Мен «Бегона»ни жудаям қийналиб ўқиганман. Ҳар сафар шундай бўлган. Нега? Назаримда, асар бош қаҳрамони Мерсонинг дош бериш ўта мушкул бўлган самимиятидан тафаккур кўзларим қамашиб кетган бўлса, ажабмас… Айримлар уни худосизликда айблашни хуш кўришади. Эътиқодсиз, дея қўлини бигиз қилишади. Ҳа, биз она Шарқ фарзандларимиз. Тан олишим керак, мен ҳам қабул қилолмайман унинг дахриёна фикрларини. Кўнглимга изтироб солади улар.
Улуғбек ҲАМДАМ
ЖАМИЯТ ИЧРА САМИМИЯТ БАҲОСИ…
(Камюнинг “Бегона” қиссаси таҳлилига доир мулоҳазалар)
Улуғбек Ҳамдам (Ҳамдамов Улуғбек Абдуваҳобович) 1968 йил 24 апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туғилган. 1988-1993 йилларда ТошДУнинг ўзбек филологияси факултетида таҳсил олган. 1992-93 йилларда Туркиянинг Кўнё шаҳрида таҳсилни давом эттирган. 1993-1994 йилларда Шарқшунослик институтида турк тилидан дарс берган. 1994-1996 йилларда Ҳозирги Миллий Университет ўзбек филологияси факультетининг аспирантурасида ўқиган. 1997 йилда «30-йиллар ўзбек шеъриятида «соф лирика» муаммоси» (Ойбек шеърлари мисолида) мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган. 1997-2009 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва Адабиёт институтида катта илмий ходим. 2009- йилдан «Шарқ юлдузи» журнали бош муҳаррири лавозимида ишлаб келмоқда.
«Тангрига элтгувчи исён» (2002), «Атиргул» (2006), «Сени кутдим» (2007) шеърий ҳамда «Ёлғизлик» (2000), «Мувозанат» (2003), «Исён ва итоат» (2004), «Сабо ва Самандар», «Узоқдаги Дилнура» (2010) каби насрий асарлари нашр этилган. Илмий асарлар тўплами ҳам бор («Бадиий тафаккур тадрижи», 2003; «Янгиланиш эҳтиёжи», 2007). Жалолиддин Румийнинг «Ичиндаги ичиндадир» (2001) ва профессор У. Туроннинг «Туркий халқлар мафкураси тарихи» номли асарларини турк тилидан ўгирган.
Инсон ўз фикр ва ўйларини максимал даражада ташқарига, жамиятга олиб чиқса, оқибати нима бўлади? Аслида, шундай бўлиши керак эмасми!.. Бир Америка киносида нимадир бўладию эркак қаҳрамон аёлларнинг ботинидаги орзу-истак ва ўйларини ўқий бошлайди. Натижада у ҳамма аёлларга, жумладан, ўзи ишлайдиган каттагина корхона раҳбарига ёқиб қолади. Ахир, қаҳрамон рўпарасида турган аёлнинг ичидагини ўқиб, уқиб, шунга яраша ҳаракатлар қилиб тургандан кейин… натижа шу-да. Энди ўйлаб кўринг, бунинг тамомила терси юз бериб, киши ботинидаги ўй-кечинмалар бошқаларга ошкор бўлиб турса-чи? Унда нима бўлади? Масалан, сиз ишхонага келдингиз ва эшикдаги қоровулдан тортиб, лифт ёки коридорда учрайдиган қанчадан-қанча ҳамкасбларингиз билан юзма юз келаркансиз, улар ҳақидаги бутун фикрларингиз, ўйларингиз шундоқ — очиқ карта мисол уларга аён бўлиб бораверса-я!.. Албатта, қиёмат қўпмайди, учинчи жаҳон уриши ҳам бошланмайди, аммо ишхонада сизга бўлган муносабат кескин ўзгаришига шубҳа йўқ. Ҳатто ишингиздан маҳрум бўлишингиз ҳеч гап эмас. Хўш, нега? Чунки сиз овоз чиқариб фикр юритдингиз. Сийратингизни сувратингизга айлантирдингиз… Шунга!
Камюнинг машҳур «Бегона» қиссаси (Камю. Посторонный. Москва. Правда.1989) нинг қаҳрамони Мерсо ҳам ана шундай қилган эди. (“Бегона” хос ўқувчи ҳазм қилиши мумкин бўлган асар. “Хос ўқувчилик” эса алоҳида бир мақом. Лекин истаса, тер тўкса, тизимли мутолаа қилса ва албатта, Худо бадиий завқ, уқув, фаҳму фаросат деган неъматлардан ва албаттаки, бағрикенгликдан қисмаган бўлса, кўпчилик бу мақомга кўтарилиши мумкин). Бироқ тақдир унга янада қаттиқроқ жазо тайинлади: йўқ, у ишдан ҳайдалмади, бошлиқдан дашном эшитмади, ҳамкасблари билан гап ҳам талашмади. “Бор-йўғи” – ўлимга ҳукм этилди. Самимияти учун тўланиши мумкин бўлган энг “арзимас” товон бу, тўғрими?..
