Erkin A’zam. Hulo’l & Erkin A’zam “Ikki eshik orasi” teleloyihasida & “Ertak bilan xayrlashuv” hikoyasi asosida film

08  Бола ҳулўл теришга одатда Рашид жўраси билан бирга келарди. Рашид бугун йўқ – шаҳардаги аммасиникига кетган. У кечаёқ “пилони”ни тўлдириб қўйган эди-да. Шунинг учун бугун ўғил боладан бир ўзи, қизларга дугона бўлиб ҳулўл териб юрибди…

Эркин Аъзам
Ҳ У Л Ў Л
“Қирқ йиллик гурунглар” туркумидан
088

045   Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам 1950 йил 10 августда тоғли Бойсунда туғилган. 1972 йил Тошкент Давлат университети (хозирги Миллий Университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Республика радиосида муҳаррир, «Гулистон» ва «Ёшлик» журналларида бўлим муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида таҳририят мудири бўлди. 1992—1994 йилларда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида бош директори ўринбосари. 1995 йилдан «Тафаккур» журнали бош муҳаррири I, II чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати.
«Чироқлар ўчмаган кеча» (1977), «Отойининг тутилган йили» (1981), «Олам ям-яшил» (1984), «Жавоб» (1986), «Байрамдан бошқа кунлар» (1988), «Мир в цветах» (1999), «Пакананинг ошиқ кўнгли» (2001), «Кечикаётган одам» (2002) тўпламлари муаллифи. Ёзувчи асарлари асосида «Чантриморе», «Пиёда», «Дилхирож», «Сув ёқалаб», «Забаржад», «Жаннат қайдадир»“Паризод” ва бир қатор бадиий филмлар суратга олинган. Асарларини руҳан бирлаштириб турадиган жиҳат — инсоний эрк, хар қандай зўравонликка муносабат масаласидир.

09

Бойбичча одамга шундай тик, босиб қарар эдики, саросимада кўзингни олиб қочишдан ўзга илож тополмасдинг. Худди сирингни, нозик бир айбгинангни биладигандек! Анчайин сўз қотганида ҳам ё бирор нимани сўраб савол берганида ҳам шу. Сен эса дафъатан кичрайиб, ёш болага – етти-саккиз яшар болакайга ўхшаб қоласан. Етти-саккиз яшар болакайга… Олис, жуда олис бир манзара ғира-шира кўз ўнгингда жонланиб, хижолатдан теварак-атрофга аланглай бошлайсан. Теварак-атроф! Бу гирди-жавонибда бошқа шундай “теварак-атроф” бормикан? Бўлиши мумкинми?..

– Ҳайрон бўлманг, – дейди Бойбичча аслзодаларга хос сиповор жилмайиб, – ҳаммасини ўзим, мана шу қўлгиналарим билан ўтқазган, ўзим парваришлаганман. – Сўзининг исботигами, у икки кафтини тилангансимон олдинга чўзиб кўрсатади. Бармоқлари узун-узун, сип-силлиқ – “совуқ сувга урилмаган”. Қўлқоп кийиб қилганмикан бунча ишни? Ҳалитдан бери, бирининг қўлида белкурак, бирининг қўлида токқайчи ё дасткалла, боғу боғот оралаб юрган уч-тўрт дастёру мардикорнинг касби нима экан унда? Тўғри, бу кишим сип-силлиқ бармоқларини қуймучига қўйиб йўл-йўриқ кўрсатиб турган: кавла-кўм, бунисини кес, унисини тиклаб-тараб қўй! Бош соҳибкор ўзлари, албатта. Демак – ғоя муаллифи! – Ўзим, ўзим. Хўжайин эртаю кеч кўчада, хўжайинчилигини қилиб юради, холос. – У тағин тешиб юборгудек, аммо синовчан тикилади. Қўйкўз, тарғилроққа ҳам мойилмикан… – Ишонмаяпсиз-а?

Ишонмай кўринг-чи! Бу хотин анойилардан эмас. Азалдан. Бир балоси борки, мана, яқин бир соатдан буён рўпарасида ўтирган эркак кишига – қирқ йиллар бадалида энди кўриб турган деярли нотаниш одамга сира тап тортмай тикилади, дадил гап бериб, гап олади. Ҳа, ҳар балоси бор бунинг. Йўқ нарсаси йўқдир. Яна қайдам дейсиз. Бу виқор, бу ўктамона қарашлар бекоргами?

Дарвоқе, шундайин олиймақом хоним нега шоҳона дастурхон тузаб, ҳув бир замонлардаги болалик қўшнисини азза-базза меҳмонга чорлаб, бамайлихотир гап сотиб ўтирибди? Бу важоҳату бу қудратига катта-катта мансабларни эгаллаб, манаман деган эркакларни оғзига қаратиб юрмайдими?!

Бойбичча қўшузукли бармоқларини панжарага тираб, ёнбошлаганча пастга энгашади.

– Ҳув ановини кўряпсизми? Орхидея! Голландиядан опкелганман. Бахмалдай қоп-қора атиргулларим ҳам бор. Арчанинг орқасида, ҳозир кўринмаяпти. Лолаю атиргул дегани ўзимизда ҳам тиқилиб ётибди-ю, антиқаларига қизиқаман-да.

Қанчалаб шаҳру чаманларни кезган сендек одам атиргул билан лоладан ўзгасини фарқлаёлмайсан. Рангу хилини-ку айтмаса ҳам бўлади. Гирд-атрофи яккаш пахтазордан иборат зебсиз бир гўшаларда эса бу хотин ажабтовур жаннат қуриб, антиқа чаманлар яратиб қўйибди! Орхидея, қора атиргул, кўк атиргул… Сеҳргар, сеҳргар!

Аллақачон оқшом тушган бўлса-да, бу ажиб чорбоғдан нарилар ҳамон тандирдек қизиб ётганига қарамай, ҳовли ўртасида қад ростлаган кўшксимон шийпоннинг ҳавоси буткул ўзгача эди. Бурчакда турган дароз кондиционер беҳишт насимини пуркаб, аллақандай хуш бўй таратади.

Ўша ёққа тикилиб қолганингни кўрган Бойбичча беозор изоҳ беради:

– Яхши-я? Мушки анбар. Бир томчигина томизиб қўйсангиз бас. Тепасида туйнукчаси бор. Дубайдан келган. Дубайда бўлганмисиз? Вой, бир магазинига кирди-ик – шаҳар дейсиз, шаҳар! Жазирама ёз ҳам шунда, қаҳратон қиш ҳам шунда. Бир ёқ саҳро, бир ёғи оппоқ қор қоплаган тепаликлар. Пастроғ-у, лекин худди ўзимизнинг Жийдали адирларини эслатади. Ишонсангиз, битта-ярим эринмагани пўстин кийиб чанғи учиб ҳам юрибди! Воажаб деб ёқамни ушлаб қолибман. Бўлмаса – тўрт томон саҳро! Арабистон-да! – Саёҳатини таърифлай-таърифлай, Бойбичча туйқус одатдагидек ўткир тикилиб қарайди. – Дубайчи хотинлардан бўпкетибди деб ўйламанг тағин. Бошимга ураманми! Шунчаки томошага борувдик. Хўжайин билан. Келаси йил ҳажга опкетмоқчилар. Мен… ҳожи она бўламанми? Ҳозирданоқ! Йўқ… Роса мақтандим-а? – У бир сония алланечук мунгли қиёфага киради; ярашмас экан. – Нимамгаям мақтанардим, дўстим! Юринг, яхшиси, мақтанадиган нарсаларимни кўрсатай сизга… Камхўр экансиз-а, дастурхонга ҳам қарамадингиз тузук…

Мезбон билан бирга-бирга баланд кенг-мўл зинапоядан ҳовлига энасизлар.

“Ўта муҳим” бир тадбир юзасидан дашт туманига йўлинг тушган. (Бу юртда пахта экмайдиган жойлар ҳам бор, масалан – тоғ этагидаги сен туғилиб ўсган Жийдали. Асосан лалмикор Жийдали аҳли воҳа жанубида ястанган барча пахтакор ҳудудларни дашт тумани ҳисоблайди; ўзлари гўё обод манзиллардан, салкам шаҳарлик!)

Тантанали йиғилишда сўзга чиқдинг, “пойтахтдан ташриф буюрган вакил” сифатида олқишга эга бўлдинг. Тадбирдан сўнг бир тўп эски кўрган-билганларинг қуршаб олди. Чунки бу ерлар сенга болаликдан таниш. Даставвал бобонг билан момонг шу жойларда капа тикиб, қўриқ чўлни ўзлаштирган; чивинини қарғаб жаврагани жавраган эди кампир. Кейин – яланг сафсата билан кун кўрадиган Жийдалининг қаддини сал-пал тикламоқ мақсадида, асли боғдорчилик агрономи бўлган отанг келиб бўз ерларга “оқ олтин” экди; кузда ўзинг ҳам мана шу навҳосил далаларда жавлон уриб пахта тергансан, кўсак йиққансан. Хуллас, бегона эмас сенга бу ерлар – шимол тарафдаги тоғлари осмонга тиғ уриб турган ажойибу ғаройиб Жийдалининг этаги, бир парчаси, нафасгинаси келиб туради. Боз устига бу ердагиларнинг кўпчилиги асли ўша Жийдалидан, бир замонлар чўл ўзлаштиргани келиб, пахтанинг нони ширин экан дея биратўла қолиб кетган.

Бугун тушдан кейин Тошкентга самолёт учмасди. Арзанда бир манзилда жой ҳозирланган экан, «бир пиёла чой»дан сўнг келиб энди оёқ узатган эдингки, эшик қоқиб ҳалиги киши пайдо бўлди, “Бойбиччамиз қараб ўтирибди, юрмасангиз бўлмайди” дея қистаб қўймади. Боя йиғилиш якунида сени ўраб олганлар сафида айрича ажралиб кўринган узун бўйли, қиррабурун одам. У сал нарида савлат тўкиб қаққайган, худди эскидан таниш сингари хиёл жилмайиб қараб турар эди. Ҳа, ҳа, ростдан ҳам танишдек, нимасидир таниш. Туб Жийдалидан бўлмаса-да, юқорироқ – тоғ тарафлардан чиқар. Қош-кўзи сурма суртилган мисол қоп-қора, истарали, зотдор.

Зотдорлиги аниқ шекилли, бошқалар билан саломлашув-сўрашув бирмунча суюқлашиб у сен сари юрганида ҳамма бирваракай чекиниб-йўл очиб, алланечук эҳтиром ила сизларга боқиб турди.

Дарҳақиқат, эски қадрдонлар каби қуюқ сўрашиб, ҳатто бағирлашгач, ҳалиги одам тирсагингдан тутиб сени четга бошлади.

– Бу оқшом бизникида меҳмон бўласиз, ҳамшаҳар, – деди эътирозга ўрин қолдирмайдиган қилиб. – Сизни эшитган экан, албатта олиб келасиз, деяпти бизнинг бойбичча. – Афтингдан ажабсиниш сездими, кейин изоҳ берди: – Назокат, Назокат. Синфдошингизми… Қўшни ҳам бўлган экансизлар…

– Назокат? Синфдошим? – дединг дабдурустдан ўзингга келолмай – эслаёлмай. Лекин сиполикни қўлдан бермадинг: – Ҳа, ҳа. Шу ердами у киши?

– Ия, билмасмидингиз, бизга тушган-да!

Хуллас, омонат ваъдани олиб даврадан чиқар экан, яна барча боягидек тисланиб, тавозеланиб, ошкора ялтоқилик билан кузатиб қолди уни.

– Сувон ака билан қалин экансизлар-а? – деди даврадагилардан бирови яқин келиб, ҳавас аралаш.
– Унчаликмас, – дединг паришон бир кўйда. – Нима иш қилади ўзи?
– Бу яқин атрофни ўтқазиб-турғизадиган киши шу-да – Сувон бойвачча!
– Шу денг… – Ҳозир қулоғингга бошқа гап кирмасди. Назокат? Қайси Назокат эди?

Кейин, меҳмонхонага келибгина ёдингга тушди. Эсладинг, эсладинг, албатта. Аммо кўргач, барибир таниёлмадинг, ўхшатолмадинг. Худди телевизорда кўрсатиладиган бир-бирига уйқаш кинолардаги – ўтирган уйида ҳам ясан-тусанни қўймайдиган маккор қайнонанинг ўзгинаси! Бойбичча. Негадир қизлик овози ёдингда қолган: эркасимон, аллақандай истиғноли. Одам ҳар қанча ўзгарса ўзгарар, лекин товушидан таниса бўлади, дейишарди. Йўқ, бекор гап экан – бойвуччаларга хос ҳукмфармо, “тақлидчи” бир овоз! Эркалик – таннозликка, табиий истиғно димоқ-фироққа айланган. Бешинчи синфга ўтгандами, улар Жийдалидан кўчиб кетишган эди; шу-шу, негадир унинг ўзи (қиз Назокат) эмас, бошқа бир манзара хотирангда қолган…

Бойбичча сизларни нақд дарвоза оғзида қарши олди. Бошлаб келган эрининг олдида тап тортмай кифтингдан қучиб, опаларчами, холаларчами бир меҳр билан бўйнингдан ўпиб ҳам қўйди. Кейин сўрашиб-сўрашмай олдинга тушиб, кўшксимон шийпон сари йўл тортди.

