Momoxol Elmurodova. She’rlar & O’rolboy Qobil. Mehrigiyohli shoira

0_1bb543_561c19b8_orig.png    Таниқли адабиётшунос олим ва таржимон Иброҳим Ғафуров эса “Гулчеҳралар” газетасида шоиранинг шеърларини ўқиб: “Чинакам шеърият мана шундай сокин ва майин, гўзал бўлади”, деб таъриф этган…

..

Ўролбой ҚОБИЛ
МЕҲРИГИЁҲЛИ ШОИРА
08

   Ўтган асрнинг 70-йиллари эди. Газеталарга катта- кичик мақолалар, шеърлар жўнатиб турар, мақолаларим босилса-да, аммо, шеърларим негадир чоп этилмасди. Албатта, бундан хуноб бўлар ва яна шеърлар жўнатишда давом этардим. (Ўша даврда туман, вилоят ва республика матбуотида шеърлари босилган катта шоир ҳисобланарди.) Кунларнинг бирида қўлимга “Гулдаста” деб номланган ёш қаламкашларнинг ижод намуналари жамланган китоб тушиб қолди. Унда қамашилик шоира Момохол Элмуродованинг ҳам бир нечта шеърлари эълон қилинган эди.

Почтальон, хат борми, хат кутаман хат,
Кўзларим нигорон хат кутаман хат.
Ҳув ана, почтальон хат келтиради,
Хат эмас гўёки бахт келтиради.

Мен бу шеърларни ёд олган эмасдим, бироқ бу бир ўқишда ёдимда қолгани. Аммо, негадир ҳар сафар шоира опамиз билан учрашсам, лоп этиб шу мисралар ёдимга тушаверарди.

MEl.pngМомохол опа ўта камтар ва камсуқум кўринса-да, адабиётга, айниқса, шеъриятга нисбатан одил ва қаттиққўл эканлиги эътиборимни тортди. Чекка бир қишлоқда ўтган учрашув ёдимда. Ўшанда шоира опамиз аёлларига бағишланган содда ва самимий шеърларини ўқигач, қишлоқнинг аёллари уни худди узоқ йиллар кўрмаган эгачиларини кўргандек қучоқлашар, ўзларининг ҳали ҳеч кимга айтмаган дардларини, сирларини сўзлаб беришарди. Момохол опа аёл қалбининг куйчиси эканлигига ўшанда амин бўлганман. Шундай учрашувларнинг бирида ёнимизда ясан-тусан қилиб олган хотинлардан бири дугонасига деди: “Тавба, одамларга ҳам ҳайронман, на мунча Момохол, Момохол деб оғизларидан қўйишмайди, ҳатто ўсма, сўрма қўйишни ҳам билмаскан, бечора”… Шоиранинг шеърини тинглаб кўзларига ёш олиб ўтирган кекса бир аёл унга жавобан деди: “Ҳой, ойимча, биласанми, сенга ўхшаган латтапарастларнинг ўнтасига, Момохолимнинг бир тола сочини алмашмайман”!

***

Момохол опанинг 60 йиллик тўйида шоир Худойберди Чоршанбиев жўшиб шеър ўқиди:

Мусичадай беозор, сўзи меҳригиёли,
Бўй етишган қизлардай боқишлари иболи,
Тонг юзидан нур олган туйғулари сафоли,
Кўнгли ҳур мисол опам-
Менинг Момохол опам.

“Устоз, сизнинг дилбар ашъорларингизда, ҳақиқий аёл нафаси уфуриб турадиган мисраларингиз нафақат вилоят, балки республикадаям маълуму машҳур. Ҳажвчи адиб Турсунбой акамиз “Момохол ҳақида энг чиройли шеър ёзганга мукофотим бор” деб танлов эълон қилибди. Сиз каби фидойи, файзиёб қалб эгаларининг таърифига сўзлар ҳам ожиз,”…дея ёзади шогирди ижодкор Лола Саодатова.