Мен «Бегона»ни жудаям қийналиб ўқиганман. Ҳар сафар шундай бўлган. Нега? Назаримда, асар бош қаҳрамони Мерсонинг дош бериш ўта мушкул бўлган самимиятидан тафаккур кўзларим қамашиб кетган бўлса, ажабмас… Айримлар уни худосизликда айблашни хуш кўришади. Эътиқодсиз, дея қўлини бигиз қилишади. Ҳа, биз она Шарқ фарзандларимиз. Тан олишим керак, мен ҳам қабул қилолмайман унинг дахриёна фикрларини. Кўнглимга изтироб солади улар. Бошига тушган барча кўргиликлари ана шу туфайлидир, деб ўйлаганларим бор. Лекин бунинг учун Мерсони айблашга, бошига мағзава тўкишга маънавий ҳаққим йўқ деб биламан ўзимни. Бошқаларни ҳам. Ахир, ишончу эътиқод масаласи ҳар кимнинг ўзи ва Яратган ўртасидаги ғоят ичкин, ғоят шахсий иши эмасми?.. Қолаверса, ХХ аср психоанализ илми айтадики, баъзида энг ашаддий диндор кўнглининг туб-тубида тузалмас дахрий яшириниб ётар экан. Яъниким, мутаассиб зот дахрийлик ботқоғига ботиб кетмаслик чорасини излаб, ўзининг ғоят диндор қилиб кўрсатаркан, асл ҳоли хуруж қилганда эса жазавага тушаркан, мавриди бўлса- бўлмаса, тинмай Худо ҳақида гапираркан ва ҳоказо. Энди мана шу назарияни бутунлай терс ўгириб кўрайлик: Мерсонинг ошкора дахрийлиги остида нима бор? Умуман, одамлар диндор ва дахрийга қандай ажратилади, бунинг критериялари нималардан иборат? (Албатта, бу борада ҳар битта диннинг муайян шаклий талаблари бор. Лекин у мазмун билан бирлашмаса, қуруқ шаклдан не наф? Ахир, зоҳирни бекаму кўст адо этиб, мазмунда номувофиқ ишлар қилгучи қанча. Ёки аксинча…лар ҳам ҳаётда топилади-ку! ). Йўқ, мен Мерсодан диндор ясамоқчи эмасман. Асло. Балки у қандай бўлса, шундай қабул қилмоқчи, шу ҳолида тушунмоқчиман, холос. Ахир, тушуниш ва тушунилишдан ўзга яна қандай чора қолаяпти одамийзот ихтиёрида! Чорасизлигим дардимга чора бўлди, дейди-ку ҳазрат Навоий.
Аввало, шуни таъкидлаб айтиш жоизки, Мерсо бир фирма ходими эса-да, аслида, маънавий-руҳий даражаси ва кайфиятига кўра муросасиз файласуфдир. Уни тушуниш учун масалага, аввало, шу нуқтаи назардан ёндашмоқ керак. Мерсо ўзининг кайфияти ва яшаш тарзи билан, ўй, хаёл ва амаллари билан, назаримда, касби коридан қатъи назар, ХХ аср Оврупаси зиёлисини, умуман, фикрловчи инсон маънавий қиёфасини ёдга солади. Мерсонинг зоҳирида акс этиб турган совуққонлигига сира алданиб қолиш керак эмас, менингча. У, аслида, дунёга келиб кетиш, тириклик, инсон ҳаёти мазмун-моҳиятини тит-питини чиқариб ўйлайдиган камёб одамларнинг ўзига хос образи. Муттасил фикрлаш орқали ўзининг – инсоннинг чегараларини теран англаган, ҳис қилган, айни чоғда, одамлар ундан кутган, талаб қилган турмуш ҳақидаги жайдари фалсафаю муомаладаги зоҳирий мулозаматга кўнмаган ва кўникмаган, қайтага, уларга нисбатан юрагида битмас-туганмас Исён олови билан яшашга маҳкум этилган Жабрдийда инсон образидир Мерсо. “Хўш, у нимадан озурда?” деб сўрасангиз, айтиш лозимки, инсонлик қисматидан, унинг, муқаддас китобда айтилганидек, тоғлару фаришталар ҳам бош тортган оғир юкидан…
Мерсо ҳақда сўзлашаркан (ёки ёзишаркан), ўзбек олимлари негадир ахлоқ поспони ва диний қадриятларнинг толмас ҳимоячисига айланиб қолишади. Бундай мартабанинг «ўқ ўтмас ва қилич чопмас» чопонларига бурканиб олар экан, адабитёшунос ҳеч қачон яланғочнинг асл ҳолини англаб етмайди. Чунки, Мерсо, менинг назаримда, ҳар қандай жамият аъзоси одатда кийиб юрадиган, масалан, маданий, ахлоқий ва диний либослардан холи киши! Шунинг учун ҳам Мерсонинг зиддиятли қалбини тушуниш учун эгнимиздаги қават-қават чопонлардан халос бўлишимиз керакка ўхшайди. Савол туғилади: маданий, ахлоқий ва диний қадриятларсиз инсон инсонми?.. Гап бу ҳақида эмас, балки шундаки, инсон тақдири, айниқса, унинг ҳаёту мамот масаласи ҳал этилаётган дамларда юқоридаги қадриятларнинг биронтасини мутлақ мезон қилиб олмаслик керак, эҳтимол. Ахир, барчасидан мурод инсон эмасми! Айрим қадриятлар замонлар ўтиши билан таҳрирталаб бўлиши ва ёхуд бутунлай яроқсиз ҳолга келиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмайлик. Бас, шундай экан, инсон қалбининг туб-тубида ётган доимий ҳақиқатларга яқинлашар эканмиз, эрта-индин ўзгариб кетишга маҳкум мезонларга суянмоғимиз қанчалик ўзини оқлайди?.. Мана шу маънода Мерсо ҳар қандай либосдан муназзаҳ. У турли-туман кийим кийиб турланмайди. Унинг қалби яланғоч. Аксарият тадқиқотчилар асар қаҳрамонини мана шунинг учун танқид қилишади, ҳатто ёмон кўришади. Аслида, Мерсо бугун бор, эртага эса (масалан, 500 ёки 1000 йилдан кейин) ўзгариб кетиши мумкин одатлар