Yusuf Xos Hojib. Qutadg’u bilik. 20-25 boblar. Emin Usmon tarjimasi

kitob    Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу билиг»ни Болосоғунда бошлаб, Қашқарда ёзиб тугатган ва қорахоний ҳукмдор Тавғоч Буғрохонга тақдим этган. Буғрохон муаллифни тақдирлаб, унга «Хос Ҳожиб» («Эшик оғаси») унвонини берган. Шундан кейин шоир «Юсуф Хос Ҳожиб» номи б-н машҳур бўлган.

001

ЮСУФ ХОС ҲОЖИБ
ҚУТАДҒУ БИЛИГ
Қадим туркчадан Эмин УСМОН таржимаси
09

ЙИГИРМАНЧИ БОБ
БАХТНИНГ БЕБАҚОЛИГИ ВА ДАВЛАТНИНГ
БЕВАФОЛИГИ БАЁНИ

1045. Тугал бўлди Ойтўлдининг тилаги,
Бебақо қут қариб, синди тираги.
1046. Ажаб яхши айтмиш доно билгувчи,
Неъмат тугал бўлса, кетар егувчи,
1047. Бир олим бундан ҳам яхшироқ демиш,
Неъмат тугал бўлганда умр тугармиш.
1048. Бу ҳақда донолар билиб айтган сўз,
Олим фикри йўл-йўриқ, илмсизга кўз.
1049. Йиқилган ўрлагай, ўрлаган инар,
Ёришган ўчади, юрганлар тинар.
1050. Ҳар неки қилинс, тугаллик бўлар,
Тугалликка етгач, нест-нобуд бўлар.
1051. Ойтўлди тилакка етганда тугал,
Молу дунё қолиб, бу умр тугар.
1052. Кичрайиб қайтадан ёруғ, тўлин ой,
Умр ёзи қаҳратон қишга берди жой.
1053. Ёш ўтиб, дард босди тошу ичини,
Ғолиб бир мижози босди учини.
1054. Мижози ўзгарди, таомда таъм йўқ,
Дард қаттиқ ёпишди, дилда ором йўқ.
1055. Мижози бузилгач, кучи қирқилди,
Ниҳолдек тик қадди ёйдек эгилди.
1056. Оғир бир хасталик йиқитди келиб,
Ғам босиб ётди у тўшакка кириб.
1057. Табиблар жам бўлиб томир кўрдилар,
Бу қандай дард дея ҳаёл сурдилар.
1058. Бири деди: Тутилмиш қоннинг йўли,
Қон олиб, очайлик томирин йўлин.
1059. Бири деди: Сурги ичирмак керак,
Ичи қотган, энди юмшатмоқ керак.
1060. Бири шарбат берди ва қўшди гулоб,
Бири тайёрлади шифобахш шароб.
1061. Бирон дори қолмай барин қилдилар,
Неки лозим бўлса, барин бердилар.
1062. Наф бермади, дард кун сайин зўрайди,
Мадор қуриб, дунё кўзга торайди.
1063. Нима дер эшитгин покдомон киши,
Покдомон одамлар бўлар юрт боши.

1064. Тарёк* бер ва ёки қўшгил шолиса*,
Истаса митридус* ё сурги ичса.

*  Тарёк— заҳарнинг кучини кесувчи дори;  Шолиса — мўмиё;  Митридус — бир дорининг санскртча номи

1065. Табибни чақиргин ёки дуохон,
Ўлимга даво топмас улар ҳечқачон.
1066. Ғофил бўлма, эй тирик юргувчи,
Гар тириксан, демак, бир кун ўлгувчи

1067. Ойтўлди аҳволин эшитди элиг,
Ўлим хабарчиси сунибди илик.
1068. Ойтўлди қошига келди ҳол сўраб,
Кўрди унинг ётганини ҳолсираб.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

1069. Элиг сўрди: Айтгин аҳволинг нечук?
Дардинг нима асли ва уйқунг нечуг?

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1070. Ойтўлди айтди: Ростин сўзлай сенга,
Шундай дард ёпишди, даво йўқ унга.
1071. Ишим тугал эди, тугар бўлди у,
Хулқим асл эди, йитар бўлди у.
1072. Шодон отар эди ҳар янги куним,
Куним ботган каби ёришмас туним.
1073. Олиб қочди шодмон тириклик ўзин,
Бу бевафо дунё ўгирди юзин.
1074. Қувонч, орзу, неъмат нари кетажак,
Энди кайғу, алам, заҳмат келажак.
1075. Бу кун сендан жудо бўлаётирман,
Ўкинч, ҳасрат чекиб ўлаётирман.
1076. Доно эл беги нима дер эшитгин,
Кўпга бош бўлган, эл яхшиси дегин.
1077. Не бахт давлат келиб муқим турса,
Қайтиб кетмаса у, майлингча юрса.
1078. Қандай яхши бўларди беглик иши,
Ўлим кўрмай саломат юрса киши.
1079. Кандай кўркам ондир йигитлик чоғи,
Бағри бут, йўқ бўлса қарилик доғи.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

1080. Элиг айтди: Ойтўлди кўнгилинг қил тўқ,
Бундай гапларни қўй, кимнинг дарди йўқ.
1081. Ҳамма касал бўлар, тузалади, бас,
Эй қобил, дард бир сенга келган эмас,
1082. Нечук бу ёқимсиз сўз тилга чиқди,
Кўнглингни бузиб, беҳуда ғам чекдинг.
1083. Сен билан овуниб юрар эдим шод,
Ғамнок этди мени сўзларинг, ҳайҳот.
1084. Шифо берар, бундай сўзни сўзлама,
Ўтлар ёқиб, юрак-бағрим тузлама.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1085. Ойтўлди айтди: Аё соҳибқирон,
Бу дард давосиздир, йўқ эрур имкон.
1086. Ким туғилса, албат ўлиши керак,
Неки кўтарилса, тушиши керак.
1087. Чиқишга тушиш бор, юксакка ботиқ,
Қувончга ғам-алам, аччиққа тотлиқ.
1088. Мен сенга айтганман яна бир сўзим,
Феълим ўзгарувчан, беқарор ўзим.
1089. Феъл-атворим кандай, айтиб ўтганман
Афсус, менга бекор кўнгил қўйгансан
1090. Шубҳасиз ўламан қазойим етса,
Ишонма туғилган ўлмайди деса.
1091. Ишончсиз деб энди койима мени,
Дунёга ишонма, тарк этар сени.
1092. Жафо қилди деб айб қўйма менга,
Бу дунё менданда жафокор сенга.
1093. Ғофил бўлма, сен ҳам албат кетарсан
Дунёга ишонма, ҳасрат чекарсан.
1094. Ҳеч хизматсиз қадрладинг мени минг бор,
Элиг, бунга лойиқ не хизматим бор?
1095. Ҳавас эмас менга дунёдан кетмоқ,
Янгилик эмасдир дунёдан ўтмоқ.
1096. Иложсиз кетарман, ихтиёрим йўқ,
Ҳаётнинг илинжи — борар жойим йўқ.
1097. Йўқ эдим яратди, ўсиб улғайдим,
Сабий гўдак эдим, асраб улғайтди.
1098. Юзим силлиқ эди, ўстирди соқол,
Қора қузғун эдим, энди оқбош чол.
1099. Қаддим ўқдек эди, букилди бўйим,
Тириклик тугади, кутмоқда ўлим.
1100. Илми чуқур олим айтибди обдон,
Буни эшит, эй ёруғ юз билимдон.
1101. Оққушдек оқарса инсоннинг боши,
Дилин оққуш каби оқ қилсин киши,
1102. Эгилса бировнинг туз толдек бўйи,
Дилин пок этсин, келар ўлим буйи.
1103. Қора соч, соқоллар оқарса ногоҳ,
Пинҳона ўлимдан бўл доим огоҳ.
1104. Бунга мензаб шоир айтмиш яхши гап,
Уни қулоғингга қуйгин яхшилаб,
1105. Сочнинг оқариши ўлимдан дарак.
Ҳаёт ширин, тирикнинг жони ҳалак.
1106. Ҳаёт неъматин тотдинг — умр шом еди,
Ғофил бўлма, сени ҳам ўлим ейди.

ЭЛИГНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

1107. Элиг айтди: Ойтўлди, сабр қил, чида.
Касаллик гуноҳга каффорат, фидъя.
1108. Ўлиб кетаверса барча дардга чалинган,
Заминда қолмасди ризқ-рўз ейдиган.
1109. Сенга шифо берсин қодир Худойим,
Ўкситма кўнглингни, соғ бўл илойим.

1110. Дуо қилди элиг, кўнглин кўтарди,
Ҳақдан шифо тилаб қўлин кўтарди,
1111. Элиг чиқди ғаму қайғуга чўмиб,
Қасрига кирди руҳсиз, кўнгли чўкиб.
1112. Фақирларга улашди кўп мол — товар,
Шоядки дардига бўлсадеб каффор.
1113. Ўлимнинг дамига наф берса кумуш,
Ўз жонига фидо бўларди кумуш.
1114. Каффорат-ла чора топса ўлимга,
Дуч келмасди юрт бошлари ўлимга.

1115. Азоб чекди Ойтўлди, озиб тўзди,
Руҳи тушиб, жондан умидин узди.
1116. Надоматлар чекди: Эсиз ҳаётим,
Беҳуда ўтди умр, етди мамотим.
1117. Ғафлатда ўтказдим тириклик онин,
Ёшлик елга кетди, уқмай зиёнин.

1118. Қулф урган чечакдек фаҳм этдим ўзим,
Ажал тутди, элтар, наф бўлмас сўзим.
1119. Дунё молин йиғдим суқлик билан,
Бари қолар, кетарман йўқлик билан.
1120. Кўп узун қилган эдим тилу қўлим,
Нафас қисиб, ёқамдан тутди ўлим.

1121. Шу янглиғ ўкинди, бағрин тиғлади,
Ўлимга кор қилмади қанча йиғлади.
1122. Ўксик, мунгли эрур инсон ўғлони,
Истагидек бўлмлас тириклик они.
1123. Орзулар ушалса, тириклик тугар,
Ҳаётда орзулар ушалмас тугал.
1124. Озроқ давлат топса, унутар ўзин,
Инсон кўкдан ошириб сўзлар сўзин.
1125. Тақдирланса мағрур, такаббур бўлар,
Ажал етса, оҳ уриб, ўкинчда ўлар.
1126. Еса, тўйса, феъли мисли туядир,
Очқаса, билса ҳам заҳар еядир.
1127. Роҳатдан зерикар, қулфат — азият,
Севганини топса, излайди узлат.

1128. Чуқур тиниб Ойтўлди пушмон еди,
Ҳақиқат йўлини йўқотдим, деди.
1129. Не учун тўпладим мен олтин, кумуш?
Нечун йўқсилларга бермадим улуш?
1130. Нечун хайрли ишни қўйган эканман?
Бегуноҳ кишини сўккан эканмак.
1131. Хайрли юмушни қилсам аввалроқ,
Бўларди шубҳасиз нафи авзалроқ.
1132. Бугун ўкинчлардан бирон бир наф йўқ,
Ажал етди, арзи—ҳолга забон йўқ.
1133. Кўзи пишган киши не дейди тингла,
Тўғри сўз, ғамхўр кишин фикрин англа:
1134. Ўлим бир эшикдир, барча тирик жон,
Унга кирар, йўқдир қочмоққа имкон,
1135. Тириклик нимадир, нимадир ўлим?
Қайдан келганману қаёнга йўлим?
1136. Ўлим ҳак экан нечун туғилганман?
Кўз ёши бор экан, нечун кулганман?
1137. Жаҳонда не бордир ўлимдан ёмон?
Туғилган киши ўлди шундай дебон.

1138. Бунга монанд келар шоирнинг сўзи,
Ким уқса маъносин очилар кўзи:
1139. Дунёда ўлимдан қаттиқ нима бор?
Ўлимни ўйласа ҳаловат бекор.
1140. Ўлим бир денгиздир ҳад-ҳудуди йўқ,
Яхши боқсанг унга чуқур, туби йўқ.
1141. Ўлимни билса-да, ғофиллик қилса,
Фойдасиз, ажал етгач тавба қилса.
1142. Ҳузурга маст бўлиб ғофил юргувчи,
Қазо етгач уйғонару етмас кучи.
1143. Мол-дунёга тўйгмас кўзи оч киши,
Қазо етгач ўкинар, чорасиз иши.
1144. Ўткинчи давлатга ғурурланган, бил,
Ер остида азобдан ёрилади дил.
1145. Шодликдан маст бўлиб ортиқ кулгувчи,
Йиғига тайёр тур, сенсан ўлгувчи.
1146. Эшит, заковатли олим нима дер,
Наф кўрар бу сўзга амал қилган эр:
1147. Ким жой олмоқ истар яхши макондан,
Ёмонлик қилмасин икки жаҳонда.
1148. Эй хуснихулқ, ёмон бўлма очунда,
Амал, сўзинг яхши қил ёруғ кунда.

1149. Ўкиниб Ойтўлди узоқ йиғлади,
Афсуски, ўкинчи ҳеч наф бермади,
1150. Йўқсулларга улашди олтин, кумуш,
Ҳешларига берди кўп мерос, улуш.
1151. Кўзин кўкка тикиб деди: Эй Эгам,
Ўзингдан бўлак йўқ менга бир ҳамдам.
1152. Яратдинг, ўстирдинг, улғайтдинг мени,
Бари сенинг фазлинг, билурман буни.
1153. Фақат сенгагина топиндим Эгам,
Қазойим етдй-ю, битди сўзим ҳам.
1154. Қочарга паноҳ йўқ, эс-ҳуш йўқолди.
Биргина раҳматинг умиди қолди.
1155. Кўп ёмонлик қилдим густоҳлик билаи,
Эй Тангрим, кечиргин раҳматинг билан.
1156. Эсиз, бу тириклик беҳуда кетди,
Давру даврон, беглик беҳуда ўтди.
1157. Сўзина тўхтатди узоқ ўй суриб,
Кўз ёши сел бўлди ўғлини кўриб.

ЙИГИРМА БИРИНЧИ БОБ
ОЙТЎЛДИНИНГ ЎҒЛИ ЎГДУЛМИШГА
ПАНД-НАСИҲАТ ҚИЛГАНИ БАЁНИ

1158. Ойтўлдининг ёлғиз ўғли бор эди,
Ўзм сабий, ёшгина шунқор эди.
1159. Оти Ўгдулмиш, зоти тоза эди,
Юзи кўркам, феъли аслзода эди.
1160. Ўғлини чақириб, бағрига босди,
Кўзидан ёш оқиб, юрагин очди.
1161. Деди: Кетар бўлдим, ўғлим, оламдан,
Сенга қолар мол-мулк, ўрним оламда.
1162. Ёлғиз нури дийдам эдинг, нетарман,
Яхши қол, омон бўл, афсус кетарман.
1163. Турк беги бу ҳақда яхши айтибди,
Кўрар кўзнинг нури ўғил-қиз, дебди.
1164. Тубсиз денгиз ўғил-қизнинг қайғуси
Улар ғамида юз сариғ бўлғуси.
1165. Бўлса кимнинг жуфти, ўғил-қиз агар,
Уйқуни тарк айлагай шому саҳар.
1166. Ўғил-қиз деб ота ер ич-этин,
Ўғил-қиз атамас отанинг отин.
1167. Ойтўлди айтди: Қулоқ тут, эй ўғил,
Галларим унутма, қўй менга кўнгил.
1168. Отим Ойтўлдидир, сенинг отангман,
Бугун ҳолимга боқ, забун, дилтангман.
1169. Паймонаси тўлди энди Ойтўлдининг,
Надоматлар чекар, нафи йўқ бунинг.
1170. Тириклик шириндир, аччиқдир ўлим,
Қазо етди, қайда қочарга йўлим.
1171. Овундим бу дунёга кўнгил боғлаб,
Вафо қилмади у бағримни доғлаб,
1172. Дунё алдаб ўз ёнига чорлади,
Кўнгил қўйгач, мендан қочиб хорлади.
1173. Дунё жафо қилди, қариди қут ҳам,
Сени алдамасин, ҳушёр бўл ҳар дам,
1174. Зарур ишларимни бир четга қўйиб,
Юрдим нокеракни ҳавасга қувиб,
1175. Тириклик ел каби ўтару кетар,
Беҳуда ўтган умр юракни ўртар.
1176. Пора ёки мол бирла битмас ишим,
Бу кун йўқ қўлимдач тутгувчи кишим.

1177. Нима дер ғафлатдан уйғонган одам,
Ўлим даҳшатини англаган одам:
1178. Ўлим кўриб дононинг илми кетди,
Ақлдан озди оқил, идроки битди.
1179. Нечоғли даҳшатдир ўлим чангали,
Нечоғли офатдир ажал ханжари.
1180. Обод саройларни бузувчи – ўлим,
Жам бўлган нарсани сочувчи — ўлим,
1181. Бунга монанд фикр битди шеър айтгувчи,
Синчиклаб ўқигин, аё билгувчи:
1182. Не мавжуд жаҳонда унга ҳийла бор,
Хар не ҳийла борки, унга чора бор,
1183. Хар бир ишга тадбир, ҳийла бор албат,
Фақат шум ўлимга чора йўқ минбад.

ЎГДУЛМИШНИНГ ОЙТЎЛДИГА САВОЛИ

1184. Ўғил эшитди отасининг сўзин,
Ўртаб юрагини ва ёшлаб кўзин.
1185. Деди: Бир сўзим бор, отажон, айтай,
Яна бир тугунни ечиб бер атай.
1186. Бу дунёда даврон сурдинг беармон,
Ақлу ҳуш, илм, ҳунар олдинг беимкон.
1187. Сўрадинг, тингладинг, ўргандинг талай,
Яхши-ёмонни кўп кўрдинг ҳарқалай.
1188. Ўлимга чора борми ё бирон тадбир,
Бўлса ўзингга қўлла, раҳнамо пир.
1189. Агар ҳийла, тадбир йўқ бўлса бўлак,
Мол-дунё, ғазнани улашиш керак.
1190. Бу бойлик жонингга оро кирса гар,
Топилар мол-дунё соғ бўлсанг агар.
1191. Не дер эшит, кўзи тўқ — нафс сардори,
Нон-туз соҳиби, саҳийлар сарвари.
1192. Борингни эҳсон қил, ичиру едир,
Бойликдан кечмасанг у сени ейдир.
1193. Соғлик керак эрга, бойлик топилар,
Тириклик керак қушга, дон топилар.
1194. Тирик бўлса инсон топар мақсадин,
Тан-жони соғ бўлса, тилаги яқин.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЎГДУМИШГА ЖАВОБИ

1195. Ойтўлди айтди: Ўғлим, аччиқ рост сўз,
Бесамар бу ишдан умидингни уз.
1196. Зеру зар кор қилмас, бўлмас каффорат,
Ўлимга ғов бўлолмас илм, заковат.
1197. Ўлимни даф этса дунё бойлиги,
Ўлмай яшар эди бегларнииг беги.
1198. Доноларга ҳиккмат фойда бермади,
Олимларнинг илми ёрдам бермади.
1199. Ўлимга кор айласа дори-дармон,
Табиб яшар эди ўлмай беармон.
1200. Ўлим юз хотирни билсайди минбад,
Муборак расуллар яшарди абад.
1201. Бор тирик жон этилмиш ўлимга ҳукм,
Ҳеч ким-тирик қолмас, ўлимга маҳкум.
1202. Бу дунё работдир, келганлар кетар,
Ўлим аждарҳодир, тўймасдан ютар.

ЎГДУЛМИШНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

1203. Ўгдулмиш айтди: Ота, гапинг ҳикмат,
Яхши таъриф этилган ўлим — қисмат.
1204. Нечун бе ҳуда ўтди умр ғафлатда,
Ўкиниб, йиғлайсан сен сакоратда.
1205. Нечун йиғдинг ҳирс қўйиб қолар молни,
Топмадинг тарқатиб нажот – аъмолни.
1206. Дунёдан ўтса эр ғафлатга чўмиб,
Холига ачинсин, ўтсин ўкиниб.
1207. Надоматдан энди не фойда, ота,
Бошни тошга урган билан минг қайта,

ОЙТЎЛДИНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

1208. Ойтўлди айтди: Болам, англагин,
Ибратли иш қилгин, ғофил бўлмагин.
1209. Ғафлат хароб қилди, жоним азобда,
Кўзинг оч, ҳушёр бўл, қолма азобда.
1210. Ўлимга мустаҳиқ тирикнинг бари,
Қанча тиришмасин кетар гўр сари.
1211. Вақтнинг тутқунидир ўлувчи одам,
Вақт-соати етса, қўёлмас қадам.
1212. Шоир айтган сўзи бунга хўп келур,
Хикматин уқилса, пурмаъно эрур.
1213. Хар нарсанинг вақт-соати ҳисобли,
Нафас — тин олишнинг сони ҳисобли.
1214. Тириклик кечару ўтар йил, ой, кун,
Сени ҳам тугатгай ўткинчи бу кун.
1215. Боқ яхши, ёмонга, ҳушёр бўл, ўғлон,
Нечук кетмоқдаман, ибрат ол, уйғон.

1216. Ғамим фақат сенсан, кетарман бугун,
Сабий қолмоқдасан, кўнглим ғаш, тугун,
1217. Не кечар мендан сўнг аҳволинг билмам,
Менда йўқдир бундан бошқа қайғу, ғам.
1218. Ўғилга сингса ота меҳнати кўп,
Ўғилнинг феъл-атвори бўлажак хўб.
1219. Ўғилни қаттиқ тутган яхши эрур,
Ота-онасин юзи ёруғ бўлур.
1220. Назорат сусайса, йўли бўлмас туз,
Хароб бўлар, ундан умидингни уз.
1221. Оқил бўлсин деса ўғлин отаси,
Қаттиқ тутмоқ лозим, шудир чораси.
1222. Нима дер эшитгин фарзандли киши,
Яхши-ёмон кўриб, улғайган ёши:
1223. Гар кимнинг ўғил-қизи эрка бўлар,
Кўз ёши қуримас, ҳасратга тўлар.
1224. Ёшликда ота ўғлин қилса ёво*,
Болада гуноҳ, йўқ, отага жафо.
1225. Ўғил-қиз феъл-атвори ёмон эрур,
Бунинг учун ота гуноҳкор бўлур.
1226. Қаттиқ тутиб ўғилга касб ўргатса,
Қувонар фарзанди тўғри улғайса.
1227. Болани қаттиқ тут, ота бўлгувчи,
Токи кулмасинлар кейин келгувчи.
1228. Ўғил-қизга ўргат касб-кор, билим,
Фазилат-ла бўлсин хулқи мулойим.

[*] Ёво — ёввойи, саёқ, бебош.

ЎГДУЛМИШНИНГ ОЙТЎЛДИГА ЖАВОБИ

1229. Ўгдулмиш жавобан айтди: Эй ота,
Ғаминг еб куярман, бўларман адо.
1230. Сендан ортда қолиб тирик юрмайин,
Сенинг дард-ҳасратинг кўриб куймайин.
1231. Раҳм айлабон менга шафқатли Эғам,
Сенинг ўрнинг берса, қолмас менда ғам.
1232. Гар насиб бўлмайин етишса ажал,
Пешонага битмиш тақдири азал,
1233. Оллоҳнинг ҳукмига йиғи бир зебдир,
Энди сабр эт, тақдир ҳукми келибдир.
1234. Йиғлама мол-дунё, давлат қолди деб,
У қайтмас, шум ажал битиради еб.
1235. Қолар дунё неъматига ачинма,
Кўз ёшга арзимас, сира ғам ема.
1236. Сендан аввал дунё лаззатин тотган,
Зотлар бир-бир кетди дилда оҳ билан.
1237. Яхши билар эдинг ситамкор жаҳон,
Зулми беададдир, ғофилсан ҳамон.
1238. Гар бир ерга бутун дунё жам бўлар,
Икки қулоч бўз тегар, бари қолар.
1239. Тириклик деб куйсанг, ўкинсанг ўзинг,
Ўкин, йиғла, қуримагай ҳеч кўзинг.
1240. Қайтмас энди яхши-ю, ёмон кунинг,
Неки қилдинг ўтдм, келмоқда тунинг.
1241. Чекаётган бўлсанг мен учун ташвиш,
Ташвишланма, не ҳожат энди койиш.
1242. Яралган эдинг сен, яралган ўлар,
Яралган кетару яратган қолар.

1243. Сан ғамхўр отамсан, меҳрибон, саҳий,
Яратган Эғам сендан ғамхўр, боқий.

1244. Сени яратди у ҳамда берди қут,
Менга бермагайми, буни ёдда тут.
1245. Беқадрга қадр-қиммат ундан келар,
Улуғу кичик ҳам ўз ажрин олар.
1246. Бунга монанд келар оқилнинг сўзи,
Доно сўзи нодон учун ақл кўзи.
1247. Дононннг еўзини ақлан англаб ет,
Барча касофатни у билан даф этв
1248. I аэйздйр,аэйзлар топгай иззат,
Лутфу карам ундан,соҳйби иззат.
1249. Беқацрга дадр у.кичмкка йўлов,
Буюкка юксаклик,ёмонга тушов.

1250. Эшитди Ойтўлди ўғлининг сўзин,
Қўлини очиб кўкка тикди кўзин.
1251. Шукр қилди Худога узундан-узун,
Ўғлига ақл-идрок бергани учун.

ОЙТЎЛДИНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

1252. Деди: Ўғлим, энди кўнглим бўлди бут,
Худо фазли билан яша, қучшб қут.
1253. Қулоқ сол, ҳақ сўзни айтибди оқил,
Эсинг йиғ, кўзинг оч, маъносини бил:
1254. Худо кимга берса ақл-идрок, билиг,
Орзуга интилиб узатгай илиг.
1255. Кимнинг хулқи яхши ҳам феълу атвор,
Орзуга етар, ой, кун унга боқар.
1256. Эзгуликлар мояси яхши феъл-атвор,
Яхши хулқдан доим хурсандлик ёғар.