-Тоғда туғилиб улғайган бўлсам-да, тоғликларга хос чорва ва деҳқончилик, касб ва ҳунарларга қалбимда заррача илиқлик йўқ эди. Мен учун радио эшитиш, китоб ва газета-журналларни ўқиш энг завқли машғулот бўлиб, адабиёт деб аталмиш сирли олам ўзига чорларди. Аммо менга йўл-йўриқ кўрсатадиган устоз йўқ эди, ҳисоб. Қисматим дейинми, не десам ҳам ёшликдан қалби гўзал кишиларга ошно бўлдим. Улардан кўп нарсаларни ўргандим. Балки улар ҳам ўзларига мендан нимадир олишгандир. Ижодкор сафдошларимдан бири Момохол ҳамон ёшлардек ғайрат билан ижод қилмоқда. Шоиранинг латиф шеърлари “Шарқ юлдузи”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Саодат” каби нуфузли журнал ва газеталарда эълон қилинаяпти. Момохолнинг ўзбек аёлига хос хислати кўп. У оқила уй бекаси, яхши пазанда, ўнлаб набираларнинг меҳрибон момоси, Парда акадек мард йигитнинг вафодор умр йўлдоши.- дея сўзлайди адиб Турсунбой Боймиров.

***

Яхши ва бахтли яшамоқ гўзалликдир. Момохол Элмуродованинг юзларидан балқиб турган нур, кўзларидаги завқ-шавқ жилваси кўнглидаги сўнмас баҳордан нишонадир. Шоир укаси Йўлдошбек Кенжа шоира ҳақида шундай шеър айтди:

Тоғларнинг қоридай ўйга толасиз,
Сўз бўлиб томасиз шуурларимга.
Ўзанга сиғмаган зилол ирмоқдай
Ҳайрат бағишлайсиз сурурларимга.

Сомон йўлидаги нурли тошлардай
Девона кўнгилда ташбеҳлар сероб.
“Момохол опам”, -деб суюнсам гоҳи,
“Мен-чи?” деб куяди бечора офтоб.

-Адашмасам, Момохолнинг шу кунгача саккизта назмий китоби чоп этилди, — дея сўзлайди шоир Сайфулла Ал-Мурод. Адабиётшунос олимлар Поён Равшанов ва Бойназар Йўлдошевлар шоиранинг шеърий тўпламларидаги ижод маҳсулларини ҳозирги адабиётимизнинг нафис шеърий гулдастаси деб эътироф этса, таниқли адабиётшунос олим ва таржимон Иброҳим Ғафуров эса “Гулчеҳралар” газетасида шоиранинг шеърларини ўқиб:

“Чинакам шеърият мана шундай сокин ва майин, гўзал бўлади”, деб таъриф этган.

***

Шоиранинг ижодкор дўстларга эса яна баҳона топилди. Дарвозани опамизнинг турмуш ўртоғи Парда ака очаркан, -деди:

-Эрталаб Момохол билан озгина тортишиб қолувдик…
-Нима, отасиникига аразлаб кетдими?-сўрайди Турсунбой ака ҳазиллашиб.

-Эй, йўғ-а, сизларнинг бугун келиш-келмасликларингиз ҳақида баҳслашувдик, у ютиб чиқди…

Ичкариладик. Ҳовлида Момохол опа бизларни қувониб қаршиларкан, Парда ака тарафга қалдирғочнинг қанотидек қошларини чимириб қаради.

-Ҳой боваси, айтмовдим-ми, тағин ютқаздингиз, қани, тез бозорга югуринг-чи…

Момохол ЭЛМУРОДОВА
ШЕЪРЛАР
08

Момохол Элмуродова 1949 йилда Шахрисабзнинг Қум қишлоғида туғилган. Наманган педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. Қамаши шаҳри марказидаги мактаблардан бирида тил ва адабиёт ўқитувчиси бўлиб ишлади. Унинг “Қалдирғоч”, “Аёл муҳаббати”, “Орзуларнинг узун йўли”, “Юракка санчилган игналар”, “Онамга жўнатилмаган мактублар”, “Отландим қалбингиз зиёратига”, “Энг гўзал имкон”, “Куз хаёллари” каби назмий китоблари чоп этилган. Шоира “Шуҳрат” медали, “Ўзбекистон ҳалқ таълими аълочиси”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” каби унвонлар билан тақдирланган. Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси.

08

ВАТАН

Ватан-она, Ватан-ота, Ватан тандаги жондир,
Ватан-меҳр, Ватан-сеҳр, Ватан дину иймондир.

