Martin Lyuter King. Umidim shuldirki…»Mashhur nutqlar» turkumidan

001    Биз ўз курашимизни ҳамиша ўз қадримизни билган ва тартиб-интизомга риоя қилган ҳолда олиб боришимиз керак. Эзгу мақсадни кўзлаган норозилигимиз зўравонликка айланиб кетишига йўл қўймаслигимиз зарур.

Мартин Лютер Кинг
УМИДИМ ШУЛДИРКИ…
001

004Мартин Лютер Кинг бу нутқни 1963 йил 28 августда негрлар иш ўринлари ва озодлик истаб Вашингтонга юриш қилган вақтда Линколн ҳайкалининг пойида сўзлаган. Бу Америкада 1955 — 1968-йиллари давом этган фуқаро ҳуқуқлари учун кураш ҳаракатидаги энг муҳим палла эди. Кингнинг нутқи Америка тарихидаги энг яхши нутқлардан бири ҳисобланади.

Мартин Лютер Кинг (15.01.1929-4.04.1968) — АҚШдаги қора танлиларнинг гражданлик ҳуқуқлари учун кураш ҳаракатининг етакчиси. Америка жамиятини демократлаштиришга қўшган ҳиссаси учун 1964 йилда Нобел мукофоти билан тақдирланган.

1865 йилнинг декабр ойида АҚШ конституциясига Ўн учинчи тузатиш киритилиши билан мамлакатда қуллик расман бекор қилинган.

001

Бугун биз сояи давлатида йиғилган буюк америкалик бундан юз йилча бурун Негрларни озод қилиш тўғрисидаги прокламацияни имзолаган эди. Бу муҳим фармонга адолатсизликнинг куйдирувчи тафтида жизғанак бўлган миллионлаб қора қуллар улуғвор умид маёғи сифатида қарадилар. Уни шодлик тонги, узоқ давом этган асирлик кечасининг интиҳоси деб қабул қилдилар.

Аммо орадан юз йил ўтган бўлса-да, ғоят нохуш бир ҳолатни тан олишимиз керак: негр ҳамон озод эмас. Афсуски, бугун бир аср ўтиб ҳам негрнинг ҳаёти ҳамон сегрегация (сегрегация — ирқий камситиш шаклларидан бири) кишанлари ва дискриминация занжирлари билан зимистонга айлантирилмоқда. Орадан юз йил ўтган бўлса-да, ҳамон негр фаровон ҳаёт уммонининг ўртасидаги қашшоқлик оролида кун кўрмоқда. Юз йилдан буён негр америка жамиятининг пана-пастқам хилватларида эзилмоқда ва ўз ерида сиғинди мақомида яшамоқда. Бугун биз бу ерга айнан шунинг учун, вазиятнинг нақадар аянчли эканини таъкидлаш учун келдик.

Биз давлатимиз пойтахтига рамзий маънода чек бўйича нақд пул олишга келдик дейишимиз мумкин. Бир пайтлар республикамизнинг тамал тошини қўйганлар Мустақиллик декларацияси ва конституциядаги гўзал сўзларни ёзишар экан, бу билан ҳар бир америкаликка мерос бўлиб қоладиган ўзига хос векселни имзолашган эди. Ушбу вексел билан ҳамма одамларга яшаш, озод яшаш ҳуқуқи, фаровон турмуш кафолатланган эди.

Бугун шу нарса аниқ бўлдики, Америка ўзининг рангли фуқароларига ушбу вексел бўйича тўловни амалга оширишга қодир эмас экан. Қиёмат қарзини қайтариш ўрнига Америка негрларнинг қўлига сохта чек тутқазди, буни эса «маблағ етишмайди» белгиси билан қайтардилар. Аммо биз адолат банки касод бўлганига ишонмаймиз. Улкан имкониятлар хазинасига эга давлатимизда маблағ етишмаслигига ишонмаймиз. Шунинг учун ушбу чек бўйича ҳаққимизни олгани келдик, бу чек бўйича бизга эркинлик ганжи ва одиллик кафолати берилиши керак. Биз бу ерга, бу муқаддас жойга яна Америкага бугунги куннинг қатъий талабини эслатиш учун ҳам келдик.

