Kumush O’sarova & Gulzebo Ibrohimova. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.10.20_19h49m05s_003_a.png    Бугун сизнинг диққатингизга икки шоира шеърларини тақдим этмоқдамиз. Кумуш Ўсарова Жиззахдан, Гулзебо Иброҳимова Сурхондарёдан…

Кумуш Ўсарова
ШЕЪРЛАР
09

Кумуш Ўсарова 1992 йил 16-январда Жиззах вилоятининг  Шароф Рашидов туманида туғилган. Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тугатган. Шеърлари республика нашрларида мунтазам чоп этиб келинмоқда. “Улғайиш остонаси” номли китоби нашрдан чиққан.

09

ҚАЛДИРҒОЧ

Албатта келади бир кун эрталаб,
Дедилар, йўл пойлаб соғинди кўнглим.11667370_487112864779304_375922609767955643_n.jpg
Кузнинг кўзларидан кўзмунчоқ тилаб,
Ҳайитлаб келдингми, қалдирғоч синглим!

Айтчи, биз томонда ҳамма омонми?
Мени соғингандир, саломлар йўллаб.
Куз. Хирмон. Айниқса тўйлар маҳали,
Опаларим ҳам юргандир тўй-тўйлаб.

Пуф-пуфлаб ҳавони тозалаб қўйгин,
Осмондан булутни тўзғитиб юбор.
Кийик ўт дамлаб бер, ялпиздан чой бер,
Биласан, онамнинг қон босими бор.

Қалдирғоч, қошимга ўхшаган синглим,
Акамнинг ишлари юришдими, айт?
Омон юрибдими жиянчаларим,
Сенга ҳам совчилар келишдими, айт?

Тунов кун тушимга кирганди дадам,
Гулзорда юрганмиш, хурсанд, бахтиёр.
Эгнида сиёхранг кастюм-шими ва
Бизга хуш келувчи галстуги бор.

Ҳув ўша қишлоққа саломим етказ,
Беминнат уйимнинг пешонасин ўп.
Чорбоғда ёнбошлаб ухлайди дарахт,
Шаҳар шовқинлидир,шаҳар тала-тўп.

Бизда бир кафтгина соғинч муаммо,
Бугун дийдорингга тўймади кўнглим.
Мен билан қишлаб қол, дердиму аммо,
Ўзим ижарада тураман синглим!

Чорбоғда ёнбошлаб ухлайди дарахт!

* * *

Кўнглингни уз, дедим жилмайиб,
Кўнгил бу — ип эмас, дединг асабий.
Барча умидларинг бўлганди майиб,
Дилда қувончларим ёнди табиий.

Бир кун учрашамиз, дединг охири,
Боғламоқчи бўлиб ишқ риштасини.
Аммо аввалгидек бўлмас теп-текис,
Йўқ қилиб бўлмайди тугунчасини!

***

— Юлдуз учди,- деди қарсаклар чалиб,
Қувонди осмонга боқиб  жияним.
У қайдан биларди лахза ичида,
Бир инсоннинг умри ёниб ўчганин.

Шундай бир қоида азал-азалдан,
Тақдирнинг китобин ўқимаган ким.
Мен қайси юракда ёниб турибман,
Билиб берса  эди улуғ мунажжим.

Кўкни кесиб ўтган самон йўллари,
Бир кун пешонамдан ўтгувчи чизиқ.
Куппа-кундуз қилган гуноҳларимни,
Кечаси кузатиб турганим қизиқ…

Мен одам боласи, таниб қўй, Осмон,
Ҳилолинг пойимга тушар чорласам.
Хохласам булутни бошимга қўйиб,
Қуёшни ачомлаб ётгум ҳохласам.

Сенданам чексизроқ куч бордир менда,
Бургут нигоҳидай ўткирдир кўзим.
Шунчаки чарақлаб турганимча йўқ,
Ўчса ҳам шунчаки ўчмас, юлдузим..!

