Xulio Kortasar. Avtobus

026 Ажойиб романнавис, қисқа ва ғайритабиий новелла-ю ҳикоялар устаси Хулио Кортасарнинг “Имтиҳон”, “Ютуқ” каби ажойиб романлари, “Бестиарий”, “Ўйин тугади” каби қатор ҳикоялар тўплами ҳамон адабиёт мухлисларини ҳайратга солиб келмоқда, ажойиб адабий маҳоратга далил сифатида катта адабиётга хизмат қилмоқда. Яқин кунларда унинг икки ҳикояси таржимаси ҳам сайтимиз саҳифаларида илк бор эълон қилинади.

Хулио КОРТАСАР
АВТОБУС
Маъсума Аҳмедова таржимаси

01

09    Хулио Кортасар (исп. Julio Cortázar; асл исми: Хулес Флоренсио Корта́сар) 1914 йилнинг 20 августида Брюсселда Аргентина савдо ваколатхонаси ходимининг оиласида туғилди. Болалик ва ёшлиги Буэнос-Айрес шаҳрида ўтган. Буэнос-Айрес университетини молиявий танқислик туфайли тугатолмаган Хулио 7 йил давомида қишлоқ ўқитувчиси бўлиб ишлашга мажбур бўлди. 1944 йилдан Мендоса университетида, 1946 йилдан Китоб палатасида ишлади. 1951 йили адабиёт бўйича степендияга сазовор бўлган Кортасар Европага йўл олади ва ўшандан бошлаб қолган бутун умри Парижда ўтди.
«Аргентинанинг биринчи рақамли адиби» — ХХ асрнинг 60-70 йиллари жаҳоннинг нуфузли танқидчилари машҳур ёзувчи Хулио Кортасарга шундай таъриф берган эдилар. Бу баҳо ҳозир ҳам ўз қимматини йўқотгани йўқ. Ёзувчининг «Имтиҳон», «Ютуқ» каби романлари, «Таъқибчи», «Мануелнинг китоби» каби қиссалари, «Бошқа бир осмон», «Жанубий шоссе», «Автобус», «Иблис сўлаги», «Истило қилинган уй» каби ҳикоялари жаҳон адабиётига муносиб улуш бўлиб қўшилди.

01

– Агар малол келмаса, қайтишингизда менга “Оила”ни ола келинг, – дея илтимос қилди сеньора Роберта креслода чайқаларкан.

Клара силжима столчага дориларни териб қўйди ва хонани бирма-бир кўздан кечириб чиқди. Ҳамма нарса жойида, Матильда сеньорага қараб ўтиради, оқсоч нима қилиш кераклигини ўзи билади. Энди кетавериш, кун бўйи то тунга қадар бемалол юриш мумкин, дугонаси Кларани кутаяпти, дугоналар мириқиб гаплашади, радио тинглашади, соат беш яримда шоколадли конфетлар билан ширин чой ичишади.

Соат иккида, халқ ҳали муассасаларга ёпирилиб келмаган маҳал Вилья-дель-Паркда бирор кимса кўринмас, кўча ҳувиллаб турар ва ёп-ёруғ эди. Клара пошналарини шахдам тақиллатганича дарахтларнинг узун-узун соялари орасидан йўлига кўндаланг бўлган ноябрь қуёшидан қувониб, Тинагаст ва Самудьодан тушиб келди.

Қиз Сан-Мартин ва Ногойя муюлишида 168-автобусни кутаркан, боши узра чумчуқлар патиллашиб уришаётганини эшитди, Флоренция услубида ишланган ибодатхона минораси унга қип-қизил ва бошни айлантиргудай баланд туюлди. Ёнидан соатсоз дон Луис ўтди, унга таъзим қилди, бу билан илк бора қизнинг келишган қадди-қоматига, қаймоқранг кофтасининг оппоқ ёқаси ва айниқса, янги бошмоқларда чиройли кўринган оёқларига баҳо бергандай бўлди. Хилват кўчадан автобус ғизиллаб келди ва пешиндан кейинги жимжит муюлишда улов тўхтатган ягона йўловчи қизга эшикларини очаркан, зарда билан пишқирди.

Клара ҳамёни кераксиз майда-чуйдага тўлиб кетганлигидан керакли тангани дарҳол топа қолмади. Миқти кондуктор калта, бесўнақай оёқларини керганича бардош билан хўмрайиб кутиб турди. Клара икки марта: “Менга ўн беш песо*лик”, – деди, – кондуктор бўлса, худди ажаблангандай, унга тикилиб тураверди. Сўнг унга пуштиранг патта узатди, шунда Кларанинг ёдига болаликдаги шеър мисралари тушди, тахминан мана бундай: “Ке, паттангни бер, пушти ёки ҳаворанг, унга довур қўшиғингни айт, бир кўрай”. Қиз мийиғида кулди, қаерга ўтирсамикан, деган ўйда чеккароқдан, эҳтиёт эшигининг олдигинасидан жой топди, деразага яқин ўтирган одамлар ичида соддадиллик билан қувонгани каби у ҳам бундан қувонди.

Шунда Клара кондуктор яна ундан кўзини узмай қараб турганини пайқади. Автобус муюлишга етганида, кўприкка яқин жойда бурилиши олдидан Кларага ҳайдовчи ҳам қараб қўйди – орқасига қайрилиб қаради ва нигоҳлари уни қийинчиликсиз топди, чунки қиз бир бурчакка тиқилиб олганди. Ҳайдовчи ориқ, сочлари сарғиш бўлиб, турқи оч одамни эслатарди. Ҳайдовчи кондуктор билан нималарнидир пичирлашди, иккалови яна Кларага, кейин бир-бирларига қараб қўйдилар ва автобус одатдагидай бир силкиниб олиб, Чорроарин бўйлаб ғизиллаб кетди.

“Жинними ўзи булар”, – деб ўйлади Клара хавотирланиб. Қиз паттани ҳамёнига соларкан, катта чиннигул дастасини кўтариб олган аёл унинг олдига келиб ўтирганини кўрди. Аёл гуллар узра бошини кўтарди, худди яшил бута-девордан мўралаган сигир сингари Кларага мунис назар ташлади. Клара кўзгусини олди ва қош, лабларини кўздан кечира бошлади. Шунда нимадир гарданини қитиқлади, у яна биров сурбетлик билан менга тикиляптими, дея жаҳли чиқиб, зарда билан бошини кўтариб қаради. Кларадан иикки сантиметрларча нарида, эгнига ёқалари крахмалланган кўйлак кийиб олган, қўлида кўнгилни беҳузур қиладиган қўланса исли дасторгул дастасини тутган бир чолнинг кўзлари ялтираб турарди.

Автобуснинг энг охиридаги узун ва яшил ўриндиқда ўтирганларнинг барининг кўзи Кларада эди, худди унга бир нима илашгану, бу нарса уларни ҳайрон қолдирган ва ғашларини келтираётганга ўхшарди, қиз ўзига тикилган нигоҳлардан, димоғига урилган гуллар исидан ўзини йўқотаёзди, муҳими, назарида, мана-мана, бу ҳозир шунчаки ҳазил билан тугайдиганга ўхшарди; масалан, бурнига қоракуя тегди, дейлик. Лекин бурнига ҳеч нима тегмаган, топ-тоза эди; энди ана шу тешиб юборгудай нигоҳлар унга кулгили туюлмай қолди. Назарида Кларага одамлар эмас, гуллар тикилаётганга ўхшаб кетди.

У ўзини жуда ноқулай ҳис этди, ўрнидан сирпангандай сал сурилди ва олдидаги ўриндиқнинг эскиб, ситилиб кетган орқасига, эҳтиёт эшигининг ричагига ва: “Тутқични ўзингизга тортиб, ўрнингиздан туринг”, деб ёзилган ёзувга тикилиб қолди – ҳарфлар негадир сўзларга унчалик қовушмаётганга ўхшади. У шу тариқа хотиржам ўтириш имконини қўлга киритди.