Ҳозир кўнгилга таскин берадиган чоралар билан ёки тадрижий қарорлар шаклидаги тинчлантирувчи дорини ичиш билан қаноатланиб қоладиган пайт эмас. Сегрегациянинг зим-зиё водийсидан ирқий адолатнинг чароғон йўлига чиқиш вақти келди. Ҳамма имкониятлар эшигини очиш мавриди келди. Бизнинг миллатимизни ирқий адолатсизликнинг билқиллама қумлоқларидан биродарликнинг мустаҳкам қоясига олиб чиқиш фурсати етди.

Негрларнинг қатъиятини етарлича баҳоламаслик ва ушбу фурсатнинг жуда ҳам муҳимлигини эътиборга олмасликнинг оқибати давлатимиз учун ғоят хавфли бўлиши мумкин. Эркинлик ва тенгликнинг руҳлантирувчи кузи келмагунча негрларнинг ҳақли норозилигининг жазирама ёзи тугамайди. 1963 йил интиҳо эмас, ибтидодир. «Негр бир қизишиб кетди-да, энди совуйди» деб ўйлаётганлар қаттиқ адашади, чунки бизнинг миллат бундан буён эскича яшай олмайди. Негрга унинг фуқаролик ҳуқуқлари берилмагунча Америка тинчлик-хотиржамлик нималигини билмайди. Адолатли ёруғ кун келмагунча инқилобий бўронлар давлатимиз асосларини зириллатаверади.

Адолат саройининг табаррук остонасида турган халқимга айтадиган яна бир гапим бор. Ўзимизнинг ҳаққоний ўрнимизни эгаллаш жараёнида бизни ножўя ҳаракатларда айблашларига замин яратиб бермаслигимиз керак. Келинг, озодликка бўлган ташналигимизни алам ва нафрат косасидан сув ичиб қондирмайлик.

Биз ўз курашимизни ҳамиша ўз қадримизни билган ва тартиб-интизомга риоя қилган ҳолда олиб боришимиз керак. Эзгу мақсадни кўзлаган норозилигимиз зўравонликка айланиб кетишига йўл қўймаслигимиз зарур.

Биз жисмоний кучга руҳий куч билан жавоб бериб, улуғвор юксакликка эришишга ҳаракат қилишимиз лозим. Негрлар жамиятида ҳукм сураётган фавқулодда жанговарлик барча оқ одамларда бизга нисбатан шубҳа, ишончсизлик уйғотмаслиги керак, чунки бизнинг оқ биродарларимизнинг кўпчилиги уларнинг тақдири бизнинг тақдиримиз билан чамбарчас боғлиқлигини, уларнинг эркинлиги бизнинг эркинлигимиз билан муқаррар равишда боғлиқлигини англаб етишган, уларнинг бугун шу ерда ҳозир бўлганлиги шундан далолат беради. Биз ёлғиз ўзимиз мақсадга эриша олмаймиз. Ҳаракатни бошлар эканмиз, нима бўлганда ҳам олға интилишга қасамёд қилишимиз керак.

Биз ортга қайта олмаймиз. Фуқаролик ҳуқуқларининг фидойи ҳимоячиларидан «Сиз қачон тинчийсиз?» деб сўровчилар бор. Узоқ сафар туфайли йўл азобини тортган биродарларимиз ҳордиқ чиқариш учун йўл бўйидаги мотеллар ва шаҳар меҳмонхоналаридан қўноқ олмагунча биз ҳеч қачон тинчимаймиз. Негрнинг бир жойдан бошқа жойга кўчишининг асосий тури кичик геттодан (гетто — ирқий, миллий ёки диний жиҳатдан паст тутилган аҳоли гуруҳи учун ажратилган квартал, маҳалла) катта геттога кўчиш бўлиб қолаверар экан, биз тинчимаймиз. Миссисипидаги негр овоз бера олмас экан, Нью-Йоркдаги негр эса овоз беришда маъни йўқ деб ҳисоблашда давом этар экан, биз тинчимаймиз. Йўқ, адолат ариғи, одиллик дарёси тўлиб оқмас экан, биз ҳеч қачон тинчимаймиз, хотиржам бўлишга ҳаққимиз йўқ.

