Мирзо Кенжабек. Махтумқули — валий шоир

mahtumkuli
Махтумқули тақрибан йилда Туркманистоннинг жануби-ғарбидаги Атрек (Атрок) дарёси соҳилларида, маърифатли исломий оилада дунёга келади. Отаси Давлатманд Озодий ўз даврининг таниқли шоирларидан бўлиб, унинг шеърий китоби ҳамда «Ваъзи Озод» номли асари мавжуд. Озодий ижоди, айниқса, «Ваъзи Озод» китоби, чамаси, тўлиқ исломий руҳда бўлгани боис шўро даврида етарли ўрганилмаган. Бу китобда муаллиф улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий ижодини яхши ўзлаштирган, айниқса, «Маҳбуб ул-қулуб» асаридан таъсир олган адиб сифатида намоён бўлади.

09
Мирзо Кенжабек
МАХТУМҚУЛИ – ВАЛИЙ ШОИР

Махтумқули Фироғий XVIII аср маърифий шеъриятининг буюк дарғаларидан бўлиб, бутун туркий халқлар учун тушунарли ва севимли шоир, маърифатли сиймо, ориф ошиқ, соҳиби ҳикмат бўлган валий зотдир. Унинг инсонпарварлик, халқпарварлик, ватанпарварлик ғоялари билан йўғрилган шеъриятида пок исломий маърифат руҳи гуркираб, яшнаб туради.

Махтумқули тақрибан йилда Туркманистоннинг жануби-ғарбидаги Атрек (Атрок) дарёси соҳилларида, маърифатли исломий оилада дунёга келади. Отаси Давлатманд Озодий ўз даврининг таниқли шоирларидан бўлиб, унинг шеърий китоби ҳамда «Ваъзи Озод» номли асари мавжуд. Озодий ижоди, айниқса, «Ваъзи Озод» китоби, чамаси, тўлиқ исломий руҳда бўлгани боис шўро даврида етарли ўрганилмаган. Бу китобда муаллиф улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий ижодини яхши ўзлаштирган, айниқса, «Маҳбуб ул-қулуб» асаридан таъсир олган адиб сифатида намоён бўлади.

Давлатманд Озодий шунчаки шоир эмас, балки замон алломаси, тақво ва маърифат аҳлининг пешвоси, авлиёи барҳақ эканини Махтумқулининг бир неча марсиясидан англаш мумкин. Шоир отаси ҳақидаги марсияда ёзади:

Молу давлатларга кўнгил қўймади,
Бу жаҳоннинг ишратини суймади,
Эски шолдан ортиқ пўшиш киймади,
Охират уйи бўлди қасди отамнинг.

«Мункир билмас, мухлисларнинг шакки йўқ, Пайғамбар дастидир дасти отамнинг» сатрлари ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: «Кимки бир олим кишини ҳурмат қилса, муҳаққақ, у мени ҳурмат қилган бўлади» ҳамда: «Ҳар бир муттақий олим менинг аҳли байтимдандир» деган муборак ҳадиси шарифларига асосланган.

Нуқабо дер: уч юз эран кўришди,
Чилтанда отамга назарим тушди,
Нужабо борсам, ҳафттанларга қоришди,
Абдоллардир чин пайвасти отамнинг.

Бу мисралар Озодийнинг шубҳасиз валий зот эканини англатади. Нуқабо, Нужабо авлиёларнинг муайян гуруҳларидир. «Нуқабо» – «нақиб» сўзидан, нақиблар – бирор жамоа ва гуруҳнинг улуғлари, эътиборли кишилари, раислари; «нужабо» – «нажиб» сўзидан, нажиблар – бузургворлар ва танланган азиз зотлар дегани. Абдоллар – валийликнинг қутбдан олдинги мартабасига эришган зотлар, демакдир.

Маҳшар куни ғамсиз кирар беҳиштга,
Ҳар ким чиндан бўлса дўсти отамнинг! —

Бу сатрлар ҳазрати Пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг «Киши охиратда яхши кўрган кишиси билан бирга бўлади», деган ҳадиси шарифларига таянади. Махтумқулидек шариатда собитқадам ва истиқоматда мустаҳкам зотнинг бу муждаси оддий таъриф эмас, балки маъно оламидан етган шавқ натижасидир.
Махтумқули отаси сингари бошланғич таълимни қишлоқ мактабида олади. Кейин Марказий Осиёнинг улкан маданият ва илм-фан марказларидан бўлмиш Кўҳна Хива шаҳрида, «Шерғозихон» мадрасасида ўқийди. Қизилоёқ овулидаги (ҳозирги Чоржўй вилояти, Халаж тумани) Идрис Бобо мадрасасида бир қанча вақт илм олади. У Бухорои шарифдаги Кўкалдош мадрасасида ҳам таълим олган, деган маълумот бор. Хивадаги энг нуфузли ўқув даргоҳи саналмиш «Шерғозихон» мадрасасида Махтумқули уч йил ўқиб, муҳим илмларни ўзлаштириб, Қуръони каримни хатм қилади, ўзи айтганидек, дили очилади, оқ-қорани, ҳақ-ноҳақни, дўст-душманни ажратадиган бўлади. Ёш олим мадраса билан хайрлашув шеърида шукрона туйғуларини бундай ифода этади:

Ҳақдан бизга буйруқ – фарз эрур билим,
Сенда таълим олдим, очилди дилим,
Келсин дея кутар ул Карказ элим,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал «Шерғози».