Эрта баҳор юртга қайтган қушларнинг авж қўшиғи,
Қайтолмаган зор турнанинг кўзида мунг-армондир.

Ватан-ордир, Ватан-ғурур, Ватан-қалбнинг туғёни,
Илк манзил шул, ризқ-рўз ҳам шул, ҳамда сўнгги ошёндир.

Боболарнинг саройи ул, момоларнинг чиройи,
Фидо жонга арзийдирган ягона ул имкондир.

Кўкарасан, яшарасан, барқ уриб сўнг сўласан,
Бу азалнинг қонунига Ватан таскин, дармондир.

Тупроғини кўзларимга сурмадай сурсам арзир,
Мен севган юрт, сиғинган юрт, азиз Ўзбекистондир.

АЙТСАНГ, ҲАҚ СЎЗНИ АЙТ

Ёлғиз жонман дема, ёлғиз жон надир,
Шу ёлғиз жонингга бу жаҳон жодир.
Айтсанг, ҳақ сўзни айт, илҳақ сўзни айт,
Гарчи ул сўзларинг ўзингга чоҳдир.

Қуласа ул чоҳга танинг қулайдир,
Ҳақ сўзинг сўзларни сўзга улайдир.
Жон-руҳинг самога парвоз этажак,
Номинг мангуликка томон бўйлайдир.

Мангулик шуҳрати – бу таъма эмас,
Агар тош отсалар, бил таъна эмас.
Сен ўз сўзингни айт, рост сўзингни айт,
Рост сўз асрларга бўлар ҳамнафас.

ДУЛБАРЖИН

Ёрилтошлар ёрилмади, сен ютилдинг, Дулбаржин,
Тарихнинг чанг, тўзонида унутилдинг, Дулбаржин.
Қоғоз эмас, тери эмас, накшладилар тошларга,
Ёвлар ёқиб юборалмас метин бўлдинг, Дулбаржин.

Турк элининг товуши сен, асрларга садо берар,
Асрларнинг суронлари жарангингни на сўндирар.
Кельту Хито, Ўрхун Энасой, Румо-ю рун аталиб,
Минг асрлар ўтса ҳамки етиб келдинг, Дулбаржин.

Ҳар ҳарфингда улуғ бир халқ қалб туғёни мужассам,
Заковати, тахайюли, эрку шони мужассам,
Саҳроларда шамолдайин елган они мужассам,
Ва тарих зарварағида нақш этилдинг, Дулбаржин.

Руний ёзув дедилар, гоҳ нурли ёзув дедилар,
Неча-неча алломалар сирли ёзув дедилар,
Шарқу Ғарбга қиёс қилиб турли ёзув дедидар,
Туронга кўзтумор бўлиб сир тутилдинг, Дулбаржин.

Довул уриб, қилич тутиб қанча ёвлар келдилар,
Улкан миллат заковатин, зуҳрини ҳис қилдилар,
Ер юзидан йўқотмоқни вожиб дея билдилар,
Ёнмай, ўчмай тошлараро сен беркиндинг,Дулбаржин.

Ёзувларинг орасинда мукаммалик сенга тан,
Қадим туркий аждодларнинг жасорати битилган.
Қирқ бир ҳарфда қирқ мўъжиза балки иншо этилган,
Тошдан қалбларга кўчди “Ирқ битиг”инг, Дулбаржин.

Ҳар сатринг эзгуликка чорловчи қўшиқ экан,
Шимолу Ғарб алломалар махлиё-ю ошиқ экан,
Мангулик алласин айтган тошлар бешик экан,
Тошлардаги достон мисол ўқитилдинг, Дулбаржин.

Асрларки фикрат аҳли қаршингда лол, ҳайратда,
Ҳар бир ҳарфинг мўъжизадир – суратда ҳам сийратда,
Туркий буюк халқ руҳи бор ҳар шаклда, тийнатда,
Ўрхун-Энасой ёзуви деб кашф этилдинг, Дулбаржин.

СОҒИНЧ

Қадрдон ерлардан кетарда йироқ,
Юрагинг оғрийди, сим-сим оғрийди.
Балки пешонангга ёзилган фироқ,
Тақдирдан ўчириб бўлса қанийди.

