Muxtor Avezov. Kim aybdor? & Nosir Fozilov. Muxtor og’a

055    28 сентябр — Атоқли қозоқ ёзувчиси Мухтор Авезов таваллуд топган кун

Мухтор Авезов — буюк ва кўпқиррали шахсдир. У — қозоқ миллий адабиётини жаҳон адабиёти даражасига кўтарган ёзувчи. Мазкур адабиётда эпик насрга ва драматургияга асос солган, йигирманчи аср қозоқ адабиёти ва бошқа кўпгина адабиётларнинг шаклланиши ва ривожига катта ҳисса қўшган назариётчи ва танқидчи. Ва ниҳоят, мураккаб ва фожиаларга тўла йигирманчи аср зиёлилар бошига тушган ҳамма кулфатларини татиб кўрган бир инсон эди. Булар — Мухтор Авезов шахсининг асосий қирралари.
Мухтор Авезов ўз халқи билан бир қаторда дунёдаги кўпгина маданий халқларнинг маънавиятини ҳам тўла эгаллашга интилган ва шунга эришган шахс эди. Ёзувчи Авезовнинг шаклланиши унинг Шарқ маънавияти дурдоналари билан танишувдан, шу жумладан — Бухоро ва Самарқанд таратган маърифат нурларидан баҳрамандликдан бошланади. У Ўрта Осиё халқлари адабиётида йигирманчи асрда юзага келган илк ютуқларнинг ихлосманди эди. Авеэовнинг, масалан, Абдулла Қодирийга муносабати, унинг Ўрта Осиё халқлари романчилигиии бошлаб берувчи сифатида тан олгани ҳам ўта ибратли ҳодисадир.

Шу кенг ва чуқур маданий қамров Мухтор Авезовга ижод йўлини тез топиб олишга ёрдам берди. Натижада Авеэов Ўрта Осиё халқлари адабиётида романчиликнинг янги турини — эпик насрни биринчи бўлиб яратди.

Жаҳон адабиётида энг фахрли ўринларидан бирини эгаллаган «Абай» ва «Абай йўли» эпопеясини яратиш жараёни ҳақида Авеэов томонидан айтилган кўп фикрлар орасида бу сатрларнинг муаллифи билан суҳбатда билдирилган бир мулоҳаза ҳам мазмуни, ҳам шакли жиҳатидаи жуда мароқлидир. Мухтор Умархонович шундай деган эди: «Тарих гўё катта йўлдан ўтган бир карвон. Бу карвон ўэ йўлидаги манзиллардан бирида тўхтаб, гулхан ёққан. Карвон кетгач гулхан қолган, гулхан ўчиб, кул бўлган. Кул совиб, унинг тагидаги биттагина чўғ бизнинг кунларимизгача ўчмаган. Ана энди зпопея яратмоқчи бўлган адибнинг вазифаси кул остидаги шу чўғни топиш, уни пуфлаб, ўт ёқиб, карвон шу ерда манзил топганида қандай гулхан порлаган бўлса, ўша гулханни қайтадан тиклашдир».

«Абай» ва «Абай йўли» зпопеясида Мухтор Авезов катта истеъдод ва беҳад ғайрат талаб зтадиган оғир вазифани уддасидан чиқа олди. Натижада фақат мазмуни билангина змас, балки ўзининг зстетик жозибаси билан ҳар бир адабиёт мухлисини мафтун зтадиган ва ҳайратга соладиган асар майдонга келди…

Абдулла Қодирийни катта ҳурмат билан эсга олар экан, Мухтор Умархонович биз билан суҳбатда бундай деган эди: «Ер юзи тарихида «геологик давр» деб аталадиган даврлар бўлади. Бундай маҳалда табиат тамом ўэгариб кетади. Масалан, бизнинг Ўрта Осиё ҳудудини бир замонлар денгиз эгаллаган. Денгиз «кетган», саҳро қолган, саҳрода янги табиат манзараси юзага келган, дарёлар оққан, дарахтлар кўкарган, обод қишлоқ ва шаҳарлар бунёд зтилган. Бундай манзаранинг аввалги денгиз манзарасига сира ўхшашлиги йўқ, албатта. Абдулла Қодирий ижоди Ўрта Осиё халқлари маданиятида мана шундай «геологик давр», бу буюк талантдан сўнг адабиётларимизнинг қиёфаси ва воситалари тамом ўзгарди. Қодирийдан сўнг аввалгича ёзиш мумкин эмас»
Менимча, Мухтор Авезов ҳақида ҳам, айниқса тарихий жанр тўғрисида гап борганда, худди шу сўзларни такрорлаш мумкин. Қодирий ва Авезов бизнинг эстетик андозаларимиз ва ҳакамларимиздир ( Иззат Султоннинг  «Улкан адиб сабоқлари» номли мақоласидан).

МУХТОР ОҒА
Носир Фозилов
011

Доносиз, файласуфсиз, Мухтор оға,
Шунинг учун барча Сизни мақтар оға!

Тилеуберген Жумамуротов

09Бундан юз йил муқаддам бепоён қозоқ заминининг Чингиз тоғи этакларида атоқли ёзувчи, аллома, зукко жамоат арбоби Мухтор оға Авезов таваллуд топди. Чингиз тоғ воҳаси Қозоғистоннинг Шамай (Семипалатинск) вилоятига қарашли табиати гўзал, баҳаво, жаннатмакон бир маскандир. Буюк Абай ҳам шу жойда дунёга келган.

Маълумки, Абай — ўз замонасининг улкан ва ростгўй куйчиси. Мухтор оға ҳам даврнинг етук ёзувчиси. Ҳар иккаласининг ҳам таваллуд топган жойи билан таълим ва тарбия олган муҳитида қандайдир ўхшашликлар бор: Чингиз тоғ ёнбағирлари, Тўбиқти уруғи… Дастлаб овул мактабларида сабоқ олишларию кейинчалик Шамайдаги рус семинариясида таҳсил кўришлари…

Улкан рус ёзувчиси, драматурги Николай Погодин Оға ҳақидаги бир гапида: «Авезов Қозоғистон учун иккинчи Абайдир…» — деганида мана шу омилларни назарда тутган бўлса ажаб эмас.

Ҳа, у киши ҳақиқатан ҳам улуғ ёзувчи зди. Олмаотадаги «Жазуши» нашриётида чоп этилган йигирма жилдлик адабий- бадиий меросининг ўзиёқ у кишининг қанчалик улкан адиб, сермаҳсул ёзувчи эканини кўрсатиб турибди.

Мухтор оға ҳақиқатан ҳам зукко жамоат арбоби, аллома адиб, суҳбати жонон инсон эди. У киши ҳақида гап кетганида менинг кўз олдимга, аввало, оғанинг нуроний сиймоси келади. Мен Мухтор оғани биринчи марта 1958 йилда Тошкентда Осиё ва Африка ёзувчиларининг конференциясида кўрганман. Бу улкан анжуманнинг юксак минбаридан у кишининг сермазмун маърузасини эшитганман.

Иккинчи бор 1959 йили Москвада ўзбек адабиёти ва санъати ўн кунлиги пайтида кўрганман. Оға Колонналар залида, декаданинг очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Кейинги кунлари эса, Ёзувчилар уюшмасида ўзбек ёзувчиларининг асарлари муҳокамасида иштирок этди. У киши билан шундоққина ёнма-ён ўтирдик. Мени қойил қолдирган нарса шу бўлдики, Мухтор оға ўзбек ёзувчиларининг асарларини шундоқ ўзбек тилида, таржимасиз ўқирканлар. Ўшанда у киши ўзбек адабиётининг улкан дўсти эканини, ютуқларимиздан астойдил қувонишини, нуқсонларимиздан эса куюнишини баҳсларидан, дўстона маслаҳатларидан ҳис қилиб турдим. Эсимда бор, сўзга чиққан москвалик ўртоқлар баъзи асарларимиз ҳақида сал бирёқлама фикрларни айтган эдилар. Мухтор оға эса, ёзувчилари- мизнинг ёнини олдилар. Аниқроғи — Пирим- қул Қодировнинг «Ўч илдиз» романига нисбатан насрнавис адиба Караваева бирёқ- ламароқ фикр билдирганида, Мухтор оға унга биринчи бўлиб эътироз билдирдилар ва ўз эътирозларини ишонарли қилиб, исботлаб бердилар.

Муҳокама охирида Мухтор оға қандай ёзиш ва кимга эргашишни билмай юрган баъзи ёзувчиларимизга таассуф билдириб: «Мен ҳайронман, баъзи ўзбек ёзувчилари устоз қидириб узоққа чопади. Ваҳоланки, устозлари ўзларида турибди. Бу — Абдулла Қодирий, бу — Ойбек, бу — Абдулла Қаҳҳор. Мен бу мўътабар адибларни устоз дейишга ор қилмаган бўлур эдим. Абдулла Қодирий менинг ҳақиқий устозим бўладилар», деди.

Мен Мухтор оға нега бундай деяптилар, деб ҳайрон бўлдим. Йўқ, кейинчалик билсам, у киши 1927—29-йилларда Тошкентимизда — Ўрта Осиё Давлат дорилфунунида аспирант бўлган эканлар, ўзбек тилини мукаммал билишлари, ўзбек ёзувчиларининг асарларини аслидан ўқиб боришларининг сабаби шундан экан. У киши Абдулла Қодирийни шахсан танир, Ойбек домла билан жонажон дўст эканлар. Қизиғи шундаки, Ойбек домла Мухтор оғани «муаллим» деб атарди, Мухтор оға ҳам ўз навбатида Ойбек акани «домла» деб ҳурмат қиларди. Бу икки буюк инсоннинг камтаринлигини кўриб, одамнинг ҳаваси келарди.

Шундан кейин ҳам мен Мухтор оғани гоҳ Тошкентда, гоҳ Олмаотада бир неча бор кўриб, суҳбатларида бўлдим.

Мухтор оғани эслаганда яна менинг кўз олдимга келадиган нарса — унинг машҳур «Абай» ва «Абай йўли» деб аталган романларидир. Асарнинг бош қаҳрамони Абай ўз замонасини куйлаш орқали бутун қозоқ халқини дунёга танитган бўлса, Мухтор оға ҳам ўз навбатида ҳамюрти Абайни куйлаб, жаҳонга машҳур қилди ва ўзи ҳам жаҳонга машҳур бўлиб кетганини сезмай қолди. Бу эпопеяни ким билмайди, ким ўқимаган дейсиз?! Адибнинг бу асари бугунги қозоқ адабиётининг чин маънодаги юксак чўққисидир. У шунчаки Абай ва Қунонбойлар ўртасидаги дов-жанжалларни акс эттирган асаргина бўлиб қолмай, XIX аср қозоқ заминини, халқини ва ўша давр ижтимоий- сиёсий ҳаётидаги қарама-қаршиликларни ростакамига кўрсата олган том маънодаги дурдона асардир. Шунинг учун ҳам машҳур қозоқ академиги Қаниш Сатпоев бу асарни: «XIX аср қозоқ даласи ва ижтимоий ҳаётининг қомусидир», деганида мутлақо ҳақ эди.

Маълумки, ҳар бир халқнинг ўз адабиёти ва маданиятида фахр билан тилга оладиган машҳур асарлари бўлади. Масалан, французлар «Генриада», немислар «Мессиада», инглизлар «Йўқолган жаннат», италянлар «Илоҳий комедия», греклар «Илиада» ва «Одиссея», руслар «Тинч Дон», ўзбеклар «Хамса»ю «Ўтган кунлар», «Навоий» романлари билан фахрлансалар, шубҳасиз, қозоқ биродарларимиз ўзларининг «Абай» романлари билан ҳақли равишда ғурурланадилар.

Табиийки, Мухтор оға ўз ижодини кичик жанрлардан бошлаган. У дастлаб адабиётга драматург сифатида кириб келди. Оғанинг ўттизга яқин драмаси саҳнага қўйилган. Айниқса, унинг «Энглик ва Кебек», «Ой ила Чўлпон», «Бойвучча ва тўқол», «Қоракўз», «Олишув», «Олмазорда», «Чегарада», «Абай» каби драмалари машҳурдир. Шу билан бирга Мухтор оға ора-чорада насрий асарлар ҳам машқ қилиб юрди. Бу борада унинг 20-йилларда ёзган «Бечоралар», «Дашт тасвирлари», «Дашт ҳикоялари», «Ўқимишли йигит», «Уйланиш», «Етим», «Зўравонлик», «Азадор гўзал» ва 1928 йили Тошкентда ёзган «Кўкёл» ҳикоялари, «Қараш-қараш воқеаси» ва ниҳоят 1927 йили ёзган «Золим замона» (қозоқчаси «Қийли замон») қиссалари ҳозир ҳам машҳурдир.

Модомики, биз Мухтор оғанинг «Золим замона» қиссасини тилга олдик, 6у асарнинг аянчли тақдири ҳақида ҳам бир-икки оғиз сўз айтиб ўтишни ўринли деб биламиз.

Баъзан ношуд мунаққид бир асарни чала-чулпа, тушуниб-тушунмай ўқиб, хом- хатала, бирёқлама фикр айтиб, унинг кейинги тақдирига ёмон таъсир кўрсатади. Устоз Абдулла Қаҳҳорнинг «Сароб» романи ҳам шу аҳволга тушди. Бунинг асорати баайни ёзги шамоллашдай узоққа чўзилгани, яъни ўн саккиз йил деганда асар зўрға қайта нашр қилингани ҳаммага маълум. «Золим замона» қиссаси ҳам шу жиҳатдан «Сароб» романи билан тақдирдош. У 1927 йили Қизил Ўрда шаҳрида китоб ҳолида нашр қилинган эди. Ҳали айтганимиздай, ношуд мунаққидларнинг нотўғри муносабатлари туфайли асар узок вақтларгача қайта нашр этилмади. Фақат орадан қарийб қирқ беш йил ўтгандан кейин у аввал рус тилида, қирқ саккиз йилдан сўнг эса, қозоқ тилида нашр этилди.

Асарнинг русча нашри Мухтор оғанинг содиқ шогирди Чингиз Айтматовнинг сўзбошиси билан чоп этилди. Асар ғояси чоризм истибдодини қоралашдир. Шундай асарни зарарли дейиш — чоризм истибдодини очиқдан-очиқ маъқуллаш эмасми ахир? Афсус- ки, асарнинг қайта нашрини муаллиф кўролмай кетди…

Мухтор оға ўзбеклардан жуда миннатдор эди. Унинг «Абай» ва «Абай йўли» романлари ўз вақтида ўзбек тилига таржима қилинди. Ҳикоя ва қиссалари 1960 йилда «Қараш-қараш воқеаси» номи билан чоп этилди. Мен оғанинг «Абай» фожиасини ўзбек тилига ўгирганман. Драмани Ҳамза номидаги драматик театримизда халқ артисти, Мухтор Авезов номидаги академик драма театрининг собиқ бош режиссёри Озарбайжон Мамбетов маҳорат билан саҳналаштирди.

Мухтор оға қолдирган адабий мерос фақат қозоқ халқининг эмас, балки умум башариятнинг, барча туркийзабон халқларнинг, шу жумладан, ўзбек халқининг ҳам адабий ва маънавий бойлиги ҳисобланади. Зотан, яхши ёзувчи ҳамма яхши ниятли кишиларга мансубдир.

075

Мухтор АВЕЗОВ
КИМ АЙБДОР?
Қозоқчадан Носир Фозилов таржимаси
011

I

Кун бўйи бутун борлиқни қиздириб турган офтоб пеншнликка оға бошлаган. Жазирама тафти қайтиб, кечки шабаданинг салқин нафаси уфура бошлаган кез эди.

Тоғнинг сояси овул устига тўниб, тобора қуюқлашиб борар, кечки салқин шабада жонга ором бағишларди. Овулдаги барча эркагу аёллар ташқарида — ҳамма ўз иши билан ивирсиб юришарди. Қўйлар яйловдан қайтиб, қўтонларга киритилганидан сўнг, болалар қий-чув қилишиб қўзиларни оналаридан айириб ола бошлашди. Овул четидаги тепаликдан йилқи уюрлари кишнашиб, қудуқ бошига чувириб кела бошлади. Ўчоқ боншдан кўтарилган кўм-кўк тутун эринчоқлик билан осмонга ўрларди. Бундай пайтларда овулда бақириқ-чақириқлар авжга минарди. Салқин тушгач, уйларидан чиққан қўли бўш эркаклар қудуқ бошига тўплана бошлайди, у ерда бир- бирларига янги қўниш жойларининг серўт, серсув эканлигини  айтишарди.

Қудуқ атрофига ҳамма овул эркаклари йиғилса-да, бугун негадир овул оқсоқолларидан бири — Исмоил келмади. Унинг тиккан ўтови қудуққа энг яқин жой, бой овул ҳисобланади. Овулнинг отга минари ҳам, бойи ҳам ўша. У қудуқ атрофида кўринмагач, овул кексалари:
— Бугун Исмоил нега кўринмайди? Ё тоби қочиб қолдимикан? Ё бирон ёққа кетдимикан?— деб суриштира бошлашди.

Исмоил оқсоқолнинг нима учун уйидан чиқмаганини фақат қўшниси Бейсембойгина биларди. У атрофдагиларга билганларини айта бошлади. Унинг гапига қараганда, яқиндагина унаштирилган қизи Азиза: «Сизлар топган куёвга тегмайман», деган эмиш. Қизининг бу гапини бугун эшитиб, Исмоил уйдагиларини койиётган бўлса ажаб эмас. Қудуқ атрофидагилар Бейсембойнинг гапини тинглаб бўлиб, ҳар қайсиси ўзи эшитган гапини ўртага ташлай бошлашди. Уларнинг кўпчилиги «замон озиб, ёшларнинг бузила бошлагани»дан нолидилар: «Қизларнинг улғайгани бошга битган бало, деяверинг. Уларни тезроқ эрга бериб қутулиш керак!» дейишиб, Исмоил оқсоқолга ачинишди, «бузилган» қизидан нолишди.

Бу пайтда Исмоил оқсоқол хотин бола-чақасини обдон қовуриб сўкиб бўлиб, овул олдидаги тепаликда асабий ўтирар эди. Кечқурунги ғира-шира қоронғуликнинг юракни эзувчи рутубати худди Исмоил оқсоқолнинг дардига ҳамдард бўлгандай, бусиз ҳам хафагарчиликдан оғир тортган гавдасини босиб-янчиб турарди. Ҳозир тош қотган юрагини қизининг нози фироғи, йиғи-сиғиси юмшатолмас, бадтар ўжарлиги тутиб ўтирар, ўйлаб ўйига етолмас, хаёлида фақат битта гап айланар эди:

— Эй тангрим, сендан фарзанд тилаганимда, бошимга бало ёғдирсин деб тилаганмидим? Тирноқчалик ақли йўқ бу қизни ота-боболаримиз арвоҳини оёқости қилдиргани берганмидинг, эй, худо! Ошна-оғайниларимнинг ўртасида обрў-эътиборимни бир пул қилмоқчимисан? Агар менинг ўйлаган ишим хато бўлса, беравер жазойимни! Чидамаган номард! Бу ақлсиз қизнинг қилмишларини кўриб кунда ўлгандан кўра бир йўла ўлиб қўя қолай!— деб, азбаройи асаби қўзиганидан томирларида қонлари жўш уриб, юраги тошга айланди-қолди.

Овулдагилар қўйлардан қўзиларни айириб бўлгач, бояги қий-чув босилиб, атроф-теварак сал тинчигандай бўлди. Отлар ҳам сув ичиб бўлгач, ҳовуридан тушишди, одамлар ҳам уй-уйларига тарқалиша бошлади.

