Gunduz Vassaf. Tun qasidasi (“Shaxsiyat Mahbuslari” kitobidan). Mirzohid Muzaffar tarjimasi

42Ухлолмайдиганлар,уйқусизлик касалига дучор бўлганлар бир вақтнинг ўзида зулмат олиб келган чексиз эрк ва ҳақиқатга  дош беролмаган, чиқишолмаган руҳлардир.

Гундуз ВАССАФ
ТУН ҚАСИДАСИ
(“Шахсият Маҳбуслари” китобидан)


088 Гундуз Вассаф  (Gündüz Vassaf)- турк адиби, тиббий психолог. 1946 йил Америка Қўшма Штатларининг Бостон шаҳрида, турк дипломат ва cоциолог олима оиласида туғилган. Ўсмирлик йиллари оиласи билан Истанбулга қайтгач Роберт Коллежида ўқийди ва Жорж Вашингтон Университетида психология таълими олиш учун яна Америкага кетади. Туркиянинг Ҳажеттепа Университетида психология бўйича номходлик ва докторлик диссертацияси ёқлагач, Анқара Университети, Тиббиёт Факультети касалхонасида узоқ йиллар тиббий психолог бўлиб ишлайди. Бўғозичи, Марбург, Бремен, Макгилл ва Кассел каби бир қанча университетларда профессор сифатида дарс берган. Инглиз ва турк тилларида ўнга яқин китоби нашр қилинган. Айни пайтда Америка Психология Жамиятининг клиник ижтимоий психология бўйича Яқин Шарқ ва Европа бўлими фахрий раҳбари.


Қўрқдим, кўзимни Ойга тикдим.
Ўтиндим, ўтинчим тангриларга етди.
Энди, ё Ой маъбуди Син,
Мени ҳимоятинга ол.

«Гилгамиш» достони

I

Тун, тузум кучлари уйқуда. Маъмурият, ҳарбий ташкилотлар, таълим муассасалари, қисқаси ҳаётимизни бир қолипга солгувчи кучларнинг бари ухлайди. Тунда қоровуллик қилиб юрган миршаблардан ташқари, албатта. Аскарлар ҳам ҳаммамиздан аввал ётоққа киришади. Дунёнинг энг қатъий тақиқлар остидаги ташкилотига мансуб бу кишилар, бир вақтнинг ўзида энг эрта уйқуга кетгувчилардир. Аслида, тоталитар муассасалар, тўғрироғи муассасаларнинг ҳаммасида (шундоқ ҳам муассасаларнинг ҳаммаси тоталитар эмасми?) инсон доим эрта ётишга мажбурланади. Мактаб интернатлар, узлат маконлари, қамоқхоналар, касалхоналарда… Одамнинг қачон истаса ўшанда ётишини қўллаб қувватлайдиган, бу эркинликка руҳсат берадиган ҳеч қайси муассасани кўрмаганман. Ҳатто муҳаббат (?) асосига қурилган ва икки кишининг ҳур иродаси билан мустаҳкамланган оила институтида ҳам жуфтлар бир вақтда кўрпага киришмаса, биттаси кечроқ ётиб, тунда, тунни ортиқча яшаб юборса, дарров муаммо болалайди. Муассаса доим «кеч» ётганни айблайди, эрта ётганни эмас. Европадаги феодалистик даврда, байрамдан бошқа кунлар бутун шаҳар аҳолиси шамларини бир вақтда ўчиришга мажбур эди.

Тартиб ва босим кучларининг табиий шакли доим муайян уфқу соатини мажбурийлаштиради. Ушбу муайян соатнинг эрта соатлиги эса яна уларнинг табиий шаклидан келиб чиқади.

II

Тарих бўйи бизга, бутун маданиятларда қоронғунинг ёвуз кучларга оидлиги уқтириб келинди. Тун одамларидан, тунни яшаган, тунда яшаган кишилардан қўрқишимиз кераклиги ўргатилди. Аслида эса кундуз ва тун кишилари битта одам эди. Кун ёруғи ичимиздаги таслимият майлини фош қилгани ҳолда тун ўзимизни эркин ҳис қилишимизга замин яратади. Тузум кучлари бизни тундан, эркинликдан қочишга тайёрлайди.

Муассасалар, хоҳ дин, хоҳ оила, хоҳ давлат идоралари бўлсин, тун одамларига қўрқув билан қарайди.