Бир томчи ёш турар киприкда титраб,
Она юрт соғинчи, дийдор соғинчи.
Оғир “уф” тортасан бошингни ушлаб,
Фақат хотиралар бўлар овунчинг.

Даштда шовуллаган янтоқзорларнинг
Суврати кўзингнинг кўргазмасида.
Товонингга кирган хор озорларин
Жабрига кўйлаагинг айтар қасида.

Юзинг қорайтирган қуёшнинг сели
Қамашидан ўзга ҳеч дунёда йўқ.
Сочинг хилпиратган баҳорнинг ели
Инжа туйғуларинг уйғотгувчи шўх.

Кўчалар қадрдон, уйлар қадрдон,
Деразадан боқар таниш чеҳралар.
Бормисиз саломат, бормисиз омон,
Сурати, сийрати қалбга муҳрлар.

Илинжу умиддан қанотинг ўсиб,
Юксакларга парвоз этгинг келади.
Борингдан воз кечиб, барисин ташлаб,
Қамашига учиб кетгинг келади.

ҲАЁТ РИШТАСИ

Туриш керак, юриш керак,
Эҳ, юрагим чалажон.
Сен бўлақол менга тиргак,
Қўлимдан тут, болажон.

Беҳис, бежон, ўлиик вужуд,
Сўниб борар юрак ҳам.
Ва борлиқда улуғ сукут,
Сукунатдир ушбу дам.

Тўхтаб қолма, тиниб қолма,
Қон томирда уюшиб.
Ғимирлаган туғён яшар,
Қалб бурчида қунишиб.

У бир туртки, илинж кутар,
Мудроқ ила чалажон.
Сен оёққа қалқит мени,
Қўлимдан тут, болажон.

Кўзларимга нур бўлиб эн,
Келтир умид муждасин.
Куртак пайванд мисоли,
Боғлаб ҳаёт риштасин.

ҚАЕРДАДИР

Ҳар кимнинг ҳам бир жони бор, ўнта жон қаердадир,
Оёғим ер, бошим осмон деган инсон қаердадир.

Сен қоғозлар тахламини боқий деб билма зинҳор,
Тилладан тоғлар уйган соҳибқирон қаердадир.

Бу дунё бир қилкўприк жаннатга йўл, дўзахга йўл,
Виждонинг соф бўлмаса, иймон-имкон қаердадир.

Саждалар қилма бекор, дилингдаки ихлосинг йўқ,
Ихлосинг гар бўлмаса, халос – эҳсон қаердадир.

Ширин жон қадрини бил, кўз юмиб кетар бўлсанг,
Қайта кўз очмоқликка, ёруғ жаҳон қаердадир.

***

Сизни тушунишга интилдим, бироқ,
Мени тушунишни истамадингиз.
Оқибат ўртада Хитой девори,
Боғланмайди меҳр ришталаримиз.

Бу девор мустаҳкам, мустаҳкам жуда,
Ҳатто йиқолмайди нигоҳлар, кўзлар.
Ва чексиз самонинг қай бир буржида,
Бир-биридан қочар бизнинг юлдузлар.

***

Бу юракни тизгинлаб бўлмас,
Тушов узган тулпордай асов.
Гарчи кўкрак мустаҳкам қафас,
Парвозига бўлолмайди ғов.

Сир тутолмас ғазаб, нафратни,
Меҳри эса лим тўла қадаҳ.
Тан олмагай зинҳор ғафлатни,
Бедорликдир қувончу фараҳ.

***

Мунча тордир, мунча тор дунё,
Сиғмаяпман замин, кўкига.
Елкам узра зил-замбил гўё,
Кучим етмас оғир юкига.

Дунё мунча тор экан, ҳатто
Беданага бўлолмас қафас.
Эҳ, намунча оғиру катта,
Бу юрагим дунёга сиғмас.