ортига яширинишни, керак бўлганда, уларни байроқ қилишни истамайди. Натижада, у нимани ўйласа ва ҳис қилса, шуни гапиради, кўзбўямачиликни ўзига — инсонга эп кўрмайди. Бироқ бу дунёда – одамлар орасида самимий бўлиш беҳад таҳликали бўлиб чиқади. Мерсо ўз самимияти учун дорга осилишга ҳукм этилади. Самимияти учун жамият ичра бегона деб топилади. Шунда бир нарса киши хаёлига келади: хўш, бегона ким ўзи? Наҳотки, ўз виждони олдида буқаламундек турланмаган Мерсо бўлса? (Наҳотки, ичингдагини ташингга чиқариш бошингдан жудо бўлиш даражасида хатарли иш эса?..) Ёки у дили бошқаю тили бошқа қолганларми – атрофдаги одамларми, жамиятми?.. Камю ўқувчини ана шундай дилемманинг чиқиш мушкул бўлган чоҳига улоқтириб юборади…
Хуллас, жамият ўзига ўхшамагани учун, ҳамма риоя қилиб келган ахлоқ ва этикет нормаларига уйғун ҳаракатлар қилмагани учун Мерсони бегона, деб билади. Унинг иккита арабни аффект ҳолатида отиб ўлдиргани учун эмас, балки онасининг ўлими куни йиғламагани, шу куни эски таниш қизи – Мари билан чўмилгани, у билан бирга вақт ўтказгани учун суд қилинаётгандек кўринади. Судда унинг қалби жиноятчи, деб топилади. Шунинг учун ҳам жазо ғоят оғир кўриниш олади: Ўлим! Агар Мерсо терговчи билан бўлган савол-жавобларда, умуман, атроф-муҳитга нисбатан бўлган ўз муносабатида одамларга ўхшаган одам бўлганида суднинг унга раҳм-шафқат қилишига умид қилинарди. Бироқ Мерсонинг қўлидан келмайдиган битта иш бўлса, у ҳам носамимийлик эди. Шунинг учун ҳам у онасининг жасади устига келиб ўтирадию ичидан келмагани учун йиғламайди.( Эслайман – ҳеч ёдимдан чиқмайди: мурғаккина гўдагим ўлиб қолганда мен ҳам дафъатан йиғлай олмаганман. Атрофга – одамларга қараб ўзимни лаънатлаганман. Тошбағир бўлсам керак деб ўйлаганман. Чунки етти ёт бегона қўни-қўшнининг кўзларида ёш йилтилларди, менинг – отасининг кўзлари эса куп-қуруқ эди. (Кейин англасам, мусибатнинг қалбимдаги залвори шунчалар оғир бўлганканки, йиғлаш у ёқда турсин, уни кўтариб туришга ҳам мажолим қолмаган экан). Худди бошимга кимдир маҳв этувчи гурзи билан туширгандек ҳис қилардим ўзимни. Чунки ўлимни жудаям яқиндан кўргандим. У билан юзма-юз келгандим. Ва… ва унга ўғлимни топширгандим… Аммо… аммо кўзимдан бир томчи ёш думаламасди… Маросим тугаганди. Ҳамма – қариндош уруғ, маҳалла-гўй уй-уйига тарқаганди. Шом пайти ҳовлимиз олдидан оқиб турган ариқнинг бўйига чўккалаб, сувга тикилиб ўтирарканман, ичим тошиб келганди. Атрофда ҳеч ким йўқ эди ва ўшанда мен тонггача, қариндошларим яна маросим учун тўплангунча йиғлаганман, бўзлаганман, ёнганман. Кечаси эса маҳалланинг қайси бир эшикларидан магнитафон овози янграганди. Негадир шу нарса ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳолбуки, улар боягина – кундузи менинг болам учун оҳ-воҳ уришганди… Мен эса, орадан неча ўн йиллар ўтишига қарамай, ҳали ҳануз ўша дардимни унутолмайман. Бу дард гўё мусалласга ўхшайди – вақт ўтган сари кучаймоқда. Изтиробдан қутиларман дея “Ёлғизлик”, “Мувозанат” деган асарларимда оби дийда қилдим, талай шеърлар битдим, йўқ, кор қилмади – у ҳамон мен билан бирга. “Садоқатингдан ўргилай, эй тузалмас дард!” дегим келади туриб-туриб).
«Бегона»да умрнинг бебақолиги, ҳар қандай инсон қисматининг омонатдан омонатлиги ҳақидаги бадиий ҳақиқат мавжуд. Яна мана шу «фазилати» учун баъзилар уни севишмайди. Улар ҳаётни байрам деб атаб, унга ҳар қанча зеб бериб, жилолантиришга уринишмасин, барчаси маълум ергача ва ҳисобли вақтгача экани аён. Зеро, ҳар қандай саодатманд кишининг ҳам тақдирини кафтингизга олиб бошдан-оёқ мушоҳада этиб кўрсангиз, ҳеч шубҳасиз трагик моҳиятда экани англашилади. У ҳам Мерсонинг қисматидан кўп-да фарқ қилмайдиган даражада фожеаларга тўла чиқади. Фақат буни қабул қилиш учун кўпчиликка Мерсонинг самимияти етишмайди. Мерсони метафизикликда, бадбинликда, меҳрсизликда айблаш мумкин, бироқ уни ёлғонда, кўзбўямачиликда, фирибда, носамимийликда айблаб бўлмайди. Агар у ҳам ер юзини тўлдириб юрган одамлар каби ўзини, қилмишини оқлашга уринганда эди, жамият ва суд унга хайрихоҳ кўз билан қараб, жазосини енгиллатарди. Лекин у носамимий бўлишни истамайди. Бошига ўлим хавф солиб турганига қарамай, тўғрисини айтади. Назаримда, «Бегона» қиссасининг ўзак моҳияти шу ерда мужассам: ҳар қандай вазиятда ҳам ўз табиатига содиқ қолиш, самимий бўлиш, одамларга ростини гапириш. Бизнинг шарқда эса бу масалага анчагина бошқача қарашади: Эсланг, буюк Навоий
Хирадманд чин сўздин ўзгани демас,
Вале ҳар чин ҳам дегулик эмас.