– Шошманг, хоним, – деди уй эгаси жойида тўхтаб. – Бу ишларнинг илму амали бўларди… Меҳмонимизнинг шарафига, оёқларининг остида…

Бойбичча ўгирилиб ҳам қарамай жавоб берди:

– Аллақачон сўйилган! Нариги ҳовлида, чорвахонангизда. Пашшани вижиллатиб нима қиласиз бу ёқда?!

Шийпонда қўярда-қўймай сени узун столнинг тўрига ўтқаздилар. Уй эгаси ўзи ёнбошдан жой олди. Бойбичча дастурхон устидаги ҳарир ёпинчиқни икки четидан тортиб оҳиста сидирди-да, буклай-буклай бир четга ташлаб, келиб эрига рўбарў ўтирди.

– Қани, омин! – деди уй хўжаси дуога қўл очиб.

Юзларга фотиҳа тортилгач, Бойбичча кафтини кўксига босиб енгилгина қўзғалганча меҳмонга – сенга таъзиму илтифот изҳор этган бўлди. Сўнг хумчойнакнинг зарқалпоғини кўтариб чой қуймоққа уннар экан, эрмакка жилмайган каби:

– Дастурхон томошага эмас, меҳмон, марҳамат қилинг, – деди.

Дастурхон айни томошабоп эдики, бир назар ташлаган одам бунга камоли амин бўларди: бамисоли дунё неъматларининг сархил намойиши дейсиз!

Ноз-неъмат бисёр-у, ўртада гап-сўз кам эди – аллақандай сипогарчиликми, қовушимсизлик халал бериб турарди.

Ҳашаматли ҳовли-жой ва бу чаман чорбоққа аланглаб ўтираверишдан ахийри чарчадинг, диққатинг ошди.

– Меҳмонларингиз қачон келади энди? – деб сўрадинг гап тополмай уй хўжасидан.

Бойбичча яна боягидек эрмакка жилмайиб, эрининг ўрнига ҳукм қилди:

– Меҳмонимиз – сиз! Бошқа ҳеч ким! Ўзимиз, холос!

– Ўн-ўн беш кишилик жой-ку бу! – дединг дастурхонга ишоратан.

– Айланишиб ўтираверамиз-да, хоҳлаган жойимизга, – деди уй хўжаси дали-ғулилик билан. – Аввал олдимиздагини шипирамиз, кейин у ёғига ўтамиз. А, бойбичча?

– Ундай бўлса, – дея шитоб ўрнингдан турдинг, – битта нари суриласиз, Сувон ака. Столнинг бошида ўтириб олиб худди мажлис қилаётгандай бўляпти одам…

– Ие-ие, олдингиздаги нарсаларга қўл ҳам тегизилмабди-ку, иним, йўқ, рухсат йўқ! – деди Сувон ака ҳазилаки тархашлик қилиб, лекин кейинги курсига кўчиб, ёнидан жой бўшатди.

Бундай ўтирмоқнинг ҳам жазоси бор экан – худди Бойбиччага рўбарў! Беихтиёр нигоҳинг тушиб кетганда ҳам ўзингни ўнғайсиз сезасан: эри ёнингда, қандай нусхалиги ҳозирча номаълум. Бойбиччанинг ўзи эса кўзини сенга лўқ қилиб эмин-эркин ўтирибди.

Ноиложликдан ёнингга бурилиб шеригинг билан эркакча мавзуларда гурунг қилмоққа уринасан. Бу ҳам беҳуда.

– Шундоқ девор-дармиён қўшни эдик, – дея дарров орага суқилиб, эрига изоҳ бера бошлайди Бойбичча. – Ўртада катта бир кўксултон. Шу пишганида… ия, пишмоқ қайда дейсиз, ғўралигидаёқ биз бу ёқдаги шохига ёпишамиз, булар – у ёқдагисига. Ўзаро жанжал! Қаранг, бола эканмиз-да, а! Томорқаларимизнинг этаги колхознинг кенгдан-кенг боғи денг. Ёз кунларимиз ўша ёқда ўтади кўпинча. Гоҳ узуми пишади, гоҳ зардолиси. Кузакда эналаримиз қўлимизга қоп тутқазиб, хазон тўплашга жўнатади. Кўрпадай бўлиб ётибди, у ёқдан-бу ёққа думалаймиз, бу ёқдан-у ёққа. Зардолининг хазони тандирни яшнатади-да.

– Ҳа, биз ҳам биламиз, биз ҳам бола бўлганмиз, – дея хушҳол кулимсираб қўяди эри. – Зардоли деганингиз ҳам, хашак-хазонлари ҳам асли биз томонда, тоғларда-ку!

Бойбичча бир маҳал шўхлик билан сенга кўз қисиб:

– Ўшандаги лақабингиз эсингиздадир? – деб қолсами! – Бу кишининг олдида айтсам хафа бўлмассиз?

– Айтинг. Айтаверинг, – дединг юрагинг шув этиб. Гумонинг бошқа ёқдан эди – бу хотиндан ҳар гапни кутиш мумкин.

– Қоравой! Шунақа эди-я? “Қоравой, қоравой” деса баттар кўкариб, жаҳлингиз чиқиб кетарди, тўғрими? Мана, мана, ҳозир ҳам бирдан…

Эр хотинига норозироқ тикилиб қараганини пайқайсан.

– Ҳа, қорани қора дейди-да. Нима, энди оқариб қолибмизми, ўша-ўша!

– Йўқ, энди бошқасиз. Сочларингиз оқарган, ўзингизга ярашган. Бунинг устига – таниқли, ҳаммага!

– Э-э, қўйинг, – дейсан зўраки илжайиб. – Қайтиб ўша қоравой бўлишга рози эдим!

– Шуни айтинг, – дейди Бойбичча ногоҳ маъюс тортиб. – Ўша кўксултон талашиб юрган давр­ларимиз ҳам давр экан. Бошқа ғаму ташвиш йўқ эди-да. Эсизгина…

Телефончаси зув-зув товуш чиқариб, Сувон ака ён-верини пайпаслай-пайпаслай ўрнидан қўзғалди. Шийпоннинг нариги бошига юриб, ким биландир сўзлашмоққа тушди, гаплари эшитилиб турарди.

– Ҳа Алиқул, яна нима ғалва? Нима-а? Ҳозирми? Бандроқ эдим-ку, иним, ўзингиз бир бало қиларсиз. Э, шундайми? Бирпасга бўлса майли, майли…

Сувон ака телефончасини буклаб ёнига солди-да, ташвишманд одимлаб хотинининг қошига келди, ҳисоб бера бошлади:

– Сардорип! Бирров кепкетсангиз, деяпти. Зарур маслаҳати бормиш.

– Сиздан бемаслаҳат уйидаги хотинига бирор нима деёлармикан ўзи шу?! Мен сизга бошиданоқ айтувдим-а, бунингиз ярамайди, латтачайнар деб! Уйда меҳмоним бор, азиз меҳмон, демайсизми ахир!

– Ким экан деб қолса-чи? Бу кишини эшитса-ку, зинғиллаб етиб келади. Ё чақирсаммикан, нима дейсиз?

– Қўйинг! Ўзи ҳар ҳафта шу ерда, жонга теккан! Нима маслаҳат дейди?

– Ободончилик масаласимишми-ей…

– Раҳбар аталгандан кейин ўзи қилавермайди ободончилигини?! – Бойбичча қулочини кенг ёзиб човуллади: – Мана, қилиб қўйибмиз-ку биз!

– Аслида ҳокимлик ўзингизники эди-я, хоним. “Мактабгача тарбия”да ўқиб хато қилгансиз-да.

– Э, бошимга ураманми, шу куним ўзи пошшолик!

– Ярим соатга қолмай қайтаман, меҳмон, кўнглингизга олмайсиз-да энди, – деди Сувон ака хижолатомуз. – Сизлар мана Бойбичча билан хазон-хузонларингдан гурунг қилиб ўтирасизлар, хўпми? – Сўнг у ҳовли тарафга юзланиб кимнидир чақира бошлади: – Саттор! Ҳў Саттор! Мошинангни қўш, укам!

У зинадан тушиб бораркан, орқасидан хотини афтини буриштириб, ижирғаниб қолди.

– Ҳар ҳолда раҳбар экан, бормаса бўлмас, – дея уни муросага йўлламоқчи бўласан ўзингча.

– Э, ўзи қўйдирган уни! – дейди Бойбичча баттар чимирилиб. – Гаҳ деса, қўлига қўнади. Уйда сиздек меҳмон бўлатуриб… Бор, тошингни тер демайдими одам! Раҳбар эмишлар! Ҳузурларига чақирармишлар! Ўргилдим сендақа ободончидан! Ярим йилга қолдирмай из-зингни қуритмасам!.. – У бирйўла сенинг – меҳмоннинг ҳам изини қуритмоқчидек ўткир бир тикилади-ю, кутилмаганда хандон отиб кулиб юборади. – Майли, борса борақолсин. Ўзимиз ҳам ёмонмасмиз, тўғрими? Келинг, ўзимиз ўтирақоламиз, қора… иҳ!

Кеч намозшом, гирд-атроф кўм-кўк гулу бута, баланд-баланд серсоя дарахтларга ғарқ бўлса-да, ҳовли салқин шийпонга нисбатан хийла тафтдор эди; аллақаёқда жилдираб турган сув саси ҳам, газон экилган кенг-кенг майдонларнинг ҳар жой-ҳар жойидан зарра сочаётган жажжи фавворалар ҳам, кўзни қувнатса-да, танга роҳат бағишлаёлмасди. Дашт ҳавоси-да.

Бойбичча боғ сайрини шийпон теграсидаги гулзорлари намойишидан бошлади.

Шийпоннинг икки ёнбошида чорбурчак шаклли, орқа томонида эса доирасимон чаманзор яшнаб ётар, ҳали тепадан қараганда турфаранг шарчаларга ўхшаб кўринган пастак ерчироқлар ёғдусида улар анвойи манзара касб этган, қайси чечакнинг туси асли қанақалигини ажратиб бўлмас эди.

Айниқса, доирасимон гулзор диққатингни тортди – бунақасини кўрмагансан. Беш ҳалқадан иборат айлана, ҳар ҳалқасига бир тур гул терилган, беш ҳалқа – беш хил! Доира бўйлаб ерчироқлар, гулзорнинг қоқ ўртасида эса мисбадан санам, кифтидаги кўзадан отилаётган сув атрофга кумуш, қизил, пушти зарраларга эврилиб пуркалмоқда. Ажаб, дунёда шунча гулу чечак, шунча аломат жилвалар бор экан-а! Сенга қолса гул – шунчаки бир чечак, нари борса, атиргул билан лола, холос!

Бойбичча гулзор айланиб, ҳар тупининг бошида тўхтаб-тўхтаб, энгашган кўйи силай-силай, ажиб бир ривоят сўйлаётган каби зўр ихлос ва завқ билан ижикилаб изоҳ беради, ҳар гул, ҳар бутанинг тарихи, ҳикматию хислатларидан эринмай сўз юритади.

– Ҳув ўртадаги айланани кўряпсизми – энг кичиги, бешинчиси? Орхидея деганимиз шу! Биласиз-а, ноёб гул! Голландиядан келган. Бошқа жойдан тополмайсиз… Бериги қатор – Ҳиндистонники… Ўрта Ер денгизи бўйлаб саёҳатга борганимизда…

Бойбиччанинг сафар таассуротлари ҳам балки қизиқдир, бироқ шу тобда негадир қулоғингга гап кирмайди. Бу гулларнинг қай манзиллардан, қай йўллар билан келтирилганию қандай парваришланиши ёки хусусиятларининг сенга нима кераги бор? Гулзорингиз ҳақиқатан гўзал, ўзингиз чиндан-да гул шайдоси экансиз, мана, кўрдик, томоша қилдик, ҳузурландик, ҳимматингизга офарин, тасанно, Бойбиччам, бўлди энди!

Гул сайридан сўнг соҳибкор хоним сени икки четида пакана-пакана кузама арчалар қаторлашган нақшин тош йўлкадан боғ сари етаклайди. Беш-ўн қадам юриб таққа тўхтайди.

