Robert Byorns. Qo’shiq va balladalar.

012
25 январ — Машҳур шотланд шоири Роберт Бёрнс таваллуд топган кун.

    Роберт Бёрнс ўртаҳол шотланд деҳқони оиласида дунёга келди. Замон ўтиб,ер бағридан чиққан оддий деҳқон фарзанди, том маънода шу ғурбатли Замин шоири бўлиб дунёга танилди. Кундузи қўш ҳайдар, шеърлари ўз-ўзидан равон оқа бошлар, кечқурун эса уларни қоғозга туширар, баъзан қоғозга тушмаёқ, шеър халқ орасида машҳур бўлиб кетарди. Шу сабабдан унинг шеърларида Шотландия табиати, содда деҳқонларнинг мураккаб ички дунёси ғоят ўткир дид, ёрқин образлар, чертиб-чертиб олинган сўзлар билан очиб берилади.

011

09Ҳар бир халқнинг асрлар давомида сабр-тоқат билан орзиқиб кутган шоири бўлади… Шотландиянинг, шотланд халқининг буюк куйчиси Роберт Бёрнс ҳам худди шундай орзиқиб кутилган шоирдир.
Роберт Бёрнс ватани Буюк Британия ярим оролининг шимолида жойлашган. Шотландия ўтмишда мустақил бўлган, кейинчалик мустақиллигини йўқотиб, Англияга қўшиб олинган. Ўн саккизинчи аср бошида Шотландия учун расмий тил қилиб инглиз тили қабул қилинди, шотланд тили эса қўшиқлардагина қолди. Келиб чиқиши шотланд бўлган олим ва файласуфлар ҳам инглиз тилида ижод қила бошлашди.
Худди шундай даврда таҳқирланган халқ ичидан, унинг виждони ва онги, ҳайқириғи бўлиб бир шоир майдонга чиқди. Роберт Бёрнс (1759-1796) ўз ҳаёти ҳақида, ҳеч қачон ёлғон гапирмайдиган шоирнинг ҳаёти ҳақида она тили – шотланд тилида ёниб-ёниб куйлай бошлади.
Роберт Бёрнс ўртаҳол шотланд деҳқони оиласида дунёга келди. Замон ўтиб,ер бағридан чиққан оддий деҳқон фарзанди, том маънода шу ғурбатли Замин шоири бўлиб дунёга танилди. Кундузи қўш ҳайдар, шеърлари ўз-ўзидан равон оқа бошлар, кечқурун эса уларни қоғозга туширар, баъзан қоғозга тушмаёқ, шеър халқ орасида машҳур бўлиб кетарди. Шу сабабдан унинг шеърларида Шотландия табиати, содда деҳқонларнинг мураккаб ички дунёси ғоят ўткир дид, ёрқин образлар, чертиб-чертиб олинган сўзлар билан очиб берилади.

020

Роберт Бёрнс
ҚЎШИҚ ВА БАЛЛАДАЛАР
Муҳаммад Али таржимаси

ЖОН АРПА ДОНИ

Уч қиролнинг келтирди қаҳрин;
Мана фармони:
“Бу дунёдан бўладир маҳрум
Жон Арпа Дони!”

Сўқа билан қазингиз бебош
Қабрини токим –
Дедилар: — Жон кўтармасин бош,
Соврулсин ҳоки!

Ёнбағирлар майса кийиниб,
Сув келган они,
Кўрсатади аста бўйини
Жон Арпа Дони.

Тепаликда, ҳамон бесабр
Эмиб қуёшни,
Ғанимларга қилади қаҳр
Тебратиб бошин.

Аммо яқин кузнинг нафаси;
Ҳорғин, бедармон
Мункиллади бахти бенасиб,
Қариб қолган Жон.

Ўта бошлар хазон фасли ҳам,
Қиш келар мана.
Шунда Жонни ғанимлар маҳкам
Тутдилар яна.

Бир зарб ила қурмағур ўроқ
Оёқдан олди.
Кимдир судраб кетди-да, яйдоқ
Хирмонга солди.