Кўпчилигингиз бу ерга оғир кўргилик ва азоб-уқубатларни бошдан кечириб келганингизни ҳеч қачон унутмайман. Баъзиларингиз турманинг тангу-тор камераларидан тўғри шу ерга келгансиз. Баъзиларингиз озодликка интилишингиз туфайли бошингизга полициянинг қаҳру-ғазаби ва таъқиб тошлари ёғилган жойлардан келгансиз. Сиз ҳақ йўлида узоқ вақт дард чеккан одамларсиз. Ноҳақ чекилган азоб-уқубатнинг ажри борлигига ишонган ҳолда ишлашда давом этинг.

Миссисипига қайтинг, Алабамага қайтинг, Луизианага қайтинг, шимолий шаҳарларимиздаги геттолар ва хароб маҳаллаларга қайтинг, билингки, бу вазиятқандай бўлмасин ўзгариши мумкинва албатта ўзгаради. Келинг, умидсизлик гирдобида қийналмайлик.

Қулоқ солинг, дўстларим, шунча қийинчилик ва кўнгилсизликларга қарамай, менинг бир умидим бор. Бу Америка орзусига чуқур сингиб кетган умиддир.

Умидим шулдирки, миллатимиз қаддини тик тутадиганва унинг «Ҳамма одамлар тенг ҳуқуқли қилиб яратилган» деган ақидаси рўёбга чиқадиган кун келади.

Умидим шулдирки, кун келиб Жоржиянинг қирмизи заминида собиқ қулларнинг болалари билан собиқ қулдорларнинг болалари биродарлардай бир дастурхон атрофида ўтира оладиган бўладилар.

Умидим шулдирки, кун келиб ҳатто адолатсизлик ва жабр-зулмдан тинкаси қуриган Миссисипидек саҳройи штат ҳам адолат ва озодлик чечаклари гуллаб-яшнаган воҳага айланади.

Умидим шулдирки, кун келиб менинг тўрт болам уларга терисининг рангига қараб эмас, бор фазилату қусурларига қараб баҳо бериладиган мамлакатда яшайдиган бўлади.

Умидим шулдирки, кун келиб ҳозирги губернатор: «Штатнинг ички ишларига аралашманглар, конгресс қабул қилган қонунларнинг бизга дахли йўқ, уларни тан олмаймиз», — дея иддао қилаётган Алабама штатида вазият ўзгариб, жажжи-жажжи қора болакайлар ва қизчалар жажжи-жажжи оқ болакай ва қизчалар билан худди ака-ука ва опа-сингиллардай қўл ушлашиб юрадиган бўладилар.

Умидим шулдирки, кун келиб барча пастликлар кўтарилади, ҳамма тепалик ва тоғлар пасаяди, қир-адирлар текисликка айланади, қияликлар текисликка дўнади. Яратганнинг буюклиги кўз ўнгимизда намоён бўлиб, барча бандалар биргаликда бунинг гувоҳи бўладилар.

Биз шундан умидвормиз. Жанубга мен шундай ишонч билан қайтаман. Шу ишонч билан биз чорасизлик тоғидан умид тошини кесиб ола оламиз. Шу ишонч билан биз халқимизнинг ғала-ғовур овозини биродарликнинг ажойиб симфониясига айлантира оламиз. Шу ишонч билан биз биргаликда меҳнат қила оламиз, биргаликда ибодат қила оламиз, бирга кураша оламиз, турмага бирга кета оламиз, бир кунмас-бир кун озод бўлишимизни билган ҳолда озодликни биргаликда ҳимоя қила оламиз.