– Ҳидини қаранг! – дейди деворни қоплаб-чирмашиб ётган сариқ гулли аллақандай бутани кўрсатиб. – Зўр-а? Фаранги атирларнинг сира даркори йўқ… Санамгул дейди буни. Туркиядан олиб келганмиз. Вой, қурғур божхонасидан ўтказиш шундоқ қийин бўлган!..

Боғ этагига етмай туриб ён томонда мовий бир эшикча кўринди, у ёқдан сувнинг шовуллаши ва алланиманинг бўғиқ гувуллаши эшитиларди.

– Бассейн. Мотори. Кўрасизми? Ҳай, қўйинг, ҳали хўжайин келганида кириб бир шўнғиб оларсизлар. Анов Алиқул тўрам келган заҳоти шу ёққа қараб чопади. Сув – жони-дили. Раҳбар бўлсанг қуриб ол ўзингга!.. Хўжайиннинг отхонаси ҳам шу тарафда. Иккита кийиги ҳам бор. Тоғдан ўзим тутганман, дейди, қайдам… Юринг, энди сизга бир нарсани кўрсатай…

Йўлканинг адоғидан сўлга бурилиб, буталар оралай-оралай хилват бир бурчакка бориб қоласизлар. Қоронғи, ерчироқлар шуъласи бу тарафга етмайди. Бойбичча бўйнига осиб олган телефончасининг чироғини ёқиб, ўша ёққа тутади. Деворга қапишиб ўсган аллақандай бута, тиканак босиб ётибди. Ҳар-ҳар жойида шиғил уриб қип-қизил мевалари чўғланиб кўринади.

– Нимайди бу? – деб сўрайсан хавотир аралаш ҳайратинг ошиб. – Шошманг, ҳулўлга ўхшайдими?..

– Ҳулўл, ҳулўл, топдингиз! Ҳув ўша ўзимизнинг ҳулўл. Эсингиздадир?.. Атай олиб келиб ўтқазганман. Шу ерга, кўздан нарироқ деб… Энди билдингизми сизни нега чақиртирганимни?.. Кўнглингизга олмассиз, дўстим, шу ёшда мен ўлгурнинг ҳам бир болалигим тутди-да, айбситманг.

– Кимдан бошлаймиз бўлмаса? – дейсан бехос сенинг ҳам болалигинг тутиб. – Олдин – сен!..

– Йўқ, қоравой, сен! Бизлар иккита, сен – бир ўзинг…

Бойбичча бирдан хандон уриб елкангга бир туширади.

– Э, боринг-э! Бошдан ҳам қўрқоқ эдингиз, қўрқоқ! Ўғил бола бўлатуриб қочиб кетгансиз, ёдингиздами?

Шундан сўнг бир сўз демай паришонҳол одимлаб шийпонга қайтасизлар.

… – Иштонингниям, иштонингниям! – дейди шаддод Назокат зуғумини кучайтириб.

Алвонтоб ғижим кўйлагини бошидан чиқариб, қўлида тутамлаб турган лақма қиз – Ойбиби зулм­корига анграйиб, хўрлик аралаш боқади. Билагу бўйинларида қонталаш чизиқлар – ҳулўлга ёпишганида тилган, тирналган. Бурун четларида мишиқ ялтираб қолган қора-қура бет-боши ҳам шу аҳвол.

– Еч, еч! – дея унинг иштонбоғидан тортади Назокат. – Бўлмаса, ҳаммага айтиб чиқаман!

Бу манзарадан серрайиб қолган бола эса ҳайрон: “Нимани айтиб чиқар экан?”

Ойбиби кўйлагини хас-хашак устига ташлаб, болага тикила-тикила лозимини тушира бошлайди.

Бола ҳали ўзи англаб етмаган бир ҳисдан чиртта ўгирилиб олади. Ўлгур Назокат энди унга ташланиб, кафтлари билан юзини ўша томон бурмоқ бўлади:

– Қара! Қарайсан!

Кўз қири илғаб қолганлари… Саккиз-тўққиз яшар қип яланғоч қизча. Чилчўпдек. Қовурғалари саналиб турибди. Маллага мойил тўзғоқ соч толалари бир-бирига ёпишган. Оёғида йиртиқ калишча. Овсарона мўлтираб қараб қолган. Аҳмоқ қиз!

– Энди – сен, – дейди Назокат боланинг ёқасига қўл чўзиб. – Еч!

Булардан у бир-икки синф олдинда ўқийди. Ўзи ҳам дуркунроқ, қўғирчоқдеккина. Маҳалла-ўрамдаги энг хушрўй қиз шу. Кўрган одамнинг ҳаваси келади. Боланинг ҳам. Лекин – ичида.

– Йўқ, – дейди бола тўрсайганча юлқиниб. – Уяламан.

– Анови уялмади-ю, ўғил бола бўлатуриб… Энди сени қиз бола деймиз. Қиз бола-а, қиз бола!

Боланинг алами келади.

– Бўлмаса ўзинг ҳам… – дея дангал шарт қўяди у аччиқланиб. – Ундан кейин мен…

– Ме-ен?! – дейди Назокат энсаси қотгандек, ғолибона тиржайиб. – Э, бор-э! – У кўкрагидан итариб юборади. – Ўғил бола эмиш! Ҳе, ўл-э, қоравой!

Кутилмаган зарбдан ерга ўтириб қолган бола апил-тапил ҳулўлхалтасини судраб дарахтзорга уради ўзини.

Ташландиқ колхоз ерлари. Ҳаммаёқ хас-хашак. Қаровсиз шароби узум занглари ёввойи олчаю қаролилар шохига чирмашиб кетган, ертоклар оёқости бўлиб ётибди – далага ҳайдалган мол-ҳол ғўралигича ғажиб, новдаларини яланғочлаб ташлаган. Этакдаги ўрикзор ичи қонталаш хазонга тўла. Эрта-индин буларни ҳам оналарнинг жаврови остида қопларга жойлаб тандирхонага ташиш керак. Ана ўшанда тағин… Назокатга дуч келасан! Юраги ғаш тортиб, боланинг баттар алами ошди.

Боғнинг ҳар-ҳар ерида ғуж бўлиб тиканак босган ҳулўл ўсади. Дона-доналаб уни териш ўлгудек азоб. Бармоқлар тилиниб, қонаб кетади. Кечаси онанг чирқиратиб қўлларингни аввал иссиқ сувга тиқиб олади-да, кейин вазелин суртиб, боғлаб қўяди. Эртаси куни яна шу дарди бало! Душанбагача ҳар бир ўқувчи мактабга олти килодан ҳулўл териб бориши шарт, бўлмаса – дарсга қўйилмайди. Қоида шундай. Мажбурият. Аксига олиб боланинг, Назокат ва анови уятсиз мишиқининг уйлари бу ерга яқин, шундоққина боғларининг этагига туташ. Ҳулўлзор мўл бунда, ҳам дала қоровули доримайдиган овлоқ жой.

Бола ҳулўл теришга одатда Рашид жўраси билан бирга келарди. Рашид бугун йўқ – шаҳардаги аммасиникига кетган. У кечаёқ “пилони”ни тўлдириб қўйган эди-да. Шунинг учун бугун ўғил боладан бир ўзи, қизларга дугона бўлиб ҳулўл териб юрибди.
Дарвоқе, у ҳув наридан термоқда, халтаси ҳам тўлаёзган, мўлжалича, яна сал ғайрат қилса “пилон”га етиши нақд эди. Қаёқдан ҳам анови шайтон қиз чақириб қолди-я! Ростини айтганда-ку, ўзининг ҳам бир кўнгли шу ёқда эди. Ёлғиз, яккамоховга ўхшаб юргандан кўра, қақажонгина Назокат билан бирга-бирга теришса яхши эмасми? Шу қизнинг асли бир иссиғи бор, доим кўргинг, олдига боргинг келаверади. Боришга борасан-у, балога қоласан – “қоравой, қоп-қоравой” деб мазах қиладими-ей, бирор сўзингни тутиб олиб устингдан куладими-ей… Лекин ўзи чорлаб қолгудек бўлса, барибир жон-жон деб олдига чопасан.

– Қоравой, ҳой қоравой! – деб чақирарди у одатдаги эркасимон товушда. – Бу ёққа кел-да, бир гап бор. Кўрасан, қизиқ!..

Мана оқибати – елкангда ҳулўлтўрва, ўз-ўзидан хўрлигинг тошиб қачондан бери хасу хазон оралаб юрибсан!..

Ўша кунлар ўзи кўп ажаб савдолар бўлган эди-да…

Бола халтасини елкалаб уйга келса, қандайдир ғавғонинг устидан чиқди. Гужум соясидаги ёғоч каравотнинг тўрида икки қўлини ёстиқ устига ёстиқ қилган кўйи мудом мудраб ётадиган бобоси бугун негадир мункайиб ўтирибди. Соқолини тутамлаган кўйи дам-бадам бошини кўтариб, оёқларини осилтирганча каравот қирғоғига омонат ўрнашган кенжа амакисига бир-бир ўқрайиб олади. Лекин миқ этиш йўқ. Оғир бир гуноҳ қилгандек амакисининг боши хам, ўртасидан фарқ очилиб чаккасига тушган қуюқ сочини ҳар замонда силай-силай қулоқ ортига суриб қўяди. Дока рўмолининг учини лабига босганча каравот панжарасига суяниб тик турган момоси ниманидир кутибми, бир ўғлига қарайди, бир чолига. Ҳеч кимдан садо чиқмаётганини кўргач, кампир муштуми билан чолнинг елкасига ниқтайди: бир нима десангиз-чи, ахир! Чол унга бир ўқраяди-ю, ўғлига бефарқ назар ташлаб, яна бошини қуйи солинтиради. Шунда кампир аста энгашиб, панжарага суяб қўйилган ҳассани олиб унга тутқазади: уринг, бир солмайсизми! Чол ҳассасига бир қарайди-да, вазмин бурилиб уни яна жойига тираб қўяди. Кампир ҳам бўш келмайди – қайтиб ҳассани олиб беради. Бу гал чол унинг дастасидан маҳкам чангаллаб бир зум қалтираб туради ва ғазаб ичида қаттиқ сермаб юборади. Қўлидан чиқиб кетган ҳасса ҳовлининг қоқ ўртасига бориб тушиб, тенг иккига бўлинади. Бир учи кампирнинг иягини “силаб” ўтганми, у даҳанини чангаллаганча увилламоққа тушади. Сўнг юлқина бориб ҳовлининг ўртасига ўтириб олади, икки қўлида ҳассанинг икки синиғи, тақрон ерни савалай бошлайди:

– Энди қандай бош кўтариб юраман, дод! Эшитган эл-улус нима дейди, дод! Шарманда хотинбознинг энаси бўлдимми, дод!

Чол каравотдан туриб наъра тортади:

– Бас қил, ҳўв эсипаст!

Бошига ногаҳон калтак тушган каби кампир бирдан жимиб қолади. Синиқ калтаклар ҳам ҳаракатдан тўхтаган. Эшитилар-эшитилмас ҳиқиллаш бор ҳали…

Чол гуноҳкор ўғилга қаттиқ бир тикилиб, дев мисоли вишиллайди:

– Тур, кўзимга кўринма!

Ўғил ердан кўз узмай дарвозахона томон юради – кўчага! Ҳали-бери бу хонадонда тинчлик йўқ…

Бўлган можаро гувоҳлари ҳовлининг ҳар жойида серрайиб қолган; бола, боланинг онаси, катта янгаси, кичик янгаси…

Момо яна талай замон ҳовли ўртасида ўша тахлит ҳиқиллаб ўтиради. Бобонинг зовитасидан чўчибми, биров унга яқин боролмайди.

Ниҳоят, чол пинакка кетгач, икки келин – боланинг онаси билан катта янгаси қайноналарини қўлтиқлаб-суяганча уйга олиб кириб кетишади. Кенжа келиннинг аллақачон қораси ўчган – ичкарида ёстиқ қучоқлаб пешонасини қарғаб ётган бўлса керак. Ўзи азалдан тегманозик, аразчироқ. Бугун эса баттар куни туғди: асосий даъвогару асосий домангир шу-да!

Бу савдоларнинг сабаб-маънисини англамоққа ҳали ғўрлик қилган бола бекорчиликдан кўчага дайдиб кетади.

Кечқурунга борибгина баъзи гапларнинг фаҳмига етгандек бўлди у.

Олачалпоқ шира босган тол тагида велосипедини тузатмоқда эди. Ҳулўлга овора бўлиб неча кундан бери қараёлгани йўқ – ғилдиракларнинг дами чиққан, занжирлари ҳам бўшаб ётарди. Икки овсин – онаси билан катта янгаси нарироқдаги ўчоқбошида куйманишиб, кечки овқатга ҳозирлик кўришаётир. Ўзаро пичир-пичир қилиб қўйишади. Ҳовлининг нариги бошидаги айвон четида тоғорани оёқлари орасига олиб, ўзича қарғана-қарғана “жабрдийда” янга кир муштлагани мушт­лаган – аламини шундан олмоқчидек.