1257. Ойтўлди дуога қўл очди яна,
Яратганга айтди кўп ҳамду сано.
1258. Деди: Сен яратдинг барча тирик жон,
Барига ризқ бердинг, яшашга имкон.
1259. Яратдинг, улғайтдинг, бердинг шону шан,
Қулингман тоатсиз, гуноҳкор, тубан.
1260. Бердинг дунё орзусию неъматин,
Эъзозлаб баланд қилдинг қадр-қимматим.
1261. Барча орзу, тилакка етдим тугал,
Шукрона айтаман минг бора ҳар гал.
1262. Хукминг етиб келди, ҳозирман мана,
Ёлғиз ўғлим сенга топширдим, ана.
1263. Ғўмхўр ота эдим, кетмоқда ота,
Эғам, унга бахт-иқбол этгин ато.
1264. Офатдан йироқ тут, роҳатга яқин,
Ҳар икки жаҳонда егин сен ғамин.
1265. Яхшига яқин қил, ёмондан йироқ,
Нон, туз, энгил-бошга зор этма бироқ.

1266. Эзгу дуолар қилди чин юракдан,
Дуо ижобати асрар кулфатдан.
1267. Яхшининг гапин уқ, кўп оқилона,
Фақат ҳикмат, эзгуликдан нишона.
1268. Худо кимга қилса иноят, мадад,
Ҳар икки жаҳонда топар саодат.
1269. Қайси қулга Оллоҳ бўлса ёр-йўлак,
Ҳар икки жаҳонда ушалар тилак.
1270. Кимга насиб бўлса Ҳақ фазли агар,
У барча неъмату орзуга етар.
1271. Бунга монанд сўз айтди оқил киши,
Ким унга амал қилса, ўхшар иши,
1272. Соғ бўлар асраса кимни Худойим,
Орзуси ушалар, ризқи бут доим.

1273. Қай бир қул Худога чиндан топинар,
Унга бало эшиклари ёпилар.

1274. Ойтўлди айтди: Билиб қўй, эй ўғил,
Ўлимни ёдда тут, унга тайёр бўл.
1275. Ҳаётга инонма, ел каби кечар,
Ғофил бўлма, мол-дунё ҳам тарк этар.
1276. Худога топширдим, асрагай- ўзи,
Истаса ёрлақаб бергай ризқ-рўзи.
1277. Бугун айриларман мен сендан, мана,
Бағрим хун, ҳасратда йиғларман яна,
1278. Мендан сўнг қай тарзда яшашинг керак,
Барини уқиб ол, бўлиб сен зийрак.

ЙИГИРМА ИККИНЧИ БОБ
ОЙТЎЛДИНИНГ ЎҒЛИ ЎГДУЛМИШГА
ЎГИТ БЕРГАНИ БАЁНИ

1279. Кўнгил, тилинг туз тут, ибодат қилгин,
Дунёни қўй, охират ғамини егин.
1280. Яхшилик, ёмонлик Оллоҳ ҳукми бил,
Фақат унга инон ҳамда қуллуқ қил.
1281. Оллоҳдан сўрайвер бўлса не тилак,
Бирон мададкор йўқ ҳеч ундан бўлак.
1282. Ёрлиқлари қандай бўлса қадрла,
Ҳар икки жаҳонда сени қадрлар.
1283. Феълингни тузатгин, ўзингдан кетма,
Тил ва дилда камтар бўл, катта кетма.
1284. Ўзинг ўтга урма бу дунё учун,
Биров мулкин олма, ишлатма кучинг.
1285. Бир муддат яшадим, энди ҳолим кўр,
Не оқибат қилди дунё, ўйлаб кўр.
1286. Йиғишни хўп билдим, ейиш билмадим,
Кун ўтар ўкинчда, ҳеч наф кўрмадим.
1287. Мол-мулк сенга қолар, менга эди юк,
Еб-ичиб роҳатлан, ишлатгин тузук.
1288. Йиғилган мол-мулкни ким тута билгай,
Икки жаҳонда юзи ёруғ бўлгай.
1289. Тутишни билмасанг мол-мулкинг агар,
Сенга насиб этмас, рангинг сарғаяр.
1290. Тўғри бўл, феъл-атворинг яхши қил,
Шодлик тўғриликда — буни яхши бил.
1291. Не дер эшит, тўғриликни этган касб,
Икки жаҳон бахти бўлажак насиб.
1292. Ҳаловатда ўтсин деса ким куним,
Тўғриликдан топгай омонлик, тўзим.

1293. Гар бўлса мақсадинг мартаба, беглик,
Унга эриштиргай фақат тўғрилик.
1294. Юртга бош бўлишни истасанг улуғ,
Ҳақ йўлни маҳкам тут — йўлларинг ёруғ.
1295. Ростгўй бўлса киши, феъли мулойим,
Ҳар икки жаҳони ободдир доим.
1296. Яна айтди Ойтўлди: Ўғлим, эшит,
Эзгу ишлар бирла дўзохни беркит.
1297. Фақат яхшилик қил, ёмондан нари,
Устингдан ёғилгай шафоат нури.
1298. Ёмонга яқин бўлма, кони зиён,
Ёмонлик хавф солар бамисли илон.
1299. Нокасга дўст бўлма, ичма ичкилик,
Омон бўлай десанг қилгин эзгулик.
1300. Бу икки офатдан саодат қочар,
Кишига қашшоқлик эшигин очар.
1301. Иккиюзламага ҳеч айтма сиринг,
Гап-сўз бўлиб элга сочилар сиринг.
1302. Сўз ташувчини сен дўст тутсанг агар,
Бирга ўнни қўшиб эл-юртга ёяр.
1303. Синалган, ишончли кишин маҳкам тут,
Ундан келар туман минг манфаат, қут.
1304. Хар сўзни эшит-у, дарров ишонма,
Ўзингга маҳкам бўл, сирингни очма,
1305. Бировга ҳасад қилма, ема, ичма кўп,
Бу икки одатдан ташвиш келар кўп.
1306. Аёлинг бўш қўйма, ёпиқ тут эшик,
Хотиндан кўп кулфат келади, эшит.
1307. Ётни уйга йўлатма, чиқмасин аёл,
Кишини сина яқин бўлмайин аввал.
1308. Мол ғамин ема, хулқинг яхши қил,
Хушхулқ бўлсанг келар молнинг ўзи, бил

1309. Бунга монанд яхши сўз бордир эшит,
Бу сўзга амал қил, ўзингга эш эт:

1310. Тирикка зарур эзгулигу хуш хулқ,
Ниятга қараб ўзи келгай мол-мулк.

1311. Ёмонга мол йиғмоқ не муддаодир,
Ҳар канча йиғмасин феъли гадодир.
1312. Уятсиз кишидан айлагин ҳазар,
Уятлига мендан минг олқиш ёғар,
1313. Шошилма ҳеч ишда, собирлик керак,
Сабрли бўлса киши, ушалар — тилак.
1314. Ҳар ишда ширин сўз, тавозели бўл,
Ширин сўзлига қут топиб келар йўл.
1315. Тилингни тийиб юр, кўзингни асра,
Озга кўн, оз егин, нафсингни асра.
1316. Қоч элнинг хиёнат ғалаёнидан,
Билсанг нари тур авом исёнидан.
1317. Беглар сўзин зинҳор такрорлаб юрма,
Яхши сўздан бошқасин айта кўрма.
1318. Бировга, ўзингга етказма зяён,
Яхшилик қил, ет орзуга ҳар қачон.
1319. Қайга кирсанг чиқишингни мўлжал қил,
Чиқишни билмасанг кони зиён, бил.
1320. Қаҳринг келса сабр қил, босгин ўзингни,
Сабрлилар қувонар қйёмат куни.
1321. Нималар дер тингла сабрли киши,
Сабри билан тузар бузилган ишни.
1322. Сабр қилса киши ўз тилагин топар,
Сабрли, чидамли овчи оққуш тутар

1323. Машаққат, дарду алам етса агар,
Сабр қилсанг қайтадан шодлик келар.
1324. Давлат шоширмаса, ҳаддин билса қут,
Ўзин йўқотмаса, бари бўлар бут.
1325. Сабр бу инсоннинг фазлидир, сабрли бўл,
Сабр бирла топилар Аршга қадар йўл.
1326. Ўлимни унутма, тайёр тур доим,
Ўзингдан кетмагин, аслинг бил доим.
1327. Кўпга қўшилганда билиб айт сўзинг,
Бировлар уйида тийиб юр кўзинг.
1328. Сарфинг киримга бўлсин мутаносиб,
Айтган сўзинг ҳам ўзингга муносиб.
1329. Ёлғон айтма, гарчи ёлғон тўқирсан,
Шу ёлғон туфайли сен хор бўлурсан.
1330. Кариндош уруққа яқин бўлиб юр,
Каттаю кичикка доим кулиб тур,
1331. Нон-тузинг қизғанма, эл-юртга едир,
Киши айбин кўрсанг очмагин, яшир.
1332. Ибодатга мойил бўл, Ҳаққа топин,
Гуноҳдан йироқ бўл, ўзинг асрагин.
1333. Давлатинг кўпайса, кибр қилмагин,
Фақат яхшилик қил, ёмон бўлмагин.
1334. Берилма дунёга ўтару кетар,
Ишонма давлатга, тез қариб йитар.
1335. Ҳаётга инонма, туш каби кечар,
Бахт омонат — қувонма, қушдек учар.
1336. Умрингни зое этма, яхшилик қил,
Ўтар кундан неки керак ола бил.
1337. Ичма, чекма, фасодчи бўлма асло,
Знно қилма, бўлма ҳеч фосиқ, расво
1338. Бу икки нарсадан бахт-иқбол қочар,
Кишига хор-зорлик йўлини очар.
1339. Не дер эшит, синалган киши сўзин,
Синалганлар яхши билар иш кўзин:

1340. Май ичма, зинодан айлагин ҳазар,
Бу ишлар гадолик тўнин кийдирар.
1341. Май гуноҳга бошлар, юз қаро бўлгай,
Зинодан қочар қут, охират куйгай.
1342. Ойтўлди сўзин бўлиб деди: Эй ўғлим,
Ёдда тут, зарур гапим айтиб бўлдим.
1343. Дилда борин баён этдим бир сидра,
Амал қилсанг камлик кўрмайсан сира.
1344. Айтган гапларимнинг номи насиҳат,
Ёдда тут, қилиб ол қалбингга дастхат.

ЙИГИРМА УЧИНЧИ БОБ
ОЙТЎЛДИНИНГ ЭЛИГГА ВАСИЯТНОМА
ЁЗГАНИ БАЁНИ

1345. Қалам олиб ва ўйлаб оқилона,
Худо номи бирла битди бир нома.
1346. Сўзининг аввали бисмиллоҳ эрур,
Яратган, ўстирган, авф эгасидир.
1347. Яратди инсону минглаб тирик жон,
Ризқ берар, оч қўймас бирин ҳеч қачон.
1348. Истаса яратар, не истар мавжуд,
Хар не қилди истак-ла бўлди вужуд.
1349. Жорийдир хоҳиши ҳаммага бирдек,
Ҳеч ким лозим эмас кўмак бергудэк.
1350. Ўлиш-чун яралган бу сонсиз маҳлуқ.
Тирик жон ўлади, Унга ўлим йўқ.
1351. Суюкли расулга мендан минг салом,
Етказсин меҳрибон Худойим мудом.
1352. Унинг барча асҳоб ёрларига ҳам,
Саломим камайтмай, етказсин Эғам.
1353. Кўп ййллар яшагин, эй бахтиёр хон,
Кўп элга ҳоким бўл, суравер даврон.
1354. Отим Ойтўлди, тўлмоқ одат эди,
Тўлинлик тугади, шум ўлим еди.
1355. Ўлим жарчиси келди, ёқамдан олди,
Қочарга жойим йўқ, тинчим йўқолди.
1356. Кўп сийладинг, иноятлар кўрсатдинг,
Кетмоқдаман етмай хизмат фурсати.
1357. Лутфингга жавобан битдим панднома,
Ўқисанг топасан ундан кўп маъно.
1358. Дунё ишларида дўсту ёр эдим,
Хизматинг сидқидил бажарар эдим.
1359. Меҳримнинг исботи ушбу номадир,
Дунё ишида керак пандномадир.
1360. Оқил айтар: Меҳрнинг йўқ мезони,
Меҳрибонлик инсонийлик нишони.
1361. Меҳрибон зот ўгитига қулок тут,
Ўгит сенга овлаб берар давлат, қут.
1362. Меҳрибон киши кўп асилу меҳтар,
Сўзига амал қил, юксакка элтар.
1363. Бу сўзни айтгувчи сенга дўст, ёрдир,
Сўзимга амал қил, эй мард баҳодир.
1364. Ўлим пешвоз чиқди, қаттиқ ўкиндим,
Наф бермади бироқ сўзим, ўтинчим.
1365. Асқотди ибодат ва эзгу ишим,
Ўкинч бўлди барча ёмон қилмишим,
1366. Қолди олтин, кумуш, сонсиз қасабам,
Ҳисоб бермоқ бўлди энди насибам.
1367. Ўкинч ўртар, надоматдан фойда йўқ,
Эғам раҳматидан бўлак умид йўқ.
1368. Мен кетарман бугун ҳеч бир иложсиз,
Орқамдан борурсан сен ҳам шубҳасиз.
1369. Ажал етмай туриб кўзинг оч элиг,
Ишларинг тузатгин ишлатиб билиг.
1370. Таҳдид, зўрлик ўрнига яхшилик қил,
Тилу қўлла халқни севинтира бил.
1371. Соғ кезинг яхшилик уруғини соч,
Зар борида саҳоват эшигин оч.
1372. Нелар дер эшитгин тўғри сўз киши,
Ёшликдан хушёр, кўзи пишган киши.
1373. Ўлимга ҳозирлан ажал етмасдан,
Ибодат қил, умринг бекор ўтмасдан.
1374. Ажал келиб тутса ўкинч бефойда,
Қора ер қаърида доддан не фойда.
1375. Эй элиг, хушёр бўл сен мендан кейин,
Кунларинг зое қилмай Ҳақка сиғин.
1376. Аврамасин сени дунё давлат ила,
Барча ишларингда тўғрилик тила.
1377. Тўғри, одил низом туз, юрит уни,
Шунда ёруғ бўлгай албатта кунинг.
1378. Дунё деб ўтга, чўққа урма ўзинг,
Узиб нафс бўйнини, ол тандан ўчинг.
1379. Бу дунё бегисан, унга бўлма қул,
Сени тинч қўймаса, айла уни тул.
1380. Беҳуда ғурурланма, кибрланмагин,
Бу дунё ўткинчи, кўнгил бермагин.
1381. Кишилар яхшисин яқин тут ҳар он,
Ёмондан ҳазар қил, етар кўп зиён.
1382. Суқ кишига асло ошинг едирма,
Вафосиз кишига ишингни берма.
1383. Ибодатдан тинма, гуноҳдан сақлан,
Тоатдан бошқаси бермагай баҳра.
1384. Ўлимни ёдда тут, тадорикинг кўр,
Панадан чиққандек у ногоҳ келур.
1385. Қанча қочма ўлим қувиб етажак,
Қанча яшамагин олиб кетажак.
1386. Ғофил қолма, ўлимга бўлгин сергак,
Ҳар қанча яшама ер бўлар тўшак.
1387. Қани ким қутулди ўлимдан қочиб,
Қазо муддатидан яшаган ошиб.
1388. Олим яхши сўз айтган бунга мослаб,
Вақт, ҳаётни бир-бирига қйёслаб.

1389. Карвонга ўхшайди инсон ўғлони,
Манзилда кўп турмас, турганлар қани.
1390. Яралганда инсон ота зотида,
Оз муддат тинч яшар она қорнида,
1391. Онадан туғилиб, қўйилгач оти,
Йўловчи бўлиб минар даврон отин.
1392. Тунги ҳаловат, кундузги нон-тузи,
Ўлимга элтади, сарғайтиб юзин.
1393. Дунё бир қўналға, гўринг бир работ,
Бундан чиқсанг кутар нариги работ.
1394. Бу дунёда кутар сени икки йўл,
Ўзинг танла ундан қай бири мақбул.
1395. Йўлинг ўнгдан келса, тузалар ишинг,
Агар сўлдан келса, муштларсан бошинг.
1396. Дунё бир экинзор, эй элиг қути,
Ким экса ўради тириклик ўтин.
1397. Нима экса ерга шу нарса унар,
Неки берса албат қайтариб олар.
1398. Киши молин олма ҳамда тўкма қон,
Бу икки гуноҳдан азобланар жон.
1399. Бир тутам бу ҳаёт туш каби ўтар,
Хоҳ қул, хоҳи бег қайтмас бўлиб кетар.
1400. Қани у туш каби кечирган кунинг,
Афсус-надоматдир бу қолган кунинг.
1401. Нелар дер тингла хушёр тортган киши,
Хушёрликда минг бор ўкинган киши.
1402. Тиригингда тушдек ўткаэдинг фурсат,
Топган фойданг қани, нишона кўрсат.
1403. Орзу-ҳавас билан кечирдинг ҳаёт,
Умр ўтди, қолгани афсус-надомат.

1404. Дунёга алданма, кўп ўйла сокин,
Тириклик ўлимга жуда ҳам яқин.
1405. Бахилликдан сақлан, бўл саҳий, одил,
Саҳий деган ном мангу қолар, бил.
1406. Суворий, лашкарга инонма кўп ҳам,
Олтин, кумуш, қўшин фойдаси мубҳам.
1407. Ўзгалар деб ўзинг фидо айлама,
Ўзингаи қадрла, ўтга ташлама.
1408. Сендан аввал ўтган дунё беглари,
Ўтди-кетди, ўзин гўрга беклади.
1409. Энди сени пойлаб турар ўлиминг,
Вақтин кутар, ёруғ бўлсин ҳар кунинг.
1410. Не дер эшит дунё айбини билиб,
Сўз айтувчи ундан кўп ибрат олиб:
1411. Гўёки шўр сувдир бу дунё моли,
Ташналик босилмас, нам бўлмас тили.
1412. Эй ботир, бу дунё соя сингари,
Қочсанг қувар, қувсанг қочади нари.
1413. Дунёнинг ишлари мисли бир сароб,
Тутай деб қўл сунса йўқолар шу тоб.
1414. Элиг, ўзинг яхшиликка қил пайванд,
Беги яхши халқнинг толеи баланд.
1415. Халқ қўй кабидир, бег эса чўпон,
Чўпон бўлмоқ керак қўйга меҳрибон.
1416. Эшикка йиғилган талай оч бўри,
Эҳтиёт бўл, элиг, қўйингни қўри.
1417. Ғазабланма ишда, сен ўзингни бос,
Ғазабнок бўлса бег беглиги турмас.
1418. Қўпол сўзлама ҳеч, ширин қил тилинг,
Қўполлик-олов, ёқар инсон дилин.

1419. Сен мулойим, оғир-босиқ, ювош бўл,
Неки эзгулик бор уравергин қўл.
1420. Олдингда турибди узун йўл — сафар,
Оқиллар бу йўлга озиқ ҳозирлар.
1421. Сарой, қаср солма, эй элиг қути,
Тайёрдир сенга уй — қаро ер қати.
1422. Қолар баланд, кўркам қасру саройлар,
Қоронғу гўрда наф бермас дод-войлар.
1423. Не ҳожат хазина, бу олтин, кумуш,
Сенга икки газ бўз тегади улуш.
1424. Бунга монанд сўз айтди шоир тили,
Унинг сўзи очар ҳикматнинг йўлин:
1425. Ғофил одам дунё йиғишин қўймас,
Насиб этарми, йўқ, ўйлаб ҳам кўрмас.
1426. Орзуси ушалиб бойликка етар,
Тугайди тириклик, азиз жон кетар.
1427. Ҳузурга овунма, мағрур бўлма хон,
Овунч, ғурур ўтдек ўчади шу он.
1428. Умринг зое қилма бу дунё учун,
Бу дунё ўткинчи, машаққат учун.
1429. Шоҳи, ипак кийиб ўсган тананг, бил,
Охир қора тупроқ ёпинар, оқил.
1430. Шодликда яшадинг яйраб, овундинг,
Қора гўрда тупроқларга қорилгунг.
1431. Чарчоқ билмас йўрға отдан тушарсан,
Эгари йўқ ёғоч отга минарсан.
1432. Буни уқ, тайёр бўл ўлимга ҳар он,
Сўнгра ер қаърида ема пушаймон.
1433. Ҳар бир ишда Худодан тавфиқ тила,
Ўзи қўллар, берар қувват куч била.

1434. Яхшию ёмонлик келса бўл ризо,
Оғринма, бўйин эг, не бўлса қазо.
1435. Бўлай десанг икки дунё бошчиси,
Яқинлашма бу беш ишга яхшиси:
1436. Ҳаромга қўшилма, ишлатмагин куч,
Хусумат-ла тўкма қон, олмагин ўч,
1437. Фисқ-фасоддан йироқ тур, ичма шароб,
Бу нарсалар қилар беглигинг хароб.
1438. Тиласанг бегликка агар боқийлик,
Одил бўл, зулмни йўқотгин, элиг.
1439. Бугун юртга бошсан ва пушти паноҳ,
Оқил бўл ва элнинг ҳолидан огоҳ.
1440. Бўйинга ортилди, элиг, оғир юк,
Ғофил бўлма, хушёр тур, хулқи тузук.
1441. Тану жон бўлмоғинг истар нафсга қул,
Ўзинг асра, ўлсанг-да бундан қутул.
1442. Елдек ўтган ҳаёт мисоли бир туш,
Зое кетган умр учиб кетган қуш.
1443. Нобуд қилма энди бу қолган кунинг,
Ўзингдан кеч, шудир йўриғинг, йўлинг.
1444. Вафо қилмас асло бу дунё сенга,
Не вафо кўрсатди ўйлаб кўр менга.
1445. Нима дер эшитгин тадбирли киши,
Тадбиркорлар эрур эл-юртнинг боши.
1446. Бу дунё бир работ, сен эса карвон,
Ўйлаб кўр, работда турарми карвон?
1447. Мулк жамғармоқ маконидир бу дунё,
Топиб орттир, обод бўлсин у дунё.
1448. Кўчарсан, кўчларинг аввалроқ юбор,
Керагин ол, кераксизин ташлавор.