Манба: Момохол Элмуродова. “Куз хаёллари”. Шеърлар. Тошкент. “Наврўз” нашриёти. 2015 йил.

ish17.JPGTaniqli adabiyotshunos olim va tarjimon Ibrohim G‘afurov esa “Gulchehralar” gazetasida shoiraning she’rlarini o‘qib: “Chinakam she’riyat mana shunday sokin va mayin, go‘zal bo‘ladi”, deb ta’rif etgan…

O‘rolboy QOBIL
MЕHRIGIYOHLI SHOIRA
08

O‘tgan asrning 70-yillari edi. Gazetalarga katta- kichik maqolalar, she’rlar jo‘natib turar, maqolalarim bosilsa-da, ammo, she’rlarim negadir chop etilmasdi. Albatta, bundan xunob bo‘lar va yana she’rlar jo‘natishda davom etardim. (O‘sha davrda tuman, viloyat va respublika matbuotida she’rlari bosilgan katta shoir hisoblanardi.) Kunlarning birida qo‘limga “Guldasta” deb nomlangan yosh qalamkashlarning ijod namunalari jamlangan kitob tushib qoldi. Unda qamashilik shoira Momoxol Elmurodovaning ham bir nechta she’rlari e’lon qilingan edi.

Pochtalon, xat bormi, xat kutaman xat,
Ko‘zlarim nigoron xat kutaman xat.
Huv ana, pochtalon xat keltiradi,
Xat emas go‘yoki baxt keltiradi.

Men bu she’rlarni yod olgan emasdim, biroq bu bir o‘qishda yodimda qolgani. Ammo, negadir har safar shoira opamiz bilan uchrashsam, lop etib shu misralar yodimga tushaverardi.

Momoxol opa o‘ta kamtar va kamsuqum ko‘rinsa-da, adabiyotga, ayniqsa, she’riyatga nisbatan odil va qattiqqo‘l ekanligi e’tiborimni tortdi. Chekka bir qishloqda o‘tgan uchrashuv yodimda. O‘shanda shoira opamiz ayollariga bag‘ishlangan sodda va samimiy she’rlarini o‘qigach, qishloqning ayollari uni xuddi uzoq yillar ko‘rmagan egachilarini ko‘rgandek quchoqlashar, o‘zlarining hali hech kimga aytmagan dardlarini, sirlarini so‘zlab berishardi. Momoxol opa ayol qalbining kuychisi ekanligiga o‘shanda amin bo‘lganman. Shunday uchrashuvlarning birida yonimizda yasan-tusan qilib olgan xotinlardan biri dugonasiga dedi: “Tavba, odamlarga ham hayronman, na muncha Momoxol, Momoxol deb og‘izlaridan qo‘yishmaydi, hatto o‘sma, so‘rma qo‘yishni ham bilmaskan, bechora”… Shoiraning she’rini tinglab ko‘zlariga yosh olib o‘tirgan keksa bir ayol unga javoban dedi: “Hoy, oyimcha, bilasanmi, senga o‘xshagan lattaparastlarning o‘ntasiga, Momoxolimning bir tola sochini almashmayman”!

***

Momoxol opaning 60 yillik to‘yida shoir Xudoyberdi Chorshanbiyev jo‘shib she’r o‘qidi:

Musichaday beozor, so‘zi mehrigiyoli,
Bo‘y yetishgan qizlarday boqishlari iboli,
Tong yuzidan nur olgan tuyg‘ulari safoli,
Ko‘ngli hur misol opam-
Mening Momoxol opam.

“Ustoz, sizning dilbar ash’orlaringizda, haqiqiy ayol nafasi ufurib turadigan misralaringiz nafaqat viloyat, balki respublikadayam ma’lumu mashhur. Hajvchi adib Tursunboy akamiz “Momoxol haqida eng chiroyli she’r yozganga mukofotim bor” deb tanlov e’lon qilibdi. Siz kabi fidoyi, fayziyob qalb egalarining ta’rifiga so‘zlar ham ojiz,”…deya yozadi shogirdi ijodkor Lola Saodatova.

