Visente Blasko Ibanyes. Ma’yus bahor

003    Қўшнилар қизга Борда дея лақаб қў­йишганди, чунки Тофоль амакининг марҳума хотини туғмаслиги маълум бўлгач, уни етимхонадан асраб олишганди. Борда шу боғчада катта бўлди. У ўн етти ёшларда бўлса-да, кўринишидан ўн бир яшар қизалоқдан фарқ қилмас, озғин елкалари эгик, кўкраклари ботиқ, қизларга хос зарофат кўринмасди.

Висенте Бласко ИБАНЬЕС
МАЪЮС БАҲОР
Русчадан Рисолат Ҳайдарова таржимаси
09

 044   Қўшнилар қизга Борда дея лақаб қў­йишганди, чунки Тофоль амакининг марҳума хотини туғмаслиги маълум бўлгач, уни етимхонадан асраб олишганди. Борда шу боғчада катта бўлди. У ўн етти ёшларда бўлса-да, кўринишидан ўн бир яшар қизалоқдан фарқ қилмас, озғин елкалари эгик, кўкраклари ботиқ, қизларга хос зарофат кўринмасди.

Борда кўримсизлиги устига тинимсиз йўталаверганидан қўшни аёлларни, айниқса, ўзи билан Валенсия бозорида ёнма-ён туриб савдо қиладиганларни чўчитиб қўйган. Шундай бўлса-да, уни ҳамма яхши кўрарди.

Қизгина бирам тиришқоқ эдики! Бозор растасидан жой олишга улгуриш учун тонг отмасданоқ боғчага кирар, саҳарги изғириндан жунжикиб қулупнай терар ёки гулларни кесиб, Валенсия шаҳри дарвозасидан биринчи бўлиб кирар эди. Полизларига сув олиш учун Тофоль амакининг навбати етган тунларда қиз этакларини липпасига қистирарди-да, оғир сўқани итоаткорона олиб чолга эргашар, зовур билан ариқ туташган жойларга тупроқ ташлаб ясалган ғовларни очишга ёрдамлашарди. Занг ранги урган сув ариқларга таралиши биланоқ, чанқаган ер уни қулқуллатиб ютиб юборарди.

Мадридга жўнаш учун карвон тўплана бошласа, қиз шамолдек елиб, жўякларни титиб чиқар, қадоқловчи аёл сабзавотларни катта-катта саватларга жойлаб улгурмасдан, қучоқ-қучоқ атиргул, чиннигулларни кесиб келарди.

Шу қадар кичик боғ орқасидан тирикчилик қилиш учун бош кўтармай ишлаш, бир лаҳза бўлсин, ерни унутмаслик керак. Ота-бола худди ўжар, хала урмаса, қимирламайдиган хачир учун жон куйдиргандек уринишарди.

Тофоль амакининг экинзори инқилоб вақтида мусодара этилиб, ижара ерлари сифатида тақсимлаб юборилган кенг монастир боғининг бир қисми эди. Шаҳар кун сайин кенгайиб, атрофдаги экинзору боғларни ютиб борар, чол боғчасини қанчалик лаънатларга кўммасин, ер эгаси бир кунмас-бир кун мўмай пулга учиб ерни шаҳар учун сотиб юбориши мумкинлиги хаёлига келиб қолса, қалтираб қоларди.

Чол ўзининг бутун умрини, олтмиш йиллик меҳнатини шу боғчага кўмган, ернинг бир қаричи ҳам бўш қолмаган. Дарахту буталар зичлигидан, боғчанинг ўртасида туриб ҳар бурчига назар солганда ҳам девор ўрнидаги тўсиқлар кўринмасди.

Магнолия, қизил мевали бутазорлар, пушти ясмин буталари, чиннигул ва атиргул — барининг нархи бор, уларнинг ҳаммаси феъл-атвори ғалати шаҳарликлар жон деб пул тўлайдиган мол.