1449. Мен кетарман, ибрат бўлсин аъмолим,
Ғайрат қил, қолдириб кет яхши номинг.
1450. Ўлгувчи тирикка насиҳат қилур,
Жон қулоғи билан тингламоқ зарур.
1451. У дер: Ғофил бўлма, ҳаёт ғанимат,
Менинг ғофил ҳолим кўриб ол ибрат.
1452. Боқий бўлсин десанг беглигинг элиг,
Бир ишни қил, баъзисин қилмагулик.
1453. Адл устивор бўлсин, ишлатма куч,
Ҳаққа топин, унинг остонасин қуч.
1454. Ғофил бўлма, бўл доимо соғ, огоҳ,
Шунда ёғмас бошингга бало ногоҳ.
1455. Икки ҳолда қилма ҳеч қандай юмуш,
Ҳавас, ғазаб они тут сабр-ла иш.
1456. Шундай қилсанг элинг соғ, омон бўлар,
Юртинг тинч, фаровон, беглик қўл келар.
1457. Яхшини эъзозла, улуғлаб кўтар,
Ёмонни қув нари, элингдан кўтар.
1458. Ёмон низом тузма, одил бўл доим,
Кунинг яхши бўлгай, бахтинг ҳам қоим.
1459. Нелар дер машҳур, доно олим, англа,
Сўзларидан ўзингга керагин танла:
1460. Доно бошчи яхши низомлар тузар,
Ёмон низом тириклик уйин бузар.
1461. Ёмон сиёсат тутма, доно ҳаким,
Ёмонлик-ла ҳеч ким бўлолмас ҳоким.
1462. Ёмон низом тутган тирик чоғида,
Ёмон номи қолар фалак чархида.
1463. Ким агар яхши қонун барпо этар,
Унинг номи ўлмас, то абад кетар.
1464. Кимлигинг ёдда тут, эй доно, ҳар вақт,
Хушёр бўл, унутма, зотингни ҳеч вақт.
1465. Ёмон қилма хулқинг, эй қўли узун,
Ёмонни йиғлатар ҳар икки очун.
1466. Элга яқин бўлиб узайди илкинг,
Таассуфда кетар ҳаётинг, билгин.
1467. Дунё ўткинчидир, уни ўтди де,
Ўлим келгувчидир, етиб келди де.
1468. Аҳволимдан олгин ибрат, насиҳат,
Бугун тириксан, эртан чекма ҳасрат.
1469. Киши ўлса ундан бир мерос қолар,
Эй доно, бу сенга меросим бўлар.
1470. Суюкли эдинг сен, эй элиг, менга,
Фойдали меросни қолдирдим сенга.
1471. Инсонга фойдали мерос чин сўэдир,
Унга амал қилса, фойдаси юэдир.
1472. Мана битиб қўйдим сўзлар чинини,
Ёдда тут бу сўзни, унутма мени.
1473. Ҳаёт гаштин суриб нечоғли юрдим,
Қайтиш ўлим экан, оқибат кўрдим.
1474. Шубҳасиз ўлим бир кун етиб келар,
У барча тирикнинг жонини олар.
1475. Чорловчи пайт келар, шай турмоқ керак,
Узоқ йўл босишга ҳозирлик керак.
1476. Ўлимдан қутулмоқ имконсиз, билгин,
Охират юкин ол, ҳозирлик кўргин.
1477. Не дер эшит, оқ-қорани билган зот,
Ўлимин ўлишдан аввал билган зот;
1478. Ўлим навбати ўз пайтида келур,
Ҳозирлик кўр, сен ўлимга тайёр тур.
1479. Тиллодан камар тақиб ман-ман деган,
Қазо етгач, камарлари парт еган.
1480. Эй элиг, мана мен ўтадим ҳақинг,
Адо этдим сидқидилдан шафқатинг.
1481. Яхшиликларингга Ҳақ тавфиқ берсин,
Холис парвариш этдинг — бахтинг кулсин.
1482. Соғ бўл, ҳамиша, минг йиллар даврон сур,
Шод-хуррамлик, билан кўп элларни сўр.
1483. Фикрим айтдим қайнаб меҳрим сурури,
Хуш қол, соғ бўл доим, эй юзи нурли.
1484. Мана кетмоқдаман, эй элиг қути,
Қолар ёлғиз ўғлим — бағримнинг ўти.
1485. Топширдим Ҳаққа ёлбора-ёлбора,
Истаса сақлар у ёнар ўт аро.
1486. Тилагим шу, кўз-қулок бўлгин ундан,
Жой олмасин ёмонлар қаторидан.
1487. Ҳар ишга бир сабаб топади Эғам,
Изми унда яхши, ёмонликнинг ҳам.
1488. Ўғил-қизга сабаб отаю она,
Бузилса ҳам феъли, тузалса яна.
1489. Мен кетарман дунёга келмаган каби,
Етим қолар ўғлим ҳали ғўр, сабий.
1490. Ҳақи бор деб билсанг хизматим сенда,
Яхши йўлга бошла, ота бўл унга.
1491. Ташлаб қўйма, ўргат касб-ҳунар, билиг,
Билим фазли-ла бўлсин элга илик.
1492. Хулқи яхши бўлсин, топсин йўлин туз,
Хизматга ярасин, бўлсин ёруғ юз.
1493. Бўш қўйма уни, қаттиқ тергаб тут,
Қаттиқ тутилса фарзанд топади қут.
1494. Фарзанд ёшлигида неки ўрганса,
Унутмас уни то қариб ўлгунча.
1495. Не дер эшит, кекса билоғон киши,
Синаб уққан, билиб сўзлаган киши:
1496. Фарзандни ёшлигида қил илмга банд,
Ёшликда илм олганнинг қўли баланд.
1497. Лозим бўлса: фарзандни аямай ур,
Калтак ўғил-қизга билим ўргатур.
1498. Ёшликда ўрганса фарзанд нимани,
Қариб ўлгунича унутмас уни,
1499. Номани тугатиб, имзо чекди у,
Пандномани ўғлига тутқаэди у.
1500. Айтди: Элигга бер, асра, йўқотма,
Ўғлим, меросим шу васиятнома.
1501. Номам ўқиб сўзимга амал қилсин,
Ўлимга шай бўлиб ишини қилсин

1502. Чуқур хўрсинди у боқиб ўғлига,
Деди: Оғишмай юр Ҳақнинг йўлига.
1503. Меҳрин изҳор этди ўғлини ўпиб,
Бағрига босди уни кўз ёш тўкиб.
1504. Деди: Ўғлим, аҳволимга разм сол,
Кўр, инсон не ҳолга тушади алҳол.
1505. Сенга ҳам келажак шубҳасиз бу кун,
Ғофил бўлма, охир ўласан бир кун.
1506. Зарур сўзларимни айтдим мен сенга,
Қулоққа қуйиб ол, дуо қил менга.
1507. Вақти келиб элиг йўқлатса сени,
Сидқидил хизмат қил, қадрла уни.
1508. Беҳуда санқима, югурма бекор,
Хулқинг тузат, хушфеъл, тўғри бўл минг бор.
1509. Кеч ётса у кеч ёт, тур эрта саҳар,
Саҳар турган кишининг бахти чопар.
1510. Худонинг буйруғин азиз бил, азиз,
Жонинг бериб элиг хазматин қил тез,
1511. Ёмонга қўшилма, нари тур чандон,
Феълинг тузат, яхшилик қил ҳар қачон.
1512. Тилга эҳтиёт бўл, саломат юргунг,
Ўзингни асрагин, тинч-омон бўлгунг.

1513. Сўзин бўлиб яна ўғлини қучди,
Ёш тўкди, тилидан надомат учди.
1514. Деди: Ишончсиз дунёи бевафо,
Нечун қилдинг менга бунчалар жафо.
1515. Ноз-неъмат-ла парвариш топган жоним,
Қаро ерга кирар кўрку жамолим.
1516. Онадан қай аҳвол туғилдим у кун,
Кетарман ҳасратда ялонғоч бу кун.
1517. Не дер эшит ўлими аниқ киши,
Қазодан ўкинган, ҳоли танг киши:
1518. Қориндан чиқардинг, қоринга кирар,
Шакар еган танни илонлар еяр.
1519. Эсиз ўтган умрим, эсиз тириклик,
Афсус-надомат-ла гўрга киргулик.
1520. Ақлин йиғиб, бас қилди у йиғини,
Улашмоқни буюрди мол-мулкини.

1521. Розилик тилади яқинлардан ул,
Олар бўлди жони яшил кўкка йўл.
1522. Кўзин кўкка тикди, кўтарди қўлин,
Шаҳодат-ла сўздан қолдирди тилин.
1523. Ёруғ жон узилди, қораиди куни,
Ҳақ номи-ла тўхтади сўнгги тини.
1524. Покиза руҳ учди яшил Арш томон,
Қуруқ жасад қолди, чиқиб кетгач жон
1525. Туғилмаган каби йитиб кетди жон,
Номи қолди жаҳонда бўлиб нишон.
1526. Не дер, эшит, кўнгли тўғри киши,
Ғафлат уйқусидан уйғонган киши:
1527. Жасаднинг макони қора лаҳаддир,
Покиза руҳ учун Арш сарҳаддир.

1528. Қуруқ жасад қолар жон чиқса ногоҳ,
Қайга боришини билар бир Оллоҳ.
1529. Жойи юксак бўлса, бахтдир, эй қутлуғ,
Тубан кетса агар, фалокат-йўқлуғ.
1530. У икки қисматдан бирини топар,
Икки ҳолда ҳам ўлмас, мангу қолар.
1531. Нечоғли заифдир бу инсон зоти,
Сўзи, умри тугар, лек қолар оти.
1532. Қаердан келар у ва қайға борар,
Қаерда турар у ва қайда юрар.
1533. Билимли биларми, не дер бу ҳақда,
Ақлли уқарми не кечмиш ҳаётда?
1534. Бирон доно йўқдир буни уққувчи,
Фақат бир Яратган сирин билгувчи.
1535. Белгисиз юради, гоҳо еб, ичар,
Кўзга кўринар гоҳ, нишони ўчар.
1536. Кўп қисқа умр кўрар бу инсон ўзи,
Ташвиши кўп, баландпарвоз тил, сўзи.
1537. Боқ, инсон нақадар эрксиз ва заиф,
Нега ёмонлик-ла кеккаяр, ажиб?
1538. Дунёнинг ўткинчи эканин билиб,
Нечун кўксин керар қоя тош бўлиб?
1539. Не дер эшит, дунёни кўрган киши,
Ўлим ҳақлигин англаб етган киши:
1540. Қйёсинг йўқ шафқатсиз, ёвуз ўлим,
Минглаб қурол, ашъё тўсолмас йўлинг.
1541. Барчага тенгдирсан, қутулмас бири,
Ёмону яхшига бирдек сен бўри.
1542. Бўларди олимлар яшаса шодмон,
Соз бўлар ялпи ўлса барча нодон.
1543. Яхши, ёмон қолмас, батамом ўлар,
Каттами ё кичик қора ер тўлар.

1544. Ўлимдан қочишга йўқ бирон имкон,
Хар канча яшама келар бегумон.
1545. Яхши айтмиш элга бош бўлган киши,
Ишини уқув-ла ишламиш киши:
1546. Не яхши иш эди ўлим бўлмаса,
Не яхши иш бўлар инсон ўлмаса.
1547. Мангу фароғатга етказар ўлим,
Ҳаёт томирини узгувчи ўлим.
1548. Одам эмас, одамгарчилик эсиз,
Ўлим ҳақ, лек хислат — фазилат эсиз
1549. Нажот йўқ ўлимга, туғилган ўлар,
Туғилмоқ, ўлмоқ бор, қаро ер тўлар.
1550. Шудир кўҳна олам азал удуми,
Амал қил ё ўз майлига қўй уни.

ЙИГИРМА ТЎРТИНЧИ БОБ
КУНТУҒДИ ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА
ПАНД- НАСИҲАТ ҚИЛГАНИ БАЁНИ

1551. Элиг кўп мотам тутди Ойтўлдига,
Сўнг панду насиҳат қилди ўғлига.
1552. Деди: Эй ўғил, чекма ортиқча ғам,
Ғамдан сўнг келади албат шодлик ҳам,
1553. Бу мусибат етмади фақат сенга,
Беадад дарду алам, бўлди менга.
1554. Руҳингни туширма, ўзингни овут,
Ёнимда ҳамдам бўл, хизматимга ўт.
1555. Отанг ўлган бўлса, отаман сенга,
Оталик қилайин ўғил бўл менга.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1556. Ер ўпиб Ўгдулмиш деди: Эй элиг,
Юртга ҳоким бўлиб, кўп йил бўл тирик.
1557. Ўстирган хизматчинг, содиқ қулингман,
Жону тан-ла сенга фидо бўлгум ман.
1558. Отам жони бўлди элига фидо,
Фидо этсин сенга бу қулни Худо.
1559. Ота номасини олди Ўгдулмиш,
Одоб билан уни элигга тутмиш.
1560. Хатни ўқиб элиг деди: Эҳ аттанг,
Ташлаб кетди не зот, ҳолим этиб танг.
1561. Деди: Эй меҳрибон, инсон кўрк, қўри,
Ҳувиллатиб кетдинг уйимнинг тўрин.
1562. Тиригингда адо этдинг ҳақимни,
Ўлар чоғинг яна единг ғамимни.
1563. Ҳақинг ўтолмадим, рози бўлгин сен,
Эгам ёрлақасин, ўзи қўлласин.
1564. Сендан рози, хурсандман бу кун,
Шод этсин охаратда Эгам тун-кун.
1565. Тўкиб ёш сўзини элиг қилди бас,
Дарду алам чекиб, ўртанди абас.
1566. Кўнгли чўкиб, олам тангу тор бўлди,
Оламдан узилди, ғамга ёр бўлди.

1567. Отаси-чун эҳсон қилди Ўгдулмиш,
Йўқсилларга улашди олтин, кумуш.
1568. Шу зайил улашди отанинг дардин,
Яхшиларни қилди ўзига яқин.
1569. Ота пандин тутиб ёришди кўнгли,
Бахти чопиб мудом ёришди куни.
1570. Не дер эшит оқилу доно киши,
Кўп савдолар кўрган, билган юрт ишин:
1571. Отанг пандини сен қаттиқ тут, қаттиқ,
Кунинг қутли бўлар, емишинг тотлиқ.
1572. Хурсанд қилсанг агар ота-онани,
Топарсан тоғ каби улкан фойдани.
1573. Элиг ҳам ишига қаттиқ киришди,
Эзгу қонун юритмоққа тиришди.
1574. Юрти обод бўлди, тузалди эли,
Элигни, дуо қилди халқнинг тили.
1575. Холи қолди бир куни элиг ўзи,
Хаёл суриб, узоққа тикди кўзин.
1576. Муаммолар бисёр, ақли етмади,
Ечимин сўрашга киши топмади.
1577. Эслади Ойтўлдининг ардамларин,
Деди: Пешвоси эди одамларнинг.

1578. Салтанат кўрки, яхши дуст, ёр эди,
У бош ишдан элга кўп наф бор эди.
1579. Ўрни бўш қолди, барбод бўлди ишим,
Рўзғорим бутлашга қани бир киши.
1580. Ногаҳон Ўгдулмишни хотирлади,
Нечун яхши ишни унутдим, деди.
1581. Менга қолдирган-ку ўғлин Ойтўлди,
Не сабабдан омонат унутилди.
1582. Ота ўлди, қўйиб кетди ўғлини,
Бирини йўқотдим, тутай бирини.
1583. Ўгдулмишни чорлади тез саройга,
Хизмат топширмоқ-чун қараб райига.
1584. Ўгдулмиш етиб келди шаҳдам юриб,
Элигга кўринди кувончга тўлиб.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

1585. Элиг кўргач, дарҳол чорлади уни,
Деди: Не кўйга солди фалак сени.
1586. Қандай кечмоқдадир ростин айт кунинг,
Тўғри яшадингми ё эгри йўлинг?
1587. Замона не қилди отангдан кейин?
Шодмисан ё эзилдинг ғам-қайғудин?

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1588. Сенинг хизматингдан четлатиб қўйди,
Замон юз ўгирди, қовоғин уйди.
1589. Кўпдан буён қутлуғ юзинг кўрмадим,
Ҳасрат чекиб юрдим, зинҳор қулмадим.
1590. Элиг сен чорлагач номим этиб ёд,
Умид камарини сирдим бўлиб шод.
1591. Эшитгач улуғ хоннинг ёрлиғ сўзин,
Хушвақт бўлдим, нурларга тўлди кўзим.
1592. Элиг турли илмдан имтиҳон этди,
Ўгдулмиш батафсил жавобин айтди.

ЙИГИРМА БЕШИНЧИ БОБ
ЎГДУЛМИШНИНГ КУНТУҒДИ ЭЛИГ
ХИЗМАТИГА КИРГАНЛИГИ БАЁНИ

1593. Элиг айтди: Бундан буён, эй ўғил,
Менинг хизматим қил, чўктирмай кўнгил,
1594. Отангнинг хизмати кўп сингган эди,
Ўталмаган қарзи зиммамда эди.
1595. Бу қарзни қайтармоқ керакдир сенга,
То юртда хунук гап тегмасин менга.
1596. Нелар дер Уч урда* беги англагил,
Билиб айтар гапин, ишлатиб ақл:
1597. Бировнинг меҳнати сингса билгулик,
Унутма уни сен бамисли ўлик.
1598. Тарк этма одамийлик, эй асл зот,
Одамга одамийлик қил ҳамма вақт.
1599. Биров меҳнат сингдирса агар сенга,
Албат ундан ортиқ жавоб қил унга.
1600. Одамийлик билан ном топар инсон,
Одамийлик билан қозонади шон.
1601. Мол деган ном олма, одамийлик қил,
Одамга одам бўл, окибатни бил.

[*] Уч урду — турк қабилаларидан бирининг номи

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1602. Ер ўпиб Ўгдулмиш деди: Эй хон,
Шоҳ эътибори яхшиликдан нишон.
1603. Сен улуғ бегимсан, мен хизматчи қул,
Бег қадрлар хизматкорин кўрса мақбул,
1604. Истасанг қадрла ва ё этгин хор,
Жоним фидо этиб айладим нисор.

1605. Саройни тарк этди бўлиб шодумон,
Йўл олди оҳиста уйига томон.
1606. Ўгдулмиш хизмат камарин боғлади,
Барвақт туриб ўз юмушин бошлади.
1607. Туну кун хизматдан ҳеч оғишмади,
Посбонликни роҳатга алишмади.
1608. Маъқул кўрса, агар хизматин элиг,
Унга очилгайдир ҳар кандай эшик.
1609. Нима дер эшитгин хизмат қилгувчи,
Хизмат бирла давлат отин мингувчи:
1610. Эй беглар шодлигин истаган киши,
Улар хоҳишича қилгин сен ишин.
1611. Бегига номақбул иш қилса ходим,
Ўзини айбласин, вой бўлар ҳоли.
1612. Бегига номақбул иш қилса агар,
Топган тириклиги беҳуда кетар.
1613. Боқ, элиг Ўгдулмишни тутди яқин,
Баён этди ишларнинг йўл-йўриғин.

1614. Маюс бўлиб элиг деди бир куни,
Во дариғ! Йўқотдим комил кишини.
1615. Бунда жамдир одамларнинг ҳар хили,
Лек топилмас ишга яроқли бири.
1616. Сенсиз ишим барбод, йўқдир билгувчи,
Қани у куюниб ишим қилгувчи.
1617. Нима дер эшитгин синалган киши,
Синаб яхши-ёмонни билган киши:
1618. Истаса орзуга етади инсон,
Йўқ яхшига сарвар топмоққа имкон.
1619. Бош кўтариб юрган кўп бинойидек,
Лек йўқдир ишониб инсон дегудек.
1620. Кишига керакли, яроқлиси йўқ,
Элга нафи тегар йўриқлиси йўқ.
1621. Нелар дер эшитгин бу шеър айтгувчи,
Сўзин маъно бирла тузиб айтгувчи:
1622. Юрганлар ичида яроқлиси йўқ,
Борининг дунёда туроқлиси йўқ.
1623. Хизматчи саноқсиз — бундан кўнгил тўқ,
Лек изласанг бирон фойдалиси йўқ.
1624. Элиг айтди: Масалда шундай келар:
Уруғли киши ўлса, уруғи қолар.
1625. Ерга нима эксак албат шу унур,
Ота феъли фарзандида кўринар.
1626. Ойтўлдининг ўғли ота ўғлидир,
Ота ўтди, ўрни ўғил ўрнидир.
1627. Ота ўтди, ўрни қолди қуруқ, бўш,
Ўғил бурчи шу бўшлиқни тўлдириш.
1628. Тарбият этай, бўлсин яхши киши,
Яхши бўлса бўлар фойдали иши.
1629. Ёқиб қолгани менга аён тўлиқ,
Ёшлигидан бўлак бирон айби йўқ.
1630. Ном қозонган киши яхши сўз айтган:
Ёши улуғ элнинг сараси экан.
1631. Ҳиммат-ла беглар улғайтса бир кишин,
Кўпга бош бўлар у бегидан кейин.
1632. Яқин тутса беглар ўзига кимни,
Албат топар у ҳожат, тилагини,
1633. Агар боқса беглар бировга кулиб,
Яхшилар ёнига келар жам бўлиб.

1634. Элиг айтди: Топай тадбиру омил,
Вояга етказай эр қилиб комил.
1635. Шу зайил ўтайин оталик ҳақин,
Кўрсатай оқибат ва тутай яқин.
1636. Ойтўлди хизмати сингди бир талай,
Ўғлига оқибат қилиб қайтарай.
1637. Оқибат деганим эрур эзгулик,
Меҳру шафқат, бермоқ кийим, егулик.
1638. Яхшиликни унутмас ҳеч асл киши,
Кўнгил олмоқ мушкулнинг мушкул иши.
1639. Нима дер эшитгин қарилар сўзин,
Сўзига амал қил, унутма қўзи:
1640. Яхшилик қилавер, эй яхши киши,
Яхшилик унутилмас, мангу ёши.
1641. Яхшилик қаримас, шу бўйи қолар,
Умри боқий, номи ҳеч ўчмас бўлар.

1642. Юксак қадрлади элиг Ўгдулмишни,
Ишониб топширди барча юмушни.
1643. Мартабасин оширди айлаб эҳсон,
Йўлга тушди қонун, ёр бўлди замон.
1644. Тузалди ички иш, қонун, сиёсат,
Тилсимлар эшиги очилди абад.
1645. Нуқсони — фазилат, айтгани чин сўз,
Элигга ҳамиша дастёр, қулоқ, кўз.

1646. Элиг айтди: Йўлга тушди бор ишим,
Юрт ичи, сиртидан йўқдир ташвишим.
1647. Тадбири бор эди бунинг муқаррар,
Бу юкни бир элиг зиммага олар.
1648. Оқибат топилди исталган киши,
Яна камол топар улғайгач ёши.
1649. Бўладиган бола, ҳар қандайин жон,
Ёшлигидан маълум, бор барча нишон.
1650. Ўқи, бу байт бунга жуда мос келар,
Гар уқсанг маъноси очилаверар.
1651. Яроқли нарсанинг бўлар белгиси,
Ёшликдан улғайгунча билингуси.
1652. Дарахтнинг меваси гулидан маълум,
Бу – ибрат, бу – ўгит, доно муаллим.

1653. Астойдил киришди ишга Ўгдулмиш,
Куну тун тинмади битмаса юмуш.
1654. Камчилик, қусурин йўқотди буткул,
Кўп эзгу ишларга қўрқмай урди қўл.
1655. Ташвиш ариб, элиг хотиржам бўлди,
Кўнгил тўқ, юрт обод, халқи бой бўлди.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

1656. Чорлаб элиг Ўгдулмишни бир куни,
Бир-бирлаб баён этди билганини.
1657. Сўнгра айтди: Қулоқ тутгин, эй ўғил,
Сўз айтай тинглагин, бўлмасдан кўнгил
1658. Кишига фойдали нарса нимадир?
Айтиб бер, фойдаси унинг недадир?

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1659. Жавоб бериб айтди Ўгдулмиш: Бегим,
Сен элнинг аълоси, сенда бор билим.
1660. Инсонга зарурдир икки оламда,
Яхши феъл, гўзал хулқ бўлсин одамда.
1661. Сўнг шарм-ҳаё ҳамда ростгўйлик зарур
Шу учи-ла инсон бахтиёр бўлур.

1662. Хулқи яхшиларни эл-юрти севар,
Феъл-атвори яхшилар тўрга чиқар.
1663. Ярамас ишлардан тияр шарм-ҳаё,
Уятсизлик эрур дарди бедаво.
1664. Гар инсон шарм-ҳаёли, ростгўй эрур,
У икки дунёда бахтиёр бўлур.
1665. Ростгўйлик, шарм-ҳаё ҳамда яхшилик,
Бирлашса учи бўлар хурсандчилик.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

1666. Яна айтди элиг: Маъқулдир бу сўз,
Нима у кишига фойдасиз, ёвуз?

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1667. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Элиг,
Бу сўзга ишлатсин ақл ҳам билиг.
1668. Кишига бефойда, бутунлай зиён,
Келтирар уч нарса, эй қудратли хон,
1669. Бири — қайсарлик, бўлса феъли ёвуз,
Яна бири — айтса доим ёлғон сўз.
1670. Бири бахилликдир, кишин хор этар,
Бу уч нарса илмсиз кишидан келар.
1671. Киши қайсар бўлса ва феъли ёмон,
Барча иши акс бўлади ҳар қачон.
1672. Ном қозонса кимки ёлғони билан,
Обрў топмас ҳар не қилгани билан.
1673. Бахилликдан ортиқ ёмон нима бор,
Емай-ичмай йиғар, бировга қолар.
1674. Бахил ҳакида билим нима дер уқ,
Эй бахтсиз, бечора, эй қўли юмуқ.
1675. Йиға билдинг олтин, ея билмадинг,
Олтин ёвдир нечун элга бермадинг?
1676. Мод-дунё йиғиб емайдиган киши,
Егувчи тайёрдир, ҳозирла ошин.
1677. Бу уч иллат кимда бўлса бахт кетар,
Бу уч иллат унинг намин йўқотар.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

1678. Элиг яна айтди: Эшитдим буни,
Яна бир гапим бор, шарҳ этгин уни.
1679. Доно туғиларми онадан киши?
Ёки ўрганарми етилса ёши?

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1680. Жавоб берди Ўгдулмиш: Элиг қути,
Билим билан ақл фазилатнинг оти.
1681. Билимсиз туғилар, низом ўрганар,
Киши билим олгач, иши ўнгланар.
1682. Инсон дунёга илм-амалсиз келар,
Билиб ўргангач, албат тўрга чиқар,
1683. Уқув шуки, ўрганолмас ҳеч одам,
Мижозига қўшиб яратар Эгам.
1684. Ақлидан бўлак барча ардамларин,
Ўрганиб оширади у илмларин,

1685. Бу сўзни эшитиб суюнди ҳоқон,
Деди: Ниятимга етдим ушбу он.
1686. Отасин йўқотган эдим, бу ўғил,
Ота ўрнин босди, топиб яхши йўл.
1687. Худонинг шукри-ла тилимни безай,
Яхшилик қилай халққа, одил бўлай.
1688. Меҳр-оқибатли кўрдим Ўгдулмишни,
Фаҳму фаросат-ла бошлади ишни.
1689. Яхшиликка яхшилик қилмоқ савоб,
Унинг яхшилигига бўлсин жавоб.
1690. Не дер эшит, доно, мўътабар киши,
Элнинг сараси-ю, пешқадам киши:
1691. Ким одамийлик қилса, оқибат қил,
Одамийликка тенг жавоб айлагил.
1692. Одамийлик ҳақи вафога вафо,
Яхши ном қозон, тўғри бўл, қил вафо.
1693. Қадрлади элиг уни кундан-кун,
Шуҳрати ёйилди эл-юртга бутун.
1694. Эл ичра юксалди ному нишони,
Дуо бирла донғи тутди жаҳонни.
1695. Тенг тушлари аро аталди улуғ,
Беглар орасида баҳодир, қутлуғ.
1696. Тил, кўнглин кичик тутди, феълини соз,
Аҳилликда кун, ой кечди сарафроз.
1697. Кўнглин очиқ, ширин қилди тилини,
Забт этди узоқ-яқин халқ дилини.
1698. Ёр-биродар топди ва бўлди қўлдош,
Уларнинг нафи кўп, доимо йўлдош.
1699. Кимнинг таянчи бор, у кучли бўлар,
Ким кучли бахт-тахти устивор турар.
1700. Бахтга хўп муносибдир очиқ кўнгил,
Донога кўрк, чирой камтар бўлса ул.
1701. Ғоят яхши айтмиш бу оқил киши,
Кимки амал қилса юришар иши:
1702. Кимга давлат кулиб боқса толеъдан,
Камтар бўлиб қувонсин иқболидан.
1703. Агар келса давлат кишига кулиб,
Маҳкам тутсин уни кичик феъл бўлиб.
1704. Бахт ниҳол кабидир аршда илдизи,
Оқ кўнгил, ювошлик асос — негизи.
1705. Яхши бўлар камтар, мулойим киши,
Кўрки ортар, ривож топади иши,
1706. Такаббур, гердайган ярамас бўлар,
Кибр-ҳаво кун сайин юз тубан қилар.
1707. Бахт юзланса ҳаммага хўп ярашар,
Оқилга юзланса беҳад мос тушар.
1708. Бунга монанд ушбу байтни ўқигин,
Эй сахий, ўқи-ю, маъносин уққин.
1709. Билимсизга давлат ярашса келиб,
Донога ортиқроқ ярашар кулиб.
1710. Қарор топса нодонга келиб давлат,
Донони мос кўрар ҳар жиҳат албат.
1711. Гар нодон давлат билан шуҳрат топар,
Донога ярашар, у кулиб боқар.
1712. Нодонга келар бўлса давлату қут,
Давлат унда қарор топиб, турмас бут.
1713. Бунга далил-исбот бўлар ушбу сўз,
Сен уни англигин, аё кўнгли туз:
1714. Бахт келар кишига, уни қадрлар,
Қадр унга эш бўлиб, табаррук қилар.
1715. Нодонга юз бурса гар давлату қут,
Емай асрар — ҳаловат бўлар унут.