Қоронғу билан бирга одамларнинг ирқи ва миллатини назорат қилиш ҳам қийинлашади. Тун кишиларига доим шубҳа билан қаралади. У соатларда санғиб юрган ҳеч ким бахайр иш билан машғул бўлиши мумкин эмас. Кундузлари ҳукмини ўтқазган муқим тузум кучлари мавжудият ва зуғумларини тунги душманлар баҳонасида исботлаб олишади. Ваҳоланки, мавҳум ва бешакл тушунчалар орқали худди олабўжидек тасвирланадиган бу душманларни ҳеч қачон кўрмаймиз.

Бошқарувчилар ҳам доим бизги кундузги қиёфаларида кўриниш беришади, бизга мудом кундузнинг бир парчасидек кўринишади.
Раҳбар, роҳиб ё генерал табиатнинг гўзаллигу сафоси ичра, орқасида порлаб турган қуёш билан тасвирланиши мумкин, лекин тун зулматида, ҳеч қачон.

III

Кундуз худди узлуксиз давом этаётгандек кўринадиган турғун жараёндир. Тонг ёруғи тун зулматига сингиётган маҳал биз аллақандай воқеалар давом этаяпти, деб ўйлаймиз, ичимизга шундай ҳис тушади. Худди қаергадир илғор қадамлар билан илгарилаётгандекмиз.

Вақтнинг ясама нисбийлиги ҳақида эса оз, жуда оз ўйлаймиз. Худонинг берган куни, нурнинг зулматга қараб оқиши бизни олдига солиб чоптиради. Лекин, кун бўйи хоҳ тонгда соат ўн, хоҳ пешин уч бўлсин, ҳаммамиз кундалик тузум, тузум кучларининг қулимиз. Бизни тик тутадиган омил вақтнинг ўтиши ва тун тақдим қилгувчи нажот умидидир. Боиси, билохир тун тушишини ва (кундузга қиёслайдиган бўлсак) кўнглимиз қандоқ тусаса шундоқ ҳаракатланиш имконига қовушишимизни биламиз.

Китоблар тунда ўқилади. Кино, театр ва мусиқа томошалари тунда кўрсатилади. Тунда маст бўламиз, тунда қимор ўйнаймиз.
Баридан покланган, яланғоч вужуд тунга оид. Вужудлар бир бирига тунда тегади, тунда қовушади. Кун бўйи университетларда илмий тадқиқот унсури сифатида ўрганилган, чошгоҳлари дўст учрашувларида гаплашилган нарсалар охири тун қоронғуси ичра ўғринча бажарилади. Яланғочлик кундузга эмас, тунга хос. (Бунинг тескариси, яъни мавжудиятнинг табиий қоидаси бўлмиш қуёш остидаги бадан фақат бу зуғумлар охир топгач ўртага чиқади.)

Тунлари ошиқ бўлиб, бир биримизга севгимизни тунда изҳор қиламиз. Кундузлар бизни мантиқли ўйлашга, ўз зиндонимизда банди бўлишга мажбурлайди. Кун бўйи босим кучлари ишқнинг ҳурриятига қарши жанг қилади.
Аммо, тунлар бизни такрор ошиқ қилади, бизга «сени севаман» дейиш имконини беради. Кундузлари айтилган «сени севаман» лар тунга ишорадир.

IV

Иш кунининг аслида асирлик экани ҳақидаги ҳақиқатни ўзимизга шунчалар сингдириб юборганмизки, ундан бошқа соатларни
«бўш вақтим» деб атаймиз. Бўш вақтнинг зидди, ҳаммамиз ишга кетган кундузлар ҳисобланади.
Урушлар асосан тонг оқараётган маҳал бошланади. Давлат кун бўйи ўлдириш, ҳукм чиқариш билан банд бўлади. Кун бўйи тирик қолишга, тунларни яшашга интиламиз. Кун бўйи газ ё электр токи солиғини тўлаймиз, машинамизни устага олиб борамиз, бозор қиламиз, докторга кўринамиз, ё жинимиз суймайдиган ишга борамиз ё бизга керак бўлган, лекин барибир жинимиз билан чиқишмайдиган иш қидирамиз.