Ажратарман энди оқу қарони,
Дўст-рақиб, қардошим, Ҳақни, ёронни,
Ўқидим, кўтардим Китоб – Қуръонни,
Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал «Шерғози».

Шоир шеър давомида «Илм, таълим олган сени унутмас», деса, охирида «Асло унутмасман тилло қописин» дея миннатдорлик изҳор этади. Биз бу шеърга «Хивадаги Шерғозихон мадрасаси билан хайрлашув» дея ост сарлавҳа қўйдик. У Хивадан қайтгач, мударрислик қилгани, айни вақтда заргарлик билан шуғуллангани нақл қилинади.

Махтумқули араб, форс тилларини пухта ўзлаштирган, чиғатой – эски ўзбек тилини мукаммал билган. Бу ҳол унинг ижодидаги сўз бойликларидан ҳам аёндир.

Ижодидан маълум, Махтумқули Марказий Осиё ва Яқин Шарқнинг бир қанча диёрларини кезган, Бухоро, Хива, Афғонистон, Озарбойжонда бўлган.
«Занги Бобони кўрсам», дейишига кўра, Тошкентга ҳам келган бўлиши керак.

Наълайни Аршга тождир,
Номи оламга фошдир,
Икки жаҳон муҳтождир —
Араб забонни кўрсам, —

дейишига кўра, Мадинаи мунавварада ҳазрати Пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг муборак равзаларини зиёрат қилмоқ ниятида экани, яна: «Иймоним йўлдош бўлса, Борсам, Каъбани кўрсам» ёки: «Ниятим Каъбадир, хаёлим ҳаждир, Ихлосим бор ҳаж тавофин этмоққа», дейишига қараганда, муборак ҳаж ибодатини адо этмоқни ният қилганлиги англашилади.
Нақлга кўра, Махтумқулининг илк шеъри «Тургил, дедилар» манзумасидир. Шоир шеърда Аллоҳ таоло ато этган маънавий икромни шукрона ва ҳиссиёт билан баён этади:

Бир кеча ётардим, туннинг ярмида,
Тўртта отлиқ келиб, «Тургил!», дедилар,
«Хабар бергайдирмиз фурсат етганда,
Бул ерда эрлар бор, кўргил!» дедилар.

Назарим тушганда ул тўрт мардона,
Кўнглим жўша келди, бошим гардона, —

дея шоир маъно оламида эрлар – валий зотларни кўриб, кўнгли жўш уриб, боши айланганини айтиб, ҳис-ҳаяжонини изҳор этади. Маъно оламидан Махтумқулига инсонларни шеър билан Ҳаққа даъват этиш изни ва истеъдоди берилгани манзума замирида ифодаланган. Бу «Ўғлон, Аллоҳ ёринг, боргил, дедилар» сатридан ҳам англашилади.
Е.Э. Бертельс бу шеърни А.С. Пушкиннинг «Пророк» («Пайғамбар») номли шеъри билан таққослаб, муштарак ва фарқли жиҳатларини топишга уринган. Чунки, унда ҳам «Тургил, эй Пайғамбар, чорла, даъват эт!» деган хитоб бор. Аммо Пушкиннинг «Пайғамбар» шеъри аслида ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида бўлиб, унда, шаққи содр, яъни, болаликда ҳазрати Пайғамбаримизнинг кўкракларини фаришталар ёриб, қалбларини поклагани, кейин эса кўксиларига ҳикмат тўла чўғдек олтин жом жойлаганлари ҳамда ваҳий воқеалари, у зотга инсонларни огоҳ этиб, Ҳаққа даъват қилиш амр этилгани ифодаланган. Шеърдаги: «Восстан, пророк, и вижд, и внемли» («Тургил, эй Пайғамбар, чорла, даъват эт») сатри «Муддассир» сурасидаги «Қум фа анзир» – «Тур ва огоҳ эт!» оятидан олинган. Пушкин ёзади:

Ётардим кимсасиз ёбон ичинда,
Менга ваҳий келди Аллоҳдан шунда:

«Тургил, эй Пайғамбар, чорла, даъват эт,
Иродамга бўйсун, бас, тамомила;
Сен барру баҳрни кезиб, иршод эт,
Инсонлар қалбин ёқ, ҳақ Калом ила!»

Пушкин Қуръони карим таржимасини ўқиб, «Подражание Корану» («Қуръондан иқтибос») шеърий туркумини йилда ёзган бўлса, орадан икки йил ўтиб, йилда «Пайғамбар» деган шеърини битган. Демак, бу орада у ҳазрати Пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг ҳаётларини ҳам ўрганган, дейиш мумкин. Аммо шеърда Пайғамбарга мос бўлмаган ножоиз сўзлар ҳам борки, бу ифодалар шоирнинг ўз шахсига оиддир. Негаки, у шеърнинг илк нусхасида сўнгги байтни ўз-ўзига хитоб қилиш билан якунлаган. Кейин қайта ишлаб, Қуръон ояти маъносини ифодалаган.