Автобусдагиларнинг янги чиққан йўловчи қизга қарашининг сира ажабланарли жойи йўқ, гуллар қабристонга олиб борилиши табиий-ку ахир – ҳамманинг қўлида гулдаста бўлгани жуда яхши. 168-чи Альвеар касалхонасини ортда қолдириб кетди, Кларадан ўнг томонда Эстрельянинг яйдоқ ерлари ястаниб ётар, лой-балчиққа беланган тўриқ отлар бўйниларида узилган арқонни судраганларича юрарди. Ҳаттоки қуёш ҳам бу манзарани безай олмаган бўлса-да, Клара кўзларини деразадан ололмаётган эди, фақат икки марта кўз қири билан ёнидагиларга тезгина, ҳадик билан қараб қўйди. Қип-қизил атиргул ва карнайгуллар, сал нарироқда эса – жирканч, сўлиб қолган, кўкимтир доғ-дуғли, хира пушти, кир келингуллар турарди. Иккита дераза нарида ўтирган йўловчи ( унга бир қараб, бир қарамасдан ўтирди, мана, яна қараяпти, энди қарамаяпти, йўқ, яна қараяпти), қандайдир мижиғланган нарсага зич қилиб босилган деярли қора чиннигулларни ушлаб ўтирарди.

Олдинда, ёнбошда ҳам, – бўйи етган қирғийбурун қизлар биргина сунбулагул ва мойчечак дастасини кўтариб олгандилар; гарчанд қизлар унчалик камбағал кўринмасалар-да (эгниларидаги жакетлари яхшигина, қат-қат юбка, тиззасигача келадиган оппоқ пайпоқ кийиб олгандилар), қўлларидаги гулдасталари ночор кўринарди, қизлар Кларага тепадан кеккайиб қарадилар.

Шу сурбет мишиқи қизлар одамдан кўзларини олар энди, деб Клара ҳам уларга қаради, бироқ тўртта қорачиқ унга тешиб юборгудай тикилди, кондуктор ҳам Кларадан кўзини узмади, чиннигул кўтариб олган одам ҳам назар солди, бу гуллардан гардани қизиб кетаёзди, ёқаси крахмалланган чол ҳам бурни ерга теккудай, энгашиб унга тикилди, ёнидаги ўспиринлар ҳам улардан қолишмади, – мана, Патерналь бекати, ким ўн песолик патта олган бўлса, тушсин.

Ҳеч ким тушмади. Бир одам автобусга чаққонлик билан ирғиб чиқди ва йўлида қўлларига қараб, уни кутиб турган кондуктор қаршисига келиб, туриб олди. Йўловчи ўнг қўлида чақа, чап қўли билан пиджагини тортиб тўғрилади. Янги йўловчи ўзига тикилган нигоҳларга эътибор бермай, бир оз тараддудланиб қолди, кейин Клара унинг: “Ўн беш песолик”, деганини эшитди.

Худди Кларага ўхшаб, у ҳам ўн беш песолик патта олди. Бироқ кондуктор унга патта бермади. Аксинча янги йўловчи ахири кондукторнинг ўзига қараб турганини пайқаб, чин кўнглидан: “Ўн беш песолик, деяпман-ку!” – демагунича ундан кўзини узмай тикилиб тураверди. Сўнгра йўловчи паттани олди ва кондуктор қайтимини қайтаргунича чиннигуллар ёнидаги бўш жойга “лип” этиб ўтиб олди.

Кондуктор йигитга беш сентаво қайтариб берди, худди йўловчининг боши қизиқтираётгандай, унга тепадан қаради; лекин йўловчининг кўзи қора чиннигулларда эди. Гулдаста эгаси янги йўловчининг қараб турганлигини пайқаб, бир-икки марта унга тезгина қайрилиб қаради ва тез ўгирилди, улар ҳали ўзаро тил топишга улгурмасларидан бир-бирларига қарадилар.

Сунбулагул кўтариб олган қизлар Кларадан ва автобусга янги чиққан йигитдан кўзларини узмай қонини қайнатди. 168-чи қабристон девори бўйлаб ўтаётиб, ҳамма унга ва Кларага қаради – кўпроқ янги чиққан одамга тикилди, бу одамлар йигитни ва уни, Кларани ҳам нигоҳлари билан тутиб, қўлга олгандай ва уларга, иккита сурбет бир бўлди энди, дегандай қараш қилдилар.

Шунақаям бемаънилик бўладими, кап-катта қизлар – анавилар-чи, ёшлари бир жойга бориб қолганига қарамасдан гул опкетишяпти, ўзларига ярашадиган ишни қилишса бўлмайдими, тағин тикилиб қарашларини-чи! Клара янги чиққан одамни ана шу нигоҳлардан ҳимоя қилгиси келди, унга нисбатан юрагида сингилларча илиқлик пайдо бўлди. “Икковимиз ҳам ўн беш песолик патта олдик!” – дегиси келди, – айнан шу нарса уларни яқинлаштиргандек эди.

Йигитнинг қўлларига нуқиб, унга маслаҳат бергиси, ёрилгиси келди: “Уларни қаранг, шунақаям безбет бўладими, гуллари орасидан ҳам қарашяпти-я, аҳмоқлар!” У Кларанинг ёнига ўтирса, яхши бўларди; бироқ йигит – гарчанд башарасига қайғу-ғам ажиндан чизиқ тортган бўлса-да, ҳали ёш эди, – дастлаб дуч келган жойни эгаллади. Клара ҳам кулиб, ҳам хижолат тортганича манави қизлар ва келингул кўтариб олган холанинг нигоҳларига бардош беришга қарор қилди; ана энди яна чиннигулли одам қизга маъносиз, хира, худди кўпиктош сингари туссиз нигоҳ ташлади. Клара унга тик қаради, назарида вужуди бўм-бўш бўлиб қолгандай бўлди, шунда бирдан автобусдан тушиб кетгиси келди (нима учун ахир? Қўлида гули бўлмагани учунми?).

Клара янги йўловчи ҳам ўзини ноқулай ҳис этаётганини сезди, – йигит уёқ-буёққа аланглади ва орқа томонда ўтирган тўрталовига ҳамда дасторгул кўтариб олган чолга кўзи тушди. Чолнинг нигоҳи Клара томонга ўтди, унинг лаблари, иягида бир он тўхтаб қолди. Олдинда кондуктор ҳам, қизлар ҳам, келингулли хола ҳам диққат билан тикилиб турардилар; шунда янги йўловчи гўё уларни тийиб қўймоқчидай ўша ёққа ўгирилиб олди.

“У бечоранинг ҳам гули йўқ экан”, – деган бемаъни ўй келди негадир Кларанинг хаёлига. Йигит нима учундир ҳимоясиз кўринар, ўзини ҳар томондан ўраб олаётган совуқ аланга каби нигоҳлардан кўзлари билан ўзини-ўзи мудофаа қилмоқчидай бўларди.
168-чи тик қияликда, қабристоннинг қатор тизилган устунларига етай деганда, икки йўл айрилишида тезликни янада оширди. Қизлар олдинга ўтиб, эшикка яқин туриб олдилар: уларнинг изидан дасторгул, атиргул, келингуллар саф тортди.

Қолганлари орқада тиқилишди ва Клара деразаси олдида анқиган чучмал ислардан кўнгли озди, лекин ичида шунча одам тушиб кетаётганидан қувонди. Боши узра қора чиннигуллар пайдо бўлди; янги йўловчи ёнидаги одамни ўтказиб юборди ва қовушмайгина, ёнбоши билан Кларанинг олдидаги бўш жойга чўкди. Унинг афти ангори тузуккина эди, очиқкўнгил ҳам оддий кўринар ва кўринишидан, чамаси, дорихонадами, бухгалтериядами ёки ҳаттоки конструкторлик бюросида ишларди.