Кун бўйи бутун вазифаларимизда тузумга тобе бўламиз. Ҳатто ҳожатхонага боришнинг ҳам қатъий чеклов ва қоидалари бор. Иш жойида, мактабда, армияда… Одам қандай хоҳласа шундай ҳожатхонага боролмайди ва ёқда қанча хоҳласа шунча қололмайди. Ҳожатхонага хоҳишимиз доирасида боролмаганимиздек, баъзи пайтлар уёққа неччи марта қатнаганимизу қанча пайт қолганимиз ҳам қайд қилиниши мумкин. Бундан ташқари, агар одам муассаса белгилаган вақтлардан ташқарида ҳожатхонага бормоқчи бўлса, махсус руҳсат олишига тўғри келади. Кун бўйи истаганимиздек ҳожатхонага қатнаш эрки ҳам қурсоғимиздан тушиб қолган, чунки кундузлар бизга оид эмас.

Кун бўйи одамларнинг бир бири билан қурадиган муносабатлари маълум қолипларга солинган. Ўқиш жойларида ёшлар айнан ва шунчаки битта йилда туғилишгани, тенгдош бўлгани учун йиллаб бир хил одамлар билан бир хил синфларда ўтиришга мажбур бўлишади. Саккиз яшарлар олтинчи рақамли синфда, ўн яшарлар ўн бешинчи рақамли синфда ва ҳоказо. Ҳатто ўша синфларда ҳам ўзгартириб бўлмас даражада қатъий ўтириш тартиби ўрнатилган. Фақат ўқиш соати битиб, қош қорайганидагина одам ўзи истаган киши билан бирга бўлиш имконини қўлга киритиши мумкин. Бордию аскар бўлсангиз, куннинг асосий қисмини сиз билан деярли бир хил узунликдаги бўй эгалари билан бирга ўтказишга мажбурсиз демак. Бўйи биру олтмиш беш бўлган одамнинг бўйи биру тўқсон беш бўлган дўсти билан юз кўришиши фақат шом ё тундагина рўй беролади.

V

Ижтимоий синфларнинг метиндек мустаҳкам қоидалари фақат тунда бузилади. Ишчилар оқсуякларнинг кўчаларида кезишади.
Оқсуяклар ишчи маҳаллаларидаги емакхоналарга борришади, фоҳишалар, роҳиблар, талабалар, аскарлар, уй бекалари, шифокорлар ва муҳожирлар, бари битта кўчада айланишади, бир бирларига тикилиб, бир бирлари билан суҳбат қуришади, ҳатто балки охирида шакаргуфторлик ҳам қилишади.

Тунлари олам бир бирига самимият сабаб қоришиб кетган, озод ва пуршавқ одамлар руҳи билан жонланади. Тунлари биз қочган нарсалар тунда жозиба касб этади. Кундузларнинг «ақлпараст» одами тунлари «завқу сафо ортидан чопгувчи» киши билан
ўрин алмашади.

Эзишнинг ўз эркларига ҳам раҳна солишига қарамай, ҳатто эзувчилар тунлари эркнинг чўққисига юксаладилар. Мавжуд тузум раҳбарлари, генералу қироллар, корхона ва мамлакат бошқарувчилари, «шуҳрату молу давлат» эгалари ҳам тунни яшашади. Тоталитар муассасалар уйқуда пайти, уйқуга ётқизилган маҳал улар ҳам ўз эркларига қовушишади. Болаларини ухлатган ота оналар янглиғ улар ҳам энди ҳар қандай маросиму цензура, анъанаю чекловдан қутилиб, ниқобсиз юзларини кўрсатиш ҳурриятига эгадирлар.

VI

Тун пайти кундузнинг шошма шошарлиги, шовқин суронидан асар қолмайди. Бироз бўлсада қулоғимиз тинчийди, жонимиз ором олади. Ҳеч йўқ ўн соат ҳеч ким биздан бирон нима талаб қилмайди, кутмайди, хоҳламайди. Егулигимизни ўзимиз пишириш ё танлаш ҳуқуқи қўлимизга ўтади. Кундузлари еб ичганимиз кўпимиз учун муассасавийлаштирилган ва якранглаштирилган қақир қуқурлар бўлади, холос.