Бу кун барча одамлар ушбу сўзларга янгича маъно бахш этиб куйлай оладиган кун бўлади: «Эй она диёрим, озод, ҳур замин, мен сени мадҳ этгум. Аждодларим хоки ётган муқаддас тупроқ, сайёҳлар мангу интиладиган замин, барча тоғларингда озодлик таронаси таралсин!».

Америка буюк мамлакат бўлиши учун айтганларим рўёбга чиқиши шарт.

Нью-Ҳемпширнинг ажойиб тепаликлари узра озодлик қўшиғи янграсин!

Нью-Йоркнинг азим тоғлари узра озодлик қўшиғи янграсин!

Пенсилваниянинг пурвиқор Аллеган тоғлари узра озодлик қўшиғи янграсин!

Колорадонинг қор босган Қояли тоғлари узра озодлик қўшиғи янграсин!

Калифорниянинг эгри-бугри чўққилари узра озодлик қўшиғи янграсин!

Теннесидаги Лукаут тоғи узра озодлик қўшиғи янграсин!

Миссисипидаги ҳар бир адир ва тепалик узра озодлик қўшиғи янграсин!

Ҳар бир тоғ бағрида озодлик қўшиғи янграсин!

Озодлик қўшиғи янграшига, унинг ҳар бир қишлоқ ва овулда, ҳар бир штат ва ҳар бир шаҳарда янграшига имкон берсак, ҳамма одамлар, қоралар ва оқлар, яҳудийлар ва мажусийлар, протестантлар ва католиклар бир-бирларининг қўлларидан тутиб негрларнинг қадимги маънавий гимнини куйлай оладиган кун келишини тезлаштира оламиз: «Ниҳоят биз озодмиз! Ниҳоят биз озодмиз! Қодир эгамга минг қатла шукур, ниҳоят биз озодмиз!».

Ҳасан Карвонли таржимаси

Adolat saroyining tabarruk ostonasida turgan xalqimga aytadigan yana bir gapim bor. O‘zimizning haqqoniy o‘rnimizni egallash jarayonida bizni nojo‘ya harakatlarda ayblashlariga zamin yaratib bermasligimiz kerak. Keling, ozodlikka bo‘lgan tashnaligimizni alam va nafrat kosasidan suv ichib qondirmaylik.

Martin Lyuter King
UMIDIM SHULDIRKI…
001

007Martin Lyuter King bu nutqni 1963 yil 28 avgustda negrlar ish oʻrinlari va ozodlik istab Vashingtonga yurish qilgan vaqtda Linkoln haykalining poyida soʻzlagan. Bu Amerikada 1955 — 1968-yillari davom etgan fuqaro huquqlari uchun kurash harakatidagi eng muhim palla edi. Kingning nutqi Amerika tarixidagi eng yaxshi nutqlardan biri hisoblanadi.

Martin Lyuter King (15.01.1929-4.04.1968) — AQSHdagi qora tanlilarning grajdanlik huquqlari uchun kurash harakatining yetakchisi. Amerika jamiyatini demokratlashtirishga qoʻshgan hissasi uchun 1964 yilda Nobel mukofoti bilan taqdirlangan.

1865 yilning dekabr oyida AQSH konstitutsiyasiga Oʻn uchinchi tuzatish kiritilishi bilan mamlakatda qullik rasman bekor qilingan.

001

Bugun biz soyai davlatida yig‘ilgan buyuk amerikalik bundan yuz yilcha burun Negrlarni ozod qilish to‘g‘risidagi proklamatsiyani imzolagan edi. Bu muhim farmonga adolatsizlikning kuydiruvchi taftida jizg‘anak bo‘lgan millionlab qora qullar ulug‘vor umid mayog‘i sifatida qaradilar. Uni shodlik tongi, uzoq davom etgan asirlik kechasining intihosi deb qabul qildilar.