Чол боғининг гўзаллигига лоқайд, фақат тушумни ўйлайди. У гулларни худди майсадек, қучоқ-қучоқ кесиб юборишга тайёр, араваларни мева-чевага тўлдириб ташлашни истайди, очкўзликка муккасидан кетиб, бечора Бордани қийнагани-қийнаган. Қиз йўтали тутиб, бир дақиқага тўхтаса, қўпол ўшқириқ янглиғ, курагига кесак келиб тегарди.

Қўшни аёлларнинг аччиғи чиқарди. Бу чол қизни адойи тамом қилади-ку! Ахир бояқишнинг йўтали кун сайин кучайиб боряпти! Лекин чолнинг жавоби тайёр: қизча йўталаётган бўлса, нима қилсин, тақдири шу экан, қорни тўқ, нонсиз, гуручсиз қолиб кетмаяпти, баъзан ҳиссасига камёб неъмат — колбаса билан пиёз тегиб қолади. Якшанба кунлари қизининг хурсандчилик қилишига, яъни хонимчалардек черковга жўнашига халал бермайди, юбка сотиб олиш учун уч песет берганига ҳали бир йил ҳам бўлгани йўқ. Қолаверса, у қизнинг отасими ё йўқми? Тофоль амакининг оталик ҳисси худди қадим римликлар тарозисида ўлчангандек: фарзанд­нинг ҳаёти ҳам, ўлими ҳам отанинг измида, дилининг қат-қатига яширинган меҳрини уюлган қош-қовоқлари, ғазабнок қарашлари, баъзида жаҳлланиб туртишлари билан ифодалайди.

Қиз бояқиш зорланмасди. Ўзи ҳам кўпроқ ишлашга уринарди, фақат боғларини тортиб олишмаса бўлгани. Кўпинча боғча сўқмоқларида ўзи она деб атаган, бир вақтлар ёрилиб кетган қўллари билан уни эркалаган кекса аёлнинг ямоқ этаклари липиллаб ўтгандек туюларди. Бу ерда қиз севган ҳамма нарса: болалигидан таниш дарахтлар, қизлик кўнглида оналик муҳаббатига ўхшаш ҳислар уйғотувчи гуллар бор эди. Қиз учун гуллар гўё фарзанддек, чунки улар ғариб болалигининг қўғирчоқлари эди. У ҳар тонг ғунчалардан янги гуллар бун­ёд бўлишини таажжуб билан кузатар, ғунчалар аввал уялибгина, худди бегона назардан яширинмоқчи бўлгандек, ўз гул япроқларини қисиб олишини, кейин бирдан дадилланиб, митти рангдор мушаклардек портлаб ёрилишини кўрарди.

Боғча қиз учун туганмас қўшиқ куйларди, унда ранглар куйи, япроқлар шитири ва яшил гумбаз остида югураётган, итбалиққа тўла лойқа зовурдаги сувнинг бир текис жилдираши билан қўшилиб кетарди.

Жазирама туш пайти чол мизғигани ётганда, Борда боғчани кезар, баҳорни қутлаш учун энг соз либосини эгнига илган ниҳолларнинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб тикилади.

Оппоқ лилия бал либосларига ўранган қизлар мисоли нафис тебранади. Нимпушти камелия киши тасаввурида ўзининг кўркам сирларини яширмасдан тўшакда осойишта чўзилган гўзалнинг илиқ баданини жонлантирарди. Танноз бинафша барглар орасига яшириниб, нозик ислари билангина ўзини ошкор қиларди. Ҳамиша баҳор гуллари ўтлар орасида олтин сўлкавой сингари сарғаяр, чиннигуллар оқими алвон қалпоқ кийган инқилоб қўшинларидек пушталарни тўлдириб, сўқмоқларни қамал қилган, улар устида магнолиялар фил суягидан ясалган ладандонга ўхшаш косаларини тебратиб, сархуш қилувчи черков ладанларидан ҳам хушбўй ҳидлар сочар, капалакгуллар — нафармон бахмал қалпоқча кийган шўх миттилар қизнинг назарида:

— Борда, Бордета! Мунча иссиқ! Худо ҳақи! Сув… — дея шивирлаётгандек тую­ларди.

