Namoz Botir kim bo’lgan? Tarixchi bilan suhbat & Xudoyberdi To’xtaboyev. Qasoskorning oltin boshi. Roman

033Халқимизнинг шонли ва бой тарихида шундай жасур ва мард инсонлар ўтганки, улар ҳақида қайта-қайта ёзсанг ҳам яна камдек туюлаверади. Бундан 125 йил муқаддам ўзининг қисқа ва жанговар умри давомида халқ орасида афсонавий қаҳрамонга айланиб улгурган Намоз ботир ана шундай қайта-қайта тилга олинишга арзийдиган ҳақиқий ўзбек ўғлонидир.

Шунингдек, бу саҳифада таниқли адиб Худойберди Тўхтабоевнинг «Қасоскорнинг олтин боши» романи асосида тайёрланган «Намоз Полвон» радиоспектаклини тинглашингиз мумкин.

НАМОЗ БОТИР КИМ БЎЛГАН?
Тарихчи Ўктам Икромов билан суҳбат


Ўктам Икромов 1953 йилнинг 29 январида Намоз Примқулов номли жамоа хўжалигининг Жар қишлоғида туғилган. 1979 йилда Самарқанд Давлат Университети-нинг тарих факультетини тамомлаган. Қатор йиллар 33, 34, 37-мактабларда ўқитувчи, мактаб директори вазифаларида фаолият юритган. Айни пайтда нафақада бўлишига қарамасдан ижодий иш билан машғул. Оилали, 4 нафар фарзанднинг отаси.


Халқимизнинг шонли ва бой тарихида шундай жасур ва мард инсонлар ўтганки, улар ҳақида қайта-қайта ёзсанг ҳам яна камдек туюлаверади. Бундан 125 йил муқаддам ўзининг қисқа ва жанговар умри давомида халқ орасида афсонавий қаҳрамонга айланиб улгурган Намоз ботир ана шундай қайта-қайта тилга олинишга арзийдиган ҳақиқий ўзбек ўғлонидир. Биз ушбу суҳбатимизда сиз азиз муштарийларга ана шу афсонавий қаҳрамон ҳақида батафсил маълумот беришга қарор қилдик.


— Ўктам ака, бугунги авлод Намоз ботирнинг ким эканлигини яхши билмаслиги мумкин. Шунинг учун шу ҳақда батафсил тўхталиб ўтсангиз?

— Намоз ўша даврдаги Каттақўрғон уездининг Метан волостига қарашли Ўтарчи қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келади. Тарихий маълумотларга кўра, 1878 йиллар атрофида ота-онадан эрта етим қолган Намоз озгина ер-мулкидан ҳам ажралиб, Самарқанд уездининг Даҳбед волости яқинидаги Жар қишлоғига келади. Чунки бу ерда Холбек исмли кишига турмушга чиққан унинг опаси Улуғой яшарди. Буни Нурмон шоир Абдивой ўғлининг қуйидаги мисралари ҳам тасдиқлайди:

Намозбек дейдилар асли отини,
Довут дейди ўсган вилоятини.
Бир фасл қилайин таърифотини,
Газетминан эшитувчи Николай
Зор йиғлади ўрдадаги хотини.

Ёшлигидан қўрқмас ва довюрак бўлиб элга танилган Намоз бир рус кишининг маслаҳати ва ёрдами билан Петербург шаҳрига ҳарбий билим юртига ўқишга боради. Узоқ чекка ўлкадаги дўстидан мактуб келтирган Намоз ҳарбий билим юрти ўқитувчисининг кўмагида бу билим даргоҳига киради. Кези келганда шуни айтиб ўтиш керакки, XIX асрнинг 60-80 йилларида Ўрта Осиё Чор Россияси томонидан истило қилинганидан кейин Петербург, Москва, Самара сингари марказий шаҳарларда яшовчи ҳукумат сиёсатидан норози бўлган исёнкор руҳидаги фуқаролар мамлакатнинг Ўрта Осиёнинг чекка ўлкаларига пешма-пеш кўчириб турилган. Бунинг натижасида XIX асрнинг охири XX аср бошларида Ўрта Осиё шаҳарлари атрофида кичик-кичик «мужик» қишлоқлар вужудга кела бошлаган. Бунга мисол қилиб Даҳбед яқинидаги Первомайск ва Уклон қишлоқлари-ни айтиб ўтиш мумкин. Табиийки, яқин атрофдаги қишлоқларда яшовчи бундай фуқаролар билан тез-тез мулоқотда бўлган Намознинг ҳам дунёқараши аста-секин ўзгара борган.
Тарихчи Н.Норқулов ва ёзувчи С.Сирожиддиновларнинг келтирган маълу-мотларига қараганда, ўқишни тугатган Намоз Москва ва Самара шаҳарларида бўлган. Шундан сўнг у Туркистон генерал-губернатор-лигига таржимон-адъютант этиб ишга тайинланади. Сўнгра Самарқанд губернатори ихтиёрига, кейинчалик эса Даҳбед волос-тининг бошқарувчиси этиб ишга юборилади. Бироқ, қаерда ишламасин, мустабид тузум таъқиби ва ноҳақликларини кўп кўрган ва буни ҳазм қила олмаган. Шу боисдан Намоз ўз лавозимидан воз кечиб, мазлум халқ ҳуқуқи учун курашга қатъий бел боғлади.

— Намоз ботир ҳаракатига доир асосий манбалар нималардан иборат?

— Намоз ҳаракатига доир тарихий манбаларни аввало тўла жамлаш ва уни икки қисмга ажратиб таҳлил қилиш лозим. Биринчи қисми ўша давр ҳукмрон доиралари манфаатлари учун хизмат қилувчи вақтли матбуот хабарлари, шунингдек, волостной, уезд ва вилоят ҳарбий маъмурларининг ўзаро ёзишмалари ҳамда Туркистон генерал-губернаторлигига тақдим этилган ахборот ва докладлари, бундан ташқари Туркистон ҳарбий-округ суди прокурорининг «Самарқанд вилоятидаги Намоз Примқулов бошчилигидаги босқинчилар гуруҳи ишига доир» деб номланган 14 том, 260 саҳифадан иборат суд ҳужжатлари ва яна Самарқанд уезд 2-участка суд маҳкамасининг «Босқинчилар гуруҳи»га доир 63 та суд делоси каби ҳужжатлардир.
Юқорида кўрсатиб ўтилган манбалардан тортиб, то Петербургдаги бош штабигача ва Николай подшогача етказиб берилган ахборотлардан шубҳасиз, Намоз ҳаракати кескин қораланган хамда бу ҳаракатни тугатиш учун қўшимча ҳарбий кучлар ажратиш талаб қилинаверган.
Иккинчи қисм манбаларида эса Намоз билан бир даврда яшаган ва у билан шахсан таниш бўлган шоир ва ёзувчилар, хусусан, Нурмон шоир, Абдивой ўғли (унинг «Намоз» достони) ва Мирзо Қўқонбой Абдухолиқ-зодалар (Унинг «Намоз» романидан 1940 йил парча нашр қилинган). Намознинг ўта халқпарвар, адолатли ва жасур инсон эканлиги унинг сиймосида миллий ва мустамлака сиёсатига қарши қўлига қурол олиб кураша олган халқ қасоскори қиёфасини ифодалайдилар.

