан алоҳида таважжуҳи бор экани учун ҳам, уни севмасди; шунга кўра ҳам Чернишев Воронцовга қўлидан келганича зарар етказиш учун ҳар бир фурсатдан фойдаланарди. Чернишев Кавказ ишлари ҳақида қилган бундан аввалги докладида, бошлиқларнинг эҳтиётсизлиги орқасида тоғликлар томонидан кичикроқ бир Кавказ отрядининг деярли тамом қирилиб ташланганлигини айтиб, Николайни Воронцовдан норози қилишга муваффақ бўлган эди. Энди у, Воронцовнинг Ҳожимурод ҳақидаги буйруғини ёмонлаб кўрсатишга ният қилди. У подшоҳга, доимо русларнинг зарарига ерлиларга ҳомийлик ва ҳатто уларга нисбатан бўшанглик қилувчи Воронцов, Ҳожимуродни Кавказда қолдириб, бемаъни иш қилган; ҳар эҳтимолга кўра, Ҳожимурод фақат мудофаа воситаларимизни кўриб олиш учунгина бизга қўшилган, шунинг учун ҳам Ҳожимуродни Россиянинг марказига жўнатиш ва унинг оиласи тоғдан қутқазилиб олингач ва унинг бизга содиқлигига ишониш мумкин бўлгачгина, ундан фойдаланиш яхшироқ деб англатмоқчи бўлди.

Лекин Чернишевнинг бу плани фақат шунинг учун амалга ошмадики, биринчи январь куни арталаб Николай жуда кайфсиз бўлиб, у ўзидаги қарама-қаршилик ҳисси орқасида ҳеч кимдан ва қандайгина бўлмасин, бирор таклиф қабул қилмасди; айниқса у Чернишевнинг таклифини қабул қилишни истамасди, негаки, у Чернишевга, уни ҳозирча алмаштириб бўлмайдиган киши дея ҳисоблагани учунгина чидаб турар, аммо унинг декабристлар воқеасида захар Чернишевни ҳалок қилишга уринганини ва унинг мол-мулкини қўлга киритишга тиришганини билганидан уни катта олчоқ ҳисоблар эди. Шундай қилиб, Николайнинг ёмон кайфиятда бўлганлиги орқасида Ҳожимурод Кавказда қолди ва Чернишев мабодо ўз докладини бошқа вақтда қилган бўлса, ўзгариши мумкин бўлган унинг тақдири ўзгармай қолди.

Йигирма даражали совуқнинг туманида, Чернишевнинг учи ингичка оқ кўк духоба шапка кийиб олган, семиз, серсоқол кучери, худди Николай Павлович тушиб юрадиган чанага ўхшаш кичкина чананинг олдига ўтириб олиб, қишки сарой дарвозаси ёнига етиб келганида ва хўжайинини аллақачон тушириб юбориб, тизгинни қалин пахталик этагининг остига бостириб олиб, увушган қўлларини бир-бирига ишқалаб сарой дарвозаси олдида турган ўз ошнаси, князь Долгорукийнинг кучерига дўстона бош қимирлатганида соат тўққиз ярим эди.

Чернишев устига оқ қундуз ёқали шинель, бошига форма бўйича хўроз пати қадалган уч бурчакли шляпа кийган эди. У айиқ терисидан қилинган оёқ ёпқични олиб ташлаб, совуқда уюшган, калишсиз (у калиш деган нарсани билмаганлиги учун фахрланарди), оёқларини чанадан оҳисталик билан чиқариб олди, сўнг, тетикланиб шпорларини жинғирлатганича, гиламдан юриб швейцар тарафидан иззат-икром билан очилган эшикка кириб кетди. Чернишев даҳлизда олдига чопиб келган камер-лакейнинг қўлига шинелини ташлаб, ойна ёнига келди ва оҳисталик билан бошидан, жингалак парикдан шляпасини олди. У, ойнада ўзига қараб туриб, кекса қўлларининг одатий ҳаракатлари билан чакка сочларини ва кокилини силади, крестини, аксельбантини ҳам катта вензелли эдолетларини тузатди, сўнг, бедармон оёқлари билан аранг қадам ташлаб, ётиқ зинанинг гиламидан юқорига кўтарилди.

Чернишев, тантанали форма кийиб эшиклар олдида туришган ва унга ялтоқлик билан таъзимда бўлган камер-лакейларнинг ёнидан ўтиб, қабулхонага кириб кетди. Янги мундир, эполетлар, аксельбантлар билан жилваланиб турган, ҳали аччиқ-чучукни кўрмаган соф, қизил юзли, сабза уриб келаётган қора мўйловли, чакка сочлари Николай Павловичники сингари кўзларига қарата таралган навбатчи, янги тайинланган флигель-адъютант, уни ҳурмат билан қарши олди. Ҳарбий министрнинг ўртоғи худди Николайники сингари чакка соқол, мўйловлар ва гажаклар билан безанган князь Василий Долгорукий, зериккан бир қиёфа билан Чернишевни қаршилаб ўрнидан турди-да, кўришди.
— Z’ empereur? — Чернишев кўзлари билан саволнамо кабинетининг эшигига имо қилиб, флигелъ-адъютантга мурожаат этди.
— Sa Majeste vient de rentrer — флигель-адъютант, афтидан ўз товушини эшитиб завқ билан жавоб берди, сўнг, оҳиста қадамлар билан стаканга сув тўлдириб бошига қўйса тўкилмайдиган даражада текис юриб товушсиз очилган эшикнинг ёнига борди ва бутун борлиғи билан кираётган ерига ҳурмат ифода қилиб, эшикка кириб ғойиб бўлди. Долгорукий, бу орада, қоғозларини текшириб кўриш учун портфелини очди. Чернишев эса, қовоғини солиб, оёғининг увушганини ёзиб ва императорга айтилиши керак бўлган нарсаларнинг ҳаммасини хотирлаб, у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Кабинетнинг эшиги яна очилиб, ундан янада очилиб кетган ва сертакаллуф флигель-адъютанти чиқиб, министрни ҳам унинг ўртоғини имо билан подшоҳ ёнига чорлади, бу чоқ Чернишев кабинет эшигининг олдида эди.

Қишки сарой ёнғиндан сўнг аллақачонлар қайтадан тузатилган, лекин Николай бинонинг ҳали юқориги қаватида яшар эди. Унинг, министрларни ва юқори бошлиқларни доклад билан қабул қиладиган кабинети тўртта катта деразали жуда баланд хона эди. Тўрдаги деворда император Александр I нинг катта портрети осиғлиқ турарди. Деразаларнинг ораларида иккита бюро, деворларнинг ёнида бир қанча стул, хонанинг ўртасида зўр ёзув столи, столнинг олдида Николайнинг креслоси, қабул қилинувчилар учун қўйилган стуллар турарди. Николай, ярим погончалар тақилган эполетсиз қора сюртук кийиб олган, таранг қилиб бойланган катта қоринли зўр қоматини орқага ташлаб ўтирмоқда ва нурсиз кўзлари билан ҳаракатсиз бир равишда кирувчиларга қарамоқда эди. Унинг, тепакалини ёпиб турган париги билан сунъий равишда қўшилган, силлиқ қилиб таралган чакка сочлари остидан чиқиб турган катта дўнг пешонали чўзиқ оқ юзи бугун айниқса совуқ ва ҳаракатсиз эди. Унинг ҳамма вақт сўник бўлган кўзлари одатдагига қараганда яна ҳам сўникроқ боқар, юқорига қарата қайрилган мўйловлари остидаги қисилган лаблари, баланд ёқага тиралиб турган семиз ва тўғри ҳасипга ўхшатиб чакка соқол қолдирилиб, янгигина қирилган жағлари ва ёқасига қисилиб турган бағбақаси унинг юзига норозилик ва ҳатто ғазаб ифодасини берар эди.

Бу кайфиятнинг сабаби чарчаганлик эди. Чарчаганликнинг сабаби эса мана бу эди: у кеча маскарадда бўлди ва бошига кавалергардларга хос қуш сурати ўрнатилган каска кийиб олиб, унинг ёнига сиқилишиб келувчи ва қўрқишиб ўзларини, унинг катта ва мағрур гавдасидан чеккага сурувчи халқ орасида одатдагича айланиб юриб, уни келгуси маскарадда учратишга ваъда бериб, ўтган маскарадда ундан яширинган ўша ниқобли қизни учратиб қолди. Кечаги маскарадда ниқобли қизни қўйиб юбормади. У қизни бу мақсад учун тайёр ҳолда сақланадиган ва ўз хоними билан якка қолиши мумкин бўлган хонага олиб борди. Николай жим ҳолда бу хонанинг эшигига келгач, кўзлари билан капель-динерни ахтариб, у ёқ-бу ёққа қаради, аммо у йўқ эди. Николай қовоғини солди ва хонанинг эшигини ўзи итариб очиб, хонимни илгари киргизди.
— Il y a quelqu’ un ,— деди ниқобли қиз тўхтаб.

Хона ҳақиқатан ҳам банд эди: барқут диванчада, бир-бирига жипс бўлиб, отлиқ аскар офицери билан бирга, маскарадга хос либос кийган, ниқобни ечиб қўйган чиройликкина, оқимтир жингалак сочли бир ёш хотин ўтирарди. Бор бўйича тик турган ғазабкор Николайнинг қоматини кўриб, оқимтир сочли хотин шошиб ниқобини кийди. Офицер эса ўтирган жойида даҳшатдан қотиб, дивандан туролмасдан, ҳаракатсиз кўзларини Николайга тикканча қолди.

Николай кишиларни даҳшатга солинишига қанчалик ўрганиб қолган бўлмасин, бу даҳшат ҳамма вақт унга ёқар ва у баъзан даҳшатга туширилган кишиларни, уларга нисбатан айтиладиган юмшоқ сўзларнинг контрасти билан тонг қолдиришни севар эди. У ҳозир ҳам шундай қилди.
— Қани, ука, сен мендан ёшроқсан,— деди у даҳшатдан қотиб қолган офицерга,— ўрнингни менга беришинг мумкин.

Офицер ўрнидан ирғиб турди, у дам қизариб, дам бўзариб букилганича, жимгина ниқобли хотиннинг орқасидан чиқди. Николай ўз хоними билан ёлғиз қолди. Хоним — швед мураббиянинг йигирма ёшли яхши бир қизи эди. Бу қиз Николайга, болалик чоғиданоқ унинг портретини кўриб мафтун бўлганини ва қандай қилиб бўлса-да, унинг диққатига муяссар бўлишга қарор қилганини айтиб берди. У, мана, муяссар бўлди, унинг айтишича, энди унга ортиқ ҳеч нарса керак эмас эди. Қиз Николайнинг одатда хотинлар билан учрашадиган хонасига келтирилган эди. Николай қиз билан бир соатдан кўпроқ шу ерда бўлди.

Николай шу кечаси хонасига келиб, ўзи фахрланиб юрадиган тор ва қаттиқ тўшагига ётгач, Напалеоннинг шляпасидек машҳур (шундай деб гапириб юради) плашини устига ёпгандан сўнг, узоқ вақтгача ухлай олмади. У гоҳ, ўша қизнинг оқ юзидаги қўрққан ва мағрур қиёфани ва гоҳ эса ўзининг доимий севиклиси бўлган келишган, дўмбоқ Нелидовани хотирлаб, икковини бир-бири билан таққослади. Хотини бўла туриб, бузуқлик қилиб юриши яхши эмаслиги унинг ақлига ҳам келгани йўқ. Мабодо, биров уни бу иши учун айбласа, у жуда ажабланган бўларди. Чунки, тўғри иш қилдим, дея ишонганига қарамасдан, унинг кўнгли ғаш бўлиб қолди ва бу ғашликни босиб юбориш учун уни ҳамма вақт тинчлантирадиган нарса: ўзининг нақадар буюк одам эканлиги ҳақида ўйлай бошлади.

Кеч ухлаганига қарамасдан, у ҳамма вақтдагидек соат саккизларда турди, кейин одатдагича ўзига қараб катта, семиз вужудини муз билан ишқалаб, ҳам тангрига ибодат қилиб бўлиб,— айтилаётган сўзларга ҳеч қандай маъно бермасдан, болалигидан бери ўқиб келадигани одатдаги: «Багородица», «Эътиқод», «Отче наш» деган дуоларни ўқиди — кейин шинель ва фуражка кийиб, кичкина эшикдан дарё бўйидаги кўчага чиқди. Кўчанинг ўртасида, худди унинг ўзига ўхшаган: барваста мундир ва шляпа кийиб олган, ҳуқуқ ўрганиш мактабининг ўқувчиси дуч келди. Николай Павлович, ҳурриятпарварлиги учун ёмон кўрадиган мактабнинг мундирини кўриб, қовоғини солди, аммо ўқувчининг баланд бўйи, икки қўлини ёнига қилиб тик туриши ва тирсагини текис букиб честь бериши унинг норозилигини юмшатди.
— Фамилиянг нима?— сўради у.
— Полосатов, император жаноблари.
— Баракалло!

Ўқувчи қўлини чаккасига қилганича турмоқда эди. Николай тўхтади.
— Ҳарбий хизматга киришни истайсанми?
— Мутлақо истамайман, император жаноблари.
— Тарбиясиз!

Сўнг Николай ўгирилиб, нари қараб кетди ва қаттиқ овоз билан оғзига тўғри келган сўзни гапира бошлади. «Копервейн, Копервейн,— у кечаги қизнинг номини бир неча марта такрорлади.— Расво, расво». У гапираётган нарсаси ҳақида ўйламас, лекин гапираётган сўзларига эътибор бериб, шу билан юрагининг ҳовурини босмоқда эди. У норозилик ҳиссининг яна яқинлашиб келаётганини сезиб, ўзига: «Ҳа, менсиз Россия нима бўлар эди», деб ўйлади. «Ҳа, менсиз ёлғиз Россиягина эмас, балки Европа нима бўлар эди». Сўнг у қайниси Пруссия қиролини, унинг ожизлигини ва аҳмоқлигини хотирлади-да, бошини чайқаб қўйди.

У орқага қайтиб эшик ёнига келганида, қизил кийим кийиб олган лакей бошқарган Елена Павловнанинг каретаси Салтиковский дарвозасига келиб тўхтаганини кўриб қолди. Унинг учун Елена Павловна фақат илм, поэзия ҳақидагина эмас, балки ўзимизни Николай бизни идора қилганидан яхшироқ идора қила оламиз, дея тасаввур қилишиб, идора қилиш ҳақида ҳам муҳокама юргизадиган қуруқ кишиларнинг тимсоли эди. У, бу одамларни қанчалик босиб турмасин, уларнинг яна юзага юзиб чиқишларини биларди. У яқиндагина ўлган укаси Михаил Павловични хотирлади, уни ачиниш ҳисси ва қайғу ўраб олди. У қайғириб, қовоғини солди ва яна дастлаб оғзига келган сўзни шивирлай бошлади. У фақат саройга киргачгина, шивирлашдан тўхтади.

У, ўз хонасига кириб, ойна олдида чакка соқолини, чакка сочларини ва бошининг тепасига ёпилган сунъий сочини силагач, мўйловларини бураб, тўппа-тўғри докладларни қабул қиладиган кабинетга ўтди.

У аввал Чернишевни қабул қилди. Чернишев шу замониёқ Николайнинг юзидан ва айниқса кўзларидан жуда ҳам кайфсиз эканини ва кечаги саргузаштини билгани учун бу кайфсизликнинг нимадан келиб чиққанини англади. Николай совуққина кўришди ва Чернишевни ўтиришга таклиф қилиб, ўзининг нурсиз кўзларини унга тикди.

Чернишевнинг докладидаги биринчи иш — интендант амалдорларининг очилиб қолган ўғрилиги ҳақида, кейин Янги йил муносабати билан олдинги рўйхатдан тушиб қолган баъзи бир кишиларга мукофот белгилаш, сўнг Воронцовнинг Ҳожимурод ҳақидаги маълумоти ва ниҳоят профессорнинг ҳаётига суиқасд қилган тиббий академиянинг студенти тўғрисидаги кўнгилсиз иш эди.

Николай жим ҳолда, лабларини қисиб, синчалоғига олтин узук тақилган катта оқ қўли билан бир варақ қоғозни силаб ўтириб, Чернишевнинг пешонасидан ва кокилидан кўзларини олмай, ўғирлик ҳақидаги докладни тинглади.

Николай ҳамманинг ҳам ўғирлик қилишига ишонарди. У энди интендант чиновникларига жазо бериш кераклигини биларди, Николай уларнинг ҳаммасини солдатлик даражасига тушириб юборишга қарор қилди, аммо бу чоранинг, бўшатилганлар ўрнини эгаллайдиганларнинг ҳам худди шундай қилишларига халал бермаслигини биларди. Чиновникларнинг хусусияти — ўғирлаш, Николайнинг вазифаси эса уларни жазолаб туриш эди ва бу иш қанчалик жонига теккан бўлмасин, у бу вазифани виждон билан бажарарди.
— Маълум бўладики, Россиямизда фақат биттагина виждонли киши бор экан,— деди у.

Чернишев шу замониёқ, бу Россиядаги бирдан-бир виждонли киши Николайнинг ўзи эканини англади ва маъқуллаб илжайди.
— Шундай бўлса керак, жаноб олийлари,— деди у.
— Қолдир, мен резолюция қўяман,— деди Николай қоғозни олиб ва уни столнинг чап томонига қўйиб.

Бундан сўнг Чернишев мукофотлар ва қўшинни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш ҳақида доклад қила бошлади. Николай рўйхатни кўриб чиқди, бир қанча исмни ўчирди, сўнг икки дивизияни Пруссия чегарасига юбориш ҳақида қисқа ва қатъий буйруқ берди.

Николай, 48-йилдан сўнг конституция бергани учун Пруссия қиролини ҳеч кечира олмас, шунинг учун ҳам қайнисига ёзган хатларида энг дўстона туйғуларни ифода қилиб, ҳар эҳтимолга қарши Пруссия чегарасида қўшин сақлаш лозимлигини уқтирарди. Мабодо Пруссия халқи исён кўтариб қолгудек бўлса, Николай ҳамма ерда ҳам халқнинг исёнига тайёр турганини кўрарди,— венгерларга қарши Австрияни ҳимоя қилиш учун қўшин юборгани сингари, қайнисининг тахтини ҳимоя қилишга юбориш учун ҳам қўшин керак бўларди. Чегарадаги бу қўшин, унинг Пруссия қиролига берадиган маслаҳатларига кўпроқ эътибор ва аҳамият касб этиши учун ҳам керак бўларди.

У яна, «Ҳа, мен бўлмасам ҳозир Россия нима бўларди», деб ўйлади.
— Хўш, яна нима?— деди у.
— Кавказдан чопар келди,— деди Чернишев, сўнг Воронцовнинг Ҳожимуроднинг қўшилганлиги ҳақида ёзган гапларини гапириб бера бошлади.
— Шунақами,— деди Николай.— Бошланиши яхши.
— Муқаррар сиз жаноб олийлари томонидан тузилган план ўз натижасини кўрсата бошлади,— деди Чернишев.

Унинг стратегия қобилиятларини мақташ Николайга жуда ҳам ёқди. Негаки, у ўзининг стратегия қобилиятлари билан мақтанса-да, қалбининг теран жойида, бу қобилиятларнинг йўқлигига иқрор бўларди. Энди эса у ўзи ҳақида яна ҳам мукаммалроқ мақтов эшитишни истар эди.
— Сен қандай тушунасан?— сўради у.
— Мен мана бундай деб тушунаман: кўпдан жаноби олийларининг плани бўйича иш қилиб, ўрмонни қирқиб, запасларни тугатиб, аста-аста, гарчи секинлик билан бўлса-да, илгарига қараб ҳаракат қилинган бўлса, у ҳолда Кавказ аллақачон бўйсундирилган бўларди. Мен Ҳожимуроднинг қўшилишини фақат шунга тааллуқли деб биламан. Ҳожимурод, энди чидаш бериб туришлари мумкин эмаслигини англаган.
— Тўғри,— деди Николай.