Агар Мерсо мана шу байтнинг иккинчи мисрасига амал қилганда эди, боши ОМОН қоларди. Йўқ, у биринчи мисра этагини қўймади, унинг ортидан эргашди, айрилмади, одамларга ёқадими-йўқми, охиригача “чин сўздин ўзгани” демади. Иккинчи мисрада эса Навоий бобомиз Мерсо учун халос бўлиш йўлини кўрсатиб қўйган эди. Бироқ Мерсо истайдими буни? Унда Мерсо Мерсо бўлармиди? Қолаверса, бадиий адабиётда эътиборга молик ҳар қандай қаҳрамон бошқаларга ўхшамайдиган ўз қиёфасига эга бўлади-ку! У мана шу қиёфаси билан минг йилликлар яратган тасаввурлар қолипларини парчалаб яшайди. Чунки шундай қилгандагина у ўз юзини – менлигини сақлаб қола олади. Назаримда, Мерсо ана шундай – ҳеч бир маданият, ҳеч қайси тафаккур тарзига тўла мос келмайдиган адабий қаҳрамон. Уни шарқлик инсон қабул қилмайди. Чунки шарқлик, аввало, ўз диний ва дунёвий тушунчаларидан келиб чиқиб ёндашади ва Мерсо тутимини инкор этади. Мерсони ғарблик киши ҳам тушунмайди. Чунки Ғарб жамиятининг ҳам ўз қонун-қоидалари мавжудки, бир одим четга чиққан киши назоратга олинади. Лекин маданиятлар, уларнинг нормалари, жамиятлардаги қонун-қоидалар дегани нима маъноларни англатади ўзи? Улар турғунми? Абадийми?.. Шарқу Ғарбда икки хил маданият борлигини эътироф этганимизга кўра ҳам улар ўзгариб туришга мойил. Демак, у ёки бу маданият деганимиз инсониятнинг узун ҳаёт йўли тарихидаги бекатлар, холос. Энди биргина бекатнинг об-ҳавоси, кайфияти ва тушунчалари билан адабий асар, ундаги образлар устидан узил-кесил ҳукм чиқариш ҳақида мулоҳаза юритайлик. Мумкинми шундай қилиш? (Ўша маданиятнинг умри давомида олсак, мумкин ва зарурдир. Лекин умуман олганда-чи? Каттароқ вақт миқёсида текширганимизда-чи? Адабиёт инсонни мана шунда ҳақиқатлар ҳақида чуқур-чуқур ва атрофлича фикр юритишга ундайди, аслида). Судни эсланг, ундаги ҳакамдан тортиб гувоҳларгача — ҳамма-ҳамма ўз дунёқарашидан – муайян маданият қучоғида олган таълим-тарбия даражасидан турибгина Мерсони шафқатсиз муҳокама қилишади. Ҳеч кимнинг ақлига “жузъий ирода” ва “куллий ирода” деган тушунчалар келмайди. Йўқ, гап ибораларда эмас, балки дунёқарашда. Иборалар мағзи инсон дунёқараши қатига шимилиб кетган бўлиши лозим. Мерсонинг дунёқараши шундай – у онасининг ўлимига ҳеч бир тадбир билан ўзгартириб бўлмайдиган тақдир, куллий ироданинг хоҳиш-истаги деб қарайди. Шундай қарагани учун ҳам жасад устида бошқалар кутгандек аюҳаннос солмайди. Лекин шундай ўйлай олмайдиган оломон кайфияти уни суд жараёнида аёвсиз “қамчилайди”. Кўринадики, «Бегона» қиссаси айни чоғда дунёқарашлар жанги ҳам бўлиб чиқмоқда. Шу хусусияти билан асар ўқувчиларни ҳам бир неча тарафларга бўлиб ташлайди: дунёқарашлар баҳси давом этади. Мерсонинг қисмати ўйлатади кишини: у жаъзога мустаҳиқми ёки авфга?
– Албатта, жазога! – дейди ичкарида кимдир. Чунки у иккита бегуноҳ одамни ҳе йўқ, бе йўқ отиб ўлдирди (бу ерда мақтулнинг қайси миллатдан эканининг аҳамияти йўқ: у Мерсонинг миллатдоши – француз ёки буюк тасодиф туфайли ўзбек ҳам бўлиши мумкин эди). Ушбу мудҳиш жиноятни диний ва дунёвий қонун-қоидаларни нари суриб қўйганда ҳам сира оқлаб бўлмайди. Бунга маданият ва инсон рангининг қандайлиги оқлов бўлолмайди: қотиллик қотилликдир! У тириклик, ҳаёт қонунига зид! Ҳеч қандай инсоннинг ўзига ўхшаган ёки ўхшамаган бошқа бир одамнинг ўлдиришга ҳаққи йўқ! Ҳатто атайин бир чумоли ё майсага зарар бериш ҳам катта жиноят! Гап тамом – вассалом! Демак, жазо юз фоиз адолатли!
— Йўқ, — дея эътироз билдиради худди ўша ичкаридан яна бошқа биров (эътибор беринг, асар нафақат одамларни, балки ҳар бир якка ўқувчининг ўзини ҳам ботинан тарафларга бўлиб ташлаяпти экан!), — жазо адолатсиз! Чунки Мерсони қилган жинояти учун эмас, балки самимияти учун суд қилишди. Жамият ўзига ўхшамагани учун уни ўлимга ҳукм қилди. Бу эса адолатли ҳукм эмас! Қолаверса, Мерсо қотилликни кучли аффект ҳолатида амалга оширди. Бу ҳол қандай пайдо бўлди? Қуёшнинг жазирамасидан. Хўш, бу нимага ишора? Инсоннинг коинот жисмлари таъсирида юришигами? Ҳар ҳолда, ёзувчи шу ерга қандайдир сирни яширганки, алоҳида ўйлаб кўриш тақозо этилади. Хуллас, аффект ҳолати деб илмда кишининг ўзини ўзи идора қилолмайдиган кучли руҳий босинқираши — жазава ҳолига айтилади. Суд Мерсонинг онаси жасади устида йиғлаб-йиғламаганини эмас, балки айни мана шундай ҳолатларини ҳисобга олиб, қотиллиги учун ҳукм чиқариши лозим эди. Суд, унинг иштирокчилари Мерсони ўзига, жамиятга бегона деб топади. Аслида-чи? Аслида, ким кимга бегона? Жамиятнинг ўзидан қидирмоқ керакмасми бу иллатни! Унинг ўзи ўзига, ўз табиийлигига, болалигидаги самимиятига бегона бўлиб бормаяптими! Асл бегоналар ўз виждонига хилоф иш тутувчи кишилар, дили бошқаю тили бошқалар эмасми?..