Автобус аста тўхтади, эшиклари бир силтаниб, очилди. Янги йўловчи ҳамма тушиб бўлсин, кейин одамга ўхшаб ўтирса бўлади, деган ўйда кутиб турди. Клара ҳам унга ўхшаб, тоқат қилиб кутди ва ичида чиннигуллар, келингулларни тезроқ туша қолишса эди, дея шоширди. Эшик очиқ эди, аммо ҳамма йўлда туриб олганича янги йўловчи билан Кларадан кўз узмасди – тушмасдан, худди ер тагидан шамол туриб, бутун гулдастани чайқатгандай тебранган гуллар орасидан уларга мўралардилар. Ниҳоят атиргуллар, чиннигуллар ҳам, орқа ўтирғичдаги гулдасталар ҳам, қизлар ҳам, дасторгулларини олиб, чол ҳам тушиб кетди. Фақат автобусда Клара билан янги йўловчи қолди ва 168-чи мўъжазроқ, дилкашроқ, туссизроқ бўлиб қолди. Клара севиниб кетди ва гарчанд атрофда жой кўп эканлигига қарамай, янги йўловчи унинг ёнига келиб ўтирганлигидан ажабланмади. Йигит ўтирди ва улар бошларини эгганларича қўлларига қарадилар. Қўллар, шунчаки қўллар, оддий, бўм-бўш, гули йўқ қўллар.

– Қабристон! – қичқирди кондуктор.
Клара ҳам, ёнидаги қўшниси ҳам қатъий нигоҳлари билан тушунарли жавоб қайтардилар: “Бизнинг паттамиз – ўн беш песолик”. Улар бундай демадилар, фақат хаёлларидан ўтди, бўлди-да!

Бироқ эшик ёпилмади, кондуктор уларнинг олдига келди.
– Қабристон! – деди у уларга нималарнидир уқтирмоқчи бўлгандай.
Йигит кондукторга қарамади, Кларанинг эса унга раҳми келди.
– Мен Ретирогача бораман, – деди қиз паттасини кўрсатиб.

“Ке, паттангни бер, пушти ёки ҳаворанг”. Ҳайдовчи уларга қарайман, деб ўтирган жойидан тушиб кетай деди; кондуктор журъатсизлик билан орқасига ўгирилди-да, қўлини силкиди. Яна эшиклар силтанди – ҳеч ким автобусга чиқмади, –168-чи худди занжирини узгандай, олға елди, шунда Клара қўрққанидан юраги орқасига тортиб кетди.

Кондуктор ялтироқ тутқични ушлаб, кабина олдида турганича уларга маъноли тикилиб турарди. Улар ҳам Доррего муюлишига етгунча кондуктордан кўзларини узмай кетавердилар, бир пайт Клара, ёнидаги қўшниси олд томондан бу қилиғи кўринмаслигидан фойдаланиб, астагина кафтини унинг қўлларига қўяётганлигини сезди. Кафти майин, иссиқ эди, Клара қўлларини тиззаси томонга сурди-ю, аммо қимирламади. Ойна ортида шамол ҳуштак чалди.

– Шунча одам, – деди секингина йигит. – Ҳаммаси тушиб кетди.
– Улар қабристонга келишаётган эди, гуллари билан, – изоҳ берди Клара. – Шанба кунлари кўп боришади.
– Албатта, лекин ҳар ҳолда…
–Ҳа, ғалати. Сездингизми?
– Сездим, – деди йигит.– Сиз ҳам шундай ҳолатга тушдингизми? Шундай бўлди, кўрдим.
– Жуда ғалати. Ҳозир ҳеч ким чиқмайди.

Шофёр шлагбаумга яқинлашиб, шартта тўхтади. Улар автобуснинг кескин залпидан олдинга қалқиб кетдилар ва бу силкинишдан енгил тортгандай бўлдилар. Автобус худди кимнингдир баҳайбат гавдаси сингари силкинди.
– Мен Ретирогача бораман, – деди Клара.
– Мен ҳам.

Кондуктор жойида узоқ туриб қолди – шофёр билан жанжаллашди. Сўнгра шофёрнинг (улар томонга қараётганларини яширганча) ўзлари томонга келаётганини кўрдилар; кондуктор унинг изидан келмоқда эди. Клара шофёр билан кондуктор ёнидаги ҳамроҳига тикилиб қолганларини, йигит эса худди жанг олдидан қилгани сингари қаддини ростлаётганини сезди.

Йигитнинг оёқлари қалтиради, қизнинг кифтига тегиб турган елкаси сесканди. Шу пайт поезд ваҳима билан чинқирди, кўкни қоп-қора тутун қоплади. Вагонларнинг тарақа-туруғи бари овозларни ва улардан икки қадам нарида – гўё сакрашга чоғланиб, пастга аста энгашган шофёрнинг сўзларини ҳам босиб кетди. Кондуктор шофёрнинг елкасидан чангаллаб олди-да, сўнгги вагон темирларни жаранглатганча уларнинг яқингинасидан ўтиб кетгунига қадар кўтарилиб турган шлагбаум томонга қўлини ниқтади. Шофёр лабларини қисди, тез жойига ўтирди ва 168-чи жаҳл билан ўрнидан қўзғалди, бир силкиниб, темир йўлни кесиб ўтди, сўнг қияликка кўтарилди.

Кларани ҳамроҳининг мушаклари бўшашди ва жойидан сал пастроққа силжиди.
– Бунақасини сира кўрмаганман, – деди йигит ўзига-ўзи сўзлангандай.
Клара йиғлаб юборай-йиғлаб юборай деди. Йиғлаш осон, аммо бунинг сира кераги йўқ эди. Қиз буни ўйламаётган эди, у қўрқинчли ҳеч гап йўқлигини, айтиш мумкинки, бўм-бўш автобусда, биттагина ҳамроҳи билан кетаётганлигини тушунган, умуман олганда, фақат қўнғироқни боссанг бўлди, дуч келган бурчакда тушиб қолсанг бўлади. Ҳа, шундай кетаётганининг ҳам ёмон томони йўқ, фақат автобусдан қандай тушаман, йигит қўлларидан қўлларимни қандай суғуриб оламан, деган ўй қизни қийнамоқда эди.

– Мен қўрқяпман, – деди шунчаки Клара. – Лоақал гунафша тақиб олганимдаям майли эди!
Йигит қизга, унинг жўнгина кофтасига кўз ташлади.
– Мен баъзида кўйлагим тугмаси илгагига ясмин қадаб қўярдим, – деди йигит. – Бугун шошдим-да, улгурмадим.
– Аттанг! Умуман- биз Ретирога кетяпмизку-я.
– Албатта, Ретирога.

Улар гаплашиб кетдилар. Гапимиз узилиб қолмасин тағин, деб гапиравердилар, гапиравердилар, нима ҳақда сўзлашаётганларининг аҳамияти ҳам йўқ эди.
– Деразани очмайсизми? Жуда дим бўлиб кетди.

У қизга таажжуб билан қаради; афтидан, йигит жунжикаётганга ўхшарди. Кондуктор шофёр билан гаплашиб олиб, уларни зимдан кузатмоқда эди. 168-чи йўлда бирор марта ҳам тўхтамади, энди Каннинг ва Санта-Фе муюлишига бурилди.
– Буниси очилмайди, – деди йигит. – Кўряпсизми, фақат биз томондагиси очиқ эмас. Бу ерда эҳтиёт эшиги бор.
– А! – деди қиз.
– Балки бошқа жойга ўтирақолармиз?
– Ҳожати йўқ. – Қиз унинг қўлини сиқди, туришига қўймади. – Яхшиси, тинчгина жойимизда ўтираверайлик.
– Бўлмаса, бошқасини, олдидагисини очамиз.
– Йўғ-э, керак эмас, қўйинг!

Йигит, қиз яна гапирмоқчидир, деб ўйлади, лекин Клара негадир ғужанак бўлиб, ўша ёққа, уларга аччиқ қаҳр-ғазаб билан нигоҳ ташланаётган олдинга қарамаслик учун ҳам ҳамроҳининг юзига тикилди. Йигит қизнинг тиззаларига иккинчи қўлини қўйди, Клара ҳам ўз қўлларини яқин олиб борди, энди улар бармоқларнинг бир-бирига тегиши билан, кафтлар ҳарорати билан гаплаша бошладилар.
– Мен жудаям паришонхотирман, – деди журъатсизлик билан Клара. – Ҳаммасини олдим, деб ўйлайсану, барибир ниманидир эсдан чиқарган бўласан.
– Ахир бу эсимизда йўқ эди-да.
– Ҳа, майли. Ўша одамларнинг ҳаммаси, айниқса, анави қизларнинг бизга қандай ажабланиб қараганларини кўрдингизми, ўлаёздим-а!
– Менам, – деб қизнинг гапини илиб кетди йигит. – Эсингиздами, уларнинг бари худди келишиб олишгандай, биздан кўзларини узмадилар-а!
– Ҳа-ҳа! Топганлари бетайин гул-ку, керилганларига ўлайми!