Катта янганинг пичингнамо ҳазили эшитилади:

– Кошки энди бу доғни кетказиб бўлса!..

Онасининг луқмаси:

– Ўлгур Майрамингизнинг ўзиям дўлкигина-да, ҳар ёғини селкиллатиб илжайганми-қўйганми денг…

– Уни-ку айтманг, бобонгизнинг ҳалиги қилиғи кишини донг қолдирди. Бор ишни қилган ўғилга ғиринг дейиш йўқ, қайтага кампир бечоранинг бошини уриб ёраёзди-я! Эркак дегани барибир эркакнинг ёнини олар экан-да, а, дугона? Худдики яхши қипсан, ўғлим, сеники маъқул дегандай… Тавба! Қўйиб берсангиз, ўзлариям ўша ёқларга бир ораласа!..

– Ундай деманг-э, овсинжон. Шу хонадонга келин бўлиб тушибманки, ҳали бирон марта бетингизга ботиниб тикилганларини билмайман. Кўзлари доим ерда, тош санагандай. Боз устига, мўйсафид одам…

– Мўйсафидми, баломи, эркак қавми-да, овсин! Очиқ ётган қозонга қайси ит бурилиб қарамайди деган гап бор-ку…

– Тузук туринг-э, ўзимизнинг бобо-я?.. Отамиз қатори ахир!

– Ҳа, нима дейсиз бўлмаса? Мулла акамнинг қулоқларига етсами, оташинроқ одам, укалариниям, унга пишанг бериб ўтирган бобонгизниям тек қўймас-ов. Бизнинг хўжайин қайдандир эшитгандек бўптими, ҳали кулиб нима дейди денг: “Ҳай, ёшликдаги шўхликлари эсларига тушиб, бунга ҳам индамай қўйгандирлар-да”. Гапни қаранг! Ўзларидаям бор-да озроқ. “Бирга ишлаймиз” деб, ҳув бир ўрис хотинни бошимга етаклаб келганлари эсингиздами?..

– Ҳей бир замонлардаги гап-да, овсин! Қўйинг, бугунгисидан келинг. Шу гап ростми ўзи? Бирон мардум кўзи билан кўрганмикан ахир?

– Майрамнинг ўзи айтганмиш. Анови Хосият дарозга. Уни биласиз, оғзида гап турмайди. Қайнонамизга ҳам ўша мастон шипшитган чиқар…

– Хўп, нима депти, нима эмиш?

Толнинг панасида велосипедини чаппа қилиб занжирини ўтказаётган болани унутибми, янга ён-верига бир аланглаб оладию пичирлайди:

– Майрамнинг одати маълум, дарвозахонасига танда қўйган, ўтган-кетганга кесак отиб турмаса ҳовури босилмайди. Қари эр уйда, жойидан туролмай ётганига неча замон бўлди. Бу байтал нима қилсин ахир? Қийшайиб дарвозага суянганида ёқаси очилиб, анов жойлари томоша бўлганми… Гузардан ширакайф қайтаётган қайнигинамизнинг кўзлари шунга тушгану шайтон қўзғаб бир қўл чўзган-қўйгандир-да. Майрамингизга эса худди шуниси керак – гап-сўз чиқариб, баҳонада ўзини оппоқ, покдомон қилиб кўрсатмоқчи! Бор гап шу, билдингизми энди?

Занжир тишларга кийгизиб чиқилган, ғилдирак айлантириб кўрилган. Велосипедни тикка қиласану йўл-йўлакай оёғингни ундан ошириб кўча томон сурасан. Бу ердан қочмоқчи, қочиблар кетмоқчисан!

Дарвозахонадан чиқаверишда гужум остидаги каравотда носнинг кайфини суриб ёнбошлаган бобонг тарафга уввало қарамасликка тиришасан.

Қўшни Майрам холанинг деворига яқинлашганда илкис тўхтаб, оёқларингни ерга тиргак қиласан. Ана, дарвозаси… Шу ерда бўлган-да! Аммо ҳозир холанинг қораси кўринмайди. Чиқишга қўрқади у! Қўрқиб қолган. Дарвозада кўринди дегунча – бобонг, носнинг кайфини суриб ётган бобонг шартта жойидан туриб келиб!..

Шундан кейин бола талай муддат Майрам холани ҳам, унинг қизи Ойбибини ҳам кўрганда қарамай, қочиб ўтишни одат қилди. Иккаласидан-да уяларди. Бир кун келиб Ойбиби ҳам онасидек бўладими? Онасига сира ўхшамайди-ку у – хунук, қоқичак, мишиқи…

Шийпон зинасига оёқ қўятуриб Бойбичча сенга сирли кулимсираб, “Ҳозир бировни кўрасиз”, деб қолди ва қаёққадир товуш берди:

– Файзулла-а, ҳов Файзулла! – Катта иморатга ёнбош тушган қатор хоналардан бирининг деразаси оша ўрта яшар, мўйловдор бир киши бошини чиқаргач, буюрди: – Бибини чақир!

Ҳаял ўтмай йўлакда қоқ-қуруқ, муштдек бир гавда пайдо бўлди. У пилдирабгина келиб Бойбиччанинг оғзига маҳтал қараб турди.

– Меҳмонга салом бермайсанми? Танидингми ўзи?

Аёл шундагина сен томон ўгирилди:

– Иссалом…

Ҳовли ҳар қанча чароғон бўлмасин, уни танимоқ мушкул эди. Шу ҳавода енгсиз узун қора нимча кийган, бурушиқ бет-бошини айлантириб дока рўмол ўраган афтодаҳол бир хотин!

– Жийдалида ҳамсоя эдик-ку, ахир! Бир кўчада ўйнаб ўсганмиз. Ҳув ҳулўлзорларда… – Бойбиччанинг бу сўзларида эслатувдан кўра изза қилиш оҳангими устунроқ эди.

– Эби, сизми, айланай? – деди аёл алланечук таҳликада кафти билан даҳанини тўсиб. – Яхшими, оғажон? Келин, болаларингиз соғ-омонми? Танимабман, ўлай, кечирасиз-да.

Шумлик аралаш кулимсираб турган Бойбичча ўйиб олди:

– Шундай кўришадими одам! Бирга ўйнаб ўсган бўлсанг… Ҳе, бор-э сенам!

– Хўп, хўп, опажон, – дея тисланиб, қимтиниб изига бурилди аёл. Кета бошлади. Қоқсуяк. Бир бурдагина. Шўртумшуқ.

– Шошма, Ойби, ошинг тайёрми?

– Гуручини хўжайин келганларида солсамми девдим…

– Ҳай, ўзинг биласан, ўзинг.

Шийпонга чиқиб ўтирилгач, Бойбичча ногоҳ бир уҳ тортиб, дилини ёрди:

– Шундай, дўстим! Икки бебахт яна топишганмиз. Бунингиз ҳам менга ўхшаб бола кўрмаган. Лекин буники қизиқ: чимилдиққа кирган-у, додлаб қочиб чиққан, дейишади. Сабабини ўлақолса айтмайди. Эркак исидан қўрққанми, ким билсин. Бунақасиям бўлар экан-да, қаранг. Шу-шу, уйда ўтириб қолган экан, опкелиб олдим. Бунга ҳам бир ўттиз йиллар бўлди-ёв. Гирдимда юради…

“…парвона бўлиб! Чўринг бўлса керак-да, чўринг. Қойил!”

Бойбичча нима зарурат биландир ҳовлига тушиб кетганида зинапоядан ҳарсиллаб уй эгаси Сувон ака чиқиб келди. Қайта-қайта узр-маъзур қилди. Қадаҳни тўлдириб арақ қуйди-да, тикка ҳолида бир қултумдек лиққа ютиб юборди. Кейин буниси ҳам ўтириб олиб ҳасратини тўкди:

– Пад-дарига лаънат! Шу югур-югурлариям жонга тегди. “Бор-э!” дея ҳаммасидан кечиб, бошимни олиб тоғларимга кетгим, майли, ёнғоқ териб бўлсаям юргиларим келади баъзан. Буни кўзим қиймайди-да. Кўнгли ўксик… У ёқларга бориб яшаёлмайди бу. Ҳечам!

“Шундоқ баҳаво шийпонда бир кеча ётиб кетиш” таклифини рад этиб, эрталабки самолётга улгуриш баҳонасида қароргоҳингга жўнайсан.

Дарвоза олдида меҳмондўст эр-хотин билан одатдагидек узундан-узоқ хўшлашиб турганингда бир маҳал анови шўртумшуқ пайдо бўлади. Қўлида аллақандай халтача, сенга тутқазмоқчи! “Қўйинг-э, бу нимаси!” дея сиполик билан тисарилганингни кўриб ҳукмфармо Бойбичча орага тушади:

– Олинг, олинг, қўлини қайтарманг. Бирор нима атагандир-да сизга…

* * *

– Вой, мунча чиройли! Тоза ипакданми дейман. Кашталари заррин, бежиримлигини айтинг. Ҳиндистоннинг молига ўхшайди… Ичидаги нима экан?
– Кўргин-чи. Очиб қарамабман ҳам. Қани?.. Ҳулўлми? Ҳа, ҳа, ўзгинаси – ҳулўл! Оббо, касофат-эй! Кишининг хаёлига ҳам келмайди-я!..
– Ҳулу дейсизми? Наъматак-ку бу! Оддий наъматак.
– Ким билсин, бизда шунақа дейди – ҳулўл. Шева бўлса керак-да. Бунинг наъматак эканини Тошкентга келиб билганман.
– Юракка роса фойда дейишади. Ўзингизга дамлаб бераман, ичасиз. Қизиқ, оддий бир наъматак шундоқ арзанда халтачага солинарканми?! Кимнинг иши бу?
– Бир хотиннинг. Ойбиби деган.
– Ойбиби денг! Ким экан у кишим?
– Яхшилик қилгиси келган бир хотин-да. Юраклари бақувват бўлсин деганми… Ўзинг айтяпсан-ку, юракка фойда деб! Болаликда бирга ҳулўл териб юрардик. Ўшаларни эслагандир, қайдам.
– Қиз-зиқ…
– Қиз-зиқ, ҳа!
– Атай наъматаклар териб, мана бундоқ халтачаларга жойлаб берган хотин ким бўлсаки…
– Билгинг келяптими? Ўзи қоп-қора, қоқсуяк, сочи оппоқ, тишлари тўкилиб битган…
– Ҳаҳ, опқочинг, опқочинг! Ўша наъматак терган вақтларингизда яхши кўргансиз-да, а? Унда ёшгина, ширингина қиз бўлгандир, шундайми?
– Бўлгандир, бўлгандир… Мишиғи оқиб, қовурғалари саналиб ётарди!
– Вой-бў, у ёғини ҳам кўрганман денг?
– Тўғриси, қарамаганман.
– Қарамаганмишлар, ҳо-о!
– Мишиғи оқиб турган хунукдан-хунук қизалоққа ким қарарди! Ҳаммаёғи тиканга тилинган, шилинган…
– Бечора! Раҳмингиз келгандир?
– Келган. Ҳозир ҳам раҳмим келади.
– Буни қаранг! Менга-чи?
– Сенга… Раҳмим келганида сенга уйланармидим?!
– Ваҳ-ваҳ! Ўша меҳрибонингиз ёқангизга бир қараб қўймабди-да, чато-оқ! Ечинг, тез ечиб беринг!..

Манба: «Китоб дунёси» газетаси,2013 йил,сентябрь



Bola hulo‘l terishga odatda Rashid jo‘rasi bilan birga kelardi. Rashid bugun yo‘q – shahardagi ammasinikiga ketgan. U kechayoq “piloni”ni to‘ldirib qo‘ygan edi-da. Shuning uchun bugun o‘g‘il boladan bir o‘zi, qizlarga dugona bo‘lib hulo‘l terib yuribdi…

Erkin A’zam
H U L O‘ L
“Qirq yillik gurunglar” turkumidan
088

 O‘zbekiston xalq yozuvchisi Erkin A’zam 1950 yil 10 avgustda tog‘li Boysunda tug‘ilgan. 1972 yil Toshkent Davlat universiteti (xozirgi Milliy Universiteti)ning jurnalistika fakultetini tamomlagan. Respublika radiosida muharrir, “Guliston” va “Yoshlik” jurnallarida bo‘lim muharriri, G‘afur G‘ulom nomidagi adabiyot va san’at nashriyotida tahririyat mudiri bo‘ldi. 1992—1994 yillarda O‘zbekiston Milliy axborot agentligida bosh direktori o‘rinbosari. 1995 yildan “Tafakkur” jurnali bosh muharriri I, II chaqiriq O‘zbekiston Oliy Majlisi deputati.
“Chiroqlar o‘chmagan kecha” (1977), “Otoyining tutilgan yili” (1981), “Olam yam-yashil” (1984), “Javob” (1986), “Bayramdan boshqa kunlar” (1988), “Mir v svetax” (1999), “Pakananing oshiq ko‘ngli” (2001), “Kechikayotgan odam” (2002) to‘plamlari muallifi. Yozuvchi asarlari asosida “Chantrimore”, “Piyoda”, “Dilxiroj”, “Suv yoqalab”, “Zabarjad”, “Jannat qaydadir”“Parizod” va bir qator badiiy filmlar suratga olingan. Asarlarini ruhan birlashtirib turadigan jihat — insoniy erk, xar qanday zo‘ravonlikka munosabat masalasidir.

