Ibrohim Haqqul. Yirtqichlik xuruji & Qorako’z qismati

04528 сентябр — Атоқли қозоқ ёзувчиси Мухтор Авезов таваллуд топган кун

Мухтор Авезов мутафаккир санъаткор. Илк асарларидаёқ у ҳаётга мустақил назар ила қараши, мавзуни фавқулодда зиддиятли нуқталари орқали бадиий талқин қилиш салоҳияти билан бошқалардан ажралиб турган. Бу эса ёзувчининг бошига баъзан танқид тошларининг ёғилишига сабаб бўлган бўлса, гоҳо ноҳақ айблар ва туҳматларга йўл берган.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ
МУХТОР АВЕЗОВ ИЖОДИ ҲАҚИДА ИККИ МАҚОЛА
12

ЙИРТҚИЧЛИК ХУРУЖИ

07“Қораадирнинг қарағанзор сойи ҳувиллаб ётибди. Атрофдаги пасту баланд олачипор адирлар бўз қараған, тўбилғи билан қопланган. Сой бўйида май ойининг салқин нафаси уфуради. Кўкариб япроқ ёза бошлаган қалин қараған шабадада чайқалади, теварак-атрофдан ёввойи саримсоқ ва кўкатларнинг ҳиди анқийди.

Қараған ўсиб ётган узун, кенг водийнинг ўртасидан чуқур жар кесиб ўтади, жар бошланган жойда чангалдек наъматак гуркираб ўсиб ётибди. Шу наъматакнинг тагида бўри ини бор, бу инни атрофдагиларнинг ҳаммаси яхши билишади. Ёз кириши билан икки бўри келиб уни ўзларига макон этди…”.

Улуғ қозоқ адиби Мухтор Авезовнинг “Кўкёл” ҳикояси мана шундай манзара тасвири билан бошланади. Ҳикоя 1928 йил январь ойида Тошкентда ёзилган. Мухтор Авезов ўшанда Ўрта Осиё давлат университети Шарқ факультетининг аспиранти эди.

Мухтор Авезов мутафаккир санъаткор. Илк асарларидаёқ у ҳаётга мустақил назар ила қараши, мавзуни фавқулодда зиддиятли нуқталари орқали бадиий талқин қилиш салоҳияти билан бошқалардан ажралиб турган. Бу эса ёзувчининг бошига баъзан танқид тошларининг ёғилишига сабаб бўлган бўлса, гоҳо ноҳақ айблар ва туҳматларга йўл берган.

Менимча, “Кўкёл”да ҳақиқий ҳикояга хос асосий фазилатлар мавжуд. Ҳикоянинг бошланишида тасвирланган наъматак ёнидаги кичкина майдончада бирмас, учта бўри ини бор эди. Кейин яна бир ин пайдо бўлади. Бўрилар бошқа-бошқа инда яшасалар ҳам, ер остидан йўл очиб, худди одамга ўхшаб “бир-бирлариникига бориб келишар” экан. Атрофда улар ўйнашган бўлса керак, нозик майсалар топталган. Қараған учларида бўрининг оппоқ жуни кўзга ташланади. Инларнинг ўртасида икки туп чачир. Унинг тагида ҳали туллаб ургурмаган оқ бўри ётибди. Бағрида болалари ғимирлашади. Бир маҳал юқори томондан чий, тўбилғаларни шатирлатиб, шарт-шурт синдириб, кўк чаноқ бўри пайдо бўлади. Оғзида бир қизил қўзи. Она бўрининг олдига у қўзини ташлаб, энтикиб уни ҳидлайди, ялайди. Чалажон қўзини сўнг бўлак-бўлак қилиб икковлон ҳаш-паш дегунча еб ташлашади. “Тумшуғи, боши, бўйин жунлари қонга беланган бўриларнинг кўзидан ўт чақнар эди”. Ёзувчи буларни ёрқин ва жонли тарзда тасвирлаганидан бўлса керак, одам сесканиб кетасан. Бегуноҳ қўзичоқнинг аҳволи хаёлда шундоқ ўрнашиб қолади. Ниманидир олдиндан сезгандай бўласан. Нима? Аниқ бир нарса деёлмайсан. Чўпонлар қўй-қўзиларини оч бўриларга ем қилиб қўйиши мумкинми? Йўқ, албатта. Бунга ишонасан. Воқеа давомини билгинг келади.

Эртаси кун туш пайтида бўриларнинг димоғига ёт ҳид урилади. Йироқдан аллақандай шарпа эшитилиб, улар ётган жойга яқинлаша бошлайди. Хавфни сезган оқ бўри нима қилади денг? Болаларининг бўйнидан тишлаб инларига олиб кириб, ўзи қарағон ичига яширинади. От туёқларини тасирлатиб кўп ўтмай одамлар етиб келишади. Бўри инларини ҳам улар назардан четга қолдиришмайди. Оқ бўрининг шўри қурийди. Сиртмоқ билан болаларини ташқарига судраб чиқишади. Еттитадан бештасини ўлдиришади. “Кетаётганда биттасини тирсагидан пайини узиб ташлаб, энг кичигини олиб кетишади”. Шу воқеадан кейин яқин овулда бир ҳафта муттасил, куну тун қий-чув тинмайди: қўй яраланади, қўзи йўқолади, бузоқлар ўлдирилади, бияларнинг қулунлари ем бўлади…

***

Овулга олиб келинган бўричанинг кўзи ҳали юмуқ эди. У икки кундан кейин кўзини очади. Инсон хом сут эмган. Хато қилади. Адашади. Бироқ унинг кўп хато ва адашувлари оқибатни кўролмаслигидандир. Ахир, бир болакай бир бўричани асрайман, катта қиламан деса, бунга кўниш керакми? Қурмаш деган бола унга Кўкёл деб ном қўяди. “У эртаю кеч бўри боласининг ёнидан жилмасди. Унга итялоқ ҳам тайёрлади, юра бошлаши билан бўйнига бўйинбоғ солди. Кўкёл уй ичидан чиқмас, Қурмаш уни ёнида олиб ётар эди. Шунинг учун ҳам Қурмаш бувиси билан ётишдан воз кечди. Унинг ёнида ёки оёқ томонида, кўрпа тагида Кўкёл ётарди”.

Қурмаш уни меҳр билан парваришлаб улғайтиради. Сиртдан қаралганда, Кўкёлнинг табиатида ножўя ва хавфли бирор нима сезилмайди. Аммо овулнинг бирорта ити ҳам уни дўст тутиб, ўзига яқин йўлатмайди. “Довюрак бўрибосарлар эса уни талаб ташлар, бошқалари ҳам ириллаб-ҳуриб, у ер-бу еридан тишлаб олар эди”. Қанчалик танг аҳволда қолмасин, у қўрқмас, елка ёлини ҳурпайтириб, қаққайиб тураверарди. Овул одамлари эса “Бу қайсарни қара! Эгилай демайди-я! – дея ҳайрон қолишарди. Овул аёллари у ҳақда ҳар хил гапларни айта бошлашган эди:

– Ўғри у! Эл бўлмайди сира. Насли ёв-ку.
Баъзи бирлари: – “Кечалари қўзиларнинг қуйруғини ҳидлаб юради. Қўйларни ҳуркитади. Тунда далада юришни яхши кўради…” – дейишарди. Қурмаш бунақа гап-сўзларнинг бирортасига эътибор бермасди.

Ёзувчи тасвирланаётган воқелик, шароит ва муҳитни нечоғли чуқур билса, ўша шароит ва муҳитга мансуб одамларни, бевосита ё билвосита улар билан алоқадор жонли, жонсиз мавжудликларни ҳам ўшанча яхши англаши зарур. Мухтор Авезов Кўкёлни худди инсон табиати ва ҳолатларини ўргангандай ўрганиб, ўзига хос моҳирлик билан гавдалантириб беради. Насл, зот, феъл-атвор – булар фақат одамнинг ҳаётида эмас, балки ҳайвонларнинг турмуши ва тақдирида ҳам алоҳида аҳамият касб этишига адиб ўқувчини ишонтира олади.

Кўкёлнинг қуйруқ ҳидлаб, қўйларни ҳуркитиши, тунда далада изғиб юриши унинг қонида ҳорислик ва йиртқичлик ғалаён бошлашидан далолат эди. Одамлар орасида юриши гўёки унинг ваҳшиёна эркинликка етишишга бир тайёргарликдай гап эди. Қандайдир савқи табиий билан одамга қитмирлик қилиш, асл ҳолатни яшириш зарурлигини у билиб олганди.
Кўкёл жуда мечкай бўлса ҳамки, “агар тепасида одам турса, олдига қўйилган овқатга қарамасди. Одамнинг кўзи шамғалат бўлди дегунча, бирпасда йўқ қиларди-қўярди”. Оч бўлса-ю, овқат беришмаса-чи? Барибир топиб ерди. Бундай пайтда Кўкёл икки оёқли баднафс махлуқдан унча фарқланмасди. “Чий тўсиқ ичида осилиб турган” гўштми, бирор идишдаги қатиқми, хуллас, очиқ қолган жамики овқатни ҳидлаб, еб-ялаб кетаверарди. Бу иши учун гоҳо калтак ҳам ерди. Лекин барибир билганидан қолмасди.

Қурмаш қанчалик тарбияламасин, Кўкёл ўғрилик билан ҳалол овқатнинг фарқига етолмасди. У кап-катта кўк чиноқ бўри бўлиб етишганда, энди нуқул узиб-юлиб ўғирлаб қорин тўйғазишдан ҳузурланарди. Мабодо, инсон ҳам худди шу тарзда кун кечиришга кўникма ҳосил қилса, бўри нари турсин, ҳатто арслон ҳам унинг нафсидан чўчийди.

***

045Улғайган сайин Кўкёлнинг турқи совуқлашиб борарди. Буни сезиш қийин эмасди. Кексалар бир куни:
– Энди буни ўлдириб, терисини шилиш керак, бу лаънати сира эл бўлмайди, – дейишади. Бу гал ҳам Қурмаш қарши туради. Чунки Кўкёлни у яхши кўрар эди.
Авваллари Кўкёл овул итларидан қўрққан бўлса, бора-бора уларнинг энг зўридан ҳам қўрқмайдиган бўлади. Жумаш деган боланинг Олапарини ўлдиришига сал қолади. Шу воқеанинг эртасига кечга томон овулга яқин қўрага бўри оралайди. Дўнг бошидаги чўпоннинг ҳайқириғини эшитиб, ёшу қари пиёда ва отлиқ бўлиб итларни олқишлаб ўша ёққа югуришади. Бироқ бўрига бирорта ҳам ит ета олмайди. Қирни ошиб тушмасдан итлар ҳам, одамлар ҳам тўхтаб қолишади. “Кун ботиш томондаги Сариқ тепадан бир-бирига эргашиб чиқиб келаётган иккита йирик нарса” кўринади. Улар бўрилар эди. “Уларнинг орқасида тумшуғини ерга осилтирганча Кўкёл елдек учиб борарди”. Қурмаш билан болалар: “Кў-ўк-ёл!”, “Кў-ўк-ёл!” дея чақиришиб, ортидан югуришса-да, у парво қилмайди…

Кўкёл бир-бир қадам босиб, овулга қайтганида қош қорайган эди. Негадир у уйга кирмай, нарироқда туриб, қайта-қайта ерни таталайди. Сариқ тепага қараб-қараб, нари-бери юради. Ер ҳидлайди. Униг ҳолатини пайқаган Қурмашнинг дадаси:
– Вой-бу, манави йиртқичнинг икки кўзи ям-яшил бўлиб кетипти-я! Ўзининг бўри зотидан эканини сезибди-да, юзи қора. Кел, болам, энди буни ўлдириб терисини шилайлик, – дейди.