Николайнинг: бирданига Шомилнинг қароргоҳини эгаллаш ва бу қароқчилар уясини вайрон қилиш, деган планига (бу план бўйича 1845 йилда аллақанча кишиларнинг ўлимига сабаб бўлган Дарғин экспедицияси вужудга келтирилган эди) тамом зид бўлган — ўрмонларни кесиш ва озиқ-овқатларни йўқотиш воситаси билан, секин-секин душман томонига қараб ҳаракат этиш плани Ермолов ва Вельяминовларнинг плани бўлганлигига қарамай, Николай бу планни ҳам ўзиники деб ҳисоблар эди. Демак, секинлик билан ҳаракат қилиш, ўрмонларни кесиш ва озиқ-овқатларни йўқотиш плани унинг плани эканига ишониш учун Николайнннг 45-йилда мутлақо бошқа ҳарбий планни ёқлаб туриб олган эканини яшириш керак бўларди. Лекин у буни яширмас ва ўзининг 45-йил экспедицияси плани билан ҳам, секин-аста илгарига қараб силжиш плани билан ҳам: бу икки план бир-бирига қарама-қарши бўлишига қарамасдан, фахрланар эди. Атрофини ўраб олган кишиларнинг доимо, очиқдан-очиқ қиладиган жирканч хушомадлари уни шу даражага олиб бордики, Николай ортиқ ўз қарама-қаршиликларини кўрмас, ўз ишлари ва сўзларини воқелик билан, мантиқ билан ёки ҳатто оддий соғлом фикр билан ҳам мувофиқлаштирмас, балки бутун буйруқларнинг, улар қанчалик маъносиз, ҳаққониятсиз бўлмасин, уларни фақат у қилаётгани учунгина — ўйланган, ҳаққоний, бир-бирлари билан мувофиқ деб тамом ишонар эди.

Унинг, Чернишев Кавказ ишидан сўнг доклад қила бошлаган тиббий хирургия академиясининг студенти ҳақидаги қарори ҳам шундай бўлди.

Воқеа мана бундай эди: икки марта имтиҳон бера олмаган ёш йигит учинчи марта имтиҳон беради ва имтиҳон олувчи уни яна ўтказмагач, асабий касал студент, бу ишда ҳаққониятсизлик кўриб, столнинг устида турган қаламтарошни олади-да, қандайдир бир тутқаноқ билан профессорга ҳужум қилиб, уни бирмунча жойдан енгил ярадор қилади.
— Фамилияси нима?— деб сўради Николай.
— Бжезовский.
— Полякми?
— Полякдан чиққан, католик,— Чернишев жавоб берди.

Николай қовоғини солди.

У полякларга кўп ёмонлик қилган. Бу ёмонликларни изоҳ қилиш учун у, ҳамма поляклар ярамас, деб ишонган бўлиши керак эди. Чиндан ҳам Николай уларни шундай деб ҳисоблар, шунинг учун ҳам ёмон кўрар ва полякларни уларни қилган ёмонликлари даражасида кўра олмас эди.
— Бир оз тўхта,— деди у ва кўзларини юмиб, бошини қуйи солди.

Николай бирор масалани ҳал қилмоқчи бўлганда унга фикрларини жамлаш учун бир неча дақиқа кифоя қиларкан холос, шунда унинг илҳоми келиб, ўз-ўзидан энг тўғри ечимини топар, гўё ички бир овоз унга нима қилиш кераклигини айтиб тургандек бўлар экан. Чернишев бу ҳақда Николайнинг ўз оғзидан бир неча бор эшитган эди.

У доклад қоғозини олди ва унинг четига ўзининг йирик хати билан шундай деб ёзди: «Ўлим жазосига лойиқ. Аммо, тангрига шукур, бизда ўлим жазоси йўқ. Ва у жазони мен киритмайман. 12 марта минг кишининг орасидан ўтказилсин . Николай». У катта қилиб қўл қўйди.

Николай, ўн икки минг хипчиннинг чинакам, азобли ўлимгина эмас, балки ҳаддан ташқари раҳмсизлик эканини биларди, негаки, энг кучли одамни ҳам ўлдириш учун беш минг хипчин уриш етарли эди, лекин унга ғоятда раҳмсиз бўлиш ҳамда «ўлим жазоси йўқ», деб ўйлаш кўнгилли эди.

У студент ҳақидаги қарорни ёзиб бўлиб, Чернишевга узатди.
— Мана, ўқиб чиқ,— деди у.

Чернишев ўқиб чиқди, у қарорнинг ҳикматлигига қойил бўлганининг ишорасини қилиб, бошини эгди.
— Бутун студентларни майдонга чиқариш керак, улар жазо вақтида ҳозир бўлсинлар,— деб қўшиб қўйди Николай.

У, «Уларга ўрнак бўлади. Мен бу революцион руҳни илдизи билан суғуриб ташлайман»—деб ўйлади.
— Хўп,— деди Чернишев, бир оз жим туриб, кейин сочини тузатиб Қавказ масаласига қайтди.
— Шундай қилиб Михаил Семёновичга нима деб ёзишга буюрасиз?
— Менинг, Чечендаги уйларни вайрон қилиш, озиқ-овқатни йўқотиш ва уларни босиб бориш билан таҳликага солиб туриш системам қаттиқ қўллансин,— деди Николай.
— Ҳожимурод тўғрисида қандай буйруқ берасиз?-— деб сўради Чернишев.
— Ҳа, ахир Воронцов уни Кавказда ишлатмоқчиман, деб ёзибди-ку.
— Бу иш хавфли бўлмасмикин?— деди Чернишев Николайнинг кўзидан кўзларини олиб қочиб,— Михаил Семёнович жуда ҳам ишониб кетаверадиган одам, деб қўрқаман.
— Сен қандай ўйлаб эдинг?—Чернишевнинг Воронцов буйруғини ерга урмоқчи бўлганини сезиб, кескин сўради Николай.
— Ҳа, мен уни Россияга юбориш хавфсизроқ деб ўйлар эдим.
— Сен ўйлабсан,— деди Николай истеҳзо билан.— Мен эса ўйламайман ва Воронцовнинг фикрига қўшиламан. Унга шундай деб ёз.
— Хўп,— деди Чернишев ва ўрнидан туриб, таъзим қилиб хайрлаша бошлади.

Бутун доклад давомида фақат Николайнинг саволига жавобан қўшиннинг жойини ўзгартириш ҳақида бир неча оғиз гапирган Долгорукий ҳам таъзим билан хайрлашди.

Чернишевдан сўнг, таъзим қилиб кетиш учун келган Ғарбий ўлканинг генерал-губернатори Бибиков қабул қилинди.

Провослав динига ўтишни истамасдан қўзғолон кўтарган деҳқонларга қарши Бибиков томонидан кўрилган чораларни маъқуллаб, Николай унга бўйсунмаганларнинг ҳаммасини ҳарбий суд қилишни буюрди. Бу, қатор оралатиб ўтказиш деган сўз эди. Бундан ташқари у, давлатга қарашли бир қанча минг деҳқонларни подшоҳ наслига тегишли ерларга ўтказиш ҳақидаги хабарни босиб чиқарган газета редакторини солдатликка беришга буйруқ қилди.
— Мен бу ишни лозим деб топганим учун қиламан,— деди у.— Бу ҳақда муҳокамага йўл қўймайман.

Бибиков, униатлар ҳақидаги буйруқнинг бутун раҳмсизлигини ва давлатга қарашли деҳқонларни, яъни бирдан-бир эркин кишиларни подшоҳ ихтиёрига ўтказиш, яъни уларни подшоҳ фамилиясидаги кишиларга крепостной қилиб беришнинг бутун ҳаққониятсизлигини англади. Аммо қаршилик қилиш мумкин эмас эди. Николайнинг буйруғига қўшилмаслик — қирқ йил мобайнида қўлга киритган ва фойдаланмоқда бўлган порлоқ вазиятдан маҳрум бўлиш демак эди. Шунинг учун ҳам у итоат этишлиги ва раҳмсиз, ақлсиз, инсофсиз бўлган оддий буйруқни бажаришга тайёр эканлигининг ишораси қилиб, оқ туша бошлаган қора сочли бошини эгди.

Николай Бибиковни чиқариб юборгандан сўнг, вазифамни яхши бажардим, деган тушунча билан керишди, соатига қаради ва ташқари чиқиш учун кийингани кетди. У эполетлар, орденлар ва лента тақилган мундирини кийиб, қабул залига чиқди. Залда ҳар қайсиси ўзига муносиб жойни эгаллаган юздан ортиқ мундирли эркаклар ва янги либослар кийган хотинлар қўрқувдан қалтирашиб, унинг чиқишинп кутиб турмоқда эдилар.

У нурсиз кўзлари, кеккайган кўкраги ва қисиб боғланган камарнинг остидан ҳам, устидан ҳам тошиб чиқиб турган қорнини қаппайтириб, кутиб турувчиларнинг ёнига чиқди ва ҳамманинг кўзи титроқ ялтоқлик билан ўзига қараб турганини сезиб, яна ҳам кўпроқ тантанали важоҳатга кирди. У ўзига таниш кишиларни учратиб, уларнинг ким эканини хотирлар, тўхтар ва баъзан русчалаб, баъзан французчалаб бир неча оғиз сўз гапирар ҳам уларга совуқ, нурсиз кўзларини тикиб туриб, уларнинг гапирган гапларини тинглар эди.

Николай табрикларни қабул қилиб бўлиб, черковга ўтди.

Киборлар сингари худо ҳам ўз хизматчилари орқали Николайни табрик қилди ва мақтади. Гарчи кўнглига урган бўлса-да, бу табрик-мақташларни лозим бўлган нарса сифатида қабул қилди. Буларнинг ҳаммаси шундай бўлиши керак эди, чунки бутун дунёнинг роҳати ва саодати унга боғлиқ ва гарчи у бу ишдан чарчаган бўлса-да, ҳар ҳолда дунёга ўзининг марҳаматини кўрсатишдан қўл силтамас эди. Кундузги ибодатнинг охирида жуда соз, таранган дьякон ҳамду сано ўқиганида ва бу сўзларни халфалар чиройли овозлари билан баравар айтишиб кетганларида, Николай ўгрилиб қараб, ойна олдида дўндиққина Нелидовага кўзи тушди-ю, уни кечаги қиз билан таққослагач, Нелидовани афзал кўрди.

У кундузги ибодатдан императрицанинг ёнига кетди, у, болалари ҳам хотини билан ҳазиллашиб, гапиришиб, оиласида бир қанча минут вақт ўтказди. Кейин Эрмитаж орқали ўтиб, сарой министри Волконскийнинг ёнига кирди, сўз орасида унга ўзининг хусусий пулидан кечаги қизнинг онасига ҳар йил пенсия бериб туришни буюрди. Сўнг ўзининг одатидаги саёҳатига кетди.

Шу кунги овқат Помпей залида бўлди, подшоҳнинг кичик ўғиллари — Николай ва Михаиллардан ташқари барон Ливен, граф Ржевусский, Долгорукий, Пруссия элчиси ҳам Пруссия қиролининг флигель-адъютанти таклиф қилинган эди.

Императрица ва императорнинг чиқишини кутар эканлар, Пруссия элчиси билан барон Ливен ўртасида, Польшадан олинган сўнгги ваҳимали хабар муносабати билан қизиқ суҳбат бошланиб кетди.
— Za Pologne et le Caucase ce sont les deux cautres de la Russie, — деди Ливен. — Al nous fout cent mille hommes a peu pres dans chacun de ces deux pais .

Элчи, бу нарсанинг шундай эканлигига муғамбирона таажжуб изҳор этди.
— Vous dites la Pologne? . — деди у.
— Oh, oui, c’etait un coup de maitre de Maeternich de nous en avoir laisse d’ambarras …

Суҳбат шу ерга етганда, одатдагича боши қалтираган ҳолда, юзида қотиб қолган табассум императрица ва унинг орқасидан Николай чиқди. Овқат вақтида Николай Ҳожимуроднинг қўшилганлиги ва ўрмонларни кесабериш ҳам истеҳкомлар солиш билан тоғликларни қиса бориш тўғрисидаги ўз буйруғи натижасида, энди Кавказ урушининг тезда тугалиши кераклигини сўзлаб берди.

Бугун эрталаб Пруссия флигель-адъютанти билан ўзини буюк стратег деб ҳисоблаган Николайнинг бахтсиз ожизлиги тўғрисида сўзлашган элчи, флигель-адъютант билан кўз уриштириб олиб, Николайнинг буюк стратегик қобилиятини яна бир марта исбот қиладиган бу планни тоза мақтади.

Овқатдан сўнг Николай, трико кийган юзлаб хотин машқ қилаётган балетга борди. Биттаси унга жуда ёқди ва Николай балетмейстерни чақириб олиб, унга ташаккур билдирди-да, бриллиант узук ҳадя қилишни буюрди.

Эртаси Чернишев доклад қилган вақтида Николай ўзининг, энди Ҳожимурод қўшилгач, Чечен ўлкасини зўр бериб безовта қилиш ва уни чегара чизиғини кенгайтира бориш йўли билан қисиш керак, дея Воронцовга берган буйруғини яна бир марта таъкидлади.

Чернишев шу мазмунда Воронцовга хат ёзди, шунда бошқа фельдъегерь отларни уриб ҳайдаб, ямшикларнинг юзларини ёриб Тифлисга қараб жўнади.

XVI

Николай Павловичнинг бу буйруғини амалга ошириш юзасидан шу замониёқ, 1852 йилнинг январида, Чеченга юриш ташкил қилинди.

Юришга тайинланган отряд — тўрт пиёда батальон, икки юз казак ва саккизта тўпдан иборат эди. Колонна йўлдан борарди. Қолоннанинг ҳар икки тарафида эса саф бўлиб, паст-баланд ерлардан гоҳ юқори кўтарилиб, гоҳ пастга тушиб, қўнжи узун этик, калта пўстин ва папах кийиб, милтиқларини елкаларига қўйишиб, патронларини тасмаларига тизиб, кўкракларига тақиб олишган егерлар бормоқда эди. Отряд душман еридан, ҳамма вақтдагидек, мумкин қадар жимлик сақлаб борарди. Фақат аҳён-аҳёнда чуқурчаларга тушиб кетган тўпларнинг тарақ-туруғи эшитилар ёки жимлик тўғрисидаги буйруқни билмайдиган артиллерия отлари пихиллар ё кишнар, ёки ғазабланган бошлиқ саф жуда чўзилиб кетгани, ё ҳаддан ташқари жипслашиб қолгани, ё колоннадан узоқлашиб кетгани учун ўз қўл остидагиларга хирилдоқ, бўғиқ овоз билан қичқирар эди. Саф билан колонна оралиғидаги унча катта бўлмаган чангал орасидан, чови ва сағриси оқ, орқаси кулранг бир эчки билан худди шунга ўхшаган, унча катта бўлмаган, шохи елкасига қайрилган бир така ирғиб чиққанди, жимлик фақат бир мартагина бузилди. Чиройли, ҳуркак жониворлар, олдинги оёқларини қисиб сакрашиб, колоннага шу қадар яқинлашдиларки, бир қанча солдатлар, найза билан санчиб оламиз, деган ниятда, қийқириқ ва қаҳқаҳалар билан эчкиларни қува кетдилар, лекин эчкилар орқага бурилдилар, саф орасидан кесиб қушлар сингари тоққа қараб қочиб кетдилар, улар орқасидан бир қанча отлиқлар ва ҳатто итлар қувишди.

Ҳали қиш, аммо қуёш тиккадан нур соча бошлаган эди. Азонда йўлга чиққан отряд ўн чақиримча юрганда туш вақти бўлди. Кун қаттиқ исиб кетганди, қуёш нурлари шунча ўткир эдики, пўлат найзалардаги худди кичкина қуёш сингари тўпларнинг мисидаги ярқираб турган шуълаларга қараб бўлмасди.

Орқа томонда, отряд ҳозиргина ўтган тезоқар тоза анҳор бўлиб, олдинги томонда — ҳайдалган далалар ва паст-баланд пичанзор бор эди, булардан нарида дарахтлар билан қопланган сирли қора тоғлар кўринарди: қора тоғларнинг нарёғида чўққайиб турган харсанглар ва уфқда доимо гўзал, абадий ўзгариб турувчи, олмос каби шуъла билан ўйновчи қорли тоғлар кўринарди.

Бешинчи ротанинг олдида, ҳаётнинг шодиёна тетик туйғусини ва шу билан бирга ўлим хавфини, иш кўрсатиш истагини, зўр ягона идора қилинадиган умумий мақсадга бўйсундириш тушунчасини ҳис этиб, қора сюртук ва папах кийиб, қиличини елкасига осиб олган, яқиндагина гвардиядан бу ёққа ўтган новча чиройли офицер Бутлер бормоқда эди. Бутлер келганидан буён бугун иккинчи марта сафарга чиқар ва унга мана ҳозир менга қараб ўқ ота бошлайдилар, мен учиб ўтаётган тўп ўқларидан бошимни олиб қочиб энгашмайман ёки милтиқ ўқларининг гувуллаб ўтишларига парво қилмаймангина эмас, балки аввал юрганимдек бошимни юқори кўтариб, кўзларимни жилмайтириб, ўртоқларимга ва солдатларга қарайман ва жуда хотиржам, бошқа бирон нарса ҳақида гапира бошлайман, деб ўйлаш севинч бағишлар эди. Шу орада қаёқдандир машъум бир гувуллаш билан тўп ўқи учиб келганда ва карвоннинг ўртасида, йўл бўйлаб, жўхоризорда ерга урилиб ёрилганда, отряд яхши йўлдан қайрилиб, жўхори орасидан ўтган — оз юрилган йўлга бурилиб, ўрмонга яқинлашиб қолган эди.

Бутлер шод табассум билан ёнида келаётган ўртоғига:
— Бошланаётибди,— деди.

Ҳақиқатан ҳам тўп ўқидан сўнг ўрмон ичида қалин отлиқ чеченлар тўдаси кўринди. Тўданинг ўртасида катта зангори туғ бор эди. Ротанинг жуда узоқни кўрадиган эски фельдфебели узоқни кўра олмайдиган Бутлерга, бу Шомилнинг ўзи бўлиши керак, деди. Тўда тоғ остига тушди, сўнг яқиндаги сойнинг тепасида — ўнг томонда кўриниб пастга туша бошлади. Иссиқ қора сюртук ва тепаси катта оқ папах кийиб олган кичкина генерал йўрғаси билан Бутлер ротаси ёнига келди ва унга, ўнг томонга, пастга тушаётган отлиқларга қарши боришга буйруқ берди. Бутлер ўз ротасини кўрсатилган томонга тез олиб кетди, лекин ҳали сойга тушиб улгургани йўқ эдики, орқа томондан олдинма-кетин икки бор отилган тўп овозини эшитди. У орқасига қайрилиб қаради: икки тўп устидан иккита кўк тутун булути кўтарилиб, сой бўйлаб чўзилмоқда эди. Афтидан, артиллерия хаёлига келмаган тўда орқага қайрилди. Бутлернинг ротаси отлиқларнинг орқасидан ота бошлади ва бутун дара дори тутуни билан қопланди. Фақат сойнинг тепасида, уларни таъқиб қилиб бораётган казакларга қараб ўқ узишиб, шошилинч ҳолда чекинаётган тоғликлар кўринмоқда эди. Отряд тоғликларнинг орқасидан нари кетди, иккинчи сойнинг ёнбағрида бир овул кўринди.

Бутлер ўз ротаси билан казакларнинг кетидан чопганча, овулга кирди. Овулда ҳеч ким йўқ эди. Солдатларга буғдой, пичан ва уйларга ўт қўйиш буюрилди. Бутун овулни аччиқ тутун қоплади ва бутун тутун ичида солдатлар топган нарсаларини уйлардан ташиб чиқиб, айниқса, тоғликлар олиб кетиша олмаган товуқларни ушлашиб ва отишиб, сандироқлаб юришмоқда эдилар. Офицерлар тутундан нарироқ ўтиришиб, нонушта қилмоқда ва ичишмоқда эдилар. Фельдфебель уларга анча бол келтирди. Чеченлардан дарак йўқ эди. Бир оздан сўнг туш пайтида қайтишга буйруқ берилди. Рота овулнинг сиртида колонна бўлиб сафга тизилди, Бутлерга аскарларнинг сўнгги қисмида туришга тўғри келди. Улар эндигина қўзғалган ҳам эдиларки, чеченлар пайдо бўлишиб қолдилар ва отряднинг орқасига тушиб уни отишмалар билан кузата бордилар.

