Polvonniyozhoji Yusupov. «Yosh xivaliklar» harakati: quvonchlar, iztiroblar, fojialar (08)

035

Ўз даврининг илғор зиёлиси бўлган Полвонниёз ҳожи Юсупов,табиий, доимий равишда газет-журналларга ошнолик, қолаверса сиёсий воқеаларнинг “қайноқ” жараёнида кечган ҳаёти сабаб, у тарихнинг жонли гувоҳи сифатида кундалик ёзишни одат қилганди. Хива музейидаги сокин ҳаёт уни кундаликлар асосида хотиралар ёзишга ундайди. Натижада эътиборингизга ҳавола қилинаётган хотиралар 1926 йилда юзага келади. Араб алифбосида битилган Полёзҳожининг хотиралари 644 бетдан иборат бўлиб, унда муаллиф ўзи кўрган, кузатган, ўзи бошидан кечирган Хоразмдаги, шунингдек Туркистон ўлкасидаги воқеликни қаламга олади. Катта ҳажмли асар асосан кундалик дафтар асосида ёзилгани боис, унга бирон ном, мавзу, бўлим, боб қўйилмаган.Полёзҳожининг асаридаги воқеалар асосан 1910-25 йилларда кечган жараёнлардир.

ПОЛВОННИЁЗҲОЖИ ЮСУПОВ
“ЁШ ХИВАЛИКЛАР” ҲАРАКАТИ:
ҚУВОНЧЛАР, ИЗТИРОБЛАР, ФОЖИАЛАР
Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи: Умид БЕКМУҲАММАД
033

9-БЎЛИМ. ҲУКУМАТ ТЎНТАРИШИ

0922   Махфий қолмасинким, кеча Сафонов қаҳр бирлан сиёсий идорага бориб, мажлис қилиб қарор қилганлар: ҳукуматни туширмакка ҳам шул кеча мани тутиб ҳибсга олмоққа.
Ушбу мажлисда бор бўлган биродарлардин бири келиб манга пинҳоний маълум қилди: “Сиз дарҳол бир тарафга қочиб кетинг”, деб. Ман ҳеч кимга билдирмасдан бир биродар бирлан кеча қоронғуликда уйдан чиқиб, бир жойга бориб пинҳон бўлдим. Эртанг Нуриллабойга сиёсий идорада бўлиб юрган аскарлар бирлан ҳарбий нозири Шайхутдин Ҳасанов, сиёсий идора бошлиқи Мусаев ва бошқа тамоми нозирларни чақириб келтириб ўтирганлар. Ондин сўнг манга мунтазир бўлиб турганлар. Ҳам мани олиб келмак учун Ҳаким Божибон бирлан Худойназаровни юборганлар. Ондин сўнг булар мани уйимга келиб сўраганлар.Мани уйимдаги хотун, бола-чақаларим жавоб берганлар:
-Кеча кетгандин қайтиб келгани йўқ турур, бизлар билмадук қайда қолди.ё ўзларингиз йўқ қилиб, мунда баҳона қилиб сўраб келдингизларми? -деб жанжал-ғавғо қилганлар. Шунинг бирлан Муҳаммадназар Худойназаров мани одамим Сўфи Хаёловда бўлиб турган винтовка-милтиқ, броновик тўппончаларни олиб, қайтиб кетганлар. Бориб Нуриллабойда митингда эълон қилганлар.

Махфий қолмасинким, маним қочиб кетганим шунинг учун, ман ўз-ўзим бирлан ўйлаб фикр қилдим, агар мани ҳам тутиб олсалар товариш Сафоновнинг ҳам мақсади шул турур.Хол бир туҳмат, бўҳтон бирлан суд қилиб, ҳаммамизни отиб ўлдирур. Агар ман бўлмасам албатта нозир биродарларни ҳибс қилиб қўяр. Нечунким, товариш Сафоновнинг мақсади ман турурман. Шунга биноан ман қочиб, пинҳон бўлдим. Маним сабабимдан бир неча биродарлар ўлиб кетмасин, деб.Ондин сўнг Нуриллабойда митинг бўлган. Муҳаммадназар Худойназаров сўйлаган:
-Ушбу бойлар ҳукуматини йўқ қилиб, ўрнига фақат камбағаллардин сайлаб, ҳукумат тузмоқ керак.

Ондин сўнг нозирлардан баъзилари сўйламакчи бўлиб сўз сўраганлар. Буларга ҳеч сўз бермасдан ҳарбий нозири Ҳасанов аскарларга ишорат қилган. Аскарлар нозирларни ўраб олиб, ҳар бирларини бир нечалари тутиб, киса (чўнтак), халталарини қараб, соат, юзик, пўстин, чўгирмаларини олганлар. Шул вақт Сайидмуҳаммадёрбой Абдулла Ҳожи ўғли келганлар. Они ҳам аскарлар тутиб, тўппонча ва бошқа нимарсаларини олмоқчи бўлганлар. Муҳаммадёрбой қичқириб ҳарбия нозирига айтган:
-Эй золимлар! Бу нечук зулм турур, бизларга сўз бериб сўзлатиб кўриб, ондин сўнг гуноҳларимиз бўлса, бўйинларимизга қўйиб, бир нима қилсангизлар қилинглар. Эй хоин миллат ватанлар,-деб кўп дашном қилган.
Ондин сўнг аскарлар нимарсаларини олмоқчи бўлганлар. Икки қўли бирлан икки тарафидаги аскарларни уриб йиққан ҳам ҳеч нимарсаларини бермаган.Ҳам айтган:
-Мани қайда олиб борсангизлар борурман, аммо нимарсамни бермасман,-деган.

Шунинг бирлан тамоми нозирларни тутиб олиб, ҳукумат залига қамаб, атрофларига қоровул аскарлар қўйганлар. Шул аскарларнинг ичида маним ўғлим Отабой, ҳам ясовулбошининг ўғли Муҳаммад Расулбой ҳам Сайидназарбойлар бор эрканлар. Буларни ҳам тутиб ҳибс қилиб, бир жойда қўйганлар. Шунинг бирлан меҳнаткашлар қўрқиб, ҳар бирлари бир тарафдин чиқиб қочиб кетганлар.Бу ҳақсизликларни қилиб яна бир неча мартаба милтиқ отиб, халқни қўрқитиб қолдирганлар.Ушбу мажлисда бўлганлар молия нозири Муҳаммадпанобой, хўжалик ва муфаттиш нозири Эшчан қори, маориф нозири Карим қори Ниёзий, тошкентлик адлия нозири Юсуф махтум Охун ҳам Сафо охун, ижтимоий таъминот мудири Абдурасулбой, Исмоилбой Солиҳбой Ҳожи ўғли, Муҳаммадёқуб Қори, Солий Юсуф ўғли, Олланазарбой Муҳаммаджон ўғли, Жуманиёз Оллақулов ва яна бир неча бизлар бирлан иш қилиб юрган одамларни тутиб элтиб зиндонга солиб қўйганлар.Шул вақтда Гурланга Бобоохун Эшонга бир неча милиция юборган эрканлар. Милициялар бориб Бобоохун эшонни уйини мусодара қилиб, ўзини арестоват қилиб уйига қайтганлар. Қўшкўприкка келгандин сўнг Бобоохун эшон таҳорат қилмоқчи бўлган. Шул вақтда милициялар отларини ёнига кетганлар. Бобоохун Эшон вақтни ғанимат топиб, қоронғу оқшомда бир тарафга қочиб кетган. Милициялар отларидан фарағат бўлгандин сўнг келиб, Бобоохун Эшонни тамоми ҳар тарафларга югуриб, қараб ҳеч ердан топмай, йўлдош бўлиб келган Муродбой охунга кўп иза ва ҳақоратлар берганлар. Шунинг бирлан тонг отиб тамоми қаъла ва қишлоқларга отлиқ юриб, ҳеч бир из топмай, қайтиб шаҳарга келиб маълум қилганлар. Яна ҳам кўп одамларни гумон бирлан тутиб, зиндонга солганлар. Ондин сўнг Сафоновнинг кўрсатуви бирлан муваққат инқилоб қўмитаси барпо қилганлар. Дарҳол Тошҳовуздин Собирберган Қўчқоровни олдириб инқилоб қўмитасига раис қилганлар. Бобожонбой Ёқубовни муовин, Аҳмад Маҳмудовни аъзо, аскарлардин Тоған Абдуллаевни аъзо, туркманлардин Назир қоқаларни аъзо қилиб, сайлаб қўйганлар. Тамоми йўл ишларни (давлат тўнтариши қилиб нозирларни алмашлашлаш назарда тутилаяпти-У.Б.) ишлаб турган Шокир Сиддиқов бўлган. Шунинг бирлан тамоми нозирларни мусодара қилиб, тамоми нимарсаларни рўйхат қилиб, печатлаб қоровуллар қўйганлар.

Махфий қолмасинким, маним уйим тўғрисинда аввал эълон қилган эрканлар: Юсуповнинг уйида бурунги хондин олган олтинлари бор турур. Шуларни сизларга тақсим қилиб берурмиз, деб. Шунинг бирлан бизнинг уйимизни тамоми ерларини тафтиш қилиб, қараганлар. Ҳатто баъзи ерларни бузиб яксон қилиб, қараб, ҳеч нимарса бўлмагач бир неча қоровуллар қолдириб кетганлар. Обиск қилишга келган биродарларимиз рўзғорига даркор бўлиб турган чойнак-коса, қўл супурадиган рўпак, болаларни сочини оладиган машинларни ҳам олиб кетганлар.
Эртанг Сафоновни буйруғи билан Тошкентга телеграм берганлар:”аксилҳаракатчи Юсупов ҳукуматини мунда тушириб муваққат инқилоб қўмитаси барпо қилдук. Тошкантда бўлган онинг мовини Султонмуродов ва обадловларни дарҳол арестоват қилинглар”, деб. Шунинг бирлан Тошкентда ушбу баён бўлган биродарларимизни ҳам ҳибс қилганлар. Ва яна Ҳазорасп шўросининг раиси Исмоил Хўжа ва унинг муовини Собирбой, аъзоси Назирбой, саркотиби Муҳаммад Шарип девонларни ҳам келтириб ҳибс қилганлар. Ва яна бизларга яқин дўст бўлган одамларнинг уйларини обиск қилганлар. Шу жумладан Маноқ қишлоғида Нормуҳаммад Ҳожини милициялар қараб кетганлар. Ондин Қўнғиротда домулласининг тамоми қариндошлари бирлан уйларини обиск қилганлар. Ва яна ҳатто Илясбийнинг уйини тинтув қилиб, атрофида қоровуллар қўйиб, ўзини Хивага келтириб зиндонга ҳибс қилганлар. Сабаби шулким, бизлар 1917 йилда Исфандиёрхондин қочиб кетган вақтимизда ушбу биродаримиз бизларга кўп ёрдам қилиб, туялар топиб бериб, Қозонлига узатиб юбориб эрди. Яна Урганчдин шаҳар муҳофаза бошлиғи Султон Қорини ҳам бир баҳона бирлан келтириб зиндонга ҳибс қилганлар. Аммо Урганч одамлари жанжал қилиб сўраганлари бирлан 15 кундин сўнг ҳибсдан чиқариб, жазо маҳкамасига тайин қилиб, Хивада қолмоққа буйруқ қилганлар. Шунинг бирлан ҳар жойларда тинтувлар бўлиб турган ушбу вақтларда қибла қумга яқин Дарғонота тўғрисидан ота туркманлар бир неча отлиқ жамлашиб, Ҳазорасп тўғрисиндаги қишлоқда чорвачилик бирлан шуғулланиб ўтирган одамларни талон-тарож қилиб, молларини олиб кетиб турган.

Инқилоб қўмитаси ушбу калтабонларни йўқ қилмоқ учун ҳарбия нозирига буйруқ қилган. Ҳарбия нозири тамоми қаъла ва қишлоқлардаги туяларга сафарбарлик эълон қилиб ҳар кимда туя бўлса, мажбурий равишда йиға бошлаган. Маним ҳам икки туямни тамоми арқони бирлан олган. Ушбу туяларга аскарларни озиқ ва нимарсаларини юклаганлар. Ондин сўнг шаҳар ва қишлоқларда бир эътиборлик, бойроқ одамларни, муллаларнинг болаларини тутиб, туяларини олиб кетмак учун кўча ва бозорларини қидириб ҳам тутиб олиб кетганлар. Шаҳар муҳофазаси муовини Қорахонов деган кўп одамлардин кўп-кўп ақчалар олган. Шундай қилиб шаҳарнинг ичинда қишлоқларда эътиборли одамлар халқ уйларига яшириниб, кун кечирганлар. Кўча, бозорларда ҳеч кишилар юрмаганлар. Тутган бойвачча ва муллавача йигитларни уриб, кўп-кўп ҳақоратлар бирлан туяларни олиб кетганлар. Шаҳар ва қишлоқларда халқнинг оҳ-фиғонлари осмонга чиққан. Ушбу йигитларнинг бошинда изо-ҳақорат бериб юрган Муҳаммадназар Худойназар ўғли бўлган. Ва яна тамоми мадрасаларнинг дарвозаларига қулф урганлар. Ушбу бўлиб турган воқеаларни ҳар оқшом манга келиб маълум қилур эрдилар. Ман кўп хона бўлиб, Худога ёлвориб, дуо қилур эрдим: Худоё мусулмонларнинг бошидан ушбу зулмларни йўқ қилгайсан, деб.

Махфий қолмасинким, Маскавдаги вакилимиз Мулла Бекчон Раҳмон ўғли ҳам Маскавда хорижия нозирлиги орқали ушбу воқеаларни эшитган. Ҳам ўзига муқаррар қилган, албатта бир кун мани ҳам арестоват қилурлар, деб. Пинҳоний суратда Маскавдин чиқиб, Тошкентга азим бўлган. Тошкентда ҳам турмасдан Бухоро ва Чоржавга бориб тафир сурат қилиб, пинҳоний бўлиб юрган.

Махфий қолмасинким, Назир Шоликаров хорижия нозири эрди. Тошкентдин олиб келган аскар учун кийим ва озиқ, лампа ёғ ва бошқа нимарсаларни келтириб ҳарбия нозирлигининг таъминот бўлимига топшириб эрди. Счётларни олий мустишга тасдиқ қилдирмоқ иши бор эрди. Назир Шоликаровга ҳарбия нозири ва Сафоновни адъютанти Ривокин ва бошқаларнинг шахсий адоватлари бўлган сабабли иғво қилиб, йўлдош бўлгани Исмоилбой Сайид Ҳожи ўғлига нозирларнинг баъзий ишлари тўғрисинда нозирлар шўросига маълумот ёзиб берадурлар. Ондин сўнг мажлис қилиб, Назирнинг ишлари тўғрисинда комиссия сайлаб, ўзини муваққат суратда ишдан қолдириб шаҳар муҳофазасининг жойида сақламоқчи бўлдилар. Ҳам шуни қарор қилиб Назир Шоликаровни Муҳаммадёрбойга топширдилар. Ушбу оқшом Ривокин келиб нозирлар шўросиндан берухсат зиндонга элтиб қўйган. Мундин бир неча кун ўтгандин сўнг Назирни кафилга чиқариб юборилди. Дарвоқе инқилоб вақтига тўғри келди. Назир ҳам қочиб бир жойга пинҳон бўлган. Шаҳар муҳофазасининг муовини Эгамберган Тиллаев бир ерга қочиб пинҳон бўлган.Биродар Жуманиёз Ҳожи Бобониёз ўғли ҳам қочиб ориёққа ўтиб кетган. Назирга кафил бўлган кунда бизларни қараб ихтиёр қилиб юрдилар.

Бир неча кун ўтгандин сўнг Сафоновдан муваққат инқилоб қўмитага буйруқ хати келган.” Албатта Юсуповни топмоқ керак”, деб. Ушбунинг бирлан Шокир Сиддиқов ҳам Муҳаммад Раҳим девон Нуриллаевлар ярим оқшомда бир неча отлиқ милиция бирлан бизнинг уйимизга келиб, уйнинг ичига, ҳамма тарафларига қоровуллар қўйиб, уйнинг эшикларини очдириб кириб, хотин-болаларни қўрқитиб тамоми жойларни кавлаб кўриб ҳеч нимарса топмай чиқиб бир отимизни олиб кетганлар.

Махфий қолмасинким, мундин бир икки оқшом муқаддам Сўфи Хаёловни уйини қараб Сўфини олиб кетиб, ҳибс қилиб, тафтиш қилиб қўрқитиб мани сўраганлар.Сўфи жавоб берган:
-Мани ҳеч бир хабарим йўқ турур.Нечук қилсангизлар ихтиёрингиз турур,-деган.

Махфий қолмасинким, биродар Жуманиёз Оллақуловни ҳибсхонадин олдириб Сафоновнинг сўзи бирлан Шокир Сиддиқов кўп тафтиш қилиб телеграм шифрини сўраган.Жуманиёз айтган:
-Шифр Ҳожи Полвонниёз Юсуповнинг ўзи турур, -деган.
Жуманиёз охунга кўп койишлар қилиб яна зиндонга юборганлар.Шунинг бирлан қурултой учун Тошкентдин келмоқчи бўлган комиссиялар келиб қолдилар.Бошинда раислари Кобез ва аъзолари машҳур Искандар (Александр) Самойлович ҳам бир неча татар ва ўзбеклардин иборат , келиб ҳукумат жойинда ўрнашдилар.

Махфий қолмасинким, мазкур меҳмонларга кўрсатиш учун шаҳар муҳофазаси Бобо Муҳаммаджоновнинг муовини Қорахонов тамоми қаълада бўлиб турган одамларнинг уйларига кириб уй асбоблари пичоқ, санчқи, кўрпа тўшакларини ирғитиб ташлаб, мусулмонларга машаққатлар кўрсатганлар. Ҳам ушбу баҳоналар бирлан ўзлари кўп фойда кўриб қолдилар. Ушбу комиссия биродарлари бўлиб ўтган ишларидан маълумотлар олиб товариш Сафонов ҳам ҳарбия нозири Шайхутдин Ҳасанов ва сиёсий идора бошлиғи Мусаевларни Тошкентга қайтмоққа буйруқ қилганлар. Халқ бул ишлардан кўп мамнун бўлди.

Махфий қолмасинким, Искандар Самойлович Маскавда Бобоохун Эшонни олдинда бўлиб Охун Эшон бирлан кўп дўст бўлган эркан. Товариш Кобез бирлан маслаҳат қилиб “Бобоохун мунда келсин “ деб Мулла Иброҳимга хат бериб юборган. Мулла Иброҳим Сафоновдан хат олиб Гурланга кетган. Бориб Бобоохунга хатни берган. Охун Эшон Мулла Иброҳим бирлан келиб Нуриллабойга Кобез олдига тушган. Ман Бобоохун Эшонга бир хат ёзиб юбордим: “Ўтган воқеаларни Сафоновнинг қилган нотўғри ҳаракатларини Кобезга эълон қилинг”, деб. Кобез ҳам Самойловичлар Охун Эшонни қабул қилиб кўришиб соғ-саломатлик сўрашиб консулхонада карвонбошининг жойида меҳмон бўлганлар. Ҳам айтганлар:
-Сафоновни Хивадан узатиб юборурман, ҳеч қўрқмасдан бўлиб ўтган сўзлардин Сафоновнинг олдида изҳор қилинг,-деганлар. Охун Эшон Сафоновнинг жойига борган. Дарҳол ўзига махсус бир жой ҳозирлаб берганлар.

Олдинда алоҳида бир хизматкор қўйганлар. Охун Эшон бўлиб ўтган ишларни тамоми беками кўст баён қилган. Ҳам Сафоновга айтган:
-Биродар сиз кўп нотўғри ҳаракат қилдингиз.Ўзингиз ҳеч нимарса билмас эркансиз.Баъзий шахсиятпараст одамларнинг ёлғон сўзларига эътибор қилиб, Хоразм ёш ҳукуматига кўп зиён келтирдингиз.Ҳам бир неча йиллар кейинга қолмоққа сабаб бўлдингиз,-деб кўп сўзларни айтиб берган.
Андин сўнг Бобоохун Эшонга ҳукумат даҳл қилмаслигига хат берганлар. Ҳам ҳукуматдин хат олиб берганлар. Шунинг бирлан Охун эшон бўлган воқеаларни манга хат қилиб юбориб ўзлари Гурланга чиқиб кетганлар.

Махфий қолмасинким, ман тамоми ҳақсизликларни Сафонов ҳеч билмасдин ушбу инқилобни қилиб қўйгани ҳам бошқа-бошқа воқеаларни очиқ ёзиб ҳам қўл қўйиб Самойловичга бир биродар бирлан юбордим. Ҳам илтимос қилдим : “Мани милиция бирлан ҳузурингизга олиб бориб, мандин савол-жавоб сўранг, агар ман шариатдин ва қонундин чиқиб миллатга зарарли иш қилғон бўлсам ўз гуноҳим ўзимда бўлсин.Ҳар нечук жазо бўлса ўзим рози турурман”, деб. Товариш Самойлович ушбу аризани кўриб айтган:
-Сизлар эртанг келинг, ман ўқиб кўриб жавобини айтурман,-деган. Эртанг айтган:
-Бизларнинг раисимиз товариш Кобез ошоқ тарафга кетди.Келгандан сўнг сизга қаътий жавоб айтурман,-деган.
Шунинг бирлан Кобез қайтиб келгунча таваккал қилиб ўтирдик. Бир кун Кобез ҳам келиб қолди.Ушбу маним аризамни товариш Самойлович таржима қилиб Кобезга берган. Товариш Кобез Шокир Сиддиқовга эълон қилган.Сиддиқов баъзий ҳукуматда ҳозир ўтирган одамларга маслаҳат қилиб ушбу қарорга келиб Кобезга айтганлар:
-Агар биродар Юсуповни келтирсангиз аскарлар ҳужум қилиб Юсуповни ўлдириб , сизга ҳам кўп ҳақорат берсалар керак,-деб Кобезни қўрқитганлар. Шунинг бирлан Кобез бизнинг элчи бўлган одамларимизга эълон қилган:
-Биродар Юсупов ҳеч чиқмасин,-деб. Андин сўнг товариш Кобез ҳалққа эълон қилди: “ҳар кимларни нечук мақсадлари бўлса комиссияга пинҳоний ариза берсунлар.Бизлар халқнинг ҳоҳишларини қилиб берурмиз”, деб.Алоҳида ўз одамларидан тайёр қилиб, вақт тайин қилиб ариза олмоққа машғул бўлдилар. Халқнинг тамомий аризалари шул мазмунда бўлган: Биз мусулмонлармиз.Бизларга мувофиқ шарий-шариат ишларимизни юргизмакка имкон бўлсин ҳам бизларга ажнабий биродарлар керак эрмас турур. Бизларнинг мамлакатимизда ҳеч бир ажнабий одам қолмасин, деб.Биродар комиссиялар аризаларни тамом олганлар ҳам ўқиб кўриб муваққат инқилобий ҳукуматга топширганлар. Мундин ҳеч бир натижа чиқмаган. Шунинг бирлан товариш Сафонов, Ҳасанов ва Мусаевларни ҳам узатиб юбордилар. Ҳам қурултой ҳозирлигига машғул бўлдилар. Хоразмнинг бир неча районига бориб, вакиллар олиб келдилар. Ондин сўнг қурултойнинг расмий кушадини қилдилар.Президиумга биродар Худойберган Девоновни сайладилар. Шунинг бирлан қурултойни расмий равишда очиб ишга бошлаганлар.

Махфий қолмасинким, бизларни ҳар бир қишлоқ, районларда қурултойга вакил қилиб сайламакчи бўлган эрканлар. Вакил сайламакчи бўлган биродарлар буни ҳеч қабул қилмаганлар. Бир кун аҳли касаба меҳнаткашлар тамоми йиғнашиб ҳукумат жойига бориб Тошкентдин келган вакил биродарлар бизларни сўраб, кўп ғавғо қилганлар. Шул вақтда ҳукуматда Шокир Сиддиқов ва бошқалар товариш Кобез олдига кириб, бўҳтонлар айтганлар:
-Биродар Юсуповни хон қилмоқчи турурлар. Шул сўз бирлан келганлар,-деб.

Товариш Кобез қаҳрланиб ташқарига чиқиб сиёсат қилиб айтган:
-Бизлар бунда хон қўймоқ учун келганларимиз йўқ турур.Шўролар ҳукумати барпо қилмоқ учун келдук. Дарҳол тарқалиб ўз ишларингизга кетинглар. Бўлмаса аскар бирлан қувдириб юборурмиз,-деб эълон қилган. Бечора камбағал халқларнинг сўзларига ҳеч илтифот бўлмагандин сўнг маъюс бўлиб тарқалиб кетганлар.

Товариш Кобез ҳибсда бўлиб турган биродар Жуманиёз Оллақуловни ҳибсдан халос қилиб, олдига келтириб кўп нимарсаларни савол қилган. Биродар Оллақулов тамоми товариш Сафонов, Ҳасанов, Мусаевларнинг қилган номувофиқ зўрликларини бир-бир сўзлаб берган. Ондин сўнг қурултойда иш бошлаганлар.Қурултойга келган баъзий вакил биродарлар ҳар кеча маним ёнимга келиб, қурултойда бўлиб турган сўзларни айтиб кетар эрдилар. Ҳам қурултойда бўлиб турган ҳақсизликларни эшитиб ҳайрон блур эрдим. Бир кун қурултойга келган баъзий вакилларнинг маслаҳатлари бирлан қурултой президиумига бир ариза ёздим. Мазмуни шул турур: Ҳурматли 2-чи қурултой президиуми раисига! Мани қурултойга келган вакил биродарлардин рухсат олиб, қурултой мажлисига олдирсангиз.Ман вакил биродарларнинг ҳузурида ўзимнинг қилган ишларимдан маълумот бериб ҳисоб берсам. Агар шариатдин ва қонундин чиқиб бир номувофиқ иш қилган бўлсам ўз гуноҳим ўз бўйнимда бўлиб нечук жазо бўлса рози турурман, деб. Ушбу аризамдин ҳеч бир жавоб бўлмади. Иккиланчи ёзиб ўз одамим бирлан қурултой мажлисига юбордим. Ўз маҳалламиздан бўлган вакилнинг қўлига топширган. Ушбу биродар аризани вакиллар ҳузуринда раисга топширган. Ондин сўнг вакиллар сўрови бўйинча ревком Кобез таклиф қилган: аризани очиб ўқимоққа, ҳам ўқиганлар. Баъзи шахсиятлик вакиллар ўзларидан хунук бўлиб ғавғо қилганлар: “ Ушбу хат келтирган одам қайда турур.Дарҳол арестоват қилмоқ керак, ҳам Юсуповни келтириб ҳибс қилмоқ керак.Ул кишигина аксил ҳаракатчи турур. Ул бўлиб турган вақтда ҳеч ишларимизга йўл бермас турур”, деб. Ушбу мани аризамни топширган вакилни ҳам ҳибс қилмоқ учун тутиб сақлаб, дарҳол Аҳмад Маҳмудовни мани уйимга юборганлар. Маҳмудов бир неча милициялар бирлан маним уйларимни тинтув қилиб, тамоми жойларини қидириб, мани топмай қайтиб кетган. Шунинг бирлан мани мажлисга олиб бормадилар.

Махфий қолмасинким, манга тарафдор бўлиб савол-жавоб сўраб турган вакиллардин бир нечаларини, сизлар номувофиқ сайланиб келибсизлар, деб вакиллик мандатларини олиб қурултойдан чиқариб юборганлар.Ҳам вакиллар бўлиб турган манзилнинг олдинда қоровул қўйганлар.Ҳеч бир ғайри кишини вакилларни олдига бормоқига йўл қўймаганлар.Биродар Кобез бўлса ҳам Шокир Сиддиқовнинг сўзи бирлан нима қил деса шуни қилиб турган.Шунинг бирлан қурултой бир неча кун давом қилиб, охири Шокир Сиддиқовларнинг ҳоҳишларига мувофиқ амал қилиб тамом бўлди. Ҳам ҳукуматга одамлар сайлаб вакилларга рухсат бериб, ҳар бир вакилга бир неча арчин чит товар бериб қайтариб юбордилар.Марказий Ижроия Қўмита раиси қилиб манғитли ўзбек Муҳаммадраҳим Оллабергановни қўйдилар. Саркотиблигига Шокир Сиддиқовни қўйдилар. Аъзолар: Абдираҳим Ҳожи, Хударганбой, Муҳаммад Мурод юзбоши, тўрткўллик қорақалпоқ бир аскар Муҳаммад Ёқуб Холмуҳаммедов, ҳазорасплик Собирбой, Питнаклик Муҳаммад Раҳимбойларни қабул қилдилар. Нозирлар шўросига Манги Амин ўғлини сайладилар. Иқтисодий шўрога Шокир Сиддиқовни раис қилиб сайладилар. Адлия нозирлигига Ота Махсум Муҳаммадраҳим Охун ўғлини қўйдилар. Муовинлика Исо Охун Мусо Хўжа ўғлини қўйдилар.Доҳилия нозирлигига фарғоналик Ҳасан Иброҳимовни қўйдилар. Хорижия нозирлигига ёвмут Мулла Ўроз Хўжа Аҳмад ўғлини тайин қилдилар. Зироат нозирлигига Хўжайлидан Абдулла Хўжа Абдураҳмон Хўжа ўғлини сайладилар. Ҳарбия нозирлигига татар Ҳасан Муҳаммаджоновни тайин қилдилар. Молия мудирлигига Юсуф Девон Отажоновни қўйдилар. Суратхонага мудир қилиб Худойберган Девоновни қўйдилар.Маориф нозири қилиб турк Баҳри афанди, иқтисодий шўро муовинлигига Муҳаммадраҳим Девон Нуруллаевни қўйдилар. Муфаттиш нозирлигига Отамуродбой Бобониёз ўғли, муовини қилиб Каримберган Сапаев тайинланди. Шундай қилиб қурултойга келган вакилларга маёна, чит ва совғалар бериб қайтариб, узатиб юбориб, фароғат бўлиб, ўз ишларига машғул бўлдилар. Андин сўнг ҳукуматга йиғилган нозирлар маъсул хизматчилар, ҳукумат омборхонасида хонлардан қолғон яхши кийимлар ва нимарсаларни саф-саф қилиб, ўзларига ҳам бола-чақаларига тамоми бош-оёқ кийим ҳам овқат олдилар. Ҳам катта катта маёна олдилар. Маним фикримча ушбу иккиланчи қурултойга сайланиб қолган вакил биродарлар ҳукумат омборида бўлиб, хонлардин қолғон яхши кийимларни тамом олдилар. Лекин халқ манфаати учун қилғон хизматларини ҳеч бир кўз кўргани йўқ турур. Яна ҳам нозирларнинг ҳар бирлари қишлоқлардин келган одамлар бўлғонлиги учун ҳукумат буларга жойлар топиб берди.

