Varlam Shalamov. Shoirning o‘limi

Ashampoo_Snap_2017.09.26_16h29m50s_001_.png Саҳифа ёзувчи таваллудининг 110 йиллигига бағишланади

Шоир ўлим ёқасида эди. Очликдан шишиб кетган, катта, қонсиз оқиш бармоқлари, ўсиб кетган кир тирноқлари совуқдан тош қотган ҳолда кўкраги устида ётарди. Авваллари у қўлларини орқасига, яланғоч танасига тиқарди, лекин ҳозир у ерда ҳам иссиқнинг таъсири йўқ эди…

Варлам Шаламов
ШОИРНИНГ ЎЛИМИ
Сайди Умиров таржимаси
06

3.jpgВарлам Тихонович Шаламов (1907–1982) мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтган рус ёзувчиларидан бири. У ёшлигидан адабиётга меҳр қўяди, ҳам шеър, ҳам насрда қобилиятини синаб кўра бошлайди. Москва Давлат университети талабалиги чоғида Лениннинг сиёсий васияти – партиянинг Х11 съездига ёзган хатини тарқатишда айбланиб, уч йил лагерда ўтиради. 1937 йили яна қамалади ва Колимага жўнатилади. КПСС ХХ съездидан кейин тўла оқланади.
Колима ҳикояларини эллигинчи йиллар бошларида, сургундалигида ёза бошлаган. Ҳикоялари, ватанида эълон қилиш имкони бўлмагани боис, хорижда босилган. Шеърлари эса совет журналларида чиқиб турган, бешта тўплами чоп этилган. Шеърларини Борис Постернак юқори баҳолаган, сургунга хатлар йўллаб, далда бериб турган, кейин улар учрашиб, дўстлашиб кетишган.
Варлам Шаламов ҳикоялари кишини ларзага солади. Йигирма йил умрини турма, лагер, сургунларда ўтказган ёзувчи бу жойлардаги чидаб бўлмас даражадаги оғир шароит, тинкани қуритувчи меҳнат, очлик, ташналик, хўрланиш, таҳқирланиш, зулм, адоват, сотқинлик, ўғрилик, уруш-жанжаллар, қотиллик ва бошқа турфа азоб-уқубатларни шафқатсиз ҳақиқат билан тасвирлайди. Иродаси мустаҳкам Верлам Шаламовга ҳам оқланиш, ҳам қайтиб келиш насиб этди. Лекин йиллар давомида тотилган азоб-уқубатлар беиз кетмайди, адиб умрининг сўнгги йилларида кар ва кўр бўлиб қолади, қариялар уйида яшаб, ёлғизликда, хор-зорликда ўлиб кетади.
1964 йилда Александр Солженицин Варлам Шаламовга йўллаган мактубида унинг “Колима дафтари”, “Колима ҳикоялари” босилишига ишонишини ёзган эди. “Колима ҳикоялари” нашр этилади, лекин муаллифга уларни кўриш насиб этмади.
Шаламов ўз асарларида СССР деб аталмиш, жаҳонда энг адолатли тузум дея бетиним мақталган, сирти ялтироқ империянинг ниқобини сидириб, авра-астарини очиб ташлайди. Ўқувчи ҳукмига ҳавола этилган ҳикоялар ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