Махтумқулининг «Тургил, дедилар» шеъридаги тафсилот зоҳиран ҳазрати Пайғамбаримиз воқеаларига ўхшагани учун Бертельсни қизиқтириб қолган. Ҳолбуки, Ҳазрати Пайғамбаримиз воқеалари ваҳийга ва Қуръонга асосланган, Махтумқули воқеаси эса маъно оламидан етган хабардир. Шеърларда ўхшашлик йўқ, воқеаларда ўхшашлик бор. Бас, Бертельснинг таажжуби илмга асосланмаган, балки зоҳирий ўхшашликдан туғилган мулоҳазалардир.

Махтумқули ўз даврида босқинчилар зулми остида қолган халқни бирлаштиришга, юртни ташқи ва ички душманлардан озод этишга ўз истеъдоди билан ҳаракат қилди. Шоир ёзади:

Устимиздан душман ҳукм сурибдур,
Мўъмин бари жабру жафо кўрибдур,
Ўғил-қизни хор ўрнига берибдур,
Хатарлар ул жойдан сурилсин энди!..

Бошқа шеърида эса шоир эл-юрт аҳволининг кундан-кунга ёмонлашиб бораётганидан, чамандек ватан тиканзорга айланаётганидан фарёд чекади:

Найлайин, кун кундан ёмон,
Эл юртимни тутди туман,
Марг остида ажаб чаман,
Боқ, бу кун ул хорга дўнди…

Ҳамиша эл-юрт дарду армони билан яшаган Махтумқулининг ёниқ шеъриятида шафқат ва зулм, яхшилик ва ёмонлик, мардлик ва номардлик, жўмардлик ва тубанлик каби хусуслар бир-бирига қарама-қарши ҳолда тавсифланади, яхши хислатлар улуғланиб, ёмон хислатлар қораланади.

Махтумқулининг ижоди Қуръони карим, ҳадиси шарифларга, тасаввуф таълимоти, валийлар ҳикматига ҳамда Аллоҳ Ўз ҳузуридан ато этган илми ладунийга асосланган. Унинг сиёсий қарашлари ҳам соғлом эътиқод тамойилларига таянган бўлиб, бу мўъжаз бир илмий тадқиқотга асос бўладиган мавзудир. Давр ҳукмдори – Аҳмад шоҳга бағишланган шеърида шоир: «Сен динни ривожлантир. Шоҳларнинг шоҳисан, исломнинг қувватисан» дейди.

Албатта, шоирнинг сиёсий ғоялари ўз даври тарихи билан изоҳланади.
Махтумқули шеърияти – нурли шеърият. Унинг ижодида дунёвий ва ухровий илм-маърифатдан хабар берувчи савол-жавоб тарзидаги шеърлар алоҳида мавқеъни ишғол этади, юракларни ларзага солади. Адибнинг Турди шоир билан айтишувига диққат қилайлик:

Махтумқули:
– Ул нимадир, ёқаси бор, ёни йўқ?
Ул нимадир, қаноти бор, қони йўқ?
Ул нимадир, одам ютар, жони йўқ?
Шоир бўлсанг, шундан бизга хабар бер!

Турди шоир:
– Ул кафандур, ёқаси бор, ёни йўқ,
Капалакдур, қаноти бор, қони йўқ,
Қаро ердур, одам ютар, жони йўқ,
Биздан салом бўлсин, жавоб шундайдир…

Махтумқули:
– Ул нимадур, емадилар, тўйдилар?
Ул нимадур, қиёматга қўйдилар?
Ул ким эди, товонидан сўйдилар?
Шоир бўлсанг, шундан бизга хабар бер!

Турди шоир:
– Ул дийдордур, емадилар, тўйдилар,
Ул намоздур, қиёматга қўйдилар,
Насимийнинг товонидан сўйдилар,
Биздан салом бўлсин, жавоб шундайдир…

Савол-жавоб шеърларида «тажоҳули орифона» тарзида, яъни билиб туриб билмасликка олиб, замондошининг истеъдоди ва илми-маърифатини синаш учун саволлар ўртага қўйилади. Бу сўроқларга жавоб бериш учун эса истеъдоддан ташқари, кенг қамров, нозик фаросат, улкан илм-ирфон ҳам бўлиши зарур.
Айтганимиздек, Махтумқули фақат истеъдодли шоир эмас, балки улкан аллома, аҳли ҳол, аҳли сирр, аҳли ҳикмат бўлган ориф зотдир. Маъно оламида унинг бир қанча азиз сиймолар билан иртиботи борлиги англашилади. Бир қанча шеърида у ҳақ Пайғамбарлар, машҳур авлиёлар билан боғлиқ тушларини фараҳ ва шукрона билан баён этади. Чунончи, ҳазрати Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳузурида олган файзларини бундай ифодалайди:

Бир кеча ётардим, Шоҳи Нақшбанд
Карами жўш уриб, бир нон кетирди;
Ўнг қўлида бода – гулгун шароби,
Чап қўлида тоза бирён кетирди…

Шеърда Махтумқули Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг маънавий таважжуҳ ва ҳимматларига мазҳар бўлганини ошкор этмоқда. «Бода – гулгун шароб»дан мурод ишқи илоҳий, улуғ валий руҳониятидан етган маънавий таважжуҳ, «тоза бирён» эса ҳикмат натижаси бўлган маънавий насибадир.