Махфий қолмасинким, шул вақтгача ҳеч бир кўрпа, тўшак, кўрмаган нозир афандилар хон, тўралардан қолғон бахмал тўшак, атлас мато, кўрпа, ғоли палослардин кўп-кўп олиб уйларини безаб, ҳар бирлари ўзларини бир хон гумон қилиб, хондин қолғон яхши пайтунларга ўтириб, изларига қоровул милициялар қўйиб юра бошладилар.Ҳам баъзий бир жоҳил нодонлари баъзи феъли бузуқ хотунлар бирлан ношиста аҳволлар қила бошладилар. Шунинг бирлан мусулмонларни оҳ-фиғони осмонга чиқди. Не чора қилмоқ керак, сабр қилмоқдин бошқа чора йўқ турур. Оллоҳ таоло охирини хайрли қилсин, деб сабр қилдилар. Шунинг бирлан ҳукумат мажлиси нозирлар ишларини қарамоқ учун фавқулодда комиссия ташкил қилди.Комиссияга раис қилиб молия мудири Юсуф девон, аъзолари Юсуф Бозор, Каримберган Сапаев, Ҳасан нўғой Алиакбаров, Ўроз Эрманов, ёвмут Ота Эшон ва бошқалар. Андин сўнг товариш Кобезовлар Хивада бўлиб турган аэропланларга ўтириб учиб кетдилар.

Махфий қолмасинким, нозирлар учун тайёр бўлган комиссиялар ишларига киришдилар ҳам бизларнинг ҳақимизда буйруқ чиқардилар: “пинҳон бўлиб юрган нозирларга маълум бўлсин, шул кундин эътиборан ўзларингизни маълум қилинглар. Сизларга ҳеч ким даҳл қилмас турур. Сизларни ҳукумат аву қилди. Фақат комиссия чақирганида келиб саволларга жавоб берурсизлар”, деб. Ушбу буйруқларни ҳар ерларга ёпиштириб қўйдилар, бизларга ҳам келтириб бердилар.комиссия раиси қўл қўйиб саркотиб, ва аъзолар имзо қилган.Комиссияларнинг мақсади: бизларни алдаб, чиқариб бир турли қилмоқчи бўлган эрканлар.Ҳар нечук йўл бирлан бўлса ҳам бўҳтонли жиноятдор қилиб ўлтирмакчи эрканлар.Ҳукуматнинг маъсул саркотиби Шокир Сиддиқов буйрган эркан: “ҳар тариқа қилиб гуноҳкор қилинглар”, деб. Шунинг бирлан ўз ватандош биродарларимиз бизларнинг ҳақларимизда ҳар турлик макр ҳийла бўлса қила бошладилар.
Тамоми сипойи тўра, хонларнинг хотин болаларига кишилар юбориб айтургганлар: Полвонниёз Ҳожи сизлардин ҳар нимарса олган бўлса хатга ёзиб беринглар.Дарҳол ҳукумат олиб, сизларга қайтариб берур, деб.Шул жумладин, Сайид Абдуллахоннинг уйида ёши катта бўлиб, иш бошқариб юрувчи бир хотин мазкур элчи одамга айтган:
-Сизлар Полвонниёз Ҳожини бизлардан ҳукумат учун олган кийим ва молларидан бир сандиқни келтириб беринг, андин сўнг сизларга инобат қилиб сўзларимизни айтурмиз.Сизлар ёлғончи калтабон турурсизлар.Бечора Полвонниёз Ҳожи бизларга овқатларимиз учун бир таноб ер қолдириб, киймакка кийимларимизни ҳам бериб эрди.Сиз золимлар шул ерларни ҳам олдингизлар,-деб элчи бўлиб борган одамларга койишлар қилиб юборган.Яна тамомий қаъла, бозорларга жар чектириб эълон қилганлар: “ бошлиқ Полвонниёз ҳожи ҳам бошқа нозирлар ҳар кимдан пора-рушуд тариқинда бир нимарса олган бўлсалар, келиб маълум қилсинлар”.

Шунинг бирлан ҳам ҳеч ким бўлмағон нозирлар бир нимарсамизни олдилар, деган. Ман ўз-ўзим бирлан маслаҳат қилдим, қачонгача бундай пинҳон бўлиб юрурурман. Энди лозим турур ҳукуматга бориб таслим бўлмоқ керак.Нечунким, қурултой тамом бўлиб, тоза ҳукумат барпо бўлди. Ҳукумат тафтиш-таҳқиқ қилиб кўрсин.Дарвоқе номувофиқ иш қилган бўлсам ҳар нечук жазога мустаҳқиқ бўлган бўлсам, жазо чора берсун, деб.
Бир кун намоз жума куни 1921 йилда июн ойининг 6 сида уйимдан чиқиб тўғри намоз жума ўқимоқ учун масжидга бордим. Намоз жумани ўқиб адо қилдик.Назир Шоликаров ҳам бирга эрди. Намоздин чиққандан сўнг , намоздан чиққан жамиятгир мусулмонлар бизлар бирлан кўришиб кўп шод масрур бўлдилар.Шул вақтда ҳукуматдан маним ўз яқин одамим бўлган Муҳаммад Ёқуб маҳрам деган келиб маълум қилди: дарҳол Нуриллабойга бормоқ керак.Сизлар учун тайин бўлган комиссияларнинг олдига юринглар, тозадин мандат хати бермакчи турурлар ҳам қонун бўйинча бир неча одам кафил бўлиб, қўл қўйиб кетсунлар, деб мани юбордилар.

Махфий қолмасинким, маним ушбу одамим Муҳаммад Ёқуб маҳрамни алдаб фириб бериб юборган эрканлар.Ўзларимизни ўз оёқларимиз бирлан келтириб ҳибс қилмоқчи эрканлар.Маълум бўлсинким, бизлар учун тайин бўлган комиссияларга Шокир Сиддиқов буюрган эркан : “ Ушбу Полвонниёз бирлан Назирни ҳар нечук йўл бирлан бўлсун гуноҳкор қилиб ўлдирмакка тўғри қилинглар”, деб.
Махфий қолмасинким, комиссия саркотиби биродаримиз Каримберган Сапаев хусусий бир хат ёзиб маълум қилди: “Сизлар ҳеч қочиб юрманглар, ҳукумат сизларни афу қилди, дарҳол келинглар”, деб. Нечунким, Шокир Сиддиқовга яқин бўлиб, катта мансабдор бўлмоқчи эрканлар. Маълум бўлсинким, комиссияларнинг ичинда бўлган ва комиссияларнинг ёмон ниятлик бўлганларини билган инсофли аъзо Ҳасан Алиакбаров дарҳол истеъфо берган. Комиссия раиси савол қилган:
-Нечун истеъфо қилурсиз?-деб.
Онда у жавоб берган:
-Биродарлар, сизларнинг бул нозирлар ҳақинда қилмоқчи бўлган сиёсатларингизни ман тамом билиб олдим. Сизлар ҳозир ҳукумат бошинда ўлтурган Оврўпали баъзи шахсиятчиларнинг сўзларига фирибда бўлиб, булардин бир нечаларини ҳақ ўлимга тўғри қилмоқчи турурсизлар. Сизлар огоҳ бўлинглар, сизларга буйруқ қилиб турган биродарлар бугун эртанг мундин қайтиб, ўз ватанларига кетсалар керак ҳам ушбу тўғри қилмоқчи бўлган биродарларимиз чин инқилобчи турурлар. Албатта буларнинг бир куни катта ерлардин сўраб келмаклари таҳқиқ турур. Албатта сизлар шунда жавоб берурсизлар.Бизларнинг ичларимизда тўғри Алиакбаров бор эрди, бизларни ихтиёримизга қўй май мажбур қилди, деб. Ман шуни очиқ билурман. Шунинг учун ушбу кундин эътиборан комиссиядан чиқдим,-дея чиқиб кетган.

Шунинг бирлан комиссиялар ҳар бир нима ўйлаб ишламакка бошлаганлар. Шундин сўнг бизлар бир неча қариндош-уруғларимиз бирлан Нуриллабойга равона бўлдук. Йўлда тамоми шаҳар одамлари бирлан кўришуб борур эрдук. Бизларни келаётганимизга ҳам қаноат қилмасдан бир неча отлиқ милициялар юборганлар. Шунинг бирлан комиссияларнинг олдига келиб етушдик. Биродар Юсуф Девон бирлан туркман Ота Эшон ва бошқалар бирлан кўришуб соғ-саломатлик сўрашиб ўтирдик. Туркман Ота Эшон Юсуф Девонга айтган:
-Ҳожибойларга хат бериб уйларига юборинг, ҳар вақт керак бўлганда келиб жавоб бериб турсунлар — деб.
Онда Юсуф Девон жавоб берди:
-Тамоми комиссиялар келиб етсунлар,-деб.
Шунинг бирлан комиссия саркотиби Каримберган Сапаев келди. Бизлар бирлан кўришуб, Юсуф Девонни ичкарига олиб кириб бир неча вақтлар сўйлашиб чиқиб кетди. Бироз вақтдан сўнг милиция юзбошиси Ҳакимбой Ёқубов келди ҳам айтди:
-Ҳожи бобо мунда келинг,-деб.

Бизлар “ хўп бўлур”, деб Ҳакимбой бирлан ташқарига чиқдик. Кўрсак эшик олдида 20 адад қуролланган милициялар икки тарафда саф бўлиб турган эрканлар. Бизларни ўртага олиб ҳукумат ўтирган жойга олиб келдилар. Ҳам келтириб ҳукуматнинг бир уйида қўйиб тамоми ойна қопиларининг олдида қоровуллар қўйиб, ҳозир бўлиб турдилар. “Ўзларингиз инсоф қилиб кўринг, бизлар ўзларимиз келиб ҳукуматга таслим бўлдик .Шунда бул нечук ҳозирлик турур”, дедик.
Шунинг бирлан кеч бўлди. Намозгар бирлан ноамозшомни ҳукуматда навбатчи бўлиб турган Мулла Рўзимуҳаммад Девон бирлан бирга жамоат бўлиб адо қилдик. Ондин сўнг Хоразм ҳукуматининг ихтиёри қўлинда бўлиб турган Шокир Сиддиқов ҳукумат залига кириб, қоровул бирлан Назир Шоликаровни олдига олдириб, кўп койишлар қилиб қайтариб юбориб, ондин сўнг мани талаб қилган. Ман ҳам қоровул бирлан бориб кирдим. Саломлашиб, кўришиб курсида ўтирдик. Сиддиқов савол берди:
— Нечун қочиб кетдингиз?,-деб.
Ман жавоб бердим:
-Биродар агар ман қочиб пинҳон бўлмаган бўлсам ўзингизга маълум турур. Сафонов маним ҳам , гуноҳсиз тамоми бечора нозирларни ҳам ўлдирур эрди,-дедим.
Яна айтди:
-Ҳукуматнинг муҳрини нечун олиб кетдингиз?
Ман айтдим:
-Албатта олиб кетмоқ лозим бўлса керак. Ҳар ерда қолдириб кетмак, хиёнат ўлса керак,ина соғ-саломат келтириб топширдим-дедим.
Яна Шокир Сиддиқов айтди:
-Ҳукуматдин қўрқмайсизми?,-деб.
Ман айтдим:
-Албатта қўрқармиз.Ҳар нечук бўлса ҳам қурултой бўлиб, халқ тарафидин ҳукумат сайланиб қолди. Шунинг учун ўзим келдим. Ҳукумат албатта маним ишларимни таққослаб кўрур. Агар хиёнат қилмаган бўлсам, афу қилиб, ўз бечоралигимга юбориб қўяр, деб эҳтимол қилиб келдим,-дея жавоб бердим.
Сиддиқов яна айтди:
-Сиз бул вақтгача қайси одамларнинг уйинда бўлдингиз, шуларни исмларини ёзиб беринг.Шул одамлар ҳукуматнинг гуноҳкори турурлар.Уларга жазо бермоқ лозим турур,-деди.
Ман айтдим:
-Биродар бул нечук сўз турур, ман қайда бўлғонимни ҳеч айтмасман. Сиз эшитмассиз, сиз бул сўзни қўйинг.Ҳукумат ўзимга ҳар нечук жазо бермоқчи бўлса, келдим, мана мен,-дедим.
Шунинг бирлан менга жавоб бериб юборди. Андин сўнг мулла Рўзимуҳаммад Девонни чақириб савол-жавоб қилган.” Ҳукуматда жиноятдор бўлган одамларни олдиға бориб юрганинг ҳеч қонунга мувофиқ эрмас турур”, деб. Мулла Рўзимуҳаммадни шу тариқа ҳибсга юборган.

Махфий қолмасинким, Шоликаровнинг ўзлари ҳам шул вақтларда сархуш эрканлар. Андин сўнг чиқиб ўз уйига кетди.

Махфий қолмасинким, ҳукумат хизматкорлари бизларнинг устимизга солмоқ учун бир кийимча бериб эрдилар.Мазкур ноинсофдин қўрқиб бизларнинг устимиздаги кийимни олдилар.Ушбу оқшом шул жойда бўлдик. Атрофимизда йигирма адад қоровул қўйдилар. Эртанг Шокир Сиддиқовнинг буйруғи бирлан Ҳакимбой Ёқуб ўғли келиб шаҳар муҳофаза мудири Отажон Қутлимурод ўғли бизларни обиск қилиб ёнимизда бўлғон чақаларимизни олиб қолиб, Ҳакимбой бошлиқ қоровуллар билан шаҳарнинг катта ҳибсхонасига узатиб юбордилар.Ҳакимбой бизларни келтириб ҳибсхона мудирига топшириб қайтиб кетди.

Турма мудири бизларни яна обиск қилиб Назир бирлан иккимизни бир камерага жойлаштириб, олдимизга махсус милтиқли қоровул қўйди. Бизлардин аввал ҳибсхонада бўлиб ётғон Назир биродарларимиз бирлан кўришуб, саломатликларимизни билишиб Оллоҳ Таолонинг лутфу карамига шукурлар қилиб, бироз сўйлашиб, ҳар бирларимиз ўз манзилимиз бўлган жойларимизга кириб Оллоҳ Таолонинг лутфу карамига тақиё қилиб истиқмоатга машғул бўлдик. Ҳибсхонада одамлар жуда кўп эркан. Тамоми одамларга насиҳатлар қилиб, ҳаммаларига тавба қилдириб, намоз ўқимоққа таклиф қилдик. Ҳам насиҳат қилиб айтдик:
-Биродарлар, ёмон ишларингизни жон-дилингиз бирлан тавба қилиб, Оллоҳ Таолодин ҳибсдан халос бўлмоқни тилаб дуога машғул бўлинглар.
Шундан кейин ҳамма маҳбуслар тавба қилиб жамоат бўлиб намоз ўқимоқға машғул бўлдилар. Ҳибсхонада бир масжид шакли бўлди.
Махфий қолмасинким, Тошкентдин биродарларимиз Мулла Жуманиёз Султонмуродов, мулла Муҳаммаджон Обдаловларни қоровуллар бирлан келтириб, ҳукуматга топширдилар. Ушбу биродарларимизни Нуриллабой саройида буткага ҳибс қилиб қўйдилар.

Махфий қолмасинким, мунда “инқилоб” бўлгандин сўнг муваққат ҳукумат Сафоновнинг буйруғи бирлан Тошкентда особий отделга телеграм берган, буларни ( Султонмуродов ва Обдаловларни-У.Б.) тутиб ҳибс қилмоқға. Шунинг бирлан биродаларимизни тутиб ҳибс қилғонлар. Икки ой Тошкентда ҳибсда сақлаб, Хивага юборганлар. Шунинг бирлан комиссиялар Мулла Жуманиёз бирлан Мулла Муҳаммаджонни тафтиш қила бошладилар. Лекин Мулла Муҳаммаджонни кафилга бериб озод қилдилар. Лекин Мулла Жуманиёзни тафтиш қилиб, тамомий ерларга кишилар юбориб, қариндош ва ошноларини уйларини ахтариб, ўзларини келтириб зиндонга ҳибс қила бошладилар. Охири биродар Мулла Жуманиёз касал бўлиб касалхонага келиб давойи қилдириб, ҳам шунда ёта бошлади. Бир неча кундин сўнг Мулла Жуманиёз хабар эшитган,” бир-икки кунга суд қилиб,, Мулла Жуманиёзни ўлдирмакка маслаҳат қилғонлар”, деб. Шунинг бирлан жон ширин, бир оқшом касалхонада пешахонадан чиқиб, таҳорат синдирмоққа чиқиб қоровулни ғофил топиб, боғ деворидан ошиб тушиб қоронғу оқшомда бир тарафга равона бўлғон. Оқшом бирлан саргардон бўлиб юрган. Тонг отиб етишган ҳамон бир масжидга кириб, намоз қилиб ҳам шул масжидда ўтириб қолғон. Ҳам ўзиға муқарррар қилғон: “ бул ердин чиқиб кетса Хивадин ўзини қидириб чиқғон одамлар албатта топарлар”. Лекин масжидда бир йигит ҳаммадин сўнга қолиб, келиб Мулла Жуманиёзга салом бериб кўришган, ҳам айтғон:
-Сиз Мулла Жуманиёз ака эрмасмисиз,-деб.
Биродар Мулла Жуманиёз қўрқиб айтғон:
-Мани нечук танидингиз?,-деб.
Онда ул йигит айтғон:
-Ман сизни яхши танирман. Ман туҳмат бирлан жазо маҳкамасиға тушиб эрдим. Сиз шунда кўп таҳқиқ-тафтиш қилиб меним ҳақлигимни изҳор қилиб, халос этиб юбордингиз.
Бу вақтда тамоми ерларга жар чектириб эълон қилдилар:
-Мулла Жуманиёз касалхонадин қочиб кетган турур, ҳар ким хабарини айтса беш миллион ақча ҳукумат бермакчи турар,-деб.

Йигит Мулла Жуманиёзга деган:
-Сиз хотиржам бўлинг. Сизни ман худо ҳоҳласа ўз уйимда сақларман, ҳеч ким билмас турур. Ҳозир сиз мунда ўтириб туринг ман уйдин наҳори келтирурман, -деб чиқиб кетган.
Мулла Жуманиёз ҳайрон саросима бўлиб нечук қилмоқчи бўлғонини билмаган. Охири тангриға таваккал қилиб ётиб ухлағон. Нечунким ўзи касал, ҳам қоронғу оқшом қўрққонидан ҳар бир йўлсиз ерлардин юриб оёқлари мажруҳ бўлғон. Бир неча соат вақтдин сўнг мазкур йигит наҳори келтириб уйқудин бедор қилиб чой ва наҳорини бирга тановвул қилғонлар. Ҳам мазкур йигит ўзи бирлан бирга олиб бориб уйидан жой берган. Отаси ҳам бор экан.Ушбу оқшом шунда бўлган. Охири ҳар бир ерлардин хабар кела бошлағон :”Тамоми Хоразм атрофларига Мулла Жуманиёзни ахтармоқ учун одам юборди”, деб. Охири Мулла Жуманиёз мазкур йигитнинг отасига айтган:
-Маним мунда қўниб турғонимни бировлар билсалар, ҳукуматга хабар берсалар, сиз бечораларга кўп зарарим етса керак.Маслаҳат шулким, мани аравага ўтиртириб айтғон ерга элтиб аравадин тушириб қайтса ўғлингиз,-деган. Йигит ноилож аравага миндириб, хўшлашиб, қайтиб кетган. Ондин сўнг Мулла Жуманиёз бир ерда пинҳон бўлиб, оқшом бўлғондин сўнг қариндошининг эшигини қоқғон. Унда хотинлар бор эркан, қўрқиб эшикни очмаганлар. Охири бир хотунни исмини айтиб қичқирғон. Мазкур хотин келиб, сўрашиб билгандин сўнг эшикни очган ҳам ҳовлига киргазиб бир жойда пинҳон қилиб қўйган. Шунинг бирлан бир неча кун шул жойда бўлиб турғон. Охири бир туркман ошноси бор эркан, шунинг жойиға борғон. Ушбу туркман маслаҳат берган:
-Ҳақ-ноҳақ сиз қайда бўлсангиз, сизни топиб ўлдирурлар. Шундай бўлғондин сўнг албатта ман сизни палон ошнамни воситаси бирлан Хон Жунаиднинг олдига юборурман.Туркман деган шундай бўлур. Агар бир киши шул туркманнинг ўғлини ўлдирган бўлса ҳам, бошига бир савдо тушиб, олдига паноҳ истаб борса, шунга паноҳ берур. Албатта шуни ўзингиз ҳам билурсиз,-деган.
Мулла Жуманиёз ҳам тангрига таваккал қилиб рози бўлган..
Ушбу айтган туркманни олиб келганлар. Маслаҳатни бир ерга қўйиб, уни хон Жунаиднинг олдига юборганлар. Ул одам бир неча кунда бориб келиб, Мулла Жуманиёзни олиб бориб, хон Жунаиднинг ўзи бирлан кўриштурган. Хон Жунаид унинг гуноҳини ўтиб, туркман дастурида жавоб берган.

Махфий қолмасинким, хон Жунаиднинг олдида бўлиб юрган ёвмутлар Мулла Жуманиёзни кўриб, нечук қилмоқни билмай ҳайрон бўлганлар. Нечунким, Мулла Жуманиёз инқилоб аскарларини олдинда Тўрткўлдан ўтиб туркманлар бирлан урушиб туркманларни тор-мор келтириб, қочириб юбориб, туркман ичига бориб, ҳовли-ҳарамларни ёндируб, ёқиб хароб қилғон бир одам бўлған эрди. Албатта буни хон Жунаид ўлдурур эрди. Хон Жунаид туркманлик қилғон. Агар мулла Жуманиёзни ўлдирмай сақласам, инқилобчи “ ёш хивалик”ларни ҳозирги ҳукумат бир нечаларини ҳибс қилиб қўйиб турур. Албатта алардин ҳам бир нечалари келурлар.Андин сўнг ҳаммаларини тутиб ўлдурурман, деб мулла Жуманиёзга ҳеч бир ташвиш бермаган. Андин сўнг ҳукумат эгамберган Тиллаев ҳақида эълон чиқарган: агар уч кун ичинда ўзи келиб ҳукуматга таслим бўлмаса, ҳар ерда, гўрда бўлса ҳам отиб ўлдирмакка деб. Албатта Эгамберди бул эълондин ҳеч қўрқмаган.Ўзига муқаррар қилган6 манинг биродарларим ўзлари таслим бўлиб ҳибс бўлдилар. Мани ҳам бормоғим керак. Ҳар нечук бўлса бўлсин, бирга бўлмоғимиз даркор турур, деб келиб ҳукуматга таслим бўлган. Бул биродаримизни ҳам келтириб зиндонга ҳибс қилдилар.

Махфий қолмасинким, бир неча кундин сўнг зиёрат нозири Ҳаким Бобожон Муҳаммад ўғлини ҳам келтириб комиссиялар томонидан ҳибс қилдилар. Бобожон Девон Абдулазиз ўғлини, Бобожон ёқуб ўғлини ҳам комиссиялар тарафидин уйларини тинтув қилиб, келтириб ҳибс қилдилар. Тошҳовуздин Собирберган Қўчқор ўғлини келтириб Нуруллабойда буткага солиб қўйдилар. Комиссияларнинг бул қилиб турган ишларидан Шокир Сидиқов огоҳ бўлиб, дарҳол Собирберган Қўчқор ўғлини ҳибсдин бўшатиб чиқарган. Бобожонбойни ҳам чиқармоққа буйруқ берган. Ҳам комиссиялар ичидан Юсуф Бозор Аҳмаджон ўғлини ўзини келтириб , буткага ҳибс қилган. Бир неча кун ўтгандин сўнг Собирберган Қўчқор ўғли Шокир Ситдиқовдин тилаб ҳам кафил бўлиб, Ҳакимбой Бобожонни ҳам зиндондан чиқарди. Бир неча кундин сўнг Маскавдин Хоразмга комил ҳуқуқли вакил бўлиб бик деган биров келди. Ушбу вакил бирлан Маскавдаги Хива ваколатхонасининг вакилини муовини биродар Отабой Ҳожи Абдуллабой ўғли ҳам вакилимиз мулла Бекжон Раҳмон ўғли ҳам Чоржавдин пароходга ўтириб, бирга келганлар. Ҳам манинг ўғлим Бойбобо ҳам Оренбургдаги ўқувидан қайтиб ушбу биродарлар бирлан келишди. Дарҳол адлия нозиратидан хат олиб келиб, манинг бирлан кўришди. Руссия тарафлардин хабарлар айтди. Шунинг бирлан вакил афанди ҳам ўз ўрнида ўрнашиб ўз ишларига машғул бўлди.

Махфий қолмасинким, Хоразм ҳукуматинда масъул саркотиб бўлиб турган Шокир Ситдиқов Оренбургга бориб келмоқчи бўлиб ҳукуматдин қирқ кунга рухсат олиб , хоразмлик хизматкорларини ёнига олганича Оренбургга кетди. Ахшабоддин Хивага келган вақтида киймакка кийимлари йўқ эрди. Ман унга хорижия нозирлигини ғазиначисидан кафил бўлиб ўн беш минг манот пулни аванс тариқинда олиб бориб эдим.Фақат шул оқчага кийим, асбоблар олиб эрди. Оребургга кетган вақтларида қанча дабдаба ва қанча соғв, ҳадялар билан, олтинлар бирлан қайтиб кетдилар. Бу кишини сафар қилғонларига кўп хушнуд бўлдик. Товариш Бик бизларнинг ҳақимизда ҳар ерлардин маълумот жамлаб юрган.Ҳам нозирлар учун бўлган комиссиялар ҳам ишга киришдилар. Молия нозири Муҳаммад Пано Муҳаммадраҳим Ҳожи ўғлини олиб кетиб банк асбоб ишларини ҳисобини олмоқчи бўлганлар.Муҳаммад Панобой айтган:
-Ман нечук ҳисоб берурман. Манинг тамоми калиту халта, хат-хутларимни олиб ҳибс қилдилар. Шундан тўрт ойлар ўтиб кетди. Банкни нечук қилдилар, маним ҳеч хабарим йўқ турур. Ман сизларга тўғри ҳисоб бермоққа ожиз турурман. Бор нимарсалар бўлса, дафтарда ёзилғон турур. Дафтар калити бўлса, қўлларингизда турур,-дея жавоб берган.
Шунинг бирлан Муҳаммад Панобойни ҳам Нуриллабойда сақлаганлар. Андин сўнг маориф нозири Карим қорини ҳам чақириб олиб бориб жавоб берган:
-Мани нечук ҳисобим бўлсин, тамоми ҳисоб бўлса хўжалик бошлиғи ва саркотибда.

Сўнгра омбор мудирлари ҳам келиб инкор қилғонлар. Маориф назоратида бўлғон ашёлар, ғаллалар харажат бўлғон, ақчалар бўлса бизлар ҳар вақтда ҳисобини бермоққа тайёр турурмиз.КаримЭшонда ҳеч бир нимарса йўқ турур, деб шаҳодат берганлар. Шунинг бирлан қори афандини ҳам халос қилдилар.
Андин сўнг назир Шоликаровни олиб кетиб Тошкентдин ҳарбия учун олиб келган нимарсаларидан ҳисоб ола бошладилар. Бир неча ашёларни кам чиқди, деб мўйнига уч миллиондан ортиқроқ ақча туширдилар. Ҳам буюрдилар: дарҳол шу маблағни топиб бермакка. Яна ҳибсхонага юбордилар. Биродар Отаниёз Шоликаровни Манғитда бўлғон заводидин қолғон темир нарсаларни бозор баҳоси бирлан ҳисоб қилиб, ҳукуматга ўтказди. Ҳам бир неча адад ғоли-полослар ҳам уй асбобларини баҳо қилиб ҳукуматга ўткариб бериб тамом қилди. Шунинг бирлан ҳибсдин халос ҳам қилмадилар. Андин сўнг Исмоилбой Солиҳ Ҳожи ўғлини ҳам олиб бориб мазкур Назир Шоликаровни бўйнига тушган маблағ баробарида Исмоилбойга ҳам тўламакка буюрдилар. Исмоилбой натижа бермакчи бўлиб кафилга чиқиб кетди. Бир неча кундин сўнг Эгамберган Тиллабойни ҳам кафилга чиқариб олиб кетдилар. Биродар Эшон Қорини ҳам кафилга чиқариб юбордилар. Муҳаммад Панобойни ҳам кафилга бериб Нуруллабойдин уйига юборганлар. Андин сўнг Бобожон Тарро Девонни ҳам чиқариб юбордилар.

Махфий қолмасинким, мани ҳам қоровул бирлан комиссиялар ҳузурига олдириб баъзи савол-жавоблар қила бошладилар. Тамоми сўраган саволлари шундан иборат турур:
-Сиз палончидан палон нимарса олибсиз,-деб бўҳтондин бўш саволлар бўлди.
Ман тамоми саволлариға ростлик бирлан жавоблар бериб шоҳидлар кўрсатдим. Ҳам комиссия раиси Юсуф Девонға эълон қилдим:
-Биродар сизнинг мандин мунингдек беҳуда бўш саволлар қилмоқға ҳеч ҳақингиз йўқ турур. Фақат ҳукумат сизларни комиссия қилиб сайлади. Биз нозирлар ҳукуматнинг мол ва ашёларидин хиёнат қилиб бир нимарсалар олғон бўлсак, ишларни таҳқиқ тафтиш қилиб олмоққа.Мунингдек давойи-жанжал бўлса мунда адлия нозироти бор турур.Ўзлари мувофиқ шарий-шариат иложини қилурлар. Ман сизнинг бул саволларингизга жавоб бермасам ҳам ҳаққим бор турур. Фақат жавоб бердим: сизларни айтмасинлар биродар жавобдин ожиз бўлди,деб. Ҳам сизларга маълум қилурман: ман бировлардин палон нимарса беринг, палондек қилиб берурман, деб ҳеч нимарса олғоним йўқ турур.Лекин баъзий бир биродарлар ўз ҳоҳишлари билан ҳадия тариқинда берган бўлсалар ул одамлар, агар ўлдурсангиз ҳам айтмасалар керак.Нечунким ўзи берган турур. Энди мандин мундай савол-жавоблар сўраб юрманг. Агар буларнинг хусусий аризалари бўлса адлия нозирлигига юборсангиз,-дедим.

Биродар Юсуф Девон айтди:
-Мен ноилож қилиб ҳукумат тарафдин комиссияларга махсус деб хат юборинглар,-деб айта оламан.
Ман айтдим:
-Дуруст,ҳар кимнинг ҳукуматга ариза бермакка ҳаққи бор турур. Ҳукумат Сизга махсус қилиб юборган турур. Сизлар ҳам тегишли бўлган ерларга юбормакларингиз лозим турур,-дедим.
Шунинг бирлан рухсат қилиб юборди. Манзилимиз бўлган ҳибсхонага келиб ўлтурдик. Шунинг бирлан бир неча кунлар ўтиб кетди. Болаларимиз ҳукуматга ҳар кун аризалар бериб, кафилга чиқармоқ ҳаққинда сўраб турдилар. Ҳукумат комиссияларга махсус деб аризаларни юбориб турган.
Маълум бўлсинким, ҳукумат жумҳурият бўлғон деҳқонларга солғут учун ҳар таноб ерга икки ботмондин ғалла солиб эрди. Деҳқонлар бермакка ожиз бўлгандин Илолли, Тошҳовуз, Маноқ, Питнак, Ҳазорасп, Бешариқ деҳқонлари келиб, ҳукуматга ожизликларини билдириб ариза қилдилар. Марказ комиссия шўросининг раиси биродар Раззоқберган Исмоил ўғли сўйлаб халққа тушунтирмакчи бўлиб турган вақтда фуқаролар ғавғои ом бўлиб Раззоқберганни тутиб урдилар. Оқибат ноилож аскарлар милтиқ отиб, зўрдин уни одамлар қўлидин халос қилдилар. Ҳукумат бир неча оқсоқолларни тутиб ҳибс қилди. Бир неча кундин сўнг чиқариб солғут ғаллони бир озкам қилмоқчи бўлиб, халқни қайтариб юбордилар.