-Tog‘da tug‘ilib ulg‘aygan bo‘lsam-da, tog‘liklarga xos chorva va dehqonchilik, kasb va hunarlarga qalbimda zarracha iliqlik yo‘q edi. Men uchun radio eshitish, kitob va gazeta-jurnallarni o‘qish eng zavqli mashg‘ulot bo‘lib, adabiyot deb atalmish sirli olam o‘ziga chorlardi. Ammo menga yo‘l-yo‘riq ko‘rsatadigan ustoz yo‘q edi, hisob. Qismatim deyinmi, ne desam ham yoshlikdan qalbi go‘zal kishilarga oshno bo‘ldim. Ulardan ko‘p narsalarni o‘rgandim. Balki ular ham o‘zlariga mendan nimadir olishgandir. Ijodkor safdoshlarimdan biri Momoxol hamon yoshlardek g‘ayrat bilan ijod qilmoqda. Shoiraning latif she’rlari “Sharq yulduzi”, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Saodat” kabi nufuzli jurnal va gazetalarda e’lon qilinayapti. Momoxolning o‘zbek ayoliga xos xislati ko‘p. U oqila uy bekasi, yaxshi pazanda, o‘nlab nabiralarning mehribon momosi, Parda akadek mard yigitning vafodor umr yo‘ldoshi.- deya so‘zlaydi adib Tursunboy Boymirov.

***

Yaxshi va baxtli yashamoq go‘zallikdir. Momoxol Elmurodovaning yuzlaridan balqib turgan nur, ko‘zlaridagi zavq-shavq jilvasi ko‘nglidagi so‘nmas bahordan nishonadir. Shoir ukasi Yo‘ldoshbek Kenja shoira haqida shunday she’r aytdi:

Tog‘larning qoriday o‘yga tolasiz,
So‘z bo‘lib tomasiz shuurlarimga.
O‘zanga sig‘magan zilol irmoqday
Hayrat bag‘ishlaysiz sururlarimga.

Somon yo‘lidagi nurli toshlarday
Devona ko‘ngilda tashbehlar serob.
“Momoxol opam”, -deb suyunsam gohi,
“Men-chi?” deb kuyadi bechora oftob.

-Adashmasam, Momoxolning shu kungacha sakkizta nazmiy kitobi chop etildi, — deya so‘zlaydi shoir Sayfulla Al-Murod. Adabiyotshunos olimlar Poyon Ravshanov va Boynazar Yo‘ldoshevlar shoiraning she’riy to‘plamlaridagi ijod mahsullarini hozirgi adabiyotimizning nafis she’riy guldastasi deb e’tirof etsa, taniqli adabiyotshunos olim va tarjimon Ibrohim G‘afurov esa “Gulchehralar” gazetasida shoiraning she’rlarini o‘qib:

“Chinakam she’riyat mana shunday sokin va mayin, go‘zal bo‘ladi”, deb ta’rif etgan.

***

Shoiraning ijodkor do‘stlarga esa yana bahona topildi. Darvozani opamizning turmush o‘rtog‘i Parda aka ocharkan, -dedi:

-Ertalab Momoxol bilan ozgina tortishib qoluvdik…
-Nima, otasinikiga arazlab ketdimi?-so‘raydi Tursunboy aka hazillashib.

-Ey, yo‘g‘-a, sizlarning bugun kelish-kelmasliklaringiz haqida bahslashuvdik, u yutib chiqdi…

Ichkariladik. Hovlida Momoxol opa bizlarni quvonib qarshilarkan, Parda aka tarafga qaldirg‘ochning qanotidek qoshlarini chimirib qaradi.

-Hoy bovasi, aytmovdim-mi, tag‘in yutqazdingiz, qani, tez bozorga yuguring-chi…

Momoxol ELMURODOVA
SHE’RLAR
08

momoxol-elmurodova (2).jpgMomoxol Elmurodova 1949 yilda Shaxrisabzning Qum qishlog‘ida tug‘ilgan. Namangan pedagogika institutining o‘zbek tili va adabiyoti fakultetini tamomlagan. Qamashi shahri markazidagi maktablardan birida til va adabiyot o‘qituvchisi bo‘lib ishladi. Uning “Qaldirg‘och”, “Ayol muhabbati”, “Orzularning uzun yo‘li”, “Yurakka sanchilgan ignalar”, “Onamga jo‘natilmagan maktublar”, “Otlandim qalbingiz ziyoratiga”, “Eng go‘zal imkon”, “Kuz xayollari” kabi nazmiy kitoblari chop etilgan. Shoira “Shuhrat” medali, “O‘zbekiston halq ta’limi a’lochisi”, “O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan xalq ta’limi xodimi” kabi unvonlar bilan taqdirlangan. O‘zbekiston Yozuvchilar Uyushmasi a’zosi.

