Yoqubjon Ahmadjonov, Fayzi Shohismoil, Abdurahmon Akbar ijodidan namunalar

045

 Саҳифа ўтган ҳафта вафот этган таниқли шоир Ёқубжон Аҳмаджонов, моҳир таржимон Файзи Шоҳисмоил, ажойиб болалар шоири Абдураҳмон  Акбар хотирасига бағишланади. Парвардигор раҳматига олган бўлсин.

    Таниқли шоир Ёқубжон Аҳмаджонов бутун ҳаёти ва ижодида халқимизнинг ўзига хос донишмандона фикрати ва миллий қадриятларга бўлган ихлоси ёрқин намоён бўлади. Шоир мумтоз адабиётимиз анъаналарини давом эттирган ҳолда инсонни эзгулик, ёруғлик ва маърифатга даъват этди. Файзи Шоҳисмоил узоқ йиллар мобайнида ўзбек ва озарбайжон адабий алоқалари ривожи учун хизмат қилган фидойи зиёли инсон эди .У озарбайжон ва турк адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек тилига таржима қилиб, ўзидан кейин катта адабий мерос қолдирди. Абдураҳмон Акбар ўзбек болалар шеъриятининг кўзга кўринган вакилларидан бири эди. Унинг фарзандларимиз учун ёзган шеърлари ҳали узоқ йиллар жаранглаб туришига ишонамиз.. Оллоҳдан бу инсонларни раҳматига олишини сўраймиз.

Шоҳ Исмоил ХАТОИЙ
ҒАЗАЛЛАР
Озарбайжончадан Файзи ШОҲИСМОИЛ таржималари
09

* * *

Хоки пойинг, дилбаро, бир тож-давлатдир менга,
Бас, юзинг кўрмак сенинг бахту саодатдир менга.

Чун ғами ишқингда ўлмакдир ҳаёти жовидон,
Ҳақ билар ўлмак эмас, ул айни роҳатдир менга.

Мунчаким дардингда заҳмат чекибман, эй бевафо,
Чунки сендандир бу заҳмат, жумла роҳатдир менга.

Гарчи ўртарсен ҳижобда доим, эй оромижон,
Гоҳ юзинг кўрсатганинг айни иноятдир менга.

Тушда кўрди тун Хатоий, ёр бўлибдур ҳамдами,
Ў тушимдир, ё хаёлим, бу не ҳолатдир менга?

* * *

Найларам жаннатни мен ул ерда дилдор бўлмаса,
Қўй у боғ вайрона ўлсин мева, гулзор бўлмаса.

Ғафлат аҳли қолди ҳақдан шундай балким бенасиб,
Қайда дийдорин кўрар, ул бунда бедор бўлмаса.

Дуняда ошиқ киши кийди маломат тўнини,
Ҳар етишган ошиқ эрмас дард унга кор бўлмаса.

Ошиқ аҳлин боши майдон ичра тўпдек ўйналар,
Бошини майдонга қўймас кимки сардор бўлмаса.

Тўғрилик дўст эшигидир, тўғри кел, кир бу йўла,
Эгри майдонда уялгай, унда иқрор бўлмаса.

Эй Хатоий, сўз дурин харж айлама нодонга сен,
Дур-гуҳар қадрини билмас ким харидор бўлмаса.

* * *

Бу олам ҳуснинга ҳайрондир, эй дўст!
Сенга бу ғунчалаб хандондир, эй дўст!

Мен ул Ўқуб мисоли зор бўлдим,
Жамолинг Юсуфи Канъондир, эй дўст!

Ҳилолдек қошларинг кўрганда кўзлар,
Бу жоним ийд инга қурбондир, эй дўст!

Азалдан бу жаҳон ҳайронинг эрур,
Ки, ҳуснинг сурати раҳмондир, эй дўст!

Жамолинг сафҳасида хатти холинг,
Юзингда ояти Қуръондир, эй дўст!

Сенинг ишқинг вужудим шаҳри ичра
Бу кўнглим тахтига султондир, эй дўст!

Хатоий кўп жафо чекти, демишсан —
Бу бизга лутф ила эҳсондир, эй дўст!
__________
* И й д – байрам.

* * *

Дилрабо, дардимга дармон сендан ўзга кимса йўқ,
Ҳам яна кўнглимда дерман, сендан ўзга кимса йўқ.

Ҳажр уйинда ким билан мен ҳамдам, эй санам,
Кўнглим шаҳрида меҳмон сендан ўзга кимса йўқ.

Хизрдек зулматда қолдим, бир мадад қил тангри-чун,
Ташналарга оби-ҳайвон* сендан ўзга кимса йўқ.

Ҳар на ким, ҳукм айласанг, айла менга эй, ишқи ёр,
Бу кўнгул тахтида султон сендан ўзга кимса йўқ.

Бу Хатоий хастанинг бергил муродин, ё илоҳ –
Ким, менга лутф бирла эҳсон сендан ўзга кимса йўқ.
_________
* О б и ҳ а й в о н – ҳаёт суви.

Ёқубжон АҲМАДЖОНОВ
ШЕЪРЛАР
001

011

* * *

Дарди йўқ соз чалиб, оқин бўлолмас,
Ўксиган дилларга яқин бўлолмас.
Ҳар ким ҳам беморга беролмас шифо,
Ҳар ким ҳам Луқмони Ҳаким бўлолмас.

Дунёда қувончу ташвишлар бисёр,
Вужуд йўқ бир дарддан чекмаган озор.
Одамзод омонда юрмоғи учун,
Аввало, мурувват малҳами даркор.