Махфий қолмасинким, Марказ комиссияси Шўросининг раиси бўлган Раззоқберган Исмоил ўғли бир кун Марказ Ижроия Қўмитанинг муваққат саркотиби бўлиб турган Холмуҳаммедовга айтган:
-Юсуповни кафилга бериб ҳибсдин чиқармоқ керак.Агар сиз шунга мутасаадди бўлиб чиқармоққа қўшиш қилсангиз тамоми халқ сиздан миннатдор бўлса керак.Нечунким комиссиялар шунча тафтиш таҳқиқ қилдилар, ҳеч бир жиноят бўладиган нарса топмадилар.
Онда Холмуҳаммедов айтган:
-Агар бошқа аъзолар қарши бўлсалар нима қилармиз?
Онда Раззоқберган айтган:
— Ман бошқа аъзоларни рози қилурман. Сиз шул кун мажлисга масалани қўйинг,-деган.

Шунинг бирлан Раззоқберган бошлиқ Ота Махсум ва бошқаларга бир қатор масалани айтиб чиққан.Шунинг бирлан мажлис бўлиб, бул ҳақда музокарага қўйилган.Дарҳол ҳарбия нозири Ҳасан Муҳаммаджонов қарши бўлиб, сўз олиб айтган:
-Ушбу Юсуповларни ҳибсдан чиқармоқ ҳеч бир сурат бирлан мумкин эрмастур. Бул кишилар Шўролар ҳукуматига кўп зиёнли одамлар турурлар.Агар булар Хоразмда турсалар ҳеч бир тинчлик бўлмаса керак, қонунимизга ҳам қарши турурлар,-деб кўп сўзлар сўйлаган.
Ондин сўнг Руссия ваколатхонасидин келиб иштирок қилиб юрган Садовников деган бир ўрис биродар сўз олиб, Муҳаммаджоновни сўзига қарши айтган:
-Биродар Муҳаммаджоновнинг бул сўзлари фақат шахсият турур. Адолат нуқтаи назаридин қараганда ушбу Юсуповларда ҳеч бир қаршилик бўлмаса керак.Ман ўзим Юсуповни ҳеч кўрмадим. Ҳам билмас турурман.Ҳукумат бир неча ойлардин буён тамоми шаҳар ва қишлоқларга сўроқ қилди.Ҳеч бир айблари топилмади.Албатта шул одамнинг ҳибсда ётгани ҳеч қонун бирлан мувофиқ бўлмаса керак. Ман холис ўз тарафимдин мажлисга таклиф қилур эрдим: биродар Юсуповларни ушбу кундин эътиборан ҳибсдин чиқармоқ лозим,-деган.

Ондин сўнг раис овозга қўйган.Уч киши қаршилиғи бирлан аксарият ҳибсдан чиқармоққа овоз берганлар ва чиқармоққа қарор қилганлар. Дарҳол Раззоқберган келиб, Эгамберган Тиллабоевга, ҳам манинг ўғлим Бойбобога эълон қилган: “ Дарҳол бир неча одамларни кафил ёздириб ариза беринглар” деб.
Бойбобо элатимизни оқсоқоли бўлган Хўжа ва бошқа биродарларни кафил хатга солдириб ариза хатберган.Ҳукумат ариза хатини комиссияларга юборган. Ўрнига еткурмакка комиссия раиси Юсуп Девон бизларни ҳибсдан чиқариб ҳукуматга олиб келмакка ёзиб зиндон мудирига хат юборган.Дарҳол хабарчилар келиб бизларга хабар қилдилар ҳам бизларни олиб кетмакчи бўлдилар. Зиндонда бўлган маҳбус биродарлар бизлар бирлан бир-бир кўришиб ҳам хўшлашиб йиғлаб қолдилар.Бизлар ҳам зиндонда қолган биродарлар бирлан хайрибод қилишиб, видолашиб чиқиб ҳукумат тарафига равона бўлдик. Йўлда кетишда шаҳар биродарлари келиб бизлар бирлан кўришиб кетар эдилар. Нуруллабойга етиб келдик.Комиссия раиси Юсуп Девон уйимизга кетишга рухсат қилди.
Бизлар Олло таолони лутфу карамига кўп шукурлар қилиб, уйларимизга келиб, бола-чақаларимиз бирлан кўришиб хотиржам бўлиб ўтирдик. Ҳам ўз бечоралигимизга машғул бўлдик.
Бир неча кунлар ўтгандин сўнг Руссия комил ҳуқуқли вакили биродар Бык бир киши юбориб чақирғон эркан.Дарҳол сафортхонага бордик.Таржимони Ота Мулла Муҳаммад ўғли деган ёвмут бир йигит кириб маълум қилди. Кириб кўришиб омонлашиб ўтирдим.Ондин сўнг товариш Бык айтди:
-Таржимон бирла сўйлашурмиз,-деб.

Ман айтдим:
-Албатта таржимон бўлгани яхши турур,-дедим.
Яна ҳам айтдим:
-Афу қилурсиз, бул вақтгача сизни келиб кўрмадим.нечунким, ҳукуматдин қўрқдим.Юсупов дарҳол ваколтахонага бориб вакил афандига бизларнинг устимиздин ёмон сўзлар айтиб юрибди, дея гумон қилмасинлар деб.
Товариш Бык айтди:
-Ҳеч воқеаси йўқ турур.Энди мундин сўнг бундай сўзлар бўлмас,хотиржам бўлинг,-деди.
Шунинг бирлан баъзи бир неча сўзларни сўрай бошлади. Ман русчалаб жавоб бериб ўтирдим.Ондин сўнг товариш Бык кўрди: бақадирҳол русча жавоб бермакка қодир эканман.Ондин сўнг таржимонга ишорат қилди, таржимон чиқиб кетди.Ондин сўнг ўтган март инқилоби ҳақида савол сўраб ўтирди. Ҳам аввалги инқилобчилар кимлар деб сўради. Ман ҳаётларни ҳам ўлганларни ҳам исмини айтиб бердим. Шунинг бирлан бир соат чамаси сўйлашиб ўтирдик. Ондин рухсат сўрадим. Тез-тез келиб турмакка тавсия қилиб рухсат берди.

Махфий қолмасинким, бизлар ҳибсда бўлиб турган вақтларда Маскавга комил ҳуқуқли вакил қилиб Султон Қори Жуманиёз ўғлини сайлаганлар.Жуманиёз Оллоқуловни масъул саркотиб қилиб, Муҳаммадёрбой Абдулла Ҳожи ўғлини хўжалик мудири лавозимига сайлаб, узатиб юборганлар.
Бир неча кундин сўнг Муҳаммадёрбой баъзи керак нимарсалар учун ваколатхонанинг почтовой курери фарғоналик Тожибеков бирлан келиб қолдилар.Кўришиб Маскав аҳволотидан ҳам Султонқори Жуманиёзларни сўрашдик. Ул биродарлар ҳам бизларга салом юборган эканлар. Шунинг бирлан бир кун товариш Быкни олдига бориб эрдим.Сиёсат оламидин баъзи сўзларни сўйлашиб ўтирдик.Муҳаммадёр ҳақинда сўрашиб ўтирди.Ман айтдим:
-Бизлар Исфандиёрхондан идораи маршрутия олганимизда биродар Муҳаммадёрбой бир неча маротаба қизил байроқни кўтарган бир зот турур,-дедим.
Сўнгра Бык бошқаларни ҳақинда ҳам савол қилиб ўтирди. Ондин хўшлашиб қайтиб кетдик.

Махфий қолмасинким, Марказий Ижроия Қўмитада қарор қилганлар: бизларнинг ишларимиз учун Олий Жазо маҳкамаси ташкил қилғонлар. Ушбу маҳкамага адлия нозири Ота Махсумни раис қилиб сайлаганлар. Фарғонали дохилия нозири Ҳасан Эрмуҳаммедовни, туркман шўъбасидан мулла Отабой охунни аъзо қилиб сайлаганлар. Бир кун мани чақириб ўтган комиссия Юсупов Девондин келган баъзи бир маълумотлар ҳақинда савол қилдилар. Ман тамоми саволларига жавоб бердим. Шунинг бирлан манга жавоб бериб юбордилар. Яна бир кун Назир Шоликаровни ҳам чақириб савол қилдилар. Ул ҳам жавоб бериб қайтди. Шунинг бирлан бизларнинг ишларимиз тўхтаб қолди. Ҳам ушбу афандилар айтдилар: Худо ҳоҳласа яна бир мартаба сўрашиб мажлис қилиб тамоми ишларимиздин оқлаб жавоб юборурмиз, дедилар.

Маълум бўлсинким шул вақтларда Оренбургдин Шокир Ситдиқов қайтиб келиб қолди. Онинг келмасидан бурун Марказ Ижроия Қўмитаси Мажлисинда Шокир Ситдиқовни саркотибликдан, иқтисодий шўро раислигидан озод қилиб, маориф нозирлигига тайин қилиб қўйган эрди. Ушбу биродар ангга рози бўлмай, норозилик баён қилиб маориф нозирлигига муқаррар бўлган хизматга бормай юрди. Ҳам иқтисодий шўронинг муваққат раиси Муҳаммадраҳим Девон Нуруллаев, муоивини Бобожонбой Ёқубовлар ҳам бир неча руслар бирлан биргалашиб зиёфатлар қилиб юрдилар. Бунга Марказ Ижроия Қўмита саркотиби бўлган Холмуҳаммедов гумонзода бўлиб юрган. Илтифот қилиб яна бир инқилоб қилурлар деган ўйда бўлган. Шунинг бирлан буларни таъқиб қилиб юрган.

Бир кун эшитган: ушбу оқшом бир ерда жамлашиб бир иш қилмоқчилар деб. Дарвоқеа шул оқшом Бобожонбой Ёқуб ўғлининг жойинда буларнинг зиёфатлари бўлган.Холмуҳаммедов дарҳол бориб товариш Бикга маълум қилган. Ондин сўнг қайтиб Нуруллабойга келиб, ярим оқшомда тамоми нозирларнинг уйларидан олдириб, буларнинг ҳақинда шул қарорга келганлар: дарҳол буларни тутиб арестоват қилиб ҳибс қилмоққа. Эртанг Муҳаммадраҳим Девон Нуруллаев, Бобожонбой,Шокир Ситдиқовларни Хоразмдин чиқариб Руссияга юбормакка қарор қилганлар. Дарҳол Холмуҳаммедов бир неча милиционерлар олиб Бобожонбойнинг уйига бориб кўрган.Тамоми ҳаммаси бор эрканлар.Холмуҳаммедов руслардин бир нечаларини зиндонга, ҳибсга юборган. Муҳаммадраҳим Девон ,Бобожонбойларни ўз уйида қўйиб, олдларига қоровул қўйган. Шокир Ситдиқовни бир неча қоровуллар бирлан ўзи Нуруллабойга келириб олдинда қувватли қоровуллар қўйиб, уйига келган. Эртанг бирлан туриб полвонёпда бир кема ҳозирлаб, Муҳаммадраҳим Девон, Бобожонбой, Шокир Ситдиқовларни ушбу кемага ўтиртириб, олдларига қоровул қўйиб, узатиб юборганлар. Оллоҳтаолонинг адолатлигига томоша қилинг: бизларни ҳибс қилиб қўйганда Нуруллабойда бизлар бирлан намоз ўқигани учун Мулла Рўзимуҳаммадни будкада ҳибс қилиб эрди..Мазкур рўзимуҳаммад Девонни Холмуҳаммедов Шокир Ситдиқовнинг тамоми нимарсаларини борлаб, худой таолонинг карамига маъмур қилган. Ушбу Девон худой таолрнинг карамига шукурлар қилиб, тамоми нимарсаларини бир-бир таҳқиқ қилиб, тафтиш қилиб чиқариб юборган.

Зиндонда бўлган русларни ҳам тафтиш қилиб ҳибсдин бўшатиб юборганлар. Иқтисодий Шўрога Отабой Абдуллабой Ҳожи ўғлини раис сайлаб қўйдилар. Ушбу юборган одамлар Чоржавга бориб, андин ўтиб тошкентга бориб, бир неча вақт тўхтаб Бобожонбой, Муҳаммад Раҳим Девонлар Маскавдаги Хоразм вакилининг олдига кетдилар. Шокир Ситдиқов Тошкентда қолган.
Энди Хивада бўлиб турган сиёсатчилардин билмакчи бўлсангизлар,Хивада иккиланчи қурултойнинг биринчи сессияси бўлди. Жами ҳукумат аъзолари жамлашиб сессияга Нозирлар шўроси Ибни Амин ўғли Мелихўжани раис сайладилар. Эрмуҳаммедов саркотиб, Ота Махсим ва бошқалар президиумга аъзо бўлиб кирдилар.

Махфий қолмасинким, Хивали бир хотун бор эрди. Анош чўлоқ исмли. Ул хотун созанда эрди. Марказ ижроия Қўмита саркотиби Холмуҳаммедов шул хотун орқали ҳар турлик бузуқ апполи (феълли-У.Б.) хотунларни келтириб базм қилдириб юрар эркан. Мунинг ҳақинда бир неча одамлар шаҳар ижроия қўмитасига келиб арз қилганлар. Шул одамларнинг аризаларини назар эътиборга олиб, мазкур Анаш чўлоқни келтириб, ҳибс қилди. Муни эшитиб Холмуҳаммедов қаҳрланиб шаҳар ижроия қўмитасининг раиси биродар Худойберган Ўрозниёз ўғлини зиндонга ҳибс қилдирди.

Сессияда биринчи мажлисда шул масала музокара бўлди. Ҳам биродар Худойберганбойни зиндондан олиб келиб, ушбу воқеат тўғрисинда савол қилдилар. Худойберганбой баён воқеаларини айтмоққа шарий қилди ҳам айтди: биродарлар ушбу хотун биродар Холмуҳаммедовнинг буйруғи бирлан ҳар бир эътиборли мусулмон одамларнинг уйига бориб, хушрўй хотини ва қизи бўлса таклиф қилур эрмиш. Шуларни Марказ ижроия Қўмита саркотиби Холмуҳаммедов чақирган.Бул ҳолат мусулмонларни фиғон-жонини чиқариб, бир нечалари келиб арз қилдилар. Шунинг бирлан ман мазкур Анаш хонумни тутиб ҳибс қилдим. Дарҳол мани Холмуҳаммедов милиция орқали уйимдан олдириб манга кўп койиш қилиб мани зиндонга юборди. Мандин бошқа ҳеч бир сўз сўрағони йўқ.Ҳам айтди:
-Биродарлар, мани тамоми Хива тобе одамлари сайлаб,ушбу шаҳар ижроия қўмитасига қўйдилар. Азбаройи мусулмонларни муҳофаза қилмоқ учун. Албатта шундай ношоиста ишларни борлаб, жазолаб турмоғим даркор турур.

Марказ Ижроия Қўмитасига саркотиб бўлиб турғон ушбу биродар шундай ношоистонда ишлар қилсалар мусулмонларни аҳволи нечук бўлиб ҳам халойиқлар шўролар ҳукуматига нечук қарарлар,-деб сўзини тамом қилғондин сўнг, мажлисда музокаралар бўлиб Холмуҳаммедовни савол қилғонлар. Ҳеч бир мувофиқ жавоб бера олмаганидан сўнг мажлис бир оғиздан қарор қилган: дарҳол ушбу баён бўлғон хотунни Хивадан чиқариб, Мўйноққа денгиз бўйига юбормоққа ҳам Холмуҳаммедовни ўридан бекор қилиб ҳибс қилмоқға.Дарҳол тутиб тамоми ерини ахтариб кўрганлар, шул вақт киссасидан бир яхши папирусдон чиқған.Ибн Амин ўғли айтган:
-Товариш Бик Хоразмнинг қайси қаъласи Сиздин ихтиёрини олмоқ учун Сизга папирусдон берган экан,-деб қўйган.

Ҳам чиқариб қоровулга бериб ҳарбия турмасига юборганлар. Сабаб шулким, ҳарбия нозири бўлиб турган товариш Волошин айтган:
-Мани Ҳолмуҳаммедовда ҳисобларим бор турур. Ҳисобларим тамом бўлгунча ман кафил турурман, ўзим сақларман,-деган.
Нечунким, шул вақтларда товариш Бик Холмуҳаммедовни ҳарбий нозири қилиб сайламоқчи бўлиб музокара қилганлар. Тошкантлик ҳарбияда инқилоб шўросига аъзо бўлиб турғон ҳам 1920 йилдан буён Хоразмда аскарда командир бўлиб турғон Миркомил Миршароповни тайинлаганлар.Товариш Бик қарши бўлғон :
-Бул йигит ёш бир бола турур. Ҳарбия нозирлигига бир тажриба кўрган, ёши ўтганроқ одам муносиб турур,-деб кўп қарши турғон.
Шунда Ота Махсим сўз олиб айтғон:
-Товариш Бикнинг бизларнинг ишларимизга аралашишга нима ҳаққи бор турур.Ушбу Миршароповни бизлар ҳарбия нозири қилурмиз, бул тўғрида ҳеч бир қаршилик қилмасинлар.Хоразм бўлса, бир мустақил халқ ҳукумати турур,-деган.
Сўнгра ҳам таклиф қилғон:Товушқа ( яъни Миршароповни сайлашга овозга қўймоқға-У.Б.) қўймоқға.Шунда аксарият Миршароповни ҳарбия нозири қилиб сайлаганлар.

Махфий қолмасинким, сессия бурун ҳарбия нозири бўлиб турғон нўғай Ҳасан Муҳаммаджоновни ҳукумат бир сабаб бирлан озод қилиб Хоразмдин чиқариб юбориб эрди. Ҳам сессия ҳукуматга тауллуқ бўлғон кўп масалаларни ҳал қилиб, ҳукумат сайламоқчи бўлғонлар. Ҳам номзодлар кўрсатганлар.Охири шул қарорга келганлар: Адлия нозири Ота Махсимни Марказий Ижроия Қўмитага раис қилиб сайлаб қўйганлар.Собиқ Ижроия Қўмита раисини бутун ҳукумат аъзолигидан бекор қилиб уйига жавоб берганлар. Шунинг бирлан иккиланчи қурултойнинг биринчи мажлиси тамом бўлди. Ота Махсим ҳукумат ишинда ўтириб иш кўра бошлади.

Махфий қолмасинким, бир неча кун ўтгандин сўнг туркман хон Жунайиддан элчи бўлиб Шайхим деган ўз маҳрами Хивага келиб қолди. Ҳам Хоразм ҳукумати бирлан яраш қилиб ўлтирмакчи бўлғонини эълон қилди. Ҳукумат комил ҳуқуқли вакили товариш Бик бирлан маслаҳат қилиб ярашмоқға рози бўлдилар. Ушбу элчига сарпой бериб, хон Жунайид бирлан сўйлашиб келмоқ учун ҳукумат аъзоси Муҳаммад Раҳимбой, Собирберган Қўчқоров ҳам мулла Бекжонларни юбордилар. Ҳам ҳукумат Жунайидга сарпой юборди. Булар чиқиб кетдилар. Элчилар Жунайиднинг бўлиб турғон жойиға бориб, кўришиб сўйлашиб ҳам аҳднома ёзишиб, ҳукуматда аъзо бўлиб, Жунайид тарафидан икки одам ҳамиша бўлмоғига муқаррар қилиб қайтиб келдилар. Жунайидхон кулли ёвмут ичинда, катта Қорасоч деган мавзеда бўлмоқчи бўлган. Шунинг бирлан дўстлашиб бир неча замон ўткардилар.

098Биринчи қаторда ўнгдан тўртинчи Иосиф Бик (Иосиф Моиссевич Бык)

Ушбу вақтларда Маскавдин хорижия нозирати ҳам Марказий Иштирокиюн партия тарафидан иоффе деган биров келиб қолди. Бул киши ҳозирги ҳукуматда катта ўрин тутғон одам эрканлар. Бир кун сарой олдида ўтириб эрдим. Бул киши товариш Бик бирлан келиб қолди. Товариш Бик мани кўрсатиб тақдим қилиб ҳам айтди:
-Биродар Юсупов турур. Бул киши билан сўйлашсангиз гўё Хоразмни тамоми тарихини ўқиб, билган билан баробар турур.
Онда товариш Иоффе манга айтди:
-Биродар Юсуповдин сўрар эрдим, бу кун наҳори вақтинда бизга бориб меҳмон бўлсалар эркан, баъзи бир неча хабарларни сўраб маълумот олур эрдик.

Ман таклифни қабул қилдим. Улар хўшлашиб кетдилар. Бир неча соат ўтгандин сўнг сафоратхонага бордим.Мани қарши олиб ўз манзилига олиб кирди. Товариш Бик ҳам келди.Ондин сўнг манинг бирлан сўйлашиб савол қилмоқға бошлади.Айтди:
-Ушбу Хоразм ҳукуматини ёвмут Жунайид бирлан қилғон аҳдномаларига нечук қарарсиз?,-деди.
Ман айтдим:
-Вақтинча ҳеч зарари йўқ турур,бул ярашлар узоққа бормас турур-дедим.Ҳам яна айтдим:
-Жунайиднинг бу қилғон яраши фақат ўзини жонлаб олмоқ турур. Ман эшитиб эрдим,Жунайиднинг ёнида бўлиб юрган ёвмутлар ўз жойларига кетганлар,деб. Мақсад шуларни қайтадин жамлаб олмоқ учун қилган аҳдномаси турур,-дедим.
Онда у айтди:
-Аҳднома қилиб, қўл қўйиб муҳр босиб бўлғондин сўнг рози бўлғонларку,-деди.

Ман айтдим:
-Ёвмутларнинг шундай аҳдномалари қўллар қўйиб, муҳрлар босиб, қозиларга имзолар қилдириб берган хатлари даркор бўлса, хонларнинг девонхонасидан бир сандуқни топмоқ мумкин турур.
Агар яна душман бўлмоқчи бўлғон вақтинда сиздан қонунга номувофиқ бир нимарса талаб қилиб хат ёзарлар.Ҳукумат талаб қилғон нимарсалари қонунга мувофиқ бўлмағон сабабли рад қилур. Ондин сўнг дарҳол уруш эълон қилиб, халқни талон-тарож қилмоқға машғул бўлурлар,-дедим.
Ондин сўнг савол савол қилди:
-Ёвмутлар ичига нечук қилиб маданият киргизмак мумкин мумкин бўлур,-деб.

Ман айтдим:
-Манинг фикрим шул турур.Туркманлар ичига бир неча адад оқсоқол, тажриба кўрган қарт муслимларни юбормоқ керак, турур.Агар ёвмутларнинг ўз одатларига эгилиб, тамоми туркман жамоаларини ўзлариға жалб қилиб намоз ўқиганларида имом бўлиб, жанозаларини ўқиб, тўйларини ҳам ўтказиб ҳар кунда ваъз насиҳатлар қилиб , шунингдек ёш болаларини ғайрат қилиб ўқита бошласалар бир неча йилларда ёш болалари ўқиб маданият олсалар, қарт ёмон одатланганлари ўлиб йўқ бўлиб кетсалар, шунда 16-20 йилда чин ҳақиқат меҳнаткаш деҳқон бўлурлар,-дедим.
Онда товариш Иоффе ҳам тасдиқ қилиб айтди:
-Мани фикрим ҳам шул турур,-деди.

Ва яна бошқа сўзлардин ҳам кўп саволлар қилди.Ман билганимча жавоб бердим. Ондин рухсат сўрадим, кетмакка. Жавоб бермади. Ҳам ўзи бирлан наҳори қилмоқға илтимос қилди. Мен қабул қилиб таомдин потиғ бўлгандин сўнг хўшлашиб қайтиб кетди. Товариш Иоффе ҳам бир икки кун туриб Маскавга қайтиб кетди.
Махфий қолмасинким, товариш Бик билан ҳукуматнинг ўртасинда бир-бировга инонмаслик қувват олиб кетди. Товариш Бик ҳам чора изламасликка машғул бўлди. Ҳукумат ҳам товариш Бикни Хоразмдин қайтариб юбормакға йўллар изламак бирлан машғул бўлди. Товариш Бик бир куни мани ҳузурига чақириб олди. Кўп сиёсат тўғрисида сўйлашиб ўтирди. Ҳам кўҳна инқилобчилар тўғрисинда савол қилди.Ман айтдим:
-Ҳозирги вақтда мунда Муҳаммадёрбой, Худойберган Девон, шунга ўхшаш беш-олти одам бор турур.Бошқаларини Исфандиёрхон ўлдириб йўқ қилди,-дедим.

Ман шул сўрағон саволларидан гумонзода бўлдим. Бик ҳукуматдин кўп норозилик изҳор қилиб сўзлаб ўтирди. Шунинг бирлан ҳукумат Бик бошлиғи Ота махсим, ҳарбия нозири Миршаропов ҳам бир неча нозирлар бирлан уламолардин Обид Олим Нуржон муфти-эшонлардан иборат барҳаёт уламоларни олиб ошоқ тарафига сафар қилди. Тўғри Пўрси қаъласига бориб, ондин Хўжайли ҳам Кўҳна Урганчга бориб уламоларни Жунайидхоннинг олдига юбориб, Жунайидхонга ваз-насиҳатлар қилиб қайтганлар.

Ондин сўнг ўзи ҳам бир неча кун юриб фуқароларнинг аҳволотини билиб қайтиб Хивага келди. Бир неча кун Холмуҳаммедовни тафтиш-таҳқиқ қилиб, Хивадин чиқариб Чоржав тарафига юборди. Ҳам ҳар кунда товариш Бик бирлан адоватлари зиёда бўла бошлади. Охири ҳукумат шул қарорга келди: Товариш Бикни Хоразмдин олдириб ўрнига бошқа одам сўрамоққа қарор қилиб, тамоми нозирлар тасдиқ қилиб қўйиб, ҳаво телеграфи орқали Маскавга телеграмм юбордилар. Товариш Бик бу телеграмни эшитгандин сўнг пиғони-жонидан чиқиб, ҳар нечук йўл бирлан бўлса бўлсин ҳукуматни туширмакка тараддуд қила бошлади. Ҳукумат англамасдин ўзининг нозирларидин баъзий бир Бик тарафдорларини гумон қилиб, бир баҳона бирлан ҳар тарафларга юбормакчи бўлди. Шул жумладин Худойберган Девоновни Маскавга, Абдулла Хўжа Абдураҳмон Хўжа ўғлини Оврўпага юбормакчи бўлиб қарор қилдилар. Нечунким, бул одамлар бир турлик сиёсат бирлан товариш Бикдин ҳам қўл узмасдин тез-тез йўлиқиб турар эрдилар. Шул вақтларда партиянинг қурултойи бўлиб қолди. Товариш Бик партия қурултойидин баъзий партийний Европали биродарлар билан ҳам бошқалари билан маслаҳатлашиб Ота Махсимнинг ҳукуматини туширмакка иттифоқ қилганлар. Ҳам бир вақтни муқаррар қилиб шул вақтда тамоми Тошҳовуз ва Тўрткўлда бўлиб турғон аскарларни чақирганлар.

Махфий қолмасинким, товариш Бик бир оқшом ғайри вақтда мани чақириб ўз хўжалик мудири Афанасий Платоновни юборган эркан. Ман оқшом ичинда бормоқға хавф қилиб узр қилдим ва айтдим:
-Бул ерда ҳукумат милициялари бор турур. Сизни ҳам мани ҳам яхши танурлар.Ҳукуматга бориб маълум қилсалар керак,худо ҳоҳласа эртанг борурман-дедим.
Эртанг туриб сафоратхонага Афанасийбойнинг олдига бордим. Афанасий кириб товариш Бикга маълум қилди. Товариш Бик айтган:
-Бироз кутиб турсин,-деб.
Ман Афансийбойнинг жойида ўтирдим. Бир файтун арава туриб эрди. Бир оз вақтдин сўнг товариш Волошин ҳам командир аравага ўтириб чиқиб кетдилар. Андин сўнг Афансийбой кириб чиқиб, мани пинҳоний боғ тарафга олиб борди. Онда товариш Бикнинг хотини чиқиб мени пинҳоний уйга олиб кирди. Товариш Бик шунда хафалик ҳолинда келиб манинг бирлан кўришиб ўтирди. Ҳам савол қилди:
-Нима хабар бор турур?,-деб.Ман ҳайрон бўлиб қолдим. Ҳам айтдим:
-Кўчада эшитдим, ҳукуматнинг тамоми нозирлари қўл қўйиб Маскавга ҳаво телеграми юборганлар.Товариш Бикни мундин олиб ўрнига бошқа одам юбормакга -деб ўзимга авайлаб айтдим.-“ товариш Бик албатта ҳаво телеграмини билган бўлса керак.Агар ман айтмасам мандин ҳам гумонзода бўлса керак”, деб ушбу сўзларни таҳқир қилдим:
-Девонов, Хўжаев ва Мулла Ўрозлар ҳам қўл қўйғонлар деб эшитдим,-дедим.

Андин сўнг товариш Бикни хотини ҳайрон бўлиб савол қилди:
-Ушбу ҳукуматни туширмак ҳақинда ҳеч бир ёрдамчи йўл йўқ турурми ?-деб.
Онда товариш Бик жавоб берди:
-Партия ғайрат қилиб турур,-деб.
Шунинг бирлан манга рухсат берди. Мандин савол қилди:
-Кеча нечук келмадингиз?,-деб.
Ман айтдим:
-Кеча келмакка ҳукуматдин қўрқдим.Нечунким манинг ҳамма вақт изимни таъқиб қилиб юрарлар,-дедим. Сўнгра хўшлашиб чиқиб кетдим.
Маълум бўлсинким, бул сўзлар 1921 йил 27 ноябрда бўлғон эрди. Ушбу оқшом ярим оқшомларда тамоми аскарлар келиб ётишган. Ҳар бир ерларда катта қоровуллар қўйиб, ҳарбия мактабидаги аскарларнинг устига бир рота аскар юбориб, ҳарбия мактаб аскарларини қуролларини олиб, ўзларини бир жойда ҳибс қилиб олдинда қоровуллар қўйганлар. Ондин сўнг бошлиқ Ота Махсим ва бошқа нозирларни тутмоқ учун уйларига аскарлар юборганлар.Аскарлар уйларини обиск қилиб, бўлган нозирларни тутиб олганлар. Ота Махсим мадрасанинг устидан ташлаб, қочиб пинҳон бўлган. Кўп тараддуд қилиб Ота Махсимни топа билмаганлар. Нозирлар шўросининг раиси Ибн Амин ўғли ҳам молия мудири Юсуп Девонларни, Мулла Бекжон афандини топмағонлар. Шунинг бирлан тонг отиб, 28 ноябр бўлди. Шаҳар одамлари туриб ўз ишлари бирлан сарой ва дўконларга кела бошладилар. Шул вақтда биров келиб эълон қилди:
-Нуруллабойда, ҳукумат дарвозаларида аскардин қоровуллар қўйганлар,-деб.