Ҳолбуки, кечалари ҳам нима ейишимиз масаласида кўпроқ танлоқ имконимиз бўлади, ҳам уни қандай истасак, шундай тайёрлай оламиз. Дарвоқе, овқатимизни шоша пиша ейишимиз ҳам шарт эмас. Тезпишар, ҳа, ҳалиги Фаст Фуд деганлари кундузи ҳукмрон зуғумкор кучларга тегишли. Кундузлари фаст фудхўр бўлган биз бизни бошқараётган баҳайбат тизимнинг парчасига айланамиз. Аммо, кечалари ўз овқатини ўзи пишириб ейдиган яратиқлар сифатида замон ва маконни кўнглимиз тусаганидек яратишимиз мумкин бўлади.

VII

Кун ёруғи тузоқдан бошқа нарса эмас. Нур бизни кўр қилади. Бироқ, тунлари кўзимиз нард тоши мисоли катта очилади. Тунлари қолган бутун сезгиларимиз ҳам янада сезувчан бўлади, сабаби,тузум кучлари бу соатларда машиналарини ўчирган бўлади. Тун тушганда сукунатни тинглаб, зулматга сингиб, ҳам баданларимиз, ҳам тасаввуримиз тизгинларини қўйиб юборамиз.

Тунлари кун бўйи ҳисларини ўз ичига қамаш, бостириш билан машғул бўлган сон саноқсиз қул сафидан чиқамиз.

Зуғумкор улкан тизимнинг энди тўхтовсиз ғинғиллаши ҳам тўхтайди. Энди қувват манбайи ичимизда кўз очади. Тун инсон онгининг ишлаши учун замин яратади. Кун бўйи диққат эътиборимизни ёру0лик, ранглар ва ҳаракатга йўналтирамиз. Диққатимизни нимада жамлашимизни ҳам шу, тузум кучлари белгилаб беради. Кўк ва қизил чироқлар йўлнинг у томонидан бу томонига қандай ўтишимизни ҳам бир қолипга солади. Аслида эса, нари борса кундузлари биз ҳаёт афсуни, капалак қанотларининг бетимсол рангларию гажакдор шаклини кузатувчи каслармиз, холос. Кун бўйи диққатимизни эътибор ва кузатувга сарфлаймиз. Кундузлари, худди Ой Ернинг йўлдоши бўлганидек биз ҳам биздан ташқарида бўлиб ўтаётганларнинг йўлдоши бўламиз. Бори шу.

VIII

Тун уйқу мавриди бўлиш билан бирга туш кўришнинг ҳам айни пайтидир. Кўрганларимиз, эшитганларимиз, ҳидлаган ва ўйлаганларимизни чеклагувчи тиллар, шакллар, ҳаракат тартиблари ва мантиқий сезгилар ўзига хос тузилма ва тилга эга тушнинг ҳувиятига зиддир. Тушларда ранглар, тасвир, одам, ҳис ва таассуротлар бетизгин, эркин равишда бир бирига аралашади, шу кўйи бетакрор қоришма яратади. Тушлар шунчалик эркинки, уларни сўзга сиғдиролмаймиз,одам ақлини кун бўйи шакллантирадиган ўша қатъий қоидалар тушларни тилга олишга етмайди, ҳатто тўғаноқ бўлади.

Ухлолмайдиганлар,уйқусизлик касалига дучор бўлганлар бир вақтнинг ўзида зулмат олиб келган чексиз эрк ва ҳақиқатга дош беролмаган, чиқишолмаган руҳлардир. Бу одамлар кун бўйи ҳамма нарсани кузатиш билан машғул бўлишади. Тунда эса кузатадиган ҳеч нарса йўқ. Фақат ич ичимиздан ҳаётнинг тиниқ садолари таралади. Кундуздан покланиб, қутилган маъносизлик энди яширин бўлмай қолади. Тириклик сезгиси тунлари ўзини янада кучли ҳис қилдиради, ҳа, ўлимнинг борлиги ҳам. «Ҳаётнинг маъноси» тунда эсга тушиб, тунда савол остига олинади. Ҳеч ким буни тушлик қила туриб тилга олмайди. Ҳаёт бошдан оёқ тунга тегишли масала.

Туркчадан Мирзоҳид Музаффар таржимаси

Uxlolmaydiganlar,uyqusizlik kasaliga duchor bo‘lganlar bir vaqtning o‘zida zulmat olib kelgan cheksiz erk va haqiqatga dosh berolmagan, chiqisholmagan ruhlardir.