1716. Синаб кўрди элиг Ўгдулмишни,
Маъқул топди қилган барча ишини.
1717. Қадрлади беҳад юксак кўтариб,
Сўнг пастга урди бирдан тўнкариб.
1718. Қадрли кез кимсани ранжитмади,
Хор бўлганда хизматин кам тутмади.
1719. Элиг ишончин топди таянч бўлиб,
Хазинани топширди кўнгли тўлиб.

1720. Зиммага олди у улкан омонат,
Жон фидо бўлсин ким олса омонат.
1721. Иш тутди Ўгдулмиш ҳақгўйлик билан,
Кун сайин яқин тутди хон меҳр билан.
1722. Йўриқ топиб бажарди ҳар ишни у,
Мол-мулкни сарҳисоб этиб қўйди у.
1723. Бегин авайлади, ўзи парҳезкор,
Хизматда хиёнат қилмади зинҳор.
1724. Нима дер эшитгин ким улуғ ёши,
Ҳаётда парҳезкор, чин етук киши:
1725. Олтин, кумуш инсон учун қадрли,
Ўзин тута билган ундан қадрли.
1726. Ким ўзин бойликка асир этмагай,
Дунёда ҳақиқий бахтга у етгай.
1727. Донишманд ўгит берди, ўйлаб кўргин,
Софдил, чин киши топсанг кўзга сургин
1728. Бу ҳакда оқил гапи дуруст эрур,
Меҳрибонга жон фидо этса бўлур.
1729. Кимдир асли тўғри деб аталгувчи,
Омонат чоғи адолат қилгувчи.
1730. Лашкар аро қайси бири етук эр,
Феъл-атвори яхшини киши мард дер.
1731. Одаминг қай бири олқишга арзир,
Сахийга мақтову бахилга таҳқир.
1732. Одамзот бечора, қисмати оғир,
Тинмай йиғади-ю, еёлмас охир.
1733. Биров тинмас югуриб, олам кезар,
Биров жондан кечиб денгизга кирар.
1734. Бировнннг меҳнати сингса тўлиқ,
Хизматин унутма бамисли ўлик.

1735. Биров улкан қоя, тоғни қазади,
Биров ер қулочлар, яёв кезади.
1736. Бировлар тоғ ошиб, дарёлар кечар,
Бировлар ер қазиб, зилол сув ичар.
1737. Биров қилич, болтага кўксин тутар,
Биров қўриқчи бўлиб куни битар.
1738. Бири ўғри, йўлтўсар, маккор, ботил,
Бирови босмачи, қароқчи, қотил.
1739. Бу заҳматлар ҳою-ҳавас, нафс учун,
Эсин йиғмас, ўзин қийнар не учун.
1740. Бу бари нодон киши қилиғидир,
Нодон киши бамисоли йилқидир,
1741. Худога ишонган билимдон киши,
Казоси етгунча тўлиқ ер ошин.
1742. Қулоқ сол, у тамкин, оқил нима дер,
Барча тирик жонни хўп кузатган эр:
1743. Хоҳ ётгин, хоҳ тинмай дунё кез, югур,
Қисматда не бўлса шу улуш тегур.
1744. Тилинг ва дилингни тўғри тут, оқил,
Ризқнинг ўлчови бор, камаймайди, бил.
1745. Ким истаса бойлик, дунё олқишин,
Одамийлик бирла қилсин ҳар ишин.
1746. Бўлмоқни истаса дунёга ҳоким,
Одилу андишали бўлсин ҳар ким.
1747. Яна яхши айтмиш заковатли эр,
Оламни адл бирла қўлга олган эр:
1748. Бу дунёда бойлик истасанг ўзинг,
Тўғри бўл доимо, тўғри қил сўзинг.
1749. Қўлга кирсин десанг агарда олам,
Кўнгил, тил, ўзингни тузатгин одам.

1750. Кўр, элиг, қандай кечар инсон куни,
Тўғри ўтса, нурга тўлдирар уни.
1751. Тўғрилик, покликни эт ўзингга эш,
Инсофу тавфиқ-ла қилгин доим иш.
1752. Бахти чопди Ўгдулмишнинг кундан-кун,
Халққа фармон берди, тинглади сўзин.
1753. Ҳар ишда элиг уни синаб кўрди,
Етук камолатидан кўнгли тўлди.
1754. Ишонди Ўгдулммшга элиг тўлиқ,
Кўрди хулқ-атворда каму кўсти йўқ.
1755. Қулоқ сол билимдон олим нима дер,
Уқиб эг бўйинни, аё жоҳил эр:
1756. Бег қулни кузатиб туриши керак,
Аслин синаб иш буюриши керак.
1757. Бегига хуш келса агарда қули,
Очилгай унга лутфу карам йўли.
1758. Иш — тилакча, хизматчи олқиш олар,
Ходим мақталса, бег шуҳрат қозонар.
1759. Ҳар бир ишга ақли, билими етгай,
Яғмо* беги бу ҳақда яхши айтган:

[*] Яғмо- турк қабилаларидан бирининг номи

1760. Бег ишинг иш кўзин билгувчига бер,
Яроқли, туз йўлдан юргувчига бер.
1761. Қаю бег яроқсизга берса ишин,
Яроқсиз ўзидир, на бошқа киши.
1762. Толеъин баланд қилса кимнинг Эгам,
Берар яроқли, софдил хизматчи ҳам.
1763. Улуғни пастлатиш истаса агар,
Унга ёлчитмас бир хизматчи берар.
1764. Бу нодон ёқар шундай офат ўтин,
Бузилар иш, оламни қоплар тутун.

1765. Элиг Ўгдулмишга қилиб эҳтиром,
Вазирлик, бор ишни берди батамом,
1766. Барча элга қилди узун кўлини,
Дастин узун қилди, бийрон тилини.
1767. Бериб муҳр, анжом, қўшин, от ва тўн,
Қадрлаб бахтини айлади бутун.
1768. Ҳиммат кўрсатиб берди ёрлиқларин,
Яхши сўз айтиб, элиг тутди яқин.
1769. Саройдаги кичигу улуғ ходим,
Бажонудил совғалар этди тақдим.
1770. Жамъики ходимлар кўринди келиб,
Ҳадя тутди таъзим бажо келтириб.
1771. Юргизди у одил сиёсат, қонун,
Яхшиларни қадрлаб айлади мамнун.
1772. Халққа келган жабру зулмни даф этди,
Ёмон қусурдан ўзин фориғ этди.
1773. Адолат қарор топиб, гуллар эли,
Юрт — собит, эл — содиқ, хотиржам дили.
1774. Суйгувчи ортди беҳад, суймас ёғи –
Элин ташлаб қочди, топталди туғи.
1775. Ҳузур топди элиг, ариди ташвиш,
Ҳаёти — фароғат, шод-хуррам юриш.
1776. Бундай манфаатлар билимдан келар,
Заковатли, илми, зийракдан келар.
1777. Нечук мадҳ этилмас ақлли киши,
Нечук айб этилмас нодоннинг иши.
1778. Доно киши улгили, баҳралидир,
Нодонларнинг иши раҳналидир.
1779. Ақлли кишига бахт ярашар беҳад,
Илм олмоқ кишига улуғ фазилат

1780. Или бегин эшит — жавоҳир сўзи,
Сўзин мағзи нодонга ақлнинг кўзи.
1781. Бу ҳақда шоир айтар сўз яхшисин,
Ифордек ёқимли унинг маъниси.
1782. Билимсизга келса давлат бирла қут,
Бутун халқ бузилар, келар элга йут*.

[*] Йут — ўлат, қирғин, офат

1783. Донога қулиб боқса агар давлат,
Эл шодон, юрт маъмур бўлади албат.
1784. Доно шод, мағрур бош кўтариб юрар,
Нодон кули қолган ўт каби сўнар.

1785. Фароғат етди, топди рўшнолик,
Худога шукр қилиб, ҳамд айтди элиг.
1786. Кўзин кўкка тикиб, кўтард илик,
Деди: Сен эгамсан, бергувчи билиг,
1787. Кучу қудрат, эрк бердинг ҳамда билим
Тўғриликка ундаб, собит қил дилим.
1788. Қувват бер, доимо яхшилик қилай,
Эл оғирин енгил қилгувчи бўлай.

1789. Фақирларга талай мол — товар берди,
Дунёдан узиб кўнглин Ҳаққа берди.
1790. Шу зайил кечаверди куну тун, ой,
Элу юрт қўрланиб, бўлиб кетди бой.
1791. Инсонлар сараси бу янглиғ бўлар,
Афсуски, бундайин кишилар ўлар.
1792. Қай халқ беги шундай, эли бахтиёр,
Қай халқ тўғри, беги саодатга ёр.

1793. Яхши-ю ёмон ўлгач тупроқ бўлар,
Тўпроқ бўлса бўлсин, лек номи қолар.

ЭДИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

1794. Элиг бир кун ўлтириб ёлғиз ўзи,
Ўгдулмишни чорлади, айтди сўзин.
1795. Дедиким: Ўгдулмиш қулоқ сол менга,
Отанг меҳнати кўп сингмади сенга.
1796. Отанг ўлди, қолдинг сен сабий, кичик,
Кичикка улуғдан лозим йўл — кечик.
1797. Отанг ўргатолмади касб-ҳунар, илм,
Буюрмади ундан олмоқ ақл, билим.
1798. Қаердан жам бўлди бу ардам сенда,
Баён этгин бунинг сирини менга.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1799. Жавоб бериб айтдн Ўгдулмиш: Ҳоқон,
Зафар қучиб яшасин узоқ замон,
1800. Худо кимга насиб қилса иноят,
Топар шон, тилакка етар ниҳоят.
1801. Бунга мослаб айтгандир туркий мақол,
Бошидан кўп ишлар ўтган оқсоқол:
1802. Худо фазли бирла улғаяр киши,
Мақсадга етар у, ўнгланар иши.
1803. Куч-ла қайтаролмас Худо берганин,
Қастлашиб қўзғалса осмону замин.
1804. Ҳар ишга Худодан бир мадад керак,
Худо амри бирла ушалар тилак.
1805. Ота олқишидан ўғилга ҳоқон,
Шодлигу савоблар ёғилар ҳар он.
1806. Қилган экан хайрли дуо отам,
Дуо бирла насиб этди бу мақом.
1807. Элиг тутди менга ҳиммат қўлини,
Даврон кулиб, топдим камол йўлини.

1808. Ҳузурига чорлаб элиг қадр этди,
Мартабам ошмоғин Хақ тақдир этди.
1809. Беглар қулиб боқса ва иззат қилса,
Орзуга етар ҳар ким қадрин билса.
1810. Киши кўнгли боғдир, оби раҳмати –
Бегларнинг меҳри-ю, панд-насиҳати.
1811. Қайси боққа кирса, бу оби равон,
Анвойи чечаклар қулф урар шу он.
1812. Бегнинг ёрлиқлари бўлса эзгу суз,
Ўсиб қулнинг кўнгли, очилади юз.
1813. Аччиқ бўлса агар ёрлиқнинг тили,
Қуригай яшнаган чаманнинг гули.
1814. Ҳақ фазлидан ўзга не керак қулга,
Бу фазлдан очилгай тилсимлар унга.
1815. Бу ҳақда ибратли сўз айтди шоир,
Мағзи чақилса у барчага доир:
1816. Ҳақ фазли-ла улуғласа қулини,
Илм эшигин очиб, ўнглар йўлини.
1817. Бахт топар киши, кун сайин илм олар,
Кичик бўлса ҳамки, қадри зўр бўлар.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

1818. Яна Ўгдулмишдан сўради элиг,
Илм изловчи нечук ўрганар билиг?
1819. Урганиш-ла киши бўларгми олим?
Ё доно яратар асли Худойим?

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭДИГГА ЖАВОБИ

1820. Жавоб берди Ўгдулмиш,очди тилин,
Деди: Қўяй бу сўз асосин — улин*,
1821. Худо яратишда берса ақл, кўнгил,
Билимнинг асосин топажак ўғил.

[*] Ул – асос, пойдевор

1822. Кун сайин камол топар, илм ўрганар,
Ҳар неки истаса, албат ўрганар.
1823. Етиб охир билимга олим бўлар,
Илми бирла эл-юртга кўп наф берар.
1824. Яратган чоғида эс-ҳуш бермаса,
Етолмас тилакка ҳар не айласа.
1825. Яна бир шарт: илм истаса ўғил,
Ёшлигида қўйгай билимга кўнгил.
1826. Ёшлигида инсон билим ўрганар,
У билан тилакка етиб улғаяр.
1827. Ўрганса фазилат, билим, яхши феъл,
Кишининг ҳаёти ўнгланади, бил.
1828. Киши ўрганади билим, фазилат,
Ақл-идрок туғма бўлади фақат.
1829. Бунга хўп монанд келар туркий мақол,
Уқиб сен ўзингга ундан фойда ол:
1830. Киши кўп ўрганиб топар билим, бил,
Ҳар қанча ўрганмасин тополмас ақл.
1831. Ақл-ҳушли бўлиш Худодан аслида,
Заковат нишони бўлар наслида.
1832. Ақл-заковат атойи Худо демак,
Ақлдан инсон яхши наф кўрар, бешак.
1833. Инсонларнинг улуғи ақлли киши,
Ақл-идрок аслида фазилат боши.
1834. Ақлсиз нодонлар саналмас инсон,
У қанча сўз айтса ишонмоқ гумон.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

1835. Элиг айтди: Сўзларингни эшитдим,
Яна сўрайдиган гап бор, эшитгин.
1836. Ақлдан билимни айирдинг нега?
Фарқини тузукроқ тушунтир менга.

1837. Ақл-идрок ўзи не, ўрни қайдадир?
У недан яралар, қайга борадир?

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1838. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Элиг,
Энг қимматли нарса кишига билиг.
1839. Ақл ўрни юксакда — мияда бўлар,
Асл нарса ҳар доим бошда бўлар.
1840. Ақл-идрок бамисли кишан белгили,
Феъл-атвори тўғри, иши улгили,
1841. Меҳрибон Ҳақ танлаб хоҳлаган- қулин,
Ақл-ла кишанлар хулқи-ю, тилин.
1842. Ақли бори тирикдир, ўлик ақлсиз,
Сен бундан ибрат ол, эй ақл-идроксиз.
1843. Киши зулмат босган қоронғи уйдир,
Ақл машъал каби ёритгич нурдир.
1844. Тафаккурдан келар барча эзгулик,
Билимдан улғаяр, бўлар белгилик.
1845. Улуғ бўлар инсон шу иккиси-ла,
Йўлин топар адолат, тузлик ила.
1846. Билим-ла фарқ этар киши ҳайвоидан,
Дунёда нима бор буюк ирфондан.
1847. Оқил бунга монанд бир сўз айтди хўп,
Гар ақлни ишлатса фойда бўлар кўп:
1848. Инсонни айирган билим йилқидан,
Инсон қўли узун бўлар билимдан.
1849. Кел, нодон бўлма, ақл ўрган, билим бил,
Билим бирла сўзла,тилинг равон қил.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

1850. Элиг айтди: Бордир яна бир сўзим,
Уни изҳор этай, кўркам юзлигим.
1851. Баён этдинг менга ақл суратин,
Нечук бўлар унннг йўриғи оти?
1852. Юзи, кўрки ҳам феъл-атвори недир?
Ёши, даражаси, овунчи недир?

ЙИГИРМА БЕШИНЧИ БОБ
ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА АҚЛ СИФАТИНИ
АЙТГАНИ БАЁНИ

1853. Жавоб бериб Ўгдулмиш айтди: Ақл –
Хулқи тўғри, шодлиги беадад, бил.
1854. Юзи, кўрки гўзал, ёшидир кичик,
Барча яхшиликка бўлар у кечик.
1855. Сабрли, хуснихулқ, хушфеъл, оқкўнгил,
Жамъи тирик жонга меҳрибондир ул.
1856. Қайга қўли етса, гуллаб яшнагай,
Қайга сўзи етса, нурафшон бўлгай.
1857. Юзи иссиқ, кўпга суйимли эрур,
Кишиларга ундан фойда кўп бўлур.
1858. Кўзи ўткир, узоқни кўрар ҳар чоқ,
Ишни пухта қилиб, босади оёқ.
1859. Нопок ишларни тозалаб, пок этар,
Жумбоқ тугунларни бир зумда ечар.
1860. Ўнг-терс, орқа-олдни тузатиб борар,
Ҳар ишнинг тадбирин, мавридин топар.
1861. Қочганга етар у, учганни тутар,
Синиқни бутлар, бузуқни тузатар.
1862. Ақл-идроксиз пушаймон еб дер: Эй ақл,
Сенсиз дарду дунёим қоронғу, бил.
1863. Сендан менга тегмади зарра улуш,
Сенсиз кўнгилларнинг қисмати — ўлиш.
1864. Ақл-идрок чироқдир, сўқирларга кўз,
Ўлик танга жон у, соқов тилга сўз.
1865. Ақлли ақлига айтади: Эй эшим,
Сен ишларим ўнглагувчи йўлдошим.
1866. Ақлнинг хулқи ўнгдир, асло сўли йўқ,
У буткул рост эрур, ҳеч нуқсони йўқ.

1867. Кимда ақл бўлса, бўлар белгиси,
Шу белги бирла у ақлни белгувси.

1868. Аввало, ақл хулқи гўзал, тўғридир,
Ою йиллар йўл-йўриғи тўғридир.
1869. Ақлли хуснихулқ, рост айтар тили,
Ҳар жиҳатдан тугал, тўғридир феъли,
1870. Сабрли, вазмину ювош ҳам омил,
Ҳар ишни пухта ўйлаб, топар омил.
1871. Қилар иши мўйсафид, ёши навқирон,
Унга ҳожандманддир шоҳ, гадо ҳар он.
1872. Бунга монанд ушбу сўзни сен тингла,
Уқиб мағзини чақ, маъносин англа:
1873. Феъли кекса, ақл ўзи навқирон, ёш,
Ақл қайда бўлса, бор унга, ёндаш.
1874. Ёшлик-муҳаббат, қарилик — салобат,
Нафи кўпдир, афзаллигу саховат.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

1875. Бу сўзни эшитгач, суюнди элиг, Деди:
Эй хушёр, сўзи ҳикмат, билиг.
1876. Худо берди менга тугал эзгулик,
Сен ҳам атойи Худосан белгилик.
1877. Кўтармоқ оғирдир бу заҳмат юкин,
Уни ким кўтарса, ҳаётй тўкин.
1878. Эзгулик тилаган заҳмат чекади,
Заҳмат чеккан муродига етади.
1879. Юкимни олдинг сен, ниятинг — йўлдош,
Мен тинарман лек заҳмат сенга қўлдош.
1880. Худо берса тавфик ҳамда менга куч,
Ҳақингни ўтарман қилиб бирга уч.
1881. Биларман хизматинг ҳам оқибатинг,
Менга боғланганинг — меҳру ҳимматинг.

1882. Меҳрибон хизматчи шу янглиғ бўлар,
Ўз фойдасин қўйиб, бегини ўйлар.
1883. Нима дер эшитгин хизматчи тили,
Роҳатлантирар бегин содиқ қули.
1884. Роҳатда яшар бег, бўлар қут боши,
Қул меҳрибон бўлса, юришса иши.
1885. Ходим бирла беглар қаддини тиклар,
Ишин яхши қилса, бегин тиндирар.
1886. Аригай ташвиш заҳмат чекса қули,
Очиб берса бегига умид йўлин.
1887. Қайси бегнинг қули бу янглиғ эрур,
Унга Худонинг чўнг атоси бўлур.
1888. Биздан аввал ўтган жаҳон беглари,
Шу орзу-ла яшаб ўтди кўплари.

1889. Олам аҳли шодлик, бахт топиб тинди,
Эл-юрт элиг ҳақига дуо қилди.
1890. Бошқа юрт кишиси эшитгач буни,
Ошиқди кўришга юзини унинг.
1891. Шу орзу билан ўтди йил, ой, кунлар,
Юртин обод қилди, тузиб қонунлар.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

1892. Элиг чорлаб бир куни Ўгдулмишни,
Деди: Сўрайин, айт не билмишингни.
1893. Жисму жон етти аъзога боқса кўрар,
Олиб завқ бари ўз улушин сўрар.
1894. Кўнгил хушлиги не, кўз завқи нима?
Бу икки завқ-шавқдан насибам нима?

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1895. Ўгдулмиш айтдики: Бу завқ шул эрур,
Кўнгил қаттиқ истаб, унга талпинур.
1896. Суйганини кўриш бу кўз завқидир,
Кўнгил орзусин топмок жон завқидир.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

1897. Элиг айтди: Эй Ўгдулмиш, айт қани,
Севги нишони не, баён эт уни.
1898. Севаман дебон ҳамма даъво қилар,
Бу даъвонинг маъноси нечук бўлар?

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1899. Ўгдулмиш айтди: Хўп, берай мен жавоб,
Севишини билар ёр юзига қараб.
1900. Кўзинг қайга боқса, бир тўсиқ бордир,
Яхши бил, кўнгилга мудом ғов бордир.
1901. Севиш ё севмасин билайин деса,
Билиш мумкин кўнгилга бир разм солса.
1902. Ошиқлар юзида бўлар бир нншон,
Кўз кўзга тушганда билинар, ишон.
1903. Шоир сўзи айнан мос келар бунга,
Эй мард, қуйиб ол уни қулоғингга.
1904. Суюкли кишининг юзида нур бор,
Гаплари маъноли, тилида бол бор.
1905. Билмоқчи бўлсанг севиш, севмаслигин,
Юзингга бокқанда кўзидан билгин.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА САВОЛИ

1906. Элиг айтди: Сўзларингни мен уқдим,
Яна бир гапим бор, тавсиф эт, уқдир.
1907. Энг зарур гапимни айтайин сенга,
Пухта ўйлаб, сўнгра жавоб бер менга.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1908. Ўгдулмиш жавоб берди: Эй бахтли хон
Беглар шуҳрат топар илм-ла ҳар он.
1909. Билим ўрдасидир хонларнинг ўзи,
Билимсиз бўлар қул, не керак сўзи.

1910. Сўрамоқ осондир, мушкулдир жавоб,
Элиг илми қодир топмокқа жавоб.
1911. Осонин элиг олди, мушкули менга,
Мени камситмагин, эй хушёр тўнга*.

[*] Тўнга – мард, баҳодир. Алп Эр тўнга каби

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

1912. Элиг айтди: Сўровчи муҳтож эрур,
Билмаганин сўраб-сўроқлаб билур.
1913. Хамон шундай экан суюнмоқ керак,
Сўраган сўзга жавоб бермоқ керак.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1914. Жавоб берди: Қонуни эзгу азал,
Сўз айтмоқдан кўра тингламоқ афзал.
1915. Сўз сўзловчи ўз жонини койитар,
Тингловчи қувониб руҳин бойитар.
1916. Қулоқ сол, синалган доно дер нима,
Тингла, ўйла, лек беҳуда сўзлама.
1917. Тингламоқ бирла олим бўлар, киши,
Беҳуда сўз айтса кесилар боши.
1918. Тингламоқ қулоққа ҳадсиз завқ берар,
Беҳуда сўзларда манфаат кетар.
1919. Сўзланмаган сўз соф олтин — тилла,
Тилдан чиққан сўз мис чақа — ҳилла.

ЭЛИГНИНГ ЎГДУЛМИШГА ЖАВОБИ

1920. Элиг айтди: Рост эрур айтган сўзинг,
Қут камарин белга боғладинг ўзинг.

ЎГДУЛМИШНИНГ ЭЛИГГА ЖАВОБИ

1921. Жавоб берди Ўгдулмиш: Элиг қути,
Менга манзур нарса — бу қуллик оти.
1922. Жонин фидо этсин беги учун қул,
Шунга жазм айласин оқил бўлса ул.
1923. Эшит, айтай сенга ўз билганимни,
Элиг авф этсин хато бўлганини.