Қоронғи тушгач, Исмоил ҳам аста ўрнидан туриб, уйига йўл олди. Бу пайт овулга икки суворий отларини йўрттириб келар, эгар-тўқим, юган-айилларига қадалган кумуш нақшлари ғира-ширада ялт-юлт қилиб кўзга ташланарди.

Ихчам гавдаларига, башанг уст-бошларига қараганда, иккаласи ҳам ёш йигитга ўхшарди. Исмоил булар ким бўлди экан, қаёққа келяпти экан, деб тикилиб турганида ҳалиги суворийлар отларининг бошларини Исмоилнинг катта ўтовига қараб буришди. Салқин тушгани учунми, уларнинг терлаб-пишиб кетган отлари бошларини силкиб жадал йўртиб келар эди. Йўловчиларнинг эса кўнгиллари кўтаринки.

Қўноқларни ташқарида Исмоилнинг катта ўғли Қосимжон, уч-тўртта ўртоғи билан кутиб олиб, ўтовга таклиф қилди… Сал вақтдан сўнг ҳали ҳам бояги важоҳатидан тушмаган Исмоил оқсоқол кириб келди.

Келган қўноқларнинг бири — қудаси Азимбойнинг шаҳарда ўқиб юрган ўғли Ислом экан. Ислом кейинги икки йил мобайнида шаҳардаги ўрта мактабларда таҳсил олиб, элига қайтиб келган пайти эди. У ота-онасининг олдида икки-уч кун бўлгач, яқин қариндошларини бир кўриб келай, деб йўлга чиққан экан.

Ислом истараси иссиқ, узун қора сочли, худди қизларникидай қадди-қомати нозиккина, суйкамли йигит экан. Ёнидагиси ўз овулидан, ўртоғи Жағипар деган йигит.

Исмоилнинг оиласи қўноқларни қудасининг ўғли бўлгани учун, бунинг устига шаҳар кўрган ўқимишли йигит деб очиқ чирой билан кутиб олишди, ҳурмат-иззат кўрсатишиб тўрга ўтқазишди.

Исломнинг келганидан айниқса бу оиланинг катта ўғли Қосимжон хурсанд бўлди. Улар ёшлигидан бирга ўсган эдилар-да. Ҳол-аҳвол сўрашиб, чулдирашди- қолишди. Улар бундан тўрт-беш йил олдин бир-бирларини меҳмондорчиликка таклиф этишиб, бориш-келиш қилишар, овулда уч-тўрт кунлаб ётиб қолишар, жуда қадрдонлашиб кетишган эди. Шунинг учун ҳам Исмоил оқсоқолнинг оиласи Ислом учун ўз жигарларидай бўлиб кетган, улар ҳам Исломни ўз фарзандларидай кўришар, Қосимжоннинг онаси Қалиман эса уни ўз ўғлидай кўриб, ҳурматлар эди. Кейинги йиллар Ислом шаҳарга ўқишга кетиб, бу яқинлик бир оз совуган эса-да, уларнинг ҳозирги муомалаларидан, ҳол-аҳвол сўрашишларидан илгариги меҳр- оқибат, илиқлик тиклана бошлаганидан дарак берарди. Агар бу хонадонда жиндек салқинлик бўлса — Исмоил оқсоқолнинг бугунги кайфиятидан. У азалдан жиддий одам, бола-чақа билан гаплашишни унчалик ёқтиравермайди. Феъли шундай. Бунинг устига бояги дилхиралиги унинг кўнглини ёздирмай тиришиб ўтирар эди.

Чой тайёр бўлганида Қалиман хизматкор аёлни чақириб:
— Азизани чақир, бир ўзи бир чеккада буришиб ўтирмай, қўноқларга чой қуйиб бериб турсин,— деб тайинлади.

Ислом қулоқларини динг қилиб, эшик томондан кўзларини узмай ўтирганида, ташқаридан аввал чўлпининг шилдир-шилдири эшитилди, сўнг Азизанинг ўзи кириб келди. Эгнида қўш этак қилиб тиктирилган оқ кўйлак, сиртидан беллари хипча қора камзул кийиб олибди. Бошида уқали тақия. У кириб келганда гўё уй ичи ёришиб кетгандай бўлди. У билан ўтовга файз ва кўрк кириб келди гўё. Ёш қўноқлар салом бериб, ҳол-аҳвол сўрашганида, Азизанинг оппоқ юзларига қон югурди.

Улар икки йилдан бери кўришмаган эдилар. Исломга Азиза яна ҳам гўзаллашиб, яна ҳам очилиб кетгандай, ним қоронғи ўтов ичи унинг нурли рухсоридан чарогон бўлиб кетгандай туюлди. Сал ўтмай хизматкор аёл олиб кирган чойни олди-ю, отасининг оёқ томонига ўтириб, меҳмонларга чой қуйиб узата бошлади. Чироққа яқин жойга келиб ўтиргани учун бўлса керак, бояги ҳусн-латофати яна ҳам қулф уриб кетди.

Орадан бир оз вақт ўтгач, Исмоил оқсоқол аёлига:
— Болаларни Қосимжоннинг уйига олиб боринглар,— деб амр қилди. Уйни яхшилаб йиғиштиринглар. Ёш-яланглар эркин ўтиргани маъқул.

Қалиман келинини юбориб, уйни сарамжон қилдиргач, меҳмонларни ўша ёққа таклиф этишди. Қўноқлар Исмоил оқсоқолнинг тунд кайфиятидан қутулолмай турган эканларми, таклифдан хушнуд бўлиб ўринларидан туришди-ю, тезгина ташқарига чиқишди.

Қўноқлар чиқиб кетгач, бир-иккита чўпон-чўлиқлар ҳам ўринларидан қўзғалишди. Уйда Қалиман билан Исмоил оқсоқолгина холи қолишди. Исмоил оқсоқолнинг ичига чироқ ёқса ёришмасди. Асаблари қақшаб, жаҳл устида тургани шундоққина билиниб турарди. Бир оз хўмрайиб ўтиргач, хотинига қинғир қараб гап бошлади:
— Ҳўв хотин, агар бирон-бир кор-ҳол юз бермасин десанг, анави қизингни тийиб ол! Қизингни одамларга ўхшаб тарбия қилиш қўлингдан келмаса, нимага туғдинг? Ҳамма бало сенда! Тарбия қилолмагансан. Мана, оқибати!— деди.

Қизининг кожлигини ҳазм қилолмай юрган Қалиман бу аччиқ-чучук гапларни эшитиб, бадтар тутоқиб кетди:
— Менга нимага зарда қиласиз, отаси? Мен Азизани кимнинг қизидан кам қилиб тарбиялабман? Кимнинг боласи менинг қизимдан ортиқ бўлиб яралибди, а? Нега менга ёпишасиз! Мен она бўлсам, сиз отасиз-ку. Менга айтган оғу гапларингизни ўзингизга ҳам айтинг!— деб йиғламсиради.

Исмоил оқсоқол бойвуччасининг қинғирига олиб гапираётганини кўриб, бадтар тутоқиб кетди:
— Шуми тарбиялаганинг! Болага тарбия бергудек ақлинг борми сенинг, манжалақи! Сенинг тарбиянг эмасми, қизингни шу даражага етказган? Қани айт-чи, овулимизда кимнинг қизи сенинг қизингчалик бузилибди? Кимнинг қизи элу юрт олдида ота-онасини шармандаю шармисор қилибди. Қани, айт! Топиб бергин, борми, шунақа қиз? Бу овулда сендан аҳмоқ хотин, сенинг қизингдан ҳам беҳаё қиз борми? Қани айт, айт, лаънати!— деди бақириб. Қалиман ҳам эридан қолишмади:
— Сизга нима бўлди ўзи, ўз болангизни ўзингиз шунчалик ёмон отлиқ қилиб? Бу гапларни душманингиз ҳам айтмайди-ку, ахир. Қани, айтинг-чи, шу атрофда менинг Азизамдақа дилбар қиз борми? Хоннинг қизи, подшонинг қизи қандай бўлса, менинг қизим ҳам шундай. Унинг гуноҳи нима? «Хотини ўлган, қари одамга тегмайман», деганими айби? Болам ҳақ! Индамай десам ҳам қўймадингиз-ку. Нима қилай, ўлайми?

Гап шу ерга келганида Исмоил оқсоқол ўзини тутолмай бақириб юборди:
— Ўчир унингни, мегажин! Қизингни шу қилиғи учун ҳеч ҳам кечира олмайман! Сен гап тушунармидинг? Хуллас, агар қизингга гап уқдириб, тўғри йўлга сололмайдиган бўлсанг, билиб қўй, жавобингни бермасам, отамнинг арвоҳи урсин! Мабодо, қизингни кўндиролмасанг, кўндиролмадим дегин-да, даф бўл қиз-пизинг билан! Шу бугун бир ёқли қил, уқдингми?— деб гапни шартта кесди-да, Қалиманнинг гапини ҳам эшитмай, шартта ўрнидан туриб, ташқарига чиқиб кетди.

Исмоил оқсоқолнинг феъли Қалиманга маълум. У кўпдан бери бундай қаттиқ- қурум гап айтмаган эди. Феъли айниган кўринади. Айниқса, унинг «отамнинг арвоҳи урсин!» деган гапидан Қалиманнинг юраги музлаб кетгандай бўлди. У ўзини қўярга жой тополмай қолди. Ўзи ҳам қизининг феълидан куйиниб юрган эди-ю, эрининг гапи дард устига чипқон бўлиб тушди. Шу кечаси қизи билан гаплашиб, масалани ҳал қилишга қарор қилди.

II

Бу маҳалда Ислом одамларнинг уйқуга кетишларини сабрсизлик билан кутарди. У турли хаёллар оғушида у ёнидан-бу ёнига ағанаб, ухлаёлмай қийналарди. Бунақа пайтда, одатда, вақт жуда имиллайди. Хона ичидаги ним қоронғулик шундоқ ҳам эзилиб ётган йигитни бадтар исканжага оларди. Шу тахлит бир оз ётгач, у чопонини елкасига ташлаб оёқ учида аста ташқарига чиқди. Ойдин кеча, жимжит тун, уйқуга кетган овул ва мусаффо ҳаво унинг сиқилган юрагига бир оз ора киргандай енгил тортди. Эшик олдига чиқди-ю, мунғайиб турган ойга тикилиб қолди.

Қўрадаги барча жониворлар уйқуга кетган, қўйларни кузатиб ётган ҳушёр тўбатлар ҳам бошларини оёқлари устига қўйиб, пинакка кетишган…

Мунғайиб турган бу ойдин кечада тунги кузатувчилар ҳам қалин гуппиларига ўраниб чўзилиб ётишар, аҳён-аҳёнда хўжакўрсинга чарчоқ ва мудроқ товуши билан «Ҳойт!» деб қўяр, бу товушга зим-зиё кеча эринчоқлик билан акс-садо берар эди.

Ислом чиққан ўтовнинг ўнг томондагиси — ой ёруғида оппоқ бўлиб кўриниб тургани — Ойшаларники. Бу ердагилар ҳалиям ётишмабди. Туйнуги ёпилмаган бўлса-да, ўтов керагасидан чироқнинг ёруғи шундоққина кўриниб турибди. Ислом ташқарида бир оз тин олиб турди-да, овул одамлари текис уйқуга кетганига ишонч ҳосил қилгач, Ойшаларнинг ўтовига қараб юрди. У аввало астагина эшик олдига келиб, ўтов устига ёпилган кигиз тирқишидан ичкарига мўралади. Кичкинагина лампа чироқ ёниб турарди. Ойша ёзиғлик тўшак олдида мудраб ўтирар, Азиза бўлса ёстиққа ёнбошлаб ётарди. Кўринишдан турли ўйлар оғушида обдон чарчаган, кўзларини бир нуқтага тикиб жимгина хаёл сурарди. Ўтовда булардан бошқа ҳеч ким йўқ. Ислом астагина эшикни очиб, ичкарига кириб келди. Аёллар ҳушёр тортишиб, у ёқ-бу ёқларини тартибга солишиб, ўринларидан туриб ўтиришди. Ислом аста Азизанинг ёнига бориб ўтириб, ҳол-аҳвол сўрашганидан сўнг ўртадаги совуқлик жиндек кўтарилиб, қалбларига илиқлик инди.

Ойша Азизадан илгари гап бошлади. У ҳазил-мутойиба аралаш:
— Бизларни унутиб кетдингиз, йигит. Ваъдалар шундоқмиди? Шаҳарда юриб бу ёқларни эсингиздан чиқариб юбордингизми, дейман?— деб ҳазил аралаш қайинсинглисининг кўнглидаги бор гапни айтиб, ҳар иккаласининг тилини боғлаб турган ўртадаги ҳаё пардасини очиб берди. Сал вақт ўтмай, Азиза билан Ислом бир-бирларидан тортинмай эмин-эркин гаплаша бошлагач, Ойша ёнбошига ёстиқ қўйиб ётаркан:
— Мендан уялмаёқ қўяқолинглар, кўнгилларингда бор гапларингни айтиб олинглар. Бунақа қулай фурсат энди бўлавермайди,— деб қувлик билан кулди.

Бу пайтда икки ёш кўнгилларидаги барча армонларини бир-бирларига айтар, бир-бирларининг гапларини жон қулоқлари билан тинглар эдилар. Ислом икки йилдан бери шаҳарда кўрган-кечирганларини батафсил гапирди. Азиза ҳам ҳамма гапини айтди. Улар гаплашгани сайин ўртадаги гина-кудурат, айбларнинг салмоғи Исломнинг зиммасига туша бошлади.

Ислом Азизанинг нозу карашмаларга йўғрилган мантиқли, далилларга тўла гиналарини эшитар экан, унга бўлган муҳаббати янада қулф ура бошлади. Қизнинг ўринли гиналарини кўнглига олмади ҳам.
— Азизахон, худо ҳаққи, сенинг бу гапларингни эшитиб йиғлагим келиб кетаяпти. Ўзимни зўрға ушлаб ўтирибман. Энди мени ўзинг овут. Мен сеникиман, де!— деб Азизани суймоқчи бўлди.

Азиза унинг қўлларидан қўлларини астагина тортиб олиб, гап бошлади:
— Ислом, илгарилари мен қаёққа кетсам ҳам, фақат сиз билан бўлсам, деб орзу қилардим. Ҳозир сиз билан гаплашиб ўтирганим, ўша орзуларим туфайли. Менинг бундан бошқа фикрим бўлмаган. Афсуски, энди мен сизни овута олмайман. Мен сизни кутган эдим. Мен сиз билан кетишга рози эдим… Энди вақт ўтди.
— Нима, энди шафқат қилмайсанми? Ҳамма айбимни бўйнимга олиб, оёғингга йиқилганимда «энди керагинг йўқ» демоқчимисан?
— Йўқ мен сизга кет деёлмайман. Бироқ илгариги даврлар ўтди, билиб  қўйинг, демоқчиман. Бошим боғлиқ, энди қимир этишга ҳаддим сиғмайди, демоқчиман. Ҳалигина онам келиб, ҳамма гапни айтиб, дилимни вайрон қилиб кетди. Энди менга барибир, «айтганингизга кўндим, ҳайдаган томонингизга юравераман», деб ваъда бердим. Энди сиз ҳам мени қийнаманг.
— Азиза, аввалга ваъдаларинг пучмиди? Ўзгаларга тош қотган юрагинг менга талай-талай мурувват кўрсатмаганмиди? Сизни севаман, деган гапларинг ёлғонмиди, айт!— Ислом Азизанинг кўзларига тикилди, унинг жавобинн кутди. Қиз ёнгинасида ёнбошлаб ётган Исломнинг сочларини майин қўллари билан аста силаб ўтираркан:
— Афсуски, у даврлар қайтиб келмасга кетди. Энди бу гапларнинг фойдаси йўқ. Тақдир шу экан…— дедию, эшик томонга тикилиб, жим бўлиб қолди. Ислом бу маҳалда жимгана мўлтираб севгалисининг кўзларига ёлворгансимон тикилиб ўтирар эди. Азиза унинг аҳволига ачиниш билан боқиб, сўзида давом этди.— Ундан кўра, эртага анави куёв бўлмиш келар экан… Шу ерда бўлиб, куёвпоччангазни кўриб кетинг.

Қизнинг пичингга йўғрилган бу гапидан йигатнинг дили вайрон бўлди, куёв деган гапни эшитиб, рашки томирларидага қонни жўштириб юборди. Азиза унинг кўзига яна ҳам қимматлироқ, яна ҳам азизроқ кўриниб кетди.
— Эртага ўрнимдан тураману жўнайман. Куёвинг бошингда қолсин!

Бироқ салдан кейин у бу гапидан қайтди, куёвлар келиб-кетгунларича шу ерда қоладиган бўлди. Илгарилари Азиза билан кечирган нашъали кунларини қанчалар эсига солмасин, уни ўзи томонга оғдиришга қанчалар уринмасин, барибир, Ислом қўлидан ҳеч нарса келмаслигага кўзи етди. Энди иккаласининг ҳам фикри бир жойда тўхтади; тақдирнинг ёзиғини кўриш керак! Қани кутайлик-чи, бу дунёйи фалак бошимизга яна қандай савдоларни соларкан?

Отасининг бу мотамсаро уйида ёшларнинг тилаклари рўёбга чиқмаслига аниқ. Келажак нималарни сийларкан буларга. Нима бўлганда ҳам ҳозирги вазиятдан эсон-омон чиқишга иккаласида ҳам на имкон бор, на дармон!

Шунинг учун ҳозирча бирининг қайғусига бири суянчиқ бўлиб, дардкаш бўлиб тургани маъқул. Азиза бўлажак куёвга кўнгли йўқлигини эртага тўпланадиган қариндош-уруғларга, ҳатто, куёв бўлмишнинг ўзига ҳам ошкор қилмоқчи бўлди. Қизнинг бу қарори Исломга жиндек бўлса ҳам умид бағишлади. Куёв келганида фақат Ислом билан бирга юришга, фақат Ислом билан бирга бўлишга ваъда берди. То қўл-оёғи боғланиб, зўрлик билан узатилмагунича, қиз Исломни дейишга қасд қилди.

Азизанинг севиклиси учун қиладиган яхшилига ҳозирча шугина. Шунга қарор қилишгач, Ислом қизни ўзига тортиб, унинг кечадан бери кўрган қийноқлари, азоблари туфайли синиқиб қолган мунгли юзларидан бўса олди. Бу гал қиз қаршилик билдирмади. Аксинча, шу пайтгача кўриб келган қийноғу азобларидан фориғ бўлгандай сезди ўзини, сўнг Исломни бағрига қаттиқ босди…

Ислом Ойша янганинг уйидан чиқаётиб, тағин Азизани бағрига олди.
— Менга шу кунгача бирон-бир мурувват кўрсатмадинг. Эртага унаштирилганинг келганида ўша мурувватингдан умидворман.
Азиза жимгина кулиб, Исломга тикилиб турар эди. Йигат қайта-қайта термулиб, ҳалиги фикрини такрорлайвергач, Азиза астагана:
— Кўрармиз… Эрта бўлаверсин-чи,— деди.

Ислом сал бўлса-да, кўнгли таскин топиб уйдан чикди. Тонг ёришай деб қолган экан. Ойнинг ёруғи ҳолсизланиб, уфққа бошлабди. Тонг ёруғbда юлдузлар ҳам бирин-кетин сўна бошлади. У ташқарида, салқинда бир оз туриб ҳовурини босгач, анча ўзига келиб боя ўзи чиққан ўтовга шўнғиди-ю, ўртоғининг ёнига кириб чўзилди.