Қурмаш кўнармиди? Йўқ, кўнмайди. Ота ҳам унинг раъйига қаршилик қилмайди. Бироқ икки кун ўтгач, Кўкёл бир кечада ғойиб бўлади-қолади. Қурмаш унинг қочиб кетганига инонмайди. Атрофдаги чий-қамишзор, жарликларни роса қидиради. Тополмайди. Орадан уч кун ўтгач, эрта тонгда Кўкёл худди осмондан тушгандай пайдо бўлади. Наинки Қурмаш, бувиси ҳам бундан қувонишади. Кўкёлнинг феъл-атвори шу кунлар мобайнида тамоман ўзгарган, энди кетса, қайта қорасини кўрсатмайдиган бўлиб келганди. Ҳақиқатан ҳам, у “қора довулли куз кечаларининг бирида” йўқолиб, қайтиб келмайди. Чунки Кўкёл “улкан бўри бўлиб етишганини” тўла сезган эди. У бўрилик ҳаётини яшашни истарди. Дастлаб юмронқозиқ, қуён каби жониворларни у тутиб еб, кун ўтказади. Қишда ови бароридан келмай азоб тортади. Ҳар қанча уринмасин, қўриқчилари ҳушёр қўраларга яқинлашолмайди. Очликка совқотиш қўшилгач, ноиложликдан у биринчи бор кўкка қараб улийди. “Улиганда ҳам қорли кимсасиз адирни бошига кўтариб улийди. Тинмай узоқ улийди…”. Ана шунда худди ёнгинасида ўзиникига ўхшаган бир овоз эшитилиб қолади…

Шундай қилиб, яқин атрофда юрган урғочи бир оқ бўри билан топишади. Улар илк ўлжа ўлароқ, Кўкёлга аввалдан таниш, Олапарнинг гўштини чайнаб, суякларини ғажишади. “Салдан кейин Олапардан ҳар жойда сочилиб ётган жуну қора товони билан думигина” қолади.

Учрашувни ялашиб, юлқашдан бошлаган икки бўри шу-шу бир-биридан ҳеч айрилмайди. Шерик топгандан сўнг Кўкёл зўрайиб, янада тез ўсади. Оёқлари йўғонлашиб, жунлари кўтарилиб, тўлишади. Бу икки бўридан Қораадирдаги овуллар кўп жабр тортади. “Далада чўпонни бақрайтириб туриб, қўйини тортиб еб кетадиган, яйловдаги молга чопиб, бузоқдан тортиб, улкан сигиргача бўғизлайдиган ҳам шу иккови эди”. Улар баҳор олди “уч-тўртта туяни ҳам еб” кетишади. Айниқса, Кўкёл беҳад қутурган – тирик жонзотга ҳеч шафқат қилмасди. Баъзи қўралардан ўнлаб қўйларни ҳам бўғизлаб кетаверарди. Унинг ҳолати ёт ва тинч юртларга қирон солишга қасд айлаган босқинчининг қаҳр ва қонхўрлигини эслатади. Зеро, Кўкёл ҳам овга чиқиш учун вақт танламасди, эрта тонгдами, тушдами, тундами, барибир, босқинчилик қилаверарди.

“Қиш қаттиқ. Қор қалин, бўрини кўтаради, отни кўтара олмайди. Шу сабабли неча бор от совитиб, калтак ҳозирлаб бўриларни қувиш иштиёқида ёнган йигитлар ҳам ҳеч нарса қилиша олишмайди”. Милтиқ отиб қўрқитишмоқчи бўлишади. Кўкёл бундан ҳам тап тортмайди. Заҳар қўйилади – емайди. Сўнгги ойларда ҳамма мана шу бўри ҳақида гапиради. Аммо унинг йўлини тўсиш ё тузоққа туширишнинг иложи йўқ эди. Ўлжа мўл. Хилват, хавфсиз жой тайин. Кўкёл оқ бўри билан шўх-шодон кун ўтказарди.

“Бир кун Кўкёл инига қайтиб келиб, нуқул қуйруқ қисди. Илгарилари оқ бўри чиқиб, уни қарши олар эди. Бу сафар ундай қилмади”. Оқ бўри болалаган эди. “Кўкёл кичкина кўк бўрини ерга пийпаб, қовурғаларини кирт-кирт синдириб, ўлдириб ташлайди”. Бу билан у бирга овга боришга ярамай қолган оқ бўрига норозилигини билдирган эди. Одамлар ахтара-ахтара уларнинг инини топишади. Бу пайтда Кўкёл ҳам, оқ бўри ҳам инларида йўқ эди. Келиб қарашса, болаларини ўлдириб кетишибди. Ана шундан сўнг икки бўри бурунгидан ҳам баттарроқ қутуради… Ва шунга яраша таъқиб, қув-қувга ҳам йўлиқишади. Шунақа қувғин чоғида Кўкёл бир ёққа, оқ бўри бошқа томонга қочади. Кейин у ҳар қанча шеригини изламасин, тополмай, ёзда якка ўзи тирикчилик қилади. Ёз бўйи еган қўзи ва бузоқларининг сони олтмишга бориб қолади. Куз фаслининг қоронғи, довулли тунларида бу йиртқич ҳеч иккиланмай йилқига ҳамла қилади. Ҳатто асов тойларни ҳам қулатиб гўштини ейди. Изғирин, қорли қиш кечалари келганда эса яна очлик, яна увлаш. Одам овози одамни чорлаганидек, бўри овози ҳам бўрини чорласа керакки, кўр ойдинда гала бўри Кўкёлнинг ёнига тизилишиб келишади. Аксари урғочи ва ёш бўрилар эди. Кўкёл бу галанинг бошлиғи думи чўлтоқ кўк бўрини ҳам дарров таслим айлайди. Гап шундаки, нафс манфаати ўртада кўндаланг турганда, инсон инсонийликни идрок қилолмай қолганидек, ҳайвон ҳам ҳамма нарсани унутади. Ва орадаги олишув, йиртқичлик манзаралари ўзаро жуда яқинлик касб этади. Кўкёл бир қуён учун чўлтоқ билан талашади. Шундоқ талашишадики, охири Кўкёл қуённингмас, рақибининг гўштини ейди: “Кўкёл келибоқ қуёнга ёпишди… Чўлтоқ кўк бўри қуённинг бошини ташлади-да, Кўкёлнинг оёғидан таппа олди. Кўкёл ҳақини қўймади, чўлтоққа ташланди… Тикка олишиб турганда Кўкёл рақибининг бошини буриб юбориб, чўлтоқнинг қулоғидан олди. Бу унинг ёшлигида овул итларидан ўрганган ҳадиси эди. У қаттиқ юлқиб юборган эди, чўлтоқ майишиб бориб, гуп этиб остига тушди. Кўкёл ҳалқумидан ғиппа бўғди. Бўйин суягини кирт-кирт чайнади… Сирқиб оқаётган қизил қоннинг ҳиди оч бўриларнинг иштаҳасини карнай қилиб юборди. Бири чотидан, бири қўлтиғидан, бири яланғоч тўшидан бақувват ўткир тишлари билан юлқиб тортганда, чўлтоқнинг қони тирқираб оқиб, ичидан буғи бурқираб чиқди”.

Қуён баҳона Кўкёл эҳтимол бошқа мақсадни ҳам кўзлагандир. Балки буни сездирмай юргандир. Нима бўлмасин, “энди Кўкёл бўрилар галасининг биттаю битта йўлбошчиси бўлиб” қолган эди.
Нафси аммора дегани шундоқ бир даҳшатли ва қўрқинч нарсаки, у ғалаён бошласа, одам бутунлай ҳайвонлашади, ҳайвон эса тасаввур қилиш қийин даражада йиртқичлашади. Аста-секин ҳеч нимадан қўрқмайдиган, қарши келган ҳар қанақа нарсани ғажиб-янчиб, тилкалашга ўзини қодир сезадиган бўлиб боради. Кўкёл бўрилар галасининг яккаю ягона йўлбошчисига айланиб олгач, тўққиз бўрининг бари семириб, чопқир бўлиб қолади. Энг қизиғи, уларнинг “ҳаммаси ҳам Кўкёлдай юракли. У нима қилса, булар ҳам шуни қилади…”.

Демак, ҳатто ҳайвонларга ҳам “йўлбошчи”нинг таъсири ўтар экан. Ва уларнинг табиатини қайси бир зайлда у ўзгартириши мумкин экан. Ҳикояни ўқиган киши бунга албатта ишонч ҳосил қилади.
Қўй-қўзи, сигир ва бузоқ, от ва тойларга қирон келтириб юрган бўрилар энди карвон йўлига ҳам чиқа бошлаган эди. Иттифоқо, от қўшилган чанада кетаётган йўловчига ташланишади. “Эс-ҳушини йўқотгган йўловчи оти юра олмай қолганидан кейин саросимага тушиб, дод-вой қилиб қоча бошлади. Бўрилар отни йиқитиб, талаб-тортиб ейишга киришди…”.

Одам қўлидан овқат еб, одамлар орасида улғайгани учунми ёки бошқа бир сабабданми – буни аниқ билолмайсиз, лекин Кўкёлдаги ҳолат кишини жуда ажаблантиради. Бир отнинг гўшти ва қони тўққиз йиртқичга бемалол етиб ортади. Кўкёл нима қилади денг? “Ёнига бир-икки урғочини олиб, йўловчининг изидан тушади”. Бўрилар яқинлашганда, йўловчи қўрқиб йиқилади. Ҳайрият, олдиндан бир неча суворий тасир-тусир от чоптириб келиб, ҳалиги одамни қутқазиб қолишади. Кўкёлга бу алам қилади. Аламини урғочи қари бўрилардан олиб, роса таъзирини беради.

Ҳикоянинг мана шу жойларига келганда, ёзувчи бўри орқали бошқа бир шафқатсиз, ҳаттоки мудҳишроқ ҳақиқатларга ишорат қилмаганми, қонида адоват, ўч, душманлик ҳирси қўзғалганда, одам ҳар қандай йиртқичдан ҳам ёвузлашади, деган маънога эътиборни тортмаганми, деган фикр хаёлдан кечади. Ҳикоя яратилган даврдаги воқеа-ҳодисалар назарга олинса, табиийки, шубҳага ўрин қолмайди.

***

Кўкёл бошлиқ бўри галаси учун гоҳ овулга, гоҳо инсонга ҳужум қилиш одат тусини олади. Қаҳратон қиш. Бўрилар қорда ағанашаётганда овулдан бир туя чиқади. Устида бошига оқ ёпинган одам. У тўғри бўриларга қараб келарди. “Бу отлиқ эмас, ундан қочмаса ҳам бўларди. Бироқ, тун яқинлашиб келаётгани учун бўрилар ўрнидан туриб, дала томонга йўрғалаб қолишади”. Кўкёл ҳам аста қўзғалиб, кетига қарай-қарай гала ортидан жўнайди…

“Бўрилар, туя бурилса керак деб қараб-қараб қўйишарди. Аммо у ҳеч ёққа бурилмай, уларнинг кетидан келар эди”. Хавфни сезган туя бўзлайди. Кўкёл эса аллақачон унинг орқасига яқинлашиб қолганди. “Туя тўхтаганда Кўкёл ҳам тўхтади. Турган ерда қор тўзғитиб талпинди. Бир вақт у қадамини тезлатиб, туяга яқинлаб келиб ёнидан ўтаётган эди ҳамки, туя устида бир нарса олдинга шундай чўзилди-ю, қарс этди. Қаттиқ овоз далани янгратиб юборди”.

Бўрилар қор тўзғитиб ура қочишади. Оёғидан ўқ еган Кўкёл бошқа томонга – тошлоқ бир сойга қараб югуриб, йўл бўйи оёғидан қон оққанидан ҳолсизланиб қолганди.
У бир неча кун сой ичидан чиқолмай ётади. Очлик азобини тортади. Қадам боса бошлагач, бир-икки қирдан ошиб ўтади. Бир сойда уч-тўрт от юрганини кўради. Биқиниб отларнинг ёнига келади ва ориқ човкар отни нишонга олади. “Кўкёл уни ҳайдаб, чуқурга олиб келиб қамайди. Пишқириб, қўрқиб турган отга ташланиб, чуқур қордан чиқармай йиқитиб олади. Мириқиб от гўштини еб, кейин ўз маконига қайтади. У кундузи ётиб, кеч бўлишини кутади. Қоронғи тушиши ҳамон бориб, ўлжадан қолганини ейди”.

Шундай қилиб, кунлар кетидан кунлар ўтади. Кўкёлнинг оёғи тузалиб, яна кучга тўлади. Қир ошиб, сой кечиб ов қилади. Лекин мана икки кунки, емак йўқ. Кейинги кун тушга яқин у йўртиб Қораадир устига чиқади-да, атрофга кўз югуртиради. “Шамолга тумшуғини тутиб, ҳидлаб-ҳидлаб” кўради. Шунда йироқдан димоғига таниш ҳид урилади. Қирдан-қирга, адирдан-адирга чопиб ўтиб, кун ботишга қараб кетади.