0 07

YUSUF XOS HOJIB
QUTADG’U BILIG
Qadim turkchadan Emin USMON tarjimasi
09

YIGIRMANCHI BOB
BAXTNING BEBAQOLIGI VA DAVLATNING09
BEVAFOLIGI BAYONI

1045. Tugal bo’ldi Oyto’ldining tilagi,
Bebaqo qut qarib, sindi tiragi.
1046. Ajab yaxshi aytmish dono bilguvchi,
Ne’mat tugal bo’lsa, ketar yeguvchi,
1047. Bir olim bundan ham yaxshiroq demish,
Ne’mat tugal bo’lganda umr tugarmish.
1048. Bu haqda donolar bilib aytgan so’z,
Olim fikri yo’l-yo’riq, ilmsizga ko’z.
1049. Yiqilgan o’rlagay, o’rlagan inar,
Yorishgan o’chadi, yurganlar tinar.
1050. Har neki qilins, tugallik bo’lar,
Tugallikka yetgach, nest-nobud bo’lar.
1051. Oyto’ldi tilakka yetganda tugal,
Molu dunyo qolib, bu umr tugar.
1052. Kichrayib qaytadan yorug’, to’lin oy,
Umr yozi qahraton qishga berdi joy.
1053. Yosh o’tib, dard bosdi toshu ichini,
G’olib bir mijozi bosdi uchini.
1054. Mijozi o’zgardi, taomda ta’m yo’q,
Dard qattiq yopishdi, dilda orom yo’q.
1055. Mijozi buzilgach, kuchi qirqildi,
Niholdek tik qaddi yoydek egildi.
1056. Og’ir bir xastalik yiqitdi kelib,
G’am bosib yotdi u to’shakka kirib.
1057. Tabiblar jam bo’lib tomir ko’rdilar,
Bu qanday dard deya hayol surdilar.
1058. Biri dedi: Tutilmish qonning yo’li,
Qon olib, ochaylik tomirin yo’lin.
1059. Biri dedi: Surgi ichirmak kerak,
Ichi qotgan, endi yumshatmoq kerak.
1060. Biri sharbat berdi va qo’shdi gulob,
Biri tayyorladi shifobaxsh sharob.
1061. Biron dori qolmay barin qildilar,
Neki lozim bo’lsa, barin berdilar.
1062. Naf bermadi, dard kun sayin zo’raydi,
Mador qurib, dunyo ko’zga toraydi.
1063. Nima der eshitgin pokdomon kishi,
Pokdomon odamlar bo’lar yurt boshi.

1064. Taryok* ber va yoki qo’shgil sholisa*,
Istasa mitridus* yo surgi ichsa.

* Taryok— zaharning kuchini kesuvchi dori; Sholisa — mo’miyo; Mitridus — bir dorining sanskrtcha nomi

1065. Tabibni chaqirgin yoki duoxon,
O’limga davo topmas ular hechqachon.
1066. G’ofil bo’lma, ey tirik yurguvchi,
Gar tiriksan, demak, bir kun o’lguvchi

1067. Oyto’ldi ahvolin eshitdi elig,
O’lim xabarchisi sunibdi ilik.
1068. Oyto’ldi qoshiga keldi hol so’rab,
Ko’rdi uning yotganini holsirab.

ELIGNING OYTO’LDIGA SAVOLI

1069. Elig so’rdi: Aytgin ahvoling nechuk?
Darding nima asli va uyqung nechug?

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

1070. Oyto’ldi aytdi: Rostin so’zlay senga,
Shunday dard yopishdi, davo yo’q unga.
1071. Ishim tugal edi, tugar bo’ldi u,
Xulqim asl edi, yitar bo’ldi u.
1072. Shodon otar edi har yangi kunim,
Kunim botgan kabi yorishmas tunim.
1073. Olib qochdi shodmon tiriklik o’zin,
Bu bevafo dunyo o’girdi yuzin.
1074. Quvonch, orzu, ne’mat nari ketajak,
Endi kayg’u, alam, zahmat kelajak.
1075. Bu kun sendan judo bo’layotirman,
O’kinch, hasrat chekib o’layotirman.
1076. Dono el begi nima der eshitgin,
Ko’pga bosh bo’lgan, el yaxshisi degin.
1077. Ne baxt davlat kelib muqim tursa,
Qaytib ketmasa u, maylingcha yursa.
1078. Qanday yaxshi bo’lardi beglik ishi,
O’lim ko’rmay salomat yursa kishi.
1079. Kanday ko’rkam ondir yigitlik chog’i,
Bag’ri but, yo’q bo’lsa qarilik dog’i.

ELIGNING OYTO’LDIGA JAVOBI

1080. Elig aytdi: Oyto’ldi ko’ngiling qil to’q,
Bunday gaplarni qo’y, kimning dardi yo’q.
1081. Hamma kasal bo’lar, tuzaladi, bas,
Ey qobil, dard bir senga kelgan emas,
1082. Nechuk bu yoqimsiz so’z tilga chiqdi,
Ko’nglingni buzib, behuda g’am chekding.
1083. Sen bilan ovunib yurar edim shod,
G’amnok etdi meni so’zlaring, hayhot.
1084. Shifo berar, bunday so’zni so’zlama,
O’tlar yoqib, yurak-bag’rim tuzlama.

OYTO’LDINING ELIGGA JAVOBI

1085. Oyto’ldi aytdi: Ayo sohibqiron,
Bu dard davosizdir, yo’q erur imkon.
1086. Kim tug’ilsa, albat o’lishi kerak,
Neki ko’tarilsa, tushishi kerak.
1087. Chiqishga tushish bor, yuksakka botiq,
Quvonchga g’am-alam, achchiqqa totliq.
1088. Men senga aytganman yana bir so’zim,
Fe’lim o’zgaruvchan, beqaror o’zim.
1089. Fe’l-atvorim kanday, aytib o’tganman
Afsus, menga bekor ko’ngil qo’ygansan
1090. Shubhasiz o’laman qazoyim yetsa,
Ishonma tug’ilgan o’lmaydi desa.
1091. Ishonchsiz deb endi koyima meni,
Dunyoga ishonma, tark etar seni.
1092. Jafo qildi deb ayb qo’yma menga,
Bu dunyo mendanda jafokor senga.
1093. G’ofil bo’lma, sen ham albat ketarsan
Dunyoga ishonma, hasrat chekarsan.
1094. Hech xizmatsiz qadrlading meni ming bor,
Elig, bunga loyiq ne xizmatim bor?
1095. Havas emas menga dunyodan ketmoq,
Yangilik emasdir dunyodan o’tmoq.
1096. Ilojsiz ketarman, ixtiyorim yo’q,
Hayotning ilinji — borar joyim yo’q.
1097. Yo’q edim yaratdi, o’sib ulg’aydim,
Sabiy go’dak edim, asrab ulg’aytdi.
1098. Yuzim silliq edi, o’stirdi soqol,
Qora quzg’un edim, endi oqbosh chol.
1099. Qaddim o’qdek edi, bukildi bo’yim,
Tiriklik tugadi, kutmoqda o’lim.
1100. Ilmi chuqur olim aytibdi obdon,
Buni eshit, ey yorug’ yuz bilimdon.
1101. Oqqushdek oqarsa insonning boshi,
Dilin oqqush kabi oq qilsin kishi,
1102. Egilsa birovning tuz toldek bo’yi,
Dilin pok etsin, kelar o’lim buyi.
1103. Qora soch, soqollar oqarsa nogoh,
Pinhona o’limdan bo’l doim ogoh.
1104. Bunga menzab shoir aytmish yaxshi gap,
Uni qulog’ingga quygin yaxshilab,
1105. Sochning oqarishi o’limdan darak.
Hayot shirin, tirikning joni halak.
1106. Hayot ne’matin totding — umr shom yedi,
G’ofil bo’lma, seni ham o’lim yeydi.

ELIGNING OYTO’LDIGA JAVOBI

1107. Elig aytdi: Oyto’ldi, sabr qil, chida.
Kasallik gunohga kafforat, fid’ya.
1108. O’lib ketaversa barcha dardga chalingan,
Zaminda qolmasdi rizq-ro’z yeydigan.
1109. Senga shifo bersin qodir Xudoyim,
O’ksitma ko’nglingni, sog’ bo’l iloyim.

1110. Duo qildi elig, ko’nglin ko’tardi,
Haqdan shifo tilab qo’lin ko’tardi,
1111. Elig chiqdi g’amu qayg’uga cho’mib,
Qasriga kirdi ruhsiz, ko’ngli cho’kib.
1112. Faqirlarga ulashdi ko’p mol — tovar,
Shoyadki dardiga bo’lsadeb kaffor.
1113. O’limning damiga naf bersa kumush,
O’z joniga fido bo’lardi kumush.
1114. Kafforat-la chora topsa o’limga,
Duch kelmasdi yurt boshlari o’limga.

1115. Azob chekdi Oyto’ldi, ozib to’zdi,
Ruhi tushib, jondan umidin uzdi.
1116. Nadomatlar chekdi: Esiz hayotim,
Behuda o’tdi umr, yetdi mamotim.
1117. G’aflatda o’tkazdim tiriklik onin,
Yoshlik yelga ketdi, uqmay ziyonin.

1118. Qulf urgan chechakdek fahm etdim o’zim,
Ajal tutdi, eltar, naf bo’lmas so’zim.
1119. Dunyo molin yig’dim suqlik bilan,
Bari qolar, ketarman yo’qlik bilan.
1120. Ko’p uzun qilgan edim tilu qo’lim,
Nafas qisib, yoqamdan tutdi o’lim.

1121. Shu yanglig’ o’kindi, bag’rin tig’ladi,
O’limga kor qilmadi qancha yig’ladi.
1122. O’ksik, mungli erur inson o’g’loni,
Istagidek bo’lmlas tiriklik oni.
1123. Orzular ushalsa, tiriklik tugar,
Hayotda orzular ushalmas tugal.
1124. Ozroq davlat topsa, unutar o’zin,
Inson ko’kdan oshirib so’zlar so’zin.
1125. Taqdirlansa mag’rur, takabbur bo’lar,
Ajal yetsa, oh urib, o’kinchda o’lar.
1126. Yesa, to’ysa, fe’li misli tuyadir,
Ochqasa, bilsa ham zahar yeyadir.
1127. Rohatdan zerikar, qulfat — aziyat,
Sevganini topsa, izlaydi uzlat.

1128. Chuqur tinib Oyto’ldi pushmon yedi,
Haqiqat yo’lini yo’qotdim, dedi.
1129. Ne uchun to’pladim men oltin, kumush?
Nechun yo’qsillarga bermadim ulush?
1130. Nechun xayrli ishni qo’ygan ekanman?
Begunoh kishini so’kkan ekanmak.
1131. Xayrli yumushni qilsam avvalroq,
Bo’lardi shubhasiz nafi avzalroq.
1132. Bugun o’kinchlardan biron bir naf yo’q,
Ajal yetdi, arzi—holga zabon yo’q.
1133. Ko’zi pishgan kishi ne deydi tingla,
To’g’ri so’z, g’amxo’r kishin fikrin angla:
1134. O’lim bir eshikdir, barcha tirik jon,
Unga kirar, yo’qdir qochmoqqa imkon,
1135. Tiriklik nimadir, nimadir o’lim?
Qaydan kelganmanu qayonga yo’lim?
1136. O’lim hak ekan nechun tug’ilganman?
Ko’z yoshi bor ekan, nechun kulganman?
1137. Jahonda ne bordir o’limdan yomon?
Tug’ilgan kishi o’ldi shunday debon.

1138. Bunga monand kelar shoirning so’zi,
Kim uqsa ma’nosin ochilar ko’zi:
1139. Dunyoda o’limdan qattiq nima bor?
O’limni o’ylasa halovat bekor.
1140. O’lim bir dengizdir had-hududi yo’q,
Yaxshi boqsang unga chuqur, tubi yo’q.
1141. O’limni bilsa-da, g’ofillik qilsa,
Foydasiz, ajal yetgach tavba qilsa.
1142. Huzurga mast bo’lib g’ofil yurguvchi,
Qazo yetgach uyg’onaru yetmas kuchi.
1143. Mol-dunyoga to’ygmas ko’zi och kishi,
Qazo yetgach o’kinar, chorasiz ishi.
1144. O’tkinchi davlatga g’ururlangan, bil,
Yer ostida azobdan yoriladi dil.
1145. Shodlikdan mast bo’lib ortiq kulguvchi,
Yig’iga tayyor tur, sensan o’lguvchi.
1146. Eshit, zakovatli olim nima der,
Naf ko’rar bu so’zga amal qilgan er:
1147. Kim joy olmoq istar yaxshi makondan,
Yomonlik qilmasin ikki jahonda.
1148. Ey xusnixulq, yomon bo’lma ochunda,
Amal, so’zing yaxshi qil yorug’ kunda.

1149. O’kinib Oyto’ldi uzoq yig’ladi,
Afsuski, o’kinchi hech naf bermadi,
1150. Yo’qsullarga ulashdi oltin, kumush,
Heshlariga berdi ko’p meros, ulush.
1151. Ko’zin ko’kka tikib dedi: Ey Egam,
O’zingdan bo’lak yo’q menga bir hamdam.
1152. Yaratding, o’stirding, ulg’aytding meni,
Bari sening fazling, bilurman buni.
1153. Faqat sengagina topindim Egam,
Qazoyim yetdy-yu, bitdi so’zim ham.
1154. Qocharga panoh yo’q, es-hush yo’qoldi.
Birgina rahmating umidi qoldi.
1155. Ko’p yomonlik qildim gustohlik bilai,
Ey Tangrim, kechirgin rahmating bilan.
1156. Esiz, bu tiriklik behuda ketdi,
Davru davron, beglik behuda o’tdi.
1157. So’zina to’xtatdi uzoq o’y surib,
Ko’z yoshi sel bo’ldi o’g’lini ko’rib.

YIGIRMA BIRINCHI BOB
OYTO’LDINING O’G’LI O’GDULMISHGA
PAND-NASIHAT QILGANI BAYONI

1158. Oyto’ldining yolg’iz o’g’li bor edi,
O’zm sabiy, yoshgina shunqor edi.
1159. Oti O’gdulmish, zoti toza edi,
Yuzi ko’rkam, fe’li aslzoda edi.
1160. O’g’lini chaqirib, bag’riga bosdi,
Ko’zidan yosh oqib, yuragin ochdi.
1161. Dedi: Ketar bo’ldim, o’g’lim, olamdan,
Senga qolar mol-mulk, o’rnim olamda.
1162. Yolg’iz nuri diydam eding, netarman,
Yaxshi qol, omon bo’l, afsus ketarman.
1163. Turk begi bu haqda yaxshi aytibdi,
Ko’rar ko’zning nuri o’g’il-qiz, debdi.
1164. Tubsiz dengiz o’g’il-qizning qayg’usi
Ular g’amida yuz sarig’ bo’lg’usi.
1165. Bo’lsa kimning jufti, o’g’il-qiz agar,
Uyquni tark aylagay shomu sahar.
1166. O’g’il-qiz deb ota yer ich-etin,
O’g’il-qiz atamas otaning otin.
1167. Oyto’ldi aytdi: Quloq tut, ey o’g’il,
Gallarim unutma, qo’y menga ko’ngil.
1168. Otim Oyto’ldidir, sening otangman,
Bugun holimga boq, zabun, diltangman.
1169. Paymonasi to’ldi endi Oyto’ldining,
Nadomatlar chekar, nafi yo’q buning.
1170. Tiriklik shirindir, achchiqdir o’lim,
Qazo yetdi, qayda qocharga yo’lim.
1171. Ovundim bu dunyoga ko’ngil bog’lab,
Vafo qilmadi u bag’rimni dog’lab,
1172. Dunyo aldab o’z yoniga chorladi,
Ko’ngil qo’ygach, mendan qochib xorladi.
1173. Dunyo jafo qildi, qaridi qut ham,
Seni aldamasin, hushyor bo’l har dam,
1174. Zarur ishlarimni bir chetga qo’yib,
Yurdim nokerakni havasga quvib,
1175. Tiriklik yel kabi o’taru ketar,
Behuda o’tgan umr yurakni o’rtar.
1176. Pora yoki mol birla bitmas ishim,
Bu kun yo’q qo’limdach tutguvchi kishim.

1177. Nima der g’aflatdan uyg’ongan odam,
O’lim dahshatini anglagan odam:
1178. O’lim ko’rib dononing ilmi ketdi,
Aqldan ozdi oqil, idroki bitdi.
1179. Nechog’li dahshatdir o’lim changali,
Nechog’li ofatdir ajal xanjari.
1180. Obod saroylarni buzuvchi – o’lim,
Jam bo’lgan narsani sochuvchi — o’lim,
1181. Bunga monand fikr bitdi she’r aytguvchi,
Sinchiklab o’qigin, ayo bilguvchi:
1182. Ne mavjud jahonda unga hiyla bor,
Xar ne hiyla borki, unga chora bor,
1183. Xar bir ishga tadbir, hiyla bor albat,
Faqat shum o’limga chora yo’q minbad.

O’GDULMISHNING OYTO’LDIGA SAVOLI

1184. O’g’il eshitdi otasining so’zin,
O’rtab yuragini va yoshlab ko’zin.
1185. Dedi: Bir so’zim bor, otajon, aytay,
Yana bir tugunni yechib ber atay.
1186. Bu dunyoda davron surding bearmon,
Aqlu hush, ilm, hunar olding beimkon.
1187. So’rading, tinglading, o’rganding talay,
Yaxshi-yomonni ko’p ko’rding harqalay.
1188. O’limga chora bormi yo biron tadbir,
Bo’lsa o’zingga qo’lla, rahnamo pir.
1189. Agar hiyla, tadbir yo’q bo’lsa bo’lak,
Mol-dunyo, g’aznani ulashish kerak.
1190. Bu boylik joningga oro kirsa gar,
Topilar mol-dunyo sog’ bo’lsang agar.
1191. Ne der eshit, ko’zi to’q — nafs sardori,
Non-tuz sohibi, sahiylar sarvari.
1192. Boringni ehson qil, ichiru yedir,
Boylikdan kechmasang u seni yeydir.
1193. Sog’lik kerak erga, boylik topilar,
Tiriklik kerak qushga, don topilar.
1194. Tirik bo’lsa inson topar maqsadin,
Tan-joni sog’ bo’lsa, tilagi yaqin.

OYTO’LDINING O’GDUMISHGA JAVOBI

1195. Oyto’ldi aytdi: O’g’lim, achchiq rost so’z,
Besamar bu ishdan umidingni uz.
1196. Zeru zar kor qilmas, bo’lmas kafforat,
O’limga g’ov bo’lolmas ilm, zakovat.
1197. O’limni daf etsa dunyo boyligi,
O’lmay yashar edi beglarniig begi.
1198. Donolarga hikkmat foyda bermadi,
Olimlarning ilmi yordam bermadi.
1199. O’limga kor aylasa dori-darmon,
Tabib yashar edi o’lmay bearmon.
1200. O’lim yuz xotirni bilsaydi minbad,
Muborak rasullar yashardi abad.
1201. Bor tirik jon etilmish o’limga hukm,
Hech kim-tirik qolmas, o’limga mahkum.
1202. Bu dunyo rabotdir, kelganlar ketar,
O’lim ajdarhodir, to’ymasdan yutar.

O’GDULMISHNING OYTO’LDIGA JAVOBI

1203. O’gdulmish aytdi: Ota, gaping hikmat,
Yaxshi ta’rif etilgan o’lim — qismat.
1204. Nechun be huda o’tdi umr g’aflatda,
O’kinib, yig’laysan sen sakoratda.
1205. Nechun yig’ding hirs qo’yib qolar molni,
Topmading tarqatib najot – a’molni.
1206. Dunyodan o’tsa er g’aflatga cho’mib,
Xoliga achinsin, o’tsin o’kinib.
1207. Nadomatdan endi ne foyda, ota,
Boshni toshga urgan bilan ming qayta,

OYTO’LDINING O’GDULMISHGA JAVOBI

1208. Oyto’ldi aytdi: Bolam, anglagin,
Ibratli ish qilgin, g’ofil bo’lmagin.
1209. G’aflat xarob qildi, jonim azobda,
Ko’zing och, hushyor bo’l, qolma azobda.
1210. O’limga mustahiq tirikning bari,
Qancha tirishmasin ketar go’r sari.
1211. Vaqtning tutqunidir o’luvchi odam,
Vaqt-soati yetsa, qo’yolmas qadam.
1212. Shoir aytgan so’zi bunga xo’p kelur,
Xikmatin uqilsa, purma’no erur.
1213. Xar narsaning vaqt-soati hisobli,
Nafas — tin olishning soni hisobli.
1214. Tiriklik kecharu o’tar yil, oy, kun,
Seni ham tugatgay o’tkinchi bu kun.
1215. Boq yaxshi, yomonga, hushyor bo’l, o’g’lon,
Nechuk ketmoqdaman, ibrat ol, uyg’on.

1216. G’amim faqat sensan, ketarman bugun,
Sabiy qolmoqdasan, ko’nglim g’ash, tugun,
1217. Ne kechar mendan so’ng ahvoling bilmam,
Menda yo’qdir bundan boshqa qayg’u, g’am.
1218. O’g’ilga singsa ota mehnati ko’p,
O’g’ilning fe’l-atvori bo’lajak xo’b.
1219. O’g’ilni qattiq tutgan yaxshi erur,
Ota-onasin yuzi yorug’ bo’lur.
1220. Nazorat susaysa, yo’li bo’lmas tuz,
Xarob bo’lar, undan umidingni uz.
1221. Oqil bo’lsin desa o’g’lin otasi,
Qattiq tutmoq lozim, shudir chorasi.
1222. Nima der eshitgin farzandli kishi,
Yaxshi-yomon ko’rib, ulg’aygan yoshi:
1223. Gar kimning o’g’il-qizi erka bo’lar,
Ko’z yoshi qurimas, hasratga to’lar.
1224. Yoshlikda ota o’g’lin qilsa yovo*,
Bolada gunoh, yo’q, otaga jafo.
1225. O’g’il-qiz fe’l-atvori yomon erur,
Buning uchun ota gunohkor bo’lur.
1226. Qattiq tutib o’g’ilga kasb o’rgatsa,
Quvonar farzandi to’g’ri ulg’aysa.
1227. Bolani qattiq tut, ota bo’lguvchi,
Toki kulmasinlar keyin kelguvchi.
1228. O’g’il-qizga o’rgat kasb-kor, bilim,
Fazilat-la bo’lsin xulqi muloyim.

[*] Yovo — yovvoyi, sayoq, bebosh.

O’GDULMISHNING OYTO’LDIGA JAVOBI

1229. O’gdulmish javoban aytdi: Ey ota,
G’aming yeb kuyarman, bo’larman ado.
1230. Sendan ortda qolib tirik yurmayin,
Sening dard-hasrating ko’rib kuymayin.
1231. Rahm aylabon menga shafqatli Eg’am,
Sening o’rning bersa, qolmas menda g’am.
1232. Gar nasib bo’lmayin yetishsa ajal,
Peshonaga bitmish taqdiri azal,
1233. Ollohning hukmiga yig’i bir zebdir,
Endi sabr et, taqdir hukmi kelibdir.
1234. Yig’lama mol-dunyo, davlat qoldi deb,
U qaytmas, shum ajal bitiradi yeb.
1235. Qolar dunyo ne’matiga achinma,
Ko’z yoshga arzimas, sira g’am yema.
1236. Sendan avval dunyo lazzatin totgan,
Zotlar bir-bir ketdi dilda oh bilan.
1237. Yaxshi bilar eding sitamkor jahon,
Zulmi beadaddir, g’ofilsan hamon.
1238. Gar bir yerga butun dunyo jam bo’lar,
Ikki quloch bo’z tegar, bari qolar.
1239. Tiriklik deb kuysang, o’kinsang o’zing,
O’kin, yig’la, qurimagay hech ko’zing.
1240. Qaytmas endi yaxshi-yu, yomon kuning,
Neki qilding o’tdm, kelmoqda tuning.
1241. Chekayotgan bo’lsang men uchun tashvish,
Tashvishlanma, ne hojat endi koyish.
1242. Yaralgan eding sen, yaralgan o’lar,
Yaralgan ketaru yaratgan qolar.

1243. San g’amxo’r otamsan, mehribon, sahiy,
Yaratgan Eg’am sendan g’amxo’r, boqiy.

1244. Seni yaratdi u hamda berdi qut,
Menga bermagaymi, buni yodda tut.
1245. Beqadrga qadr-qimmat undan kelar,
Ulug’u kichik ham o’z ajrin olar.
1246. Bunga monand kelar oqilning so’zi,
Dono so’zi nodon uchun aql ko’zi.
1247. Dononnng yeo’zini aqlan anglab yet,
Barcha kasofatni u bilan daf etv
1248. I aeyzdyr,aeyzlar topgay izzat,
Lutfu karam undan,sohybi izzat.
1249. Beqatsrga dadr u.kichmkka yo’lov,
Buyukka yuksaklik,yomonga tushov.

1250. Eshitdi Oyto’ldi o’g’lining so’zin,
Qo’lini ochib ko’kka tikdi ko’zin.
1251. Shukr qildi Xudoga uzundan-uzun,
O’g’liga aql-idrok bergani uchun.

OYTO’LDINING O’GDULMISHGA JAVOBI

1252. Dedi: O’g’lim, endi ko’nglim bo’ldi but,
Xudo fazli bilan yasha, quchshb qut.
1253. Quloq sol, haq so’zni aytibdi oqil,
Esing yig’, ko’zing och, ma’nosini bil:
1254. Xudo kimga bersa aql-idrok, bilig,
Orzuga intilib uzatgay ilig.
1255. Kimning xulqi yaxshi ham fe’lu atvor,
Orzuga yetar, oy, kun unga boqar.
1256. Ezguliklar moyasi yaxshi fe’l-atvor,
Yaxshi xulqdan doim xursandlik yog’ar.