Бундан ташқари, улкан адиб, ўзбек миллий романчилигининг асосчиси ва ёрқин намоёндаси Абдулла Қодирий ҳам Намоз ҳақида роман яратиш учун манбалар тўплайди. Шу мақсадда у 1927-28 йилларда туманимиздаги Жар қишлоғига келади. Абдулла Қодирий Намознинг опаси Улуғойни фойтун аравада Самарқанд шаҳрига олиб бориб бирга расмга тушадилар. Абдулла Қодирий оқ кител костюмда, Ўлуғой эса қора паранжи чачвонни боши узра орқага қайтариб қўйиб суратга тушадилар. Бу суратлар 1988 йилда Жар қишлоққа Намоз ҳақидаги фильм ишлаш учун келган режиссёрлар томонидан олиб кетилган ва қайтарилмаган. Афсуски, машъум 30-йиллар қатағони Абдулла Қодирийни унинг юзага келиши мумкин бўлган асарини ҳам ўз гирдобига олиб кетди.
Рус тарихчиси академик А.В. Пясковс-кийнинг «Туркистонда 1905-1907 йиллар революцияси» номли китобида (СССР ФА нашриёти Москва — 1958 йил) Намоз ҳаракати анча кенг ва холисона ёритилганлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, тарихчи С.А.Акрамовнинг «Биринчи рус революцияси даврида Самарқанд вилояти меҳнаткаш деҳқонларининг революцион чиқишлари тарихидан» китобчасида, тарихчи Ю.Н.Алексеевнинг «Самарқанд» («Ўзбекистон» нашр. Тошкент – 1967 йил) китобларида Намоз ҳаракатига доир бир-биридан қизиқарли материаллар берилди.
Ўтган асрнинг 70-йилларига келиб Намоз ботир ҳаракатининг илмий ва бадиий жиҳатдан ёритилишида бирмунча қувонарли ишлар амалга оширилган дейиш мумкин. Тарихчи Ҳ. Содиқов ва Н.Норқуловнинг «Гулистон» журналида босилган «Намоздайин бир зўр ўтди жаҳонда»… 1972 йил, май №5 (65), Н.Норқулов ва С.Сирожиддиновларнинг «Намоз ким эди?» (Собиқ «Ленин йўли» ҳозирги «Зарафшон» газетасининг 1972 йил май, №95,96,97,98,99,100) сонларидаги илмий мақолалари, М.Нуриддиновнинг «Қиндан чиққан қилич» қиссаси (собиқ «Ленин йўли» газетаси, 1977 йил, 10,11,12,13,17, 18,19,20,21,24,26 ва 27 апрель сонларида), ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг «Қасоскорнинг олтин боши» номли саргузашт романи шулар жумласидандир. Юқорида кўрсатиб ўтилган барча илмий ва бадиий асарлар тўпланган муайян тарихий манбалар асосида юзага келган бўлиб, тарихий шахс бўлган Намоз ботир сиймосини ҳар бир муаллиф ўз имконияти даражасида акс эттиришга ҳаракат қилганлар.

— Сиз шу мавзуда кичкина бўлсада, илмий иш қилган оддий тарихчи сифатида юқорида айтиб ўтилган илмий ва бадиий асарларда Намоз ботир қиёфаси мукаммал талқин этилган деб ҳисоблайсизми?

— Йўқ, албатта. Мен қўп йиллар давомида, аниқроғи, жуда ёшлигимизданоқ уйимизда бу мавзуда кексаларнинг соатлаб қилган суҳбат ва ҳикояларини ҳайратланиб эшитганман. Кейинчалик СамДУнинг тарих факультетида ўқиб, устозлар кўмагида бу мавзуни янада чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қилдим. Бироқ, шунча йил давомида ўқиб-ўрганган илмий ва бадиий асарлар ичида ҳали Намоз ботир қиёфасини тўлақонли ва мукаммал ўзида мужассамлантирган на илмий, на бадиий асарни ўқидим. Мирзо Қўқонбой Абдухолиқ-зоданинг «Намоз» романи албатта бундан мустасно бўлиши ҳам мумкин. Чунки ҳали бу роман тўла нашрда босмадан чиққани йўқ. 1940 йилда парча эълон қилинган холос. Академик Ботурхон Валихўжаев ўзининг «Мирзо Қўқонбой ким бўлган?» номли мақоласида («Зарафшон» газетаси, 2004 йил 12 август, №99-сон) Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзоданинг ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот бериб, унинг «Намоз» романи, ҳатто Мирзо Қўқонбойнинг Даҳбед қозихонасида Намоз билан учрашгани ва у тўғрисида яхши таасуротда бўлганлиги ҳақида ёзади.
Менимча, Намоз ҳаракати тўғрисида илмий жиҳатдан мукаммал, бадиий жиҳатдан тўлақонли сиймоли асар яратиш учун аввало забардаст ижодкор бўлиши керак. Бунинг учун барча ёзма ва оғзаки манбалар жамланиши ва чуқур ўрганишни талаб этади албатта. Тарих фанида эса маълум бир давр тарихини ўрганиш ва унга баҳо беришда мавзуга ўша давр ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маънавий муҳитни ҳисобга олган ҳолда ёндошиш кераклиги ҳақида доно ўгит бор. Буни ҳеч бир тарихчи унутмаслиги лозим.
Намоз ҳаракати тўғрисида ўз даврида кучли ва ҳаммабоп асар яратилмаганлигини яна шу билан изоҳлаш мумкинки, собиқ шўро тузуми ва ундан аввалги чор ҳукумати даврида бу мавзуга қўл урган зиёлиларга, айниқса, бадиий асарлар ёзадиган ижодкорларга муносабатнинг яхши бўлмаганлигидир. Энди сир эмаски, чор ҳукумати даврида ҳам, собиқ шўро тузуми даврида ҳам маҳаллий халқ орасидан етишиб чиққан Намоздек жасур ўз даврининг қаҳрамонини ҳукмрон доирадагиларнинг табиати хушламаслиги, «Намоз» достонини ёзган ва халқ орасидан дўмбира чалиб, бу достонни куйлаб юрганлиги учун Нурмон шоирнинг чор ҳукумати томонидан турмага ташланиши, бу мавзуда материал тўплай бошлаган Абдулла Қодирийнинг қатағон қурбони бўлиши, «Намоз» романининг ёзилишига Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзоданинг бир бора бўлса-да, қамалиши, хуллас бу мавзуга қўл урган зиёлилар тақдирларининг ўзаро ўхшаш томонлари кишини ажаблантиради.
Шу ўринда яна бир гап ёдимга тушди. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошларида Намоз ҳақида «Қасоскорнинг олтин боши” бадиий фильми ҳам яратилди. Фильм қишлоғимизга келтирилиб намойиш этилди. Фильмни томоша қилган қишлоқ аҳли кинони ишлай олишмабди, дея норози бўлиб тарқалишгани ҳали эсимда. Орадан 7-8 йил ўтиб, собиқ шўро тузумининг сўнгги йилларида ошкоралик, демократия деган гаплар чиқиб қолди. Ўша пайтлар Тошкентга бориб, фильмнинг сценарий муаллифига учрашдим ва фильмнинг тушунарсиз, паст савияда ишланганлигини айтиб, уни қайта ишлаш даври келмадимикан, дедим. Муаллиф (ўша пайтда Ўзбекистон ёзувчилар Уюшмасининг котиби бўлмиш  Муҳаммад Солиҳ назарда тутилмоқда) мен бу мавзуга бошқа қайтмоқчи эмасман, шу фильм учун бир ярим йил Москвага қатнадим. Охири шу фильмдан воз кечдим. Хоҳлаганларингни қилинглар, деб қўл силтаб чиқиб кетганман. Охир-оқибат фильм «думи юлинган товуқ» шаклига келиб экранга чиқди, деган эди.
Намоз сингари ҳаракат қилган Молдавия халқининг миллий қаҳрамони Г.И.Котовский, Россиянинг Подольск губерниясида ҳаракат қилган халқ қасоскори Устим Кормилюк ҳақида яратилган фильмларни биз фақат орзу қилиб қоламиз шекилли. Эҳтимол, келгусида бирорта фидойи ижодкор чиқиб, бизнинг орзулари-мизни рўёбга чиқарса ажабмас.

— Намоз ҳаракати, унинг ҳудуди ва ҳаракатининг ўзига хос характерли хусусиятлари тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Намоз ҳаракати асосан ерсиз, мулксиз йигитларнинг унинг атрофида бирлашишидан бошланган. (1905 йил) Намоз ўз атрофига тўпланган йигитлар билан золим, хасис бой ва амалдорларни топиб, уларнинг мол-мулкини тортиб олар ва чор-ночор кишиларга, бева-бечораларга улашиб берарди. Намознинг йигитлари бир қанча гуруҳ (отряд)ларга бўлинган бўлиб, ҳар қайси гуруҳда 10-17 нафардан қасоскор йигитлар бўлган. Бу гуруҳларни Намознинг Қобил, Давра, Турсун, Карим, Эшбўри, Шерниёз, Абуқодир Жуманхўжа, Пирўғли, Норбобо ва Эсиргап сингари жасоратли сафдошлари бошқарган. Улар Каттақўрғон уездининг Жом, Мис, Шўрчи, Улус, Олтинравот, Қосимқул, Мозорали, Гадойтопмас, Пайшанба, Митан, Иштихон — Самарқанд уездининг Кўкча, Даҳбед, Довут, Қорасув, Қоратепа, Ургут, Арабхона, Култепа, Шайхлар, Янгиқўрғон, Челак, Қоракесак, Қипчоқ каби йирик қишлоқларида тез-тез бўлиб, бой ва амалдорларнинг жазосини берган.
1905 йил кузига келиб Намоз ҳаракати сезиларли даражада кучайди ва у 1907 йил охиригача тўхтовсиз давом этади. Бу ҳаракат бой ва амалдорларга ҳамда чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатига қарши чинакам партизанлик уруши тусини олди. Дастлаб Самарқанд вилояти ҳудудида бошланган ҳаракат рус тарихчиси, академик А.В.Пясковс-кий келтирган маълумотларга кўра, Бухоро амирлигига қарашли «Чироқчи, Зиёвуддин, Хатирчи, Китоб, ҳатто Ғузор бекликларидан Афғонистон чегараларигача бориб етди». Дарҳақиқат, Нурмон шоир айтганидек:

Самарқанд шаҳрида даврон сурганди(р),
Олдига солгандир ўттиз мерганди.
Хуфтон бўла бузди Каттақўрғонди,
Ҳеч кўрмадик Намоздайин султонди.