Gunduz VASSAF
TUN QASIDASI
(“Shaxsiyat Mahbuslari” kitobidan)


Gunduz Vassaf (Gündüz Vassaf)- turk adibi, tibbiy psixolog. 1946 yil Amerika Qo‘shma Shtatlarining Boston shahrida, turk diplomat va cotsiolog olima oilasida tug‘ilgan. O‘smirlik yillari oilasi bilan Istanbulga qaytgach Robert Kollejida o‘qiydi va Jorj Vashington Universitetida psixologiya ta’limi olish uchun yana Amerikaga ketadi. Turkiyaning Hajettepa Universitetida psixologiya bo‘yicha nomxodlik va doktorlik dissertatsiyasi yoqlagach, Anqara Universiteti, Tibbiyot Fakulteti kasalxonasida uzoq yillar tibbiy psixolog bo‘lib ishlaydi. Bo‘g‘ozichi, Marburg, Bremen, Makgill va Kassel kabi bir qancha universitetlarda professor sifatida dars bergan. Ingliz va turk tillarida o‘nga yaqin kitobi nashr qilingan. Ayni paytda Amerika Psixologiya Jamiyatining klinik ijtimoiy psixologiya bo‘yicha Yaqin Sharq va Yevropa bo‘limi faxriy rahbari.


Qo‘rqdim, ko‘zimni Oyga tikdim.
O‘tindim, o‘tinchim tangrilarga yetdi.
Endi, yo Oy ma’budi Sin,
Meni himoyatinga ol.

«Gilgamish» dostoni

I

Tun, tuzum kuchlari uyquda. Ma’muriyat, harbiy tashkilotlar, ta’lim muassasalari, qisqasi hayotimizni bir qolipga solguvchi kuchlarning bari uxlaydi. Tunda qorovullik qilib yurgan mirshablardan tashqari, albatta. Askarlar ham hammamizdan avval yotoqqa kirishadi. Dunyoning eng qat’iy taqiqlar ostidagi tashkilotiga mansub bu kishilar, bir vaqtning o‘zida eng erta uyquga ketguvchilardir. Aslida, totalitar muassasalar, to‘g‘rirog‘i muassasalarning hammasida (shundoq ham muassasalarning hammasi totalitar emasmi?) inson doim erta yotishga majburlanadi. Maktab internatlar, uzlat makonlari, qamoqxonalar, kasalxonalarda… Odamning qachon istasa o‘shanda yotishini qo‘llab quvvatlaydigan, bu erkinlikka ruhsat beradigan hech qaysi muassasani ko‘rmaganman. Hatto muhabbat (?) asosiga qurilgan va ikki kishining hur irodasi bilan mustahkamlangan oila institutida ham juftlar bir vaqtda ko‘rpaga kirishmasa, bittasi kechroq yotib, tunda, tunni ortiqcha yashab yuborsa, darrov muammo bolalaydi. Muassasa doim «kech» yotganni ayblaydi, erta yotganni emas. Yevropadagi feodalistik davrda, bayramdan boshqa kunlar butun shahar aholisi shamlarini bir vaqtda o‘chirishga majbur edi.

Tartib va bosim kuchlarining tabiiy shakli doim muayyan ufqu soatini majburiylashtiradi. Ushbu muayyan soatning erta soatligi esa yana ularning tabiiy shaklidan kelib chiqadi.

II

Tarix bo‘yi bizga, butun madaniyatlarda qorong‘uning yovuz kuchlarga oidligi uqtirib kelindi. Tun odamlaridan, tunni yashagan, tunda yashagan kishilardan qo‘rqishimiz kerakligi o‘rgatildi. Aslida esa kunduz va tun kishilari bitta odam edi. Kun yorug‘i ichimizdagi taslimiyat maylini fosh qilgani holda tun o‘zimizni erkin his qilishimizga zamin yaratadi. Tuzum kuchlari bizni tundan, erkinlikdan qochishga tayyorlaydi.

Muassasalar, xoh din, xoh oila, xoh davlat idoralari bo‘lsin, tun odamlariga qo‘rquv bilan qaraydi.

Qorong‘u bilan birga odamlarning irqi va millatini nazorat qilish ham qiyinlashadi. Tun kishilariga doim shubha bilan qaraladi. U soatlarda sang‘ib yurgan hech kim baxayr ish bilan mashg‘ul bo‘lishi mumkin emas. Kunduzlari hukmini o‘tqazgan muqim tuzum kuchlari mavjudiyat va zug‘umlarini tungi dushmanlar bahonasida isbotlab olishadi. Vaholanki, mavhum va beshakl tushunchalar orqali xuddi olabo‘jidek tasvirlanadigan bu dushmanlarni hech qachon ko‘rmaymiz.