Ҳа, гуллар шивирларди, қиз буни аниқ эшитарди! Ҳорғинликдан суяклари зирқилласа-да, қиз гулчелакка сув тўлатгани зовур сари югурар, гулчелакдан ёғилган ёмғирдан руҳланган гуллар унга миннатдорлик ила бош тебратарди.

Нозик бандларни кесар экан, кўпинча Борданинг қўллари титрар эди. Гуллар ўз умрини яшаб ўтиши учун жон деб уларни пушталарда қолдирган бўларди! Лекин тирикчилик учун саватларни гулларга тўлдириш, уларни Мадридга жўнатишдан бошқа иложи йўқ эди.

Узоқ сафарга кетаётган гулларга қизнинг ҳаваси келарди. Мадрид! Қандоқ шаҳар экан у? Унинг хаёлига эртакларда тасвирлангандек шоҳона саройлар — деворлари чиннидек ярқироқ кенг хоналар келарди, атроф тўла кўзгу, уларда минглаб чироқлар, сочларига гуллар тақилган башанг хонимлар акс этади.

Бу тасаввур шундай жонланар эдики, худди қиз буларни қачонлардир, балки ҳали дунёга келмасидан аввал кўргандек!

Мадридда хўжайиннинг ўғли яшарди. Бола чоғлари улар бирга ўйнардилар. Ўтган йили у балоғатга етган кўркам йигит бўлиб боғларига кириб келганида, Борда уялиб қочиб кетди. Ҳаяжонли хотиралар! Қиз бир вақтлар зовурнинг лабида ёнма-ён ўтирганларини, бола унга бирданига гўзал маликага айланган камбағал, етим бир қиз — Золушка ҳақида ҳикоя қилганларини эслаб, юзлари ёнди.

Унутилган барча болаларнинг доимий орзуси уни ҳам олтин қанотлари остига олади. Гўё эшик олдига ажойиб арава келиб тўхтайди, ундан гўзал бир хоним тушади-да: «Қизалоғим! Ниҳоят, топдим сени!» — дейди.

Худди эртакдагидек. Кейин — башанг либослар, саройдаги бахтли ҳаёт, ниҳоят, у ҳақиқий жанобга турмушга чиқишга рози бўлади (сенга уйланишга тайёр шаҳзода доим ҳам топилавермайди-ку!).

У борлиғи билан орзуларига берилган маҳал, гарданига кесак келиб тегади.

— Ҳой, мунча анқаясан? — дея ўшқиради отаси.

Яна ишга берилади, тағин ерни ўйиб, қийнай бошлайди, назарида замин гулларга бурканаётиб, оғриқдан инграйди.

Қуёш боғчани қиздиради, дарахтларнинг пўстлоғи дарз кетади. Одатда салқин бўлган эрта тонгда Борда худди кун тиккага келган пайтдагидек терга ботади, янада озади, кучлироқ йўталади.

Ўзи тушунарсиз маъюслик билан ўпган гуллар унинг ҳаётини тортиб олаётгандек, юзидаги қизилликни ўчириб юбораётгандек туюлади.

Докторни чақириш ҳеч кимнинг эсига келмасди. Нега? Докторга пул тўлаш керак, Тофоль амаки эса тиббиётга ишонмасди. Мана, жонзотлар, табибсиз ҳам, дорисиз ҳам яшайди, дерди у.

Бир кун эрталаб Борда қўшни аёлларнинг ачиниш билан қараб пичирлашганларини эшитиб қолди. Қизнинг ўткир қулоқлари шивирлаб айтилган гапни дарров илғади: «У кузга, хазонрезгига ҳам етолмайди». Шу кундан бошлаб бу хаёл уни тинмай таъқиб қила бошлади.