Маҳаллий ҳоким, волост ва уезд бошлиқлари ҳамда йирик амалдорларнинг қасоскорлари томонидан тез-тез жазоланиши уларни қаттиқ ташвишга солди. Чор маъмуриятларини таҳликага солувчи бундай хабарлар Туркистон генерал-губернатори, ҳатто Николай подшогача бориб етади. Шоир ўз мисраларида бу ҳақда шундай дейди:

Кеча-ю кундуз юргани дала, дашт бўлди,
Ўттиз йигитларга ўзи бош бўлди.
Николайга неча кун кенгаш бўлди,
То ўлгунича Николай билан ғаш бўлди,
Намоздайин бир зўр ўтди жаҳонда.

Намознинг номи амир ва ҳокимлар, бой ва амалдорларга сира тинчлик бермай қўйди. Улар Бухоро амирига, Туркистон генерал-губернаторига ариза устига ариза йўллаб, ёрдам сўрайдилар. Туркистон генерал-губернаторлиги Намозни тутиш ва унинг ҳаракатини тугатиш учун жазо отряди ажратиш, Намознинг боши учун катта миқдорда мукофотлар белгилашгача бориб етади. Намозни кўриб, орқасидан от солиб қувган кўплаб казаклар, полиция ва ҳарбий қўриқчилар ета олмай доғда қолаверадилар. Намоз ўз отряди билан ҳатто Самарқандда чор маъмурларининг нақд бурни остида зулмкор амалдорлар ва очкўз бойларни қақшатиб бамайлихотир жўнаб қолар эди.
Намоз фақат маҳаллий бой ва амалдорларнигина жазолаб қолмасдан, мустамлакачи чор маъмурлари ва аскарларини ҳам зир титратган. 1906 йил охирида Самарқанд ҳарбий маъмурлари Туркистон генерал-губернаторидан Намозни излаш учун қўшимча юзлик Урал казакларини юборишни сўрайди ва Самарқанд артиллерия омборидан шунга яраша милтиқ, ўқ-дори олиш ҳақида кўрсатма берди. Бундан ташқари, у шундай деб ёзади: «Казаклардан Намозни ҳамроҳлари билан жанг қилиш ва уларни ушлаш ҳар бир минутда талаб қилиб қолиниши мумкин. Бу ерда Намоздан шундай қўрқадиларки, «Намоз» деб бир бақирилса, дуч келган томонга қараб қочадилар, булар билан бир иш қилиш қийин».
1905 йил 29 октябрда Намоз биринчи марта қўлга олинади. Намоз ва унинг қўлга тушган сафдошлари Самарқанддаги «Маховхона» турмасига ташланади ва уларни Сибирга сургун қилиш мўлжалланади. Бироқ турмада ҳам тиниб-тинчимаган Намоз турма остидан лаҳм кавлаб, 1906 йил 2 февраль куни кечаси ўзи билан бирга яна 60 нафар маҳбусни ҳам қутқариб чиқади. Намоз ташқарига чиққанида уни 4-5 нафар отлиқ дўстлари эгарланган от билан кутиб турган. Улар орасида Намознинг поччаси Холбек ҳам бўлган.
Намоз ҳаракати яна давом этаверади. Намозни бутун меҳнаткаш халқ оммаси қўриқлаётган эди. Маҳаллий аҳоли уни чор ҳукумати жазо отрядининг ҳар қандай хавф-хатаридан ўз вақтида огоҳлантириб турарди. Самарқанд ҳарбий губернатори Ғоят ташвишланиб, бу ҳақда шундай деган эди: «Уезд аҳолиси қувиш пайтида Намоз ва унинг гуруҳи» қаерга яширингани ва қаёққа кетганлигини ҳеч қачон, сира ҳатто қийноққа солинса ҳам айтмайди. Ҳаммасида битта жавоб — ҳеч нара билмайман, кўрганим йўқ. Маҳаллий маъмурларнинг ҳам тўртдан уч қисми Намоз томонда…».
Кўриниб турибдики, Намоз ҳаракатини фақат меҳнаткаш халқ оммасигина қўллаб-қувватлаб қолмасдан, маҳаллий бой-амалдорлар, ҳатто чор ҳукумати маъмурлари орасида ҳам унга хайрихоҳ кишилар кўп бўлган. Намознинг қўлга тушган йигитларини Сибирга сургун қилиш чоғида қочириш, ёрдамлашган, турма остини кавлаб тутқунликдан чиқиб кетишларида, чор ҳукумати ҳарбийлари орасида ҳам ҳеч шубҳасиз, Намозга хайрихоҳ, унга сидқидилдан хизмат қилувчи кишилар кўп бўлган. Намоз ҳаракатининг бошқа шундай ҳаракатларга ўхшамайдиган ўзига хос характерли жиҳатлари ҳам шундаки, унинг ҳаракатида қатъий адолат мезонлари мавжуд эди. У ҳеч қачон дуч келган бой ва амалдорларни ёппасига жазолаб кетавермаган. У фақат бева-бечораларни ишлатиб ҳақини бермайдиган очкўз, ноинсоф бойларни, золим амалдору, муттаҳам қозиларни, хуллас, нафс балосида инсофу, диёнатдан юз ўгирган турли мансабдорларни жазолаган. Акс ҳолда Намоз ҳаракати халқ орасида бунчалик катта шуҳрат қозонмаган бўлур эди.
Яна тарихий ҳужжатларга мурожаат қиламиз. Самарқанд вилояти ҳарбий губернатори ёрдамчиси докладида шундай дейилади: «Намоз камбағал аҳоли орасида ниҳоятда катта шуҳратга эга. У аҳолининг ҳар бир хизмати учун кўп меҳрибонликлар кўрсатади. Фақат бой ва амалдорларнигина талайди. Камбағалларга эса пул, ғалла, уруғлик билан тез-тез ёрдамга келиб туради». Ёки Самарқанд уезди ҳокимининг ёрдамчиси имзоси билан Туркистон генерал-губернаторига 1907 йил 10 январдаги рапортида қуйидаги гаплар ташвиш билан билдирилади: «Маҳаллий қишлоқ аҳли орасида Намоз катта обрў қозониб, деярли афсонавий шахсга айланиб қолган… Уни тутишда бизга кўмак берувчилар сони шу туфайли камайиб бормоқда».
Ҳарбий маҳорат борасида ҳам чор ҳукуматининг унча-мунча ҳарбий маъмурлари Намоз олдида эп эшолмасди. 1906 йилнинг 24 декабрида Жойдевон волостининг Сайдин қишлоғида ва 1907 йил январида Даҳбед волостининг Қўшқўрғон қишлоғида бўлган қонли отишувда, Бухоро амирлигининг Хатирчи ва Кармана бекликларида бўлган тўқнашувларда Намоз ўз йигитлари билан рақибларнинг кўп сонли аскарларига қарши бўлган тенгсиз жангларда қуршовдан чиқиб кета олган.
Академик А.В.Пясковский келтирган тарихий маълумотда Бухоро амирлигининг Намоз отрядини тор-мор қилиш учун юборилган бутун бир эскадрон кавалериясини (отлиқ қўшин) Бухоро чўлида Намоз ўз йигитлари билан қуршаб олди ва қуролсизлантирди, дейилади. Намознинг бундай ҳарбий маҳорати Нурмон шоирнинг қуйидаги мисраларида жуда ўринли мадҳ этиб ўтилади:

Бедов миниб сағрисини силатди,
Муродини бир худодан тилатди.
Яқин деди, Қарши чўлни талатди,
Амир шоҳни тахт устида жилатди,
Ҳеч кўрмадим, Намоздайин азаматди.

