Ozarbayjon she’riyatidan: Voqif Ibrohim & Og‘amali Sodiq

04

    Таниқли шоир Миразиз Аъзамнинг турк ва озарбайжон шеъриятидан қилган таржималари ўзбек таржима мактабида ёрқин саҳифа бўлиб кирган. Бундан олдин ҳам унинг таржималарини саҳифаларимизда эълон қилганмиз. Бугун унинг таржимасида икки озарбайжон шоири шеълари билан таништирамиз.

ОЗАРБАЙЖОН ШЕЪРИЯТИДАН:
ВОҚИФ ИБРОҲИМ, ОҒАМАЛИ СОДИҚ
Миразиз Aъзам таржималари
065

09Воқиф Иброҳим
ШЕЪРЛАР

05

Воқиф Иброҳим (Иброҳимов Воқиф Алиёр ўғли; (1945-1983)) Озарбайжоннинг Шаки шаҳрида туғилган. М. Азизбеков номидаги Озарбайжон нефт ва кимё институтини битирган. Меҳнат фаолиятини журналист сифатида бошлаган. Сумгаит шаҳар радиоешиттиришлар редакциясида (1968— 1975), «Улдуз» журнали редакциясида (1975— 1976) ишлади. 1977— 1983 йилларда болаларнинг «Гўярчин» («Кабутар») журналида масъул котиб вазифасида бўлди.  Шеърий фаолиятини 70-йилларда бошлаган. Бир неча китоблари нашр этилган. Воқиф Иброҳим 1979 йилдан Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси ва ёшларнинг севимли шоири  эди.

09

«САЛОМ, СОРВОН» КИТОБИДАН НАМУНАЛАР

БИР КИШИ

Зулм билан топган нонини
ҳар оқшом бўлар уйида —
бир бурдадан ҳар бир жонга —
ўзига, хотинига, болаларига
ва сичқон учун ясатган қопқонга.

СЕВГИ

Ахлат қутиларидан ҳар кун
нон бурдаларини йиғадиган
уй-жойи тайинсиз одам,
бир гал ташлаб кетилган сўлғин гулларни йиғарди
хотинига совға қилмоқ учун.

АҲВОЛ

Айнан вагонларнинг аҳволидаман:
улар учун пўлат рельслардан
чўлга, озодликка чиқишнинг
биргина йўли бор — БАЛО-ҚАЗО.

ҲАЁТ

Тўфонда қочиб уйга кираман,
зилзилада қочиб чиқаман чўлга.
Бошқа ҳеч бир сабаб йўқ эди
Кел-кет учун.

ЖАБРОИЛГА ТАВСИЯЛАР

Яна нималар?
Тўнка пойдевор устида
ҳамиша ям-яшил обидалар?
Яна қаерлар?
Асфалт йўллар узра
тўлиб кетган чуқурлар.
Яна кимлар?
Деразаси камера деворига
тақвим каби осилган маҳкумлар.

КЎПРИК

Бу кун билдимки,
энг эътиборли кўприк сувнинг ўз сатҳи экан,
ҳеч вақт портлатилмайди, бузилмайди.

СУИҚАСД ҚАРОРИГА КЕЛГАН БУ ХОТИН

Суиқасд қарорига келиб
тўшларини қучоқлаган бу хотин
қўллари қўйнида
тугун ташлаётганга ўхшаб кўринар.
Сўнг бора қичқирар:
— шапалоқни сийпалашдан гўзалроқ деб билсангиз,
хотин учун бунинг фарқи йўқдир.
Суиқасд қарорига келиб
айвонга суянган бу хотин
ўйини отмоқ истайди
кўкда визиллаб учиб ўтган бир юлдуз остига.

ХАТЛАР

Фолчининг қаршисида очилган
бу қари қўлларнинг кафти
ҳамон ўша нарсани кўрсатади:
«17 ёшингда муҳаббатингни топажаксан…»

ҚИШЛОҚ

Қишлоқ кўча-кўйларида
биргина учоқларнинг овози
ўзидан ортда қолади.
Ҳеч сўйилган қурбонларнинг ҳам
йўқ бўлмас сўнгги хириллаши,
сўйилган терида қолади.
Қишлоқда айнан шундай кетади
бузоқлар, машиналар, одамлар.
Лозимлари этагини шимарганча
ғишт лойини тепадиган қишлоқ қизларини
тўпиғидан севар қишлоқ ўғлонлари.

