Vasiliy Shukshin. Ikki maktub

Ashampoo_Snap_2017.09.06_17h22m11s_005_.pngТуйқус уйғониб кетди. Қишлоғини эслади… Ўн йилча бўлди-ёв бормаганига, балки кўпроқдир… Бўзарган уйлар, тупроқ кўча, четан деворлар тагида ўсиб ётадиган қичитқи ўт, донлаб юрган товуқлар, қийшиқ сўри ёдига тушди…

Василий ШУКШИН
ИККИ МАКТУБ
09

preview.php.jpg Василий Макарович Шукшин  (1929.25.7, Олтой ўлкаси Бийск тумани Сростки қишлоғи — 1974.2.10, Волгоград вилояти Клетск қишлоғида вафот этган; Москвада дафн қилинган) — рус ёзувчиси, кинорежиссёр, сценарист. Россияда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1969).. Дастлабки ҳикоялар тўплами — «Қишлоқ одамлари» (1963). 1964 йилда Василий Шукшин сценарийси асосида «Шундай йигит яшайди» фильми суратга олинган ва ушбу картина Венецияда бўлиб ўтган 16-Халқаро кинофорумда «Олтин шер» мукофотига сазовор бўлган. Шукшиннинг «Любавинлар» (1965) романи, шу роман асосида ишланган «Любавинларнинг тугатилиши» (1972) фильмида, Степан Разин ҳаёти ва унинг курашига оид «Сизга эркинлик бергани келдим» кинороманида (1971),«Характерлар», «Сизнинг ўғлингиз ва акангиз» (1966), «Ғаройиб кишилар» каби кинокартиналарида инсоннинг теран ички кечинмалари, орзу ва умид сари талпинишлари, баъзи бир кимсаларда учрайдиган мешчанлик фалсафасининг фожиага олиб келиши маҳорат билан тасвирланган. Шукшиннинг адабиёт ва кино соҳасидаги фаолиятида турли тоифа кишиларининг ёрқин образлари яратилган.
Василий Шукшиннинг бадиий адабиёт ва кинодаги услуби ишонтириш санъатининг кучи билан чуқур ҳаётийлик касб эта олган.
Шукшин С. Герасимовнинг «Кўл бўйида» фильмидаги Черних ролининг ижроси учун Давлат мукофотига сазовор бўлган (1971). «Улар Ватан учун жанг қилдилар» фильмини суратга олиш чоғида тўсатдан вафот этган.Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

09

Бир одам туғилиб ўсган қишлоғини туш кўрди. Дарё бўйида юрганмиш, сувга майда тошчаларни отармиш. Ўша ер дарёнинг қўлтиғи экан. Жимжит. Атрофда тирик жон йўқмиш. Қишлоқ бир қадам эмиш-у, лекин ҳамма қирилиб кетгандек ҳувиллаб ётганмиш. «Бу қанақаси — ҳеч зоғ йўқ-ку?» — дермиш ҳайрон бўлиб. Ва тағин сувга тош отармиш. Тош сассиз сув тубига чўкармиш. Яна отармиш — бу гал каттароғини. Тош сокин ғарқ бўлармиш. Одам ваҳимага тушибди: «Бир бало бўлган-ов», — дермиш.

Туйқус уйғониб кетди. Қишлоғини эслади… Ўн йилча бўлди-ёв бормаганига, балки кўпроқдир… Бўзарган уйлар, тупроқ кўча, четан деворлар тагида ўсиб ётадиган қичитқи ўт, донлаб юрган товуқлар, қийшиқ сўри ёдига тушди… Қишлоқ орти — дашт, унда-бунда майда дарахтзорлар кўринади. Шафақ осмонни ярмига довур тутган, ловуллайди. Теваракда кичик-кичик кўллар бор; оқшомлари уларнинг суви сокин-сокин бўлади, бутун шафақни кўзгуда кўргандек бўласиз унга боқиб. Бу кўлчалар бўйида ўтириш шундоқ гаштки! Ҳеч нимани ўйламайсиз… Қалбингизга осудалик билан бирга рўйи заминдаги ҳамма нарсага нисбатан нозик безовта бир туйғу ҳам инади. Андак маъюс тортасиз, лекин кимдир қулоғингизга базўр эшитарлик қилиб шивирлагандек бўлади: «Сабр қил, ошна, сабр қил», дея.

Олис-олисларда кечаси яйловга ҳайдалган уюр дупурлайди, йўлнинг чанг-ғубори ҳавога кўтарилиб, анчага довур муаллақ қотади. Сўнгра яна сукунат чўкади. Шу қадар осойишта ўлка бу! Беихтиёр шеър тўқийсан:

… Жимжит дала,
Толиқди отлар.
Жимжит дала, минг ҳай¬қир — бекор…
Мудроқ кўлда қип-қизил шафақ,
Гардиш ичра санамдек балқар.

Секин-аста шафақ ўчади. Оламда ёлғиз, сўппайиб қолгандек сезасан ўзингни. Лекин қўрқмайсан, ёлғиз эмассан… Бироқ бошингда бир қайсар ва нотинч хаёл кезиб юради:

…Нечун туғилганим
англагим келмас.
Нега мавжудлигим
идрок этолмам.

У ухламоқчи бўлди, лекин кўзига уйқу келмади. Хотинини уйғотиб юбормаслик учун оҳиста туриб кийингач, нариги хонага ўтди ва чироқни ёқиб, стол ёнига ўтирди. Ва чуқур ўйга толди.