Дўппослашди ёвузлар, ўл деб,
Жонни тонг саҳар.
Сўнг шамолга ташлашди, бўлди
Кўкларга сафар.

Ғарқ этдилар энг сўнгги нафас;
Қудуқ – макони…
Ажаб, қаранг, сувда ҳам ботмас
Жон Арпа Дони!

Суякларин унинг беомон
Ўтга отдилар.
Қалбин эса катта тегирмон
Тоши тортқилар…

Дошқозонда қайнагай қони,
Гардишни ювгай.
Қадаҳларда кўпирар они
Андуҳни қувгай.

Жон қурмағур эди кўп ўктам,
Азамат, шоввоз.
Ботир қилар қўрқоқларни ҳам,
Қишни бўлса – ёз!

У хаёлдан чиқарар мунгни,
Ташвишни ҳайдар.
Бир қадаҳдан тул хотин кўнгли
Яйрар-да, яйрар!

Шундай бўлсин то охир замон,
Менинг фармоним:
Сен бор хумча бўлсин-да омон,
Жон Арпа Дони!

ҚАЛБИМ МЕНИНГ ТОҒЛАРДА

Қалбим менинг тоғларда… Қоялар бўйлаб
Елдай учиб бораман буғуни қувлаб.
Ҳуркиб қочган оҳуда югурар кўзим…
Қалбим менинг тоғларда, ердаман ўзим.

Алвидо, эй ватаним! Довруқли Шимол,
Шон-шарафлар ўлкаси, энди яхши қол!
Қувғиндиман дунёда, аммо билурман:
Мен бир умр фарзандинг бўлиб қолурман!

Алвидо, эй қор босган залворли тоғлар,
Алвидо, эй ям-яшил водийлар, боғлар!
Алвидо, эй юзтубан кетган ўрмонлар,
Алвидо, ўрмонлардан оққан суронлар!

Қалбим менинг тоғларда… Қоялар бўйлаб
Елдай учиб бораман буғуни қувлаб.
Ҳуркиб қочган оҳуда югурар кўзим.
Қалбим менинг тоғларда, ердаман ўзим!

ҲАЛОЛ ФЕРМЕР БЎЛГАНДИ ОТАМ

Ҳалол фермер бўлганди отам.
Молу дунё унда йўқ эрди.
Лекин доим ворисларига
“Саришта бўл, саришта!” – дерди.
Дер эдики обрўйинг тўкма,
Йўқ бўлса ҳам киссангда тийин.
Виждонингни ютганди кўра
Майли оч юр, юпунроқ кийин!

Дунё кездим пулсиз, чақасиз,
Болайдим-да бепарво, беғам.
Бой-бадавлат бўлиб не қилдим,
Бўлай дедим катта бир одам!
Иқтидор ҳам йўқмас, ҳарқалай,
Топилади саводдан пича.
Аҳд этдим мен: толеим билай,
Уннаб кўрай имкон борича.

Бир кун омад келармикин деб
Ўтга-чўққа ўзимни урдим.
Бор меҳнатим, бор будим, шахтим
Бекор кетди, барини кўрдим.
Гоҳ ғанимлар қолдирди доғда,
Гоҳ ошнолар кетдилар сотиб.
Бошим кўкка етгани чоғда
Қолавердим чуқурга ботиб.

Йиғиштирдим барин, қарасам,
Ўтаётир куним бекорга.
Ўйлаб-ўйлаб фозиллар каби
Охир келдим шундай қарорга:
Ўтган кундан хайр кўрмадик,
Келар кундан кутмаймиз сира.
Ушбу онлар измимиздадир,
Бор-борига барака, жўра!

На умид бор, на ёруғлик бор,
Ҳамма ерда – зориқиш, ташвиш.
Нима қипти, тирик экансан,
Қайга борсанг гап шу: иш, иш, иш.
Ер ҳайдашни, ўроқ ушлашни
Болаликдан ўрганганим рост;
Меникидир буларнинг бари,
Шудир отам қолдирган мерос.

