Nodira Afoqova. Yaxshilikning uch qirrasi

045    Ҳаёт эзгулик ва ёвузликнинг, соддароқ қилиб айтсак, яхшилик ва ёмонликнинг курашидан иборат. Илоҳий ҳақиқатларга кўра, лаънатланган Иблис – ёвузликнинг вакили, Инсон эса яхшилик ғалабаси учун курашга тайин этилган. Бинобарин, Сўз санъати ҳам яхлит ҳолда эзгулик тарғибига хизмат қилади; мана, минг йиллардирки, одамларни яхши амаллар қилишга даъват этиб келади…

ЯХШИЛИКНИНГ УЧ ҚИРРАСИ
Нодира АФОҚОВА
филология фанлари доктори
033

05Ҳаёт эзгулик ва ёвузликнинг, соддароқ қилиб айтсак, яхшилик ва ёмонликнинг курашидан иборат. Илоҳий ҳақиқатларга кўра, лаънатланган Иблис – ёвузликнинг вакили, Инсон эса яхшилик ғалабаси учун курашга тайин этилган. Бинобарин, Сўз санъати ҳам яхлит ҳолда эзгулик тарғибига хизмат қилади; мана, минг йиллардирки, одамларни яхши амаллар қилишга даъват этиб келади. Бу мавзу кўҳна ва залворли Шарқ адабиётининг, хусусан, энг марказий масалаларидан биридир, десак хато бўлмайди. Айни пайтда Шарқ шоирлари ижодида тўғридан-тўғри яхшилик ҳақида айтилган байтлар, шеърлар ҳам учрайди.

Сўз дунёсининг буюкларидан бўлмиш ҳазрат Алишер Навоий ҳам бир қитъаларини бевосита яхши ва ёмон кишилар, яхшилик ва ёмонликнинг шарҳига бағишлайдилар. Қитъага “Ёмон ёмонлиғин қилмаса, яхшилиғча бор ва бир яхшилиғ қилса, ўн яхши қилиғча” деб сарлавҳа қўйилган. Аслида сарлавҳанинг ўзиёқ бир афоризм, бир ҳикмат. Энди шеърий байтларга қулоқ тутайлик:

Ҳар кишиким топса даврон ичра жоҳу эътибор
Ким, анинг зотида бедоду ситам бўлғай қилиғ.

Яхшилиғ гар қилмаса, бори ёмонлиғ қилмаса
Ким, ёмонлиғ қилмаса, қилғанча бордур яхшилиғ.

Ҳазратнинг талқинларига кўра:

1-байт: кимки замон кишиларининг эътиборини қозонган бўлса, қандайдир бир мансаб-мартабаларга кўтарилган бўлса, унинг фитратида, албатта, адолатсизлик (бедод) қилиш, жабр-ситам кўргазиш хусусияти мавжуд бўлади (эҳтимол, шу хусусияти туфайли мансабу мартабаларга кўтарилади);

2-байт: бинобарин, замоннинг каттами-кичикми мансаб-мартабасига эга бўлган бир кишисидан ҳеч қачон яхшилик кутиш керак эмас, ундай одам ёмонлик қилмаса – шунга шукур лозим; чунки, мансаб ва шон-шуҳрат эгаларининг ёмонлик қилмагани – яхшилик қилганига тенгдир.

Албатта, бундай қарашни – Навоий даҳосига-ку шак бўлиши мумкин эмас – кўпчилик якдиллик билан эътироф этиши қийин: наҳотки, даврон курсисининг юксак поясида ўтирганларнинг барчаси “бедоду ситам” қилиғли бўлсалар? Наҳотки, улар бирортасининг қўлларидан яхшилик қилиш келмаса-ю, шундан уларнинг ёмонлик қилмай туришларини илтифот, хайрихоҳлик деб қабул қилишимиз керак бўлса? Албатта, байтларни бундай абсолют тушуниш мумкин эмас. Чунки “бедоду ситам”корлик фақат мансабу шуҳрат эгаларигагина хос бўлмай, балки, умуман, оддий одамлар ичида ҳам бундайлар етарлича топилиб туради – ҳамма замонларда ҳам шундай. “Бедоду ситам”корлик ҳар биримизнннг табиатимизда ундаги азалий зиддиятли томонларнинг бири сифатида мавжуддир.