КУЗ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Чирияпди дарахтнинг бағри,
Боботоғлар ўй сурар ҳануз.
Ёзда ювиб, дорга илинган,
Кирларини йиғиб олар Куз.

Барг учириб ўйнайди шамол,
Тиниқлашиб борар ҳовузлар.
Пичоқ тегса, ҳаво шаридай,
Тарс ёрилиб кетар тарвузлар.

Нафақага чиққан бобомдай,
Қиш келади беташвиш, беғам.
Совуқ урса, мева бермас деб,
Узум токни кўмади отам…

Токчаларда беҳилар қатор,
Арчаларда ёмғир шивири.
Хаёлингни тўзғитар ҳамон,
Ёнғоқларнинг шақур-шуқури.

Менчи, гўзал ишққа ошуфта,
Кўклам учун яшайман ёлғиз.
Фақат ҳар кун йўлим тўсади,
Сариқ кўйлак кийиб олган қиз!

* * *

Ярим тун.
Шаҳарда тонг отган чоғи,
Ҳар тараф чироқ, нур, тўла хитоблар.
Ижара уйимда топмай адоғи,
Тўзғиб бораётир луғат китоблар.

Ўзимча олимман, жуда билимдон,
Аммо юрагимни эзар нимадир.
Балки, жиянимга эртак ўрнига,
Онам мен ҳақимда сўзлаб бергандир.

Ўн олти. Кўксини ишқ ўти ёриб,
Хотира измида йиқилар кўнглим.
Балки, ёстиғимга бошини қўйиб,
Севгидан маст бўлиб ухлайди синглим.

Юзимни оқ қилиб қайтолмаяпман,
Ўша хаёт мени чорласа ҳамки.
Барча гуноҳларни буткул унутиб,
Қишлоқ мен ҳақимда туш кўрар, балки..!

* * *

Кириб келдинг хонамга унсиз,
Бор хаёлинг, дардларинг билан.
Мен ўқирдим “Ўткан кунлар”ни,
Кумушлигим соғиниб  дилдан.

Салом-алик қилмайин ҳатто,
Тик қаролмай бўзлашар кўнгил.
Барча тирик тиллар йўқолиб,
Ўлик тилда сўрашар кўнгил.

Уф тортардинг узундан-узун,
Юрагингни эзар хўрсиниқ.
Чангга, дардга тўла хонада,
Севги, Ишқ ва хаёллар тиниқ.

Мана бу мен…
Кузатардинг жим,
Сўз қолмади энди хитобга.
Сен кетишга чоғланган пайтинг,
Мен бекиниб олдим китобга.

Бўм-бўш хона қилар мезбонлик,
Илинади кўз ёш  мижжага.
Мана, Сени, ўзни унутиб,
Етиб қолдим мундарижага.

Тугар сабр…уйғонар дардим,
Потраб чиқар кўнгил қатидан
Ва борлигинг ҳис қилар эдим,
“Тарс” ёпилган эшик ортидан.

Келганига афсуслар айтиб,
Юрагингда ўткир оғриниқ.
Аммо ишон, дардли хонамда,
Сен ва гўзал севгимиз тиниқ.

БИЗ ТОМОНГА ҚИШ КЕЛАЁТИР….

Биз томонга қиш келаётир,
Ҳарорати тушди ҳавонинг.
Қўшиқ айтиб юрган хазонлар,
Тўхтатдилар барча навони…

Пальто кийдим, уялиб махзун,
Барг тўкмасдан ҳали дарахтлар.
Ишқилиб қиш тугамасидан,
Гулламасин дилдаги  бахтлар.

Тинглаб жуда қайғули куйни,
Куз фаслига тўймовдим, рости.
Ҳали томи битмаган уйни,
Бир аянчли ғулғула босди.

Сен томонлар қуёшга яқин,
Офтоб нури икки елкангда.
Кел, яхшиси қушларимни ол,
Қишлаб келсин сенинг ўлкангда!

СЕНСИЗ…

Сенсиз ҳам баҳорлар келяпти қайта,
Сенсиз ҳам яшариб отаяпти тонг.
Гўё ўзгармаган  кунлар бағрида,
Унутилиб борар махзун қиёфанг.