1257. Oyto’ldi duoga qo’l ochdi yana,
Yaratganga aytdi ko’p hamdu sano.
1258. Dedi: Sen yaratding barcha tirik jon,
Bariga rizq berding, yashashga imkon.
1259. Yaratding, ulg’aytding, berding shonu shan,
Qulingman toatsiz, gunohkor, tuban.
1260. Berding dunyo orzusiyu ne’matin,
E’zozlab baland qilding qadr-qimmatim.
1261. Barcha orzu, tilakka yetdim tugal,
Shukrona aytaman ming bora har gal.
1262. Xukming yetib keldi, hozirman mana,
Yolg’iz o’g’lim senga topshirdim, ana.
1263. G’o’mxo’r ota edim, ketmoqda ota,
Eg’am, unga baxt-iqbol etgin ato.
1264. Ofatdan yiroq tut, rohatga yaqin,
Har ikki jahonda yegin sen g’amin.
1265. Yaxshiga yaqin qil, yomondan yiroq,
Non, tuz, engil-boshga zor etma biroq.

1266. Ezgu duolar qildi chin yurakdan,
Duo ijobati asrar kulfatdan.
1267. Yaxshining gapin uq, ko’p oqilona,
Faqat hikmat, ezgulikdan nishona.
1268. Xudo kimga qilsa inoyat, madad,
Har ikki jahonda topar saodat.
1269. Qaysi qulga Olloh bo’lsa yor-yo’lak,
Har ikki jahonda ushalar tilak.
1270. Kimga nasib bo’lsa Haq fazli agar,
U barcha ne’matu orzuga yetar.
1271. Bunga monand so’z aytdi oqil kishi,
Kim unga amal qilsa, o’xshar ishi,
1272. Sog’ bo’lar asrasa kimni Xudoyim,
Orzusi ushalar, rizqi but doim.

1273. Qay bir qul Xudoga chindan topinar,
Unga balo eshiklari yopilar.

1274. Oyto’ldi aytdi: Bilib qo’y, ey o’g’il,
O’limni yodda tut, unga tayyor bo’l.
1275. Hayotga inonma, yel kabi kechar,
G’ofil bo’lma, mol-dunyo ham tark etar.
1276. Xudoga topshirdim, asragay- o’zi,
Istasa yorlaqab bergay rizq-ro’zi.
1277. Bugun ayrilarman men sendan, mana,
Bag’rim xun, hasratda yig’larman yana,
1278. Mendan so’ng qay tarzda yashashing kerak,
Barini uqib ol, bo’lib sen ziyrak.

YIGIRMA IKKINCHI BOB
OYTO’LDINING O’G’LI O’GDULMISHGA
O’GIT BERGANI BAYONI

1279. Ko’ngil, tiling tuz tut, ibodat qilgin,
Dunyoni qo’y, oxirat g’amini yegin.
1280. Yaxshilik, yomonlik Olloh hukmi bil,
Faqat unga inon hamda qulluq qil.
1281. Ollohdan so’rayver bo’lsa ne tilak,
Biron madadkor yo’q hech undan bo’lak.
1282. Yorliqlari qanday bo’lsa qadrla,
Har ikki jahonda seni qadrlar.
1283. Fe’lingni tuzatgin, o’zingdan ketma,
Til va dilda kamtar bo’l, katta ketma.
1284. O’zing o’tga urma bu dunyo uchun,
Birov mulkin olma, ishlatma kuching.
1285. Bir muddat yashadim, endi holim ko’r,
Ne oqibat qildi dunyo, o’ylab ko’r.
1286. Yig’ishni xo’p bildim, yeyish bilmadim,
Kun o’tar o’kinchda, hech naf ko’rmadim.
1287. Mol-mulk senga qolar, menga edi yuk,
Yeb-ichib rohatlan, ishlatgin tuzuk.
1288. Yig’ilgan mol-mulkni kim tuta bilgay,
Ikki jahonda yuzi yorug’ bo’lgay.
1289. Tutishni bilmasang mol-mulking agar,
Senga nasib etmas, ranging sarg’ayar.
1290. To’g’ri bo’l, fe’l-atvoring yaxshi qil,
Shodlik to’g’rilikda — buni yaxshi bil.
1291. Ne der eshit, to’g’rilikni etgan kasb,
Ikki jahon baxti bo’lajak nasib.
1292. Halovatda o’tsin desa kim kunim,
To’g’rilikdan topgay omonlik, to’zim.

1293. Gar bo’lsa maqsading martaba, beglik,
Unga erishtirgay faqat to’g’rilik.
1294. Yurtga bosh bo’lishni istasang ulug’,
Haq yo’lni mahkam tut — yo’llaring yorug’.
1295. Rostgo’y bo’lsa kishi, fe’li muloyim,
Har ikki jahoni oboddir doim.
1296. Yana aytdi Oyto’ldi: O’g’lim, eshit,
Ezgu ishlar birla do’zoxni berkit.
1297. Faqat yaxshilik qil, yomondan nari,
Ustingdan yog’ilgay shafoat nuri.
1298. Yomonga yaqin bo’lma, koni ziyon,
Yomonlik xavf solar bamisli ilon.
1299. Nokasga do’st bo’lma, ichma ichkilik,
Omon bo’lay desang qilgin ezgulik.
1300. Bu ikki ofatdan saodat qochar,
Kishiga qashshoqlik eshigin ochar.
1301. Ikkiyuzlamaga hech aytma siring,
Gap-so’z bo’lib elga sochilar siring.
1302. So’z tashuvchini sen do’st tutsang agar,
Birga o’nni qo’shib el-yurtga yoyar.
1303. Sinalgan, ishonchli kishin mahkam tut,
Undan kelar tuman ming manfaat, qut.
1304. Xar so’zni eshit-u, darrov ishonma,
O’zingga mahkam bo’l, siringni ochma,
1305. Birovga hasad qilma, yema, ichma ko’p,
Bu ikki odatdan tashvish kelar ko’p.
1306. Ayoling bo’sh qo’yma, yopiq tut eshik,
Xotindan ko’p kulfat keladi, eshit.
1307. Yotni uyga yo’latma, chiqmasin ayol,
Kishini sina yaqin bo’lmayin avval.
1308. Mol g’amin yema, xulqing yaxshi qil,
Xushxulq bo’lsang kelar molning o’zi, bil

1309. Bunga monand yaxshi so’z bordir eshit,
Bu so’zga amal qil, o’zingga esh et:

1310. Tirikka zarur ezguligu xush xulq,
Niyatga qarab o’zi kelgay mol-mulk.

1311. Yomonga mol yig’moq ne muddaodir,
Har kancha yig’masin fe’li gadodir.
1312. Uyatsiz kishidan aylagin hazar,
Uyatliga mendan ming olqish yog’ar,
1313. Shoshilma hech ishda, sobirlik kerak,
Sabrli bo’lsa kishi, ushalar — tilak.
1314. Har ishda shirin so’z, tavozeli bo’l,
Shirin so’zliga qut topib kelar yo’l.
1315. Tilingni tiyib yur, ko’zingni asra,
Ozga ko’n, oz yegin, nafsingni asra.
1316. Qoch elning xiyonat g’alayonidan,
Bilsang nari tur avom isyonidan.
1317. Beglar so’zin zinhor takrorlab yurma,
Yaxshi so’zdan boshqasin ayta ko’rma.
1318. Birovga, o’zingga yetkazma zyayon,
Yaxshilik qil, yet orzuga har qachon.
1319. Qayga kirsang chiqishingni mo’ljal qil,
Chiqishni bilmasang koni ziyon, bil.
1320. Qahring kelsa sabr qil, bosgin o’zingni,
Sabrlilar quvonar qyyomat kuni.
1321. Nimalar der tingla sabrli kishi,
Sabri bilan tuzar buzilgan ishni.
1322. Sabr qilsa kishi o’z tilagin topar,
Sabrli, chidamli ovchi oqqush tutar

1323. Mashaqqat, dardu alam yetsa agar,
Sabr qilsang qaytadan shodlik kelar.
1324. Davlat shoshirmasa, haddin bilsa qut,
O’zin yo’qotmasa, bari bo’lar but.
1325. Sabr bu insonning fazlidir, sabrli bo’l,
Sabr birla topilar Arshga qadar yo’l.
1326. O’limni unutma, tayyor tur doim,
O’zingdan ketmagin, asling bil doim.
1327. Ko’pga qo’shilganda bilib ayt so’zing,
Birovlar uyida tiyib yur ko’zing.
1328. Sarfing kirimga bo’lsin mutanosib,
Aytgan so’zing ham o’zingga munosib.
1329. Yolg’on aytma, garchi yolg’on to’qirsan,
Shu yolg’on tufayli sen xor bo’lursan.
1330. Karindosh uruqqa yaqin bo’lib yur,
Kattayu kichikka doim kulib tur,
1331. Non-tuzing qizg’anma, el-yurtga yedir,
Kishi aybin ko’rsang ochmagin, yashir.
1332. Ibodatga moyil bo’l, Haqqa topin,
Gunohdan yiroq bo’l, o’zing asragin.
1333. Davlating ko’paysa, kibr qilmagin,
Faqat yaxshilik qil, yomon bo’lmagin.
1334. Berilma dunyoga o’taru ketar,
Ishonma davlatga, tez qarib yitar.
1335. Hayotga inonma, tush kabi kechar,
Baxt omonat — quvonma, qushdek uchar.
1336. Umringni zoe etma, yaxshilik qil,
O’tar kundan neki kerak ola bil.
1337. Ichma, chekma, fasodchi bo’lma aslo,
Znno qilma, bo’lma hech fosiq, rasvo
1338. Bu ikki narsadan baxt-iqbol qochar,
Kishiga xor-zorlik yo’lini ochar.
1339. Ne der eshit, sinalgan kishi so’zin,
Sinalganlar yaxshi bilar ish ko’zin:

1340. May ichma, zinodan aylagin hazar,
Bu ishlar gadolik to’nin kiydirar.
1341. May gunohga boshlar, yuz qaro bo’lgay,
Zinodan qochar qut, oxirat kuygay.
1342. Oyto’ldi so’zin bo’lib dedi: Ey o’g’lim,
Yodda tut, zarur gapim aytib bo’ldim.
1343. Dilda borin bayon etdim bir sidra,
Amal qilsang kamlik ko’rmaysan sira.
1344. Aytgan gaplarimning nomi nasihat,
Yodda tut, qilib ol qalbingga dastxat.

YIGIRMA UCHINCHI BOB
OYTO’LDINING ELIGGA VASIYATNOMA
YOZGANI BAYONI

1345. Qalam olib va o’ylab oqilona,
Xudo nomi birla bitdi bir noma.
1346. So’zining avvali bismilloh erur,
Yaratgan, o’stirgan, avf egasidir.
1347. Yaratdi insonu minglab tirik jon,
Rizq berar, och qo’ymas birin hech qachon.
1348. Istasa yaratar, ne istar mavjud,
Xar ne qildi istak-la bo’ldi vujud.
1349. Joriydir xohishi hammaga birdek,
Hech kim lozim emas ko’mak bergudek.
1350. O’lish-chun yaralgan bu sonsiz mahluq.
Tirik jon o’ladi, Unga o’lim yo’q.
1351. Suyukli rasulga mendan ming salom,
Yetkazsin mehribon Xudoyim mudom.
1352. Uning barcha as’hob yorlariga ham,
Salomim kamaytmay, yetkazsin Eg’am.
1353. Ko’p yyllar yashagin, ey baxtiyor xon,
Ko’p elga hokim bo’l, suraver davron.
1354. Otim Oyto’ldi, to’lmoq odat edi,
To’linlik tugadi, shum o’lim yedi.
1355. O’lim jarchisi keldi, yoqamdan oldi,
Qocharga joyim yo’q, tinchim yo’qoldi.
1356. Ko’p siylading, inoyatlar ko’rsatding,
Ketmoqdaman yetmay xizmat fursati.
1357. Lutfingga javoban bitdim pandnoma,
O’qisang topasan undan ko’p ma’no.
1358. Dunyo ishlarida do’stu yor edim,
Xizmating sidqidil bajarar edim.
1359. Mehrimning isboti ushbu nomadir,
Dunyo ishida kerak pandnomadir.
1360. Oqil aytar: Mehrning yo’q mezoni,
Mehribonlik insoniylik nishoni.
1361. Mehribon zot o’gitiga qulok tut,
O’git senga ovlab berar davlat, qut.
1362. Mehribon kishi ko’p asilu mehtar,
So’ziga amal qil, yuksakka eltar.
1363. Bu so’zni aytguvchi senga do’st, yordir,
So’zimga amal qil, ey mard bahodir.
1364. O’lim peshvoz chiqdi, qattiq o’kindim,
Naf bermadi biroq so’zim, o’tinchim.
1365. Asqotdi ibodat va ezgu ishim,
O’kinch bo’ldi barcha yomon qilmishim,
1366. Qoldi oltin, kumush, sonsiz qasabam,
Hisob bermoq bo’ldi endi nasibam.
1367. O’kinch o’rtar, nadomatdan foyda yo’q,
Eg’am rahmatidan bo’lak umid yo’q.
1368. Men ketarman bugun hech bir ilojsiz,
Orqamdan borursan sen ham shubhasiz.
1369. Ajal yetmay turib ko’zing och elig,
Ishlaring tuzatgin ishlatib bilig.
1370. Tahdid, zo’rlik o’rniga yaxshilik qil,
Tilu qo’lla xalqni sevintira bil.
1371. Sog’ kezing yaxshilik urug’ini soch,
Zar borida sahovat eshigin och.
1372. Nelar der eshitgin to’g’ri so’z kishi,
Yoshlikdan xushyor, ko’zi pishgan kishi.
1373. O’limga hozirlan ajal yetmasdan,
Ibodat qil, umring bekor o’tmasdan.
1374. Ajal kelib tutsa o’kinch befoyda,
Qora yer qa’rida doddan ne foyda.
1375. Ey elig, xushyor bo’l sen mendan keyin,
Kunlaring zoe qilmay Haqka sig’in.
1376. Avramasin seni dunyo davlat ila,
Barcha ishlaringda to’g’rilik tila.
1377. To’g’ri, odil nizom tuz, yurit uni,
Shunda yorug’ bo’lgay albatta kuning.
1378. Dunyo deb o’tga, cho’qqa urma o’zing,
Uzib nafs bo’ynini, ol tandan o’ching.
1379. Bu dunyo begisan, unga bo’lma qul,
Seni tinch qo’ymasa, ayla uni tul.
1380. Behuda g’ururlanma, kibrlanmagin,
Bu dunyo o’tkinchi, ko’ngil bermagin.
1381. Kishilar yaxshisin yaqin tut har on,
Yomondan hazar qil, yetar ko’p ziyon.
1382. Suq kishiga aslo oshing yedirma,
Vafosiz kishiga ishingni berma.
1383. Ibodatdan tinma, gunohdan saqlan,
Toatdan boshqasi bermagay bahra.
1384. O’limni yodda tut, tadoriking ko’r,
Panadan chiqqandek u nogoh kelur.
1385. Qancha qochma o’lim quvib yetajak,
Qancha yashamagin olib ketajak.
1386. G’ofil qolma, o’limga bo’lgin sergak,
Har qancha yashama yer bo’lar to’shak.
1387. Qani kim qutuldi o’limdan qochib,
Qazo muddatidan yashagan oshib.
1388. Olim yaxshi so’z aytgan bunga moslab,
Vaqt, hayotni bir-biriga qyyoslab.

1389. Karvonga o’xshaydi inson o’g’loni,
Manzilda ko’p turmas, turganlar qani.
1390. Yaralganda inson ota zotida,
Oz muddat tinch yashar ona qornida,
1391. Onadan tug’ilib, qo’yilgach oti,
Yo’lovchi bo’lib minar davron otin.
1392. Tungi halovat, kunduzgi non-tuzi,
O’limga eltadi, sarg’aytib yuzin.
1393. Dunyo bir qo’nalg’a, go’ring bir rabot,
Bundan chiqsang kutar narigi rabot.
1394. Bu dunyoda kutar seni ikki yo’l,
O’zing tanla undan qay biri maqbul.
1395. Yo’ling o’ngdan kelsa, tuzalar ishing,
Agar so’ldan kelsa, mushtlarsan boshing.
1396. Dunyo bir ekinzor, ey elig quti,
Kim eksa o’radi tiriklik o’tin.
1397. Nima eksa yerga shu narsa unar,
Neki bersa albat qaytarib olar.
1398. Kishi molin olma hamda to’kma qon,
Bu ikki gunohdan azoblanar jon.
1399. Bir tutam bu hayot tush kabi o’tar,
Xoh qul, xohi beg qaytmas bo’lib ketar.
1400. Qani u tush kabi kechirgan kuning,
Afsus-nadomatdir bu qolgan kuning.
1401. Nelar der tingla xushyor tortgan kishi,
Xushyorlikda ming bor o’kingan kishi.
1402. Tirigingda tushdek o’tkaeding fursat,
Topgan foydang qani, nishona ko’rsat.
1403. Orzu-havas bilan kechirding hayot,
Umr o’tdi, qolgani afsus-nadomat.

1404. Dunyoga aldanma, ko’p o’yla sokin,
Tiriklik o’limga juda ham yaqin.
1405. Baxillikdan saqlan, bo’l sahiy, odil,
Sahiy degan nom mangu qolar, bil.
1406. Suvoriy, lashkarga inonma ko’p ham,
Oltin, kumush, qo’shin foydasi mubham.
1407. O’zgalar deb o’zing fido aylama,
O’zingai qadrla, o’tga tashlama.
1408. Sendan avval o’tgan dunyo beglari,
O’tdi-ketdi, o’zin go’rga bekladi.
1409. Endi seni poylab turar o’liming,
Vaqtin kutar, yorug’ bo’lsin har kuning.
1410. Ne der eshit dunyo aybini bilib,
So’z aytuvchi undan ko’p ibrat olib:
1411. Go’yoki sho’r suvdir bu dunyo moli,
Tashnalik bosilmas, nam bo’lmas tili.
1412. Ey botir, bu dunyo soya singari,
Qochsang quvar, quvsang qochadi nari.
1413. Dunyoning ishlari misli bir sarob,
Tutay deb qo’l sunsa yo’qolar shu tob.
1414. Elig, o’zing yaxshilikka qil payvand,
Begi yaxshi xalqning tolei baland.
1415. Xalq qo’y kabidir, beg esa cho’pon,
Cho’pon bo’lmoq kerak qo’yga mehribon.
1416. Eshikka yig’ilgan talay och bo’ri,
Ehtiyot bo’l, elig, qo’yingni qo’ri.
1417. G’azablanma ishda, sen o’zingni bos,
G’azabnok bo’lsa beg begligi turmas.
1418. Qo’pol so’zlama hech, shirin qil tiling,
Qo’pollik-olov, yoqar inson dilin.

1419. Sen muloyim, og’ir-bosiq, yuvosh bo’l,
Neki ezgulik bor uravergin qo’l.
1420. Oldingda turibdi uzun yo’l — safar,
Oqillar bu yo’lga oziq hozirlar.
1421. Saroy, qasr solma, ey elig quti,
Tayyordir senga uy — qaro yer qati.
1422. Qolar baland, ko’rkam qasru saroylar,
Qorong’u go’rda naf bermas dod-voylar.
1423. Ne hojat xazina, bu oltin, kumush,
Senga ikki gaz bo’z tegadi ulush.
1424. Bunga monand so’z aytdi shoir tili,
Uning so’zi ochar hikmatning yo’lin:
1425. G’ofil odam dunyo yig’ishin qo’ymas,
Nasib etarmi, yo’q, o’ylab ham ko’rmas.
1426. Orzusi ushalib boylikka yetar,
Tugaydi tiriklik, aziz jon ketar.
1427. Huzurga ovunma, mag’rur bo’lma xon,
Ovunch, g’urur o’tdek o’chadi shu on.
1428. Umring zoe qilma bu dunyo uchun,
Bu dunyo o’tkinchi, mashaqqat uchun.
1429. Shohi, ipak kiyib o’sgan tanang, bil,
Oxir qora tuproq yopinar, oqil.
1430. Shodlikda yashading yayrab, ovunding,
Qora go’rda tuproqlarga qorilgung.
1431. Charchoq bilmas yo’rg’a otdan tusharsan,
Egari yo’q yog’och otga minarsan.
1432. Buni uq, tayyor bo’l o’limga har on,
So’ngra yer qa’rida yema pushaymon.
1433. Har bir ishda Xudodan tavfiq tila,
O’zi qo’llar, berar quvvat kuch bila.

1434. Yaxshiyu yomonlik kelsa bo’l rizo,
Og’rinma, bo’yin eg, ne bo’lsa qazo.
1435. Bo’lay desang ikki dunyo boshchisi,
Yaqinlashma bu besh ishga yaxshisi:
1436. Haromga qo’shilma, ishlatmagin kuch,
Xusumat-la to’kma qon, olmagin o’ch,
1437. Fisq-fasoddan yiroq tur, ichma sharob,
Bu narsalar qilar begliging xarob.
1438. Tilasang beglikka agar boqiylik,
Odil bo’l, zulmni yo’qotgin, elig.
1439. Bugun yurtga boshsan va pushti panoh,
Oqil bo’l va elning holidan ogoh.
1440. Bo’yinga ortildi, elig, og’ir yuk,
G’ofil bo’lma, xushyor tur, xulqi tuzuk.
1441. Tanu jon bo’lmog’ing istar nafsga qul,
O’zing asra, o’lsang-da bundan qutul.
1442. Yeldek o’tgan hayot misoli bir tush,
Zoe ketgan umr uchib ketgan qush.
1443. Nobud qilma endi bu qolgan kuning,
O’zingdan kech, shudir yo’rig’ing, yo’ling.
1444. Vafo qilmas aslo bu dunyo senga,
Ne vafo ko’rsatdi o’ylab ko’r menga.
1445. Nima der eshitgin tadbirli kishi,
Tadbirkorlar erur el-yurtning boshi.
1446. Bu dunyo bir rabot, sen esa karvon,
O’ylab ko’r, rabotda turarmi karvon?
1447. Mulk jamg’armoq makonidir bu dunyo,
Topib orttir, obod bo’lsin u dunyo.
1448. Ko’charsan, ko’chlaring avvalroq yubor,
Keragin ol, keraksizin tashlavor.

