Shoh Ismoil Xatoiy. G’azallar.

011   Озарбайжон мумтоз адабиётнинг атоқли намояндалари орасида Шоҳ Исмоил Хатоийнинг муносиб ўрни бор. Озарбайжон сафавийлар давлатининг бунёдкори сифатида шуҳрат қозонган Шоҳ Исмоилнинг сиёсий фаолияти, маданиятни равнақ топдириш соҳасидаги хизматлари унинг бадиий ижоди билан чамбарчас боғлиқдир.

 

Шоҳ Исмоил — Хатоий
ҒАЗАЛЛАР
077

 004Шоҳ Исмоил 1486 йилда Ардабил шаҳрида Шайх Ҳайдар оиласида дунёга келди. Оқ қўйунлилар орасида тахт талашишлар ва жангу жадалларда ғалаба қозонган Шоҳ Исмоил 1502 йилда сафавийлар давлатини барпо этди ва Табризни пойтахт қилди. Унинг мамлакати шарқда Шайбонийхон, ғарб-да Усмонийлар давлати билан чегарадош эди. Фотиҳ ва шоир сифатида танилган Шоҳ Исмоил ижодда Хатоий тахаллусини танлаганди. У 37 ёшида шоҳликни ўғли Тахмасибга қолдириб, ўзи ижод билан шуғулланди. Кўплаб ишқий ғазаллар, ҳамдлар, наътлар битган Хатоий “Насиҳатнома”, “Даҳнома” сингари фалсафий-тарбиявий достонлар ҳам ёзиб қолдирди. Шоҳ ва шоир Исмоил Хатоий 1524 йилда, 38 ёшида вафот этди ва у Ардабилдаги Шайх Сафи мақбарасига қўйилди.

* * *

Хоки пойинг, дилбаро, бир тож-давлатдир менга,
Бас, юзинг кўрмак сенинг бахту саодатдир менга.

Чун ғами ишқингда ўлмакдир ҳаёти жовидон,
Ҳақ билар ўлмак эмас, ул айни роҳатдир менга.

Мунчаким дардингда заҳмат чекибман, эй бевафо,
Чунки сендандир бу заҳмат, жумла роҳатдир менга.

Гарчи ўртарсен ҳижобда доим, эй оромижон,
Гоҳ юзинг кўрсатганинг айни иноятдир менга.

Тушда кўрди тун Хатоий, ёр бўлибдур ҳамдами,
Ў тушимдир, ё хаёлим, бу не ҳолатдир менга?

* * *

Найларам жаннатни мен ул ерда дилдор бўлмаса,
Қўй у боғ вайрона ўлсин мева, гулзор бўлмаса.

Ғафлат аҳли қолди ҳақдан шундай балким бенасиб,
Қайда дийдорин кўрар, ул бунда бедор бўлмаса.

Дуняда ошиқ киши кийди маломат тўнини,
Ҳар етишган ошиқ эрмас дард унга кор бўлмаса.

Ошиқ аҳлин боши майдон ичра тўпдек ўйналар,
Бошини майдонга қўймас кимки сардор бўлмаса.

Тўғрилик дўст эшигидир, тўғри кел, кир бу йўла,
Эгри майдонда уялгай, унда иқрор бўлмаса.

Эй Хатоий, сўз дурин харж айлама нодонга сен,
Дур-гуҳар қадрини билмас ким харидор бўлмаса.

* * *

Бу олам ҳуснинга ҳайрондир, эй дўст!
Сенга бу ғунчалаб хандондир, эй дўст!

Мен ул Ўқуб мисоли зор бўлдим,
Жамолинг Юсуфи Канъондир, эй дўст!

Ҳилолдек қошларинг кўрганда кўзлар,
Бу жоним ийд инга қурбондир, эй дўст!

Азалдан бу жаҳон ҳайронинг эрур,
Ки, ҳуснинг сурати раҳмондир, эй дўст!

Жамолинг сафҳасида хатти холинг,
Юзингда ояти Қуръондир, эй дўст!

Сенинг ишқинг вужудим шаҳри ичра
Бу кўнглим тахтига султондир, эй дўст!