06

192792_original.jpgШоир ўлим ёқасида эди. Очликдан шишиб кетган, катта, қонсиз оқиш бармоқлари, ўсиб кетган кир тирноқлари совуқдан тош қотган ҳолда кўкраги устида ётарди. Авваллари у қўлларини орқасига, яланғоч танасига тиқарди, лекин ҳозир у ерда ҳам иссиқнинг таъсири йўқ эди. Қўлқопларини аллақачон ўмариб кетишган, бунинг учун суллоҳлик бўлса кифоя эди. Куппа-кундуз ўғирлаб кетаверишарди. Пашша ўтириб ифлос қилган, айлана панжара билан ўралган хира электр чироғи баландга, шифт остига маҳкамланган эди. Ёруғ шоирнинг оёғи тагига тушиб турарди – икки қаватли сидирға наранинг қоронғу қуйи қисмида қутида ётгандай ётарди. Аҳён-аҳёнда панжалари қимирлаб қўяр, қайроқдай шиқирлар, бушлатидаги тугмалари, илмоқ, тешикларини пайпаслагандай, қандайдир хас-чўпни қоқмоқчидай бўлар, ва яна қимирламай қоларди. Шоир хаёт билан шунча узоқ хайр-хўшлашардики, ўлаётганини ҳам англолмай қоларди. Баъзан миясига қандайдир оддий ва кучли фикр урилиб, оғриқли из қолдириб ўтиб кетарди – бошининг остидаги нонини ўғирлаб кетишганди. Ва бу юракни шундай сирқиратувчи, зирқиратувчи даҳшат эдики, у баҳслашишга, сўкинишга, ёқавайрон уришишга, қидиришга, исботлашга тайёр эди. Лекин булар учун куч-қуввати қолмаган, нон ҳақидаги фикри хаёли кучсизланиб, ўзидан узоқлашиб борарди… Ва шу оннинг ўзида бошқа нарса ҳақида ўйлаб кетарди – ҳаммани денгизнинг нариги ёғига олиб кетишлари лозим, нимагадир пароход кечикиб қоляпти, яхшиямки ўзи шу ерда. Ва барак навбатчиси башарасидаги катта холини ғира-шира эслаб кетарди. Куннинг кўп қисмида хаёлини бу ерда кечган ҳаёти, бўлиб ўтган воқеалар банд этарди. Кўз ўнгидан ўтган воқеа-ҳодисалар, болалиги, ўсмирлиги, ютуқлари акси эмасди. Умр бўйи у қаёққадир шошиб яшади. Ва у шошилмасдан ўлим олди ҳаракатларининг бир хиллиги ҳақида, санъаткорлар ва шоирлардан олдин шифокорлар тушунган ва қайд этган нарсалар ҳақида ўйлай бошлади. Гиппократ қиёфаси – одамнинг ўлим олди ниқоби – тиббиёт куллиётининг ҳар бир талабасига маълум. Одамнинг ўлим олдидаги бундай сирли ҳаракатлари Фрейдга энг кучли фаразлар қилишга имкон берди. Бир хиллик, қайтариқ – илм-фан асоси, замини. Ўлимдаги бетакрор нарсани шифокорлар эмас, шоирлар излашган, топишган. Ҳали ўйлашга мадори етишини сезиши ёқимли эди. Очлик, бемажоллик аллақачон одатий ҳолга айланганди. Гиппократ ҳам, туғма холли навбатчи ҳам, кир тирноқлари ҳам энди унга барибир эди. Қоқ суяк танага ҳаёт гоҳ яқинлашар, гоҳ узоқлашар, хуллас, у сўниб бормоқда эди. Ҳаёт асари пайдо бўлганда, кўзлари очилар, фикри жонлана бошлар эди. Фақат хоҳиш пайдо бўлмас эди. У анчадан бери ҳаёт, кўпинча сунъий нафас, глюкоза, камфара, кофеин ёрдамида қайтариладиган дунёда яшар, ўлик яна тирикка айланарди. Нега айланмасин? У боқийликка, инсоннинг чинакам боқийлигига ишонарди. Кўпинча инсоннинг абадий яшашига монелик қиладиган ҳеч қандай биологик сабаблар йўқ деб ўйларди. Қарилик – бу тузатса бўладиган касаллик, холос. Ва бу ҳозирги дақиқаларга қадар сабаби аниқланмаган англашилмовчилик бўлмаганида, инсон абадий яшаши мумкин эди. Ёки чарчаганча, жонига тегмаганча яшаши мумкин эди. У эса яшашдан чарчагани йўқ. Ҳатто ҳозир шу ерликлар… ҳазиллашиб, эркалатган бўлиб “транзитка” деб аталадиган кўчиш олди барагида ҳам. Транзитка даҳшатнинг бўсағаси эди, лекин ўзи эмасди. Аксинча, бу ерда ҳурлик, озодлик руҳи ҳукм сурар ва уни ҳамма ҳис этарди. Олдинда – лагер, орқада – турма. Бу “йўлдаги дунё” эди ва шоир буни тушунарди. Боқийликнинг яна бир йўли Тютчев айтган:

Хушбахтдир, ушбу оламга
Келгучилар машъум онларда

эди. Модомики унга қандайдир инсон сиймосида, қандайдир жисмоний бирлик сиймосида ўлмаслик насиб этмас экан, ижодий боқийликка эришди. Уни йигирманчи асрнинг биринчи рус шоири деб аташарди ва у кўпинча ҳақиқатан шундай деб ўйларди. У шеъриятининг боқийлигига ишонарди. Унинг шогирдлари йўқ эди, ахир шоирлар уларга тоқат қилишармиди? У проза, ёмон проза ҳам ёзарди, мақолалар ҳам ёзарди. Фақат шеърларда, поэзия учун янги, муҳим нарсалар топди ва бу доимий, азалий туюлди. Ўтган бутун ҳаёти адабиёт, китоблар, эртаклар, тушлардан иборат эди ва фақат ҳозирги куни ҳақиқий ҳаёт эди.

Бу ўйлари ўзи билан баҳсда эмас, яширинча, ичининг тубида кечди. Ўй-мулоҳазаларига завқ-шавқ етишмади. Лоқайдлик уни чулғаб олди. Ҳаётнинг тош-қўрғошин қаттиқлиги олдида буларнинг бари ҳеч, арзимаган нарса, “сичқон-каламуш пойгаси” эди. Ўзига ҳайрон қоларди: ҳаммаси ҳал қилинган пайтда шеърлари ҳақида қандай қилиб шундай ўйларга бориши мумкин. Буни ўзи жуда яхши, ҳар қачонгидан ҳам яхши биларди. Бу ерда у кимга ҳам керак эди, кимга ҳам тенг келарди. Буларнинг барини тушуниш керак эди, у бу дамларни кутди… ва тушунди.