Тарихчи олим Ю.Н.Алексеров келтирган маълумотларга кўра, Намоз ҳаракатининг миллий таркиби ҳам турли-туман бўлган. Уларнинг сафида ўзбек, тожик, туркман, қозоқ, қирғиз, ҳатто рус, украин, арман ва эрон миллатининг қасоскор йигитлари ҳам бўлган. Ҳаракат саркорларидан бири Дониёрбекнинг Намозга йўллаган хатида шундай сўзлар бор: «…арманлар ва руслар билан яхши натижаларга эришаяпман ва у Сергонович, Григоре, Семене ва бошқалар»ни эслатиб ўтади.
Чор маъмурлари ва маҳаллий эксплуататорларнинг зулмидан, ҳақ-ҳуқуқсизликдан жабрланган, қалби қасос ҳисси билан тўлиб тошган йигитлар турли вилоятлардан келиб Намоз ҳаракатига қўшилардилар. Уларнинг ҳаракати Зарафшон воҳасидан ташқари Жиззах, Кармана, Қарши, Шаҳрисабз, Китоб ва бошқа кўпгина ерларга ёйилди. Намозни қўлга тушириш учун сарфланган миллионлаб сўм пуллар ҳам, жазо отрядларининг қарийб уч йиллик уриниши ҳам фойда бермайди. Самарқанд вилоят ҳарбий маъмурларидан бири Туркистон генерал-губернаторига ёзган рапортида шундай дейди: Намоз отрядларининг полиция ёки марказдан бир неча бор юборилган қўшинлар томонидан таъқиб этилиши бирор натижа бермади. Маҳаллий аҳоли Намоз отрядини ҳар қандай хавфдан ўз вақтида огоҳлантириб турибди. Ҳамма уни яширишга кўмаклашмоқда». Ҳа, халқнинг ишончи ва мададига таянган Намоз қишлоқ ва шаҳарларда бемалол от суриб юраверди.

«Намоз, — деб ёзади «Туркистон вилоятининг газетаси» ўзининг 1906 йил 5 ноябрь сонида. – Баъзи вақтларда қизил духобадан тўн кийиб, резинка аробаға тушиб ҳам юрар эмиш. Ул жаноб ўтганларида ҳамма одамлар ўринларидан туриб, унга салом берар эмишлар. Намоз ўтирган колоска аробанинг олдида ва ҳам орқасида кўп нафар йигит-ясовуллар гўёки бир подшоҳ келаётгандек от чопиб юрар эканлар».

