Дунё кенг экан, одамлари турфа экан, умр эса – оқар дарё. Мен билганим шу бўлди, азизлар. Энди ер юзидан у кампирларнинг изи ўчган, ер тагида жисми ҳам қуриб битган. Бор-йўғи ўн йил ичида, демак, ҳаш-паш дегунча… Олдин Сотти шилпиқ оламдан ўтди. Бу жудолик Сорабону билан Мастон кампирни етим қилиб қўйди. Лекин, илож қанча, айюҳаннос солиб қолаверишди. Молнинг ўлимига мол чидайди, одамники бўлакча-да, азизлар.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
ИККИ ҲИКОЯ
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов) — 1955 йили Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида туғилган. Ўрта мактабни 1972 йили тугаллаб, 1972-76 йиллар орасида Тошкент самолётсозлик заводида ишчи, “ТатЭнергоСтрой”га (Русия) қарашли химкомбинат қурилишида электрпайвандчи бўлиб ишлаган. 1976 йили ТошДУнинг (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети) ўзбек филологияси факулътетига ўқишга кириб, 1981 йили аъло баҳолар билан битирган. Меҳнат фаолиятини 1981 йили Сурхондарё вилоятининг ҳозирги Қизириқ туманининг янги ўзлашган чекка бир қишлоғидаги тўлиқсиз ўрта мактабда бир нечта фандан дарс бериш билан бошлаган. Кейинчалик “Ёшлик” журналида муҳаррир, бўлим мудири (1982—1989), “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ходим (1989), “Муштум” журналида масъул котиб (1989—1991), “Мовароуннаҳр” нашриётида бош муҳаррир (1991—1993), “Шарқ юлдузи” журналида бўлим мудири (1993—1999) вазифаларида ишлаган. 1999 йилнинг июлидан “Ҳидоят” журнали Бош муҳаррири, 2010-2014 йиллар «Мовароуннаҳр” нашриёти Бош директори вазифаларида хизмат қилди.
“Йўл бошида”, “Дунё кенг…”, “Шу ерлик киши” ва бошқа бир қатор қисса ва ҳикоялар тўпламлари чоп этилган. “Оқ бино оқшомлари” киносценариси муаллифи. Дунё адабиётидан бир қатор асарларни ўзбек тилига ўгирган.
ДУНЁ КЕНГ…
“Ҳў, бола боқмай балога йўлиққур! Ўзинг тарбия кўрмагансан-да, боланг ҳам бола эмас, бало! Шилпиқлигинг етмаганидай, энди болангга гап ўргатадиган бўлдингми?.. Одамларда инсоф деган савил қолмади, онасидан тортиб боласигача Худо урган-а… Ҳў, “эзма” деган тилингга тирсаккина чиқсин! Шошмай тур ҳали, шундай адабингни бериб қўяйки, эна сутинг оғзингга келсин!..”
Айвонда сузма ялаб ўтирган Мастон кампирнинг хаёлида беихтиёр тунов кунги можаро жонландию бирдан ўрнидан туриб кетди: “Кошки бу биринчи марта бўлса, Худонинг берган куни шундай-я!”
Жини қўзиганиданми ёки ўзига ўзи гапирганданми, бужмайган лаблари тинмай қалтирар эди. У елкасига тушиб қолган чит дуррасини шаҳд билан силкитиб қайта ўради ва кўчага чиқди. Оёғи Сорабонуларникига тортди. “Шилпиқнинг кирдикорларини қўшниларим ҳам билиб қўйсин!”
Сорабону оёқмошинада ўзининг кўйлагидан ортиб қолган қийқим-сийқимлардан неварасига иштонча тикиб ўтирар эди, қўшнисининг бемалол ҳовлига кириб келаётганини кўриб, олдинига энсаси қотди, сўнг бориб хушламайгина кўришди. Сорабонунинг бундайин муомаласида андак кибру ҳаво яширин эканини Мастон хотинларга хос зийраклик билан сезган бўлса-да, бу галча ўзини билмаганга олиб қўяқолди.
– Вой, манави иштончани қаранглар, му-унча чиройли бўлмаса бу! Самаджонга тикяпсизми, Сора ўртоқ? – деди у кўзлари жавдираб. – Жуда-а болажон хотинсиз-да, ўртоқ.
– Ҳа-я. Бир Самаджонгамас, невараларимнинг ҳаммасига ҳам кўйлак-иштонни нуқул ўзим тикиб бераман, – деди Сорабону оғзини тўлдириб. – Энди, булар ҳозирги болаларга бир марта кийишга ярайди, холос. Тез-тез тикиб турмасам…
– Ёш боланинг иши шу – биз тикаверамиз, улар йиртаверади, – дея Мастон қўшнисининг фикрини маъқуллаб қўйди, кейин темирни иссиғида босақолди: – Ҳар нима бўлгандаям, невараларингиз ўзингизга ўхшаб одобли, эсли-ҳушли. Анави Соттихоннинг ғиртмакчаси бирам шумшук бўптики, асти қўйинг. Ўтган-кетганга тинчлик бермайди-я!
Сорабонунинг юзи ёришди: унинг ҳам дилига тугиб қўйганлари бор, ахир! Шу мавзуда гап очилди, яхши бўлди.
– Шуни айтинг, қўшнижон, – деди у Мастоннинг оғзидагини дарҳол илиб олиб. – Қўли қичимай ўлгур, неварагинамни уриб, ҳаммаёғини мўматалоқ қилиб юборибди, қоши-кўзини билиб бўлмайди бечоранинг. Соттихон индамабди, томоша қилиб тураверган-да. Мундоқ ажратиб қўйса, туғи пасайиб қолмасди.
– Кўмирдан оқлик, темирдан юмшоқлик тилама, дердилар отам раҳматли. Соттихон ким бўлибди, ранжийсиз. Тавба, кап-катта хотин-у, қиладиган иши… Сиз билан биз холос: паст-баландини ўйлаб иш қиламиз.
Фикрларининг бир ердан чиқаётгани иккала кампирга ҳам мойдек ёқиб тушди. Сорабону, муҳим сирни ошкор қилмоқчидек, атрофга ўғринча аланглаб, шивирлади:
– У ёғини суриштирсангиз, Соттихон қариб қуюлмаганлардан, бўлмаса, элликдан ўтиб ҳам туғаверадими?
Кампирлар томоқларини килкиллатиб қиқирлашди, кўнгиллари яйради.
Кампирларнинг кўнглини яйратган гап чин эди: Соттихон янги келинчаклигида орқама-кетин кўрган уч қиздан сўнг, узоқ йиллар туғмай қўйган эди, ёши элликка бориб тўсатдан яна ҳомиладор бўлиб қолди. Юриб-юриб ўғил туғди! Соттихоннинг-ку неча йиллик армони ушалди, қишлоқ хотинларига эса, янги эрмак топилди. Ўшандан бери, мана, ўн икки йилдир, бу ғаройиб ҳодиса тафсилоти эл оғзидан тушмайди…
– Ҳазилингиз бор бўлсин-да, Сорахон, – деди Мастон қувлик билан илжайиб. Кўнглидаги ғубор хийла тарқалган, қўшнисини ҳам ўзига оғдириб олганидан бениҳоя мамнун эди у. Қўлини фотиҳага очиб, узундан-узоқ минғирлади, сўнгра ўрнидан турди. – Майли, ўртоқ, мен чиқай энди, сизниям роса ишдан қўйдим.
– Гаплашиб ўтирибмиз-да, қўшнижон. Иш деган зорманда ўлганда ҳам тугамайди, – деди Сорабону. – Хўп, хайр бўлмаса.
Мастонни кузатиб қўйгач, чала қолган ишини давом эттиришга ўтирган Сорабону мийиғида жилмайди: “Ҳмм, айёрликни қаранг, илоннинг ёғини ялаган-а…”
Орадан бир чой дамлаш фурсати ўтар-ўтмас иккита иштонча тайёр бўлдию кўча эшик тағин ғийқиллаб очилди. Ҳалпиллаган кўйлагининг этаги билан ерни супуриб, Соттихон кириб колди. Иштончаларни яна бир чеккага йиғиштириб қўйишга тўғри келди. Кўнглида ҳар қанча ранжиётган бўлмасин, Сорабону меҳмонга пешвоз чиқди.
– Хизр бўп кетинг-э! Ҳозиргина хаёлимдан ўтиб турувдингиз-а, – дея мулозимат қилди у.
Соттихоннинг бир кўзи офтобдан ёшланавериб, аллақандай дардга чалинган эди, шу шилпиқ кўзини енгининг учи билан тўсиб кулди.
– Хизрдан қаеримиз кам, Бону! Қарилик – авлиёлик, дердилар онам раҳматли.
Икки қўшни шу тариқа одоб билан бир-биридан ҳол-аҳвол сўраб, тўшакка чўкишди. Суҳбат куни кеча армиядан бўшаб қайтган толкўчадаги Мамарайимдан бошланди. “Мамарайим аскарликка кетмасидан олдин ҳивичдеккина бола эди. Энди-чи! Юзлари тўлишиб, гупчакдек семирганини қаранг”, дея кампирлар ҳайратга тушдилар. “У ёқда ошпазлик қилган эмиш, ошпаз бўлмаганида бунақа семирармиди”, деб ўзларини овутдилар. Уларнинг айтишича, энди қишлоқнинг манаман деган қизлари ҳам Мамарайимнинг қўнғир тусли мўйловига, кўкрагидан чиқиб турган ажриқ мисол ёлларига кишибилмас назар ташлаб юрганмиш, тинчини йўқотганмиш. Яна ким билади, дейсиз, гапираман деса гап кўп, эҳ-ҳе…
Ниҳоят, Соттихон ўғлининг тезроқ бориб, Мамарайимга ўхшаб қайтишини орзу қилди.
– Яхши ният – ярим мол, айтганингиз келсин, – деди Сорабону унинг кўнглини кўтарган бўлиб. Гапни ўз-ўзидан болага келтириб тақагани Соттихонга қулай келди, муддаога кўчди – кўрпачадан чиқиб турган қавима ипнинг учини бармоқлари орасига олиб юмалоқларкан, аста деди:
– Кеча қоқвош ўғилчам неварангиз билан салгина айтишиб қопди, Бону, эшитиб бирам хафа бўлдимки… Иштонини ечиб, бир-икки саваладим ҳам. Ишқилиб, сиз мендан…
Соттихоннинг гапи оғзида қолди – Сорабону кўнгилсиз ҳолатнинг олдини олишга шошилди:
– Қаёқдаги гапларни кўтариб юрасиз-да, қўшни. Келиб-келиб сиздан хафа бўламанми? Ёш боланинг феълини биласиз-ку: бугун уришади, эртага яна апоқ-чапоқ. Эсли-ҳушли одам сира боланинг ўртасига тушмайди. Ўлибманми…
Соттихон дадилланди:
– Ўзимсиз, Бону, ўзимсиз, – деди у суюниб. – Лекин… тилига куч бериб, пашшадан фил ясаб юрганлар ҳам бор-да.