09

Boybichcha odamga shunday tik, bosib qarar ediki, sarosimada ko‘zingni olib qochishdan o‘zga iloj topolmasding. Xuddi siringni, nozik bir aybginangni biladigandek! Anchayin so‘z qotganida ham yo biror nimani so‘rab savol berganida ham shu. Sen esa daf’atan kichrayib, yosh bolaga – yetti-sakkiz yashar bolakayga o‘xshab qolasan. Yetti-sakkiz yashar bolakayga… Olis, juda olis bir manzara g‘ira-shira ko‘z o‘ngingda jonlanib, xijolatdan tevarak-atrofga alanglay boshlaysan. Tevarak-atrof! Bu girdi-javonibda boshqa shunday “tevarak-atrof” bormikan? Bo‘lishi mumkinmi?..

– Hayron bo‘lmang, – deydi Boybichcha aslzodalarga xos sipovor jilmayib, – hammasini o‘zim, mana shu qo‘lginalarim bilan o‘tqazgan, o‘zim parvarishlaganman. – So‘zining isbotigami, u ikki kaftini tilangansimon oldinga cho‘zib ko‘rsatadi. Barmoqlari uzun-uzun, sip-silliq – “sovuq suvga urilmagan”. Qo‘lqop kiyib qilganmikan buncha ishni? Halitdan beri, birining qo‘lida belkurak, birining qo‘lida tokqaychi yo dastkalla, bog‘u bog‘ot oralab yurgan uch-to‘rt dastyoru mardikorning kasbi nima ekan unda? To‘g‘ri, bu kishim sip-silliq barmoqlarini quymuchiga qo‘yib yo‘l-yo‘riq ko‘rsatib turgan: kavla-ko‘m, bunisini kes, unisini tiklab-tarab qo‘y! Bosh sohibkor o‘zlari, albatta. Demak – g‘oya muallifi! – O‘zim, o‘zim. Xo‘jayin ertayu kech ko‘chada, xo‘jayinchiligini qilib yuradi, xolos. – U tag‘in teshib yuborgudek, ammo sinovchan tikiladi. Qo‘yko‘z, targ‘ilroqqa ham moyilmikan… – Ishonmayapsiz-a?

Ishonmay ko‘ring-chi! Bu xotin anoyilardan emas. Azaldan. Bir balosi borki, mana, yaqin bir soatdan buyon ro‘parasida o‘tirgan erkak kishiga – qirq yillar badalida endi ko‘rib turgan deyarli notanish odamga sira tap tortmay tikiladi, dadil gap berib, gap oladi. Ha, har balosi bor buning. Yo‘q narsasi yo‘qdir. Yana qaydam deysiz. Bu viqor, bu o‘ktamona qarashlar bekorgami?

Darvoqe, shundayin oliymaqom xonim nega shohona dasturxon tuzab, huv bir zamonlardagi bolalik qo‘shnisini azza-bazza mehmonga chorlab, bamaylixotir gap sotib o‘tiribdi? Bu vajohatu bu qudratiga katta-katta mansablarni egallab, manaman degan erkaklarni og‘ziga qaratib yurmaydimi?!

Boybichcha qo‘shuzukli barmoqlarini panjaraga tirab, yonboshlagancha pastga engashadi.

– Huv anovini ko‘ryapsizmi? Orxideya! Gollandiyadan opkelganman. Baxmalday qop-qora atirgullarim ham bor. Archaning orqasida, hozir ko‘rinmayapti. Lolayu atirgul degani o‘zimizda ham tiqilib yotibdi-yu, antiqalariga qiziqaman-da.

Qanchalab shahru chamanlarni kezgan sendek odam atirgul bilan loladan o‘zgasini farqlayolmaysan. Rangu xilini-ku aytmasa ham bo‘ladi. Gird-atrofi yakkash paxtazordan iborat zebsiz bir go‘shalarda esa bu xotin ajabtovur jannat qurib, antiqa chamanlar yaratib qo‘yibdi! Orxideya, qora atirgul, ko‘k atirgul… Sehrgar, sehrgar!

Allaqachon oqshom tushgan bo‘lsa-da, bu ajib chorbog‘dan narilar hamon tandirdek qizib yotganiga qaramay, hovli o‘rtasida qad rostlagan ko‘shksimon shiyponning havosi butkul o‘zgacha edi. Burchakda turgan daroz konditsioner behisht nasimini purkab, allaqanday xush bo‘y taratadi.

O‘sha yoqqa tikilib qolganingni ko‘rgan Boybichcha beozor izoh beradi:

– Yaxshi-ya? Mushki anbar. Bir tomchigina tomizib qo‘ysangiz bas. Tepasida tuynukchasi bor. Dubaydan kelgan. Dubayda bo‘lganmisiz? Voy, bir magaziniga kirdi-ik – shahar deysiz, shahar! Jazirama yoz ham shunda, qahraton qish ham shunda. Bir yoq sahro, bir yog‘i oppoq qor qoplagan tepaliklar. Pastrog‘-u, lekin xuddi o‘zimizning Jiydali adirlarini eslatadi. Ishonsangiz, bitta-yarim erinmagani po‘stin kiyib chang‘i uchib ham yuribdi! Voajab deb yoqamni ushlab qolibman. Bo‘lmasa – to‘rt tomon sahro! Arabiston-da! – Sayohatini ta’riflay-ta’riflay, Boybichcha tuyqus odatdagidek o‘tkir tikilib qaraydi. – Dubaychi xotinlardan bo‘pketibdi deb o‘ylamang tag‘in. Boshimga uramanmi! Shunchaki tomoshaga boruvdik. Xo‘jayin bilan. Kelasi yil hajga opketmoqchilar. Men… hoji ona bo‘lamanmi? Hozirdanoq! Yo‘q… Rosa maqtandim-a? – U bir soniya allanechuk mungli qiyofaga kiradi; yarashmas ekan. – Nimamgayam maqtanardim, do‘stim! Yuring, yaxshisi, maqtanadigan narsalarimni ko‘rsatay sizga… Kamxo‘r ekansiz-a, dasturxonga ham qaramadingiz tuzuk…

Mezbon bilan birga-birga baland keng-mo‘l zinapoyadan hovliga enasizlar.

“O‘ta muhim” bir tadbir yuzasidan dasht tumaniga yo‘ling tushgan. (Bu yurtda paxta ekmaydigan joylar ham bor, masalan – tog‘ etagidagi sen tug‘ilib o‘sgan Jiydali. Asosan lalmikor Jiydali ahli voha janubida yastangan barcha paxtakor hududlarni dasht tumani hisoblaydi; o‘zlari go‘yo obod manzillardan, salkam shaharlik!)

Tantanali yig‘ilishda so‘zga chiqding, “poytaxtdan tashrif buyurgan vakil” sifatida olqishga ega bo‘lding. Tadbirdan so‘ng bir to‘p eski ko‘rgan-bilganlaring qurshab oldi. Chunki bu yerlar senga bolalikdan tanish. Dastavval bobong bilan momong shu joylarda kapa tikib, qo‘riq cho‘lni o‘zlashtirgan; chivinini qarg‘ab javragani javragan edi kampir. Keyin – yalang safsata bilan kun ko‘radigan Jiydalining qaddini sal-pal tiklamoq maqsadida, asli bog‘dorchilik agronomi bo‘lgan otang kelib bo‘z yerlarga “oq oltin” ekdi; kuzda o‘zing ham mana shu navhosil dalalarda javlon urib paxta tergansan, ko‘sak yiqqansan. Xullas, begona emas senga bu yerlar – shimol tarafdagi tog‘lari osmonga tig‘ urib turgan ajoyibu g‘aroyib Jiydalining etagi, bir parchasi, nafasginasi kelib turadi. Boz ustiga bu yerdagilarning ko‘pchiligi asli o‘sha Jiydalidan, bir zamonlar cho‘l o‘zlashtirgani kelib, paxtaning noni shirin ekan deya birato‘la qolib ketgan.

Bugun tushdan keyin Toshkentga samolyot uchmasdi. Arzanda bir manzilda joy hozirlangan ekan, “bir piyola choy”dan so‘ng kelib endi oyoq uzatgan edingki, eshik qoqib haligi kishi paydo bo‘ldi, “Boybichchamiz qarab o‘tiribdi, yurmasangiz bo‘lmaydi” deya qistab qo‘ymadi. Boya yig‘ilish yakunida seni o‘rab olganlar safida ayricha ajralib ko‘ringan uzun bo‘yli, qirraburun odam. U sal narida savlat to‘kib qaqqaygan, xuddi eskidan tanish singari xiyol jilmayib qarab turar edi. Ha, ha, rostdan ham tanishdek, nimasidir tanish. Tub Jiydalidan bo‘lmasa-da, yuqoriroq – tog‘ taraflardan chiqar. Qosh-ko‘zi surma surtilgan misol qop-qora, istarali, zotdor.

Zotdorligi aniq shekilli, boshqalar bilan salomlashuv-so‘rashuv birmuncha suyuqlashib u sen sari yurganida hamma birvarakay chekinib-yo‘l ochib, allanechuk ehtirom ila sizlarga boqib turdi.

Darhaqiqat, eski qadrdonlar kabi quyuq so‘rashib, hatto bag‘irlashgach, haligi odam tirsagingdan tutib seni chetga boshladi.

– Bu oqshom biznikida mehmon bo‘lasiz, hamshahar, – dedi e’tirozga o‘rin qoldirmaydigan qilib. – Sizni eshitgan ekan, albatta olib kelasiz, deyapti bizning boybichcha. – Aftingdan ajabsinish sezdimi, keyin izoh berdi: – Nazokat, Nazokat. Sinfdoshingizmi… Qo‘shni ham bo‘lgan ekansizlar…

– Nazokat? Sinfdoshim? – deding dabdurustdan o‘zingga kelolmay – eslayolmay. Lekin sipolikni qo‘ldan bermading: – Ha, ha. Shu yerdami u kishi?

– Iya, bilmasmidingiz, bizga tushgan-da!

Xullas, omonat va’dani olib davradan chiqar ekan, yana barcha boyagidek tislanib, tavozelanib, oshkora yaltoqilik bilan kuzatib qoldi uni.

– Suvon aka bilan qalin ekansizlar-a? – dedi davradagilardan birovi yaqin kelib, havas aralash.
– Unchalikmas, – deding parishon bir ko‘yda. – Nima ish qiladi o‘zi?
– Bu yaqin atrofni o‘tqazib-turg‘izadigan kishi shu-da – Suvon boyvachcha!
– Shu deng… – Hozir qulog‘ingga boshqa gap kirmasdi. Nazokat? Qaysi Nazokat edi?

Keyin, mehmonxonaga kelibgina yodingga tushdi. Eslading, eslading, albatta. Ammo ko‘rgach, baribir taniyolmading, o‘xshatolmading. Xuddi televizorda ko‘rsatiladigan bir-biriga uyqash kinolardagi – o‘tirgan uyida ham yasan-tusanni qo‘ymaydigan makkor qaynonaning o‘zginasi! Boybichcha. Negadir qizlik ovozi yodingda qolgan: erkasimon, allaqanday istig‘noli. Odam har qancha o‘zgarsa o‘zgarar, lekin tovushidan tanisa bo‘ladi, deyishardi. Yo‘q, bekor gap ekan – boyvuchchalarga xos hukmfarmo, “taqlidchi” bir ovoz! Erkalik – tannozlikka, tabiiy istig‘no dimoq-firoqqa aylangan. Beshinchi sinfga o‘tgandami, ular Jiydalidan ko‘chib ketishgan edi; shu-shu, negadir uning o‘zi (qiz Nazokat) emas, boshqa bir manzara xotirangda qolgan…

Boybichcha sizlarni naqd darvoza og‘zida qarshi oldi. Boshlab kelgan erining oldida tap tortmay kiftingdan quchib, opalarchami, xolalarchami bir mehr bilan bo‘yningdan o‘pib ham qo‘ydi. Keyin so‘rashib-so‘rashmay oldinga tushib, ko‘shksimon shiypon sari yo‘l tortdi.