Мазмунан эшитилмиш хабарлар ифодаси бўлган бу маълумотлар ҳам Намознинг халқ билан узвий боғлиқлиги, унинг халққа, халқнинг эса унга ишонганлигининг ёрқин ифодасидир. 1907 йилга келиб Россиянинг марказий шаҳарларидаги сингари Туркистон шаҳарларида ҳам оммавий ҳаракатларнинг аста-секин пасайиш даври бошланди. Энди Чор ҳукумати Намоз ҳаракатига қарши курашадиган жазо аскарлари сонини янада кўпайтириш имкониятига эга бўлди.
1907 йилнинг 27 майида Самарқанд ҳарбий губернатори буйруғи билан Намоз ҳаракатини тугатиш учун операциялар бошланади. Подполковник Соколов ва участка пристави капитан Голов ихтиёрига 2-Урал казак полкидан ҳарбий куч юборилади. Бухоро амирлиги ҳудудида 12 та ҳарбий пост, Самарқанд вилояти ҳудудида 10 та кузатув пости ташкил этилади. Ҳарбий постларни ташкил этишда маҳаллий аҳоли жуда қаттиқ қаршилик кўрсатади. Бу ҳакда Туркистон генерал-губернаторининг Петебургдаги бош штаби ва Николай подшога юборилган махсус маълумотномасида ҳам айтиб ўтилади.
Намозни тутиш учун йўлларга, қишлоқларга айғоқчилар қўйилади. Бир томондан эса рус-казак жазо аскарлари қуроллантирилиб, жанговар ҳолатга келтириб қўйилади. Хабар келиши биланоқ бу аскарлар зудлик билан тегишли жойга етиб бориши ва Намозни мумкин қадар тириклайин қўлга тушириши, унинг йигитларини эса асир олиш ёки қириб ташлаш режаси тузилади.
1906 йил 20 октябрь куни Даҳбед учкастка пристави 32 нафар отлиқ аскар ва бир офицер ҳамда даҳбедлик Мирза Саидмурод Мирза Қобил ўғли ва Мирза Ҳамид Ҳасанбой ўғли билан биргаликда Жарқишлоққа келиб Намознинг ҳовлисини босадилар. Намозни топа олмаган аламзадалардан бири опаси Улуғойнинг бўйнига арқондан сиртмоқ солиб, «Намозни топиб бер», дея ҳовлининг у бошидан бу бошига роса судроқлайди. Бу зўравонликдан ҳолдан тойган, лекин омон қолган Улуғой ўзининг бош бармоғини сиртмоқдан ўтказиб олиб аранг нафас олиб турганлигини воқеадан сўнг фарзандларига гапириб берган.
Вазият тобора мураккаблашиб бормоқда эди. Бундай шароитда Намоз бошқа бир тадбирни ишга солади. Ўз сафдошларига зарур бўлганда, унинг буйруғини кутиб ўтирмасдан ҳужумга ўтиш ва халқ орасида ўрни келиб қолганда ўзини «Намоз» деб таништиришдан ҳам қайтмаслик ва шу орқали омма билан алоқани янада мустаҳкамлашни топширади. Кейин эса Чор маъмуриятлари ва аскарларини чалғитиш мақсадида бир кунда турли волостларда бирдан ҳаракат қилиш ва ҳужумга ўтиш ҳақида кўрсатма беради. Бу режа ҳақиқатдан ҳам Чор маъмурларини саросимага солиб қўйди. Ҳар куни турли волостлар ва амирликларнинг турли бекликларида Намоз йигитларининг ҳужуми тўғрисидаги таҳликали хабарлар ошиб бораверди. Бироқ Чор маъмурлари ҳам жазолашнинг турли усулларини қўллай бошлайдилар. Энди улар Намоз ёрдамидан баҳраманд бўлган деҳқон, бева-бечораларни ҳам топиб жазолашга ўтадилар. Бу Намознинг ҳаракатини анча қийинлаштириб қўяди. Бунинг устига Намоз ҳаракатини тугатиш учун тобора кўпроқ куч ажратилаверади.
1906 йилнинг 24 декабрида Жўйдевона волостининг Сайдин қишлоғи старшинаси Даҳбед пристави Олейниковга Намоз отряди келганлиги ҳақида хабар етказилади. Олейников ўзининг 41 нафар казак аскарлари билан айтилган жойга етиб келади. Намоз ўзининг 11 кишилик кичик гуруҳи билан жангга киришади. Жангда казакларнинг кўпчилик аскарлари ўлдирилди. Қасоскорларнинг келганлиги ҳақида хабар етказганлиги учун сотқин уй эгаси Тамом Эшиев ҳам Намоз томонидан ўлдирилди. Намоз талофат бериб қуршовдан чиқиб кетади. Шу жангда қўлга туширилган сафдошлари Очил Муллажонов, Худойберди Ўташев, Қурбонбой Отаниёзов, Қаршибой Султонов, Шодмон Тўхтамишев, Авазқул Оқмирзаев ва Шерниёз Худойназаров устидан уларни осиб ўлдириш хусусида шафқатсиз ҳукм чиқарилади, кейин эса бу ҳукм абадий каторга ишларига сургун қилиш ҳукми билан алмаштирилади.
Ана шундай оғир бир шароитда Чор ҳукумати аскарлари билан иккинчи бир қонли тўқнашув 1907 йил январида Қўшқўрғон қишлоқида юз берди. Ана шундай мураккаб бир шароитда Самарқанд уездининг ҳокими полковник Чертовга Жўйдевона волостидаги Калачи даҳасининг старшинаси Мўминбек оқсоқолдан бир хабар келади. Шу қишлоққа капитан Олейников бошчилигида 10 нафар солдат юборилади. Улар йўл-йўлакай Даҳбеддан ўзига ишончли бир неча шахсни олиб Аслонобод қишлоғига етиб борадилар. Аммо Намоз аллақачон ўз жойини ўзгартирган эди. Улар Қўшқўрғон қишлоғига из олиб бориб қарасалар, Намоз ўзининг надимлари – Жуманпучуқ, Қаршибой, Авазкўр, Холбек каби 11 нафар йигити билан Ҳамроқул деган одамнинг ҳовлисида ўтиришарди.
Бу тўқнашувга доир «Туркистон вилоятининг газетасида 1907 йил январида шундай материаллар берилган эди: «Улар пристав, бўлусной ва казак солдатларини кўриб, ўринларидан туриб, приставга икки марта милтиқ отибдур. Солдатлар ташқаридан тўхтовсиз ўқ отишиб Жуманбойни ўлдириб, Авазкўр ва икки ҳамроҳини ярадор қилубдурлар. Мазкур ўғрилар отларини ташлаб, ҳукизлар турган уйга кирганда икки ҳукиз милтиқ ўқи еб ўлуб, Намоз Примқулов миниб олган беш минг тангалик от ва ҳовли эгасининг бир оти солдат ва ўғриларнинг ўқидан нобуд бўлибдур. Ўғрилардан саккиз нафарини ушлаб олибдурлар. Булардан 4 нафари ярадор бўлган экандур. Холбек, Авазкўр, Очилди ва яна бири…»
Намоз Шерниёз ва яна бир йигити билан уста Ғаффор деганнинг уйига ўтиб олиб солдатлар билан анча вақтгача қаттиқ, отишади. Солдатлардан бири уй ичига кириб Намозни тутиб олмоқчи бўлганида ўқ еб ўлади. Бундан қўрққан жазо отрядининг бирор солдати уйга яқинлашмайди. Шунда Намозни тутиб беришга уй эгасини мажбур қиладилар. Аммо бундай пайтда хоинлик рўй беришини кутган Намоз уй эшигига киришга ўринган ҳовли эгасини ҳам отиб ташлайди. Шунда солдатлар уйни портлатиш керак деган фикрга келадилар.
«Шул вақтда мазкур атрофига қаровуллар қўйлиб, жаноби пристав тура уезд ҳокимига хабар юборадиларки, яна 50 солдат билан 10 та бомба юборгайлар. Мазкур куни соат 3 да 50 солдат билан 10 та бомба – мушак олиб келиб, атрофни қуршаб турадилар. Амир Намозга таслим бўлиб чиқишини айтадилар. Бунинг жавобига ўқ овози эшитилади. Бу рад жавобининг аломати эди. Андан кейин Намоз ва Шерниёз турган уйнинг тўрт томонидан ўт ёқилади»
Даҳшатли олов бир зумда қасоскорлар яширинган уйни ўз гирдобига олади. Биринчи уй ёниб қулаб тушади ҳамки қасос-корлардан дарак бўлмади. Иккинчи уйга ўт қўйилди, ҳамон на Намоздан дарак бор, на Шерниёздан. Учинчи уйга бомба ташланди. Аммо қасоскорлардан яна дарак бўлмади. «Туркистон вилоятининг газетаси» қасоскорлар ҳақида шундай деб ёзганди: «Эртаси сешанба куни жами солдатлар бир неча бомбалар ташлаб уйларни қаторасига портлата бошладилар. Вайрон бўлган уйларни остига назар ташланганда, Намознинг 2 та 5 ўғли милтиғи, 4 адат тўппончаси, тахминан 500 та ўқи топилди. Мазкур Намоз жами асбобларини ташлаб уйнинг остини тешиб чиқиб қочибдур. Шерниёз ярадор бўлғон экан ушлаб олинди».
Қўшқўрғон қишлоғида яшаб ўтган Санақул ота Худойдотов ( Мен суҳбатлашганда 1976 йил 83 ёшда бўлган), қўшни жарқишлоқлик Ражаб ота Нормуродов (1889 йилда туғилган) ва бошқа кўпгина қарияларнинг ҳикоя қилишларича, Намоз қуршовда қолган уйларнинг биридан эски чопон, телпак ва этикни кийиб олган ва чўпкари иморатларнинг тагидан ковлаб ташқарига усталик билан чиққан. Ташқаридаги емиш ғарамдан бир қучоқ бедани олиб аскарларнинг отлари томонга борайверган. Солдатлардан бири «Тўхта бобой, қаёққа боряпсан?» деган. Шунда Намоз: «Тўраларнинг отларига емиш соламан», деб жавоб берган ва қатор турган отларга емиш ташлаб кетаверган. Улардан узоқлашиб дайровот қўйнидаги қалин чангалзорлар қўйнига шўнғиган. Казак отрядлари эса яна доғда қолган. Намоз тезда қўшни Жарқишлоққа келиб Тангриқул деган кишининг отини олиб бу ердан ғойиб бўлган. Шу тариқа икки тўқнашувда муайян муваффақият қозонган рус-казак қўшинлари Намозни излашни давом эттирадилар. Намоз ҳам рақибларини доғда қолдириб, қўлга тушган ўз шерикларини қутқариш учун курашади.
Чор маъмурлари ва маҳаллий амалдорлар Намозга қарши курашнинг энди бошқача йўлини тутадилар. Энди улар катта миқдордаги пул ва олтинларни ишга соладилар. Жангу жадалларда, ўқ ёмғирлари ва оловлар оғушида ўзини олдирмаган довюрак Намоз хоин дўсти қўлида қурбон бўлади. 1907 йил 1 июнь куни уйқуда ётган пайтида ўзининг сотқин надими томонидан хоинона равишда ўлдирилади.

Намознинг ўлими минглаб соф виждонли кишиларни бениҳоят чуқур қайғуга солди. Намознинг рақиблари мунофиқона бир-бирларини табриклашади. Намозга қарши курашда фаолият кўрсатган бир гуруҳ шахсларга мукофотлар берилади. Туркистон генерал губернаторининг 1907 йил 9 июнда Самарқанд вилоят ҳарбий губернаторига юборган телеграммасида шундай дейилади: «Хайрият, сизнинг жиддий ташаббускорлигингиз ва тадбирларингиз туфайли биз Намоздан қутулдик… Ташаккуримни қабул қилгайсиз. Намоз ҳаракатини тугатишда иштирок этган барча маъмурият бошлиқларини, қўшинлар қўмондонларини менинг номимдан табрикланг… Лозим бўлганларини тақдирга (тақдирлашга) тавсия этинг».
Самарқанд ҳарбий губернатори зудлик билан тақдирга (тақдирлашга) лойиқ шахслар рўйхатини тузиб юборади. Туркистон генерал-губернатори ўзининг 1907 йил 19 декабрдаги 344-сон буйруғи Намозни излашда ва унга қарши ҳарбий курашда фаоллик кўрсатган қуйидаги шахсларни медаллар билан тақдирлайди:
«Мулла Қулмуҳаммад Умарбеков – Самарқанд уездидаги Полвонариқ волости бошқарувчиси: Мирза Саидмурод Мирза Қобил ўғли – Каттақўрғон уезд Калиқўрғон волост бошқарувчиси; Абдуқул Абдураҳмон ўғли – Самарқанд уезди Полвонариқ волостига қарашли Кулобод қишлоғи оқсоқоли; Каримбой Назар ўғли – Самарқанд уезд Шахоб волости бошқарувчиси; Тоғай Тўраев – Шахоб волости бошқарувчисининг йигити; уста Муҳаммадмурод Юсуф ўғли – Самарқанд уезд Довул волости бошқарувчисининг йигити; полковник Соколбеко, капитан Голов…».
Ҳақиқий имзоси билан (Туркистон генерал-губернатори).
Концелирия бошқарувчиси полковник Мустафин.