— Худоё тавба, — ғудранди у. — Ғалати бўлди-ку… Қарияпманмикан, ё?

Кўнгли чидаб бўлмас қадар ғашланди, нимадандир қаттиқ афсус чекиб йиғлагудек бўлди. Гўё, ўшанда, анча илгари митти сокин кўллар бўйида хаёл қилганлари рўёбга чиқмагандек…

У — исми Николай Иванич эди — қоғоз-қалам олиб, эски қадрдонига хат ёзмоққа тутинди.

«Иван Семёнич, оғайни! — дея бошлади мактубни. — Салом! Сенга хат битгим келди. Боя қишлоғимиз тушимга кирибди. Соғинч дилимни ўртаб юборди. Мана, мисоли Бальзак, тунда қоғоз қоралаб ўтирибман. Институтни тугатган дамларимиз ёдимга тушди. Сен-чи, эслайсанми? Диплом билан борувдик… Сўнгги марта ота юртда бўлайлик, деб. Аллакимларга ўхшаб… ясаниб олган эдик! Мен алламбало ажнабий кўйлакда эдим, сен негадир матроска кийиб олувдинг. Икки олифта кўча кездик. Ваҳоланки, айни иш қизиган палла эди. Эсимда, тепаликда Минька Докучаевни учратдик, тўхтаб салом-алик қилдик. Қоракуяга ботганди — юз-кўзини таниб бўлмайди. Ўроқ мошинани чилангарга тузатгани оборувдим, деди. Чекишдик. Гапимиз қовушмади сира. У бизга худди ёт-бегонадек туюлди. Наридан-бери муомала қилдик, у кетди, биз эса бир пайтлар пичан ташиган, поғол ғарамлаган, бузоқ боққан ва мола тортган жойларимиз билан видолашгани қишлоқдан чиқиб кетдик… Бизни едириб-ичирган жойлар билан хайр¬лашгани югурдик. «Қара-я, институтни битирдик, одам бўлдик!», деб. Мен бўлмағур шеърларимни ўқидим, сен эса, ёдимда, оёғингни осмондан қилиб у ёқдан бу ёққа юрдинг. Кейин кўксинг¬га муштлай-муштлай дединг: «Йўқ, сен айт: оталаримиз ким бўлган?! Ҳеч ким! Биз-чи? Биз муҳандисмиз!» Яна ичдик. Яна мақтандик. Ё раббий, қанчалар гердайдиг-а! Қишлоқда биринчи бўлиб олий маълумот олганимизга димоғимиз шишиб кетганди. Ер тепиб ўйнадик, ашула айт¬дик… Ёнгинамизда ўроқ тушмаган буғдойзор бор эди, шуниям эрмак қилдик-а. Мен буғдойзорга бўш шишани улоқтирдим ҳатто, дедимки: «Ғаллани ўриб олсалар, у бийдек далада ярақлаб ётади. Биров-ярим, чунончи ўша Минька: «Кимдир ичкилик қилибди, ким бўлди экан?» деб ўйлайди». Сўнгра ухлаб қолибмиз. Уйғонганимизда кун ботганди. Ажнабий кўйлагим расво бўлибди. Бош лўқиллайди, хижолатпазлик. Бир балолар деб бақирдик, вайсадик. Эсимда, бир-биримизнинг кўзимизга қарай олмасдик. Нимагадир буларнинг бари кечагидек ёдимда…»

— Коля!
— Ҳа?

— Нима қиляпсан?
— Ўзим, шундай… Ухлайвер.

— Бирон ёққа кетдингми деб ўйлабман.
— Йўқ, уйдаман. Ухла.