Отряд ялангликка чиққандан сўнггина тоғликлар қолдилар. Бутлернинг битта ҳам кишиси яралангани йўқ, шунинг учун ҳам жуда қувноқ, тетик бир руҳ билан қайтарди. Отряд эрталаб ўтган сувдан яна қайтишда кечиб ўтиб, жўхорипоялар ва пичанзорлар бўйлаб чўзилишгач, рота қўшиқчилари илгарига чиқиб ашулани қўйиб юбордилар. Шамол йўқ эди, ҳаво соф, тоза ва шу қадар шаффоф эдики, юз чақиримлаб узоқликда бўлган қорли тоғлар жуда яқин каби кўринар ва қўшиқчилар тўхтаганларида, худди ашуланинг бошланиб ва тугалишига асос бўлган товуш сингари, бир қолипда тушаётган оёқларнинг овозлари ва тўпларнинг шалдир-шулдури эшитилар эди. Бутлернинг бешинчи ротасида айтиладиган қўшиқ бир юнкер томонидан поляк шарафига тўқилган ва «Шуми иш, шуми иш, мерганлар, мерганлар!»—деган нақорат билан ўйин оҳангида айтилар эди.

Бутлер бир уйда яшайдиган энг яқин бошлиғи майор Петров билан бир қаторда отда келмоқда ва ўзининг гвардиядан чиқиб Кавказга келишига қарор қилгандан севинчи ичига сиғмас эди. Унинг гвардиядан бу ёққа ўтишига асосий сабаб, Петербургда карта ўйнаб ютқазиб қўйиб, бор-йўғидан айрилганлигида эди. У гвардияда турса, ўйиндан ўзини тия олмаслигидан қўрқар, тикиш учун эса ҳеч вақоси қолмаган эди. Ҳозир буларнинг ҳаммасига хотима берилган, бошқача, яхши, мардона бир ҳаёт бошланган эди. У ҳозир бор-йўғидан айрилганлигини ҳам, тўланмаган қарзларини ҳам унутган. Кавказ, уруш, солдатлар, офицерлар, маст ва оқкўнгил ботирлар, майор Петров — буларнинг ҳаммаси унинг кўзига ўтдай кўринар эди. Шу важдан ҳам у гоҳо Петербургда папирос тутунига кўмилган хоналарда ўтиришларни, банкачидан нафратланиб ва миясида оғриқ сезиб картанинг бурчагини букиб ва банкага пул тикиб юришларни ташлаб, бу ерда, ажойиб ўлкада, азамат кавказликлар орасида эканлигига ҳеч ишонмас эди.

Унинг қўшиқчилари: «Шуми иш, шуми иш, мерганлар, мерганлар!»—дея қўшиқ айтмоқда эдилар. Унинг оти бу куй мақомига мос шахдам юриб боради. Ротанинг пахмоқ кулранг ити Трезорка думини гажак қилиб олиб, ташвишланиб, бошлиқ сингари Бутлер ротасининг олдида чопиб борар эди. Кўнгли тетик, эркин ва қувноқ эди. Унинг тасаввурида уруш хавфу хатардан, бемаҳал келган ўлимдан ва шунинг натижасида қўлга киритилган мукофотлару обрў-эътибордан, рус дўстларининг ҳурматларидан иборат эди. Урушнинг бошқа томонлари, қирғин, солдатларнинг, офицерларнинг, тоғликларнинг жароҳатланишлари унинг хаёлига ҳам келмаслиги жуда қизиқ эди. У ҳатто шуурсиз, ўзининг уруш ҳақидаги шоирона тасаввурини сақлаш учун ўлганларга, ярадор бўлганларга ҳеч қачон боқиб қарамасди. Бугун ҳам шундай бўлди. Бизникилардан уч киши ўлган ва ўн икки киши ярадор бўлган эди. У, чалқанча ётган мурда ёнидан ўтиб кетди ва фақат бир кўзи билангина, мумга ўхшаган кўлнинг аллақандай ғалати вазиятини ва бошидаги тўқ қизил доғни кўрди-ю, лекин синчиклаб қараб ўтирмади. Унинг назарида тоғликлар фақат отлиқ йигитлар бўлиб, улардан сақланиш керак эди.
— Мана, азизим, гап шунақа,— деди майор, қўшиқ орасида.— Сизнинг Питерингиздагидек, ўнгга қара, сўлга қара, деган гап йўқ. Мана, пича ишладик — энди уйга. Машурка энди бизга сомса, нордон карам шўрва беради. Ана бу ҳаёт! Шунақа эмасми? Қани, «Тонг қандай ёришди»ни олинглар,—у ўзи яхши кўрган қўшиқни айтишга команда берди.

Майор аввал Маша деб юритилган, кейин Мария Дмитриевна деб чақириладиган бўлиб қолган фельдшернинг қизи билан эру хотиндек яшарди. Мария Дмитриевна чиройли, кумуш сочли, ҳамма ёғини сепкил босиб кетган, ўттиз ёшлардаги бефарзанд аёл эди. Унинг ўтмиши қандай бўлмасин, ҳозир у майорнинг вафоли рафиқаси эди. У, майорни худди энагадек кутар, бу эса кўп вақт ҳушини йўқотгунча ичадиган майор учун керак эди.

Крепостга келишганларида ҳамма нарса майор олдиндан билганидек бўлиб чиқди. Мария Дмитриевна уни, Бутлерни ва отряддан таклиф қилинган яна иккита офицерни ўзининг масаллиғи кўп, мазали овқати билан тўйдирди, майор шу қадар тўйиб ва қониб ичди-ки, ортиқ гапиролмай қолди, сўнг ухлаш учун ўз хонасига кетди. Чарчаган, аммо хурсанд ва чихирдан ортиқчароқ ичган Бутлер ҳам ўз хонасига кетди ва аранг ечиниб жингалак сочли чиройли бошини кафтига қўйиб, ҳеч қандай туш кўриш ва уйғонишни билмайдиган қаттиқ уйқуга кетди.

XVII

Ҳужум билан вайрон қилинган овул, Ҳожимурод русларга қўшилиш олдидан бир кечани ўтказган овул эди.

Ҳожимуроднинг уйига келиб қўнган Садо, руслар овулга яқинлашиб келганларида оиласи билан тоққа чиқиб кетганди, Садо овулига қайтиб келиб, ўз уйини вайрон ҳолда кўрди: том ўпирилиб тушган, эшик ва айвонларнинг устунлари ёндирилган ва уйнинг ичи булғатилган эди. Унинг ўғли, ўша шодлик билан Ҳожимуродга тикилиб ўтирган чиройли, ялтироқ кўзли бола, устига чакмон ёпилган отда ўлик ҳолда масжид ёнига келтирилди. Унинг елкасига найза тиқилган эди. Ҳожимурод келган вақтда унга хизмат қилиб турган келишган хотин энди, қари, у бурушган кўкракларини кўрсатиб, кўйлагининг ёқасини йиртгани ҳолда, тўзиб кетган сочлари билан ўғлининг бошида турар, юзини қора қонга белаб тирнар ва тўхтамасдан фарёд чекар эди. Садо қариндошлари билан бирга теша ва белкурак олиб, ўғлига гўр қазигани кетди. Чол бобо вайрон этилган уйнинг девори ёнида бир ёғочни йўниб, руҳсиз бир назар билан қаршисига тикилиб ўтирарди. У ўзининг асалари боғчасидан янгигина келган эди. У ердаги икки ғарам пичан ёндирилган, чол томонидан ўтказилган, кўкариб чиққан ўрик ва олча кўчатлари синдирилган ҳам куйдирилган, ҳаммадан муҳими, арилар билан бирга бутун ари инлари ёндирилган эди. Хотинларнинг фарёди бутун уйлардан ва яна иккита ўлик келтириб қўйилган майдондан эшитиларди. Ёш болалар оналари билан бирга бақириб йиғлардилар. Катта болалар ўйнамас, балки қўрққан кўзлари билан катталарга қараб турар эди.

Фонтан, жўрттага бўлса керак, нажасланган бўлиб, ундан сув олиш мумкин эмас эди. Худди, шунингдек, масжид ҳам булғатилган, домулла шогирдлари билан уни тозаламоқда эди. Русларга бўлган нафрат ҳақида ҳеч ким гапирмасди. Кичкинасидан тортиб каттасига қадар бутун чеченлар тарафидан ҳис этилаётган туйғу нафратдан кучлироқ эди. Бу туйғу нафрат туйғуси эмас, балки, бу, рус итларини одам деб эътироф қилмаслик ва бу махлуқларнинг аҳмоқона шафқатсизлиги қаршисидаги нафрат, қабоҳат ва ҳайрон қолишлик туйғуси эдики, худди каламушларни, заҳарли ўргимчакларни, бўриларни қириб битириш истаги сингари, уларни қириш истаги ҳам ўз-ўзини сақлаш туйғуси каби табиий эди. Аҳоли олдида тубандаги икки йўлдан бирини танлаш масаласи турарди: ё шу ерда қолиш, шу қадар зўр меҳнат билан бино этилган, ҳам шу қадар тез ва ваҳшиёна вайрон қилинган нарсаларнинг ҳаммасини, ҳар бир минутда яна шундай вайрон қилишини кутган ҳолда, кўп куч сарф қилиб янгидан тиклаш ёки шариатга ҳамда русларга нисбатан бўлган нафрат ва ҳақир кўриш туйғусига қарши уларга бўйсуниш.

Карнялар ибодат қилишдилар ва Шомилдан ёрдам сўраб, унинг олдига вакиллар юборишга бир оғиздан қарор қилдилар ҳам шу замониёқ бузилган уйларни тиклашга киришиб кетдилар.

XVIII

Бутлер одати бўйича Петров билан бирга эрталабки нонуштадан барвақтроқ тоза ҳавода сайр қилиб юргувчи эди, босқиндан кейин эса учинчи кун орқа эшикдан каллайи саҳарлаб чиқмади. Қуёш аллақачон тоғ ортидан кўтарилган ва кўчанинг ўнг тарафида ярқираб ётган уйлар кўз қамаштирарли даражада бўлса-да, узоқ-узоқларга қадар ястанган ва юксалган ўрмонларга чулғанган қора тоғлар ҳамда доимгидек булутга ўхшаб кўринадиган дарадан тортиб қорли тоғларгача чўзилиб кетган ғира-шира силсилаларга қараш ҳар галгидек кўнгилли ва таскинвор эди. Бутлер мана шу тоғларга кўз ташлади, ўпкасини тўлдириб нафас олди ва мавжудлигига, шунингдек, шу гўзал оламда яшаётганлигига хурсанд бўлди. Яна у шунга хийла вақти чоғ эдики, кеча вазифа бўйича ўзини яхши тутганлиги ҳаммадан ҳам, айниқса чекинишда ҳам, иш қисталанг бўлиб турганда асқатганлиги, кеча сафардан қайтишда Петровнинг ёстиқдоши Маша ёки Мария Дмитриевна ҳаммага меҳмоннавозлик қилгани, чунончи, унга алоҳида лутф кўрсатгандай бўлиб туюлганини эслаб қувонар эди. Мария Дмитриевна ўзининг йўғон қилиб ўрилган сочлари кенг елкалари, баланд кўкраги, сепкил босган очиқ чеҳрасининг жозибадор табассуми худди кучли бўйдоқ йигитни эъзозлагандай туюлиши Бутлерни ўзига маҳлиё қилган эди. Лекин у буни оқкўнгил ўртоғига нисбатан қилинган ножўя муносабат деб ҳисоблар ва Мария Дмитриевна билан самимий мулоқотда, иззат-икромда бўлганлиги учун ҳам ўз-ўзидан мамнун эди. Ҳозир у яна шу тўғрида ўй сурар эди.

Олдинги томонда чанг йўлдан келаётган бир талай от туёқларининг, худди бир қанча отлиқ чопиб келаётгандай, тез-тез эшитилган тапир-тупурлари унинг фикрини бўлди. У бошини кўтарди-да, кўчанинг охирида секин келаётган бир тўда отлиқларни кўрди. Йигирма чоқли казакларнинг олдида икки одам келарди, бири — устида оқ черкаска, бошида салла ўралган узун папах, иккинчиси — қора, қушбурун, кийими ва қуроллари кумуш билан безатилган, русларнинг хизматидаги бир офицер эди. Саллали кишининг остида боши кичкина, кўзлари чиройли, гўзал думи билан ёли танасига қараганда ошиқроқ бўлган саман, офицернинг остида — новча ўйноқи қорабах оти бор эди. Отга ишқибоз бўлган Бутлер шу замониёқ биринчи отнинг тетик кучига баҳо берди, кейин, бу одамларнинг ким эканлигини билгани тўхтади. Офицер Бутлерга мурожаат қилди.
— Бу ҳарбий бошлиқнинг уйими?— сўради у талаффузида рус эмаслигини билдириб. Бутлер худди шу эканини айтди.

Бутлер офицерга яқинроқ келиб ва кўзи билан саллали кишини кўрсатиб:
— Бу ким?— деди.
— Бу — Ҳожимурод бўлади. Шу ерга келаётибди, бу ерда ҳарбий бошлиқникида меҳмон бўлади,— деди офицер.

Бутлер Ҳожимуродни ва унинг русларга қўшилганлигини билар, лекин уни бу ерда, шу кичкина истеҳкомда кўраман деб, ҳеч кутмаган эди.

Ҳожимурод унга дўстона қаради.
— Салом, хуш келдинг,— Бутлер ўрганиб олган татарча саломини айтди.
— Соғ бўл,— деди Ҳожимурод бошини қимирлатиб. Сўнг Бутлернинг олдига келиб, унга икки бармоғида қамчининг сопи илиниб турган қўлини берди.
— Бошлиқмисиз?— деди у.

Бутлер офицерга мурожаат қилиб, зинапояга чиқди ва эшикни итараётиб:
— Йўқ, бошлиқ бу ерда, чақириб чиқаман,— деди.

Лекин Мария Дмитриевна кўча эшик деб атайдиган эшик берк эди. Бутлер тақиллатди, лекин жавоб ололмай, айланиб орқа эшикдан борди. У ўз деншигини чақириб, жавоб олмасдан ва икки деншикнинг битасини ҳам тополмасдан, ошхонага кирди. Бошига рўмолча боғлаган Мария Дмитриевна қип-қизариб оқ семиз билакларига енгини шимариб олиб, худди ўзининг қўллари сингари оппоқ хамирни сомса учун майда-майда қилиб қирқмоқда эди.
— Деншиклар қай гўрга йўқолдилар?— деди Бутлер.
— Ичгани кетишди,—деди Мария Дмитриевна,— нимага керак эди?
— Эшикни очиш керак, уйингизнинг олдида бир гала тоғликлар турибди. Ҳожимурод келди.
— Бундан бошқа нарса ўйлаб топмадингизми?— деди Мария Дмитриевна илжайиб.
— Ҳазили йўқ, рост гап. Зинанинг ёнида турибди.
— Ҳай, ростданми?—деди Мария Дмитриевна.
— Нимага ёлғон сўйлай. Ана, бориб қаранг, у зинанинг ёнида турибди.
— Ана холос, кутилмаган воқеа,— деди Мария Дмитриевна енгларини тушириб ва қўллари билан ўзининг йўғон сочидаги тўғнағичларни пайпаслаб тузатаётиб.— Бўлмаса мен бориб Иван Матвеевични уйғотай,— деди у.
— Йўқ, мен ўзим бораман,— деди Бутлер.
— Хўп, жуда яхши,— деди Мария Дмитриевна ва яна ўз ишига тушди.

Ҳожимуроднинг Грознийда эканлигини аллақачон эшитган Иван Матвеевич унинг олдига Ҳожимурод келганини билиб, бунга ҳеч бир ажабланмади, балки ўрнидан туриб папирос чекди ва қаттиқ йўталди ҳам бу шайтонни унинг олдига юборганларига тўнғиллаб, кийина бошлади. У кийиниб бўлгач, деншикдан дори сўради. Дори деб айтиладиган нарса ароқ эканини билган деншик, унга ароқ берди.

У ароқни ичиб ва орқасидан қора нонни закуска қила туриб:
— Аралаштиргандан ёмони йўқ,— деб тўнғиллаб қўйди.— Мана, кеча чихир ичган эдим, ҳозир бошим оғрияпти. Хўп, энди тайёр бўлдим,— у ароқни ичиб бўлди-да, Бутлер Ҳожимурод билан уни кузатиб келган офицерни олиб кириб ўтирган меҳмонхонага кетди.

Ҳожимуродни кузатиб келган офицер, Иван Матвеевичга, сўл қанот бошлиғининг Ҳожимуродни қабул қилиш, ҳарбий жосуслар орқали тоғликлар билан алоқа қилишига йўл қўйиш, лекин казак аскарларсиз унинг бир ўзини қалъадан чиқармаслик ҳақидаги буйруғини топширди.

Иван Матвеевич қоғозни ўқиб бўлгач, Ҳожимурод тикилиб қаради, сўнг яна қоғозга қаради. У, шу ҳолатда бир неча бор кўзларини қоғоздан Ҳожимуродга олиб, ниҳоят Ҳожимуроднинг юзига қараб тўхтади:
— Яхши, бек, яхши. Майли, шу ерда тураверсин. Менга уни бу ердан чиқармаслик ҳақида буйруқ берилганини айт. Берилган буйруқ муқаддасдир. Уни қаерга жойлаштирамиз — нима дейсиз, Бутлер? Идорага жойлаштирамизми?

Бутлер ҳали жавоб бериб улгургани ҳам йўқ эди, ошхонадан келиб, эшик ёнида турган Мария Дмитриевна Иван Матвеевичга мурожаат қилди:
— Нега? Шу ерга жойлаштириб қўя қолинг. Меҳмонхонани ҳам омборхонани берамиз. Ҳар ҳолда кўз олдимизда бўлади,— деди-да, Ҳожимуродга қаради ва унинг кўзига тўқнаш келиб қолиб, шошилиб кўзини четга олди.
— Рост, Мария Дмитриевна тўғри айтади,— деди Бутлер.
— Қани, қани, жўна, бу хотинларнинг иши эмас,— деди Иван Матвеевич қовоғини солиб.

Ҳожимурод бутун гап давомида қўлини ханжарининг сопига қўйган ҳолда ва билинар-билинмас нафратли табассум билан ўтирди. У қаерда турса ҳам унга барибир эканини айтди. Унга керак бўлган, сардор тарафидан рухсат этилган биргина нарса — тоғликлар билан алоқа қилиш керак эди, шунинг учун ҳам тоғликларнинг ўз ёнига келишларига йўл қўйишларини истарди.

Иван Матвеевич бу ишнинг бажарилишини айтди ва Бутлердан, то таом келтиргунларича ва уй-пуйни тўғрилагунларича, меҳмонга қараб туришни сўради, ўзи эса лозим бўлган қоғозларни ёзиш ва керак бўлган буйруқларни бериш учун идорасига ўтди.

Ҳожимуроднинг янги танишларига бўлган муносабати дарҳол жуда равшан бўлиб қолди, Ҳожимурод Иван Матвеевич билан биринчи танишишдаёқ ундан нафратланди ва жирканди, ҳамма вақт у билан баланддан келиб муомала қиладиган бўлди. Унга жой тайёрлаб берган, овқат келтирган Мария Дмитриевна Ҳожимуродга жуда ҳам ёқди. Унга хотиннинг соддалиги ҳам, ўзига бегона бўлган миллат кишисининг алоҳида гўзаллиги ҳам ва Ҳожимуродга нисбатан шуурсиз бир ҳолда майл кўрсатиши ҳам ёқди, Ҳожимурод унга қарамасликка, у билан гаплашмасликка тиришар, лекин унинг кўзлари беихтиёр хотинга қарар ва унинг ҳаракатларини кузатиб турар эди.

Бутлер билан бўлса, биринчи танишишдаёқ ўртоқлашиб кетди, Бутлердан унинг ҳаётини сўраб ҳам унга ўз ҳаёти ҳақида гапириб берди ва ўз оиласининг аҳволи тўгрисида хуфия элчилар тарафидан келтирилган янгиликларни айтди, ҳатто нима қилиш кераклиги ҳақида у билан маслаҳатлашди.

Хуфия элчилар томонидан унга келтирилган хабар яхши эмасди. У крепостда ўтказган тўрт кун мобайнида, унинг олдига хуфия элчилар икки марта келишди ва икки сафар ҳам ёмон хабар келтиришди.