Сорабону суҳбатдошининг оғзидан кўз узмай ўтираркан, беихтиёр: “Ҳозир Мастонни айтади, қараб туринг-а, Мастонни ёмонлашга тушиб кетади ҳозир”, дея хаёлидан ўтказди. Ўйлагани чин чиқди.
– Ўғилчам нимагадир Мастонни хушламайди. Ёшлигидан шунақа – иқи суймайди, – деб сўзида давом этди Соттихон. – Олдинлари уни кўрасолиб пинжимга тиқиларди, энди бўлак қилиқ чиқарибди – жиғига теккани-теккан. Неча марта айтдим, ўзингдан каттани мазах қилма, ёмон бўлади, дедим, қани қулоқ солса. “Шу кампир ялмоғизга ўхшайди”, дейди. Ҳи-ҳи-ҳи… Биласизми, Бону, ёш бола яхши-ёмонни дарров ажратиб оларкан. Бир балоси бордирки… Ҳи-ҳи-ҳи…
Сорабону бундан атиги ярим соат олдинги, Мастон билан қурган суҳбатини эслади, “Ҳамманг ҳам бир гўрсан!” деб қўйди ичида. Лекин сир бой бермасдан, унинг гапини маъқуллади:
– Бўлса бордир. Ахир, ёшлигидан шаллақи эди, биласиз-ку буни. Одамлар ҳозир фақат ўзини ўйлайди. Отасини танимайдиган замонлар келди, қўшни. Сиз билан биз, холос… орқа-олдимизга қараб юрамиз.
Сотти шилпиқ жон-дилидан суюнди.
– Гўдаклигидан ақл кирмаганидан кейин, қариганида гўр бўлармиди! Ҳа, майли, ҳар бошга не келса – феълидан.
Сорабону билан Соттихоннинг гангир-гунгур суҳбатлари шу ерга етганида узилди: ҳовлиқиб Мастон кириб қолди.
Аслида, унинг бу туйқус ташрифи тасодиф эмасди. Боя Сорабону билан хайрлашиб чиққанидан сўнг кўчанинг ҳув бошидаги кичкинагина дўконча қаршисида бошқа бир қўшниси – Қумринисога дуч келиб, иккаласи хийлагача валақлаб туришди. Бир пайт узоқдан Сотти шилпиққа кўзи тушдию гап орасида уни зимдан кузата бошлади. Сотти шилпиқ Сорабонунинг уйига қараб бурилганидан сўнг эса, тинчини йўқотди. Қулоғи ҳамон Қумринисонинг оғзида, фикри-зикри Сорабонуларникига кўчди. Чидаёлмади, Қумринисо билан гапни қисқа қилди-да, бу ёққа жўнади…
Мастон Сорабонунинг Сотти шилпиқ билан бемалол ёйилиб, чақчақлашиб ўтирганини кўриб, бир фурсат эси оғиб турди. Бисотимни роса титкилашгандир, деб ўйлаб хуноб бўлди, юзи буришиб кўзлари муғамбирона қисилди.
Дафъатан қизиқ ҳолат юз берди: ким кимнинг олдида айбдорлиги қоронғи, лекин учала кампир ҳам бир-биридан хижолатда, гўё ўртада бир нима йўқолган-у, ким олгани номаълум…
Ниҳоят, Мастон ҳушини йиғди; Соттихон билан қуюқ кўришди-да, Сорабонуга қараб, кулиб, деди:
– Қариган сайин эсимизни еб қўйяпмизми дейман. Боя хамиртурушга чиққан эдим, паришонлик қурсин, индамай кетаверибман. Шунга…
– Вой ўлмасам, айтмабсиз-да менга. Ҳозир опчиқиб бераман, – деб Сорабону шоша-пиша ошхона томон юрди. Зум ўтмай ярим бўлак хамиртурушни йўл-йўлакай қоғозга ўраб, кўтариб чиқди. – Гапга овора бўлиб…
Мастон хамиртурушни олди-да, Сорабонунинг ҳайҳайлашига қарамай, изига қайтди.
Соттихон ҳам типирчилаб қолди: бу ерда ўтираверса, Мастоннинг хаёлига ҳар балолар келиши мумкин. Ўрнидан турақолди. Хайрлашди.
– Киринг, Бону, дардлашиб ўтирамиз. Энди бундан бу ёғи одам одамга ғанимат. Хўпми?
– Қани, вақтга қараб… – деганича Сорабону иккала кампирни остонагача кузатиб қўйди.
Соттихон билан Мастон эшик олдида бир-бирларига йўл бериб, мулозимат қилиб пича туриб қолдилар, сўнгра, худди келишиб олгандек, бараварига остона ҳатладилар. Эшикнинг иккинчи табақаси тарақлаб очилиб кетди. Мастон ўзича, Соттихон ўзича мулзам бўлди, кўз кўзга тушгач эса, хижолатли ҳолни кулгига айлантириб юбордилар. Эсон-омон кўчага чиқиб олиб, эшикдан сал узоқлашгач, Мастон ортига бир ўгирилиб қарадию қиқирлаб, деди:
– Худо олсин, эшиги мунча тор бўлмаса, нақ қўймичимдан айрилиб қолай дедим-а.
– Одамнинг эшиги ҳам, туйнуги ҳам феълига қараб бўларкан-да, опа, – деди Соттихон ҳам қиқирлаб.
То муюлишга етгунча Сорабонунинг “молхона туйнугидай” тор эшигини муҳокама қилиб бордилар, кейин Мастон сўзни бошқа ёққа бурди:
– Уйга кирамиз, Соттихон, аччиқ чой дамлаб бераман.
– Ўзингиз юрақолинг, опа, менинг чойим тайёр, дастурхоним ёзиғлиқ, – дея илтифот қилди Соттихон. – Шу Сора қурумсоқникига кириб томоқларим қақраб кетди,
– Э-э, нимасини айтасиз. Меҳмон келди-ю, ўрнидан турай демайди-я!
– Қўйинг шуни! Асли, таги паст, одамгарчилиги йўқ… Меҳмон кутишда сизга етадигани йўқ-да, опа.
– Жа-а, мақтаб юбордингиз-ку, Соттихон. Лекин, доим сизга ҳавасим келади – одамжонли, удли-шудли хотинсиз.
– Ҳа, ишқилиб, Худо жонимизни саломат қилсин! – Шундай деб Соттихон уйи томон бурилди. – Кирмайсизми?
– Раҳмат! Ўзингиз кирганингизда бўларди…
***
Дунё кенг экан, одамлари турфа экан, умр эса – оқар дарё. Мен билганим шу бўлди, азизлар. Энди ер юзидан у кампирларнинг изи ўчган, ер тагида жисми ҳам қуриб битган. Бор-йўғи ўн йил ичида, демак, ҳаш-паш дегунча…
Олдин Сотти шилпиқ оламдан ўтди. Бу жудолик Сорабону билан Мастон кампирни етим қилиб қўйди. Лекин, илож қанча, айюҳаннос солиб қолаверишди. Молнинг ўлимига мол чидайди, одамники бўлакча-да, азизлар.
Кейин… Кейин Мастон кампир ўлди. Дунёни ҳувиллатиб кетди боёқиш.
Охири Сорабону… Айтишларича, жон таслим қилгунча Сорабону тоза қийналган эмиш. Ўлимидан олдин фақат бир-икки лаҳзагина ҳушига келибди, тилга кирибди, ўшанда ҳам зўрға: “Юрагим сиқилиб кетяпти”, дея олибди, холос.
Начора, дунё кенг, одамлар турфа… ишонинг, азизлар.
УЙ
Хуллас, қишлоқ бузиладиган бўлди.
Қўрғончада алмисоқдан қолган бир бино бўларди. Биладиганлар гувоҳлик беришича, қишлоқда яккахўжаликлар тугатилиб, “колхоз-колхоз” бўлаётган даврлар улуснинг йиғинлари тез-тез шу бинода ўтказиб турилар экан, кейинчалик, алғов-далғовлар сал босилиб, мусичалар шипга бемалол ин қўя бошлагач, бу бино қишлоқнинг “Қизил чойхона”сига айлантирилибди. Шундан бери не-не замонлар ўтди. Орқа деворига тўртта ёғоч тираб қўйилганини демаса, бино яна бир-икки мучал қаддини тик тутиб тура оларди. Бироқ энди унинг ҳам умри битди.
Бугун шу бинода худди бурунгидек оломонйиғин бўлди, худди бурунгидек Қўрғонча аҳлининг обрўли қисми – қари-қартанг, биргадиру ҳисобчи, эски хотин-қиз активларидан беш-олтитасию мактаб муаллимлари райондан келган вакилнинг нақ икки соат давом этган маърузасига қулоқ осдилар…
Хуллас, қишлоқ бузиладиган бўлди.
Ҳайдар ота эшитган гапларининг ҳаммасини тушунишга тушунди-ю, айни чоқда, ҳеч балони англамагандек, гаранг эди. У одамларнинг кетидан бир зум тикилиб турди, қуруқшаган узун-узун бармоқларини паншаҳа қилиб гарданини қашлади, сўнг лабини чўччайтирганча, туяюриш билан уйига жўнади.
Эшикни очиб, йўлакка кирар-кирмас кампирнинг куюнчак овозини эшитди:
– Мунча йўқ бўп кетдингиз? Тез келаман, деб… Қачон эди чой дамлаб қўйганим.
Дарҳақиқат, Зулфинисо кампир унинг гузардан қайтишини кутиб, пастак ток тагидаги сўрига дастурхон ёйиб ўтирган эди. Дастурхонда тандирдан янги узилган иккита нон, пиёла, жўмраги қадоқланган хитойи чойнак, сопол коса, лаби кемтик қошиқ, бир сиқимгина қора майиз ва катта пиёлада эрталабдан ортиб қолган қаймоқ…
Ҳайдар ота индамади. Бамайлихотир сўрига жойлашиб, белбоғига осилган қиндан чустий пичоғини суғурди. Косани олдига суриб, унга нон тўғрай бошлади. Устидан икки қошиқ қаймоқ солгач, чой қуйди. Шундан кейингина бошини кўтарди. Бояги гапларни райондан келган вакил эмас, ўзи ўйлаб чиқаргану бутун олам тақдири ҳозир биргина унинг қўлига қараб қолгандек, деди:
– Қишлоғинг бузилади, кампир! Иҳм… Ўрнига посилка қурилади. – Шаҳодат бармоғи билан косадаги нон тўғрамларини ширчойга бўктира туриб, “Буни сенга мен айтяпман!” деган маънода ияк қоқди.