«Хотиним уйғониб қолди. Ётибди ғўладек бўлиб, қайғуси йўқ, худоё ўзинг кечир мен гуноҳкор бандангни. Баайни атир-упа фабрикасидек ҳид таратади. Шунақа гаплар, Ваня. Ичим чироқ ёқса ёришмай қолди. Ўшанда хурсандчилик қилганимиз чакки бўлмадимикан? Орадан шунча ўтиб ҳам… қанча ўтди ўзи? Ўн саккиз йилми? Қара-я, мен сезмабман. Йилдан-йилга семиряпман. Хотинга таъна қиламану ўзим — бўйи-эни бир хил мавжудотга ўхшаб қолдим, эшикка сиғмайман. Курортлар, санаторийлар… Лекин ҳаёт завқини туйишга улгурмадим. Болалар катта бўляпти, аммо, очиғини айтганда, бундан қувончим ичимга сиғмай кетяпти дея олмайман. Жуда ўзбилармон бўлиб улғайишяпти булар, юзингда кўзинг борми дейишмайди. Биз беҳроқ бўлган эканмиз буларнинг олдида. Эҳтимол, бу фикрларим кексалик инжиқлигидир. Ким билсин. Ўзинг-чи, ўзинг қалайсан? Ҳар замонда хат ёзиб турсанг бўларди. Худо кўрсатмасин, инфаркт хуруж қилиб қолса, хат ёзишгаям ярамай қоласан-ку. Бирон ёққа кетсак-чи, ошна? Болалигимизни эслардик лоақал. Эслашга арзигулик хотираларимиз бор-ку ахир! Шундай қилмасак, юраверамиз иш, иш деб… Умр бўйи иш, бош кўтариб атрофга қараш йўқ. Бир илож қилиб хат ёз, вақт-соатини келишиб олайлик. Дабдурустдан ёлғизланиб қолдим, сендан ортиқ дилкашим йўқ. Сенинг турмушинг ҳам қанду новвот эмасдир-а? Ҳа, бош муҳандисман. Хўш… нима бўпти? Анг¬лаяпсанми мени? Хўп, ана, ресторанлар, қулоқни батанг қиладиган мусиқа, — шулар учун дунёга келадими киши? «Одам қаторига кирди» дегани шуми? Ҳэ… энасини эмсин! Биласанми, болаликда, тунлари йилқи боқиб юрганимизда қўрга картошка кўмиб еганимизни эсласам юрагим орзиқиб кетади. Қанийди ўша жойларга қайтиб борсак, даштга: гулхан ёқсак, ажиналар ҳақида чўпчаклар айтсак… Эҳ, Ваня, Ваня… Диплом олдик деб жуда катта кетвормадикмикан? А? Нима деб ўйлайсан? Ёки менда шизофрения бошландимикан? Сенда шунақа бўладими, йўқми? Чин айт. Ёзда қаерга бормоқчисан? Бит босган Гаграгами? Мендан сўрасанг, Гагралар жонимга тегиб кетган. Лекин «қишлоққа бормоқчиман», дейишгаям юрак бетламайди. Айтсам, уйда қиёмат қўпадими деб жоним ҳалак. Аммо барибир ўзимча исён қиламан — бўлганча бўлар. Кетаман қишлоққа! Ортиқ тоқатим қолмади. Мен билан кетасанми? Кел, гапни бир жойга қўямизу қўл силтаб жўнаворамиз. Улар билан ишим йўқ, Гаграга боришадими, ундан наригами, аммо мен қишлоққа жўнайман. Қачонгача виждонни азобга қўямиз ахир. Тавба-тазарру эмас бу, кўнгил истаги. Хулласкалом, Иван, ана шунақа маза-матрасиз ҳаёт кечиряпман. Бир қарашда бари жо-бажо: яхши ишим, оилам бор, лекин ичимни ит кемиради, баъзан сиқилишдан ўзимни қўярга жой тополмайман, худди ҳозиргидек, — барига тупурай дейман. Менга жавоб ёз, Иван, илтимос. Манзилим энди бошқа — кўтарилдим! Шунақа, фаровонлашиб бораяпмиз. Кутаман.
Николай».

Николай Иванич чироқниўчирди ва ечиниб, хотини ёнига чўзилди. Аммо анчагача кўзи илинмай, ўй суриб ётди: «Қизиққонлик қилиб телба-тескари ёзиб қўйдим чамаси. Эртага ишхонада фурсат топиб қайтадан битишим керак. «Чинданам эси оғиб қопти», деб ўйламасин тағин».

Ишга Николай Иванич ҳар доимгидек бештакам ўнда етиб борди. Кечаси уйқудори ютишига тўғри келган бўлса-да, ўзи тетик, бардам кўринар, соқоли ҳафсала билан қиртишланганди. Йўлакдан бораркан, ҳамишагидек ҳар ким билан саломлашди, жилмайди… Унга ҳам табассум қилдилар. Кимларнидир тўхтатиб, алланималарни сўради, аллакимлар уни тўхтатиб бир нималарни сўрадилар. У лўнда, жўяли жавоб берди. Ишхонада ҳурмати жойида эди унинг. Сулувгина котиба бир зум ўрнидан туриб, кўзни олгудек табассум қилди. «Қур¬ғур, келишган жувон-да», — хаёлидан ўтказди у. Умуман олганда, чамаси ҳар эрталаб шу гап кўнглидан кечарди.

— Хўш, тинчликми?
— Сизга қўнғироқ қилишувди…

Қўнғироқлар, талаблару илтимослар, таваллолару дағдағалар… Бошинг тошдан бўлсин-ей! Бир ҳис бошқаси билан алмашади мудом. Гоҳ: «Ҳой, қулоқ солинг! Сиз билан мушук-сичқон ўйнамоқчи эмасман ахир! Охирги марта огоҳлантиряпман!» Дам: «Азизим, қадрдон… илож қанча? Ўзинг ўйлаб кўр. Нима? Менинг қўлимда бўлганида борми…» Гоҳ: «Тушунаман, барини тушунаман. Аммо ортиқча чирансанг белинг синади қабилидан бўлмасин: йигирма саккизинчига нима дейсиз? Лаббай? Гап битта! Бизнинг бошлиқ таъбири билан айтганда, гап битта. Жонимизни жабборга берамиз, уялтириб қўймаймиз». Лекин кўпроқ манавиниси ёқади: «Ҳой! Сиз билан драма тўгарагида эмасмиз — «Отелло»ни репетиция қилаётганимиз йўқ. Қасам ичманг, мен қасамларга ишонмайман. Менга ма-те-ри-ал керак! Тамом!» Яна манавиниси: «Хўш?.. Хў-ўп… Нима қилиш керак? Мен ҳам билмайман! Билмайман! Ҳисобот дейсизми? Столим ҳисоботларни зўрға кўтариб турибди ўзи. Нима, подшипник ўрнига ҳисоботларингизни қўяманми мен? Жон койитиб ишланг бундоқ. Билмадим. Бажаринг».

Иш Николай Иванични қуюн мисол ўраб-чирмаб ташлаб, у тунда ёзган хатини паққос унутди. Эрталаб, ишга отланаётиб хатни чўнтагига солиб қўйганди.
Лекин ҳозир мавриди эмас. Вилоят газетасидан мухбирлар келишибди.