XIX

Ҳожимуроднинг оиласи, у русларга қўшилиб кетиши биланоқ Ведено овулига келтирилган ва у ерда Шомилнинг ҳукмини кутиб, соқчиларнинг назорати остида яшар эди. Аёллар — кампир Фатимат ва Ҳожимуроднинг икки хотини ҳам уларнинг бешта ёш болалари юзбоши Иброҳим Рашиднинг уйида соқчилар назорати остида яшар, Ҳожимуроднинг ўғли 18 яшар йигитча Юсуф эса, худди ўзига ўхшаб, ўз қисматларининг ҳал бўлишини кутаётган тўрт жиноятчи билан бирга зиндонда ётар эди.

Қарор чиқмади, чунки Шомил сафарда эди. У русларга қарши юришда эди.

1852 йилнинг 6 январида руслар билан бўлган жангдан сўнг Шомил ўз уйига Веденога қайтиб келарди. Русларнинг фикрига қараганда у тор-мор келтирилган ва Веденога қочган, Шомил ва унинг барча муридларининг фикрига қараганда эса, у ғалаба қозонган ва русларни ҳайдаб юборган. Бу урушда жуда кам учрайдиган ҳодиса рўй берди. Шомилнинг ўзи ҳам милтиқдан ўқ отди ва қиличини қўлига олиб, отининг бошини тўппа-тўғри русларга томон қўйиб юбормоқчи бўлди, лекин ёнидаги муридлар уни ушлаб қолдилар. Улардан иккитаси шу ерда, Шомилнинг ёнидаёқ ўлдирилди.

Шомил ўз атрофида от ўйнатишиб, милтиқ ва тўппонча отишиб ҳам ҳеч тўхтамасдан «Ло илоҳо иллолло», деб калима келтиришиб келаётган муридлар тўдаси билан қуршалган ҳолда, ўз масканига етиб келганида кун туш бўлиб қолган эди.

Каттакон Ведено овулининг халқи ўз ҳокимини қаршилаб, кўчада ва томларда туришар ҳам бу тантана шарафига, милтиқ ва тўппонча отишар эди. Уйига яқинлашган сари жиловини суриб ўйноқлаётган оқ араб отида Шомил келарди. От олтин ва кумуш зийнатсиз, жуда оддий жиҳозланган эди: нозик ишланган, ўртасига йўл солинган қизил қайиш юган маъдандан қилинган узанги ва эгарнинг остидан кўриниб турган қизил чилгир. Имомнинг устида ёқаси ва енгига қора мўйна тутилган жигарранг мовут пўстин бўлиб, унинг устидан ханжар тақилиб, қора камар боғланган эди. Шомилнинг бошида қора попукли узун, тепаси тайпоқ, печи орқага ташланиб, оқ салла ўралган папах бор эди. Оёқларига кўк чувак кийган, болдирларига оддий каноп билан адипланган қора ноговица ўраган эди.

Умуман, имомда олтин ёки кумуш безаклар йўқ, кийимлари ва қуролларига олтин-кумуш зийнатлар тақиб олган муридлар қуршовида унинг кучи баланд, адл қомати авом олдида у истаганидек ўша улуғворлик таассуротини берар эди. Унинг қирчиб олдирилган сариқ соқоли, доимо сузилиб турувчи кичкина кўзи, рангсиз юзи худди муздек қотиб турар эди. У овулдан ўтиб бораркан, минглаб кўзларнинг унга қараб тикилганини сезар, лекин у ҳеч кимга қарамас эди. Ҳожимуроднинг хотинлари ҳам, болалари ҳам уйидаги ҳамма одамлар билан бирга имомнинг келишини кўргач, айвонга чиқдилар. Ёлғиз Ҳожимуроднинг онаси кампир Фатиматгина чиқмади, у оқ сочлари паришон, узун қўллари билан ориқ тиззаларини қучоқлаганича ўтирар ва қоп-қора шаҳло кўзларини тез-тез очиб-юмиб, ўчоқдаги ёниб битаётган шохчага қарар эди. Худди ўғли сингари у ҳам Шомилни доимо ёмон кўрар, ҳозир эса илгаригига қараганда яна-да баттарроқ нафрати ошган ва уни чиқиб кўришни асло истамас эди.

Шомилнинг тантанали келишини Ҳожимуроднинг ўғли ҳам кўрмади, у ўзи ётган қоронғи, сассиқ зиндондан ўқ ва калима овозларинигина эшитар ва навқирон, куч-қувватга тўла озодликдан маҳрум этилган кишиларгина чекадиган азобни тортиб қийналарди. У сассиқ зиндонда ўзи билан бирга ётган ифлос, ҳолдан тойган, баджаҳл, кўпчилиги бир-бирини еб қўйгудек аҳволдаги бахтсиз одамларни кўравериб кўзи пишиб кетган ва энди ҳаво билан ёруғликка тўйиб, эркин нафас олганча оғизларидан «Ло илоҳа иллолло!»ни ташламасдан ҳокимларининг қаторида бедовларини ўйнатиб, милтиқ отиб юрган кишиларга ич-ичидан ҳасад қиларди.

Шомил овулдан ўтиб ўз саройига туташадиган катта ҳовлига кирди. Иккита қуролланган лазгин ташқари ҳовлининг очилган эшиги ёнида Шомилни кутиб олди. Бу ҳовли халқ билан лиқ тўла эди. Бу ерда ўз ишлари билан узоқ жойлардан келган кишилар ҳам, ҳар хил илтимос билан келганлар ҳам, суд ҳам, ҳукм қилиш учун Шомилнинг ўзи талаб қилган одамлар ҳам бор эди. Шомил келиши билан ҳовлидагиларнинг ҳаммаси ўринларидан турдилар ва ҳурмат билан таъзим қилиб, имомни олқишладилар. Шомил ташқари эшикдан то ичкари эшикка ўтиб келганига қадар, баъзи бир одамлар тиз чўкиб турдилар. Гарчи Шомил кутиб турувчилар ичида ўзига ёқмаган кўп кишиларни ва ўзларига ғамхўрлик қилинишини талаб қилувчи жонга теккан талайгина илтимос қилувчиларни таниса ҳам ўша ўзгармайдиган тош чеҳра билан улар ёнидан ўтиб кетди ва ичкари ҳовлига кириб, чап томондаги ўз уйининг айвони ёнида отдан тушди. Юриш машаққатларидан сўнг, Шомил жисмоиий жиҳатдан кўра кўпроқ руҳан эзилди, негаки, у ўз юришини оғзаки ғалаба деб эътироф қилганига қарамай аслида у мағлубиятга учраганини, талай чечен овулларининг ёндирилганини ва хароб қилинганини ҳам тутуруқсиз, енгилтак чечен халқининг қатъиятсизлик ва русларга яқин турганларининг баъзи бири улар томонига ўтиб кетишга тайёр эканликларини билар эди. Буларнинг ҳаммаси оғир, буларга қарши чора кўрмоғи лозим эди, лекин Шомил шу топда ҳеч нарса ҳақида ўйлашни истамасди. У ҳозир фақат бир нарсани: фароғатни, хотинлари ичида энг суюклиси бўлган қора кўз, 18 яшар кистинь қизи эпчил-чаққон Аминетнинг эркалашларидан баҳраманд бўлишни истар эди.

Бироқ ҳозир шу ерда — ичкарини ташқаридан ажратадиган деворнинг орқасида бўлган Аминетни кўриш ҳақида ўйлаш беҳуда эди (Шомил ҳаттоки шу топда, у отидан тушганига қадар, Аминетнинг бошқа хотинлар билан бирга деворнинг ёриғидан мўралаб турганлигига ишонарди). Ҳозир унинг ёнига боришгина эмас, балкн шундай парёстиққа ёнбошлаб дам олиш ҳам мумкин эмасди. Ҳаммадан бурун, ҳозир унинг хоҳиши бўлмаса-да, лекин халқнинг диний раҳбари бўлганлиги туфайли бажармаслиги мумкин бўлмаган ва унинг ўзи учун ҳам худди ҳар кундаги таом каби зарур бўлган пешин намозини ўқиш фарз эди. Шунинг учун у таҳорат олиб, намозни ўқиб бўлгач, кутиб турганларни чақирди.

Бошлаб унинг олдига қайнатаси ҳам устози, новча соқоли қордай оппоқ, икки бети қип-қизил нуроний мўйсафид Жамолиддин кирди ва фотиҳадан сўнг, Шомилдан ҳарбий сафари ҳақида сўраб ва унинг йўқлигида тоғда юз берган ҳодисалар тўғрисида гапириб бера бошлади.

Жамолиддин ҳар хил воқеалар — хун олишлар, мол ўғирлашлар, тариқат буйруғига хилоф иш қилишлар: тамаки чекишлар, вино ичишлар қаторида Ҳожимуроднинг ўз оиласини руслар тарафига олиб кетиш учун кишилар юборганлиги, лекин буни ошкор бўлганлиги ва оила Веденога келтирилганлиги, имомнинг қарорини кутиб, соқчилар назорати остида шу ерда турганлигини ҳам гапириб берди. Бу ишларнинг ҳаммасини муҳокама қилиш учун ёндаги меҳмонхонага қариялар тўпланишган эдилар. Жамолиддин Шомилга уларни шу бугуноқ жўнатиб юборишни маслаҳат берди, негаки, қариялар Шомилни уч кундан бери кутиб ётишарди.

Шомил ўз уйида қирра бурун, қора, башараси совуқ ва суйкимсиз катта хотини Зайдет келтирган овқатни еб бўлгач, меҳмонхонага кетди.

Унинг маслаҳат йиғинини ташкил қиладиган олти киши оқ, мошкичири ва сариқ соқолли, саллали ва салласиз узун папах, янги камзул ва черкаска кийиб, ханжар тақилган камар боғлаб олишган чоллар уни қаршилаб ўринларидан турдилар. Шомил уларнинг ҳаммасидан дароз эди. Шомилга ўхшаб, уларнинг ҳаммаси ҳам қўлларини юқорига кўтардилар, кўзларини юмишиб, фотиҳа ўқидилар, фотиҳадан сўнг ҳаммалари ўринларидан турдилар. Шомил эса, ўртага, баландроқ ёстиққа ўтирди, шундай қилиб улар навбатда турган ишларни муҳокама қилишга киришдилар.

Жиноят билан айбланган кишиларнинг ишини шариат кўрсатишича, ҳал қилдилар, икки кишини ўғирлик қилгани учун қўлларини кесиб ташлашга, бир кишини одам ўлдиргани учун бошини кесишга ҳукм қилдилар, уч кишининг гуноҳини кечдилар. Кейин асосий масалага: чеченларнинг руслар томонига ўтиб кетишларига қарши чора ўйлаб топишга киришдилар. Қарши таъсир қилиш учун Жамолиддин томонидан тубандаги хитобнома тузилган эди:

«Парвардигори олам сизга инсоф ва тавфиқ берсин. Руслар пешонангизни силаб, бўйсунишга даъват қилаётганинн эшитаётибман. Уларга ишонманг ва бўйсунманг, аксинча, сабр қилинг. Агар сабр-қаноатингиз учун бу дунёда роҳат кўрмасангиз, у дунёда кўрасиз. Душман илгари ҳам бир марта қуролларингизни олиб қўйганини эсланг-а. Агар ўша вақтда, 1840 йилда тангри сизга ақл бермаса, сиз аллақачоноқ солдат бўлган бўлар эдингиз, хотинларингиз эса чалворсиз юрган ва ҳақоратланган бўлар эдилар. Ўтмишга қараб келгуси ҳақида муҳокама юритинг. Кофирлар билан бирга яшагандан кўра, русларга душман бўлиб ўлмоқ афзалдир. Сабр қилинг, мен Қуръон ва қилич билан ёнингизга бораман ва сизларни русларга қарши бошлайман. Ҳозир эса русларга бўйсуниш ҳақида ният қилиш у ёқда турсин, ҳатто бу ҳақда ўйламасликни қатъиян буюраман».

Шомил бу хитобномани маъқуллади ва қўл қўйиб бўлгач, жойларга юборишга қарор қилди.

Сўнг Ҳожимуроднинг иши ҳам муҳокама қилинди. Бу Шомил учун жуда муҳим эди. У, гарчи буни эътироф қилишни истамаса-да, лекин чаққон, довюрак ва ботир Ҳожимурод у билан бирга бўлганида, ҳозир Чеченда бундай аҳвол юз бермаслигини биларди. Ҳожимурод билан ярашиш ва унинг хизматидан яна фойдаланиш яхши бўлар эди; агар бунинг иложи бўлмаса ҳам барибир унинг русларга ёрдам беришига монелик кўрсатиши лозим. Шунинг учун ҳам уни бу ерга олиб келиш, қатл этиш керак. Бу ишни амалга ошириш учун ё уни Тифлисда — ўша ерда ўлдирадиган бир одам юбориш, ёки ўзини бу ерга чақириб олиб, шу ернинг ўзидаёқ йўқ қилиш керак. Бу ерга келтириш учун эса биргина чора бор, бу чора унинг оиласи ва ҳаммадан муҳими, у ғоят яхши кўрган — буни Шомил биларди,— ўғли эди. Шунинг учун ҳам орага ўғлини қўйиш керак эди.

Маслаҳатчилар бу ҳақда гапиришганда, Шомил кўзларини юмиб жим бўлди.

Маслаҳатчилар билар эдиларки, унинг бу қиёфада туриши, бундан кейин нима қилиш кераклигини кўрсатаётган пайғамбарнинг овозини эшитаётганини англатарди. Беш минутлик тантанали жим ўтиришдан сўнг, Шомил кўзларини очиб ва уни яна кўпроқ сузиб туриб:
— Ҳожимуроднинг ўғлини келтиринг,— деди.
— У шу ерда,— деди Жамолиддин.

Ҳақиқатан ҳам Ҳожимуроднинг ориқ, рангсиз ўғли, кийимлари йиртилган, ивирсиб кетган, лекин ўзининг бадани, юзи ва бувиси Фатиматники сингари шаҳло кўзлари ила ҳамон чиройли бўлган Юсуф, чақиришларини кутиб, ташқарн ҳовлининг эшиги ёнида турарди.

Юсуф отасининг Шомил ҳақидаги фикрига қўшилмас эди. У бўлиб ўтган ишларни яхши билмас, билса ҳам бу ишларни бошидан кечирмагани учун отасининг нима сабабдан шу қадар ўжарлик билан Шомилга душманлик қилишини англамас эди. Юсуф фақат бир нарсани: ноибнинг ўғли сифатида Хунзахдаги оромбахш, серишрат ҳаётни давом эттиришни истар, унга Шомил билан душманлик қилиш тамоман кераксиз нарса бўлиб туюларди. У отасининг акси ўлароқ, Шомил билан ғоятда фахрланар ва унга тоғликлар орасида кенг тарқалган тантанали бир ҳурмат билан қарар эди. Мана, ҳозир алоҳида эҳтиром билан меҳмонхонага, имом ёнига кирди ва Шомилнинг ўткир нигоҳига тўқнаш келиб, эшик олдида бир қанча вақт туриб қолди, сўнг Шомилга яқинлашиб келиб, унинг узун бармоқли оппоқ қўлини ўпди.
— Сен Ҳожимуроднинг ўғлимисан?
— Ҳа, имом.
— Унинг нима қилганини биласанми?
— Биламан, имом, бунинг учун афсус қиламан ҳам.
— Ёзишни биласанми?
— Мулла бўлмоқчи эдим.
— Бўлмаса отангга хат ёз, агар у ҳайитгача менинг ёнимга қайтиб келса, уни кечираман ва ҳамма иш эскича бўлиб кетаверади. Агар унамаса ва руслар тарафида қолаверса, у ҳолда,— Шомил ғазаб билан қовоғини солди,— мен сенинг бувингни ва онангни овулма-овул олиб юриб, расвосини чиқартираман, сенинг эса бошингни кесаман.

Юсуфнинг юзига ҳеч қандай ифода қалқиб чиқмади, у сўзларингизни англадим, дегандай бошини эгди.
— Шундай деб ёз-да, элчимга бер. Шомил жим қолиб, Юсуфга узоқ тикилди.
— Ёзгин, мен сенга раҳм қилиб ўлдирмаганимни, фақат барча хоинларники сингари кўзларингни ўйиб олмоқчи эканлигимни ҳам ёз.

Юсуф Шомилнинг ҳузурида тинчдай бўлиб кўринган эди, лекин меҳмонхонадан олиб чиққанларида, олиб чиқаётган кишига ташланди ва унинг ханжарини олиб, ўзини сўймоқчи бўлди, қўлларини ушлаб қолдилар ва боғладилар, сўнг яна зиндонга олиб бориб ташладилар.

Шу оқшом, намоз тугаб, кун қоронғилаша бошлағанда, Шомил оқ пўстинини кийиб, хотинлар жойлашган ичкари ҳовлига чиқди-да, Аминетнинг уйига қараб йўл олди. Аммо Аминет у ерда йўқ эди. У катта хотинларнинг уйида эди. Шундан сўнг Шомил, ўзини сездирмасликка тиришиб, хотинини кутиб, уй эшигининг орқасида турди. Аминет, шоҳини унга ҳадя қилмай, Зайдетга бергани учун Шомилдан хафа эди. У Шомилнинг чиққанини ва уни ахтариб уйига кирганини кўрди, лекин атайин уйига бормади. У кулиб, унинг уйига гоҳ кириб, гоҳ чиқиб турган оқ кийимли Шомилга қараб, Зайдет уйининг эшиги олдида узоқ турди. Шомил Аминетни тоза кутгач, хуфтонга яқин ўз уйига қайтиб келди.

XX

Ҳожимурод истеҳкомда, Иван Матвеевичнинг уйида бир ҳафта яшади. Мария Дмитрневна соч-соқоли ўсиб кетган Ҳанафий билан (Ҳожимурод ўзи билан бирга фақат икки кишисини — Ҳанафий ва Элдорни ола келган эди) жанжаллашиб қолганига ва уни бир сафар ошхонадан итариб чиқариб юборганига (ўшанда Ҳанафий уни сўйиб қўяёзган эди) қарамасдан, ўзида Ҳожимуродга нисбатан алоҳида ҳурмат ва муҳаббат ҳис этарди. У ҳозир, Ҳожимуродга овқат келтириб бермас, бу вазифани Элдорга топширган эди, лекин Ҳожимуродни кўриш ва унга ёқиш учун ҳар бир фурсатдан фойдаланар эди. У Ҳожимуроднинг оиласи ҳақидаги музокараларда ҳам жиддий иштирок қилар, унинг қанча хотини, қанча боласи бор, ёшлари нечада, ҳаммасини билар ва ҳар гал хуфия элчилар келиб кетишгач, ундан музокаранинг натижаси нима бўлганини сўрар эди.

Бутлер эса шу ҳафтанинг ичидаёқ Ҳожимурод билан жуда дўстлашиб кетди. Баъзан Бутлер турган хонага борар, Бутлер ҳам Ҳожимурод турган хонага келар эди. Баъзан улар таржимон орқали, баъзан эса ўз воситалари — имо-ишоралар ва ҳаммадан асосийси, табассумлар орқали суҳбатлашлар эдилар. Ҳожимурод, афтидан, Бутлерни яхши кўриб қолган эди. Бу Элдорнинг Бутлерга бўлган муносабатидан маълум эди. Бутлер Ҳожимуроднинг хонасига кирган вақтида Элдор шодлик билан ок, ялтироқ тишларини кўрсатиб, кутиб олар ва тезлик билан унинг ёнига ёстиқ тўшар, агар қиличи бўлса уни дарров ечиб олиб қўяр эди.

Бутлер худди, шунингдек, Ҳожимуроднинг укаси деб аталган мажнунсифат Ҳанафий билан ҳам танишиб ва иноқлашиб кетди. Ҳанафий жуда кўп тоғ қўшиқларини билар ва яхши ашула қилар эди. Ҳожимурод Бутлерга ёқиш учун Ҳанафийни чақирар ва ўзи яхши деб билган қўшиқларнинг номини атаб, унга айт, деб буюрар эди. Ҳанафийнинг овози баланд, ингичка эди ва у фавқулодда тиниқ ва ифодали қилиб айтар эди. Қўшиқлардан бири Ҳожимуродга жуда ҳам ёқар ва ўзининг тантанали, мунгли оҳанги билан Бутлерни ҳам ҳайрон қолдирган эди. Бутлер таржимондан қўшиқнинг мазмунини айтиб беришликни сўради.