Югур-югур билан кун ўтар,
Ора-сира ростлайман нафас.
Қочмас ахир роҳтау ҳордиқ,
Ўлганимдан кейин келар, бас.
Эртанги кун ғамини бугун
Ўйлагувчи гўсхўр йўқ бунда.
Менинг учун қимматли бу кун
Қандай ўтар? Ҳамма гап шунда!

Подшолардай шоду хурсандман,
Яйраюрман улардан афзал.
Гарчи ташлар бало-қазосин
Йўлларимга тақдири азал.
Бу қурумсоқ битта нон бермас,
Кутмоқ ўзи бемаъни бир гап.
Бугун қорнинг тўйдими – шу бас.
Не қиласан эртани ўйлаб?

Балолар-ку ямлаб кетади
Кам-кам топган чойчақамни ҳам,
Балки, балки уқувсиздирман.
Телбадирман… Шу қилар алам!
Майли, майли, бари вақтинча,
Кўнглим чўкмас асло булардан.
Чунки унга тайинлаганман:
“Йироқ бўлсанг бас, қайғулардан!”

Эй, бойликка кўмилган одам,
Бахтлимисан, айт-чи, росмана?
Ороминг йўқ, кўзинг доим оч,
Пулинг кўп-ку, пул дейсан яна!
Турса ҳамки ҳамён пучайиб
Сариқ чақа бўлмай уларда,
Бу хушчақчақ, ҳалол одамлар
Бойроқ эрур сендан минг марта!

МАҒРИБ САБОСИ

Саболарнинг хили кўп, аммо
Кўнглим тусар мағриб сабосин.
У ёримни куйлар доимо,
Олиб келар ёрнинг садосин.

Шовиллайди водийда ўрмон,
Чулдирайди ирмоқ бетиним.
Ирмоқчадай, доим сен томон
Елмак истар орзуларим, Жийн.

Ёдга солар сени, жонгинам,
Далаларда кўринган ҳар гул.
Оқшом чоғи сен-ла ўрмон ҳам
Сеҳрланиб қолгандай буткул.

Шабнамларга чўмиб барглари
Марваридгул солланаркан жим,
Фақат умас, қушлар ҳам бари
Таърифингни хоним қилар, Жийн.

Тошқин Клайд бўйида қизлар
Безанишар гулдай бемисол.
Аммо бутун дунёни излаб,
Жийн каби қиз топиш кўп маҳол.

Биламиз, ҳа бизлар, катта занг
Ипак кийган шаҳар қизларин.
Ҳаммасидан гўзалдир, қаранг,
Гўзалроқдир бўз кўйлакли Жийн!

Қўзичоқдай ювош, беозор,
Ёқимли у, шўх ва қувноқ у.
Тоғлар қори янглиғ беғубор,
Бўйнида йўқ бирон гуноҳи.

Кўзлари-чи кундан ҳам равшан,
Бир гуноҳи ошкордир лекин:
Ўзига ҳам раҳм қилмасдан,
Борлиғи-ла севгай мени Жийн!

О, эсавер, мағриб сабоси,
Япроқларни солгил ўйинга.
Асалари – дала шайдоси,
Бол шимириб учсин уйига.

Учиб-елиб водийлар аро
Келтир гулим, менга ҳам қийин!
Бир табассум қилса мабодо
Қора куни ёритгуси Жийн.

Оҳу додлар, аҳд ила паймон
Топиштирди бизни ўшанда.
Саҳар чоғи, бўлди кўп ёмон –
Доғи ҳижрон бошга тушганда!

Кўпни кўрдим демай дунёда –
Донишмандлар билиб қўйишсин:
Ҳаммадан ҳам асил, зиёда,
Зиёдадир менинг учун Жийн!

Роберт Бёрнсдан қилинган таржималар  илк марта интернетда эълон қилинмоқда. Кўчириб босишда  таржимон номи ва «Хуршид Даврон кутубхонаси»дан олинди деб кўрсатилиши шарт.

(Tashriflar: umumiy 277, bugungi 1)

Izoh qoldiring