III

Оқшом салқини ина бошлаганида Исмоил овули куёвларни кутиб ола бошлади. От боғланадиган қозиқлар аллақачон банд бўлган. Ўчоқ бошида одамлар гавжум, у ёқдан-бу ёққа югуришади. Ислом куёвлар ўтирган ўтовда. Энди нима бўлар экан, деган ташвиш асабларини кемирар, аммо сир бермай, куёвлар билан бирга чой ичишиб ўтирар эди. Алламаҳалдан сўнг Ойша аста оёқ учида кириб Исломни имлаб чақиргандай бўлди. Бир оз ўтгач, у ташқарига чиқди. Ойша уни кутиб турган экан, нарироқда турган ўтов олдига чақириб:
— Ҳув анави ўтовда эркам ёлғиз ўтирибди. Ҳалигина олдиларига кирган эдим, сизни йўқлаяптилар. Боринг,— деди.

Ислом атайин овул ташқарисига чиққан бўлиб, нарироқдан айланди, кейин ўша ўтовга бориб кирди. Ўтов ичида Азизадан бошқа ҳеч ким йўқ экан. Чироқ ҳам ёқилмабди. Ўртадаги ўчоққа ёқилган тезак чўғи ҳам ўчай-ўчай деб қолибди. Ним қоронғу. Йўқлаганидан миннатдор бўлган Ислом астагина Азизанинг ёнига келиб чўкди. Гўё унинг қалбидаги барча ғубори кўтарилгандай эди. У Азиза учун ҳар қандай қийинчиликка ҳам тайёр эди. Фақат севгилиси билан бирга бўлса бас, бошқа барча азиятларга чидайди. У Азизасини кечадан бери ҳаммадан рашк қиларди. Ҳозир ҳам ўша рашки туфайли бўлса керак, калласига бирон-бир тузукроқ фикр келмас, севгилиси билан бирга ёнма-ён ўтиргани учунми, бутун аъзойи-бадани дир-дир титрар, бу туйғу, бу асов ҳиссиёт уларни тузукроқ гаплашишга изн бермас эди. Ҳадеганда қиз айтганига кўнавермагач, йигит ёрилди:
— Азиза, мен бугун умримда чекмаган азиятимни чекиб, жон қийноғида ўтирибман. Билмадим, бу қийноқдан халос бўламанми, йўқми? Агар гапимга кўнмасанг, мени суймайдиган бўлсанг, шу бугун ё куёвинг ўлади, ё мен!..— деди.

Бир оздан сўнг ўт сўнди, уй ичига қоронғулик чўкди. Ойнинг нимжон шуъласи ўтов керагаларидан, кигизларнинг тирқишларидан худди дарахтларнинг япроқлари орасидан тушган шуълалар каби у ер-бу ерда ялтираб кўринарди. Ислом бу қоронғуликдан фойдаланиб, нарироқда йиғувлик турган тўшаклар устидан бир- иккита ёстиқ олиб ёнбошига ташладию қизни оғушига тортди. Йигитнинг бу журъатидан, қайноқ бўсаларидан қиз ҳам эриб кетди. Бу асов туйғу йигитнинг ихтиёрини тамоман олиб қўйган, бир сўз деёлмас, ҳамма гапини бўса билан, ҳансираш билан айтаётгандай эди. Улар шу тахлит анча вақт унсиз гаплашишгач, қиз қони жўш уриб, қайтадан йигитни қучиб ўпа бошлади. Хайрлашадиган пайт ҳам етди. Азиза йигитдан: «Куёвлар овулдан кетмагунларича, мен ҳам бу ердан кетмайман»,— деган ваъдасини олди.

Бир оздан сўнг Ислом ўзини босиб ташқарига чиққанда, нарироқда жадал кетиб бораётган одам қорасини кўриб қолди. У одамни илгари кўрмагани учун, ким эканини пайқай олмаса ҳам кийимларидан бугун ўзи билан гаплашиб ўтирган меҳмон йигитлардан бири бўлса керак, деб тусмоллади.

Ислом бу тунги шарпанинг ўз хуфия ишларидан огоҳ бўлганини билди. Билдию парво ҳам қилмади. Қайтанга билгани яхши, деб қўя қолди. У шу тахлит ўтовга кириб келганида, меҳмонлар овқатланиб бўлишган экан. Овқат олиб кирилганида улар Исломни йўқлабдилар, бир-иккита одам юбориб қидиртирибдилар ҳам. Топишолмабди. Барча учун ҳурматли бўлиб кўринган бу йигитнинг овқат тортилиши олдидан йўқ бўлиб қолгани ўтовдагилар учун шубҳали туюлибди. Нима қилиб юрибди у бемаҳалда?

Куёвтўранинг дўстларидан бўлмиш Сулаймон Исломга учириқ қилди:
— Ўқимишли йигитлар бизни тушунади дейсанми? Ҳамма гап қозоқлардан чиқади. Ўқимишли йигитлар шунинг учун бизни ғийбатчи дейишади. Кейин бир- биримизни тушуниша олмай, орқаваротдан ёмонлаганимиз-ёмонлаган. Қай биримиз ҳақмиз — буни ҳеч ким суриштириб ўтирмайди,— деб ёлғондакам қиқир-қиқир кулди. Куёвтўра томондагилар унга хушомад қилиб қўшилишди.

Ислом унинг бу кесатиғига, азбаройи жаҳли чиққанидан, муносиб жавоб ҳам қайтаролмади. Бу кесатиғи Исломга қанчалик айил ботган бўлса, Жақипга ҳам енгил теккани йўқ. У ташқарига чиқиб, ўзининг жўралари билан шивир-шивир гаплашиб кирдию қовоқларини уюб индамай ўтираверди. Унинг бу кайфиятидан бир шумликни бошлаш учун ўтиргани шундоққина билиниб турар эди. Ўртоқлари ҳам шуни пайқаб жимиб қолишди.

Ётадиган маҳал бўлганида меҳмонларнинг ҳаммаси ташқарига чиқишди. Жақип хизматкор йигитни юбориб Ойшани чақиртириб келди. Ойша кириб келганида Жақип зўр-базўр жилмайиб:
— Нима бало, қайинсинглинг мендан ўзини олиб қочаяптими десам, сен ҳам мендан ўзингни тортяпсан шекилли? Қани, берироқ кел-чи!— деб янгасини ёнига ўтиришга таклиф қилди. Ойша ўтираётиб кулди:
— Ҳали бу овул удумига ўрганмай туриб гинахонликка ўтдингми? Нимадан хафа бўлдинг, куёвжон? Бугун сен хафа бўладиган кун эмасди, шекилли?
— Хафа бўлганим рост. Совуқ муносабатда бўлаётганларингдан сўнг мен хафа бўлмай, ким хафа бўлсин. Энди менинг ягона илтимосим шуки, қандай бўлмасин, ҳозир менинг олдимга Азизани олиб келиб учраштирасан. Гап шу!— деди.

Ойша унинг бу терс гапидан ҳайрон бўлди.
— Чироғим-ов, худди эл удумини билмайдиган одамга ўхшаб гапирасан-а. Бу гапни нима деб айтаётибсан? Ўзинг бу ерга қачон келганингни биласанми?
— Биламан, қачон келганимни. Кесатмаёқ қўяқол. Гапнинг индаллосини айтсам, бугун кўнглимга қилдай гап ҳам сиғмайди. Элнинг ирим-сиримини, қозоқларнинг удум-пудумини қўйиб тур. Қайинсинглинг менга яхши қайлиқ бўлса, ана шундагина ярашади менинг бу овулга яхши куёвлигим, билдингми?
—  Нималар деб валдираяпсан ўзинг? Гапларингни ҳазил десам—ҳазилга ўхшамайди, чин десам — чинга?!
— Ҳазил қилаётганим йўқ, жиддий гапираётибман. Агар мени жиндек ҳурмат қилсанг, чақириб кел қайинсинглингни! Бундан бошқа илтимосим йўқ сендан. Гаплашмоқчиман. Агар кўнгли бўлмаса, тўрт томони қибла, кетаверади,— деди.

Ойша унинг бу илтимоси ножўя эканини айтиб, ўзини у ёқ-бу ёққа ташлаб кўрди. Бўлмади. Куёв бўлмиш айтган сўзидан қайтмай, ўжарлик қилиб туриб олди:
— Йўқ, ҳозир келиб, менга дилидаги гапларини айтсин. Шундай қилса, ўзига ҳам яхши бўлади. Мен бир-икки кунгагина келган қўноқман. Ё менинг бу ерга келганимни ёқтирмаётган бўлса, унисини айтсин. Балким унинг кайфиятини бузмай, эртагаёқ қайтиб кетармиз. Кетсак, унга яхши-ку ахир, ўйлаб кўрсин!

Ойша Жақипга гап уқтиролмаслигига кўзи етгач, у билан ади-бади айтишиб ўтиришни беҳуда билиб, агар кўнса, Азизани олиб келиш учун ташқарига чиқиб кетди.
Ташқарида Жақипнинг жўралари бир жойга тўпланиб гурунглашиб туришганида, уларнинг ёнига боядан бери Исломнинг босган қадамини кузатиб, пойлаб юрган Муса келди.
— Азимхоннинг ўғли бу ерда нима қилиб юрганини биласанларми?
— Ҳа, дарвоқе, у нима қилиб юрибди бу ерда?— деб бир-бирларидан сўраб- суриштира бошлади.
Баъзилари Ислом билан Азиза ҳақида узунқулоқдан эшитган гапларини ўртага ташлашди: «Худди шундай, бу гапларда жон бор экан! Рост гап!»
Муса уларнинг ёнида туриб бу ғийбатларнинг нишаби қаёққа оғаётганини  фаҳмлади. Сўнг у:
— Э, бу гаплар ҳали ҳолва. Бугун мен гувоҳ бўлган гаплардан эшитинглар! Ҳаммасини билдим,— деди дабдурустдан. Ҳамма унинг оғзига тикилди. Сўраб-суриштира бошлашди.

Муса билганларининг ҳаммасини тугал айтмади.
— Фурсати келганида бир бошдан айтиб берарман. Бугунги кўрганларим тепа сочимни тикка қилиб юборди. Гапнинг пўскалласини айтадиган бўлсам, ҳалиги Азимхоннинг ўғли — ҳаром!— деди.

Шу гапдан сўнг ҳамма нарса аён бўлди-қолди. Улар Мусанинг сир тутиб айтмаган гапларини ҳар қайсиси ўзларича тахмин қилишиб, тўқиб-бичишди. Баъзи йигитларнинг астойдил жаҳли чиқди. Ҳатто бу гап баъзиларининг нафсониятига текканини, ўзларини зўрға тутиб турганини сезган Муса:
— Мен Жақипга бу гапларнинг баъзиларини шипшиб қўйдим,— деди унга ачинган бўлиб.— Энди нима қилса ҳам ўзи билади.

У гўё ўзининг инсонлик, дўстлик бурчини адо этгандек, гердайиб турар эди.
Бир оздан кейин «кўрпа-тўшак солинди», деган хабар келгач, йигитлар ўтовга қараб юришди.

Ойша Азизанинг олдига бориб, гаплашиб қайтганида, ўтовдагилар ўринга кириб ётиб қолишган эди. Ёлғиз Жақипгина эгни-бошини ечмай, тўшак устида ёнбошлаб, Азизанинг келишини кутарди.
Бир маҳал Ойша кириб:
— Қани, бирпас ташқарига чиқиб турсанг ўрин солардим,— деди.
— Аввало нима жавоб олиб келдинг, шуни айтсанг-чи, мени қийнамай, шунча қийнаганларинг етар энди,— деди Жақип қовоғини уюб.
— Қароғим-ов, «берди»сини айтгунча сабр қилсанг-чи. Мунча шошилмасанг. Сенинг таклифингни эшитиб, қайинсингилгинам: «Элу юртнинг удумини бузсам ҳам майли, борай унинг олдига», деди. Ана, гаплашинглар, ким айбдору ким оппоқ, билинглар-қўйинглар. Тушунарлими? Тушунган бўлсанг, чиқиб тур, ташқарига. Мен кўрпа-тўшак солиб бериб кетаман.

Жаҳип гўё Ойшанинг сўзидан қаноатланган киши бўлиб:
— Шунақа демайсанми? Ҳеч бўлмаса сен бегоналик қилма!— деб ўрнидан турди-ю, ташқарига чиқиб кетди.

Куёвтўра ташқаридан кириб, солиғлик турган ўринга чўзилди, бир оз вақт ўтгандан сўнг, Ойша ичкарига Азизани бошлаб кириб келди. У чимилдиқ сиртида куёвтўра билан нималарнидир шивир-шивир гаплашдию, сўнг чироқни ўчириб, уларни ёлғиз қолдириб чиқиб кетди. Холи қолишгач, Жақип Азизани ёнига таклиф қилди. Келин бўлмиш индамайгина тўшакнинг оёқ томонига келиб ўтирди. Жақип, Азиза ёнимга келиб ётар, деб умид қилган эди, йўқ, ундай бўлмади, қиз миқ этмай ўтираверди. Ниҳоят, қизнинг кўнгли ўзига мойил эмаслигини фаҳмлаб, унга қўрслик қилмоқчи бўлди.

Азиза қайлиғишшг олдига келиб ўтиргани билан, такаббурлиги тутиб, кўнглидаги бор гапни тўкиб солмоқчи бўлиб турганида Жақип бирдан Азизанинг қўлидан шаппа ушладию куч билан ўзига тортди.
— Сен бугун Исломимдан айирди, деб мени ёзғириб ўтирибсан-да, а? Тилинг кесилганми, нимага миқ этмайсан, гапир!— деди.

Бусиз ҳам Азиза бор гапни айтишга шайланиб турган эди, шундай бўлса ҳам бир оз истиҳола қилиб:
— Нима бало, бугун бир нарса бўлганми сизга, ҳаммага заҳрингизни сочасиз! Бу қилиғингиз билан ҳеч нарсага эришолмайсиз, ёш бола эмасман-ку, дўқ- пўписангиздан чўчийдиган!— деди.
— Хўш, қани айт-чи, кимга орқа қиляпсан? Нима, менинг олдимга уришгани келдингми? Гапир кўнглингдаги гапларингни!—деди.
— Менга энди барибир. Бугун чақирдингиз нимаю эртага чақирдингиз нима. Бўлганим шу! Умр бўйи шундоқ ўтаман. Сизни бахтиёр қилолмайман,— деди Азиза ўжарлиги тутиб.

Шундан сўнг Жақип Азиза ҳақида эшитган барча мишмишларнинг ростлигига шубҳаси қолмади. Энди қиз билан очиқчасига гаплашмоқчи бўлди.
— Сенинг барча яхши гапларинг Исломнинг қучоғида қолганга ўхшайди. Буни такаббурлигинг айтиб турибди. Шундоқ экан, нега бу гапларингни отангга айтмадинг? Азимхоннинг боласига орқа қиляпсан-да, а? Нима бу «сенга тегмайман» деганингми? Гапир! Мен сени ҳамма гапини айтиб олсин, деб олдимга чақирдим.
— Нима ҳам дердим, сизга?
— Кўнглингда нима гап бўлса, ҳаммасини айт. Бу — биринчидан. Иккинчидан эса, Исломга кўнгли бормиш, дейишади. Шу гап ростми ё ёлғонми, шуни айт!
— Унақа бўлса эшитиб қўйинг: мен сизни деёлмайман. Кўнгандай бўлиб юрганим эса, анчайин тақдирга тан бериб юрганимдан, қолаверса, ота-онамнинг раъйига бўйсунганимдан… Исломни ёқтириб қолганим рост. Бундан тонмайман. худодан яширмаган сиримни бандасидан нега яширай?— деди.

Жақип Азизанинг барча гапини эшитиб бўлгач, бирпас жимиб, хаёлга толди. Бу қайсар қизни нима қилса бўлади? Унинг фикрича: қилиб юрган номақбул ишларидан уялиш ўрнига Исломга орқа қилиб, у ўргатган гапларни сайраяпти. Уларнинг мақсадлари кўпчиликнинг олдида Жақипни шармандаи шармисор қилиш. «Жақипни Исмоилнинг қизи менсимабди, ўқимишли йигитни ёқтириб қолганмиш»,  деган гапларни элу юртга ошкора қилмоқчи. Исмоил ҳам, Азимхон ҳам кечагина унинг отасига тобе одамлар эди. Бугун эса уларнинг болалари Жақипни мазах қилмоқчи… Бу хўрликка чидаб бўлмайди…

Жақип мана шулар ҳақида ўй сурар эди. Бу қайсар қизнинг попугини босиб қўйиш қўлидан келади, ҳа, қўлидан келади.
У ҳамма гапни айтиб бўлиб жимгина ўтирган Азизанинг қўлидан шартта ушлаб, амр қилди:
— Қани, бу ёққа кел, ёнимга ёт!
Азиза тўсатдан айтилган бу гапни эшитиб, ҳангу манг бўлиб қолди. Жақип эса қиз камзулининг тугмаларини еча бошлади.
— Бугун менга бир эркалик қилмоқчи бўлиб келган экансан. Майли, эркалигингни кўтарганим бўлсин. Ҳечқиси йўқ, биринчи эркалигингни кўтармай бўлармиди? Сени ўзимоқ ечинтираман,— деб қизнинг эгнидаги камзулини ечиб олди.

Камзулини ечиб олаётганида Азиза қаршилик кўрсатмади-ю, аммо унинг ёнига ҳам ётмади. Илгари қандай ўтирган бўлса шундай ўтираверди. Алламаҳал ўтгач, тилга кирди:
— Мен ёнингизга ётмайман. Аввало менинг бояги гапларимга жавоб беринг? Нима дейсиз? Гаплашайлик, деб чақиртирган экансиз. Гаплашсак, гаплашайлик. Мен олдингизга сиз билан бирга ётиш учун эмас, гаплашгали келдим.

Қизнинг гапларини эшитиб, Жақипнинг нафсонияти оғриди, бундан ортиқ хўрликка чидаб бўлмайди. У Азизанинг қўлидан маҳкам ушлаб, жон-жаҳди билан қаттиқ силтади ва кўкрагига муштлаб деди:
— Нималар деяпсан ўзинг? Жуда индамаганга ҳаддингдан ошиб кетяпсанми!

У шундай деб қиз шўрликни бир мушт тушириб йиқитдию тепкилай бошлади.
Умрида бунақа хўрликни, бунақа тепки зарбини тотиб кўрмаган Азиза ўксиб-ўксиб йиғлади. Шу аснода Жақипни жинидан бадтар ёмон кўриб кетди.
— Ўлдирсанг ҳам сенга тегмайман! Сенга хотин бўлгунча, қора ерга кирганим маъқул! Мен сендан жирканаман! Аблаҳ!—деди. Жақип тинимсиз тепкилар, Азиза ўз гапидан қайтмас эди.
— Расво! Мен ҳам сени хотин қиламан деб ўлиб турганим йўқ… Хотин қиламан деб юрганим — сени қиз деб юрганимдан эди. Сенинг қиз эмас, жувон эканлигингни энди билдим. Энди бир тийинга ҳам керагинг йўқ,— деб тағин бир-икки бор тепди-да, сўнг ҳансираб ўрнига чўзилди.

Калтак, тепки зарбидан Азизанинг аъзойи бадани қақшар эди. Ўрнидан базўр турди. Шу алпозда камзули билан чопонини кийиб, ташқарига чиқмоқчи эди, Жақип кийимларини бермади.
— Бор, шундоқ кетавер!
Азиза ташқарига чиққанида, тонг энди ёриша бошлаган, ғир-ғир шабада эсиб турар, ҳаво ажабтовур салқин эди. Ой нурлари хира тортиб, уфққа қараб ёнбошлай бошлабди. Теварак-атроф гўё нафасини ичига ютгандай жимжит. Ҳамма уйқуда, жон-жонворлар уйқуда. Азизанинг дарди аламидан, кўзларидаги аламли ёшларидан ҳеч кимнинг хабари йўқ. У ўтов олдига зўрға чиқдию кўкрагидаги ўксук, аламли ўйлари исканжасидан қадди дол бўлиб, эшик кесакисига суянганча мажолсиз туриб қолди. Овул атрофидаги жимжитлик худди ўлим олдидаги сукунатга ўхшаб кетди.