Кўкёл нечундир ўша таниш ҳидни ахтараётгандай эди. Ниҳоят кечки пайт у бир тепаликнинг бошида турган отлиқ чўпонни кўради. Унинг атрофида қўйлар юрарди. Чўпонга у эҳтиёт билан яқинлаша бошлайди. Қарангки, Кўкёлнинг қорасини кўриб қолган чўпон бақириб, унга томон чопади. Бу эса ажалга пешвоз чиқиш ёки ўлимни қаршилашнинг айни ўзи эди. Ёшгина чўпон буни тасаввурга ҳам келтиролмасди. Кўкёл бир қизил қўйга яқинлашиб, оғиз солишга чоғланганда, чўпон шундоқ унинг ёнига келиб қолади. Бўри ноилож бир томонга қочади, чўпон унинг кетидан қува бошлайди. “Албатта, Кўкёл астойдил қочгани йўқ. Шунинг учун бўз от унга етиб олай деди. Кўкёлнинг орқасига енгилгина калтак шақ этиб тегди”, дейди ёзувчи. Астойдил қочмаслигининг сабаби, Кўкёл чўпоннинг овозидан унинг ёшлигини билган ва қўрқмаган эди. Шунингдек, чўпонда ҳам қўрқув йўқ эди. Акс ҳолда, у бутунлай бошқача йўл тутарди.

Хуллас, Кўкёл “ҳап” этиб отлиққа сапчиб, бола тўнининг барига оғиз солади. Албатта, бундан бўз от пишқириб сапчиб кетади. Бола чўчиб бақиради-ю, мункиб кетган отдан ерга ағанаб тушади. “Бу пайт Кўкёлда илгари ҳеч қачон кўрилмаган бир ғазаб жўш урар эди. Туғилганидан бери кўрган бутун азоблари шу икки оёқли одамдан эканини билгандай юмалаб ётган бола устига ўзини отади”. Сонидаги яранинг оғриғи эса янада баттарроқ ғазабини қўзғаб, уни қутуртириб юборади. Кўкёл ириллаб болани тагига босади…

Эсласангиз, Кўкёл еттидан бештаси ўлдирилиб, биттасининг “тирсагидан пайи узиб ташланган” Оқ бўри болаларининг энг кенжаси эди. Овулда Қурмаш исмли бола уни асраб катта қилган. Кўкёл деб унга от қўйган. Меҳр кўрсатган. Умуман, Қурмашдан ёмонлик кўрмаган. Қанча парвариш этилмасин, бўрининг боласи бўри бўлади-да. Бўридан бир нима кутиш ё ҳалокат, ё фалокатга йўлиқишдан бошқа бир натижага олиб бормайди. Бир мисоли бунинг Кўкёл чангалида жон узаётган бола – Қурмашнинг қонли қисмати эди.
“Бўри устига миниб олганида Қурмаш кўзини очиб қаради. Шунда Қурмаш уни танигандай бўлди: у бўрининг катта очилган оғзидан юқорироқда ўзига таниш чиноқ қулоқни кўриб қолди. Боланинг охирги бор кўрган-билгани фақат шу бўлди…”.

Қурмашнинг ўлигини кечаси топиб олишади. “Унинг атрофида той туёғидай катта-катта бўри изи тушиб қолган эди”.

Бу ўлим Қораадир халқи учун кутилмаган бахтсизлик – ниҳоятда қайғули фожиа эди. Жанозага йиғилганлар турли-туман тахминларни айтган бўлишса ҳам, Қурмашни Кўкёл нобуд қилганига ҳеч ким шубҳаланмади. Ўша йиғинда уни ўлдиришга аҳд қилиниб, бу вазифа “атоқли овчи – азалдан қуш солиб, ит билан ов қилиб юрган” овулнинг жасур йигитларидан Ҳасанга топширилди.
“Ҳасан Қурмашнинг отаси билан яқин қариндош. Ёлғиз фарзанди – Қурмашнинг ҳалокати дадасига қаттиқ таъсир этганини у яхши биларди. Унинг уй ичи баъзан бўтадай бўзлаб, йўқлаб йиғлаганини кўрган тирик жон борки, барининг юрак-бағри эзилиб кетарди”.

Ҳасан беш-олти йигит ва Оққашқа ити билан Кўкёлнинг изига тушишади. Уни топиш осон эмас – у аллақачон Тошқудуқ деган жойдан ҳам ўтиб Оқсўрангдаги йилқи уюрига қараб жўнаганди. Бу навбат унинг қочиб қутилиши мумкин эмасди. Оққашқанинг эпчиллиги ва шижоати туфайли овчилар Кўкёлни ўлдиришади. Уни овулга олиб келишганда Қурмашнинг бувиси бўзлаб туриб: “Қуриб кеткур-эй… Сени бағрига босиб ўстирган эди, сенга нима ёмонлик қилувди, менинг қулуним?! – деб элни йиғлатиб, Кўкёлнинг бошига тепади”.

Ҳаётда ҳар хил кулфат, мусибат ва фожиалар бўлади. Аммо Қурмашнинг тақдири энг мудҳиш фожиалардан ҳам фожиалироқдир. Бўри боласини бағрига босиб ўстириб бўлмаслигини унинг билмагани ёки билишни истамагани – бу, бир фожиа. Катталарнинг ғафлатда қолиши-чи?

ҚОРАКЎЗ ҚИСМАТИ

06 Ҳаёт – тириклик, ҳаракат ва ўзгариш демак. Ҳаёт ҳеч қачон якранглик, турғунлик ёки забунликни тан олмаган, тан олиши мумкин ҳам эмас. Ҳаётнинг ташқаридан дахл қилиб бўлмас куч ва қонуниятлари бор. Ҳаёт шунга таянади. Шулар асосида ўзгариб, янгиланиб бораверади. Ҳаёт нечоғлик қаҳри қаттиқ ва шафқатсиз бўлса, шунчалик меҳрибон ва шафқатли. Ҳаёт кимгадир меҳр-мурувват кўрсатиб, бошини силаса, кимнидир қийинчилик, машаққат ва ғам-ғусса гирдобига ташлайди. Лекин ҳар икки ҳолатда ҳам у инсонни синайди, синов йўлларида ўзини қандоқ тутади, сабр-бардоши қанақа – буни бошқаларга кўрсатади. Ҳаёт одами – аслида севги-муҳаббат одами. Бундай киши учун сўниклик, тушкунлик, нотавонлик каби ҳолатлар бутунлай ётдир. Бундай одам ғам-кулфат ичида ҳам ўзини йўқотмайди, ҳар қанақа мусибат жарликларидан соғ-омон чиқади. Чунки бошқа илож, ўзгача нажот йўқ. Бу чархи даврон бировнинг кўнглини шод айласа, бировнинг бағрини тилка-пора этади. Кимларгадир васл ва иқбол эшигини очса, кимларнидир айрилиқ ва ҳижрон балоларига гирифтор қилади. Азалдан шундай бўлиб келган, кейин ҳам шундай бўлаверади. Лекин кун ва тун салтанати бир-бирига дахл қилиб билмаганидек, ғам-ғусса шодлик йўлини тўсолмайди, бақолик фаноликларга барҳам беролмайди. Аччиқ-чучук, иссиқ-совуқ, оқу қаро – демак, одам ҳамма-ҳаммасини тотиш, кўриш ва бошдан ўтказишга мажбур. Наинки, мажбур, балки маҳкум ҳамдир. Буни чуқур англаш ва шунга иқрорлик инсон зотига маънавий куч-қувват ато этади, синиб уваланиш ёки сомондай сочилиб кетишдан уни асрайди.

Ҳаётда нима кўп, қайғу ва мусибат кўп: ҳеч кутилмаганда бировнинг отаси ўлади, бировнинг онаси. Кимнингдир навқирон эри вафот қилса, кимдир нозанин аёлидан ажраб қолади. Фарзанд доғида куйганлар қанча. Жонажон дўсту ёридан жудо бўлганлар қанчадан-қанча. Умумий адолат, доимий тасалли шундаки, бандасига ғам-ҳасратни раво кўрган Оллоҳ ундан шодлик ва хушнудликни ҳам дариғ тутмайди. Оллоҳ қувонтирганда қувнаб, йиғлатганда кўздан ризо ёшларини тўкиш Ҳаққа яқинликнинг асосий аломати эрур.

Ўлимга муносабат ва кўникиш одамнинг ёши, ақл-фаросати, тарбия тарзига ҳам боғлиқ, албатта. Ҳали ўн гулидан бир гули ҳам очилиб улгурмаган дилбар бир келинчакнинг бева қолишини тасаввур қилинг. У балки ҳамма азоб-уқубатга чидар. Етим қолган севгининг истак ва туғёнларига қандай бардош беради? Қўмсаш ва соғинч туйғуларини тизгинлаш осонми? Хотира сўровларига ким жавоб бера олади? Буларнинг ҳар бири бир дунё азоб, олам-олам ғусса ва армондир. Бизнинг қишлоқда эри урушга бориб вафот этган бир неча аёл бор эди. Билиб-билмай шуларнинг ҳолатларини кузатганман. Ҳаммасининг кўнглида бир синиқлик, ҳеч нима билан тўлдириб бўлмайдиган камлик, яъни бўшлиқ сезганман. Адабиётимизда бева аёллар образи яратилган. Уларнинг аксарияти ҳаётий, ҳаққоний эмас – китобий ва ясама. Менимча, қозоқ халқининг машҳур ёзувчиси Мухтор Авезовнинг бир бева келинчак тақдири ёритилган “Қоракўз” ҳикояси ёлғон ва сунъийликдан холи бўлгани туфайли ҳам китобхон хотирасига чуқур ўрнашиб қолади. “Қоракўз” маъноси ила тақдир ҳикояси. Бу тақдир ҳам гўзал, ҳам қайғули, ҳам очиқ, ҳам сирлидир.

Бепоён қозоқ даштларида яшаётган катта бир овул сафарга чиққанди. Эрта тонгдаёқ улар ўтовларни йиғиштириб, от-араваларга юклайди. “Қуёш нурлари яқин атрофдаги тепаликлар устини ёритар-ёритмас, одамлар от-уловларга минишиб, буюмларини араваларга ортишган, мол-туёқлари эса йўлга тушишганди. Халқ бу ўтлоқни тарк этиб, яйдоқ йўл-даралар оша ўти мўл, сердарахт ва муздек сувли кўллари бор бошқа тоғ ўтлоғи сари йўл олишганди”.

Ёшу қари, эркагу аёл – ҳамма-ҳамма янги манзил сари борарди. “Олдинда йигитлар тўрт юз ёки беш юз йилқи уюрини, чўпонлар эса, қўй-қўзиларини ҳайдашарди… Абадий сукунат бағрига қувноқ ҳаёт оқими кириб бораётган эди… Одамларнинг руҳлари кўтаринки. Шўх қизлар билан ҳазилкаш, гапга чечан жувонлар эркаклар билан йигитларга йўл беришмас ва уларнинг ортларидан турли хил ҳазил-мутойиба гапларни айтишиб, қочириқлар билан кузатиб қолишарди. Йигитлар учун эса – бу айни муддао эди… Ёш йигитчалар бир сакрашда эгарлар устида пайдо бўлишар, арғумоқлар ўйноқлаб кишнашар ва йилқилар томон талпинишар эди. Шунда йигитлар ҳам уларнинг бошларини қўйиб юборишиб, қийқиришганча бирин-кетин йилқилар сари учиб жўнашарди. Юзлаб отлар шамолда ёлларини ҳилпиратиб, туёқларининг дупури билан еру кўкни ларзага келтирганча, олис-олисларга қушдек учардилар”. Бу – кўчманчилик ҳаётигагина хос шовқин-сурон ва хушнудлик эди. Умумий хурсандчилик ва қувноқликдан ажралиш душвор эди. Лекин уч от қўшилган кажава аравачада кетаётган бир аёл ўз хаёллари билан ўзи банд – ёлғиз угина ҳамма нарсага лоқайд қарарди. Уч чопқир от гўёки гўзалликда тенгсиз шу жувоннинг ғам-ҳасратини тортиб борарди.