Қўшиқ хун олишга — ўша Ҳанафий билан Ҳожимурод ўртасида бўлиб ўтган ҳодисага ўхшаш ҳодисага тааллуқли эди.

Қўшиқнинг мазмуни мана бундай эди: «Қабримнинг тупроқлари қурийди ва сен, муштипар онам, мени унутарсан. Қабримнинг устида майсалар унади, менинг падари бузрукворим, бу майсалар сенинг қайғунгни кўмиб ташлайдилар. Синглимнинг кўз ёшлари қурийди, шунда унинг қалбидан ҳасрат ҳам ўчади.

Лекин сен, акам, хуним учун ўч олмагунингча мени унутмассан. Сен, иккинчи акам ҳам, мен билан бирга ер тишламагунингча мени унутмассан.

Ўқ, сен қайноқсан, сен ўлим олиб келасан, лекин менинг содиқ қулим сен эмасмидинг? Қора ер, сен мени бағрингга оласан, лекин сени от билан топтаган мен эмасмидим? Ўлим, совуқсан, аммо мен сенинг хўжанг эдим. Жасадимни тупроқ олади, жонимни эса осмон қабул қилади».

Ҳожимурод бу қўшиқни ҳамма вақт кўзини юмиб ўтириб тинглар ва қўшиқ сўниб боргунча бир оҳанг билан чўзилиб, тўхтаганда, доимо русчалаб:
— Яхши қўшиқ, бамаъни қўшиқ,— деб қўяр эди.

Шижоатли тоғ ҳаётининг ўзига хос шеърияти Ҳожимурод келганидан кейин у билан ҳамда унинг муридлари билан яқинлашгандан сўнг, Бутлерни яна ҳам кўпроқ жалб этди. У ўзига кавказча камзул, черкаска, ноговица қилиб олди. Гўё у тоғлигу шу тоғлик кишилар сингари яшаётгандай эди.

Ҳожимурод кетадиган куни уни кузатиш учун Иван Матвеевич бир қанча офицерларни йиғди. Ҳожимурод қуролланган, сафар кийимида шахдам қадамлар билан оқсоқланиб уйга кирди, бу чоқ офицерлар, баъзи бирлари Мария Дмитриевна чой қуйиб ўтирган стол ёнида, баъзилари ароқ, чихир ва закускалар турган стол ёнида ўтирар эдилар.

Ҳаммалари ўринларидан турдилар ва навбат билан қўл бериб кўришдилар. Иван Матвеевич уни катга таклиф қилди, лекин у ташаккур айтиб, дераза ёнидаги стулга ўтирди. У кирган вақтда ҳукм сурган жимлик, афтидан, уни сира хижолат қилмади. У ҳамманинг юзига диққат билан қараб чиқди, сўнг бепарволик билан самовар ва закуска турган столга тикилиб қолди. Ҳожимуродни биринчи марта кўрган шўх офицер Петроковский, таржимон орқали ундан Тифлис ёқдими, деб сўради.
— Айя,— деди у.
— Ҳа, деяпти,— деди таржимон.
— Қўпроқ нима ёқибди?

Ҳожимурод бир нарса деди.
— Ҳаммадан кўпроқ унга театр ёқибди.
— Хўш, бош қўмондонникида бўлган базмчи?

Ҳожимурод қовоғини солди.
— Ҳар бир халқнинг ўз одати бор. Бизда хотинлар унақа кийинмайдилар,—деди у Мария Дмитриевнага қараб.
— Ҳа, унга нимаси ёқмабди ахир?
— Бизда бир гап бор,— деди у таржимонга,— ит эшакка гўшт берибди, эшак эса итга хашак берибди,— натижада ҳар иккаласи ҳам оч қолибди.— У сал илжайди.— Ҳар бир халқ учун ўз одати яхши.

Сўз бундан нарига ўтмади. Офицерларнинг баъзилари чой ича бошлади, баъзи бирлари овқат ея бошлади. Ҳожимурод узатилган бир стакан чойни олиб олдига қўйди.
— Қани, қаймоқдан, булкадан олинг,—деди Мария Дмитриевна унга қараб.

Ҳожимурод бош эгди.
— Хўп, бўлмаса, хайр!—деди Бутлер, унинг тиззасига туртиб.— Қачон кўришамиз?
— Хайр, хайр,— деди Ҳожимурод кулиб туриб русчалаб.— Меҳмондорчилик етар энди. Жуда кўп меҳмон бўлдик. Вақт бўлди, кетиш керак,—деди у, гўё кетиши керак бўлган тарафга қараб бошини қимирлатгаи бўлиб.

Хонанинг эшиги олдида, елкасига қандайдир оқ бир нарса ташлаб олган ва қўлида калит, Элдор кўринди. Ҳожимурод уни англади, Элдор ўзининг катта қадамлари билан Ҳожимуроднинг олдига кслиб, унга оқ чакмон ва қилични берди. Ҳожимурод ўрнидан турди, чакмонни олди ва таржимонга ниманидир сўзлаб, чакмонни Мария Дмитриевнага берди.

Таржимон:
— У, сен чакмонни мақтаган эдинг, олгин, деяпти,— деди.
— Нега?—деди қизариб Мария Дмитриевна.
— Шундай бўлиши керак, одат шунақа,— дедп Ҳожимурод.
— Хўп, раҳмат,— деди Мария Дмитриевна чакмонни олиб.— Илоҳим ўғлингизни қутқазиб олинг,— у қўшиб қўйди.— Яхши, ўғлон. Унга айтинг, оиласини қутқазиб олишини истайман,— деди.

Ҳожимурод Мария Дмитриевнага қарадида, унинг сўзларини маъқуллаб бош ирғади. Кейин у Элдорнинг қўлидан қиличини олиб Иван Матвеевичга берди. Иван Матвеевич қилични олгач, таржимонга қараб деди:
— Унга айт, менинг тарғил ахтамни олсин, совғаси эвазига тақдим қиладиган бошқа ҳеч нарса йўқ.

Ҳожимурод ҳеч нарса керак эмаслигини ва олмаслигини билдириб қўлини силтади, сўнг тоғни ва юрагини кўрсатиб эшикка қараб йўл олди. Ҳамма унинг орқасидан чиқди. Уйда қолган офицерлар, қилични ғилофидан суғуриб тиғини кўришдилар ва қилични гурда деган фикрга келишдилар.

Бутлер Ҳожимурод билан бирга зинага чиқди. Лекин бу ерда кутилмаган воқеа юз берди: Агар Ҳожимурод чаққонлик қилмаганда унинг ҳалок бўлиши муқаррар эди.

Тош-Кечук овулида яшаётган қўшинлар Ҳожимуродни қаттиқ ҳурмат қилишар, номи машҳур бўлиб кетган бу ноибни бир кўриш учун тез-тез истеҳкомга келиб туришар эди. Улар Ҳожимурод кетишидан уч кун олдин чопар юбориб, уни жума куни мачитга келишга таклиф қилган эдилар. Лекин Ҳожимуродни ёмон кўрган, у билан қонли адоватда бўлган тош-кечуклик князлар аҳолининг бу ишидан хабар топиб, Ҳожимуродни мачитга киргизмаймиз, дейишди. Уларнинг бу гапидан халқ ғалаёнга келди ва икки ўртада муштлашиш бўлиб ўтди. Рус бошлиқлари тоғликларни ҳовуридан тушириб қўйиб, мачитга бормасин, деб чопар юборишди. Ҳожимурод мачитга бормади. Ҳамма бу иш шу билан барҳам топди, деб ўйлади.

Лекин худди Ҳожимурод кетар пайт — у зинага чиққан ва отлар эшик олдидалигида, Иван Матвеевичга ва Бутлерга таниш бўлган қўмиқ князи Арслонхон яқинлаб кетди.

У Ҳожимуродни кўриши билан белидан тўппончасини олиб, Ҳожимуродга ўқталди. Бироқ Арслонхон отиб улгургунча йўқ эди, Ҳожимурод чўлоқлигига қарамай, худди мушук сингари чаққонлкк билан зинадан Арслонхонга ташланди. Арслонхон отди — тегмади. Ҳожимурод эса унинг олдига чопиб бориб, бир қўли билан отнинг жиловини, бир қўли билан ханжарини ушлади ва унга татарчалаб бир нима деб бақирди.

Бутлер билан Элдор худди шу вақтнинг ўзида душманнинг ёнига чопиб бориб, унинг қўлларини ушладилар. Ўқ овозига Иван Матвеевич ҳам чиқди.
— Сенга нима бўлди. Арслон, менинг уйимда бундай бемазагарчилик қилганинг нимаси?— деди у, гап нимадалигини билиб,— бу ишинг яхши эмас, биродар. Далада ихтиёрларинг, менинг уйимда бўғизлашиш нимаси?

Қора мўйловли кичкина Арслонхон ранги ўчган ва қалтираган ҳолда отдан тушди, ғазаб билан Ҳожимуродга тикилди, сўнг Иван Матвеевич билан меҳмонхонага кириб кетди. Ҳожимурод эса ҳансираганича илжайиб отининг ёнига қайтди.
— Нима учун уни ўлдирмоқчи бўлди?— Бутлер таржимон орқали сўради.
— У одатимиз шунақа. Арслонхон қон учун мендан хун олиши керак, мана ҳозир у мени ўлдирмоқчи эди, деяпти,— таржимон Ҳожимуроднинг сўзини таржима қилиб берди.
— Хўш, агар у йўлда қувиб етсачи?— сўради Бутлер.

Ҳожимурод илжайди.
— Нима бўлар эди, ўлдиради, демак, Оллонинг хоҳиши шу. Хўп, хайр,— деди у яна русчалаб ва отининг ёлини ушлаб туриб кузатувчиларнинг ҳаммасига нигоҳ ташлаб чиқди-да, Мария Дмитриевнанинг кўзларига мулойим тикилди.
— Хайр, мама,— деди у Мария Дмитриевнага мурожаат қилиб,— раҳмат.
— Илойим бола-чақангни қутқариб ол,— такрорлади Мария Дмитриевна.

Ҳожимурод унинг сўзларини англамади, лекин меҳрибончилигини англаб бош қимирлатиб қўйди.
— Менга қара, дўстингни унутма,— деди Бутлер.
— Айт, мен унинг чин дўстиман. Ҳеч қачон унутмайман,— у таржимоп орқали жавоб берди, сўнг оёғининг қийшиқлигига қарамай, уни узангига қўйиши билан илдамлик билан баланд эгарга ўтирди ва эски одатича тўппончасини пайпаслаб кўриб, қиличини тузатди, сўнг отда ўтирган тоғликлардай алоҳида, мағрур қиёфа олиб Иван Матвеевичнинг уйидан узоқлашди. Ҳанафий ва Элдор ҳам шундай қилиб отга миндилар ва хўжайинлар ҳам офицерлар билан дўстона хайрлашиб, отларини елдирган ҳолда муридларнинг орқасидан кетдилар.

Ҳамма вақтдагидай, кетганларнинг кетидан сўзланишди.
— Азамат! Қара, Арслонхонга худди бўридек ташланди, турқи тамом ўзгариб кстди.
— Алдаб кетмаса эди, уста, жуда маккорга ўхшайди,— деди Пстраковский.
— Илоҳим, русларда ҳам шундай маккорлар кўп бўлсин,— Мария Дмитриевна ўкинч билан бирдан сўзга аралашди.— Бизникида бир ҳафта турди, яхшиликдан бўлак ҳеч нарса кўрмадим.— Бирам одобли, ақлли, одил-таъб одам эди,— деди у.
— Сиз буларнинг ҳаммасини қаёқдан билдингиз?
— Билдим-да.
— Жигардан урибди-да, а?— деди ичкаридан чиққан Иван Матвеевич,— шунақа кўринади.
— Ҳа, жигаримдан урди. Сизга нима? Ахир яхши одамни нимага ёмонлаш керак. У татар бўлса ҳам яхши.
— Рост, Мария Дмитриевна,— деди Бутлер.— Баракалла, унинг ёнини олдингиз.

XXI

Чечен йўлидаги олд крепостларда яшовчиларнинг ҳаёт тарзи ҳамон эскича ўтарди. Ўшандан бери икки бор тревога бўлди, ҳар икки тревогада ҳам роталар зир югурди, казаклар ва милиционерлар от чоптириб чиқдилар, лекин ҳар икки сафар ҳам тоғликларни тўхтатиб қололмадилар: улар кетиб қолдилар, бу гал улар Воздвиженскийга босқин қилиб казакларнинг сувлоғидан саккизта отни ҳайдаб ва бир казакни ўлдириб кетдилар. Овул тит-пит қилинган сўнгги ҳужумдан бери бошқа ҳужум бўлгани йўқ. Фақат сўл қанотга янги бошлиқ князь Барятинский тайинланиши муносабати билан улкан Чеченга катта экспедиция келиши кутилмоқда эди.

Меросхўрнинг дўсти, Кабардин полкининг собиқ командири князь Барятинский, ҳозир бутун сўл қанотнинг бошлиғи бўлганлигидан Грознийга келиши биланоқ, подшоҳнинг Черпишев Воронцовга ёзган режаларини бажаришни давом эттириш учун отряд тўплади. Воздвиженскийда тўпланган отряд Куринский томонга борадиган позицияга чиқди. Қўшин ўша ерда туриб, дарахт кесиш билан машғул эди.

Ёш Воронцов ажойиб мовут чодирда яшар, унинг хотини Мария Васильевна лагерга келиб турар ва кўпинча ётиб қолар эди. Барятинскийнинг Мария Васильевна билан бўлган муносабати ҳеч кимдан яширин эмасди, шунинг учун ҳам саройга номаҳрам бўлган офицер ва солдатлар, унинг лагерга ташриф буюриши эвазига тунги махфий қоровулликка юборилганлари учун Мария Васильевнани болохонадор қилиб сўкар эдилар. Одатда тоғликлар тўп келтиришиб лагерга қараб отар эдилар. Бу ўқлар кўп вақт мўлжалга келиб тегмас, шунинг учун ҳам бу отишмаларга қарши ҳеч қандай чора кўрилмас эди; лекин тоғликлар тўпларни яқин келтириб, Мария Васильевнани қўрқитмасин учун махфий қоровуллар юбориларди. Бойвуччани қўрқитмаслик учун ҳар кун кечаси махфий қоровулликка бориб юриш эса таҳқиромуз жирканч эди, солдатлар ва киборлар оламига қабул қилинмаган офицерлар ёмон сўзлар айтиб Мария Васильевнани обрўсизлантирар эдилар.

У ерда тўпланишган — Пажеский корпуси бўйича бирга ўқишган сабоқдошлари, Куринский полкида бирга ишлаган ҳамполклари, бошлиқ ҳузуридаги адъютантлар ва ординарецлар билан кўришиш учун Бутлер ҳам ўз истеҳкомидан бу отрядга отпускага келди. Келган кунидан бошлабоқ хушчақчақ турмуш кечира бошлади. У Полторацкийнинг чодирига тушди ва бунда уни очиқ чеҳра билан қаршилаган кўпгина ошналарини учратди. У Воронцовникига ҳам борди, негаки бир вақтлар бир полкда хизмат қилгани учун уни бир оз биларди. Воронцов уни жуда яхши қабул қилди ва князь Барятинский билан таништирди, Барятинскийга қадар сўл қанотнинг бошлиғи бўлиб турган генерал Козловскийнинг жўнаши шарафига қилаётган хайрлашув зиёфатига ҳам таклиф қилди.

Зиёфат қойилмақом ўтди. Олти чодир келтирилиб ёнма-ён қатор тикилган эди. Чодир бўйлаб узундан-узоқ стол-стуллар қўйилган, устларида ранг-баранг идиш-товоқ ва бутилкалар тизилиб турарди. Ҳамма нарса Петербургдаги гвардия ҳаётини эсга туширар эди. Соат иккиларда стол атрофига ўтирдилар. Столнинг ўртасида: бир тарафда — Козловский, иккинчи тарафда — Барятинский ўтирар эди. Козловскийнинг ўнг томонида Воронцов, чап томонида Мария Васильевна ўтирарди. Столнинг ҳар икки тарафида Кабардин ва Куринский полкларининг офицерлари ўтиришар эдилар. Бутлер Полторацкий билан ёнма-ён ўтирар, ҳар иккаласи ҳам хурсанд ҳолда сўзлашар ва ён-верисидаги офицерлар билан ичишарди. Иш қовурмага етганда деншиклар қадаҳларга шампанский қуя бошладилар. Полторацкий Бутлерга, астойдил ўкиниб ва ачиниб:
— Бизнинг «масалан»имизни расво қилмаса эди,— деди.
— Нега?
— Ахир у нутқ сўзламоғи лозим. Унинг қўлидан нима келади?
— Ҳа, оғайни, нутқ сўзлаш, ўқ отиш эмас. Яна ёнида хоним, ундан кейин мана бу сарой афандилари ўтирибдилар. Унинг ҳолига ачинасан киши,— деб офицерлар ўзаро гаплашдилар.

Тантанали минутлар келиб етди. Барятинский ўрнидан турди ва қадаҳни кўтариб, қисқача нутқ билан Козловскийга мурожаат қилди. Барятинский сўзини тамом қилгач, Козловский ўрнидан турди ва анчагина қаттиқ овоз билан гап бошлади:
— Жаноби олийнинг энг юксак хоҳишлари билан, масалан, офицер афандилар, орангиздан кетаман, сизлар билан ажралишаман,— деди у.— Лекин мени ҳамма вақт ўзларингиз билан, масалан, бирга ҳисоб қилинглар… Афандилар, сизга маълумки, масалан, битта киши ҳеч нарса қила олмайди. Шунинг учун ҳам мен ўз хизматимда, масалан, қанча мукофотланган бўлсам, император жанобларининг саховатларига, масалан, қанчалик сазовор бўлган бўлсам, қанчалик, масалан…— шу ерга келганда унинг овози қалтираб кетди,— буларга ёлғиз сизларнинг соянгизда эришдим. Шуларнинг ҳаммаси учун ҳам, масалан, мен сизлардан қарзман, дўстларим!— Унинг ажин босган юзлари яна кўпроқ буришиб кетди. У ҳўнграб юборди, кўзларига ёш келди.— Бутун дилимдан, чин қалбимдан сизларга, масалан, миннатдорлигимни билдираман.

Козловский ортиқ сўзлай олмади ва ўрнидан туриб, ёнига келишаётган офицерларни қуча бошлади. Княгиня рўмолча билан юзини бекитди. Князь Семён Михайлович лабини қийшайтириб, кўзларини пириллатди. Офицерлардан жуда кўпи кўзига ёш олди. Козловскийни жуда оз биладиган Бутлер ҳам ёшини тиёлмади. Буларнинг ҳаммаси унга жуда ёқдн. Кейин ҳаммалари, Барятинский, Воронцов, офицерлар, солдатлар шарафига қадаҳ кўтара бошладилар, меҳмонлар айтилган мақтовлардан, ичилган винолардан маст бўлишиб зиёфатдан чиқдилар.

Ажойиб, қуёш чарақлаб чиққан, мулойим бир кун эди. Ҳар тарафдан гулханларнинг шитирлаб ёниши ва қўшиқ овозлари эшитиларди. Ҳамма байрам қилаётгандек туюларди. Бутлер ғоят бахтиёр ва шод бир руҳий ҳолатда Полторацкийникига кетди. Полторацкийникига офицерлар йиғилдилар, карта столини ёздилар, сўнг адъютант бонгга юз сўм қўйди. Бутлер шимининг чўнтагига қўл солиб, ҳамёнини ушлаб чодирдан икки марта ташқарига чиқди, лекин охири чидай олмади, шундан сўнг ўзига ҳам оғайниларига карта ўйнамайман, деб берган ваъдасига қарамай, ўйинга киришиб кетди.