Юзларида қон қолмаганди, у эшик олдида қимир этмай юм-юм йиғлаб анчагача турди.
Азизанинг бадан-баданидан совуқ ўтиб қалтирай бошлади. Шу пайтгача жон аччиғида юпқа кўйлагидан совуқ ўтганини пайқамаган экан. Шу алфозда биронта ўтовга киришни ўзига эп кўрмади, чунки бу пайтда ҳамма ширин уйқуда эди. Шу зайил тонг оттиришга қарор қилди.

Бунинг боиси шу аҳволда ҳеч кимнинг кўзига кўрингиси келмас, кўз ёшини ҳеч кимга кўрсатишри истамас эди. Бир оздан сўнг йиғидан тўхтаб, ўпкасини босиб олгач, оёқларини -зўрға судраб босиб катта ўтовга кирдию ётиб қолди.

У эрталаб кўзини очган маҳалда, ҳамма уйғонган экан. Баданлари сирқираб оғрир, этлари жунжикиб зўрға кўзини очиб ўтирар эди. Тузукроқ ухлай олмади ҳам. Кўзларини юмса бас, алламабало қўрқинчли тушлар кўриб, уйғонса ваҳима босиб, алаҳсираб… хуллас, ороми бўлмади.

Эрталаб уйғонганида икки бети дувиллаб қизариб, аъзойи-бадани қақшаб, бошлари сирқираб оғрий бошлади. Бошлариии кўтарай деса чоғи келмас, худди ер тортаётгандай гавдасини кўтаролмас эди. У қайта ётди.

Сал вақт ўтиб унинг олдига онаси келди. У қизининг «бошим оғрияпти», деганини эшитдию ранги-рўйига қарамади ҳам.
— Учунган бўлсанг керак-да, болам,— деб тўшак-ўрнини тузатиб солиб қайта ётқизди.
Азиза ростакамига ётиб қолди. Кўзларини юмса бас — қўрқинчли тушлар кўриб алаҳсир, бетўхтов ингранар эди. Отаси Исмоил оқсоқол эса қудалари олиб келган қалин молларидан кўнгли тўлиб, тезроқ тўй бошлаш тараддудида. Қизининг хасталаниб қолганини эшитиб: «Учуниб қолгон бўлса керак, ҳеч нарса қилмас» деб парвойи палак юраверди. Атрофдаги овулларнинг ҳаммасига чопар жўнатиб, тўйга айттирди. Азизанинг дарди жиддий эканлигидан фақат Исломгина бохабар эди. У қизнинг касал бўлиб қолганини эшитгач, олдига кириб ҳол-аҳвол сўраб, чой-пой бериб, кўрпаларини тузатиб қараб турди.

Тўйга бошқа овуллардан келишган хотин-халажу эркаклар қий-чув қилишиб, қимиз ичишиб, эт еб, бир ўтовдан иккинчи ўтовга зув қатнашиб юришар эди. Дўмбирачи йигитларга ўлан айттиришиб, кўнгилларини хушлаб, овозларининг бо- рича бақиришиб, сўзлашиб, бир-бирлари билан ҳазиллашиб кулишар эди. Тўй авжида. Пешин оққанида тўйга келган эркаклар отларига минишиб кўпкари тортишди, кураш тушишди… Шундай қилиб, вақт ўтганини сезишмади ҳам.

Ислом эса, буларнинг барига аралашмади, Азизанинг олдида бўлди.

Кечга яқин одамлар тарқай бошлади. Овулда фақат ёш-яланглар, қизлар, бўз йигитларгина қолишди. Улар ўйин-кулги қилишмоқчи. Бу маҳалда Азизанинг дарди кучайиб, баданининг ҳарорати ошиб, тўхтовсиз алаҳсирай бошлади. Кимларнингдир отларини айтиб чақирадими-ей, бир нарсадан чўчигондай бўладими-ей, кимлардандир ёрдам сўрайдими-ей… Дастлаб унинг дардига аҳамият бермаган қариндошлари, энди астойдил чўчишиб, ёпирилишиб кела бошлашди.

Охири, қуда томондагилар ҳам, куёвжўралар ҳам қизнинг касали жиддий эканлигига ишона бошлашди. Азизанинг касали зўрайгандан зўрайиб борарди. Ёнига кўп одам келиб турганини пайқади шекилли, аввал нималарнидир гапира туриб:
— Ислом… Жонгинам! Кетма, кетиб қолма! Шу ерда бўл! Сен кетсанг қўрқаман,— деди.

Унинг бу гапларидан одамлар ҳайрон бўлиб қолишди. Қалиман эса қизининг бу гапларидан уялиб, одамлар олдида хас-пўшлашга тушди:
— Ислом билан ёшлигида бирга ўқиб, бирга юриб, ўрганиб қолишган-да… ўшани алаҳсираяпти…

Бу гапдан сўнг куёвжўралар орасида турган Муса ёнгинасида турган Сулаймоннинг биқинига маъноли туртди.
Ислом ҳам шу ерда эди. Азизанинг гапидан у уялгани йўқ, қайтанга ич-ичидан суюнди, унинг ёнига ўтириб, таскин бера бошлади.

Азиза бошқаларнинг гапларига жавоб қилмаса ҳам Исломнинг сўрокларига тўғри жавоб беришга ҳаракат қилди. Шундан сўнг унинг бошида тургон қўноқлар аста ташқарига чиқиб кетишди.

Азизанинг олдида Қалиману Исломгина қолишди… Куёвжўралар ташқарида қизнинг ҳалиги сўзининг маъносини ўзларича йўрий бошлашди. Улар кечаси Жақип билан келин бўлмишнинг орасида содир бўлган воқеаларни кубвтўрадан эшитишган эди. Куёвтўра:
— Сал эси кирди-чиқдироққа ўхшайди. Биронтаси бошини айлантириб қўйган кўринади. Бу Исломнинг иши бўлса керак,— деди.
Азизанинг алаҳсираб: «Ислом, Ислом» деяётгани ҳам шундан эмасмикан?

Куёвжўралар ҳам бу тахминга қўшилишди: «Шунақа бўлса керагов! Бўлмаса ажабтовур қиз эди-ку! Нега бирпасда айниди-қолди?»— деб ажабланишди.

Охири йигитларнинг бошларини қотираётган муаммони Мусанинг ўзи айтиб бердй. У Исломнинг барча кирдикорларини изоҳлаб:
— Бошқаси билан ишим йўғу, аммо мен кеча сенларга бир сирни айтмаган эдим. Бунинг устига тағин бир гапни эшитган эдим, шуни ҳам айтиб берай,— деди, Йигитлар унинг атрофини ўраб олиб, қулоқларини динг қилишди.— Кеча кечқурун Ислом билан Азиза ҳув анави қора ўтовда холи ўтиришди. Бизнинг олдимиздан чиқиб йўқ бўлиб кетганида ўшаёқда ўтирган эди. Мен ўтов сиртида пойлаб ўтириб ҳамма гапларини эшитдим. Гапининг мазмуни шу бўлдики, «агар менинг гапимга кирмасанг, ё мен ўламан, ё сен ўласан, ё эса куёвинг!» деди. Шундан сўнг индамай қолишди. Бу — бирми? Иккинчидан, боя эҳтиётсизлик қилиб бир гапни айтиб юборганини ўзи ҳам пайқамай қолди. «Ҳар қанақа қизга тамакининг ичига дори солиб бир чектирсам, орқамдан ўзи эргашадиган бўлади!»— деди. Ўша айтгани бош айлантирадиган дори эмасмикан? Шунга қараганда, дори бериб, қиз шўрликнинг бошини айлантириб қўймадимикин, дейман-да?!

Куёвжўралар, худди бир ҳақиқатнинг тагига етгандай чувиллашди: «Э, бўлди, бўлди! Худди шунинг ўзгинаси! Бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Шу вақтгача у расвони ёнига ҳам йўлатмаган қиз бугун куёви келганда нега бунчалик ёввойи бўлди-қолди десак, гап бу ёқда экан-да!»,— деб ғовур кўтаришди.

Бу гаплар ўша заҳотиёқ овулдагиларга тарқади. Куёвлар билан қудаларнинг қулоғига: «қиз куёвни менсимади», дегандан кўра мантиқлироқ ва жўялироқ бўлиб эшитилди. Шунинг учун бу гапни ҳаммадан илгари қудаларнинг ўзлари элга овоза қила бошлашди.

Ғийбат гапнинг қаноти бўлади, дейишади. Исломнинг ҳам қулоғига чалинди. Бироқ у бунга қарши бирон-бир чора тополмади. Чора кўришнинг мавридими ҳозир? Бу ёқда Азизаси касал бўлиб ётган бўлса!

Шу тахлит орадан икки кун ўтди. Азизанинг дарди тобора оғирлашиб борарди. Нафас олиши қийинлашиб, гавдасини ҳам кўтаролмай қолди, чой ичиши ҳам қийинлашди. Тўй куни бошланган олди-қочди ғийбат ҳозир ҳам авжида, Исмоил оқсоқолнинг овулидан чиқиб, ўзга элларга ҳам тарқай бошлади. Қалиман гарчи бу гапларнинг ростлигидан шубҳа қилса ҳам, Исломни Азизанинг олдида кўрса, жаҳли чиқадиган бўлди. Нафақат Қалиман, ҳатто овулдаги бошқа одамлар ҳам Исломдан шубҳалана бошлагач, у Азиза билан хайрлашиб элига жўнаб кетди. Ислом кетгандан сўнг Азизанинг дарди бадтар оғирлаша борди. Охири одам танимайдиган аҳволга келиб қолди. Қариндош-уруғлари ундан умидларини уза бошлади. Хуллас бир куни, кечқурун Қалиман билан қудаси қизининг бошида кузатиб ўтирган эди, бирдан Азизанинг мазаси қочиб, узилиб бораётганини пайқаб қолишди. Улар қўрқиб кетишиб, дарҳол эркакларни чақиришди. Кўпчилик тўпланишиб, унга мунгли тикилишиб турганларида, Азиза астагина кўзларини очди. Кўз қароқларида нур йўқ эди.

Қалиман умидини узиб, юраклари эзилиб юм-юм йиғлаб, қизининг устига энгашди.
— Чироққинам, сенга нима бўлди? Қандай бало ёпишди сенга? Қўрқитиб юбординг-ку бизни,— деди.— Ислом бирон нарса қилдими? Ростини айт, болам.
Исломнинг номини эшитганида қизнинг юзларига сал қон югургандай бўлдию, оҳистагина «Ислом… Ислом…» деди.

Ўтирганлар бир-бирларига маъноли қарашиб қўйишди. Ўша куни тонг палласида қариндош-уруғлар орасида Азиза узилди. То узилганига қадар унинг юзларини қизиллик тарк этмаган эди, энди эса оқариб, аллақандай совуқ тус ола бошлади.

Шундай қилиб, Азиза қариндошлари наздида қандайдир жумбоқ сабаб билан бу ёруғ дунёдан кетди.

Эрталаб ёшгина қизнинг бевақт ўлимидан ҳамма хабар топди. Бу шум хабар Исломнинг ҳам қулоғига бориб етди. Одамлар орасида: «Азиза вафот этибди», деган шум хабар билан бирга «уни Азимхоннинг ўғли сеҳр-жоду билан ўлдирибди», деган совуқ хабар ҳам бирга овоза бўлди. Эртасига овул ташқарисидаги ота-боболари ётган қабристонга Азизани олиб бориб қўйиб келишди.

Қудалару куёвжўралар бир-икки кун йиғи-сиғи қилишиб, Азизани йўқлаб туришди-ю, овулларига қайтиб кетишди.

Азиза тириклигида Ислом ҳақидаги бўлмағур мишмишлар овул орасидан нарига чиқмаган эди. Энди эса, бу ғийбат гап болалаб ҳаммаёққа, ҳатто, узоқ-узоқ овулларга бориб етди. Нодон одамлар наздида ҳамма бало эл орасида биттагина карж феълли, ўқимишли боланинг эмин-эркин, шубҳали юришида эди. Бу ҳам майли, йиқилган устига тепган дегандай қуда томондагилар ўша ёқдаги бир посёлкада яшовчи қандайдир ўрис кампирга фол очдирибди. У Жақипга: «Қайлиғинг сеҳр-жоду билан ўлибди, бир соч қўйган чиройли йигит унинг бошига етибди», деганмиш. Бу хабарни ҳам Жақипнинг овулидагилар оқизмай-томизмай Исмоил оқсоқолнинг овулига етказибди.

Одамларга бу гапларнинг ҳаммаси тўғри, айни ҳақиқат бўлиб эшитилар эди. Ислом бу ғийбатларга қаршилик кўрсатолмайдиган, бўшанг бир йигит бўлиб чиқди. Қўлидан ҳеч нарса келмади. Бунинг устига Азизанинг ўлими дард устига чипқон бўлди. Уйида муккасидан тушиб йиғлайдиган одат чиқарди. Лекин уни бошқалар бу ёқда турсин, ўз ота-оналари ҳам тушунишмади. Ўғлининг ўзини тутишини кўриб: «Одамларнинг гаплари тўғри бўлса-я», деган гумонга боришди. Ислом ўз уйига ҳам бегона бўла бошлади. Буни сезган Азимхон, бордию бу ғийбатомуз мишмишлар эл орасида болалаб кетса, оқибати ёмон бўлишини пайқаб, олдини олишга бел боғлади. У элидаги казо-казоларни ёнига олиб, Исмоил оқсоқолникига борди, илгариги яқинлигини ўртага солиб, бир-бирларини тушунишиб қайтишди. Азимхон борганида, Қалиман қизини йўқлаб йиғи кўтарди:
— Ислом юзи қоранинг башараси қурсин. Азизам унга бегона эмасди-ку, ахир! Нега қизгинамнинг жонига қасд қилди?— деб барча гинасини тўкиб солди. Онаизорнинг бу аччиқ гинасини эшитиб қайтган Азимхон икки гапнинг бирида ўғлига кесатадиган, унга зарда қиладиган бўлиб қолди.

Хулласи, Ислом овули бу ёқда турсин, ўз уйига ҳам сиғмай, ҳамма ундан худди ҳаром таомдан жиркангандек жирканадиган бўлиб қолди.

Кунларнинг бирида Ислом сал оғир хаёллардан нарироқ бўлиш ниятида узоқ бир қариндошиникига борган эди, ўша овулнинг улкан кампири уни олдига чақириб олиб:
— Чироғим, тўғри сўзнинг тўғаноғи йўқ, дейишади. Сенга бир гап айтмоқчиман, айбга буюрма. Ўтган йили туширган келиним ўртоғинг Жумақонни менсимай, аллаким билан шивир-шивир гаплашиб юрганмиш. Мен буни сезиб юрибман. Бир куни бизларни шармандаи шармисор қилиб кетмаса деб қўрқаман. Ўшанга, халиги одамлар гапириб юрган эмингдан қилиб тузатиб бергин. Худо хайрингни берсин…— деди.

Ислом азбаройи жаҳли чиққанидан нима деб жавоб қилишини билмай қолди:
— Кўп бошни қотирманг, кампир!— деди-ю, бу ердан жўнаб кетди.
Кампир унинг бу муомаласини тушунмаса ҳам, бу болада бир гап борлигига  имон келтириб, анқайганча қолаверди.

Ислом овулига қайтиб келгач, атрофда уни тушунадиган ҳеч ким қолмаганига, энди овулда туриш дўзахда яшаш билан баравар эканлигига кўзи етиб, бу ердан кетишга қарор қилди. Бир неча кун илгари элини соғиниб, қанчалик шошилиб келган бўлса, энди бу ердан — одамларнинг назаридан шунчалик тезроқ қочишга бел боғлади. Қарорини отасига билдирди, уни тушунадиган якка-ёлғиз онажонига айтиб, у билан қучоқлашиб хайрлашди. Ёнига бир извошчи олиб, қўш отда шаҳарга отланиб кетди.

Чошгоҳда овулдан отланган йўловчилар гарчи тескари бўлса ҳам Исломнинг қистови билан Исмоил оқсоқолнинг овулига олиб борадиган йўлга бурилиб, пешин оққан маҳалда етиб келишди.

Саратоннинг жазирама кунларидан бири. Йўловчилар кун обдон қизиган маҳалда овулга етиб келишди. Ислом извошни тўхтатмай, от бошини овул сиртидаги тўрт қулоқ томли қабристонга қараб бурди.

Ҳароратнинг зўридан далаю даштдаги ўт-ўланлар қовжираб қолган, еру кўк ҳансирар эди. Ўт-ўланлари сарғиш тортган далаларда уюлган ғарамлар саратон иссиғининг тафтидан мунғайиб турар, қандайдир мунгли куйни эсга солаётгандай  йўловчиларнинг юрак-бағирларини эзарди. Саратон жазирамасида, бу кимсасиз даштда ҳароратдан куйиб, ёлғизсираб турган қабрларга гўё бу бийдай дала ўзининг мунгли муҳрини босгандай эди. Ислом извошдан тушдию, шеригига ҳам қарамасдан қабристон ҳовлисига кирди.

Уч-тўртта эски қабр сарғайиб, тупроқлари оқариб турарди. Азизани ўша қабрларнинг оёқ томонига қўйишган экан… Яқиндагина кавланган қабр тупроғи ҳали янги. Қабрнинг бош томонига қандайдир сур тош қадалибди. Унинг ёнгинасида кўҳнароқ, саҳифалари йиртилган Қуръон.

У қабристон дарвозасидан кириши билан Азизанинг қабри ёнига бориб ўтирди. Қуръонга кўзи тушди. Танигандай бўлди. Исмоил оқсоқолнинг овулидаги мактабда Азиза билан ўқиб юрганларида қизнинг қўлида кўрган қизил муқовали Қуръон мана шу эди. Ўзиям обдон эскириб, саҳифалари титилиб кетибди. Қуръонни кўрганда Исломнинг эсига қиз билан бирга бўлган табаррук онлари жонлагандай бўлди. У оҳистагина Қуръонни қўлига олиб, эҳтиётлик билан варақлаган эди, саҳифаларининг бир-иккита жойида: «Ислом, Ислом…» деган ёзувга кўзи тушиб, қўзларидан ёш тирқираб кетди. Сўнг ўша саҳифани лабларига босди-ю, ҳўнграб йиғлаб юборди.

У шу алфозда анча вақтгача қабрни қучиб ётиб, қалбидаги ғубори сал тарқагач, базўр ўрнидан турди. Хаёлан Азизаси билан видолашди, қабр ёнида ўсган нимжонгина гиёҳнинг япроғини узиб олиб, қайта-қайта искади. У қабристондан чиққанда, йиғлайвериб, икки кўзи қизариб, шишиб кетган, обдон мажоли қуриган эди. У зўрға келиб извошга минди…

1923 йил

077

28 sentyabr — Atoqli qozoq yozuvchisi Muxtor Avezov tavallud topgan kun

   Muxtor Avezov — buyuk va ko’pqirrali shaxsdir. U — qozoq milliy adabiyotining jahon adabiyoti darajasiga ko’targan yozuvchi. Mazkur adabiyotda epik nasrga va dramaturgiyaga asos solgan, yigirmanchi asr qozoq adabiyoti va boshqa ko’pgina adabiyotlarning shakllanishi va rivojiga katta hissa qo’shgan nazariyotchi va tanqidchi. Va nihoyat, murakkab va fojialarga to’la yigirmanchi asr ziyolilar boshiga tushgan hamma kulfatlarini tatib ko’rgan bir inson edi. Bular — Muxtor Avezov shaxsining asosiy qirralari.
Muxtor Avezov o’z xalqi bilan bir qatorda dunyodagi ko’pgina madaniy xalqlarning ma’naviyatini ham to’la egallashga intilgan va shunga erishgan shaxs edi. Yozuvchi Avezovning shakllanishi uning Sharq ma’naviyati durdonalari bilan tanishuvdan, shu jumladan — Buxoro va Samarqand taratgan ma’rifat nurlaridan bahramandlikdan boshlanadi. U O’rta Osiyo xalqlari adabiyotida yigirmanchi asrda yuzaga kelgan ilk yutuqlarning ixlosmandi edi. Aveeovning, masalan, Abdulla Qodiriyga munosabati, uning O’rta Osiyo xalqlari romanchiligiii boshlab beruvchi sifatida tan olgani ham o’ta ibratli hodisadir.