Онда ҳамма ҳайрон бўлиб қолди. Ҳам бировни юбордик. Бориб кўриб келинг, нима воқеа эркан, деб. Шул вақт Палавон Қорийнинг боласи келиб қолди. Булардин савол қилдилар: кеча нечук воқеалар бўлди, деб. Онда айтди:
-Оқшом, ярим оқшомлар чамасида бизларни уйларимиздан олиб кетиб телефонларни кесиб қўйинглар, деб. Бизлар телефонларни симларини кесиб қўйдик.Аскарлар тезлик билан нозирларни

уйларига кетдилар,-деди.
Ондин сўнг ҳар кимлар келиб маълумотлар сўйлай бошладилар. Баъзи одамлар товариш Бикни ҳукумат Хивадин олдирмоқға Маскавга телеграм юборган эркан. Шунга товариш Бикнинг қаҳри келиб, аскарлар чақириб ҳукумат нозирларини тутиб, ҳибс қилганлар, деб. Алҳосил ҳар ким бир сўз айтиб, шаҳарнинг ичинда шов-шув гап бўла бошлади.

Махфий қолмасинким, шаҳарни ичини ахтара бошладилар. Нозирлар шўросининг раиси Ибни Амин ўғли ҳам Юсуф Девон ҳам мулла Бекжонларни Юсуф Девонни уйидан тутиб келтирдилар. Дохилия нозири Эрмуҳаммедовни ҳам уйидан олиб келдилар. Ҳарбия нозири Миршаропов ҳам ҳарбия инқилоб шўросининг саркотиби Тергуновни ҳам Муродовни юнкер деган икки рус офицер командирлар тутиб ҳибс қилдилар.Товариш Бик дарҳол ҳукуматга бориб Марказ Ижроия Қўмита аъзоси бўлиб турган Човдурбек Боймурод ўғлини Марказия Ижроия Қўмита раиси қилиб сайлаб қўйди. Абдулла Хўжа Абдураҳмон Хўжа ўғлии нозирлар шўросига раис қилди. Хонқали Қори Хўжа Қаландар Хўжа ўғлини доҳилия нозири қилди. Ҳарбия нозириға Собирберган Қўчқоровни тайин қилиб, Мухтор Дарғани муовин қилиб ҳам ҳарбия инқилоб шўросиға раис тайин қилди. Маория нозирига турк Баҳрини тайин қилди. Ижроия қўмитанинг саркотиблигига Абдулла Ҳожи Муҳаммадниёз ўғлини тайин қилди. Олий Жазо маҳкамасига Қаландар Хўжикни раис, Муҳаммадкарим Панаевни саркотиб этиб тайинлади. Алҳосил, тамоми масъул ишчиларни тоазалаб қўйди. Маскавга биродар Муҳаммадбой Абдулла Ҳожи ўғлини комил ҳуқуқли вакил қилиб тайинлади. Маскавга телеграмм берган Жуманиёз Оллақуловни тутиб арестоват қилди. Шунинг бирлан бир неча кунлар ўтиб кетди. Бир куни Жунайиддан хабар келди.Ушбу ҳибс бўлиб ётган нозирлар бизнинг бирлан аҳднома қилиб ярашган эрдилар. Шуларни ҳибсдан юўшатиб юборинг, деб. Ҳуекуматдин бу ҳақда ҳеч бир қаноатлантирадиғон жавоб бўлмаганидан сўнг Жунайид элчилари қайтиб кетдилар. Ондин сўнг Ота Махсимни топмоқ учун шаҳар бозорларида эълон қилиб, жар чектирдилар. Ҳар ким Ота Махсимни топиб хабар берса, ҳукумат тарафидан 10 миллион сўм пул бермакга, деб. Ҳам шаҳар дарвозаларинда кампир хотунлар қўйдилар. Шаҳардин паранжи бирлан чиққан хотунларни кўриб чиқармоқ учун. Мабодо Ота Махсим паранжи солиб шаҳардин чиқиб кетмасин, деб. Ҳам ҳибсда ётган нозирларнинг тафтишларига машғул бўлдилар. Дарҳол ЧК ташкил этиб, уни раиси қилиб биродар Бобожон Отажонов тайинланди. Аҳмад Маҳмудовни саркотиб қилиб сайладилар. Ва яна Қўнғиротга кетган бошқирд Оғадиёровни изидан киши юбориб, қайтариб олиб келдилар. Ҳам Қўнғиротдин Гарай Башировни олдириб зиндонга ҳибс қилиб қўйдилар. Ондин сўнг Оғадиёровни товариш Бик ўз олдига олдириб ҳукуматнинг тутган сиёсатлари ҳақинда диққатли саволлар қила бошлаган. Ҳам қаътий равишда айтган:
— Агар рост сўйлаб жавоб берсанг сани бирлан ҳеч даҳлим йўқ турур, сани афу қилурман.Агар тўғри жавоб бермасанг, кўп уқубатлар қилиб, дунёдан йўқ қилурман.

Оғадиёров кўрган, ишлар бошқа турлик бўлиб кетган. Охири ноилож бўлиб айтган:
-Мунда бир неча одамлардин мураккаб жамият бор турур. Ман ҳам шул жамиятга аъзо турурман. Тутган мақсади ўз миллатини ҳимоя қилмоқ ҳам сизни мундин қайтариб юбормак.Ҳам бошқа-бошқа,-деб ўрталаринда бўлиб ўтган аҳволотларни бир-бир баён қилган.
Ондин сўнг Эрмуҳаммедовни олдига чақириб, савол қилган, ҳам ваъда қилган, тўғри жавоб берса, ҳеч даҳил қилмай озод қилиб юбормакка.Эрмуҳаммедов ҳам баён воқеаларни бир-бир баён қилган.

Андин сўнг буларни ҳибсда ўз жойида сақлади. Андин сўнг Мулла Бекжон ҳам Ибн Амин ўғли, Юсуф Девонларни зиндондин олдириб, ЧКга топширди. ЧК ўз жойида ҳибс қилиб қўйиб, кўп уқубатлар бирлан турлик-турлик азоб қила бошлади. Ҳам Миршаропов, Муратов, Триғулов ва юнкерларни ўз ҳузурига олдириб кўп савол-жавоблар қила бошлади. Булардин ҳеч бир жавоб ола билмагач бул бешларини Тўрткўл турмасига юборди. Ҳам Эрмуҳаммедовни Тўрткўлга ўз ихтиёрига юборди, суд бўлган вақтда келурсан, деб.Шунинг бирлан ушбу ЧКда бўлғон биродарни қўрқитиб, ҳар қайсини бир жойда қўйиб, уриб сўкиб саволлар қила бошлаганлар. Шунинг бирлан ЧК Хивадаги кимни ёмон кўрса дарҳол тутиб ҳибс қила бошлади. Ҳам тамоми бой одамларнинг уйини обиск қила бошлади.

Шу жумладин Исфандиёрхоннинг хотини Насиб Хўжа қизини ярим оқшомда отли охранлар бирлан биродар Аҳмад Маҳмудов ва бошқалар бориб хотин-қизларнинг ухлаб ётган вақтларида мусодара қилиб, тинтув қилиб, олтин, кумуш ва бриллиант жавоҳиротлар, асл матоларни олиб кетган. Бир неча кундин сўнг баъзи олтин-брилиантларни ҳукумат амри бирлан халқ банкига топширдилар. Ҳам бошқа Нақибхўжанинг яқин одами Кўкчаяли табиб эшонни ҳам уй ва дўконини обиск қилиб, тамоми қимматбаҳо нимарсаларини олиб кетдилар. Ондин сўнг Нақиб Хўжанинг ҳам кўп нимарсаларини олиб, ўзини ҳибс қилиб қўйдилар. Алҳосил, мусулмонларни пиғони жонидан чиқди.

Махфий қолмасинким, товариш Бик ушбу ишларнинг сўнггини оқлаб қўймоқ учун ушбу йўлни муносиб кўриб, Маскавга савдо аҳдномаси қилмоқ учун бир ҳайъат юбормакчи бўлди. Ушбу ҳайъатга Абдуллахўжа Абдураҳмонхўжа ўғлини раис қилиб тайинлади. Иқтидордаги шўро раиси Отабой Абдуллаҳожи ўғли ҳамда Бобо Муҳаммаджон ўғлини аъзо этиб тайинлади. Мақсади шул турур6 Абдуллахўжани ушбу инқилобда нозирлар шўросига раис, Отабойни иқтисодий шўрога раис қилиш эрди. Бул биродарлар Маскавга бориб хорижия нозирлигига айтсалар: ушбу инқилоб тўғри турур. Ота Махсим ҳукумати Руссия шўролар ҳукуматига кўп ёмон қараб, ҳам ёмонлик қилди. Хоразм коммунистик партияси ҳам ёш инқилобчилар бунга чидай олмасдин инқилоб қилиб ҳукуматни тушириб тозадин одамлар сайлаб қўйдилар, деб. Лекин ҳайъат бошлиғи бўлган Абдулла Хўжа ўз ватанининг чин, содиқ боласи бўлганлиги учун Маскавга бориб, тамоми товариш Бикнинг нотўғри қилган ишларини изҳор қилиб, Хоразмга товариш Бикнинг қилган ёмон сиёсатларини тафтиш қилмоқ учун муфаттиш сўраб олиб келмакка мувофиқ бўлди.

Махфий қолмасинким, биродар Муҳаммадёрбой Маскавга бориб етишгандин сўнг, Маскавдаги вакил Султон Қори Жуманиёз ўғли Хивага қайтди. Лекин Жуманиёз Оллақуловни арестоват ( қамоққа олиш) қилиб Хивага юборинг, деган Хоразм ҳукуматининг телеграммасини Руссия Хорижия Нозирининг Шарқ шўъбаси мудири Панштейн Муҳаммадёрбойга билдирган. Оллақулиевни Хивага юборинг , деган ҳукумат талабини Муҳаммадёрбой қабул қилмаган. Шунинг бирлан сафоратхонада бўлиб юрган. Бир куни эрта бирлан газета олмоқ учун кўчага чиққан вақтида Маскав ЧК сининг одамлари тутиб олиб кетиб, ҳибсда сақлашган.

Махфий қолмасинким, товариш Бик мундин Исомуддин деган пирсиённи бир неча отлиқ милициялар бирлан Чоржавга юборди. Жуманиёз Оллақулов бирлан Султон Қориларни қарши олиб, арестоват қилиб олиб келмакка. Исомуддин Чоржавга борган вақтда Султон Қорини ўзи келиб чиққан Жуманиёз Оллақуловни савол қилган. Султон Қори Маскавда қолди, деб жавоб берган. Шунинг бирлан Султон Қорини бирга олиб, кемага бирга олиб ўтириб Хивага келди. Лекин Жуманиёз Оллақулов бўлмагани сабабли Султон Қорини ҳибс қилмай қўйдилар.
Махфий қолмасинким, товариш Бик Хивада кооператив дўкон очмоқчи бўлиб маслаҳат қилган. Партия ҳузуринда очмоқни мувофиқ топиб, правления раислигига коммунистик партиянинг масъул саркотиби Шарафиддиновни сайлаган. Правления аъзолигига ҳукуматдин бир одамни тайинлатган. Озиқ овқат нозирлигидан бир одам, Руссия ва Туркия вакилларидан бир одам сайланди. Ҳам раисга буюрган: товариш Юсуповни ҳам аъзо қилиб олинглар деб. Бир кун партиядин мани чақириб хат келди. Ман бордим. Партия саркотиби товариш Шарафдинов айтди:
-Мунда партия ҳузуринда кооператив дўкон очилур. Сиз ҳам правленияга аъзо қилиб олинурсиз. Ҳам сизни дўкон бошлиғи қилиб қўярмиз.
Мен узр қилдим ва айтдим:
-Ман энди қарри ( кекса) бўлиб турурман, ҳам партияда эрмастурман,-дедим.
Онда Шарафиддинов айтди:
-Партийний бўлмоқ ҳожат эрмас турур.Сиз бир тажриба кўрган одам турурсиз.Ҳам халқ ичинда маълум турурсиз. Қабул қилмасдин бошқа чорангиз йўқ турур,-деди.
Шунинг бирлан ноилож қабул қилдим. Дарҳол 300.000 манот бермоқчи бўлди. Эртанг бозордин буғдой олинг, деди. Шунинг бирлан чиқиб, ўз ишимга кетдим. Дўконни очиб тегишли бўлган ишлар билан машғул бўлдим.

Махфий қолмасинким, Ота Махсим Хивада ёшириниб юрган ерларда касал бўлиб вафот этган. Оқсоқоли келиб ҳукуматга маълум қилди. Ҳукумат товариш Бикга эълон қилди. Бик докторни юбориб кўрсатиб, ондин сўнг дафн қилмоқға буюрди. Бул докторни кўрсатганидан мақсад шул турур, ёлғондин айтғон бўлмасунлар, деб. Докторнинг айтгани бирлан хотиржам бўлиб қолди. Ҳам ҳукуматнинг тамоми ихтиёри товариш Бикнинг қўлинда бўлди. Андин сўнг Абдураҳмон Усманов деган аввалдин аскарлар таъминот бўлиминда бўлиб турғон эски нўғойлардин бир зотни озиқ овқат нозири қилиб қўйди. Биродар Усманов Мулла Жуманиёз Султонмуродовни уйидин олдириб ўзига саркотиб қилиб қўйди. Бир кун товариш Бик Усмоновнинг жойига бир нечаларимизни олдириб. Ушбу йилга деҳқонлардин олатурғон солғутлар ҳаққинда музокара қилди. Биродар Усмановни ҳозирлаб қўйған хати бор экан.Ҳар бир таноб ердин ярим ботмон жўхори, 25 боғ қуруқ култа ( 25 боғланган мол ўти -беда дейилмоқчи-У.Б.).Андин сўнг товариш Бик бир кунни муқаррар қилди. Шул кунда Обид Олим Эшон, ижроия Қўмита Раиси Абдураҳим Хўжа, девонлардин Муҳаммад Юсуп девонларни чақириб ушбу солғут хатини музокара қилиб қарор қилмоқға. Шунинг бирлан ҳамма қайтиб кетдилар. Муқаррар бўлган кунда ушбу баён бўлған одамларни Усмановнинг уйига чақириб келтирдилар. Товариш Бик Олим Эшонга баён воқеаларни тушунтирди. Андин сўнг Олим Эшон илтимос қилди:
— Ушбу ботмон деган сўз пуд бўлса эркан, беда ҳам 20 бўлса эркан, фуқаролар кўп мамнун бўлур эрдилар,-деди.

Товариш Бик қабул қилди ҳам савол қилди:
-Муллалар вақфдин олғон ғаллалариға дояк бермак лозим бўлурми,- деб.
Олим Эшон жавоб берди:
-Имом Аъзамнинг сўзларида лозим турур. Аммо Имоми Абу Юсупнинг сўзларида деҳқонларнинг бермоғи лозим турур.
Онда товариш Бик кулиб айтди:
-Сиз мусулмонлар Имоми Аъзам мазҳабларида бўлғондин сўнг шунга амал қилмоқ керак. Андин сўнг наҳори ош келтирилди. Ҳамма наҳори қилиб, ушбу баён бўлғон сўзларни қарор қилиб тарқашиб кетдилар.

Махфий қолмасинким, сургунга юборилган Муҳаммадраҳим Девон Нуруллаев ҳам Бобожонбой Ёқуб ўғлига ҳукумат орқали Маскавга телеграмм юбордилар. Хивага қайтиб келсинлар. Деб. Булар бир неча кундин сўнг Хивага қайтиб келиб қолдилар. Ушбу вақтларда хорижия нозири ёвмут мулла Ўроз Хўжа Аҳмад ўғли, муовини Оллаберганов Иброҳим деган йигит эрди.

Махфий қолмасинким, ушбу хорижия нозири бўлиб турган биродар Мулла Ўроз ббола-чақаларини олиб ўз қавм қабилалари бирлан Жунайиднинг олдига кўчиб кетди, деган хабар келиб қолди. Ҳам дарвоқеа шунда-кўчиб кетган. Шунинг бирлан хорижия нозири даркор бўлди. Бир куни ҳукуматда мажлис бўлиб хорижия нозири қилиб Муҳаммадраҳим Девон Нуруллаевни сайладилар.
Товариш Бик бу тўғрисинда маълум қилиб таклиф қилди. Жазо маҳкамасида раис бўлиб турғон жаноб Киновни муовин қилмоқға ҳам таклиф қилди: “ Маскавга хорижия комиссариатига мундин кетатурган хат телеграмм бўлса товариш Кинов имзо қилсин. Нечунким, Маскав хорижия нозироти айтмасун, ўтган кун товариш Нуруллаевни сургун қилиб Маскавга юбордилар. Бул кун хорижия нозири қилдилар, деб”. Сўнгра ушбу таклифни қабул қилиб қарор қилдилар. Ҳам Бобожонбой Ёқуб ўғлини иқтисодий шўронинг раис муовини қилдилар. Ҳам иқтисодий шўродаги пахта савдоси ишларини ҳам хорижия нозиортиға ўткардилар. Иқтисодий шўро бир омборхонасифат бўлиб қолди. Маскавдаги вакил Султон Қори ҳам хорижия нозиридан рухсат олиб Урганчга ўз уйига кетди.

Махфий қолмасинким, бул вақтларда Хивада муваққат нозирлар шўросиға раис бўлиб муфтиш нозири Отамуродбой Бобониёз ўғли қолиб эрди. Абдулла Хўжаев бирлан ўрталарида шифер телеграмм бор эркан. Маскавда қилған ишларини мунда билдириб турди. Биродар Абдулла Хўжаев Маскавда машҳур Иброҳим Ахтамовни юрист консултант қилиб олган. Ушбу Иброҳим афандининг маслаҳатлари бирлан савдо тўғрисинда кўп нимарсалар ёзиб тайёрлаб ҳам Хоразмда бўлиб турғон сиёсатлар ҳам товариш Бикнинг қилғон зўрликларини ҳам ёзиб доклад қилғон. Биродар Тарачуровнинг сўрови бирлан товариш Кобезовни Хивага тафтиш учун юборганлар.

Махфий қолмасинким, бир неча кундин сўнг ҳибсда бўлиб турғон нозирларни ҳақинда суд қилдилар. Судға раис Қаландархўжаев саркотиб, Панаев аъзо , Муҳаммадов ва бошқалар маҳбусларни Нуруллабойдағи клубга келтирдилар. Шоҳид учун Оғадиёров бирлан Эрмуҳаммедовни келтириб суд қилдилар. Оғадиёров тамоми бўлиб ўтган воқеаларни ҳам русча ҳам мусулмонча қилиб сўзлаб берди. Эрмуҳаммедов инкор қилди. Аввалда ман қўрққанимдан айтғон эрдим, бул сўзлар ёлғон турур, деди. Охири яна тасдиқ қилди. Андин сўнг ноиблар сўйламакчи бўлдилар. Буларға ҳеч сўз бермадилар. Фақат Ибни Амин ўғли бошини очиб қичқириб эълон қилди:
-Шўролар ҳукуматида бул нечук зулм турур,ноиб бўлғон одамларни уриб, бошини ёриб азоб берурлар-деди.Ибни Аминнинг бошқа сўз айтмоғига ҳеч имкон бермадилар. Андин сўнг ҳукм хатини ўқидилар.Биродар Мулла Муҳаммаджон Обдаловни жинояти озроқ бўлгани сабабли бир йил зиндонға маҳбус ҳибс қилиб қўйиб, мажбурий равишда халқ хизматини қилдирмоққа.Юсуф Девонни 5 йил ҳибсда сақламоққа. Биродар Мулла Бекжон бирлан Ибн Аминовларни 24 соатдин сўнг отиб ўлдирмакка қарор қилғон эрканлар. Шунинг бирлан суд тамом бўлди. Хоразм халқининг пиғони-жонидан чиқди. Нечунким, бул ёш йигитлар бегуноҳ шахсий адоватлар бирлан дунёдин йўқ бўлиб кетганлариға кўп афсус қилдилар. Ҳам баъзийбир инсониятлик ҳукуматда ўтирғон ёвмут биродарлар товариш Бикға киши юбориб, норозилик баён қилғонлар. Ҳам товариш Бик билган шаҳар халқи кўп хафа бўлиб қолғанини. Шунинг бирлан ўйлаб кўриб, буларни ўлим жазоларини ўн йил ҳибс бўлиб зиндонда қолмоқға табдил қилиб қолдирди.

Махфий қолмасинким, Тошкантга ва Маскавга суднинг ҳукмини телеграмм билан маълум қилдилар. Маскав ва Тошкантда Мулла Бекжонни билган одамлар кўп афсус қилиб хафа бўлғонлар. Маълум бўлсинким, Жуманиёз Оллақуловни Маскавдин конвой бирлан Хивага олиб келдилар. Мундин ҳам Хивада бир неча сўзлар сўраб, товариш Бик Тўрткўл зиндониға юборди. Тўрткўлда бир неча ой маҳбус бўлиб ётди. Андин сўнг Аралский мўре (денгиз) орқали Тошкантга юборди.

Махфий қолмасинким, учланчи Халқ Қурултойини чақирмоқчи бўлиб комиссиялар сайладилар. Қурултой комиссиясига Бобожон Отажоновни раис қилиб, Каримберган Сапаев саркотиб, Салим Али ва бошқаларни аъзо қилиб ишламакка бошладилар. Ҳам дастури амал чиқардилар.Бир кун катта театр биносида халқни жамлаб Қурултойни дастури амалини ўқиб кўрсатдилар.
Махфий қолмасинким, ушбу йил, яъни 1922 йил 1 август ойида тоза иқтисодий сиёсат асосинда Марказий Ярмарка очмоқчи бўлиб Хивага телеграмм юборилган экан.Яъни Хива моллари бирлан Хоразмдин ҳам савдо вакили сўраб .Иттифоқан бир куни Худойберган Девонов бирлан товариш Бикнинг олдига бориб эрдик.
Товариш Бик эълон қилди:
-Марказий Ярмарка очилур. Хоразмдин ҳам савдо вакили сўраб телеграмм бериб турурлар. Шунга сиз савдо вакили бўлиб борсангиз яхши бўлур эрди. Сиз кўҳна савдогар ҳам тамоми ҳукумат маъмурларига маълум бир одам турурсиз. Ҳам ошнангиз Малишев марказий ярмаркага катта раис турур,-деди.

Ман кулиб айтдим:
-Агар биродар Девонов бирлан юборсангиз, ман рози турурман,-дедим.
Товариш Бик:
-Яхши рози бўлурмиз,-деди.
Шуни бирла хўшлашиб, чиқиб кетдик. Товариш Бик дарҳол ҳукуматга бориб мажлис қилғон. Ҳам манинг марказий ярмаркага кетмагим ҳақинда маслаҳат қилиб, кўп рози бўлганлар. Лекин биродар Девоновни юбормай, ман бошқа кимни ҳоҳласам шуни олиб кетишни мани ихтиёримга қўйганлар. Эртанг товариш Бик мани чақириб олдурди ҳам маълум қилди:
-Ҳукумат Худойберган Девоновдан бошқа кимни олиб кетсангиз сизга ихтиёр бердилар. Сиз ҳайна-ҳойик марказий ярмаркага кетарсиз,-деб айтди.
Ман ҳайрон бўлдим. Мани ҳеч Хивадин чиқиб кетмакка розилигим йўқ эрди. Маълум бўлсинким, Хоразм Халқ Қурултойи бўлса керак, халқ мани ҳақимда эҳтимол бир савол-жавоб қилса керак, деб. Шунга биноан мани марказий ярмаркага юбормакни мақбул кўриб мажбур қилди. Ман кўп баҳоналар қилдим: “ Қарри турурман, ҳам уйимда ҳеч кишим йўқ турур, катта ўғлим аскарий хизматда Кўҳна Урганчда турур, кичик ўғлим касаба шўросинда хизматда турур. Мани деҳқончилигимга бориб келатурғон ҳеч кишим йўқ турур”, деб.

Онда товариш Бик хорижия нозириға буйруқ қилди: аскардаги ўғлини дарҳол бўшатиб Хивага олдирмоққа. Шунинг бирлан товариш Бик хорижия нозири Муҳаммад Раҳим Девонга буюрди: қўлинда бўлган қоракўл териларнинг ҳам бошқа молларни тайёр қилмоқға. Ҳам яна айтди:
-Товариш Юсуповга даркор бўлатурғон нимарсаларни дарҳол топиб ҳозирлаб беринг, -деди.
Ман ҳайрон бўлдим, бул нечук иш бўлди.Мани ҳеч бир сафарга чиқмоқға рағбатим йўқ эрди.
Махфий қолмасинким, бир куни Олий муфаттиш раиси Каримберган Сапаев мани бирлан қўшиб юбормак учун муфтиш қилиб биродар Ҳасан Алиакбаровни тайин қилиб, қўлига мандат берган. Биродар Ҳасан Афанди ҳеч рози бўлмаған. Айтган:
-Мани ёш болаларим бор турур. Ман ҳеч буларни ташлаб кета билмасман,-деб.

Шул сабабга кўра, Марказий Ижроия Қўмитадан қолдирсун, деган буйруқ хати олган. Ман бул сўзларни эшитдум, манга кўп яхши баҳона бўлди. Ҳам дарҳол товариш Бикга бориб маълум қилдим ҳам айтдим:
— Энди ҳеч кетмасман, нечунким ҳукумат менга инобат қилиб мол топшириб юбормай мани ёнимга муфтиш қўшор экан, ул вақтда шул муфтишни ўзини юбормак лозим бўлса керак,-деб жанжал қилдим.
Товариш Бик айтди:
-Бул сўзлар хато турур, сизнинг олдингизга ҳеч бир муфтиш қўймоқға ҳеч кимни ҳаққи йўқ турур.Ман ўзим сўзлашурман,-деди.
Ҳам яна айтдим:
-Биродар Девонов бўлмаса ман ҳеч кетмасман,-дедим.
Онда айтди:
-Товариш Девоновдин бошқа ким бўлса олиб кетмак ихтиёри сизда турур.ўз товаришингиз мулла Жуманиёз Султонмуродовни олиб кетинг,-деди.

Ман сукут қилдим, онда ҳам рози бўлмай чиқиб кетдим. Бориб биродар мулла Жуманиёзга маслаҳат қилдим:
— Агар томоша қилиб келурман десангиз, бирга кетармиз,-дедим.
Мулла Жуманиёз қабул қилмай узр қилди ҳам айтди:
-Мани деҳқончилигим бор турур. Агар ман кетсам хароб бўлиб қолур,-деди.
Ман айтдим:
-Товариш Бик сизни келсин деди, бориб кўринг,-дедим.
Мулла Жуманиёз сўнгра Бикнинг олдиға борғон. Товариш Бик эълон қилғон, сиз товариш Юсупов бирлан Марказий Ярмаркага кетарсиз, деган.Мулла Жуманиёз Бикга узр қилиб айтғон:
-Ман якка-ёлғиз турурман,-деган.
Товариш Бик айтғон:
-Сизнинг ихтиёрингиз товариш Юсуповда турур.Агар ул киши сизнинг қолмоқингизга рози бўлса-мумкин, бўлмаса кетарсиз,-деган.

Мулла Жуманиёз афанди манга келиб айтди:
-Сизнинг рухсатингиздан бошқа ҳеч қолмоқ мумкин эрмас экан,-деди. Ман мундин кетсам тамомий ишларим вайрон бўлур,-деди.
Ман айтдим:
-Ихтиёр сизда, агар ўзингиз ҳоҳиш қилиб кетурман десангиз, олиб кетурман,-дедим.
Шунинг бирлан Мулла Жуманиёз Хоразмда қолмоқчи бўлди. Андин сўнг бир куни товариш Бикнинг олдиға бордим. Товариш Бик айтди:
-Ман Маскавга телеграмм бирлан маълум қилдим, товариш Юсупов Хоразм ҳукумати тарафидин вакил бўлиб Марказий Ярмаркага сайланди, деб. Сизнинг бормай ҳеч иложингиз йўқ турур,-деди.
Ман айтдим:
-Манга ким тарафидан мандат берилур, ҳукуматданми ёки хорижия тижоратиданми?
Товариш Бик маним мақсадимни англаб айтди:
-Ман ўзим русча ёзиб ҳукуматга борурман.Албатта сизга ҳукумат мандат берур,-деди.
Ҳам шунда Бикга айтдим:
-Манга тоза яхши кийимлар бўлсун,-дедим.
Онда Бик айтди:
-Албатта мани ўзим товариш Нуруллаевга айтурман, биринчи оламли кийимлардин берсин.Нечунким сиз комил ҳуқуқли савдо вакили бўлиб бир неча марта борурсиз ҳамда сиз ҳаммага маълум одам турурсиз,-деб кўп хушмуомилалар қилди.
Мани мақсадим бул жанжалларни қилиб, зиёда нимарсаларни сўраб турганим мумкин бўлса ушбу сафардан қолмоқ турур.

Махфий қолмасинким, бир кун Бикнинг олдида Тошкантлик умриузоқ афанди бор эркан. Шул вақтда хорижия нозирининг бир одами келиб айтган:
-Биродар Юсупов кийим ва бошқа нимарсаларни сўраб турур.
Онда товариш Бик айтган:
-Ҳар нимарса сўраса ҳам бериб тез узатиб юборинглар,-деган.

Бир куни ман Марказий Ижроия Қўмитада айтдум:
-Ман Марказий Ярмаркага кетмакка ожиз турурман, мани ҳисоб бермакка ҳеч мадорим йўқ турурман.Нечунким, бурунги вақтларда бизлар савдогарлик қилур эрдик.Ҳозир миллион-миллиардлар бирлан савдо қилиб ҳисоб бермакка ман кўп бетоқат турурман.Ҳам кўп-кўп зиёда харажатлар бўлса керак.Ман буларни ҳеч бир масъулиятларини устимга олмасман. Агар ҳукумат манга хат берса, тамоми счёт-ҳисоблари бўлса хўжалик мудири борсун. Биродар Юсупов ҳеч бир ҳисоб-китобга жавобгар бўлмасун,деган. Шунда ман қабул қилиб кетурман, бўлмаса ҳеч кетмасман.
Марказий Ижроия Қўмита онга ҳам рози бўлиб хат бердилар. Бошқа ҳеч иложи бўлмағоч, таваккал қилиб кетмакка рози бўлиб, ўз ишларимни саранжом ққила бошладим.
Б

ир куни товариш Бик Пўрсига ёвмутларнинг қурултойини қилмоқ учун кетмакчи бўлган. Бир кечада танҳо ўзи мани уйимга намози асрдин сўнг келиб қолди. Ҳам эълон қилди:
-Ман эртага эрта бирлан Пўрсига кетмакчи турурман, фақат сиз бирлан кўришиб қолмоқ учун келдим. Албатта сиз ман келмасдин бурун кетсангиз керак. Сиз учун пароход Чоржавдин чиқди. Чоржавда вакил ҳозир бўлди. Сиз бирлан ярмаркадин бўшагандин сўнг Маскавда йўлиқурмиз.
Ман айтдим:
-Кўп яхши.Худо ҳоҳласа Маскавда сиз бирлан йўлуқғон вақтда тамоми Хоразмда бўлиб турғон сиёсатларни ҳам Хоразм учун кимлар фидойи ишлар, кимлар зарарли ишлар қилди сизга бир-бир сўйлаб берурман.
Онда товариш Бик айтди:
-Ҳазир мунда сўйлаб берсангиз бўлмасми?,-деди.