Танасига ва ним очиқ хира кўзларига ҳаёт асари қайтган, кўра бошлаган, қовоқлари титрай, бармоқлари қимирлай бошлаган дақиқаларда фикр ҳам қайтди, уларнинг сўнгги фикрлар эканини ўйлаб ҳам кўрмаган эди.

Ҳаёт ҳукмфармо хўжайиндай кириб келарди: уни чақирмаса ҳам жисмига, миясига шеър каби, илҳом каби қуюлиб кириб келарди. Ва бу сўзнинг салмоқли аҳамияти биринчи марта бутун борлиғи билан инкишоф этилди. Шеърлари жозибадор куч эдики, бу куч билан яшади, нафас олди. Худди шундай. У шеърлари учун яшамади, шеърлари билан яшади.

Илҳомнинг ўзи ҳам ҳаёт экани ҳозир аниқ равшан кўриниб, сезилиб турарди; ҳаёт ўзи илҳом, айни илҳом бўлганини ўлими олдидан билиш муяссар этди.

Ва ушбу сўнгги ҳақиқатни билишга муяссар бўлганига суюнди.

Ҳамма нарса, бутун дунё шеърларига қиёс қилинди: иш, отлар дупури, уй, қуш, қоя, муҳаббат – бутун ҳаёт шеърларига осон кирди ва бемалол жойлашди. Ва бу шундай бўлиши керак эди, негаки шеърлар сўз эди, калом эди.

Сатрлар ҳозир ҳам жойидан осон туриб, бир-бирининг кетига тизилишди. Гарчанд у анчадан буён ўз шеърларини ёзмаётган ва ёзолмаётган бўлса ҳам, сўзлар қандайдир белгиланган ва ўзига хос оҳангда саф тортди. Қофия сўз ва тушунчаларни оҳанрабо янглиғ изловчи, топувчи асбоб эди. Ҳар бир сўз оламнинг бир қисми бўлиб оҳанги акс-садо бериб, қандайдир электрон машина тезлигида оламаро тараларди. Бариси: мени ол, йўқ, мени, деб қичқирарди. Ҳеч нарсани қидиришга тўғри келмасди. Фақат воз кечишга тўғри келарди. Бу ерда бамисоли икки киши бири – чархини айлантириб юбориб, иккинчиси – вақти-вақти билан ишга туширилган машинани тўхтатиб турувчи. Ўзи, икки киши тимсоли эканлигини кўриб, сезиб, шоир ҳозир ҳақиқий шеър битаётганини англади. Улар ёзиб олинмаётган бўлса нима қипти? Ёзиб олиш, чоп эттириш – турган-битгани ғалва, машмаша. Ғараз-ла юзага келган нарса – энг яхши нарса эмас. Энг яхшиси, яратилгани, ёзиб олинмай ғойиб бўлгани, изсиз йўқолгани, фақат ҳис этилган, ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган ижодий завқ, роҳат шеър яратилганини, гўзал қилиб яратилганини исботлаб туради. У адашмаяптимикан? Ижодий завқ-шавқи, бахтиёрлиги бехатомикин? У Блокнинг сўнгги шеърлари бўш, ғариблиги ва Блокнинг ўзи, афтидан, буни тушунмаганлигини эслади…

Шоир ўзини тизгинлашга мажбур этди. Бу ерда буни уддалаш қаердадир, Ленинграддами, Москвадами уддалашдан кўра осон эди.

Шу топда у анчадан бери ҳеч нарса ҳақида ўйламай қолганини сезиб қолди. Ҳаёт уни яна эзмоқда эди. У узоқ муддат қимир этмай ётди ва бирдан ўзидан нарида ўқ отиладиган мўлжалми, геологик харитами шунга ўхшаш нарсани кўрди. Харита ёзувсиз эди ва у ундаги чизгиларни тушунишга беҳуда уринарди. Яна анча вақт ўтгач, бу ўзининг бармоқлари эканлигини англаб етди. Бармоқ учларида чекилган, сўрилган махорками папироснинг кулранг излари ҳали ўчмаган эди – ёстиқчаларда дактилостопик расмлар, тоғ бўртма нақшлари сингари ажралиб турарди. Ўн бармоғининг биридаги расмлар, кесилган дарахтдагига ўхшаш айлана чизиқлардек бир хил эди.

Болалигида бир куни бульварда, ўзи яшаб катта бўлган уй ертўласидаги кирхонада ишлайдиган хитой тўхтатганини эслади. Хитой аввал унинг ўнг қўлини, кейин иккинчисини ушлади, кафтларини айлантириб юқорига кўтарди ва ўз тилида ҳаяжонланиб асабий қичқирди. Маълум бўлишича, болада аниқ-тиниқ белги кўриб, уни бахтли-саодатли деб эълон қилган экан. Бу бахт белгисини шоир кўп бор эслади, айниқса, илк китобчаси босмадан чиқаётган кезларда қайта-қайта эслади. Хозир у хитойликни гина-кудуратсиз ва истеҳзосиз эслади – энди унга барибир эди.