08

VATAN

Vatan-ona, Vatan-ota, Vatan tandagi jondir,
Vatan-mehr, Vatan-sehr, Vatan dinu iymondir.

Erta bahor yurtga qaytgan qushlarning avj qo‘shig‘i,
Qaytolmagan zor turnaning ko‘zida mung-armondir.

Vatan-ordir, Vatan-g‘urur, Vatan-qalbning tug‘yoni,
Ilk manzil shul, rizq-ro‘z ham shul, hamda so‘nggi oshyondir.

Bobolarning saroyi ul, momolarning chiroyi,
Fido jonga arziydirgan yagona ul imkondir.

Ko‘karasan, yasharasan, barq urib so‘ng so‘lasan,
Bu azalning qonuniga Vatan taskin, darmondir.

Tuprog‘ini ko‘zlarimga surmaday sursam arzir,
Men sevgan yurt, sig‘ingan yurt, aziz O‘zbekistondir.

AYTSANG, HAQ SO‘ZNI AYT

Yolg‘iz jonman dema, yolg‘iz jon nadir,
Shu yolg‘iz joningga bu jahon jodir.
Aytsang, haq so‘zni ayt, ilhaq so‘zni ayt,
Garchi ul so‘zlaring o‘zingga chohdir.

Qulasa ul chohga taning qulaydir,
Haq so‘zing so‘zlarni so‘zga ulaydir.
Jon-ruhing samoga parvoz etajak,
Noming mangulikka tomon bo‘ylaydir.

Mangulik shuhrati – bu ta’ma emas,
Agar tosh otsalar, bil ta’na emas.
Sen o‘z so‘zingni ayt, rost so‘zingni ayt,
Rost so‘z asrlarga bo‘lar hamnafas.

DULBARJIN

Yoriltoshlar yorilmadi, sen yutilding, Dulbarjin,
Tarixning chang, to‘zonida unutilding, Dulbarjin.
Qog‘oz emas, teri emas, nakshladilar toshlarga,
Yovlar yoqib yuboralmas metin bo‘lding, Dulbarjin.

Turk elining tovushi sen, asrlarga sado berar,
Asrlarning suronlari jarangingni na so‘ndirar.
Keltu Xito, O‘rxun Enasoy, Rumo-yu run atalib,
Ming asrlar o‘tsa hamki yetib kelding, Dulbarjin.

Har harfingda ulug‘ bir xalq qalb tug‘yoni mujassam,
Zakovati, taxayyuli, erku shoni mujassam,
Sahrolarda shamoldayin yelgan oni mujassam,
Va tarix zarvarag‘ida naqsh etilding, Dulbarjin.

Runiy yozuv dedilar, goh nurli yozuv dedilar,
Necha-necha allomalar sirli yozuv dedilar,
Sharqu G‘arbga qiyos qilib turli yozuv dedidar,
Turonga ko‘ztumor bo‘lib sir tutilding, Dulbarjin.

Dovul urib, qilich tutib qancha yovlar keldilar,
Ulkan millat zakovatin, zuhrini his qildilar,
Yer yuzidan yo‘qotmoqni vojib deya bildilar,
Yonmay, o‘chmay toshlararo sen berkinding,Dulbarjin.

Yozuvlaring orasinda mukammalik senga tan,
Qadim turkiy ajdodlarning jasorati bitilgan.
Qirq bir harfda qirq mo‘jiza balki insho etilgan,
Toshdan qalblarga ko‘chdi “Irq bitig”ing, Dulbarjin.

Har satring ezgulikka chorlovchi qo‘shiq ekan,
Shimolu G‘arb allomalar maxliyo-yu oshiq ekan,
Mangulik allasin aytgan toshlar beshik ekan,
Toshlardagi doston misol o‘qitilding, Dulbarjin.

Asrlarki fikrat ahli qarshingda lol, hayratda,
Har bir harfing mo‘jizadir – suratda ham siyratda,
Turkiy buyuk xalq ruhi bor har shaklda, tiynatda,
O‘rxun-Enasoy yozuvi deb kashf etilding, Dulbarjin.

SOG‘INCH

Qadrdon yerlardan ketarda yiroq,
Yuraging og‘riydi, sim-sim og‘riydi.
Balki peshonangga yozilgan firoq,
Taqdirdan o‘chirib bo‘lsa qaniydi.