Лекин, кутганичалик, кампири “ҳайратдан ёқа ушлаб” қолмади, бу хабар қанчалик оламшумул бўлмасин, қулоқларининг ёнидан силлиққина ўтказиб юборди. Бу билан гўё чолга таъна қилди: “Йўқ ердаги гапларни ташиб юрасиз… Шу феълингиз қолмади-қолмади-да”, дегандек бўлди. Ҳарҳолда, Ҳайдар отага шундай туюлди. Айниқса, кампири аста уф тортиб: “Чой ҳам совиб қолгандир”, деганида, чолнинг рўй-рост жаҳли чиқди.
– Сенга ўзи қачон гапириб обрў топибман! – дея ўшқириб берди.
– Оббо, келмасингиздан заҳрингизни сочасиз-а, бекордан-бекор.
– Ҳа-а, сизнинг безрайган бетингизга қош қоқайликми, бўлмаса? Янгилик айтсанг ҳам бир бало!
Қампир ўзини босди. Хотири жам эканини кўрсатиб қўйиш учун пиёлани айлантириб чой ҳўплади, кўзини чолининг кўзларидан олиб қочиб, қаердадир тинмай чирқиллаётган чумчуқни излаб топмоқчи бўлди.
Яна чолнинг ўзи гапирди:
– Бутун қишлоқ бузиларкан, ўрнига янги қишлоқ қурилармиш. Мана шу уйинг ҳам бузилади, овсар!
Орқасидан пичирлаб қўйди: “Ҳм-м, чойи совиганмиш!”
Кампир пиёлани дастурхонга қўйиб, оғзига майиздан бир дона ташлади.
– Нимага бузилади?
– Ана холос! Овсарсан, десам ер тепинасан, аслида, минг карра овсарсан! Ҳозиргина айтиб турибман-а, ўрнига посилка қуриларкан, деб!
Кампирнинг кўзлари қисилди, кавшаётган нони данакдек бўлиб лунжида қотди.
– Мен овсар бўлсам, сиз ҳовлиқмасиз! – деди у. – Гапингизнинг ҳеч боши-кети йўқ. Ахир энди икки йил бўляпти-ку буни қурганимизга!
Ҳайдар ота қайрилиб, эшик-деразалари бўялмаган, девори оқланмаган иморатга бир назар ташлаб қўйди; кўп нарсаларни хотирлади. Оғиз жуфтлаган эди, овози чулдираб, ҳазин чиқди:
– Бари бир бузмасдан илож йўқ, элдан қолсак, бўлмас.
– Янгисини қандай қурасиз?
– …
– Якка тўсин том кўтармас, – дея кампир ўзининг сўроғига ўзи жавоб қила бошлади. –Бунисини тикка қилгунча белимиз букчайди. Уй қуриш осон бўпқоптими! Каттаси чўлда бўлса, кичиги шаҳарда – ким бизга тиргак бўлади? Қизлардан умид йўқ: ўзларининг эри, ўзларининг уйи бор, сиз билан менга тасалли беришдан бошқасига ярамайди улар.
Кампирнинг гаплари қанчалик жўяли бўлмасин, чолнинг орияти қўзиди.
– Қизларингни орага суқма, аҳмоқмасман-ку мен ҳам! – деди у чинқириб. – Муқимжонни бўлса, чақирамиз, етади шаҳарда санқигани! Ундан кейин… одамлар ҳам ташлаб қўймас, майлисда ҳамма, қишлоқни ҳашар йўли билан қурамиз, деб қўл кўтарди-ку!
Зулфинисо кампирнинг миясига лоп этиб: “Яна мижғовланяпти!” деган ўй келди.
– Кўрамиз қурганингизни! – дедию даст ўрнидан турди. Алланималарни ғўлдираб, сўридан нари кета бошлади.
Чол қичқирди:
– Тўхта! Ўзингдан-ўзинг минғирламасдан, менга эшиттириб гапир! Қани?
– Эшитсангиз ҳам, эшитмасангиз ҳам гапим шу: Муқимжон қишлоққа қайтаман деса, хотинини мана бу ерга ўтирғизиб қўйиб, уй қурсин! Бўлмаса, беш кунлик умрим қолдими, йўқми – менга уй керакмас!
Кампир “Гапим тамом!” дегандек бир ҳаракат билан, ҳеч қандай эҳтиёж бўлмаса-да, оғилхонага қараб юрди. Бирпасдаи кейин у ёқдан шанғиллаган овози эшитилди: “Нари тур тепкиламай! Ҳе, ҳайвон! Ўзи битта-ю, ифлоси бутун бошли перманикича бу Худо олгурнинг!”
Кечқурун чол-кампир қўшнининг боласини чақириб чиқиб, шаҳардаги кенжа ўғилларига хат ёздиришди. Хат бир талай салом-аликдан сўнг, бундай давом этарди:
“Ўғлим, сен келгунингча уйларимиз бузилиб кетадими ҳали. Чунки ҳамманинг уйи бузилади, ўрнига посилка қуриларкан. Бугун эски чойхонада майлис қилиб, шунақа дейишди. Сени ўқитган домла бор-ку, Ўрозмат тегирмончининг ўғли, ўша ўртага чиқиб: “Бизга қозиқ қоқиб беринглар, қишлоқни ўзимиз қурамиз! Элимиз меҳнаткаш, мард. Ахир, Фарғона каналини қазган халқ бу, қишлоқ-ку қишлоқ, ҳашарга чорласангиз, бутун оламни қайта қуриб беради халқимиз!” деб юборди. Энди, ўғлим, ўзинг биласан, биз, чол-кампир, белимиз букчайиб, мункиллаб қолдик, эшик тиқ этса, Азроилни пойлаб ётибмиз, янги қишлоғимизни кўриш бизга насиб қиладими, йўқми – Худо билади. Аканг бўлса, ўзи билан ўзи овора, сезон-сезон деб ярим йилда бир келади, холос. Ёнимизда энди сен турсанг, деймиз. Шундай қилиб, болам, хотин, бола-чақангни олгину кўчиб келавер. Кўзимиз очиқлигида шу ерда тинчиб кетсанг бўларди. Эрта-индин ҳукумат ер бўлиб берса керак, биз нима қилайлик – шунинг хабарини бер. Ё вақт топиб, ўзинг бир келиб кет! Невараларимизни ўпиб қўй, хўпми. Дуои салом билан, отанг”.
– Етади, – деди чол оғир-оғир нафас олиб.
Кампир намли кўзларини енгининг учи билан артаркан, шивирлади:
– ”Онанг” ҳам деб қўшиб қўй, болам.
Шу гапдан роса ўн кун ўтиб, Ҳайдар отанинг уйига яна қўшнининг боласи чиқди.
Вақт пешиндан оққан, ҳаво қилт этмайди. Кампир қопдеқ кўйлагининг кўкрак бурмасидан тутиб, ҳадеб елпинади. Чол теран ўйга чўмган. Хатни икки-уч қайта ўқитганидан кейин, салмоқлаб бундай деди:
– Боланинг турмуши чатоққа ўхшайди хатининг маънисидан. Зоти-насаби тайинсиз бир қизга уйланиб олиб, егани қалампиртуз бўпқолди-ёв шунинг…
– Ўзимиз айбдормиз, вақтида қаттиқ турмадик. Бўлмаса, қишлоғимизда қиз уруғи қуриб кетганмиди! Ўзи ёқтирибдими, ўзига буюрсин, дедингиз сиз ҳам. Мана, оқибати… – Кампир, келинг, шуни гапирмайлик, қабилида чолига илтижоли боқди. Хиёл ўтмай, юзи ёришиб кетди:
– Уни-буни қўйинг, болам тўғри ёзибди, ўзи келгунича биз районданми, совхозданми ёрдам сўраб турайлик!.. Тавба, бурнимиз тагидан нарини кўрмайдиган бўпқопмиз ўзи. Болам шаҳар кўрган-да, билади! Ёрдам қилишлари керак, дебдими, ташвишимиз бекор.
Нима қиларини билмай, боядан бери зерикиб ўтирган бола хатни тўшакнинг қатига тиқиб, секин чиқиб кетди. Чол-кампир ҳатто сезмай қолишди.
– Номаъқул гапни қўй, кампир, – деди Ҳайдар ота. – Бир камим энди, шу ёшга кириб, одамларга кулги бўлиш қолувди.
– Кам-кўстини сўрашнинг нимаси айб? Бир дона ёғочимиз бўлмаса, кесагимиз, бўлмаса, бор-будимизни йиғсак, битта товуқкатаккаям етмаса, ёрдам сўраймиз-да, нимасидан уяласиз?
– Ҳашар қилиб қурамиз, деб майлисда катта кетиб қўйдик, энди бўйнимни эгиб боришим керакми? Йўқ!
“Шалвирамай кетинг! Оғзингиздагини олдириб, раҳмат ҳам дейсиз шу туришда”, деб кампир хуноб бўлиб кўнглидан кечирди. Ташида эса, бошқа гапни айтди:
– Нима, ҳашар қиламиз, деб сиз айтибсизми? Айтган бўлса, Ўрозмат тегирмончининг ўғли айтган. Ўзи, шу маълим жуда маҳмадана… Ким айтади сизни, бир пайтлар колхоз актипларидан бўлган, деб! Ижроқўмгами, райқўмгами айтинг шуни. Эшилсак, эшилаверамиз-да, биров келиб қумғонимизни қайнатиб берармиди.
Хотин киши бари бир хотинлигига бораркан-да. Нима, битта Ҳайдарми колхоз учун жон куйдирган? Дўппи тор келиб қолганида бари бурнини осилтириб районга чопаверса… Йўқ, буни қаёқдан тушунсин?
– Қизиқсан-а, кампир, ҳе йўқ-бе йўқ, дунёнинг ташвиши сенга тушгандай уввос тортасан. Шошмай тур, олдин кўрайлик, одамлар нима қиларкин, ана ундан кейин бир нима десанг, арзийди.
Зулфинисо кампирнинг сабр косасига бир томчигина етмай турган эди, томдию у тилини тиёлмай қолди:
– Қўйинг-э, қўрқоқлик ҳам эви билан-да! Менга деса, ўлиб кетмаймизми! – дея баралла йиғлаб юборди. – Болаларимни ўйлайман, бошқалардан кам бўлмасин, дейман! Менинг куним уларнинг бошига тушмасин, дейман!
Чолнинг заҳил юзига гуп этиб қон тепди. Тирноғининг учидан миясигача бир нима шиддат билан куйдириб ўтди ва шу ондаёқ, кун иссиқ бўлишига қарамай, эти учди. “Кўнглингдагини айтмаганинг маъқул эди, кампир! – деб изтироб аралаш ўйлади у, – Турмушингдан нолиганинг чатоқ бўлди… Майли, бораман, бормаган ҳам номард!”