Ўлиш! На илож, майли… Фақат бечора чолга қийин: бир ўзи, ёрдамчисиз қолади. Агар ҳаёт билан видолашмоққа тўғри келса, жуда бўлмаса, онаси кетгандек — авжи баҳорда, ранглар қўшиғи бахтиёр кулгу сингари кўкка ўрлаганда кетса! Фақат кузда ўлмасин, фақат бу маъюс фаслда, ер яланғочланиб, ҳимоя­сиз дарахтлар худди супургидек шўппайган, пушталарда қиш гуллари ҳазин тебранган паллада кетмасин!

Дарахтлар барг ташлаган кунлар! Борда кузда хунук оғочларга айланувчи дарахтларни ёмон кўриб қолди, у худди ўлим олиб келаётгандек туюлган дарахт­ларни қўриқлаб юрган кезлари бундан юз йил аввал монахлар ўтқазиб кетган пальмани — қомати расо, ҳилпироқ патлардан жиға таққан юксак дарахтни жон дилдан севди. Пальманинг барглари ҳеч қачон тўкилмас эди!

Қиз бу ақлдан эмаслигини англарди, лекин мўъжизага мойиллик ҳисси унинг дилига умид бахш этарди, бечора Борда истироҳат чоғлари Биби Марьям оёқлари остидан даво излаган баъзи художўйлар мисоли ўткир учли япроқлар соясидан паноҳ изларди.

Унинг сўнгги ёзи пальма остида ўтди. Бир куни қиз гўё ер қаърида биқирлаётган вулқонга йўл очгандек, тупроқдан буғ сиқиб чиқараётган қуёш энди унинг жунжиккан баданини исита олмайдиган бўлиб қолганини сезди. У худди шу ерда, пальма остида дарахт япроқларини узиб олаётган дастлабки изғиринларни кутиб олди. У одамларнинг кўз ўнгида кун сайин сўлиб, маъюсланиб борарди, энди унинг қулоқлари боғчанинг инсон илғамас шитирлашларини ҳам эшитар эди.

Оппоқ парвоналар Борданинг боши устида айланаркан, уни ўзга оламга, хуш исли ажойиб гуллар ўзини парвариш қилганларнинг ҳаётини тортиб олмайдиган шафқатли дунёга олиб кетишни тилагандек, қизнинг нам пешонасига астагина қанот теккизарди.

Қиш ёмғирлари қизни боғчадан топа олмадилар. Оғир томчилар Тофоль амакининг букик белига тушди. Чол доимгидек сўқани қўлида маҳкам тутган, кўзларини ерга тиккан, қисматига тушган йўлдан қашшоқликнинг итоаткор аскарига хос бемаъни лоқайдлик билан кетиб боради. Ишлаш керак, бир сиқим гуруч сотиб олиш, вақтида ижара ҳақини тўлаш учун ишлаш, ишлаш керак!

Энди у ёлғиз, қиз онасининг ортидан кетди.

Чолнинг серҳосил, гўё ўлим нафаси тегмагандек гуллаб-яшнаб, муаттар ислар таратиб ётган, одамнинг умрини емирувчи, бир кун келиб, чолни ҳам адои тамом қилувчи мана шу дийдаси қаттиқ ердан бошқа ҳеч нарсаси йўқ.

Чол етмиш ёшида икки кишининг юмушини қилишга маҳкум. У ерни аввалгидан ҳам тиришиб чопади, атрофидаги алдоқчи гўзалликка қарамай, бош кўтармай ишлайди. У биладики, бу гўзаллик унинг машаққатли меҳнатлари самараси, чол фақат битта истакка мубтало — ўзи яратган гўзалликни қимматроққа пуллаш. Шунинг учун чол даладаги пичанни ўргандек, гулларни бамайлихотир кесиб бораверади.