Бу жувоннинг номи Қоракўз эди. Эрини ўлдиришганда энди йигирмадан ошганди. Олти йилдан буён у бева. “Бу оромсиз, ғам-андуҳли, машъум йиллар нақадар узоқ давом этди! Бамисоли ҳазонли куз деса бўлади бу йилларни. Уларнинг ҳар бири бутун бир умрга тенг келарди. Қоракўз олти йил мобайнида қафасдаги қушдек ёлғизликка маҳкум бўлиб яшади. Кунлар ҳаловатсиз ва мотамсаро бўлиб ўтаверди”. Афтидан, Қоракўз тақдирга тан бергандек эди. У қисматидан нолимас, бошқача бир ҳаётни орзу ҳам қилмасди. Чунки бевалик азоби одатдаги бир нарса бўлиб қолганди унга. Усен чолнинг ўғли, яъни Қоракўзнинг эри Азимхон овулнинг мард, ёвқир йигитларидан бўлган. Қўнғир тоғ уруғидан Сибинбой деган мажруҳ бир бадавлат йигитга унаштирилган Қоракўзни ҳеч тап тортмай у тортиб олган. Бу эса кўпдан давом топиб келаётган Ирғайли уруғига қарши адоватни янада кучайтириб юборади. Қисқа қилиб айтганда, Азимхон уруғчилик можаросининг қурбони бўлади. Чунки, бу уруғларнинг “пешонасига чексиз дашт қўйнида тинч-тотувлик билан келишиб яшаш деган нарса ёзилмаган эди”. Худди юқумли мараздек хунрезлик авж олиб кетганди. Навбатдаги бир босқичда овулдошларини ҳам тўплаб ўтирмай, жийрон отини олдирганича тўғри душман устига бостириб борди. Ўшанда ойдин ва сокин тун эди. “Қоракўз эри кетидан югуриб бориб, жийрон от жиловидан маҳкам ушлаб олди. Авваллари у ҳеч қачон бундай ҳаяжонланмас, хавотирланмас эди.
– Ўзингиз бормай қўя қолинг… – деб ёлворди Қоракўз. – Бошқаларни жўнатинг.

У хотинининг гапига қулоқ солмади. Аксинча, қўрқоқлик қилаётгани ғашини келтирди… Азимхон шошаётгани учун жаҳл устида хотинини силтаб ташлади”. Хуллас, шериклари етиб келганда душман чўқморидан калла суяги парчаланиб кетган Азимхон аллақачон ҳаётдан кўз юмиб ётарди.

Сезги кучи билан кўп нарсани, ҳатто ўлимни ҳам олдиндан англаш мумкин. “Овулда қолган Қоракўз, ўтов ёнида турар экан, эрининг ўлимини олдиндан сезаётгандек юз-кўзини юмиб, дод солиб йиғларди ва зулмат тун қўйнига қулоқ тутиб, маъносиз кўзлари билан кимнидир ахтараётгандек бўларди…”

У топганини ҳам, ахтараётганини ҳам мангуга йўқотганди. Кечагина унинг суюклиси, танҳо ўғилчасининг отаси, тоғдай суянчиғи соғ-омон эди. Бугун у йўқ. Уни ҳеч ким – на кекса қайин отаси, на кичкинагина ўғилчаси Муқош овутишолмасди. Аза либослари ичида Қоракўз ўзини бирданига қариб қолгандек сезди. “Сабаби, бенаволик ва умидсизлик соядек эргашиб юрарди унга. У танҳо бўлиб, бошидаги ғам юки эса ниҳоясиз эди. Ёр билан ишрат қиладиган пайтлари, ширин уйқуда ётиладиган тонг чоғларида Қоракўз юзини азадор рўмолига чирмаб, зор-зор йиғларди… У эрини гўё ёнига чорлаб, у билан узоқ-узоқ гаплашар эди: – Сар лочиним… соҳибқироним… баҳодирим… келбатлигим… бебаҳойим… хонумоним… ишонган боғим… суянган тоғим…” Бу сўнгсиз ҳасрат, аччиқ-аччиқ кўз ёшлари ила тўқилган ва бахтсиз қисматни ифодаловчи мунгли қўшиқ эди. Уни тинглашга андак-мундак юрак дош беролмасди. Ахир у аёл ва она эди. У севди, севилди ва ҳаммага насиб бўлавермайдиган бахтли онлар гаштини сура бошлаётганда… Бирданига…

Қоракўз барига чидади. Ўзини қўлга олди. Йиллар ўтган сайин сабр-бардоши тилларда достон бўлди. “Бошларидан кўп воқеаларни кечирган чоллар ва кампирлар Қоракўз ҳақида худди бир тирик жувон тўғрисида эмас, балки бир замонлар яшаб ўтган ва номи афсоналардагина қолган аллақандай бир аёл тўғрисида гапиргандек гапирадилар…” Ҳолбуки, у ҳам тирик жон – аёллик ҳиссиётлари, нафсоний майллар оловида ёнишга маҳкум бева бир жувон эди. У ўзига боғлиқ бўлмаган ва ўзи истамаган равишда дўзах азобига тенг аллақандай ички қийноқлар оғушида яшарди. Хусусан, унинг тунги ҳолатларини ёзувчидан бошқа ҳеч ким бунчалик аниқ ва чуқур тасаввур қилолмаган, деб ўйлайман. Мана бу сўзларни ўзингиз бир ўқинг: “Қоракўз чироқни ўчириб танҳо ўрнига ётар экан, дуолар ўқиши, тинч уйқу ва яхши тушлар кўришни Худодан илтижо қилиб сўраши – ҳамма-ҳаммаси беҳуда эди… Унинг баданига олов илонлар чирмашиб, кўксига ўрмалаб чиқар, томоғидан ўпар, гавдасига ўралиб, суяк-суягигача синдирар даражада қаттиқ қисар экан, унинг ёқимли туйғудан лаззатланган борлиғи аста-секин титрай бошларди. Илонлар эса бир дам бўлса-да, тинчлик бермасди унга: Қоракўз тонг ёришгунча улар оғушидан қутулолмас ва эркин нафас олиб, ўзини-ўзи қўлга олишга қурби етмас эди. Ҳирс ўтида қовурилган аёл кўзлари тиниб, овози ҳириллай бошлар экан, апил-тапил ўрнидан туриб чироқ ёқар ва хизматкор кампирни чақириб, унинг қаршисида яланғочланарди-да, ўзини калтаклашни ва кўксига ўрмалаб унга тинчлик бермаётган илонсимон оловларни олиб ташлашни илтимос қиларди. Кампир қўрқиб кетиб, калима келтиришга тушарди…” Шўрлик кампир нима қилсин – унинг қўлидан бошқа нима ҳам келарди? Ахир, у “шунча вақт тутққунликда ётган ёшлик туйғусини энди озодлик истаб туғён ураётганини ҳатто хаёлига ҳам келтиролмасди”. Қоракўз қалби тоза, ақлли ва қатъиятли жувон. Унинг сийратида ёшлик, ғаму кулфат қўли ила эзғиланган аёллик ҳиссиётлари бош кўтарган экан – бунда унинг айби ҳам, гуноҳи ҳам йўқ. Уни тушуниш керак. Қоракўзни тушуниш – унга қисматдош бева аёллар тақдирига тепадан қарамасликка ёрдам бериши шубҳасиздир. Қоракўзнинг вужудига чирмашиб, оромини бузган олов илонлар – нафс ва ҳирс илонлари. Инсон тирик экан, улар ўлмайди. Вақт, фурсат етгани ҳамон, мавжудлигини сездираверади…

Қоракўз ҳали ёш. Маъсум боқувчи тим қора кўзлари аввалгидек чиройли. Буғдой ранг ёноқлари ҳамон қизариб, ял-ял ёниб туради. Ҳаракатлари чаққон ва чиройли… Бундай аёлни кўз остига олиб, “қармоқ”қа илдиришга урингувчи эркаклар ҳам албатта кўп топилади. Лекин Қоракўз улардан бирортасини ҳам назарга илмаган.

Эрта кўклам. Тоғлар, ўтлоқлар яшариб, сувлар қўшиқ айтиб оқади. Қушлар сайраб тинмайди. Бевалик ҳаётининг еттинчи йили, Қоракўз яна ўзини қўярга жой тополмай қолади. Ўтар қоровули Бўлат чўпоннинг тунда келиб “Жоним!” деб айтган бир оғиз сўзи ва ҳирқироқ овозидан Қоракўзнинг баданига яна оловли илонлар чирмаша бошлайди. Аммо шайтонга бўйсунмасликка куч топади. Ва аравасини елдиргунча, Қанайдининг соҳилига етиб боради. “У худди тандирдек қизиб, оловдек ёниб борар ва нафас олишга қийналарди”. Қоракўз тонгни шу соҳилда қаршилайди. Унга ҳамма нарса, булбул хониши ҳам ўзгача таъсир ўтказарди. У бу қушнинг бундай сайрашини ҳеч қачон эшитмаган. “Булбул Қоракўзнинг гўзаллигини, униг ўтли қора кўзлари нақадар нигоронлигини ва дунёда унинг кўзидек чиройли кўз йўқ эканлигини куйлаб берди… У яна бунинг дили вайрон эканлигини ва йиғлайвериб ёш қолмагани, аксинча, нурсизланиб бораётганини ҳам хониш қилди”.

Булбул соҳил бўйидаги бўтазорда эмас, Қоракўзнинг кўнгил боғида сайрарди. Унинг хонишлари Қоракўзни батамом беҳол ва сархуш айлаганди. Овулдошлари Қайинди бўйига етиб келиб, кўч-кўронларини тушириб, ўтов тиклашади. Ҳамма ҳориб-чарчаган. Ўтовларга тарқалиб вақтли ухлашади. Қоракўзнинг эса кўзига уйқу келмасди. Танасини яна олов илонлар чулғаб олганди. У ўзини негадир нотавон ҳис этарди. Ўзидан қочгиси келар, аммо қочолмасди.

“Етти йил мобайнида биринчи бор Қоракўзнинг қаршисидаги қоронғиликдан сочлари тўзиган, оқ кўйлакли, қора нимчали барваста бир йигит пайдо бўлди. У тўғри ўтов девори орасидан ўтиб, унга ёпишди-да, муздек кафтлари билан унинг сийнасини чангаллади ва яноқларига лабларини яқинлаштирар экан, кула-кула қулоғига бир нималар деб шивирлай бошларди. Қоракўз уни қучмоқчи бўлиб қулочини ёзаркан, у бирдан ғойиб бўлиб қолди. Лекин унинг шивирлашлари ҳамон эшитилиб турарди ва у буни ҳадеб ўзига томон чақирар эди… Қоракўз қичқириб юборди: – Э, Худо, ортиқ чидай олмайман! Не кунларга қўйдинг мени?”

Мен ушбу ҳолат ифодасида заррача ҳам ёлғон аралашмаган деб биламан. Инсон нафси ва шаҳвоният кучини чуқур ўрганган ҳар бир ёзувчи шунга монанд тасвирлардан ўзини чеклолмаслиги муқаррардир. Ахир, ҳирс домига илинган кимса, айниқса, аёл ундан осонлик билан қутулолмайди. Шу боисдан ҳам шўрлик Қоракўз сакраб ўрнидан туради-да, ўтовдан отилиб чиқиб ўзи ҳам билмаган томонга югуриб кета бошлайди. “Унга тунги салқин ҳам таъсир этмасди. Унинг борлиғи олов бўлиб ёнарди. Қоракўз дарёга яқинлашгач, тиниқ сув бағрига тушди-да, қирғоққа яқинроқ ерга чалқанчасига ётиб олди. У кўйлагини ечиб ташлаган бўлиб, бадани кўзни қамаштирар даражада оппоқ эди. Унинг ана шу баданига яна олов илонлар тирмашиб кетди”. Балки бу гапларга ишониш қийиндир. Эҳтимол, улар ҳаёт ҳақиқатига тўла мувофиқ келмас. Аммо инсон табиатининг шундай талаб ва ҳақиқатлари борки, Оллоҳ ёрдам бермаса, уларга чора ё тадбир топмоқ мушкул. Қоракўз аҳволидаги аёлни йўлдан оздириш осон. Бўлат сингари пайт пойлаб юрган кимсалар бундан албатта фойдаланади. Қоракўз қирғоқ этагида яланғоч ётар экан, “Қоракўз, жоним… Бу сенмисан? Нима бўлди сенга?” – деган ҳирқироқ овоз эшитилади. “Қоракўзни чақирган ким ва унга нима деяпти – буни тасаввур ҳам қилолмасди. У фақат эркак овозини эшитиб, дарҳол ётган ерида қўл чўзди… Ҳирс домига илинган Қоракўз фақат Бўлатнинг кумуш ранг чаккалари билан бўриникига ўхшаб иршайиб ялтираб турган тишларини кўрарди, холос”. Вужудида ловуллаган нафс ва ҳирс оловини сўндиролмаган кимсани оқлаш тўғри эмас. Бироқ Қоракўзнинг бевалик тақдири, аёллик ҳолати айблашдан кўра, англаш ва ачинишга лойиқ. Бўлат унинг учун ким? Бўридай бир махлуқ. Бўри эса фақат қурбон ахтаради…

033

28 sentyabr — Atoqli qozoq yozuvchisi Muxtor Avezov tavallud topgan kun

Ibrohim HAQQUL
MUXTOR AVEZOV IJODI HAQIDA IKKI MAQOLA
12

YIRTQICHLIK XURUJI

034“Qoraadirning qarag’anzor soyi huvillab yotibdi. Atrofdagi pastu baland olachipor adirlar bo’z qarag’an, to’bilg’i bilan qoplangan. Soy bo’yida may oyining salqin nafasi ufuradi. Ko’karib yaproq yoza boshlagan qalin qarag’an shabadada chayqaladi, tevarak-atrofdan yovvoyi sarimsoq va ko’katlarning hidi anqiydi.