Бошқа бир шеърида шоир «сайрон ичинда» – сулукдаги сайр чоғида Пайғамбарлар ва азиз авлиёлардан иборат нафар сиймони кўрганини билдиради ва: Туркистон эгаси – Хожа Аҳмад Яссавий ҳам улар орасида борлигини айтади:

Туркистон эгаси – сарвар,
Имом Қосим, Имом Жаъфар,
Яҳё билан Нуҳ Пайғамбар,
Боязид Султон ичинда…

Шеърда зикр қилинган Имом Қосим – хожагон силсиласидан ҳазрати Қосим ибни Муҳаммад ибни Абу Бакри Сиддиқ, Имоми Жаъфар эса ҳазрати Жаъфари Содиқ разийаллоҳу анҳумо ҳазратларидир. Шеър якунида шоир: «Махтумқули, сирим кўпдур…» деб ўз-ўзига сиғмаётганини, лойиқ сирдош излаётганини билдириб ўтади.

Шоир ижодида илоҳий ишқ мавзуйи алоҳида ўрин тутади. Аммо у кўплаб мумтоз шоирлардек, ижодда мажозий муҳаббатни баҳона қилмайди, балки ҳақиқатни куйлайди. Шоир айтади:

Ошиқлар Ҳақ ишқинда
Ҳайрондадир-ҳайронда.
Кўз интизор изинда
Гирёндадир-гирёнда…

Замонлар ўтган сари, шоирларни ялпи қораловчи, ҳатто уларга нолойиқ айблар тақовчи гуруҳлар пайдо бўла бошлади. Илми ва маърифати саёзлиги ёки нокомил «устоз»лардан таълим олиб, четдан келган дунёқарашларга берилгани сабаблими, баъзилар Қуръони каримда шоирлар ҳақида келган оятларни нотўғри тушуниб, ўзларича таъвил қилади. Ҳолбуки, унда истисно ояти ҳам бор бўлиб, меҳрибон Аллоҳ иймонли шоирлар билан иймонсиз шоирлар ўртасидаги тафовутни аниқ-равшан баён этгандир. Чунончи, Аллоҳ таоло айтади: «Шоирларга йўлдан озганлар эргашур. Уларнинг (сўз водийларидан) ҳар водийда дайдишларини (яъни, ўзларига ёқиб қолган энг тубан кимса ёки нарсаларни ҳам кўкка кўтариб, ёқтирмаганларини тупроққа қоришларини) ва ўзлари қилмайдиган нарсаларни гапиришларини кўрмадингизми?» («Шуаро» сураси, —оятлар. Алоуддин Мансурнинг изоҳли таржимасидан).

Бу оятлар ҳазрати Пайғамбаримизни ва Исломиятни ҳажв қилиб, қоралаган иймонсиз, кофир шоирлар хусусидадир. Кейинги оятда эса Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Магар иймон келтирган ва яхши амаллар қилган ҳамда доим Аллоҳни ёдда тутган ва (илгари) мазлум бўлганларидан кейин (Ислом зафар топгач), Қолиб бўлган (қасдларини олган) кишилар (яъни, шоирлар йўлдан оздиргувчи эмаслар). Золим кимсалар эса яқинда қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар». («Шуаро», -оят).
Бу ояти каримадан шоирларга баҳо беришда асосий мезон иймон-эътиқод, солиҳ амаллар ва Аллоҳни кўп зикр қилиш эканлиги англашилмоқда.
Улуғ ватандошимиз Фақиҳ Абуллайс Самарқандий бу ояти карима шарҳида бундай дейдилар: «Ҳақни – ҳақиқатни сўйловчилар – фақатгина иймон келтириб, солиҳ амаллар қиладиган, Аллоҳни кўп зикр этадиган кишилардир. Шеър ва бошқа нарсалар билан машғул бўлишлари уларни Аллоҳнинг зикридан чалғитмас, аксинча, бу ишлар Аллоҳни янада кўпроқ зикр қилмоққа сабаб бўлур». («Тафсир ул-Қуръон», -саҳифа).

Яна Абуллайс Самарқандий ҳазратлари айтадилар: «Аллоҳни ва Унинг Расулини мадҳ этадиган, инсонларга насиҳат ва ўгит берадиган ҳамда уларни яхшиликка ташвиқ этадиган шеърлар мамдуҳ – мақталмоққа лойиқдир. Бундай шеърларни ёзган шоирлар Аллоҳнинг ҳузурида мақбулдир». (Ўша асар, -саҳифа).

«Руҳул-баён» китобида ҳам мазкур ояти карима тарихий мисоллар билан шарҳланган.
Маълумки, эзгу фикр-ғояларни, ишқи илоҳийни мажоз йўли билан ифодалайдиган шоирлар «Мажоз ҳақиқатнинг кўпригидир» деган ҳадиси шарифга асосланадилар.

