Somerset Moem. Hikoyalar

02525 январ — Таниқли адиб Сомерсэт Моэм таваллуд топган кун

   Инглиз адабиёти тарихида машҳур ёзувчи ва драматург Сомерсет Моэм (1874-1965) ижоди алоҳида ўринга эга. Адиб ўзининг асарларида қаҳрамонлар руҳий оламини теран очиб бергани, Бадиий сўз имкониятларини юксак маҳорат билан намойиш этгани боис жуда кенг китобхонлар оммасининг эътиборини қозонди.
Сомерсет Моэмнинг «Инсоний эҳтиросларнинг уқубатлари» (1915), «Ой ва чақа» романлари, «Давра» (1921) сингари кўплаб пьесалар ва айниқса, 1926 йили нашр этилган «Казуарин дарахти» номли тўпламидан жой олганбир қанча ҳикоялари аллақачон жаҳон халқларининг талай тилларига таржима қилиниб, чоп этилган.
Сомерсет Моэм жаҳон адабиётида ихчам ҳикояларнинг моҳир устаси сифатида шуҳрат қозонган. Бу ҳикояларида ёзувчи китобхонни инсон руҳиятининг мураккаб дунёсига олиб киради, ҳаётга янгича назар билан — ҳам куюниб, ҳам кулиб қарашга мажбур этади. Адиб асарларига хос бўлган жонли, аниқ-тиниқ, ростгўй ва самимий тил уларнинг берилиб, катта қизиқиш билан ўқилишини таъминлаган.

Сомерсет Моэм
ҲИКОЯЛАР
Алишер Отабоев таржималари
021

РУҲОНИЙ

…Алберт Эдвард Формен руҳонийлик либосини, худди черковнинг улуғвор рамзидек, ўзгача фахр-ғурур билан киярди, уларни ўзи ювиб, ўзи дазмолларди. Авлиё Пётр черковида ўн олти йил хизмат қилиб, бир қанча ридоларни кийиб тўздирганига қарамай, эскирганларининг бирортасини ҳам ташлаб юбормаганди. Уларнинг ҳаммаси жигарранг қоғозга ўроғлиқ ҳолда, ётоқхонасидаги шкафда сақланарди.

Руҳоний Алберт тиловатхонани саришталаб, уйига кетиши учун епископ муовинининг у ердан чиқишини кутаётган эди.

«У бу ерга нимага келган экан?», деди ичида. «Қорним очганиниям ўйламайди».

Янги муовин бу вазифага яқиндагина тайинланган эди. Қизил юзли, тиниб-тинчимас бу одамнинг ёши қирқлардан сал ошган. Алберт Эдвард собиқ муовинни, эскича мактабни тугатган, босиқ ва бунга ўхшаб ҳар нарсага бурнини суқавермайдиган кишини ҳамон эсларди.

Кўп ўтмай руҳоний ўзи томон келаётган муовинни кўрди.

«Формен, мен билан юринг, Сизга айтадиган гапим бор».

«Хўп бўлади, сер».

Аввал муовин, кейин Алберт Эдвард тиловатхонага кирди. Хонада икки иш юритувчи ўтирганини кўриб, Алберт бироз тараддудланиб қолди. Уларнинг бу жойга кираётганини кўрмаганди. Иккаласи ҳам жилмайиб бош силкитишди.

«Хайрли кун, милорд. Салом, сер», сўрашди Алберт улар билан бирма-бир.

Ҳар иккала иш юритувчининг ҳам ёши улуғ. Алберт қачондан бери руҳонийлик қилиб келаётган бўлса, деярли шунча йилдан бери улар иш юритувчилик хизматида. Улар муовин бир замонлар Италиядан келтирган чиройли стол атрофида ўтиришарди. Муовин ҳам иш юритувчилар орасидаги бўш курсига бориб ўтирди. Алберт Эдвард уларнинг рўпарасидан жой эгаллаб, бироз хавотирда «булар нега келди экан», деб ўйлай бошлади. Бир сафар органчи қандайдир машмашага аралашиб қолиб, бости-бости қилишга қанчалик қийналганини Алберт унутмаганди. Авлиё Пётр черковига ўхшаган черковларда тартиб-интизомга жуда қаттиқ туришарди. Муовиннинг қизил юзида хотиржамлик бор, лекин иш юритувчилар ташвишлидек кўринишарди.

«Муовин уларни ниманидир қилишга ундаяпти, лекин булар хоҳлашмаяпти, чамаси», деди Алберт ичида. «Бу ерда нимадир бор».

Бироқ бу фикрлар Албертнинг юзи-кўзида акс этмади. Унинг юзида ҳурмат ва шу билан бирга, ўз қадр-қимматини билиш аломатлари бор эди. Алберт руҳоний бўлгунча кўп жойларда хизматкорлик қилган эди. Уларнинг бари бой-бадавлат оилалар бўлган. Ишлашни бой савдогар оиласида югурдакликдан бошлаб, бева қолган бойвуччага бош хизматкорлик даражасигача кўтарилганди. Кейин эса, Авлиё Пётрга ишга кирмасидан аввал, қўл остида иккита ёрдамчиси билан истеъфога чиққан элчи оиласида бош хизматкор бўлиб ишлади. Элчи новча, озғин, савлатли ва ўз қадрини биладиган одам эди. Кўриниши худди гертсогга, ҳеч бўлмаганда гертсог ролини ўйнаётган актёрга ўхшарди. Жуда маданиятли, қатъиятли ва ўзига ишонган одам эди.

Муовин баланд овозда гап бошлади:

«Формен, биз сизга нохуш бир нарсани айтиш учун тўпландик. Сиз бу ерда, мана, неча йиллардан бери ишлаб келаяпсиз. Шу пайтгача зиммангиздаги вазифани шараф билан адо этдингиз…».

Иш юритувчилар ҳам бош силкишиб маъқуллашди.

«Лекин яқинда мен ғалати бир нарсани сезиб қолдим, бу ҳақда иш юритувчиларга билдириб қўйишни ўз бурчим, деб билдим. Сиз ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмас экансиз, шундайми?»

Албертнинг юзида хижолатдан асар ҳам сезилмасди.

«Собиқ муовин буни биларди, сер, — жавоб қилди у. — У саводли бўлиш шарт эмас, деганди. Шундоғам дунё саводлиларга тўлиб ётибди, дерди доим».

«Ё, тавба! — деб юборди иш юритувчилардан бири. — Наҳотки, шу черковда ўн олти йилдан бери руҳонийлик қилиб, бирор марта ўқишу ёзишни ўрганишга ҳатто уриниб ҳам кўрмаган бўлсангиз?»

«Ўн икки ёшимдан хизматкорлик қилганман. Мен ишлаган биринчи жойдаги ошпаз мени ўқитишга уриниб кўрган эди. Лекин бунга иқтидорим етмаган, шекилли. Кейинчалик вақт бўлмади. Бошқа томондан, ўқишни ўрганишнинг менга кераги ҳам йўқ эди».