08

Visente Blasko IBAN`ES
MA’YUS BAHOR
Ruschadan Risolat Haydarova tarjimasi
09

  Qo’shnilar qizga Borda deya laqab qo’­yishgandi, chunki Tofol amakining marhuma xotini tug’masligi ma’lum bo’lgach, uni yetimxonadan asrab olishgandi. Borda shu bog’chada katta bo’ldi. U o’n yetti yoshlarda bo’lsa-da, ko’rinishidan o’n bir yashar qizaloqdan farq qilmas, ozg’in yelkalari egik, ko’kraklari botiq, qizlarga xos zarofat ko’rinmasdi.

99Borda ko’rimsizligi ustiga tinimsiz yo’talaverganidan qo’shni ayollarni, ayniqsa, o’zi bilan Valensiya bozorida yonma-yon turib savdo qiladiganlarni cho’chitib qo’ygan. Shunday bo’lsa-da, uni hamma yaxshi ko’rardi.

Qizgina biram tirishqoq ediki! Bozor rastasidan joy olishga ulgurish uchun tong otmasdanoq bog’chaga kirar, sahargi izg’irindan junjikib qulupnay terar yoki gullarni kesib, Valensiya shahri darvozasidan birinchi bo’lib kirar edi. Polizlariga suv olish uchun Tofol` amakining navbati yetgan tunlarda qiz etaklarini lippasiga qistirardi-da, og’ir so’qani itoatkorona olib cholga ergashar, zovur bilan ariq tutashgan joylarga tuproq tashlab yasalgan g’ovlarni ochishga yordamlashardi. Zang rangi urgan suv ariqlarga taralishi bilanoq, chanqagan yer uni qulqullatib yutib yuborardi.

Madridga jo’nash uchun karvon to’plana boshlasa, qiz shamoldek yelib, jo’yaklarni titib chiqar, qadoqlovchi ayol sabzavotlarni katta-katta savatlarga joylab ulgurmasdan, quchoq-quchoq atirgul, chinnigullarni kesib kelardi.

Shu qadar kichik bog’ orqasidan tirikchilik qilish uchun bosh ko’tarmay ishlash, bir lahza bo’lsin, yerni unutmaslik kerak. Ota-bola xuddi o’jar, xala urmasa, qimirlamaydigan xachir uchun jon kuydirgandek urinishardi.

Tofol` amakining ekinzori inqilob vaqtida musodara etilib, ijara yerlari sifatida taqsimlab yuborilgan keng monastir bog’ining bir qismi edi. Shahar kun sayin kengayib, atrofdagi ekinzoru bog’larni yutib borar, chol bog’chasini qanchalik la’natlarga ko’mmasin, yer egasi bir kunmas-bir kun mo’may pulga uchib yerni shahar uchun sotib yuborishi mumkinligi xayoliga kelib qolsa, qaltirab qolardi.

Chol o’zining butun umrini, oltmish yillik mehnatini shu bog’chaga ko’mgan, yerning bir qarichi ham bo’sh qolmagan. Daraxtu butalar zichligidan, bog’chaning o’rtasida turib har burchiga nazar solganda ham devor o’rnidagi to’siqlar ko’rinmasdi.

Magnoliya, qizil mevali butazorlar, pushti yasmin butalari, chinnigul va atirgul — barining narxi bor, ularning hammasi fe’l-atvori g’alati shaharliklar jon deb pul to’laydigan mol.

Chol bog’ining go’zalligiga loqayd, faqat tushumni o’ylaydi. U gullarni xuddi maysadek, quchoq-quchoq kesib yuborishga tayyor, aravalarni meva-chevaga to’ldirib tashlashni istaydi, ochko’zlikka mukkasidan ketib, bechora Bordani qiynagani-qiynagan. Qiz yo’tali tutib, bir daqiqaga to’xtasa, qo’pol o’shqiriq yanglig’, kuragiga kesak kelib tegardi.