Ammo oradan yuz yil o‘tgan bo‘lsa-da, g‘oyat noxush bir holatni tan olishimiz kerak: negr hamon ozod emas. Afsuski, bugun bir asr o‘tib ham negrning hayoti hamon segregatsiya (segregatsiya — irqiy kamsitish shakllaridan biri) kishanlari va diskriminatsiya zanjirlari bilan zimistonga aylantirilmoqda. Oradan yuz yil o‘tgan bo‘lsa-da, hamon negr farovon hayot ummonining o‘rtasidagi qashshoqlik orolida kun ko‘rmoqda. Yuz yildan buyon negr amerika jamiyatining pana-pastqam xilvatlarida ezilmoqda va o‘z yerida sig‘indi maqomida yashamoqda. Bugun biz bu yerga aynan shuning uchun, vaziyatning naqadar ayanchli ekanini ta’kidlash uchun keldik.

Biz davlatimiz poytaxtiga ramziy ma’noda chek bo‘yicha naqd pul olishga keldik deyishimiz mumkin. Bir paytlar respublikamizning tamal toshini qo‘yganlar Mustaqillik deklaratsiyasi va konstitutsiyadagi go‘zal so‘zlarni yozishar ekan, bu bilan har bir amerikalikka meros bo‘lib qoladigan o‘ziga xos vekselni imzolashgan edi. Ushbu veksel bilan hamma odamlarga yashash, ozod yashash huquqi, farovon turmush kafolatlangan edi.

Bugun shu narsa aniq bo‘ldiki, Amerika o‘zining rangli fuqarolariga ushbu veksel bo‘yicha to‘lovni amalga oshirishga qodir emas ekan. Qiyomat qarzini qaytarish o‘rniga Amerika negrlarning qo‘liga soxta chek tutqazdi, buni esa «mablag‘ yetishmaydi» belgisi bilan qaytardilar. Ammo biz adolat banki kasod bo‘lganiga ishonmaymiz. Ulkan imkoniyatlar xazinasiga ega davlatimizda mablag‘ yetishmasligiga ishonmaymiz. Shuning uchun ushbu chek bo‘yicha haqqimizni olgani keldik, bu chek bo‘yicha bizga erkinlik ganji va odillik kafolati berilishi kerak. Biz bu yerga, bu muqaddas joyga yana Amerikaga bugungi kunning qat’iy talabini eslatish uchun ham keldik.

Hozir ko‘ngilga taskin beradigan choralar bilan yoki tadrijiy qarorlar shaklidagi tinchlantiruvchi dorini ichish bilan qanoatlanib qoladigan payt emas. Segregatsiyaning zim-ziyo vodiysidan irqiy adolatning charog‘on yo‘liga chiqish vaqti keldi. Hamma imkoniyatlar eshigini ochish mavridi keldi. Bizning millatimizni irqiy adolatsizlikning bilqillama qumloqlaridan birodarlikning mustahkam qoyasiga olib chiqish fursati yetdi.

Negrlarning qat’iyatini yetarlicha baholamaslik va ushbu fursatning juda ham muhimligini e’tiborga olmaslikning oqibati davlatimiz uchun g‘oyat xavfli bo‘lishi mumkin. Erkinlik va tenglikning ruhlantiruvchi kuzi kelmaguncha negrlarning haqli noroziligining jazirama yozi tugamaydi. 1963 yil intiho emas, ibtidodir. «Negr bir qizishib ketdi-da, endi sovuydi» deb o‘ylayotganlar qattiq adashadi, chunki bizning millat bundan buyon eskicha yashay olmaydi. Negrga uning fuqarolik huquqlari berilmaguncha Amerika tinchlik-xotirjamlik nimaligini bilmaydi. Adolatli yorug‘ kun kelmaguncha inqilobiy bo‘ronlar davlatimiz asoslarini zirillataveradi.

Adolat saroyining tabarruk ostonasida turgan xalqimga aytadigan yana bir gapim bor. O‘zimizning haqqoniy o‘rnimizni egallash jarayonida bizni nojo‘ya harakatlarda ayblashlariga zamin yaratib bermasligimiz kerak. Keling, ozodlikka bo‘lgan tashnaligimizni alam va nafrat kosasidan suv ichib qondirmaylik.