Qarag’an o’sib yotgan uzun, keng vodiyning o’rtasidan chuqur jar kesib o’tadi, jar boshlangan joyda changaldek na’matak gurkirab o’sib yotibdi. Shu na’matakning tagida bo’ri ini bor, bu inni atrofdagilarning hammasi yaxshi bilishadi. Yoz kirishi bilan ikki bo’ri kelib uni o’zlariga makon etdi…”.

Ulug’ qozoq adibi Muxtor Avezovning “Ko’kyol” hikoyasi mana shunday manzara tasviri bilan boshlanadi. Hikoya 1928 yil yanvar` oyida Toshkentda yozilgan. Muxtor Avezov o’shanda O’rta Osiyo davlat universiteti Sharq fakul`tetining aspiranti edi.

Muxtor Avezov mutafakkir san’atkor. Ilk asarlaridayoq u hayotga mustaqil nazar ila qarashi, mavzuni favqulodda ziddiyatli nuqtalari orqali badiiy talqin qilish salohiyati bilan boshqalardan ajralib turgan. Bu esa yozuvchining boshiga ba’zan tanqid toshlarining yog’ilishiga sabab bo’lgan bo’lsa, goho nohaq ayblar va tuhmatlarga yo’l bergan.

Menimcha, “Ko’kyol”da haqiqiy hikoyaga xos asosiy fazilatlar mavjud. Hikoyaning boshlanishida tasvirlangan na’matak yonidagi kichkina maydonchada birmas, uchta bo’ri ini bor edi. Keyin yana bir in paydo bo’ladi. Bo’rilar boshqa-boshqa inda yashasalar ham, yer ostidan yo’l ochib, xuddi odamga o’xshab “bir-birlarinikiga borib kelishar” ekan. Atrofda ular o’ynashgan bo’lsa kerak, nozik maysalar toptalgan. Qarag’an uchlarida bo’rining oppoq juni ko’zga tashlanadi. Inlarning o’rtasida ikki tup chachir. Uning tagida hali tullab urgurmagan oq bo’ri yotibdi. Bag’rida bolalari g’imirlashadi. Bir mahal yuqori tomondan chiy, to’bilg’alarni shatirlatib, shart-shurt sindirib, ko’k chanoq bo’ri paydo bo’ladi. Og’zida bir qizil qo’zi. Ona bo’rining oldiga u qo’zini tashlab, entikib uni hidlaydi, yalaydi. Chalajon qo’zini so’ng bo’lak-bo’lak qilib ikkovlon hash-pash deguncha yeb tashlashadi. “Tumshug’i, boshi, bo’yin junlari qonga belangan bo’rilarning ko’zidan o’t chaqnar edi”. Yozuvchi bularni yorqin va jonli tarzda tasvirlaganidan bo’lsa kerak, odam seskanib ketasan. Begunoh qo’zichoqning ahvoli xayolda shundoq o’rnashib qoladi. Nimanidir oldindan sezganday bo’lasan. Nima? Aniq bir narsa deyolmaysan. Cho’ponlar qo’y-qo’zilarini och bo’rilarga yem qilib qo’yishi mumkinmi? Yo’q, albatta. Bunga ishonasan. Voqea davomini bilging keladi.

Ertasi kun tush paytida bo’rilarning dimog’iga yot hid uriladi. Yiroqdan allaqanday sharpa eshitilib, ular yotgan joyga yaqinlasha boshlaydi. Xavfni sezgan oq bo’ri nima qiladi deng? Bolalarining bo’ynidan tishlab inlariga olib kirib, o’zi qarag’on ichiga yashirinadi. Ot tuyoqlarini tasirlatib ko’p o’tmay odamlar yetib kelishadi. Bo’ri inlarini ham ular nazardan chetga qoldirishmaydi. Oq bo’rining sho’ri quriydi. Sirtmoq bilan bolalarini tashqariga sudrab chiqishadi. Yettitadan beshtasini o’ldirishadi. “Ketayotganda bittasini tirsagidan payini uzib tashlab, eng kichigini olib ketishadi”. Shu voqeadan keyin yaqin ovulda bir hafta muttasil, kunu tun qiy-chuv tinmaydi: qo’y yaralanadi, qo’zi yo’qoladi, buzoqlar o’ldiriladi, biyalarning qulunlari yem bo’ladi…

***

Ovulga olib kelingan bo’richaning ko’zi hali yumuq edi. U ikki kundan keyin ko’zini ochadi. Inson xom sut emgan. Xato qiladi. Adashadi. Biroq uning ko’p xato va adashuvlari oqibatni ko’rolmasligidandir. Axir, bir bolakay bir bo’richani asrayman, katta qilaman desa, bunga ko’nish kerakmi? Qurmash degan bola unga Ko’kyol deb nom qo’yadi. “U ertayu kech bo’ri bolasining yonidan jilmasdi. Unga ityaloq ham tayyorladi, yura boshlashi bilan bo’yniga bo’yinbog’ soldi. Ko’kyol uy ichidan chiqmas, Qurmash uni yonida olib yotar edi. Shuning uchun ham Qurmash buvisi bilan yotishdan voz kechdi. Uning yonida yoki oyoq tomonida, ko’rpa tagida Ko’kyol yotardi”.

Qurmash uni mehr bilan parvarishlab ulg’aytiradi. Sirtdan qaralganda, Ko’kyolning tabiatida nojo’ya va xavfli biror nima sezilmaydi. Ammo ovulning birorta iti ham uni do’st tutib, o’ziga yaqin yo’latmaydi. “Dovyurak bo’ribosarlar esa uni talab tashlar, boshqalari ham irillab-hurib, u yer-bu yeridan tishlab olar edi”. Qanchalik tang ahvolda qolmasin, u qo’rqmas, yelka yolini hurpaytirib, qaqqayib turaverardi. Ovul odamlari esa “Bu qaysarni qara! Egilay demaydi-ya! – deya hayron qolishardi. Ovul ayollari u haqda har xil gaplarni ayta boshlashgan edi:

– O’g’ri u! El bo’lmaydi sira. Nasli yov-ku.
Ba’zi birlari: – “Kechalari qo’zilarning quyrug’ini hidlab yuradi. Qo’ylarni hurkitadi. Tunda dalada yurishni yaxshi ko’radi…” – deyishardi. Qurmash bunaqa gap-so’zlarning birortasiga e’tibor bermasdi.

Yozuvchi tasvirlanayotgan voqelik, sharoit va muhitni nechog’li chuqur bilsa, o’sha sharoit va muhitga mansub odamlarni, bevosita yo bilvosita ular bilan aloqador jonli, jonsiz mavjudliklarni ham o’shancha yaxshi anglashi zarur. Muxtor Avezov Ko’kyolni xuddi inson tabiati va holatlarini o’rganganday o’rganib, o’ziga xos mohirlik bilan gavdalantirib beradi. Nasl, zot, fe’l-atvor – bular faqat odamning hayotida emas, balki hayvonlarning turmushi va taqdirida ham alohida ahamiyat kasb etishiga adib o’quvchini ishontira oladi.

Ko’kyolning quyruq hidlab, qo’ylarni hurkitishi, tunda dalada izg’ib yurishi uning qonida horislik va yirtqichlik g’alayon boshlashidan dalolat edi. Odamlar orasida yurishi go’yoki uning vahshiyona erkinlikka yetishishga bir tayyorgarlikday gap edi. Qandaydir savqi tabiiy bilan odamga qitmirlik qilish, asl holatni yashirish zarurligini u bilib olgandi.
Ko’kyol juda mechkay bo’lsa hamki, “agar tepasida odam tursa, oldiga qo’yilgan ovqatga qaramasdi. Odamning ko’zi shamg’alat bo’ldi deguncha, birpasda yo’q qilardi-qo’yardi”. Och bo’lsa-yu, ovqat berishmasa-chi? Baribir topib yerdi. Bunday paytda Ko’kyol ikki oyoqli badnafs maxluqdan uncha farqlanmasdi. “Chiy to’siq ichida osilib turgan” go’shtmi, biror idishdagi qatiqmi, xullas, ochiq qolgan jamiki ovqatni hidlab, yeb-yalab ketaverardi. Bu ishi uchun goho kaltak ham yerdi. Lekin baribir bilganidan qolmasdi.

Qurmash qanchalik tarbiyalamasin, Ko’kyol o’g’rilik bilan halol ovqatning farqiga yetolmasdi. U kap-katta ko’k chinoq bo’ri bo’lib yetishganda, endi nuqul uzib-yulib o’g’irlab qorin to’yg’azishdan huzurlanardi. Mabodo, inson ham xuddi shu tarzda kun kechirishga ko’nikma hosil qilsa, bo’ri nari tursin, hatto arslon ham uning nafsidan cho’chiydi.

***

07Ulg’aygan sayin Ko’kyolning turqi sovuqlashib borardi. Buni sezish qiyin emasdi. Keksalar bir kuni:
– Endi buni o’ldirib, terisini shilish kerak, bu la’nati sira el bo’lmaydi, – deyishadi. Bu gal ham Qurmash qarshi turadi. Chunki Ko’kyolni u yaxshi ko’rar edi.
Avvallari Ko’kyol ovul itlaridan qo’rqqan bo’lsa, bora-bora ularning eng zo’ridan ham qo’rqmaydigan bo’ladi. Jumash degan bolaning Olaparini o’ldirishiga sal qoladi. Shu voqeaning ertasiga kechga tomon ovulga yaqin qo’raga bo’ri oralaydi. Do’ng boshidagi cho’ponning hayqirig’ini eshitib, yoshu qari piyoda va otliq bo’lib itlarni olqishlab o’sha yoqqa yugurishadi. Biroq bo’riga birorta ham it yeta olmaydi. Qirni oshib tushmasdan itlar ham, odamlar ham to’xtab qolishadi. “Kun botish tomondagi Sariq tepadan bir-biriga ergashib chiqib kelayotgan ikkita yirik narsa” ko’rinadi. Ular bo’rilar edi. “Ularning orqasida tumshug’ini yerga osiltirgancha Ko’kyol yeldek uchib borardi”. Qurmash bilan bolalar: “Ko’-o’k-yol!”, “Ko’-o’k-yol!” deya chaqirishib, ortidan yugurishsa-da, u parvo qilmaydi…

Ko’kyol bir-bir qadam bosib, ovulga qaytganida qosh qoraygan edi. Negadir u uyga kirmay, nariroqda turib, qayta-qayta yerni tatalaydi. Sariq tepaga qarab-qarab, nari-beri yuradi. Yer hidlaydi. Unig holatini payqagan Qurmashning dadasi:
– Voy-bu, manavi yirtqichning ikki ko’zi yam-yashil bo’lib ketipti-ya! O’zining bo’ri zotidan ekanini sezibdi-da, yuzi qora. Kel, bolam, endi buni o’ldirib terisini shilaylik, – deydi.

Qurmash ko’narmidi? Yo’q, ko’nmaydi. Ota ham uning ra’yiga qarshilik qilmaydi. Biroq ikki kun o’tgach, Ko’kyol bir kechada g’oyib bo’ladi-qoladi. Qurmash uning qochib ketganiga inonmaydi. Atrofdagi chiy-qamishzor, jarliklarni rosa qidiradi. Topolmaydi. Oradan uch kun o’tgach, erta tongda Ko’kyol xuddi osmondan tushganday paydo bo’ladi. Nainki Qurmash, buvisi ham bundan quvonishadi. Ko’kyolning fe’l-atvori shu kunlar mobaynida tamoman o’zgargan, endi ketsa, qayta qorasini ko’rsatmaydigan bo’lib kelgandi. Haqiqatan ham, u “qora dovulli kuz kechalarining birida” yo’qolib, qaytib kelmaydi. Chunki Ko’kyol “ulkan bo’ri bo’lib yetishganini” to’la sezgan edi. U bo’rilik hayotini yashashni istardi. Dastlab yumronqoziq, quyon kabi jonivorlarni u tutib yeb, kun o’tkazadi. Qishda ovi baroridan kelmay azob tortadi. Har qancha urinmasin, qo’riqchilari hushyor qo’ralarga yaqinlasholmaydi. Ochlikka sovqotish qo’shilgach, noilojlikdan u birinchi bor ko’kka qarab uliydi. “Uliganda ham qorli kimsasiz adirni boshiga ko’tarib uliydi. Tinmay uzoq uliydi…”. Ana shunda xuddi yonginasida o’zinikiga o’xshagan bir ovoz eshitilib qoladi…

Shunday qilib, yaqin atrofda yurgan urg’ochi bir oq bo’ri bilan topishadi. Ular ilk o’lja o’laroq, Ko’kyolga avvaldan tanish, Olaparning go’shtini chaynab, suyaklarini g’ajishadi. “Saldan keyin Olapardan har joyda sochilib yotgan junu qora tovoni bilan dumigina” qoladi.