«Лекин янгиликларни қандай билгансиз? — деб сўради иккинчи иш юритувчи. — Наҳотки, бирор марта хат ёзмаган бўлсангиз?»

«Йўқ, сер, билмадим, шусиз ҳам куним ўтаяпти-ку. Ҳозир ҳамма газетада расми бор, шуларга қараб билиб олавераман. Хатни бўлса хотиним ёзиб беради».

Иш юритувчилар муовинга бир қарашди-да, кейин столга термулиб қолишди.

«Майли, Формен, мен бу биродарлар билан гаплашдим. Улар ҳам аҳвол анча мураккаблигини тушунишди. Авлиё Пётр черковига ўхшаган черковда саводсиз руҳонийнинг бўлиши мумкин эмас».

Алберт Эдварднинг озғин, рангпар юзига қизиллик югурди. У жойида нотинч қимирлаб қўйди-ю, лекин ҳеч нарса демади.

«Ўргансангиз бўлади-ку, Формен?», деди иш юритувчилардан бири.

«Йўқ, сер, энди ўрганолмайман. Кўриб турибсиз, ёш эмасман. Болалик пайтимда ўрганолмаган ўқишни энди ўрганишимга кўзим етмайди».

«Сизни қийнаш ниятимиз йўқ, Формен, — деди муовин, — аммо иш юритувчилар билан бирга шундай фикрга келдик. Сизга уч ой муҳлат берамиз, агар шу муддат охирига келиб ўқишни ҳам, ёзишни ҳам ўргана олмасангиз, минг афсуски, бу ердан кетишингизга тўғри келади».

Алберт Эдвард янги келган муовинни ёқтирмасди. Бошидаёқ Авлиё Пётрга бу одамни муовинликка тайинлаб юбориб хато қилишди, деб айтганди. Алберт ўз иззатини биларди. Шунинг учун қаддини ростлади.

«Афсуски, сер, ўрганиш қўлимдан келмайди. Фалакнинг бундай ғаройиботларини ўрганиш учун кечикдим, жудаям қартайиб қолдим. Ўқишу ёзиш нималигини билмай шунча йил яхши яшадим, агар буларни ўрганишга ҳозир қурбим етгандаям, хоҳламаган бўлардим».

«Ундай бўлса, Формен, афсуски, ишдан бўшашингизга тўғри келади».

«Ҳа, сер, тушундим. Менинг ўрнимга одам топишингиз биланоқ аризамни ёзаман».

Лекин Алберт Эдвард одатдагидек хушмуомалалик билан муовин ва иш юритувчилар орқасидан черков эшигини ёпгач, хўрлиги келиб беихтиёр лаблари титрай бошлади. Бир-бир қадам ташлаб тиловатхонага қайтди ва руҳонийлик либосини илгичга осди. Бу либос қанчадан-қанча никоҳ тўйлари-ю, дафн маросимларини кўрганини ўйлаб “уҳ” тортди. Ҳамма жойни тозалаб, палтосини кийди-да, шляпасини олиб, черковдан чиқди. Черков эшигини ёпиб, майдонни шошилмасдан кесиб ўтди. Аммо ғамга ботиб, уйига олиб борадиган кўчадан ўтиб кетди. Шошилмасдан юраверди. Кўнгли жуда ғаш бўлди. Энди нима қилишини билмасди. Яна аввалгидек бировларнинг уйида хизматкор бўлишни хоҳламасди. Шунча йил озод юргандан кейин бировнинг хизматини қилиш қўлидан ҳам келмасди. Ҳозиргача у анчагина пул жамғариб қўйганди, лекин бу пуллар умрининг охиригача ҳеч қаерда ишламай яшашга етмасди. Бунинг устига нарх-наво ҳам йилдан-йилга ошиб бораётир. Ҳеч қачон бир куни шунақа муаммога рўбарў келишини ўйламаганди. Авлиё Пётр руҳонийлари, Рим папаларига ўхшаб, умрларининг охиригача ўз вазифаларида қолишарди. Алберт чуқур хўрсинди. У жуда кам чекарди ва деярли ичмасди. Фақат баъзан тушликдан кейин озгина пиво ичишни хуш кўрар, ҳолдан тойган пайтларида бир-икки дона сигарета чекиши мумкин эди. Ҳозир ҳам сигарета чекиб овунмоқчи бўлди. Ўзи билан олиб юрмагани учун тамаки сотадиган дўкон қидира бошлади. Ҳа деганда бирор дўкон топа олмагач, юришга тўғри келди. Бу узун кўчада ҳар хил дўконлар кўп бўлсаям, бирортасида тамаки сотилмасди.

“Қизиқ-ку”, деди Алберт Эдвард. Тоза ишонч ҳосил қилиш учун кўчани яна бир марта айланди. Йўқ, тамаки дўкони йўқ эди. У тўхтаб, ўйчан қиёфада у ёқ-бу ёққа қаради.

“Мендан бошқа ҳам бу кўчада сигарета қидириб юрганлар бўлса керак”, деди у. “Агар бирор киши бу ерда тамаки сотадиган дўкон очса, анча пул ишлаб оларкан”.

У бирдан сапчиб кетди:

“Ахир, бу зўр фикр-ку!”, деди у. “Тавба, ҳеч кутмаган пайтда мияга шунақа фикрлар келади-я!”

Алберт тез-тез юриб, уйига борди ва чойини ичди.

“Бугун жуда камгапсан?”, деб сўради хотини.

“Мен ўйлаяпман”, деди у.

Режасини ҳар томонлама пишитди ва эртасига ўша кўчага борди. Омади келиб, ижарага бериладиган дўконча топди. 24 соатдан кейин дўконни ижарага олиб, бир ойдан кейин тамаки ва газета сотувчи бўлиб тижоратни бошлади. Хотини Авлиё Пётрда руҳонийликдан кейин савдо-сотиқ билан шуғулланиш ўзини ерга уриш билан тенг, деди. У эса бунга жавобан яшаш учун одам ишлаши кераклигини айтди.

Алберт Эдварднинг ишлари юришиб кетди. Шунчалик юришдики, бир йиллардан кейин у яна бир дўкон олиб, унга иш бошқарувчи ёллашни ўйлай бошлади. У тамаки дўкони йўқ бошқа кўчани қидирди. Шундай кўчани топгач, у ердан ҳам ижарага дўкон олди. Бу дўкон ҳам яхши фойда бера бошлади. Кейин у иккита дўконнинг ишини олиб бораётган бўлсам, олтитасини ҳам эплайман, деб ўйлади. Лондон бўйлаб юриб, қаерда тамаки дўкони йўқ кўча кўрса, ўша жойдан ижарага дўкон олаверди. Ўн йил ичида Албертнинг дўконлари сони ўнтага етди ва у қийинчиликсиз тинмай пул ишлай бошлади. Ҳар душанба куни у дўконларни айланиб чиқиб, бир ҳафталик фойдани йиғар ва маблағни банкка қўярди.

Бир куни эрталаб бир боғлам банкнотлар ва оғир сумка тўла пулни банкдаги ҳисоб рақамига қўяётганда кассир банк директори у билан учрашмоқчи эканини айтди. У хонага киргач, директор билан қўл қисиб кўришди.