***
Ҳайдар ота бозор-ўчар учун район марказига тушиб турарди, бу кўчадан ҳам неча бор ўтган, аммо ижроқўмнинг янги биносини бунчалик яқиндан биринчи марта кўриб туриши. Олди кенг майдон, икки тарафи гулзор, ўртада ихчам-ихчам мармар ҳовузчалар. Гулзорнинг нариёғида ранг-баранг машиналар сафда турган аскарлардек бир текис тизилган. Йўлакдан турфа одамнинг оёғи узилмайди: дўппилилар, шляпалилар, ориқлар, семизлар, тажанглару беғамлар – ҳаммаси юзига жиддий тус бериб, кириб-чиқиб турибди. Ҳайдар отанинг оғзи очилди: “Бари ҳукуматнинг одамлари-да!..”
У шу дамгача ҳийла дадил эди, бинонинг салобати босдими, юрагига ғулғула тушиб, эсанкирай бошлади. Зинадан кўтарилиб, ичкари кираркан, оёғи қалтираётганини сезди. Ақли-ҳушини йиғиб улгурмасидан, остонада кимдир уни тўхтатди:
– Йўл бўлсин, ота?
– Ижроқўмга, болам.
Ўша киши унга бошдан-оёқ разм солиб чиқди ва:
– Оёқ-поёғингизни артиб кирсангиз бўлмайдими, ота? – деди. – Уни қаранг.
Ҳайдар ота оёғига қаради, қизарди. Полга узун зангори гилам тўшалган, ҳаммаёқ тоза, ялагудек. У бўлса… “Калиш – калиш эмас, бир ҳовуч чанг!” деб койинди ичида.
Ҳайдар ота у ер-бу ерини қоқиб, қайта кирганида унга ҳеч ким эътибор бермади, бироқ ўзи ҳамон довдирар эди. Дам калишига, дам бояги кишига қарай-қарай, гиламни босмасликка ҳаракат қилиб, ўтиб кетди.
“Учинчи қаватга чиқасиз!” деган овоз эшитилди ортидан. .
Учинчи қаватда, сўраб-суриштириб, керакли хонани топди.
– Мумкинми, қизим?
Котиба қиз пешонаси тагидан бир мўралаб қўйиб, ишини қилаверди.
– Ижроқўм билан гаплашмоқчийдим, қизим.
– Киринг. Нега остонада турибсиз, кираверинг, қандай масала билан келдингиз?
– А?
– Нима ишингиз бор эди, деяпман.
– Икки оғиз, ўзларига…
– Унда пича кутиб турасиз. Ҳозир бандлар.
Жигарранг, баҳайбат эшикни оҳиста ёпиб, Ҳайдар ота узун йўлак деворларига осилган суратларни томоша қилишга тушди. Шу билан баробар, ўзининг бу ерга келиш сабабларини хаёлан мулоҳаза қила бошлади.
Кеча совхоз ҳисобчиси йўл бўйидан саккиз сотих ер ўлчаб бериб, қирқ сўмини олиб кетди. Бир меъёр шарт-шароитини ҳам тушунтирди: қурадиган уйингизнинг эни шунча бўлиши керак, бўйи шунча, деразалари кўчага қарасин, пойдеворини баланд қилган маъқул, уй ёруғ бўлади ва ҳоказо… Бўлмаса, посилкага ўхшамай қолармиш. Чолнинг ичи оғриди, лекин аламини юзига чиқармади. Қарнайчининг иши пуфлашки, пуфлайди-да, деди-қўйди. Ҳозир нима кўп, уй қураётган кўп. Бозорда ёғоч-тахтанинг нархи осмон бўйи сапчиган, эшик-деразанинг эса, яқинига йўлаб бўлмайди: тўртта дераза, иккита эшик олиш учун ярим йил почтачининг қўлига қараш керак. Булар-ку, майли, уддасини қилиб битта уйни тиклаб олса бўлади, ахир, бошқаларнинг ҳам сандиқда босиб қўйгани йўқдир. Аммо… .
“Аммо-лекин, ёрдам сўраб келганим чакки бўлди, – дея у ўй ўйлашда давом этди. – Эсипастлик қилдим. Арзимаган нарсани деб… Мендақа арзчи сонминг, ижроқўм эса – битта! Бутун бошли районни сўрасинми, бориб менга кесак юмалатиб берсинми?!”
Ярим соатлар ўтказиб, Ҳайдар ота яна иккиланибгина эшикни очди. Бу сафар қиз бошини кескинроқ кўтарди.
– Ишингиз шунақа зарилми? Жудаям шошиб турган бўлсангиз… майли, эртага келақолинг. Аслида, меҳнаткашларни қабул қиладиган кунлари – эртага.
– Шошилаётганим йўқ, қизим. Шошилиб қаёқаям борардим. Шундай… Бўпти, пойлаб тураман.
Йўлакнинг томоша қиладиган жойи қолмади. Чолнинг кўнгли бесаранжомланди. Катта гуноҳ қилиб қўйгандек, ўзидан-ўзи хижолат бўла бошлади. Нима қилсин? Пастга тушиб чиқсинми? Яхшиси, эс борида этакни йиғиштириш керак!
Мана шундай каловланиб турганида, қаршисида лапанглаб, ўрта яшар бир киши пайдо бўлди. У чолга яқинлашган сари секинлаб, сўнг ажабтовур қизиқиш билан боқиб ўтди. Беихтиёр кўз кўзга тушиб, Ҳайдар отанинг негадир ғаши келди ва дарҳол юзини ўгирди. Ўтиб кетгач, ортидан кузатиб қолди. У одам тўғри бориб қабулхона эшигини очди ва хушчақчақ товуш билан:
– Салом, Ҳалимахон! Қалай, зерикмасдан ўтирибсизми? Карим Узоқович шу ердамилар? – дея ичкари кириб, кўздан ғойиб бўлди. Зум ўтмай, худди хотини эгиз туққандек, оғзининг таноби қочиб чиқиб келди.
Ҳайдар отанинг тишлари ғижирлади. Негадир шу одамни ёқтирмади, негадир ундан бегонасиради ва туйқисдан қишлоғига кетгиси келди. Бу орада ҳатто нима учун келганини ҳам унутди.
Ўн чақирим ерга атай борди, кунини кеч қилди, бу ҳам етмаганидек, икки қўлини бурнига тиқиб келаверди. Шундай ҳолда энди кампирининг кўзига кўриниши керак. “Бориб турган ўжар-а! Ўжарки, сурдан баттар!” деб хуноб бўлди чол.
Йўлни кесиб, чойхона тарафга ўтди. Ўтдию чойхона ҳам, у ерда одатдагидек ғийбатни чойга қўшиб эрмак қилиб ўтирган бекорхўжа улфатлари ҳам ҳозир юрагига сиғмаслигини англади. Ортига қайтди.
Қўрғончани аста-секин қоронғилик қоплай бошлаган, ҳаво кундузгидан сал юмшаган эди.
У то уйига етгунича нималарни ўйлади, қандай қарорга келди – ёлғиз ўзига аён. Бизга кўрингани эса, бошини қуйи солинтириб, нигоҳи билан ер чизиб боргани бўлди, холос.
Зулфинисо кампир бетоқат ўтирган экан, айвон супасидан тушиб, ҳалпиллаб келди.
– Йўлиқдингизми?
– Ҳа-а… – деди чол чўзиб. Ортиқ даражада толиққан ёки бениҳоя қувонган одамнинг товуши шунақа чиқади. – Овқат-повқат қилдингми?
Қампир ҳайрон боқди.
– Беғам бўп кетинг-э! Бирор марта овқат қилмай юрувдимми? Кетганингиздан бери орқангиздан жоним ҳалак, сиз бўлсангиз, овқат, дейсиз.
– Ҳовлиқмасанг ҳам айтаман ўшани. Олдин овқатингни опке, ейлик, гап бўлса – қочмас.
Кампири тўзимсиз жикиллагани сари Ҳайдар ота ичдан яйрар эди.
– Бир оғиз гап билан одамнинг кўнглини тинчлантириб қўйиш шунчалик қийинми?
– Мунча содда бўлмасанг, ахир! Ҳукумат идорасини кўрмабманми, ҳукумат одамлари билан гаплашмабманми ҳеч! Ай, сен-а… – Сўнгра кулимсираб ҳикоя қилишга тушди: – Бордим. Эҳ-ҳа, сен у бинонинг ичларини кўрмагансан. Кўрмайсан ҳам! Мен бўлсам. шартта кирдим, тўғри ижроқўмнинг олдига чиқдим. Ҳаммадан тепада ўтираркан. Ўзи кутиб олди. Ёшгина йигит экан. Бирам хушмуомала, бирам ширинсўз, гап билан жонни олади, дегин. Одам деган мана шунақа бўлсайкан! Қўшқўллаб, хўш хизмат, деб турибди. Мен ҳаммасини айтдим… – Ҳайдар ота, гўё аслида ҳам шундай бўлгандек, завқ-шавқ билан сўзлар, беихтиёр ўзи ҳам бунга ишониб борар эди. Гапнинг муҳими ҳали айтилмаганига қарамай кампирининг чеҳраси хийла очилган эди. Ниҳоят, чол гапига якун ясади: – Бор энди, овқатни опке!
– Ишқилиб, ёрдамга кўндирдингизми?
Чолнинг ғазаби бурнининг учида пинҳона турган эди, дабдуруст тилига кўчди:
– Уф-ф, бўлди-да, энди! Мунча эзмаланасан? Ёрдам қилмай кўрсин-чи… Ёрдам қилади! Йўқ деса, мен ҳам қўярмидим!
Шуни айтгач, Ҳайдар ота кампиридан кўз узди. Оёқларини сўридан пастга осилтириб, ёстиққа ёнбошлади. Ток барглари орасидан, кўкда бирин-кетин пайдо бўлаётган милт-милт юлдузларга термилганча, сукутга чўмди.
“Ке, қўй, кампир. Ишимизга бошқаларни аралаштириб нима қиламиз? Сен кўп ҳам қайғураверма! Мана кўрасан, ҳали ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади! Шунча йил бирга яшаганимиз билан сен мени билмайсан, Зулфи, мен… Мен сен ўйлагандақа эмасман! Фақат… Ижроқўмни қўй, совхоз ҳам ўз йўлига, билсанг, Одам Ато замонидан бери уй қуриб келаман, лекин биронтаси битмай қолган эмас, битган! Уйни ўзим қураман, Зулфи, ўзим!”