Кўринадики, Камюнинг «Бегона» қиссаси ўқувчини чинакамига фикр юритишга, дунё, ҳаёт, жамият ва унинг тартиб-интизомларига нисбатан ўз ёндашувини қайта таҳлил қилиб чиқишга ундайдиган асарлар хилидан. Суднинг Мерсо устидан чиқарган ҳукми — сўнгги ҳукм эмас. Ҳақиқий ҳукмни ҳар бир ўқувчининг ўзи – унинг виждони чиқаради.
АЛЬБЕР КАМЮНИНГ «БЕГОНА» ҚИССАСИНИ (ТАРЖИМОН АҲМАД АЪЗАМ) МУТОЛАА ҚИЛИНГ ВА ЮКЛАБ ОЛИНГ
Ulug’bek HAMDAM
JAMIYAT ICHRA SAMIMIYAT BAHOSI…
(Kamyuning “Begona” qissasi tahliliga doir mulohazalar)
Inson o’z fikr va o’ylarini maksimal darajada tashqariga, jamiyatga olib chiqsa, oqibati nima bo’ladi? Aslida, shunday bo’lishi kerak emasmi!.. Bir Amerika kinosida nimadir bo’ladiyu erkak qahramon ayollarning botinidagi orzu-istak va o’ylarini o’qiy boshlaydi. Natijada u hamma ayollarga, jumladan, o’zi ishlaydigan kattagina korxona rahbariga yoqib qoladi. Axir, qahramon ro’parasida turgan ayolning ichidagini o’qib, uqib, shunga yarasha harakatlar qilib turgandan keyin… natija shu-da. Endi o’ylab ko’ring, buning tamomila tersi yuz berib, kishi botinidagi o’y-kechinmalar boshqalarga oshkor bo’lib tursa-chi? Unda nima bo’ladi? Masalan, siz ishxonaga keldingiz va eshikdagi qorovuldan tortib, lift yoki koridorda uchraydigan qanchadan-qancha hamkasblaringiz bilan yuzma yuz kelarkansiz, ular haqidagi butun fikrlaringiz, o’ylaringiz shundoq — ochiq karta misol ularga ayon bo’lib boraversa-ya!.. Albatta, qiyomat qo’pmaydi, uchinchi jahon urishi ham boshlanmaydi, ammo ishxonada sizga bo’lgan munosabat keskin o’zgarishiga shubha yo’q. Hatto ishingizdan mahrum bo’lishingiz hech gap emas. Xo’sh, nega? Chunki siz ovoz chiqarib fikr yuritdingiz. Siyratingizni suvratingizga aylantirdingiz… Shunga!
Kamyuning mashhur «Begona» qissasi (Kamyu. Postoronniy. Moskva. Pravda.1989) ning qahramoni Merso ham ana shunday qilgan edi. (“Begona” xos o’quvchi hazm qilishi mumkin bo’lgan asar. “Xos o’quvchilik” esa alohida bir maqom. Lekin istasa, ter to’ksa, tizimli mutolaa qilsa va albatta, Xudo badiiy zavq, uquv, fahmu farosat degan ne’matlardan va albattaki, bag’rikenglikdan qismagan bo’lsa, ko’pchilik bu maqomga ko’tarilishi mumkin). Biroq taqdir unga yanada qattiqroq jazo tayinladi: yo’q, u ishdan haydalmadi, boshliqdan dashnom eshitmadi, hamkasblari bilan gap ham talashmadi. “Bor-yo’g’i” – o’limga hukm etildi. Samimiyati uchun to’lanishi mumkin bo’lgan eng “arzimas” tovon bu, to’g’rimi?..
Men «Begona»ni judayam qiynalib o’qiganman. Har safar shunday bo’lgan. Nega? Nazarimda, asar bosh qahramoni Mersoning dosh berish o’ta mushkul bo’lgan samimiyatidan tafakkur ko’zlarim qamashib ketgan bo’lsa, ajabmas… Ayrimlar uni xudosizlikda ayblashni xush ko’rishadi. E’tiqodsiz, deya qo’lini bigiz qilishadi. Ha, biz ona Sharq farzandlarimiz. Tan olishim kerak, men ham qabul qilolmayman uning daxriyona fikrlarini. Ko’nglimga iztirob soladi ular. Boshiga tushgan barcha ko’rgiliklari ana shu tufaylidir, deb o’ylaganlarim bor. Lekin buning uchun Mersoni ayblashga, boshiga mag’zava to’kishga ma’naviy haqqim yo’q deb bilaman o’zimni. Boshqalarni ham. Axir, ishonchu e’tiqod masalasi har kimning o’zi va Yaratgan o’rtasidagi g’oyat ichkin, g’oyat shaxsiy ishi emasmi?.. Qolaversa, XX asr psixoanaliz ilmi aytadiki, ba’zida eng ashaddiy dindor ko’nglining tub-tubida tuzalmas daxriy yashirinib yotar ekan. Ya’nikim, mutaassib zot daxriylik botqog’iga botib ketmaslik chorasini izlab, o’zining g’oyat dindor qilib ko’rsatarkan, asl holi xuruj qilganda esa jazavaga tusharkan, mavridi bo’lsa- bo’lmasa, tinmay Xudo haqida gapirarkan va hokazo. Endi mana shu nazariyani butunlay ters o’girib ko’raylik: Mersoning oshkora daxriyligi ostida nima bor? Umuman, odamlar dindor va daxriyga qanday ajratiladi, buning kriteriyalari nimalardan iborat? (Albatta, bu borada har bitta dinning muayyan shakliy talablari bor. Lekin u mazmun bilan birlashmasa, quruq shakldan ne naf? Axir, zohirni bekamu ko’st ado etib, mazmunda nomuvofiq ishlar qilguchi qancha. Yoki aksincha…lar ham hayotda topiladi-ku! ). Yo’q, men Mersodan dindor yasamoqchi emasman. Aslo. Balki u qanday bo’lsa, shunday qabul qilmoqchi, shu holida tushunmoqchiman, xolos. Axir, tushunish va tushunilishdan o’zga yana qanday chora qolayapti odamiyzot ixtiyorida! Chorasizligim dardimga chora bo’ldi, deydi-ku hazrat Navoiy.