Ман айтдим:
-Бул ерда сўйламак мумкин эмас турур.Худо ҳоҳласа Маскавда сизга сўйлаб берурман.Нечунким, Хоразмнинг ҳавоси кўтармас турур. Маскавни ҳавоси манга ҳеч зарар қилмас турур. Ман Маскавнинг ҳавосига ўрганганман. Яна ҳам Маскавда мани ким эрканимни яхши билурлар,-дедим.
Товариш Бик ҳайрон бўлиб қолди. Ҳам кўришиб хўшлашиб кетмакчи бўлди. Ман узатиб отлантириб юбордим. Энди манга ҳам лозим бўлди, эртага бориб Бикни Пўрсига узатиб юбормак. Шу ниятда эртанг эрта бирлан ваколатхонага бордим, лекин товариш Бик кўп эрта кетган эркан.

Бизлар ҳам тамоми ишларимизни биткариб, мандатларимизни олиб, Паҳлавон ёпи орқали юкларимизни кемага солиб, 1922 йил 1 июлда Оллоҳ сандин мадад, деб кемага ўтириб Тошсоқага равона бўлдик.

ДАВОМИ БОР

Махсус «Хуршид Даврон кутубхонаси» учун тайёрланди.

08

POLVONNIYOZHOJI YUSUPOV
“YOSH XIVALIKLAR” HARAKATI:
QUVONCHLAR, IZTIROBLAR, FOJIALAR
Nashrga tayyorlovchi va izohlar muallifi: Umid BEKMUHAMMAD
033

9-BO’LIM. HUKUMAT TO’NTARISHI

0922 Maxfiy qolmasinkim, kecha Safonov qahr birlan siyosiy idoraga borib, majlis qilib qaror qilganlar: hukumatni tushirmakka ham shul kecha mani tutib hibsga olmoqqa.
Ushbu majlisda bor bo’lgan birodarlardin biri kelib manga pinhoniy ma’lum qildi: “Siz darhol bir tarafga qochib keting”, deb. Man hech kimga bildirmasdan bir birodar birlan kecha qorong’ulikda uydan chiqib, bir joyga borib pinhon bo’ldim. Ertang Nurillaboyga siyosiy idorada bo’lib yurgan askarlar birlan harbiy noziri Shayxutdin Hasanov, siyosiy idora boshliqi Musaev va boshqa tamomi nozirlarni chaqirib keltirib o’tirganlar. Ondin so’ng manga muntazir bo’lib turganlar. Ham mani olib kelmak uchun Hakim Bojibon birlan Xudoynazarovni yuborganlar. Ondin so’ng bular mani uyimga kelib so’raganlar.Mani uyimdagi xotun, bola-chaqalarim javob berganlar:
-Kecha ketgandin qaytib kelgani yo’q turur, bizlar bilmaduk qayda qoldi.yo o’zlaringiz yo’q qilib, munda bahona qilib so’rab keldingizlarmi? -deb janjal-g’avg’o qilganlar. Shuning birlan Muhammadnazar Xudoynazarov mani odamim So’fi Xayolovda bo’lib turgan vintovka-miltiq, bronovik to’pponchalarni olib, qaytib ketganlar. Borib Nurillaboyda mitingda e’lon qilganlar.

Maxfiy qolmasinkim, manim qochib ketganim shuning uchun, man o’z-o’zim birlan o’ylab fikr qildim, agar mani ham tutib olsalar tovarish Safonovning ham maqsadi shul turur.Xol bir tuhmat, bo’hton birlan sud qilib, hammamizni otib o’ldirur. Agar man bo’lmasam albatta nozir birodarlarni hibs qilib qo’yar. Nechunkim, tovarish Safonovning maqsadi man tururman. Shunga binoan man qochib, pinhon bo’ldim. Manim sababimdan bir necha birodarlar o’lib ketmasin, deb.Ondin so’ng Nurillaboyda miting bo’lgan. Muhammadnazar Xudoynazarov so’ylagan:
-Ushbu boylar hukumatini yo’q qilib, o’rniga faqat kambag’allardin saylab, hukumat tuzmoq kerak.

Ondin so’ng nozirlardan ba’zilari so’ylamakchi bo’lib so’z so’raganlar. Bularga hech so’z bermasdan harbiy noziri Hasanov askarlarga ishorat qilgan. Askarlar nozirlarni o’rab olib, har birlarini bir nechalari tutib, kisa (cho’ntak), xaltalarini qarab, soat, yuzik, po’stin, cho’girmalarini olganlar. Shul vaqt Sayidmuhammadyorboy Abdulla Hoji o’g’li kelganlar. Oni ham askarlar tutib, to’pponcha va boshqa nimarsalarini olmoqchi bo’lganlar. Muhammadyorboy qichqirib harbiya noziriga aytgan:
-Ey zolimlar! Bu nechuk zulm turur, bizlarga so’z berib so’zlatib ko’rib, ondin so’ng gunohlarimiz bo’lsa, bo’yinlarimizga qo’yib, bir nima qilsangizlar qilinglar. Ey xoin millat vatanlar,-deb ko’p dashnom qilgan.
Ondin so’ng askarlar nimarsalarini olmoqchi bo’lganlar. Ikki qo’li birlan ikki tarafidagi askarlarni urib yiqqan ham hech nimarsalarini bermagan.Ham aytgan:
-Mani qayda olib borsangizlar borurman, ammo nimarsamni bermasman,-degan.

Shuning birlan tamomi nozirlarni tutib olib, hukumat zaliga qamab, atroflariga qorovul askarlar qo’yganlar. Shul askarlarning ichida manim o’g’lim Otaboy, ham yasovulboshining o’g’li Muhammad Rasulboy ham Sayidnazarboylar bor erkanlar. Bularni ham tutib hibs qilib, bir joyda qo’yganlar. Shuning birlan mehnatkashlar qo’rqib, har birlari bir tarafdin chiqib qochib ketganlar.Bu haqsizliklarni qilib yana bir necha martaba miltiq otib, xalqni qo’rqitib qoldirganlar.Ushbu majlisda bo’lganlar moliya noziri Muhammadpanoboy, xo’jalik va mufattish noziri Eshchan qori, maorif noziri Karim qori Niyoziy, toshkentlik adliya noziri Yusuf maxtum Oxun ham Safo oxun, ijtimoiy ta’minot mudiri Abdurasulboy, Ismoilboy Solihboy Hoji o’g’li, Muhammadyoqub Qori, Soliy Yusuf o’g’li, Ollanazarboy Muhammadjon o’g’li, Jumaniyoz Ollaqulov va yana bir necha bizlar birlan ish qilib yurgan odamlarni tutib eltib zindonga solib qo’yganlar.Shul vaqtda Gurlanga Bobooxun Eshonga bir necha militsiya yuborgan erkanlar. Militsiyalar borib Bobooxun eshonni uyini musodara qilib, o’zini arestovat qilib uyiga qaytganlar. Qo’shko’prikka kelgandin so’ng Bobooxun eshon tahorat qilmoqchi bo’lgan. Shul vaqtda militsiyalar otlarini yoniga ketganlar. Bobooxun Eshon vaqtni g’animat topib, qorong’u oqshomda bir tarafga qochib ketgan. Militsiyalar otlaridan farag’at bo’lgandin so’ng kelib, Bobooxun Eshonni tamomi har taraflarga yugurib, qarab hech yerdan topmay, yo’ldosh bo’lib kelgan Murodboy oxunga ko’p iza va haqoratlar berganlar. Shuning birlan tong otib tamomi qa’la va qishloqlarga otliq yurib, hech bir iz topmay, qaytib shaharga kelib ma’lum qilganlar. Yana ham ko’p odamlarni gumon birlan tutib, zindonga solganlar. Ondin so’ng Safonovning ko’rsatuvi birlan muvaqqat inqilob qo’mitasi barpo qilganlar. Darhol Toshhovuzdin Sobirbergan Qo’chqorovni oldirib inqilob qo’mitasiga rais qilganlar. Bobojonboy Yoqubovni muovin, Ahmad Mahmudovni a’zo, askarlardin Tog’an Abdullaevni a’zo, turkmanlardin Nazir qoqalarni a’zo qilib, saylab qo’yganlar. Tamomi yo’l ishlarni (davlat to’ntarishi qilib nozirlarni almashlashlash nazarda tutilayapti-U.B.) ishlab turgan Shokir Siddiqov bo’lgan. Shuning birlan tamomi nozirlarni musodara qilib, tamomi nimarsalarni ro’yxat qilib, pechatlab qorovullar qo’yganlar.

Maxfiy qolmasinkim, manim uyim to’g’risinda avval e’lon qilgan erkanlar: Yusupovning uyida burungi xondin olgan oltinlari bor turur. Shularni sizlarga taqsim qilib berurmiz, deb. Shuning birlan bizning uyimizni tamomi yerlarini taftish qilib, qaraganlar. Hatto ba’zi yerlarni buzib yakson qilib, qarab, hech nimarsa bo’lmagach bir necha qorovullar qoldirib ketganlar. Obisk qilishga kelgan birodarlarimiz ro’zg’origa darkor bo’lib turgan choynak-kosa, qo’l supuradigan ro’pak, bolalarni sochini oladigan mashinlarni ham olib ketganlar.
Ertang Safonovni buyrug’i bilan Toshkentga telegram berganlar:”aksilharakatchi Yusupov hukumatini munda tushirib muvaqqat inqilob qo’mitasi barpo qilduk. Toshkantda bo’lgan oning movini Sultonmurodov va obadlovlarni darhol arestovat qilinglar”, deb. Shuning birlan Toshkentda ushbu bayon bo’lgan birodarlarimizni ham hibs qilganlar. Va yana Hazorasp sho’rosining raisi Ismoil Xo’ja va uning muovini Sobirboy, a’zosi Nazirboy, sarkotibi Muhammad Sharip devonlarni ham keltirib hibs qilganlar. Va yana bizlarga yaqin do’st bo’lgan odamlarning uylarini obisk qilganlar. Shu jumladan Manoq qishlog’ida Normuhammad Hojini militsiyalar qarab ketganlar. Ondin Qo’ng’irotda domullasining tamomi qarindoshlari birlan uylarini obisk qilganlar. Va yana hatto Ilyasbiyning uyini tintuv qilib, atrofida qorovullar qo’yib, o’zini Xivaga keltirib zindonga hibs qilganlar. Sababi shulkim, bizlar 1917 yilda Isfandiyorxondin qochib ketgan vaqtimizda ushbu birodarimiz bizlarga ko’p yordam qilib, tuyalar topib berib, Qozonliga uzatib yuborib erdi. Yana Urganchdin shahar muhofaza boshlig’i Sulton Qorini ham bir bahona birlan keltirib zindonga hibs qilganlar. Ammo Urganch odamlari janjal qilib so’raganlari birlan 15 kundin so’ng hibsdan chiqarib, jazo mahkamasiga tayin qilib, Xivada qolmoqqa buyruq qilganlar. Shuning birlan har joylarda tintuvlar bo’lib turgan ushbu vaqtlarda qibla qumga yaqin Darg’onota to’g’risidan ota turkmanlar bir necha otliq jamlashib, Hazorasp to’g’risindagi qishloqda chorvachilik birlan shug’ullanib o’tirgan odamlarni talon-taroj qilib, mollarini olib ketib turgan.

Inqilob qo’mitasi ushbu kaltabonlarni yo’q qilmoq uchun harbiya noziriga buyruq qilgan. Harbiya noziri tamomi qa’la va qishloqlardagi tuyalarga safarbarlik e’lon qilib har kimda tuya bo’lsa, majburiy ravishda yig’a boshlagan. Manim ham ikki tuyamni tamomi arqoni birlan olgan. Ushbu tuyalarga askarlarni oziq va nimarsalarini yuklaganlar. Ondin so’ng shahar va qishloqlarda bir e’tiborlik, boyroq odamlarni, mullalarning bolalarini tutib, tuyalarini olib ketmak uchun ko’cha va bozorlarini qidirib ham tutib olib ketganlar. Shahar muhofazasi muovini Qoraxonov degan ko’p odamlardin ko’p-ko’p aqchalar olgan. Shunday qilib shaharning ichinda qishloqlarda e’tiborli odamlar xalq uylariga yashirinib, kun kechirganlar. Ko’cha, bozorlarda hech kishilar yurmaganlar. Tutgan boyvachcha va mullavacha yigitlarni urib, ko’p-ko’p haqoratlar birlan tuyalarni olib ketganlar. Shahar va qishloqlarda xalqning oh-fig’onlari osmonga chiqqan. Ushbu yigitlarning boshinda izo-haqorat berib yurgan Muhammadnazar Xudoynazar o’g’li bo’lgan. Va yana tamomi madrasalarning darvozalariga qulf urganlar. Ushbu bo’lib turgan voqealarni har oqshom manga kelib ma’lum qilur erdilar. Man ko’p xona bo’lib, Xudoga yolvorib, duo qilur erdim: Xudoyo musulmonlarning boshidan ushbu zulmlarni yo’q qilgaysan, deb.

Maxfiy qolmasinkim, Maskavdagi vakilimiz Mulla Bekchon Rahmon o’g’li ham Maskavda xorijiya nozirligi orqali ushbu voqealarni eshitgan. Ham o’ziga muqarrar qilgan, albatta bir kun mani ham arestovat qilurlar, deb. Pinhoniy suratda Maskavdin chiqib, Toshkentga azim bo’lgan. Toshkentda ham turmasdan Buxoro va Chorjavga borib tafir surat qilib, pinhoniy bo’lib yurgan.

Maxfiy qolmasinkim, Nazir Sholikarov xorijiya noziri erdi. Toshkentdin olib kelgan askar uchun kiyim va oziq, lampa yog’ va boshqa nimarsalarni keltirib harbiya nozirligining ta’minot bo’limiga topshirib erdi. Schyotlarni oliy mustishga tasdiq qildirmoq ishi bor erdi. Nazir Sholikarovga harbiya noziri va Safonovni ad’yutanti Rivokin va boshqalarning shaxsiy adovatlari bo’lgan sababli ig’vo qilib, yo’ldosh bo’lgani Ismoilboy Sayid Hoji o’g’liga nozirlarning ba’ziy ishlari to’g’risinda nozirlar sho’rosiga ma’lumot yozib beradurlar. Ondin so’ng majlis qilib, Nazirning ishlari to’g’risinda komissiya saylab, o’zini muvaqqat suratda ishdan qoldirib shahar muhofazasining joyida saqlamoqchi bo’ldilar. Ham shuni qaror qilib Nazir Sholikarovni Muhammadyorboyga topshirdilar. Ushbu oqshom Rivokin kelib nozirlar sho’rosindan beruxsat zindonga eltib qo’ygan. Mundin bir necha kun o’tgandin so’ng Nazirni kafilga chiqarib yuborildi. Darvoqe inqilob vaqtiga to’g’ri keldi. Nazir ham qochib bir joyga pinhon bo’lgan. Shahar muhofazasining muovini Egambergan Tillaev bir yerga qochib pinhon bo’lgan.Birodar Jumaniyoz Hoji Boboniyoz o’g’li ham qochib oriyoqqa o’tib ketgan. Nazirga kafil bo’lgan kunda bizlarni qarab ixtiyor qilib yurdilar.

Bir necha kun o’tgandin so’ng Safonovdan muvaqqat inqilob qo’mitaga buyruq xati kelgan.” Albatta Yusupovni topmoq kerak”, deb. Ushbuning birlan Shokir Siddiqov ham Muhammad Rahim devon Nurillaevlar yarim oqshomda bir necha otliq militsiya birlan bizning uyimizga kelib, uyning ichiga, hamma taraflariga qorovullar qo’yib, uyning eshiklarini ochdirib kirib, xotin-bolalarni qo’rqitib tamomi joylarni kavlab ko’rib hech nimarsa topmay chiqib bir otimizni olib ketganlar.

Maxfiy qolmasinkim, mundin bir ikki oqshom muqaddam So’fi Xayolovni uyini qarab So’fini olib ketib, hibs qilib, taftish qilib qo’rqitib mani so’raganlar.So’fi javob bergan:
-Mani hech bir xabarim yo’q turur.Nechuk qilsangizlar ixtiyoringiz turur,-degan.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Jumaniyoz Ollaqulovni hibsxonadin oldirib Safonovning so’zi birlan Shokir Siddiqov ko’p taftish qilib telegram shifrini so’ragan.Jumaniyoz aytgan:
-Shifr Hoji Polvonniyoz Yusupovning o’zi turur, -degan.
Jumaniyoz oxunga ko’p koyishlar qilib yana zindonga yuborganlar.Shuning birlan qurultoy uchun Toshkentdin kelmoqchi bo’lgan komissiyalar kelib qoldilar.Boshinda raislari Kobez va a’zolari mashhur Iskandar (Aleksandr) Samoylovich ham bir necha tatar va o’zbeklardin iborat , kelib hukumat joyinda o’rnashdilar.

Maxfiy qolmasinkim, mazkur mehmonlarga ko’rsatish uchun shahar muhofazasi Bobo Muhammadjonovning muovini Qoraxonov tamomi qa’lada bo’lib turgan odamlarning uylariga kirib uy asboblari pichoq, sanchqi, ko’rpa to’shaklarini irg’itib tashlab, musulmonlarga mashaqqatlar ko’rsatganlar. Ham ushbu bahonalar birlan o’zlari ko’p foyda ko’rib qoldilar. Ushbu komissiya birodarlari bo’lib o’tgan ishlaridan ma’lumotlar olib tovarish Safonov ham harbiya noziri Shayxutdin Hasanov va siyosiy idora boshlig’i Musaevlarni Toshkentga qaytmoqqa buyruq qilganlar. Xalq bul ishlardan ko’p mamnun bo’ldi.

Maxfiy qolmasinkim, Iskandar Samoylovich Maskavda Bobooxun Eshonni oldinda bo’lib Oxun Eshon birlan ko’p do’st bo’lgan erkan. Tovarish Kobez birlan maslahat qilib “Bobooxun munda kelsin “ deb Mulla Ibrohimga xat berib yuborgan. Mulla Ibrohim Safonovdan xat olib Gurlanga ketgan. Borib Bobooxunga xatni bergan. Oxun Eshon Mulla Ibrohim birlan kelib Nurillaboyga Kobez oldiga tushgan. Man Bobooxun Eshonga bir xat yozib yubordim: “O’tgan voqealarni Safonovning qilgan noto’g’ri harakatlarini Kobezga e’lon qiling”, deb. Kobez ham Samoylovichlar Oxun Eshonni qabul qilib ko’rishib sog’-salomatlik so’rashib konsulxonada karvonboshining joyida mehmon bo’lganlar. Ham aytganlar:
-Safonovni Xivadan uzatib yuborurman, hech qo’rqmasdan bo’lib o’tgan so’zlardin Safonovning oldida izhor qiling,-deganlar. Oxun Eshon Safonovning joyiga borgan. Darhol o’ziga maxsus bir joy hozirlab berganlar.

Oldinda alohida bir xizmatkor qo’yganlar. Oxun Eshon bo’lib o’tgan ishlarni tamomi bekami ko’st bayon qilgan. Ham Safonovga aytgan:
-Birodar siz ko’p noto’g’ri harakat qildingiz.O’zingiz hech nimarsa bilmas erkansiz.Ba’ziy shaxsiyatparast odamlarning yolg’on so’zlariga e’tibor qilib, Xorazm yosh hukumatiga ko’p ziyon keltirdingiz.Ham bir necha yillar keyinga qolmoqqa sabab bo’ldingiz,-deb ko’p so’zlarni aytib bergan.
Andin so’ng Bobooxun Eshonga hukumat dahl qilmasligiga xat berganlar. Ham hukumatdin xat olib berganlar. Shuning birlan Oxun eshon bo’lgan voqealarni manga xat qilib yuborib o’zlari Gurlanga chiqib ketganlar.

Maxfiy qolmasinkim, man tamomi haqsizliklarni Safonov hech bilmasdin ushbu inqilobni qilib qo’ygani ham boshqa-boshqa voqealarni ochiq yozib ham qo’l qo’yib Samoylovichga bir birodar birlan yubordim. Ham iltimos qildim : “Mani militsiya birlan huzuringizga olib borib, mandin savol-javob so’rang, agar man shariatdin va qonundin chiqib millatga zararli ish qilg’on bo’lsam o’z gunohim o’zimda bo’lsin.Har nechuk jazo bo’lsa o’zim rozi tururman”, deb. Tovarish Samoylovich ushbu arizani ko’rib aytgan:
-Sizlar ertang keling, man o’qib ko’rib javobini ayturman,-degan. Ertang aytgan:
-Bizlarning raisimiz tovarish Kobez oshoq tarafga ketdi.Kelgandan so’ng sizga qa’tiy javob ayturman,-degan.
Shuning birlan Kobez qaytib kelguncha tavakkal qilib o’tirdik. Bir kun Kobez ham kelib qoldi.Ushbu manim arizamni tovarish Samoylovich tarjima qilib Kobezga bergan. Tovarish Kobez Shokir Siddiqovga e’lon qilgan.Siddiqov ba’ziy hukumatda hozir o’tirgan odamlarga maslahat qilib ushbu qarorga kelib Kobezga aytganlar:
-Agar birodar Yusupovni keltirsangiz askarlar hujum qilib Yusupovni o’ldirib , sizga ham ko’p haqorat bersalar kerak,-deb Kobezni qo’rqitganlar. Shuning birlan Kobez bizning elchi bo’lgan odamlarimizga e’lon qilgan:
-Birodar Yusupov hech chiqmasin,-deb. Andin so’ng tovarish Kobez halqqa e’lon qildi: “har kimlarni nechuk maqsadlari bo’lsa komissiyaga pinhoniy ariza bersunlar.Bizlar xalqning hohishlarini qilib berurmiz”, deb.Alohida o’z odamlaridan tayyor qilib, vaqt tayin qilib ariza olmoqqa mashg’ul bo’ldilar. Xalqning tamomiy arizalari shul mazmunda bo’lgan: Biz musulmonlarmiz.Bizlarga muvofiq shariy-shariat ishlarimizni yurgizmakka imkon bo’lsin ham bizlarga ajnabiy birodarlar kerak ermas turur. Bizlarning mamlakatimizda hech bir ajnabiy odam qolmasin, deb.Birodar komissiyalar arizalarni tamom olganlar ham o’qib ko’rib muvaqqat inqilobiy hukumatga topshirganlar. Mundin hech bir natija chiqmagan. Shuning birlan tovarish Safonov, Hasanov va Musaevlarni ham uzatib yubordilar. Ham qurultoy hozirligiga mashg’ul bo’ldilar. Xorazmning bir necha rayoniga borib, vakillar olib keldilar. Ondin so’ng qurultoyning rasmiy kushadini qildilar.Prezidiumga birodar Xudoybergan Devonovni sayladilar. Shuning birlan qurultoyni rasmiy ravishda ochib ishga boshlaganlar.

Maxfiy qolmasinkim, bizlarni har bir qishloq, rayonlarda qurultoyga vakil qilib saylamakchi bo’lgan erkanlar. Vakil saylamakchi bo’lgan birodarlar buni hech qabul qilmaganlar. Bir kun ahli kasaba mehnatkashlar tamomi yig’nashib hukumat joyiga borib Toshkentdin kelgan vakil birodarlar bizlarni so’rab, ko’p g’avg’o qilganlar. Shul vaqtda hukumatda Shokir Siddiqov va boshqalar tovarish Kobez oldiga kirib, bo’htonlar aytganlar:
-Birodar Yusupovni xon qilmoqchi tururlar. Shul so’z birlan kelganlar,-deb.

Tovarish Kobez qahrlanib tashqariga chiqib siyosat qilib aytgan:
-Bizlar bunda xon qo’ymoq uchun kelganlarimiz yo’q turur.Sho’rolar hukumati barpo qilmoq uchun kelduk. Darhol tarqalib o’z ishlaringizga ketinglar. Bo’lmasa askar birlan quvdirib yuborurmiz,-deb e’lon qilgan. Bechora kambag’al xalqlarning so’zlariga hech iltifot bo’lmagandin so’ng ma’yus bo’lib tarqalib ketganlar.

Tovarish Kobez hibsda bo’lib turgan birodar Jumaniyoz Ollaqulovni hibsdan xalos qilib, oldiga keltirib ko’p nimarsalarni savol qilgan. Birodar Ollaqulov tamomi tovarish Safonov, Hasanov, Musaevlarning qilgan nomuvofiq zo’rliklarini bir-bir so’zlab bergan. Ondin so’ng qurultoyda ish boshlaganlar.Qurultoyga kelgan ba’ziy vakil birodarlar har kecha manim yonimga kelib, qurultoyda bo’lib turgan so’zlarni aytib ketar erdilar. Ham qurultoyda bo’lib turgan haqsizliklarni eshitib hayron blur erdim. Bir kun qurultoyga kelgan ba’ziy vakillarning maslahatlari birlan qurultoy prezidiumiga bir ariza yozdim. Mazmuni shul turur: Hurmatli 2-chi qurultoy prezidiumi raisiga! Mani qurultoyga kelgan vakil birodarlardin ruxsat olib, qurultoy majlisiga oldirsangiz.Man vakil birodarlarning huzurida o’zimning qilgan ishlarimdan ma’lumot berib hisob bersam. Agar shariatdin va qonundin chiqib bir nomuvofiq ish qilgan bo’lsam o’z gunohim o’z bo’ynimda bo’lib nechuk jazo bo’lsa rozi tururman, deb. Ushbu arizamdin hech bir javob bo’lmadi. Ikkilanchi yozib o’z odamim birlan qurultoy majlisiga yubordim. O’z mahallamizdan bo’lgan vakilning qo’liga topshirgan. Ushbu birodar arizani vakillar huzurinda raisga topshirgan. Ondin so’ng vakillar so’rovi bo’yincha revkom Kobez taklif qilgan: arizani ochib o’qimoqqa, ham o’qiganlar. Ba’zi shaxsiyatlik vakillar o’zlaridan xunuk bo’lib g’avg’o qilganlar: “ Ushbu xat keltirgan odam qayda turur.Darhol arestovat qilmoq kerak, ham Yusupovni keltirib hibs qilmoq kerak.Ul kishigina aksil harakatchi turur. Ul bo’lib turgan vaqtda hech ishlarimizga yo’l bermas turur”, deb. Ushbu mani arizamni topshirgan vakilni ham hibs qilmoq uchun tutib saqlab, darhol Ahmad Mahmudovni mani uyimga yuborganlar. Mahmudov bir necha militsiyalar birlan manim uylarimni tintuv qilib, tamomi joylarini qidirib, mani topmay qaytib ketgan. Shuning birlan mani majlisga olib bormadilar.

Maxfiy qolmasinkim, manga tarafdor bo’lib savol-javob so’rab turgan vakillardin bir nechalarini, sizlar nomuvofiq saylanib kelibsizlar, deb vakillik mandatlarini olib qurultoydan chiqarib yuborganlar.Ham vakillar bo’lib turgan manzilning oldinda qorovul qo’yganlar.Hech bir g’ayri kishini vakillarni oldiga bormoqiga yo’l qo’ymaganlar.Birodar Kobez bo’lsa ham Shokir Siddiqovning so’zi birlan nima qil desa shuni qilib turgan.Shuning birlan qurultoy bir necha kun davom qilib, oxiri Shokir Siddiqovlarning hohishlariga muvofiq amal qilib tamom bo’ldi. Ham hukumatga odamlar saylab vakillarga ruxsat berib, har bir vakilga bir necha archin chit tovar berib qaytarib yubordilar.Markaziy Ijroiya Qo’mita raisi qilib mang’itli o’zbek Muhammadrahim Ollaberganovni qo’ydilar. Sarkotibligiga Shokir Siddiqovni qo’ydilar. A’zolar: Abdirahim Hoji, Xudarganboy, Muhammad Murod yuzboshi, to’rtko’llik qoraqalpoq bir askar Muhammad Yoqub Xolmuhammedov, hazorasplik Sobirboy, Pitnaklik Muhammad Rahimboylarni qabul qildilar. Nozirlar sho’rosiga Mangi Amin o’g’lini sayladilar. Iqtisodiy sho’roga Shokir Siddiqovni rais qilib sayladilar. Adliya nozirligiga Ota Maxsum Muhammadrahim Oxun o’g’lini qo’ydilar. Muovinlika Iso Oxun Muso Xo’ja o’g’lini qo’ydilar.Dohiliya nozirligiga farg’onalik Hasan Ibrohimovni qo’ydilar. Xorijiya nozirligiga yovmut Mulla O’roz Xo’ja Ahmad o’g’lini tayin qildilar. Ziroat nozirligiga Xo’jaylidan Abdulla Xo’ja Abdurahmon Xo’ja o’g’lini sayladilar. Harbiya nozirligiga tatar Hasan Muhammadjonovni tayin qildilar. Moliya mudirligiga Yusuf Devon Otajonovni qo’ydilar. Suratxonaga mudir qilib Xudoybergan Devonovni qo’ydilar.Maorif noziri qilib turk Bahri afandi, iqtisodiy sho’ro muovinligiga Muhammadrahim Devon Nurullaevni qo’ydilar. Mufattish nozirligiga Otamurodboy Boboniyoz o’g’li, muovini qilib Karimbergan Sapaev tayinlandi. Shunday qilib qurultoyga kelgan vakillarga mayona, chit va sovg’alar berib qaytarib, uzatib yuborib, farog’at bo’lib, o’z ishlariga mashg’ul bo’ldilar. Andin so’ng hukumatga yig’ilgan nozirlar ma’sul xizmatchilar, hukumat omborxonasida xonlardan qolg’on yaxshi kiyimlar va nimarsalarni saf-saf qilib, o’zlariga ham bola-chaqalariga tamomi bosh-oyoq kiyim ham ovqat oldilar. Ham katta katta mayona oldilar. Manim fikrimcha ushbu ikkilanchi qurultoyga saylanib qolgan vakil birodarlar hukumat omborida bo’lib, xonlardin qolg’on yaxshi kiyimlarni tamom oldilar. Lekin xalq manfaati uchun qilg’on xizmatlarini hech bir ko’z ko’rgani yo’q turur. Yana ham nozirlarning har birlari qishloqlardin kelgan odamlar bo’lg’onligi uchun hukumat bularga joylar topib berdi.