“Жаноб Формен, сиз билан банкимизга қўйган пулингиз ҳақида гаплашмоқчи эдим. Пулингиз қанча бўлганини биласизми?”

“Аниқ эмасу, лекин тахминан биламан, сер”.

“Ҳозирги берганларингизни ҳисобламасак, ўттиз минг фунт стерлингдан сал кўпроқ. Бу ҳисоб рақамда бекор ётадиган маблағ эмас. Бу маблағни харажат қилсангиз кўпроқ фойда оласиз”.

“Таваккал қилишдан қўрқаман, сер. Банкда бўлса, улар ишончли қўлларда”.

“Сиз бу ҳақда ҳеч ҳам қайғурманг. Биз сизга мутлақо хавфсиз, ишончли қимматбаҳо қоғозлар рўйхатини берамиз. Улар сизга банкдан олаётган фойдангиздан анча кўп фойда келтиради”.

Жаноб Форменнинг зодагонларга хос қиёфасида безовталик пайдо бўлди.

“Актсияю пайлар билан ҳеч қачон шуғулланмаганман. Пулларим банкингизда тураверсин дегандим”.

Директор жилмайди: “Ҳаммасини ўзимиз қиламиз. Кейинги сафар келганингизда пул ўтказиш ҳақидаги ҳужжатларга қўл қўйсангиз бўлди”.

“Қўл қўя оламан, — деди Алберт иккиланиб, — лекин нимага қўл қўяётганимни қандай биламан?”

“Ҳар ҳолда ўқишни билсангиз керак?”, деди директор бироз аччиқланиб.

Жаноб Форменнинг чеҳрасида беозор табассум пайдо бўлди.

“Биласизми, сер, фақат мана шу иш қўлимдан келмайди. Гапимдан кулишингиз мумкин. Аммо мен ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайман. Исмимни ёзишниям тижорат билан шуғуллана бошлагач ўргандим”.

Директор ҳайратдан ўтирган курсисидан сапчиб кетди.

“Бунақасини энди эшитишим”. Худди афсонавий махлуқни кўраётгандек Албертга бақрайиб қаради.

“Наҳотки, шундай катта даражага, ўттиз минг фунт стерлинг бойликка ўқишни билмаган ҳолда эришган бўлсангиз? Эй Худо, дўстим, агар ўқишни билганингизда ҳозир қандай одам бўлган бўлардингиз-а!”
“Ўқишни билганимда, сер, — деди жаноб Формен зодагонларга хос чеҳрасида хиёл табассум билан, — агар ўқишни билганимда, Невил майдонидаги Авлиё Пётр черковига бориб, руҳоний бўлган бўлардим”.

ЁМОН КУНДА ЙЎЛДОШИНГ

Ўттиз йилдан бери яқинларимни ўрганаман. Мен уларни яхши биламан, деб айтолмайман. Ўйлашимча, биз учратган, танишган одамларга кўпинча юзига қараб баҳо берамиз. Жағининг тузлиши, оғзининг бичими, кўз қарашларидан хулоса чиқарамиз. Одамлар ўзларининг инсон тўғрисидаги илк таассуротлари ҳар доим тўғри чиқишини айтишган пайтга елкамни қисаман. Ўзимга келганда, кўраманки, узоқ вақтдан бери билган одамларим ҳар гал: «Энг қалин дўстларим фақат шулар бироқ улар тўғрисида ҳеч нарса билмайман десам тўғри бўлади», деб мени ҳайрон қолдиришади.

Бугун эрталабки газетадан Эдвард Ҳаид Бартоннинг Кобеда вафот этганини ўқиб, миямга шу фикрлар келди. У савдогар эди, Кўп йиллар Японияда яшади. Уни яхши билмасдим, бироқ кутилмаганда қизиқиб қолдим, чунки бир сафар у менга ғаройиб бир улги улащди. Агар бу ҳикояни ўз оғзидан эшитмаганимда, унинг қўлидан шунуқа иш келищига ҳеч ҳам ишонмаган бўлардим. Ҳикоянинг фавқулодда таъсирли чиқишига афт-ангорининг, феъл-атворининг қандайдир бошқачалиги сабаб бўлди. У жиккаккина одам: жуда озғин, сочлари оқ, қизил юзини ажин босган, кўзлари кўк эди. Менингча, танишган пайтларимда тахминан олтмиш ёшларда эди. Бартон ҳамиша тоза, одми, ёши ва мартабасига мос кийинарди.

Идораси Кобеда бўлса-да, Бартон тез-тез Ёкогамага келиб турарди. Бир гал кема кутиб бир неча кунни Ёкогамада ўтказишимга тўғри келган, шунда инглиз клубида уни менга таништиришди. Биз қимор ўйнадик. У ақлни ишлатиб, қурумсоқлик қилмай ўйнади. Ичимлик ичаётганимизда бир-икки марта гап қўшганини айтмаганда, ўша куни уни гапирмади деса ҳам бўлади. Гаплари хийла баъмани эди. Ўзи эса хотиржам, кайфияти яхши эди. Чамаси, Бартоннинг клубда обрўси баланд эди. Чунки кетганидан сўнг қартабозлар уни зўр ўйинчилардан бири, дейишади. Бу воқеалар икаламиз ҳам Гранд Отелда турганимизда рўй берди ва эртаси куни у мени тушликка таклиф қилди. Мен унинг тўладан келган, ёши ўтиб қолган , доим кулиб турадиган хотини, икки қизи билан танишдим. Албатта, аҳил ва бир-бирига меҳрибон оила эди бу. Бартоннинг феъл-атворидаги мени ўзига тортган хислат хайрихоҳлик эди. Унинг беозор мовий кўзларида кишига хуш ёқадиган нимадир бор эди. Овози ипакдай майин, жаҳли чиқиб, овозини кўтарган ҳолатини тасаввурингизга сиғдира олмасдингиз. Кулгуси ҳам жуда самимий, гўё меҳригиёси бор эди. Чунки сиз унинг муомаласидан ўзингизга хайрихоҳлик сезардингиз. Истараси иссиқ эди. Бироқ нозик табиатли деб бўлмасди: у қарта ўйини-ю, коктейлини яхши кўрар, ичак узар латифаларни қиёмига етказиб айтишни ҳам ўринлатар, ёшлигида спорт билан ҳам оз-моз шуғулланган экан чоғи, ўзига тўқ бу одам кўп пул топарди. У шундай кичкина ва беозор эди-ки, беихтиёр ёқтириб қолардингиз. Уни нимадандир ҳимоя қилгингиз келарди. У ҳақда «қўй оғзидан чўп олмайдиган, ювош одам», деб ўйлардингиз.

Бир куни тушдан кейин мен Гранд Отелнинг оромхонасида ўтирардим. Деразалардан кемага тўла бандаргоҳнинг ажойиб манзарасини томоша қилса бўларди. Йўловчи ташувчи улкан пароходлар, турли мамлакатларнинг савдо кемалари, хитойча елканли кемалару бири у ёққа, бири бу ёққа сузиб юрган қайиқларгача кўриниб турарди. Бу жой жуда сершовқин эди, бироқ нимасидир кўнгилга таскин берарди.