Shu keng va chuqur madaniy qamrov Muxtor Avezovga ijod yo’lini tez topib olishga yordam berdi. Natijada Aveeov O’rta Osiyo xalqlari adabiyotida romanchilikning yangi turini — epik nasrni birinchi bo’lib yaratdi.

Jahon adabiyotida eng faxrli o’rinlaridan birini egallagan «Abay» va «Abay yo’li» epopeyasini yaratish jarayoni haqida Aveeov tomonidan aytilgan ko’p fikrlar orasida bu satrlarning muallifi bilan suhbatda bildirilgan bir mulohaza ham mazmuni, ham shakli jihatidai juda maroqlidir. Muxtor Umarxonovich shunday degan edi: «Tarix go’yo katta yo’ldan o’tgan bir karvon. Bu karvon o’e yo’lidagi manzillardan birida to’xtab, gulxan yoqqan. Karvon ketgach gulxan qolgan, gulxan o’chib, kul bo’lgan. Kul sovib, uning tagidagi bittagina cho’g’ bizning kunlarimizgacha o’chmagan. Ana endi zpopeya yaratmoqchi bo’lgan adibning vazifasi kul ostidagi shu cho’g’ni topish, uni puflab, o’t yoqib, karvon shu yerda manzil topganida qanday gulxan porlagan bo’lsa, o’sha gulxanni qaytadan tiklashdir».

«Abay» va «Abay yo’li» zpopeyasida Muxtor Avezov katta iste’dod va behad g’ayrat talab ztadigan og’ir vazifani uddasidan chiqa oldi. Natijada faqat mazmuni bilangina zmas, balki o’zining zstetik jozibasi bilan har bir adabiyot muxlisini maftun ztadigan va hayratga soladigan asar maydonga keldi…

Abdulla Qodiriyni katta hurmat bilan esga olar ekan, Muxtor Umarxonovich biz bilan suhbatda bunday degan edi: «Yer yuzi tarixida «geologik davr» deb ataladigan davrlar bo’ladi. Bunday mahalda tabiat tamom o’egarib ketadi. Masalan, bizning O’rta Osiyo hududini bir zamonlar dengiz egallagan. Dengiz «ketgan», sahro qolgan, sahroda yangi tabiat manzarasi yuzaga kelgan, daryolar oqqan, daraxtlar ko’kargan, obod qishloq va shaharlar bunyod ztilgan. Bunday manzaraning avvalgi dengiz manzarasiga sira o’xshashligi yo’q, albatta. Abdulla Qodiriy ijodi O’rta Osiyo xalqlari madaniyatida mana shunday «geologik davr», bu buyuk talantdan so’ng adabiyotlarimizning qiyofasi va vositalari tamom o’zgardi. Qodiriydan so’ng avvalgicha yozish mumkin emas»
Menimcha, Muxtor Avezov haqida ham, ayniqsa tarixiy janr to’g’risida gap borganda, xuddi shu so’zlarni takrorlash mumkin. Qodiriy va Avezov bizning estetik andozalarimiz va hakamlarimizdir ( Izzat Sultonning  «Ulkan adib saboqlari» nomli maqolasidan).

MUXTOR OG’A
Nosir Fozilov
011

Donosiz, faylasufsiz, Muxtor og’a,
Shuning uchun barcha Sizni maqtar og’a!

Tileubergen Jumamurotov

Bundan yuz yil muqaddam bepoyon qozoq zaminining Chingiz tog’i etaklarida atoqli yozuvchi, alloma, zukko jamoat arbobi Muxtor og’a Avezov tavallud topdi. Chingiz tog’ vohasi Qozog’istonning Shamay (Semipalatinsk) viloyatiga qarashli tabiati go’zal, bahavo, jannatmakon bir maskandir. Buyuk Abay ham shu joyda dunyoga kelgan.

Ma’lumki, Abay — o’z zamonasining ulkan va rostgo’y kuychisi. Muxtor og’a ham davrning yetuk yozuvchisi. Har ikkalasining ham tavallud topgan joyi bilan ta’lim va tarbiya olgan muhitida qandaydir o’xshashliklar bor: Chingiz tog’ yonbag’irlari, To’biqti urug’i… Dastlab ovul maktablarida saboq olishlariyu keyinchalik Shamaydagi rus seminariyasida tahsil ko’rishlari…

Ulkan rus yozuvchisi, dramaturgi Nikolay Pogodin Og’a haqidagi bir gapida: «Avezov Qozog’iston uchun ikkinchi Abaydir…» — deganida mana shu omillarni nazarda tutgan bo’lsa ajab emas.

Ha, u kishi haqiqatan ham ulug’ yozuvchi zdi. Olmaotadagi «Jazushi» nashriyotida chop etilgan yigirma jildlik adabiy- badiiy merosining o’ziyoq u kishining qanchalik ulkan adib, sermahsul yozuvchi ekanini ko’rsatib turibdi.

Muxtor og’a haqiqatan ham zukko jamoat arbobi, alloma adib, suhbati jonon inson edi. U kishi haqida gap ketganida mening ko’z oldimga, avvalo, og’aning nuroniy siymosi keladi. Men Muxtor og’ani birinchi marta 1958 yilda Toshkentda Osiyo va Afrika yozuvchilarining konferentsiyasida ko’rganman. Bu ulkan anjumanning yuksak minbaridan u kishining sermazmun ma’ruzasini eshitganman.

Ikkinchi bor 1959 yili Moskvada o’zbek adabiyoti va san’ati o’n kunligi paytida ko’rganman. Og’a Kolonnalar zalida, dekadaning ochilish marosimida ishtirok etib, nutq so’zladi. Keyingi kunlari esa, Yozuvchilar uyushmasida o’zbek yozuvchilarining asarlari muhokamasida ishtirok etdi. U kishi bilan shundoqqina yonma-yon o’tirdik. Meni qoyil qoldirgan narsa shu bo’ldiki, Muxtor og’a o’zbek yozuvchilarining asarlarini shundoq o’zbek tilida, tarjimasiz o’qirkanlar. O’shanda u kishi o’zbek adabiyotining ulkan do’sti ekanini, yutuqlarimizdan astoydil quvonishini, nuqsonlarimizdan esa kuyunishini bahslaridan, do’stona maslahatlaridan his qilib turdim. Esimda bor, so’zga chiqqan moskvalik o’rtoqlar ba’zi asarlarimiz haqida sal biryoqlama fikrlarni aytgan edilar. Muxtor og’a esa, yozuvchilari- mizning yonini oldilar. Aniqrog’i — Pirim- qul Qodirovning «O’ch ildiz» romaniga nisbatan nasrnavis adiba Karavaeva biryoq- lamaroq fikr bildirganida, Muxtor og’a unga birinchi bo’lib e’tiroz bildirdilar va o’z e’tirozlarini ishonarli qilib, isbotlab berdilar.

Muhokama oxirida Muxtor og’a qanday yozish va kimga ergashishni bilmay yurgan ba’zi yozuvchilarimizga taassuf bildirib: «Men hayronman, ba’zi o’zbek yozuvchilari ustoz qidirib uzoqqa chopadi. Vaholanki, ustozlari o’zlarida turibdi. Bu — Abdulla Qodiriy, bu — Oybek, bu — Abdulla Qahhor. Men bu mo»tabar adiblarni ustoz deyishga or qilmagan bo’lur edim. Abdulla Qodiriy mening haqiqiy ustozim bo’ladilar», dedi.

Men Muxtor og’a nega bunday deyaptilar, deb hayron bo’ldim. Yo’q, keyinchalik bilsam, u kishi 1927—29-yillarda Toshkentimizda — O’rta Osiyo Davlat dorilfununida aspirant bo’lgan ekanlar, o’zbek tilini mukammal bilishlari, o’zbek yozuvchilarining asarlarini aslidan o’qib borishlarining sababi shundan ekan. U kishi Abdulla Qodiriyni shaxsan tanir, Oybek domla bilan jonajon do’st ekanlar. Qizig’i shundaki, Oybek domla Muxtor og’ani «muallim» deb atardi, Muxtor og’a ham o’z navbatida Oybek akani «domla» deb hurmat qilardi. Bu ikki buyuk insonning kamtarinligini ko’rib, odamning havasi kelardi.

Shundan keyin ham men Muxtor og’ani goh Toshkentda, goh Olmaotada bir necha bor ko’rib, suhbatlarida bo’ldim.

Muxtor og’ani eslaganda yana mening ko’z oldimga keladigan narsa — uning mashhur «Abay» va «Abay yo’li» deb atalgan romanlaridir. Asarning bosh qahramoni Abay o’z zamonasini kuylash orqali butun qozoq xalqini dunyoga tanitgan bo’lsa, Muxtor og’a ham o’z navbatida hamyurti Abayni kuylab, jahonga mashhur qildi va o’zi ham jahonga mashhur bo’lib ketganini sezmay qoldi. Bu epopeyani kim bilmaydi, kim o’qimagan deysiz?! Adibning bu asari bugungi qozoq adabiyotining chin ma’nodagi yuksak cho’qqisidir. U shunchaki Abay va Qunonboylar o’rtasidagi dov-janjallarni aks ettirgan asargina bo’lib qolmay, XIX asr qozoq zaminini, xalqini va o’sha davr ijtimoiy- siyosiy hayotidagi qarama-qarshiliklarni rostakamiga ko’rsata olgan tom ma’nodagi durdona asardir. Shuning uchun ham mashhur qozoq akademigi Qanish Satpoev bu asarni: «XIX asr qozoq dalasi va ijtimoiy hayotining qomusidir», deganida mutlaqo haq edi.

Ma’lumki, har bir xalqning o’z adabiyoti va madaniyatida faxr bilan tilga oladigan mashhur asarlari bo’ladi. Masalan, frantsuzlar «Genriada», nemislar «Messiada», inglizlar «Yo’qolgan jannat», italyanlar «Ilohiy komediya», greklar «Iliada» va «Odisseya», ruslar «Tinch Don», o’zbeklar «Xamsa»yu «O’tgan kunlar», «Navoiy» romanlari bilan faxrlansalar, shubhasiz, qozoq birodarlarimiz o’zlarining «Abay» romanlari bilan haqli ravishda g’ururlanadilar.

Tabiiyki, Muxtor og’a o’z ijodini kichik janrlardan boshlagan. U dastlab adabiyotga dramaturg sifatida kirib keldi. Og’aning o’ttizga yaqin dramasi sahnaga qo’yilgan. Ayniqsa, uning «Englik va Kebek», «Oy ila Cho’lpon», «Boyvuchcha va to’qol», «Qorako’z», «Olishuv», «Olmazorda», «Chegarada», «Abay» kabi dramalari mashhurdir. Shu bilan birga Muxtor og’a ora-chorada nasriy asarlar ham mashq qilib yurdi. Bu borada uning 20-yillarda yozgan «Bechoralar», «Dasht tasvirlari», «Dasht hikoyalari», «O’qimishli yigit», «Uylanish», «Yetim», «Zo’ravonlik», «Azador go’zal» va 1928 yili Toshkentda yozgan «Ko’kyol» hikoyalari, «Qarash-qarash voqeasi» va nihoyat 1927 yili yozgan «Zolim zamona» (qozoqchasi «Qiyli zamon») qissalari hozir ham mashhurdir.

Modomiki, biz Muxtor og’aning «Zolim zamona» qissasini tilga oldik, 6u asarning ayanchli taqdiri haqida ham bir-ikki og’iz so’z aytib o’tishni o’rinli deb bilamiz.

Ba’zan noshud munaqqid bir asarni chala-chulpa, tushunib-tushunmay o’qib, xom- xatala, biryoqlama fikr aytib, uning keyingi taqdiriga yomon ta’sir ko’rsatadi. Ustoz Abdulla Qahhorning «Sarob» romani ham shu ahvolga tushdi. Buning asorati baayni yozgi shamollashday uzoqqa cho’zilgani, ya’ni o’n sakkiz yil deganda asar zo’rg’a qayta nashr qilingani hammaga ma’lum. «Zolim zamona» qissasi ham shu jihatdan «Sarob» romani bilan taqdirdosh. U 1927 yili Qizil O’rda shahrida kitob holida nashr qilingan edi. Hali aytganimizday, noshud munaqqidlarning noto’g’ri munosabatlari tufayli asar uzok vaqtlargacha qayta nashr etilmadi. Faqat oradan qariyb qirq besh yil o’tgandan keyin u avval rus tilida, qirq sakkiz yildan so’ng esa, qozoq tilida nashr etildi.

Asarning ruscha nashri Muxtor og’aning sodiq shogirdi Chingiz Aytmatovning so’zboshisi bilan chop etildi. Asar g’oyasi chorizm istibdodini qoralashdir. Shunday asarni zararli deyish — chorizm istibdodini ochiqdan-ochiq ma’qullash emasmi axir? Afsus- ki, asarning qayta nashrini muallif ko’rolmay ketdi…

Muxtor og’a o’zbeklardan juda minnatdor edi. Uning «Abay» va «Abay yo’li» romanlari o’z vaqtida o’zbek tiliga tarjima qilindi. Hikoya va qissalari 1960 yilda «Qarash-qarash voqeasi» nomi bilan chop etildi. Men og’aning «Abay» fojiasini o’zbek tiliga o’girganman. Dramani Hamza nomidagi dramatik teatrimizda xalq artisti, Muxtor Avezov nomidagi akademik drama teatrining sobiq bosh rejissyori Ozarbayjon Mambetov mahorat bilan sahnalashtirdi.

Muxtor og’a qoldirgan adabiy meros faqat qozoq xalqining emas, balki umum bashariyatning, barcha turkiyzabon xalqlarning, shu jumladan, o’zbek xalqining ham adabiy va ma’naviy boyligi hisoblanadi. Zotan, yaxshi yozuvchi hamma yaxshi niyatli kishilarga mansubdir.

075

Muxtor AVEZOV
KIM AYBDOR?
Qozoqchadan Nosir Fozilov tarjimasi
011

I

Kun bo’yi butun borliqni qizdirib turgan oftob penshnlikka og’a boshlagan. Jazirama tafti qaytib, kechki shabadaning salqin nafasi ufura boshlagan kez edi.

Tog’ning soyasi ovul ustiga to’nib, tobora quyuqlashib borar, kechki salqin shabada jonga orom bag’ishlardi. Ovuldagi barcha erkagu ayollar tashqarida — hamma o’z ishi bilan ivirsib yurishardi. Qo’ylar yaylovdan qaytib, qo’tonlarga kiritilganidan so’ng, bolalar qiy-chuv qilishib qo’zilarni onalaridan ayirib ola boshlashdi. Ovul chetidagi tepalikdan yilqi uyurlari kishnashib, quduq boshiga chuvirib kela boshladi. O’choq bonshdan ko’tarilgan ko’m-ko’k tutun erinchoqlik bilan osmonga o’rlardi. Bunday paytlarda ovulda baqiriq-chaqiriqlar avjga minardi. Salqin tushgach, uylaridan chiqqan qo’li bo’sh erkaklar quduq boshiga to’plana boshlaydi, u yerda bir- birlariga yangi qo’nish joylarining sero’t, sersuv ekanligini aytishardi.

Quduq atrofiga hamma ovul erkaklari yig’ilsa-da, bugun negadir ovul oqsoqollaridan biri — Ismoil kelmadi. Uning tikkan o’tovi quduqqa eng yaqin joy, boy ovul hisoblanadi. Ovulning otga minari ham, boyi ham o’sha. U quduq atrofida ko’rinmagach, ovul keksalari:
— Bugun Ismoil nega ko’rinmaydi? YO tobi qochib qoldimikan? YO biron yoqqa ketdimikan?— deb surishtira boshlashdi.

Ismoil oqsoqolning nima uchun uyidan chiqmaganini faqat qo’shnisi Beysemboygina bilardi. U atrofdagilarga bilganlarini ayta boshladi. Uning gapiga qaraganda, yaqindagina unashtirilgan qizi Aziza: «Sizlar topgan kuyovga tegmayman», degan emish. Qizining bu gapini bugun eshitib, Ismoil uydagilarini koyiyotgan bo’lsa ajab emas. Quduq atrofidagilar Beysemboyning gapini tinglab bo’lib, har qaysisi o’zi eshitgan gapini o’rtaga tashlay boshlashdi. Ularning ko’pchiligi «zamon ozib, yoshlarning buzila boshlagani»dan nolidilar: «Qizlarning ulg’aygani boshga bitgan balo, deyavering. Ularni tezroq erga berib qutulish kerak!» deyishib, Ismoil oqsoqolga achinishdi, «buzilgan» qizidan nolishdi.

Bu paytda Ismoil oqsoqol xotin bola-chaqasini obdon qovurib so’kib bo’lib, ovul oldidagi tepalikda asabiy o’tirar edi. Kechqurungi g’ira-shira qorong’ulikning yurakni ezuvchi rutubati xuddi Ismoil oqsoqolning dardiga hamdard bo’lganday, busiz ham xafagarchilikdan og’ir tortgan gavdasini bosib-yanchib turardi. Hozir tosh qotgan yuragini qizining nozi firog’i, yig’i-sig’isi yumshatolmas, badtar o’jarligi tutib o’tirar, o’ylab o’yiga yetolmas, xayolida faqat bitta gap aylanar edi:

— Ey tangrim, sendan farzand tilaganimda, boshimga balo yog’dirsin deb tilaganmidim? Tirnoqchalik aqli yo’q bu qizni ota-bobolarimiz arvohini oyoqosti qildirgani berganmiding, ey, xudo! Oshna-og’aynilarimning o’rtasida obro’-e’tiborimni bir pul qilmoqchimisan? Agar mening o’ylagan ishim xato bo’lsa, beraver jazoyimni! Chidamagan nomard! Bu aqlsiz qizning qilmishlarini ko’rib kunda o’lgandan ko’ra bir yo’la o’lib qo’ya qolay!— deb, azbaroyi asabi qo’ziganidan tomirlarida qonlari jo’sh urib, yuragi toshga aylandi-qoldi.

Ovuldagilar qo’ylardan qo’zilarni ayirib bo’lgach, boyagi qiy-chuv bosilib, atrof-tevarak sal tinchiganday bo’ldi. Otlar ham suv ichib bo’lgach, hovuridan tushishdi, odamlar ham uy-uylariga tarqalisha boshladi.

Qorong’i tushgach, Ismoil ham asta o’rnidan turib, uyiga yo’l oldi. Bu payt ovulga ikki suvoriy otlarini yo’rttirib kelar, egar-to’qim, yugan-ayillariga qadalgan kumush naqshlari g’ira-shirada yalt-yult qilib ko’zga tashlanardi.

Ixcham gavdalariga, bashang ust-boshlariga qaraganda, ikkalasi ham yosh yigitga o’xshardi. Ismoil bular kim bo’ldi ekan, qayoqqa kelyapti ekan, deb tikilib turganida haligi suvoriylar otlarining boshlarini Ismoilning katta o’toviga qarab burishdi. Salqin tushgani uchunmi, ularning terlab-pishib ketgan otlari boshlarini silkib jadal yo’rtib kelar edi. Yo’lovchilarning esa ko’ngillari ko’tarinki.