– Чунки бизга бошқалар ҳам ажабланиб қарашди-да, – деди аччиқланиб йигит. – Айниқса, чиннигуллари мижиғланган анави қушбурун чолни айтмайсизми. Олдин ўша чол бошлади-да, кейин бошқалар ҳам қарашга тушди. Орқадагиларни-ку, кўрмадим. Фаҳмлаяпсизми, ҳаммаси-я?..
– Ҳаммаси, – дея жавоб берди Клара. – Мен буни дарров тушундим. Ўзим Ногойя билан Сан-Мартин муюлишида чиқдим. Уёқ-буёққа разм солсам, ҳаммаси бирдан мендан кўзларини узмай қолишди, денг.
– Хайрият-э, тушиб кетишди!

Пуэйрредон. 168-чи бирдан таққа тўхтади. Баланд уйчадаги йўлни тартибга солувчи мулат худди худога илтижо қилгандай, қўлларини хоч қилиб, кенг ёйди. Шофёр ўрнидан аста тушди, кондуктор унинг енгидан тортмоқчи бўлди, бироқ шофёр бунга қўймади ва бир йигитга, бир қизга қараганича автобус ичида юра бошлади. У қаддини ростлади, нам лаблари титради. “Йўлни бўшат!” – деб қичқирди кондуктор ғалати овозда.

Автобус ортида ўнлаб машиналар гудок чалиб ҳайқирди, шунда шофёр алам билан жойига қўрқа-писа ўтирди. Кондуктор дам-бадам бир Кларага, бир ёнидаги йигитга назар ташлаганича шофёрнинг қулоғига нималарнидир шивирлади.
– Агар сиз бўлмаганингизда… – аста деди Клара. – Агар сиз бўлмаганингизда, мен бир амаллаб тушиб кетган бўлардим.
– Сиз ахир Ретирога кетяпсиз-ку, – деди таажжубланиб йигит.
– Ҳа, мен меҳмонга кетяпман. Барибир, тушиб қолган бўлардим.
– Мен ўн беш песолик патта олганман, – деди йигит. – Ретирогача.
– Мен ҳам. Ёмон томони, кейингисини кутишга тўғри келарди-да…
– Албатта, кейин унисига чиқиб бўлармиди-йўқмиди, худо билади.
– Эҳтимол. Ҳозир бирор жойга бориш қийин бўлиб қолди. Метрода нималар бўлганини эшитдингизми?
– Даҳшат! Бир жойга бораман, деб йўлга чиқсанг, ишлагандан кўпроқ чарчайсан.
Яшил, ёруғ ҳаво машинани тўлдирди, йўл-йўлакай музейнинг қизғиш деворлари, сўнгра – ҳуқуқшунослик факультетининг янги биноси лип-лип этиб ўтиб кетди, шунда 168-чи тезроқ маршрутини тугатишга сабри чидамагандай, Леандро Алем бўйлаб учиб кетди. Икки марта тартибга солувчи йўлни тўсди, икки марта шофёр сакрамоққа чоғланди, иккинчи мартасида ҳам кондуктор уни қўймади, ўртада туриб олганича, худди оғриқдан силкигандай, ғазаб билан бошини чайқади.

Клара тиззаларини кўксига босди, ҳамроҳи унинг қўлларини қўйиб юборди, шунда қиз йигит қўлларининг суяклари туртиб чиққанлигини ва унда йўғон томирлар бўртиб турганлигини кўрди. Клара ҳозирга довур эркак қўлларининг бу қадар кучли нафрат билан муштга айланганлигини кўрмаган эди, қиз қўрққанидан индамай қолди, ана шу оғир муштларга бўйсунди. Шунда қиз ҳозир бирор жойга бориш қанчалик машаққат бўлиб қолганлиги ҳақида, Май майдонидаги турнақатор навбатлар ҳақида, одамларнинг қанчалик ваҳшийлашиб кетганликлари, ҳозир қанчалик сабр-тоқатли бўлиш кераклиги ҳақида эзмаланиб гапираверди, гапираверди. Қиз бирдан жим бўлиб қолди, шунда улар темир йўл панжарасини кўриб қолдилар.

Йигит ҳамёнини чиқариб ичини тита бошлади, унинг бармоқлари титради.
– Озгина қолди, — деди қиз қаддини ростлаб.– Етиб қолдик.
– Ҳа. Бурилдикми, тез ўрнингиздан туринг-да, тушинг!
– Бўпти. Майдоннинг ўзида.
– Мана-мана. Бекат – нарироқда, Инглиз минорасида. Сиз олдин тушасиз, кейин – мен.
– Фарқи йўқ.
– Йўқ, мен – кейин тушаман, шундай қилиш керак. Бурилдик дегунча, мен сизни ўтказиб юбораман. Тезроқ қимирланг, зинанинг пастига тушиб олинг. Мен орқангизда тураман.
– Яхши, – деди Клара йигитга безовталаниб қараб.– Раҳмат.

Шунда улар қандай ўринларидан туришни ҳамда эшиккача бўлган масофани чамалаганларича режа тузишга киришдилар. Улар муюлишга етганда, автобусдан “лип” этиб, сакраб тушиш осонроқ бўлади, деб мўлжал қилдилар. 168-чи майдоннинг ўзида, ойналарини дириллатганича, бор тезлиги билан бурилди. Ҳамроҳи ўрнидан ирғиб турди, Клара зинада безовта бўлиб туриб қолди, йигит орқасидан уни пана қилди. Қиз қаттиқ қалтираганича эшикка, қора йўл-йўл резина тасмасига ва ойнадаги кир квадратларга қаради; у бошқа ҳеч нимани кўргиси келмаётган эди.

Йигитнинг оғир-оғир нафаси унинг сочларига тегмоқда эди. Бирдан автобус бир силкинди-да, ёнбошига сурилиб, тўхтаб қолди – эшик очилди-ю, ҳайдовчи қўлларини олдинга чўзганича, автобус ўртасида югурди. Бу орада Клара пастга, майдонга сакрашга, тушишга улгурган эди, орқасига ўгирилиб, ҳамроҳининг пастга сакраётганлигини, автобус эшиклари қаҳр билан ёпилганини кўрди. Қора резина тасма ҳайдовчининг қўлларини, оппоқ, тик бармоқларини қисиб қолди. Ойнадан кондуктор нинг рулга қорни билан ётиб олганича, шофёрни чиқариб юбормаслик учун эшикни ёпадиган ричаг томон интилгани кўриниб турарди.

Ҳамроҳи Кларанинг қўлидан ушлаб олди ва улар болалар билан музқаймоқ сотувчиларига эпчиллик билан чап бериб, майдондан ўтдилар. Улар индамай, бир-бирларига қарамасдан кетмоқда, бироқ хурсандликларидан титрамоқда эдилар. Кларанинг кўзлари ўт-ўланларни ҳам, тўгарак гулзорни ҳам элас-элас илғар, итоат билан йигит изидан борар, ёқимли шабада юзларига урилмоқда эди.

Девор тагида гул сотилмоқда эди. Кларанинг ҳамроҳи харракда турган гул савати қаршисида тўхтади ва капалакгуллардан икки дастасини танлаб олди. Йигит Кларага гулдасталардан бирини, сўнг – иккинчисини узатди, ҳамёнини чиқариб, гул учун ҳақ тўлади ва қиздан ўзининг гулини олди. Улар йўлда давом этдилар (йигит қизнинг қўлидан ушлаб олмади), энди иккаловининг ҳам қўлларида гуллари бор, шундан бахтиёр эдилар.