Maxfiy qolmasinkim, shul vaqtgacha hech bir ko’rpa, to’shak, ko’rmagan nozir afandilar xon, to’ralardan qolg’on baxmal to’shak, atlas mato, ko’rpa, g’oli paloslardin ko’p-ko’p olib uylarini bezab, har birlari o’zlarini bir xon gumon qilib, xondin qolg’on yaxshi paytunlarga o’tirib, izlariga qorovul militsiyalar qo’yib yura boshladilar.Ham ba’ziy bir johil nodonlari ba’zi fe’li buzuq xotunlar birlan noshista ahvollar qila boshladilar. Shuning birlan musulmonlarni oh-fig’oni osmonga chiqdi. Ne chora qilmoq kerak, sabr qilmoqdin boshqa chora yo’q turur. Olloh taolo oxirini xayrli qilsin, deb sabr qildilar. Shuning birlan hukumat majlisi nozirlar ishlarini qaramoq uchun favqulodda komissiya tashkil qildi.Komissiyaga rais qilib moliya mudiri Yusuf devon, a’zolari Yusuf Bozor, Karimbergan Sapaev, Hasan no’g’oy Aliakbarov, O’roz Ermanov, yovmut Ota Eshon va boshqalar. Andin so’ng tovarish Kobezovlar Xivada bo’lib turgan aeroplanlarga o’tirib uchib ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, nozirlar uchun tayyor bo’lgan komissiyalar ishlariga kirishdilar ham bizlarning haqimizda buyruq chiqardilar: “pinhon bo’lib yurgan nozirlarga ma’lum bo’lsin, shul kundin e’tiboran o’zlaringizni ma’lum qilinglar. Sizlarga hech kim dahl qilmas turur. Sizlarni hukumat avu qildi. Faqat komissiya chaqirganida kelib savollarga javob berursizlar”, deb. Ushbu buyruqlarni har yerlarga yopishtirib qo’ydilar, bizlarga ham keltirib berdilar.komissiya raisi qo’l qo’yib sarkotib, va a’zolar imzo qilgan.Komissiyalarning maqsadi: bizlarni aldab, chiqarib bir turli qilmoqchi bo’lgan erkanlar.Har nechuk yo’l birlan bo’lsa ham bo’htonli jinoyatdor qilib o’ltirmakchi erkanlar.Hukumatning ma’sul sarkotibi Shokir Siddiqov buyrgan erkan: “har tariqa qilib gunohkor qilinglar”, deb. Shuning birlan o’z vatandosh birodarlarimiz bizlarning haqlarimizda har turlik makr hiyla bo’lsa qila boshladilar.
Tamomi sipoyi to’ra, xonlarning xotin bolalariga kishilar yuborib ayturgganlar: Polvonniyoz Hoji sizlardin har nimarsa olgan bo’lsa xatga yozib beringlar.Darhol hukumat olib, sizlarga qaytarib berur, deb.Shul jumladin, Sayid Abdullaxonning uyida yoshi katta bo’lib, ish boshqarib yuruvchi bir xotin mazkur elchi odamga aytgan:
-Sizlar Polvonniyoz Hojini bizlardan hukumat uchun olgan kiyim va mollaridan bir sandiqni keltirib bering, andin so’ng sizlarga inobat qilib so’zlarimizni ayturmiz.Sizlar yolg’onchi kaltabon turursizlar.Bechora Polvonniyoz Hoji bizlarga ovqatlarimiz uchun bir tanob yer qoldirib, kiymakka kiyimlarimizni ham berib erdi.Siz zolimlar shul yerlarni ham oldingizlar,-deb elchi bo’lib borgan odamlarga koyishlar qilib yuborgan.Yana tamomiy qa’la, bozorlarga jar chektirib e’lon qilganlar: “ boshliq Polvonniyoz hoji ham boshqa nozirlar har kimdan pora-rushud tariqinda bir nimarsa olgan bo’lsalar, kelib ma’lum qilsinlar”.

Shuning birlan ham hech kim bo’lmag’on nozirlar bir nimarsamizni oldilar, degan. Man o’z-o’zim birlan maslahat qildim, qachongacha bunday pinhon bo’lib yurururman. Endi lozim turur hukumatga borib taslim bo’lmoq kerak.Nechunkim, qurultoy tamom bo’lib, toza hukumat barpo bo’ldi. Hukumat taftish-tahqiq qilib ko’rsin.Darvoqe nomuvofiq ish qilgan bo’lsam har nechuk jazoga mustahqiq bo’lgan bo’lsam, jazo chora bersun, deb.
Bir kun namoz juma kuni 1921 yilda iyun oyining 6 sida uyimdan chiqib to’g’ri namoz juma o’qimoq uchun masjidga bordim. Namoz jumani o’qib ado qildik.Nazir Sholikarov ham birga erdi. Namozdin chiqqandan so’ng , namozdan chiqqan jamiyatgir musulmonlar bizlar birlan ko’rishib ko’p shod masrur bo’ldilar.Shul vaqtda hukumatdan manim o’z yaqin odamim bo’lgan Muhammad Yoqub mahram degan kelib ma’lum qildi: darhol Nurillaboyga bormoq kerak.Sizlar uchun tayin bo’lgan komissiyalarning oldiga yuringlar, tozadin mandat xati bermakchi tururlar ham qonun bo’yincha bir necha odam kafil bo’lib, qo’l qo’yib ketsunlar, deb mani yubordilar.

Maxfiy qolmasinkim, manim ushbu odamim Muhammad Yoqub mahramni aldab firib berib yuborgan erkanlar.O’zlarimizni o’z oyoqlarimiz birlan keltirib hibs qilmoqchi erkanlar.Ma’lum bo’lsinkim, bizlar uchun tayin bo’lgan komissiyalarga Shokir Siddiqov buyurgan erkan : “ Ushbu Polvonniyoz birlan Nazirni har nechuk yo’l birlan bo’lsun gunohkor qilib o’ldirmakka to’g’ri qilinglar”, deb.
Maxfiy qolmasinkim, komissiya sarkotibi birodarimiz Karimbergan Sapaev xususiy bir xat yozib ma’lum qildi: “Sizlar hech qochib yurmanglar, hukumat sizlarni afu qildi, darhol kelinglar”, deb. Nechunkim, Shokir Siddiqovga yaqin bo’lib, katta mansabdor bo’lmoqchi erkanlar. Ma’lum bo’lsinkim, komissiyalarning ichinda bo’lgan va komissiyalarning yomon niyatlik bo’lganlarini bilgan insofli a’zo Hasan Aliakbarov darhol iste’fo bergan. Komissiya raisi savol qilgan:
-Nechun iste’fo qilursiz?-deb.
Onda u javob bergan:
-Birodarlar, sizlarning bul nozirlar haqinda qilmoqchi bo’lgan siyosatlaringizni man tamom bilib oldim. Sizlar hozir hukumat boshinda o’lturgan Ovro’pali ba’zi shaxsiyatchilarning so’zlariga firibda bo’lib, bulardin bir nechalarini haq o’limga to’g’ri qilmoqchi turursizlar. Sizlar ogoh bo’linglar, sizlarga buyruq qilib turgan birodarlar bugun ertang mundin qaytib, o’z vatanlariga ketsalar kerak ham ushbu to’g’ri qilmoqchi bo’lgan birodarlarimiz chin inqilobchi tururlar. Albatta bularning bir kuni katta yerlardin so’rab kelmaklari tahqiq turur. Albatta sizlar shunda javob berursizlar.Bizlarning ichlarimizda to’g’ri Aliakbarov bor erdi, bizlarni ixtiyorimizga qo’y may majbur qildi, deb. Man shuni ochiq bilurman. Shuning uchun ushbu kundin e’tiboran komissiyadan chiqdim,-deya chiqib ketgan.

Shuning birlan komissiyalar har bir nima o’ylab ishlamakka boshlaganlar. Shundin so’ng bizlar bir necha qarindosh-urug’larimiz birlan Nurillaboyga ravona bo’lduk. Yo’lda tamomi shahar odamlari birlan ko’rishub borur erduk. Bizlarni kelayotganimizga ham qanoat qilmasdan bir necha otliq militsiyalar yuborganlar. Shuning birlan komissiyalarning oldiga kelib yetushdik. Birodar Yusuf Devon birlan turkman Ota Eshon va boshqalar birlan ko’rishub sog’-salomatlik so’rashib o’tirdik. Turkman Ota Eshon Yusuf Devonga aytgan:
-Hojiboylarga xat berib uylariga yuboring, har vaqt kerak bo’lganda kelib javob berib tursunlar — deb.
Onda Yusuf Devon javob berdi:
-Tamomi komissiyalar kelib yetsunlar,-deb.
Shuning birlan komissiya sarkotibi Karimbergan Sapaev keldi. Bizlar birlan ko’rishub, Yusuf Devonni ichkariga olib kirib bir necha vaqtlar so’ylashib chiqib ketdi. Biroz vaqtdan so’ng militsiya yuzboshisi Hakimboy Yoqubov keldi ham aytdi:
-Hoji bobo munda keling,-deb.

Bizlar “ xo’p bo’lur”, deb Hakimboy birlan tashqariga chiqdik. Ko’rsak eshik oldida 20 adad qurollangan militsiyalar ikki tarafda saf bo’lib turgan erkanlar. Bizlarni o’rtaga olib hukumat o’tirgan joyga olib keldilar. Ham keltirib hukumatning bir uyida qo’yib tamomi oyna qopilarining oldida qorovullar qo’yib, hozir bo’lib turdilar. “O’zlaringiz insof qilib ko’ring, bizlar o’zlarimiz kelib hukumatga taslim bo’ldik .Shunda bul nechuk hozirlik turur”, dedik.
Shuning birlan kech bo’ldi. Namozgar birlan noamozshomni hukumatda navbatchi bo’lib turgan Mulla Ro’zimuhammad Devon birlan birga jamoat bo’lib ado qildik. Ondin so’ng Xorazm hukumatining ixtiyori qo’linda bo’lib turgan Shokir Siddiqov hukumat zaliga kirib, qorovul birlan Nazir Sholikarovni oldiga oldirib, ko’p koyishlar qilib qaytarib yuborib, ondin so’ng mani talab qilgan. Man ham qorovul birlan borib kirdim. Salomlashib, ko’rishib kursida o’tirdik. Siddiqov savol berdi:
— Nechun qochib ketdingiz?,-deb.
Man javob berdim:
-Birodar agar man qochib pinhon bo’lmagan bo’lsam o’zingizga ma’lum turur. Safonov manim ham , gunohsiz tamomi bechora nozirlarni ham o’ldirur erdi,-dedim.
Yana aytdi:
-Hukumatning muhrini nechun olib ketdingiz?
Man aytdim:
-Albatta olib ketmoq lozim bo’lsa kerak. Har yerda qoldirib ketmak, xiyonat o’lsa kerak,ina sog’-salomat keltirib topshirdim-dedim.
Yana Shokir Siddiqov aytdi:
-Hukumatdin qo’rqmaysizmi?,-deb.
Man aytdim:
-Albatta qo’rqarmiz.Har nechuk bo’lsa ham qurultoy bo’lib, xalq tarafidin hukumat saylanib qoldi. Shuning uchun o’zim keldim. Hukumat albatta manim ishlarimni taqqoslab ko’rur. Agar xiyonat qilmagan bo’lsam, afu qilib, o’z bechoraligimga yuborib qo’yar, deb ehtimol qilib keldim,-deya javob berdim.
Siddiqov yana aytdi:
-Siz bul vaqtgacha qaysi odamlarning uyinda bo’ldingiz, shularni ismlarini yozib bering.Shul odamlar hukumatning gunohkori tururlar.Ularga jazo bermoq lozim turur,-dedi.
Man aytdim:
-Birodar bul nechuk so’z turur, man qayda bo’lg’onimni hech aytmasman. Siz eshitmassiz, siz bul so’zni qo’ying.Hukumat o’zimga har nechuk jazo bermoqchi bo’lsa, keldim, mana men,-dedim.
Shuning birlan menga javob berib yubordi. Andin so’ng mulla Ro’zimuhammad Devonni chaqirib savol-javob qilgan.” Hukumatda jinoyatdor bo’lgan odamlarni oldig’a borib yurganing hech qonunga muvofiq ermas turur”, deb. Mulla Ro’zimuhammadni shu tariqa hibsga yuborgan.

Maxfiy qolmasinkim, Sholikarovning o’zlari ham shul vaqtlarda sarxush erkanlar. Andin so’ng chiqib o’z uyiga ketdi.

Maxfiy qolmasinkim, hukumat xizmatkorlari bizlarning ustimizga solmoq uchun bir kiyimcha berib erdilar.Mazkur noinsofdin qo’rqib bizlarning ustimizdagi kiyimni oldilar.Ushbu oqshom shul joyda bo’ldik. Atrofimizda yigirma adad qorovul qo’ydilar. Ertang Shokir Siddiqovning buyrug’i birlan Hakimboy Yoqub o’g’li kelib shahar muhofaza mudiri Otajon Qutlimurod o’g’li bizlarni obisk qilib yonimizda bo’lg’on chaqalarimizni olib qolib, Hakimboy boshliq qorovullar bilan shaharning katta hibsxonasiga uzatib yubordilar.Hakimboy bizlarni keltirib hibsxona mudiriga topshirib qaytib ketdi.

Turma mudiri bizlarni yana obisk qilib Nazir birlan ikkimizni bir kameraga joylashtirib, oldimizga maxsus miltiqli qorovul qo’ydi. Bizlardin avval hibsxonada bo’lib yotg’on Nazir birodarlarimiz birlan ko’rishub, salomatliklarimizni bilishib Olloh Taoloning lutfu karamiga shukurlar qilib, biroz so’ylashib, har birlarimiz o’z manzilimiz bo’lgan joylarimizga kirib Olloh Taoloning lutfu karamiga taqiyo qilib istiqmoatga mashg’ul bo’ldik. Hibsxonada odamlar juda ko’p erkan. Tamomi odamlarga nasihatlar qilib, hammalariga tavba qildirib, namoz o’qimoqqa taklif qildik. Ham nasihat qilib aytdik:
-Birodarlar, yomon ishlaringizni jon-dilingiz birlan tavba qilib, Olloh Taolodin hibsdan xalos bo’lmoqni tilab duoga mashg’ul bo’linglar.
Shundan keyin hamma mahbuslar tavba qilib jamoat bo’lib namoz o’qimoqg’a mashg’ul bo’ldilar. Hibsxonada bir masjid shakli bo’ldi.
Maxfiy qolmasinkim, Toshkentdin birodarlarimiz Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov, mulla Muhammadjon Obdalovlarni qorovullar birlan keltirib, hukumatga topshirdilar. Ushbu birodarlarimizni Nurillaboy saroyida butkaga hibs qilib qo’ydilar.

Maxfiy qolmasinkim, munda “inqilob” bo’lgandin so’ng muvaqqat hukumat Safonovning buyrug’i birlan Toshkentda osobiy otdelga telegram bergan, bularni ( Sultonmurodov va Obdalovlarni-U.B.) tutib hibs qilmoqg’a. Shuning birlan birodalarimizni tutib hibs qilg’onlar. Ikki oy Toshkentda hibsda saqlab, Xivaga yuborganlar. Shuning birlan komissiyalar Mulla Jumaniyoz birlan Mulla Muhammadjonni taftish qila boshladilar. Lekin Mulla Muhammadjonni kafilga berib ozod qildilar. Lekin Mulla Jumaniyozni taftish qilib, tamomiy yerlarga kishilar yuborib, qarindosh va oshnolarini uylarini axtarib, o’zlarini keltirib zindonga hibs qila boshladilar. Oxiri birodar Mulla Jumaniyoz kasal bo’lib kasalxonaga kelib davoyi qildirib, ham shunda yota boshladi. Bir necha kundin so’ng Mulla Jumaniyoz xabar eshitgan,” bir-ikki kunga sud qilib,, Mulla Jumaniyozni o’ldirmakka maslahat qilg’onlar”, deb. Shuning birlan jon shirin, bir oqshom kasalxonada peshaxonadan chiqib, tahorat sindirmoqqa chiqib qorovulni g’ofil topib, bog’ devoridan oshib tushib qorong’u oqshomda bir tarafga ravona bo’lg’on. Oqshom birlan sargardon bo’lib yurgan. Tong otib yetishgan hamon bir masjidga kirib, namoz qilib ham shul masjidda o’tirib qolg’on. Ham o’zig’a muqarrrar qilg’on: “ bul yerdin chiqib ketsa Xivadin o’zini qidirib chiqg’on odamlar albatta toparlar”. Lekin masjidda bir yigit hammadin so’nga qolib, kelib Mulla Jumaniyozga salom berib ko’rishgan, ham aytg’on:
-Siz Mulla Jumaniyoz aka ermasmisiz,-deb.
Birodar Mulla Jumaniyoz qo’rqib aytg’on:
-Mani nechuk tanidingiz?,-deb.
Onda ul yigit aytg’on:
-Man sizni yaxshi tanirman. Man tuhmat birlan jazo mahkamasig’a tushib erdim. Siz shunda ko’p tahqiq-taftish qilib menim haqligimni izhor qilib, xalos etib yubordingiz.
Bu vaqtda tamomi yerlarga jar chektirib e’lon qildilar:
-Mulla Jumaniyoz kasalxonadin qochib ketgan turur, har kim xabarini aytsa besh million aqcha hukumat bermakchi turar,-deb.

Yigit Mulla Jumaniyozga degan:
-Siz xotirjam bo’ling. Sizni man xudo hohlasa o’z uyimda saqlarman, hech kim bilmas turur. Hozir siz munda o’tirib turing man uydin nahori keltirurman, -deb chiqib ketgan.
Mulla Jumaniyoz hayron sarosima bo’lib nechuk qilmoqchi bo’lg’onini bilmagan. Oxiri tangrig’a tavakkal qilib yotib uxlag’on. Nechunkim o’zi kasal, ham qorong’u oqshom qo’rqqonidan har bir yo’lsiz yerlardin yurib oyoqlari majruh bo’lg’on. Bir necha soat vaqtdin so’ng mazkur yigit nahori keltirib uyqudin bedor qilib choy va nahorini birga tanovvul qilg’onlar. Ham mazkur yigit o’zi birlan birga olib borib uyidan joy bergan. Otasi ham bor ekan.Ushbu oqshom shunda bo’lgan. Oxiri har bir yerlardin xabar kela boshlag’on :”Tamomi Xorazm atroflariga Mulla Jumaniyozni axtarmoq uchun odam yubordi”, deb. Oxiri Mulla Jumaniyoz mazkur yigitning otasiga aytgan:
-Manim munda qo’nib turg’onimni birovlar bilsalar, hukumatga xabar bersalar, siz bechoralarga ko’p zararim yetsa kerak.Maslahat shulkim, mani aravaga o’tirtirib aytg’on yerga eltib aravadin tushirib qaytsa o’g’lingiz,-degan. Yigit noiloj aravaga mindirib, xo’shlashib, qaytib ketgan. Ondin so’ng Mulla Jumaniyoz bir yerda pinhon bo’lib, oqshom bo’lg’ondin so’ng qarindoshining eshigini qoqg’on. Unda xotinlar bor erkan, qo’rqib eshikni ochmaganlar. Oxiri bir xotunni ismini aytib qichqirg’on. Mazkur xotin kelib, so’rashib bilgandin so’ng eshikni ochgan ham hovliga kirgazib bir joyda pinhon qilib qo’ygan. Shuning birlan bir necha kun shul joyda bo’lib turg’on. Oxiri bir turkman oshnosi bor erkan, shuning joyig’a borg’on. Ushbu turkman maslahat bergan:
-Haq-nohaq siz qayda bo’lsangiz, sizni topib o’ldirurlar. Shunday bo’lg’ondin so’ng albatta man sizni palon oshnamni vositasi birlan Xon Junaidning oldiga yuborurman.Turkman degan shunday bo’lur. Agar bir kishi shul turkmanning o’g’lini o’ldirgan bo’lsa ham, boshiga bir savdo tushib, oldiga panoh istab borsa, shunga panoh berur. Albatta shuni o’zingiz ham bilursiz,-degan.
Mulla Jumaniyoz ham tangriga tavakkal qilib rozi bo’lgan..
Ushbu aytgan turkmanni olib kelganlar. Maslahatni bir yerga qo’yib, uni xon Junaidning oldiga yuborganlar. Ul odam bir necha kunda borib kelib, Mulla Jumaniyozni olib borib, xon Junaidning o’zi birlan ko’rishturgan. Xon Junaid uning gunohini o’tib, turkman dasturida javob bergan.

Maxfiy qolmasinkim, xon Junaidning oldida bo’lib yurgan yovmutlar Mulla Jumaniyozni ko’rib, nechuk qilmoqni bilmay hayron bo’lganlar. Nechunkim, Mulla Jumaniyoz inqilob askarlarini oldinda To’rtko’ldan o’tib turkmanlar birlan urushib turkmanlarni tor-mor keltirib, qochirib yuborib, turkman ichiga borib, hovli-haramlarni yondirub, yoqib xarob qilg’on bir odam bo’lg’an erdi. Albatta buni xon Junaid o’ldurur erdi. Xon Junaid turkmanlik qilg’on. Agar mulla Jumaniyozni o’ldirmay saqlasam, inqilobchi “ yosh xivalik”larni hozirgi hukumat bir nechalarini hibs qilib qo’yib turur. Albatta alardin ham bir nechalari kelurlar.Andin so’ng hammalarini tutib o’ldururman, deb mulla Jumaniyozga hech bir tashvish bermagan. Andin so’ng hukumat egambergan Tillaev haqida e’lon chiqargan: agar uch kun ichinda o’zi kelib hukumatga taslim bo’lmasa, har yerda, go’rda bo’lsa ham otib o’ldirmakka deb. Albatta Egamberdi bul e’londin hech qo’rqmagan.O’ziga muqarrar qilgan6 maning birodarlarim o’zlari taslim bo’lib hibs bo’ldilar. Mani ham bormog’im kerak. Har nechuk bo’lsa bo’lsin, birga bo’lmog’imiz darkor turur, deb kelib hukumatga taslim bo’lgan. Bul birodarimizni ham keltirib zindonga hibs qildilar.

Maxfiy qolmasinkim, bir necha kundin so’ng ziyorat noziri Hakim Bobojon Muhammad o’g’lini ham keltirib komissiyalar tomonidan hibs qildilar. Bobojon Devon Abdulaziz o’g’lini, Bobojon yoqub o’g’lini ham komissiyalar tarafidin uylarini tintuv qilib, keltirib hibs qildilar. Toshhovuzdin Sobirbergan Qo’chqor o’g’lini keltirib Nurullaboyda butkaga solib qo’ydilar. Komissiyalarning bul qilib turgan ishlaridan Shokir Sidiqov ogoh bo’lib, darhol Sobirbergan Qo’chqor o’g’lini hibsdin bo’shatib chiqargan. Bobojonboyni ham chiqarmoqqa buyruq bergan. Ham komissiyalar ichidan Yusuf Bozor Ahmadjon o’g’lini o’zini keltirib , butkaga hibs qilgan. Bir necha kun o’tgandin so’ng Sobirbergan Qo’chqor o’g’li Shokir Sitdiqovdin tilab ham kafil bo’lib, Hakimboy Bobojonni ham zindondan chiqardi. Bir necha kundin so’ng Maskavdin Xorazmga komil huquqli vakil bo’lib bik degan birov keldi. Ushbu vakil birlan Maskavdagi Xiva vakolatxonasining vakilini muovini birodar Otaboy Hoji Abdullaboy o’g’li ham vakilimiz mulla Bekjon Rahmon o’g’li ham Chorjavdin paroxodga o’tirib, birga kelganlar. Ham maning o’g’lim Boybobo ham Orenburgdagi o’quvidan qaytib ushbu birodarlar birlan kelishdi. Darhol adliya noziratidan xat olib kelib, maning birlan ko’rishdi. Russiya taraflardin xabarlar aytdi. Shuning birlan vakil afandi ham o’z o’rnida o’rnashib o’z ishlariga mashg’ul bo’ldi.

Maxfiy qolmasinkim, Xorazm hukumatinda mas’ul sarkotib bo’lib turgan Shokir Sitdiqov Orenburgga borib kelmoqchi bo’lib hukumatdin qirq kunga ruxsat olib , xorazmlik xizmatkorlarini yoniga olganicha Orenburgga ketdi. Axshaboddin Xivaga kelgan vaqtida kiymakka kiyimlari yo’q erdi. Man unga xorijiya nozirligini g’azinachisidan kafil bo’lib o’n besh ming manot pulni avans tariqinda olib borib edim.Faqat shul oqchaga kiyim, asboblar olib erdi. Oreburgga ketgan vaqtlarida qancha dabdaba va qancha sog’v, hadyalar bilan, oltinlar birlan qaytib ketdilar. Bu kishini safar qilg’onlariga ko’p xushnud bo’ldik. Tovarish Bik bizlarning haqimizda har yerlardin ma’lumot jamlab yurgan.Ham nozirlar uchun bo’lgan komissiyalar ham ishga kirishdilar. Moliya noziri Muhammad Pano Muhammadrahim Hoji o’g’lini olib ketib bank asbob ishlarini hisobini olmoqchi bo’lganlar.Muhammad Panoboy aytgan:
-Man nechuk hisob berurman. Maning tamomi kalitu xalta, xat-xutlarimni olib hibs qildilar. Shundan to’rt oylar o’tib ketdi. Bankni nechuk qildilar, manim hech xabarim yo’q turur. Man sizlarga to’g’ri hisob bermoqqa ojiz tururman. Bor nimarsalar bo’lsa, daftarda yozilg’on turur. Daftar kaliti bo’lsa, qo’llaringizda turur,-deya javob bergan.
Shuning birlan Muhammad Panoboyni ham Nurillaboyda saqlaganlar. Andin so’ng maorif noziri Karim qorini ham chaqirib olib borib javob bergan:
-Mani nechuk hisobim bo’lsin, tamomi hisob bo’lsa xo’jalik boshlig’i va sarkotibda.

So’ngra ombor mudirlari ham kelib inkor qilg’onlar. Maorif nazoratida bo’lg’on ashyolar, g’allalar xarajat bo’lg’on, aqchalar bo’lsa bizlar har vaqtda hisobini bermoqqa tayyor tururmiz.KarimEshonda hech bir nimarsa yo’q turur, deb shahodat berganlar. Shuning birlan qori afandini ham xalos qildilar.
Andin so’ng nazir Sholikarovni olib ketib Toshkentdin harbiya uchun olib kelgan nimarsalaridan hisob ola boshladilar. Bir necha ashyolarni kam chiqdi, deb mo’yniga uch milliondan ortiqroq aqcha tushirdilar. Ham buyurdilar: darhol shu mablag’ni topib bermakka. Yana hibsxonaga yubordilar. Birodar Otaniyoz Sholikarovni Mang’itda bo’lg’on zavodidin qolg’on temir narsalarni bozor bahosi birlan hisob qilib, hukumatga o’tkazdi. Ham bir necha adad g’oli-poloslar ham uy asboblarini baho qilib hukumatga o’tkarib berib tamom qildi. Shuning birlan hibsdin xalos ham qilmadilar. Andin so’ng Ismoilboy Solih Hoji o’g’lini ham olib borib mazkur Nazir Sholikarovni bo’yniga tushgan mablag’ barobarida Ismoilboyga ham to’lamakka buyurdilar. Ismoilboy natija bermakchi bo’lib kafilga chiqib ketdi. Bir necha kundin so’ng Egambergan Tillaboyni ham kafilga chiqarib olib ketdilar. Birodar Eshon Qorini ham kafilga chiqarib yubordilar. Muhammad Panoboyni ham kafilga berib Nurullaboydin uyiga yuborganlar. Andin so’ng Bobojon Tarro Devonni ham chiqarib yubordilar.

Maxfiy qolmasinkim, mani ham qorovul birlan komissiyalar huzuriga oldirib ba’zi savol-javoblar qila boshladilar. Tamomi so’ragan savollari shundan iborat turur:
-Siz palonchidan palon nimarsa olibsiz,-deb bo’htondin bo’sh savollar bo’ldi.
Man tamomi savollarig’a rostlik birlan javoblar berib shohidlar ko’rsatdim. Ham komissiya raisi Yusuf Devong’a e’lon qildim:
-Birodar sizning mandin muningdek behuda bo’sh savollar qilmoqg’a hech haqingiz yo’q turur. Faqat hukumat sizlarni komissiya qilib sayladi. Biz nozirlar hukumatning mol va ashyolaridin xiyonat qilib bir nimarsalar olg’on bo’lsak, ishlarni tahqiq taftish qilib olmoqqa.Muningdek davoyi-janjal bo’lsa munda adliya noziroti bor turur.O’zlari muvofiq shariy-shariat ilojini qilurlar. Man sizning bul savollaringizga javob bermasam ham haqqim bor turur. Faqat javob berdim: sizlarni aytmasinlar birodar javobdin ojiz bo’ldi,deb. Ham sizlarga ma’lum qilurman: man birovlardin palon nimarsa bering, palondek qilib berurman, deb hech nimarsa olg’onim yo’q turur.Lekin ba’ziy bir birodarlar o’z hohishlari bilan hadiya tariqinda bergan bo’lsalar ul odamlar, agar o’ldursangiz ham aytmasalar kerak.Nechunkim o’zi bergan turur. Endi mandin munday savol-javoblar so’rab yurmang. Agar bularning xususiy arizalari bo’lsa adliya nozirligiga yuborsangiz,-dedim.

Birodar Yusuf Devon aytdi:
-Men noiloj qilib hukumat tarafdin komissiyalarga maxsus deb xat yuboringlar,-deb ayta olaman.
Man aytdim:
-Durust,har kimning hukumatga ariza bermakka haqqi bor turur. Hukumat Sizga maxsus qilib yuborgan turur. Sizlar ham tegishli bo’lgan yerlarga yubormaklaringiz lozim turur,-dedim.
Shuning birlan ruxsat qilib yubordi. Manzilimiz bo’lgan hibsxonaga kelib o’lturdik. Shuning birlan bir necha kunlar o’tib ketdi. Bolalarimiz hukumatga har kun arizalar berib, kafilga chiqarmoq haqqinda so’rab turdilar. Hukumat komissiyalarga maxsus deb arizalarni yuborib turgan.
Ma’lum bo’lsinkim, hukumat jumhuriyat bo’lg’on dehqonlarga solg’ut uchun har tanob yerga ikki botmondin g’alla solib erdi. Dehqonlar bermakka ojiz bo’lgandin Ilolli, Toshhovuz, Manoq, Pitnak, Hazorasp, Beshariq dehqonlari kelib, hukumatga ojizliklarini bildirib ariza qildilar. Markaz komissiya sho’rosining raisi birodar Razzoqbergan Ismoil o’g’li so’ylab xalqqa tushuntirmakchi bo’lib turgan vaqtda fuqarolar g’avg’oi om bo’lib Razzoqberganni tutib urdilar. Oqibat noiloj askarlar miltiq otib, zo’rdin uni odamlar qo’lidin xalos qildilar. Hukumat bir necha oqsoqollarni tutib hibs qildi. Bir necha kundin so’ng chiqarib solg’ut g’alloni bir ozkam qilmoqchi bo’lib, xalqni qaytarib yubordilar.