— Овора бўлибсиз-да, ўртоқлар… Мақташга арзигулик ҳеч нимамиз йўқ ҳозирча. Рост, режани бажар¬япмиз, аммо… — Юмшоқ гилам устида тўрт одим у ёққа юради, тўрт одим бу ёққа, сўнг мухбирларнинг рўпарасида тўхтайди-да, бир умр жонига ора кирган жилмайишини қилади. Ичи қора одамлар унинг табассумига: «Радди бало табассум», деб от қўйиб олишган. Дўлвори, самимий — жилмайганида у аслиятига қайтарди. — Режа ўз йўлига, лекин бундан ортиғигаям қурбимиз етади. Сизлардан яшириб ўтирмайман: яқин келажакда режани юз ўндан — юз ўн бешга ошириш ҳақида ўйлаяпмиз. Ишни тўхтатмаган ҳолда линияни узайтиришни мўлжаллаяпмиз. Ҳа. Ҳисоб-китобларимиз тахт, одамларимиз ўт-олов, ёппасига ҳамла қилсак, албатта, бажарамиз.

Столи ёнида бир неча марта суратга тушди, цехларни айланишаётганида яна суратга олишди. Бироқ у ерда Николай Иванич ишчилар ва усталар билан гаплашди кўпроқ. Сўнг мухбирларни бош инженерга «ошириб», кабинетига қайтиб кирди.

— Дмитрий Васильевич сўрагандилар. Цехдалар, дедим.
— Уланг.

Дмитрий Васильевич билан суҳбат жуда соз бўлди. Николай Иваничнинг баҳри дили очилди.
Арзгўйлар ва қўнғироқларнинг биринчи оқими босилгач, хатни эслади

— Верочка!
— Лаббай, Николай Иванич?

— Мен йўқман. Цехга кетганман.
— Тушундим.

Николай Иванич кечаси битган хатини олди, ўйлаб қолди… ва қайтариб чўнтагига солиб қўйди. Бошқасини ёза бошлади.

«Иван Семёнич! Салом, қария! Сени эсладим-у, мана, хат ёзишга қарор қилдим! Соғ-омон юрибсанми? Ишлар қалай? Негадир камдан-кам ёзишамиз сен билан, танбаллашиб кетдикми нима бало?! Мендан сўрасанг, яхшиман. Тиним йўқ лекин… Гоҳ мени тузлашади, гоҳ мен тузлайман — шу зайлда ўтяпти умр. Зериккани фурсат йўқ. Қисқаси, нолимайман. Ёзда дам олгани қаерга бормоқчисан? Хабар қил, балки биргалашармиз! Битта фикр бор: она қишлоғимизга кетсак… ахир оёқ-қўлимиз боғловдамас-ку. Хотинларни кўндириш осон бўлмайди, бу рост. Қишлоқ тез-тез тушимга кираяпти-да. Кел, ҳаммасига қўл силтаб, бирга бирор ёққа жўнаворамиз? Фақат Гаграга эмас, савил қолсин Гаграси. Волга бўйларига, масалан? Сен ўз хотининг қўйнига қўл солиб кўр, мен ўзимникига: гулхан, балиқ ови ва яна алланималар билан авра. Соҳилбўйидаги бирон қишлоқдан бошпана топардик… Қалай? Кетамиз-а, оғайни? Худо ҳақи, зерикмайсан. Ўйлаб кўр. Менинг кайфиятим соз, ишлар ҳамиша ўнгидан, болалар улғайяпти. Хуллас, келишдиг-а? Бошлиғим таъбири билан айтганда, гап битта! Омон бўл, қайғу сенга яқин йўламасин!
Жавобингни завод манзилига жўнат — шуниси тузук.
Қаттиқ қучаман.
Дўстинг Николай».

— Верочка!
— Лаббай, Николай Иванич!

— Мен ўзимдаман.
— Яхши.

Бошланди тағин: «Йўқ, мен рухсат бермайман!..» «Марҳамат! Бунақа ташаббусларни мен фақат маъқуллайман!» «Буни ўйлаб кўриш керак. Кенгашли тўй тарқамас, деганлар. Маслаҳатлашамиз».

…Кечқурун, овқат пишгунича Николай Иванич ўз хонасида иккала хатни қайтадан ўқиб чиқди. Ўқиди, узоқ-узоқ жимиб қолди. Сўнг иккисини ҳам стол устига ташлаб:

— Жин урсин, қанақасига? — деб юборди баралла.
— Сенга нима бўлди? — сўради хотини.

— Шунчаки… ўзимча айтдим. Кечки овқат нима бўлди?
— Ҳозир пишади. Бирон-нимадан норозимисан?
— Ҳеч гап йўқ. Газеталарни узатвор-чи.

Рус тилидан Ойбек Мўминов таржимаси
Манба: «Китоб дунёси» газетаси веб-саҳифаси

114780519_188a3_n.jpgTuyqus  uyg‘onib ketdi. Qishlog‘ini esladi… O‘n yilcha bo‘ldi-yov bormaganiga, balki  ko‘proqdir… Bo‘zargan uylar, tuproq ko‘cha, chetan devorlar tagida o‘sib  yotadigan qichitqi o‘t, donlab yurgan tovuqlar, qiyshiq so‘ri yodiga tushdi…