Uchrashuvni yalashib, yulqashdan boshlagan ikki bo’ri shu-shu bir-biridan hech ayrilmaydi. Sherik topgandan so’ng Ko’kyol zo’rayib, yanada tez o’sadi. Oyoqlari yo’g’onlashib, junlari ko’tarilib, to’lishadi. Bu ikki bo’ridan Qoraadirdagi ovullar ko’p jabr tortadi. “Dalada cho’ponni baqraytirib turib, qo’yini tortib yeb ketadigan, yaylovdagi molga chopib, buzoqdan tortib, ulkan sigirgacha bo’g’izlaydigan ham shu ikkovi edi”. Ular bahor oldi “uch-to’rtta tuyani ham yeb” ketishadi. Ayniqsa, Ko’kyol behad quturgan – tirik jonzotga hech shafqat qilmasdi. Ba’zi qo’ralardan o’nlab qo’ylarni ham bo’g’izlab ketaverardi. Uning holati yot va tinch yurtlarga qiron solishga qasd aylagan bosqinchining qahr va qonxo’rligini eslatadi. Zero, Ko’kyol ham ovga chiqish uchun vaqt tanlamasdi, erta tongdami, tushdami, tundami, baribir, bosqinchilik qilaverardi.

“Qish qattiq. Qor qalin, bo’rini ko’taradi, otni ko’tara olmaydi. Shu sababli necha bor ot sovitib, kaltak hozirlab bo’rilarni quvish ishtiyoqida yongan yigitlar ham hech narsa qilisha olishmaydi”. Miltiq otib qo’rqitishmoqchi bo’lishadi. Ko’kyol bundan ham tap tortmaydi. Zahar qo’yiladi – yemaydi. So’nggi oylarda hamma mana shu bo’ri haqida gapiradi. Ammo uning yo’lini to’sish yo tuzoqqa tushirishning iloji yo’q edi. O’lja mo’l. Xilvat, xavfsiz joy tayin. Ko’kyol oq bo’ri bilan sho’x-shodon kun o’tkazardi.

“Bir kun Ko’kyol iniga qaytib kelib, nuqul quyruq qisdi. Ilgarilari oq bo’ri chiqib, uni qarshi olar edi. Bu safar unday qilmadi”. Oq bo’ri bolalagan edi. “Ko’kyol kichkina ko’k bo’rini yerga piypab, qovurg’alarini kirt-kirt sindirib, o’ldirib tashlaydi”. Bu bilan u birga ovga borishga yaramay qolgan oq bo’riga noroziligini bildirgan edi. Odamlar axtara-axtara ularning inini topishadi. Bu paytda Ko’kyol ham, oq bo’ri ham inlarida yo’q edi. Kelib qarashsa, bolalarini o’ldirib ketishibdi. Ana shundan so’ng ikki bo’ri burungidan ham battarroq quturadi… Va shunga yarasha ta’qib, quv-quvga ham yo’liqishadi. Shunaqa quvg’in chog’ida Ko’kyol bir yoqqa, oq bo’ri boshqa tomonga qochadi. Keyin u har qancha sherigini izlamasin, topolmay, yozda yakka o’zi tirikchilik qiladi. Yoz bo’yi yegan qo’zi va buzoqlarining soni oltmishga borib qoladi. Kuz faslining qorong’i, dovulli tunlarida bu yirtqich hech ikkilanmay yilqiga hamla qiladi. Hatto asov toylarni ham qulatib go’shtini yeydi. Izg’irin, qorli qish kechalari kelganda esa yana ochlik, yana uvlash. Odam ovozi odamni chorlaganidek, bo’ri ovozi ham bo’rini chorlasa kerakki, ko’r oydinda gala bo’ri Ko’kyolning yoniga tizilishib kelishadi. Aksari urg’ochi va yosh bo’rilar edi. Ko’kyol bu galaning boshlig’i dumi cho’ltoq ko’k bo’rini ham darrov taslim aylaydi. Gap shundaki, nafs manfaati o’rtada ko’ndalang turganda, inson insoniylikni idrok qilolmay qolganidek, hayvon ham hamma narsani unutadi. Va oradagi olishuv, yirtqichlik manzaralari o’zaro juda yaqinlik kasb etadi. Ko’kyol bir quyon uchun cho’ltoq bilan talashadi. Shundoq talashishadiki, oxiri Ko’kyol quyonningmas, raqibining go’shtini yeydi: “Ko’kyol keliboq quyonga yopishdi… Cho’ltoq ko’k bo’ri quyonning boshini tashladi-da, Ko’kyolning oyog’idan tappa oldi. Ko’kyol haqini qo’ymadi, cho’ltoqqa tashlandi… Tikka olishib turganda Ko’kyol raqibining boshini burib yuborib, cho’ltoqning qulog’idan oldi. Bu uning yoshligida ovul itlaridan o’rgangan hadisi edi. U qattiq yulqib yuborgan edi, cho’ltoq mayishib borib, gup etib ostiga tushdi. Ko’kyol halqumidan g’ippa bo’g’di. Bo’yin suyagini kirt-kirt chaynadi… Sirqib oqayotgan qizil qonning hidi och bo’rilarning ishtahasini karnay qilib yubordi. Biri chotidan, biri qo’ltig’idan, biri yalang’och to’shidan baquvvat o’tkir tishlari bilan yulqib tortganda, cho’ltoqning qoni tirqirab oqib, ichidan bug’i burqirab chiqdi”.

Quyon bahona Ko’kyol ehtimol boshqa maqsadni ham ko’zlagandir. Balki buni sezdirmay yurgandir. Nima bo’lmasin, “endi Ko’kyol bo’rilar galasining bittayu bitta yo’lboshchisi bo’lib” qolgan edi.
Nafsi ammora degani shundoq bir dahshatli va qo’rqinch narsaki, u g’alayon boshlasa, odam butunlay hayvonlashadi, hayvon esa tasavvur qilish qiyin darajada yirtqichlashadi. Asta-sekin hech nimadan qo’rqmaydigan, qarshi kelgan har qanaqa narsani g’ajib-yanchib, tilkalashga o’zini qodir sezadigan bo’lib boradi. Ko’kyol bo’rilar galasining yakkayu yagona yo’lboshchisiga aylanib olgach, to’qqiz bo’rining bari semirib, chopqir bo’lib qoladi. Eng qizig’i, ularning “hammasi ham Ko’kyolday yurakli. U nima qilsa, bular ham shuni qiladi…”.

Demak, hatto hayvonlarga ham “yo’lboshchi”ning ta’siri o’tar ekan. Va ularning tabiatini qaysi bir zaylda u o’zgartirishi mumkin ekan. Hikoyani o’qigan kishi bunga albatta ishonch hosil qiladi.
Qo’y-qo’zi, sigir va buzoq, ot va toylarga qiron keltirib yurgan bo’rilar endi karvon yo’liga ham chiqa boshlagan edi. Ittifoqo, ot qo’shilgan chanada ketayotgan yo’lovchiga tashlanishadi. “Es-hushini yo’qotggan yo’lovchi oti yura olmay qolganidan keyin sarosimaga tushib, dod-voy qilib qocha boshladi. Bo’rilar otni yiqitib, talab-tortib yeyishga kirishdi…”.

Odam qo’lidan ovqat yeb, odamlar orasida ulg’aygani uchunmi yoki boshqa bir sababdanmi – buni aniq bilolmaysiz, lekin Ko’kyoldagi holat kishini juda ajablantiradi. Bir otning go’shti va qoni to’qqiz yirtqichga bemalol yetib ortadi. Ko’kyol nima qiladi deng? “Yoniga bir-ikki urg’ochini olib, yo’lovchining izidan tushadi”. Bo’rilar yaqinlashganda, yo’lovchi qo’rqib yiqiladi. Hayriyat, oldindan bir necha suvoriy tasir-tusir ot choptirib kelib, haligi odamni qutqazib qolishadi. Ko’kyolga bu alam qiladi. Alamini urg’ochi qari bo’rilardan olib, rosa ta’zirini beradi.

Hikoyaning mana shu joylariga kelganda, yozuvchi bo’ri orqali boshqa bir shafqatsiz, hattoki mudhishroq haqiqatlarga ishorat qilmaganmi, qonida adovat, o’ch, dushmanlik hirsi qo’zg’alganda, odam har qanday yirtqichdan ham yovuzlashadi, degan ma’noga e’tiborni tortmaganmi, degan fikr xayoldan kechadi. Hikoya yaratilgan davrdagi voqea-hodisalar nazarga olinsa, tabiiyki, shubhaga o’rin qolmaydi.

***

Ko’kyol boshliq bo’ri galasi uchun goh ovulga, goho insonga hujum qilish odat tusini oladi. Qahraton qish. Bo’rilar qorda ag’anashayotganda ovuldan bir tuya chiqadi. Ustida boshiga oq yopingan odam. U to’g’ri bo’rilarga qarab kelardi. “Bu otliq emas, undan qochmasa ham bo’lardi. Biroq, tun yaqinlashib kelayotgani uchun bo’rilar o’rnidan turib, dala tomonga yo’rg’alab qolishadi”. Ko’kyol ham asta qo’zg’alib, ketiga qaray-qaray gala ortidan jo’naydi…

“Bo’rilar, tuya burilsa kerak deb qarab-qarab qo’yishardi. Ammo u hech yoqqa burilmay, ularning ketidan kelar edi”. Xavfni sezgan tuya bo’zlaydi. Ko’kyol esa allaqachon uning orqasiga yaqinlashib qolgandi. “Tuya to’xtaganda Ko’kyol ham to’xtadi. Turgan yerda qor to’zg’itib talpindi. Bir vaqt u qadamini tezlatib, tuyaga yaqinlab kelib yonidan o’tayotgan edi hamki, tuya ustida bir narsa oldinga shunday cho’zildi-yu, qars etdi. Qattiq ovoz dalani yangratib yubordi”.

Bo’rilar qor to’zg’itib ura qochishadi. Oyog’idan o’q yegan Ko’kyol boshqa tomonga – toshloq bir soyga qarab yugurib, yo’l bo’yi oyog’idan qon oqqanidan holsizlanib qolgandi.
U bir necha kun soy ichidan chiqolmay yotadi. Ochlik azobini tortadi. Qadam bosa boshlagach, bir-ikki qirdan oshib o’tadi. Bir soyda uch-to’rt ot yurganini ko’radi. Biqinib otlarning yoniga keladi va oriq chovkar otni nishonga oladi. “Ko’kyol uni haydab, chuqurga olib kelib qamaydi. Pishqirib, qo’rqib turgan otga tashlanib, chuqur qordan chiqarmay yiqitib oladi. Miriqib ot go’shtini yeb, keyin o’z makoniga qaytadi. U kunduzi yotib, kech bo’lishini kutadi. Qorong’i tushishi hamon borib, o’ljadan qolganini yeydi”.

Shunday qilib, kunlar ketidan kunlar o’tadi. Ko’kyolning oyog’i tuzalib, yana kuchga to’ladi. Qir oshib, soy kechib ov qiladi. Lekin mana ikki kunki, yemak yo’q. Keyingi kun tushga yaqin u yo’rtib Qoraadir ustiga chiqadi-da, atrofga ko’z yugurtiradi. “Shamolga tumshug’ini tutib, hidlab-hidlab” ko’radi. Shunda yiroqdan dimog’iga tanish hid uriladi. Qirdan-qirga, adirdan-adirga chopib o’tib, kun botishga qarab ketadi.