Бир соат ҳам ўтмасдан Бутлер, қип-қизариб терлаб, ҳамма ёғи бўр, икки қўлини столга тираб ўтирар ва бурчаклари букланган карталар остига тиккан пулларининг рақамларини ёзар эди. У шу қадар кўп ютқизиб қўйдики, ўз танига ёзилган пулларни ҳисоблашга қўрди. У, ҳисобламасданоқ, олиши мумкин бўлган моянасининг ҳаммасини ва отни сотиб берганда ҳам барибир бегона адъютант тарафидан ўз ҳисобига ёзилган қарзларни тўлай олмаслигини биларди. У яна ўйнамоқчи эди, лекин адъютант жиддий қиёфада ўзининг оқ, тоза қўллари билан картани ерга қўйди. Бутлернинг бўр билан ёзган рақамларини ҳисоблай бошлади. Бутлер қизариб-бўзариб ютқизган пулларининг ҳаммасини ҳозир тўлай олмаслиги учун кечирим сўради, ютқизгап пулларини уйидан юборишини айтди, Бутлер бу сўзни айтган вақтда ҳамма унга ачинганини ва шу он ҳамма, ҳатто Полторацкий ҳам ундан кўзини олиб қочганини сезди. Бу унинг сўнгги кечаси эди. У, карта ўйнамай, мени таклиф қилган Воронцовникига борган бўлсам, ҳамма иш жойида бўлган бўларди, деб ўйлади. Ҳозир эса иш ёмонгина эмас, балки жуда чатоқ эди.

У ўртоқлари, таниш-билишлари билан хайрлашиб уйига кетди, уйига келиб ўша замониёқ ухлагани ётди, шу ётганча ўликдай ўн саккиз соат ухлади. Мария Дмитриевна Бутлернинг шаҳди пастлигини кузатиб қўйган казакка бериши учун ярим сўм чой пулини ундан сўраганидан, бундан ташқари калта жавобларидан ютқизиб қўйганини англади ва уни ўша ёққа юборганлиги учун Иван Матвеевичга ёпишди.

Эртасига Бутлер соат ўн иккида уйқудан турди ва ўз вазиятини эсига тушириб, яна ўликдай уйқуга кетишни истади, аммо мумкин бўлмади. Бегона одамдан қарз бўлган 470 сўмни тўлаш чорасини кўриши керак эди. Бу чоралардан бири шу бўлдики, у гуноҳларига тавба қилиб ва ялиниб-ёлвориб ҳали ўрталарида бўлган тегирмон ҳисобидан сўнгги марта 500 сўм пул юборишини сўраб, акасига хат ёзди. Кейин, у қандай процентга бўлса майли, яна 500 сўм қарз сўраб, ўзининг хасис бир хотин қариндошига хат юборди. Ундан кейин, Иван Матвеевичда ёки тўғрироғи, Мария Дмитриевнада пул борлигини билиб, қарзга 500 сўм бериб туришларини сўраб, Иван Матвеевичнинг олдига борди.
— Мен берар эдим,— деди Иван Матвеевич,— ҳозир берар эдим-ку, лекин Машка бермайди. Начора, хотинлар жуда пишиқ бўладилар. Лекин падарига қусур, ишқилиб қутулиш керак, қутулиш керак. Падарига қусур, маркитантда йўқмикин?

Лекин маркитантдан қарз олиш учун уриниб ўтиришиинг ҳожати йўқ эди. Шундай қилиб Бутлер учун фақат акасидан ёки хасис қариндошиникидангина «ёруғлик» чиқиши мумкин эди.

XXII

Ҳожимурод Чеченда ўз мақсадига эриша олмагач, Тифлисга қайтиб келди, шундан бери ҳар кун Воронцовнинг олдига борар ва қабулида ундан, тоғликлардан асир тушганларни тўплаб, унинг оиласига алмаштиришни ялиниб сўрар, бусиз қўл-оёғи боғлиқ эканини ва русларга хизмат қила олмаслигини ҳам Шомилни йўқота олмаслигини айтар эди. Воронцов қўлидан келганча ёрдам беришини таъкидласа-да, бироқ генерал Аргутинский Тифлисга келганидан сўнг у билан сўзлашиб, масалани ҳал қилишини айтиб, ишни ҳадеб орқага силтар эди. Шундан сўнг Ҳожимурод Воронцовдан вақтинча Закавказьенинг кичкина шаҳри бўлган Нухага бориб туриш учун рухсат сўрай бошлади. У Нухада ўзига содиқ кишилар бор, деб ва Шомил билан ўз оиласи тўғрисида музокара олиб бориш маъқул, деб тахмин қиларди. Бундан ташқари, мусулмонлар шаҳри бўлгаи Нухада Ҳожимуродга мусулмонлар одатига мувофиқ намоз ўқиш учун мачит бор эди. Воронцов бу ҳақда Петербургга хат ёзди ва шу орада Ҳожимуродга Нухага бориб туришга рухсат берилди.

Бу воқеа Воронцов учун, Петербург ҳукумати учун, шунингдек, Ҳожимуроднинг тарихини билган кўпчилик руслар учун Кавказ урушидаги бахтли бир бурилиш ёки шундайгина қизиқ бир тасодиф эди. Ҳожимурод учун эса бу воқеа айниқса сўнгги вақтларда, унинг ҳаётидаги қўрқинчли бир бурилиш бўлиб кўринарди. У тоғдан қисман ўзини қутқариб, қисман Шомилга душман бўлгани туфайли қочди ва бу қочиш қанчалик қийин бўлмасин, у ўз мақсадига эришди, дастлабки вақтлардаги муваффақият уни севинтирди, ҳақиқатан ҳам Шомилга ҳужум қилиш планини атрофлича ўйлади. Лекин оиласини бу ёққа олиб келиш у ўйлаганга қараганда анча қийин бўлиб чиқди. Шомил унинг оиласини олиб кетиб, асирликда сақлар ва хотинларини овулма-овул юргизиб шарманда қиламан, ўғлини кўр қиламан ё ўлдираман, дер эди. Энди Ҳожимурод Доғистондаги ўз тарафдорлари орқали, ҳийла ёки куч билан оиласини Шомилдан ажратиб олиш ниятида Нухага келди. Нухадан унинг олдига келган сўнгги махфий элчи Ҳожимуродга содиқ бўлган аварияликлар унинг оиласини ўғирлаб, руслар тарафига ўтишга ҳаракат қилаётганларини, аммо бу ишга ёрдам берувчи кишилар жуда оз эканини, шунинг учун ҳам улар бу ишни — Веденодан қилишга журъат эта олмасликларини, мабодо оилани Веденодан бошқа ерга кўчирган тақдирдагина бу ишни йўлда бажаришга ваъда берганликларини айтди. Ҳожимурод ўз дўстларига оиласининг қутқарилиши учун уч минг сўм пул ваъда қилганини айтиб қўнишни буюрди.

Нухада Ҳожимуродга мачитдан ва хон саройидан унча узоқ бўлмаган ердан беш хоналик уй берилган эди. Унга қўшиб қўйилган офицерлар, таржимон ва унинг навкарлари ҳам шу уйда яшар эдилар. Ҳожимуроднинг ҳаёти тоғда махфий элчиларни кутиш ва уларни қабул қилиш ҳам унга рухсат этилган от билан шаҳар атрофида сайр қилиб юриш билан ўтарди.

Ҳожимурод 8 апрелда кўча сайридан қайтиб келиб, уни йўқ вақтида Тифлисдан, Воронцов олдидан бир амалдор келганини эшитди. Ҳожимурод амалдор нима учун келганини жуда билгиси келганига қарамай, пристав билан амалдор уни кутиб ўтиришган хонага киришдан аввал, ўз хонасига кириб пешин намозини ўқиди. Сўнг меҳмонхона ва қабулхона вазифасини бажарувчи иккинчи хонага чиқди. Тифлисдан келган амалдор, оддий маслаҳатчи Кириллов Ҳожимуродга: Воронцов сени, Аргутинский билан учрашиш учун 12-числога Тифлисга келсин, деб айтди,— деди.
— Яхши,— деди Ҳожимурод жаҳл билан.

Амалдор Кириллов унга ёқмади.
— Пул келтирдингми?
— Келтирдим,— деди Кириллов.
— Ҳозир икки ҳафтаникини бер,— деди Ҳожимурод ва аввал ўнта, кейин тўртта бармоғини кўрсатди.
— Ҳозир берамиз,— деди амалдор ўзининг йўл сумкасидан ҳамёнини олаётиб.— Бунга пул нимага керак экан?— деди русчалаб, Ҳожимурод билмайди деб ўйлаб, лекин Ҳожимурод тушунди-да, жаҳл билап Кирилловга қаради. Кириллов, ақчани ҳамёндан олаётиб, қайтганида ўз князи Воронцовга бирор гап топиб бориш учун Ҳожимурод билан гаплашишни истаб, таржимон орқали, бу ерда зерикмаётибсизми, деб сўради. Ҳожимурод кичкина, семиз, ноҳарбий кийимдаги қуролсиз кишига нафрат билан қаради-да, ҳеч қандай жавоб бермади. Таржимон саволни такрорлади.
— Унга айт, мен у билан гаплашишни истамайман. Тезроқ пулни берсин.— Ҳожимурод бу гапни айтиб, пулни санамоқчи бўлиб яна стол ёнига ўтирди.

Кириллов олтинлар чиқариб, ўнтадан қилиб етти қатор олтинни тизиб қўйди-да (Ҳожимурод кунига бешта олтин оларди), уларни Ҳожимуродшшг олдига сурди. Ҳожимурод олтинларни черкаскасининг ёнига супуриб солди; сўнг ўрнидан турди ра мутлақо кутилмаган бир ҳолда маслаҳатчининг тепакал бошига бир шапати уриб, эшикка қараб йўл олди. Маслаҳатчи ўрнидан қалқиб турди ва таржимонга, унинг бундай қилиши керак эмас, чунки у полковник мансабидаги бир киши эканини унга айтишни буюрди, пристав ҳам шундай деди. Лекин Ҳожимурод, буни биламан, ишораси билан, бош ирғади ва уйдаи чиқиб кетди.
— Уни нима қила олар эди,— деди пристав,— ханжарини ғижир этказиб битта тиқиб олади, вассалом. Бу шайтонлар билан гаплашиб бўлмайди. Кўриб турибман, унинг жини тутаётибди.

Қоронғи тушиши билан тоғдан қулоқчинларини кўзларигача бостириб кийган иккита махфий элчи келди. Пристав уларни Ҳожимуроднинг хонасига киргизиб юборди. Махфий элчиларнинг бири семиз, қора, тавлинлик киши, иккинчиси — ориқ бир чол эди. Улар келтирган хабар Ҳожимурод учун кўнгилсиз эди. Унинг оиласини қутқазишни ўз устларига олган биродарлари, кимки Ҳожимуродга ёрдам қилса, уни энг қаттиқ ўлим жазосига гирифтор қиламан, дея даҳшат солган Шомилдан қўрқишиб, энди тўғридан-тўғри бу ишдан бош тортмоқда эдилар. Ҳожимурод махфий элчиларнинг гапини эшитиб бўлиб, қўлларини чордана қилиб ўтирган оёқларига тиради ва папахли бошини қуйи солиб, узоқ жим қолди. Ҳожимурод ўйлар, жуда жиддий ўйлар эди. У ҳозир сўнгги марта ўйлаётганини ва масалани бир ёқли қилиши керак эканини биларди. Ҳожимурод бошини кўтарди, ёнидан иккита олтин олиб, махфий элчиларга биттадан берди.
— Боринглар,— деди.
— Жавобичи?
— Бораверинглар. Бу ёғини эгамнинг ўзи билади.

Махфий элчилар ўринларидан туриб чиқиб кетдилар. Ҳожимурод эса, қўлларини тиззаларига тираган ҳолда гилам устида ўтираверди. У узоқ ўтириб ўйга чўмди.

Ҳожимурод: «Нима қилиш керак? Шомилга ишониши ва унинг олдига қайтиши керакми?—У алдайди. Мабодо алдамаган тақдирда ҳам, унга — ўша маккор тулкига бўйсуниш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам мумкин эмаски, у энди, мен русларнинг олдида бўлганимдан кейин ортиқ менга ишонмайди»— деб ўйлади.

Сўнг у лочин тўғрисидаги тавлинлар эртагини хотирлади: лочин қўлга тушган, одамларнинг қўлида бир қанча вақт яшаган, сўнг ўз тоғига, ўз лочинлари олдига қайтиб келган. У қайтганда аммо бўйнида боғич ва қўнғироқлари бор эди. Лочинлар уни қабул қилмаганлар.— Ўша, сенга кумуш қўнғироқлар таққан ерга учиб кетавер,— деганлар.— Бизда қўнғироқлар ҳам йўқ, боғич ҳам.— Лекин ватанини ташлаб кетишни истамаган-да, ўша ерда қолган. Лекин бошқа лочинлар уни қабул қилмаганлар ва чўқиб ташлаганлар.

Ҳожимурод: «Мени ҳам худди шундай чўқийдилар», деб ўйлади.

«Шу ерда қолаверсаммикан? Рус подшосига Кавказни бўйсундирсам, шуҳратга, мансабга, бойликка эга бўлсаммикан?»

У, ўзининг Воронцов билан бўлган учрашувини ва князнинг хушомадли сўзларини хотирлаб, «бунинг иложи бор», деди.

«Лекин ҳозир бир қарорга келиш керак, бўлмаса у оиласидан ажраб қолади».

Ҳожимурод туни билам ухламасдан ўйлаб чиқди.

XXIII

Тун ярмидан оққанда у тоққа қочиш ва унга содиқ бўлган аварияликлар билан бирга Веденога бостириб кириш ё ўлиш, ё оилани қутқариш керак, деган қарорга келди. Оиласини руслар томонига қайтиб олиб ўтадими ёки оила билан бирга Хунзахга қочиб ўтиб, Шомил билан кўришадими,— буни Ҳожимурод ҳал қилганича йўқ, у фақат ҳозир руслардан тоққа қараб қочиш кераклигини биларди. У бу қарорни дарров амалга ошира бошлади. У ёстиғининг остидан қора пахталик камзулини олди-да, навкарларининг уйига кетди. Улар айвоннинг нариги томонидаги хонада турардилар. У эшикни очиб айвонга чиқиши биланоқ, уни ойдин кечанинг шудрингли тоза ҳавоси ўраб олди ва уйга туташган боғда булбулларнинг сайрашлари қулоққа чалинди.

Ҳожимурод айвондан ўтиб бориб, навкарлар уйининг эшигини очди. Бу уйда чироқ йўқ, фақат бир ҳафталик янги ой деразадан ёғду сочарди. Стол ва иккита стул чеккага сурилиб қўйилган, тўрттала навкар ҳам ерда, гилам ва чакмон устида, Ҳанафий эса эшикда, отларнинг ёнида ётарди. Гамзало, эшикнннг ғижирлаб очилганини эшитиб, бошини кўтарди. Ҳожимуродга қаради ва уни таниб, яна ётди. Унинг ёнидаги Элдор эса ўрнидан ирғиб турди ва буйруқни кутиб камзулини кия бошлади. Қурбон ва Хоп-Магома ухлар эдилар. Ҳожимурод камзулини столга қўйди, камзулда бўлган қапдайдир қаттиқ бир нарса тахтага тақ этиб тегди. Бу — камзулга тикилган олтинлар эди.
— Мана буларни ҳам тикиб қўй,— деди Ҳожимурод, бугун олган олтинларини Элдорга бериб.

Элдор олтинларни олди ва шу замониёқ ёруғ жойга чиқиб, ханжарининг тагидан пичоқчасини олиб, камзулнинг астарини сўка бошлади. Гамзало ўрнидан кўтарилиб, чордана қуриб ўтирди.
— Сен, Гамзало, йигитларга буюр, милтиқларни, тўппончаларни кўздан кечириб чиқсинлар, ўқларни тайёр қилиб қўйсинлар. Эртага узоқ жойга кетамиз,— деди Ҳожимурод.
— Ўқ бор, дори бор, тайёр бўлади,— деди Гамзало ва ғўнғиллаб бир нима деди.

Гамзало, Ҳожимурод нима учун қуролларни ўқлаб қўйишга буюрганини англади. У, бошданоқ ва кейинча фақат бир нарсани: мумкин бўлганича, рус йигитларини калтаклаш ва сўйиш, сўнг тоққа қочиб кетишни истар эди. Шунинг учун ҳам ҳозир у, Ҳожимурод ҳам шундай қилмоқчн бўлганини билиб, мамнун бўлди.

Ҳожимурод кетгач, Гамзало ўртоқлариии уйғотди ва тўртталаси туни билан милтиқ, тўппонча, чақмоқтошларни қараб чиқдилар, ёмонларини алмаштирдилар, милтиқларииинг тепки чуқурчаларига янги дори сепиб қўйдилар, гозирларга ўлчанган дори солинган ёғли латталарга ўроғлиқ ўқларнн жойлаштирдилар, қилич ва ханжарларни қайрадилар ва тигларини қуйруқ ёги билан мойладилар.

Ҳожимурод тонготарда таҳоратга сув олиш учун яна айвонга чиқди. Айвонда тонг олдидан тўлиб-тошиб сайрашаётган булбулларнинг, кечасидагига қараганда яна қаттиқроқ, яна равшанроқ овозлари эшитилмоқда эди. Навкарлар хонасидан эса, қайроққа қайралаётгап ханжарларнинг бир қолипдаги шириллаши ва жинғирлаши эшитиларди. Ҳожимурод хумдан сув олиб ўз ётоқхонасига яқинлашганда, муридлар хонасидан яна Ҳанафийнинг ўзига таниш ингичка ёқимли хиргойисини эшитди. У тўхтаб қулоқ сола бошлади.

Қўшиқда ботир Ғамзатнинг ўз азаматлари билан руслар томонидан оқ отлар уюрини ҳайдаб ўтгани, кейин Терак дарёсининг орқасида уни рус князи қувиб етгани ва ўзнинг кўп қўшини билан уни ўраб олганлиги айтиларди. Кейин Ғамзатнинг отларни сўйиб ташлаганлиги ва ўз азаматлари билан ўлдирилган отларнинг ағанаган қонли гавдалари орқасида ўтириб олиб, то милтиқларда ўқ, белбоғларда ханжар ва томирларда қон қолмаганга қадар, руслар билан уруш қилганлиги ҳақида айтилар эди. Аммо Ғамзат ўлишидан аввал, осмонда қушларни кўриб, уларга: «Сиз учар қушлар, бизнинг уйларимизга боринг ва опа-сингилларимизга, оналаримизга ва оппоқ қизларга: улар ҳаммалари ғазавот учун жон бердилар, деб айтингиз. Уларга хабар қилингларки, бизнинг жасадларимиз гўрда ётмайди, балки суякларимизни оч бўрилар ҳар томонга олиб кетиб, ғажийдилар, кўзларимизни эса қузғунлар чўқийдилар», дея қичқирганлиги сўзланарди.

Қўшиқ шу сўзлар билан тугарди ва сўнгги оҳангдор нақоратга қўшиқнинг энг охирида қаттиқ «Ло илоҳо иллолло», деб бақирган ҳам қулоқни кар қилар даражада чинқирган Хон-Магоманинг тетик овози қўшилди. Кейин ҳаммаси тинди ва яна боғдан булбулларнинг сайраши ва навкарлар уйидан, қайроқтошга тез қайралаётган темирларнинг бир қолипдаги шириллаши эшитила бошлади.

Ҳожимурод шу қадар ўйга толдики, кўзани қийшайтириб юборганини ва ундан сув тўкилганини пайқамади. У ўз аҳволига бош чайқатиб қўйди-да, хонасига кириб кетди. Ҳожимурод бомдодни ўқиб, ўз қуролини кўздан кечириб, сўнг тўшагига ўтирди. Бошқа қиладиган иш йўқ эди. Уйдан чиқиб кетмоқ учун приставдан сўрамоғи лозим эди. Ташқари эса ҳали қоронғи, пристав уйқуда эди.

Ҳанафийнинг қўшиғи унга онаси тўқиган бошқа бир қўшиқни эслатди. Бу қўшиқ Ҳожимурод янги туғилган вақтда юз берган, онаси унга кейин ҳикоя қилган воқеа тўғрисида эди.

Қўшиқ шундай эди:

«Сенинг пўлат ханжаринг менинг оқ баданимни чок этди, лекин мен қуёшимни, ўғлимни ярамга босдим, уни ўзимнинг иссиқ қоним билан ювдим, ярам турли гиёҳ ва илдизлар қўймасданоқ тузалди, ўғлим ҳам улғайиб йигит бўлди».