– Shoshmang, xonim, – dedi uy egasi joyida to‘xtab. – Bu ishlarning ilmu amali bo‘lardi… Mehmonimizning sharafiga, oyoqlarining ostida…

Boybichcha o‘girilib ham qaramay javob berdi:

– Allaqachon so‘yilgan! Narigi hovlida, chorvaxonangizda. Pashshani vijillatib nima qilasiz bu yoqda?!

Shiyponda qo‘yarda-qo‘ymay seni uzun stolning to‘riga o‘tqazdilar. Uy egasi o‘zi yonboshdan joy oldi. Boybichcha dasturxon ustidagi harir yopinchiqni ikki chetidan tortib ohista sidirdi-da, buklay-buklay bir chetga tashlab, kelib eriga ro‘baro‘ o‘tirdi.

– Qani, omin! – dedi uy xo‘jasi duoga qo‘l ochib.

Yuzlarga fotiha tortilgach, Boybichcha kaftini ko‘ksiga bosib yengilgina qo‘zg‘algancha mehmonga – senga ta’zimu iltifot izhor etgan bo‘ldi. So‘ng xumchoynakning zarqalpog‘ini ko‘tarib choy quymoqqa unnar ekan, ermakka jilmaygan kabi:

– Dasturxon tomoshaga emas, mehmon, marhamat qiling, – dedi.

Dasturxon ayni tomoshabop ediki, bir nazar tashlagan odam bunga kamoli amin bo‘lardi: bamisoli dunyo ne’matlarining sarxil namoyishi deysiz!

Noz-ne’mat bisyor-u, o‘rtada gap-so‘z kam edi – allaqanday sipogarchilikmi, qovushimsizlik xalal berib turardi.

Hashamatli hovli-joy va bu chaman chorboqqa alanglab o‘tiraverishdan axiyri charchading, diqqating oshdi.

– Mehmonlaringiz qachon keladi endi? – deb so‘rading gap topolmay uy xo‘jasidan.

Boybichcha yana boyagidek ermakka jilmayib, erining o‘rniga hukm qildi:

– Mehmonimiz – siz! Boshqa hech kim! O‘zimiz, xolos!

– O‘n-o‘n besh kishilik joy-ku bu! – deding dasturxonga ishoratan.

– Aylanishib o‘tiraveramiz-da, xohlagan joyimizga, – dedi uy xo‘jasi dali-g‘ulilik bilan. – Avval oldimizdagini shipiramiz, keyin u yog‘iga o‘tamiz. A, boybichcha?

– Unday bo‘lsa, – deya shitob o‘rningdan turding, – bitta nari surilasiz, Suvon aka. Stolning boshida o‘tirib olib xuddi majlis qilayotganday bo‘lyapti odam…

– Ie-iye, oldingizdagi narsalarga qo‘l ham tegizilmabdi-ku, inim, yo‘q, ruxsat yo‘q! – dedi Suvon aka hazilaki tarxashlik qilib, lekin keyingi kursiga ko‘chib, yonidan joy bo‘shatdi.

Bunday o‘tirmoqning ham jazosi bor ekan – xuddi Boybichchaga ro‘baro‘! Beixtiyor nigohing tushib ketganda ham o‘zingni o‘ng‘aysiz sezasan: eri yoningda, qanday nusxaligi hozircha noma’lum. Boybichchaning o‘zi esa ko‘zini senga lo‘q qilib emin-erkin o‘tiribdi.

Noilojlikdan yoningga burilib sheriging bilan erkakcha mavzularda gurung qilmoqqa urinasan. Bu ham behuda.

– Shundoq devor-darmiyon qo‘shni edik, – deya darrov oraga suqilib, eriga izoh bera boshlaydi Boybichcha. – O‘rtada katta bir ko‘ksulton. Shu pishganida… iya, pishmoq qayda deysiz, g‘o‘raligidayoq biz bu yoqdagi shoxiga yopishamiz, bular – u yoqdagisiga. O‘zaro janjal! Qarang, bola ekanmiz-da, a! Tomorqalarimizning etagi kolxozning kengdan-keng bog‘i deng. Yoz kunlarimiz o‘sha yoqda o‘tadi ko‘pincha. Goh uzumi pishadi, goh zardolisi. Kuzakda enalarimiz qo‘limizga qop tutqazib, xazon to‘plashga jo‘natadi. Ko‘rpaday bo‘lib yotibdi, u yoqdan-bu yoqqa dumalaymiz, bu yoqdan-u yoqqa. Zardolining xazoni tandirni yashnatadi-da.

– Ha, biz ham bilamiz, biz ham bola bo‘lganmiz, – deya xushhol kulimsirab qo‘yadi eri. – Zardoli deganingiz ham, xashak-xazonlari ham asli biz tomonda, tog‘larda-ku!

Boybichcha bir mahal sho‘xlik bilan senga ko‘z qisib:

– O‘shandagi laqabingiz esingizdadir? – deb qolsami! – Bu kishining oldida aytsam xafa bo‘lmassiz?

– Ayting. Aytavering, – deding yuraging shuv etib. Gumoning boshqa yoqdan edi – bu xotindan har gapni kutish mumkin.

– Qoravoy! Shunaqa edi-ya? “Qoravoy, qoravoy” desa battar ko‘karib, jahlingiz chiqib ketardi, to‘g‘rimi? Mana, mana, hozir ham birdan…

Er xotiniga noroziroq tikilib qaraganini payqaysan.

– Ha, qorani qora deydi-da. Nima, endi oqarib qolibmizmi, o‘sha-o‘sha!

– Yo‘q, endi boshqasiz. Sochlaringiz oqargan, o‘zingizga yarashgan. Buning ustiga – taniqli, hammaga!

– E-e, qo‘ying, – deysan zo‘raki iljayib. – Qaytib o‘sha qoravoy bo‘lishga rozi edim!

– Shuni ayting, – deydi Boybichcha nogoh ma’yus tortib. – O‘sha ko‘ksulton talashib yurgan davr­larimiz ham davr ekan. Boshqa g‘amu tashvish yo‘q edi-da. Esizgina…

Telefonchasi zuv-zuv tovush chiqarib, Suvon aka yon-verini paypaslay-paypaslay o‘rnidan qo‘zg‘aldi. Shiyponning narigi boshiga yurib, kim bilandir so‘zlashmoqqa tushdi, gaplari eshitilib turardi.

– Ha Aliqul, yana nima g‘alva? Nima-a? Hozirmi? Bandroq edim-ku, inim, o‘zingiz bir balo qilarsiz. E, shundaymi? Birpasga bo‘lsa mayli, mayli…

Suvon aka telefonchasini buklab yoniga soldi-da, tashvishmand odimlab xotinining qoshiga keldi, hisob bera boshladi:

– Sardorip! Birrov kepketsangiz, deyapti. Zarur maslahati bormish.

– Sizdan bemaslahat uyidagi xotiniga biror nima deyolarmikan o‘zi shu?! Men sizga boshidanoq aytuvdim-a, buningiz yaramaydi, lattachaynar deb! Uyda mehmonim bor, aziz mehmon, demaysizmi axir!

– Kim ekan deb qolsa-chi? Bu kishini eshitsa-ku, zing‘illab yetib keladi. Yo chaqirsammikan, nima deysiz?

– Qo‘ying! O‘zi har hafta shu yerda, jonga tekkan! Nima maslahat deydi?

– Obodonchilik masalasimishmi-yey…

– Rahbar atalgandan keyin o‘zi qilavermaydi obodonchiligini?! – Boybichcha qulochini keng yozib chovulladi: – Mana, qilib qo‘yibmiz-ku biz!

– Aslida hokimlik o‘zingizniki edi-ya, xonim. “Maktabgacha tarbiya”da o‘qib xato qilgansiz-da.

– E, boshimga uramanmi, shu kunim o‘zi poshsholik!

– Yarim soatga qolmay qaytaman, mehmon, ko‘nglingizga olmaysiz-da endi, – dedi Suvon aka xijolatomuz. – Sizlar mana Boybichcha bilan xazon-xuzonlaringdan gurung qilib o‘tirasizlar, xo‘pmi? – So‘ng u hovli tarafga yuzlanib kimnidir chaqira boshladi: – Sattor! Ho‘ Sattor! Moshinangni qo‘sh, ukam!

U zinadan tushib borarkan, orqasidan xotini aftini burishtirib, ijirg‘anib qoldi.

– Har holda rahbar ekan, bormasa bo‘lmas, – deya uni murosaga yo‘llamoqchi bo‘lasan o‘zingcha.

– E, o‘zi qo‘ydirgan uni! – deydi Boybichcha battar chimirilib. – Gah desa, qo‘liga qo‘nadi. Uyda sizdek mehmon bo‘laturib… Bor, toshingni ter demaydimi odam! Rahbar emishlar! Huzurlariga chaqirarmishlar! O‘rgildim sendaqa obodonchidan! Yarim yilga qoldirmay iz-zingni quritmasam!.. – U biryo‘la sening – mehmonning ham izini quritmoqchidek o‘tkir bir tikiladi-yu, kutilmaganda xandon otib kulib yuboradi. – Mayli, borsa boraqolsin. O‘zimiz ham yomonmasmiz, to‘g‘rimi? Keling, o‘zimiz o‘tiraqolamiz, qora… ih!

Kech namozshom, gird-atrof ko‘m-ko‘k gulu buta, baland-baland sersoya daraxtlarga g‘arq bo‘lsa-da, hovli salqin shiyponga nisbatan xiyla taftdor edi; allaqayoqda jildirab turgan suv sasi ham, gazon ekilgan keng-keng maydonlarning har joy-har joyidan zarra sochayotgan jajji favvoralar ham, ko‘zni quvnatsa-da, tanga rohat bag‘ishlayolmasdi. Dasht havosi-da.

Boybichcha bog‘ sayrini shiypon tegrasidagi gulzorlari namoyishidan boshladi.

Shiyponning ikki yonboshida chorburchak shaklli, orqa tomonida esa doirasimon chamanzor yashnab yotar, hali tepadan qaraganda turfarang sharchalarga o‘xshab ko‘ringan pastak yerchiroqlar yog‘dusida ular anvoyi manzara kasb etgan, qaysi chechakning tusi asli qanaqaligini ajratib bo‘lmas edi.

Ayniqsa, doirasimon gulzor diqqatingni tortdi – bunaqasini ko‘rmagansan. Besh halqadan iborat aylana, har halqasiga bir tur gul terilgan, besh halqa – besh xil! Doira bo‘ylab yerchiroqlar, gulzorning qoq o‘rtasida esa misbadan sanam, kiftidagi ko‘zadan otilayotgan suv atrofga kumush, qizil, pushti zarralarga evrilib purkalmoqda. Ajab, dunyoda shuncha gulu chechak, shuncha alomat jilvalar bor ekan-a! Senga qolsa gul – shunchaki bir chechak, nari borsa, atirgul bilan lola, xolos!

Boybichcha gulzor aylanib, har tupining boshida to‘xtab-to‘xtab, engashgan ko‘yi silay-silay, ajib bir rivoyat so‘ylayotgan kabi zo‘r ixlos va zavq bilan ijikilab izoh beradi, har gul, har butaning tarixi, hikmatiyu xislatlaridan erinmay so‘z yuritadi.

– Huv o‘rtadagi aylanani ko‘ryapsizmi – eng kichigi, beshinchisi? Orxideya deganimiz shu! Bilasiz-a, noyob gul! Gollandiyadan kelgan. Boshqa joydan topolmaysiz… Berigi qator – Hindistonniki… O‘rta Yer dengizi bo‘ylab sayohatga borganimizda…

Boybichchaning safar taassurotlari ham balki qiziqdir, biroq shu tobda negadir qulog‘ingga gap kirmaydi. Bu gullarning qay manzillardan, qay yo‘llar bilan keltirilganiyu qanday parvarishlanishi yoki xususiyatlarining senga nima keragi bor? Gulzoringiz haqiqatan go‘zal, o‘zingiz chindan-da gul shaydosi ekansiz, mana, ko‘rdik, tomosha qildik, huzurlandik, himmatingizga ofarin, tasanno, Boybichcham, bo‘ldi endi!

Gul sayridan so‘ng sohibkor xonim seni ikki chetida pakana-pakana kuzama archalar qatorlashgan naqshin tosh yo‘lkadan bog‘ sari yetaklaydi. Besh-o‘n qadam yurib taqqa to‘xtaydi.

– Hidini qarang! – deydi devorni qoplab-chirmashib yotgan sariq gulli allaqanday butani ko‘rsatib. – Zo‘r-a? Farangi atirlarning sira darkori yo‘q… Sanamgul deydi buni. Turkiyadan olib kelganmiz. Voy, qurg‘ur bojxonasidan o‘tkazish shundoq qiyin bo‘lgan!..