ХАРИТА

Ўрта мактаб чақирди,
қараб хаёлга чўмди
инсон скелетининг шаклига:
— дунёнинг контур харитаси шумиди?

БИР САҲАР

Эртами, кечми шундай бўлажак,
тонгдами, шомдами ё бошқа бир кун
бутун юртдошларимиз бир саҳар
саломлашмоқ эвазига
бир-бирларидан узр сўрайдиган кун…

КЎТАРДИНГ…

Аввал «озодлик!» дея қичқириб
овозингни кўтардинг.
Сўнгра империяга
муштумингни кўтардинг.
Сўнгра байроқ кўтардинг.
Сўнгра сарой деворларига
ғишт кўтардинг, ёғоч кўтардинг.
Сўнгра қараб кўрдингки,
бутун кўтарганларингдан қуйида қолган
яна сенсан.

* * *

Ном куни.
Арслон буржи. От йили. Ит куни.

045ОҒАМАЛИ СОДИҚ
ШЕЪРЛАР

09

Оғамали Содиқ (Афандиев Оғамали Аҳмад ўғли) Озарбайжоннинг Қазах тумани Қаймоқли (Ингичка дара) қишлоғида 1947 йилда зиёли оиласида дунёга келган. 1964 йилда ўрта мактабни тугатгач, меҳнат фаолиятини Сумгаит суперфосфат заводида электр монтёрликдан бошлади.  1972—1977 йилларда Озарбайжон Давлат университетининг журналистика факултетида таҳсил олди. Кейин “Ёзувчи” нашриётида мусаҳҳиҳ, сўнг «Маориф» нашриётида муҳаррирлик қилди. «Юлдуз» журналида адабий ходим, Маданият нозирининг муовини вазифаларида ишлаган (1992—1993). 1995 йилда юрак хуружи хасталигидан вафот этган.
Шоирнинг  «Менга умид беринг» (1982), «Айил сендан кечай дунё» (1996), «Ватан учун яшаган афанди умри» (2005) каби шеърий, «Бошсиз» , «Қишлоқдан келган одам» (2007) номли проза китоблари нашр этилган.  «Бошсиз» номли қиссаси ўзбек тилига таржима қилиниб, «Ёшлик» журналида  (1987 , октябр)  эълон қилинган.

09

БОКУНИ ТОҒЛАРГА ОБОРГАН КЎНГЛИМ

Кўп бўлди тоғларга йўлим тушмади,
Зумрад сув ўпмадим қачондан бери.
Бошимнинг устидан келиб учмади
Маъюс турналарнинг сийрак қатори.

Кўп бўлди осмоним бургутсиз, ғариб,
Баҳор булутига тўлгандир у ён.
Тоғлар қояларни кифтига олиб,
Шалола созини чаларми ҳамон?

Кўнгли гиналими хоним коризнинг?
Кўп бўлди, ҳеч бориб йўқлай олмадим.
Йўл узра эгилиб келин наргизнинг
Муаттар гажагин қўқлай олмадим.

Эҳ, онатил қушнинг тунги чаҳчаҳи!.. —
Ҳамон йўқотганин сўроқлайдими?
Бир қайин бор эди ишқим гувоҳи —
Хотира ёзгандим япроқларига —
Еллар тебратарми, варақлайдими?

Ай, она, кўнглимда ҳасрат берар ун,
Мен тоғдан бўлинган бир тош бўлакман.
Оқ отли ўғлонга айланиб бир тун
Йўлларда туманга қоришажакман.

Уйқусиз кўзимнинг интизори чўх,
Бу сирни ҳилолга бесас очарман.
Чаман шабнамига оёқ эмас, йўқ,
Тонгда уйғонганда юзим босарман..

Кўкларда қолмаса булут уюми,
Ўзим булут бўлиб тўларман унда.
Ахтариб пажмурда болалигимни
Бир ота алласи чаларман унда.