Vasiliy SHUKSHIN
IKKI MAKTUB
09

285106.jpg Vasiliy Makarovich Shukshin (1929.25.7, Oltoy o‘lkasi Biysk tumani Srostki qishlog‘i — 1974.2.10, Volgograd viloyati Kletsk qishlog‘ida vafot etgan; Moskvada dafn qilingan) — rus yozuvchisi, kinorejissyor, ssenarist. Rossiyada xizmat ko‘rsatgan san’at arbobi (1969).. Dastlabki hikoyalar to‘plami — «Qishloq odamlari» (1963). 1964 yilda Vasiliy Shukshin ssenariysi asosida «Shunday yigit yashaydi» filmi suratga olingan va ushbu kartina Venetsiyada bo‘lib o‘tgan 16-Xalqaro kinoforumda «Oltin sher» mukofotiga sazovor bo‘lgan. Shukshinning «Lyubavinlar» (1965) romani, shu roman asosida ishlangan «Lyubavinlarning tugatilishi» (1972) filmida, Stepan Razin hayoti va uning kurashiga oid «Sizga erkinlik bergani keldim» kinoromanida (1971),«Xarakterlar», «Sizning o‘g‘lingiz va akangiz» (1966), «G‘aroyib kishilar» kabi kinokartinalarida insonning teran ichki kechinmalari, orzu va umid sari talpinishlari, ba’zi bir kimsalarda uchraydigan meshchanlik falsafasining fojiaga olib kelishi mahorat bilan tasvirlangan. Shukshinning adabiyot va kino sohasidagi faoliyatida turli toifa kishilarining yorqin obrazlari yaratilgan.
Vasiliy Shukshinning badiiy adabiyot va kinodagi uslubi ishontirish san’atining kuchi bilan chuqur hayotiylik kasb eta olgan.
Shukshin S. Gerasimovning «Ko‘l bo‘yida» filmidagi Chernix rolining ijrosi uchun Davlat mukofotiga sazovor bo‘lgan (1971). «Ular Vatan uchun jang qildilar» filmini suratga olish chog‘ida to‘satdan vafot etgan.Asarlari o‘zbek tiliga tarjima qilingan.

09

Bir odam tug‘ilib o‘sgan qishlog‘ini tush ko‘rdi. Daryo bo‘yida yurganmish, suvga mayda toshchalarni otarmish. O‘sha yer daryoning qo‘ltig‘i ekan. Jimjit. Atrofda tirik jon yo‘qmish. Qishloq bir qadam emish-u, lekin hamma qirilib ketgandek huvillab yotganmish. “Bu qanaqasi — hech zog‘ yo‘q-ku?” — dermish hayron bo‘lib. Va tag‘in suvga tosh otarmish. Tosh sassiz suv tubiga cho‘karmish. Yana otarmish — bu gal kattarog‘ini. Tosh sokin g‘arq bo‘larmish. Odam vahimaga tushibdi: “Bir balo bo‘lgan-ov”, — dermish.

Tuyqus uyg‘onib ketdi. Qishlog‘ini esladi… O‘n yilcha bo‘ldi-yov bormaganiga, balki ko‘proqdir… Bo‘zargan uylar, tuproq ko‘cha, chetan devorlar tagida o‘sib yotadigan qichitqi o‘t, donlab yurgan tovuqlar, qiyshiq so‘ri yodiga tushdi… Qishloq orti — dasht, unda-bunda mayda daraxtzorlar ko‘rinadi. Shafaq osmonni yarmiga dovur tutgan, lovullaydi. Tevarakda kichik-kichik ko‘llar bor; oqshomlari ularning suvi sokin-sokin bo‘ladi, butun shafaqni ko‘zguda ko‘rgandek bo‘lasiz unga boqib. Bu ko‘lchalar bo‘yida o‘tirish shundoq gashtki! Hech nimani o‘ylamaysiz… Qalbingizga osudalik bilan birga ro‘yi zamindagi hamma narsaga nisbatan nozik bezovta bir tuyg‘u ham inadi. Andak ma’yus tortasiz, lekin kimdir qulog‘ingizga bazo‘r eshitarlik qilib shivirlagandek bo‘ladi: “Sabr qil, oshna, sabr qil”, deya.

Olis-olislarda kechasi yaylovga haydalgan uyur dupurlaydi, yo‘lning chang-g‘ubori havoga ko‘tarilib, anchaga dovur muallaq qotadi. So‘ngra yana sukunat cho‘kadi. Shu qadar osoyishta o‘lka bu! Beixtiyor she’r to‘qiysan:

… Jimjit dala,
Toliqdi otlar.
Jimjit dala, ming hay¬qir — bekor…
Mudroq ko‘lda qip-qizil shafaq,
Gardish ichra sanamdek balqar.

Sekin-asta shafaq o‘chadi. Olamda yolg‘iz, so‘ppayib qolgandek sezasan o‘zingni. Lekin qo‘rqmaysan, yolg‘iz emassan… Biroq boshingda bir qaysar va notinch xayol kezib yuradi:

…Nechun tug‘ilganim
anglagim kelmas.
Nega mavjudligim
idrok etolmam.

U uxlamoqchi bo‘ldi, lekin ko‘ziga uyqu kelmadi. Xotinini uyg‘otib yubormaslik uchun ohista turib kiyingach, narigi xonaga o‘tdi va chiroqni yoqib, stol yoniga o‘tirdi. Va chuqur o‘yga toldi.

— Xudoyo tavba, — g‘udrandi u. — G‘alati bo‘ldi-ku… Qariyapmanmikan, yo?

Ko‘ngli chidab bo‘lmas qadar g‘ashlandi, nimadandir qattiq afsus chekib yig‘lagudek bo‘ldi. Go‘yo, o‘shanda, ancha ilgari mitti sokin ko‘llar bo‘yida xayol qilganlari ro‘yobga chiqmagandek…

U — ismi Nikolay Ivanich edi — qog‘oz-qalam olib, eski qadrdoniga xat yozmoqqa tutindi.