Qo’shni ayollarning achchig’i chiqardi. Bu chol qizni adoyi tamom qiladi-ku! Axir boyaqishning yo’tali kun sayin kuchayib boryapti! Lekin cholning javobi tayyor: qizcha yo’talayotgan bo’lsa, nima qilsin, taqdiri shu ekan, qorni to’q, nonsiz, guruchsiz qolib ketmayapti, ba’zan hissasiga kamyob ne’mat — kolbasa bilan piyoz tegib qoladi. Yakshanba kunlari qizining xursandchilik qilishiga, ya’ni xonimchalardek cherkovga jo’nashiga xalal bermaydi, yubka sotib olish uchun uch peset berganiga hali bir yil ham bo’lgani yo’q. Qolaversa, u qizning otasimi yo yo’qmi? Tofol` amakining otalik hissi xuddi qadim rimliklar tarozisida o’lchangandek: farzand­ning hayoti ham, o’limi ham otaning izmida, dilining qat-qatiga yashiringan mehrini uyulgan qosh-qovoqlari, g’azabnok qarashlari, ba’zida jahllanib turtishlari bilan ifodalaydi.

Qiz boyaqish zorlanmasdi. O’zi ham ko’proq ishlashga urinardi, faqat bog’larini tortib olishmasa bo’lgani. Ko’pincha bog’cha so’qmoqlarida o’zi ona deb atagan, bir vaqtlar yorilib ketgan qo’llari bilan uni erkalagan keksa ayolning yamoq etaklari lipillab o’tgandek tuyulardi. Bu yerda qiz sevgan hamma narsa: bolaligidan tanish daraxtlar, qizlik ko’nglida onalik muhabbatiga o’xshash hislar uyg’otuvchi gullar bor edi. Qiz uchun gullar go’yo farzanddek, chunki ular g’arib bolaligining qo’g’irchoqlari edi. U har tong g’unchalardan yangi gullar bun­yod bo’lishini taajjub bilan kuzatar, g’unchalar avval uyalibgina, xuddi begona nazardan yashirinmoqchi bo’lgandek, o’z gul yaproqlarini qisib olishini, keyin birdan dadillanib, mitti rangdor mushaklardek portlab yorilishini ko’rardi.

Bog’cha qiz uchun tuganmas qo’shiq kuylardi, unda ranglar kuyi, yaproqlar shitiri va yashil gumbaz ostida yugurayotgan, itbaliqqa to’la loyqa zovurdagi suvning bir tekis jildirashi bilan qo’shilib ketardi.

Jazirama tush payti chol mizg’igani yotganda, Borda bog’chani kezar, bahorni qutlash uchun eng soz libosini egniga ilgan nihollarning go’zalligiga mahliyo bo’lib tikiladi.

Oppoq liliya bal liboslariga o’rangan qizlar misoli nafis tebranadi. Nimpushti kameliya kishi tasavvurida o’zining ko’rkam sirlarini yashirmasdan to’shakda osoyishta cho’zilgan go’zalning iliq badanini jonlantirardi. Tannoz binafsha barglar orasiga yashirinib, nozik islari bilangina o’zini oshkor qilardi. Hamisha bahor gullari o’tlar orasida oltin so’lkavoy singari sarg’ayar, chinnigullar oqimi alvon qalpoq kiygan inqilob qo’shinlaridek pushtalarni to’ldirib, so’qmoqlarni qamal qilgan, ular ustida magnoliyalar fil suyagidan yasalgan ladandonga o’xshash kosalarini tebratib, sarxush qiluvchi cherkov ladanlaridan ham xushbo’y hidlar sochar, kapalakgullar — nafarmon baxmal qalpoqcha kiygan sho’x mittilar qizning nazarida:

— Borda, Bordeta! Muncha issiq! Xudo haqi! Suv… — deya shivirlayotgandek tuyu­lardi.