Орадан кўп ўтмай оромхонага Бартон кириб келди. Мени кўриб, ёнимдаги курсига чўкди.

«Қиттак ичмаймизми? Нима дейсиз?»

У чапак чалиб югурдак болани чақирди ва икки стакан ароқ буюрди. Бола ароқни олиб келаётганда, кўчадан ўтиб кетаётган таниш мени кўриб қўлини силкитди.

«Тёрнерни танийсизми?» мен ҳам унга бош сермаб салом берганимдан сўнг сўради Бартон.

«У билан клубда танишдим. Тёрнерни менга ватанидан келадиган пул ҳисобига яшайдиган муҳожирлардан деб айтишди».

«Тўғри. Бу ерда шунақа муҳожирлардан бир талайи яшайди».

«У қартани зўр ўйнаркан».

«Уларнинг ҳаммаси яхши ўйнайди. Ўтган йили бу ерга бир йигит келганди, менинг фамилиядошим, мен билган одамлар орасида қартани энг яхши ўйнайдигани шу йигит эди. Сиз бунақасини Лондонда учратмагансиз. Исми Ленни Бартон эди».

«Йўқ. Бунақа фамилияни эслай олмаяпман».

«Ленни жуда зўр ўйинчи эди. У картани худди олдиндан нима бўлишини сезаётганга ўхшаб ўйнарди. Ўйинини кўриб қойил қолганингиздан ёқа ушлардингиз. У билан кўп ўйнаб кўрганман. Ленни Кобеда ҳам анча вақт яшади».

Бартон ароғидан ҳўплади.

«Бу анча кулгили воқеа. Ленни ўзи ёмон йигит эмасди. У менга ёқарди. Доим бинойидай кийиниб юрар, жингалаксоч, қизил юзли келишган йигит эди. Аёлларга жуда ёқарди. Бировга зиёни тегмасди. Лекин ўзини тийишни билмасди, бўкканча ичарди. Ўзи бу унга ўхшаган йигитлар учун одат бўлиб қолган. Уч ойда деганда уйидан озгина пул келарди. Бундан ташқари, Леннининг ўзи ҳам қартадан оз-моз пул ютиб турарди. Мен унга яхши муомала қилардим.»

Бартон кулиб қўйди.

«Менингча, ўзимга яқин олганим учун ҳам Ленни пулсиз қолганида олдимга келди. Албатта, бир куни у идорамга келиб, иш топиб беришимни илтимос қилди. Ҳайрон қолдим. Ленни уйидан пул юбормай қўйишганини, энди ишламоқчи эканини айтди. Ундан ёшини сўрадим.»

«Ўттиз бешдаман», деди.

«Авваллари нима иш қилгансан?» деб сўрадим.

«Айтарли ҳеч иш қилмаганман», деди.

Бу гапини эшитиб кулиб юбордим.

«Мен сенга ҳозир ҳеч қандай ёрдам беролмайман,- дедим унга. — Яна ўттиз беш йиллардан кейин олдимга келсанг, сенга қандай иш топиб бериш мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўраман.»

Ленни жойида қотди. Ранги оқарди. Бир оз гарангсиб турди-да, кейин анчадан бери қартада омади келмаётганини айтди. Чўнтагида бир тийини йўқ, эди. Бор нарсасини гаровга қўйган. Яшаб турган меҳмонхона ҳақини ҳам тўлай олмасди. Меҳмонхонадагилар эса унга яна қарзга жой беришга рози бўлишмаган. У жуда ёмон аҳволда қолган эди. Агар бирор иш тополмаса, ўзини ўзи ўлдириши ҳам ҳеч гап эмасди.

Унга диққат билан қарадим. Ленни дармонсиз бир аҳволда турарди. Кўп ароқ ичганидан кўриниши ҳам қартайиб қолган одамга ўхшарди.

«Қарта ўйнашдан бошқа яна бирор иш қўлингдан келадими?» деб сўрадим ундан.

«Сузишни биламан», деди.

«Сузишни!»

Анграйиб қолдим. Бу шунуқанги аҳмоқона жавоб бўлдики…

«Университетимнинг спорт жамоасида сузганман».

«Ёшлигимдан мен ҳам сузишни қойиллатганман», дедим мен.

Шу пайт хаёлимга бир фикр келди…

Бартон ҳикоясини тўхтатиб, менга юзланди.

«Кобеда бўлганмисиз?», деб сўради у.

«йўқ, — дедим мен. — Тўғри, бир марта Кобедан ўтганману, лекин у ерда фақат бир оқшом тунаганман.»

«Ундай бўлса сиз Шиоя клубидаям бўлганмисиз.Мен йигитлик пайтимда шу жойдан сузишни бошлаб, маёқ ёнидан ўтганман ва Таруми қўлтиғигача сузиб борганман. Бу, уч милдан зиёдроқ масофани, маёқ атрофидаги кучли оқимга бас келиб, сузиб ўтиш анча қийин.»

Хуллас, мен ёш дўстимга бу ҳақда сўзлаб бердим ва «агар шу масофани сузиб ўтсанг, сенга иш топиб бераман», дедим.

Таклифим Леннини эсанкиратиб қўйди.

«Сузишни биламан деб айтаяпсан-ку», дедим мен.

«Лекин ҳозир яхши аҳволда эмасман-да», деди у.

Мен ҳеч нарса демадим. Елкамни қисдим. Ленни менга бироз қараб турди-да, кейин бошини сермади.

«Бўпти, — деди у. — Қачон сузишимни хоҳлайсиз?»

Соатимга қарадим. Эндигина ўндан ўтганди.

«Сузишга бир ярим соат вақтинг кетади. Мен ўн икки яримда қўлтиққа бориб, сени кутиб оламан. Кийиниб олишинг учун клубга қайтамиз. Кейин бирга тушлик қиламиз.»

«Келишдик», деди у.

Биз қўл олишдик. Унга омад тиладим, у кетди. Ўша куни эрталаб ишларим қайнади, ўн икки яримда қўлтиққа базур етиб бордим. Леннини кута бошладим. Лекин бекорга кутган эканман».

«Сузишга юраги дов бермабдими?», деб сўрадим мен.

«Йўқ. У сузишни бошлаган. Аммо ароқни кўп ичиб соғлиғини ишдан чиқарган эди. Маёқ атрофидаги оқимни енгиб ўтолмаган. Леннининг жасадини уч кундан кейин топдик».

Қанча вақт жим турганимни билмайман. Гангиб қолган эдим. Кейин Бартонга савол бердим:

«Унга иш таклиф қилган пайтингизда, чўкиб кетиши мумкинлигини билармидингиз?»

Бартон секин кулди-да, менга ўзининг меҳрибон мовий кўзлари билан қаради. Қўли билан иягини ишқалади.
«Ўзи ўша пайтда идорамда бўш жой йўқ эди».