“Ivan Semyonich, og‘ayni! — deya boshladi maktubni. — Salom! Senga xat bitgim keldi. Boya qishlog‘imiz tushimga kiribdi. Sog‘inch dilimni o‘rtab yubordi. Mana, misoli Balzak, tunda qog‘oz qoralab o‘tiribman. Institutni tugatgan damlarimiz yodimga tushdi. Sen-chi, eslaysanmi? Diplom bilan boruvdik… So‘nggi marta ota yurtda bo‘laylik, deb. Allakimlarga o‘xshab… yasanib olgan edik! Men allambalo ajnabiy ko‘ylakda edim, sen negadir matroska kiyib oluvding. Ikki olifta ko‘cha kezdik. Vaholanki, ayni ish qizigan palla edi. Esimda, tepalikda Minka Dokuchayevni uchratdik, to‘xtab salom-alik qildik. Qorakuyaga botgandi — yuz-ko‘zini tanib bo‘lmaydi. O‘roq moshinani chilangarga tuzatgani oboruvdim, dedi. Chekishdik. Gapimiz qovushmadi sira. U bizga xuddi yot-begonadek tuyuldi. Naridan-beri muomala qildik, u ketdi, biz esa bir paytlar pichan tashigan, pog‘ol g‘aramlagan, buzoq boqqan va mola tortgan joylarimiz bilan vidolashgani qishloqdan chiqib ketdik… Bizni yedirib-ichirgan joylar bilan xayr¬lashgani yugurdik. ”Qara-ya, institutni bitirdik, odam bo‘ldik!“, deb. Men bo‘lmag‘ur she’rlarimni o‘qidim, sen esa, yodimda, oyog‘ingni osmondan qilib u yoqdan bu yoqqa yurding. Keyin ko‘ksing¬ga mushtlay-mushtlay deding: ”Yo‘q, sen ayt: otalarimiz kim bo‘lgan?! Hech kim! Biz-chi? Biz muhandismiz!“ Yana ichdik. Yana maqtandik. Yo rabbiy, qanchalar gerdaydig-a! Qishloqda birinchi bo‘lib oliy ma’lumot olganimizga dimog‘imiz shishib ketgandi. Yer tepib o‘ynadik, ashula ayt¬dik… Yonginamizda o‘roq tushmagan bug‘doyzor bor edi, shuniyam ermak qildik-a. Men bug‘doyzorga bo‘sh shishani uloqtirdim hatto, dedimki: ”G‘allani o‘rib olsalar, u biydek dalada yaraqlab yotadi. Birov-yarim, chunonchi o‘sha Minka: “Kimdir ichkilik qilibdi, kim bo‘ldi ekan?” deb o‘ylaydi“. So‘ngra uxlab qolibmiz. Uyg‘onganimizda kun botgandi. Ajnabiy ko‘ylagim rasvo bo‘libdi. Bosh lo‘qillaydi, xijolatpazlik. Bir balolar deb baqirdik, vaysadik. Esimda, bir-birimizning ko‘zimizga qaray olmasdik. Nimagadir bularning bari kechagidek yodimda…”

— Kolya!
— Ha?

— Nima qilyapsan?
— O‘zim, shunday… Uxlayver.

— Biron yoqqa ketdingmi deb o‘ylabman.
— Yo‘q, uydaman. Uxla.