Ўйловдим, ҳар орзу, ҳар битта тилак,
Ҳатто тақдиримиз боғланган ипсиз.
Сенсиз ҳам ярашди ўша оқ кўйлак,
Мана, бахтиёрман бугун ҳам сенсиз…

Фақатки, қўрқаман кун ботишидан,
Тунда туғёнларинг қилар тантана.
Кўзимни юмаман, яна сен борсан,
Кўзимни очганда, бахтлиман яна..!

Гулзебо Иброҳимова
ШЕЪРЛАР
09

   Гулзебо Иброҳимова Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида  туғилган. Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетида таҳсил олган. 2001 йили  факультет қошидаги  аспирантурани тамомлаган.
  Талабалик даврининг 3 босқичи — 1996 йилдан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “ Уoshlar” радиоканалида муҳаррир вазифасида ишлаб келмоқда.

09

***

Яратганга табассум қил…Ashampoo_Snap_2017.10.27_13h04m18s_001_a.png
Шукрлар айт, зикрлар айт.
Боққил қандай меҳрибон Зот,
Тафаккур қил, фикрлар айт.

Яратганга табассум қил…
Қудратин  намоён этгай,
Ҳар иши ҳикмат бирладир,
Ҳикматларин  аён этгай.

Яратганга табассум қил…
Мўъжиза армуғон этгай.
Ғайб сирлари илоҳийдир,
Гаҳи сирин баён этгай.

Яратганга табассум қил…
Раҳматидин нишон этгай.
Қўрқув ила умид бирла ,
Дилда файз ошиён этгай.

Яратганга табассум қил…

ҲОЛАТ

Ёмғирда қаноти ҳўл бўлган қушдай,
Асло ҳақиқатга айланмас тушдай,
Ҳаёт чархпалаги этган беҳушдай,
Карахтман.

Ҳар бир кечанинг бир «Қадр»и бордир,
Ҳар бир майсанинг хуш атри бордир.
Нўноқ шоирнинг ҳам зўр сатри бордир.
Суръатман.

Ширин сўздан ўзга сармоям йўқдир,
Дуойингдан бошқа ҳимоям йўқдир,
Аммо яхшиликка ниҳоя йўқдир,
Журъатман,
ғайратман,
шижоатман, мен!

***

Чексиз самоларда учган қушга ҳам,
Уясидан кенгроқ ватан топилмас.
Одам Атомиздан мерос, дил аро,
Ватан фироқидек ҳижрон топилмас.

Тиласанг, дилга шеър — Сўз бергай худо,
Бирни сўраганга юз бергай худо,
Ватанда неки бор ибрат намоён,
Кўролсанг, кўнглингга кўз бергай худо.

Шу тупроқ куйида шоир бўлдим мен,
Аҳли муҳаббатга доир бўлдим мен.
Улуғлар хокини тўтиё айлаб,
Ватаним ишқига ноил бўлдим мен.

Чексиз самоларда учган қушга ҳам,
Уясидан кенгроқ ватан топилмас.
Одам Атомиздан мерос, дил аро ,
Ватан фироқидек ҳижрон топилмас!

***

Кўзимнинг айвонида ёш айланар гир-гир,
Кўз етмас юксакликда бош айланар, зир-зир.
Ғанимим ҳовучида тош айланар бир-бир,
Қўлларимдан ушлаб бор, Меҳрибоним-огоҳим.

Тоғларингда янграган садодурман, садо бер.
Тўрхалтаси ярашган гадойингманг, нидо бер.
Ҳақ йўлини излаган адойингман, имо бер,
Даргоҳингга бошлаб бор, хабардорим –паноҳим.

Барглари ташлаб кетган дарахтлар мунғаяди,
Нимжон чинор ниҳоли сабрдан улғаяди,
Ям-яшил кўнглим боғи ҳажрдан сарғаяди,
Кел, кўнглимни хушлаб бер, суянганим, илоҳим.