Шу куни чол-кампир иштаҳа билан овқатланишди. Қайнатма шўрва бирам мазали бўлибдики…
Манба: nurulloh.uz
Nurulloh Muhammad Raufxon
IKKI HIKOYA
Nurulloh Muhammad Raufxon (Nurullo Otaxonov) — 1955 yili Farg’ona viloyatining O’zbekiston tumanida tug’ilgan. O’rta maktabni 1972 yili tugallab, 1972-76 yillar orasida Toshkent samolyotsozlik zavodida ishchi, “TatEnergoStroy”ga (Rusiya) qarashli ximkombinat qurilishida elektrpayvandchi bo’lib ishlagan. 1976 yili ToshDUning (hozirgi O’zbekiston milliy universiteti) o’zbek filologiyasi fakul’tetiga o’qishga kirib, 1981 yili a’lo baholar bilan bitirgan. Mehnat faoliyatini 1981 yili Surxondaryo viloyatining hozirgi Qiziriq tumanining yangi o’zlashgan chekka bir qishlog’idagi to’liqsiz o’rta maktabda bir nechta fandan dars berish bilan boshlagan. Keyinchalik “Yoshlik” jurnalida muharrir, bo’lim mudiri (1982—1989), “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida xodim (1989), “Mushtum” jurnalida mas’ul kotib (1989—1991) “Movarounnahr” nashriyotida bosh muharrir (1991—1993), “Sharq yulduzi” jurnalida bo’lim mudiri (1993—1999) vazifalarida ishlagan. 1999 yilning iyulidan “Hidoyat” jurnali Bosh muharriri, 2010-2014 yillar «Movarounnahr” nashriyoti Bosh direktori vazifalarida xizmat qildi.
“Yo’l boshida”, “Dunyo keng…”, “Shu yerlik kishi” va boshqa bir qator qissa va hikoyalar to’plamlari chop etilgan. “Oq bino oqshomlari” kinostsenarisi muallifi. Dunyo adabiyotidan bir qator asarlarni o’zbek tiliga o’girgan.
DUNYO KENG…
“Ho’, bola boqmay baloga yo’liqqur! O’zing tarbiya ko’rmagansan-da, bolang ham bola emas, balo! Shilpiqliging yetmaganiday, endi bolangga gap o’rgatadigan bo’ldingmi?.. Odamlarda insof degan savil qolmadi, onasidan tortib bolasigacha Xudo urgan-a… Ho’, “ezma” degan tilingga tirsakkina chiqsin! Shoshmay tur hali, shunday adabingni berib qo’yayki, ena suting og’zingga kelsin!..”
Ayvonda suzma yalab o’tirgan Maston kampirning xayolida beixtiyor tunov kungi mojaro jonlandiyu birdan o’rnidan turib ketdi: “Koshki bu birinchi marta bo’lsa, Xudoning bergan kuni shunday-ya!”
Jini qo’ziganidanmi yoki o’ziga o’zi gapirgandanmi, bujmaygan lablari tinmay qaltirar edi. U yelkasiga tushib qolgan chit durrasini shahd bilan silkitib qayta o’radi va ko’chaga chiqdi. Oyog’i Sorabonularnikiga tortdi. “Shilpiqning kirdikorlarini qo’shnilarim ham bilib qo’ysin!”
Sorabonu oyoqmoshinada o’zining ko’ylagidan ortib qolgan qiyqim-siyqimlardan nevarasiga ishtoncha tikib o’tirar edi, qo’shnisining bemalol hovliga kirib kelayotganini ko’rib, oldiniga ensasi qotdi, so’ng borib xushlamaygina ko’rishdi. Sorabonuning bundayin muomalasida andak kibru havo yashirin ekanini Maston xotinlarga xos ziyraklik bilan sezgan bo’lsa-da, bu galcha o’zini bilmaganga olib qo’yaqoldi.
– Voy, manavi ishtonchani qaranglar, mu-uncha chiroyli bo’lmasa bu! Samadjonga tikyapsizmi, Sora o’rtoq? – dedi u ko’zlari javdirab. – Juda-a bolajon xotinsiz-da, o’rtoq.
– Ha-ya. Bir Samadjongamas, nevaralarimning hammasiga ham ko’ylak-ishtonni nuqul o’zim tikib beraman, – dedi Sorabonu og’zini to’ldirib. – Endi, bular hozirgi bolalarga bir marta kiyishga yaraydi, xolos. Tez-tez tikib turmasam…
– Yosh bolaning ishi shu – biz tikaveramiz, ular yirtaveradi, – deya Maston qo’shnisining fikrini ma’qullab qo’ydi, keyin temirni issig’ida bosaqoldi: – Har nima bo’lgandayam, nevaralaringiz o’zingizga o’xshab odobli, esli-hushli. Anavi Sottixonning g’irtmakchasi biram shumshuk bo’ptiki, asti qo’ying. O’tgan-ketganga tinchlik bermaydi-ya!
Sorabonuning yuzi yorishdi: uning ham diliga tugib qo’yganlari bor, axir! Shu mavzuda gap ochildi, yaxshi bo’ldi.
– Shuni ayting, qo’shnijon, – dedi u Mastonning og’zidagini darhol ilib olib. – Qo’li qichimay o’lgur, nevaraginamni urib, hammayog’ini mo’mataloq qilib yuboribdi, qoshi-ko’zini bilib bo’lmaydi bechoraning. Sottixon indamabdi, tomosha qilib turavergan-da. Mundoq ajratib qo’ysa, tug’i pasayib qolmasdi.
– Ko’mirdan oqlik, temirdan yumshoqlik tilama, derdilar otam rahmatli. Sottixon kim bo’libdi, ranjiysiz. Tavba, kap-katta xotin-u, qiladigan ishi… Siz bilan biz xolos: past-balandini o’ylab ish qilamiz.
Fikrlarining bir yerdan chiqayotgani ikkala kampirga ham moydek yoqib tushdi. Sorabonu, muhim sirni oshkor qilmoqchidek, atrofga o’g’rincha alanglab, shivirladi:
– U yog’ini surishtirsangiz, Sottixon qarib quyulmaganlardan, bo’lmasa, ellikdan o’tib ham tug’averadimi?
Kampirlar tomoqlarini kilkillatib qiqirlashdi, ko’ngillari yayradi.
Kampirlarning ko’nglini yayratgan gap chin edi: Sottixon yangi kelinchakligida orqama-ketin ko’rgan uch qizdan so’ng, uzoq yillar tug’may qo’ygan edi, yoshi ellikka borib to’satdan yana homilador bo’lib qoldi. Yurib-yurib o’g’il tug’di! Sottixonning-ku necha yillik armoni ushaldi, qishloq xotinlariga esa, yangi ermak topildi. O’shandan beri, mana, o’n ikki yildir, bu g’aroyib hodisa tafsiloti el og’zidan tushmaydi…
– Hazilingiz bor bo’lsin-da, Soraxon, – dedi Maston quvlik bilan iljayib. Ko’nglidagi g’ubor xiyla tarqalgan, qo’shnisini ham o’ziga og’dirib olganidan benihoya mamnun edi u. Qo’lini fotihaga ochib, uzundan-uzoq ming’irladi, so’ngra o’rnidan turdi. – Mayli, o’rtoq, men chiqay endi, sizniyam rosa ishdan qo’ydim.
– Gaplashib o’tiribmiz-da, qo’shnijon. Ish degan zormanda o’lganda ham tugamaydi, – dedi Sorabonu. – Xo’p, xayr bo’lmasa.
Mastonni kuzatib qo’ygach, chala qolgan ishini davom ettirishga o’tirgan Sorabonu miyig’ida jilmaydi: “Hmm, ayyorlikni qarang, ilonning yog’ini yalagan-a…”
Oradan bir choy damlash fursati o’tar-o’tmas ikkita ishtoncha tayyor bo’ldiyu ko’cha eshik tag’in g’iyqillab ochildi. Halpillagan ko’ylagining etagi bilan yerni supurib, Sottixon kirib koldi. Ishtonchalarni yana bir chekkaga yig’ishtirib qo’yishga to’g’ri keldi. Ko’nglida har qancha ranjiyotgan bo’lmasin, Sorabonu mehmonga peshvoz chiqdi.
– Xizr bo’p keting-e! Hozirgina xayolimdan o’tib turuvdingiz-a, – deya mulozimat qildi u.
Sottixonning bir ko’zi oftobdan yoshlanaverib, allaqanday dardga chalingan edi, shu shilpiq ko’zini yengining uchi bilan to’sib kuldi.
– Xizrdan qaerimiz kam, Bonu! Qarilik – avliyolik, derdilar onam rahmatli.
Ikki qo’shni shu tariqa odob bilan bir-biridan hol-ahvol so’rab, to’shakka cho’kishdi. Suhbat kuni kecha armiyadan bo’shab qaytgan tolko’chadagi Mamarayimdan boshlandi. “Mamarayim askarlikka ketmasidan oldin hivichdekkina bola edi. Endi-chi! Yuzlari to’lishib, gupchakdek semirganini qarang”, deya kampirlar hayratga tushdilar. “U yoqda oshpazlik qilgan emish, oshpaz bo’lmaganida bunaqa semirarmidi”, deb o’zlarini ovutdilar. Ularning aytishicha, endi qishloqning manaman degan qizlari ham Mamarayimning qo’ng’ir tusli mo’yloviga, ko’kragidan chiqib turgan ajriq misol yollariga kishibilmas nazar tashlab yurganmish, tinchini yo’qotganmish. Yana kim biladi, deysiz, gapiraman desa gap ko’p, eh-he…
Nihoyat, Sottixon o’g’lining tezroq borib, Mamarayimga o’xshab qaytishini orzu qildi.
– Yaxshi niyat – yarim mol, aytganingiz kelsin, – dedi Sorabonu uning ko’nglini ko’targan bo’lib. Gapni o’z-o’zidan bolaga keltirib taqagani Sottixonga qulay keldi, muddaoga ko’chdi – ko’rpachadan chiqib turgan qavima ipning uchini barmoqlari orasiga olib yumaloqlarkan, asta dedi:
– Kecha qoqvosh o’g’ilcham nevarangiz bilan salgina aytishib qopdi, Bonu, eshitib biram xafa bo’ldimki… Ishtonini yechib, bir-ikki savaladim ham. Ishqilib, siz mendan…
Sottixonning gapi og’zida qoldi – Sorabonu ko’ngilsiz holatning oldini olishga shoshildi:
– Qayoqdagi gaplarni ko’tarib yurasiz-da, qo’shni. Kelib-kelib sizdan xafa bo’lamanmi? Yosh bolaning fe’lini bilasiz-ku: bugun urishadi, ertaga yana apoq-chapoq. Esli-hushli odam sira bolaning o’rtasiga tushmaydi. O’libmanmi…
Sottixon dadillandi:
– O’zimsiz, Bonu, o’zimsiz, – dedi u suyunib. – Lekin… tiliga kuch berib, pashshadan fil yasab yurganlar ham bor-da.