Яна етиб келиб айрилиқ куни
Куз фасли ортимга елдиражакми?
Бокуни тоғларга юборган кўнглим
Тоғларни Бокуга келтиражакми?

ЙЎЛИН ЧЎҚҚИЛАРГА СОЛГАН ТОПИЛАР

Бу йўллар сенинг-чун ўйин-ўйинчоқ,
Менинг-чун — ўтига ёнишли ўчоқ.
Мен йўл бошладимки тонг сари узоқ
Орқага йўл йўқдир, йўл йўқдир мутлоқ.
Олдинга, олдинга, олдинга фақат,
Бу йўлда кўп бўлар ўлим-ҳалокат.

Четга тур, илашма қўл-оёғимга,
Бу йўлда тиззангни тилади тошлар.
Бу йўлда кўзингни ёндирар ёшлар,
Чақмоқ лозим бўлар Санъон тоғига
Ва бу тоғ кетма-кет тўфонин бошлар.
Тошларга урмоққа тизинг бўлмаса,
Ичингни ёндирган сўзинг бўлмаса,
Четга тур, четга тур, четга тур фақат,
Бу йўлда кўп бўлар ўлим-ҳалокат.

Тупроқ, совуқ мозор, беш қулоч кафан
Учта сўз зиммангда оғир тоғ бўлса,
Юксак улкуларинг, буюк фалсафанг
Ҳаётда бир яхши яшамоқ бўлса,
Уй-жой юки бўлса зиммангнинг юки,
Саботинг ўтмаса темирдан, тошдан,
Бу йўл юксалиши фил тизин букар,
Одам бўл, одам бўл, чекил бу бошдан.

Қўй, мени ёндирсин бу ўт, бу ўчоқ,
Бу санъат йўлида сўнгги кураш бор,
Бу кун бўлмаса у, эрта бўлажак.

Бу йўл сеникимас, чекил бу йўлдан,
Тунларнинг багрини тилгич топилар.
Бу йўлнинг аччиғи шириндир болдан,
Бу йўлни чўққига солгич топилар.
Унутма фақат,

Нимжон қалбингдаги кичкина нафрат
Бу тепаларнинг қирови, қори
Қондирмас ёнишга яралганларни.

Бир ўтман, ловуллар ичда алангам,
Бир нурман, ичимда исинар жаҳон.
Четга тур, четга тур, чуқурдир ярам…
Кўзингга қон сачраб бу бағри қоннинг
Дали «эвоҳ»идан сесканар жаҳон.

Эркаксан, бағрингга бос бу жаҳонни,
Сенинг ҳам дунёда ўғлинг бор ахир.
Кифтида кетяпсан Озарбайжоннинг,
Қайдадир бир ерда ўлим бор ахир.

Сеники бир ёни ярали дунё,
Лозим — кўп тугунлар ечилсин сендан.
Бир-биридан айро… орали дунё…
Кўприк бўл, зид ёққа кечилсин сендан..

Ёки бир дафъага чекил бу йўлдан,
Тунларнинг бағрини тилгич топилар.
Бу йўлнинг аччиғи шириндир болдан,
Бу йўлни чўққига солгич топилар.

АЙИЛ, СЕНДАН КЕЧАЙ, ДУНЁ

Дунё, сенинг онанг ўлсин,
Тулкили дунё экансан.
Ҳайф-эй, менинг кўзёшимга,
Кулгили дунё экансан.

Чирпиндим, уча олмадим,
Девордан кеча олмадим.
Шундай эшикларинг бўлди,
Қиличсиз оча олмадим.

Онанг ўлсин, хасис дунё.
Сени дея келганга боқ,
Келади у йиғлаб-йиғлаб.
Сендан қайтгач ўлганга боқ,

Ўлади у йиғлаб-йиғлаб.
Бу қандай ҳолатдир, дунё?
Бу тупроқни ким яратди,
Ким еди, тугатди, дунё?

Бундан нари учолим йўқ,
Таянмоққа мажолим йўқ,
Юз дафъа ўлдим, тирилдим,
Мен Одамман, ажалим йўқ,
Узил, сендан кечай, дунё.