Намознинг ўлимидан кейин ҳам қасоскор деҳқонлар ҳаракати тўхтаб қолмади. Халқ орасида Намоз ўлмаган экан, у курашни давом эттираётган эмиш, деган гаплар тарқалди. Шундан сўнг «Намоз» номи остида унинг сафдоши Қорабой чиқди.
1907 йил 12 августда Мингариқ волостида Намознинг содиқ дўсти Абдуқодирхўжа кучли отишувда ҳалок бўлди. 1907 йил декабрида эса Намознинг яна бир жасур сафдоши Қобил казаклар билан бўлган отишувда ўлдирилди. Фақат Намознинг қасоскор дўстларидан бири Даврча 1909 йилнинг августига қадар курашни мардонавор давом эттирди. Яна икки йил давомида Даврча шаҳар ва қишлоқларга от суриб бой ва амалдорларнинг таъзирини берди. Намоз ва бошқа сафдошларининг қасосини олди. Бироқ 1909 йил 29 август куни казаклар билан бўлган тўғнашувда Даврча ҳам қўлга туширилади.
— Юқорида келтирилган тарихий маълумотлардан шу нарса аён бўлдики, Намоз томонидан жазоланган кимсалар асосан зўравон, очкўз бой ва амалдорлар бўлишган. Демак, Намозни «ўғри» ва «босқинчи» деб айтганлар ҳам ўшалар, шундай эмасми?
— Тўғри, Намозга «ўғри» «ёрлиғи»ни ёпиштиришга ҳаракат қилган кишилар айнан ўшалар ва мустамлакачи чор маъмур-ларидир. Бироқ, Намоз бошчилигидаги ҳаракат шаклан ўғирликка ўхшасада, ўз мазмун-моҳиятига кўра катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган сиёсий воқеадир. Ҳар қандай сиёсий тузум даврида ҳам доно халқимиз кимга қандай баҳо беришни яхши билади. Шундай экан, халқнинг чексиз ҳурмат ва ишончини қозонган, эл ичида деярли афсонавий қаҳрамон даражасига етган, ҳатто чор маъмурлари ҳамда маҳаллий бой-амалдорларнинг жуда кўпчилигини ўз жасорати билан қойил қолдирган Намоз ботирни «ўғри» деб аташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўғ. Қолаверса, тарихда номлари қолиб-қолмасдан кетган бошқа ўғри ёки қароқчилардан кескин фарқ қилган Намоз, босиб олинган ўлжаларни ўзининг шахсий ҳаёти ва маиший эҳтиёжи учун ишлатган эмас.
Тарихдан бизга яхши маълумки, Россияда феодалистик тузумни ларзага солган деҳқонлар уруши сардори Е.Пугачёвга ҳам, Молдавия халқининг миллий қаҳрамони Г.И.Котовскийга ҳам «ўғри» «ёрлиғи»ни ёпиштиришга ҳаракат қилишган.
— Намоз ботир ҳаракати ҳам яқин ўтмишдаги ўзбек халқи тарихидир. Шундай экан, мактаб дарсликларида бу ҳаракат тарихини ҳозирги авлодга ўргатишнинг аҳволи қандай? Бу ҳақда сизнинг фикрингизни билишни истардик.
— Бир сўз билан айтганда, ёмон аҳволда. Собиқ шўро тузуми давридаги умумтаълим мактабларининг 9-синфи учун чиқарилган «Ўзбекистон халқлари тарихи» дарслик китобида жуда кам миқдорда бўлса-да, (бир саҳифада атиги 5-6 қатор) Намоз Пиримқулов бошчилигидаги қасоскор деҳқонлар ҳаракати тўғрисида маълумот бериб ўтилар эди. Лекин, ҳозирги умумтаълим мактабларининг 9-синфи учун чиқарилган «Ўзбекистон тарихи» (XIX асрнинг иккинчи ярми XX аср бошлари) дарслик китобида (муаллифлар: Г.А.Ҳидоятов, В.А.Констанский «Ўзбекистон» нашриёти, Тошкент – 2006 й.) Намоз Пиримқулов ҳаракатининг бир оғиз ҳам тилга олинмаслигини қандай тушуниш мумкин. Намоз ҳаракатининг тарих дарсликларидан тушириб қолдирилишига ким айбдор эканлигини билмайман-у, бироқ буни халқимиз тарихига нисбатан қилинган хиёнат дейиш мумкин. Биз истаймизми, йўғми Намоз ҳаракати бизнинг ўтмиш тарихимиздир. Бу ўзбек халқи тарихидир. Уни келажак авалоддан яшириш ҳеч ҳам мумкин эмас. Албатта, «Ўзбекистон халқлари тарихи»нинг кейинги нашрларида Намоз ботир ҳаракати бор бўйи-басти билан ёш авлодга холисона ёритиб берилади, деб умид қиламан.
Масалага мамлакатимиз Президентининг 2006 йил 25 августдаги 451-сонли «Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги қарори нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, Намоз ботир тарихи ҳам миллий ғуруримиз ва қадриятимизни ривожлантиришга хизмат қиладиган ўзбек халқи тарихининг ажралмас бир қисмидир. Уни кенг жамоатчиликка, қолаверса, келажак авлодга етказиб бермаслик эса кечирилмас ҳолдир. Аксинча, бу мавзуда янада мукаммал илмий ва бир-биридан гўзал бадиий асарлар яратиш, шунингдек, кўп серияли ҳужжатли ҳамда бадиий фильмлар ишлаш, унинг хотирасини абадийлаштириш шу куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Бундай хайрли ишлар Намоз ботир ҳаракатининг 124 йиллигига қилинган муносиб туҳфа бўлур эди. Шундай дамларда шоир Жамол Сирожиддиннинг (Хумий) маҳзун ва мунгли «Намоз ботир ҳасрати» шеъри беихтиёр ёдга тушади:

Дарё эдинг, оқа-оқа 
сой бўлдинг-а, сой бўлдинг,
Қуёш эдинг, боқа-боқа 
ой бўлдинг-а, ой бўлдинг.
Сўнгсиз эдинг, кўзга сиқар
жой бўлдинг-а, жой бўлдинг,
Тушкунларга марғуб бўлган
дил куйим-о, дил куйим,
Армонларга мағлуб бўлган
орзуим-е, орзуим.

Булутларга отган тошим
етмади-ҳо, етмади,
Ватан, сен деб тўккан ёшим
етмади-ҳо, етмади.
Ёлғиз эдим, ёлғиз бошим 
етмади-ҳо, етмади.
Тушкунларга марғуб бўлган
дил куйим-о, дил куйим,
Армонларга мағлуб бўлган
орзуим-е, орзуим.

Сени дедим ҳаловатим 
тийдим ман-о, тийдим ман,
Куч-қудратим рўзғоримдан 
қийдим ман-о, қийдим ман.
Шоҳ сийратга гадо суврат 
кийдим ман-о, кийдим ман.
Тушкунларга марғуб бўлган 
дил куйим-о, дил куйим,
Армонларга мағлуб бўлган
орзуим-е, орзуим.

Орзу эдинг менинг қора 
кўзлигим-мей, кўзлигим,
Закийлигим, эркин-ўктам
сўзлигим-мей, сўзлигим,
Букун энди сенда бўлдинг
ўзлигим-мей, ўзлигим,
Тушкунларга марғуб бўлган 
дил куйим-о, дил куйим,
Армонларга мағлуб бўлган
орзуим-е, орзуим.

Ноҳақ — қилич бўлса, бир кун
 сингуси-ё, сингуси,
Юрак дардим бағирларга 
ингуси-ё, ингуси.
Шунда қувноқ бўлур ёким 
тингуси-ё, тингуси.
Тушкунларга марғуб бўлган 
дил куйим-о, дил куйим,
Армонларга мағлуб бўлган
орзуим-е, орзуим.

— Ўктам ака, охирги савол. Намоз ботир вояга етган Жар қишлоқда унинг авлод-аждодлари борми?

— Маълумки, Намознинг ўзидан фарзанд қолмаган. Ҳозирда опаси Улуғойнинг ҳаёт бўлган набиралари, чеваралари бор. Улуғойнинг 5 нафар фарзанди бўлиб, каттаси Омон Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Қарабдол қишлоғида яшаб ўтган. Ҳозирда у кишининг набира, чеваралари Жиззах вилоятининг турли туманларида яшаб келмоқда. Иккинчи ўғли Барот бўлиб, Жар қишлоқда яшаб ўтган. Ҳозирда набира ва чеваралари бор. Кейинги қизи Соатой бўлиб, Жар қишлоқ яқинидаги «Доригар» қишлоғида яшаб ўтган. Бу киши менинг катта онам (бувим) бўлганлар. Тўртинчи фарзанди Марди бўлиб, Жар қишлоғида яшаб ўтган. Кенжа ўғли Равшан 1920 йилда туғилган бўлиб, 1943 йил июн ойида Курск жангида ҳалок бўлган.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Даҳбед совхозининг иккинчи бўлими ҳудудида «Намоз Пиримқулов» номли хўжалик ташкил этилди. Бу қувончли ҳол албатта. Бироқ, Молдавиянинг миллий қаҳрамони деб эълон қилинган Г.Котовский номининг абадийлаштирилиши билан таққослайдиган бўлсак, ҳали бу ҳеч нарса эмас. Худди Намоз ҳаракати сингари партизанлар ҳаракатини олиб борган Г.Котовский хотирасини абадийлаштириш учун кўплаб ҳайкаллар, қўча ва мактаблар унинг қаҳрамонона номини улуғлаб турибди. Подольск губернасида шундай ҳаракатни олиб борган Устим Кармелюк ҳақида ҳам шундай фикрларни айтиб ўтиш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, «Намоз ботирнинг халқимиз озодлиги йўлида қилган қаҳрамонликлари ҳеч қачон унутилмайди.