Sorabonu suhbatdoshining og’zidan ko’z uzmay o’tirarkan, beixtiyor: “Hozir Mastonni aytadi, qarab turing-a, Mastonni yomonlashga tushib ketadi hozir”, deya xayolidan o’tkazdi. O’ylagani chin chiqdi.
– O’g’ilcham nimagadir Mastonni xushlamaydi. Yoshligidan shunaqa – iqi suymaydi, – deb so’zida davom etdi Sottixon. – Oldinlari uni ko’rasolib pinjimga tiqilardi, endi bo’lak qiliq chiqaribdi – jig’iga tekkani-tekkan. Necha marta aytdim, o’zingdan kattani mazax qilma, yomon bo’ladi, dedim, qani quloq solsa. “Shu kampir yalmog’izga o’xshaydi”, deydi. Hi-hi-hi… Bilasizmi, Bonu, yosh bola yaxshi-yomonni darrov ajratib olarkan. Bir balosi bordirki… Hi-hi-hi…
Sorabonu bundan atigi yarim soat oldingi, Maston bilan qurgan suhbatini esladi, “Hammang ham bir go’rsan!” deb qo’ydi ichida. Lekin sir boy bermasdan, uning gapini ma’qulladi:
– Bo’lsa bordir. Axir, yoshligidan shallaqi edi, bilasiz-ku buni. Odamlar hozir faqat o’zini o’ylaydi. Otasini tanimaydigan zamonlar keldi, qo’shni. Siz bilan biz, xolos… orqa-oldimizga qarab yuramiz.
Sotti shilpiq jon-dilidan suyundi.
– Go’dakligidan aql kirmaganidan keyin, qariganida go’r bo’larmidi! Ha, mayli, har boshga ne kelsa – fe’lidan.
Sorabonu bilan Sottixonning gangir-gungur suhbatlari shu yerga yetganida uzildi: hovliqib Maston kirib qoldi.
Aslida, uning bu tuyqus tashrifi tasodif emasdi. Boya Sorabonu bilan xayrlashib chiqqanidan so’ng ko’chaning huv boshidagi kichkinagina do’koncha qarshisida boshqa bir qo’shnisi – Qumrinisoga duch kelib, ikkalasi xiylagacha valaqlab turishdi. Bir payt uzoqdan Sotti shilpiqqa ko’zi tushdiyu gap orasida uni zimdan kuzata boshladi. Sotti shilpiq Sorabonuning uyiga qarab burilganidan so’ng esa, tinchini yo’qotdi. Qulog’i hamon Qumrinisoning og’zida, fikri-zikri Sorabonularnikiga ko’chdi. Chidayolmadi, Qumriniso bilan gapni qisqa qildi-da, bu yoqqa jo’nadi…
Maston Sorabonuning Sotti shilpiq bilan bemalol yoyilib, chaqchaqlashib o’tirganini ko’rib, bir fursat esi og’ib turdi. Bisotimni rosa titkilashgandir, deb o’ylab xunob bo’ldi, yuzi burishib ko’zlari mug’ambirona qisildi.
Daf’atan qiziq holat yuz berdi: kim kimning oldida aybdorligi qorong’i, lekin uchala kampir ham bir-biridan xijolatda, go’yo o’rtada bir nima yo’qolgan-u, kim olgani noma’lum…
Nihoyat, Maston hushini yig’di; Sottixon bilan quyuq ko’rishdi-da, Sorabonuga qarab, kulib, dedi:
– Qarigan sayin esimizni yeb qo’yyapmizmi deyman. Boya xamirturushga chiqqan edim, parishonlik qursin, indamay ketaveribman. Shunga…
– Voy o’lmasam, aytmabsiz-da menga. Hozir opchiqib beraman, – deb Sorabonu shosha-pisha oshxona tomon yurdi. Zum o’tmay yarim bo’lak xamirturushni yo’l-yo’lakay qog’ozga o’rab, ko’tarib chiqdi. – Gapga ovora bo’lib…
Maston xamirturushni oldi-da, Sorabonuning hayhaylashiga qaramay, iziga qaytdi.
Sottixon ham tipirchilab qoldi: bu yerda o’tiraversa, Mastonning xayoliga har balolar kelishi mumkin. O’rnidan turaqoldi. Xayrlashdi.
– Kiring, Bonu, dardlashib o’tiramiz. Endi bundan bu yog’i odam odamga g’animat. Xo’pmi?
– Qani, vaqtga qarab… – deganicha Sorabonu ikkala kampirni ostonagacha kuzatib qo’ydi.
Sottixon bilan Maston eshik oldida bir-birlariga yo’l berib, mulozimat qilib picha turib qoldilar, so’ngra, xuddi kelishib olgandek, baravariga ostona hatladilar. Eshikning ikkinchi tabaqasi taraqlab ochilib ketdi. Maston o’zicha, Sottixon o’zicha mulzam bo’ldi, ko’z ko’zga tushgach esa, xijolatli holni kulgiga aylantirib yubordilar. Eson-omon ko’chaga chiqib olib, eshikdan sal uzoqlashgach, Maston ortiga bir o’girilib qaradiyu qiqirlab, dedi:
– Xudo olsin, eshigi muncha tor bo’lmasa, naq qo’ymichimdan ayrilib qolay dedim-a.
– Odamning eshigi ham, tuynugi ham fe’liga qarab bo’larkan-da, opa, – dedi Sottixon ham qiqirlab.
To muyulishga yetguncha Sorabonuning “molxona tuynugiday” tor eshigini muhokama qilib bordilar, keyin Maston so’zni boshqa yoqqa burdi:
– Uyga kiramiz, Sottixon, achchiq choy damlab beraman.
– O’zingiz yuraqoling, opa, mening choyim tayyor, dasturxonim yozig’liq, – deya iltifot qildi Sottixon. – Shu Sora qurumsoqnikiga kirib tomoqlarim qaqrab ketdi,
– E-e, nimasini aytasiz. Mehmon keldi-yu, o’rnidan turay demaydi-ya!
– Qo’ying shuni! Asli, tagi past, odamgarchiligi yo’q… Mehmon kutishda sizga yetadigani yo’q-da, opa.
– Ja-a, maqtab yubordingiz-ku, Sottixon. Lekin, doim sizga havasim keladi – odamjonli, udli-shudli xotinsiz.
– Ha, ishqilib, Xudo jonimizni salomat qilsin! – Shunday deb Sottixon uyi tomon burildi. – Kirmaysizmi?
– Rahmat! O’zingiz kirganingizda bo’lardi…
***
Dunyo keng ekan, odamlari turfa ekan, umr esa – oqar daryo. Men bilganim shu bo’ldi, azizlar. Endi yer yuzidan u kampirlarning izi o’chgan, yer tagida jismi ham qurib bitgan. Bor-yo’g’i o’n yil ichida, demak, hash-pash deguncha…
Oldin Sotti shilpiq olamdan o’tdi. Bu judolik Sorabonu bilan Maston kampirni yetim qilib qo’ydi. Lekin, iloj qancha, ayyuhannos solib qolaverishdi. Molning o’limiga mol chidaydi, odamniki bo’lakcha-da, azizlar.
Keyin… Keyin Maston kampir o’ldi. Dunyoni huvillatib ketdi boyoqish.
Oxiri Sorabonu… Aytishlaricha, jon taslim qilguncha Sorabonu toza qiynalgan emish. O’limidan oldin faqat bir-ikki lahzagina hushiga kelibdi, tilga kiribdi, o’shanda ham zo’rg’a: “Yuragim siqilib ketyapti”, deya olibdi, xolos.
Nachora, dunyo keng, odamlar turfa… ishoning, azizlar.
UY
Xullas, qishloq buziladigan bo’ldi.
Qo’rg’onchada almisoqdan qolgan bir bino bo’lardi. Biladiganlar guvohlik berishicha, qishloqda yakkaxo’jaliklar tugatilib, “kolxoz-kolxoz” bo’layotgan davrlar ulusning yig’inlari tez-tez shu binoda o’tkazib turilar ekan, keyinchalik, alg’ov-dalg’ovlar sal bosilib, musichalar shipga bemalol in qo’ya boshlagach, bu bino qishloqning “Qizil choyxona”siga aylantirilibdi. Shundan beri ne-ne zamonlar o’tdi. Orqa devoriga to’rtta yog’och tirab qo’yilganini demasa, bino yana bir-ikki muchal qaddini tik tutib tura olardi. Biroq endi uning ham umri bitdi.
Bugun shu binoda xuddi burungidek olomonyig’in bo’ldi, xuddi burungidek Qo’rg’oncha ahlining obro’li qismi – qari-qartang, birgadiru hisobchi, eski xotin-qiz aktivlaridan besh-oltitasiyu maktab muallimlari rayondan kelgan vakilning naq ikki soat davom etgan ma’ruzasiga quloq osdilar…
Xullas, qishloq buziladigan bo’ldi.
Haydar ota eshitgan gaplarining hammasini tushunishga tushundi-yu, ayni choqda, hech baloni anglamagandek, garang edi. U odamlarning ketidan bir zum tikilib turdi, quruqshagan uzun-uzun barmoqlarini panshaha qilib gardanini qashladi, so’ng labini cho’chchaytirgancha, tuyayurish bilan uyiga jo’nadi.
Eshikni ochib, yo’lakka kirar-kirmas kampirning kuyunchak ovozini eshitdi:
– Muncha yo’q bo’p ketdingiz? Tez kelaman, deb… Qachon edi choy damlab qo’yganim.
Darhaqiqat, Zulfiniso kampir uning guzardan qaytishini kutib, pastak tok tagidagi so’riga dasturxon yoyib o’tirgan edi. Dasturxonda tandirdan yangi uzilgan ikkita non, piyola, jo’mragi qadoqlangan xitoyi choynak, sopol kosa, labi kemtik qoshiq, bir siqimgina qora mayiz va katta piyolada ertalabdan ortib qolgan qaymoq…
Haydar ota indamadi. Bamaylixotir so’riga joylashib, belbog’iga osilgan qindan chustiy pichog’ini sug’urdi. Kosani oldiga surib, unga non to’g’ray boshladi. Ustidan ikki qoshiq qaymoq solgach, choy quydi. Shundan keyingina boshini ko’tardi. Boyagi gaplarni rayondan kelgan vakil emas, o’zi o’ylab chiqarganu butun olam taqdiri hozir birgina uning qo’liga qarab qolgandek, dedi:
– Qishlog’ing buziladi, kampir! Ihm… O’rniga posilka quriladi. – Shahodat barmog’i bilan kosadagi non to’g’ramlarini shirchoyga bo’ktira turib, “Buni senga men aytyapman!” degan ma’noda iyak qoqdi.