06

OZARBAYJON SHE’RIYATIDAN:
VOQIF IBROHIM, OG’AMALI SODIQ
Miraziz А’zam tarjimalari
065

Voqif Ibrohim
SHE’RLAR

09

   Voqif Ibrohim (Ibrohimov Voqif Aliyor o’g’li; (1945-1983)) Ozarbayjonning Shaki shahrida tug’ilgan. M. Azizbekov nomidagi Ozarbayjon neft va kimyo institutini bitirgan. Mehnat faoliyatini jurnalist sifatida boshlagan. Sumgait shahar radioeshittirishlar redaktsiyasida (1968— 1975), «Ulduz» jurnali redaktsiyasida (1975— 1976) ishladi. 1977— 1983 yillarda bolalarning «Go’yarchin» («Kabutar») jurnalida mas’ul kotib vazifasida bo’ldi.  She’riy faoliyatini 70-yillarda boshlagan. Bir necha kitoblari nashr etilgan. Voqif Ibrohim 1979 yildan Ozarbayjon Yozuvchilar uyushmasining a’zosi va yoshlarning sevimli shoiri  edi.

09

«SALOM, SORVON» KITOBIDAN NAMUNALAR

BIR KISHI

Zulm bilan topgan nonini
har oqshom bo‘lar uyida —
bir burdadan har bir jonga —
o‘ziga, xotiniga, bolalariga
va sichqon uchun yasatgan qopqonga.

SEVGI

Axlat qutilaridan har kun
non burdalarini yig‘adigan
uy-joyi tayinsiz odam,
bir gal tashlab ketilgan so‘lg‘in gullarni yig‘ardi
xotiniga sovg‘a qilmoq uchun.

AHVOL

Aynan vagonlarning ahvolidaman:
ular uchun po‘lat relslardan
cho‘lga, ozodlikka chiqishning
birgina yo‘li bor — BALO-QAZO.

HAYOT

To‘fonda qochib uyga kiraman,
zilzilada qochib chiqaman cho‘lga.
Boshqa hech bir sabab yo‘q edi
Kel-ket uchun.

JABROILGA TAVSIYALAR

Yana nimalar?
To‘nka poydevor ustida
hamisha yam-yashil obidalar?
Yana qaerlar?
Asfalt yo‘llar uzra
to‘lib ketgan chuqurlar.
Yana kimlar?
Derazasi kamera devoriga
taqvim kabi osilgan mahkumlar.

KO‘PRIK

Bu kun bildimki,
eng e’tiborli ko‘prik suvning o‘z sathi ekan,
hech vaqt portlatilmaydi, buzilmaydi.

SUIQASD QARORIGA KELGAN BU XOTIN

Suiqasd qaroriga kelib
to‘shlarini quchoqlagan bu xotin
qo‘llari qo‘ynida
tugun tashlayotganga o‘xshab ko‘rinar.
So‘ng bora qichqirar:
— shapaloqni siypalashdan go‘zalroq deb bilsangiz,
xotin uchun buning farqi yo‘qdir.
Suiqasd qaroriga kelib
ayvonga suyangan bu xotin
o‘yini otmoq istaydi
ko‘kda vizillab uchib o‘tgan bir yulduz ostiga.

XATLAR

Folchining qarshisida ochilgan
bu qari qo‘llarning kafti
hamon o‘sha narsani ko‘rsatadi:
«17 yoshingda muhabbatingni topajaksan…»

QISHLOQ

Qishloq ko‘cha-ko‘ylarida
birgina uchoqlarning ovozi
o‘zidan ortda qoladi.
Hech so‘yilgan qurbonlarning ham
yo‘q bo‘lmas so‘nggi xirillashi,
so‘yilgan terida qoladi.
Qishloqda aynan shunday ketadi
buzoqlar, mashinalar, odamlar.
Lozimlari etagini shimargancha
g‘isht loyini tepadigan qishloq qizlarini
to‘pig‘idan sevar qishloq o‘g‘lonlari.

XARITA

O‘rta maktab chaqirdi,
qarab xayolga cho‘mdi
inson skeletining shakliga:
— dunyoning kontur xaritasi shumidi?