Ha, gullar shivirlardi, qiz buni aniq eshitardi! Horg’inlikdan suyaklari zirqillasa-da, qiz gulchelakka suv to’latgani zovur sari yugurar, gulchelakdan yog’ilgan yomg’irdan ruhlangan gullar unga minnatdorlik ila bosh tebratardi.

Nozik bandlarni kesar ekan, ko’pincha Bordaning qo’llari titrar edi. Gullar o’z umrini yashab o’tishi uchun jon deb ularni pushtalarda qoldirgan bo’lardi! Lekin tirikchilik uchun savatlarni gullarga to’ldirish, ularni Madridga jo’natishdan boshqa iloji yo’q edi.

Uzoq safarga ketayotgan gullarga qizning havasi kelardi. Madrid! Qandoq shahar ekan u? Uning xayoliga ertaklarda tasvirlangandek shohona saroylar — devorlari chinnidek yarqiroq keng xonalar kelardi, atrof to’la ko’zgu, ularda minglab chiroqlar, sochlariga gullar taqilgan bashang xonimlar aks etadi.

Bu tasavvur shunday jonlanar ediki, xuddi qiz bularni qachonlardir, balki hali dunyoga kelmasidan avval ko’rgandek!

Madridda xo’jayinning o’g’li yashardi. Bola chog’lari ular birga o’ynardilar. O’tgan yili u balog’atga yetgan ko’rkam yigit bo’lib bog’lariga kirib kelganida, Borda uyalib qochib ketdi. Hayajonli xotiralar! Qiz bir vaqtlar zovurning labida yonma-yon o’tirganlarini, bola unga birdaniga go’zal malikaga aylangan kambag’al, yetim bir qiz — Zolushka haqida hikoya qilganlarini eslab, yuzlari yondi.

Unutilgan barcha bolalarning doimiy orzusi uni ham oltin qanotlari ostiga oladi. Go’yo eshik oldiga ajoyib arava kelib to’xtaydi, undan go’zal bir xonim tushadi-da: «Qizalog’im! Nihoyat, topdim seni!» — deydi.

Xuddi ertakdagidek. Keyin — bashang liboslar, saroydagi baxtli hayot, nihoyat, u haqiqiy janobga turmushga chiqishga rozi bo’ladi (senga uylanishga tayyor shahzoda doim ham topilavermaydi-ku!).

U borlig’i bilan orzulariga berilgan mahal, gardaniga kesak kelib tegadi.

— Hoy, muncha anqayasan? — deya o’shqiradi otasi.

Yana ishga beriladi, tag’in yerni o’yib, qiynay boshlaydi, nazarida zamin gullarga burkanayotib, og’riqdan ingraydi.

Quyosh bog’chani qizdiradi, daraxtlarning po’stlog’i darz ketadi. Odatda salqin bo’lgan erta tongda Borda xuddi kun tikkaga kelgan paytdagidek terga botadi, yanada ozadi, kuchliroq yo’taladi.

O’zi tushunarsiz ma’yuslik bilan o’pgan gullar uning hayotini tortib olayotgandek, yuzidagi qizillikni o’chirib yuborayotgandek tuyuladi.

Doktorni chaqirish hech kimning esiga kelmasdi. Nega? Doktorga pul to’lash kerak, Tofol` amaki esa tibbiyotga ishonmasdi. Mana, jonzotlar, tabibsiz ham, dorisiz ham yashaydi, derdi u.

Bir kun ertalab Borda qo’shni ayollarning achinish bilan qarab pichirlashganlarini eshitib qoldi. Qizning o’tkir quloqlari shivirlab aytilgan gapni darrov ilg’adi: «U kuzga, xazonrezgiga
ham yetolmaydi». Shu kundan boshlab bu xayol uni tinmay ta’qib qila boshladi.