Хатоий кўп жафо чекти, демишсан —
Бу бизга лутф ила эҳсондир, эй дўст!
__________
* И й д – байрам.

* * *

Дилрабо, дардимга дармон сендан ўзга кимса йўқ,
Ҳам яна кўнглимда дерман, сендан ўзга кимса йўқ.

Ҳажр уйинда ким билан мен ҳамдам, эй санам,
Кўнглим шаҳрида меҳмон сендан ўзга кимса йўқ.

Хизрдек зулматда қолдим, бир мадад қил тангри-чун,
Ташналарга оби-ҳайвон* сендан ўзга кимса йўқ.

Ҳар на ким, ҳукм айласанг, айла менга эй, ишқи ёр,
Бу кўнгул тахтида султон сендан ўзга кимса йўқ.

Бу Хатоий хастанинг бергил муродин, ё илоҳ –
Ким, менга лутф бирла эҳсон сендан ўзга кимса йўқ.
_________
* О б и ҳ а й в о н – ҳаёт суви.

* * *

Ҳасратинг дардидан, эй жон, бағрим ўлди поралар,
Тиғи ишқинг бу юракни ҳар дам айлар ёралар*.

Ўндириб ҳижрон ўти кўнглимга берди бода гар,
Тутди афлоки жаҳонни, кийди кўк ҳам қоралар.

Тушди ҳуснинг бандига жон бирла дил, бу кўзларим,
Чора йўқ, ночор бўлибдир, найласин бечоралар.

Тарк этиб, қўйдим, кетарман, хонумонни**, мулкни мен,
Ҳажринг этди мен ғарибни, телбаю оворалар.

Ўлди дардингдан Хатоий, бир қадам ранжида қил —
Қабрига боргил, эшитгил юз-ҳазорон нолалар.
___________
* Я р а – англамида
** Х о н у м о н – оила, сулола.

* * *

Вужудингни бу кўнглим жон демишдир,
Лабингни лаъл ила маржон демишдир.

Сочинг рангин қаро тундир деганлар
Юзинг нурин моҳитобон демишдир.

Бу кўнглим ишқини, эй ғамгусорим,
Вужудим шаҳрига султон демишдир.

Оқур икки кўзим ёши юзимга —
Бирин Нилу бирин Уммон демишдир.

Оёғинг чангига, эй нури раҳмон,
Хатоий жонини қурбон демишдир.

* * *

Токи тушдим ҳажринга, кўнглим фиғона бошлар,
Келди оҳимдан менинг фарёдга тоғу тошлар.

Ҳуснингни ёд айласам, эй сарв бўйли дилбарим,
Фурқатингда чашмадек оққай кўзимдан ёшлар.

Меҳри рўйинг сарбасар сеҳри-ла тутди оламни,
Фитнаю ғовғага солди ул кўз ила ул қошлар.

Ишққа дил бердинг дея, жабр этма, эй зоҳид, менга,
Жон берар маъшуққа доим ошиғи қаллошлар*.

Носиҳо**, айб айлама мискин Хатоий шеърини,
Ҳаққа чун маълум эрур кўнглингда сирру фошлар.
____________
* Қ а л л о ш л а р – қаландарлар.
** Но с и ҳ о – эй насиҳатгўйлар, устозлар.

* * *

Кўнгул бир ёрни севди, ул паридир,
Жаҳон ичра гўзаллар сарваридир.

Бўйи боғ ичра сарвинозга ўхшар,
Ўноғи ҳам анчайин бор – аҳмаридир.

Юзидир нисбати хуршиди тобон
Фалакда шоҳ унинг-чун Муштарийдир.

Юзи саҳни гулистон ичра гулдир,
Сочининг бўйи мушки анбаридир.

Унинг васлига ким бир дам эришса,
Жамъи мулки оламнинг бори*дир.

Сочининг рангидир чун лайлатулқадр,
Жамоли нури шамси ховаридир.

Азалдан уни севдим жону дилдан,
Ўйламасинки, ишқим сарсаридир.