_______________
* П е с о – Аргентина пул бирлиги.

034

Xulio KORTASAR
AVTOBUS
Ma’suma Ahmedova tarjimasi

01

    Xulio Kortasar (isp. Julio Cortazar; asl ismi: Xules Florensio Korta?sar) 1914 yilning 20 avgustida Bryusselda Argentina savdo vakolatxonasi xodimining oilasida tug’ildi. Bolalik va yoshligi Buenos-Ayres shahrida o’tgan. Buenos-Ayres universitetini moliyaviy tanqislik tufayli tugatolmagan Xulio 7 yil davomida qishloq o’qituvchisi bo’lib ishlashga majbur bo’ldi. 1944 yildan Mendosa universitetida, 1946 yildan Kitob palatasida ishladi. 1951 yili adabiyot bo’yicha stependiyaga sazovor bo’lgan Kortasar Yevropaga yo’l oladi va o’shandan boshlab qolgan butun umri Parijda o’tdi.«Argentinaning birinchi raqamli adibi» — XX asrning 60-70 yillari jahonning nufuzli tanqidchilari mashhur yozuvchi Xulio Kortasarga shunday ta’rif bergan edilar. Bu baho hozir ham o’z qimmatini yo’qotgani yo’q. Yozuvchining «Imtihon», «Yutuq» kabi romanlari, «Ta’qibchi», «Manuelning kitobi» kabi qissalari, «Boshqa bir osmon», «Janubiy shosse», «Avtobus», «Iblis so’lagi», «Istilo qilingan uy» kabi hikoyalari jahon adabiyotiga munosib ulush bo’lib qo’shildi.

01

– Agar malol kelmasa, qaytishingizda menga “Oila”ni ola keling, – deya iltimos qildi sen`ora Roberta kresloda chayqalarkan.

Klara siljima stolchaga dorilarni terib qo’ydi va xonani birma-bir ko’zdan kechirib chiqdi. Hamma narsa joyida, Matil`da sen`oraga qarab o’tiradi, oqsoch nima qilish kerakligini o’zi biladi. Endi ketaverish, kun bo’yi to tunga qadar bemalol yurish mumkin, dugonasi Klarani kutayapti, dugonalar miriqib gaplashadi, radio tinglashadi, soat besh yarimda shokoladli konfetlar bilan shirin choy ichishadi.

Soat ikkida, xalq hali muassasalarga yopirilib kelmagan mahal Vil`ya-del`-Parkda biror kimsa ko’rinmas, ko’cha huvillab turar va yop-yorug’ edi. Klara poshnalarini shaxdam taqillatganicha daraxtlarning uzun-uzun soyalari orasidan yo’liga ko’ndalang bo’lgan noyabr` quyoshidan quvonib, Tinagast va Samud`odan tushib keldi.

Qiz San-Martin va Nogoyya muyulishida 168-avtobusni kutarkan, boshi uzra chumchuqlar patillashib urishayotganini eshitdi, Florentsiya uslubida ishlangan ibodatxona minorasi unga qip-qizil va boshni aylantirguday baland tuyuldi. Yonidan soatsoz don Luis o’tdi, unga ta’zim qildi, bu bilan ilk bora qizning kelishgan qaddi-qomatiga, qaymoqrang koftasining oppoq yoqasi va ayniqsa, yangi boshmoqlarda chiroyli ko’ringan oyoqlariga baho berganday bo’ldi. Xilvat ko’chadan avtobus g’izillab keldi va peshindan keyingi jimjit muyulishda ulov to’xtatgan yagona yo’lovchi qizga eshiklarini ocharkan, zarda bilan pishqirdi.

Klara hamyoni keraksiz mayda-chuydaga to’lib ketganligidan kerakli tangani darhol topa qolmadi. Miqti konduktor kalta, beso’naqay oyoqlarini kerganicha bardosh bilan xo’mrayib kutib turdi. Klara ikki marta: “Menga o’n besh peso*lik”, – dedi, – konduktor bo’lsa, xuddi ajablanganday, unga tikilib turaverdi. So’ng unga pushtirang patta uzatdi, shunda Klaraning yodiga bolalikdagi she’r misralari tushdi, taxminan mana bunday: “Ke, pattangni ber, pushti yoki havorang, unga dovur qo’shig’ingni ayt, bir ko’ray”. Qiz miyig’ida kuldi, qaerga o’tirsamikan, degan o’yda chekkaroqdan, ehtiyot eshigining oldiginasidan joy topdi, derazaga yaqin o’tirgan odamlar ichida soddadillik bilan quvongani kabi u ham bundan quvondi.

Shunda Klara konduktor yana undan ko’zini uzmay qarab turganini payqadi. Avtobus muyulishga yetganida, ko’prikka yaqin joyda burilishi oldidan Klaraga haydovchi ham qarab qo’ydi – orqasiga qayrilib qaradi va nigohlari uni qiyinchiliksiz topdi, chunki qiz bir burchakka tiqilib olgandi. Haydovchi oriq, sochlari sarg’ish bo’lib, turqi och odamni eslatardi. Haydovchi konduktor bilan nimalarnidir pichirlashdi, ikkalovi yana Klaraga, keyin bir-birlariga qarab qo’ydilar va avtobus odatdagiday bir silkinib olib, Chorroarin bo’ylab g’izillab ketdi.

“Jinnimi o’zi bular”, – deb o’yladi Klara xavotirlanib. Qiz pattani hamyoniga solarkan, katta chinnigul dastasini ko’tarib olgan ayol uning oldiga kelib o’tirganini ko’rdi. Ayol gullar uzra boshini ko’tardi, xuddi yashil buta-devordan mo’ralagan sigir singari Klaraga munis nazar tashladi. Klara ko’zgusini oldi va qosh, lablarini ko’zdan kechira boshladi. Shunda nimadir gardanini qitiqladi, u yana birov surbetlik bilan menga tikilyaptimi, deya jahli chiqib, zarda bilan boshini ko’tarib qaradi. Klaradan iikki santimetrlarcha narida, egniga yoqalari kraxmallangan ko’ylak kiyib olgan, qo’lida ko’ngilni behuzur qiladigan qo’lansa isli dastorgul dastasini tutgan bir cholning ko’zlari yaltirab turardi.

Avtobusning eng oxiridagi uzun va yashil o’rindiqda o’tirganlarning barining ko’zi Klarada edi, xuddi unga bir nima ilashganu, bu narsa ularni hayron qoldirgan va g’ashlarini keltirayotganga o’xshardi, qiz o’ziga tikilgan nigohlardan, dimog’iga urilgan gullar isidan o’zini yo’qotayozdi, muhimi, nazarida, mana-mana, bu hozir shunchaki hazil bilan tugaydiganga o’xshardi; masalan, burniga qorakuya tegdi, deylik. Lekin burniga hech nima tegmagan, top-toza edi; endi ana shu teshib yuborguday nigohlar unga kulgili tuyulmay qoldi. Nazarida Klaraga odamlar emas, gullar tikilayotganga o’xshab ketdi.

U o’zini juda noqulay his etdi, o’rnidan sirpanganday sal surildi va oldidagi o’rindiqning eskib, sitilib ketgan orqasiga, ehtiyot eshigining richagiga va: “Tutqichni o’zingizga tortib, o’rningizdan turing”, deb yozilgan yozuvga tikilib qoldi – harflar negadir so’zlarga unchalik qovushmayotganga o’xshadi. U shu tariqa xotirjam o’tirish imkonini qo’lga kiritdi.