Айни пайтда бу байтлар ўз-ўзидан туғилмагани ҳам аниқ. Улуғ инсонпарвар шоир ўз даврининг хилма-хил тоифа кишилари билан юзма-юз келган; турли мансабдорлари, шон-шуҳрат эгалари билан, ҳатто шахсан султони замон Ҳусайн Бойқаро билан бирга ишлаган. Турли-туман ҳаётий тўқнашувлар, муносабат-мулоқотлар, зиддият ва кузатувлар улуғ санъаткорни ўзи билан замондош бўлган кишилар ҳақидаги худди мана шундай аччиқ хулосага олиб келган. Улуғ Темур Кўрагон не машаққат ва йўқотишлар эвазига барпо этган беназир салтанатни ичдан вайрон қилгувчи бошбошдоқликлар, беку бекбаччалар томонидан шахсий манфаат йўлида қилинаётган чеки йўқ адолатсизликлар, хилма-хил шаклларда юз бергувчи ёмонликлар, арзимас манфаатлар йўлидаги иккиюзламачилик ва юзсизлик, таги кўринмас ҳасад ва хусумат, йилт этган шуълага интизорлик ҳазрат Навоийни давр кишиларидан умуман яхшилик кутмай, уларнинг ёмонлик қилмай туришликларини ҳам яхшилик деб қабул қилишга иқрор этган. Алам қиларли даражада аччиқ ҳақиқат! Навоий билганларки, қайси миқёс ва даражада бўлмасин – ҳокимият бошқаруви қўлига топширилган кишиларнинг “бедоду ситам”корлиги оддий одамларнинг ёмонлигидан кўра неча ҳисса қўрққулик ва зиёнлироқдир. Бу байтлар айни пайтда бадбинлик ҳам, танқид ҳам эмас – яхшиликка даъват, замон кишиларига чақириқ, зиммасига ҳокимият бошқарувидай тарихий масъулият юкланган шахсларга қарата айтилган насиҳат деб қабул қилинмоғи керак.

Яна бир буюк шахс, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ўзининг жангу жадаллар ичра саргардонликда, Ватан ҳижрони ва соғинчида ўтган бутун умри давомида бир одам учун беҳад кўплик қиладиган даражада хиёнат ва ёмонликларга дуч келган. Оддий аскарлари билан қорлар ичида тунаган жўмард ва диловар Бобурга ёмонликлар дам ўз укасиннг хиёнати, дам жуфти ҳалолининг улуғ орзу-мақсадларни тушунмай қолиши, дам бекларнинг ташлаб кетиши, дам хунидан кечгани ҳинд маликасининг шафқатсиз суиқасди шаклида рўбарў бўлган. Инсоннинг мураккаб феъл-атвори туғдирган ана шундай савдолар ичида юраги зардобга тўлган подшоҳзода шоир беихтиёр афғон чеккан:

Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ
Ким, ки ондин яхши йўқ – кўз тутма ондин яхшилиғ.

Яъники, ҳеч ким бу дунё аҳлидан яхшилик кўрган эмас; бас шундай экан энг яхши иш – улардан яхшилик кутмасликдир!

Бобурмирзо матлаъдаёқ кескин бир мулоҳазани ўртага ташлайди: жаҳон аҳлидан ҳеч ким яхшилик кўрган эмас, жаҳон аҳлидан яхшилик кутма! Лекин кейин шу байтлари учун бадбинликда айблаб, маломат тошларини отишларидан эмин бўлолмаслигини англаган шоир – беҳад олижаноб қалб соҳиби бўлмиш Мирзо Бобур бу дилўртар шеър, ҳукмдай жаранглаган хулоса учун ўз ўқувчисидан маъзур тутишини сўраб, “айб қилма, эй рафиқ” дея ўтинади. Чунки бу – назарий хулоса эмас, не қилсинки, шоир замон кишиларидан ҳеч бир яхшилик кўрмаган:

Бу замонни нафъй қилсам, айб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ.

Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглима,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.