Qo’noqlarni tashqarida Ismoilning katta o’g’li Qosimjon, uch-to’rtta o’rtog’i bilan kutib olib, o’tovga taklif qildi… Sal vaqtdan so’ng hali ham boyagi vajohatidan tushmagan Ismoil oqsoqol kirib keldi.

Kelgan qo’noqlarning biri — qudasi Azimboyning shaharda o’qib yurgan o’g’li Islom ekan. Islom keyingi ikki yil mobaynida shahardagi o’rta maktablarda tahsil olib, eliga qaytib kelgan payti edi. U ota-onasining oldida ikki-uch kun bo’lgach, yaqin qarindoshlarini bir ko’rib kelay, deb yo’lga chiqqan ekan.

Islom istarasi issiq, uzun qora sochli, xuddi qizlarnikiday qaddi-qomati nozikkina, suykamli yigit ekan. Yonidagisi o’z ovulidan, o’rtog’i Jag’ipar degan yigit.

Ismoilning oilasi qo’noqlarni qudasining o’g’li bo’lgani uchun, buning ustiga shahar ko’rgan o’qimishli yigit deb ochiq chiroy bilan kutib olishdi, hurmat-izzat ko’rsatishib to’rga o’tqazishdi.

Islomning kelganidan ayniqsa bu oilaning katta o’g’li Qosimjon xursand bo’ldi. Ular yoshligidan birga o’sgan edilar-da. Hol-ahvol so’rashib, chuldirashdi- qolishdi. Ular bundan to’rt-besh yil oldin bir-birlarini mehmondorchilikka taklif etishib, borish-kelish qilishar, ovulda uch-to’rt kunlab yotib qolishar, juda qadrdonlashib ketishgan edi. Shuning uchun ham Ismoil oqsoqolning oilasi Islom uchun o’z jigarlariday bo’lib ketgan, ular ham Islomni o’z farzandlariday ko’rishar, Qosimjonning onasi Qaliman esa uni o’z o’g’liday ko’rib, hurmatlar edi. Keyingi yillar Islom shaharga o’qishga ketib, bu yaqinlik bir oz sovugan esa-da, ularning hozirgi muomalalaridan, hol-ahvol so’rashishlaridan ilgarigi mehr- oqibat, iliqlik tiklana boshlaganidan darak berardi. Agar bu xonadonda jindek salqinlik bo’lsa — Ismoil oqsoqolning bugungi kayfiyatidan. U azaldan jiddiy odam, bola-chaqa bilan gaplashishni unchalik yoqtiravermaydi. Fe’li shunday. Buning ustiga boyagi dilxiraligi uning ko’nglini yozdirmay tirishib o’tirar edi.

Choy tayyor bo’lganida Qaliman xizmatkor ayolni chaqirib:
— Azizani chaqir, bir o’zi bir chekkada burishib o’tirmay, qo’noqlarga choy quyib berib tursin,— deb tayinladi.

Islom quloqlarini ding qilib, eshik tomondan ko’zlarini uzmay o’tirganida, tashqaridan avval cho’lpining shildir-shildiri eshitildi, so’ng Azizaning o’zi kirib keldi. Egnida qo’sh etak qilib tiktirilgan oq ko’ylak, sirtidan bellari xipcha qora kamzul kiyib olibdi. Boshida uqali taqiya. U kirib kelganda go’yo uy ichi yorishib ketganday bo’ldi. U bilan o’tovga fayz va ko’rk kirib keldi go’yo. Yosh qo’noqlar salom berib, hol-ahvol so’rashganida, Azizaning oppoq yuzlariga qon yugurdi.

Ular ikki yildan beri ko’rishmagan edilar. Islomga Aziza yana ham go’zallashib, yana ham ochilib ketganday, nim qorong’i o’tov ichi uning nurli ruxsoridan charogon bo’lib ketganday tuyuldi. Sal o’tmay xizmatkor ayol olib kirgan choyni oldi-yu, otasining oyoq tomoniga o’tirib, mehmonlarga choy quyib uzata boshladi. Chiroqqa yaqin joyga kelib o’tirgani uchun bo’lsa kerak, boyagi husn-latofati yana ham qulf urib ketdi.

Oradan bir oz vaqt o’tgach, Ismoil oqsoqol ayoliga:
— Bolalarni Qosimjonning uyiga olib boringlar,— deb amr qildi. Uyni yaxshilab yig’ishtiringlar. Yosh-yalanglar erkin o’tirgani ma’qul.

Qaliman kelinini yuborib, uyni saramjon qildirgach, mehmonlarni o’sha yoqqa taklif etishdi. Qo’noqlar Ismoil oqsoqolning tund kayfiyatidan qutulolmay turgan ekanlarmi, taklifdan xushnud bo’lib o’rinlaridan turishdi-yu, tezgina tashqariga chiqishdi.

Qo’noqlar chiqib ketgach, bir-ikkita cho’pon-cho’liqlar ham o’rinlaridan qo’zg’alishdi. Uyda Qaliman bilan Ismoil oqsoqolgina xoli qolishdi. Ismoil oqsoqolning ichiga chiroq yoqsa yorishmasdi. Asablari qaqshab, jahl ustida turgani shundoqqina bilinib turardi. Bir oz xo’mrayib o’tirgach, xotiniga qing’ir qarab gap boshladi:
— Ho’v xotin, agar biron-bir kor-hol yuz bermasin desang, anavi qizingni tiyib ol! Qizingni odamlarga o’xshab tarbiya qilish qo’lingdan kelmasa, nimaga tug’ding? Hamma balo senda! Tarbiya qilolmagansan. Mana, oqibati! —dedi.

Qizining kojligini hazm qilolmay yurgan Qaliman bu achchiq-chuchuk gaplarni eshitib, badtar tutoqib ketdi:
— Menga nimaga zarda qilasiz, otasi? Men Azizani kimning qizidan kam qilib tarbiyalabman? Kimning bolasi mening qizimdan ortiq bo’lib yaralibdi, a? Nega menga yopishasiz! Men ona bo’lsam, siz otasiz-ku. Menga aytgan og’u gaplaringizni o’zingizga ham ayting!— deb yig’lamsiradi.

Ismoil oqsoqol boyvuchchasining qing’iriga olib gapirayotganini ko’rib, badtar tutoqib ketdi:
— Shumi tarbiyalaganing! Bolaga tarbiya bergudek aqling bormi sening, manjalaqi! Sening tarbiyang emasmi, qizingni shu darajaga yetkazgan? Qani ayt-chi, ovulimizda kimning qizi sening qizingchalik buzilibdi? Kimning qizi elu yurt oldida ota-onasini sharmandayu sharmisor qilibdi. Qani, ayt! Topib bergin, bormi, shunaqa qiz? Bu ovulda sendan ahmoq xotin, sening qizingdan ham behayo qiz bormi? Qani ayt, ayt, la’nati!— dedi baqirib. Qaliman ham eridan qolishmadi:
— Sizga nima bo’ldi o’zi, o’z bolangizni o’zingiz shunchalik yomon otliq qilib? Bu gaplarni dushmaningiz ham aytmaydi-ku, axir. Qani, ayting-chi, shu atrofda mening Azizamdaqa dilbar qiz bormi? Xonning qizi, podshoning qizi qanday bo’lsa, mening qizim ham shunday. Uning gunohi nima? «Xotini o’lgan, qari odamga tegmayman», deganimi aybi? Bolam haq! Indamay desam ham qo’ymadingiz-ku. Nima qilay, o’laymi?

Gap shu yerga kelganida Ismoil oqsoqol o’zini tutolmay baqirib yubordi:
— O’chir uningni, megajin! Qizingni shu qilig’i uchun hech ham kechira olmayman! Sen gap tushunarmiding? Xullas, agar qizingga gap uqdirib, to’g’ri yo’lga sololmaydigan bo’lsang, bilib qo’y, javobingni bermasam, otamning arvohi ursin! Mabodo, qizingni ko’ndirolmasang, ko’ndirolmadim degin-da, daf bo’l qiz-pizing bilan! Shu bugun bir yoqli qil, uqdingmi?— deb gapni shartta kesdi-da, Qalimanning gapini ham eshitmay, shartta o’rnidan turib, tashqariga chiqib ketdi.

Ismoil oqsoqolning fe’li Qalimanga ma’lum. U ko’pdan beri bunday qattiq- qurum gap aytmagan edi. Fe’li aynigan ko’rinadi. Ayniqsa, uning «otamning arvohi ursin!» degan gapidan Qalimanning yuragi muzlab ketganday bo’ldi. U o’zini qo’yarga joy topolmay qoldi. O’zi ham qizining fe’lidan kuyinib yurgan edi-yu, erining gapi dard ustiga chipqon bo’lib tushdi. Shu kechasi qizi bilan gaplashib, masalani hal qilishga qaror qildi.

II

Bu mahalda Islom odamlarning uyquga ketishlarini sabrsizlik bilan kutardi. U turli xayollar og’ushida u yonidan-bu yoniga ag’anab, uxlayolmay qiynalardi. Bunaqa paytda, odatda, vaqt juda imillaydi. Xona ichidagi nim qorong’ulik shundoq ham ezilib yotgan yigitni badtar iskanjaga olardi. Shu taxlit bir oz yotgach, u choponini yelkasiga tashlab oyoq uchida asta tashqariga chiqdi. Oydin kecha, jimjit tun, uyquga ketgan ovul va musaffo havo uning siqilgan yuragiga bir oz ora kirganday yengil tortdi. Eshik oldiga chiqdi-yu, mung’ayib turgan oyga tikilib qoldi.

Qo’radagi barcha jonivorlar uyquga ketgan, qo’ylarni kuzatib yotgan hushyor to’batlar ham boshlarini oyoqlari ustiga qo’yib, pinakka ketishgan…

Mung’ayib turgan bu oydin kechada tungi kuzatuvchilar ham qalin guppilariga o’ranib cho’zilib yotishar, ahyon-ahyonda xo’jako’rsinga charchoq va mudroq tovushi bilan «Hoyt!» deb qo’yar, bu tovushga zim-ziyo kecha erinchoqlik bilan aks-sado berar edi.

Islom chiqqan o’tovning o’ng tomondagisi — oy yorug’ida oppoq bo’lib ko’rinib turgani — Oyshalarniki. Bu yerdagilar haliyam yotishmabdi. Tuynugi yopilmagan bo’lsa-da, o’tov keragasidan chiroqning yorug’i shundoqqina ko’rinib turibdi. Islom tashqarida bir oz tin olib turdi-da, ovul odamlari tekis uyquga ketganiga ishonch hosil qilgach, Oyshalarning o’toviga qarab yurdi. U avvalo astagina eshik oldiga kelib, o’tov ustiga yopilgan kigiz tirqishidan ichkariga mo’raladi. Kichkinagina lampa chiroq yonib turardi. Oysha yozig’lik to’shak oldida mudrab o’tirar, Aziza bo’lsa yostiqqa yonboshlab yotardi. Ko’rinishdan turli o’ylar og’ushida obdon charchagan, ko’zlarini bir nuqtaga tikib jimgina xayol surardi. O’tovda bulardan boshqa hech kim yo’q. Islom astagina eshikni ochib, ichkariga kirib keldi. Ayollar hushyor tortishib, u yoq-bu yoqlarini tartibga solishib, o’rinlaridan turib o’tirishdi. Islom asta Azizaning yoniga borib o’tirib, hol-ahvol so’rashganidan so’ng o’rtadagi sovuqlik jindek ko’tarilib, qalblariga iliqlik indi.

Oysha Azizadan ilgari gap boshladi. U hazil-mutoyiba aralash:
— Bizlarni unutib ketdingiz, yigit. Va’dalar shundoqmidi? Shaharda yurib bu yoqlarni esingizdan chiqarib yubordingizmi, deyman?— deb hazil aralash qayinsinglisining ko’nglidagi bor gapni aytib, har ikkalasining tilini bog’lab turgan o’rtadagi hayo pardasini ochib berdi. Sal vaqt o’tmay, Aziza bilan Islom bir-birlaridan tortinmay emin-erkin gaplasha boshlagach, Oysha yonboshiga yostiq qo’yib yotarkan:
— Mendan uyalmayoq qo’yaqolinglar, ko’ngillaringda bor gaplaringni aytib olinglar. Bunaqa qulay fursat endi bo’lavermaydi,— deb quvlik bilan kuldi.

Bu paytda ikki yosh ko’ngillaridagi barcha armonlarini bir-birlariga aytar, bir-birlarining gaplarini jon quloqlari bilan tinglar edilar. Islom ikki yildan beri shaharda ko’rgan-kechirganlarini batafsil gapirdi. Aziza ham hamma gapini aytdi. Ular gaplashgani sayin o’rtadagi gina-kudurat, ayblarning salmog’i Islomning zimmasiga tusha boshladi.

Islom Azizaning nozu karashmalarga yo’g’rilgan mantiqli, dalillarga to’la ginalarini eshitar ekan, unga bo’lgan muhabbati yanada qulf ura boshladi. Qizning o’rinli ginalarini ko’ngliga olmadi ham.
— Azizaxon, xudo haqqi, sening bu gaplaringni eshitib yig’lagim kelib ketayapti. O’zimni zo’rg’a ushlab o’tiribman. Endi meni o’zing ovut. Men senikiman, de!— deb Azizani suymoqchi bo’ldi.

Aziza uning qo’llaridan qo’llarini astagina tortib olib, gap boshladi:
— Islom, ilgarilari men qayoqqa ketsam ham, faqat siz bilan bo’lsam, deb orzu qilardim. Hozir siz bilan gaplashib o’tirganim, o’sha orzularim tufayli. Mening bundan boshqa fikrim bo’lmagan. Afsuski, endi men sizni ovuta olmayman. Men sizni kutgan edim. Men siz bilan ketishga rozi edim… Endi vaqt o’tdi.
— Nima, endi shafqat qilmaysanmi? Hamma aybimni bo’ynimga olib, oyog’ingga yiqilganimda «endi keraging yo’q» demoqchimisan?
— Yo’q men sizga ket deyolmayman. Biroq ilgarigi davrlar o’tdi, bilib qo’ying, demoqchiman. Boshim bog’liq, endi qimir etishga haddim sig’maydi, demoqchiman. Haligina onam kelib, hamma gapni aytib, dilimni vayron qilib ketdi. Endi menga baribir, «aytganingizga ko’ndim, haydagan tomoningizga yuraveraman», deb va’da berdim. Endi siz ham meni qiynamang.
— Aziza, avvalga va’dalaring puchmidi? O’zgalarga tosh qotgan yuraging menga talay-talay muruvvat ko’rsatmaganmidi? Sizni sevaman, degan gaplaring yolg’onmidi, ayt!— Islom Azizaning ko’zlariga tikildi, uning javobinn kutdi. Qiz yonginasida yonboshlab yotgan Islomning sochlarini mayin qo’llari bilan asta silab o’tirarkan:
— Afsuski, u davrlar qaytib kelmasga ketdi. Endi bu gaplarning foydasi yo’q. Taqdir shu ekan…— dediyu, eshik tomonga tikilib, jim bo’lib qoldi. Islom bu mahalda jimgana mo’ltirab sevgalisining ko’zlariga yolvorgansimon tikilib o’tirar edi. Aziza uning ahvoliga achinish bilan boqib, so’zida davom etdi.— Undan ko’ra, ertaga anavi kuyov bo’lmish kelar ekan… Shu yerda bo’lib, kuyovpochchangazni ko’rib keting.

Qizning pichingga yo’g’rilgan bu gapidan yigatning dili vayron bo’ldi, kuyov degan gapni eshitib, rashki tomirlaridaga qonni jo’shtirib yubordi. Aziza uning ko’ziga yana ham qimmatliroq, yana ham azizroq ko’rinib ketdi.
— Ertaga o’rnimdan turamanu jo’nayman. Kuyoving boshingda qolsin!

Biroq saldan keyin u bu gapidan qaytdi, kuyovlar kelib-ketgunlaricha shu yerda qoladigan bo’ldi. Ilgarilari Aziza bilan kechirgan nash’ali kunlarini qanchalar esiga solmasin, uni o’zi tomonga og’dirishga qanchalar urinmasin, baribir, Islom qo’lidan hech narsa kelmasligaga ko’zi yetdi. Endi ikkalasining ham fikri bir joyda to’xtadi; taqdirning yozig’ini ko’rish kerak! Qani kutaylik-chi, bu dunyoyi falak boshimizga yana qanday savdolarni solarkan?

Otasining bu motamsaro uyida yoshlarning tilaklari ro’yobga chiqmasliga aniq. Kelajak nimalarni siylarkan bularga. Nima bo’lganda ham hozirgi vaziyatdan eson-omon chiqishga ikkalasida ham na imkon bor, na darmon!

Shuning uchun hozircha birining qayg’usiga biri suyanchiq bo’lib, dardkash bo’lib turgani ma’qul. Aziza bo’lajak kuyovga ko’ngli yo’qligini ertaga to’planadigan qarindosh-urug’larga, hatto, kuyov bo’lmishning o’ziga ham oshkor qilmoqchi bo’ldi. Qizning bu qarori Islomga jindek bo’lsa ham umid bag’ishladi. Kuyov kelganida faqat Islom bilan birga yurishga, faqat Islom bilan birga bo’lishga va’da berdi. To qo’l-oyog’i bog’lanib, zo’rlik bilan uzatilmagunicha, qiz Islomni deyishga qasd qildi.

Azizaning seviklisi uchun qiladigan yaxshiliga hozircha shugina. Shunga qaror qilishgach, Islom qizni o’ziga tortib, uning kechadan beri ko’rgan qiynoqlari, azoblari tufayli siniqib qolgan mungli yuzlaridan bo’sa oldi. Bu gal qiz qarshilik bildirmadi. Aksincha, shu paytgacha ko’rib kelgan qiynog’u azoblaridan forig’ bo’lganday sezdi o’zini, so’ng Islomni bag’riga qattiq bosdi…

Islom Oysha yanganing uyidan chiqayotib, tag’in Azizani bag’riga oldi.
— Menga shu kungacha biron-bir muruvvat ko’rsatmading. Ertaga unashtirilganing kelganida o’sha muruvvatingdan umidvorman.
Aziza jimgina kulib, Islomga tikilib turar edi. Yigat qayta-qayta termulib, haligi fikrini takrorlayvergach, Aziza astagana:
— Ko’rarmiz… Erta bo’laversin-chi,— dedi.

Islom sal bo’lsa-da, ko’ngli taskin topib uydan chikdi. Tong yorishay deb qolgan ekan. Oyning yorug’i holsizlanib, ufqqa boshlabdi. Tong yorug’bda yulduzlar ham birin-ketin so’na boshladi. U tashqarida, salqinda bir oz turib hovurini bosgach, ancha o’ziga kelib boya o’zi chiqqan o’tovga sho’ng’idi-yu, o’rtog’ining yoniga kirib cho’zildi.

III

Oqshom salqini ina boshlaganida Ismoil ovuli kuyovlarni kutib ola boshladi. Ot bog’lanadigan qoziqlar allaqachon band bo’lgan. O’choq boshida odamlar gavjum, u yoqdan-bu yoqqa yugurishadi. Islom kuyovlar o’tirgan o’tovda. Endi nima bo’lar ekan, degan tashvish asablarini kemirar, ammo sir bermay, kuyovlar bilan birga choy ichishib o’tirar edi. Allamahaldan so’ng Oysha asta oyoq uchida kirib Islomni imlab chaqirganday bo’ldi. Bir oz o’tgach, u tashqariga chiqdi. Oysha uni kutib turgan ekan, nariroqda turgan o’tov oldiga chaqirib:
— Huv anavi o’tovda erkam yolg’iz o’tiribdi. Haligina oldilariga kirgan edim, sizni yo’qlayaptilar. Boring,— dedi.