Мухбир: Ўктам ака, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Таҳририятдан: Улуғ адибимиз Абдулла Қодирий мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир, деган эди. Ҳақиқатдан ҳам ўтмишда миллатимизнинг озодлиги, эркинлиги, бахт-саодати учун курашиб, бу йўлда жон фидо қилган инсонлпарнинг номини ёдга олиш, хотирлаш бизнинг тарих олдидаги бурчимиздир. Тарихчи Ўктам Икромовнинг миллатимизнинг миллий қаҳрамонига айланган Намоз ботир ҳақида тўплаган материаллари, унинг номини абадийлаштириш тўғрисидаги фикрлари таҳсинга сазовордир. Мактабларнинг тарих фани ўқитувчилари ҳам ўз дарсларида Намоз ботир ҳақида, унинг озодлик ҳаракатининг аҳамияти ҳақида ўқувчиларга сўзлаб беришса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Суҳбатни Йўлчи Муҳаммадиев олиб борди.

Манба:»Оқдарё овози» газетаси веб-саҳифасидан олинди.

Xalqimizning shonli va boy tarixida shunday jasur va mard insonlar o’tganki, ular haqida qayta-qayta yozsang ham yana kamdek tuyulaveradi. Bundan 125 yil muqaddam o’zining qisqa va jangovar umri davomida xalq orasida afsonaviy qahramonga aylanib ulgurgan Namoz botir ana shunday qayta-qayta tilga olinishga arziydigan haqiqiy o’zbek o’g’lonidir. Biz ushbu suhbatimizda siz aziz mushtariylarga ana shu afsonaviy qahramon haqida batafsil ma’lumot berishga qaror qildik.Shuningdek, bu sahifada taniqli adib Xudoyberdi To’xtaboyevning «Qasoskorning oltin boshi» romani asosida tayyorlangan «Namoz Polvon» radiospektaklini tinglashingiz mumkin.

NAMOZ BOTIR KIM BO’LGAN?
Tarixchi O’ktam Ikromov bilan suhbat


O’ktam Ikromov 1953 yilning 29 yanvarida Namoz Primqulov nomli jamoa xo’jaligining Jar qishlog’ida tug’ilgan. 1979 yilda Samarqand Davlat Universiteti-ning tarix fakulьtetini tamomlagan. Qator yillar 33, 34, 37-maktablarda o’qituvchi, maktab direktori vazifalarida faoliyat yuritgan. Ayni paytda nafaqada bo’lishiga qaramasdan ijodiy ish bilan mashg’ul. Oilali, 4 nafar farzandning otasi.


Xalqimizning shonli va boy tarixida shunday jasur va mard insonlar o’tganki, ular haqida qayta-qayta yozsang ham yana kamdek tuyulaveradi. Bundan 125 yil muqaddam o’zining qisqa va jangovar umri davomida xalq orasida afsonaviy qahramonga aylanib ulgurgan Namoz botir ana shunday qayta-qayta tilga olinishga arziydigan haqiqiy o’zbek o’g’lonidir. Biz ushbu suhbatimizda siz aziz mushtariylarga ana shu afsonaviy qahramon haqida batafsil ma’lumot berishga qaror qildik.


— O’ktam aka, bugungi avlod Namoz botirning kim ekanligini yaxshi bilmasligi mumkin. Shuning uchun shu haqda batafsil to’xtalib o’tsangiz?

— Namoz o’sha davrdagi Kattaqo’rg’on uyezdining Metan volostiga qarashli O’tarchi qishlog’ida dehqon oilasida dunyoga keladi. Tarixiy ma’lumotlarga ko’ra, 1878 yillar atrofida ota-onadan erta yetim qolgan Namoz ozgina yer-mulkidan ham ajralib, Samarqand uyezdining Dahbed volosti yaqinidagi Jar qishlog’iga keladi. Chunki bu yerda Xolbek ismli kishiga turmushga chiqqan uning opasi Ulug’oy yashardi. Buni Nurmon shoir Abdivoy o’g’lining quyidagi misralari ham tasdiqlaydi:

Namozbek deydilar asli otini,
Dovut deydi o’sgan viloyatini.
Bir fasl qilayin ta’rifotini,
Gazetminan eshituvchi Nikolay
Zor yig’ladi o’rdadagi xotini.

Yoshligidan qo’rqmas va dovyurak bo’lib elga tanilgan Namoz bir rus kishining maslahati va yordami bilan Peterburg shahriga harbiy bilim yurtiga o’qishga boradi. Uzoq chekka o’lkadagi do’stidan maktub keltirgan Namoz harbiy bilim yurti o’qituvchisining ko’magida bu bilim dargohiga kiradi. Kezi kelganda shuni aytib o’tish kerakki, XIX asrning 60-80 yillarida O’rta Osiyo Chor Rossiyasi tomonidan istilo qilinganidan keyin Peterburg, Moskva, Samara singari markaziy shaharlarda yashovchi hukumat siyosatidan norozi bo’lgan isyonkor ruhidagi fuqarolar mamlakatning O’rta Osiyoning chekka o’lkalariga peshma-pesh ko’chirib turilgan. Buning natijasida XIX asrning oxiri XX asr boshlarida O’rta Osiyo shaharlari atrofida kichik-kichik «mujik» qishloqlar vujudga kela boshlagan. Bunga misol qilib Dahbed yaqinidagi Pervomaysk va Uklon qishloqlari-ni aytib o’tish mumkin. Tabiiyki, yaqin atrofdagi qishloqlarda yashovchi bunday fuqarolar bilan tez-tez muloqotda bo’lgan Namozning ham dunyoqarashi asta-sekin o’zgara borgan.
Tarixchi N.Norqulov va yozuvchi S.Sirojiddinovlarning keltirgan ma’lu-motlariga qaraganda, o’qishni tugatgan Namoz Moskva va Samara shaharlarida bo’lgan. Shundan so’ng u Turkiston general-gubernator-ligiga tarjimon-ad’yutant etib ishga tayinlanadi. So’ngra Samarqand gubernatori ixtiyoriga, keyinchalik esa Dahbed volos-tining boshqaruvchisi etib ishga yuboriladi. Biroq, qayerda ishlamasin, mustabid tuzum ta’qibi va nohaqliklarini ko’p ko’rgan va buni hazm qila olmagan. Shu boisdan Namoz o’z lavozimidan voz kechib, mazlum xalq huquqi uchun kurashga qat’iy bel bog’ladi.

— Namoz botir harakatiga doir asosiy manbalar nimalardan iborat?

— Namoz harakatiga doir tarixiy manbalarni avvalo to’la jamlash va uni ikki qismga ajratib tahlil qilish lozim. Birinchi qismi o’sha davr hukmron doiralari manfaatlari uchun xizmat qiluvchi vaqtli matbuot xabarlari, shuningdek, volostnoy, uyezd va viloyat harbiy ma’murlarining o’zaro yozishmalari hamda Turkiston general-gubernatorligiga taqdim etilgan axborot va dokladlari, bundan tashqari Turkiston harbiy-okrug sudi prokurorining «Samarqand viloyatidagi Namoz Primqulov boshchiligidagi bosqinchilar guruhi ishiga doir» deb nomlangan 14 tom, 260 sahifadan iborat sud hujjatlari va yana Samarqand uyezd 2-uchastka sud mahkamasining «Bosqinchilar guruhi»ga doir 63 ta sud delosi kabi hujjatlardir.
Yuqorida ko’rsatib o’tilgan manbalardan tortib, to Peterburgdagi bosh shtabigacha va Nikolay podshogacha yetkazib berilgan axborotlardan shubhasiz, Namoz harakati keskin qoralangan xamda bu harakatni tugatish uchun qo’shimcha harbiy kuchlar ajratish talab qilinavergan.
Ikkinchi qism manbalarida esa Namoz bilan bir davrda yashagan va u bilan shaxsan tanish bo’lgan shoir va yozuvchilar, xususan, Nurmon shoir, Abdivoy o’g’li (uning «Namoz» dostoni) va Mirzo Qo’qonboy Abduxoliq-zodalar (Uning «Namoz» romanidan 1940 yil parcha nashr qilingan). Namozning o’ta xalqparvar, adolatli va jasur inson ekanligi uning siymosida milliy va mustamlaka siyosatiga qarshi qo’liga qurol olib kurasha olgan xalq qasoskori qiyofasini ifodalaydilar.