***

Дуога очилган қўл,
Осмонларга етгайдур.
Астойидил сўрай олсанг,
Ҳақ ижобат этгайдур.

Пешонангни қўёлсанг,
Замин суйиб ўпгайдир.
Кўз ёшинг ерга эмас,
Аршга оқиб кетгайдур.

Гуноҳлардан қочолсанг,
Сени олиб қочар Ҳақ.
Тилагингга самода
Кенг эшигин очар Ҳақ.

Ўзига ёлворганни
Суйиб тинглар худо бор.
Кўнглингдагин эшитгай,
Унда не хуш садо бор.

Дуога очилган қўл
Осмонларга етгайдур
Астойидил сўрай олсанг,
Ҳақ ижобат этгайдур.

***

Кўкка елка тутган қоялар,
Исмингни жимгина айтаверади.
Минг йиллик тошларнинг ажиб фарёди,
Отлар туёғидан қайтаверади.

Меҳробдан бошини кўтарган мисол,
Уфқдан бош кўтарар қуёш.
Ишқли кун бошланар, яшагим келар.
Севгингда ҳаёт бор, зикрингда бардош

ТЎРТЛИКЛАР

Кўнглимга ҳақ йўлидан адашма , деб ялиндим.
Кўзларимга руёдан қамашма, деб ялиндим.
Нафси ҳавога қарши уруш очган ўзиммман.
Руҳимга нафсим билан ярашма, деб ялиндим.

***

Умидворлик сари узанган кўнглим,
Юпатмоққа келдингми, ай, шамол синглим.
Ҳолимдан хабар ол, деб ёлвормоқдаман,
Шундоқ ташлаб қўймас меҳрибон тангрим.

***

Юлдуз бўлгим келди, ой бўлгим келди,
Ажру савобларга бой бўлгим келди.
Камтарлик бобида пиёлада совиб,
Унитилиб қолган чой бўлгим келди.

***

Тангрим! Сенга нени тортиқ айлайин,
Суйганларингдан ҳам ортиқ айлайин.
Олгил, деб  жонимни берайин десам,
Жон ҳам меникимас, найлайин.

ish17.JPGBugun sizning diqqatingizga ikki shoira she’rlarini taqdim etmoqdamiz. Kumush O‘sarova Jizzaxdan, Gulzebo Ibrohimova Surxondaryodan…

Kumush O‘sarova
SHE’RLAR
09

QALDIRG‘OCH

Albatta keladi bir kun ertalab,18582446_799608030196451_5811267715226412218_n.jpg
Dedilar, yo‘l poylab sog‘indi ko‘nglim.
Kuzning ko‘zlaridan ko‘zmunchoq tilab,
Hayitlab keldingmi, qaldirg‘och singlim!

Aytchi, biz tomonda hamma omonmi?
Meni sog‘ingandir, salomlar yo‘llab.
Kuz. Xirmon. Ayniqsa to‘ylar mahali,
Opalarim ham yurgandir to‘y-to‘ylab.

Puf-puflab havoni tozalab qo‘ygin,
Osmondan bulutni to‘zg‘itib yubor.
Kiyik o‘t damlab ber, yalpizdan choy ber,
Bilasan, onamning qon bosimi bor.

Qaldirg‘och, qoshimga o‘xshagan singlim,
Akamning ishlari yurishdimi, ayt?
Omon yuribdimi jiyanchalarim,
Senga ham sovchilar kelishdimi, ayt?

Tunov kun tushimga kirgandi dadam,
Gulzorda yurganmish, xursand, baxtiyor.
Egnida siyoxrang kastyum-shimi va
Bizga xush keluvchi galstugi bor.

Huv o‘sha qishloqqa salomim yetkaz,
Beminnat uyimning peshonasin o‘p.
Chorbog‘da yonboshlab uxlaydi daraxt,
Shahar shovqinlidir,shahar tala-to‘p.

Bizda bir kaftgina sog‘inch muammo,
Bugun diydoringga to‘ymadi ko‘nglim.
Men bilan qishlab qol, derdimu ammo,
O‘zim ijarada turaman singlim!