1449. Men ketarman, ibrat bo’lsin a’molim,
G’ayrat qil, qoldirib ket yaxshi noming.
1450. O’lguvchi tirikka nasihat qilur,
Jon qulog’i bilan tinglamoq zarur.
1451. U der: G’ofil bo’lma, hayot g’animat,
Mening g’ofil holim ko’rib ol ibrat.
1452. Boqiy bo’lsin desang begliging elig,
Bir ishni qil, ba’zisin qilmagulik.
1453. Adl ustivor bo’lsin, ishlatma kuch,
Haqqa topin, uning ostonasin quch.
1454. G’ofil bo’lma, bo’l doimo sog’, ogoh,
Shunda yog’mas boshingga balo nogoh.
1455. Ikki holda qilma hech qanday yumush,
Havas, g’azab oni tut sabr-la ish.
1456. Shunday qilsang eling sog’, omon bo’lar,
Yurting tinch, farovon, beglik qo’l kelar.
1457. Yaxshini e’zozla, ulug’lab ko’tar,
Yomonni quv nari, elingdan ko’tar.
1458. Yomon nizom tuzma, odil bo’l doim,
Kuning yaxshi bo’lgay, baxting ham qoim.
1459. Nelar der mashhur, dono olim, angla,
So’zlaridan o’zingga keragin tanla:
1460. Dono boshchi yaxshi nizomlar tuzar,
Yomon nizom tiriklik uyin buzar.
1461. Yomon siyosat tutma, dono hakim,
Yomonlik-la hech kim bo’lolmas hokim.
1462. Yomon nizom tutgan tirik chog’ida,
Yomon nomi qolar falak charxida.
1463. Kim agar yaxshi qonun barpo etar,
Uning nomi o’lmas, to abad ketar.
1464. Kimliging yodda tut, ey dono, har vaqt,
Xushyor bo’l, unutma, zotingni hech vaqt.
1465. Yomon qilma xulqing, ey qo’li uzun,
Yomonni yig’latar har ikki ochun.
1466. Elga yaqin bo’lib uzaydi ilking,
Taassufda ketar hayoting, bilgin.
1467. Dunyo o’tkinchidir, uni o’tdi de,
O’lim kelguvchidir, yetib keldi de.
1468. Ahvolimdan olgin ibrat, nasihat,
Bugun tiriksan, ertan chekma hasrat.
1469. Kishi o’lsa undan bir meros qolar,
Ey dono, bu senga merosim bo’lar.
1470. Suyukli eding sen, ey elig, menga,
Foydali merosni qoldirdim senga.
1471. Insonga foydali meros chin so’edir,
Unga amal qilsa, foydasi yuedir.
1472. Mana bitib qo’ydim so’zlar chinini,
Yodda tut bu so’zni, unutma meni.
1473. Hayot gashtin surib nechog’li yurdim,
Qaytish o’lim ekan, oqibat ko’rdim.
1474. Shubhasiz o’lim bir kun yetib kelar,
U barcha tirikning jonini olar.
1475. Chorlovchi payt kelar, shay turmoq kerak,
Uzoq yo’l bosishga hozirlik kerak.
1476. O’limdan qutulmoq imkonsiz, bilgin,
Oxirat yukin ol, hozirlik ko’rgin.
1477. Ne der eshit, oq-qorani bilgan zot,
O’limin o’lishdan avval bilgan zot;
1478. O’lim navbati o’z paytida kelur,
Hozirlik ko’r, sen o’limga tayyor tur.
1479. Tillodan kamar taqib man-man degan,
Qazo yetgach, kamarlari part yegan.
1480. Ey elig, mana men o’tadim haqing,
Ado etdim sidqidildan shafqating.
1481. Yaxshiliklaringga Haq tavfiq bersin,
Xolis parvarish etding — baxting kulsin.
1482. Sog’ bo’l, hamisha, ming yillar davron sur,
Shod-xurramlik, bilan ko’p ellarni so’r.
1483. Fikrim aytdim qaynab mehrim sururi,
Xush qol, sog’ bo’l doim, ey yuzi nurli.
1484. Mana ketmoqdaman, ey elig quti,
Qolar yolg’iz o’g’lim — bag’rimning o’ti.
1485. Topshirdim Haqqa yolbora-yolbora,
Istasa saqlar u yonar o’t aro.
1486. Tilagim shu, ko’z-qulok bo’lgin undan,
Joy olmasin yomonlar qatoridan.
1487. Har ishga bir sabab topadi Eg’am,
Izmi unda yaxshi, yomonlikning ham.
1488. O’g’il-qizga sabab otayu ona,
Buzilsa ham fe’li, tuzalsa yana.
1489. Men ketarman dunyoga kelmagan kabi,
Yetim qolar o’g’lim hali g’o’r, sabiy.
1490. Haqi bor deb bilsang xizmatim senda,
Yaxshi yo’lga boshla, ota bo’l unga.
1491. Tashlab qo’yma, o’rgat kasb-hunar, bilig,
Bilim fazli-la bo’lsin elga ilik.
1492. Xulqi yaxshi bo’lsin, topsin yo’lin tuz,
Xizmatga yarasin, bo’lsin yorug’ yuz.
1493. Bo’sh qo’yma uni, qattiq tergab tut,
Qattiq tutilsa farzand topadi qut.
1494. Farzand yoshligida neki o’rgansa,
Unutmas uni to qarib o’lguncha.
1495. Ne der eshit, keksa bilog’on kishi,
Sinab uqqan, bilib so’zlagan kishi:
1496. Farzandni yoshligida qil ilmga band,
Yoshlikda ilm olganning qo’li baland.
1497. Lozim bo’lsa: farzandni ayamay ur,
Kaltak o’g’il-qizga bilim o’rgatur.
1498. Yoshlikda o’rgansa farzand nimani,
Qarib o’lgunicha unutmas uni,
1499. Nomani tugatib, imzo chekdi u,
Pandnomani o’g’liga tutqaedi u.
1500. Aytdi: Eligga ber, asra, yo’qotma,
O’g’lim, merosim shu vasiyatnoma.
1501. Nomam o’qib so’zimga amal qilsin,
O’limga shay bo’lib ishini qilsin

1502. Chuqur xo’rsindi u boqib o’g’liga,
Dedi: Og’ishmay yur Haqning yo’liga.
1503. Mehrin izhor etdi o’g’lini o’pib,
Bag’riga bosdi uni ko’z yosh to’kib.
1504. Dedi: O’g’lim, ahvolimga razm sol,
Ko’r, inson ne holga tushadi alhol.
1505. Senga ham kelajak shubhasiz bu kun,
G’ofil bo’lma, oxir o’lasan bir kun.
1506. Zarur so’zlarimni aytdim men senga,
Quloqqa quyib ol, duo qil menga.
1507. Vaqti kelib elig yo’qlatsa seni,
Sidqidil xizmat qil, qadrla uni.
1508. Behuda sanqima, yugurma bekor,
Xulqing tuzat, xushfe’l, to’g’ri bo’l ming bor.
1509. Kech yotsa u kech yot, tur erta sahar,
Sahar turgan kishining baxti chopar.
1510. Xudoning buyrug’in aziz bil, aziz,
Joning berib elig xazmatin qil tez,
1511. Yomonga qo’shilma, nari tur chandon,
Fe’ling tuzat, yaxshilik qil har qachon.
1512. Tilga ehtiyot bo’l, salomat yurgung,
O’zingni asragin, tinch-omon bo’lgung.

1513. So’zin bo’lib yana o’g’lini quchdi,
Yosh to’kdi, tilidan nadomat uchdi.
1514. Dedi: Ishonchsiz dunyoi bevafo,
Nechun qilding menga bunchalar jafo.
1515. Noz-ne’mat-la parvarish topgan jonim,
Qaro yerga kirar ko’rku jamolim.
1516. Onadan qay ahvol tug’ildim u kun,
Ketarman hasratda yalong’och bu kun.
1517. Ne der eshit o’limi aniq kishi,
Qazodan o’kingan, holi tang kishi:
1518. Qorindan chiqarding, qoringa kirar,
Shakar yegan tanni ilonlar yeyar.
1519. Esiz o’tgan umrim, esiz tiriklik,
Afsus-nadomat-la go’rga kirgulik.
1520. Aqlin yig’ib, bas qildi u yig’ini,
Ulashmoqni buyurdi mol-mulkini.

1521. Rozilik tiladi yaqinlardan ul,
Olar bo’ldi joni yashil ko’kka yo’l.
1522. Ko’zin ko’kka tikdi, ko’tardi qo’lin,
Shahodat-la so’zdan qoldirdi tilin.
1523. Yorug’ jon uzildi, qoraidi kuni,
Haq nomi-la to’xtadi so’nggi tini.
1524. Pokiza ruh uchdi yashil Arsh tomon,
Quruq jasad qoldi, chiqib ketgach jon
1525. Tug’ilmagan kabi yitib ketdi jon,
Nomi qoldi jahonda bo’lib nishon.
1526. Ne der, eshit, ko’ngli to’g’ri kishi,
G’aflat uyqusidan uyg’ongan kishi:
1527. Jasadning makoni qora lahaddir,
Pokiza ruh uchun Arsh sarhaddir.

1528. Quruq jasad qolar jon chiqsa nogoh,
Qayga borishini bilar bir Olloh.
1529. Joyi yuksak bo’lsa, baxtdir, ey qutlug’,
Tuban ketsa agar, falokat-yo’qlug’.
1530. U ikki qismatdan birini topar,
Ikki holda ham o’lmas, mangu qolar.
1531. Nechog’li zaifdir bu inson zoti,
So’zi, umri tugar, lek qolar oti.
1532. Qaerdan kelar u va qayg’a borar,
Qaerda turar u va qayda yurar.
1533. Bilimli bilarmi, ne der bu haqda,
Aqlli uqarmi ne kechmish hayotda?
1534. Biron dono yo’qdir buni uqquvchi,
Faqat bir Yaratgan sirin bilguvchi.
1535. Belgisiz yuradi, goho yeb, ichar,
Ko’zga ko’rinar goh, nishoni o’char.
1536. Ko’p qisqa umr ko’rar bu inson o’zi,
Tashvishi ko’p, balandparvoz til, so’zi.
1537. Boq, inson naqadar erksiz va zaif,
Nega yomonlik-la kekkayar, ajib?
1538. Dunyoning o’tkinchi ekanin bilib,
Nechun ko’ksin kerar qoya tosh bo’lib?
1539. Ne der eshit, dunyoni ko’rgan kishi,
O’lim haqligin anglab yetgan kishi:
1540. Qyyosing yo’q shafqatsiz, yovuz o’lim,
Minglab qurol, ash’yo to’solmas yo’ling.
1541. Barchaga tengdirsan, qutulmas biri,
Yomonu yaxshiga birdek sen bo’ri.
1542. Bo’lardi olimlar yashasa shodmon,
Soz bo’lar yalpi o’lsa barcha nodon.
1543. Yaxshi, yomon qolmas, batamom o’lar,
Kattami yo kichik qora yer to’lar.

1544. O’limdan qochishga yo’q biron imkon,
Xar kancha yashama kelar begumon.
1545. Yaxshi aytmish elga bosh bo’lgan kishi,
Ishini uquv-la ishlamish kishi:
1546. Ne yaxshi ish edi o’lim bo’lmasa,
Ne yaxshi ish bo’lar inson o’lmasa.
1547. Mangu farog’atga yetkazar o’lim,
Hayot tomirini uzguvchi o’lim.
1548. Odam emas, odamgarchilik esiz,
O’lim haq, lek xislat — fazilat esiz
1549. Najot yo’q o’limga, tug’ilgan o’lar,
Tug’ilmoq, o’lmoq bor, qaro yer to’lar.
1550. Shudir ko’hna olam azal udumi,
Amal qil yo o’z mayliga qo’y uni.

YIGIRMA TO’RTINCHI BOB
KUNTUG’DI ELIGNING O’GDULMISHGA
PAND- NASIHAT QILGANI BAYONI

1551. Elig ko’p motam tutdi Oyto’ldiga,
So’ng pandu nasihat qildi o’g’liga.
1552. Dedi: Ey o’g’il, chekma ortiqcha g’am,
G’amdan so’ng keladi albat shodlik ham,
1553. Bu musibat yetmadi faqat senga,
Beadad dardu alam, bo’ldi menga.
1554. Ruhingni tushirma, o’zingni ovut,
Yonimda hamdam bo’l, xizmatimga o’t.
1555. Otang o’lgan bo’lsa, otaman senga,
Otalik qilayin o’g’il bo’l menga.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1556. Yer o’pib O’gdulmish dedi: Ey elig,
Yurtga hokim bo’lib, ko’p yil bo’l tirik.
1557. O’stirgan xizmatching, sodiq qulingman,
Jonu tan-la senga fido bo’lgum man.
1558. Otam joni bo’ldi eliga fido,
Fido etsin senga bu qulni Xudo.
1559. Ota nomasini oldi O’gdulmish,
Odob bilan uni eligga tutmish.
1560. Xatni o’qib elig dedi: Eh attang,
Tashlab ketdi ne zot, holim etib tang.
1561. Dedi: Ey mehribon, inson ko’rk, qo’ri,
Huvillatib ketding uyimning to’rin.
1562. Tirigingda ado etding haqimni,
O’lar chog’ing yana yeding g’amimni.
1563. Haqing o’tolmadim, rozi bo’lgin sen,
Egam yorlaqasin, o’zi qo’llasin.
1564. Sendan rozi, xursandman bu kun,
Shod etsin oxaratda Egam tun-kun.
1565. To’kib yosh so’zini elig qildi bas,
Dardu alam chekib, o’rtandi abas.
1566. Ko’ngli cho’kib, olam tangu tor bo’ldi,
Olamdan uzildi, g’amga yor bo’ldi.

1567. Otasi-chun ehson qildi O’gdulmish,
Yo’qsillarga ulashdi oltin, kumush.
1568. Shu zayil ulashdi otaning dardin,
Yaxshilarni qildi o’ziga yaqin.
1569. Ota pandin tutib yorishdi ko’ngli,
Baxti chopib mudom yorishdi kuni.
1570. Ne der eshit oqilu dono kishi,
Ko’p savdolar ko’rgan, bilgan yurt ishin:
1571. Otang pandini sen qattiq tut, qattiq,
Kuning qutli bo’lar, yemishing totliq.
1572. Xursand qilsang agar ota-onani,
Toparsan tog’ kabi ulkan foydani.
1573. Elig ham ishiga qattiq kirishdi,
Ezgu qonun yuritmoqqa tirishdi.
1574. Yurti obod bo’ldi, tuzaldi eli,
Eligni, duo qildi xalqning tili.
1575. Xoli qoldi bir kuni elig o’zi,
Xayol surib, uzoqqa tikdi ko’zin.
1576. Muammolar bisyor, aqli yetmadi,
Yechimin so’rashga kishi topmadi.
1577. Esladi Oyto’ldining ardamlarin,
Dedi: Peshvosi edi odamlarning.

1578. Saltanat ko’rki, yaxshi dust, yor edi,
U bosh ishdan elga ko’p naf bor edi.
1579. O’rni bo’sh qoldi, barbod bo’ldi ishim,
Ro’zg’orim butlashga qani bir kishi.
1580. Nogahon O’gdulmishni xotirladi,
Nechun yaxshi ishni unutdim, dedi.
1581. Menga qoldirgan-ku o’g’lin Oyto’ldi,
Ne sababdan omonat unutildi.
1582. Ota o’ldi, qo’yib ketdi o’g’lini,
Birini yo’qotdim, tutay birini.
1583. O’gdulmishni chorladi tez saroyga,
Xizmat topshirmoq-chun qarab rayiga.
1584. O’gdulmish yetib keldi shahdam yurib,
Eligga ko’rindi kuvonchga to’lib.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

1585. Elig ko’rgach, darhol chorladi uni,
Dedi: Ne ko’yga soldi falak seni.
1586. Qanday kechmoqdadir rostin ayt kuning,
To’g’ri yashadingmi yo egri yo’ling?
1587. Zamona ne qildi otangdan keyin?
Shodmisan yo ezilding g’am-qayg’udin?

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1588. Sening xizmatingdan chetlatib qo’ydi,
Zamon yuz o’girdi, qovog’in uydi.
1589. Ko’pdan buyon qutlug’ yuzing ko’rmadim,
Hasrat chekib yurdim, zinhor qulmadim.
1590. Elig sen chorlagach nomim etib yod,
Umid kamarini sirdim bo’lib shod.
1591. Eshitgach ulug’ xonning yorlig’ so’zin,
Xushvaqt bo’ldim, nurlarga to’ldi ko’zim.
1592. Elig turli ilmdan imtihon etdi,
O’gdulmish batafsil javobin aytdi.

YIGIRMA BESHINCHI BOB
O’GDULMISHNING KUNTUG’DI ELIG
XIZMATIGA KIRGANLIGI BAYONI

1593. Elig aytdi: Bundan buyon, ey o’g’il,
Mening xizmatim qil, cho’ktirmay ko’ngil,
1594. Otangning xizmati ko’p singgan edi,
O’talmagan qarzi zimmamda edi.
1595. Bu qarzni qaytarmoq kerakdir senga,
To yurtda xunuk gap tegmasin menga.
1596. Nelar der Uch urda* begi anglagil,
Bilib aytar gapin, ishlatib aql:
1597. Birovning mehnati singsa bilgulik,
Unutma uni sen bamisli o’lik.
1598. Tark etma odamiylik, ey asl zot,
Odamga odamiylik qil hamma vaqt.
1599. Birov mehnat singdirsa agar senga,
Albat undan ortiq javob qil unga.
1600. Odamiylik bilan nom topar inson,
Odamiylik bilan qozonadi shon.
1601. Mol degan nom olma, odamiylik qil,
Odamga odam bo’l, okibatni bil.

[*] Uch urdu — turk qabilalaridan birining nomi

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1602. Yer o’pib O’gdulmish dedi: Ey xon,
Shoh e’tibori yaxshilikdan nishon.
1603. Sen ulug’ begimsan, men xizmatchi qul,
Beg qadrlar xizmatkorin ko’rsa maqbul,
1604. Istasang qadrla va yo etgin xor,
Jonim fido etib ayladim nisor.

1605. Saroyni tark etdi bo’lib shodumon,
Yo’l oldi ohista uyiga tomon.
1606. O’gdulmish xizmat kamarin bog’ladi,
Barvaqt turib o’z yumushin boshladi.
1607. Tunu kun xizmatdan hech og’ishmadi,
Posbonlikni rohatga alishmadi.
1608. Ma’qul ko’rsa, agar xizmatin elig,
Unga ochilgaydir har kanday eshik.
1609. Nima der eshitgin xizmat qilguvchi,
Xizmat birla davlat otin minguvchi:
1610. Ey beglar shodligin istagan kishi,
Ular xohishicha qilgin sen ishin.
1611. Begiga nomaqbul ish qilsa xodim,
O’zini ayblasin, voy bo’lar holi.
1612. Begiga nomaqbul ish qilsa agar,
Topgan tirikligi behuda ketar.
1613. Boq, elig O’gdulmishni tutdi yaqin,
Bayon etdi ishlarning yo’l-yo’rig’in.

1614. Mayus bo’lib elig dedi bir kuni,
Vo darig’! Yo’qotdim komil kishini.
1615. Bunda jamdir odamlarning har xili,
Lek topilmas ishga yaroqli biri.
1616. Sensiz ishim barbod, yo’qdir bilguvchi,
Qani u kuyunib ishim qilguvchi.
1617. Nima der eshitgin sinalgan kishi,
Sinab yaxshi-yomonni bilgan kishi:
1618. Istasa orzuga yetadi inson,
Yo’q yaxshiga sarvar topmoqqa imkon.
1619. Bosh ko’tarib yurgan ko’p binoyidek,
Lek yo’qdir ishonib inson degudek.
1620. Kishiga kerakli, yaroqlisi yo’q,
Elga nafi tegar yo’riqlisi yo’q.
1621. Nelar der eshitgin bu she’r aytguvchi,
So’zin ma’no birla tuzib aytguvchi:
1622. Yurganlar ichida yaroqlisi yo’q,
Borining dunyoda turoqlisi yo’q.
1623. Xizmatchi sanoqsiz — bundan ko’ngil to’q,
Lek izlasang biron foydalisi yo’q.
1624. Elig aytdi: Masalda shunday kelar:
Urug’li kishi o’lsa, urug’i qolar.
1625. Yerga nima eksak albat shu unur,
Ota fe’li farzandida ko’rinar.
1626. Oyto’ldining o’g’li ota o’g’lidir,
Ota o’tdi, o’rni o’g’il o’rnidir.
1627. Ota o’tdi, o’rni qoldi quruq, bo’sh,
O’g’il burchi shu bo’shliqni to’ldirish.
1628. Tarbiyat etay, bo’lsin yaxshi kishi,
Yaxshi bo’lsa bo’lar foydali ishi.
1629. Yoqib qolgani menga ayon to’liq,
Yoshligidan bo’lak biron aybi yo’q.
1630. Nom qozongan kishi yaxshi so’z aytgan:
Yoshi ulug’ elning sarasi ekan.
1631. Himmat-la beglar ulg’aytsa bir kishin,
Ko’pga bosh bo’lar u begidan keyin.
1632. Yaqin tutsa beglar o’ziga kimni,
Albat topar u hojat, tilagini,
1633. Agar boqsa beglar birovga kulib,
Yaxshilar yoniga kelar jam bo’lib.

1634. Elig aytdi: Topay tadbiru omil,
Voyaga yetkazay er qilib komil.
1635. Shu zayil o’tayin otalik haqin,
Ko’rsatay oqibat va tutay yaqin.
1636. Oyto’ldi xizmati singdi bir talay,
O’g’liga oqibat qilib qaytaray.
1637. Oqibat deganim erur ezgulik,
Mehru shafqat, bermoq kiyim, yegulik.
1638. Yaxshilikni unutmas hech asl kishi,
Ko’ngil olmoq mushkulning mushkul ishi.
1639. Nima der eshitgin qarilar so’zin,
So’ziga amal qil, unutma qo’zi:
1640. Yaxshilik qilaver, ey yaxshi kishi,
Yaxshilik unutilmas, mangu yoshi.
1641. Yaxshilik qarimas, shu bo’yi qolar,
Umri boqiy, nomi hech o’chmas bo’lar.

1642. Yuksak qadrladi elig O’gdulmishni,
Ishonib topshirdi barcha yumushni.
1643. Martabasin oshirdi aylab ehson,
Yo’lga tushdi qonun, yor bo’ldi zamon.
1644. Tuzaldi ichki ish, qonun, siyosat,
Tilsimlar eshigi ochildi abad.
1645. Nuqsoni — fazilat, aytgani chin so’z,
Eligga hamisha dastyor, quloq, ko’z.

1646. Elig aytdi: Yo’lga tushdi bor ishim,
Yurt ichi, sirtidan yo’qdir tashvishim.
1647. Tadbiri bor edi buning muqarrar,
Bu yukni bir elig zimmaga olar.
1648. Oqibat topildi istalgan kishi,
Yana kamol topar ulg’aygach yoshi.
1649. Bo’ladigan bola, har qandayin jon,
Yoshligidan ma’lum, bor barcha nishon.
1650. O’qi, bu bayt bunga juda mos kelar,
Gar uqsang ma’nosi ochilaverar.
1651. Yaroqli narsaning bo’lar belgisi,
Yoshlikdan ulg’ayguncha bilingusi.
1652. Daraxtning mevasi gulidan ma’lum,
Bu – ibrat, bu – o’git, dono muallim.

1653. Astoydil kirishdi ishga O’gdulmish,
Kunu tun tinmadi bitmasa yumush.
1654. Kamchilik, qusurin yo’qotdi butkul,
Ko’p ezgu ishlarga qo’rqmay urdi qo’l.
1655. Tashvish arib, elig xotirjam bo’ldi,
Ko’ngil to’q, yurt obod, xalqi boy bo’ldi.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

1656. Chorlab elig O’gdulmishni bir kuni,
Bir-birlab bayon etdi bilganini.
1657. So’ngra aytdi: Quloq tutgin, ey o’g’il,
So’z aytay tinglagin, bo’lmasdan ko’ngil
1658. Kishiga foydali narsa nimadir?
Aytib ber, foydasi uning nedadir?

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1659. Javob berib aytdi O’gdulmish: Begim,
Sen elning a’losi, senda bor bilim.
1660. Insonga zarurdir ikki olamda,
Yaxshi fe’l, go’zal xulq bo’lsin odamda.
1661. So’ng sharm-hayo hamda rostgo’ylik zarur
Shu uchi-la inson baxtiyor bo’lur.

1662. Xulqi yaxshilarni el-yurti sevar,
Fe’l-atvori yaxshilar to’rga chiqar.
1663. Yaramas ishlardan tiyar sharm-hayo,
Uyatsizlik erur dardi bedavo.
1664. Gar inson sharm-hayoli, rostgo’y erur,
U ikki dunyoda baxtiyor bo’lur.
1665. Rostgo’ylik, sharm-hayo hamda yaxshilik,
Birlashsa uchi bo’lar xursandchilik.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

1666. Yana aytdi elig: Ma’quldir bu so’z,
Nima u kishiga foydasiz, yovuz?

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1667. Javob berib O’gdulmish aytdi: Elig,
Bu so’zga ishlatsin aql ham bilig.
1668. Kishiga befoyda, butunlay ziyon,
Keltirar uch narsa, ey qudratli xon,
1669. Biri — qaysarlik, bo’lsa fe’li yovuz,
Yana biri — aytsa doim yolg’on so’z.
1670. Biri baxillikdir, kishin xor etar,
Bu uch narsa ilmsiz kishidan kelar.
1671. Kishi qaysar bo’lsa va fe’li yomon,
Barcha ishi aks bo’ladi har qachon.
1672. Nom qozonsa kimki yolg’oni bilan,
Obro’ topmas har ne qilgani bilan.
1673. Baxillikdan ortiq yomon nima bor,
Yemay-ichmay yig’ar, birovga qolar.
1674. Baxil hakida bilim nima der uq,
Ey baxtsiz, bechora, ey qo’li yumuq.
1675. Yig’a bilding oltin, yeya bilmading,
Oltin yovdir nechun elga bermading?
1676. Mod-dunyo yig’ib yemaydigan kishi,
Yeguvchi tayyordir, hozirla oshin.
1677. Bu uch illat kimda bo’lsa baxt ketar,
Bu uch illat uning namin yo’qotar.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

1678. Elig yana aytdi: Eshitdim buni,
Yana bir gapim bor, sharh etgin uni.
1679. Dono tug’ilarmi onadan kishi?
Yoki o’rganarmi yetilsa yoshi?

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1680. Javob berdi O’gdulmish: Elig quti,
Bilim bilan aql fazilatning oti.
1681. Bilimsiz tug’ilar, nizom o’rganar,
Kishi bilim olgach, ishi o’nglanar.
1682. Inson dunyoga ilm-amalsiz kelar,
Bilib o’rgangach, albat to’rga chiqar,
1683. Uquv shuki, o’rganolmas hech odam,
Mijoziga qo’shib yaratar Egam.
1684. Aqlidan bo’lak barcha ardamlarin,
O’rganib oshiradi u ilmlarin,

1685. Bu so’zni eshitib suyundi hoqon,
Dedi: Niyatimga yetdim ushbu on.
1686. Otasin yo’qotgan edim, bu o’g’il,
Ota o’rnin bosdi, topib yaxshi yo’l.
1687. Xudoning shukri-la tilimni bezay,
Yaxshilik qilay xalqqa, odil bo’lay.
1688. Mehr-oqibatli ko’rdim O’gdulmishni,
Fahmu farosat-la boshladi ishni.
1689. Yaxshilikka yaxshilik qilmoq savob,
Uning yaxshiligiga bo’lsin javob.
1690. Ne der eshit, dono, mo»tabar kishi,
Elning sarasi-yu, peshqadam kishi:
1691. Kim odamiylik qilsa, oqibat qil,
Odamiylikka teng javob aylagil.
1692. Odamiylik haqi vafoga vafo,
Yaxshi nom qozon, to’g’ri bo’l, qil vafo.
1693. Qadrladi elig uni kundan-kun,
Shuhrati yoyildi el-yurtga butun.
1694. El ichra yuksaldi nomu nishoni,
Duo birla dong’i tutdi jahonni.
1695. Teng tushlari aro ataldi ulug’,
Beglar orasida bahodir, qutlug’.
1696. Til, ko’nglin kichik tutdi, fe’lini soz,
Ahillikda kun, oy kechdi sarafroz.
1697. Ko’nglin ochiq, shirin qildi tilini,
Zabt etdi uzoq-yaqin xalq dilini.
1698. Yor-birodar topdi va bo’ldi qo’ldosh,
Ularning nafi ko’p, doimo yo’ldosh.
1699. Kimning tayanchi bor, u kuchli bo’lar,
Kim kuchli baxt-taxti ustivor turar.
1700. Baxtga xo’p munosibdir ochiq ko’ngil,
Donoga ko’rk, chiroy kamtar bo’lsa ul.
1701. G’oyat yaxshi aytmish bu oqil kishi,
Kimki amal qilsa yurishar ishi:
1702. Kimga davlat kulib boqsa tole’dan,
Kamtar bo’lib quvonsin iqbolidan.
1703. Agar kelsa davlat kishiga kulib,
Mahkam tutsin uni kichik fe’l bo’lib.
1704. Baxt nihol kabidir arshda ildizi,
Oq ko’ngil, yuvoshlik asos — negizi.
1705. Yaxshi bo’lar kamtar, muloyim kishi,
Ko’rki ortar, rivoj topadi ishi,
1706. Takabbur, gerdaygan yaramas bo’lar,
Kibr-havo kun sayin yuz tuban qilar.
1707. Baxt yuzlansa hammaga xo’p yarashar,
Oqilga yuzlansa behad mos tushar.
1708. Bunga monand ushbu baytni o’qigin,
Ey saxiy, o’qi-yu, ma’nosin uqqin.
1709. Bilimsizga davlat yarashsa kelib,
Donoga ortiqroq yarashar kulib.
1710. Qaror topsa nodonga kelib davlat,
Dononi mos ko’rar har jihat albat.
1711. Gar nodon davlat bilan shuhrat topar,
Donoga yarashar, u kulib boqar.
1712. Nodonga kelar bo’lsa davlatu qut,
Davlat unda qaror topib, turmas but.
1713. Bunga dalil-isbot bo’lar ushbu so’z,
Sen uni angligin, ayo ko’ngli tuz:
1714. Baxt kelar kishiga, uni qadrlar,
Qadr unga esh bo’lib, tabarruk qilar.
1715. Nodonga yuz bursa gar davlatu qut,
Yemay asrar — halovat bo’lar unut.