Шеър ва шоирлар хусусида бир қанча ҳадиси шарифлар ҳам мавжуд. Чунончи, ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўзда ­ сеҳр, шеърда ҳикмат бор» деб лутф қилганлар.
Саҳобалардан бўлган бир шоир келиб, Пайғамбар алайҳиссаломга: «Аллоҳ таоло шоирлар ҳақида айтган бу сўзлардан (юқоридаги оятлардан) кейин бизларнинг ҳолимиз не кечади?» – дейди. Шунда ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Мўмин киши ҳам тиғи, ҳам тили (яъни, қалами) билан Аллоҳ йўлида курашади. Яратган Эгамнинг номига қасамки, сизлар отадиган ўқнинг тиғи ўткирроқдир», деганлар.

Имом Бухорий ҳазратларининг «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» («Энг ишончли ҳадислар тўплами») китобларида ҳам шеър ва шоирлар ҳақида ҳадиси шарифлар бор.

Имом Термизийнинг «Шамойили Муҳаммадиййа» китобларида эса, ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўқиб юрган шеърлар алоҳида бобда баён қилинган.

Бинобарин, шоирларга баҳо беришда мезон уларнинг иймонидир. Уларнинг иймон-эътиқоди эса ёзганидан маълум. Шу боис, бу масалага инсоф ва соф дил билан ёндашган маъқул. Шоир айтганидек:

Махтумқули, кимки ичин соф этмас,
Маълумдирки, охиратдан хавф этмас,
Ожиз тани ўтли гурзга тоб этмас,
Ё Раб, қандай бўлур ҳоли банданинг?!.

Ҳазрати Жалолиддин Румий, Насимий, Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий, Бобораҳим Машраб, Муҳаммадризо Огаҳий сингари юзлаб мумтоз шоирлар шеъриятида эса комил иймон, ишқи илоҳий порлаб туради. Бу мустасно шоирлар силсиласида Махтумқули Фироғийнинг ўз мақоми бор… Шоирнинг мажоз куйчиси эмас, балки Хожа Аҳмад Яссавий, Сўфи Аллоҳёр сингари ҳақиқат куйчиси экани унинг халқ оммаси орасида ғоят севимли бўлишининг сабабларидан бўлса, ажабмас.

Ҳақ йўлидаги ҳақиқий иймон соҳиблари учун шеърият эзгулик, гўзаллик, поклик ва ҳалоллик, тақво ва садоқат, файзи илоҳий самарасидир. Чунки ҳадиси шарифда айтилганидек, «Ҳикматнинг боши Аллоҳдан қўрқувдир» ва яна: «Шеърда, албатта, ҳикмат бор». Ҳикмат эса Аллоҳнинг хос икромидир. Чунончи, Қуръони каримнинг Бақара сураси, -оятида Аллоҳ таоло: «У (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат ато этур. Кимгаки ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақ, унга кўп яхшилик берилибди» деб марҳамат қилади. Ҳикмат – соғлом ақлга, соғлом қалбга, иймон-эътиқод ва илму ирфонга мувофиқ сўз, барча диний ва дунёвий нарсаларнинг ҳаққоний ҳукмларидир. Махтумқули, шубҳасиз, ана шундай соҳиби ҳикмат зотлардандир.

Махтумқулининг бутун маърифати, исломий муҳаббати, ишқи, шавқи, қайғуси шеърларида акс этади. Шеърият шоир қалбининг кўзгусидир.

Махтумқули шеърияти бани башарга қилинган оташин ва маърифий хитоблардан иборат.
Махтумқули шеърияти Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар маъноларининг шеърий шарҳидан иборат.

Махтумқули шеъриятининг бош йўналиши: иймон-эътиқод, ўлим ва ҳаёт, қиёматнинг ҳақлиги, дунёнинг фонийлиги ва охиратнинг боқийлиги, огоҳлик билан охиратга ҳозирлик кўрмоқ зарурияти каби эзгу ғоялардир.

Махтумқули, сен дам-бадам
Охират сари ур қадам.
Яхши-ёмон – барча одам
Ажалнинг гирифторидир.

Махтумқули шеърияти эзгуликка даъватдир. Фоний дунёга алданманг, дейди шоир.
Маълумотларда Махтумқули ёшликда Менглихон исмли қизни севгани, лекин унга уйланиш насиб қилмагани, кейин шоир Оққиз исмли аёлга уйланиб, ундан икки ўғил кўргани, фарзандлари ёшлигида ўлиб кетгани зикр қилинади. Машҳур шарқшунос Е.Э. Бертельс: «Бундай жудоликдан кейин оилавий ҳаёт шоирга лаззат бера олмагани ҳақиқатга жуда яқин», деган фикрни билдиради. Инсоний жиҳатдан қарасангиз, бу фикр тўғрига ўхшайди. Аммо мусташриқнинг: «Эҳтимол, Махтумқулининг кўпчилик шеърларидаги ғам-алам оҳангларига шоирнинг оилавий бахтсизлиги ҳам сабаб бўлгандир», деган фикри Махтумқулининг маърифати, ишқи, дарди ва ғояларини тўлиқ тушунмаслик натижасидир. Олим келтирган:

Жаҳонгашта девоналар,
Мен каби ҳеч ёнган борми?
Ишқ қурбони – парвоналар,
Ул оловдан қонган борми? –

деган банд эса фақат инсоний-мажозий ишқ хусусида эмас, балки «девоналар», «парвоналар» ифодаларидан англашилиб турганидек, ишқи илоҳий хусусидадир.
Тўғри, шоирнинг севгиси, мусибатли жудолик дард-аламлари ҳам унинг шеърларида акс этган. Аммо шоир ижодидаги «ғам-алам оҳанглари» асло оилавий бахтсизлик натижаси эмас. Махтумқули ориф, ошиқ, дунё ва охиратнинг моҳиятини англаган, ғофиллик, жоҳиллик, гуноҳ-маъсиятлар авж олиб, дунё шитоб билан шак-шубҳасиз қиёмат сари кетаётганини огоҳлик кўзи билан кўриб турган мард инсон, аллома, иймони бутун, қайғуси оламшумул, дарди ҳаётбахш валий зотдир. Ўз-ўзини хор тутиб, айбдор сезиб, осий ва гуноҳкор эканлигини изҳор этиб, надомат чекиши эса солиҳ ва муттақийлик аломатларидандир.

Чунончи, бир шеърида шоир ўз йиғисининг сабабини бундай баён этади:

Кетган келмас йўлиндан,
Ёмон қайтмас феълиндан,
Диёнат халқ қўлиндан
Учди, дея йиғларман.

Ҳозир бизнинг замонда —
Ёмон сўзлар забонда,
Зулм ишлари жаҳонда
Жўшди, дея йиғларман!..

Бинобарин, шоирнинг улуғ дарду Қамини фоний-дунёвий нарсаларга боғлаш инсофдан эмас.
Махтумқули ижоди турли котиблар томонидан кўчирилган юзлаб нусхалардан ҳамда туркман ва ўзбек тилларида такрор-такрор нашр қилинган китоблардангина иборат эмас. Унинг асарлари тўлиқ сақланмаган, ўзи ҳаётлигидаёқ баъзи душманлар шоирнинг қўлёзма китобларини йўқ қилган. «Ёзган китобларим селга олдириб, Кўзларим изинда гирён айлади» сатрлари ҳамда қуйидаги ҳасратли сўзлари бунга далилдир:

Ғофилликда душман олди даштимни,
Тарқатди ҳар ёнга тенгу тўшимни,
Беш йилда бир китоб этган ишимни
Қизилбошлар олиб, вайрон айлади.

Шу йўсин шоир азиз умри гулдек сўлганидан ғам-алам чекади.
Шеърларидан Махтумқулининг пири отаси экани англашилади. Аммо у бошқа кўплаб муршиди комилларни ҳам зикр қилади. Яна кўплаб шеърларида у Хожа Аҳмад Яссавий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий, Сўфи Аллоҳёр, Бобораҳим Машраб ва бошқа валий шоирлар сингари, бир пири комилни излаш, бир муршидга қўл бериб боғланиш зарур эканини таъкидлайди.

Ихлос билан бир комилга қўл берган
Етар бир манзилга, етмайин қолмас;

Ёки:
Оқил бўлсанг, иста бу йўлда бир пир,
Ризқингга кафилдир Аллоҳ – Муқтадир;

Ёки:
Қирқингда тавба айлаб, бир муршидга қўл берсанг,
Кўнглингни бирга боғлаб, азиз Субҳона келдинг;

Ёки:
Пулсирот устинда, ҳайҳот кунинда,
Сўфийларни кароматли Пир чекар, —

сатрлари бунга далилдир. Шунингдек, ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд ҳақларидаги эҳтиромли ва муҳаббатли шеърларидан Махтумқулининг Нақшбандия тариқатига эътимоди кучли эканини пайқаш мумкин.
Махтумқулининг илоҳиёт мавзуидаги шеърлари, жумладан, илоҳий ишқ ва исломий маърифат тараннум этилган асарлари мустамлака даврида хаспўшланди ёки уларнинг моҳияти бузиб талқин этилди. Бу кунги истиқлол кунларида биз кўплаб мумтоз адиблар қаторида Махтумқулининг ҳам илоҳий руҳдаги шеърларини шарҳлаш имконига эга бўлиб турибмиз. Шоирнинг ана шундай теран маърифий маънодаги асарларидан бири «чиқар» радифли ғазалидир.

Гар тутса ҳолимдан хабар, қуруқ оғочдан қон чиқар,
Инсон шароримдан асар топса, танидан жон чиқар.

«Агар менинг маънавий ҳолимдан, дарду ишқимдан хабар топса, инсон у ёқда турсин, ҳатто қуриган оғочдан қон чиқади. Шароримдан – ичимдаги оловдан бир инсон асар топса, бу ишқ ўтининг бир учқуни унга етса, тоғат қилолмай, танидан жон чиқади».