032

Somerset Moem
HIKOYALAR
Alisher Otaboev tarjimalari
021

RUHONIY

…Albert Edvard Formen ruhoniylik libosini, xuddi cherkovning ulug‘vor ramzidek, o‘zgacha faxr-g‘urur bilan kiyardi, ularni o‘zi yuvib, o‘zi dazmollardi. Avliyo Pyotr cherkovida o‘n olti yil xizmat qilib, bir qancha ridolarni kiyib to‘zdirganiga qaramay, eskirganlarining birortasini ham tashlab yubormagandi. Ularning hammasi jigarrang qog‘ozga o‘rog‘liq holda, yotoqxonasidagi shkafda saqlanardi.
Ruhoniy Albert tilovatxonani sarishtalab, uyiga ketishi uchun yepiskop muovinining u yerdan chiqishini kutayotgan edi.
“U bu yerga nimaga kelgan ekan?”, dedi ichida. “Qornim ochganiniyam o‘ylamaydi”.
Yangi muovin bu vazifaga yaqindagina tayinlangan edi. Qizil yuzli, tinib-tinchimas bu odamning yoshi qirqlardan sal oshgan. Albert Edvard sobiq muovinni, eskicha maktabni tugatgan, bosiq va bunga o‘xshab har narsaga burnini suqavermaydigan kishini hamon eslardi.
Ko‘p o‘tmay ruhoniy o‘zi tomon kelayotgan muovinni ko‘rdi.
“Formen, men bilan yuring, Sizga aytadigan gapim bor”.
“Xo‘p bo‘ladi, ser”.
Avval muovin, keyin Albert Edvard tilovatxonaga kirdi. Xonada ikki ish yurituvchi o‘tirganini ko‘rib, Albert biroz taraddudlanib qoldi. Ularning bu joyga kirayotganini ko‘rmagandi. Ikkalasi ham jilmayib bosh silkitishdi.
“Xayrli kun, milord. Salom, ser”, so‘rashdi Albert ular bilan birma-bir.
Har ikkala ish yurituvchining ham yoshi ulug‘. Albert qachondan beri ruhoniylik qilib kelayotgan bo‘lsa, deyarli shuncha yildan beri ular ish yurituvchilik xizmatida. Ular muovin bir zamonlar Italiyadan keltirgan chiroyli stol atrofida o‘tirishardi. Muovin ham ish yurituvchilar orasidagi bo‘sh kursiga borib o‘tirdi. Albert Edvard ularning ro‘parasidan joy egallab, biroz xavotirda “bular nega keldi ekan”, deb o‘ylay boshladi. Bir safar organchi qandaydir mashmashaga aralashib qolib, bosti-bosti qilishga qanchalik qiynalganini Albert unutmagandi. Avliyo Pyotr cherkoviga o‘xshagan cherkovlarda tartib-intizomga juda qattiq turishardi. Muovinning qizil yuzida xotirjamlik bor, lekin ish yurituvchilar tashvishlidek ko‘rinishardi.
“Muovin ularni nimanidir qilishga undayapti, lekin bular xohlashmayapti, chamasi”, dedi Albert ichida. “Bu yerda nimadir bor”.
Biroq bu fikrlar Albertning yuzi-ko‘zida aks etmadi. Uning yuzida hurmat va shu bilan birga, o‘z qadr-qimmatini bilish alomatlari bor edi. Albert ruhoniy bo‘lguncha ko‘p joylarda xizmatkorlik qilgan edi. Ularning bari boy-badavlat oilalar bo‘lgan. Ishlashni boy savdogar oilasida yugurdaklikdan boshlab, beva qolgan boyvuchchaga bosh xizmatkorlik darajasigacha ko‘tarilgandi. Keyin esa, Avliyo Pyotrga ishga kirmasidan avval, qo‘l ostida ikkita yordamchisi bilan iste’foga chiqqan elchi oilasida bosh xizmatkor bo‘lib ishladi. Elchi novcha, ozg‘in, savlatli va o‘z qadrini biladigan odam edi. Ko‘rinishi xuddi gertsogga, hech bo‘lmaganda gertsog rolini o‘ynayotgan aktyorga o‘xshardi. Juda madaniyatli, qat’iyatli va o‘ziga ishongan odam edi.
Muovin baland ovozda gap boshladi:
“Formen, biz sizga noxush bir narsani aytish uchun to‘plandik. Siz bu yerda, mana, necha yillardan beri ishlab kelayapsiz. Shu paytgacha zimmangizdagi vazifani sharaf bilan ado etdingiz…”.
Ish yurituvchilar ham bosh silkishib ma’qullashdi.
“Lekin yaqinda men g‘alati bir narsani sezib qoldim, bu haqda ish yurituvchilarga bildirib qo‘yishni o‘z burchim, deb bildim. Siz o‘qishni ham, yozishni ham bilmas ekansiz, shundaymi?”
Albertning yuzida xijolatdan asar ham sezilmasdi.
“Sobiq muovin buni bilardi, ser, — javob qildi u. — U savodli bo‘lish shart emas, degandi. Shundog‘am dunyo savodlilarga to‘lib yotibdi, derdi doim”.
“Yo, tavba! — deb yubordi ish yurituvchilardan biri. — Nahotki, shu cherkovda o‘n olti yildan beri ruhoniylik qilib, biror marta o‘qishu yozishni o‘rganishga hatto urinib ham ko‘rmagan bo‘lsangiz?”
“O‘n ikki yoshimdan xizmatkorlik qilganman. Men ishlagan birinchi joydagi oshpaz meni o‘qitishga urinib ko‘rgan edi. Lekin bunga iqtidorim yetmagan, shekilli. Keyinchalik vaqt bo‘lmadi. Boshqa tomondan, o‘qishni o‘rganishning menga keragi ham yo‘q edi”.
“Lekin yangiliklarni qanday bilgansiz? — deb so‘radi ikkinchi ish yurituvchi. — Nahotki, biror marta xat yozmagan bo‘lsangiz?”
“Yo‘q, ser, bilmadim, shusiz ham kunim o‘tayapti-ku. Hozir hamma gazetada rasmi bor, shularga qarab bilib olaveraman. Xatni bo‘lsa xotinim yozib beradi”.
Ish yurituvchilar muovinga bir qarashdi-da, keyin stolga termulib qolishdi.
“Mayli, Formen, men bu birodarlar bilan gaplashdim. Ular ham ahvol ancha murakkabligini tushunishdi. Avliyo Pyotr cherkoviga o‘xshagan cherkovda savodsiz ruhoniyning bo‘lishi mumkin emas”.
Albert Edvardning ozg‘in, rangpar yuziga qizillik yugurdi. U joyida notinch qimirlab qo‘ydi-yu, lekin hech narsa demadi.
“O‘rgansangiz bo‘ladi-ku, Formen?”, dedi ish yurituvchilardan biri.
“Yo‘q, ser, endi o‘rganolmayman. Ko‘rib turibsiz, yosh emasman. Bolalik paytimda o‘rganolmagan o‘qishni endi o‘rganishimga ko‘zim yetmaydi”.
“Sizni qiynash niyatimiz yo‘q, Formen, — dedi muovin, — ammo ish yurituvchilar bilan birga shunday fikrga keldik. Sizga uch oy muhlat beramiz, agar shu muddat oxiriga kelib o‘qishni ham, yozishni ham o‘rgana olmasangiz, ming afsuski, bu yerdan ketishingizga to‘g‘ri keladi”.
Albert Edvard yangi kelgan muovinni yoqtirmasdi. Boshidayoq Avliyo Pyotrga bu odamni muovinlikka tayinlab yuborib xato qilishdi, deb aytgandi. Albert o‘z izzatini bilardi. Shuning uchun qaddini rostladi.
“Afsuski, ser, o‘rganish qo‘limdan kelmaydi. Falakning bunday g‘aroyibotlarini o‘rganish uchun kechikdim, judayam qartayib qoldim. O‘qishu yozish nimaligini bilmay shuncha yil yaxshi yashadim, agar bularni o‘rganishga hozir qurbim yetgandayam, xohlamagan bo‘lardim”.