Lekin, kutganichalik, kampiri “hayratdan yoqa ushlab” qolmadi, bu xabar qanchalik olamshumul bo’lmasin, quloqlarining yonidan silliqqina o’tkazib yubordi. Bu bilan go’yo cholga ta’na qildi:
“Yo’q yerdagi gaplarni tashib yurasiz… Shu fe’lingiz qolmadi-qolmadi-da”, degandek bo’ldi. Harholda, Haydar otaga shunday tuyuldi. Ayniqsa, kampiri asta uf tortib: “Choy ham sovib qolgandir”, deganida, cholning ro’y-rost jahli chiqdi.
– Senga o’zi qachon gapirib obro’ topibman! – deya o’shqirib berdi.
– Obbo, kelmasingizdan zahringizni sochasiz-a, bekordan-bekor.
– Ha-a, sizning bezraygan betingizga qosh qoqaylikmi, bo’lmasa? Yangilik aytsang ham bir balo!
Qampir o’zini bosdi. Xotiri jam ekanini ko’rsatib qo’yish uchun piyolani aylantirib choy ho’pladi, ko’zini cholining ko’zlaridan olib qochib, qaerdadir tinmay chirqillayotgan chumchuqni izlab topmoqchi bo’ldi.
Yana cholning o’zi gapirdi:
– Butun qishloq buzilarkan, o’rniga yangi qishloq qurilarmish. Mana shu uying ham buziladi, ovsar!
Orqasidan pichirlab qo’ydi: “Hm-m, choyi soviganmish!”
Kampir piyolani dasturxonga qo’yib, og’ziga mayizdan bir dona tashladi.
– Nimaga buziladi?
– Ana xolos! Ovsarsan, desam yer tepinasan, aslida, ming karra ovsarsan! Hozirgina aytib turibman-a, o’rniga posilka qurilarkan, deb!
Kampirning ko’zlari qisildi, kavshayotgan noni danakdek bo’lib lunjida qotdi.
– Men ovsar bo’lsam, siz hovliqmasiz! – dedi u. – Gapingizning hech boshi-keti yo’q. Axir endi ikki yil bo’lyapti-ku buni qurganimizga!
Haydar ota qayrilib, eshik-derazalari bo’yalmagan, devori oqlanmagan imoratga bir nazar tashlab qo’ydi; ko’p narsalarni xotirladi. Og’iz juftlagan edi, ovozi chuldirab, hazin chiqdi:
– Bari bir buzmasdan iloj yo’q, eldan qolsak, bo’lmas.
– Yangisini qanday qurasiz?
– …
– Yakka to’sin tom ko’tarmas, – deya kampir o’zining so’rog’iga o’zi javob qila boshladi. –Bunisini tikka qilguncha belimiz bukchaydi. Uy qurish oson bo’pqoptimi! Kattasi cho’lda bo’lsa, kichigi shaharda – kim bizga tirgak bo’ladi? Qizlardan umid yo’q: o’zlarining eri, o’zlarining uyi bor, siz bilan menga tasalli berishdan boshqasiga yaramaydi ular.
Kampirning gaplari qanchalik jo’yali bo’lmasin, cholning oriyati qo’zidi.
– Qizlaringni oraga suqma, ahmoqmasman-ku men ham! – dedi u chinqirib. – Muqimjonni bo’lsa, chaqiramiz, yetadi shaharda sanqigani! Undan keyin… odamlar ham tashlab qo’ymas, maylisda hamma, qishloqni hashar yo’li bilan quramiz, deb qo’l ko’tardi-ku!
Zulfiniso kampirning miyasiga lop etib: “Yana mijg’ovlanyapti!” degan o’y keldi.
– Ko’ramiz qurganingizni! – dediyu dast o’rnidan turdi. Allanimalarni g’o’ldirab, so’ridan nari keta boshladi.
Chol qichqirdi:
– To’xta! O’zingdan-o’zing ming’irlamasdan, menga eshittirib gapir! Qani?
– Eshitsangiz ham, eshitmasangiz ham gapim shu: Muqimjon qishloqqa qaytaman desa, xotinini mana bu yerga o’tirg’izib qo’yib, uy qursin! Bo’lmasa, besh kunlik umrim qoldimi, yo’qmi – menga uy kerakmas!
Kampir “Gapim tamom!” degandek bir harakat bilan, hech qanday ehtiyoj bo’lmasa-da, og’ilxonaga qarab yurdi. Birpasdai keyin u yoqdan shang’illagan ovozi eshitildi: “Nari tur tepkilamay! He, hayvon! O’zi bitta-yu, iflosi butun boshli permanikicha bu Xudo olgurning!”
Kechqurun chol-kampir qo’shnining bolasini chaqirib chiqib, shahardagi kenja o’g’illariga xat yozdirishdi. Xat bir talay salom-alikdan so’ng, bunday davom etardi:
“O’g’lim, sen kelguningcha uylarimiz buzilib ketadimi hali. Chunki hammaning uyi buziladi, o’rniga posilka qurilarkan. Bugun eski choyxonada maylis qilib, shunaqa deyishdi. Seni o’qitgan domla bor-ku, O’rozmat tegirmonchining o’g’li, o’sha o’rtaga chiqib: “Bizga qoziq qoqib beringlar, qishloqni o’zimiz quramiz! Elimiz mehnatkash, mard. Axir, Farg’ona kanalini qazgan xalq bu, qishloq-ku qishloq, hasharga chorlasangiz, butun olamni qayta qurib beradi xalqimiz!” deb yubordi. Endi, o’g’lim, o’zing bilasan, biz, chol-kampir, belimiz bukchayib, munkillab qoldik, eshik tiq etsa, Azroilni poylab yotibmiz, yangi qishlog’imizni ko’rish bizga nasib qiladimi, yo’qmi – Xudo biladi. Akang bo’lsa, o’zi bilan o’zi ovora, sezon-sezon deb yarim yilda bir keladi, xolos. Yonimizda endi sen tursang, deymiz. Shunday qilib, bolam, xotin, bola-chaqangni olginu ko’chib kelaver. Ko’zimiz ochiqligida shu yerda tinchib ketsang bo’lardi. Erta-indin hukumat yer bo’lib bersa kerak, biz nima qilaylik – shuning xabarini ber. YO vaqt topib, o’zing bir kelib ket! Nevaralarimizni o’pib qo’y, xo’pmi. Duoi salom bilan, otang”.
– Yetadi, – dedi chol og’ir-og’ir nafas olib.
Kampir namli ko’zlarini yengining uchi bilan artarkan, shivirladi:
– ”Onang” ham deb qo’shib qo’y, bolam.
Shu gapdan rosa o’n kun o’tib, Haydar otaning uyiga yana qo’shnining bolasi chiqdi.
Vaqt peshindan oqqan, havo qilt etmaydi. Kampir qopdeq ko’ylagining ko’krak burmasidan tutib, hadeb yelpinadi. Chol teran o’yga cho’mgan. Xatni ikki-uch qayta o’qitganidan keyin, salmoqlab
bunday dedi:
– Bolaning turmushi chatoqqa o’xshaydi xatining ma’nisidan. Zoti-nasabi tayinsiz bir qizga uylanib olib, yegani qalampirtuz bo’pqoldi-yov shuning…
– O’zimiz aybdormiz, vaqtida qattiq turmadik. Bo’lmasa, qishlog’imizda qiz urug’i qurib ketganmidi! O’zi yoqtiribdimi, o’ziga buyursin, dedingiz siz ham. Mana, oqibati… – Kampir, keling, shuni gapirmaylik, qabilida choliga iltijoli boqdi. Xiyol o’tmay, yuzi yorishib ketdi:
– Uni-buni qo’ying, bolam to’g’ri yozibdi, o’zi kelgunicha biz rayondanmi, sovxozdanmi yordam so’rab turaylik!.. Tavba, burnimiz tagidan narini ko’rmaydigan bo’pqopmiz o’zi. Bolam shahar ko’rgan-da, biladi! Yordam qilishlari kerak, debdimi, tashvishimiz bekor.
Nima qilarini bilmay, boyadan beri zerikib o’tirgan bola xatni to’shakning qatiga tiqib, sekin chiqib ketdi. Chol-kampir hatto sezmay qolishdi.
– Noma’qul gapni qo’y, kampir, – dedi Haydar ota. – Bir kamim endi, shu yoshga kirib, odamlarga kulgi bo’lish qoluvdi.
– Kam-ko’stini so’rashning nimasi ayb? Bir dona yog’ochimiz bo’lmasa, kesagimiz, bo’lmasa, bor-budimizni yig’sak, bitta tovuqkatakkayam yetmasa, yordam so’raymiz-da, nimasidan uyalasiz?
– Hashar qilib quramiz, deb maylisda katta ketib qo’ydik, endi bo’ynimni egib borishim kerakmi? Yo’q!
“Shalviramay keting! Og’zingizdagini oldirib, rahmat ham deysiz shu turishda”, deb kampir xunob bo’lib ko’nglidan kechirdi. Tashida esa, boshqa gapni aytdi:
– Nima, hashar qilamiz, deb siz aytibsizmi? Aytgan bo’lsa, O’rozmat tegirmonchining o’g’li aytgan. O’zi, shu ma’lim juda mahmadana… Kim aytadi sizni, bir paytlar kolxoz aktiplaridan bo’lgan, deb! Ijroqo’mgami, rayqo’mgami ayting shuni. Eshilsak, eshilaveramiz-da, birov kelib qumg’onimizni qaynatib berarmidi.
Xotin kishi bari bir xotinligiga borarkan-da. Nima, bitta Haydarmi kolxoz uchun jon kuydirgan? Do’ppi tor kelib qolganida bari burnini osiltirib rayonga chopaversa… Yo’q, buni qayoqdan tushunsin?
– Qiziqsan-a, kampir, he yo’q-be yo’q, dunyoning tashvishi senga tushganday uvvos tortasan. Shoshmay tur, oldin ko’raylik, odamlar nima qilarkin, ana undan keyin bir nima desang, arziydi.
Zulfiniso kampirning sabr kosasiga bir tomchigina yetmay turgan edi, tomdiyu u tilini tiyolmay qoldi:
– Qo’ying-e, qo’rqoqlik ham evi bilan-da! Menga desa, o’lib ketmaymizmi! – deya baralla yig’lab yubordi. – Bolalarimni o’ylayman, boshqalardan kam bo’lmasin, deyman! Mening kunim ularning boshiga tushmasin, deyman!
Cholning zahil yuziga gup etib qon tepdi. Tirnog’ining uchidan miyasigacha bir nima shiddat bilan kuydirib o’tdi va shu ondayoq, kun issiq bo’lishiga qaramay, eti uchdi. “Ko’nglingdagini aytmaganing ma’qul edi, kampir! – deb iztirob aralash o’yladi u, – Turmushingdan noliganing chatoq bo’ldi… Mayli, boraman, bormagan ham nomard!”