“Xotinim uyg‘onib qoldi. Yotibdi g‘o‘ladek bo‘lib, qayg‘usi yo‘q, xudoyo o‘zing kechir men gunohkor bandangni. Baayni atir-upa fabrikasidek hid taratadi. Shunaqa gaplar, Vanya. Ichim chiroq yoqsa yorishmay qoldi. O‘shanda xursandchilik qilganimiz chakki bo‘lmadimikan? Oradan shuncha o‘tib ham… qancha o‘tdi o‘zi? O‘n sakkiz yilmi? Qara-ya, men sezmabman. Yildan-yilga semiryapman. Xotinga ta’na qilamanu o‘zim — bo‘yi-eni bir xil mavjudotga o‘xshab qoldim, eshikka sig‘mayman. Kurortlar, sanatoriylar… Lekin hayot zavqini tuyishga ulgurmadim. Bolalar katta bo‘lyapti, ammo, ochig‘ini aytganda, bundan quvonchim ichimga sig‘may ketyapti deya olmayman. Juda o‘zbilarmon bo‘lib ulg‘ayishyapti bular, yuzingda ko‘zing bormi deyishmaydi. Biz behroq bo‘lgan ekanmiz bularning oldida. Ehtimol, bu fikrlarim keksalik injiqligidir. Kim bilsin. O‘zing-chi, o‘zing qalaysan? Har zamonda xat yozib tursang bo‘lardi. Xudo ko‘rsatmasin, infarkt xuruj qilib qolsa, xat yozishgayam yaramay qolasan-ku. Biron yoqqa ketsak-chi, oshna? Bolaligimizni eslardik loaqal. Eslashga arzigulik xotiralarimiz bor-ku axir! Shunday qilmasak, yuraveramiz ish, ish deb… Umr bo‘yi ish, bosh ko‘tarib atrofga qarash yo‘q. Bir iloj qilib xat yoz, vaqt-soatini kelishib olaylik. Dabdurustdan yolg‘izlanib qoldim, sendan ortiq dilkashim yo‘q. Sening turmushing ham qandu novvot emasdir-a? Ha, bosh muhandisman. Xo‘sh… nima bo‘pti? Ang¬layapsanmi meni? Xo‘p, ana, restoranlar, quloqni batang qiladigan musiqa, — shular uchun dunyoga keladimi kishi? ”Odam qatoriga kirdi“ degani shumi? He… enasini emsin! Bilasanmi, bolalikda, tunlari yilqi boqib yurganimizda qo‘rga kartoshka ko‘mib yeganimizni eslasam yuragim orziqib ketadi. Qaniydi o‘sha joylarga qaytib borsak, dashtga: gulxan yoqsak, ajinalar haqida cho‘pchaklar aytsak… Eh, Vanya, Vanya… Diplom oldik deb juda katta ketvormadikmikan? A? Nima deb o‘ylaysan? Yoki menda shizofreniya boshlandimikan? Senda shunaqa bo‘ladimi, yo‘qmi? Chin ayt. Yozda qayerga bormoqchisan? Bit bosgan Gagragami? Mendan so‘rasang, Gagralar jonimga tegib ketgan. Lekin ”qishloqqa bormoqchiman», deyishgayam yurak betlamaydi. Aytsam, uyda qiyomat qo‘padimi deb jonim halak. Ammo baribir o‘zimcha isyon qilaman — bo‘lgancha bo‘lar. Ketaman qishloqqa! Ortiq toqatim qolmadi. Men bilan ketasanmi? Kel, gapni bir joyga qo‘yamizu qo‘l siltab jo‘navoramiz. Ular bilan ishim yo‘q, Gagraga borishadimi, undan narigami, ammo men qishloqqa jo‘nayman. Qachongacha vijdonni azobga qo‘yamiz axir. Tavba-tazarru emas bu, ko‘ngil istagi. Xullaskalom, Ivan, ana shunaqa maza-matrasiz hayot kechiryapman. Bir qarashda bari jo-bajo: yaxshi ishim, oilam bor, lekin ichimni it kemiradi, ba’zan siqilishdan o‘zimni qo‘yarga joy topolmayman, xuddi hozirgidek, — bariga tupuray deyman. Menga javob yoz, Ivan, iltimos. Manzilim endi boshqa — ko‘tarildim! Shunaqa, farovonlashib borayapmiz. Kutaman.
Nikolay».

Nikolay Ivanich chiroqnio‘chirdi va yechinib, xotini yoniga cho‘zildi. Ammo anchagacha ko‘zi ilinmay, o‘y surib yotdi: “Qiziqqonlik qilib telba-teskari yozib qo‘ydim chamasi. Ertaga ishxonada fursat topib qaytadan bitishim kerak. ”Chindanam esi og‘ib qopti“, deb o‘ylamasin tag‘in”.

Ishga Nikolay Ivanich har doimgidek beshtakam o‘nda yetib bordi. Kechasi uyqudori yutishiga to‘g‘ri kelgan bo‘lsa-da, o‘zi tetik, bardam ko‘rinar, soqoli hafsala bilan qirtishlangandi. Yo‘lakdan borarkan, hamishagidek har kim bilan salomlashdi, jilmaydi… Unga ham tabassum qildilar. Kimlarnidir to‘xtatib, allanimalarni so‘radi, allakimlar uni to‘xtatib bir nimalarni so‘radilar. U lo‘nda, jo‘yali javob berdi. Ishxonada hurmati joyida edi uning. Suluvgina kotiba bir zum o‘rnidan turib, ko‘zni olgudek tabassum qildi. “Qur¬g‘ur, kelishgan juvon-da”, — xayolidan o‘tkazdi u. Umuman olganda, chamasi har ertalab shu gap ko‘nglidan kechardi.

— Xo‘sh, tinchlikmi?
— Sizga qo‘ng‘iroq qilishuvdi…

Qo‘ng‘iroqlar, talablaru iltimoslar, tavallolaru dag‘dag‘alar… Boshing toshdan bo‘lsin-yey! Bir his boshqasi bilan almashadi mudom. Goh: “Hoy, quloq soling! Siz bilan mushuk-sichqon o‘ynamoqchi emasman axir! Oxirgi marta ogohlantiryapman!” Dam: “Azizim, qadrdon… iloj qancha? O‘zing o‘ylab ko‘r. Nima? Mening qo‘limda bo‘lganida bormi…” Goh: “Tushunaman, barini tushunaman. Ammo ortiqcha chiransang beling sinadi qabilidan bo‘lmasin: yigirma sakkizinchiga nima deysiz? Labbay? Gap bitta! Bizning boshliq ta’biri bilan aytganda, gap bitta. Jonimizni jabborga beramiz, uyaltirib qo‘ymaymiz”. Lekin ko‘proq manavinisi yoqadi: “Hoy! Siz bilan drama to‘garagida emasmiz — ”Otello“ni repetitsiya qilayotganimiz yo‘q. Qasam ichmang, men qasamlarga ishonmayman. Menga ma-te-ri-al kerak! Tamom!” Yana manavinisi: “Xo‘sh?.. Xo‘-o‘p… Nima qilish kerak? Men ham bilmayman! Bilmayman! Hisobot deysizmi? Stolim hisobotlarni zo‘rg‘a ko‘tarib turibdi o‘zi. Nima, podshipnik o‘rniga hisobotlaringizni qo‘yamanmi men? Jon koyitib ishlang bundoq. Bilmadim. Bajaring”.