Chorbog‘da yonboshlab uxlaydi daraxt!

* * *

Ko‘nglingni uz, dedim jilmayib,
Ko‘ngil bu — ip emas, deding asabiy.
Barcha umidlaring bo‘lgandi mayib,
Dilda quvonchlarim yondi tabiiy.

Bir kun uchrashamiz, deding oxiri,
Bog‘lamoqchi bo‘lib ishq rishtasini.
Ammo avvalgidek bo‘lmas tep-tekis,
Yo‘q qilib bo‘lmaydi tugunchasini!

***

— Yulduz uchdi,- dedi qarsaklar chalib,
Quvondi osmonga boqib jiyanim.
U qaydan bilardi laxza ichida,
Bir insonning umri yonib o‘chganin.

Shunday bir qoida azal-azaldan,
Taqdirning kitobin o‘qimagan kim.
Men qaysi yurakda yonib turibman,
Bilib bersa edi ulug‘ munajjim.

Ko‘kni kesib o‘tgan samon yo‘llari,
Bir kun peshonamdan o‘tguvchi chiziq.
Kuppa-kunduz qilgan gunohlarimni,
Kechasi kuzatib turganim qiziq…

Men odam bolasi, tanib qo‘y, Osmon,
Hiloling poyimga tushar chorlasam.
Xoxlasam bulutni boshimga qo‘yib,
Quyoshni achomlab yotgum hoxlasam.

Sendanam cheksizroq kuch bordir menda,
Burgut nigohiday o‘tkirdir ko‘zim.
Shunchaki charaqlab turganimcha yo‘q,
O‘chsa ham shunchaki o‘chmas, yulduzim..!

KUZ HAQIDA O‘YLAR

Chiriyapdi daraxtning bag‘ri,
Bobotog‘lar o‘y surar hanuz.
Yozda yuvib, dorga ilingan,
Kirlarini yig‘ib olar Kuz.

Barg uchirib o‘ynaydi shamol,
Tiniqlashib borar hovuzlar.
Pichoq tegsa, havo shariday,
Tars yorilib ketar tarvuzlar.

Nafaqaga chiqqan bobomday,
Qish keladi betashvish, beg‘am.
Sovuq ursa, meva bermas deb,
Uzum tokni ko‘madi otam…

Tokchalarda behilar qator,
Archalarda yomg‘ir shiviri.
Xayolingni to‘zg‘itar hamon,
Yong‘oqlarning shaqur-shuquri.

Menchi, go‘zal ishqqa oshufta,
Ko‘klam uchun yashayman yolg‘iz.
Faqat har kun yo‘lim to‘sadi,
Sariq ko‘ylak kiyib olgan qiz!

* * *

Yarim tun.
Shaharda tong otgan chog‘i,
Har taraf chiroq, nur, to‘la xitoblar.
Ijara uyimda topmay adog‘i,
To‘zg‘ib borayotir lug‘at kitoblar.

O‘zimcha olimman, juda bilimdon,
Ammo yuragimni ezar nimadir.
Balki, jiyanimga ertak o‘rniga,
Onam men haqimda so‘zlab bergandir.

O‘n olti. Ko‘ksini ishq o‘ti yorib,
Xotira izmida yiqilar ko‘nglim.
Balki, yostig‘imga boshini qo‘yib,
Sevgidan mast bo‘lib uxlaydi singlim.

Yuzimni oq qilib qaytolmayapman,
O‘sha xayot meni chorlasa hamki.
Barcha gunohlarni butkul unutib,
Qishloq men haqimda tush ko‘rar, balki..!

* * *

Kirib kelding xonamga unsiz,
Bor xayoling, dardlaring bilan.
Men o‘qirdim “O‘tkan kunlar”ni,
Kumushligim sog‘inib dildan.

Salom-alik qilmayin hatto,
Tik qarolmay bo‘zlashar ko‘ngil.
Barcha tirik tillar yo‘qolib,
O‘lik tilda so‘rashar ko‘ngil.