Бу қўшиқнинг сўзлари Ҳожимуроднинг отасига қаратилган бўлиб, мазмуни тубандагича эди: Ҳожимурод туғилган вақтида, хоннинг хотини ҳам ўғли Уммахонни туққан бўлади ва ўғли Абунунсалхонни эмизиб катта қилган Ҳожимуроднинг онасини яна энагаликка чақиради. Лекин Фатимат ўғлини ташлаб кетишни истамайди, бормаслигини айтади, Ҳожимуроднинг отаси ғазабга келиб, боришга буюради. Фатимат яна рад қилгач, унга ханжар уради. Агар ажратиб олмасалар, ўлдириб қўйган бўларди. Шундай қилиб Фатимат Ҳожимуродни бермайди ва уни эмизиб катта қилади, қўшиқ ҳам шу воқеа муносабати билан тўқилади.

Ҳожимурод ўз онасини эслади, у уйнинг томида пўстинга ўраб, ўзи билан қатор ётқизган вақтларида, унга шу қўшиқни айтиб берар ва Ҳожимурод ундан биқинидаги ярадан қолган изни кўрсатишни сўрар эди. У ўз қаршисида онасининг жонли сиймосипи кўрди-ю, ҳозир уни қишлоқда қолдиргандай, юзларини ажин босган, сочлари оқарган, тишлари тушиб кетган ҳолда эмас, балки Ҳожимурод беш ёшга кириб каттагина бўлиб қолганда ҳам уни саватда орқалаб тоғлар оша бобосининг олдига олиб юрган вақтларидаги сингари ёш, чиройли, кучли, навқирон қиёфасини кўрди.

Сўнг у ҳамма ёғини ажин босган, соқоли оқариб кетган бобосининг қадоқ қўллари билан кумуш пул ясаганини ва набирасини дуо ўрганишга мажбур қилганини ҳам хотирлади. Тоғ остидаги булоқ ва у ерда онасининг чалворидан ушлаб олиб, бирга сувга борганлари ёдига тушди. Унинг башарасини ялайдиган ориқ ит ва хусусан, у, сигир соғиладиган ва сут пишириладиган саройга онаси билан бирга борган вақтларидаги тутун ҳам қатиқнинг ҳиди эсига тушди. Биринчи марта унинг сочини олганлари ва деворда осиғлиқ турган, ялтироқ жом ичидан таажжуб билан ўзининг дўпғалак кўкиш бошини кўрганлиги хотирига келди.

У болалик чоғини эслар экан, суюкли ўғли Юсуфни эслади. Унинг сочини биринчи марта ўзи олган эди. Энди Юсуф навқирон, гўзал йигит бўлиб қолган эди. У ўғлини сўнгги марта кўрганидек тасаввур этди. Сўнгги марта у ўғлини Цельмесдан чиқиб кетаётганда кўрган эди. Ўғли унга отини келтирди ва кузатиб қўйишга ижозат сўради. У, кийинган, қуролланган ва отининг жиловидан ушлаб турар эди. Юсуфнинг қип-қизил, ёш, гўзал юзи ва дароз, нозик қадди-қомати (у отасидан баланд эди) ботирлик, ёшлик ва ҳаёт шодлиги билан нафас оларди. Ёшлигига қарамасдан, елкадорлиги, йигитларга хос қуймичи нозик қомати, узун, бақувват қўллари ва абжир-чаққонлиги ҳамма вақт отасини севинтирар, шунинг учун ҳам у ҳамма вақт ўғлига ҳавас билан қарар эди.
— Яхшиси, қол. Ҳозир сен уйда бир ўзингсан. Онангга ва бувингга эҳтиёт бўл,— деган эди Ҳожимурод ўшанда.

Ҳожимурод Юсуфнинг, мен тирик эканман, онамнинг ва бувимнинг ҳеч ким мушугини пишт дея олмайди, деган мағрур чеҳрасини ёдига туширди. Юсуф отасини сойгача кузатиб қўйди. Ўшандан бери Ҳожимурод хотинини ҳам, онасини ҳам, ўғлини ҳам кўргани йўқ.

Шомил мана шу ўғлининг кўзини ўймоқчи! У, хотинини нима қилмоқчи экани тўғрисида ўйлашни ҳам истамасди.

Бу фикрлар Ҳожимуродни шу қадар даҳшатга солдирдики, у ортиқ ўтара олмади. У ирғиб турди-да, оқсоқлаб, тез-тез юриб эшикнинг ёнига келди ва эшикни очиб, Элдорни чақирди. Қуёш ҳали чиқмаган, аммо ёруғ эди. Булбуллар сайрашдан тўхтамаган эдилар.
— Бор, приставга айт, сайр қилмоқчиман, отларни эгарланглар,— деди у.

XXIV

Бутлернинг бутун бу вақт ичидаги бирдан-бир тасаллиси фақат хизматдагина эмас, хусусий ҳаётида ҳам жуда берилгани ҳарбий шеърият эди. У черкасча кийим кийиб олиб, от ўйнатиб юрарди. Богданович билан икки марта пистирмага борди, аммо улар икки сафарда ҳам ҳеч кимни учратмадилар ва ҳеч кимни ўлдирмадилар. Машҳур ботир Богданович билан бўлган бу яқинлик ва дўстлик Бутлерга аллақандай ёқимли ва муҳим нарса бўлиб туюлардн. У жуда катта процент тўлаш шарти билан бир яҳудийдан қарзға пул олиб, қарзини тўлади, яъни чигал аҳволни ўзидан узоқлаштириб, унинг муддатини чўзди. У ўз аҳволи тўғрисида ўйламасликка тиришар ва ҳарбий шеъриятдан ташқари, вино ичиб ҳам ўзини унутишга ҳаракат қилар эди. У борган сари кўп ичадиган бўлди ва ахлоқи кундан-кунга баттар ожизлана бошлади. У энди Мария Дмитриевнага нисбатан гўзал Юсуф эмас эди, балки аксинча, унга қўпол ишқибозлик қила бошлади, лекин таажжубга қарши, қатъий рад жавобини олиб шарманда бўлди.

Апрелнинг охирида истеҳкомга ўтиб бўлмас деб ҳисобланган бутун Чечен бўйлаб янги ҳаракат қилиш учун Барятинский тарафидан белгиланган отряд келди. Бу отрядда Кабардин полкининг икки ротаси бор эди ва бу роталар Кавказда сингиб кетган одат бўйича, Куринскийдаги роталар томонидан меҳмондек қабул қилинди. Солдатлар казармаларга тарқалишди ва кечқурун шавла кетидан мол гўштидан қилинган қовурдоқ билангина эмас, балки ароқ билан ҳам сийлашди. Офицерлар офицерларнинг уйларига жойланишди ва одат бўйича, бу ердаги офицерлар келган офицерларни меҳмон қилдилар.

Меҳмондорчилик ичкилик, ашулалар билан тугади. Боя қип-қизариб ўтирган Иван Матвеевичнинг энди анча кайфи ошиб қолган эди. У бўзариб стулни от қилиб минганича ўтирар ва қиличини қўлига ушлаб, тасаввуридаги душманларни чопар ва гоҳ сўкар, гоҳ қаҳқаҳа урар, гоҳ қучоқлашар, гоҳ ўзининг яхши кўрган: «Ўтган йилларда Шомил тўполон қила бошлади, тирай-руята-тай, ўтган йилларда» деган ашулага ўйнар эди. Бутлер ҳам шу ерда эди. У, бу ишларда ҳам ҳарбий шеъриятни кўрмакка тиришар, лекин қалбининг чуқур жойидан Иван Матвеевичга ачинар, аммо уни тўхтатишнинг ҳеч бир иложи йўқ эди. Бутлер боши айланганлигини сезиб, секин чиқиб уйга кетди.

Тўлган ой оқ уйларга ва йўлдаги тошларга нур сочмоқда эди. Шу қадар ойдин эдики, йўлда ётган ҳар бир қамиш, сомон парчаси, ҳар бир белги аниқ кўринарди. Бутлер уйга яқинлашганда, бошини ва бўйини беркитиб рўмол ўраб олган Мария Дмитриевнани учратди. Бутлер Мария Дмитриевна унга қаршилик кўрсатгандан бери, бир оз уялар ва у билан учрашишдан ўзини олиб қочар эди. Ҳозир эса, у ойдин кеча ва ичилган винонинг таъсири остида бу учрашувдан жуда хурсанд бўлди ва яна Мария Дмитриевнага суйкангиси келди.
— Йўл бўлсин?— сўради у.
— Ҳа, чолимдан хабар олиб келай деб кетаётибман,— Мария Дмитриевна мулойим жавоб берди. У Бутлернинг ишқибозлигини астойдил рад қилган эди, лекин Бутлернинг сўнгги кунларда ўзини тортиб юриши унга ёқмас эди.
— Хабар олишнинг нима кераги бор, ўзи келар.
— Ҳа-я, келармикан?
— Агар келмаса — олиб келадилар.
— Ана шуниси яхши эмас-да. Демак бормай қўя қолайми?—деди Мария Дмитриевна.
— Борманг. Яхшиси, уйга юринг.

Мария Дмитриевна бурилиб Бутлер билан ёнма-ён кетди. Ой шу қадар ёрқин шуъла сочар эдики, ҳатто йўлдаги соялар тепасида ҳам жилваланарди. Бутлер шу жилвага ва Мария Дмитриевнага, сиз менга ҳали ҳам ёқасиз, деб айтмоқчи бўлди, лекин сўзни нимадан бошлашни билмади. Мария Дмитриевна бўлса, у нима дер экан, деб кутиб борарди. Бурчакдан отлиқлар чиққан вақтда, улар шу кўйи жим ҳолда уйга жуда ҳам яқинлашиб қолган эдилар. Конвой билан бирга бир офицер келмоқда эди.
— Булар яна ким бўлдилар экан?— деди Мария Дмитриевна ва ўзини четга олди.

Ой келаётган кишининг орқа томонидан ёруғ сочаётганидан Мария Дмитриевна келувчини фақат ёнбошдангина таниди. Бу одам илгари Иван Матвеевич билан бирга ишлашган, шунинг учун ҳам Мария Дмитриевна танийдиган офицер Каменев эди.
— Пётр Николаевичмисиз?— Мария Дмитриевна унга мурожаат қилди.
— Худди ўзи,— деди Каменев.— О, Бутлер, салом. Ҳалига қадар ухламасдан Мария Дмитриевна билан сайр этиб юрибсизми? Шошманг, ҳали Иван Матвеевич таъзирингизни бериб қўяди. У қани?
— Ана, эшитаётибсизми,— деди Мария Дмитриевна, музика, катта ноғора ва ашула товуши келаётган томонни кўрсатиб,— айш қилаётибдилар.
— Нима, ўз одамларингиз айш қилаётибдиларми?
— Йўқ, Ҳасав-Юртдан келишган эди, ўшаларни зиёфат қилаётибдилар.
— Ҳа, бу яхши гап. Мен ҳам бораман. Мен унинг олдига бир минутгагина кириб чиқаман.
— Нима, иш бормиди?—Бутлер сўради.
— Ҳа, жипдак иш бор.
— Яхши ишми ёки ёмонми?
— Кимга қандай. Биз учун яхши, баъзи бир одамларга ёмон.

Бу сўзни айтиб Каменев кулиб юборди. Шу вақтда яёвлар ҳам, Каменев ҳам Иван Матвеевичнинг уйига яқинлашдилар.
— Чихирев!— Каменев казакни чақирди,— бу ёққа кел!

Дон казаги бошқалардан ажралиб уларнинг ёнига келди. Казак оддий донликлар формасида, этик, шинель кийган ва эгарнинг устига хуржун ташлаган эди.
— Қани, ҳалигини бу ёққа ол-чи,— деди Каменев отдан тушаётиб.

Казак ҳам отдан тушди ва хуржуннинг ичидан бир нарса солинган қоп олди. Каменев казакнинг қўлидан қопни олиб, ичига қўл солди.
— Демак, сизларга янгиликни кўрсатайми? Сиз қўрқмайсизми?— деди у Мария Дмитриевнага мурожаат қилиб.
— Нима учун қўрқайин,— деди Мария Дмитриевна.
— Мана бўлмаса, кўринг,— деди Каменев қопдан одам калласинн олиб ва уни ойнинг шуъласига тутиб.— Танийсизми?

Бу нарса ёноқ суяги туртиб чиққан, қайчиланган қора соқол ва мўйловли, бир кўзи очиқ, иккинчи кўзи ярим очиқ, бир қанча еридан чопилган, қиймаланган, сочи қирқилган, бурнида қора қон ивиб қолган бир калла эди. Бўйни қонли сулги билан ўралгап эди. Бошидаги бутун жароҳатларга қарамай, кўкариб кетган лабларининг бурчларида болаларга хос эзгу бир ифода қотиб қолган эди.

Мария Дмитриевна каллага қаради ва ҳеч нарса айтмасдан ўгирилди-да, тез қадамлар ташлаб уйга кириб кетди.

Бутлер қўрқинчли калладан кўзини ололмади. Бу калла ўша Бутлер яқиндагина дўстона суҳбатлар ичида кечани бирга ўтказган Ҳожимуроднинг калласи эди.
— Нима бўлди? Уни ким ўлдирди? Қаерда?— деб сўради у.
— Қочмоқчи экан, ушлаб олдилар,— деди Каменев, сўнг бошни казакка бериб, ўзи Бутлер билан бирга уйга кириб кетди.
— Жуда мардларча жон олиб, жон берди-да,— деди Каменев.
— Ахир бу воқеа қандай содир бўлди?
— Шошмай туринг, Иван Матвеевич келгач, ҳаммасини мукаммал гапириб бераман. Ахир мен шунинг учун ҳам юборилганман-да, бутун истеҳкомларда ва овулларда унинг бошини ечиб кўрсатаман.

Иван Матвеевичга киши юборилган эди. У ўзига ўхшаган жуда маст икки офицер билан бирга келди-да, Каменевни қучоқлай кетди.
— Мен, сизга,— деди Каменев,— Ҳожимуроднинг бошини келтирдим.
— Ёлғон. Ўлдирдиларми?
— Ҳа, қочмоқчи бўлган эди.
— Мен боплаб кетади деган эдим-а. Қани боши, кўрсатчи?

Казакни чақирдилар, у бош солинган қопни олиб кирди. Бошни чиқардилар. Иван Матвеевич маст кўзлари билан унга узоқ тикилиб турди.
— Нима бўлса ҳам азамат эди,— деди у.— Менга бер, мен уни бир ўпай.
— Ҳа, рост, абжир одам эди,— деди офицерлардан бири.

Каллани ҳаммалари кўриб бўлгач, уни яна казакка бердилар. Казак уни мумкин қадар авайлаб яна қопга солди.
— Хўш, Каменев, бошнн кўрсатган вақтингда нима дейсан?— деди бир офицер.
— Йўқ, менга бер, уни ўпаман. У менга қилич ҳадя қилган,— деб бақирди Иван Матвеевич.

Бутлер эшик олдидаги зинага чиқди. Мария Дмитриевна зинанинг иккинчи босқичида ўтирарди. У Бутлерга айланиб қаради ва шу замониёқ жаҳл билан ундан юз ўгирди.
— Нима бўлди сизга, Мария Дмитриевна?— деб сўради Бутлер.
— Ҳаммаларинг каллакесарсиз, башарангизга қарагим ҳам келмайди, каллакесарсизлар, тўғрисиям шу,— деди у ўрнидан туриб.
— Бундай қисмат ҳаммамизпинг ҳам бошимизга келиши мумкин,— деди Бутлер нима дейишини билмасдан.— Бунинг отини уруш дейдилар.
— Уруш? Қанақа уруш? Бу одамларни тириклайин сўйиш — тамом-вассалом. Жасадни ерга кўмиш керак, булар эса тишларини иржайтириб куладилар, каллакесарлар, рост,— деб такрорлади у, сўнг зинадан тушиб орқа томондаги эшикдан уйга кириб кетди.

Бутлер меҳмонхонага қайтиб кирди-да, Каменевдан ҳамма воқеани батафсил айтиб беришни сўради. Сўнг Каменев ҳикоя қилиб берди. Воқеа мана шундай бўлган эди.

XXV

Ҳожимуродга от билан шаҳар яқинида ва албатта конвой казаклар билан бирга томоша қилиб юриш рухсат этилган эди. Нухада ҳаммаси бўлиб элликтача казак бор эди, улардан ўн киши бошлиқларнинг хизматига олинган, қолганлари эса, агар уларни, буйруққа мувофиқ, ўн кишидан юбориладиган бўлинса, кун ора юборишга тўғри келарди. Шунинг учун ҳам биринчи куни ўнта казакни қўшиб юбордилар, кейин эса Ҳожимуроддан ўзи билан бирга бутун навкарларини олмасликни сўраб, беш кишидан қўшиб юборишга қарор қилдилар. Лекин 25 апрелда Ҳожимурод томошага беш навкари билан бирга чиқди. Ҳожимурод отга минган вақтда, ҳарбий бошлиқ беш навкарнинг ҳаммаси ҳам Ҳожимурод билан бирга жўнамоқчи бўлганини пайқади-да, унга ҳамма навкарларини ўзи билан бирга олиш ман этилганлигини айтди, лекин Ҳожимурод гўё эшитмаган бўлиб, отини чув деди, шундан сўнг ҳарбий бошлиқ қисталанг қилиб ўтирмади. Казаклар билан бирга урядник, георгий кавалери, қўнғир сочини қирқтирган тоғни талқон қиладиган ёш Назаров бор эди. У эски эътиқодли оиланинг тўиғич фарзанди бўлиб, отасиз ўсган, уч сингил, икки укаси билан онасини боқар эди.
— Эҳтиёт бўл, Назаров, узоққа юборма,— бақирди ҳарбий бошлиқ.
— Хўп бўлади, жаноблари,— жавоб берди Назаров ва узангига оёқ ташлаб, елкасидаги милтиғини ушлаб туриб, йирик, бақувват тумшуғи узун саман ахтасини чоптириб кетди. Унинг орқасидан тўрт казак борар эди: бири повча, ориқ, уччига чиққан ўғри, муттаҳам — Гамзалога порох сотган Ферапонтов; иккинчиси — хизмат муддатини тугатган, ёши ўтиб қолган, зўрлиги билан мақтанадиган, гавдали мужик Игнатов, учинчиси — нимжон, ҳамма мазах қиладиган гўдак Мишкин ва тўртинчиси — ёш, малла сочли, онасининг ёлғиз ўғли, қувноқ ва хушмуомала Петраков эди.

Эрталаб туман бор эди, лекин нонуштага яқин ҳаво жўнашиб кетди, эндигина куртак ёзган новдаларда ҳам, ёш кўкатларда ҳам, эндигина чиқиб келаётган буғдойларда ҳам, йўлнинг чап томонида тезоқар анҳорнинг жимжимасида ҳам қуёшнинг шуъласи ялтирай бошлади. Ҳожимурод отини йўрттириб бормоқда, казаклар ва унинг навкарлари ортда қолмасдан орқасидан кетмоқда эди. Шу кўйи юришиб крепостнинг орқасига чиқдилар. Йўлда бошига сават қўйган хотинлар, арава устида кетаётган солдатлар ва ҳўкиз қўшилган шалоқ аравалар учради. Икки чақиримча узоқлашгандан сўнг Ҳожимурод ўзининг оқ кабардин отини чуҳ деб юборди, у шундай юриш қилдики, ўзининг навкарлари ҳам отларини қаттиқ елдириб кетдилар. Казаклар ҳам шундай юрдилар.
— Эҳ, оти соз от-да,— деди Ферапонтов.—Агар у бизга қўшилмаган пайтда дуч келган бўлса, уни шартта ағдарган бўлардим.
— Ҳа, биродар, Тифлисда бу отга уч юз бермоқчи бўлганлар.
— Мен ўз отим билан қувиб ўтиб кетаман,— деди Назаров.
— Қандай қилиб ўзиб кетасан,— деди Ферапонтов. Ҳожимурод борган сари отининг юришини тезлатмоқда эди.
— Ҳай, меҳмон, бундай қилиш ярамайди. Секинроқ юр!— деб қичқирди Назаров Ҳожимуродни қувиб етиб.

Ҳожимурод айланиб қаради-да, ҳеч нарса демасдан бояги кетишида давом этаверди.
— Уни қара, шайтонлар, бир нарса ўйлаганга ўхшайдилар,— дсди Игнатов.— Кўраётибсанми, отига қамчи босаётибди.

Шу кўйи тоғ томонга қараб бир чақирим йўл босдилар.
— Мумкин эмас деяпман!—Назаров яна қичқирди.