Maxfiy qolmasinkim, Markaz komissiyasi Sho’rosining raisi bo’lgan Razzoqbergan Ismoil o’g’li bir kun Markaz Ijroiya Qo’mitaning muvaqqat sarkotibi bo’lib turgan Xolmuhammedovga aytgan:
-Yusupovni kafilga berib hibsdin chiqarmoq kerak.Agar siz shunga mutasaaddi bo’lib chiqarmoqqa qo’shish qilsangiz tamomi xalq sizdan minnatdor bo’lsa kerak.Nechunkim komissiyalar shuncha taftish tahqiq qildilar, hech bir jinoyat bo’ladigan narsa topmadilar.
Onda Xolmuhammedov aytgan:
-Agar boshqa a’zolar qarshi bo’lsalar nima qilarmiz?
Onda Razzoqbergan aytgan:
— Man boshqa a’zolarni rozi qilurman. Siz shul kun majlisga masalani qo’ying,-degan.

Shuning birlan Razzoqbergan boshliq Ota Maxsum va boshqalarga bir qator masalani aytib chiqqan.Shuning birlan majlis bo’lib, bul haqda muzokaraga qo’yilgan.Darhol harbiya noziri Hasan Muhammadjonov qarshi bo’lib, so’z olib aytgan:
-Ushbu Yusupovlarni hibsdan chiqarmoq hech bir surat birlan mumkin ermastur. Bul kishilar Sho’rolar hukumatiga ko’p ziyonli odamlar tururlar.Agar bular Xorazmda tursalar hech bir tinchlik bo’lmasa kerak, qonunimizga ham qarshi tururlar,-deb ko’p so’zlar so’ylagan.
Ondin so’ng Russiya vakolatxonasidin kelib ishtirok qilib yurgan Sadovnikov degan bir o’ris birodar so’z olib, Muhammadjonovni so’ziga qarshi aytgan:
-Birodar Muhammadjonovning bul so’zlari faqat shaxsiyat turur. Adolat nuqtai nazaridin qaraganda ushbu Yusupovlarda hech bir qarshilik bo’lmasa kerak.Man o’zim Yusupovni hech ko’rmadim. Ham bilmas tururman.Hukumat bir necha oylardin buyon tamomi shahar va qishloqlarga so’roq qildi.Hech bir ayblari topilmadi.Albatta shul odamning hibsda yotgani hech qonun birlan muvofiq bo’lmasa kerak. Man xolis o’z tarafimdin majlisga taklif qilur erdim: birodar Yusupovlarni ushbu kundin e’tiboran hibsdin chiqarmoq lozim,-degan.

Ondin so’ng rais ovozga qo’ygan.Uch kishi qarshilig’i birlan aksariyat hibsdan chiqarmoqqa ovoz berganlar va chiqarmoqqa qaror qilganlar. Darhol Razzoqbergan kelib, Egambergan Tillaboevga, ham maning o’g’lim Boyboboga e’lon qilgan: “ Darhol bir necha odamlarni kafil yozdirib ariza beringlar” deb.
Boybobo elatimizni oqsoqoli bo’lgan Xo’ja va boshqa birodarlarni kafil xatga soldirib ariza xatbergan.Hukumat ariza xatini komissiyalarga yuborgan. O’rniga yetkurmakka komissiya raisi Yusup Devon bizlarni hibsdan chiqarib hukumatga olib kelmakka yozib zindon mudiriga xat yuborgan.Darhol xabarchilar kelib bizlarga xabar qildilar ham bizlarni olib ketmakchi bo’ldilar. Zindonda bo’lgan mahbus birodarlar bizlar birlan bir-bir ko’rishib ham xo’shlashib yig’lab qoldilar.Bizlar ham zindonda qolgan birodarlar birlan xayribod qilishib, vidolashib chiqib hukumat tarafiga ravona bo’ldik. Yo’lda ketishda shahar birodarlari kelib bizlar birlan ko’rishib ketar edilar. Nurullaboyga yetib keldik.Komissiya raisi Yusup Devon uyimizga ketishga ruxsat qildi.
Bizlar Ollo taoloni lutfu karamiga ko’p shukurlar qilib, uylarimizga kelib, bola-chaqalarimiz birlan ko’rishib xotirjam bo’lib o’tirdik. Ham o’z bechoraligimizga mashg’ul bo’ldik.
Bir necha kunlar o’tgandin so’ng Russiya komil huquqli vakili birodar Bik bir kishi yuborib chaqirg’on erkan.Darhol safortxonaga bordik.Tarjimoni Ota Mulla Muhammad o’g’li degan yovmut bir yigit kirib ma’lum qildi. Kirib ko’rishib omonlashib o’tirdim.Ondin so’ng tovarish Bik aytdi:
-Tarjimon birla so’ylashurmiz,-deb.

Man aytdim:
-Albatta tarjimon bo’lgani yaxshi turur,-dedim.
Yana ham aytdim:
-Afu qilursiz, bul vaqtgacha sizni kelib ko’rmadim.nechunkim, hukumatdin qo’rqdim.Yusupov darhol vakoltaxonaga borib vakil afandiga bizlarning ustimizdin yomon so’zlar aytib yuribdi, deya gumon qilmasinlar
deb.

Tovarish Bik aytdi:
-Hech voqeasi yo’q turur.Endi mundin so’ng bunday so’zlar bo’lmas,xotirjam bo’ling,-dedi.
Shuning birlan ba’zi bir necha so’zlarni so’ray boshladi. Man ruschalab javob berib o’tirdim.Ondin so’ng tovarish Bik ko’rdi: baqadirhol ruscha javob bermakka qodir ekanman.Ondin so’ng tarjimonga ishorat qildi, tarjimon chiqib ketdi.Ondin so’ng o’tgan mart inqilobi haqida savol so’rab o’tirdi. Ham avvalgi inqilobchilar kimlar deb so’radi. Man hayotlarni ham o’lganlarni ham ismini aytib berdim. Shuning birlan bir soat chamasi so’ylashib o’tirdik. Ondin ruxsat so’radim. Tez-tez kelib turmakka tavsiya qilib ruxsat berdi.

Maxfiy qolmasinkim, bizlar hibsda bo’lib turgan vaqtlarda Maskavga komil huquqli vakil qilib Sulton Qori Jumaniyoz o’g’lini saylaganlar.Jumaniyoz Olloqulovni mas’ul sarkotib qilib, Muhammadyorboy Abdulla Hoji o’g’lini xo’jalik mudiri lavozimiga saylab, uzatib yuborganlar.
Bir necha kundin so’ng Muhammadyorboy ba’zi kerak nimarsalar uchun vakolatxonaning pochtovoy kureri farg’onalik Tojibekov birlan kelib qoldilar.Ko’rishib Maskav ahvolotidan ham Sultonqori Jumaniyozlarni so’rashdik. Ul birodarlar ham bizlarga salom yuborgan ekanlar. Shuning birlan bir kun tovarish Bikni oldiga borib erdim.Siyosat olamidin ba’zi so’zlarni so’ylashib o’tirdik.Muhammadyor haqinda so’rashib o’tirdi.Man aytdim:
-Bizlar Isfandiyorxondan idorai marshrutiya olganimizda birodar Muhammadyorboy bir necha marotaba qizil bayroqni ko’targan bir zot turur,-dedim.
So’ngra Bik boshqalarni haqinda ham savol qilib o’tirdi. Ondin xo’shlashib qaytib ketdik.

Maxfiy qolmasinkim, Markaziy Ijroiya Qo’mitada qaror qilganlar: bizlarning ishlarimiz uchun Oliy Jazo mahkamasi tashkil qilg’onlar. Ushbu mahkamaga adliya noziri Ota Maxsumni rais qilib saylaganlar. Farg’onali doxiliya noziri Hasan Ermuhammedovni, turkman sho»basidan mulla Otaboy oxunni a’zo qilib saylaganlar. Bir kun mani chaqirib o’tgan komissiya Yusupov Devondin kelgan ba’zi bir ma’lumotlar haqinda savol qildilar. Man tamomi savollariga javob berdim. Shuning birlan manga javob berib yubordilar. Yana bir kun Nazir Sholikarovni ham chaqirib savol qildilar. Ul ham javob berib qaytdi. Shuning birlan bizlarning ishlarimiz to’xtab qoldi. Ham ushbu afandilar aytdilar: Xudo hohlasa yana bir martaba so’rashib majlis qilib tamomi ishlarimizdin oqlab javob yuborurmiz, dedilar.

Ma’lum bo’lsinkim shul vaqtlarda Orenburgdin Shokir Sitdiqov qaytib kelib qoldi. Oning kelmasidan burun Markaz Ijroiya Qo’mitasi Majlisinda Shokir Sitdiqovni sarkotiblikdan, iqtisodiy sho’ro raisligidan ozod qilib, maorif nozirligiga tayin qilib qo’ygan erdi. Ushbu birodar angga rozi bo’lmay, norozilik bayon qilib maorif nozirligiga muqarrar bo’lgan xizmatga bormay yurdi. Ham iqtisodiy sho’roning muvaqqat raisi Muhammadrahim Devon Nurullaev, muoivini Bobojonboy Yoqubovlar ham bir necha ruslar birlan birgalashib ziyofatlar qilib yurdilar. Bunga Markaz Ijroiya Qo’mita sarkotibi bo’lgan Xolmuhammedov gumonzoda bo’lib yurgan. Iltifot qilib yana bir inqilob qilurlar degan o’yda bo’lgan. Shuning birlan bularni ta’qib qilib yurgan.

Bir kun eshitgan: ushbu oqshom bir yerda jamlashib bir ish qilmoqchilar deb. Darvoqea shul oqshom Bobojonboy Yoqub o’g’lining joyinda bularning ziyofatlari bo’lgan.Xolmuhammedov darhol borib tovarish Bikga ma’lum qilgan. Ondin so’ng qaytib Nurullaboyga kelib, yarim oqshomda tamomi nozirlarning uylaridan oldirib, bularning haqinda shul qarorga kelganlar: darhol bularni tutib arestovat qilib hibs qilmoqqa. Ertang Muhammadrahim Devon Nurullaev, Bobojonboy,Shokir Sitdiqovlarni Xorazmdin chiqarib Russiyaga yubormakka qaror qilganlar. Darhol Xolmuhammedov bir necha militsionerlar olib Bobojonboyning uyiga borib ko’rgan.Tamomi hammasi bor erkanlar.Xolmuhammedov ruslardin bir nechalarini zindonga, hibsga yuborgan. Muhammadrahim Devon ,Bobojonboylarni o’z uyida qo’yib, oldlariga qorovul qo’ygan. Shokir Sitdiqovni bir necha qorovullar birlan o’zi Nurullaboyga kelirib oldinda quvvatli qorovullar qo’yib, uyiga kelgan. Ertang birlan turib polvonyopda bir kema hozirlab, Muhammadrahim Devon, Bobojonboy, Shokir Sitdiqovlarni ushbu kemaga o’tirtirib, oldlariga qorovul qo’yib, uzatib yuborganlar. Ollohtaoloning adolatligiga tomosha qiling: bizlarni hibs qilib qo’yganda Nurullaboyda bizlar birlan namoz o’qigani uchun Mulla Ro’zimuhammadni budkada hibs qilib erdi..Mazkur ro’zimuhammad Devonni Xolmuhammedov Shokir Sitdiqovning tamomi nimarsalarini borlab, xudoy taoloning karamiga ma’mur qilgan. Ushbu Devon xudoy taolrning karamiga shukurlar qilib, tamomi nimarsalarini bir-bir tahqiq qilib, taftish qilib chiqarib yuborgan.

Zindonda bo’lgan ruslarni ham taftish qilib hibsdin bo’shatib yuborganlar. Iqtisodiy Sho’roga Otaboy Abdullaboy Hoji o’g’lini rais saylab qo’ydilar. Ushbu yuborgan odamlar Chorjavga borib, andin o’tib Toshkentga borib, bir necha vaqt to’xtab Bobojonboy, Muhammad Rahim Devonlar Maskavdagi Xorazm vakilining oldiga ketdilar. Shokir Sitdiqov Toshkentda qolgan.
Endi Xivada bo’lib turgan siyosatchilardin bilmakchi bo’lsangizlar,Xivada ikkilanchi qurultoyning birinchi sessiyasi bo’ldi. Jami hukumat a’zolari jamlashib sessiyaga Nozirlar sho’rosi Ibni Amin o’g’li Melixo’jani rais sayladilar. Ermuhammedov sarkotib, Ota Maxsim va boshqalar prezidiumga a’zo bo’lib kirdilar.

Maxfiy qolmasinkim, Xivali bir xotun bor erdi. Anosh cho’loq ismli. Ul xotun sozanda erdi. Markaz ijroiya Qo’mita sarkotibi Xolmuhammedov shul xotun orqali har turlik buzuq appoli
(fe’lli-U.B.) xotunlarni keltirib bazm qildirib yurar erkan. Muning haqinda bir necha odamlar shahar ijroiya qo’mitasiga kelib arz qilganlar. Shul odamlarning arizalarini nazar e’tiborga olib, mazkur Anash cho’loqni keltirib, hibs qildi.
Muni eshitib Xolmuhammedov qahrlanib shahar ijroiya qo’mitasining raisi birodar Xudoybergan O’rozniyoz o’g’lini zindonga hibs qildirdi.

Sessiyada birinchi majlisda shul masala muzokara bo’ldi. Ham birodar Xudoyberganboyni zindondan olib kelib, ushbu voqeat to’g’risinda savol qildilar. Xudoyberganboy bayon voqealarini aytmoqqa shariy qildi ham aytdi: birodarlar ushbu xotun birodar Xolmuhammedovning buyrug’i birlan har bir e’tiborli musulmon odamlarning uyiga borib, xushro’y xotini va qizi bo’lsa taklif qilur ermish. Shularni Markaz ijroiya Qo’mita sarkotibi Xolmuhammedov chaqirgan.Bul holat musulmonlarni fig’on-jonini chiqarib, bir nechalari kelib arz qildilar. Shuning birlan man mazkur Anash xonumni tutib hibs qildim. Darhol mani Xolmuhammedov militsiya orqali uyimdan oldirib manga ko’p koyish qilib mani zindonga yubordi. Mandin boshqa hech bir so’z so’rag’oni yo’q.Ham aytdi:
-Birodarlar, mani tamomi Xiva tobe odamlari saylab,ushbu shahar ijroiya qo’mitasiga qo’ydilar. Azbaroyi musulmonlarni muhofaza qilmoq uchun. Albatta shunday noshoista ishlarni borlab, jazolab turmog’im darkor turur.

Markaz Ijroiya Qo’mitasiga sarkotib bo’lib turg’on ushbu birodar shunday noshoistonda ishlar qilsalar musulmonlarni ahvoli nechuk bo’lib ham xaloyiqlar sho’rolar hukumatiga nechuk qararlar,-deb so’zini tamom qilg’ondin so’ng, majlisda muzokaralar bo’lib Xolmuhammedovni savol qilg’onlar. Hech bir muvofiq javob bera olmaganidan so’ng majlis bir og’izdan qaror qilgan: darhol ushbu bayon bo’lg’on xotunni Xivadan chiqarib, Mo’ynoqqa dengiz bo’yiga yubormoqqa ham Xolmuhammedovni o’ridan bekor qilib hibs qilmoqg’a.Darhol tutib tamomi yerini axtarib ko’rganlar, shul vaqt kissasidan bir yaxshi papirusdon chiqg’an.Ibn Amin o’g’li aytgan:
-Tovarish Bik Xorazmning qaysi qa’lasi Sizdin ixtiyorini olmoq uchun Sizga papirusdon bergan ekan,-deb qo’ygan.

Ham chiqarib qorovulga berib harbiya turmasiga yuborganlar. Sabab shulkim, harbiya noziri bo’lib turgan tovarish Voloshin aytgan:
-Mani Holmuhammedovda hisoblarim bor turur. Hisoblarim tamom bo’lguncha man kafil tururman, o’zim saqlarman,-degan.
Nechunkim, shul vaqtlarda tovarish Bik Xolmuhammedovni harbiy noziri qilib saylamoqchi bo’lib muzokara qilganlar. Toshkantlik harbiyada inqilob sho’rosiga a’zo bo’lib turg’on ham 1920 yildan buyon Xorazmda askarda komandir bo’lib turg’on Mirkomil Mirsharopovni tayinlaganlar.Tovarish Bik qarshi bo’lg’on :
-Bul yigit yosh bir bola turur. Harbiya nozirligiga bir tajriba ko’rgan, yoshi o’tganroq odam munosib turur,-deb ko’p qarshi turg’on.
Shunda Ota Maxsim so’z olib aytg’on:
-Tovarish Bikning bizlarning ishlarimizga aralashishga nima haqqi bor turur.Ushbu Mirsharopovni bizlar harbiya noziri qilurmiz, bul to’g’rida hech bir qarshilik qilmasinlar.Xorazm bo’lsa, bir mustaqil xalq hukumati turur,-degan.
So’ngra ham taklif qilg’on:Tovushqa ( ya’ni Mirsharopovni saylashga ovozga qo’ymoqg’a-U.B.) qo’ymoqg’a.Shunda aksariyat Mirsharopovni harbiya noziri qilib saylaganlar.

Maxfiy qolmasinkim, sessiya burun harbiya noziri bo’lib turg’on no’g’ay Hasan Muhammadjonovni hukumat bir sabab birlan ozod qilib Xorazmdin chiqarib yuborib erdi. Ham sessiya hukumatga taulluq bo’lg’on ko’p masalalarni hal qilib, hukumat saylamoqchi bo’lg’onlar. Ham nomzodlar ko’rsatganlar.Oxiri shul qarorga kelganlar: Adliya noziri Ota Maxsimni Markaziy Ijroiya Qo’mitaga rais qilib saylab qo’yganlar.Sobiq Ijroiya Qo’mita raisini butun hukumat a’zoligidan bekor qilib uyiga javob berganlar. Shuning birlan ikkilanchi qurultoyning birinchi majlisi tamom bo’ldi. Ota Maxsim hukumat ishinda o’tirib ish ko’ra boshladi.

Maxfiy qolmasinkim, bir necha kun o’tgandin so’ng turkman xon Junayiddan elchi bo’lib Shayxim degan o’z mahrami Xivaga kelib qoldi. Ham Xorazm hukumati birlan yarash qilib o’ltirmakchi bo’lg’onini e’lon qildi. Hukumat komil huquqli vakili tovarish Bik birlan maslahat qilib yarashmoqg’a rozi bo’ldilar. Ushbu elchiga sarpoy berib, xon Junayid birlan so’ylashib kelmoq uchun hukumat a’zosi Muhammad Rahimboy, Sobirbergan Qo’chqorov ham mulla Bekjonlarni yubordilar. Ham hukumat Junayidga sarpoy yubordi. Bular chiqib ketdilar. Elchilar Junayidning bo’lib turg’on joyig’a borib, ko’rishib so’ylashib ham ahdnoma yozishib, hukumatda a’zo bo’lib, Junayid tarafidan ikki odam hamisha bo’lmog’iga muqarrar qilib qaytib keldilar. Junayidxon kulli yovmut ichinda, katta Qorasoch degan mavzeda bo’lmoqchi bo’lgan. Shuning birlan do’stlashib bir necha zamon o’tkardilar.

098Stolda otirganlarning o’ngdan uchinchi Iosif Bik (Iosif Moissevich Bik)

Ushbu vaqtlarda Maskavdin xorijiya nozirati ham Markaziy Ishtirokiyun partiya tarafidan ioffe degan birov kelib qoldi. Bul kishi hozirgi hukumatda katta o’rin tutg’on odam erkanlar. Bir kun saroy oldida o’tirib erdim. Bul kishi tovarish Bik birlan kelib qoldi. Tovarish Bik mani ko’rsatib taqdim qilib ham aytdi:
-Birodar Yusupov turur. Bul kishi bilan so’ylashsangiz go’yo Xorazmni tamomi tarixini o’qib, bilgan bilan barobar turur.
Onda tovarish Ioffe manga aytdi:
-Birodar Yusupovdin so’rar erdim, bu kun nahori vaqtinda bizga borib mehmon bo’lsalar erkan, ba’zi bir necha xabarlarni so’rab ma’lumot olur erdik.

Man taklifni qabul qildim. Ular xo’shlashib ketdilar. Bir necha soat o’tgandin so’ng saforatxonaga bordim.Mani qarshi olib o’z manziliga olib kirdi. Tovarish Bik ham keldi.Ondin so’ng maning birlan so’ylashib savol qilmoqg’a boshladi.Aytdi:
-Ushbu Xorazm hukumatini yovmut Junayid birlan qilg’on ahdnomalariga nechuk qararsiz?,-dedi.
Man aytdim:
-Vaqtincha hech zarari yo’q turur,bul yarashlar uzoqqa bormas turur-dedim.Ham yana aytdim:
-Junayidning bu qilg’on yarashi faqat o’zini jonlab olmoq turur. Man eshitib erdim,Junayidning yonida bo’lib yurgan yovmutlar o’z joylariga ketganlar,deb. Maqsad shularni qaytadin jamlab olmoq uchun qilgan ahdnomasi turur,-dedim.
Onda u aytdi:
-Ahdnoma qilib, qo’l qo’yib muhr bosib bo’lg’ondin so’ng rozi bo’lg’onlarku,-dedi.

Man aytdim:
-Yovmutlarning shunday ahdnomalari qo’llar qo’yib, muhrlar bosib, qozilarga imzolar qildirib bergan xatlari darkor bo’lsa, xonlarning devonxonasidan bir sanduqni topmoq mumkin turur.
Agar yana dushman bo’lmoqchi bo’lg’on vaqtinda sizdan qonunga nomuvofiq bir nimarsa talab qilib xat yozarlar.Hukumat talab qilg’on nimarsalari qonunga muvofiq bo’lmag’on sababli rad qilur. Ondin so’ng darhol urush e’lon qilib, xalqni talon-taroj qilmoqg’a mashg’ul bo’lurlar,-dedim.
Ondin so’ng savol savol qildi:
-Yovmutlar ichiga nechuk qilib madaniyat kirgizmak mumkin mumkin bo’lur,-deb.

Man aytdim:
-Maning fikrim shul turur.Turkmanlar ichiga bir necha adad oqsoqol, tajriba ko’rgan qart muslimlarni yubormoq kerak, turur.Agar yovmutlarning o’z odatlariga egilib, tamomi turkman jamoalarini o’zlarig’a jalb qilib namoz o’qiganlarida imom bo’lib, janozalarini o’qib, to’ylarini ham o’tkazib har kunda va’z nasihatlar qilib , shuningdek yosh bolalarini g’ayrat qilib o’qita boshlasalar bir necha yillarda yosh bolalari o’qib madaniyat olsalar, qart yomon odatlanganlari o’lib yo’q bo’lib ketsalar, shunda 16-20 yilda chin haqiqat mehnatkash dehqon bo’lurlar,-dedim.
Onda tovarish Ioffe ham tasdiq qilib aytdi:
-Mani fikrim ham shul turur,-dedi.

Va yana boshqa so’zlardin ham ko’p savollar qildi.Man bilganimcha javob berdim. Ondin ruxsat so’radim, ketmakka. Javob bermadi. Ham o’zi birlan nahori qilmoqg’a iltimos qildi. Men qabul qilib taomdin potig’ bo’lgandin so’ng xo’shlashib qaytib ketdi. Tovarish Ioffe ham bir ikki kun turib Maskavga qaytib ketdi.
Maxfiy qolmasinkim, tovarish Bik bilan hukumatning o’rtasinda bir-birovga inonmaslik quvvat olib ketdi. Tovarish Bik ham chora izlamaslikka mashg’ul bo’ldi. Hukumat ham tovarish Bikni Xorazmdin qaytarib yubormakg’a yo’llar izlamak birlan mashg’ul bo’ldi. Tovarish Bik bir kuni mani huzuriga chaqirib oldi. Ko’p siyosat to’g’risida so’ylashib o’tirdi. Ham ko’hna inqilobchilar to’g’risinda savol qildi.Man aytdim:
-Hozirgi vaqtda munda Muhammadyorboy, Xudoybergan Devon, shunga o’xshash besh-olti odam bor turur.Boshqalarini Isfandiyorxon o’ldirib yo’q qildi,-dedim.

Man shul so’rag’on savollaridan gumonzoda bo’ldim. Bik hukumatdin ko’p norozilik izhor qilib so’zlab o’tirdi. Shuning birlan hukumat Bik boshlig’i Ota maxsim, harbiya noziri Mirsharopov ham bir necha nozirlar birlan ulamolardin Obid Olim Nurjon mufti-eshonlardan iborat barhayot ulamolarni olib oshoq tarafiga safar qildi. To’g’ri Po’rsi qa’lasiga borib, ondin Xo’jayli ham Ko’hna Urganchga borib ulamolarni Junayidxonning oldiga yuborib, Junayidxonga vaz-nasihatlar qilib qaytganlar.

Ondin so’ng o’zi ham bir necha kun yurib fuqarolarning ahvolotini bilib qaytib Xivaga keldi. Bir necha kun Xolmuhammedovni taftish-tahqiq qilib, Xivadin chiqarib Chorjav tarafiga yubordi. Ham har kunda tovarish Bik birlan adovatlari ziyoda bo’la boshladi. Oxiri hukumat shul qarorga keldi: Tovarish Bikni Xorazmdin oldirib o’rniga boshqa odam so’ramoqqa qaror qilib, tamomi nozirlar tasdiq qilib qo’yib, havo telegrafi orqali Maskavga telegramm yubordilar. Tovarish Bik bu telegramni eshitgandin so’ng pig’oni-jonidan chiqib, har nechuk yo’l birlan bo’lsa bo’lsin hukumatni tushirmakka taraddud qila boshladi. Hukumat anglamasdin o’zining nozirlaridin ba’ziy bir Bik tarafdorlarini gumon qilib, bir bahona birlan har taraflarga yubormakchi bo’ldi. Shul jumladin Xudoybergan Devonovni Maskavga, Abdulla Xo’ja Abdurahmon Xo’ja o’g’lini Ovro’paga yubormakchi bo’lib qaror qildilar. Nechunkim, bul odamlar bir turlik siyosat birlan tovarish Bikdin ham qo’l uzmasdin tez-tez yo’liqib turar erdilar. Shul vaqtlarda partiyaning qurultoyi bo’lib qoldi. Tovarish Bik partiya qurultoyidin ba’ziy partiyniy Yevropali birodarlar bilan ham boshqalari bilan maslahatlashib Ota Maxsimning hukumatini tushirmakka ittifoq qilganlar. Ham bir vaqtni muqarrar qilib shul vaqtda tamomi Toshhovuz va To’rtko’lda bo’lib turg’on askarlarni chaqirganlar.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Bik bir oqshom g’ayri vaqtda mani chaqirib o’z xo’jalik mudiri Afanasiy Platonovni yuborgan erkan. Man oqshom ichinda bormoqg’a xavf qilib uzr qildim va aytdim:
-Bul yerda hukumat militsiyalari bor turur. Sizni ham mani ham yaxshi tanurlar.Hukumatga borib ma’lum qilsalar kerak,xudo hohlasa ertang borurman-dedim.
Ertang turib saforatxonaga Afanasiyboyning oldiga bordim. Afanasiy kirib tovarish Bikga ma’lum qildi. Tovarish Bik aytgan:
-Biroz kutib tursin,-deb.
Man Afansiyboyning joyida o’tirdim. Bir faytun arava turib erdi. Bir oz vaqtdin so’ng tovarish Voloshin ham komandir aravaga o’tirib chiqib ketdilar. Andin so’ng Afansiyboy kirib chiqib, mani pinhoniy bog’ tarafga olib bordi. Onda tovarish Bikning xotini chiqib meni pinhoniy uyga olib kirdi. Tovarish Bik shunda xafalik holinda kelib maning birlan ko’rishib o’tirdi. Ham savol qildi:
-Nima xabar bor turur?,-deb.Man hayron bo’lib qoldim. Ham aytdim:
-Ko’chada eshitdim, hukumatning tamomi nozirlari qo’l qo’yib Maskavga havo telegrami yuborganlar.Tovarish Bikni mundin olib o’rniga boshqa odam yubormakga -deb o’zimga avaylab aytdim.-“ tovarish Bik albatta havo telegramini bilgan bo’lsa kerak.Agar man aytmasam mandin ham gumonzoda bo’lsa kerak”, deb ushbu so’zlarni tahqir qildim:
-Devonov, Xo’jaev va Mulla O’rozlar ham qo’l qo’yg’onlar deb eshitdim,-dedim.

Andin so’ng tovarish Bikni xotini hayron bo’lib savol qildi:
-Ushbu hukumatni tushirmak haqinda hech bir yordamchi yo’l yo’q tururmi ?-deb.
Onda tovarish Bik javob berdi:
-Partiya g’ayrat qilib turur,-deb.
Shuning birlan manga ruxsat berdi. Mandin savol qildi:
-Kecha nechuk kelmadingiz?,-deb.
Man aytdim:
-Kecha kelmakka hukumatdin qo’rqdim.Nechunkim maning hamma vaqt izimni ta’qib qilib yurarlar,-dedim. So’ngra xo’shlashib chiqib ketdim.
Ma’lum bo’lsinkim, bul so’zlar 1921 yil 27 noyabrda bo’lg’on erdi. Ushbu oqshom yarim oqshomlarda tamomi askarlar kelib yotishgan. Har bir yerlarda katta qorovullar qo’yib, harbiya maktabidagi askarlarning ustiga bir rota askar yuborib, harbiya maktab askarlarini qurollarini olib, o’zlarini bir joyda hibs qilib oldinda qorovullar qo’yganlar. Ondin so’ng boshliq Ota Maxsim va boshqa nozirlarni tutmoq uchun uylariga askarlar yuborganlar.Askarlar uylarini obisk qilib, bo’lgan nozirlarni tutib olganlar. Ota Maxsim madrasaning ustidan tashlab, qochib pinhon bo’lgan. Ko’p taraddud qilib Ota Maxsimni topa bilmaganlar. Nozirlar sho’rosining raisi Ibn Amin o’g’li ham moliya mudiri Yusup Devonlarni, Mulla Bekjon afandini topmag’onlar. Shuning birlan tong otib, 28 noyabr bo’ldi. Shahar odamlari turib o’z ishlari birlan saroy va do’konlarga kela boshladilar. Shul vaqtda birov kelib e’lon qildi:
-Nurullaboyda, hukumat darvozalarida askardin qorovullar qo’yganlar,-deb.

Onda hamma hayron bo’lib qoldi. Ham birovni yubordik. Borib ko’rib keling, nima voqea erkan, deb. Shul vaqt Palavon Qoriyning bolasi kelib qoldi. Bulardin savol qildilar: kecha nechuk voqealar bo’ldi, deb. Onda aytdi:
-Oqshom, yarim oqshomlar chamasida bizlarni uylarimizdan olib ketib telefonlarni kesib qo’yinglar, deb. Bizlar telefonlarni simlarini kesib qo’ydik.Askarlar tezlik bilan nozirlarni

uylariga ketdilar,-dedi.
Ondin so’ng har kimlar kelib ma’lumotlar so’ylay boshladilar. Ba’zi odamlar tovarish Bikni hukumat Xivadin oldirmoqg’a Maskavga telegram yuborgan erkan. Shunga tovarish Bikning qahri kelib, askarlar chaqirib hukumat nozirlarini tutib, hibs qilganlar, deb. Alhosil har kim bir so’z aytib, shaharning ichinda shov-shuv gap bo’la boshladi.