Аҳли жаҳон, замон, шўх дилраболар… – барчанинг иши ёмонлик қилишдир; бас шундай экан, шоирга – бор ҳолатни рўй-рост ёзган одамга, инчунин, қалби ва қони билан яқин бўлган кишилардан субутсизлик кўрган нозик туйғуларнинг инжа куйчисига таъна тошларини отишга ҳақимиз борми? Йўқ, албатта. Ундан ҳам ёмонроғи…

Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдинг ёмонлиғ асру кўп,
Эмди кўз тутмоқ не маъни ҳар ёмондин яхшилиғ.

Бу байт фавқулодда аччиқ ҳақиқати билан кишини ларзага солади: ёмонлар-ку ёмонлар, бу майли – лекин яхши одамлар ҳам ёмонлик қилишга ўтиб олишган; модомики, яхшилардан кўп-кўп ёмонлик кўриб турган экансан, ёмонлардан яхшилик кутишда қандай маъни бор? Бу дунё яхшиларининг ҳам, ёмонларининг ҳам кори-бори ёмонликдир! Мирзо Бобурнинг кундаликларидан дунёга келган “Вақоеъ”ни шунчаки бир назардан кечиришдаёқ бу байтларнинг чин ҳақиқат эканлигига ишонмасликнинг иложи қолмайди.

Лекин… оламнинг жамийки одамлари ёмонлик қилишни касб қилиб олсалар ҳам, яхшиликни буткул унутиб, фақат ёмонлик қилишга шўнғиб кетсалар ҳам, бу хил интизом шоир қалбнинг, инсондўст қалбнинг, гуманист шахснинг шиори бўлиши мумкин эмас. Майли, бутун аҳли олам бир тараф бўлсин, аммо яхшилик дунёда яшаб қолиши керак. Бир кишининг фаолиятида бўлса ҳам давом этиши лозим:

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

Ғазалнинг асл маъноси мана шу байтда ўз ифодасини топган: яъни, сенга ҳар қанча ёмонлик қилсалар ҳам, сен яхшиликни шиор қилишинг керак! Бори элга – яхшими-ёмонми – ҳаммага яхшилик қилмоқ керак! Шундагина инсонликнинг моҳиятини ташкил қилган фазилат йўқолиб-йитиб кетмайди, авлодларга мерос қолади. Бу дунёни тарк этиб кетганингдан сўнг ҳам сени ёруғлик билан эслаб юрадилар. “Бори элга яхшилиғ қил”моқлик – инсонлик жамияти умрини узайтиришнинг, қиёматни орқага суришнинг кафолатидир.

Мана шу байт мазмуни қолган беш байт мазмунига тескаридир.
Мана шу байт туфайли бошқа байтларда баён этилган маъно-мазмун туссизланадир.

Қолган беш байт шу байт мазмунини бўрттириш, нурлантириш учун хизмат қиладир.

Мана шу байт ғазалнинг кульминацион чўққисидир.

Бобурмирзонинг бу ғазални айтишдан асл муддаоси мана шу байтдир!

“Бори элға яхшилиғ қилғил…” Ахир, ҳаётда Бобурмирзо каби нуқул ёмонлик кўрсанг, кўраверсанг-у, қасосга берилиб кетиб, нотавон ва тубан бир кимсага айланиб қолмай, бори элга – сенга яхшилик қилганларга ҳам, ёмонлик қилганларга ҳам яхшилик қилишинг лозим бўлса – бу қандай мумкин?

Умуман, бу – мумкинми?
Ҳа, мумкин.

Бунинг учун бениҳоя улуғ қалб соҳиби, метиндай ирода эгаси бўла билиш керак! Бунинг учун Бобурмирзодай инсон бўла билиш керак!

“Бори элға яхшилиғ қилғил…” – бу сўзлар бошқаларга қаратилган шунчаки чиройли гап ёки насиҳат бўлмай, Мирзо Бобур ўз ҳаёти, ўз фаолияти мисолида бу сўзларга жон бағишлаган.

Орадан замонлар ўтиб яна бир туркий шоир салафлари анъанасини давом эттириб, яхшилик ва ёмонликдан сўз очади. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг “Яхшилик” деб номланган шеърида бу инсоний фазилатнинг бошқа бир қирраси очилади:

Бу ёруғ дунёда даврини суриб,
Бировга яхшилик қилмаганлар бор.
Ва лекин бир умр яхшилик кўриб,
Унинг нималигин билмаганлар бор.