Ҳожимурод жавоб бермади, орқасига ҳам қарамади, фақат юришни яна ҳам тезлаштирди ва елишдан чопишга ўтди.
— Бекор айтасан, барибир кета олмайсан!— деб бақирди изза бўлган Назаров.

У, ўзининг катта саман ахтасига қамчи босди ва оёқларини узангига тираб, олдинга эгилган ҳолда, Ҳожимуроднинг орқасидан отининг бошини қўйиб юборди.

Осмон шу қадар тиниқ, ҳаво шу қадар соф, Назаровнинг қалбида ҳаёт завқи шу қадар барқ урар эдики, кучли от билан бир танбир жон бўлиб қўшилиб, текис йўлдан, Ҳожимуроднинг орқасидан учиб кетаётганида, бирор қайғули ёки қўрқинчли воқеа юз бериши мумкинлиги унинг хаёлига ҳам келгани йўқ эди. У ҳар сакраган сари Ҳожимуродга яқинлаша борганига хурсанд эди. Ҳожимурод, ўзига яқинлашиб келаётган катта казак отнинг туёқ товушидан казакнинг тез орада етиб олишини фаҳмлади, у ўнг қўлига тўппончасини олиб, чап қўли билан қизиб кетган ва орқасидан яқинлашиб келаётган от туёғини сезган кабардин отининг жиловини секин торта бошлади.
— Мумкин эмас деяпман!— Назаров, деярли Ҳожимурод билан қаторлашиб, отининг жиловидан ушламоқчи бўлиб, қўлини чўзиб бақирди. Лекин у жиловдан ушлаб улгурганча йўқ эди, ўқ овози эшитилди.
— Бу нима қилганинг?— деб қичқирди Назаров ва кўкрагини ушлади.
— Йигитлар, уринг буларни,— деди у чайқалиб эгарнинг қошига йиқиларкан.

Лекин тоғликлар казаклардан илгарироқ қуролларини қўлга олдилар-да, казакларни тўппончадан отдилар, қилич билан чопдилар. Назаров ўртоқлари атрофида айланиб юрган отнинг бўйнида осилиб ётардн. Игнатовнинг остидаги от йиқилиб, унинг оёғии босиб қолди. Иккита тоғлик қиличларини олиб, от устидан тушмай туриб, Игнатовнинг бошини ва қўлларини чопа кетдилар. Петраков ўртоғига ёрдамга ташланмоқда бўлган эди, лекин шу замониёқ кетма-кет биқинидан теккан икки ўқ уни ўртаб юборди ва у отдан гурс этиб ағдарилиб тушди.

Мишкин отини орқага қараб бурди-да, крепостга томон чопиб кетди. Ҳанафий билан Хон-Магома уни қувдилар, лекин у анча узоққа кетиб қолган эди, тоғликлар қувиб ета олмадилар.

Казакни қувиб ета олмасликларини билишиб, Хон-Магома билан Ҳанафий шерикларининг ёнига қайтиб келдилар. Гамзало Игнатовни ханжар билан уриб тамом ўлдириб бўлиб, Назаровни ҳам отдан ағдариб олиб сўйди. Хон-Магома ўлганлардан ўқ солинган сумкаларини ечиб олди. Ҳанафий Назаровнинг отини олмоқчи эди, лекин Ҳожимурод унга, олма, деб қичқирди-да, олдинга қараб чопиб кетди. Муридлар, эргашиб келаётган Назаровнинг отини ҳайдаб юбориб, Ҳожимуроднинг орқасидан чопдилар. Минорадан тревогани билдирадиган ўқ товуши эшитилганда, булар Нухадан уч чақирим нарида шолипоя орасида эдилар.

Петраков чавақланиб чалқанча ётар, ёш чеҳраси кўкка қараган ва худди балиққа ўхшаб питирлаб жон бермоқда эди.

Крепость бошлиғи Ҳожимуроднинг қочганини эшитганда бошини чангаллаб:
— Вой отам-эй, нима бало қилиб қўйдиларинг,— деб бақириб юборди.— Вой шўрлик бошим! Қўлдан чиқарибдилар, қароқчилар!— бақирди у Мишкин келтирган хабарни эшитиб.

Ҳамма ерда тревога берилган ва қочоқларнинг орқасидан қувиш учун фақат крепостда мавжуд бўлган казаклар эмас, балки тинч овуллардан йиғилган бутун милиционерлар ҳам тўпланган эди. Ҳожимуродни ё тирик, ё ўлик ҳолда келтирган кишига минг сўм мукофот эълон қилинди. Шундай қилиб Ҳожимурод ўз шериклари билан казакларнинг олдидан қочиб кетаётганидан икки соатча кейин қочганларни ахтариб топиш ва тутиш учун приставнинг орқасидан икки юз кишидан ошиқ отлиқлар чопиб кетдилар.

Ҳожимурод, катта йўлдан бир неча чақирим юргандан сўнг, оғир нафас олаётган ва тердан кулранг бўлиб кетган оқ отининг жиловини тортиб тўхтатди. Йўлнинг ўнг томонида Беларжик овулнинг уйлари на минораси, чап томонда экинзорлар ва уларнипг оёқ томонида дарё кўринарди. Тоққа борадиган йўл ўнг тарафда бўлишига қарамасдан, Ҳожимурод қувувчилар албатта ўнг тарафга қараб йўл олади, деган мулоҳаза билан чап томонга бурилди. У йўлсиз Алазон дарёсидан келиб ўтиб, уни ҳеч ким кутмайдиган катта йўлга чиқмоқчи, шу йўл билан ўрмонга қадар бормоқчи, ундан кейин яна янгидан дарёни кечиб ўтиб, тоққа кетмоқчи бўлди. У шу қарорга келиб, чапга йўл олди. Лекин дарёга етиб бориши мумкин бўлмайдиган кўринди. Улар юриб ўтиши керак бўлган шолипоя ҳамма вақт баҳорда бўладигани каби сув босган ва отлар тиззасига қадар ботиб кетадиган ботқоқликка айланган эди. Ҳожимурод ва унинг навкарлари бир қадар қуруқроқ жой топармиз, деб ўйлашиб, гоҳ ўнг, гоҳ сўл томонга йўл олишиб, нари-бери бориб кела бошладилар, лекин улар тушиб қолган шолипояни бир текис сув босиб унда юриш амри маҳол эди. Отлар худди шиша оғзидан пўкак суғуриб олгандагига ўхшаган овоз чиқариб, ботқоққа ботиб кетаётган туёқларини суғуриб олар ва бир неча қадам юриб, ҳансираб, тўхтаб қолишар эди.

Қаттиқ азобда узоқ уриндилар, қоронғи туша бошлади, улар эса ҳамои дарёга ета олганлари йўқ эди. Чап томонда буталар ўсган бир оролча бор эди, Ҳожимурод шу буталар ичига киришга ва у ерда қийналган отларга дам бериб, тонгга қадар туришга қарор қилди. Ҳожимурод ва унинг навкарлари буталарнинг ичига киргач, отларидан тушдилар ва уларни тушовлаб, ўтлашга қўйиб юбордилар. Ўзлари эса йўлга олинган нон билан пишлоқларини ея бошладилар. Илгари ёғду сочиб турган янги ой тоғ орқасига ботди-да, атроф қоронғи тортиб кетди. Нухада булбуллар ғоят кўп бўлиб, бу бутазорда ҳам иккитаси бор эди. Ҳожимурод ўз одамлари билан бутазорга кириб, шов-шув қилган вақтларида, булбуллар жим бўлдилар. Лекин одамлар тингач, улар бир-бирини чақиришиб, яна сайраша кетдилар. Ҳожимурод тунги шарпаларга қулоқ солар экан, беихтиёр булбулларнинг хонишини тинглади.

Уларнинг сайрашлари Ҳожимуродга бугун кечаси, сувга чиққан вақтда, Ғамзат тўғрисида эшитган қўшиқни хотирлатди. У ҳозир минут сайин Ғамзат тушган аҳволга тушиши мумкин эди. У, шундай бўлади ҳам, деб ўйлади ва бирдан жиддийлашди. У чакмонини ёзиб, намоз ўқиди. Намозни эндигина тугатган ҳам эдики, бутазорга яқинлашиб келаётган товушлар эшитилди. Бу товушлар ботқоқни чалпиллатиб босиб келаётган отларнинг туёқ товушлари эди. Кўзи ўткир Хон-Магома бутазорнинг бир чеккасига югуриб чиқиб, қоронғиликда отлиқ ва яёв кишилариинг қора шарпаларига тикилди. Ҳанафий бошқа тарафдан яна шундай тўдани кўрди. Бу, ўз милиционерлари билан келаётган, уезд ҳарбий бошлиғи Карганов эди.

Ҳожимурод, «Майли, Ғамзатга ўхшаб уришамиз», деб ўйлади.

Тревога берилгандан сўнг Карганов юзтача милиционер ва казаклар билан бирга Ҳожимуроднинг орқасидан қувиб кетди, лекин ҳеч қаердан на уни, на унинг изини топа олмади. Карганов умидсизланиб қайтиб кетаётиб, кечга яқин бир чолни учратиб қолди. Карганов чолдан, олтита отлиқни кўрмадингми, деб сўради. Чол, кўрдим, деб жавоб берди. У, олтита отлиқнинг шолипоя ичида айланиб юриб, сўнг буталар ичига кирганини айтди. Карганов чолни олиб, орқага қайтди ва тушовланган отларни кўриб, Ҳожимуроднинг шу ерда эканига ишонди ва кечаси бутазорларии ўраб олдида, уни ё тирик, ё ўлик қўлга тушириш учун тонг отишини кута бошлади.

Ҳожимурод, қуршовда қолганини англаб, бутазорнинг ўртасидаги зовурни шиғалаб қаради ва шу зовурга тушиб олиб, сўнгги ўқ ва сўнгги куч қолгунча отишмоққа қарор қилди. У бу фикрни ўз шерикларига айтди ва уларга зовур атрофига тўсиқ қилишни буюрди. Навкарлар шу замониёқ шох қирқишга, ханжарлари билан ерни қазишга ва зовурнинг атрофига тупроқ уйишга киришдилар. Ҳожимурод улар билан бирга ишларди.

Тонг ёриши биланоқ, милиционерларнинг юзбошиси бутазорнинг ёнига келиб:
— Ҳой, Ҳожимурод, таслим бўл! Биз кўпмиз, сенлар озсизлар,— деб қичқирди.

Бу сўзга жавобан зовур ичидан тутун кўринди, милтиқ тарсиллади, отилган ўқ милиционернинг отига бориб тегди, милиционернинг оти ҳуркиб кетди, сўнг йиқила бошлади. Бунинг орқасидан бутазорнинг қирғоғида туришган милиционерлар милтиқларини қарсиллатиб ота бошладилар, уларнинг ўқлари чинқириб, ғувуллаб ва шохларни титиб ўтиб, зовур атрофидаги тўсиққа келиб тега бошлади, лекин тўсиқнинг орқасида ўтиргаи кишиларга тегмади. Фақат Гамзалонинг чеккага чиқиб кетган отини бошидан ярадор қилди. От йиқилмади, лекин тушовини узиб, бутазорни шитирлатиб, бошқа отларнинг ёнига ташланди ва ёш кўкатни қонга бўяб, суркана бошлади. Ҳожимурод ва унинг кишилари фақат милиционерлардан бирор киши олдинга қараб ташланган вақтдагина ўқ узар ва мўлжалдан жуда кам янгилишар эдилар, милиционерлардан уч киши ярадор бўлди, милиционерлар Ҳожимурод ҳам унинг одамларига ташланишга журъат қилиш у ёқда турсин, борган сари улардан узоқлашар ва фақат узоқдан пойламасдан отардилар.

Жанг шу тахлитда бир соатдан ортиқроқ давом этди. Янгидан келган катта гуруҳнинг қийқириғи эшитилган вақтда, қуёш дарахтларнинг ярмига қадар кўтарилиб қолган ва Ҳожимурод отларга миниб, дарёга қараб ўтиб кетиш ҳақида ўйланмоқда эди. Бу қийқирганлар ўз кишилари билан келишгаи мехтулинлик Ҳожи оға эди. Улар икки юз киши эди. Ҳожи оға бир вақтлар Ҳожимуроднинг дўсти бўлган, у билан бирга тоғда яшаган, аммо кейин русларга ўтиб кетган эди, Ҳожимуродга душман бўлган кишининг ўғли Аҳмадхон ҳам у билан бирга эди. Ҳожи оға ҳам ишни Каргановга ўхшаб, Ҳожимуродга таслим бўл, деб бақиришдан бошлади, лекин Ҳожимурод бу сафар ҳам аввалги сафардагига ўхшаш ўқ узиб жавоб берди.
— Қиличларингизни олингиз, йигитлар — деб қичқирди Ҳожи оға ўз қиличини қўлига олиб, шундан сўнг қийқириқ билан буталарга қараб ташланган юзлаб кишининг товуши эшитилди.

Милиционерлар буталарнинг ичига чопиб кирдилар, зовур ичидан олдинма-кейин бир қанча ўқ овози эшитилди. Уч киши йиқилди, шундан кейин ҳужум қилувчилар бутазорнинг четида тўхтаб, ўқ уза бошладилар. Улар бир бутадан иккинчи бутага чопиб ўтиб, борган сари зовурга яқинлашиб келишмоқда эдилар. Баъзи бирлари бутадан чопиб ўтиб улгурар, баъзилари эса Ҳожимурод ва унинг одамларининг ўқига дуч келар эдилар. Ҳожимурод сира хатосиз урарди, худди шундай Гамзало ҳам ўқни жуда оз бекорга кеткизар ва ҳар сафар ўқи нишонга текканини кўрганда, шодланиб қичқирар эди. Қурбон зовурнинг чеккасида ўтирар ва ҳадеб «Ло илоҳо иллоло»ни ўқиб, шошилмасдан отар, аммо кам теккизар эди. Элдор эса, душманга ханжар билан ташланиш истагидан бутун танаси билан титрар ва тўхтовсиз Ҳожимуродга айланиб қарар ҳам тўсиқдан бошини чиқариб, тез-тез ва қандай тўғри келса шундай ўқ узар эди. Ҳанафий енгларини шимариб, бу ерда ҳам дастёрлик қиларди. У, ўзига Ҳожимурод ва Қурбон тарафидан узатилиб турилган милтиқларни ўқлар — мойланган латта ўралган темир сумба билан милтиқ ичига астойдил жойлар ва халтачадан қуруқ дори олиб, милтиқнинг тепки чуқурчасига сепар эди. Хон-Магома бўлса, бошқаларга ўхшаб, зовур ичида ўтирмас, балки зовурдан отларнинг ёнига чопиб борар, уларни хавфсизроқ ерларга ҳайдаб қўяр ва тўхтовсиз қичқирар ва тирговичсиз милтиғини қўлига кўтариб туриб отар эди. Энг аввал уни ярадор қилдилар. Ўқ унинг бўйнига тегди ва қон тупуриб, сўкиниб орқаси билан ерга ўтириб қолди. Ундан кейин Ҳожимурод ярадор бўлди. Ўқ унинг елкасидан тешиб ўтди. Ҳожимурод камзулидан пахта олиб, ярасига тиқди, отишни давом эттирди.
— Қилич билан ҳужум қилайлик,— деди Элдор учинчи марта.

У, душманга ташланишга тайёр бўлиб, тўсиқдан бошини чиқарди, лекин шу минутнинг ўзидаёқ унга ўқ келиб тегди, Элдор гандираклаб Ҳожимуроднинг оёғига чалқанча йиқилди. Ҳожимурод унга ялт этиб қаради. Чиройли қўй кўзлар тикилиб ва жиддий бир равишда Ҳожимуродга боқмоқда эди. Болаларникига ўхшаган, устки лаби чўччайиб оғзи очилмасдан дирилламоқда эди. Ҳожимурод унинг остидан оёғини чиқариб олди-да, душманни мўлжалга олишда давом этди, Ҳанафий ўлдирилган Элдор устига эгилди ва унинг черкаскасидан отилмаган ўқларни ола бошлади. Қурбон бу орада, милтиғини секин ўқлаб ва душманни мўлжалга олиб ҳамон калима келтирарди.

Душманлар қийқириқ ва сурон билан бутадан-бутага чопиб ўтишиб, борган сари яқин силжимоқда эдилар. Яна бир ўқ келиб Ҳожимуроднинг чап биқинига тегди. У зовурга ётиб олди-да, камзулидан бир парча пахта суғуриб, ярасига тиқди. Биқинидаги жароҳат қаттиқ жароҳат бўлиб, Ҳожимурод ўлишини сезди, Хотиралар ва тасвирлар ҳаддан ташқари тезлик билан бирма-бир унинг хаёлидан ўтдилар. У ҳали ўз қаршисида бир қўли билан кесилиб тушган юзини ушлаган, бир қўлида ханжар тутган ҳолда душманга ташланаётган паҳлавон Абунунсалхопни кўрар, ҳали оқ, айёр юзли чол Воронцовни кўрар, унинг мулойим товушини эшитар, ҳали ўғли Юсуфнинг, ҳали хотини Софиатнинг, ҳали душмани бўлган, рангсиз, сариқ соқолли, хумор кўзли Шомилни кўрар эди.

Бу хотираларнинг ҳаммаси ҳам унда ҳеч қандан туйғу: на ачиниш, на ғазаб ва на қандай бўлмасин, бирор истак уйғотмасдан, унинг хаёлидан учиб ўтдилар. Буларнинг ҳаммаси унинг ҳаётида бошланган нарсага нисбатан жуда аҳамиятсиз бўлиб туюлди. У, энг сўнгги кучини йиғди, зовурдан кўтарилди ва чопиб келаётган кишини тўппончадан ўқ отиб йиқитди, кейин зовурдан тамом чиқди ва оғир оқсоқланиб, ханжар билан тўппа-тўғри душманга қарши кетди. Бир қанча ўқ отилди, у гандираклаб йиқилди. Бир қанча милиционерлар ғолибона қийқириқ билан йиқилган жасадга ташланди. Лекин уларга ўлган бўлиб кўринган тана бирдан қимирлай бошлади. Аввало папахсиз қонли тақир боши, кейин танаси кўтарилди, сўнгра дарахтни ушлаб, тамом кўтарилди. У шу қадар қўрқинчли бўлиб кўриндики, унинг ёнига чопиб келаётган одамлар тўсатдан тўхтаб қолдилар. Аммо у бирдан тебраниб, дарахтдан нари гандираклаб кетди-да, худди тагидан чопилган тиканак сингари чўзилиб бориб, юзтубан йиқилди.

У қимирламасди-ю, лекин атрофидаги нарсаларни сезарди. Унинг олдига энг аввал етиб келган Ҳожи оға ханжари билан бошига урган пайтда, Ҳожимуродга болға билан ураётгандай туюлди ва у, бу ишни ким ҳам, нима ҳам қилаётганини англай олмади. Бу пайтда у жон бермоқда эди. Шундан сўнг у ортиқ ҳеч нарса сезмади, душманлар эса энди янада ваҳшийлашиб уни топтар ва тилкалар эдилар. Ҳожи оға жасаднинг устига чиқди-да, икки марта ханжар уриб бошини танасидан жудо қилди, сўнг чувагини қонга булғамаслик учун оёғининг учида авайлаб каллани нарига тепиб юборди. Ҳожимуроднинг бўғзидан қизил қон, бошидан қора қон тирқираб чиқиб, кўкатларни бўяди.

Қарганов ҳам, Ҳожи оға ҳам, Аҳмаджон ҳам, бутун милиционерлар ҳам худди ҳайвон ўлдирган овчи сингари Ҳожимурод ва унинг ҳалок бўлган навкарлари тепасига тўпланишдилар. Ҳанафий, Қурбон ва Гамзалони боғлаб қўйишди, сўнг буталар орасида туриб қолган порох тутунлари ичида шанғиллаб гапиришиб, ўз ғалабаларининг кайфини суришарди.

Отишма вақтида жимиб қолган булбуллар, аввал бири яқиндан, сўнг иккинчиси узоқдан яна сайраша кетишди.

Ҳайдалган дала ўртасидаги япчилган тиканак менга ана шу ўлимни эслатди.

Qissaning to’liq matnini lotin alifbosida mutolaa qiling

Lev Tolstoy. Hojimurod. Qissa

031

(Tashriflar: umumiy 359, bugungi 1)

Izoh qoldiring