Boshqaruvchilar ham doim bizgi kunduzgi qiyofalarida ko‘rinish berishadi, bizga mudom kunduzning bir parchasidek ko‘rinishadi.
Rahbar, rohib yo general tabiatning go‘zalligu safosi ichra, orqasida porlab turgan quyosh bilan tasvirlanishi mumkin, lekin tun zulmatida, hech qachon.

III

Kunduz xuddi uzluksiz davom etayotgandek ko‘rinadigan turg‘un jarayondir. Tong yorug‘i tun zulmatiga singiyotgan mahal biz allaqanday voqealar davom etayapti, deb o‘ylaymiz, ichimizga shunday his tushadi. Xuddi qayergadir ilg‘or qadamlar bilan ilgarilayotgandekmiz.

Vaqtning yasama nisbiyligi haqida esa oz, juda oz o‘ylaymiz. Xudoning bergan kuni, nurning zulmatga qarab oqishi bizni oldiga solib choptiradi. Lekin, kun bo‘yi xoh tongda soat o‘n, xoh peshin uch bo‘lsin, hammamiz kundalik tuzum, tuzum kuchlarining qulimiz. Bizni tik tutadigan omil vaqtning o‘tishi va tun taqdim qilguvchi najot umididir. Boisi, biloxir tun tushishini va (kunduzga qiyoslaydigan bo‘lsak) ko‘nglimiz qandoq tusasa shundoq harakatlanish imkoniga qovushishimizni bilamiz.

Kitoblar tunda o‘qiladi. Kino, teatr va musiqa tomoshalari tunda ko‘rsatiladi. Tunda mast bo‘lamiz, tunda qimor o‘ynaymiz.
Baridan poklangan, yalang‘och vujud tunga oid. Vujudlar bir biriga tunda tegadi, tunda qovushadi. Kun bo‘yi universitetlarda ilmiy tadqiqot unsuri sifatida o‘rganilgan, choshgohlari do‘st uchrashuvlarida gaplashilgan narsalar oxiri tun qorong‘usi ichra o‘g‘rincha bajariladi. Yalang‘ochlik kunduzga emas, tunga xos. (Buning teskarisi, ya’ni mavjudiyatning tabiiy qoidasi bo‘lmish quyosh ostidagi badan faqat bu zug‘umlar oxir topgach o‘rtaga chiqadi.)

Tunlari oshiq bo‘lib, bir birimizga sevgimizni tunda izhor qilamiz. Kunduzlar bizni mantiqli o‘ylashga, o‘z zindonimizda bandi bo‘lishga majburlaydi. Kun bo‘yi bosim kuchlari ishqning hurriyatiga qarshi jang qiladi.
Ammo, tunlar bizni takror oshiq qiladi, bizga «seni sevaman» deyish imkonini beradi. Kunduzlari aytilgan «seni sevaman» lar tunga ishoradir.

IV

Ish kunining aslida asirlik ekani haqidagi haqiqatni o‘zimizga shunchalar singdirib yuborganmizki, undan boshqa soatlarni
«bo‘sh vaqtim» deb ataymiz. Bo‘sh vaqtning ziddi, hammamiz ishga ketgan kunduzlar hisoblanadi.
Urushlar asosan tong oqarayotgan mahal boshlanadi. Davlat kun bo‘yi o‘ldirish, hukm chiqarish bilan band bo‘ladi. Kun bo‘yi tirik qolishga, tunlarni yashashga intilamiz. Kun bo‘yi gaz yo elektr toki solig‘ini to‘laymiz, mashinamizni ustaga olib boramiz, bozor qilamiz, doktorga ko‘rinamiz, yo jinimiz suymaydigan ishga boramiz yo bizga kerak bo‘lgan, lekin baribir jinimiz bilan chiqishmaydigan ish qidiramiz.