Боқиб ҳайрон бўлур ҳуснинга олам,
Хатоий хастанинг ул дилбаридир.
_________
* Б о р и – мулки, бойлиги.

* * *

Ишқ майдонида ҳар ким жон билан бош ўйнатар.
Ўр ёнида ғамзадир, киприк-ла қош ўйнатар,

Шоҳи мардоннинг йўлида кўп киши бордир вале,
Офарин ул бошга ким, минг бошга бир бош ўйнатар.

Шоҳга қул, маҳрам бўлиб, жону бошидан кечар,
Сонма* ким ёри қошида тегма фаррош ўйнатар.

Кеча мен-ла рўбарў келгач нигор, бўлди рақиб,
Кўзлари-ла кўп ишоратлар қилиб, қош ўйнатар.

Эй Хатоий, ғам ема, чун душманинг кўп бўлса ҳам,
Муддаий доим йироқдан карпичу** тош ўйнатар.
__________
* С о н м а – ўйлама.
** К а р п и ч (кирпич) – ғишт.

* * *

Эй пари, ҳуснинг сенинг жони-жаҳондан яхшидир,
Балки, фақат жон эмас, жону жаҳондан яхшидир.

Гарчи Ёқубни ожиз қилди фироғи Юсуфнинг,
Заъф ичида ул тағин мен нотавондан яхшидир.

Мақтаманг моҳи фалакнинг партави-рухсорини,
Ул парининг ҳусни моҳи осмондан яхшидир .

Ошиқни вайронадан манъ этма, эй ақл аҳли ким,
Хастадил Мажнунга саҳро хонумондан яхшидир.

Бу Хатоий сой каноринда на боқсин сарвгаким,
Қадди қомати унинг сарви равондан яхшидир.

* * *

Ишим ишқингда фарёд айламакдир,
Висолинг ваъдасин ёд айламакдир.

Хароб этди, демам, ишқинг кўнгилни,
Бас, ул вайронни обод айламакдир.

Бу кўнглим одати ҳар тун ғамингда,
Фиғону оҳ бунёд айламакдир.

Берур ғам дилга, оҳ, уммиди васлинг,
Бу расм ила уни шод айламакдир.

Хатоий, қуллуғинг мақбул қилсанг,
Бу кун юз банда озод айламакдир.

* * *

Шаҳо, не буюрсанг, фармон сенингдур,
Йўлингда жону тан қурбон сенингдур.

Хато мендан, афу сендан, аё дўст,
Мурувват конисан, эҳсон сенингдур.

Сувсабди лабларинг Хизри замона,
Суғор, кел чашмаи ҳайвон сенингдур.

Севар бўл давлат отини ҳамиша,
Саодат тўпига човгон сенингдур.

Малаклар муштаридир гул юзингга,
Сур энди, эй қамар, даврон сенингдур.

Азалдан жонни мен қурбон қилардим,
Қабул айла, шаҳо, фармон сенингдур.

Эшигингда қулингдир бу Хатоий,
Назар қил ҳолига, ҳайрон сенингдур.

* * *

Кўнгул, шод бўлки, жонон келди, дерлар,
Бу мурда жисминга жон келди, дерлар.

Шикоят қилма сен ҳижрон ғамидан,
Сенинг дардинга дармон келди, дерлар.

Бу зулмат жабрини кўп тортди булбул,
Баҳор бирла гулистон келди, дерлар.

Қумурсқа боғлади бел хизматига,
Эсар еллар Сулаймон келди, дерлар.

Хатоий, жон фидо дўстинг йўлига,
Бу кун дўст сенга меҳмон келди, дерлар.

* * *

Ҳоли дилимни бандадан ул ёра сўйлангиз,
Ҳажр ўқидан бағрим неча бир ёра, сўйлангиз.

Аҳволимни сўраса менинг ул жафоли ёр,
Зору назару хастаю овора сўйлангиз.

Гулгун ёноқларин ғаму жабру жафолари,
Қилди ҳавола бағримни юз пора, сўйлангиз.

Кўп меҳнату жафонгизни чекдим, вафо қани?
Ғам ҳаддан ўтди, дилбари ғамхора, сўйлангиз.