Энг муҳими, у ҳали жон таслим қилгани йўқ. Айтганча, шоир бўлиб ўлди дегани нимадир? Бу ўлимда қандайдир болаларча соддалик бўлиши керак. Ёхуд Есенин, Маяковский ўлимлари сингари, кўриб қўйинглар деганидек, театр томошасидагидек нарса.

Актёр сифатида – буни тушунса бўлади. Шоир сифатида ўлишини-чи?

Ҳа, у олдинда кутилаётган нарсалардан баъзиларини фаҳмлаб етгандек бўлди. Бошқа жойларга ўтқазилганда кўп нарсаларни англаб етишга ва олдиндан кўришга улгурди. Ўзининг ожизлигига жимгина суюнди ва ўлишига умид боғлади. Турмада узоқдан давом этиб келаётган баҳсни – лагерь даҳшатлими ё турмами – деган баҳсни эслади. Ҳеч ким аниқ-тиниқ бир гап айтмасди, асослар синовдан ўтмаган, мавҳум лагердан ўша турмага келтирилган бир одам қаҳрли табассум қилганди. У ўша одамнинг сирли табассумини қаттиқ эслаб қолди, шундай бўлдики, эслашга чўчирди – ўйланг, у ҳозир ўлса уларни, ўзини бу ёқларга олиб келганларни қандай усталик билан алдаган, нақд ўн йилга алдаган бўларди. У бир неча йил сургунда бўлди ва алоҳида рўйхатга тоабад киритилганини биларди.

Тоабад!

Миқёслар алмашинди, сўзлар маъносини ўзгартди. У денгиз қирғоғига тўлқин урилгани каби ожиз танасида яна куч пайдо бўлаётганини сезди. Бир неча соат келиб урилади. Денгиздагидек. Кейин қайтиб кетади. Лекин бизни тоабад тарк этмайди. У ҳали соғаяди. Тўсатдан унинг егиси келди, лекин қимирлашга мадори етмасди. Бугунги шўрвасини қўшнисига берганини секин ва қийналиб эслади, бир кружка қайнаган сув кейинги кунга ягона озиғи эди. Нондан бошқа, албатта. Лекин нонни зўрға беришарди. Анчадан бери шундай. Кечагисини эса ўғирлашди. Ўғирлашга кучи етадиганлар ҳам бор экан. Тонг отгунга қадар у енгил ва ўйсиз ётди. Электр ёруғи сал сарғайгандек бўлди ва катта фанер тахтада, ҳар кунгидек нон олиб келишди.

Қаттиқ чети гарбушкаси тегмай қолган пайтдагидек йиғламас, ортиқчасини титроқ панжалари билан оғзига тиқмас, ортиқчаси оғзида эриб кетмас, бурун катаклари кенгаймас ва у бутун вужуди билан қора ноннинг таъми ва ҳидини сезарди. Ҳали ютишга, жағини қимирлатишга улгурмай, бўлакчаси оғзида йўқ бўларди. Нон бўлаги эриди, ғойиб бўлди ва ушбу мўъжиза – бу ердаги кўпдан-кўп мўъжизалардан бири эди. Йўқ, у ҳозир ҳаяжонланмаётган эди. Лекин, қўлига бир кунлик нон улушини беришганда, қонсиз бармоқлари билан тутиб, нонни оғзига олиб борди. Нонни зангила тишлари билан тишлади. Милклари қонади, тишлари қимирлади, лекин у оғриқни сезмади. Бор кучи билан нонни бағрига босиб, оғзига тиқди, майдалади, сўрди, ғажиди …

Уни қўшнилари тўхтатишди:
– Барини еб қўйма, кейинроқ ерсан, кейинроқ …

Шоир тушунди. Кўкиш кир қўлларидан қонли нонни қўйиб юбормай кўзларини катта очди.

– Кейин қачон? –аниқ, равшан деди у.

Ва кўзини юмди.
Кечга бориб ўлди.

Икки кун кечикиб рўйхатдан ўчиришди – тадбиркор, топқир қўшнилар нон тақсимлашда икки кун ўликнинг нонини олишга муваффақ бўлишди; ўлик қўғирчоқ сингари “қўлини кўтариб турди”. Демак, у ўз ажалидан икки кун олдин ўлди – унинг келгуси библиографлари учун муҳим детал.