***
Haydar ota bozor-o’char uchun rayon markaziga tushib turardi, bu ko’chadan ham necha bor o’tgan, ammo ijroqo’mning yangi binosini bunchalik yaqindan birinchi marta ko’rib turishi. Oldi keng maydon, ikki tarafi gulzor, o’rtada ixcham-ixcham marmar hovuzchalar. Gulzorning nariyog’ida rang-barang mashinalar safda turgan askarlardek bir tekis tizilgan. Yo’lakdan turfa odamning oyog’i uzilmaydi: do’ppililar, shlyapalilar, oriqlar, semizlar, tajanglaru beg’amlar – hammasi yuziga jiddiy tus berib, kirib-chiqib turibdi. Haydar otaning og’zi ochildi: “Bari hukumatning odamlari-da!..”
U shu damgacha hiyla dadil edi, binoning salobati bosdimi, yuragiga g’ulg’ula tushib, esankiray boshladi. Zinadan ko’tarilib, ichkari kirarkan, oyog’i qaltirayotganini sezdi. Aqli-hushini yig’ib ulgurmasidan, ostonada kimdir uni to’xtatdi:
– Yo’l bo’lsin, ota?
– Ijroqo’mga, bolam.
O’sha kishi unga boshdan-oyoq razm solib chiqdi va:
– Oyoq-poyog’ingizni artib kirsangiz bo’lmaydimi, ota? – dedi. – Uni qarang.
Haydar ota oyog’iga qaradi, qizardi. Polga uzun zangori gilam to’shalgan, hammayoq toza, yalagudek. U bo’lsa… “Kalish – kalish emas, bir hovuch chang!” deb koyindi ichida.
Haydar ota u yer-bu yerini qoqib, qayta kirganida unga hech kim e’tibor bermadi, biroq o’zi hamon dovdirar edi. Dam kalishiga, dam boyagi kishiga qaray-qaray, gilamni bosmaslikka harakat qilib, o’tib ketdi.
“Uchinchi qavatga chiqasiz!” degan ovoz eshitildi ortidan. .
Uchinchi qavatda, so’rab-surishtirib, kerakli xonani topdi.
– Mumkinmi, qizim?
Kotiba qiz peshonasi tagidan bir mo’ralab qo’yib, ishini qilaverdi.
– Ijroqo’m bilan gaplashmoqchiydim, qizim.
– Kiring. Nega ostonada turibsiz, kiravering, qanday masala bilan keldingiz?
– A?
– Nima ishingiz bor edi, deyapman.
– Ikki og’iz, o’zlariga…
– Unda picha kutib turasiz. Hozir bandlar.
Jigarrang, bahaybat eshikni ohista yopib, Haydar ota uzun yo’lak devorlariga osilgan suratlarni tomosha qilishga tushdi. Shu bilan barobar, o’zining bu yerga kelish sabablarini xayolan mulohaza qila boshladi.
Kecha sovxoz hisobchisi yo’l bo’yidan sakkiz sotix yer o’lchab berib, qirq so’mini olib ketdi. Bir me’yor shart-sharoitini ham tushuntirdi: quradigan uyingizning eni shuncha bo’lishi kerak, bo’yi shuncha, derazalari ko’chaga qarasin, poydevorini baland qilgan ma’qul, uy yorug’ bo’ladi va hokazo… Bo’lmasa, posilkaga o’xshamay qolarmish. Cholning ichi og’ridi, lekin alamini yuziga chiqarmadi. Qarnaychining ishi puflashki, puflaydi-da, dedi-qo’ydi. Hozir nima ko’p, uy qurayotgan ko’p. Bozorda yog’och-taxtaning narxi osmon bo’yi sapchigan, eshik-derazaning esa, yaqiniga yo’lab bo’lmaydi: to’rtta deraza, ikkita eshik olish uchun yarim yil pochtachining qo’liga qarash kerak. Bular-ku, mayli, uddasini qilib bitta uyni tiklab olsa bo’ladi, axir, boshqalarning ham sandiqda bosib qo’ygani yo’qdir. Ammo… .
“Ammo-lekin, yordam so’rab kelganim chakki bo’ldi, – deya u o’y o’ylashda davom etdi. – Esipastlik qildim. Arzimagan narsani deb… Mendaqa arzchi sonming, ijroqo’m esa – bitta! Butun boshli rayonni so’rasinmi, borib menga kesak yumalatib bersinmi?!”
Yarim soatlar o’tkazib, Haydar ota yana ikkilanibgina eshikni ochdi. Bu safar qiz boshini keskinroq ko’tardi.
– Ishingiz shunaqa zarilmi? Judayam shoshib turgan bo’lsangiz… mayli, ertaga kelaqoling. Aslida, mehnatkashlarni qabul qiladigan kunlari – ertaga.
– Shoshilayotganim yo’q, qizim. Shoshilib qayoqayam borardim. Shunday… Bo’pti, poylab turaman.
Yo’lakning tomosha qiladigan joyi qolmadi. Cholning ko’ngli besaranjomlandi. Katta gunoh qilib qo’ygandek, o’zidan-o’zi xijolat bo’la boshladi. Nima qilsin? Pastga tushib chiqsinmi? Yaxshisi, es borida etakni yig’ishtirish kerak!
Mana shunday kalovlanib turganida, qarshisida lapanglab, o’rta yashar bir kishi paydo bo’ldi. U cholga yaqinlashgan sari sekinlab, so’ng ajabtovur qiziqish bilan boqib o’tdi. Beixtiyor ko’z ko’zga tushib, Haydar otaning negadir g’ashi keldi va darhol yuzini o’girdi. O’tib ketgach, ortidan kuzatib qoldi. U odam to’g’ri borib qabulxona eshigini ochdi va xushchaqchaq tovush bilan:
– Salom, Halimaxon! Qalay, zerikmasdan o’tiribsizmi? Karim Uzoqovich shu yerdamilar? – deya ichkari kirib, ko’zdan g’oyib bo’ldi. Zum o’tmay, xuddi xotini egiz tuqqandek, og’zining tanobi qochib chiqib keldi.
Haydar otaning tishlari g’ijirladi. Negadir shu odamni yoqtirmadi, negadir undan begonasiradi va tuyqisdan qishlog’iga ketgisi keldi. Bu orada hatto nima uchun kelganini ham unutdi.
O’n chaqirim yerga atay bordi, kunini kech qildi, bu ham yetmaganidek, ikki qo’lini burniga tiqib kelaverdi. Shunday holda endi kampirining ko’ziga ko’rinishi kerak. “Borib turgan o’jar-a! O’jarki, surdan battar!” deb xunob bo’ldi chol.
Yo’lni kesib, choyxona tarafga o’tdi. O’tdiyu choyxona ham, u yerda odatdagidek g’iybatni choyga qo’shib ermak qilib o’tirgan bekorxo’ja ulfatlari ham hozir yuragiga sig’masligini angladi. Ortiga qaytdi.
Qo’rg’onchani asta-sekin qorong’ilik qoplay boshlagan, havo kunduzgidan sal yumshagan edi.
U to uyiga yetgunicha nimalarni o’yladi, qanday qarorga keldi – yolg’iz o’ziga ayon. Bizga ko’ringani esa, boshini quyi solintirib, nigohi bilan yer chizib borgani bo’ldi, xolos.
Zulfiniso kampir betoqat o’tirgan ekan, ayvon supasidan tushib, halpillab keldi.
– Yo’liqdingizmi?
– Ha-a… – dedi chol cho’zib. Ortiq darajada toliqqan yoki benihoya quvongan odamning tovushi shunaqa chiqadi. – Ovqat-povqat qildingmi?
Qampir hayron boqdi.
– Beg’am bo’p keting-e! Biror marta ovqat qilmay yuruvdimmi? Ketganingizdan beri orqangizdan jonim halak, siz bo’lsangiz, ovqat, deysiz.
– Hovliqmasang ham aytaman o’shani. Oldin ovqatingni opke, yeylik, gap bo’lsa – qochmas.
Kampiri to’zimsiz jikillagani sari Haydar ota ichdan yayrar edi.
– Bir og’iz gap bilan odamning ko’nglini tinchlantirib qo’yish shunchalik qiyinmi?
– Muncha sodda bo’lmasang, axir! Hukumat idorasini ko’rmabmanmi, hukumat odamlari bilan gaplashmabmanmi hech! Ay, sen-a… – So’ngra kulimsirab hikoya qilishga tushdi: – Bordim. Eh-ha, sen u binoning ichlarini ko’rmagansan. Ko’rmaysan ham! Men bo’lsam. shartta kirdim, to’g’ri ijroqo’mning oldiga chiqdim. Hammadan tepada o’tirarkan. O’zi kutib oldi. Yoshgina yigit ekan. Biram xushmuomala, biram shirinso’z, gap bilan jonni oladi, degin. Odam degan mana shunaqa bo’lsaykan! Qo’shqo’llab, xo’sh xizmat, deb turibdi. Men hammasini aytdim… – Haydar ota, go’yo aslida ham shunday bo’lgandek, zavq-shavq bilan so’zlar, beixtiyor o’zi ham bunga ishonib borar edi. Gapning muhimi hali aytilmaganiga qaramay kampirining chehrasi xiyla ochilgan edi. Nihoyat, chol gapiga yakun yasadi: – Bor endi, ovqatni opke!
– Ishqilib, yordamga ko’ndirdingizmi?
Cholning g’azabi burnining uchida pinhona turgan edi, dabdurust tiliga ko’chdi:
– Uf-f, bo’ldi-da, endi! Muncha ezmalanasan? Yordam qilmay ko’rsin-chi… Yordam qiladi! Yo’q desa, men ham qo’yarmidim!
Shuni aytgach, Haydar ota kampiridan ko’z uzdi. Oyoqlarini so’ridan pastga osiltirib, yostiqqa yonboshladi. Tok barglari orasidan, ko’kda birin-ketin paydo bo’layotgan milt-milt yulduzlarga termilgancha, sukutga cho’mdi.
“Ke, qo’y, kampir. Ishimizga boshqalarni aralashtirib nima qilamiz? Sen ko’p ham qayg’uraverma! Mana ko’rasan, hali hammasi ko’ngildagidek bo’ladi! Shuncha yil birga yashaganimiz bilan sen meni bilmaysan, Zulfi, men… Men sen o’ylagandaqa emasman! Faqat… Ijroqo’mni qo’y, sovxoz ham o’z yo’liga, bilsang, Odam Ato zamonidan beri uy qurib kelaman, lekin birontasi bitmay qolgan emas, bitgan! Uyni o’zim quraman, Zulfi, o’zim!”
Shu kuni chol-kampir ishtaha bilan ovqatlanishdi. Qaynatma sho’rva biram mazali bo’libdiki…
Manba: nurulloh.uz