BIR SAHAR

Ertami, kechmi shunday bo‘lajak,
tongdami, shomdami yo boshqa bir kun
butun yurtdoshlarimiz bir sahar
salomlashmoq evaziga
bir-birlaridan uzr so‘raydigan kun…

KO‘TARDING…

Avval «ozodlik!» deya qichqirib
ovozingni ko‘tarding.
So‘ngra imperiyaga
mushtumingni ko‘tarding.
So‘ngra bayroq ko‘tarding.
So‘ngra saroy devorlariga
g‘isht ko‘tarding, yog‘och ko‘tarding.
So‘ngra qarab ko‘rdingki,
butun ko‘targanlaringdan quyida qolgan
yana sensan.

* * *

Nom kuni.
Arslon burji. Ot yili. It kuni.

Og‘amali Sodiq
SHE’RLAR

09

  Og‘amali Sodiq (Afandiev Og‘amali Ahmad o‘g‘li) Ozarbayjonning Qazax tumani Qaymoqli (Ingichka dara) qishlog‘ida 1947 yilda ziyoli oilasida dunyoga kelgan. 1964 yilda o‘rta maktabni tugatgach, mehnat faoliyatini Sumgait superfosfat zavodida elektr montyorlikdan boshladi. 1972—1977 yillarda Ozarbayjon Davlat universitetining jurnalistika fakultetida tahsil oldi. Keyin “Yozuvchi” nashriyotida musahhih, so‘ng «Maorif» nashriyotida muharrirlik qildi. «Yulduz» jurnalida adabiy xodim, Madaniyat nozirining muovini vazifalarida ishlagan (1992—1993). 1995 yilda yurak xuruji xastaligidan vafot etgan.
Shoirning  «Menga umid bering» (1982), «Ayil sendan kechay dunyo» (1996), «Vatan uchun yashagan afandi umri» (2005) kabi she’riy, «Boshsiz» , «Qishloqdan kelgan odam» (2007) nomli proza kitoblari nashr etilgan.  «Boshsiz» nomli qissasi o’zbek tiliga tarjima qilinib, «Yoshlik» jurnalida  (1987 , oktyabr)  e’lon qilingan..

09

BOKUNI TOG‘LARGA OBORGAN KO‘NGLIM

Ko‘p bo‘ldi tog‘larga yo‘lim tushmadi,
Zumrad suv o‘pmadim qachondan beri.
Boshimning ustidan kelib uchmadi
Ma’yus turnalarning siyrak qatori.

Ko‘p bo‘ldi osmonim burgutsiz, g‘arib,
Bahor bulutiga to‘lgandir u yon.
Tog‘lar qoyalarni kiftiga olib,
Shalola sozini chalarmi hamon?

Ko‘ngli ginalimi xonim korizning?
Ko‘p bo‘ldi, hech borib yo‘qlay olmadim.
Yo‘l uzra egilib kelin nargizning
Muattar gajagin qo‘qlay olmadim.

Eh, onatil qushning tungi chahchahi!.. —
Hamon yo‘qotganin so‘roqlaydimi?
Bir qayin bor edi ishqim guvohi —
Xotira yozgandim yaproqlariga —
Yellar tebratarmi, varaqlaydimi?

Ay, ona, ko‘nglimda hasrat berar un,
Men tog‘dan bo‘lingan bir tosh bo‘lakman.
Oq otli o‘g‘longa aylanib bir tun
Yo‘llarda tumanga qorishajakman.

Uyqusiz ko‘zimning intizori cho‘x,
Bu sirni hilolga besas ocharman.
Chaman shabnamiga oyoq emas, yo‘q,
Tongda uyg‘onganda yuzim bosarman..

Ko‘klarda qolmasa bulut uyumi,
O‘zim bulut bo‘lib to‘larman unda.
Axtarib pajmurda bolaligimni
Bir ota allasi chalarman unda.

Yana yetib kelib ayriliq kuni
Kuz fasli ortimga yeldirajakmi?
Bokuni tog‘larga yuborgan ko‘nglim
Tog‘larni Bokuga keltirajakmi?