Ko’kyol nechundir o’sha tanish hidni axtarayotganday edi. Nihoyat kechki payt u bir tepalikning boshida turgan otliq cho’ponni ko’radi. Uning atrofida qo’ylar yurardi. Cho’ponga u ehtiyot bilan
yaqinlasha boshlaydi. Qarangki, Ko’kyolning qorasini ko’rib qolgan cho’pon baqirib, unga tomon chopadi. Bu esa ajalga peshvoz chiqish yoki o’limni qarshilashning ayni o’zi edi. Yoshgina cho’pon buni tasavvurga ham keltirolmasdi. Ko’kyol bir qizil qo’yga
yaqinlashib, og’iz solishga chog’langanda, cho’pon shundoq uning yoniga kelib qoladi. Bo’ri noiloj bir tomonga qochadi, cho’pon uning ketidan quva boshlaydi. “Albatta, Ko’kyol astoydil qochgani yo’q. Shuning uchun bo’z ot unga yetib olay dedi. Ko’kyolning
orqasiga yengilgina kaltak shaq etib tegdi”, deydi yozuvchi. Astoydil qochmasligining sababi, Ko’kyol cho’ponning ovozidan uning yoshligini bilgan va qo’rqmagan edi. Shuningdek, cho’ponda ham qo’rquv yo’q edi. Aks holda, u butunlay boshqacha yo’l
tutardi.

Xullas, Ko’kyol “hap” etib otliqqa sapchib, bola to’nining bariga og’iz soladi. Albatta, bundan bo’z ot pishqirib sapchib ketadi. Bola cho’chib baqiradi-yu, munkib ketgan otdan yerga ag’anab tushadi. “Bu payt Ko’kyolda ilgari hech qachon ko’rilmagan bir g’azab jo’sh urar edi. Tug’ilganidan beri ko’rgan butun azoblari shu ikki oyoqli odamdan ekanini bilganday yumalab yotgan bola ustiga o’zini otadi”. Sonidagi yaraning og’rig’i esa yanada battarroq g’azabini qo’zg’ab, uni quturtirib yuboradi. Ko’kyol irillab bolani tagiga bosadi…

Eslasangiz, Ko’kyol yettidan beshtasi o’ldirilib, bittasining “tirsagidan payi uzib tashlangan” Oq bo’ri bolalarining eng kenjasi edi. Ovulda Qurmash ismli bola uni asrab katta qilgan.
Ko’kyol deb unga ot qo’ygan. Mehr ko’rsatgan. Umuman, Qurmashdan yomonlik ko’rmagan. Qancha parvarish etilmasin, bo’rining bolasi bo’ri bo’ladi-da. Bo’ridan bir nima kutish yo halokat, yo falokatga yo’liqishdan boshqa bir natijaga olib bormaydi. Bir misoli buning Ko’kyol changalida jon uzayotgan bola – Qurmashning qonli qismati edi.

“Bo’ri ustiga minib olganida Qurmash ko’zini ochib qaradi. Shunda Qurmash uni taniganday bo’ldi: u bo’rining katta ochilgan og’zidan yuqoriroqda o’ziga tanish chinoq quloqni ko’rib qoldi. Bolaning oxirgi bor ko’rgan-bilgani faqat shu bo’ldi…”.

Qurmashning o’ligini kechasi topib olishadi. “Uning atrofida toy tuyog’iday katta-katta bo’ri izi tushib qolgan edi”.

Bu o’lim Qoraadir xalqi uchun kutilmagan baxtsizlik – nihoyatda qayg’uli fojia edi. Janozaga yig’ilganlar turli-tuman taxminlarni aytgan bo’lishsa ham, Qurmashni Ko’kyol nobud qilganiga hech kim shubhalanmadi. O’sha yig’inda uni o’ldirishga ahd qilinib, bu vazifa “atoqli ovchi – azaldan qush solib, it bilan ov qilib yurgan” ovulning jasur yigitlaridan Hasanga topshirildi.
“Hasan Qurmashning otasi bilan yaqin qarindosh. Yolg’iz farzandi – Qurmashning halokati dadasiga qattiq ta’sir etganini u yaxshi bilardi. Uning uy ichi ba’zan bo’taday bo’zlab, yo’qlab yig’laganini ko’rgan tirik jon borki, barining yurak-bag’ri ezilib ketardi”.

Hasan besh-olti yigit va Oqqashqa iti bilan Ko’kyolning iziga tushishadi. Uni topish oson emas – u allaqachon Toshquduq degan joydan ham o’tib Oqso’rangdagi yilqi uyuriga qarab jo’nagandi. Bu navbat uning qochib qutilishi mumkin emasdi. Oqqashqaning epchilligi va shijoati tufayli ovchilar Ko’kyolni o’ldirishadi. Uni ovulga olib kelishganda Qurmashning buvisi bo’zlab turib: “Qurib ketkur-ey… Seni bag’riga bosib o’stirgan edi, senga nima yomonlik qiluvdi, mening qulunim?! – deb elni yig’latib, Ko’kyolning boshiga tepadi”.

Hayotda har xil kulfat, musibat va fojialar bo’ladi. Ammo Qurmashning taqdiri eng mudhish fojialardan ham fojialiroqdir. Bo’ri bolasini bag’riga bosib o’stirib bo’lmasligini uning bilmagani yoki bilishni istamagani – bu, bir fojia. Kattalarning g’aflatda qolishi-chi?

QORAKO’Z QISMATI

065 Hayot – tiriklik, harakat va o’zgarish demak. Hayot hech qachon yakranglik, turg’unlik yoki zabunlikni tan olmagan, tan olishi mumkin ham emas. Hayotning tashqaridan daxl qilib bo’lmas kuch va qonuniyatlari bor. Hayot shunga tayanadi. Shular asosida o’zgarib, yangilanib boraveradi. Hayot nechog’lik qahri qattiq va shafqatsiz bo’lsa, shunchalik mehribon va shafqatli. Hayot kimgadir mehr-muruvvat ko’rsatib, boshini silasa, kimnidir qiyinchilik, mashaqqat va g’am-g’ussa girdobiga tashlaydi. Lekin har ikki holatda ham u insonni sinaydi, sinov yo’llarida o’zini qandoq tutadi, sabr-bardoshi qanaqa – buni boshqalarga ko’rsatadi. Hayot odami – aslida sevgi-muhabbat odami. Bunday kishi uchun so’niklik, tushkunlik, notavonlik kabi holatlar butunlay yotdir. Bunday odam g’am-kulfat ichida ham o’zini yo’qotmaydi, har qanaqa musibat jarliklaridan sog’-omon chiqadi. Chunki boshqa iloj, o’zgacha najot yo’q. Bu charxi davron birovning ko’nglini shod aylasa, birovning bag’rini tilka-pora etadi. Kimlargadir vasl va iqbol eshigini ochsa, kimlarnidir ayriliq va hijron balolariga giriftor qiladi. Azaldan shunday bo’lib kelgan, keyin ham shunday bo’laveradi. Lekin kun va tun saltanati bir-biriga daxl qilib bilmaganidek, g’am-g’ussa shodlik yo’lini to’solmaydi, baqolik fanoliklarga barham berolmaydi. Achchiq-chuchuk, issiq-sovuq, oqu qaro – demak, odam hamma-hammasini totish, ko’rish va boshdan o’tkazishga majbur. Nainki, majbur, balki mahkum hamdir. Buni chuqur anglash va shunga iqrorlik inson zotiga ma’naviy kuch-quvvat ato etadi, sinib uvalanish yoki somonday sochilib ketishdan uni asraydi.

Hayotda nima ko’p, qayg’u va musibat ko’p: hech kutilmaganda birovning otasi o’ladi, birovning onasi. Kimningdir navqiron eri vafot qilsa, kimdir nozanin ayolidan ajrab qoladi. Farzand dog’ida kuyganlar qancha. Jonajon do’stu yoridan judo bo’lganlar qanchadan-qancha. Umumiy adolat, doimiy tasalli shundaki, bandasiga g’am-hasratni ravo ko’rgan Olloh undan shodlik va xushnudlikni ham darig’ tutmaydi. Olloh quvontirganda quvnab, yig’latganda ko’zdan rizo yoshlarini to’kish Haqqa yaqinlikning asosiy alomati erur.

O’limga munosabat va ko’nikish odamning yoshi, aql-farosati, tarbiya tarziga ham bog’liq, albatta. Hali o’n gulidan bir guli ham ochilib ulgurmagan dilbar bir kelinchakning beva qolishini tasavvur qiling. U balki hamma azob-uqubatga chidar. Yetim qolgan sevgining istak va tug’yonlariga qanday bardosh beradi? Qo’msash va sog’inch tuyg’ularini tizginlash osonmi? Xotira so’rovlariga kim javob bera oladi? Bularning har biri bir dunyo azob, olam-olam g’ussa va armondir. Bizning qishloqda eri urushga borib vafot etgan bir necha ayol bor edi. Bilib-bilmay shularning holatlarini kuzatganman. Hammasining ko’nglida bir siniqlik, hech nima bilan to’ldirib bo’lmaydigan kamlik, ya’ni bo’shliq sezganman. Adabiyotimizda beva ayollar obrazi yaratilgan. Ularning aksariyati hayotiy, haqqoniy emas – kitobiy va yasama. Menimcha, qozoq xalqining mashhur yozuvchisi Muxtor Avezovning bir beva kelinchak taqdiri yoritilgan “Qorako’z” hikoyasi yolg’on va sun’iylikdan xoli bo’lgani tufayli ham kitobxon xotirasiga chuqur o’rnashib qoladi. “Qorako’z” ma’nosi ila taqdir hikoyasi. Bu taqdir ham go’zal, ham qayg’uli, ham ochiq, ham sirlidir.

Bepoyon qozoq dashtlarida yashayotgan katta bir ovul safarga chiqqandi. Erta tongdayoq ular o’tovlarni yig’ishtirib, ot-aravalarga yuklaydi. “Quyosh nurlari yaqin atrofdagi tepaliklar ustini yoritar-yoritmas, odamlar ot-ulovlarga minishib, buyumlarini aravalarga ortishgan, mol-tuyoqlari esa yo’lga tushishgandi. Xalq bu o’tloqni tark etib, yaydoq yo’l-daralar osha o’ti mo’l, serdaraxt va muzdek suvli ko’llari bor boshqa tog’ o’tlog’i sari yo’l olishgandi”.

Yoshu qari, erkagu ayol – hamma-hamma yangi manzil sari borardi. “Oldinda yigitlar to’rt yuz yoki besh yuz yilqi uyurini, cho’ponlar esa, qo’y-qo’zilarini haydashardi… Abadiy sukunat bag’riga quvnoq hayot oqimi kirib borayotgan edi… Odamlarning ruhlari ko’tarinki. Sho’x qizlar bilan hazilkash, gapga chechan juvonlar erkaklar bilan yigitlarga yo’l berishmas va ularning ortlaridan turli xil hazil-mutoyiba gaplarni aytishib, qochiriqlar bilan kuzatib qolishardi. Yigitlar uchun esa – bu ayni muddao edi… Yosh yigitchalar bir sakrashda egarlar ustida paydo bo’lishar, arg’umoqlar o’ynoqlab kishnashar va yilqilar tomon talpinishar edi. Shunda yigitlar ham ularning boshlarini qo’yib yuborishib, qiyqirishgancha birin-ketin yilqilar sari uchib jo’nashardi. Yuzlab otlar shamolda yollarini hilpiratib, tuyoqlarining dupuri bilan yeru ko’kni larzaga keltirgancha, olis-olislarga qushdek uchardilar”. Bu – ko’chmanchilik hayotigagina xos shovqin-suron va xushnudlik edi. Umumiy xursandchilik va quvnoqlikdan ajralish dushvor edi. Lekin uch ot qo’shilgan kajava aravachada ketayotgan bir ayol o’z xayollari bilan o’zi band – yolg’iz ugina hamma narsaga loqayd qarardi. Uch chopqir ot go’yoki go’zallikda tengsiz shu juvonning g’am-hasratini tortib borardi.