Kun bo‘yi butun vazifalarimizda tuzumga tobe bo‘lamiz. Hatto hojatxonaga borishning ham qat’iy cheklov va qoidalari bor. Ish joyida, maktabda, armiyada… Odam qanday xohlasa shunday hojatxonaga borolmaydi va yoqda qancha xohlasa shuncha qololmaydi. Hojatxonaga xohishimiz doirasida borolmaganimizdek, ba’zi paytlar uyoqqa nechchi marta qatnaganimizu qancha payt qolganimiz ham qayd qilinishi mumkin. Bundan tashqari, agar odam muassasa belgilagan vaqtlardan tashqarida hojatxonaga bormoqchi bo‘lsa, maxsus ruhsat olishiga to‘g‘ri keladi. Kun bo‘yi istaganimizdek hojatxonaga qatnash erki ham qursog‘imizdan tushib qolgan, chunki kunduzlar bizga oid emas.

Kun bo‘yi odamlarning bir biri bilan quradigan munosabatlari ma’lum qoliplarga solingan. O‘qish joylarida yoshlar aynan va shunchaki bitta yilda tug‘ilishgani, tengdosh bo‘lgani uchun yillab bir xil odamlar bilan bir xil sinflarda o‘tirishga majbur bo‘lishadi. Sakkiz yasharlar oltinchi raqamli sinfda, o‘n yasharlar o‘n beshinchi raqamli sinfda va hokazo. Hatto o‘sha sinflarda ham o‘zgartirib bo‘lmas darajada qat’iy o‘tirish tartibi o‘rnatilgan. Faqat o‘qish soati bitib, qosh qorayganidagina odam o‘zi istagan kishi bilan birga bo‘lish imkonini qo‘lga kiritishi mumkin. Bordiyu askar bo‘lsangiz, kunning asosiy qismini siz bilan deyarli bir xil uzunlikdagi bo‘y egalari bilan birga o‘tkazishga majbursiz demak. Bo‘yi biru oltmish besh bo‘lgan odamning bo‘yi biru to‘qson besh bo‘lgan do‘sti bilan yuz ko‘rishishi faqat shom yo tundagina ro‘y beroladi.

V

Ijtimoiy sinflarning metindek mustahkam qoidalari faqat tunda buziladi. Ishchilar oqsuyaklarning ko‘chalarida kezishadi.
Oqsuyaklar ishchi mahallalaridagi yemakxonalarga borrishadi, fohishalar, rohiblar, talabalar, askarlar, uy bekalari, shifokorlar va muhojirlar, bari bitta ko‘chada aylanishadi, bir birlariga tikilib, bir birlari bilan suhbat qurishadi, hatto balki oxirida shakarguftorlik ham qilishadi.

Tunlari olam bir biriga samimiyat sabab qorishib ketgan, ozod va purshavq odamlar ruhi bilan jonlanadi. Tunlari biz qochgan narsalar tunda joziba kasb etadi. Kunduzlarning «aqlparast» odami tunlari «zavqu safo ortidan chopguvchi» kishi bilan
o‘rin almashadi.

Ezishning o‘z erklariga ham rahna solishiga qaramay, hatto ezuvchilar tunlari erkning cho‘qqisiga yuksaladilar. Mavjud tuzum rahbarlari, generalu qirollar, korxona va mamlakat boshqaruvchilari, «shuhratu molu davlat» egalari ham tunni yashashadi. Totalitar muassasalar uyquda payti, uyquga yotqizilgan mahal ular ham o‘z erklariga qovushishadi. Bolalarini uxlatgan ota onalar yanglig‘ ular ham endi har qanday marosimu senzura, an’anayu cheklovdan qutilib, niqobsiz yuzlarini ko‘rsatish hurriyatiga egadirlar.

VI

Tun payti kunduzning shoshma shosharligi, shovqin suronidan asar qolmaydi. Biroz bo‘lsada qulog‘imiz tinchiydi, jonimiz orom oladi. Hech yo‘q o‘n soat hech kim bizdan biron nima talab qilmaydi, kutmaydi, xohlamaydi. Yeguligimizni o‘zimiz pishirish yo tanlash huquqi qo‘limizga o‘tadi. Kunduzlari yeb ichganimiz ko‘pimiz uchun muassasaviylashtirilgan va yakranglashtirilgan qaqir ququrlar bo‘ladi, xolos.