Islom atayin ovul tashqarisiga chiqqan bo’lib, nariroqdan aylandi, keyin o’sha o’tovga borib kirdi. O’tov ichida Azizadan boshqa hech kim yo’q ekan. Chiroq ham yoqilmabdi. O’rtadagi o’choqqa yoqilgan tezak cho’g’i ham o’chay-o’chay deb qolibdi. Nim qorong’u. Yo’qlaganidan minnatdor bo’lgan Islom astagina Azizaning yoniga kelib cho’kdi. Go’yo uning qalbidagi barcha g’ubori ko’tarilganday edi. U Aziza uchun har qanday qiyinchilikka ham tayyor edi. Faqat sevgilisi bilan birga bo’lsa bas, boshqa barcha aziyatlarga chidaydi. U Azizasini kechadan beri hammadan rashk qilardi. Hozir ham o’sha rashki tufayli bo’lsa kerak, kallasiga biron-bir tuzukroq fikr kelmas, sevgilisi bilan birga yonma-yon o’tirgani uchunmi, butun a’zoyi-badani dir-dir titrar, bu tuyg’u, bu asov hissiyot ularni tuzukroq gaplashishga izn bermas edi. Hadeganda qiz aytganiga ko’navermagach, yigit yorildi:
— Aziza, men bugun umrimda chekmagan aziyatimni chekib, jon qiynog’ida o’tiribman. Bilmadim, bu qiynoqdan xalos bo’lamanmi, yo’qmi? Agar gapimga ko’nmasang, meni suymaydigan bo’lsang, shu bugun yo kuyoving o’ladi, yo men!..— dedi.

Bir ozdan so’ng o’t so’ndi, uy ichiga qorong’ulik cho’kdi. Oyning nimjon shu’lasi o’tov keragalaridan, kigizlarning tirqishlaridan xuddi daraxtlarning yaproqlari orasidan tushgan shu’lalar kabi u yer-bu yerda yaltirab ko’rinardi. Islom bu qorong’ulikdan foydalanib, nariroqda yig’uvlik turgan to’shaklar ustidan bir- ikkita yostiq olib yonboshiga tashladiyu qizni og’ushiga tortdi. Yigitning bu jur’atidan, qaynoq bo’salaridan qiz ham erib ketdi. Bu asov tuyg’u yigitning ixtiyorini tamoman olib qo’ygan, bir so’z deyolmas, hamma gapini bo’sa bilan, hansirash bilan aytayotganday edi. Ular shu taxlit ancha vaqt unsiz gaplashishgach, qiz qoni jo’sh urib, qaytadan yigitni quchib o’pa boshladi. Xayrlashadigan payt ham yetdi. Aziza yigitdan: «Kuyovlar ovuldan ketmagunlaricha, men ham bu yerdan ketmayman»,— degan va’dasini oldi.

Bir ozdan so’ng Islom o’zini bosib tashqariga chiqqanda, nariroqda jadal ketib borayotgan odam qorasini ko’rib qoldi. U odamni ilgari ko’rmagani uchun, kim ekanini payqay olmasa ham kiyimlaridan bugun o’zi bilan gaplashib o’tirgan mehmon yigitlardan biri bo’lsa kerak, deb tusmolladi.

Islom bu tungi sharpaning o’z xufiya ishlaridan ogoh bo’lganini bildi. Bildiyu parvo ham qilmadi. Qaytanga bilgani yaxshi, deb qo’ya qoldi. U shu taxlit o’tovga kirib kelganida, mehmonlar ovqatlanib bo’lishgan ekan. Ovqat olib kirilganida ular Islomni yo’qlabdilar, bir-ikkita odam yuborib qidirtiribdilar ham. Topisholmabdi. Barcha uchun hurmatli bo’lib ko’ringan bu yigitning ovqat tortilishi oldidan yo’q bo’lib qolgani o’tovdagilar uchun shubhali tuyulibdi. Nima qilib yuribdi u bemahalda?

Kuyovto’raning do’stlaridan bo’lmish Sulaymon Islomga uchiriq qildi:
— O’qimishli yigitlar bizni tushunadi deysanmi? Hamma gap qozoqlardan chiqadi. O’qimishli yigitlar shuning uchun bizni g’iybatchi deyishadi. Keyin bir- birimizni tushunisha olmay, orqavarotdan yomonlaganimiz-yomonlagan. Qay birimiz haqmiz — buni hech kim surishtirib o’tirmaydi,— deb yolg’ondakam qiqir-qiqir kuldi. Kuyovto’ra tomondagilar unga xushomad qilib qo’shilishdi.

Islom uning bu kesatig’iga, azbaroyi jahli chiqqanidan, munosib javob ham qaytarolmadi. Bu kesatig’i Islomga qanchalik ayil botgan bo’lsa, Jaqipga ham yengil tekkani yo’q. U tashqariga chiqib, o’zining jo’ralari bilan shivir-shivir gaplashib kirdiyu qovoqlarini uyub indamay o’tiraverdi. Uning bu kayfiyatidan bir shumlikni boshlash uchun o’tirgani shundoqqina bilinib turar edi. O’rtoqlari ham shuni payqab jimib qolishdi.

Yotadigan mahal bo’lganida mehmonlarning hammasi tashqariga chiqishdi. Jaqip xizmatkor yigitni yuborib Oyshani chaqirtirib keldi. Oysha kirib kelganida Jaqip zo’r-bazo’r jilmayib:
— Nima balo, qayinsingling mendan o’zini olib qochayaptimi desam, sen ham mendan o’zingni tortyapsan shekilli? Qani, beriroq kel-chi!— deb yangasini yoniga o’tirishga taklif qildi. Oysha o’tirayotib kuldi:
— Hali bu ovul udumiga o’rganmay turib ginaxonlikka o’tdingmi? Nimadan xafa bo’lding, kuyovjon? Bugun sen xafa bo’ladigan kun emasdi, shekilli?
— Xafa bo’lganim rost. Sovuq munosabatda bo’layotganlaringdan so’ng men xafa bo’lmay, kim xafa bo’lsin. Endi mening yagona iltimosim shuki, qanday bo’lmasin, hozir mening oldimga Azizani olib kelib uchrashtirasan. Gap shu!— dedi.

Oysha uning bu ters gapidan hayron bo’ldi.
— Chirog’im-ov, xuddi el udumini bilmaydigan odamga o’xshab gapirasan-a. Bu gapni nima deb aytayotibsan? O’zing bu yerga qachon kelganingni bilasanmi?
— Bilaman, qachon kelganimni. Kesatmayoq qo’yaqol. Gapning indallosini aytsam, bugun ko’nglimga qilday gap ham sig’maydi. Elning irim-sirimini, qozoqlarning udum-pudumini qo’yib tur. Qayinsingling menga yaxshi qayliq bo’lsa, ana shundagina yarashadi mening bu ovulga yaxshi kuyovligim, bildingmi?
— Nimalar deb valdirayapsan o’zing? Gaplaringni hazil desam—hazilga o’xshamaydi, chin desam — chinga?!
— Hazil qilayotganim yo’q, jiddiy gapirayotibman. Agar meni jindek hurmat qilsang, chaqirib kel qayinsinglingni! Bundan boshqa iltimosim yo’q sendan. Gaplashmoqchiman. Agar ko’ngli bo’lmasa, to’rt tomoni qibla, ketaveradi,— dedi.

Oysha uning bu iltimosi nojo’ya ekanini aytib, o’zini u yoq-bu yoqqa tashlab ko’rdi. Bo’lmadi. Kuyov bo’lmish aytgan so’zidan qaytmay, o’jarlik qilib turib oldi:
— Yo’q, hozir kelib, menga dilidagi gaplarini aytsin. Shunday qilsa, o’ziga ham yaxshi bo’ladi. Men bir-ikki kungagina kelgan qo’noqman. YO mening bu yerga kelganimni yoqtirmayotgan bo’lsa, unisini aytsin. Balkim uning kayfiyatini buzmay, ertagayoq qaytib ketarmiz. Ketsak, unga yaxshi-ku axir, o’ylab ko’rsin!

Oysha Jaqipga gap uqtirolmasligiga ko’zi yetgach, u bilan adi-badi aytishib o’tirishni behuda bilib, agar ko’nsa, Azizani olib kelish uchun tashqariga chiqib ketdi.
Tashqarida Jaqipning jo’ralari bir joyga to’planib gurunglashib turishganida, ularning yoniga boyadan beri Islomning bosgan qadamini kuzatib, poylab yurgan Musa keldi.
— Azimxonning o’g’li bu yerda nima qilib yurganini bilasanlarmi?
— Ha, darvoqe, u nima qilib yuribdi bu yerda?— deb bir-birlaridan so’rab- surishtira boshladi.
Ba’zilari Islom bilan Aziza haqida uzunquloqdan eshitgan gaplarini o’rtaga tashlashdi: «Xuddi shunday, bu gaplarda jon bor ekan! Rost gap!» Musa ularning yonida turib bu g’iybatlarning nishabi qayoqqa og’ayotganini fahmladi. So’ng u:
— E, bu gaplar hali holva. Bugun men guvoh bo’lgan gaplardan eshitinglar! Hammasini bildim,— dedi dabdurustdan. Hamma uning og’ziga tikildi. So’rab-surishtira boshlashdi.

Musa bilganlarining hammasini tugal aytmadi.
— Fursati kelganida bir boshdan aytib berarman. Bugungi ko’rganlarim tepa sochimni tikka qilib yubordi. Gapning po’skallasini aytadigan bo’lsam, haligi Azimxonning o’g’li — harom!— dedi.

Shu gapdan so’ng hamma narsa ayon bo’ldi-qoldi. Ular Musaning sir tutib aytmagan gaplarini har qaysisi o’zlaricha taxmin qilishib, to’qib-bichishdi. Ba’zi yigitlarning astoydil jahli chiqdi. Hatto bu gap ba’zilarining nafsoniyatiga tekkanini, o’zlarini zo’rg’a tutib turganini sezgan Musa:
— Men Jaqipga bu gaplarning ba’zilarini shipshib qo’ydim,— dedi unga achingan bo’lib.— Endi nima qilsa ham o’zi biladi.

U go’yo o’zining insonlik, do’stlik burchini ado etgandek, gerdayib turar edi.
Bir ozdan keyin «ko’rpa-to’shak solindi», degan xabar kelgach, yigitlar o’tovga qarab yurishdi.

Oysha Azizaning oldiga borib, gaplashib qaytganida, o’tovdagilar o’ringa kirib yotib qolishgan edi. Yolg’iz Jaqipgina egni-boshini yechmay, to’shak ustida yonboshlab, Azizaning kelishini
kutardi.

Bir mahal Oysha kirib:
— Qani, birpas tashqariga chiqib tursang o’rin solardim,— dedi.
— Avvalo nima javob olib kelding, shuni aytsang-chi, meni qiynamay, shuncha qiynaganlaring yetar endi,— dedi Jaqip qovog’ini uyub.
— Qarog’im-ov, «berdi»sini aytguncha sabr qilsang-chi. Muncha shoshilmasang. Sening taklifingni eshitib, qayinsingilginam: «Elu yurtning udumini buzsam ham mayli, boray uning oldiga», dedi. Ana, gaplashinglar, kim aybdoru kim oppoq, bilinglar-qo’yinglar. Tushunarlimi? Tushungan bo’lsang, chiqib tur, tashqariga. Men ko’rpa-to’shak solib berib ketaman.

Jahip go’yo Oyshaning so’zidan qanoatlangan kishi bo’lib:
— Shunaqa demaysanmi? Hech bo’lmasa sen begonalik qilma!— deb o’rnidan turdi-yu, tashqariga chiqib ketdi.

Kuyovto’ra tashqaridan kirib, solig’lik turgan o’ringa cho’zildi, bir oz vaqt o’tgandan so’ng, Oysha ichkariga Azizani boshlab kirib keldi. U chimildiq sirtida kuyovto’ra bilan nimalarnidir shivir-shivir gaplashdiyu, so’ng chiroqni o’chirib, ularni yolg’iz qoldirib chiqib ketdi. Xoli qolishgach, Jaqip Azizani yoniga taklif qildi. Kelin bo’lmish indamaygina to’shakning oyoq tomoniga kelib o’tirdi. Jaqip, Aziza yonimga kelib yotar, deb umid qilgan edi, yo’q, unday bo’lmadi, qiz miq etmay o’tiraverdi. Nihoyat, qizning ko’ngli o’ziga moyil emasligini fahmlab, unga qo’rslik qilmoqchi bo’ldi.

Aziza qaylig’ishshg oldiga kelib o’tirgani bilan, takabburligi tutib, ko’nglidagi bor gapni to’kib solmoqchi bo’lib turganida Jaqip birdan Azizaning qo’lidan shappa ushladiyu kuch bilan o’ziga tortdi.
— Sen bugun Islomimdan ayirdi, deb meni yozg’irib o’tiribsan-da, a? Tiling kesilganmi, nimaga miq etmaysan, gapir!— dedi.

Busiz ham Aziza bor gapni aytishga shaylanib turgan edi, shunday bo’lsa ham bir oz istihola qilib:
— Nima balo, bugun bir narsa bo’lganmi sizga, hammaga zahringizni sochasiz! Bu qilig’ingiz bilan hech narsaga erisholmaysiz, yosh bola emasman-ku, do’q- po’pisangizdan cho’chiydigan!— dedi.
— Xo’sh, qani ayt-chi, kimga orqa qilyapsan? Nima, mening oldimga urishgani keldingmi? Gapir ko’nglingdagi gaplaringni!—dedi.
— Menga endi baribir. Bugun chaqirdingiz nimayu ertaga chaqirdingiz nima. Bo’lganim shu! Umr bo’yi shundoq o’taman. Sizni baxtiyor qilolmayman,— dedi Aziza o’jarligi tutib.

Shundan so’ng Jaqip Aziza haqida eshitgan barcha mishmishlarning rostligiga shubhasi qolmadi. Endi qiz bilan ochiqchasiga gaplashmoqchi bo’ldi.
— Sening barcha yaxshi gaplaring Islomning quchog’ida qolganga o’xshaydi. Buni takabburliging aytib turibdi. Shundoq ekan, nega bu gaplaringni otangga aytmading? Azimxonning bolasiga orqa qilyapsan-da, a? Nima bu «senga tegmayman» deganingmi? Gapir! Men seni hamma gapini aytib olsin, deb oldimga chaqirdim.
— Nima ham derdim, sizga?
— Ko’nglingda nima gap bo’lsa, hammasini ayt. Bu — birinchidan. Ikkinchidan esa, Islomga ko’ngli bormish, deyishadi. Shu gap rostmi yo yolg’onmi, shuni ayt!
— Unaqa bo’lsa eshitib qo’ying: men sizni deyolmayman. Ko’nganday bo’lib yurganim esa, anchayin taqdirga tan berib yurganimdan, qolaversa, ota-onamning ra’yiga bo’ysunganimdan… Islomni yoqtirib qolganim rost. Bundan tonmayman. xudodan yashirmagan sirimni bandasidan nega yashiray?— dedi.

Jaqip Azizaning barcha gapini eshitib bo’lgach, birpas jimib, xayolga toldi. Bu qaysar qizni nima qilsa bo’ladi? Uning fikricha: qilib yurgan nomaqbul ishlaridan uyalish o’rniga Islomga orqa qilib, u o’rgatgan gaplarni sayrayapti. Ularning maqsadlari ko’pchilikning oldida Jaqipni sharmandai sharmisor qilish. «Jaqipni Ismoilning qizi mensimabdi, o’qimishli yigitni yoqtirib qolganmish», degan gaplarni elu yurtga oshkora qilmoqchi. Ismoil ham, Azimxon ham kechagina uning otasiga tobe odamlar edi. Bugun esa ularning bolalari Jaqipni mazax qilmoqchi… Bu xo’rlikka chidab bo’lmaydi…

Jaqip mana shular haqida o’y surar edi. Bu qaysar qizning popugini bosib qo’yish qo’lidan keladi, ha, qo’lidan keladi.
U hamma gapni aytib bo’lib jimgina o’tirgan Azizaning qo’lidan shartta ushlab, amr qildi:
— Qani, bu yoqqa kel, yonimga yot!
Aziza to’satdan aytilgan bu gapni eshitib, hangu mang bo’lib qoldi. Jaqip esa qiz kamzulining tugmalarini yecha boshladi.
— Bugun menga bir erkalik qilmoqchi bo’lib kelgan ekansan. Mayli, erkaligingni ko’targanim bo’lsin. Hechqisi yo’q, birinchi erkaligingni ko’tarmay bo’larmidi? Seni o’zimoq yechintiraman,— deb qizning egnidagi kamzulini yechib oldi.

Kamzulini yechib olayotganida Aziza qarshilik ko’rsatmadi-yu, ammo uning yoniga ham yotmadi. Ilgari qanday o’tirgan bo’lsa shunday o’tiraverdi. Allamahal o’tgach, tilga kirdi:
— Men yoningizga yotmayman. Avvalo mening boyagi gaplarimga javob bering? Nima deysiz? Gaplashaylik, deb chaqirtirgan ekansiz. Gaplashsak, gaplashaylik. Men oldingizga siz bilan birga yotish uchun emas, gaplashgali keldim.

Qizning gaplarini eshitib, Jaqipning nafsoniyati og’ridi, bundan ortiq xo’rlikka chidab bo’lmaydi. U Azizaning qo’lidan mahkam ushlab, jon-jahdi bilan qattiq siltadi va ko’kragiga mushtlab dedi:
— Nimalar deyapsan o’zing? Juda indamaganga haddingdan oshib ketyapsanmi!

U shunday deb qiz sho’rlikni bir musht tushirib yiqitdiyu tepkilay boshladi.
Umrida bunaqa xo’rlikni, bunaqa tepki zarbini totib ko’rmagan Aziza o’ksib-o’ksib yig’ladi. Shu asnoda Jaqipni jinidan badtar yomon ko’rib ketdi.
— O’ldirsang ham senga tegmayman! Senga xotin bo’lguncha, qora yerga kirganim ma’qul! Men sendan jirkanaman! Ablah!—dedi. Jaqip tinimsiz tepkilar, Aziza o’z gapidan qaytmas edi.
— Rasvo! Men ham seni xotin qilaman deb o’lib turganim yo’q… Xotin qilaman deb yurganim — seni qiz deb yurganimdan edi. Sening qiz emas, juvon ekanligingni endi bildim. Endi bir tiyinga ham keraging yo’q,— deb tag’in bir-ikki bor tepdi-da, so’ng hansirab o’rniga cho’zildi.

Kaltak, tepki zarbidan Azizaning a’zoyi badani qaqshar edi. O’rnidan bazo’r turdi. Shu alpozda kamzuli bilan choponini kiyib, tashqariga chiqmoqchi edi, Jaqip kiyimlarini bermadi.
— Bor, shundoq ketaver!
Aziza tashqariga chiqqanida, tong endi yorisha boshlagan, g’ir-g’ir shabada esib turar, havo ajabtovur salqin edi. Oy nurlari xira tortib, ufqqa qarab yonboshlay boshlabdi. Tevarak-atrof go’yo nafasini ichiga yutganday jimjit. Hamma uyquda, jon-jonvorlar uyquda. Azizaning dardi alamidan, ko’zlaridagi alamli yoshlaridan hech kimning xabari yo’q. U o’tov oldiga zo’rg’a chiqdiyu ko’kragidagi o’ksuk, alamli o’ylari iskanjasidan qaddi dol bo’lib, eshik kesakisiga suyangancha majolsiz turib qoldi. Ovul atrofidagi jimjitlik xuddi o’lim oldidagi sukunatga o’xshab ketdi.