Оғир дард чеккандим мен ҳам бир замон,
Бегона элларда, дўстлардан йироқ.
Мадад берган эди улуғ бир инсон,
Мен унинг сиймосин унутай қандоқ.

Ярқираб турибди кўксингда юлдуз,
Осмондан тушмаган у ҳам ҳойнаҳой.
Кимдир сен ҳақингда айтди яхши сўз,
Шундан кўкрагингда юлдуз топган жой.

Дейдилар, дунёнинг доим бири кам,
Яхшилик қилиш ҳам осонмас, бироқ.
Менинг назаримда, яхшиликдан ҳам
Унинг қадрин билмоқ минг бор яхшироқ.

Бу шеър дарҳол хотиримизга пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) томонларидан нақл қилинган “Яхшиликни ҳам билган кишига қилинглар” деган ҳадиси шарифни келтиради. Шеър, балки, шу ҳадис таъсирида туғилган; эҳтимол, унга бошқа ҳаётий омиллар туртки бўлгандир; эҳтимол, кимгадир миннатдорлик тариқасида; эҳтимол, кимдандир ранжиб ёзилган бўлиши мумкин. Муҳими, шеърда аниқ ҳаётий тафсилотлар бор, аниқ ҳаётий позиция бор. Муҳими, шеърий сатрлар остидан ўз ҳаётида турфа кечмишларни бошдан кечирган оқил бир инсоннинг ҳасратлари, одамларга илтижоси силқиб турибди. Муҳими – ундан чиқадиган хулоса. Бу хулоса шуки, яхшилик қилиш осмондан ёғадиган ширин кулча эмас, яхшилик қилишни – уни қадрлашдан бошлаш керак. Чунки яхшиликнинг қадрини билмасдан – унинг инсонийликнинг юксак аъмоли эканлигини, инсонийликнинг айни ўзгинаси эканлигини билмай туриб, бошқаларга яхшилик қилиб бўлмайди.

Яхшиликни ҳам билган кишига қилинглар!

***

Менинг назаримда, яхшиликдан ҳам
Унинг қадрин билмоқ минг бор яхшироқ.

Демак, яхшилик эътироф этилиши керак. Демак, миннатдор бўлмаган кимсаларга яхшилик қилиш – пайғамбаримиз назарларида ҳам мақбул бўлмаган. Бу ҳикмат замирида муҳим ҳаётий мантиқ ётибди: яхшилик эътироф этилгачгина, бошқа яхшиликни туғдиради. Эътироф этилмаган яхшилик ёмонликка айланиши мумкин, яъни ножоиз кишига қилинган яхшилик ўша одамнинг бошқаларга ёмонлик қилишига йўл очиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бунга турли ҳаётий мисоллар тўлиб ётибди. Ҳатто Яратганнинг бандасига берганлари ҳам шукрона тарзида эътироф этилиши лозим.

Хуллас, яхшилик аталмиш савоб амалнинг чегараси кенг. Бировга ёмонлик қилмаслик ҳам, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш ҳам, хайрихоҳ одамнинг назари ва хизматларини дилдан эътироф этиш ҳам яхшиликдир.

Навоий демишлар: қай бир нокаслар
Ёмонлик қилмаса – яхшилик шудир.
Бошингга ёмонлик ёғса тоғ қадар
Яхшилик қилавер, демиш Шоҳбобур.

Абдулла Орифдан уқдим бир ҳикмат:
Бор сенга тамасиз неклик қилганлар.
Уларни унутма, унутма фақат,
Сенинг яхшилигинг шулдир, биродар.

Ўйладим ҳар битта босган қадамим,
Гоҳ ёришди, гоҳо зил кетди бу дил.
Ў! Қандай қийиндир бу ҳаёт фани,
Умр – бу синовдир қанчалар мушкул.

Яхшилик қил, майли, дарёларга от,
Ҳеч кимса билмасин, майли, айтмасин.
Нимайки яхшилик қилдинг, фақат, оҳ!
Бир куни ёмонлик бўлиб қайтмасин.