Avtobusdagilarning yangi chiqqan yo’lovchi qizga qarashining sira ajablanarli joyi yo’q, gullar qabristonga olib borilishi tabiiy-ku axir – hammaning qo’lida guldasta bo’lgani juda yaxshi. 168-chi Al`vear kasalxonasini ortda qoldirib ketdi, Klaradan o’ng tomonda Estrel`yaning yaydoq yerlari yastanib yotar, loy-balchiqqa belangan to’riq otlar bo’ynilarida uzilgan arqonni sudraganlaricha yurardi. Hattoki quyosh ham bu manzarani bezay olmagan bo’lsa-da, Klara ko’zlarini derazadan ololmayotgan edi, faqat ikki marta ko’z qiri bilan yonidagilarga tezgina, hadik bilan qarab qo’ydi. Qip-qizil atirgul va karnaygullar, sal nariroqda esa – jirkanch, so’lib qolgan, ko’kimtir dog’-dug’li, xira pushti, kir kelingullar turardi. Ikkita deraza narida o’tirgan yo’lovchi ( unga bir qarab, bir qaramasdan o’tirdi, mana, yana qarayapti, endi qaramayapti, yo’q, yana qarayapti), qandaydir mijig’langan narsaga zich qilib bosilgan deyarli qora chinnigullarni ushlab o’tirardi.

Oldinda, yonboshda ham, – bo’yi yetgan qirg’iyburun qizlar birgina sunbulagul va moychechak dastasini ko’tarib olgandilar; garchand qizlar unchalik kambag’al ko’rinmasalar-da (egnilaridagi jaketlari yaxshigina, qat-qat yubka, tizzasigacha keladigan oppoq paypoq kiyib olgandilar), qo’llaridagi guldastalari nochor ko’rinardi, qizlar Klaraga tepadan kekkayib qaradilar.

Shu surbet mishiqi qizlar odamdan ko’zlarini olar endi, deb Klara ham ularga qaradi, biroq to’rtta qorachiq unga teshib yuborguday tikildi, konduktor ham Klaradan ko’zini uzmadi, chinnigul ko’tarib olgan odam ham nazar soldi, bu gullardan gardani qizib ketayozdi, yoqasi kraxmallangan chol ham burni yerga tekkuday, engashib unga tikildi, yonidagi o’spirinlar ham ulardan qolishmadi, – mana, Paternal` bekati, kim o’n pesolik patta olgan bo’lsa, tushsin.

Hech kim tushmadi. Bir odam avtobusga chaqqonlik bilan irg’ib chiqdi va yo’lida qo’llariga qarab, uni kutib turgan konduktor qarshisiga kelib, turib oldi. Yo’lovchi o’ng qo’lida chaqa, chap qo’li bilan pidjagini tortib to’g’riladi. Yangi yo’lovchi o’ziga tikilgan nigohlarga e’tibor bermay, bir oz taraddudlanib qoldi, keyin Klara uning: “O’n besh pesolik”, deganini eshitdi.

Xuddi Klaraga o’xshab, u ham o’n besh pesolik patta oldi. Biroq konduktor unga patta bermadi. Aksincha yangi yo’lovchi axiri konduktorning o’ziga qarab turganini payqab, chin ko’nglidan: “O’n besh pesolik, deyapman-ku!” – demagunicha undan ko’zini uzmay tikilib turaverdi. So’ngra yo’lovchi pattani oldi va konduktor qaytimini qaytargunicha chinnigullar yonidagi bo’sh joyga “lip” etib o’tib oldi.

Konduktor yigitga besh sentavo qaytarib berdi, xuddi yo’lovchining boshi qiziqtirayotganday, unga tepadan qaradi; lekin yo’lovchining ko’zi qora chinnigullarda edi. Guldasta egasi yangi yo’lovchining qarab turganligini payqab, bir-ikki marta unga tezgina qayrilib qaradi va tez o’girildi, ular hali o’zaro til topishga ulgurmaslaridan bir-birlariga qaradilar.

Sunbulagul ko’tarib olgan qizlar Klaradan va avtobusga yangi chiqqan yigitdan ko’zlarini uzmay qonini qaynatdi. 168-chi qabriston devori bo’ylab o’tayotib, hamma unga va Klaraga qaradi – ko’proq yangi chiqqan odamga tikildi, bu odamlar yigitni va uni, Klarani ham nigohlari bilan tutib, qo’lga olganday va ularga, ikkita surbet bir bo’ldi endi, deganday qarash qildilar.

Shunaqayam bema’nilik bo’ladimi, kap-katta qizlar – anavilar-chi, yoshlari bir joyga borib qolganiga qaramasdan gul opketishyapti, o’zlariga yarashadigan ishni qilishsa bo’lmaydimi, tag’in tikilib qarashlarini-chi! Klara yangi chiqqan odamni ana shu nigohlardan himoya qilgisi keldi, unga nisbatan yuragida singillarcha iliqlik paydo bo’ldi. “Ikkovimiz ham o’n besh pesolik patta oldik!” – degisi keldi, – aynan shu narsa ularni yaqinlashtirgandek edi.

Yigitning qo’llariga nuqib, unga maslahat bergisi, yorilgisi keldi: “Ularni qarang, shunaqayam bezbet bo’ladimi, gullari orasidan ham qarashyapti-ya, ahmoqlar!” U Klaraning yoniga o’tirsa, yaxshi bo’lardi; biroq yigit – garchand basharasiga qayg’u-g’am ajindan chiziq tortgan bo’lsa-da, hali yosh edi, – dastlab duch kelgan joyni egalladi. Klara ham kulib, ham xijolat tortganicha manavi qizlar va kelingul ko’tarib olgan xolaning nigohlariga bardosh berishga qaror qildi; ana endi yana chinnigulli odam qizga ma’nosiz, xira, xuddi ko’piktosh singari tussiz nigoh tashladi. Klara unga tik qaradi, nazarida vujudi bo’m-bo’sh bo’lib qolganday bo’ldi, shunda birdan avtobusdan tushib ketgisi keldi (nima uchun axir? Qo’lida guli bo’lmagani uchunmi?).

Klara yangi yo’lovchi ham o’zini noqulay his etayotganini sezdi, – yigit uyoq-buyoqqa alangladi va orqa tomonda o’tirgan to’rtaloviga hamda dastorgul ko’tarib olgan cholga ko’zi tushdi. Cholning nigohi Klara tomonga o’tdi, uning lablari, iyagida bir on to’xtab qoldi. Oldinda konduktor ham, qizlar ham, kelingulli xola ham diqqat bilan tikilib turardilar; shunda yangi yo’lovchi go’yo ularni tiyib qo’ymoqchiday o’sha yoqqa o’girilib oldi.

“U bechoraning ham guli yo’q ekan”, – degan bema’ni o’y keldi negadir Klaraning xayoliga. Yigit nima uchundir himoyasiz ko’rinar, o’zini har tomondan o’rab olayotgan sovuq alanga kabi nigohlardan ko’zlari bilan o’zini-o’zi mudofaa qilmoqchiday bo’lardi.168-chi tik qiyalikda, qabristonning qator tizilgan ustunlariga yetay deganda, ikki yo’l ayrilishida tezlikni yanada oshirdi. Qizlar oldinga o’tib, eshikka yaqin turib oldilar: ularning izidan dastorgul, atirgul, kelingullar saf tortdi.

Qolganlari orqada tiqilishdi va Klara derazasi oldida anqigan chuchmal islardan ko’ngli ozdi, lekin ichida shuncha odam tushib ketayotganidan quvondi. Boshi uzra qora chinnigullar paydo bo’ldi; yangi yo’lovchi yonidagi odamni o’tkazib yubordi va qovushmaygina, yonboshi bilan Klaraning oldidagi bo’sh joyga cho’kdi. Uning afti angori tuzukkina edi, ochiqko’ngil ham oddiy ko’rinar va ko’rinishidan, chamasi, dorixonadami, buxgalteriyadami yoki hattoki konstruktorlik byurosida ishlardi.