Avvalo, shuni ta’kidlab aytish joizki, Merso bir firma xodimi esa-da, aslida, ma’naviy-ruhiy darajasi va kayfiyatiga ko’ra murosasiz faylasufdir. Uni tushunish uchun masalaga, avvalo, shu nuqtai nazardan yondashmoq kerak. Merso o’zining kayfiyati va yashash tarzi bilan, o’y, xayol va amallari bilan, nazarimda, kasbi koridan qat’i nazar, XX asr Ovrupasi ziyolisini, umuman, fikrlovchi inson ma’naviy qiyofasini yodga soladi. Mersoning zohirida aks etib turgan sovuqqonligiga sira aldanib qolish kerak emas, meningcha. U, aslida, dunyoga kelib ketish, tiriklik, inson hayoti mazmun-mohiyatini tit-pitini chiqarib o’ylaydigan kamyob odamlarning o’ziga xos obrazi. Muttasil fikrlash orqali o’zining – insonning chegaralarini teran anglagan, his qilgan, ayni chog’da, odamlar undan kutgan, talab qilgan turmush haqidagi jaydari falsafayu muomaladagi zohiriy mulozamatga ko’nmagan va ko’nikmagan, qaytaga, ularga nisbatan yuragida bitmas-tuganmas Isyon olovi bilan yashashga mahkum etilgan Jabrdiyda inson obrazidir Merso. “Xo’sh, u nimadan ozurda?” deb so’rasangiz, aytish lozimki, insonlik qismatidan, uning, muqaddas kitobda aytilganidek, tog’laru farishtalar ham bosh tortgan og’ir yukidan…
Merso haqda so’zlasharkan (yoki yozisharkan), o’zbek olimlari negadir axloq posponi va diniy qadriyatlarning tolmas himoyachisiga aylanib qolishadi. Bunday martabaning «o’q o’tmas va qilich chopmas» choponlariga burkanib olar ekan, adabityoshunos hech qachon yalang’ochning asl holini anglab yetmaydi. Chunki, Merso, mening nazarimda, har qanday jamiyat a’zosi odatda kiyib yuradigan, masalan, madaniy, axloqiy va diniy liboslardan xoli kishi! Shuning uchun ham Mersoning ziddiyatli qalbini tushunish uchun egnimizdagi qavat-qavat choponlardan xalos bo’lishimiz kerakka o’xshaydi. Savol tug’iladi: madaniy, axloqiy va diniy qadriyatlarsiz inson insonmi?.. Gap bu haqida emas, balki shundaki, inson taqdiri, ayniqsa, uning hayotu mamot masalasi hal etilayotgan damlarda yuqoridagi qadriyatlarning birontasini mutlaq mezon qilib olmaslik kerak, ehtimol. Axir, barchasidan murod inson emasmi! Ayrim qadriyatlar zamonlar o’tishi bilan tahrirtalab bo’lishi va yoxud butunlay yaroqsiz holga kelishi mumkinligini e’tibordan soqit qilmaylik. Bas, shunday ekan, inson qalbining tub-tubida yotgan doimiy haqiqatlarga yaqinlashar ekanmiz, erta-indin o’zgarib ketishga mahkum mezonlarga suyanmog’imiz qanchalik o’zini oqlaydi?.. Mana shu ma’noda Merso har qanday libosdan munazzah. U turli-tuman kiyim kiyib turlanmaydi. Uning qalbi yalang’och. Aksariyat tadqiqotchilar asar qahramonini mana shuning uchun tanqid qilishadi, hatto yomon ko’rishadi. Aslida, Merso bugun bor, ertaga esa (masalan, 500 yoki 1000 yildan keyin) o’zgarib ketishi mumkin odatlar ortiga yashirinishni, kerak bo’lganda, ularni bayroq qilishni istamaydi. Natijada, u nimani o’ylasa va his qilsa, shuni gapiradi, ko’zbo’yamachilikni o’ziga — insonga ep ko’rmaydi. Biroq bu dunyoda – odamlar orasida samimiy bo’lish behad tahlikali bo’lib chiqadi. Merso o’z samimiyati uchun dorga osilishga hukm etiladi. Samimiyati uchun jamiyat ichra begona deb topiladi. Shunda bir narsa kishi xayoliga keladi: xo’sh, begona kim o’zi? Nahotki, o’z vijdoni oldida buqalamundek turlanmagan Merso bo’lsa? (Nahotki, ichingdagini tashingga chiqarish boshingdan judo bo’lish darajasida xatarli ish esa?..) Yoki u dili boshqayu tili boshqa qolganlarmi – atrofdagi odamlarmi, jamiyatmi?.. Kamyu o’quvchini ana shunday dilemmaning chiqish mushkul bo’lgan chohiga uloqtirib yuboradi…
Xullas, jamiyat o’ziga o’xshamagani uchun, hamma rioya qilib kelgan axloq va etiket normalariga uyg’un