Bog‘ etagiga yetmay turib yon tomonda moviy bir eshikcha ko‘rindi, u yoqdan suvning shovullashi va allanimaning bo‘g‘iq guvullashi eshitilardi.

– Basseyn. Motori. Ko‘rasizmi? Hay, qo‘ying, hali xo‘jayin kelganida kirib bir sho‘ng‘ib olarsizlar. Anov Aliqul to‘ram kelgan zahoti shu yoqqa qarab chopadi. Suv – joni-dili. Rahbar bo‘lsang qurib ol o‘zingga!.. Xo‘jayinning otxonasi ham shu tarafda. Ikkita kiyigi ham bor. Tog‘dan o‘zim tutganman, deydi, qaydam… Yuring, endi sizga bir narsani ko‘rsatay…

Yo‘lkaning adog‘idan so‘lga burilib, butalar oralay-oralay xilvat bir burchakka borib qolasizlar. Qorong‘i, yerchiroqlar shu’lasi bu tarafga yetmaydi. Boybichcha bo‘yniga osib olgan telefonchasining chirog‘ini yoqib, o‘sha yoqqa tutadi. Devorga qapishib o‘sgan allaqanday buta, tikanak bosib yotibdi. Har-har joyida shig‘il urib qip-qizil mevalari cho‘g‘lanib ko‘rinadi.

– Nimaydi bu? – deb so‘raysan xavotir aralash hayrating oshib. – Shoshmang, hulo‘lga o‘xshaydimi?..

– Hulo‘l, hulo‘l, topdingiz! Huv o‘sha o‘zimizning hulo‘l. Esingizdadir?.. Atay olib kelib o‘tqazganman. Shu yerga, ko‘zdan nariroq deb… Endi bildingizmi sizni nega chaqirtirganimni?.. Ko‘nglingizga olmassiz, do‘stim, shu yoshda men o‘lgurning ham bir bolaligim tutdi-da, aybsitmang.

– Kimdan boshlaymiz bo‘lmasa? – deysan bexos sening ham bolaliging tutib. – Oldin – sen!..

– Yo‘q, qoravoy, sen! Bizlar ikkita, sen – bir o‘zing…

Boybichcha birdan xandon urib yelkangga bir tushiradi.

– E, boring-e! Boshdan ham qo‘rqoq edingiz, qo‘rqoq! O‘g‘il bola bo‘laturib qochib ketgansiz, yodingizdami?

Shundan so‘ng bir so‘z demay parishonhol odimlab shiyponga qaytasizlar.

… – Ishtoningniyam, ishtoningniyam! – deydi shaddod Nazokat zug‘umini kuchaytirib.

Alvontob g‘ijim ko‘ylagini boshidan chiqarib, qo‘lida tutamlab turgan laqma qiz – Oybibi zulm­koriga angrayib, xo‘rlik aralash boqadi. Bilagu bo‘yinlarida qontalash chiziqlar – hulo‘lga yopishganida tilgan, tirnalgan. Burun chetlarida mishiq yaltirab qolgan qora-qura bet-boshi ham shu ahvol.

– Yech, yech! – deya uning ishtonbog‘idan tortadi Nazokat. – Bo‘lmasa, hammaga aytib chiqaman!

Bu manzaradan serrayib qolgan bola esa hayron: “Nimani aytib chiqar ekan?”

Oybibi ko‘ylagini xas-xashak ustiga tashlab, bolaga tikila-tikila lozimini tushira boshlaydi.

Bola hali o‘zi anglab yetmagan bir hisdan chirtta o‘girilib oladi. O‘lgur Nazokat endi unga tashlanib, kaftlari bilan yuzini o‘sha tomon burmoq bo‘ladi:

– Qara! Qaraysan!

Ko‘z qiri ilg‘ab qolganlari… Sakkiz-to‘qqiz yashar qip yalang‘och qizcha. Chilcho‘pdek. Qovurg‘alari sanalib turibdi. Mallaga moyil to‘zg‘oq soch tolalari bir-biriga yopishgan. Oyog‘ida yirtiq kalishcha. Ovsarona mo‘ltirab qarab qolgan. Ahmoq qiz!

– Endi – sen, – deydi Nazokat bolaning yoqasiga qo‘l cho‘zib. – Yech!

Bulardan u bir-ikki sinf oldinda o‘qiydi. O‘zi ham durkunroq, qo‘g‘irchoqdekkina. Mahalla-o‘ramdagi eng xushro‘y qiz shu. Ko‘rgan odamning havasi keladi. Bolaning ham. Lekin – ichida.

– Yo‘q, – deydi bola to‘rsaygancha yulqinib. – Uyalaman.

– Anovi uyalmadi-yu, o‘g‘il bola bo‘laturib… Endi seni qiz bola deymiz. Qiz bola-a, qiz bola!

Bolaning alami keladi.

– Bo‘lmasa o‘zing ham… – deya dangal shart qo‘yadi u achchiqlanib. – Undan keyin men…

– Me-yen?! – deydi Nazokat ensasi qotgandek, g‘olibona tirjayib. – E, bor-e! – U ko‘kragidan itarib yuboradi. – O‘g‘il bola emish! He, o‘l-e, qoravoy!

Kutilmagan zarbdan yerga o‘tirib qolgan bola apil-tapil hulo‘lxaltasini sudrab daraxtzorga uradi o‘zini.

Tashlandiq kolxoz yerlari. Hammayoq xas-xashak. Qarovsiz sharobi uzum zanglari yovvoyi olchayu qarolilar shoxiga chirmashib ketgan, yertoklar oyoqosti bo‘lib yotibdi – dalaga haydalgan mol-hol g‘o‘raligicha g‘ajib, novdalarini yalang‘ochlab tashlagan. Etakdagi o‘rikzor ichi qontalash xazonga to‘la. Erta-indin bularni ham onalarning javrovi ostida qoplarga joylab tandirxonaga tashish kerak. Ana o‘shanda tag‘in… Nazokatga duch kelasan! Yuragi g‘ash tortib, bolaning battar alami oshdi.

Bog‘ning har-har yerida g‘uj bo‘lib tikanak bosgan hulo‘l o‘sadi. Dona-donalab uni terish o‘lgudek azob. Barmoqlar tilinib, qonab ketadi. Kechasi onang chirqiratib qo‘llaringni avval issiq suvga tiqib oladi-da, keyin vazelin surtib, bog‘lab qo‘yadi. Ertasi kuni yana shu dardi balo! Dushanbagacha har bir o‘quvchi maktabga olti kilodan hulo‘l terib borishi shart, bo‘lmasa – darsga qo‘yilmaydi. Qoida shunday. Majburiyat. Aksiga olib bolaning, Nazokat va anovi uyatsiz mishiqining uylari bu yerga yaqin, shundoqqina bog‘larining etagiga tutash. Hulo‘lzor mo‘l bunda, ham dala qorovuli dorimaydigan ovloq joy.

Bola hulo‘l terishga odatda Rashid jo‘rasi bilan birga kelardi. Rashid bugun yo‘q – shahardagi ammasinikiga ketgan. U kechayoq “piloni”ni to‘ldirib qo‘ygan edi-da. Shuning uchun bugun o‘g‘il boladan bir o‘zi, qizlarga dugona bo‘lib hulo‘l terib yuribdi.
Darvoqe, u huv naridan termoqda, xaltasi ham to‘layozgan, mo‘ljalicha, yana sal g‘ayrat qilsa “pilon”ga yetishi naqd edi. Qayoqdan ham anovi shayton qiz chaqirib qoldi-ya! Rostini aytganda-ku, o‘zining ham bir ko‘ngli shu yoqda edi. Yolg‘iz, yakkamoxovga o‘xshab yurgandan ko‘ra, qaqajongina Nazokat bilan birga-birga terishsa yaxshi emasmi? Shu qizning asli bir issig‘i bor, doim ko‘rging, oldiga borging kelaveradi. Borishga borasan-u, baloga qolasan – “qoravoy, qop-qoravoy” deb mazax qiladimi-yey, biror so‘zingni tutib olib ustingdan kuladimi-yey… Lekin o‘zi chorlab qolgudek bo‘lsa, baribir jon-jon deb oldiga chopasan.

– Qoravoy, hoy qoravoy! – deb chaqirardi u odatdagi erkasimon tovushda. – Bu yoqqa kel-da, bir gap bor. Ko‘rasan, qiziq!..

Mana oqibati – yelkangda hulo‘lto‘rva, o‘z-o‘zidan xo‘rliging toshib qachondan beri xasu xazon oralab yuribsan!..

O‘sha kunlar o‘zi ko‘p ajab savdolar bo‘lgan edi-da…

Bola xaltasini yelkalab uyga kelsa, qandaydir g‘avg‘oning ustidan chiqdi. Gujum soyasidagi yog‘och karavotning to‘rida ikki qo‘lini yostiq ustiga yostiq qilgan ko‘yi mudom mudrab yotadigan bobosi bugun negadir munkayib o‘tiribdi. Soqolini tutamlagan ko‘yi dam-badam boshini ko‘tarib, oyoqlarini osiltirgancha karavot qirg‘og‘iga omonat o‘rnashgan kenja amakisiga bir-bir o‘qrayib oladi. Lekin miq etish yo‘q. Og‘ir bir gunoh qilgandek amakisining boshi xam, o‘rtasidan farq ochilib chakkasiga tushgan quyuq sochini har zamonda silay-silay quloq ortiga surib qo‘yadi. Doka ro‘molining uchini labiga bosgancha karavot panjarasiga suyanib tik turgan momosi nimanidir kutibmi, bir o‘g‘liga qaraydi, bir choliga. Hech kimdan sado chiqmayotganini ko‘rgach, kampir mushtumi bilan cholning yelkasiga niqtaydi: bir nima desangiz-chi, axir! Chol unga bir o‘qrayadi-yu, o‘g‘liga befarq nazar tashlab, yana boshini quyi solintiradi. Shunda kampir asta engashib, panjaraga suyab qo‘yilgan hassani olib unga tutqazadi: uring, bir solmaysizmi! Chol hassasiga bir qaraydi-da, vazmin burilib uni yana joyiga tirab qo‘yadi. Kampir ham bo‘sh kelmaydi – qaytib hassani olib beradi. Bu gal chol uning dastasidan mahkam changallab bir zum qaltirab turadi va g‘azab ichida qattiq sermab yuboradi. Qo‘lidan chiqib ketgan hassa hovlining qoq o‘rtasiga borib tushib, teng ikkiga bo‘linadi. Bir uchi kampirning iyagini “silab” o‘tganmi, u dahanini changallagancha uvillamoqqa tushadi. So‘ng yulqina borib hovlining o‘rtasiga o‘tirib oladi, ikki qo‘lida hassaning ikki sinig‘i, taqron yerni savalay boshlaydi:

– Endi qanday bosh ko‘tarib yuraman, dod! Eshitgan el-ulus nima deydi, dod! Sharmanda xotinbozning enasi bo‘ldimmi, dod!

Chol karavotdan turib na’ra tortadi:

– Bas qil, ho‘v esipast!

Boshiga nogahon kaltak tushgan kabi kampir birdan jimib qoladi. Siniq kaltaklar ham harakatdan to‘xtagan. Eshitilar-eshitilmas hiqillash bor hali…

Chol gunohkor o‘g‘ilga qattiq bir tikilib, dev misoli vishillaydi:

– Tur, ko‘zimga ko‘rinma!

O‘g‘il yerdan ko‘z uzmay darvozaxona tomon yuradi – ko‘chaga! Hali-beri bu xonadonda tinchlik yo‘q…

Bo‘lgan mojaro guvohlari hovlining har joyida serrayib qolgan; bola, bolaning onasi, katta yangasi, kichik yangasi…

Momo yana talay zamon hovli o‘rtasida o‘sha taxlit hiqillab o‘tiradi. Boboning zovitasidan cho‘chibmi, birov unga yaqin borolmaydi.

Nihoyat, chol pinakka ketgach, ikki kelin – bolaning onasi bilan katta yangasi qaynonalarini qo‘ltiqlab-suyagancha uyga olib kirib ketishadi. Kenja kelinning allaqachon qorasi o‘chgan – ichkarida yostiq quchoqlab peshonasini qarg‘ab yotgan bo‘lsa kerak. O‘zi azaldan tegmanozik, arazchiroq. Bugun esa battar kuni tug‘di: asosiy da’vogaru asosiy domangir shu-da!

Bu savdolarning sabab-ma’nisini anglamoqqa hali g‘o‘rlik qilgan bola bekorchilikdan ko‘chaga daydib ketadi.