Holbuki, kechalari ham nima yeyishimiz masalasida ko‘proq tanloq imkonimiz bo‘ladi, ham uni qanday istasak, shunday tayyorlay olamiz. Darvoqe, ovqatimizni shosha pisha yeyishimiz ham shart emas. Tezpishar, ha, haligi Fast Fud deganlari kunduzi hukmron zug‘umkor kuchlarga tegishli. Kunduzlari fast fudxo‘r bo‘lgan biz bizni boshqarayotgan bahaybat tizimning parchasiga aylanamiz. Ammo, kechalari o‘z ovqatini o‘zi pishirib yeydigan yaratiqlar sifatida zamon va makonni ko‘nglimiz tusaganidek yaratishimiz mumkin bo‘ladi.

VII

Kun yorug‘i tuzoqdan boshqa narsa emas. Nur bizni ko‘r qiladi. Biroq, tunlari ko‘zimiz nard toshi misoli katta ochiladi. Tunlari qolgan butun sezgilarimiz ham yanada sezuvchan bo‘ladi, sababi,tuzum kuchlari bu soatlarda mashinalarini o‘chirgan bo‘ladi. Tun tushganda sukunatni tinglab, zulmatga singib, ham badanlarimiz, ham tasavvurimiz tizginlarini qo‘yib yuboramiz.

Tunlari kun bo‘yi hislarini o‘z ichiga qamash, bostirish bilan mashg‘ul bo‘lgan son sanoqsiz qul safidan chiqamiz.

Zug‘umkor ulkan tizimning endi to‘xtovsiz g‘ing‘illashi ham to‘xtaydi. Endi quvvat manbayi ichimizda ko‘z ochadi. Tun inson ongining ishlashi uchun zamin yaratadi. Kun bo‘yi diqqat e’tiborimizni yoru0lik, ranglar va harakatga yo‘naltiramiz. Diqqatimizni nimada jamlashimizni ham shu, tuzum kuchlari belgilab beradi. Ko‘k va qizil chiroqlar yo‘lning u tomonidan bu tomoniga qanday o‘tishimizni ham bir qolipga soladi. Aslida esa, nari borsa kunduzlari biz hayot afsuni, kapalak qanotlarining betimsol ranglariyu gajakdor shaklini kuzatuvchi kaslarmiz, xolos. Kun bo‘yi diqqatimizni e’tibor va kuzatuvga sarflaymiz. Kunduzlari, xuddi Oy Yerning yo‘ldoshi bo‘lganidek biz ham bizdan tashqarida bo‘lib o‘tayotganlarning yo‘ldoshi bo‘lamiz. Bori shu.

VIII

Tun uyqu mavridi bo‘lish bilan birga tush ko‘rishning ham ayni paytidir. Ko‘rganlarimiz, eshitganlarimiz, hidlagan va o‘ylaganlarimizni cheklaguvchi tillar, shakllar, harakat tartiblari va mantiqiy sezgilar o‘ziga xos tuzilma va tilga ega tushning huviyatiga ziddir. Tushlarda ranglar, tasvir, odam, his va taassurotlar betizgin, erkin ravishda bir biriga aralashadi, shu ko‘yi betakror qorishma yaratadi. Tushlar shunchalik erkinki, ularni so‘zga sig‘dirolmaymiz,odam aqlini kun bo‘yi shakllantiradigan o‘sha qat’iy qoidalar tushlarni tilga olishga yetmaydi, hatto to‘g‘anoq bo‘ladi.

Uxlolmaydiganlar,uyqusizlik kasaliga duchor bo‘lganlar bir vaqtning o‘zida zulmat olib kelgan cheksiz erk va haqiqatga dosh berolmagan, chiqisholmagan ruhlardir. Bu odamlar kun bo‘yi hamma narsani kuzatish bilan mashg‘ul bo‘lishadi. Tunda esa kuzatadigan hech narsa yo‘q. Faqat ich ichimizdan hayotning tiniq sadolari taraladi. Kunduzdan poklanib, qutilgan ma’nosizlik endi yashirin bo‘lmay qoladi. Tiriklik sezgisi tunlari o‘zini yanada kuchli his qildiradi, ha, o‘limning borligi ham. «Hayotning ma’nosi» tunda esga tushib, tunda savol ostiga olinadi. Hech kim buni tushlik qila turib tilga olmaydi. Hayot boshdan oyoq tunga tegishli masala.

Turkchadan Mirzohid Muzaffar tarjimasi

034

(Tashriflar: umumiy 429, bugungi 1)

Izoh qoldiring