Ish Nikolay Ivanichni quyun misol o‘rab-chirmab tashlab, u tunda yozgan xatini paqqos unutdi. Ertalab, ishga otlanayotib xatni cho‘ntagiga solib qo‘ygandi.
Lekin hozir mavridi emas. Viloyat gazetasidan muxbirlar kelishibdi.

— Ovora bo‘libsiz-da, o‘rtoqlar… Maqtashga arzigulik hech nimamiz yo‘q hozircha. Rost, rejani bajar¬yapmiz, ammo… — Yumshoq gilam ustida to‘rt odim u yoqqa yuradi, to‘rt odim bu yoqqa, so‘ng muxbirlarning ro‘parasida to‘xtaydi-da, bir umr joniga ora kirgan jilmayishini qiladi. Ichi qora odamlar uning tabassumiga: “Raddi balo tabassum”, deb ot qo‘yib olishgan. Do‘lvori, samimiy — jilmayganida u asliyatiga qaytardi. — Reja o‘z yo‘liga, lekin bundan ortig‘igayam qurbimiz yetadi. Sizlardan yashirib o‘tirmayman: yaqin kelajakda rejani yuz o‘ndan — yuz o‘n beshga oshirish haqida o‘ylayapmiz. Ishni to‘xtatmagan holda liniyani uzaytirishni mo‘ljallayapmiz. Ha. Hisob-kitoblarimiz taxt, odamlarimiz o‘t-olov, yoppasiga hamla qilsak, albatta, bajaramiz.

Stoli yonida bir necha marta suratga tushdi, sexlarni aylanishayotganida yana suratga olishdi. Biroq u yerda Nikolay Ivanich ishchilar va ustalar bilan gaplashdi ko‘proq. So‘ng muxbirlarni bosh injenerga “oshirib”, kabinetiga qaytib kirdi.

— Dmitriy Vasilyevich so‘ragandilar. Sexdalar, dedim.
— Ulang.

Dmitriy Vasilyevich bilan suhbat juda soz bo‘ldi. Nikolay Ivanichning bahri dili ochildi.
Arzgo‘ylar va qo‘ng‘iroqlarning birinchi oqimi bosilgach, xatni esladi

— Verochka!
— Labbay, Nikolay Ivanich?

— Men yo‘qman. Sexga ketganman.
— Tushundim.

Nikolay Ivanich kechasi bitgan xatini oldi, o‘ylab qoldi… va qaytarib cho‘ntagiga solib qo‘ydi. Boshqasini yoza boshladi.

«Ivan Semyonich! Salom, qariya! Seni esladim-u, mana, xat yozishga qaror qildim! Sog‘-omon yuribsanmi? Ishlar qalay? Negadir kamdan-kam yozishamiz sen bilan, tanballashib ketdikmi nima balo?! Mendan so‘rasang, yaxshiman. Tinim yo‘q lekin… Goh meni tuzlashadi, goh men tuzlayman — shu zaylda o‘tyapti umr. Zerikkani fursat yo‘q. Qisqasi, nolimayman. Yozda dam olgani qayerga bormoqchisan? Xabar qil, balki birgalasharmiz! Bitta fikr bor: ona qishlog‘imizga ketsak… axir oyoq-qo‘limiz bog‘lovdamas-ku. Xotinlarni ko‘ndirish oson bo‘lmaydi, bu rost. Qishloq tez-tez tushimga kirayapti-da. Kel, hammasiga qo‘l siltab, birga biror yoqqa jo‘navoramiz? Faqat Gagraga emas, savil qolsin Gagrasi. Volga bo‘ylariga, masalan? Sen o‘z xotining qo‘yniga qo‘l solib ko‘r, men o‘zimnikiga: gulxan, baliq ovi va yana allanimalar bilan avra. Sohilbo‘yidagi biron qishloqdan boshpana topardik… Qalay? Ketamiz-a, og‘ayni? Xudo haqi, zerikmaysan. O‘ylab ko‘r. Mening kayfiyatim soz, ishlar hamisha o‘ngidan, bolalar ulg‘ayyapti. Xullas, kelishdig-a? Boshlig‘im ta’biri bilan aytganda, gap bitta! Omon bo‘l, qayg‘u senga yaqin yo‘lamasin!
Javobingni zavod manziliga jo‘nat — shunisi tuzuk.
Qattiq quchaman.
Do‘sting Nikolay».

— Verochka!
— Labbay, Nikolay Ivanich!

— Men o‘zimdaman.
— Yaxshi.

Boshlandi tag‘in: “Yo‘q, men ruxsat bermayman!..” “Marhamat! Bunaqa tashabbuslarni men faqat ma’qullayman!” “Buni o‘ylab ko‘rish kerak. Kengashli to‘y tarqamas, deganlar. Maslahatlashamiz”.

…Kechqurun, ovqat pishgunicha Nikolay Ivanich o‘z xonasida ikkala xatni qaytadan o‘qib chiqdi. O‘qidi, uzoq-uzoq jimib qoldi. So‘ng ikkisini ham stol ustiga tashlab:

— Jin ursin, qanaqasiga? — deb yubordi baralla.
— Senga nima bo‘ldi? — so‘radi xotini.

— Shunchaki… o‘zimcha aytdim. Kechki ovqat nima bo‘ldi?
— Hozir pishadi. Biron-nimadan norozimisan?
— Hech gap yo‘q. Gazetalarni uzatvor-chi.

Rus tilidan Oybek Mo‘minov tarjimasi
Manba: “Kitob dunyosi” gazetasi veb-sahifasi

05

(Tashriflar: umumiy 487, bugungi 1)

Izoh qoldiring