Maxfiy qolmasinkim, shaharni ichini axtara boshladilar. Nozirlar sho’rosining raisi Ibni Amin o’g’li ham Yusuf Devon ham mulla Bekjonlarni Yusuf Devonni uyidan tutib keltirdilar. Doxiliya noziri Ermuhammedovni ham uyidan olib keldilar. Harbiya noziri Mirsharopov ham harbiya inqilob sho’rosining sarkotibi Tergunovni ham Murodovni yunker degan ikki rus ofitser komandirlar tutib hibs qildilar.Tovarish Bik darhol hukumatga borib Markaz Ijroiya Qo’mita a’zosi bo’lib turgan Chovdurbek Boymurod o’g’lini Markaziya Ijroiya Qo’mita raisi qilib saylab qo’ydi. Abdulla Xo’ja Abdurahmon Xo’ja o’g’lii nozirlar sho’rosiga rais qildi. Xonqali Qori Xo’ja Qalandar Xo’ja o’g’lini dohiliya noziri qildi. Harbiya nozirig’a Sobirbergan Qo’chqorovni tayin qilib, Muxtor Darg’ani muovin qilib ham harbiya inqilob sho’rosig’a rais tayin qildi. Maoriya noziriga turk Bahrini tayin qildi. Ijroiya qo’mitaning sarkotibligiga Abdulla Hoji Muhammadniyoz o’g’lini tayin qildi. Oliy Jazo mahkamasiga Qalandar Xo’jikni rais, Muhammadkarim Panaevni sarkotib etib tayinladi. Alhosil, tamomi mas’ul ishchilarni toazalab qo’ydi. Maskavga birodar Muhammadboy Abdulla Hoji o’g’lini komil huquqli vakil qilib tayinladi. Maskavga telegramm bergan Jumaniyoz Ollaqulovni tutib arestovat qildi. Shuning birlan bir necha kunlar o’tib ketdi. Bir kuni Junayiddan xabar keldi.Ushbu hibs bo’lib yotgan nozirlar bizning birlan ahdnoma qilib yarashgan erdilar. Shularni hibsdan yuo’shatib yuboring, deb. Huekumatdin bu haqda hech bir qanoatlantiradig’on javob bo’lmaganidan so’ng Junayid elchilari qaytib ketdilar. Ondin so’ng Ota Maxsimni topmoq uchun shahar bozorlarida e’lon qilib, jar chektirdilar. Har kim Ota Maxsimni topib xabar bersa, hukumat tarafidan 10 million so’m pul bermakga, deb. Ham shahar darvozalarinda kampir xotunlar qo’ydilar. Shahardin paranji birlan chiqqan xotunlarni ko’rib chiqarmoq uchun. Mabodo Ota Maxsim paranji solib shahardin chiqib ketmasin, deb. Ham hibsda yotgan nozirlarning taftishlariga mashg’ul bo’ldilar. Darhol CHK tashkil etib, uni raisi qilib birodar Bobojon Otajonov tayinlandi. Ahmad Mahmudovni sarkotib qilib sayladilar. Va yana Qo’ng’irotga ketgan boshqird Og’adiyorovni izidan kishi yuborib, qaytarib olib keldilar. Ham Qo’ng’irotdin Garay Bashirovni oldirib zindonga hibs qilib qo’ydilar. Ondin so’ng Og’adiyorovni tovarish Bik o’z oldiga oldirib hukumatning tutgan siyosatlari haqinda diqqatli savollar qila boshlagan. Ham qa’tiy ravishda aytgan:
— Agar rost so’ylab javob bersang sani birlan hech dahlim yo’q turur, sani afu qilurman.Agar to’g’ri javob bermasang, ko’p uqubatlar qilib, dunyodan yo’q qilurman.

Og’adiyorov ko’rgan, ishlar boshqa turlik bo’lib ketgan. Oxiri noiloj bo’lib aytgan:
-Munda bir necha odamlardin murakkab jamiyat bor turur. Man ham shul jamiyatga a’zo tururman. Tutgan maqsadi o’z millatini himoya qilmoq ham sizni mundin qaytarib yubormak.Ham boshqa-boshqa,-deb o’rtalarinda bo’lib o’tgan ahvolotlarni bir-bir bayon qilgan.
Ondin so’ng Ermuhammedovni oldiga chaqirib, savol qilgan, ham va’da qilgan, to’g’ri javob bersa, hech dahil qilmay ozod qilib yubormakka.Ermuhammedov ham bayon voqealarni bir-bir bayon qilgan.

Andin so’ng bularni hibsda o’z joyida saqladi. Andin so’ng Mulla Bekjon ham Ibn Amin o’g’li, Yusuf Devonlarni zindondin oldirib, CHKga topshirdi. CHK o’z joyida hibs qilib qo’yib, ko’p uqubatlar birlan turlik-turlik azob qila boshladi. Ham Mirsharopov, Muratov, Trig’ulov va yunkerlarni o’z huzuriga oldirib ko’p savol-javoblar qila boshladi. Bulardin hech bir javob ola bilmagach bul beshlarini To’rtko’l turmasiga yubordi. Ham Ermuhammedovni To’rtko’lga o’z ixtiyoriga yubordi, sud bo’lgan vaqtda kelursan, deb.Shuning birlan ushbu CHKda bo’lg’on birodarni qo’rqitib, har qaysini bir joyda qo’yib, urib so’kib savollar qila boshlaganlar. Shuning birlan CHK Xivadagi kimni yomon ko’rsa darhol tutib hibs qila boshladi. Ham tamomi boy odamlarning uyini obisk qila boshladi.

Shu jumladin Isfandiyorxonning xotini Nasib Xo’ja qizini yarim oqshomda otli oxranlar birlan birodar Ahmad Mahmudov va boshqalar borib xotin-qizlarning uxlab yotgan vaqtlarida musodara qilib, tintuv qilib, oltin, kumush va brilliant javohirotlar, asl matolarni olib ketgan. Bir necha kundin so’ng ba’zi oltin-briliantlarni hukumat amri birlan xalq bankiga topshirdilar. Ham boshqa Naqibxo’janing yaqin odami Ko’kchayali tabib eshonni ham uy va do’konini obisk qilib, tamomi qimmatbaho nimarsalarini olib ketdilar. Ondin so’ng Naqib Xo’janing ham ko’p nimarsalarini olib, o’zini hibs qilib qo’ydilar. Alhosil, musulmonlarni pig’oni jonidan chiqdi.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Bik ushbu ishlarning so’nggini oqlab qo’ymoq uchun ushbu yo’lni munosib ko’rib, Maskavga savdo ahdnomasi qilmoq uchun bir hay’at yubormakchi bo’ldi. Ushbu hay’atga Abdullaxo’ja Abdurahmonxo’ja o’g’lini rais qilib tayinladi. Iqtidordagi sho’ro raisi Otaboy Abdullahoji o’g’li hamda Bobo Muhammadjon o’g’lini a’zo etib tayinladi. Maqsadi shul turur6 Abdullaxo’jani ushbu inqilobda nozirlar sho’rosiga rais, Otaboyni iqtisodiy sho’roga rais qilish erdi. Bul birodarlar Maskavga borib xorijiya nozirligiga aytsalar: ushbu inqilob to’g’ri turur. Ota Maxsim hukumati Russiya sho’rolar hukumatiga ko’p yomon qarab, ham yomonlik qildi. Xorazm kommunistik partiyasi ham yosh inqilobchilar bunga chiday olmasdin inqilob qilib hukumatni tushirib tozadin odamlar saylab qo’ydilar, deb. Lekin hay’at boshlig’i bo’lgan Abdulla Xo’ja o’z vatanining chin, sodiq bolasi bo’lganligi uchun Maskavga borib, tamomi tovarish Bikning noto’g’ri qilgan ishlarini izhor qilib, Xorazmga tovarish Bikning qilgan yomon siyosatlarini taftish qilmoq uchun mufattish so’rab olib kelmakka muvofiq bo’ldi.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Muhammadyorboy Maskavga borib yetishgandin so’ng, Maskavdagi vakil Sulton Qori Jumaniyoz o’g’li Xivaga qaytdi. Lekin Jumaniyoz Ollaqulovni arestovat ( qamoqqa olish) qilib Xivaga yuboring, degan Xorazm hukumatining telegrammasini Russiya Xorijiya Nozirining Sharq sho»basi mudiri Panshteyn Muhammadyorboyga bildirgan. Ollaqulievni Xivaga yuboring , degan hukumat talabini Muhammadyorboy qabul qilmagan. Shuning birlan saforatxonada bo’lib yurgan. Bir kuni erta birlan gazeta olmoq uchun ko’chaga chiqqan vaqtida Maskav CHK sining odamlari tutib olib ketib, hibsda saqlashgan.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Bik mundin Isomuddin degan pirsiyonni bir necha otliq militsiyalar birlan Chorjavga yubordi. Jumaniyoz Ollaqulov birlan Sulton Qorilarni qarshi olib, arestovat qilib olib kelmakka. Isomuddin Chorjavga borgan vaqtda Sulton Qorini o’zi kelib chiqqan Jumaniyoz Ollaqulovni savol qilgan. Sulton Qori Maskavda qoldi, deb javob bergan. Shuning birlan Sulton Qorini birga olib, kemaga birga olib o’tirib Xivaga keldi. Lekin Jumaniyoz Ollaqulov bo’lmagani sababli Sulton Qorini hibs qilmay qo’ydilar.
Maxfiy qolmasinkim, tovarish Bik Xivada kooperativ do’kon ochmoqchi bo’lib maslahat qilgan. Partiya huzurinda ochmoqni muvofiq topib, pravleniya raisligiga kommunistik partiyaning mas’ul sarkotibi Sharafiddinovni saylagan. Pravleniya a’zoligiga hukumatdin bir odamni tayinlatgan. Oziq ovqat nozirligidan bir odam, Russiya va Turkiya vakillaridan bir odam saylandi. Ham raisga buyurgan: tovarish Yusupovni ham a’zo qilib olinglar deb. Bir kun partiyadin mani chaqirib xat keldi. Man bordim. Partiya sarkotibi tovarish Sharafdinov aytdi:
-Munda partiya huzurinda kooperativ do’kon ochilur. Siz ham pravleniyaga a’zo qilib olinursiz. Ham sizni do’kon boshlig’i qilib qo’yarmiz.
Men uzr qildim va aytdim:
-Man endi qarri ( keksa) bo’lib tururman, ham partiyada ermasturman,-dedim.
Onda Sharafiddinov aytdi:
-Partiyniy bo’lmoq hojat ermas turur.Siz bir tajriba ko’rgan odam turursiz.Ham xalq ichinda ma’lum turursiz. Qabul qilmasdin boshqa chorangiz yo’q turur,-dedi.
Shuning birlan noiloj qabul qildim. Darhol 300.000 manot bermoqchi bo’ldi. Ertang bozordin bug’doy oling, dedi. Shuning birlan chiqib, o’z ishimga ketdim. Do’konni ochib tegishli bo’lgan ishlar bilan mashg’ul
bo’ldim.

Maxfiy qolmasinkim, Ota Maxsim Xivada yoshirinib yurgan yerlarda kasal bo’lib vafot etgan. Oqsoqoli kelib hukumatga ma’lum qildi. Hukumat tovarish Bikga e’lon qildi. Bik doktorni yuborib ko’rsatib, ondin so’ng dafn qilmoqg’a buyurdi. Bul doktorni ko’rsatganidan maqsad shul turur, yolg’ondin aytg’on bo’lmasunlar, deb. Doktorning aytgani birlan xotirjam bo’lib qoldi. Ham hukumatning tamomi ixtiyori tovarish Bikning qo’linda bo’ldi. Andin so’ng Abdurahmon Usmanov degan avvaldin askarlar ta’minot bo’liminda bo’lib turg’on eski no’g’oylardin bir zotni oziq ovqat noziri qilib qo’ydi. Birodar Usmanov Mulla Jumaniyoz Sultonmurodovni uyidin oldirib o’ziga sarkotib qilib qo’ydi. Bir kun tovarish Bik Usmonovning joyiga bir nechalarimizni oldirib. Ushbu yilga dehqonlardin olaturg’on solg’utlar haqqinda muzokara qildi. Birodar Usmanovni hozirlab qo’yg’an xati bor ekan.Har bir tanob yerdin yarim botmon jo’xori, 25 bog’ quruq kulta ( 25 bog’langan mol o’ti -beda deyilmoqchi-U.B.).Andin so’ng tovarish Bik bir kunni muqarrar qildi. Shul kunda Obid Olim Eshon, ijroiya Qo’mita Raisi Abdurahim Xo’ja, devonlardin Muhammad Yusup devonlarni chaqirib ushbu solg’ut xatini muzokara qilib qaror qilmoqg’a. Shuning birlan hamma qaytib ketdilar. Muqarrar bo’lgan kunda ushbu bayon bo’lg’an odamlarni Usmanovning uyiga chaqirib keltirdilar. Tovarish Bik Olim Eshonga bayon voqealarni tushuntirdi. Andin so’ng Olim Eshon iltimos qildi:
— Ushbu botmon degan so’z pud bo’lsa erkan, beda ham 20 bo’lsa erkan, fuqarolar ko’p mamnun bo’lur erdilar,-dedi.

Tovarish Bik qabul qildi ham savol qildi:
-Mullalar vaqfdin olg’on g’allalarig’a doyak bermak lozim bo’lurmi,- deb.
Olim Eshon javob berdi:
-Imom A’zamning so’zlarida lozim turur. Ammo Imomi Abu Yusupning so’zlarida dehqonlarning bermog’i lozim turur.
Onda tovarish Bik kulib aytdi:
-Siz musulmonlar Imomi A’zam mazhablarida bo’lg’ondin so’ng shunga amal qilmoq kerak. Andin so’ng nahori osh keltirildi. Hamma nahori qilib, ushbu bayon bo’lg’on so’zlarni qaror qilib tarqashib ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, surgunga yuborilgan Muhammadrahim Devon Nurullaev ham Bobojonboy Yoqub o’g’liga hukumat orqali Maskavga telegramm yubordilar. Xivaga qaytib kelsinlar. Deb. Bular bir necha kundin so’ng Xivaga qaytib kelib qoldilar. Ushbu vaqtlarda xorijiya noziri yovmut mulla O’roz Xo’ja Ahmad o’g’li, muovini Ollaberganov Ibrohim degan yigit erdi.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu xorijiya noziri bo’lib turgan birodar Mulla O’roz bbola-chaqalarini olib o’z qavm qabilalari birlan Junayidning oldiga ko’chib ketdi, degan xabar kelib qoldi. Ham darvoqea shunda-ko’chib ketgan. Shuning birlan xorijiya noziri darkor bo’ldi. Bir kuni hukumatda majlis bo’lib xorijiya noziri qilib Muhammadrahim Devon Nurullaevni sayladilar.
Tovarish Bik bu to’g’risinda ma’lum qilib taklif qildi. Jazo mahkamasida rais bo’lib turg’on janob Kinovni muovin qilmoqg’a ham taklif qildi: “ Maskavga xorijiya komissariatiga mundin ketaturgan xat telegramm bo’lsa tovarish Kinov imzo qilsin. Nechunkim, Maskav xorijiya noziroti aytmasun, o’tgan kun tovarish Nurullaevni surgun qilib Maskavga yubordilar. Bul kun xorijiya noziri qildilar, deb”. So’ngra ushbu taklifni qabul qilib qaror qildilar. Ham Bobojonboy Yoqub o’g’lini iqtisodiy sho’roning rais muovini qildilar. Ham iqtisodiy sho’rodagi paxta savdosi ishlarini ham xorijiya noziortig’a o’tkardilar. Iqtisodiy sho’ro bir omborxonasifat bo’lib qoldi. Maskavdagi vakil Sulton Qori ham xorijiya noziridan ruxsat olib Urganchga o’z uyiga ketdi.

Maxfiy qolmasinkim, bul vaqtlarda Xivada muvaqqat nozirlar sho’rosig’a rais bo’lib muftish noziri Otamurodboy Boboniyoz o’g’li qolib erdi. Abdulla Xo’jaev birlan o’rtalarida shifer telegramm bor erkan. Maskavda qilg’an ishlarini munda bildirib turdi. Birodar Abdulla Xo’jaev Maskavda mashhur Ibrohim Axtamovni yurist konsultant qilib olgan. Ushbu Ibrohim afandining maslahatlari birlan savdo to’g’risinda ko’p nimarsalar yozib tayyorlab ham Xorazmda bo’lib turg’on siyosatlar ham tovarish Bikning qilg’on zo’rliklarini ham yozib doklad qilg’on. Birodar Tarachurovning so’rovi birlan tovarish Kobezovni Xivaga taftish uchun yuborganlar.

Maxfiy qolmasinkim, bir necha kundin so’ng hibsda bo’lib turg’on nozirlarni haqinda sud qildilar. Sudg’a rais Qalandarxo’jaev sarkotib, Panaev a’zo , Muhammadov va boshqalar mahbuslarni Nurullaboydag’i klubga keltirdilar. Shohid uchun Og’adiyorov birlan Ermuhammedovni keltirib sud qildilar. Og’adiyorov tamomi bo’lib o’tgan voqealarni ham ruscha ham musulmoncha qilib so’zlab berdi. Ermuhammedov inkor qildi. Avvalda man qo’rqqanimdan aytg’on erdim, bul so’zlar yolg’on turur, dedi. Oxiri yana tasdiq qildi. Andin so’ng noiblar so’ylamakchi bo’ldilar. Bularg’a hech so’z bermadilar. Faqat Ibni Amin o’g’li boshini ochib qichqirib e’lon qildi:
-Sho’rolar hukumatida bul nechuk zulm turur,noib bo’lg’on odamlarni urib, boshini yorib azob berurlar-dedi.Ibni Aminning boshqa so’z aytmog’iga hech imkon bermadilar. Andin so’ng hukm xatini o’qidilar.Birodar Mulla Muhammadjon Obdalovni jinoyati ozroq bo’lgani sababli bir yil zindong’a mahbus hibs qilib qo’yib, majburiy ravishda xalq xizmatini qildirmoqqa.Yusuf Devonni 5 yil hibsda saqlamoqqa. Birodar Mulla Bekjon birlan Ibn Aminovlarni 24 soatdin so’ng otib o’ldirmakka qaror qilg’on erkanlar. Shuning birlan sud tamom bo’ldi. Xorazm xalqining pig’oni-jonidan chiqdi. Nechunkim, bul yosh yigitlar begunoh shaxsiy adovatlar birlan dunyodin yo’q bo’lib ketganlarig’a ko’p afsus qildilar. Ham ba’ziybir insoniyatlik hukumatda o’tirg’on yovmut birodarlar tovarish Bikg’a kishi yuborib, norozilik bayon qilg’onlar. Ham tovarish Bik bilgan shahar xalqi ko’p xafa bo’lib qolg’anini. Shuning birlan o’ylab ko’rib, bularni o’lim jazolarini o’n yil hibs bo’lib zindonda qolmoqg’a tabdil qilib qoldirdi.

Maxfiy qolmasinkim, Toshkantga va Maskavga sudning hukmini telegramm bilan ma’lum qildilar. Maskav va Toshkantda Mulla Bekjonni bilgan odamlar ko’p afsus qilib xafa bo’lg’onlar. Ma’lum bo’lsinkim, Jumaniyoz Ollaqulovni Maskavdin konvoy birlan Xivaga olib keldilar. Mundin ham Xivada bir necha so’zlar so’rab, tovarish Bik To’rtko’l zindonig’a yubordi. To’rtko’lda bir necha oy mahbus bo’lib yotdi. Andin so’ng Aralskiy mo’re (dengiz) orqali Toshkantga yubordi.

Maxfiy qolmasinkim, uchlanchi Xalq Qurultoyini chaqirmoqchi bo’lib komissiyalar sayladilar. Qurultoy komissiyasiga Bobojon Otajonovni rais qilib, Karimbergan Sapaev sarkotib, Salim Ali va boshqalarni a’zo qilib ishlamakka boshladilar. Ham dasturi amal chiqardilar.Bir kun katta teatr binosida xalqni jamlab Qurultoyni dasturi amalini o’qib ko’rsatdilar.
Maxfiy qolmasinkim, ushbu yil, ya’ni 1922 yil 1 avgust oyida toza iqtisodiy siyosat asosinda Markaziy Yarmarka ochmoqchi bo’lib Xivaga telegramm yuborilgan ekan.Ya’ni Xiva mollari birlan Xorazmdin ham savdo vakili so’rab .Ittifoqan bir kuni Xudoybergan Devonov birlan tovarish Bikning oldiga borib erdik.
Tovarish Bik e’lon qildi:
-Markaziy Yarmarka ochilur. Xorazmdin ham savdo vakili so’rab telegramm berib tururlar. Shunga siz savdo vakili bo’lib borsangiz yaxshi bo’lur erdi. Siz ko’hna savdogar ham tamomi hukumat ma’murlariga ma’lum bir odam turursiz. Ham oshnangiz Malishev markaziy yarmarkaga katta rais turur,-dedi.

Man kulib aytdim:
-Agar birodar Devonov birlan yuborsangiz, man rozi tururman,-dedim.
Tovarish Bik:
-Yaxshi rozi bo’lurmiz,-dedi.
Shuni birla xo’shlashib, chiqib ketdik. Tovarish Bik darhol hukumatga borib majlis qilg’on. Ham maning markaziy yarmarkaga ketmagim haqinda maslahat qilib, ko’p rozi bo’lganlar. Lekin birodar Devonovni yubormay, man boshqa kimni hohlasam shuni olib ketishni mani ixtiyorimga qo’yganlar. Ertang tovarish Bik mani chaqirib oldurdi ham ma’lum qildi:
-Hukumat Xudoybergan Devonovdan boshqa kimni olib ketsangiz sizga ixtiyor berdilar. Siz hayna-hoyik markaziy yarmarkaga ketarsiz,-deb aytdi.
Man hayron bo’ldim. Mani hech Xivadin chiqib ketmakka roziligim yo’q erdi. Ma’lum bo’lsinkim, Xorazm Xalq Qurultoyi bo’lsa kerak, xalq mani haqimda ehtimol bir savol-javob qilsa kerak, deb. Shunga binoan mani markaziy yarmarkaga yubormakni maqbul ko’rib majbur qildi. Man ko’p bahonalar qildim: “ Qarri tururman, ham uyimda hech kishim yo’q turur, katta o’g’lim askariy xizmatda Ko’hna Urganchda turur, kichik o’g’lim kasaba sho’rosinda xizmatda turur. Mani dehqonchiligimga borib kelaturg’on hech kishim yo’q turur”, deb.

Onda tovarish Bik xorijiya nozirig’a buyruq qildi: askardagi o’g’lini darhol bo’shatib Xivaga oldirmoqqa. Shuning birlan tovarish Bik xorijiya noziri Muhammad Rahim Devonga buyurdi: qo’linda bo’lgan qorako’l terilarning ham boshqa mollarni tayyor qilmoqg’a. Ham yana aytdi:
-Tovarish Yusupovga darkor bo’laturg’on nimarsalarni darhol topib hozirlab bering, -dedi.
Man hayron bo’ldim, bul nechuk ish bo’ldi.Mani hech bir safarga chiqmoqg’a rag’batim yo’q erdi.
Maxfiy qolmasinkim, bir kuni Oliy mufattish raisi Karimbergan Sapaev mani birlan qo’shib yubormak uchun muftish qilib birodar Hasan Aliakbarovni tayin qilib, qo’liga mandat bergan. Birodar Hasan Afandi hech rozi bo’lmag’an. Aytgan:
-Mani yosh bolalarim bor turur. Man hech bularni tashlab keta bilmasman,-deb.

Shul sababga ko’ra, Markaziy Ijroiya Qo’mitadan qoldirsun, degan buyruq xati olgan. Man bul so’zlarni eshitdum, manga ko’p yaxshi bahona bo’ldi. Ham darhol tovarish Bikga borib ma’lum qildim ham aytdim:
— Endi hech ketmasman, nechunkim hukumat menga inobat qilib mol topshirib yubormay mani yonimga muftish qo’shor ekan, ul vaqtda shul muftishni o’zini yubormak lozim bo’lsa kerak,-deb janjal qildim.
Tovarish Bik aytdi:
-Bul so’zlar xato turur, sizning oldingizga hech bir muftish qo’ymoqg’a hech kimni haqqi yo’q turur.Man o’zim so’zlashurman,-dedi.
Ham yana aytdim:
-Birodar Devonov bo’lmasa man hech ketmasman,-dedim.
Onda aytdi:
-Tovarish Devonovdin boshqa kim bo’lsa olib ketmak ixtiyori sizda turur.o’z tovarishingiz mulla Jumaniyoz Sultonmurodovni olib keting,-dedi.

Man sukut qildim, onda ham rozi bo’lmay chiqib ketdim. Borib birodar mulla Jumaniyozga maslahat qildim:
— Agar tomosha qilib kelurman desangiz, birga ketarmiz,-dedim.
Mulla Jumaniyoz qabul qilmay uzr qildi ham aytdi:
-Mani dehqonchiligim bor turur. Agar man ketsam xarob bo’lib qolur,-dedi.
Man aytdim:
-Tovarish Bik sizni kelsin dedi, borib ko’ring,-dedim.
Mulla Jumaniyoz so’ngra Bikning oldig’a borg’on. Tovarish Bik e’lon qilg’on, siz tovarish Yusupov birlan Markaziy Yarmarkaga ketarsiz, degan.Mulla Jumaniyoz Bikga uzr qilib aytg’on:
-Man yakka-yolg’iz tururman,-degan.
Tovarish Bik aytg’on:
-Sizning ixtiyoringiz tovarish Yusupovda turur.Agar ul kishi sizning qolmoqingizga rozi bo’lsa-mumkin, bo’lmasa ketarsiz,-degan.

Mulla Jumaniyoz afandi manga kelib aytdi:
-Sizning ruxsatingizdan boshqa hech qolmoq mumkin ermas ekan,-dedi. Man mundin ketsam tamomiy ishlarim vayron bo’lur,-dedi.
Man aytdim:
-Ixtiyor sizda, agar o’zingiz hohish qilib keturman desangiz, olib keturman,-dedim.
Shuning birlan Mulla Jumaniyoz Xorazmda qolmoqchi bo’ldi. Andin so’ng bir kuni tovarish Bikning oldig’a bordim. Tovarish Bik aytdi:
-Man Maskavga telegramm birlan ma’lum qildim, tovarish Yusupov Xorazm hukumati tarafidin vakil bo’lib Markaziy Yarmarkaga saylandi, deb. Sizning bormay hech ilojingiz yo’q turur,-dedi.
Man aytdim:
-Manga kim tarafidan mandat berilur, hukumatdanmi yoki xorijiya tijoratidanmi?
Tovarish Bik manim maqsadimni anglab aytdi:
-Man o’zim ruscha yozib hukumatga borurman.Albatta sizga hukumat mandat berur,-dedi.
Ham shunda Bikga aytdim:
-Manga toza yaxshi kiyimlar bo’lsun,-dedim.
Onda Bik aytdi:
-Albatta mani o’zim tovarish Nurullaevga ayturman, birinchi olamli kiyimlardin bersin.Nechunkim siz komil huquqli savdo vakili bo’lib bir necha marta borursiz hamda siz hammaga ma’lum odam turursiz,-deb ko’p xushmuomilalar qildi.
Mani maqsadim bul janjallarni qilib, ziyoda nimarsalarni so’rab turganim mumkin bo’lsa ushbu safardan qolmoq turur.

Maxfiy qolmasinkim, bir kun Bikning oldida Toshkantlik umriuzoq afandi bor erkan. Shul vaqtda xorijiya nozirining bir odami kelib aytgan:
-Birodar Yusupov kiyim va boshqa nimarsalarni so’rab turur.
Onda tovarish Bik aytgan:
-Har nimarsa so’rasa ham berib tez uzatib yuboringlar,-degan.

Bir kuni man Markaziy Ijroiya Qo’mitada aytdum:
-Man Markaziy Yarmarkaga ketmakka ojiz tururman, mani hisob bermakka hech madorim yo’q tururman.Nechunkim, burungi vaqtlarda bizlar savdogarlik qilur erdik.Hozir million-milliardlar birlan savdo qilib hisob bermakka man ko’p betoqat tururman.Ham ko’p-ko’p ziyoda xarajatlar bo’lsa kerak.Man bularni hech bir mas’uliyatlarini ustimga olmasman. Agar hukumat manga xat bersa, tamomi schyot-hisoblari bo’lsa xo’jalik mudiri borsun. Birodar Yusupov hech bir hisob-kitobga javobgar bo’lmasun,degan. Shunda man qabul qilib keturman, bo’lmasa hech ketmasman.
Markaziy Ijroiya Qo’mita onga ham rozi bo’lib xat berdilar. Boshqa hech iloji bo’lmag’och, tavakkal qilib ketmakka rozi bo’lib, o’z ishlarimni saranjom qqila boshladim.
B

ir kuni tovarish Bik Po’rsiga yovmutlarning qurultoyini qilmoq uchun ketmakchi bo’lgan. Bir kechada tanho o’zi mani uyimga namozi asrdin so’ng kelib qoldi. Ham e’lon qildi:
-Man ertaga erta birlan Po’rsiga ketmakchi tururman, faqat siz birlan ko’rishib qolmoq uchun keldim. Albatta siz man kelmasdin burun ketsangiz kerak. Siz uchun paroxod Chorjavdin chiqdi. Chorjavda vakil hozir bo’ldi. Siz birlan yarmarkadin bo’shagandin so’ng Maskavda yo’liqurmiz.
Man aytdim:
-Ko’p yaxshi.Xudo hohlasa Maskavda siz birlan yo’luqg’on vaqtda tamomi Xorazmda bo’lib turg’on siyosatlarni ham Xorazm uchun kimlar fidoyi ishlar, kimlar zararli ishlar qildi sizga bir-bir so’ylab berurman.
Onda tovarish Bik aytdi:
-Hazir munda so’ylab bersangiz bo’lmasmi?,-dedi.

Man aytdim:
-Bul yerda so’ylamak mumkin emas turur.Xudo hohlasa Maskavda sizga so’ylab berurman.Nechunkim, Xorazmning havosi ko’tarmas turur. Maskavni havosi manga hech zarar qilmas turur. Man Maskavning havosiga o’rganganman. Yana ham Maskavda mani kim erkanimni yaxshi bilurlar,-dedim.
Tovarish Bik hayron bo’lib qoldi. Ham ko’rishib xo’shlashib ketmakchi bo’ldi. Man uzatib otlantirib yubordim. Endi manga ham lozim bo’ldi, ertaga borib Bikni Po’rsiga uzatib yubormak. Shu niyatda ertang erta birlan vakolatxonaga bordim, lekin tovarish Bik ko’p erta ketgan erkan.

Bizlar ham tamomi ishlarimizni bitkarib, mandatlarimizni olib, Pahlavon yopi orqali yuklarimizni kemaga solib, 1922 yil 1 iyulda Olloh sandin madad, deb kemaga o’tirib Toshsoqaga ravona bo’ldik.

DAVOMI BOR

Maxsus «Xurshid Davron kutubxonasi» uchun tayyorlandi.

08

(Tashriflar: umumiy 401, bugungi 1)

Izoh qoldiring