75

YAXSHILIKNING UCH QIRRASI
Nodira AFOQOVA
filologiya fanlari doktori
033

07Hayot ezgulik va yovuzlikning, soddaroq qilib aytsak, yaxshilik va yomonlikning kurashidan iborat. Ilohiy haqiqatlarga ko’ra, la’natlangan Iblis – yovuzlikning vakili, Inson esa yaxshilik g’alabasi uchun kurashga tayin etilgan. Binobarin, So’z san’ati ham yaxlit holda ezgulik targ’ibiga xizmat qiladi; mana, ming yillardirki, odamlarni yaxshi amallar qilishga da’vat etib keladi. Bu mavzu ko’hna va zalvorli Sharq adabiyotining, xususan, eng markaziy masalalaridan biridir, desak xato bo’lmaydi. Ayni paytda Sharq shoirlari ijodida to’g’ridan-to’g’ri yaxshilik haqida aytilgan baytlar, she’rlar ham uchraydi.

So’z dunyosining buyuklaridan bo’lmish hazrat Alisher Navoiy ham bir qit’alarini bevosita yaxshi va yomon kishilar, yaxshilik va yomonlikning sharhiga bag’ishlaydilar. Qit’aga “Yomon yomonlig’in qilmasa, yaxshilig’cha bor va bir yaxshilig’ qilsa, o’n yaxshi qilig’cha” deb sarlavha qo’yilgan. Aslida sarlavhaning o’ziyoq bir aforizm, bir hikmat. Endi she’riy baytlarga quloq tutaylik:

Har kishikim topsa davron ichra johu e’tibor
Kim, aning zotida bedodu sitam bo’lg’ay qilig’.

Yaxshilig’ gar qilmasa, bori yomonlig’ qilmasa
Kim, yomonlig’ qilmasa, qilg’ancha bordur yaxshilig’.

Hazratning talqinlariga ko’ra:

1-bayt: kimki zamon kishilarining e’tiborini qozongan bo’lsa, qandaydir bir mansab-martabalarga ko’tarilgan bo’lsa, uning fitratida, albatta, adolatsizlik (bedod) qilish, jabr-sitam ko’rgazish xususiyati mavjud bo’ladi (ehtimol, shu xususiyati tufayli mansabu martabalarga ko’tariladi);

2-bayt: binobarin, zamonning kattami-kichikmi mansab-martabasiga ega bo’lgan bir kishisidan hech qachon yaxshilik kutish kerak emas, unday odam yomonlik qilmasa – shunga shukur lozim; chunki, mansab va shon-shuhrat egalarining yomonlik qilmagani – yaxshilik qilganiga tengdir.

Albatta, bunday qarashni – Navoiy dahosiga-ku shak bo’lishi mumkin emas – ko’pchilik yakdillik bilan e’tirof etishi qiyin: nahotki, davron kursisining yuksak poyasida o’tirganlarning barchasi “bedodu sitam” qilig’li bo’lsalar? Nahotki, ular birortasining qo’llaridan yaxshilik qilish kelmasa-yu, shundan ularning yomonlik qilmay turishlarini iltifot, xayrixohlik deb qabul qilishimiz kerak bo’lsa? Albatta, baytlarni bunday absolyut tushunish mumkin emas. Chunki “bedodu sitam”korlik faqat mansabu shuhrat egalarigagina xos bo’lmay, balki, umuman, oddiy odamlar ichida ham bundaylar yetarlicha topilib turadi – hamma zamonlarda ham shunday. “Bedodu sitam”korlik har birimiznnng tabiatimizda undagi azaliy ziddiyatli tomonlarning biri sifatida mavjuddir.