Avtobus asta to’xtadi, eshiklari bir siltanib, ochildi. Yangi yo’lovchi hamma tushib bo’lsin, keyin odamga o’xshab o’tirsa bo’ladi, degan o’yda kutib turdi. Klara ham unga o’xshab, toqat qilib kutdi va ichida chinnigullar, kelingullarni tezroq tusha qolishsa edi, deya shoshirdi. Eshik ochiq edi, ammo hamma yo’lda turib olganicha yangi yo’lovchi bilan Klaradan ko’z uzmasdi – tushmasdan, xuddi yer tagidan shamol turib, butun guldastani chayqatganday tebrangan gullar orasidan ularga mo’ralardilar. Nihoyat atirgullar, chinnigullar ham, orqa o’tirg’ichdagi guldastalar ham, qizlar ham, dastorgullarini olib, chol ham tushib ketdi. Faqat avtobusda Klara bilan yangi yo’lovchi qoldi va 168-chi mo»jazroq, dilkashroq, tussizroq bo’lib qoldi. Klara sevinib ketdi va garchand atrofda joy ko’p ekanligiga qaramay, yangi yo’lovchi uning yoniga kelib o’tirganligidan ajablanmadi. Yigit o’tirdi va ular boshlarini egganlaricha qo’llariga qaradilar. Qo’llar, shunchaki qo’llar, oddiy, bo’m-bo’sh, guli yo’q qo’llar.

– Qabriston! – qichqirdi konduktor.
Klara ham, yonidagi qo’shnisi ham qat’iy nigohlari bilan tushunarli javob qaytardilar: “Bizning pattamiz – o’n besh pesolik”. Ular bunday demadilar, faqat xayollaridan o’tdi, bo’ldi-da!

Biroq eshik yopilmadi, konduktor ularning oldiga keldi.
– Qabriston! – dedi u ularga nimalarnidir uqtirmoqchi bo’lganday.
Yigit konduktorga qaramadi, Klaraning esa unga rahmi keldi.
– Men Retirogacha boraman, – dedi qiz pattasini ko’rsatib.

“Ke, pattangni ber, pushti yoki havorang”. Haydovchi ularga qarayman, deb o’tirgan joyidan tushib ketay dedi; konduktor jur’atsizlik bilan orqasiga o’girildi-da, qo’lini silkidi. Yana eshiklar siltandi – hech kim avtobusga chiqmadi, –168-chi xuddi zanjirini uzganday, olg’a yeldi, shunda Klara qo’rqqanidan yuragi orqasiga tortib ketdi.

Konduktor yaltiroq tutqichni ushlab, kabina oldida turganicha ularga ma’noli tikilib turardi. Ular ham Dorrego muyulishiga yetguncha konduktordan ko’zlarini uzmay ketaverdilar, bir payt Klara, yonidagi qo’shnisi old tomondan bu qilig’i ko’rinmasligidan foydalanib, astagina kaftini uning qo’llariga qo’yayotganligini sezdi. Kafti mayin, issiq edi, Klara qo’llarini tizzasi tomonga surdi-yu, ammo qimirlamadi. Oyna ortida shamol hushtak chaldi.

– Shuncha odam, – dedi sekingina yigit. – Hammasi tushib ketdi.
– Ular qabristonga kelishayotgan edi, gullari bilan, – izoh berdi Klara. – Shanba kunlari ko’p borishadi.
– Albatta, lekin har holda…
–Ha, g’alati. Sezdingizmi?
– Sezdim, – dedi yigit.– Siz ham shunday holatga tushdingizmi? Shunday bo’ldi, ko’rdim.
– Juda g’alati. Hozir hech kim chiqmaydi.

Shofyor shlagbaumga yaqinlashib, shartta to’xtadi. Ular avtobusning keskin zalpidan oldinga qalqib ketdilar va bu silkinishdan yengil tortganday bo’ldilar. Avtobus xuddi kimningdir bahaybat gavdasi singari silkindi.
– Men Retirogacha boraman, – dedi Klara.
– Men ham.

Konduktor joyida uzoq turib qoldi – shofyor bilan janjallashdi. So’ngra shofyorning (ular tomonga qarayotganlarini yashirgancha) o’zlari tomonga kelayotganini ko’rdilar; konduktor uning izidan kelmoqda edi. Klara shofyor bilan konduktor yonidagi hamrohiga tikilib qolganlarini, yigit esa xuddi jang oldidan qilgani singari qaddini rostlayotganini sezdi.

Yigitning oyoqlari qaltiradi, qizning kiftiga tegib turgan yelkasi seskandi. Shu payt poezd vahima bilan chinqirdi, ko’kni qop-qora tutun qopladi. Vagonlarning taraqa-turug’i bari ovozlarni va ulardan ikki qadam narida – go’yo sakrashga chog’lanib, pastga asta engashgan shofyorning so’zlarini ham bosib ketdi. Konduktor shofyorning yelkasidan changallab oldi-da, so’nggi vagon temirlarni jaranglatgancha ularning yaqinginasidan o’tib ketguniga qadar ko’tarilib turgan shlagbaum tomonga qo’lini niqtadi. Shofyor lablarini qisdi, tez joyiga o’tirdi va 168-chi jahl bilan o’rnidan qo’zg’aldi, bir silkinib, temir yo’lni kesib o’tdi, so’ng qiyalikka ko’tarildi.

Klarani hamrohining mushaklari bo’shashdi va joyidan sal pastroqqa siljidi.
– Bunaqasini sira ko’rmaganman, – dedi yigit o’ziga-o’zi so’zlanganday.
Klara yig’lab yuboray-yig’lab yuboray dedi. Yig’lash oson, ammo buning sira keragi yo’q edi. Qiz buni o’ylamayotgan edi, u qo’rqinchli hech gap yo’qligini, aytish mumkinki, bo’m-bo’sh avtobusda, bittagina hamrohi bilan ketayotganligini tushungan, umuman olganda, faqat qo’ng’iroqni bossang bo’ldi, duch kelgan burchakda tushib qolsang bo’ladi. Ha, shunday ketayotganining ham yomon tomoni yo’q, faqat avtobusdan qanday tushaman, yigit qo’llaridan qo’llarimni qanday sug’urib olaman, degan o’y qizni qiynamoqda edi.

– Men qo’rqyapman, – dedi shunchaki Klara. – Loaqal gunafsha taqib olganimdayam mayli edi!
Yigit qizga, uning jo’ngina koftasiga ko’z tashladi.
– Men ba’zida ko’ylagim tugmasi ilgagiga yasmin qadab qo’yardim, – dedi yigit. – Bugun shoshdim-da, ulgurmadim.
– Attang! Umuman- biz Retiroga ketyapmizku-ya.
– Albatta, Retiroga.

Ular gaplashib ketdilar. Gapimiz uzilib qolmasin tag’in, deb gapiraverdilar, gapiraverdilar, nima haqda so’zlashayotganlarining ahamiyati ham yo’q edi.
– Derazani ochmaysizmi? Juda dim bo’lib ketdi.

U qizga taajjub bilan qaradi; aftidan, yigit junjikayotganga o’xshardi. Konduktor shofyor bilan gaplashib olib, ularni zimdan kuzatmoqda edi. 168-chi yo’lda biror marta ham to’xtamadi, endi Kanning va Santa-Fe muyulishiga burildi.
– Bunisi ochilmaydi, – dedi yigit. – Ko’ryapsizmi, faqat biz tomondagisi ochiq emas. Bu yerda ehtiyot eshigi bor.
– A! – dedi qiz.
– Balki boshqa joyga o’tiraqolarmiz?
– Hojati yo’q. – Qiz uning qo’lini siqdi, turishiga qo’ymadi. – Yaxshisi, tinchgina joyimizda o’tiraveraylik.
– Bo’lmasa, boshqasini, oldidagisini ochamiz.
– Yo’g’-e, kerak emas, qo’ying!

Yigit, qiz yana gapirmoqchidir, deb o’yladi, lekin Klara negadir g’ujanak bo’lib, o’sha yoqqa, ularga achchiq qahr-g’azab bilan nigoh tashlanayotgan oldinga qaramaslik uchun ham hamrohining yuziga tikildi. Yigit qizning tizzalariga ikkinchi qo’lini qo’ydi, Klara ham o’z qo’llarini yaqin olib bordi, endi ular barmoqlarning bir-biriga tegishi bilan, kaftlar harorati bilan gaplasha boshladilar.
– Men judayam parishonxotirman, – dedi jur’atsizlik bilan Klara. – Hammasini oldim, deb o’ylaysanu, baribir nimanidir esdan chiqargan bo’lasan.
– Axir bu esimizda yo’q edi-da.
– Ha, mayli. O’sha odamlarning hammasi, ayniqsa, anavi qizlarning bizga qanday ajablanib qaraganlarini ko’rdingizmi, o’layozdim-a!
– Menam, – deb qizning gapini ilib ketdi yigit. – Esingizdami, ularning bari xuddi kelishib olishganday, bizdan ko’zlarini uzmadilar-a!
– Ha-ha! Topganlari betayin gul-ku, kerilganlariga o’laymi!