Uf tortarding uzundan-uzun,
Yuragingni ezar xo‘rsiniq.
Changga, dardga to‘la xonada,
Sevgi, Ishq va xayollar tiniq.

Mana bu men…
Kuzatarding jim,
So‘z qolmadi endi xitobga.
Sen ketishga chog‘langan payting,
Men bekinib oldim kitobga.

Bo‘m-bo‘sh xona qilar mezbonlik,
Ilinadi ko‘z yosh mijjaga.
Mana, Seni, o‘zni unutib,
Yetib qoldim mundarijaga.

Tugar sabr…uyg‘onar dardim,
Potrab chiqar ko‘ngil qatidan
Va borliging his qilar edim,
“Tars” yopilgan eshik ortidan.

Kelganiga afsuslar aytib,
Yuragingda o‘tkir og‘riniq.
Ammo ishon, dardli xonamda,
Sen va go‘zal sevgimiz tiniq.

BIZ TOMONGA QISH KЕLAYOTIR….

Biz tomonga qish kelayotir,
Harorati tushdi havoning.
Qo‘shiq aytib yurgan xazonlar,
To‘xtatdilar barcha navoni…

Palto kiydim, uyalib maxzun,
Barg to‘kmasdan hali daraxtlar.
Ishqilib qish tugamasidan,
Gullamasin dildagi baxtlar.

Tinglab juda qayg‘uli kuyni,
Kuz fasliga to‘ymovdim, rosti.
Hali tomi bitmagan uyni,
Bir ayanchli g‘ulg‘ula bosdi.

Sen tomonlar quyoshga yaqin,
Oftob nuri ikki yelkangda.
Kel, yaxshisi qushlarimni ol,
Qishlab kelsin sening o‘lkangda!

SЕNSIZ…

Sensiz ham bahorlar kelyapti qayta,
Sensiz ham yasharib otayapti tong.
Go‘yo o‘zgarmagan kunlar bag‘rida,
Unutilib borar maxzun qiyofang.

O‘ylovdim, har orzu, har bitta tilak,
Hatto taqdirimiz bog‘langan ipsiz.
Sensiz ham yarashdi o‘sha oq ko‘ylak,
Mana, baxtiyorman bugun ham sensiz…

Faqatki, qo‘rqaman kun botishidan,
Tunda tug‘yonlaring qilar tantana.
Ko‘zimni yumaman, yana sen borsan,
Ko‘zimni ochganda, baxtliman yana..!

Gulzebo Ibrohimova
SHE’RLAR
09

***

Yaratganga tabassum qil…
Shukrlar ayt, zikrlar ayt.Ashampoo_Snap_2017.10.27_13h04m18s_001_.png
Boqqil qanday mehribon Zot,
Tafakkur qil, fikrlar ayt.

Yaratganga tabassum qil…
Qudratin namoyon etgay,
Har ishi hikmat birladir,
Hikmatlarin ayon etgay.

Yaratganga tabassum qil…
Mo‘jiza armug‘on etgay.
G‘ayb sirlari ilohiydir,
Gahi sirin bayon etgay.

Yaratganga tabassum qil…
Rahmatidin nishon etgay.
Qo‘rquv ila umid birla ,
Dilda fayz oshiyon etgay.

Yaratganga tabassum qil…

HOLAT

Yomg‘irda qanoti ho‘l bo‘lgan qushday,
Aslo haqiqatga aylanmas tushday,
Hayot charxpalagi etgan behushday,
Karaxtman.

Har bir kechaning bir “Qadr”i bordir,
Har bir maysaning xush atri bordir.
No‘noq shoirning ham zo‘r satri bordir.
Sur’atman.

Shirin so‘zdan o‘zga sarmoyam yo‘qdir,
Duoyingdan boshqa himoyam yo‘qdir,
Ammo yaxshilikka nihoya yo‘qdir,
Jur’atman,
g‘ayratman,
shijoatman, men!