Yuzlarida qon qolmagandi, u eshik oldida qimir etmay yum-yum yig’lab anchagacha turdi.
Azizaning badan-badanidan sovuq o’tib qaltiray boshladi. Shu paytgacha jon achchig’ida yupqa ko’ylagidan sovuq o’tganini payqamagan ekan. Shu alfozda bironta o’tovga kirishni o’ziga ep ko’rmadi, chunki bu paytda hamma shirin uyquda edi. Shu zayil tong ottirishga qaror qildi.

Buning boisi shu ahvolda hech kimning ko’ziga ko’ringisi kelmas, ko’z yoshini hech kimga ko’rsatishri istamas edi. Bir ozdan so’ng yig’idan to’xtab, o’pkasini bosib olgach, oyoqlarini -zo’rg’a sudrab bosib katta o’tovga kirdiyu yotib qoldi.

U ertalab ko’zini ochgan mahalda, hamma uyg’ongan ekan. Badanlari sirqirab og’rir, etlari junjikib zo’rg’a ko’zini ochib o’tirar edi. Tuzukroq uxlay olmadi ham. Ko’zlarini yumsa bas, allamabalo qo’rqinchli tushlar ko’rib, uyg’onsa vahima bosib, alahsirab… xullas, oromi bo’lmadi.

Ertalab uyg’onganida ikki beti duvillab qizarib, a’zoyi-badani qaqshab, boshlari sirqirab og’riy boshladi. Boshlariii ko’taray desa chog’i kelmas, xuddi yer tortayotganday gavdasini ko’tarolmas edi. U qayta yotdi.

Sal vaqt o’tib uning oldiga onasi keldi. U qizining «boshim og’riyapti», deganini eshitdiyu rangi-ro’yiga qaramadi ham.
— Uchungan bo’lsang kerak-da, bolam,— deb to’shak-o’rnini tuzatib solib qayta yotqizdi.
Aziza rostakamiga yotib qoldi. Ko’zlarini yumsa bas — qo’rqinchli tushlar ko’rib alahsir, beto’xtov ingranar edi. Otasi Ismoil oqsoqol esa qudalari olib kelgan qalin mollaridan ko’ngli to’lib, tezroq to’y boshlash taraddudida. Qizining xastalanib qolganini eshitib: «Uchunib qolgon bo’lsa kerak, hech narsa qilmas» deb parvoyi palak yuraverdi. Atrofdagi ovullarning hammasiga chopar jo’natib, to’yga ayttirdi. Azizaning dardi jiddiy ekanligidan faqat Islomgina boxabar edi. U qizning kasal bo’lib qolganini eshitgach, oldiga kirib hol-ahvol so’rab, choy-poy berib, ko’rpalarini tuzatib qarab turdi.

To’yga boshqa ovullardan kelishgan xotin-xalaju erkaklar qiy-chuv qilishib, qimiz ichishib, et yeb, bir o’tovdan ikkinchi o’tovga zuv qatnashib yurishar edi. Do’mbirachi yigitlarga o’lan ayttirishib, ko’ngillarini xushlab, ovozlarining bo- richa baqirishib, so’zlashib, bir-birlari bilan hazillashib kulishar edi. To’y avjida. Peshin oqqanida to’yga kelgan erkaklar otlariga minishib ko’pkari tortishdi, kurash tushishdi… Shunday qilib, vaqt o’tganini sezishmadi ham.

Islom esa, bularning bariga aralashmadi, Azizaning oldida bo’ldi.

Kechga yaqin odamlar tarqay boshladi. Ovulda faqat yosh-yalanglar, qizlar, bo’z yigitlargina qolishdi. Ular o’yin-kulgi qilishmoqchi. Bu mahalda Azizaning dardi kuchayib, badanining harorati oshib, to’xtovsiz alahsiray boshladi. Kimlarningdir otlarini aytib chaqiradimi-yey, bir narsadan cho’chigonday bo’ladimi-yey, kimlardandir yordam so’raydimi-yey… Dastlab uning dardiga ahamiyat bermagan qarindoshlari, endi astoydil cho’chishib, yopirilishib kela boshlashdi.

Oxiri, quda tomondagilar ham, kuyovjo’ralar ham qizning kasali jiddiy ekanligiga ishona boshlashdi. Azizaning kasali zo’raygandan zo’rayib borardi. Yoniga ko’p odam kelib turganini payqadi shekilli, avval nimalarnidir gapira turib:
— Islom… Jonginam! Ketma, ketib qolma! Shu yerda bo’l! Sen ketsang qo’rqaman,— dedi.

Uning bu gaplaridan odamlar hayron bo’lib qolishdi. Qaliman esa qizining bu gaplaridan uyalib, odamlar oldida xas-po’shlashga tushdi:
— Islom bilan yoshligida birga o’qib, birga yurib, o’rganib qolishgan-da… o’shani alahsirayapti…

Bu gapdan so’ng kuyovjo’ralar orasida turgan Musa yonginasida turgan Sulaymonning biqiniga ma’noli turtdi.
Islom ham shu yerda edi. Azizaning gapidan u uyalgani yo’q, qaytanga ich-ichidan suyundi, uning yoniga o’tirib, taskin bera boshladi.

Aziza boshqalarning gaplariga javob qilmasa ham Islomning so’roklariga to’g’ri javob berishga harakat qildi. Shundan so’ng uning boshida turgon qo’noqlar asta tashqariga chiqib ketishdi.

Azizaning oldida Qalimanu Islomgina qolishdi… Kuyovjo’ralar tashqarida qizning haligi so’zining ma’nosini o’zlaricha yo’riy boshlashdi. Ular kechasi Jaqip bilan kelin bo’lmishning orasida sodir bo’lgan voqealarni kubvto’radan eshitishgan edi. Kuyovto’ra:
— Sal esi kirdi-chiqdiroqqa o’xshaydi. Birontasi boshini aylantirib qo’ygan ko’rinadi. Bu Islomning ishi bo’lsa kerak,— dedi.
Azizaning alahsirab: «Islom, Islom» deyayotgani ham shundan emasmikan?

Kuyovjo’ralar ham bu taxminga qo’shilishdi: «Shunaqa bo’lsa keragov! Bo’lmasa ajabtovur qiz edi-ku! Nega birpasda aynidi-qoldi?»— deb ajablanishdi.

Oxiri yigitlarning boshlarini qotirayotgan muammoni Musaning o’zi aytib berdy. U Islomning barcha kirdikorlarini izohlab:
— Boshqasi bilan ishim yo’g’u, ammo men kecha senlarga bir sirni aytmagan edim. Buning ustiga tag’in bir gapni eshitgan edim, shuni ham aytib beray,— dedi, Yigitlar uning atrofini o’rab olib, quloqlarini ding qilishdi.— Kecha kechqurun Islom bilan Aziza huv anavi qora o’tovda xoli o’tirishdi. Bizning oldimizdan chiqib yo’q bo’lib ketganida o’shayoqda o’tirgan edi. Men o’tov sirtida poylab o’tirib hamma gaplarini eshitdim. Gapining mazmuni shu bo’ldiki, «agar mening gapimga kirmasang, yo men o’laman, yo sen o’lasan, yo esa kuyoving!» dedi. Shundan so’ng indamay qolishdi. Bu — birmi? Ikkinchidan, boya ehtiyotsizlik qilib bir gapni aytib yuborganini o’zi ham payqamay qoldi. «Har qanaqa qizga tamakining ichiga dori solib bir chektirsam, orqamdan o’zi ergashadigan bo’ladi!»— dedi. O’sha aytgani bosh aylantiradigan dori emasmikan? Shunga qaraganda, dori berib, qiz sho’rlikning boshini aylantirib qo’ymadimikin, deyman-da?!

Kuyovjo’ralar, xuddi bir haqiqatning tagiga yetganday chuvillashdi: «E, bo’ldi, bo’ldi! Xuddi shuning o’zginasi! Bunga shubha qilmasa ham bo’ladi. Shu vaqtgacha u rasvoni yoniga ham yo’latmagan qiz bugun kuyovi kelganda nega bunchalik yovvoyi bo’ldi-qoldi desak, gap bu yoqda ekan-da!»,— deb g’ovur ko’tarishdi.

Bu gaplar o’sha zahotiyoq ovuldagilarga tarqadi. Kuyovlar bilan qudalarning qulog’iga: «qiz kuyovni mensimadi», degandan ko’ra mantiqliroq va jo’yaliroq bo’lib eshitildi. Shuning uchun bu gapni hammadan ilgari qudalarning o’zlari elga ovoza qila boshlashdi.

G’iybat gapning qanoti bo’ladi, deyishadi. Islomning ham qulog’iga chalindi. Biroq u bunga qarshi biron-bir chora topolmadi. Chora ko’rishning mavridimi hozir? Bu yoqda Azizasi kasal bo’lib yotgan bo’lsa!

Shu taxlit oradan ikki kun o’tdi. Azizaning dardi tobora og’irlashib borardi. Nafas olishi qiyinlashib, gavdasini ham ko’tarolmay qoldi, choy ichishi ham qiyinlashdi. To’y kuni boshlangan oldi-qochdi g’iybat hozir ham avjida, Ismoil oqsoqolning ovulidan chiqib, o’zga ellarga ham tarqay boshladi. Qaliman garchi bu gaplarning rostligidan shubha qilsa ham, Islomni Azizaning oldida ko’rsa, jahli chiqadigan bo’ldi. Nafaqat Qaliman, hatto ovuldagi boshqa odamlar ham Islomdan shubhalana boshlagach, u Aziza bilan xayrlashib eliga jo’nab ketdi. Islom ketgandan so’ng Azizaning dardi badtar og’irlasha bordi. Oxiri odam tanimaydigan ahvolga kelib qoldi. Qarindosh-urug’lari undan umidlarini uza boshladi. Xullas bir kuni, kechqurun Qaliman bilan qudasi qizining boshida kuzatib o’tirgan edi, birdan Azizaning mazasi qochib, uzilib borayotganini payqab qolishdi. Ular qo’rqib ketishib, darhol erkaklarni chaqirishdi. Ko’pchilik to’planishib, unga mungli tikilishib turganlarida, Aziza astagina ko’zlarini ochdi. Ko’z qaroqlarida nur yo’q edi.

Qaliman umidini uzib, yuraklari ezilib yum-yum yig’lab, qizining ustiga engashdi.
— Chiroqqinam, senga nima bo’ldi? Qanday balo yopishdi senga? Qo’rqitib yubording-ku bizni,— dedi.— Islom biron narsa qildimi? Rostini ayt, bolam.
Islomning nomini eshitganida qizning yuzlariga sal qon yugurganday bo’ldiyu, ohistagina «Islom… Islom…» dedi.

O’tirganlar bir-birlariga ma’noli qarashib qo’yishdi. O’sha kuni tong pallasida qarindosh-urug’lar orasida Aziza uzildi. To uzilganiga qadar uning yuzlarini qizillik tark etmagan edi, endi esa oqarib, allaqanday sovuq tus ola boshladi.

Shunday qilib, Aziza qarindoshlari nazdida qandaydir jumboq sabab bilan bu yorug’ dunyodan ketdi.

Ertalab yoshgina qizning bevaqt o’limidan hamma xabar topdi. Bu shum xabar Islomning ham qulog’iga borib yetdi. Odamlar orasida: «Aziza vafot etibdi», degan shum xabar bilan birga «uni Azimxonning o’g’li sehr-jodu bilan o’ldiribdi», degan sovuq xabar ham birga ovoza bo’ldi. Ertasiga ovul tashqarisidagi ota-bobolari yotgan qabristonga Azizani olib borib qo’yib kelishdi.

Qudalaru kuyovjo’ralar bir-ikki kun yig’i-sig’i qilishib, Azizani yo’qlab turishdi-yu, ovullariga qaytib ketishdi.

Aziza tirikligida Islom haqidagi bo’lmag’ur mishmishlar ovul orasidan nariga chiqmagan edi. Endi esa, bu g’iybat gap bolalab hammayoqqa, hatto, uzoq-uzoq ovullarga borib yetdi. Nodon odamlar nazdida hamma balo el orasida bittagina karj fe’lli, o’qimishli bolaning emin-erkin, shubhali yurishida edi. Bu ham mayli, yiqilgan ustiga tepgan deganday quda tomondagilar o’sha yoqdagi bir posyolkada yashovchi qandaydir o’ris kampirga fol ochdiribdi. U Jaqipga: «Qaylig’ing sehr-jodu bilan o’libdi, bir soch qo’ygan chiroyli yigit uning boshiga yetibdi», deganmish. Bu xabarni ham Jaqipning ovulidagilar oqizmay-tomizmay Ismoil oqsoqolning ovuliga yetkazibdi.

Odamlarga bu gaplarning hammasi to’g’ri, ayni haqiqat bo’lib eshitilar edi. Islom bu g’iybatlarga qarshilik ko’rsatolmaydigan, bo’shang bir yigit bo’lib chiqdi. Qo’lidan hech narsa kelmadi. Buning ustiga Azizaning o’limi dard ustiga chipqon bo’ldi. Uyida mukkasidan tushib yig’laydigan odat chiqardi. Lekin uni boshqalar bu yoqda tursin, o’z ota-onalari ham tushunishmadi. O’g’lining o’zini tutishini ko’rib: «Odamlarning gaplari to’g’ri bo’lsa-ya», degan gumonga borishdi. Islom o’z uyiga ham begona bo’la boshladi. Buni sezgan Azimxon, bordiyu bu g’iybatomuz mishmishlar el orasida bolalab ketsa, oqibati yomon bo’lishini payqab, oldini olishga bel bog’ladi. U elidagi kazo-kazolarni yoniga olib, Ismoil oqsoqolnikiga bordi, ilgarigi yaqinligini o’rtaga solib, bir-birlarini tushunishib qaytishdi. Azimxon borganida, Qaliman qizini yo’qlab yig’i ko’tardi:
— Islom yuzi qoraning basharasi qursin. Azizam unga begona emasdi-ku, axir! Nega qizginamning joniga qasd qildi?— deb barcha ginasini to’kib soldi. Onaizorning bu achchiq ginasini eshitib qaytgan Azimxon ikki gapning birida o’g’liga kesatadigan, unga zarda qiladigan bo’lib qoldi.

Xullasi, Islom ovuli bu yoqda tursin, o’z uyiga ham sig’may, hamma undan xuddi harom taomdan jirkangandek jirkanadigan bo’lib qoldi.

Kunlarning birida Islom sal og’ir xayollardan nariroq bo’lish niyatida uzoq bir qarindoshinikiga borgan edi, o’sha ovulning ulkan kampiri uni oldiga chaqirib olib:
— Chirog’im, to’g’ri so’zning to’g’anog’i yo’q, deyishadi. Senga bir gap aytmoqchiman, aybga buyurma. O’tgan yili tushirgan kelinim o’rtog’ing Jumaqonni mensimay, allakim bilan shivir-shivir gaplashib yurganmish. Men buni sezib yuribman. Bir kuni bizlarni sharmandai sharmisor qilib ketmasa deb qo’rqaman. O’shanga, xaligi odamlar gapirib yurgan emingdan qilib tuzatib bergin. Xudo xayringni bersin…— dedi.

Islom azbaroyi jahli chiqqanidan nima deb javob qilishini bilmay qoldi:
— Ko’p boshni qotirmang, kampir!— dedi-yu, bu yerdan jo’nab ketdi.
Kampir uning bu muomalasini tushunmasa ham, bu bolada bir gap borligiga imon keltirib, anqaygancha qolaverdi.

Islom ovuliga qaytib kelgach, atrofda uni tushunadigan hech kim qolmaganiga, endi ovulda turish do’zaxda yashash bilan baravar ekanligiga ko’zi yetib, bu yerdan ketishga qaror qildi. Bir necha kun ilgari elini sog’inib, qanchalik shoshilib kelgan bo’lsa, endi bu yerdan — odamlarning nazaridan shunchalik tezroq qochishga bel bog’ladi. Qarorini otasiga bildirdi, uni tushunadigan yakka-yolg’iz onajoniga aytib, u bilan quchoqlashib xayrlashdi. Yoniga bir izvoshchi olib, qo’sh otda shaharga otlanib ketdi.

Choshgohda ovuldan otlangan yo’lovchilar garchi teskari bo’lsa ham Islomning qistovi bilan Ismoil oqsoqolning ovuliga olib boradigan yo’lga burilib, peshin oqqan mahalda yetib kelishdi.

Saratonning jazirama kunlaridan biri. Yo’lovchilar kun obdon qizigan mahalda ovulga yetib kelishdi. Islom izvoshni to’xtatmay, ot boshini ovul sirtidagi to’rt quloq tomli qabristonga qarab burdi.

Haroratning zo’ridan dalayu dashtdagi o’t-o’lanlar qovjirab qolgan, yeru ko’k hansirar edi. O’t-o’lanlari sarg’ish tortgan dalalarda uyulgan g’aramlar saraton issig’ining taftidan mung’ayib turar, qandaydir mungli kuyni esga solayotganday yo’lovchilarning yurak-bag’irlarini ezardi. Saraton jaziramasida, bu kimsasiz dashtda haroratdan kuyib, yolg’izsirab turgan qabrlarga go’yo bu biyday dala o’zining mungli muhrini bosganday edi. Islom izvoshdan tushdiyu, sherigiga ham qaramasdan qabriston hovlisiga kirdi.

Uch-to’rtta eski qabr sarg’ayib, tuproqlari oqarib turardi. Azizani o’sha qabrlarning oyoq tomoniga qo’yishgan ekan… Yaqindagina kavlangan qabr tuprog’i hali yangi. Qabrning bosh tomoniga qandaydir sur tosh qadalibdi. Uning yonginasida ko’hnaroq, sahifalari yirtilgan Qur’on.

U qabriston darvozasidan kirishi bilan Azizaning qabri yoniga borib o’tirdi. Qur’onga ko’zi tushdi. Taniganday bo’ldi. Ismoil oqsoqolning ovulidagi maktabda Aziza bilan o’qib yurganlarida qizning qo’lida ko’rgan qizil muqovali Qur’on mana shu edi. O’ziyam obdon eskirib, sahifalari titilib ketibdi. Qur’onni ko’rganda Islomning esiga qiz bilan birga bo’lgan tabarruk onlari jonlaganday bo’ldi. U ohistagina Qur’onni qo’liga olib, ehtiyotlik bilan varaqlagan edi, sahifalarining bir-ikkita joyida: «Islom, Islom…» degan yozuvga ko’zi tushib, qo’zlaridan yosh tirqirab ketdi. So’ng o’sha sahifani lablariga bosdi-yu, ho’ngrab yig’lab yubordi.

U shu alfozda ancha vaqtgacha qabrni quchib yotib, qalbidagi g’ubori sal tarqagach, bazo’r o’rnidan turdi. Xayolan Azizasi bilan vidolashdi, qabr yonida o’sgan nimjongina giyohning yaprog’ini uzib olib, qayta-qayta iskadi. U qabristondan chiqqanda, yig’layverib, ikki ko’zi qizarib, shishib ketgan, obdon majoli qurigan edi. U zo’rg’a kelib izvoshga mindi…

1923 yil

077

(Tashriflar: umumiy 4 755, bugungi 1)

1 izoh

  1. Otam ,Qozog’istonda safarda bo’lganlarida Muxtor Avezovning asarlaridan savol tushgan .Otam savolga chiroyli javob berganlari uchun arzimasa ham deb Qozoqcha taxta piyola sovg’a qilishgan .Otam sal kam o’ttiz yil shu piyolani asrab keldi .Unga termulganda Muxtor Avezovning nurli siymosini ko’rardi .

Izoh qoldiring