“Unday bo‘lsa, Formen, afsuski, ishdan bo‘shashingizga to‘g‘ri keladi”.
“Ha, ser, tushundim. Mening o‘rnimga odam topishingiz bilanoq arizamni yozaman”.
Lekin Albert Edvard odatdagidek xushmuomalalik bilan muovin va ish yurituvchilar orqasidan cherkov eshigini yopgach, xo‘rligi kelib beixtiyor lablari titray boshladi. Bir-bir qadam tashlab tilovatxonaga qaytdi va ruhoniylik libosini ilgichga osdi. Bu libos qanchadan-qancha nikoh to‘ylari-yu, dafn marosimlarini ko‘rganini o‘ylab “uh” tortdi. Hamma joyni tozalab, paltosini kiydi-da, shlyapasini olib, cherkovdan chiqdi. Cherkov eshigini yopib, maydonni shoshilmasdan kesib o‘tdi. Ammo g‘amga botib, uyiga olib boradigan ko‘chadan o‘tib ketdi. Shoshilmasdan yuraverdi. Ko‘ngli juda g‘ash bo‘ldi. Endi nima qilishini bilmasdi. Yana avvalgidek birovlarning uyida xizmatkor bo‘lishni xohlamasdi. Shuncha yil ozod yurgandan keyin birovning xizmatini qilish qo‘lidan ham kelmasdi. Hozirgacha u anchagina pul jamg‘arib qo‘ygandi, lekin bu pullar umrining oxirigacha hech qaerda ishlamay yashashga yetmasdi. Buning ustiga narx-navo ham yildan-yilga oshib borayotir. Hech qachon bir kuni shunaqa muammoga ro‘baro‘ kelishini o‘ylamagandi. Avliyo Pyotr ruhoniylari, Rim papalariga o‘xshab, umrlarining oxirigacha o‘z vazifalarida qolishardi. Albert chuqur xo‘rsindi. U juda kam chekardi va deyarli ichmasdi. Faqat ba’zan tushlikdan keyin ozgina pivo ichishni xush ko‘rar, holdan toygan paytlarida bir-ikki dona sigareta chekishi mumkin edi. Hozir ham sigareta chekib ovunmoqchi bo‘ldi. O‘zi bilan olib yurmagani uchun tamaki sotadigan do‘kon qidira boshladi. Ha deganda biror do‘kon topa olmagach, yurishga to‘g‘ri keldi. Bu uzun ko‘chada har xil do‘konlar ko‘p bo‘lsayam, birortasida tamaki sotilmasdi.
“Qiziq-ku”, dedi Albert Edvard. Toza ishonch hosil qilish uchun ko‘chani yana bir marta aylandi. Yo‘q, tamaki do‘koni yo‘q edi. U to‘xtab, o‘ychan qiyofada u yoq-bu yoqqa qaradi.
“Mendan boshqa ham bu ko‘chada sigareta qidirib yurganlar bo‘lsa kerak”, dedi u. “Agar biror kishi bu yerda tamaki sotadigan do‘kon ochsa, ancha pul ishlab olarkan”.
U birdan sapchib ketdi:
“Axir, bu zo‘r fikr-ku!”, dedi u. “Tavba, hech kutmagan paytda miyaga shunaqa fikrlar keladi-ya!”
Albert tez-tez yurib, uyiga bordi va choyini ichdi.
“Bugun juda kamgapsan?”, deb so‘radi xotini.
“Men o‘ylayapman”, dedi u.
Rejasini har tomonlama pishitdi va ertasiga o‘sha ko‘chaga bordi. Omadi kelib, ijaraga beriladigan do‘koncha topdi. 24 soatdan keyin do‘konni ijaraga olib, bir oydan keyin tamaki va gazeta sotuvchi bo‘lib tijoratni boshladi. Xotini Avliyo Pyotrda ruhoniylikdan keyin savdo-sotiq bilan shug‘ullanish o‘zini yerga urish bilan teng, dedi. U esa bunga javoban yashash uchun odam ishlashi kerakligini aytdi.
Albert Edvardning ishlari yurishib ketdi. Shunchalik yurishdiki, bir yillardan keyin u yana bir do‘kon olib, unga ish boshqaruvchi yollashni o‘ylay boshladi. U tamaki do‘koni yo‘q boshqa ko‘chani qidirdi. Shunday ko‘chani topgach, u yerdan ham ijaraga do‘kon oldi. Bu do‘kon ham yaxshi foyda bera boshladi. Keyin u ikkita do‘konning ishini olib borayotgan bo‘lsam, oltitasini ham eplayman, deb o‘yladi. London bo‘ylab yurib, qaerda tamaki do‘koni yo‘q ko‘cha ko‘rsa, o‘sha joydan ijaraga do‘kon olaverdi. O‘n yil ichida Albertning do‘konlari soni o‘ntaga yetdi va u qiyinchiliksiz tinmay pul ishlay boshladi. Har dushanba kuni u do‘konlarni aylanib chiqib, bir haftalik foydani yig‘ar va mablag‘ni bankka qo‘yardi.
Bir kuni ertalab bir bog‘lam banknotlar va og‘ir sumka to‘la pulni bankdagi hisob raqamiga qo‘yayotganda kassir bank direktori u bilan uchrashmoqchi ekanini aytdi. U xonaga kirgach, direktor bilan qo‘l qisib ko‘rishdi.
“Janob Formen, siz bilan bankimizga qo‘ygan pulingiz haqida gaplashmoqchi edim. Pulingiz qancha bo‘lganini bilasizmi?”
“Aniq emasu, lekin taxminan bilaman, ser”.
“Hozirgi berganlaringizni hisoblamasak, o‘ttiz ming funt sterlingdan sal ko‘proq. Bu hisob raqamda bekor yotadigan mablag‘ emas. Bu mablag‘ni xarajat qilsangiz ko‘proq foyda olasiz”.
“Tavakkal qilishdan qo‘rqaman, ser. Bankda bo‘lsa, ular ishonchli qo‘llarda”.
“Siz bu haqda hech ham qayg‘urmang. Biz sizga mutlaqo xavfsiz, ishonchli qimmatbaho qog‘ozlar ro‘yxatini beramiz. Ular sizga bankdan olayotgan foydangizdan ancha ko‘p foyda keltiradi”.
Janob Formenning zodagonlarga xos qiyofasida bezovtalik paydo bo‘ldi.
“Aktsiyayu paylar bilan hech qachon shug‘ullanmaganman. Pullarim bankingizda turaversin degandim”.
Direktor jilmaydi: “Hammasini o‘zimiz qilamiz. Keyingi safar kelganingizda pul o‘tkazish haqidagi hujjatlarga qo‘l qo‘ysangiz bo‘ldi”.
“Qo‘l qo‘ya olaman, — dedi Albert ikkilanib, — lekin nimaga qo‘l qo‘yayotganimni qanday bilaman?”
“Har holda o‘qishni bilsangiz kerak?”, dedi direktor biroz achchiqlanib.
Janob Formenning chehrasida beozor tabassum paydo bo‘ldi.
“Bilasizmi, ser, faqat mana shu ish qo‘limdan kelmaydi. Gapimdan kulishingiz mumkin. Ammo men o‘qishni ham, yozishni ham bilmayman. Ismimni yozishniyam tijorat bilan shug‘ullana boshlagach o‘rgandim”.
Direktor hayratdan o‘tirgan kursisidan sapchib ketdi.
“Bunaqasini endi eshitishim”. Xuddi afsonaviy maxluqni ko‘rayotgandek Albertga baqrayib qaradi.
“Nahotki, shunday katta darajaga, o‘ttiz ming funt sterling boylikka o‘qishni bilmagan holda erishgan bo‘lsangiz? Ey Xudo, do‘stim, agar o‘qishni bilganingizda hozir qanday odam bo‘lgan bo‘lardingiz-a!”
“O‘qishni bilganimda, ser, — dedi janob Formen zodagonlarga xos chehrasida xiyol tabassum bilan, — agar o‘qishni bilganimda, Nevil maydonidagi Avliyo Pyotr cherkoviga borib, ruhoniy bo‘lgan bo‘lardim”.