Ayni paytda bu baytlar o’z-o’zidan tug’ilmagani ham aniq. Ulug’ insonparvar shoir o’z davrining xilma-xil toifa kishilari bilan yuzma-yuz kelgan; turli mansabdorlari, shon-shuhrat egalari bilan, hatto shaxsan sultoni zamon Husayn Boyqaro bilan birga ishlagan. Turli-tuman hayotiy to’qnashuvlar, munosabat-muloqotlar, ziddiyat va kuzatuvlar ulug’ san’atkorni o’zi bilan zamondosh bo’lgan kishilar haqidagi xuddi mana shunday achchiq xulosaga olib kelgan. Ulug’ Temur Ko’ragon ne mashaqqat va yo’qotishlar evaziga barpo etgan benazir saltanatni ichdan vayron qilguvchi boshboshdoqliklar, beku bekbachchalar tomonidan shaxsiy manfaat yo’lida qilinayotgan cheki yo’q adolatsizliklar, xilma-xil shakllarda yuz berguvchi yomonliklar, arzimas manfaatlar yo’lidagi ikkiyuzlamachilik va yuzsizlik, tagi ko’rinmas hasad va xusumat, yilt etgan shu’laga intizorlik hazrat Navoiyni davr kishilaridan umuman yaxshilik kutmay, ularning yomonlik qilmay turishliklarini ham yaxshilik deb qabul qilishga iqror etgan. Alam qilarli darajada achchiq haqiqat! Navoiy bilganlarki, qaysi miqyos va darajada bo’lmasin – hokimiyat boshqaruvi qo’liga topshirilgan kishilarning “bedodu sitam”korligi oddiy odamlarning yomonligidan ko’ra necha hissa qo’rqqulik va ziyonliroqdir. Bu baytlar ayni paytda badbinlik ham, tanqid ham emas – yaxshilikka da’vat, zamon kishilariga chaqiriq, zimmasiga hokimiyat boshqaruviday tarixiy mas’uliyat yuklangan shaxslarga qarata aytilgan nasihat deb qabul qilinmog’i kerak.

Yana bir buyuk shaxs, shoh va shoir Zahiriddin Muhammad Bobur ham o’zining jangu jadallar ichra sargardonlikda, Vatan hijroni va sog’inchida o’tgan butun umri davomida bir odam uchun  behad ko’plik qiladigan darajada xiyonat va yomonliklarga duch kelgan. Oddiy askarlari bilan qorlar ichida tunagan jo’mard va dilovar Boburga yomonliklar dam o’z ukasinng xiyonati, dam jufti halolining ulug’ orzu-maqsadlarni tushunmay qolishi, dam beklarning tashlab ketishi, dam xunidan kechgani hind malikasining shafqatsiz suiqasdi shaklida ro’baro’ bo’lgan. Insonning murakkab fe’l-atvori tug’dirgan ana shunday savdolar ichida yuragi zardobga to’lgan podshohzoda shoir beixtiyor afg’on chekkan:

Kim ko’rubtur, ey ko’ngul, ahli jahondin yaxshilig’
Kim, ki ondin yaxshi yo’q – ko’z tutma ondin yaxshilig’.

Ya’niki, hech kim bu dunyo ahlidan yaxshilik ko’rgan emas; bas shunday ekan eng yaxshi ish – ulardan yaxshilik kutmaslikdir!

Boburmirzo matla’dayoq keskin bir mulohazani o’rtaga tashlaydi: jahon ahlidan hech kim yaxshilik ko’rgan emas, jahon ahlidan yaxshilik kutma! Lekin keyin shu baytlari uchun badbinlikda ayblab, malomat toshlarini otishlaridan emin bo’lolmasligini anglagan shoir – behad olijanob qalb sohibi bo’lmish Mirzo Bobur bu dilo’rtar she’r, hukmday jaranglagan xulosa uchun o’z o’quvchisidan ma’zur tutishini so’rab, “ayb qilma, ey rafiq” deya o’tinadi. Chunki bu – nazariy xulosa emas, ne qilsinki, shoir zamon kishilaridan hech bir yaxshilik ko’rmagan:

Bu zamonni naf’y qilsam, ayb qilma, ey rafiq,
Ko’rmadim hargiz, netayin, bu zamondin yaxshilig’.

Dilrabolardin yomonliq keldi mahzun ko’nglima,
Kelmadi jonimg’a hech oromi jondin yaxshilig’.

Ahli jahon, zamon, sho’x dilrabolar… – barchaning ishi yomonlik qilishdir; bas shunday ekan, shoirga – bor holatni ro’y-rost yozgan odamga, inchunin, qalbi va qoni bilan yaqin bo’lgan kishilardan subutsizlik ko’rgan nozik tuyg’ularning inja kuychisiga ta’na toshlarini otishga haqimiz bormi? Yo’q, albatta. Undan ham yomonrog’i…

Ey ko’ngul, chun yaxshidin ko’rding yomonlig’ asru ko’p,
Emdi ko’z tutmoq ne ma’ni har yomondin yaxshilig’.