Саҳрога солди оҳу чашминг Хатоийни,
Ул бўйи зулфи, нофейи тотора сўйлангиз.

* * *

Мавсуми қиш кетди, даври навбаҳор ўлди яна,
Мажлиси гаштга ажойиб рўзигор ўлди яна.

Соқиё, вақти тарабдир, қўлингда тутгил жоми май –
Ким, бинафша маст бўлиб, наргис хумор ўлди яна.

Мавсуми гул келди, гул-гулшан безанди базм учун,
Боғу саҳро, жумла яксар лолазор ўлди яна.

Келди наврўзу баҳору ийду даври дўстком,
Ўр қўлидек ер юзи нақшу нигор ўлди яна.

Абри найсон жўша келди, тўкди раҳмат ёмғирин,
Кўк юзидан ер юзига дур нисор ўлди яна.

Боғчага сайрона чиқди гашт учун ул гулситон,
Гул хижолатдан қизориб, шармисор ўлди яна.

Қоматинг-ла баҳс этарди доимо ул сарви боғ,
Кўр, хижолатдан унга манзил канор ўлди яна.

Гул юзини кўргани ортди фиғони қушларнинг,
Лол экан булбулларнинг савти ҳазор ўлди яна.

Эй Хатоий, шод бўлиб, байтулҳазондан чиқ бу кун,
Боғу боғча сувига вақти гузор ўлди яна.

* * *

Дам-бадам йўл кўзларман ул сулув ёрим келмади,
Қолибман қиш ташвишида, навбаҳорим келмади.

Хийла муддатдирки, мен то айри тушдим ёрдан,
Кўрмоқ учун ҳаддан ўтди интизорим, келмади.

Токи, кўрдим уйқуда мен ул паришон зулфини,
Ўрнига шундан бери сабру қарорим келмади.

Ихтиёрим кетди қўлдан, жону дилдан қўл ювдим,
Ул менинг жону кўнгилдан ихтиёрим келмади.

Ҳасратдир мискин Хатоий гар мисоли андалиб,
Ҳусн боғида жамоли гулузорим келмади!

Озарбайжончадан Файзи Шоҳисмоил таржималари

077Ozarbayjon mumtoz adabiyotning atoqli namoyandalari orasida Shoh Ismoil Xatoiyning munosib o’rni bor. Ozarbayjon safaviylar davlatining bunyodkori sifatida shuhrat qozongan Shoh Ismoilning siyosiy faoliyati, madaniyatni ravnaq topdirish sohasidagi xizmatlari uning badiiy ijodi bilan chambarchas bog’liqdir.

Shoh Ismoil — Xatoiy
G’AZALLAR
08

005Shoh Ismoil 1486 yilda Ardabil shahrida Shayx Haydar oilasida dunyoga keldi. Oq qo’yunlilar orasida taxt talashishlar va jangu jadallarda g’alaba qozongan Shoh Ismoil 1502 yilda safaviylar davlatini barpo etdi va Tabrizni poytaxt qildi. Uning mamlakati sharqda Shayboniyxon, g’arb-da Usmoniylar davlati bilan chegaradosh edi. Fotih va shoir sifatida tanilgan Shoh Ismoil ijodda Xatoiy taxallusini tanlagandi. U 37 yoshida shohlikni o’g’li Taxmasibga qoldirib, o’zi ijod bilan shug’ullandi. Ko’plab ishqiy g’azallar, hamdlar, na’tlar bitgan Xatoiy “Nasihatnoma”, “Dahnoma” singari falsafiy-tarbiyaviy dostonlar ham yozib qoldirdi. Shoh va shoir Ismoil Xatoiy 1524 yilda, 38 yoshida vafot etdi va u Ardabildagi Shayx Safi maqbarasiga qo’yildi.

* * *

Xoki poying, dilbaro, bir toj-davlatdir menga,
Bas, yuzing ko’rmak sening baxtu saodatdir menga.

Chun g’ami ishqingda o’lmakdir hayoti jovidon,
Haq bilar o’lmak emas, ul ayni rohatdir menga.