Шоир ишқ дардида, маънавий ҳолини, илоҳий тажаллийлар таъсирини муболаға билан ошкор этаётир. «Қуруқ оғочдан қон чиқар» ифодасида эса, аслида ўз бағрининг қонга тўлганига ишорадир. Қуриган дарахтдан қон чиққач, тирик инсондан жон чиқади.

Қорун қилиб молин адо, сад жон истар – бўлса фидо,
Кун шамъидан бўлиб жудо, нурин қўйиб, пинҳон чиқар.

Агар менинг ҳолимдан хабар топса эди, бениҳоят бойлик эгаси бўлган Қорундек мутакаббир ва хасис кимса ҳам эриб, молини сарфлаб адо қилар, юз жон бу ишқ йўлида фидо бўлишни орзу қилар эди. «Қуёш ўз ойидан жудо бўлиб, ҳатто ўз нурини қўйиб, менинг шароримни кўриб, уялганидан пинҳон чиқар эди».

Қорун – Қуръони каримда зикр қилинган, Мусо алайҳиссаломга замондош бўлиб, адабиётда бойлик ва хасислик тимсолида қўлланади.
Қуёшнинг нурсиз ҳолда пинҳон чиқиши Махтумқулига хос янгича ифодадир.

Бир кўчада бўлсам муқим, дилга кетирсам қадри сийм,
Ҳар кўчаи вайронадан сад ганжи бепоён чиқар.

«Агар шу ишқ дарди, шу маънавий ҳолим билан бир кўчада муқим туриб қолсам ва сийму зарга бирор қадр-қиммат берсам, кўнглимга хазина фикрини келтирсам, ҳар бир вайрона кўчадан юзтадан бепоён – ҳадсиз-ҳисобсиз ганж, хазина чиқар эди. (Аммо менинг бунга хоҳишим йўқ)».

Шоир ўз қалбидаги маънавий хазиналар ҳар қандай дунёвий бойликлардан авло эканига ишорат қилмоқда ва агар мен сийму зар истасам эдим, мендан ғанийроқ киши бўлмасди, аммо менинг ботин хазинам менга кифоядир, демоқда.

Кўнглимга келган нақшлар кўзларга пайдо бўлса гар,
Қўшулса кўп нодонлар, комил бўлиб, мардон чиқар.

«Агар менинг кўнглимдаги нақшлар – илоҳий тажаллийлар, ишқ ва муҳаббат тасвирлари, ҳол манзаралари одамларнинг кўзига кўринса эди, кўп нодонлар бирлашиб, комил бўлиб, марди Худо бўлиб, авлиё бўлиб чиқар эди».

Нақш – матоҳга ўйиладиган хилма-хил ранглар, гуллар, тасвирлар, ёзувлар; тарҳ ва лойиҳа; ёзиқ – тақдир ёзуви; тимсол, шакл; огоҳлик каби маъноларда қўлланади. Шоҳ Баҳоуддин ҳазратларининг касби матоҳга нақш солиш эди. Кейин у зот муридлар қалбига ишқи илоҳийни нақш айлайдиган муршиди комил маъносида Нақшбанд деб номланганлар. Шунга кўра, бу ўриндаги нақш илоҳий ишқ ва илоҳий тажаллийлар маъносидадир.
Нақш – яна соликка, яъни сулук аҳлига Ҳақдан хабар берувчи, уни нафсидан қутқарувчи, ибодатга ва қаноатга даъват этувчи восита, соликни ғафлат уйқусидан уйғотувчи, оворалик сархушлигидан қутғариб, ўзига келишини таъминловчи ҳақ жазбасидир. «Тасаввуф луғати»да шундай келтирилган.

Тариқат – комил инсон бўлиш, илоҳий ахлоқ билан хулқланиш йўли. Адиб ана шу табаррук йўлга ишора қилаётир.

Ҳеч англамай зеру забар, гар топса жазбамдан асар,
«Алиф»дан, «бе»дан бехабар, ҳар дамда бир Қуръон чиқар.

«Зеру забар – арабий ёзув ҳаракатлари нималигини билмаган, «алиф»дан, «бе»дан бехабар инсон агар жазбамдан хабар топса, илоҳий огоҳлик даъвати етиб, ҳар нафасидан бир Қуръон чиқади».

Бу байт юқоридаги байтни тўлдириб, шарҳлаб келди ва нақш илоҳий жазба эканини исбот этди. Ҳақ жазбасидан асар топган жоҳиллар ҳам Қуръонга мувофиқ яшашни ўрганади, дейди адиб.

Жабр этди Жамшид жонига, ким, кирди маъдан конига,
Юз йил кириб поёнига, на Золу на Луқмон чиқар.

«Жамшиддек улуғ подшоҳ ҳам маъдан конига, дунё бойликлари ичига кириб, ўз жонига жабр қилди. Агар дунё хазиналари ичига кирса, ҳеч ким унинг поёнига етолмайди, ундан на Зол чиқади, на Луқмон чиқа олади».