Манба: “Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 5-сон

250276_original.jpgShoir o‘lim yoqasida edi. Ochlikdan shishib ketgan, katta, qonsiz oqish barmoqlari, o‘sib ketgan kir tirnoqlari sovuqdan tosh qotgan holda ko‘kragi ustida yotardi. Avvallari u qo‘llarini orqasiga, yalang‘och tanasiga tiqardi, lekin hozir u yerda ham issiqning ta’siri yo‘q edi…

Varlam Shalamov
SHOIRNING O‘LIMI
Saydi Umirov tarjimasi
06

33.jpgVarlam Tixonovich Shalamov (1907–1982) murakkab hayot yo‘lini bosib o‘tgan rus yozuvchilaridan biri. U yoshligidan adabiyotga mehr qo‘yadi, ham she’r, ham nasrda qobiliyatini sinab ko‘ra boshlaydi. Moskva Davlat universiteti talabaligi chog‘ida Leninning siyosiy vasiyati – partiyaning X11 syezdiga yozgan xatini tarqatishda ayblanib, uch yil lagerda o‘tiradi. 1937 yili yana qamaladi va Kolimaga jo‘natiladi. KPSS XX syezdidan keyin to‘la oqlanadi.
Kolima hikoyalarini elliginchi yillar boshlarida, surgundaligida yoza boshlagan. Hikoyalari, vatanida e’lon qilish imkoni bo‘lmagani bois, xorijda bosilgan. She’rlari esa sovet jurnallarida chiqib turgan, beshta to‘plami chop etilgan. She’rlarini Boris Posternak yuqori baholagan, surgunga xatlar yo‘llab, dalda berib turgan, keyin ular uchrashib, do‘stlashib ketishgan.
Varlam Shalamov hikoyalari kishini larzaga soladi. Yigirma yil umrini turma, lager, surgunlarda o‘tkazgan yozuvchi bu joylardagi chidab bo‘lmas darajadagi og‘ir sharoit, tinkani qurituvchi mehnat, ochlik, tashnalik, xo‘rlanish, tahqirlanish, zulm, adovat, sotqinlik, o‘g‘rilik, urush-janjallar, qotillik va boshqa turfa azob-uqubatlarni shafqatsiz haqiqat bilan tasvirlaydi. Irodasi mustahkam Verlam Shalamovga ham oqlanish, ham qaytib kelish nasib etdi. Lekin yillar davomida totilgan azob-uqubatlar beiz ketmaydi, adib umrining so‘nggi yillarida kar va ko‘r bo‘lib qoladi, qariyalar uyida yashab, yolg‘izlikda, xor-zorlikda o‘lib ketadi.
1964 yilda Aleksandr Soljenitsin Varlam Shalamovga yo‘llagan maktubida uning “Kolima daftari”, “Kolima hikoyalari” bosilishiga ishonishini yozgan edi. “Kolima hikoyalari” nashr etiladi, lekin muallifga ularni ko‘rish nasib etmadi.
Shalamov o‘z asarlarida SSSR deb atalmish, jahonda eng adolatli tuzum deya betinim maqtalgan, sirti yaltiroq imperiyaning niqobini sidirib, avra-astarini ochib tashlaydi. O‘quvchi hukmiga havola etilgan hikoyalar ham bu fikrni tasdiqlaydi.