harakatlar qilmagani uchun Mersoni begona, deb biladi. Uning ikkita arabni affekt holatida otib o’ldirgani uchun emas, balki onasining o’limi kuni yig’lamagani, shu kuni eski tanish qizi – Mari bilan cho’milgani, u bilan birga vaqt o’tkazgani uchun sud qilinayotgandek ko’rinadi. Sudda uning qalbi jinoyatchi, deb topiladi. Shuning uchun ham jazo g’oyat og’ir ko’rinish oladi: O’lim! Agar Merso tergovchi bilan bo’lgan savol-javoblarda, umuman, atrof-muhitga nisbatan bo’lgan o’z munosabatida odamlarga o’xshagan odam bo’lganida sudning unga rahm-shafqat qilishiga umid qilinardi. Biroq Mersoning qo’lidan kelmaydigan bitta ish bo’lsa, u ham nosamimiylik edi. Shuning uchun ham u onasining jasadi ustiga kelib o’tiradiyu ichidan kelmagani uchun yig’lamaydi.( Eslayman – hech yodimdan chiqmaydi: murg’akkina go’dagim o’lib qolganda men ham daf’atan yig’lay olmaganman. Atrofga – odamlarga qarab o’zimni la’natlaganman. Toshbag’ir bo’lsam kerak deb o’ylaganman. Chunki yetti yot begona qo’ni-qo’shnining ko’zlarida yosh yiltillardi, mening – otasining ko’zlari esa kup-quruq edi. (Keyin anglasam, musibatning qalbimdagi zalvori shunchalar og’ir bo’lgankanki, yig’lash u yoqda tursin, uni ko’tarib turishga ham majolim qolmagan ekan). Xuddi boshimga kimdir mahv etuvchi gurzi bilan tushirgandek his qilardim o’zimni. Chunki o’limni judayam yaqindan ko’rgandim. U bilan yuzma-yuz kelgandim. Va… va unga o’g’limni topshirgandim… Ammo… ammo ko’zimdan bir tomchi yosh dumalamasdi… Marosim tugagandi. Hamma – qarindosh urug’, mahalla-go’y uy-uyiga tarqagandi. Shom payti hovlimiz oldidan oqib turgan ariqning bo’yiga cho’kkalab, suvga tikilib o’tirarkanman, ichim toshib kelgandi. Atrofda hech kim yo’q edi va o’shanda men tonggacha, qarindoshlarim yana marosim uchun to’planguncha yig’laganman, bo’zlaganman, yonganman. Kechasi esa mahallaning qaysi bir eshiklaridan magnitafon ovozi yangragandi. Negadir shu narsa hech esimdan chiqmaydi. Holbuki, ular boyagina – kunduzi mening bolam uchun oh-voh urishgandi… Men esa, oradan necha o’n yillar o’tishiga qaramay, hali hanuz o’sha dardimni unutolmayman. Bu dard go’yo musallasga o’xshaydi – vaqt o’tgan sari kuchaymoqda. Iztirobdan qutilarman deya “Yolg’izlik”, “Muvozanat” degan asarlarimda obi diyda qildim, talay she’rlar bitdim, yo’q, kor qilmadi – u hamon men bilan birga. “Sadoqatingdan o’rgilay, ey tuzalmas dard!” degim keladi turib-turib).
«Begona»da umrning bebaqoligi, har qanday inson qismatining omonatdan omonatligi haqidagi badiiy haqiqat mavjud. Yana mana shu «fazilati» uchun ba’zilar uni sevishmaydi. Ular hayotni bayram deb atab, unga har qancha zeb berib, jilolantirishga urinishmasin, barchasi ma’lum yergacha va hisobli vaqtgacha ekani ayon. Zero, har qanday saodatmand kishining ham taqdirini kaftingizga olib boshdan-oyoq mushohada etib ko’rsangiz, hech shubhasiz tragik mohiyatda ekani anglashiladi. U ham Mersoning qismatidan ko’p-da farq qilmaydigan darajada fojealarga to’la chiqadi. Faqat buni qabul qilish uchun ko’pchilikka Mersoning samimiyati yetishmaydi. Mersoni metafiziklikda, badbinlikda, mehrsizlikda ayblash mumkin, biroq uni yolg’onda, ko’zbo’yamachilikda, firibda, nosamimiylikda ayblab bo’lmaydi. Agar u ham yer yuzini to’ldirib yurgan odamlar kabi o’zini, qilmishini oqlashga uringanda edi, jamiyat va sud unga xayrixoh ko’z bilan qarab, jazosini yengillatardi. Lekin u nosamimiy bo’lishni istamaydi. Boshiga o’lim xavf solib turganiga qaramay, to’g’risini aytadi. Nazarimda, «Begona» qissasining o’zak mohiyati shu yerda mujassam: har qanday vaziyatda ham o’z tabiatiga sodiq qolish, samimiy bo’lish, odamlarga rostini gapirish. Bizning sharqda esa bu masalaga anchagina boshqacha qarashadi: Eslang, buyuk Navoiy
Xiradmand chin so’zdin o’zgani demas,
Vale har chin ham degulik emas.