Kechqurunga boribgina ba’zi gaplarning fahmiga yetgandek bo‘ldi u.

Olachalpoq shira bosgan tol tagida velosipedini tuzatmoqda edi. Hulo‘lga ovora bo‘lib necha kundan beri qarayolgani yo‘q – g‘ildiraklarning dami chiqqan, zanjirlari ham bo‘shab yotardi. Ikki ovsin – onasi bilan katta yangasi nariroqdagi o‘choqboshida kuymanishib, kechki ovqatga hozirlik ko‘rishayotir. O‘zaro pichir-pichir qilib qo‘yishadi. Hovlining narigi boshidagi ayvon chetida tog‘orani oyoqlari orasiga olib, o‘zicha qarg‘ana-qarg‘ana “jabrdiyda” yanga kir mushtlagani musht­lagan – alamini shundan olmoqchidek.

Katta yanganing pichingnamo hazili eshitiladi:

– Koshki endi bu dog‘ni ketkazib bo‘lsa!..

Onasining luqmasi:

– O‘lgur Mayramingizning o‘ziyam do‘lkigina-da, har yog‘ini selkillatib iljayganmi-qo‘yganmi deng…

– Uni-ku aytmang, bobongizning haligi qilig‘i kishini dong qoldirdi. Bor ishni qilgan o‘g‘ilga g‘iring deyish yo‘q, qaytaga kampir bechoraning boshini urib yorayozdi-ya! Erkak degani baribir erkakning yonini olar ekan-da, a, dugona? Xuddiki yaxshi qipsan, o‘g‘lim, seniki ma’qul deganday… Tavba! Qo‘yib bersangiz, o‘zlariyam o‘sha yoqlarga bir oralasa!..

– Unday demang-e, ovsinjon. Shu xonadonga kelin bo‘lib tushibmanki, hali biron marta betingizga botinib tikilganlarini bilmayman. Ko‘zlari doim yerda, tosh sanaganday. Boz ustiga, mo‘ysafid odam…

– Mo‘ysafidmi, balomi, erkak qavmi-da, ovsin! Ochiq yotgan qozonga qaysi it burilib qaramaydi degan gap bor-ku…

– Tuzuk turing-e, o‘zimizning bobo-ya?.. Otamiz qatori axir!

– Ha, nima deysiz bo‘lmasa? Mulla akamning quloqlariga yetsami, otashinroq odam, ukalariniyam, unga pishang berib o‘tirgan bobongizniyam tek qo‘ymas-ov. Bizning xo‘jayin qaydandir eshitgandek bo‘ptimi, hali kulib nima deydi deng: “Hay, yoshlikdagi sho‘xliklari eslariga tushib, bunga ham indamay qo‘ygandirlar-da”. Gapni qarang! O‘zlaridayam bor-da ozroq. “Birga ishlaymiz” deb, huv bir o‘ris xotinni boshimga yetaklab kelganlari esingizdami?..

– Hey bir zamonlardagi gap-da, ovsin! Qo‘ying, bugungisidan keling. Shu gap rostmi o‘zi? Biron mardum ko‘zi bilan ko‘rganmikan axir?

– Mayramning o‘zi aytganmish. Anovi Xosiyat darozga. Uni bilasiz, og‘zida gap turmaydi. Qaynonamizga ham o‘sha maston shipshitgan chiqar…

– Xo‘p, nima depti, nima emish?

Tolning panasida velosipedini chappa qilib zanjirini o‘tkazayotgan bolani unutibmi, yanga yon-veriga bir alanglab oladiyu pichirlaydi:

– Mayramning odati ma’lum, darvozaxonasiga tanda qo‘ygan, o‘tgan-ketganga kesak otib turmasa hovuri bosilmaydi. Qari er uyda, joyidan turolmay yotganiga necha zamon bo‘ldi. Bu baytal nima qilsin axir? Qiyshayib darvozaga suyanganida yoqasi ochilib, anov joylari tomosha bo‘lganmi… Guzardan shirakayf qaytayotgan qayniginamizning ko‘zlari shunga tushganu shayton qo‘zg‘ab bir qo‘l cho‘zgan-qo‘ygandir-da. Mayramingizga esa xuddi shunisi kerak – gap-so‘z chiqarib, bahonada o‘zini oppoq, pokdomon qilib ko‘rsatmoqchi! Bor gap shu, bildingizmi endi?

Zanjir tishlarga kiygizib chiqilgan, g‘ildirak aylantirib ko‘rilgan. Velosipedni tikka qilasanu yo‘l-yo‘lakay oyog‘ingni undan oshirib ko‘cha tomon surasan. Bu yerdan qochmoqchi, qochiblar ketmoqchisan!

Darvozaxonadan chiqaverishda gujum ostidagi karavotda nosning kayfini surib yonboshlagan bobong tarafga uvvalo qaramaslikka tirishasan.

Qo‘shni Mayram xolaning devoriga yaqinlashganda ilkis to‘xtab, oyoqlaringni yerga tirgak qilasan. Ana, darvozasi… Shu yerda bo‘lgan-da! Ammo hozir xolaning qorasi ko‘rinmaydi. Chiqishga qo‘rqadi u! Qo‘rqib qolgan. Darvozada ko‘rindi deguncha – bobong, nosning kayfini surib yotgan bobong shartta joyidan turib kelib!..

Shundan keyin bola talay muddat Mayram xolani ham, uning qizi Oybibini ham ko‘rganda qaramay, qochib o‘tishni odat qildi. Ikkalasidan-da uyalardi. Bir kun kelib Oybibi ham onasidek bo‘ladimi? Onasiga sira o‘xshamaydi-ku u – xunuk, qoqichak, mishiqi…

Shiypon zinasiga oyoq qo‘yaturib Boybichcha senga sirli kulimsirab, “Hozir birovni ko‘rasiz”, deb qoldi va qayoqqadir tovush berdi:

– Fayzulla-a, hov Fayzulla! – Katta imoratga yonbosh tushgan qator xonalardan birining derazasi osha o‘rta yashar, mo‘ylovdor bir kishi boshini chiqargach, buyurdi: – Bibini chaqir!

Hayal o‘tmay yo‘lakda qoq-quruq, mushtdek bir gavda paydo bo‘ldi. U pildirabgina kelib Boybichchaning og‘ziga mahtal qarab turdi.

– Mehmonga salom bermaysanmi? Tanidingmi o‘zi?

Ayol shundagina sen tomon o‘girildi:

– Issalom…

Hovli har qancha charog‘on bo‘lmasin, uni tanimoq mushkul edi. Shu havoda yengsiz uzun qora nimcha kiygan, burushiq bet-boshini aylantirib doka ro‘mol o‘ragan aftodahol bir xotin!

– Jiydalida hamsoya edik-ku, axir! Bir ko‘chada o‘ynab o‘sganmiz. Huv hulo‘lzorlarda… – Boybichchaning bu so‘zlarida eslatuvdan ko‘ra izza qilish ohangimi ustunroq edi.

– Ebi, sizmi, aylanay? – dedi ayol allanechuk tahlikada kafti bilan dahanini to‘sib. – Yaxshimi, og‘ajon? Kelin, bolalaringiz sog‘-omonmi? Tanimabman, o‘lay, kechirasiz-da.

Shumlik aralash kulimsirab turgan Boybichcha o‘yib oldi:

– Shunday ko‘rishadimi odam! Birga o‘ynab o‘sgan bo‘lsang… He, bor-e senam!

– Xo‘p, xo‘p, opajon, – deya tislanib, qimtinib iziga burildi ayol. Keta boshladi. Qoqsuyak. Bir burdagina. Sho‘rtumshuq.

– Shoshma, Oybi, oshing tayyormi?

– Guruchini xo‘jayin kelganlarida solsammi devdim…

– Hay, o‘zing bilasan, o‘zing.

Shiyponga chiqib o‘tirilgach, Boybichcha nogoh bir uh tortib, dilini yordi:

– Shunday, do‘stim! Ikki bebaxt yana topishganmiz. Buningiz ham menga o‘xshab bola ko‘rmagan. Lekin buniki qiziq: chimildiqqa kirgan-u, dodlab qochib chiqqan, deyishadi. Sababini o‘laqolsa aytmaydi. Erkak isidan qo‘rqqanmi, kim bilsin. Bunaqasiyam bo‘lar ekan-da, qarang. Shu-shu, uyda o‘tirib qolgan ekan, opkelib oldim. Bunga ham bir o‘ttiz yillar bo‘ldi-yov. Girdimda yuradi…

“…parvona bo‘lib! Cho‘ring bo‘lsa kerak-da, cho‘ring. Qoyil!”

Boybichcha nima zarurat bilandir hovliga tushib ketganida zinapoyadan harsillab uy egasi Suvon aka chiqib keldi. Qayta-qayta uzr-ma’zur qildi. Qadahni to‘ldirib araq quydi-da, tikka holida bir qultumdek liqqa yutib yubordi. Keyin bunisi ham o‘tirib olib hasratini to‘kdi:

– Pad-dariga la’nat! Shu yugur-yugurlariyam jonga tegdi. “Bor-e!” deya hammasidan kechib, boshimni olib tog‘larimga ketgim, mayli, yong‘oq terib bo‘lsayam yurgilarim keladi ba’zan. Buni ko‘zim qiymaydi-da. Ko‘ngli o‘ksik… U yoqlarga borib yashayolmaydi bu. Hecham!

“Shundoq bahavo shiyponda bir kecha yotib ketish” taklifini rad etib, ertalabki samolyotga ulgurish bahonasida qarorgohingga jo‘naysan.

Darvoza oldida mehmondo‘st er-xotin bilan odatdagidek uzundan-uzoq xo‘shlashib turganingda bir mahal anovi sho‘rtumshuq paydo bo‘ladi. Qo‘lida allaqanday xaltacha, senga tutqazmoqchi! “Qo‘ying-e, bu nimasi!” deya sipolik bilan tisarilganingni ko‘rib hukmfarmo Boybichcha oraga tushadi:

– Oling, oling, qo‘lini qaytarmang. Biror nima atagandir-da sizga…

* * *

– Voy, muncha chiroyli! Toza ipakdanmi deyman. Kashtalari zarrin, bejirimligini ayting. Hindistonning moliga o‘xshaydi… Ichidagi nima ekan?
– Ko‘rgin-chi. Ochib qaramabman ham. Qani?.. Hulo‘lmi? Ha, ha, o‘zginasi – hulo‘l! Obbo, kasofat-ey! Kishining xayoliga ham kelmaydi-ya!..
– Hulu deysizmi? Na’matak-ku bu! Oddiy na’matak.
– Kim bilsin, bizda shunaqa deydi – hulo‘l. Sheva bo‘lsa kerak-da. Buning na’matak ekanini Toshkentga kelib bilganman.
– Yurakka rosa foyda deyishadi. O‘zingizga damlab beraman, ichasiz. Qiziq, oddiy bir na’matak shundoq arzanda xaltachaga solinarkanmi?! Kimning ishi bu?
– Bir xotinning. Oybibi degan.
– Oybibi deng! Kim ekan u kishim?
– Yaxshilik qilgisi kelgan bir xotin-da. Yuraklari baquvvat bo‘lsin deganmi… O‘zing aytyapsan-ku, yurakka foyda deb! Bolalikda birga hulo‘l terib yurardik. O‘shalarni eslagandir, qaydam.
– Qiz-ziq…
– Qiz-ziq, ha!
– Atay na’mataklar terib, mana bundoq xaltachalarga joylab bergan xotin kim bo‘lsaki…
– Bilging kelyaptimi? O‘zi qop-qora, qoqsuyak, sochi oppoq, tishlari to‘kilib bitgan…
– Hah, opqoching, opqoching! O‘sha na’matak tergan vaqtlaringizda yaxshi ko‘rgansiz-da, a? Unda yoshgina, shiringina qiz bo‘lgandir, shundaymi?
– Bo‘lgandir, bo‘lgandir… Mishig‘i oqib, qovurg‘alari sanalib yotardi!
– Voy-bo‘, u yog‘ini ham ko‘rganman deng?
– To‘g‘risi, qaramaganman.
– Qaramaganmishlar, ho-o!
– Mishig‘i oqib turgan xunukdan-xunuk qizaloqqa kim qarardi! Hammayog‘i tikanga tilingan, shilingan…
– Bechora! Rahmingiz kelgandir?
– Kelgan. Hozir ham rahmim keladi.
– Buni qarang! Menga-chi?
– Senga… Rahmim kelganida senga uylanarmidim?!
– Vah-vah! O‘sha mehriboningiz yoqangizga bir qarab qo‘ymabdi-da, chato-oq! Yeching, tez yechib bering!..

Manba: “Kitob dunyosi” gazetasi,2013 yil,sentyabr

007

(Tashriflar: umumiy 430, bugungi 1)

Izoh qoldiring