Munchakim dardingda zahmat chekibman, ey bevafo,
Chunki sendandir bu zahmat, jumla rohatdir menga.

Garchi o’rtarsen hijobda doim, ey oromijon,
Goh yuzing ko’rsatganing ayni inoyatdir menga.

Tushda ko’rdi tun Xatoiy, yor bo’libdur hamdami,
O’ tushimdir, yo xayolim, bu ne holatdir menga?

* * *

Naylaram jannatni men ul yerda dildor bo’lmasa,
Qo’y u bog’ vayrona o’lsin meva, gulzor bo’lmasa.

G’aflat ahli qoldi haqdan shunday balkim benasib,
Qayda diydorin ko’rar, ul bunda bedor bo’lmasa.

Dunyada oshiq kishi kiydi malomat to’nini,
Har yetishgan oshiq ermas dard unga kor bo’lmasa.

Oshiq ahlin boshi maydon ichra to’pdek o’ynalar,
Boshini maydonga qo’ymas kimki sardor bo’lmasa.

To’g’rilik do’st eshigidir, to’g’ri kel, kir bu yo’la,
Egri maydonda uyalgay, unda iqror bo’lmasa.

Ey Xatoiy, so’z durin xarj aylama nodonga sen,
Dur-guhar qadrini bilmas kim xaridor bo’lmasa.

* * *

Bu olam husninga hayrondir, ey do’st!
Senga bu g’unchalab xandondir, ey do’st!

Men ul O’qub misoli zor bo’ldim,
Jamoling Yusufi Kan’ondir, ey do’st!

Hiloldek qoshlaring ko’rganda ko’zlar,
Bu jonim iyd inga qurbondir, ey do’st!

Azaldan bu jahon hayroning erur,
Ki, husning surati rahmondir, ey do’st!

Jamoling safhasida xatti xoling,
Yuzingda oyati Qur’ondir, ey do’st!

Sening ishqing vujudim shahri ichra
Bu ko’nglim taxtiga sultondir, ey do’st!

Xatoiy ko’p jafo chekti, demishsan —
Bu bizga lutf ila ehsondir, ey do’st!
__________
* I y d – bayram.

* * *

Dilrabo, dardimga darmon sendan o’zga kimsa yo’q,
Ham yana ko’nglimda derman, sendan o’zga kimsa yo’q.

Hajr uyinda kim bilan men hamdam, ey sanam,
Ko’nglim shahrida mehmon sendan o’zga kimsa yo’q.

Xizrdek zulmatda qoldim, bir madad qil tangri-chun,
Tashnalarga obi-hayvon* sendan o’zga kimsa yo’q.

Har na kim, hukm aylasang, ayla menga ey, ishqi yor,
Bu ko’ngul taxtida sulton sendan o’zga kimsa yo’q.

Bu Xatoiy xastaning bergil murodin, yo iloh –
Kim, menga lutf birla ehson sendan o’zga kimsa yo’q.
_________
* O b i h a y v o n – hayot suvi.

* * *

Hasrating dardidan, ey jon, bag’rim o’ldi poralar,
Tig’i ishqing bu yurakni har dam aylar yoralar*.

O’ndirib hijron o’ti ko’nglimga berdi boda gar,
Tutdi afloki jahonni, kiydi ko’k ham qoralar.

Tushdi husning bandiga jon birla dil, bu ko’zlarim,
Chora yo’q, nochor bo’libdir, naylasin bechoralar.

Tark etib, qo’ydim, ketarman, xonumonni**, mulkni men,
Hajring etdi men g’aribni, telbayu ovoralar.

O’ldi dardingdan Xatoiy, bir qadam ranjida qil —
Qabriga borgil, eshitgil yuz-hazoron nolalar.
___________
* YA r a – anglamida
** X o n u m o n – oila, sulola.

* * *

Vujudingni bu ko’nglim jon demishdir,
Labingni la’l ila marjon demishdir.

Soching rangin qaro tundir deganlar
Yuzing nurin mohitobon demishdir.

Bu ko’nglim ishqini, ey g’amgusorim,
Vujudim shahriga sulton demishdir.