Жамшид – қадимий эрон шоҳларидан бири. У Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарида ва форс асотирида таърифланган машҳур тимсол. Унинг Қаройиб жоми бўлиб, унда дунёнинг ҳамма томони кўриниб турган, деб тасвирланади. Шоир, Жамшиддек машҳур султон ҳам дунё жилвасига алданди, демоқда. Зол – Рустами достоннинг отаси.

Мен ҳам, Фироғий, ул қадар ақлимни қилдим дарбадар,
Бир беҳунар топса хабар, пар боғлабон осмон чиқар.

«Эй Фироғий, мен ҳам ақлимни шунчалик сарсон қилдимки, агар бу ишқимдан, бу жазбамдан бир беҳунар, ғофил хабар топса, унга огоҳлик етиб, қанот боғлаб, осмонга чиқади».

Ғазалдаги барча байтларга асос бўлган нарса адибнинг ҳоли, шарора, ишқ олови, кўнглидаги нақшлари, Ҳақдан етган жазбасидир.

Махтумқули, оз айла сўз, барча қолар тоғу денгиз,
Тупроққа тўлса ушбу кўз, Ҳақдан яна фармон чиқар.

«Эй Махтумқули, сўзни кам қил, гапнинг қисқаси шуки, неча маъдан конлари, олтин ва кумуш хазиналарини ўз ичида яширган тоғлар ҳам, неча марварид ва жавоҳирларни ўз қаърида беркитган денгизлар ҳам қолади, инсон эса ўтади. Инсон вафот этиб, кўзлари тупроққа тўлса ҳам, Ҳақдан яна фармон чиқиб, қиёмат куни у қайта тирилади, ҳисоб-китоб бошланади. Бас, шундоқ экан, иймон-эътиқодингни пок тутиб, Ҳақ ишқида тўғри яша».
Байтдаги «Ҳақдан яна фармон чиқар» жумласи «қайта тирилишга ҳукм бўлади», маъносидадир. Бу байтни шоирнинг бошқа сатрлари билан шарҳлаш мумкин:

Махтумқули, сирим чўхдур,
Мен налайин, очан йўқдур,
Ўлмоқ ҳақ, тирилмоқ ҳақдур,
Ўқудим Қуръон ичинда…

Яъни, Ҳақдан фармон чиқиб, қайта тирилиш Қуръонда билдирилган илоҳий ҳақиқатдир, дейди шоир. Чунончи, Қуръони каримда Ҳақ таоло: «Ўлик ер улар учун (қайта тирилишга) бир оят аломатдир» («Ёсин» сураси, -оят) дейди, «Қиёмат» сурасида эса: «Инсон Бизни унинг (чириб тупроққа айланиб кетган) суякларини ҳаргиз тўплай олмас, деб гумон қилурми?! Йўқ, Биз унинг бармоқларини (ҳам) тиклаб, жой-жойига келтиришга қодир Зотдирмиз» (, -оятлар) деб огоҳлантиради. Бу ҳақда оятлар кўп. Махтумқули ана шу оятларга ишора қилаётир.
Махтумқули XVIII асрнинг 0-йилларида вафот этган. Унинг қабри туғилган юрти – Атрек (Атрок) билан Сангитоғ орасидадир. Шоир отаси Озодий ёнига дафн этилган.

Махтумқули одамзоднинг дарду армонлари билан яшаб, ўз маърифати билан барча халқларга севимли бўлган валий шоирдир.

Оғир мустамлака замонларида Махтумқули шеъриятини такрор-такрор ўзбек китобхонларига тақдим этган муҳтарам таржимон Жуманиёз Шарипов шоир ижодига қўл ураётган барча янги таржимонларга ҳақли устоздир. У кишининг тажриба мактабидан биз ҳам баҳраманддирмиз.

Ушбу «Сайланма» китоби Махтумқулининг йилда «Туркманистон» нашриётида чоп этилган икки жилдлик туркманча «Сайланган асарлари»дан танлаб олинди. Илгари ўзбек тилида нашр қилинмаган шеърлари билан бирга таниш шеърлари ҳам туркманчадан қайта табдил этилиб, китобга киритилди. Биринчи боис, у шеърларга муҳаббатимиз кучли экани бўлса, иккинчи боис – у шеърларнинг баъзиларидан мустабид тузум қолипига сиғмаган айрим бандлар қисқартирилгани, айрим сўз ва иборалар эса ўзгартирилганидир. Бунда уларни тўлиқ тақдим этмоқдамиз. Таржимада ихтиёрсиз йўл қўйилган нуқсонлар учун китобхондан узр сўраймиз. Тўплам хусусида муҳтарам ўқувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини кутамиз.

Ушбу китоб, шубҳасиз, дунё ва охират моҳиятини англашда инсонга мададкор, маънавий озиқ, руҳга қувват, иймонга далда бўлгайдир.

Махтумқули – туркий халқларнинг сайроқи тили, саҳронинг гули, гулнинг булбули, Ҳақнинг содиқ, ошиқ ва ориф қулидир. Аллоҳ муборак айласин!

(Tashriflar: umumiy 1 652, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ушбу китоб, шубҳасиз, дунё ва охират моҳиятини англашда инсонга мададкор, маънавий озиқ, руҳга қувват, иймонга далда бўлгайдир

Izoh qoldiring