06

6.jpgShoir o‘lim yoqasida edi. Ochlikdan shishib ketgan, katta, qonsiz oqish barmoqlari, o‘sib ketgan kir tirnoqlari sovuqdan tosh qotgan holda ko‘kragi ustida yotardi. Avvallari u qo‘llarini orqasiga, yalang‘och tanasiga tiqardi, lekin hozir u yerda ham issiqning ta’siri yo‘q edi. Qo‘lqoplarini allaqachon o‘marib ketishgan, buning uchun sullohlik bo‘lsa kifoya edi. Kuppa-kunduz o‘g‘irlab ketaverishardi. Pashsha o‘tirib iflos qilgan, aylana panjara bilan o‘ralgan xira elektr chirog‘i balandga, shift ostiga mahkamlangan edi. Yorug‘ shoirning oyog‘i tagiga tushib turardi – ikki qavatli sidirg‘a naraning qorong‘u quyi qismida qutida yotganday yotardi. Ahyon-ahyonda panjalari qimirlab qo‘yar, qayroqday shiqirlar, bushlatidagi tugmalari, ilmoq, teshiklarini paypaslaganday, qandaydir xas-cho‘pni qoqmoqchiday bo‘lar, va yana qimirlamay qolardi. Shoir xayot bilan shuncha uzoq xayr-xo‘shlashardiki, o‘layotganini ham anglolmay qolardi. Ba’zan miyasiga qandaydir oddiy va kuchli fikr urilib, og‘riqli iz qoldirib o‘tib ketardi – boshining ostidagi nonini o‘g‘irlab ketishgandi. Va bu yurakni shunday sirqiratuvchi, zirqiratuvchi dahshat ediki, u bahslashishga, so‘kinishga, yoqavayron urishishga, qidirishga, isbotlashga tayyor edi. Lekin bular uchun kuch-quvvati qolmagan, non haqidagi fikri xayoli kuchsizlanib, o‘zidan uzoqlashib borardi… Va shu onning o‘zida boshqa narsa haqida o‘ylab ketardi – hammani dengizning narigi yog‘iga olib ketishlari lozim, nimagadir paroxod kechikib qolyapti, yaxshiyamki o‘zi shu yerda. Va barak navbatchisi basharasidagi katta xolini g‘ira-shira eslab ketardi. Kunning ko‘p qismida xayolini bu yerda kechgan hayoti, bo‘lib o‘tgan voqealar band etardi. Ko‘z o‘ngidan o‘tgan voqea-hodisalar, bolaligi, o‘smirligi, yutuqlari aksi emasdi. Umr bo‘yi u qayoqqadir shoshib yashadi. Va u shoshilmasdan o‘lim oldi harakatlarining bir xilligi haqida, san’atkorlar va shoirlardan oldin shifokorlar tushungan va qayd etgan narsalar haqida o‘ylay boshladi. Gippokrat qiyofasi – odamning o‘lim oldi niqobi – tibbiyot kulliyotining har bir talabasiga ma’lum. Odamning o‘lim oldidagi bunday sirli harakatlari Freydga eng kuchli farazlar qilishga imkon berdi. Bir xillik, qaytariq – ilm-fan asosi, zamini. O‘limdagi betakror narsani shifokorlar emas, shoirlar izlashgan, topishgan. Hali o‘ylashga madori yetishini sezishi yoqimli edi. Ochlik, bemajollik allaqachon odatiy holga aylangandi. Gippokrat ham, tug‘ma xolli navbatchi ham, kir tirnoqlari ham endi unga baribir edi. Qoq suyak tanaga hayot goh yaqinlashar, goh uzoqlashar, xullas, u so‘nib bormoqda edi. Hayot asari paydo bo‘lganda, ko‘zlari ochilar, fikri jonlana boshlar edi. Faqat xohish paydo bo‘lmas edi. U anchadan beri hayot, ko‘pincha sun’iy nafas, glyukoza, kamfara, kofein yordamida qaytariladigan dunyoda yashar, o‘lik yana tirikka aylanardi. Nega aylanmasin? U boqiylikka, insonning chinakam boqiyligiga ishonardi. Ko‘pincha insonning abadiy yashashiga monelik qiladigan hech qanday biologik sabablar yo‘q deb o‘ylardi. Qarilik – bu tuzatsa bo‘ladigan kasallik, xolos. Va bu hozirgi daqiqalarga qadar sababi aniqlanmagan anglashilmovchilik bo‘lmaganida, inson abadiy yashashi mumkin edi. Yoki charchagancha, joniga tegmagancha yashashi mumkin edi. U esa yashashdan charchagani yo‘q. Hatto hozir shu yerliklar… hazillashib, erkalatgan bo‘lib “tranzitka” deb ataladigan ko‘chish oldi baragida ham. Tranzitka dahshatning bo‘sag‘asi edi, lekin o‘zi emasdi. Aksincha, bu yerda hurlik, ozodlik ruhi hukm surar va uni hamma his etardi. Oldinda – lager, orqada – turma. Bu “yo‘ldagi dunyo” edi va shoir buni tushunardi. Boqiylikning yana bir yo‘li Tyutchev aytgan:

Xushbaxtdir, ushbu olamga
Kelguchilar mash’um onlarda

edi. Modomiki unga qandaydir inson siymosida, qandaydir jismoniy birlik siymosida o‘lmaslik nasib etmas ekan, ijodiy boqiylikka erishdi. Uni yigirmanchi asrning birinchi rus shoiri deb atashardi va u ko‘pincha haqiqatan shunday deb o‘ylardi. U she’riyatining boqiyligiga ishonardi. Uning shogirdlari yo‘q edi, axir shoirlar ularga toqat qilisharmidi? U proza, yomon proza ham yozardi, maqolalar ham yozardi. Faqat she’rlarda, poeziya uchun yangi, muhim narsalar topdi va bu doimiy, azaliy tuyuldi. O‘tgan butun hayoti adabiyot, kitoblar, ertaklar, tushlardan iborat edi va faqat hozirgi kuni haqiqiy hayot edi.

Bu o‘ylari o‘zi bilan bahsda emas, yashirincha, ichining tubida kechdi. O‘y-mulohazalariga zavq-shavq yetishmadi. Loqaydlik uni chulg‘ab oldi. Hayotning tosh-qo‘rg‘oshin qattiqligi oldida bularning bari hech, arzimagan narsa, “sichqon-kalamush poygasi” edi. O‘ziga hayron qolardi: hammasi hal qilingan paytda she’rlari haqida qanday qilib shunday o‘ylarga borishi mumkin. Buni o‘zi juda yaxshi, har qachongidan ham yaxshi bilardi. Bu yerda u kimga ham kerak edi, kimga ham teng kelardi. Bularning barini tushunish kerak edi, u bu damlarni kutdi… va tushundi.

Tanasiga va nim ochiq xira ko‘zlariga hayot asari qaytgan, ko‘ra boshlagan, qovoqlari titray, barmoqlari qimirlay boshlagan daqiqalarda fikr ham qaytdi, ularning so‘nggi fikrlar ekanini o‘ylab ham ko‘rmagan edi.