Эй табиб, холислар холисидурсан,
Хаста таннинг умид юлдузидирсан.
Битта ҳақиқатни унутма зинҳор:
Сен Ибн Синонинг ворисидурсан.

* * *

Биз ҳам эл қатори омон юрибмиз,
Кўриб неча-неча замон юрибмиз,
Аммо, бир ҳолатга ҳайрон юрибмиз,
Умр ўтиб борар, кўнгил қаримас.

Гарчи ёшлик энди олисда қолди,
Сочлари қирқ ўрим бир қизда қолди,
Кўзимиз сўнмаган юлдузда қолди,
Умр ўтиб борар, кўнгил қаримас.

Гоҳо ғамлар бошда оғир тош бўлар,
Одамнинг суянчи сабр-бардош бўлар,
Юз йил яшаса ҳам кўнгил ёш бўлар,
Умр ўтиб борар, кўнгил қаримас.

Баҳор келса музлар эрир дарёда,
Қалдирғочлар учар мовий самода,
Бойчечакка боқиб завқинг зиёда,
Умр ўтиб борар, кўнгил қаримас.

Мусофир, ортингда паст-баланд йўллар,
Ҳаттоки тоғни ҳам емирар йиллар,
Бу ҳикмат сирини яратган билар,
Умр ўтиб борар, кўнгил қаримас.

* * *

1

Дил бекатдир, хотиралар учун карвон,
Карвон юки гоҳо шодлик, гоҳо армон.
Ёвғонингиз ичмай сизни йиғлатганим
Ёдга тушса, онажоним, ҳолим ёмон.
Йўқчиликни азобларин кўрган онам,
Ўзин эмас, мени ўйлаб юрган онам.

2

У пайт, рўзғор ғор эканин билмас эдим,
Бола эдим, гул тиканин билмас эдим.

Бир кам икки бу дунёда мунис онам,
Кўп нарсага зор эканин билмас эдим.

Дардларини ёлғиз ўзи ютган онам,
Ташвишларин мендан йироқ тутган онам.

3

Йиллар ўтиб, хирмон бўлди ўрганларим,
Насиб этди тилаганим, сўрганларим.

Фақат энди пойи жаннат онам йўқдир,
Вайронадек бу кошонам, қурганларим.

Хаёлларим, ширин тушим — мушфиқ онам,
Учиб кетган Ҳумо қушим — мушфиқ онам.

4

Гарчанд тулпор отдай чопди омадларим,
Ич-ичимда ўкинчларим, фарёдларим.

Онам қўли теккан ўша ёвғон учун
Берар эдим бугун бари давлатларим.

Осмонларга руҳи пинҳон бўлган онам,
Ёвғони ҳам энди армон бўлган онам.

* * *

Мажнундирман Лайлосига етолмаган,
Вомиқдирман Узросига етолмаган.

Ғарибдирман Шоҳсанамдан айро тушган,
Тоҳирдурман Зуҳросига етолмаган.

Ағёрларим йўлларимга босдилар чим,
Ирмоқдирман дарёсига етолмаган.

Боязиддек ўзни солдим бозорларга,
Мен хокдурман баҳосига етолмаган.

Мен — Мансурман, Насимийман, мен — бир сирман,
Ишқи йўқлар маъносига етолмаган.

Бедил каслар қанотимни қайирдилар,
Бир қушдирман самосига етолмаган.

Абдураҳмон АКБАР
ШЕЪРЛАР
09

09
Синфдошим

Китобдан узмай кўзин,
Унутиб ҳатто ўзин,
Эшитмай бирор сўзим,
Сочин ўйнаб ўтирар.

Бир қаторда партамиз,
Ҳар кун доска артамиз,
Қолди деганда ёлғиз,
Сочин ўйнаб ўтирар.

Баъзан жуда шўх, шодон,
Баъзан серкулги, гапдон,
Гоҳ жим қолиб, ногаҳон,
Сочин ўйнаб ўтирар.

Йўталаман атайин,
Жилмаяр майин-майин,
Ёқтиришим билмайин,
Сочин ўйнаб ўтирар.

Кўнглимда йўқ ҳеч кирим,
Синфдошим – ширин сирим,
Билсангиз, айтинг, у ким,
Сочин ўйнаб ўтирар?

Булут

Кўкда оғир кезинган булут,
Қай юртлардан келиб қолдинг, айт?
Қўй, йиғлама, ғамларинг унут,
Ҳозир айни қувнайдиган пайт.

Қуёш билан ўйнаб, яйрагин,
Шамол билан кўкни кез ғир-ғир.
Кўзёш тўкиб адо бўлмагин,
Ўйнаганинг қолади, ахир.

Олтин балиқ
Пушкинга

Олтин балиқ мен сенга
Ҳануз қойил қолмайман,
Чолга тўловларингни
Асло оқлай олмайман.

Менимча, шарт эмасди
Не тиласа кампиршо,
Оғзидан чиқмай туриб,
Барин айламоқ бажо.

Қаср устига қаср,
Уйу саройлар қуриб,
Бечора балиқчини
Қўйдинг-ку югуртириб.

Тўрга илашмай қолгур,
Нафсни этмайин ўпқон,
Тоғорани ямасанг,
Олам эди гулистон.

Олтин балиқ қалбимни
Кўпдан ўртар бир савол.
Жавоб берсанг дегандим,
Агар келмаса малол?

Айтганин, айтган экан,
Учқур экан омадинг:
Тўрга нега тушдинг-у,
Нега қочиб қолмадинг?

034

(Tashriflar: umumiy 1 125, bugungi 1)

Izoh qoldiring