Oqur ikki ko’zim yoshi yuzimga —
Birin Nilu birin Ummon demishdir.

Oyog’ing changiga, ey nuri rahmon,
Xatoiy jonini qurbon demishdir.

* * *

Toki tushdim hajringa, ko’nglim fig’ona boshlar,
Keldi ohimdan mening faryodga tog’u toshlar.

Husningni yod aylasam, ey sarv bo’yli dilbarim,
Furqatingda chashmadek oqqay ko’zimdan yoshlar.

Mehri ro’ying sarbasar sehri-la tutdi olamni,
Fitnayu g’ovg’aga soldi ul ko’z ila ul qoshlar.

Ishqqa dil berding deya, jabr etma, ey zohid, menga,
Jon berar ma’shuqqa doim oshig’i qalloshlar*.

Nosiho**, ayb aylama miskin Xatoiy she’rini,
Haqqa chun ma’lum erur ko’nglingda sirru foshlar.
____________
* Q a l l o sh l a r – qalandarlar.
** No s i h o – ey nasihatgo’ylar, ustozlar.

* * *

Ko’ngul bir yorni sevdi, ul paridir,
Jahon ichra go’zallar sarvaridir.

Bo’yi bog’ ichra sarvinozga o’xshar,
O’nog’i ham anchayin bor – ahmaridir.

Yuzidir nisbati xurshidi tobon
Falakda shoh uning-chun Mushtariydir.

Yuzi sahni guliston ichra guldir,
Sochining bo’yi mushki anbaridir.

Uning vasliga kim bir dam erishsa,
Jam’i mulki olamning bori*dir.

Sochining rangidir chun laylatulqadr,
Jamoli nuri shamsi xovaridir.

Azaldan uni sevdim jonu dildan,
O’ylamasinki, ishqim sarsaridir.

Boqib hayron bo’lur husninga olam,
Xatoiy xastaning ul dilbaridir.
_________
* B o r i – mulki, boyligi.

* * *

Ishq maydonida har kim jon bilan bosh o’ynatar.
O’r yonida g’amzadir, kiprik-la qosh o’ynatar,

Shohi mardonning yo’lida ko’p kishi bordir vale,
Ofarin ul boshga kim, ming boshga bir bosh o’ynatar.

Shohga qul, mahram bo’lib, jonu boshidan kechar,
Sonma* kim yori qoshida tegma farrosh o’ynatar.

Kecha men-la ro’baro’ kelgach nigor, bo’ldi raqib,
Ko’zlari-la ko’p ishoratlar qilib, qosh o’ynatar.

Ey Xatoiy, g’am yema, chun dushmaning ko’p bo’lsa ham,
Muddaiy doim yiroqdan karpichu** tosh o’ynatar.
__________
* S o n m a – o’ylama.
** K a r p i ch (kirpich) – g’isht.

* * *

Ey pari, husning sening joni-jahondan yaxshidir,
Balki, faqat jon emas, jonu jahondan yaxshidir.

Garchi Yoqubni ojiz qildi firog’i Yusufning,
Za’f ichida ul tag’in men notavondan yaxshidir.

Maqtamang mohi falakning partavi-ruxsorini,
Ul parining husni mohi osmondan yaxshidir .

Oshiqni vayronadan man’ etma, ey aql ahli kim,
Xastadil Majnunga sahro xonumondan yaxshidir.

Bu Xatoiy soy kanorinda na boqsin sarvgakim,
Qaddi qomati uning sarvi ravondan yaxshidir.

* * *

Ishim ishqingda faryod aylamakdir,
Visoling va’dasin yod aylamakdir.

Xarob etdi, demam, ishqing ko’ngilni,
Bas, ul vayronni obod aylamakdir.

Bu ko’nglim odati har tun g’amingda,
Fig’onu oh bunyod aylamakdir.

Berur g’am dilga, oh, ummidi vasling,
Bu rasm ila uni shod aylamakdir.

Xatoiy, qullug’ing maqbul qilsang,
Bu kun yuz banda ozod aylamakdir.

* * *

Shaho, ne buyursang, farmon seningdur,
Yo’lingda jonu tan qurbon seningdur.