1716. Sinab ko’rdi elig O’gdulmishni,
Ma’qul topdi qilgan barcha ishini.
1717. Qadrladi behad yuksak ko’tarib,
So’ng pastga urdi birdan to’nkarib.
1718. Qadrli kez kimsani ranjitmadi,
Xor bo’lganda xizmatin kam tutmadi.
1719. Elig ishonchin topdi tayanch bo’lib,
Xazinani topshirdi ko’ngli to’lib.

1720. Zimmaga oldi u ulkan omonat,
Jon fido bo’lsin kim olsa omonat.
1721. Ish tutdi O’gdulmish haqgo’ylik bilan,
Kun sayin yaqin tutdi xon mehr bilan.
1722. Yo’riq topib bajardi har ishni u,
Mol-mulkni sarhisob etib qo’ydi u.
1723. Begin avayladi, o’zi parhezkor,
Xizmatda xiyonat qilmadi zinhor.
1724. Nima der eshitgin kim ulug’ yoshi,
Hayotda parhezkor, chin yetuk kishi:
1725. Oltin, kumush inson uchun qadrli,
O’zin tuta bilgan undan qadrli.
1726. Kim o’zin boylikka asir etmagay,
Dunyoda haqiqiy baxtga u yetgay.
1727. Donishmand o’git berdi, o’ylab ko’rgin,
Sofdil, chin kishi topsang ko’zga surgin
1728. Bu hakda oqil gapi durust erur,
Mehribonga jon fido etsa bo’lur.
1729. Kimdir asli to’g’ri deb atalguvchi,
Omonat chog’i adolat qilguvchi.
1730. Lashkar aro qaysi biri yetuk er,
Fe’l-atvori yaxshini kishi mard der.
1731. Odaming qay biri olqishga arzir,
Saxiyga maqtovu baxilga tahqir.
1732. Odamzot bechora, qismati og’ir,
Tinmay yig’adi-yu, yeyolmas oxir.
1733. Birov tinmas yugurib, olam kezar,
Birov jondan kechib dengizga kirar.
1734. Birovnnng mehnati singsa to’liq,
Xizmatin unutma bamisli o’lik.

1735. Birov ulkan qoya, tog’ni qazadi,
Birov yer qulochlar, yayov kezadi.
1736. Birovlar tog’ oshib, daryolar kechar,
Birovlar yer qazib, zilol suv ichar.
1737. Birov qilich, boltaga ko’ksin tutar,
Birov qo’riqchi bo’lib kuni bitar.
1738. Biri o’g’ri, yo’lto’sar, makkor, botil,
Birovi bosmachi, qaroqchi, qotil.
1739. Bu zahmatlar hoyu-havas, nafs uchun,
Esin yig’mas, o’zin qiynar ne uchun.
1740. Bu bari nodon kishi qilig’idir,
Nodon kishi bamisoli yilqidir,
1741. Xudoga ishongan bilimdon kishi,
Kazosi yetguncha to’liq yer oshin.
1742. Quloq sol, u tamkin, oqil nima der,
Barcha tirik jonni xo’p kuzatgan er:
1743. Xoh yotgin, xoh tinmay dunyo kez, yugur,
Qismatda ne bo’lsa shu ulush tegur.
1744. Tiling va dilingni to’g’ri tut, oqil,
Rizqning o’lchovi bor, kamaymaydi, bil.
1745. Kim istasa boylik, dunyo olqishin,
Odamiylik birla qilsin har ishin.
1746. Bo’lmoqni istasa dunyoga hokim,
Odilu andishali bo’lsin har kim.
1747. Yana yaxshi aytmish zakovatli er,
Olamni adl birla qo’lga olgan er:
1748. Bu dunyoda boylik istasang o’zing,
To’g’ri bo’l doimo, to’g’ri qil so’zing.
1749. Qo’lga kirsin desang agarda olam,
Ko’ngil, til, o’zingni tuzatgin odam.

1750. Ko’r, elig, qanday kechar inson kuni,
To’g’ri o’tsa, nurga to’ldirar uni.
1751. To’g’rilik, poklikni et o’zingga esh,
Insofu tavfiq-la qilgin doim ish.
1752. Baxti chopdi O’gdulmishning kundan-kun,
Xalqqa farmon berdi, tingladi so’zin.
1753. Har ishda elig uni sinab ko’rdi,
Yetuk kamolatidan ko’ngli to’ldi.
1754. Ishondi O’gdulmmshga elig to’liq,
Ko’rdi xulq-atvorda kamu ko’sti yo’q.
1755. Quloq sol bilimdon olim nima der,
Uqib eg bo’yinni, ayo johil er:
1756. Beg qulni kuzatib turishi kerak,
Aslin sinab ish buyurishi kerak.
1757. Begiga xush kelsa agarda quli,
Ochilgay unga lutfu karam yo’li.
1758. Ish — tilakcha, xizmatchi olqish olar,
Xodim maqtalsa, beg shuhrat qozonar.
1759. Har bir ishga aqli, bilimi yetgay,
Yag’mo* begi bu haqda yaxshi aytgan:

[*] Yag’mo- turk qabilalaridan birining nomi

1760. Beg ishing ish ko’zin bilguvchiga ber,
Yaroqli, tuz yo’ldan yurguvchiga ber.
1761. Qayu beg yaroqsizga bersa ishin,
Yaroqsiz o’zidir, na boshqa kishi.
1762. Tole’in baland qilsa kimning Egam,
Berar yaroqli, sofdil xizmatchi ham.
1763. Ulug’ni pastlatish istasa agar,
Unga yolchitmas bir xizmatchi berar.
1764. Bu nodon yoqar shunday ofat o’tin,
Buzilar ish, olamni qoplar tutun.

1765. Elig O’gdulmishga qilib ehtirom,
Vazirlik, bor ishni berdi batamom,
1766. Barcha elga qildi uzun ko’lini,
Dastin uzun qildi, biyron tilini.
1767. Berib muhr, anjom, qo’shin, ot va to’n,
Qadrlab baxtini ayladi butun.
1768. Himmat ko’rsatib berdi yorliqlarin,
Yaxshi so’z aytib, elig tutdi yaqin.
1769. Saroydagi kichigu ulug’ xodim,
Bajonudil sovg’alar etdi taqdim.
1770. Jam’iki xodimlar ko’rindi kelib,
Hadya tutdi ta’zim bajo keltirib.
1771. Yurgizdi u odil siyosat, qonun,
Yaxshilarni qadrlab ayladi mamnun.
1772. Xalqqa kelgan jabru zulmni daf etdi,
Yomon qusurdan o’zin forig’ etdi.
1773. Adolat qaror topib, gullar eli,
Yurt — sobit, el — sodiq, xotirjam dili.
1774. Suyguvchi ortdi behad, suymas yog’i –
Elin tashlab qochdi, toptaldi tug’i.
1775. Huzur topdi elig, aridi tashvish,
Hayoti — farog’at, shod-xurram yurish.
1776. Bunday manfaatlar bilimdan kelar,
Zakovatli, ilmi, ziyrakdan kelar.
1777. Nechuk madh etilmas aqlli kishi,
Nechuk ayb etilmas nodonning ishi.
1778. Dono kishi ulgili, bahralidir,
Nodonlarning ishi rahnalidir.
1779. Aqlli kishiga baxt yarashar behad,
Ilm olmoq kishiga ulug’ fazilat

1780. Ili begin eshit — javohir so’zi,
So’zin mag’zi nodonga aqlning ko’zi.
1781. Bu haqda shoir aytar so’z yaxshisin,
Ifordek yoqimli uning ma’nisi.
1782. Bilimsizga kelsa davlat birla qut,
Butun xalq buzilar, kelar elga yut*.

[*] Yut — o’lat, qirg’in, ofat

1783. Donoga qulib boqsa agar davlat,
El shodon, yurt ma’mur bo’ladi albat.
1784. Dono shod, mag’rur bosh ko’tarib yurar,
Nodon kuli qolgan o’t kabi so’nar.

1785. Farog’at yetdi, topdi ro’shnolik,
Xudoga shukr qilib, hamd aytdi elig.
1786. Ko’zin ko’kka tikib, ko’tard ilik,
Dedi: Sen egamsan, berguvchi bilig,
1787. Kuchu qudrat, erk berding hamda bilim
To’g’rilikka undab, sobit qil dilim.
1788. Quvvat ber, doimo yaxshilik qilay,
El og’irin yengil qilguvchi bo’lay.

1789. Faqirlarga talay mol — tovar berdi,
Dunyodan uzib ko’nglin Haqqa berdi.
1790. Shu zayil kechaverdi kunu tun, oy,
Elu yurt qo’rlanib, bo’lib ketdi boy.
1791. Insonlar sarasi bu yanglig’ bo’lar,
Afsuski, bundayin kishilar o’lar.
1792. Qay xalq begi shunday, eli baxtiyor,
Qay xalq to’g’ri, begi saodatga yor.

1793. Yaxshi-yu yomon o’lgach tuproq bo’lar,
To’proq bo’lsa bo’lsin, lek nomi qolar.

EDIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

1794. Elig bir kun o’ltirib yolg’iz o’zi,
O’gdulmishni chorladi, aytdi so’zin.
1795. Dedikim: O’gdulmish quloq sol menga,
Otang mehnati ko’p singmadi senga.
1796. Otang o’ldi, qolding sen sabiy, kichik,
Kichikka ulug’dan lozim yo’l — kechik.
1797. Otang o’rgatolmadi kasb-hunar, ilm,
Buyurmadi undan olmoq aql, bilim.
1798. Qaerdan jam bo’ldi bu ardam senda,
Bayon etgin buning sirini menga.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1799. Javob berib aytdn O’gdulmish: Hoqon,
Zafar quchib yashasin uzoq zamon,
1800. Xudo kimga nasib qilsa inoyat,
Topar shon, tilakka yetar nihoyat.
1801. Bunga moslab aytgandir turkiy maqol,
Boshidan ko’p ishlar o’tgan oqsoqol:
1802. Xudo fazli birla ulg’ayar kishi,
Maqsadga yetar u, o’nglanar ishi.
1803. Kuch-la qaytarolmas Xudo berganin,
Qastlashib qo’zg’alsa osmonu zamin.
1804. Har ishga Xudodan bir madad kerak,
Xudo amri birla ushalar tilak.
1805. Ota olqishidan o’g’ilga hoqon,
Shodligu savoblar yog’ilar har on.
1806. Qilgan ekan xayrli duo otam,
Duo birla nasib etdi bu maqom.
1807. Elig tutdi menga himmat qo’lini,
Davron kulib, topdim kamol yo’lini.

1808. Huzuriga chorlab elig qadr etdi,
Martabam oshmog’in Xaq taqdir etdi.
1809. Beglar qulib boqsa va izzat qilsa,
Orzuga yetar har kim qadrin bilsa.
1810. Kishi ko’ngli bog’dir, obi rahmati –
Beglarning mehri-yu, pand-nasihati.
1811. Qaysi boqqa kirsa, bu obi ravon,
Anvoyi chechaklar qulf urar shu on.
1812. Begning yorliqlari bo’lsa ezgu suz,
O’sib qulning ko’ngli, ochiladi yuz.
1813. Achchiq bo’lsa agar yorliqning tili,
Qurigay yashnagan chamanning guli.
1814. Haq fazlidan o’zga ne kerak qulga,
Bu fazldan ochilgay tilsimlar unga.
1815. Bu haqda ibratli so’z aytdi shoir,
Mag’zi chaqilsa u barchaga doir:
1816. Haq fazli-la ulug’lasa qulini,
Ilm eshigin ochib, o’nglar yo’lini.
1817. Baxt topar kishi, kun sayin ilm olar,
Kichik bo’lsa hamki, qadri zo’r bo’lar.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

1818. Yana O’gdulmishdan so’radi elig,
Ilm izlovchi nechuk o’rganar bilig?
1819. Urganish-la kishi bo’largmi olim?
YO dono yaratar asli Xudoyim?

O’GDULMISHNING EDIGGA JAVOBI

1820. Javob berdi O’gdulmish,ochdi tilin,
Dedi: Qo’yay bu so’z asosin — ulin*,
1821. Xudo yaratishda bersa aql, ko’ngil,
Bilimning asosin topajak o’g’il.

[*] Ul – asos, poydevor

1822. Kun sayin kamol topar, ilm o’rganar,
Har neki istasa, albat o’rganar.
1823. Yetib oxir bilimga olim bo’lar,
Ilmi birla el-yurtga ko’p naf berar.
1824. Yaratgan chog’ida es-hush bermasa,
Yetolmas tilakka har ne aylasa.
1825. Yana bir shart: ilm istasa o’g’il,
Yoshligida qo’ygay bilimga ko’ngil.
1826. Yoshligida inson bilim o’rganar,
U bilan tilakka yetib ulg’ayar.
1827. O’rgansa fazilat, bilim, yaxshi fe’l,
Kishining hayoti o’nglanadi, bil.
1828. Kishi o’rganadi bilim, fazilat,
Aql-idrok tug’ma bo’ladi faqat.
1829. Bunga xo’p monand kelar turkiy maqol,
Uqib sen o’zingga undan foyda ol:
1830. Kishi ko’p o’rganib topar bilim, bil,
Har qancha o’rganmasin topolmas aql.
1831. Aql-hushli bo’lish Xudodan aslida,
Zakovat nishoni bo’lar naslida.
1832. Aql-zakovat atoyi Xudo demak,
Aqldan inson yaxshi naf ko’rar, beshak.
1833. Insonlarning ulug’i aqlli kishi,
Aql-idrok aslida fazilat boshi.
1834. Aqlsiz nodonlar sanalmas inson,
U qancha so’z aytsa ishonmoq gumon.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

1835. Elig aytdi: So’zlaringni eshitdim,
Yana so’raydigan gap bor, eshitgin.
1836. Aqldan bilimni ayirding nega?
Farqini tuzukroq tushuntir menga.

1837. Aql-idrok o’zi ne, o’rni qaydadir?
U nedan yaralar, qayga boradir?

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1838. Javob berib O’gdulmish aytdi: Elig,
Eng qimmatli narsa kishiga bilig.
1839. Aql o’rni yuksakda — miyada bo’lar,
Asl narsa har doim boshda bo’lar.
1840. Aql-idrok bamisli kishan belgili,
Fe’l-atvori to’g’ri, ishi ulgili,
1841. Mehribon Haq tanlab xohlagan- qulin,
Aql-la kishanlar xulqi-yu, tilin.
1842. Aqli bori tirikdir, o’lik aqlsiz,
Sen bundan ibrat ol, ey aql-idroksiz.
1843. Kishi zulmat bosgan qorong’i uydir,
Aql mash’al kabi yoritgich nurdir.
1844. Tafakkurdan kelar barcha ezgulik,
Bilimdan ulg’ayar, bo’lar belgilik.
1845. Ulug’ bo’lar inson shu ikkisi-la,
Yo’lin topar adolat, tuzlik ila.
1846. Bilim-la farq etar kishi hayvoidan,
Dunyoda nima bor buyuk irfondan.
1847. Oqil bunga monand bir so’z aytdi xo’p,
Gar aqlni ishlatsa foyda bo’lar ko’p:
1848. Insonni ayirgan bilim yilqidan,
Inson qo’li uzun bo’lar bilimdan.
1849. Kel, nodon bo’lma, aql o’rgan, bilim bil,
Bilim birla so’zla,tiling ravon qil.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

1850. Elig aytdi: Bordir yana bir so’zim,
Uni izhor etay, ko’rkam yuzligim.
1851. Bayon etding menga aql suratin,
Nechuk bo’lar unnng yo’rig’i oti?
1852. Yuzi, ko’rki ham fe’l-atvori nedir?
Yoshi, darajasi, ovunchi nedir?

YIGIRMA BESHINCHI BOB
O’GDULMISHNING ELIGGA AQL SIFATINI
AYTGANI BAYONI

1853. Javob berib O’gdulmish aytdi: Aql –
Xulqi to’g’ri, shodligi beadad, bil.
1854. Yuzi, ko’rki go’zal, yoshidir kichik,
Barcha yaxshilikka bo’lar u kechik.
1855. Sabrli, xusnixulq, xushfe’l, oqko’ngil,
Jam’i tirik jonga mehribondir ul.
1856. Qayga qo’li yetsa, gullab yashnagay,
Qayga so’zi yetsa, nurafshon bo’lgay.
1857. Yuzi issiq, ko’pga suyimli erur,
Kishilarga undan foyda ko’p bo’lur.
1858. Ko’zi o’tkir, uzoqni ko’rar har choq,
Ishni puxta qilib, bosadi oyoq.
1859. Nopok ishlarni tozalab, pok etar,
Jumboq tugunlarni bir zumda yechar.
1860. O’ng-ters, orqa-oldni tuzatib borar,
Har ishning tadbirin, mavridin topar.
1861. Qochganga yetar u, uchganni tutar,
Siniqni butlar, buzuqni tuzatar.
1862. Aql-idroksiz pushaymon yeb der: Ey aql,
Sensiz dardu dunyoim qorong’u, bil.
1863. Sendan menga tegmadi zarra ulush,
Sensiz ko’ngillarning qismati — o’lish.
1864. Aql-idrok chiroqdir, so’qirlarga ko’z,
O’lik tanga jon u, soqov tilga so’z.
1865. Aqlli aqliga aytadi: Ey eshim,
Sen ishlarim o’nglaguvchi yo’ldoshim.
1866. Aqlning xulqi o’ngdir, aslo so’li yo’q,
U butkul rost erur, hech nuqsoni yo’q.

1867. Kimda aql bo’lsa, bo’lar belgisi,
Shu belgi birla u aqlni belguvsi.

1868. Avvalo, aql xulqi go’zal, to’g’ridir,
Oyu yillar yo’l-yo’rig’i to’g’ridir.
1869. Aqlli xusnixulq, rost aytar tili,
Har jihatdan tugal, to’g’ridir fe’li,
1870. Sabrli, vazminu yuvosh ham omil,
Har ishni puxta o’ylab, topar omil.
1871. Qilar ishi mo’ysafid, yoshi navqiron,
Unga hojandmanddir shoh, gado har on.
1872. Bunga monand ushbu so’zni sen tingla,
Uqib mag’zini chaq, ma’nosin angla:
1873. Fe’li keksa, aql o’zi navqiron, yosh,
Aql qayda bo’lsa, bor unga, yondash.
1874. Yoshlik-muhabbat, qarilik — salobat,
Nafi ko’pdir, afzalligu saxovat.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

1875. Bu so’zni eshitgach, suyundi elig, Dedi:
Ey xushyor, so’zi hikmat, bilig.
1876. Xudo berdi menga tugal ezgulik,
Sen ham atoyi Xudosan belgilik.
1877. Ko’tarmoq og’irdir bu zahmat yukin,
Uni kim ko’tarsa, hayoty to’kin.
1878. Ezgulik tilagan zahmat chekadi,
Zahmat chekkan murodiga yetadi.
1879. Yukimni olding sen, niyating — yo’ldosh,
Men tinarman lek zahmat senga qo’ldosh.
1880. Xudo bersa tavfik hamda menga kuch,
Haqingni o’tarman qilib birga uch.
1881. Bilarman xizmating ham oqibating,
Menga bog’langaning — mehru himmating.

1882. Mehribon xizmatchi shu yanglig’ bo’lar,
O’z foydasin qo’yib, begini o’ylar.
1883. Nima der eshitgin xizmatchi tili,
Rohatlantirar begin sodiq quli.
1884. Rohatda yashar beg, bo’lar qut boshi,
Qul mehribon bo’lsa, yurishsa ishi.
1885. Xodim birla beglar qaddini tiklar,
Ishin yaxshi qilsa, begin tindirar.
1886. Arigay tashvish zahmat cheksa quli,
Ochib bersa begiga umid yo’lin.
1887. Qaysi begning quli bu yanglig’ erur,
Unga Xudoning cho’ng atosi bo’lur.
1888. Bizdan avval o’tgan jahon beglari,
Shu orzu-la yashab o’tdi ko’plari.

1889. Olam ahli shodlik, baxt topib tindi,
El-yurt elig haqiga duo qildi.
1890. Boshqa yurt kishisi eshitgach buni,
Oshiqdi ko’rishga yuzini uning.
1891. Shu orzu bilan o’tdi yil, oy, kunlar,
Yurtin obod qildi, tuzib qonunlar.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

1892. Elig chorlab bir kuni O’gdulmishni,
Dedi: So’rayin, ayt ne bilmishingni.
1893. Jismu jon yetti a’zoga boqsa ko’rar,
Olib zavq bari o’z ulushin so’rar.
1894. Ko’ngil xushligi ne, ko’z zavqi nima?
Bu ikki zavq-shavqdan nasibam nima?

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1895. O’gdulmish aytdiki: Bu zavq shul erur,
Ko’ngil qattiq istab, unga talpinur.
1896. Suyganini ko’rish bu ko’z zavqidir,
Ko’ngil orzusin topmok jon zavqidir.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

1897. Elig aytdi: Ey O’gdulmish, ayt qani,
Sevgi nishoni ne, bayon et uni.
1898. Sevaman debon hamma da’vo qilar,
Bu da’voning ma’nosi nechuk bo’lar?

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1899. O’gdulmish aytdi: Xo’p, beray men javob,
Sevishini bilar yor yuziga qarab.
1900. Ko’zing qayga boqsa, bir to’siq bordir,
Yaxshi bil, ko’ngilga mudom g’ov bordir.
1901. Sevish yo sevmasin bilayin desa,
Bilish mumkin ko’ngilga bir razm solsa.
1902. Oshiqlar yuzida bo’lar bir nnshon,
Ko’z ko’zga tushganda bilinar, ishon.
1903. Shoir so’zi aynan mos kelar bunga,
Ey mard, quyib ol uni qulog’ingga.
1904. Suyukli kishining yuzida nur bor,
Gaplari ma’noli, tilida bol bor.
1905. Bilmoqchi bo’lsang sevish, sevmasligin,
Yuzingga bokqanda ko’zidan bilgin.

ELIGNING O’GDULMISHGA SAVOLI

1906. Elig aytdi: So’zlaringni men uqdim,
Yana bir gapim bor, tavsif et, uqdir.
1907. Eng zarur gapimni aytayin senga,
Puxta o’ylab, so’ngra javob ber menga.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1908. O’gdulmish javob berdi: Ey baxtli xon
Beglar shuhrat topar ilm-la har on.
1909. Bilim o’rdasidir xonlarning o’zi,
Bilimsiz bo’lar qul, ne kerak so’zi.

1910. So’ramoq osondir, mushkuldir javob,
Elig ilmi qodir topmokqa javob.
1911. Osonin elig oldi, mushkuli menga,
Meni kamsitmagin, ey xushyor to’nga*.

[*] To’nga – mard, bahodir. Alp Er to’nga kabi

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

1912. Elig aytdi: So’rovchi muhtoj erur,
Bilmaganin so’rab-so’roqlab bilur.
1913. Xamon shunday ekan suyunmoq kerak,
So’ragan so’zga javob bermoq kerak.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1914. Javob berdi: Qonuni ezgu azal,
So’z aytmoqdan ko’ra tinglamoq afzal.
1915. So’z so’zlovchi o’z jonini koyitar,
Tinglovchi quvonib ruhin boyitar.
1916. Quloq sol, sinalgan dono der nima,
Tingla, o’yla, lek behuda so’zlama.
1917. Tinglamoq birla olim bo’lar, kishi,
Behuda so’z aytsa kesilar boshi.
1918. Tinglamoq quloqqa hadsiz zavq berar,
Behuda so’zlarda manfaat ketar.
1919. So’zlanmagan so’z sof oltin — tilla,
Tildan chiqqan so’z mis chaqa — hilla.

ELIGNING O’GDULMISHGA JAVOBI

1920. Elig aytdi: Rost erur aytgan so’zing,
Qut kamarin belga bog’lading o’zing.

O’GDULMISHNING ELIGGA JAVOBI

1921. Javob berdi O’gdulmish: Elig quti,
Menga manzur narsa — bu qullik oti.
1922. Jonin fido etsin begi uchun qul,
Shunga jazm aylasin oqil bo’lsa ul.
1923. Eshit, aytay senga o’z bilganimni,
Elig avf etsin xato bo’lganini.

0 07

(Tashriflar: umumiy 654, bugungi 1)

Izoh qoldiring