Hayot hukmfarmo xo‘jayinday kirib kelardi: uni chaqirmasa ham jismiga, miyasiga she’r kabi, ilhom kabi quyulib kirib kelardi. Va bu so‘zning salmoqli ahamiyati birinchi marta butun borlig‘i bilan inkishof etildi. She’rlari jozibador kuch ediki, bu kuch bilan yashadi, nafas oldi. Xuddi shunday. U she’rlari uchun yashamadi, she’rlari bilan yashadi.

Ilhomning o‘zi ham hayot ekani hozir aniq ravshan ko‘rinib, sezilib turardi; hayot o‘zi ilhom, ayni ilhom bo‘lganini o‘limi oldidan bilish muyassar etdi.

Va ushbu so‘nggi haqiqatni bilishga muyassar bo‘lganiga suyundi.

Hamma narsa, butun dunyo she’rlariga qiyos qilindi: ish, otlar dupuri, uy, qush, qoya, muhabbat – butun hayot she’rlariga oson kirdi va bemalol joylashdi. Va bu shunday bo‘lishi kerak edi, negaki she’rlar so‘z edi, kalom edi.

Satrlar hozir ham joyidan oson turib, bir-birining ketiga tizilishdi. Garchand u anchadan buyon o‘z she’rlarini yozmayotgan va yozolmayotgan bo‘lsa ham, so‘zlar qandaydir belgilangan va o‘ziga xos ohangda saf tortdi. Qofiya so‘z va tushunchalarni ohanrabo yanglig‘ izlovchi, topuvchi asbob edi. Har bir so‘z olamning bir qismi bo‘lib ohangi aks-sado berib, qandaydir elektron mashina tezligida olamaro taralardi. Barisi: meni ol, yo‘q, meni, deb qichqirardi. Hech narsani qidirishga to‘g‘ri kelmasdi. Faqat voz kechishga to‘g‘ri kelardi. Bu yerda bamisoli ikki kishi biri – charxini aylantirib yuborib, ikkinchisi – vaqti-vaqti bilan ishga tushirilgan mashinani to‘xtatib turuvchi. O‘zi, ikki kishi timsoli ekanligini ko‘rib, sezib, shoir hozir haqiqiy she’r bitayotganini angladi. Ular yozib olinmayotgan bo‘lsa nima qipti? Yozib olish, chop ettirish – turgan-bitgani g‘alva, mashmasha. G‘araz-la yuzaga kelgan narsa – eng yaxshi narsa emas. Eng yaxshisi, yaratilgani, yozib olinmay g‘oyib bo‘lgani, izsiz yo‘qolgani, faqat his etilgan, hech narsa bilan almashtirib bo‘lmaydigan ijodiy zavq, rohat she’r yaratilganini, go‘zal qilib yaratilganini isbotlab turadi. U adashmayaptimikan? Ijodiy zavq-shavqi, baxtiyorligi bexatomikin? U Blokning so‘nggi she’rlari bo‘sh, g‘aribligi va Blokning o‘zi, aftidan, buni tushunmaganligini esladi…

Shoir o‘zini tizginlashga majbur etdi. Bu yerda buni uddalash qayerdadir, Leningraddami, Moskvadami uddalashdan ko‘ra oson edi.

Shu topda u anchadan beri hech narsa haqida o‘ylamay qolganini sezib qoldi. Hayot uni yana ezmoqda edi. U uzoq muddat qimir etmay yotdi va birdan o‘zidan narida o‘q otiladigan mo‘ljalmi, geologik xaritami shunga o‘xshash narsani ko‘rdi. Xarita yozuvsiz edi va u undagi chizgilarni tushunishga behuda urinardi. Yana ancha vaqt o‘tgach, bu o‘zining barmoqlari ekanligini anglab yetdi. Barmoq uchlarida chekilgan, so‘rilgan maxorkami papirosning kulrang izlari hali o‘chmagan edi – yostiqchalarda daktilostopik rasmlar, tog‘ bo‘rtma naqshlari singari ajralib turardi. O‘n barmog‘ining biridagi rasmlar, kesilgan daraxtdagiga o‘xshash aylana chiziqlardek bir xil edi.

Bolaligida bir kuni bulvarda, o‘zi yashab katta bo‘lgan uy yerto‘lasidagi kirxonada ishlaydigan xitoy to‘xtatganini esladi. Xitoy avval uning o‘ng qo‘lini, keyin ikkinchisini ushladi, kaftlarini aylantirib yuqoriga ko‘tardi va o‘z tilida hayajonlanib asabiy qichqirdi. Ma’lum bo‘lishicha, bolada aniq-tiniq belgi ko‘rib, uni baxtli-saodatli deb e’lon qilgan ekan. Bu baxt belgisini shoir ko‘p bor esladi, ayniqsa, ilk kitobchasi bosmadan chiqayotgan kezlarda qayta-qayta esladi. Xozir u xitoylikni gina-kuduratsiz va istehzosiz esladi – endi unga baribir edi.