Xato mendan, afu sendan, ayo do’st,
Muruvvat konisan, ehson seningdur.

Suvsabdi lablaring Xizri zamona,
Sug’or, kel chashmai hayvon seningdur.

Sevar bo’l davlat otini hamisha,
Saodat to’piga chovgon seningdur.

Malaklar mushtaridir gul yuzingga,
Sur endi, ey qamar, davron seningdur.

Azaldan jonni men qurbon qilardim,
Qabul ayla, shaho, farmon seningdur.

Eshigingda qulingdir bu Xatoiy,
Nazar qil holiga, hayron seningdur.

* * *

Ko’ngul, shod bo’lki, jonon keldi, derlar,
Bu murda jisminga jon keldi, derlar.

Shikoyat qilma sen hijron g’amidan,
Sening dardinga darmon keldi, derlar.

Bu zulmat jabrini ko’p tortdi bulbul,
Bahor birla guliston keldi, derlar.

Qumursqa bog’ladi bel xizmatiga,
Esar yellar Sulaymon keldi, derlar.

Xatoiy, jon fido do’sting yo’liga,
Bu kun do’st senga mehmon keldi, derlar.

* * *

Holi dilimni bandadan ul yora so’ylangiz,
Hajr o’qidan bag’rim necha bir yora, so’ylangiz.

Ahvolimni so’rasa mening ul jafoli yor,
Zoru nazaru xastayu ovora so’ylangiz.

Gulgun yonoqlarin g’amu jabru jafolari,
Qildi havola bag’rimni yuz pora, so’ylangiz.

Ko’p mehnatu jafongizni chekdim, vafo qani?
G’am haddan o’tdi, dilbari g’amxora, so’ylangiz.

Sahroga soldi ohu chashming Xatoiyni,
Ul bo’yi zulfi, nofeyi totora so’ylangiz.

* * *

Mavsumi qish ketdi, davri navbahor o’ldi yana,
Majlisi gashtga ajoyib ro’zigor o’ldi yana.

Soqiyo, vaqti tarabdir, qo’lingda tutgil jomi may –
Kim, binafsha mast bo’lib, nargis xumor o’ldi yana.

Mavsumi gul keldi, gul-gulshan bezandi bazm uchun,
Bog’u sahro, jumla yaksar lolazor o’ldi yana.

Keldi navro’zu bahoru iydu davri do’stkom,
O’r qo’lidek yer yuzi naqshu nigor o’ldi yana.

Abri nayson jo’sha keldi, to’kdi rahmat yomg’irin,
Ko’k yuzidan yer yuziga dur nisor o’ldi yana.

Bog’chaga sayrona chiqdi gasht uchun ul gulsiton,
Gul xijolatdan qizorib, sharmisor o’ldi yana.

Qomating-la bahs etardi doimo ul sarvi bog’,
Ko’r, xijolatdan unga manzil kanor o’ldi yana.

Gul yuzini ko’rgani ortdi fig’oni qushlarning,
Lol ekan bulbullarning savti hazor o’ldi yana.

Ey Xatoiy, shod bo’lib, baytulhazondan chiq bu kun,
Bog’u bog’cha suviga vaqti guzor o’ldi yana.

* * *

Dam-badam yo’l ko’zlarman ul suluv yorim kelmadi,
Qolibman qish tashvishida, navbahorim kelmadi.

Xiyla muddatdirki, men to ayri tushdim yordan,
Ko’rmoq uchun haddan o’tdi intizorim, kelmadi.

Toki, ko’rdim uyquda men ul parishon zulfini,
O’rniga shundan beri sabru qarorim kelmadi.

Ixtiyorim ketdi qo’ldan, jonu dildan qo’l yuvdim,
Ul mening jonu ko’ngildan ixtiyorim kelmadi.

Hasratdir miskin Xatoiy gar misoli andalib,
Husn bog’ida jamoli guluzorim kelmadi!

Ozarbayjonchadan Fayzi Shohismoil tarjimalari

xdk

(Tashriflar: umumiy 559, bugungi 1)

Izoh qoldiring