YO‘LIN ChO‘QQILARGA SOLGAN TOPILAR

Bu yo‘llar sening-chun o‘yin-o‘yinchoq,
Mening-chun — o‘tiga yonishli o‘choq.
Men yo‘l boshladimki tong sari uzoq
Orqaga yo‘l yo‘qdir, yo‘l yo‘qdir mutloq.
Oldinga, oldinga, oldinga faqat,
Bu yo‘lda ko‘p bo‘lar o‘lim-halokat.

Chetga tur, ilashma qo‘l-oyog‘imga,
Bu yo‘lda tizzangni tiladi toshlar.
Bu yo‘lda ko‘zingni yondirar yoshlar,
Chaqmoq lozim bo‘lar San’on tog‘iga
Va bu tog‘ ketma-ket to‘fonin boshlar.
Toshlarga urmoqqa tizing bo‘lmasa,
Ichingni yondirgan so‘zing bo‘lmasa,
Chetga tur, chetga tur, chetga tur faqat,
Bu yo‘lda ko‘p bo‘lar o‘lim-halokat.

Tuproq, sovuq mozor, besh quloch kafan
Uchta so‘z zimmangda og‘ir tog‘ bo‘lsa,
Yuksak ulkularing, buyuk falsafang
Hayotda bir yaxshi yashamoq bo‘lsa,
Uy-joy yuki bo‘lsa zimmangning yuki,
Saboting o‘tmasa temirdan, toshdan,
Bu yo‘l yuksalishi fil tizin bukar,
Odam bo‘l, odam bo‘l, chekil bu boshdan.

Qo‘y, meni yondirsin bu o‘t, bu o‘choq,
Bu san’at yo‘lida so‘nggi kurash bor,
Bu kun bo‘lmasa u, erta bo‘lajak.

Bu yo‘l senikimas, chekil bu yo‘ldan,
Tunlarning bagrini tilgich topilar.
Bu yo‘lning achchig‘i shirindir boldan,
Bu yo‘lni cho‘qqiga solgich topilar.
Unutma faqat,

Nimjon qalbingdagi kichkina nafrat
Bu tepalarning qirovi, qori
Qondirmas yonishga yaralganlarni.

Bir o‘tman, lovullar ichda alangam,
Bir nurman, ichimda isinar jahon.
Chetga tur, chetga tur, chuqurdir yaram…
Ko‘zingga qon sachrab bu bag‘ri qonning
Dali «evoh»idan seskanar jahon.

Erkaksan, bag‘ringga bos bu jahonni,
Sening ham dunyoda o‘g‘ling bor axir.
Kiftida ketyapsan Ozarbayjonning,
Qaydadir bir yerda o‘lim bor axir.

Seniki bir yoni yarali dunyo,
Lozim — ko‘p tugunlar yechilsin sendan.
Bir-biridan ayro… orali dunyo…
Ko‘prik bo‘l, zid yoqqa kechilsin sendan..

Yoki bir daf’aga chekil bu yo‘ldan,
Tunlarning bag‘rini tilgich topilar.
Bu yo‘lning achchig‘i shirindir boldan,
Bu yo‘lni cho‘qqiga solgich topilar.

AYIL, SENDAN KECHAY, DUNYO

Dunyo, sening onang o‘lsin,
Tulkili dunyo ekansan.
Hayf-ey, mening ko‘zyoshimga,
Kulgili dunyo ekansan.

Chirpindim, ucha olmadim,
Devordan kecha olmadim.
Shunday eshiklaring bo‘ldi,
Qilichsiz ocha olmadim.

Onang o‘lsin, xasis dunyo.
Seni deya kelganga boq,
Keladi u yig‘lab-yig‘lab.
Sendan qaytgach o‘lganga boq,

O‘ladi u yig‘lab-yig‘lab.
Bu qanday holatdir, dunyo?
Bu tuproqni kim yaratdi,
Kim yedi, tugatdi, dunyo?

Bundan nari ucholim yo‘q,
Tayanmoqqa majolim yo‘q,
Yuz daf’a o‘ldim, tirildim,
Men Odamman, ajalim yo‘q,
Uzil, sendan kechay, dunyo.

06

(Tashriflar: umumiy 161, bugungi 1)

Izoh qoldiring