Bu bayt favqulodda achchiq haqiqati bilan kishini larzaga soladi: yomonlar-ku yomonlar, bu mayli – lekin yaxshi odamlar ham yomonlik qilishga o’tib olishgan; modomiki, yaxshilardan ko’p-ko’p yomonlik ko’rib turgan ekansan, yomonlardan yaxshilik kutishda qanday ma’ni bor? Bu dunyo yaxshilarining ham, yomonlarining ham kori-bori yomonlikdir! Mirzo Boburning kundaliklaridan dunyoga kelgan “Vaqoe’”ni shunchaki bir nazardan kechirishdayoq bu baytlarning chin haqiqat ekanligiga ishonmaslikning iloji qolmaydi.

Lekin… olamning jamiyki odamlari yomonlik qilishni kasb qilib olsalar ham, yaxshilikni butkul unutib, faqat yomonlik qilishga sho’ng’ib ketsalar ham, bu xil intizom shoir qalbning, insondo’st qalbning, gumanist shaxsning shiori bo’lishi mumkin emas. Mayli, butun ahli olam bir taraf bo’lsin, ammo yaxshilik dunyoda yashab qolishi kerak. Bir kishining faoliyatida bo’lsa ham davom etishi lozim:

Bori elga yaxshilig’ qilg’ilki, mundin yaxshi yo’q
Kim, degaylar dahr aro qoldi falondin yaxshilig’.

G’azalning asl ma’nosi mana shu baytda o’z ifodasini topgan: ya’ni, senga har qancha yomonlik qilsalar ham, sen yaxshilikni shior qilishing kerak! Bori elga – yaxshimi-yomonmi – hammaga yaxshilik qilmoq kerak! Shundagina insonlikning mohiyatini tashkil qilgan fazilat yo’qolib-yitib ketmaydi, avlodlarga meros qoladi. Bu dunyoni tark etib ketganingdan so’ng ham seni yorug’lik bilan eslab yuradilar. “Bori elga yaxshilig’ qil”moqlik
– insonlik jamiyati umrini uzaytirishning, qiyomatni orqaga surishning kafolatidir.

Mana shu bayt mazmuni qolgan besh bayt mazmuniga teskaridir.
Mana shu bayt tufayli boshqa baytlarda bayon etilgan ma’no-mazmun tussizlanadir.

Qolgan besh bayt shu bayt mazmunini bo’rttirish, nurlantirish uchun xizmat qiladir.

Mana shu bayt g’azalning kul`minatsion cho’qqisidir.

Boburmirzoning bu g’azalni aytishdan asl muddaosi mana shu baytdir!

“Bori elg’a yaxshilig’ qilg’il…” Axir, hayotda Boburmirzo kabi nuqul yomonlik ko’rsang, ko’raversang-u, qasosga berilib ketib, notavon va tuban bir kimsaga aylanib qolmay, bori elga – senga yaxshilik qilganlarga ham, yomonlik qilganlarga ham yaxshilik qilishing lozim bo’lsa – bu qanday mumkin?

Umuman, bu – mumkinmi?
Ha, mumkin.

Buning uchun benihoya ulug’ qalb sohibi, metinday iroda egasi bo’la bilish kerak! Buning uchun Boburmirzoday inson bo’la bilish kerak!

“Bori elg’a yaxshilig’ qilg’il…” – bu so’zlar boshqalarga qaratilgan shunchaki chiroyli gap yoki nasihat bo’lmay, Mirzo Bobur o’z hayoti, o’z faoliyati misolida bu so’zlarga jon bag’ishlagan.

Oradan zamonlar o’tib yana bir turkiy shoir salaflari an’anasini davom ettirib, yaxshilik va yomonlikdan so’z ochadi. O’zbekiston Qahramoni Abdulla Oripovning “Yaxshilik” deb nomlangan she’rida bu insoniy fazilatning boshqa bir qirrasi ochiladi:

Bu yorug’ dunyoda davrini surib,
Birovga yaxshilik qilmaganlar bor.
Va lekin bir umr yaxshilik ko’rib,
Uning nimaligin bilmaganlar bor.