***

Cheksiz samolarda uchgan qushga ham,
Uyasidan kengroq vatan topilmas.
Odam Atomizdan meros, dil aro,
Vatan firoqidek hijron topilmas.

Tilasang, dilga she’r — So‘z bergay xudo,
Birni so‘raganga yuz bergay xudo,
Vatanda neki bor ibrat namoyon,
Ko‘rolsang, ko‘nglingga ko‘z bergay xudo.

Shu tuproq kuyida shoir bo‘ldim men,
Ahli muhabbatga doir bo‘ldim men.
Ulug‘lar xokini to‘tiyo aylab,
Vatanim ishqiga noil bo‘ldim men.

Cheksiz samolarda uchgan qushga ham,
Uyasidan kengroq vatan topilmas.
Odam Atomizdan meros, dil aro ,
Vatan firoqidek hijron topilmas!

***

Ko‘zimning ayvonida yosh aylanar gir-gir,
Ko‘z yetmas yuksaklikda bosh aylanar, zir-zir.
G‘animim hovuchida tosh aylanar bir-bir,
Qo‘llarimdan ushlab bor, Mehribonim-ogohim.

Tog‘laringda yangragan sadodurman, sado ber.
To‘rxaltasi yarashgan gadoyingmang, nido ber.
Haq yo‘lini izlagan adoyingman, imo ber,
Dargohingga boshlab bor, xabardorim –panohim.

Barglari tashlab ketgan daraxtlar mung‘ayadi,
Nimjon chinor niholi sabrdan ulg‘ayadi,
Yam-yashil ko‘nglim bog‘i hajrdan sarg‘ayadi,
Kel, ko‘nglimni xushlab ber, suyanganim, ilohim.
***

Duoga ochilgan qo‘l,
Osmonlarga yetgaydur.
Astoyidil so‘ray olsang,
Haq ijobat etgaydur.

Peshonangni qo‘yolsang,
Zamin suyib o‘pgaydir.
Ko‘z yoshing yerga emas,
Arshga oqib ketgaydur.

Gunohlardan qocholsang,
Seni olib qochar Haq.
Tilagingga samoda
Keng eshigin ochar Haq.

O‘ziga yolvorganni
Suyib tinglar xudo bor.
Ko‘nglingdagin eshitgay,
Unda ne xush sado bor.

Duoga ochilgan qo‘l
Osmonlarga yetgaydur
Astoyidil so‘ray olsang,
Haq ijobat etgaydur.

***

Ko‘kka yelka tutgan qoyalar,
Ismingni jimgina aytaveradi.
Ming yillik toshlarning ajib faryodi,
Otlar tuyog‘idan qaytaveradi.

Mehrobdan boshini ko‘targan misol,
Ufqdan bosh ko‘tarar quyosh.
Ishqli kun boshlanar, yashagim kelar.
Sevgingda hayot bor, zikringda bardosh

TO‘RTLIKLAR

Ko‘nglimga haq yo‘lidan adashma , deb yalindim.
Ko‘zlarimga ruyodan qamashma, deb yalindim.
Nafsi havoga qarshi urush ochgan o‘zimmman.
Ruhimga nafsim bilan yarashma, deb yalindim.

***

Umidvorlik sari uzangan ko‘nglim,
Yupatmoqqa keldingmi, ay, shamol singlim.
Holimdan xabar ol, deb yolvormoqdaman,
Shundoq tashlab qo‘ymas mehribon tangrim.

***

Yulduz bo‘lgim keldi, oy bo‘lgim keldi,
Ajru savoblarga boy bo‘lgim keldi.
Kamtarlik bobida piyolada sovib,
Unitilib qolgan choy bo‘lgim keldi.

***

Tangrim! Senga neni tortiq aylayin,
Suyganlaringdan ham ortiq aylayin.
Olgil, deb jonimni berayin desam,
Jon ham menikimas, naylayin.

05

(Tashriflar: umumiy 586, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu aleykum Kumush opa sherlaringiz betakror guli ddi ozingiz singari…singlingiz sevara Tilabova

Izoh qoldiring