Bir tomchi yosh turar kiprikda titrab,
Ona yurt sog‘inchi, diydor sog‘inchi.
Og‘ir “uf” tortasan boshingni ushlab,
Faqat xotiralar bo‘lar ovunching.

Dashtda shovullagan yantoqzorlarning
Suvrati ko‘zingning ko‘rgazmasida.
Tovoningga kirgan xor ozorlarin
Jabriga ko‘ylaaging aytar qasida.

Yuzing qoraytirgan quyoshning seli
Qamashidan o‘zga hech dunyoda yo‘q.
Soching xilpiratgan bahorning yeli
Inja tuyg‘ularing uyg‘otguvchi sho‘x.

Ko‘chalar qadrdon, uylar qadrdon,
Derazadan boqar tanish chehralar.
Bormisiz salomat, bormisiz omon,
Surati, siyrati qalbga muhrlar.

Ilinju umiddan qanoting o‘sib,
Yuksaklarga parvoz etging keladi.
Boringdan voz kechib, barisin tashlab,
Qamashiga uchib ketging keladi.

HAYOT RISHTASI

Turish kerak, yurish kerak,
Eh, yuragim chalajon.
Sen bo‘laqol menga tirgak,
Qo‘limdan tut, bolajon.

Behis, bejon, o‘liik vujud,
So‘nib borar yurak ham.
Va borliqda ulug‘ sukut,
Sukunatdir ushbu dam.

To‘xtab qolma, tinib qolma,
Qon tomirda uyushib.
G‘imirlagan tug‘yon yashar,
Qalb burchida qunishib.

U bir turtki, ilinj kutar,
Mudroq ila chalajon.
Sen oyoqqa qalqit meni,
Qo‘limdan tut, bolajon.

Ko‘zlarimga nur bo‘lib en,
Keltir umid mujdasin.
Kurtak payvand misoli,
Bog‘lab hayot rishtasin.

QAYERDADIR

Har kimning ham bir joni bor, o‘nta jon qayerdadir,
Oyog‘im yer, boshim osmon degan inson qayerdadir.

Sen qog‘ozlar taxlamini boqiy deb bilma zinhor,
Tilladan tog‘lar uygan sohibqiron qayerdadir.

Bu dunyo bir qilko‘prik jannatga yo‘l, do‘zaxga yo‘l,
Vijdoning sof bo‘lmasa, iymon-imkon qayerdadir.

Sajdalar qilma bekor, dilingdaki ixlosing yo‘q,
Ixlosing gar bo‘lmasa, xalos – ehson qayerdadir.

Shirin jon qadrini bil, ko‘z yumib ketar bo‘lsang,
Qayta ko‘z ochmoqlikka, yorug‘ jahon qayerdadir.

***

Sizni tushunishga intildim, biroq,
Meni tushunishni istamadingiz.
Oqibat o‘rtada Xitoy devori,
Bog‘lanmaydi mehr rishtalarimiz.

Bu devor mustahkam, mustahkam juda,
Hatto yiqolmaydi nigohlar, ko‘zlar.
Va cheksiz samoning qay bir burjida,
Bir-biridan qochar bizning yulduzlar.

***

Bu yurakni tizginlab bo‘lmas,
Tushov uzgan tulporday asov.
Garchi ko‘krak mustahkam qafas,
Parvoziga bo‘lolmaydi g‘ov.

Sir tutolmas g‘azab, nafratni,
Mehri esa lim to‘la qadah.
Tan olmagay zinhor g‘aflatni,
Bedorlikdir quvonchu farah.

***

Muncha tordir, muncha tor dunyo,
Sig‘mayapman zamin, ko‘kiga.
Yelkam uzra zil-zambil go‘yo,
Kuchim yetmas og‘ir yukiga.

Dunyo muncha tor ekan, hatto
Bedanaga bo‘lolmas qafas.
Eh, namuncha og‘iru katta,
Bu yuragim dunyoga sig‘mas.

Manba: Momoxol Elmurodova. “Kuz xayollari”. She’rlar. Toshkent. “Navro‘z” nashriyoti. 2015 yil.

09

(Tashriflar: umumiy 397, bugungi 1)

Izoh qoldiring