Biz o‘z kurashimizni hamisha o‘z qadrimizni bilgan va tartib-intizomga rioya qilgan holda olib borishimiz kerak. Ezgu maqsadni ko‘zlagan noroziligimiz zo‘ravonlikka aylanib ketishiga yo‘l qo‘ymasligimiz zarur.

Biz jismoniy kuchga ruhiy kuch bilan javob berib, ulug‘vor yuksaklikka erishishga harakat qilishimiz lozim. Negrlar jamiyatida hukm surayotgan favqulodda jangovarlik barcha oq odamlarda bizga nisbatan shubha, ishonchsizlik uyg‘otmasligi kerak, chunki bizning oq birodarlarimizning ko‘pchiligi ularning taqdiri bizning taqdirimiz bilan chambarchas bog‘liqligini, ularning erkinligi bizning erkinligimiz bilan muqarrar ravishda bog‘liqligini anglab yetishgan, ularning bugun shu yerda hozir bo‘lganligi shundan dalolat beradi. Biz yolg‘iz o‘zimiz maqsadga erisha olmaymiz. Harakatni boshlar ekanmiz, nima bo‘lganda ham olg‘a intilishga qasamyod qilishimiz kerak.

Biz ortga qayta olmaymiz. Fuqarolik huquqlarining fidoyi himoyachilaridan «Siz qachon tinchiysiz?» deb so‘rovchilar bor. Uzoq safar tufayli yo‘l azobini tortgan birodarlarimiz hordiq chiqarish uchun yo‘l bo‘yidagi motellar va shahar mehmonxonalaridan qo‘noq olmaguncha biz hech qachon tinchimaymiz. Negrning bir joydan boshqa joyga ko‘chishining asosiy turi kichik gettodan (getto — irqiy, milliy yoki diniy jihatdan past tutilgan aholi guruhi uchun ajratilgan kvartal, mahalla) katta gettoga ko‘chish bo‘lib qolaverar ekan, biz tinchimaymiz. Missisipidagi negr ovoz bera olmas ekan, Nyu-Yorkdagi negr esa ovoz berishda ma’ni yo‘q deb hisoblashda davom etar ekan, biz tinchimaymiz. Yo‘q, adolat arig‘i, odillik daryosi to‘lib oqmas ekan, biz hech qachon tinchimaymiz, xotirjam bo‘lishga haqqimiz yo‘q.

Ko‘pchiligingiz bu yerga og‘ir ko‘rgilik va azob-uqubatlarni boshdan kechirib kelganingizni hech qachon unutmayman. Ba’zilaringiz turmaning tangu-tor kameralaridan to‘g‘ri shu yerga kelgansiz. Ba’zilaringiz ozodlikka intilishingiz tufayli boshingizga politsiyaning qahru-g‘azabi va ta’qib toshlari yog‘ilgan joylardan kelgansiz. Siz haq yo‘lida uzoq vaqt dard chekkan odamlarsiz. Nohaq chekilgan azob-uqubatning ajri borligiga ishongan holda ishlashda davom eting.

Missisipiga qayting, Alabamaga qayting, Luizianaga qayting, shimoliy shaharlarimizdagi gettolar va xarob mahallalarga qayting, bilingki, bu vaziyatqanday bo‘lmasin o‘zgarishi mumkinva albatta o‘zgaradi. Keling, umidsizlik girdobida qiynalmaylik.

Quloq soling, do‘stlarim, shuncha qiyinchilik va ko‘ngilsizliklarga qaramay, mening bir umidim bor. Bu Amerika orzusiga chuqur singib ketgan umiddir.

Umidim shuldirki, millatimiz qaddini tik tutadiganva uning «Hamma odamlar teng huquqli qilib yaratilgan» degan aqidasi ro‘yobga chiqadigan kun keladi.

Umidim shuldirki, kun kelib Jorjiyaning qirmizi zaminida sobiq qullarning bolalari bilan sobiq quldorlarning bolalari birodarlarday bir dasturxon atrofida o‘tira oladigan bo‘ladilar.