Agar Merso mana shu baytning ikkinchi misrasiga amal qilganda edi, boshi OMON qolardi. Yo’q, u birinchi misra etagini qo’ymadi, uning ortidan ergashdi, ayrilmadi, odamlarga yoqadimi-yo’qmi, oxirigacha “chin so’zdin o’zgani” demadi. Ikkinchi misrada esa Navoiy bobomiz Merso uchun xalos bo’lish yo’lini ko’rsatib qo’ygan edi. Biroq Merso istaydimi buni? Unda Merso Merso bo’larmidi? Qolaversa, badiiy adabiyotda e’tiborga molik har qanday qahramon boshqalarga o’xshamaydigan o’z qiyofasiga ega bo’ladi-ku! U mana shu qiyofasi bilan ming yilliklar yaratgan tasavvurlar qoliplarini parchalab yashaydi. Chunki shunday qilgandagina u o’z yuzini – menligini saqlab qola oladi. Nazarimda, Merso ana shunday – hech bir madaniyat, hech qaysi tafakkur tarziga to’la mos kelmaydigan adabiy qahramon. Uni sharqlik inson qabul qilmaydi. Chunki sharqlik, avvalo, o’z diniy va dunyoviy tushunchalaridan kelib chiqib yondashadi va Merso tutimini inkor etadi. Mersoni g’arblik kishi ham tushunmaydi. Chunki G’arb jamiyatining ham o’z qonun-qoidalari mavjudki, bir odim chetga chiqqan kishi nazoratga olinadi. Lekin madaniyatlar, ularning normalari, jamiyatlardagi qonun-qoidalar degani nima ma’nolarni anglatadi o’zi? Ular turg’unmi? Abadiymi?.. Sharqu G’arbda ikki xil madaniyat borligini e’tirof etganimizga ko’ra ham ular o’zgarib turishga moyil. Demak, u yoki bu madaniyat deganimiz insoniyatning uzun hayot yo’li tarixidagi bekatlar, xolos. Endi birgina bekatning ob-havosi, kayfiyati va tushunchalari bilan adabiy asar, undagi obrazlar ustidan uzil-kesil hukm chiqarish haqida mulohaza yuritaylik. Mumkinmi shunday qilish? (O’sha madaniyatning umri davomida olsak, mumkin va zarurdir. Lekin umuman olganda-chi? Kattaroq vaqt miqyosida tekshirganimizda-chi? Adabiyot insonni mana shunda haqiqatlar haqida chuqur-chuqur va atroflicha fikr yuritishga undaydi, aslida). Sudni eslang, undagi hakamdan tortib guvohlargacha — hamma-hamma o’z dunyoqarashidan – muayyan madaniyat quchog’ida olgan ta’lim-tarbiya darajasidan turibgina Mersoni shafqatsiz muhokama qilishadi. Hech kimning aqliga “juz’iy iroda” va “kulliy iroda” degan tushunchalar kelmaydi. Yo’q, gap iboralarda emas, balki dunyoqarashda. Iboralar mag’zi inson dunyoqarashi qatiga shimilib ketgan bo’lishi lozim. Mersoning dunyoqarashi shunday – u onasining o’limiga hech bir tadbir bilan o’zgartirib bo’lmaydigan taqdir, kulliy irodaning xohish-istagi deb qaraydi. Shunday qaragani uchun ham jasad ustida boshqalar
kutgandek ayuhannos solmaydi. Lekin shunday o’ylay olmaydigan olomon kayfiyati uni sud jarayonida ayovsiz “qamchilaydi”. Ko’rinadiki, «Begona» qissasi ayni chog’da dunyoqarashlar jangi ham bo’lib chiqmoqda. Shu xususiyati bilan asar o’quvchilarni ham bir necha taraflarga bo’lib tashlaydi: dunyoqarashlar bahsi davom etadi. Mersoning qismati o’ylatadi kishini: u ja’zoga mustahiqmi yoki avfga?
– Albatta, jazoga! – deydi ichkarida kimdir. Chunki u ikkita begunoh odamni he yo’q, be yo’q otib o’ldirdi (bu yerda maqtulning qaysi millatdan ekanining ahamiyati yo’q: u Mersoning millatdoshi – frantsuz yoki buyuk tasodif tufayli o’zbek ham bo’lishi mumkin edi). Ushbu mudhish jinoyatni diniy va dunyoviy qonun-qoidalarni nari surib qo’yganda ham sira oqlab bo’lmaydi. Bunga madaniyat va inson rangining qandayligi oqlov bo’lolmaydi: qotillik qotillikdir! U tiriklik, hayot qonuniga zid! Hech qanday insonning o’ziga o’xshagan yoki o’xshamagan boshqa bir odamning o’ldirishga haqqi yo’q! Hatto atayin bir chumoli yo maysaga zarar berish ham katta jinoyat! Gap tamom – vassalom! Demak, jazo yuz foiz adolatli!
— Yo’q, — deya e’tiroz bildiradi xuddi o’sha ichkaridan yana boshqa birov (e’tibor bering, asar nafaqat odamlarni, balki har bir yakka o’quvchining o’zini ham botinan taraflarga bo’lib tashlayapti ekan!), — jazo adolatsiz! Chunki Mersoni qilgan jinoyati uchun emas, balki samimiyati uchun sud qilishdi. Jamiyat o’ziga o’xshamagani uchun uni o’limga hukm qildi. Bu esa adolatli hukm emas! Qolaversa, Merso qotillikni kuchli affekt holatida amalga oshirdi. Bu hol qanday paydo bo’ldi? Quyoshning jaziramasidan. Xo’sh, bu nimaga ishora? Insonning koinot jismlari ta’sirida yurishigami? Har holda, yozuvchi shu yerga qandaydir sirni yashirganki, alohida o’ylab ko’rish taqozo etiladi. Xullas, affekt holati deb ilmda kishining o’zini o’zi idora qilolmaydigan kuchli ruhiy bosinqirashi — jazava holiga aytiladi. Sud Mersoning onasi jasadi ustida yig’lab-yig’lamaganini emas, balki ayni mana shunday holatlarini hisobga olib, qotilligi uchun hukm chiqarishi lozim edi. Sud, uning ishtirokchilari Mersoni o’ziga, jamiyatga begona deb topadi. Aslida-chi? Aslida, kim kimga begona? Jamiyatning o’zidan qidirmoq kerakmasmi bu illatni! Uning o’zi o’ziga, o’z tabiiyligiga, bolaligidagi samimiyatiga begona bo’lib bormayaptimi! Asl begonalar o’z vijdoniga xilof ish tutuvchi kishilar, dili boshqayu tili boshqalar emasmi?..
Ko’rinadiki, Kamyuning «Begona» qissasi o’quvchini chinakamiga fikr yuritishga, dunyo, hayot, jamiyat va
uning tartib-intizomlariga nisbatan o’z yondashuvini qayta tahlil qilib chiqishga undaydigan asarlar xilidan. Sudning Merso ustidan chiqargan hukmi — so’nggi hukm emas. Haqiqiy hukmni har bir o’quvchining o’zi – uning vijdoni chiqaradi.
Manba: ulugbekhamdam.uz/