YOMON KUNDA YO’LDOSHING

O‘ttiz yildan beri yaqinlarimni o‘rganaman. Men ularni yaxshi bilaman, deb aytolmayman. O‘ylashimcha, biz uchratgan, tanishgan odamlarga ko‘pincha yuziga qarab baho beramiz. Jag‘ining tuzlishi, og‘zining bichimi, ko‘z qarashlaridan xulosa chiqaramiz. Odamlar o‘zlarining inson to‘g‘risidagi ilk taassurotlari har doim to‘g‘ri chiqishini aytishgan paytga yelkamni qisaman. O‘zimga kelganda, ko‘ramanki, uzoq vaqtdan beri bilgan odamlarim har gal: «Eng qalin do‘stlarim faqat shular biroq ular to‘g‘risida hech narsa bilmayman desam to‘g‘ri bo‘ladi», deb meni hayron qoldirishadi.
Bugun ertalabki gazetadan Edvard Haid Bartonning Kobeda vafot etganini o‘qib, miyamga shu fikrlar keldi. U savdogar edi, Ko‘p yillar Yaponiyada yashadi. Uni yaxshi bilmasdim, biroq kutilmaganda qiziqib qoldim, chunki bir safar u menga g‘aroyib bir ulgi ula?di. Agar bu hikoyani o‘z og‘zidan eshitmaganimda, uning qo‘lidan shunuqa ish keli?iga hech ham ishonmagan bo‘lardim. Hikoyaning favqulodda ta’sirli chiqishiga aft-angorining, fe’l-atvorining qandaydir boshqachaligi sabab bo‘ldi. U jikkakkina odam: juda ozg‘in, sochlari oq, qizil yuzini ajin bosgan, ko‘zlari ko‘k edi. Meningcha, tanishgan paytlarimda taxminan oltmish yoshlarda edi. Barton hamisha toza, odmi, yoshi va martabasiga mos kiyinardi.
Idorasi Kobeda bo‘lsa-da, Barton tez-tez Yokogamaga kelib turardi. Bir gal kema kutib bir necha kunni Yokogamada o‘tkazishimga to‘g‘ri kelgan, shunda ingliz klubida uni menga tanishtirishdi. Biz qimor o‘ynadik. U aqlni ishlatib, qurumsoqlik qilmay o‘ynadi. Ichimlik ichayotganimizda bir-ikki marta gap qo‘shganini aytmaganda, o‘sha kuni uni gapirmadi desa ham bo‘ladi. Gaplari xiyla ba’mani edi. O‘zi esa xotirjam, kayfiyati yaxshi edi. Chamasi, Bartonning klubda obro‘si baland edi. Chunki ketganidan so‘ng qartabozlar uni zo‘r o‘yinchilardan biri, deyishadi. Bu voqealar ikalamiz ham Grand Otelda turganimizda ro‘y berdi va ertasi kuni u meni tushlikka taklif qildi. Men uning to‘ladan kelgan, yoshi o‘tib qolgan , doim kulib turadigan xotini, ikki qizi bilan tanishdim. Albatta, ahil va bir-biriga mehribon oila edi bu. Bartonning fe’l-atvoridagi meni o‘ziga tortgan xislat xayrixohlik edi. Uning beozor moviy ko‘zlarida kishiga xush yoqadigan nimadir bor edi. Ovozi ipakday mayin, jahli chiqib, ovozini ko‘targan holatini tasavvuringizga sig‘dira olmasdingiz. Kulgusi ham juda samimiy, go‘yo mehrigiyosi bor edi. Chunki siz uning muomalasidan o‘zingizga xayrixohlik sezardingiz. Istarasi issiq edi. Biroq nozik tabiatli deb bo‘lmasdi: u qarta o‘yini-yu, kokteylini yaxshi ko‘rar, ichak uzar latifalarni qiyomiga yetkazib aytishni ham o‘rinlatar, yoshligida sport bilan ham oz-moz shug‘ullangan ekan chog‘i, o‘ziga to‘q bu odam ko‘p pul topardi. U shunday kichkina va beozor edi-ki, beixtiyor yoqtirib qolardingiz. Uni nimadandir himoya qilgingiz kelardi. U haqda «qo‘y og‘zidan cho‘p olmaydigan, yuvosh odam», deb o‘ylardingiz.
Bir kuni tushdan keyin men Grand Otelning oromxonasida o‘tirardim. Derazalardan kemaga to‘la bandargohning ajoyib manzarasini tomosha qilsa bo‘lardi. Yo‘lovchi tashuvchi ulkan paroxodlar, turli mamlakatlarning savdo kemalari, xitoycha yelkanli kemalaru biri u yoqqa, biri bu yoqqa suzib yurgan qayiqlargacha ko‘rinib turardi. Bu joy juda sershovqin edi, biroq nimasidir ko‘ngilga taskin berardi.
Oradan ko‘p o‘tmay oromxonaga Barton kirib keldi. Meni ko‘rib, yonimdagi kursiga cho‘kdi.
«Qittak ichmaymizmi? Nima deysiz?»
U chapak chalib yugurdak bolani chaqirdi va ikki stakan aroq buyurdi. Bola aroqni olib kelayotganda, ko‘chadan o‘tib ketayotgan tanish meni ko‘rib qo‘lini silkitdi.
«Tyornerni taniysizmi?» men ham unga bosh sermab salom berganimdan so‘ng so‘radi Barton.
«U bilan klubda tanishdim. Tyornerni menga vatanidan keladigan pul hisobiga yashaydigan muhojirlardan deb aytishdi».
«To‘g‘ri. Bu yerda shunaqa muhojirlardan bir talayi yashaydi».
«U qartani zo‘r o‘ynarkan».
«Ularning hammasi yaxshi o‘ynaydi. O‘tgan yili bu yerga bir yigit kelgandi, mening familiyadoshim, men bilgan odamlar orasida qartani eng yaxshi o‘ynaydigani shu yigit edi. Siz bunaqasini Londonda uchratmagansiz. Ismi Lenni Barton edi».