O’lish! Na iloj, mayli… Faqat bechora cholga qiyin: bir o’zi, yordamchisiz qoladi. Agar hayot bilan vidolashmoqqa to’g’ri kelsa, juda bo’lmasa, onasi ketgandek — avji bahorda, ranglar qo’shig’i baxtiyor kulgu singari ko’kka o’rlaganda ketsa! Faqat kuzda o’lmasin, faqat bu ma’yus faslda, yer yalang’ochlanib, himoya­siz daraxtlar xuddi supurgidek sho’ppaygan, pushtalarda qish gullari hazin tebrangan pallada ketmasin!

Daraxtlar barg tashlagan kunlar! Borda kuzda xunuk og’ochlarga aylanuvchi daraxtlarni yomon ko’rib qoldi, u xuddi o’lim olib kelayotgandek tuyulgan daraxt­larni qo’riqlab yurgan kezlari bundan yuz yil avval monaxlar o’tqazib ketgan pal`mani — qomati raso, hilpiroq patlardan jig’a taqqan yuksak daraxtni jon dildan sevdi. Pal`maning barglari hech qachon to’kilmas edi!

Qiz bu aqldan emasligini anglardi, lekin mo»jizaga moyillik hissi uning diliga umid baxsh etardi, bechora Borda istirohat chog’lari Bibi Mar`yam oyoqlari ostidan davo izlagan ba’zi xudojo’ylar misoli o’tkir uchli yaproqlar soyasidan panoh izlardi.

Uning so’nggi yozi pal`ma ostida o’tdi. Bir kuni qiz go’yo yer qa’rida biqirlayotgan vulqonga yo’l ochgandek, tuproqdan bug’ siqib chiqarayotgan quyosh endi uning junjikkan badanini isita olmaydigan bo’lib qolganini sezdi. U xuddi shu yerda, pal`ma ostida daraxt yaproqlarini uzib olayotgan dastlabki izg’irinlarni kutib oldi. U odamlarning ko’z o’ngida kun sayin so’lib, ma’yuslanib borardi, endi uning quloqlari bog’chaning inson ilg’amas shitirlashlarini ham eshitar edi.

Oppoq parvonalar Bordaning boshi ustida aylanarkan, uni o’zga olamga, xush isli ajoyib gullar o’zini parvarish qilganlarning hayotini tortib olmaydigan shafqatli dunyoga olib ketishni tilagandek, qizning nam peshonasiga astagina qanot tekkizardi.

Qish yomg’irlari qizni bog’chadan topa olmadilar. Og’ir tomchilar Tofol` amakining bukik beliga tushdi. Chol doimgidek so’qani qo’lida mahkam tutgan, ko’zlarini yerga tikkan, qismatiga tushgan yo’ldan qashshoqlikning itoatkor askariga xos bema’ni loqaydlik bilan ketib boradi. Ishlash kerak, bir siqim guruch sotib olish, vaqtida ijara haqini to’lash uchun ishlash, ishlash kerak!

Endi u yolg’iz, qiz onasining ortidan ketdi.

Cholning serhosil, go’yo o’lim nafasi tegmagandek gullab-yashnab, muattar islar taratib yotgan, odamning umrini yemiruvchi, bir kun kelib, cholni ham adoi tamom qiluvchi mana shu diydasi qattiq yerdan boshqa hech narsasi yo’q.

Chol yetmish yoshida ikki kishining yumushini qilishga mahkum. U yerni avvalgidan ham tirishib chopadi, atrofidagi aldoqchi go’zallikka qaramay, bosh ko’tarmay ishlaydi. U biladiki, bu go’zallik uning mashaqqatli mehnatlari samarasi, chol faqat bitta istakka mubtalo — o’zi yaratgan go’zallikni qimmatroqqa pullash. Shuning uchun chol daladagi pichanni o’rgandek, gullarni bamaylixotir kesib boraveradi.

08

(Tashriflar: umumiy 159, bugungi 1)

Izoh qoldiring