Eng muhimi, u hali jon taslim qilgani yo‘q. Aytgancha, shoir bo‘lib o‘ldi degani nimadir? Bu o‘limda qandaydir bolalarcha soddalik bo‘lishi kerak. Yoxud Yesenin, Mayakovskiy o‘limlari singari, ko‘rib qo‘yinglar deganidek, teatr tomoshasidagidek narsa.

Aktyor sifatida – buni tushunsa bo‘ladi. Shoir sifatida o‘lishini-chi?

Ha, u oldinda kutilayotgan narsalardan ba’zilarini fahmlab yetgandek bo‘ldi. Boshqa joylarga o‘tqazilganda ko‘p narsalarni anglab yetishga va oldindan ko‘rishga ulgurdi. O‘zining ojizligiga jimgina suyundi va o‘lishiga umid bog‘ladi. Turmada uzoqdan davom etib kelayotgan bahsni – lager dahshatlimi yo turmami – degan bahsni esladi. Hech kim aniq-tiniq bir gap aytmasdi, asoslar sinovdan o‘tmagan, mavhum lagerdan o‘sha turmaga keltirilgan bir odam qahrli tabassum qilgandi. U o‘sha odamning sirli tabassumini qattiq eslab qoldi, shunday bo‘ldiki, eslashga cho‘chirdi – o‘ylang, u hozir o‘lsa ularni, o‘zini bu yoqlarga olib kelganlarni qanday ustalik bilan aldagan, naqd o‘n yilga aldagan bo‘lardi. U bir necha yil surgunda bo‘ldi va alohida ro‘yxatga toabad kiritilganini bilardi.

Toabad!

Miqyoslar almashindi, so‘zlar ma’nosini o‘zgartdi. U dengiz qirg‘og‘iga to‘lqin urilgani kabi ojiz tanasida yana kuch paydo bo‘layotganini sezdi. Bir necha soat kelib uriladi. Dengizdagidek. Keyin qaytib ketadi. Lekin bizni toabad tark etmaydi. U hali sog‘ayadi. To‘satdan uning yegisi keldi, lekin qimirlashga madori yetmasdi. Bugungi sho‘rvasini qo‘shnisiga berganini sekin va qiynalib esladi, bir krujka qaynagan suv keyingi kunga yagona ozig‘i edi. Nondan boshqa, albatta. Lekin nonni zo‘rg‘a berishardi. Anchadan beri shunday. Kechagisini esa o‘g‘irlashdi. O‘g‘irlashga kuchi yetadiganlar ham bor ekan. Tong otgunga qadar u yengil va o‘ysiz yotdi. Elektr yorug‘i sal sarg‘aygandek bo‘ldi va katta faner taxtada, har kungidek non olib kelishdi.

Qattiq cheti garbushkasi tegmay qolgan paytdagidek yig‘lamas, ortiqchasini titroq panjalari bilan og‘ziga tiqmas, ortiqchasi og‘zida erib ketmas, burun kataklari kengaymas va u butun vujudi bilan qora nonning ta’mi va hidini sezardi. Hali yutishga, jag‘ini qimirlatishga ulgurmay, bo‘lakchasi og‘zida yo‘q bo‘lardi. Non bo‘lagi eridi, g‘oyib bo‘ldi va ushbu mo‘’jiza – bu yerdagi ko‘pdan-ko‘p mo‘’jizalardan biri edi. Yo‘q, u hozir hayajonlanmayotgan edi. Lekin, qo‘liga bir kunlik non ulushini berishganda, qonsiz barmoqlari bilan tutib, nonni og‘ziga olib bordi. Nonni zangila tishlari bilan tishladi. Milklari qonadi, tishlari qimirladi, lekin u og‘riqni sezmadi. Bor kuchi bilan nonni bag‘riga bosib, og‘ziga tiqdi, maydaladi, so‘rdi, g‘ajidi …

Uni qo‘shnilari to‘xtatishdi:
– Barini yeb qo‘yma, keyinroq yersan, keyinroq …

Shoir tushundi. Ko‘kish kir qo‘llaridan qonli nonni qo‘yib yubormay ko‘zlarini katta ochdi.

– Keyin qachon? –aniq, ravshan dedi u.

Va ko‘zini yumdi.
Kechga borib o‘ldi.

Ikki kun kechikib ro‘yxatdan o‘chirishdi – tadbirkor, topqir qo‘shnilar non taqsimlashda ikki kun o‘likning nonini olishga muvaffaq bo‘lishdi; o‘lik qo‘g‘irchoq singari “qo‘lini ko‘tarib turdi”. Demak, u o‘z ajalidan ikki kun oldin o‘ldi – uning kelgusi bibliograflari uchun muhim detal.

Manba: “Jahon adabiyoti” jurnali, 2008 yil, 5-son

09

(Tashriflar: umumiy 225, bugungi 1)

Izoh qoldiring