«Yo‘q. Bunaqa familiyani eslay olmayapman».
«Lenni juda zo‘r o‘yinchi edi. U kartani xuddi oldindan nima bo‘lishini sezayotganga o‘xshab o‘ynardi. O‘yinini ko‘rib qoyil qolganingizdan yoqa ushlardingiz. U bilan ko‘p o‘ynab ko‘rganman. Lenni Kobeda ham ancha vaqt yashadi».
Barton arog‘idan ho‘pladi.
«Bu ancha kulgili voqea. Lenni o‘zi yomon yigit emasdi. U menga yoqardi. Doim binoyiday kiyinib yurar, jingalaksoch, qizil yuzli kelishgan yigit edi. Ayollarga juda yoqardi. Birovga ziyoni tegmasdi. Lekin o‘zini tiyishni bilmasdi, bo‘kkancha ichardi. O‘zi bu unga o‘xshagan yigitlar uchun odat bo‘lib qolgan. Uch oyda deganda uyidan ozgina pul kelardi. Bundan tashqari, Lennining o‘zi ham qartadan oz-moz pul yutib turardi. Men unga yaxshi muomala qilardim.»
Barton kulib qo‘ydi.
«Meningcha, o‘zimga yaqin olganim uchun ham Lenni pulsiz qolganida oldimga keldi. Albatta, bir kuni u idoramga kelib, ish topib berishimni iltimos qildi. Hayron qoldim. Lenni uyidan pul yubormay qo‘yishganini, endi ishlamoqchi ekanini aytdi. Undan yoshini so‘radim.»
«O‘ttiz beshdaman», dedi.
«Avvallari nima ish qilgansan?» deb so‘radim.
«Aytarli hech ish qilmaganman», dedi.
Bu gapini eshitib kulib yubordim.
«Men senga hozir hech qanday yordam berolmayman,- dedim unga. — Yana o‘ttiz besh yillardan keyin oldimga kelsang, senga qanday ish topib berish mumkinligi haqida o‘ylab ko‘raman.»
Lenni joyida qotdi. Rangi oqardi. Bir oz garangsib turdi-da, keyin anchadan beri qartada omadi kelmayotganini aytdi. Cho‘ntagida bir tiyini yo‘q, edi. Bor narsasini garovga qo‘ygan. Yashab turgan mehmonxona haqini ham to‘lay olmasdi. Mehmonxonadagilar esa unga yana qarzga joy berishga rozi bo‘lishmagan. U juda yomon ahvolda qolgan edi. Agar biror ish topolmasa, o‘zini o‘zi o‘ldirishi ham hech gap emasdi.
Unga diqqat bilan qaradim. Lenni darmonsiz bir ahvolda turardi. Ko‘p aroq ichganidan ko‘rinishi ham qartayib qolgan odamga o‘xshardi.
«Qarta o‘ynashdan boshqa yana biror ish qo‘lingdan keladimi?» deb so‘radim undan.
«Suzishni bilaman», dedi.
«Suzishni!»
Angrayib qoldim. Bu shunuqangi ahmoqona javob bo‘ldiki…
«Universitetimning sport jamoasida suzganman».
«Yoshligimdan men ham suzishni qoyillatganman», dedim men.
Shu payt xayolimga bir fikr keldi…
Barton hikoyasini to‘xtatib, menga yuzlandi.
«Kobeda bo‘lganmisiz?», deb so‘radi u.
«yo‘q, — dedim men. — To‘g‘ri, bir marta Kobedan o‘tganmanu, lekin u yerda faqat bir oqshom tunaganman.»
«Unday bo‘lsa siz Shioya klubidayam bo‘lganmisiz.Men yigitlik paytimda shu joydan suzishni boshlab, mayoq yonidan o‘tganman va Tarumi qo‘ltig‘igacha suzib borganman. Bu, uch mildan ziyodroq masofani, mayoq atrofidagi kuchli oqimga bas kelib, suzib o‘tish ancha qiyin.»
Xullas, men yosh do‘stimga bu haqda so‘zlab berdim va «agar shu masofani suzib o‘tsang, senga ish topib beraman», dedim.
Taklifim Lennini esankiratib qo‘ydi.
«Suzishni bilaman deb aytayapsan-ku», dedim men.
«Lekin hozir yaxshi ahvolda emasman-da», dedi u.
Men hech narsa demadim. Yelkamni qisdim. Lenni menga biroz qarab turdi-da, keyin boshini sermadi.
«Bo‘pti, — dedi u. — Qachon suzishimni xohlaysiz?»
Soatimga qaradim. Endigina o‘ndan o‘tgandi.
«Suzishga bir yarim soat vaqting ketadi. Men o‘n ikki yarimda qo‘ltiqqa borib, seni kutib olaman. Kiyinib olishing uchun klubga qaytamiz. Keyin birga tushlik qilamiz.»
«Kelishdik», dedi u.
Biz qo‘l olishdik. Unga omad tiladim, u ketdi. O‘sha kuni ertalab ishlarim qaynadi, o‘n ikki yarimda qo‘ltiqqa bazur yetib bordim. Lennini kuta boshladim. Lekin bekorga kutgan ekanman».
«Suzishga yuragi dov bermabdimi?», deb so‘radim men.
«Yo‘q. U suzishni boshlagan. Ammo aroqni ko‘p ichib sog‘lig‘ini ishdan chiqargan edi. Mayoq atrofidagi oqimni yengib o‘tolmagan. Lennining jasadini uch kundan keyin topdik».
Qancha vaqt jim turganimni bilmayman. Gangib qolgan edim. Keyin Bartonga savol berdim:
«Unga ish taklif qilgan paytingizda, cho‘kib ketishi mumkinligini bilarmidingiz?»
Barton sekin kuldi-da, menga o‘zining mehribon moviy ko‘zlari bilan qaradi. Qo‘li bilan iyagini ishqaladi.
«O‘zi o‘sha paytda idoramda bo‘sh joy yo‘q edi».

005

(Tashriflar: umumiy 1 132, bugungi 1)

Izoh qoldiring