Og’ir dard chekkandim men ham bir zamon,
Begona ellarda, do’stlardan yiroq.
Madad bergan edi ulug’ bir inson,
Men uning siymosin unutay qandoq.

Yarqirab turibdi ko’ksingda yulduz,
Osmondan tushmagan u ham hoynahoy.
Kimdir sen haqingda aytdi yaxshi so’z,
Shundan ko’kragingda yulduz topgan joy.

Deydilar, dunyoning doim biri kam,
Yaxshilik qilish ham osonmas, biroq.
Mening nazarimda, yaxshilikdan ham
Uning qadrin bilmoq ming bor yaxshiroq.

Bu she’r darhol xotirimizga payg’ambarimiz Muhammad (s.a.v.) tomonlaridan naql qilingan “Yaxshilikni ham bilgan kishiga qilinglar” degan hadisi sharifni keltiradi. She’r, balki, shu hadis ta’sirida tug’ilgan; ehtimol, unga boshqa hayotiy omillar turtki bo’lgandir; ehtimol, kimgadir minnatdorlik tariqasida; ehtimol, kimdandir ranjib yozilgan bo’lishi mumkin. Muhimi, she’rda aniq hayotiy tafsilotlar bor, aniq hayotiy pozitsiya bor. Muhimi, she’riy satrlar ostidan o’z hayotida turfa kechmishlarni boshdan kechirgan oqil bir insonning hasratlari, odamlarga iltijosi silqib turibdi. Muhimi – undan chiqadigan xulosa. Bu xulosa shuki, yaxshilik qilish osmondan yog’adigan shirin kulcha emas, yaxshilik qilishni – uni qadrlashdan boshlash kerak. Chunki yaxshilikning qadrini bilmasdan – uning insoniylikning yuksak a’moli ekanligini, insoniylikning ayni o’zginasi ekanligini bilmay turib, boshqalarga yaxshilik qilib bo’lmaydi.

Yaxshilikni ham bilgan kishiga qilinglar!

***

Mening nazarimda, yaxshilikdan ham
Uning qadrin bilmoq ming bor yaxshiroq.

Demak, yaxshilik e’tirof etilishi kerak. Demak, minnatdor bo’lmagan kimsalarga yaxshilik qilish – payg’ambarimiz nazarlarida ham maqbul bo’lmagan. Bu hikmat zamirida muhim hayotiy mantiq yotibdi: yaxshilik e’tirof etilgachgina, boshqa yaxshilikni tug’diradi. E’tirof etilmagan yaxshilik yomonlikka aylanishi mumkin, ya’ni nojoiz kishiga qilingan yaxshilik o’sha odamning boshqalarga yomonlik qilishiga yo’l ochishi ham ehtimoldan xoli emas. Bunga turli hayotiy misollar to’lib yotibdi. Hatto Yaratganning bandasiga berganlari ham shukrona tarzida e’tirof etilishi lozim.

Xullas, yaxshilik atalmish savob amalning chegarasi keng. Birovga yomonlik qilmaslik ham, yomonlikka yaxshilik bilan javob qaytarish ham, xayrixoh odamning nazari va xizmatlarini dildan e’tirof etish ham yaxshilikdir.

Navoiy demishlar: qay bir nokaslar
Yomonlik qilmasa – yaxshilik shudir.
Boshingga yomonlik yog’sa tog’ qadar
Yaxshilik qilaver, demish Shohbobur.

Abdulla Orifdan uqdim bir hikmat:
Bor senga tamasiz neklik qilganlar.
Ularni unutma, unutma faqat,
Sening yaxshiliging shuldir, birodar.

O’yladim har bitta bosgan qadamim,
Goh yorishdi, goho zil ketdi bu dil.
O’! Qanday qiyindir bu hayot fani,
Umr – bu sinovdir qanchalar mushkul.

Yaxshilik qil, mayli, daryolarga ot,
Hech kimsa bilmasin, mayli, aytmasin.
Nimayki yaxshilik qilding, faqat, oh!
Bir kuni yomonlik bo’lib qaytmasin.

75

(Tashriflar: umumiy 1 772, bugungi 1)

Izoh qoldiring