Umidim shuldirki, kun kelib hatto adolatsizlik va jabr-zulmdan tinkasi qurigan Missisipidek sahroyi shtat ham adolat va ozodlik chechaklari gullab-yashnagan vohaga aylanadi.

Umidim shuldirki, kun kelib mening to‘rt bolam ularga terisining rangiga qarab emas, bor fazilatu qusurlariga qarab baho beriladigan mamlakatda yashaydigan bo‘ladi.

Umidim shuldirki, kun kelib hozirgi gubernator: «Shtatning ichki ishlariga aralashmanglar, kongress qabul qilgan qonunlarning bizga daxli yo‘q, ularni tan olmaymiz», — deya iddao qilayotgan Alabama shtatida vaziyat o‘zgarib, jajji-jajji qora bolakaylar va qizchalar jajji-jajji oq bolakay va qizchalar bilan xuddi aka-uka va opa-singillarday qo‘l ushlashib yuradigan bo‘ladilar.

Umidim shuldirki, kun kelib barcha pastliklar ko‘tariladi, hamma tepalik va tog‘lar pasayadi, qir-adirlar tekislikka aylanadi, qiyaliklar tekislikka do‘nadi. Yaratganning buyukligi ko‘z o‘ngimizda namoyon bo‘lib, barcha bandalar birgalikda buning guvohi bo‘ladilar.

Biz shundan umidvormiz. Janubga men shunday ishonch bilan qaytaman. Shu ishonch bilan biz chorasizlik tog‘idan umid toshini kesib ola olamiz. Shu ishonch bilan biz xalqimizning g‘ala-g‘ovur ovozini birodarlikning ajoyib simfoniyasiga aylantira olamiz. Shu ishonch bilan biz birgalikda mehnat qila olamiz, birgalikda ibodat qila olamiz, birga kurasha olamiz, turmaga birga keta olamiz, bir kunmas-bir kun ozod bo‘lishimizni bilgan holda ozodlikni birgalikda himoya qila olamiz.

Bu kun barcha odamlar ushbu so‘zlarga yangicha ma’no baxsh etib kuylay oladigan kun bo‘ladi: «Ey ona diyorim, ozod, hur zamin, men seni madh etgum. Ajdodlarim xoki yotgan muqaddas tuproq, sayyohlar mangu intiladigan zamin, barcha tog‘laringda ozodlik taronasi taralsin!».

Amerika buyuk mamlakat bo‘lishi uchun aytganlarim ro‘yobga chiqishi shart.

Nyu-Hempshirning ajoyib tepaliklari uzra ozodlik qo‘shig‘i yangrasin!

Nyu-Yorkning azim tog‘lari uzra ozodlik qo‘shig‘i yangrasin!

Pensilvaniyaning purviqor Allegan tog‘lari uzra ozodlik qo‘shig‘i yangrasin!

Koloradoning qor bosgan Qoyali tog‘lari uzra ozodlik qo‘shig‘i yangrasin!

Kaliforniyaning egri-bugri cho‘qqilari uzra ozodlik qo‘shig‘i yangrasin!

Tennesidagi Lukaut tog‘i uzra ozodlik qo‘shig‘i yangrasin!

Missisipidagi har bir adir va tepalik uzra ozodlik qo‘shig‘i yangrasin!

Har bir tog‘ bag‘rida ozodlik qo‘shig‘i yangrasin!

Ozodlik qo‘shig‘i yangrashiga, uning har bir qishloq va ovulda, har bir shtat va har bir shaharda yangrashiga imkon bersak, hamma odamlar, qoralar va oqlar, yahudiylar va majusiylar, protestantlar va katoliklar bir-birlarining qo‘llaridan tutib negrlarning qadimgi ma’naviy gimnini kuylay oladigan kun kelishini tezlashtira olamiz: «Nihoyat biz ozodmiz! Nihoyat biz ozodmiz! Qodir egamga ming qatla shukur, nihoyat biz ozodmiz!».

Hasan Karvonli tarjimasi

055

(Tashriflar: umumiy 1 185, bugungi 1)

Izoh qoldiring