Bu juvonning nomi Qorako’z edi. Erini o’ldirishganda endi yigirmadan oshgandi. Olti yildan buyon u beva. “Bu oromsiz, g’am-anduhli, mash’um yillar naqadar uzoq davom etdi! Bamisoli hazonli kuz desa bo’ladi bu yillarni. Ularning har biri butun bir umrga teng kelardi. Qorako’z olti yil mobaynida qafasdagi qushdek yolg’izlikka mahkum bo’lib yashadi. Kunlar halovatsiz va motamsaro bo’lib o’taverdi”. Aftidan, Qorako’z taqdirga tan bergandek edi. U qismatidan nolimas, boshqacha bir hayotni orzu ham qilmasdi. Chunki bevalik azobi odatdagi bir narsa bo’lib qolgandi unga. Usen cholning o’g’li, ya’ni Qorako’zning eri Azimxon ovulning mard, yovqir yigitlaridan bo’lgan. Qo’ng’ir tog’ urug’idan Sibinboy degan majruh bir badavlat yigitga unashtirilgan Qorako’zni hech tap tortmay u tortib olgan. Bu esa ko’pdan davom topib kelayotgan Irg’ayli urug’iga qarshi adovatni yanada kuchaytirib yuboradi. Qisqa qilib aytganda, Azimxon urug’chilik mojarosining qurboni bo’ladi. Chunki, bu urug’larning “peshonasiga cheksiz dasht qo’ynida tinch-totuvlik bilan kelishib yashash degan narsa yozilmagan edi”. Xuddi yuqumli marazdek xunrezlik avj olib ketgandi. Navbatdagi bir bosqichda ovuldoshlarini ham to’plab o’tirmay, jiyron otini oldirganicha to’g’ri dushman ustiga bostirib bordi. O’shanda oydin va sokin tun edi. “Qorako’z eri ketidan yugurib borib, jiyron ot jilovidan mahkam ushlab oldi. Avvallari u hech qachon bunday hayajonlanmas, xavotirlanmas edi.
– O’zingiz bormay qo’ya qoling… – deb yolvordi Qorako’z. – Boshqalarni jo’nating.

U xotinining gapiga quloq solmadi. Aksincha, qo’rqoqlik qilayotgani g’ashini keltirdi… Azimxon shoshayotgani uchun jahl ustida xotinini siltab tashladi”. Xullas, sheriklari yetib kelganda
dushman cho’qmoridan kalla suyagi parchalanib ketgan Azimxon allaqachon hayotdan ko’z yumib yotardi.

Sezgi kuchi bilan ko’p narsani, hatto o’limni ham oldindan anglash mumkin. “Ovulda qolgan Qorako’z, o’tov yonida turar ekan, erining o’limini oldindan sezayotgandek yuz-ko’zini yumib, dod solib yig’lardi va zulmat tun qo’yniga quloq tutib, ma’nosiz ko’zlari bilan kimnidir axtarayotgandek bo’lardi…”

U topganini ham, axtarayotganini ham manguga yo’qotgandi. Kechagina uning suyuklisi, tanho o’g’ilchasining otasi, tog’day suyanchig’i sog’-omon edi. Bugun u yo’q. Uni hech kim – na keksa qayin otasi, na kichkinagina o’g’ilchasi Muqosh ovutisholmasdi. Aza liboslari ichida Qorako’z o’zini birdaniga qarib qolgandek sezdi. “Sababi, benavolik va umidsizlik soyadek ergashib yurardi unga. U tanho bo’lib, boshidagi g’am yuki esa nihoyasiz edi. Yor bilan ishrat qiladigan paytlari, shirin uyquda yotiladigan tong chog’larida Qorako’z yuzini azador ro’moliga chirmab, zor-zor yig’lardi… U erini go’yo yoniga chorlab, u bilan uzoq-uzoq gaplashar edi: – Sar lochinim… sohibqironim… bahodirim… kelbatligim… bebahoyim… xonumonim… ishongan bog’im… suyangan tog’im…” Bu so’ngsiz hasrat, achchiq-achchiq ko’z yoshlari ila to’qilgan va baxtsiz qismatni ifodalovchi mungli qo’shiq edi. Uni tinglashga andak-mundak yurak dosh berolmasdi. Axir u ayol va ona edi. U sevdi, sevildi va hammaga nasib bo’lavermaydigan baxtli onlar gashtini sura boshlayotganda… Birdaniga…

Qorako’z bariga chidadi. O’zini qo’lga oldi. Yillar o’tgan sayin sabr-bardoshi tillarda doston bo’ldi. “Boshlaridan ko’p voqealarni kechirgan chollar va kampirlar Qorako’z haqida xuddi bir tirik juvon to’g’risida emas, balki bir zamonlar yashab o’tgan va nomi afsonalardagina qolgan allaqanday bir ayol to’g’risida gapirgandek gapiradilar…” Holbuki, u ham tirik jon – ayollik hissiyotlari, nafsoniy mayllar olovida yonishga mahkum beva bir juvon edi. U o’ziga bog’liq bo’lmagan va o’zi istamagan ravishda do’zax azobiga teng allaqanday ichki qiynoqlar og’ushida yashardi. Xususan, uning tungi holatlarini yozuvchidan boshqa hech kim bunchalik aniq va chuqur tasavvur qilolmagan, deb o’ylayman. Mana bu so’zlarni o’zingiz bir o’qing: “Qorako’z chiroqni o’chirib tanho o’rniga yotar ekan, duolar o’qishi, tinch uyqu va yaxshi tushlar ko’rishni Xudodan iltijo qilib so’rashi – hamma-hammasi behuda edi… Uning badaniga olov ilonlar chirmashib, ko’ksiga o’rmalab chiqar, tomog’idan o’par, gavdasiga o’ralib, suyak-suyagigacha sindirar darajada qattiq qisar ekan, uning yoqimli tuyg’udan lazzatlangan borlig’i asta-sekin titray boshlardi. Ilonlar esa bir dam bo’lsa-da, tinchlik bermasdi unga: Qorako’z tong yorishguncha ular og’ushidan qutulolmas va erkin nafas olib, o’zini-o’zi qo’lga olishga qurbi yetmas edi. Hirs o’tida qovurilgan ayol ko’zlari tinib, ovozi hirillay boshlar ekan, apil-tapil o’rnidan turib chiroq yoqar va xizmatkor kampirni chaqirib, uning qarshisida yalang’ochlanardi-da, o’zini kaltaklashni va ko’ksiga o’rmalab unga tinchlik bermayotgan ilonsimon olovlarni olib tashlashni iltimos qilardi. Kampir qo’rqib ketib, kalima keltirishga tushardi…” Sho’rlik kampir nima qilsin – uning qo’lidan boshqa nima ham kelardi? Axir, u “shuncha vaqt tutqqunlikda yotgan yoshlik tuyg’usini endi ozodlik istab tug’yon urayotganini hatto xayoliga ham keltirolmasdi”. Qorako’z qalbi toza, aqlli va qat’iyatli juvon. Uning siyratida yoshlik, g’amu kulfat qo’li ila ezg’ilangan ayollik hissiyotlari bosh ko’targan ekan – bunda uning aybi ham, gunohi ham yo’q. Uni tushunish kerak. Qorako’zni tushunish – unga qismatdosh beva ayollar taqdiriga tepadan qaramaslikka yordam berishi shubhasizdir. Qorako’zning vujudiga chirmashib, oromini buzgan olov ilonlar – nafs va hirs ilonlari. Inson tirik ekan, ular o’lmaydi. Vaqt, fursat yetgani hamon, mavjudligini sezdiraveradi…

Qorako’z hali yosh. Ma’sum boquvchi tim qora ko’zlari avvalgidek chiroyli. Bug’doy rang yonoqlari hamon qizarib, yal-yal yonib turadi. Harakatlari chaqqon va chiroyli… Bunday ayolni ko’z ostiga olib, “qarmoq”qa ildirishga uringuvchi erkaklar ham albatta ko’p topiladi. Lekin Qorako’z ulardan birortasini ham nazarga ilmagan.

Erta ko’klam. Tog’lar, o’tloqlar yasharib, suvlar qo’shiq aytib oqadi. Qushlar sayrab tinmaydi. Bevalik hayotining yettinchi yili, Qorako’z yana o’zini qo’yarga joy topolmay qoladi. O’tar qorovuli Bo’lat cho’ponning tunda kelib “Jonim!” deb aytgan bir og’iz so’zi va hirqiroq ovozidan Qorako’zning badaniga yana olovli ilonlar chirmasha boshlaydi. Ammo shaytonga bo’ysunmaslikka kuch topadi. Va aravasini yeldirguncha, Qanaydining sohiliga yetib boradi. “U xuddi tandirdek qizib, olovdek yonib borar va nafas olishga qiynalardi”. Qorako’z tongni shu sohilda qarshilaydi. Unga hamma narsa, bulbul xonishi ham o’zgacha ta’sir o’tkazardi. U bu qushning bunday sayrashini hech qachon eshitmagan. “Bulbul Qorako’zning go’zalligini, unig o’tli qora ko’zlari naqadar nigoronligini va dunyoda uning ko’zidek chiroyli ko’z yo’q ekanligini kuylab berdi… U yana buning dili vayron ekanligini va yig’layverib yosh qolmagani, aksincha, nursizlanib borayotganini ham xonish qildi”.

Bulbul sohil bo’yidagi bo’tazorda emas, Qorako’zning ko’ngil bog’ida sayrardi. Uning xonishlari Qorako’zni batamom behol va sarxush aylagandi. Ovuldoshlari Qayindi bo’yiga yetib kelib, ko’ch-ko’ronlarini tushirib, o’tov tiklashadi. Hamma horib-charchagan. O’tovlarga tarqalib vaqtli uxlashadi. Qorako’zning esa ko’ziga uyqu kelmasdi. Tanasini yana olov ilonlar chulg’ab olgandi. U o’zini negadir notavon his etardi. O’zidan qochgisi kelar, ammo qocholmasdi.

“Etti yil mobaynida birinchi bor Qorako’zning qarshisidagi qorong’ilikdan sochlari to’zigan, oq ko’ylakli, qora nimchali barvasta bir yigit paydo bo’ldi. U to’g’ri o’tov devori orasidan o’tib, unga yopishdi-da, muzdek kaftlari bilan uning siynasini changalladi va yanoqlariga lablarini yaqinlashtirar ekan, kula-kula qulog’iga bir nimalar deb shivirlay boshlardi. Qorako’z uni quchmoqchi bo’lib qulochini yozarkan, u birdan g’oyib bo’lib qoldi. Lekin uning shivirlashlari hamon eshitilib turardi va u buni hadeb o’ziga tomon chaqirar edi… Qorako’z qichqirib yubordi: – E, Xudo, ortiq chiday olmayman! Ne kunlarga qo’yding meni?”

Men ushbu holat ifodasida zarracha ham yolg’on aralashmagan deb bilaman. Inson nafsi va shahvoniyat kuchini chuqur o’rgangan har bir yozuvchi shunga monand tasvirlardan o’zini cheklolmasligi muqarrardir. Axir, hirs domiga ilingan kimsa, ayniqsa, ayol undan osonlik bilan qutulolmaydi. Shu boisdan ham sho’rlik Qorako’z sakrab o’rnidan turadi-da, o’tovdan otilib chiqib o’zi ham bilmagan tomonga yugurib keta boshlaydi. “Unga tungi salqin ham ta’sir etmasdi. Uning borlig’i olov bo’lib yonardi. Qorako’z daryoga yaqinlashgach, tiniq suv bag’riga tushdi-da, qirg’oqqa yaqinroq yerga chalqanchasiga yotib oldi. U ko’ylagini yechib tashlagan bo’lib, badani ko’zni qamashtirar darajada oppoq edi. Uning ana shu badaniga yana olov ilonlar tirmashib ketdi”. Balki bu gaplarga ishonish qiyindir. Ehtimol, ular hayot haqiqatiga to’la muvofiq kelmas. Ammo inson tabiatining shunday talab va haqiqatlari borki, Olloh yordam bermasa, ularga chora yo tadbir topmoq mushkul. Qorako’z ahvolidagi ayolni yo’ldan ozdirish oson. Bo’lat singari payt poylab yurgan kimsalar bundan albatta foydalanadi. Qorako’z qirg’oq etagida yalang’och yotar ekan, “Qorako’z, jonim… Bu senmisan? Nima bo’ldi senga?” – degan hirqiroq ovoz eshitiladi. “Qorako’zni chaqirgan kim va unga nima deyapti – buni tasavvur ham qilolmasdi. U faqat erkak ovozini eshitib, darhol yotgan yerida qo’l cho’zdi… Hirs domiga ilingan Qorako’z faqat Bo’latning kumush rang chakkalari bilan bo’rinikiga o’xshab irshayib yaltirab turgan tishlarini ko’rardi, xolos”. Vujudida lovullagan nafs va hirs olovini so’ndirolmagan kimsani oqlash to’g’ri emas. Biroq Qorako’zning bevalik taqdiri, ayollik holati ayblashdan ko’ra, anglash va achinishga loyiq. Bo’lat uning uchun kim? Bo’riday bir maxluq. Bo’ri esa faqat qurbon axtaradi…

033

(Tashriflar: umumiy 877, bugungi 1)

Izoh qoldiring