– Chunki bizga boshqalar ham ajablanib qarashdi-da, – dedi achchiqlanib yigit. – Ayniqsa, chinnigullari mijig’langan anavi qushburun cholni aytmaysizmi. Oldin o’sha chol boshladi-da, keyin boshqalar ham qarashga tushdi. Orqadagilarni-ku, ko’rmadim. Fahmlayapsizmi, hammasi-ya?..
– Hammasi, – deya javob berdi Klara. – Men buni darrov tushundim. O’zim Nogoyya bilan San-Martin muyulishida chiqdim. Uyoq-buyoqqa razm solsam, hammasi birdan
mendan ko’zlarini uzmay qolishdi, deng.
– Xayriyat-e, tushib ketishdi!

Pueyrredon. 168-chi birdan taqqa to’xtadi. Baland uychadagi yo’lni tartibga soluvchi mulat xuddi xudoga iltijo qilganday, qo’llarini xoch qilib, keng yoydi. Shofyor o’rnidan asta tushdi, konduktor uning yengidan tortmoqchi bo’ldi, biroq shofyor bunga qo’ymadi va bir yigitga, bir qizga qaraganicha avtobus ichida yura boshladi. U qaddini rostladi, nam lablari titradi. “Yo’lni bo’shat!” – deb qichqirdi konduktor g’alati ovozda.

Avtobus ortida o’nlab mashinalar gudok chalib hayqirdi, shunda shofyor alam bilan joyiga qo’rqa-pisa o’tirdi. Konduktor dam-badam bir Klaraga, bir yonidagi yigitga nazar tashlaganicha shofyorning qulog’iga nimalarnidir shivirladi.
– Agar siz bo’lmaganingizda… – asta dedi Klara. – Agar siz bo’lmaganingizda, men bir amallab tushib ketgan bo’lardim.
– Siz axir Retiroga ketyapsiz-ku, – dedi taajjublanib yigit.
– Ha, men mehmonga ketyapman. Baribir, tushib qolgan bo’lardim.
– Men o’n besh pesolik patta olganman, – dedi yigit. – Retirogacha.
– Men ham. Yomon tomoni, keyingisini kutishga to’g’ri kelardi-da…
– Albatta, keyin unisiga chiqib bo’larmidi-yo’qmidi, xudo biladi.
– Ehtimol. Hozir biror joyga borish qiyin bo’lib qoldi. Metroda nimalar bo’lganini eshitdingizmi?
– Dahshat! Bir joyga boraman, deb yo’lga chiqsang, ishlagandan ko’proq charchaysan.
Yashil, yorug’ havo mashinani to’ldirdi, yo’l-yo’lakay muzeyning qizg’ish devorlari, so’ngra – huquqshunoslik fakul`tetining yangi binosi lip-lip etib o’tib ketdi, shunda 168-chi tezroq marshrutini tugatishga sabri chidamaganday, Leandro Alem bo’ylab uchib ketdi. Ikki marta tartibga soluvchi yo’lni to’sdi, ikki marta shofyor sakramoqqa chog’landi, ikkinchi martasida ham konduktor uni qo’ymadi, o’rtada turib olganicha, xuddi og’riqdan silkiganday, g’azab bilan boshini chayqadi.

Klara tizzalarini ko’ksiga bosdi, hamrohi uning qo’llarini qo’yib yubordi, shunda qiz yigit qo’llarining suyaklari turtib chiqqanligini va unda yo’g’on tomirlar bo’rtib turganligini ko’rdi. Klara hozirga dovur erkak qo’llarining bu qadar kuchli nafrat bilan mushtga aylanganligini ko’rmagan edi, qiz qo’rqqanidan indamay qoldi, ana shu og’ir mushtlarga bo’ysundi. Shunda qiz hozir biror joyga borish qanchalik mashaqqat bo’lib qolganligi haqida, May maydonidagi turnaqator navbatlar haqida, odamlarning qanchalik vahshiylashib ketganliklari, hozir qanchalik sabr-toqatli bo’lish kerakligi haqida ezmalanib gapiraverdi, gapiraverdi. Qiz birdan jim bo’lib qoldi, shunda ular temir yo’l panjarasini ko’rib qoldilar.

Yigit hamyonini chiqarib ichini tita boshladi, uning barmoqlari titradi.
– Ozgina qoldi, — dedi qiz qaddini rostlab.– Yetib qoldik.
– Ha. Burildikmi, tez o’rningizdan turing-da, tushing!
– Bo’pti. Maydonning o’zida.
– Mana-mana. Bekat – nariroqda, Ingliz minorasida. Siz oldin tushasiz, keyin – men.
– Farqi yo’q.
– Yo’q, men – keyin tushaman, shunday qilish kerak. Burildik deguncha, men sizni o’tkazib yuboraman. Tezroq qimirlang, zinaning pastiga tushib oling. Men orqangizda turaman.
– Yaxshi, – dedi Klara yigitga bezovtalanib qarab.– Rahmat.

Shunda ular qanday o’rinlaridan turishni hamda eshikkacha bo’lgan masofani chamalaganlaricha reja tuzishga kirishdilar. Ular muyulishga yetganda, avtobusdan “lip” etib, sakrab tushish osonroq bo’ladi, deb mo’ljal qildilar. 168-chi maydonning o’zida, oynalarini dirillatganicha, bor tezligi bilan burildi. Hamrohi o’rnidan irg’ib turdi, Klara zinada bezovta bo’lib turib qoldi, yigit orqasidan uni pana qildi. Qiz qattiq qaltiraganicha eshikka, qora yo’l-yo’l rezina tasmasiga va oynadagi kir kvadratlarga qaradi; u boshqa hech nimani ko’rgisi kelmayotgan edi.

Yigitning og’ir-og’ir nafasi uning sochlariga tegmoqda edi. Birdan avtobus bir silkindi-da, yonboshiga surilib, to’xtab qoldi – eshik ochildi-yu, haydovchi qo’llarini oldinga cho’zganicha, avtobus o’rtasida yugurdi. Bu orada Klara pastga, maydonga sakrashga, tushishga ulgurgan edi, orqasiga o’girilib, hamrohining pastga sakrayotganligini, avtobus eshiklari qahr bilan yopilganini ko’rdi. Qora rezina tasma haydovchining qo’llarini, oppoq, tik barmoqlarini qisib qoldi. Oynadan konduktor ning rulga qorni bilan yotib olganicha, shofyorni chiqarib yubormaslik uchun eshikni yopadigan richag tomon intilgani ko’rinib turardi.

Hamrohi Klaraning qo’lidan ushlab oldi va ular bolalar bilan muzqaymoq sotuvchilariga epchillik bilan chap berib, maydondan o’tdilar. Ular indamay, bir-birlariga qaramasdan ketmoqda, biroq xursandliklaridan titramoqda edilar. Klaraning ko’zlari o’t-o’lanlarni ham, to’garak gulzorni ham elas-elas ilg’ar, itoat bilan yigit izidan borar, yoqimli shabada yuzlariga urilmoqda edi.

Devor tagida gul sotilmoqda edi. Klaraning hamrohi xarrakda turgan gul savati qarshisida to’xtadi va kapalakgullardan ikki dastasini tanlab oldi. Yigit Klaraga guldastalardan birini, so’ng – ikkinchisini uzatdi, hamyonini chiqarib, gul uchun haq to’ladi va qizdan o’zining gulini oldi. Ular yo’lda davom etdilar (yigit qizning qo’lidan ushlab olmadi), endi ikkalovining ham qo’llarida gullari bor, shundan baxtiyor edilar.

_______________
* P ye s o – Argentina pul birligi.

045

(Tashriflar: umumiy 460, bugungi 1)

Izoh qoldiring