Bundan tashqari, ulkan adib, o’zbek milliy romanchiligining asoschisi va yorqin namoyondasi Abdulla Qodiriy ham Namoz haqida roman yaratish uchun manbalar to’playdi. Shu maqsadda u 1927-28 yillarda tumanimizdagi Jar qishlog’iga keladi. Abdulla Qodiriy Namozning opasi Ulug’oyni foytun aravada Samarqand shahriga olib borib birga rasmga tushadilar. Abdulla Qodiriy oq kitel kostyumda, O’lug’oy esa qora paranji chachvonni boshi uzra orqaga qaytarib qo’yib suratga tushadilar. Bu suratlar 1988 yilda Jar qishloqqa Namoz haqidagi filьm ishlash uchun kelgan rejissyorlar tomonidan olib ketilgan va qaytarilmagan. Afsuski, mash’um 30-yillar qatag’oni Abdulla Qodiriyni uning yuzaga kelishi mumkin bo’lgan asarini ham o’z girdobiga olib ketdi.
Rus tarixchisi akademik A.V. Pyaskovs-kiyning «Turkistonda 1905-1907 yillar revolyutsiyasi» nomli kitobida (SSSR FA nashriyoti Moskva — 1958 yil) Namoz harakati ancha keng va xolisona yoritilganligi bilan ajralib turadi. Shuningdek, tarixchi S.A.Akramovning «Birinchi rus revolyutsiyasi davrida Samarqand viloyati mehnatkash dehqonlarining revolyutsion chiqishlari tarixidan» kitobchasida, tarixchi Yu.N.Alekseyevning «Samarqand» («O’zbekiston» nashr. Toshkent – 1967 yil) kitoblarida Namoz harakatiga doir bir-biridan qiziqarli materiallar berildi.
O’tgan asrning 70-yillariga kelib Namoz botir harakatining ilmiy va badiiy jihatdan yoritilishida birmuncha quvonarli ishlar amalga oshirilgan deyish mumkin. Tarixchi H. Sodiqov va N.Norqulovning «Guliston» jurnalida bosilgan «Namozdayin bir zo’r o’tdi jahonda»… 1972 yil, may №5 (65), N.Norqulov va S.Sirojiddinovlarning «Namoz kim edi?» (Sobiq «Lenin yo’li» hozirgi «Zarafshon» gazetasining 1972 yil may, №95,96,97,98,99,100) sonlaridagi ilmiy maqolalari, M.Nuriddinovning «Qindan chiqqan qilich» qissasi (sobiq «Lenin yo’li» gazetasi, 1977 yil, 10,11,12,13,17, 18,19,20,21,24,26 va 27 aprelь sonlarida), yozuvchi Xudoyberdi To’xtaboyevning «Qasoskorning oltin boshi» nomli sarguzasht romani shular jumlasidandir. Yuqorida ko’rsatib o’tilgan barcha ilmiy va badiiy asarlar to’plangan muayyan tarixiy manbalar asosida yuzaga kelgan bo’lib, tarixiy shaxs bo’lgan Namoz botir siymosini har bir muallif o’z imkoniyati darajasida aks ettirishga harakat qilganlar.

— Siz shu mavzuda kichkina bo’lsada, ilmiy ish qilgan oddiy tarixchi sifatida yuqorida aytib o’tilgan ilmiy va badiiy asarlarda Namoz botir qiyofasi mukammal talqin etilgan deb hisoblaysizmi?

— Yo’q, albatta. Men qo’p yillar davomida, aniqrog’i, juda yoshligimizdanoq uyimizda bu mavzuda keksalarning soatlab qilgan suhbat va hikoyalarini hayratlanib eshitganman. Keyinchalik SamDUning tarix fakulьtetida o’qib, ustozlar ko’magida bu mavzuni yanada chuqurroq o’rganishga harakat qildim. Biroq, shuncha yil davomida o’qib-o’rgangan ilmiy va badiiy asarlar ichida hali Namoz botir qiyofasini to’laqonli va mukammal o’zida mujassamlantirgan na ilmiy, na badiiy asarni o’qidim. Mirzo Qo’qonboy Abduxoliq-zodaning «Namoz» romani albatta bundan mustasno bo’lishi ham mumkin. Chunki hali bu roman to’la nashrda bosmadan chiqqani yo’q. 1940 yilda parcha e’lon qilingan xolos. Akademik Boturxon Valixo’jayev o’zining «Mirzo Qo’qonboy kim bo’lgan?» nomli maqolasida («Zarafshon» gazetasi, 2004 yil 12 avgust, №99-son) Mirzo Qo’qonboy Abduxoliqzodaning hayoti va ijodi haqida ma’lumot berib, uning «Namoz» romani, hatto Mirzo Qo’qonboyning Dahbed qozixonasida Namoz bilan uchrashgani va u to’g’risida yaxshi taasurotda bo’lganligi haqida yozadi.
Menimcha, Namoz harakati to’g’risida ilmiy jihatdan mukammal, badiiy jihatdan to’laqonli siymoli asar yaratish uchun avvalo zabardast ijodkor bo’lishi kerak. Buning uchun barcha yozma va og’zaki manbalar jamlanishi va chuqur o’rganishni talab etadi albatta. Tarix fanida esa ma’lum bir davr tarixini o’rganish va unga baho berishda mavzuga o’sha davr ijtimoiy-iqtisodiy, siyosiy-ma’naviy muhitni hisobga olgan holda yondoshish kerakligi haqida dono o’git bor. Buni hech bir tarixchi unutmasligi lozim.
Namoz harakati to’g’risida o’z davrida kuchli va hammabop asar yaratilmaganligini yana shu bilan izohlash mumkinki, sobiq sho’ro tuzumi va undan avvalgi chor hukumati davrida bu mavzuga qo’l urgan ziyolilarga, ayniqsa, badiiy asarlar yozadigan ijodkorlarga munosabatning yaxshi bo’lmaganligidir. Endi sir emaski, chor hukumati davrida ham, sobiq sho’ro tuzumi davrida ham mahalliy xalq orasidan yetishib chiqqan Namozdek jasur o’z davrining qahramonini hukmron doiradagilarning tabiati xushlamasligi, «Namoz» dostonini yozgan va xalq orasidan do’mbira chalib, bu dostonni kuylab yurganligi uchun Nurmon shoirning chor hukumati tomonidan turmaga tashlanishi, bu mavzuda material to’play boshlagan Abdulla Qodiriyning qatag’on qurboni bo’lishi, «Namoz» romanining yozilishiga Mirzo Qo’qonboy Abduxoliqzodaning bir bora bo’lsa-da, qamalishi, xullas bu mavzuga qo’l urgan ziyolilar taqdirlarining o’zaro o’xshash tomonlari kishini ajablantiradi.
Shu o’rinda yana bir gap yodimga tushdi. O’tgan asrning saksoninchi yillari boshlarida Namoz haqida «Qasoskorning oltin boshi” badiiy filьmi ham yaratildi. Filьm qishlog’imizga keltirilib namoyish etildi. Filьmni tomosha qilgan qishloq ahli kinoni ishlay olishmabdi, deya norozi bo’lib tarqalishgani hali esimda. Oradan 7-8 yil o’tib, sobiq sho’ro tuzumining so’nggi yillarida oshkoralik, demokratiya degan gaplar chiqib qoldi. O’sha paytlar Toshkentga borib, filьmning stsenariy muallifiga uchrashdim va filьmning tushunarsiz, past saviyada ishlanganligini aytib, uni qayta ishlash davri kelmadimikan, dedim. Muallif (o’sha paytda O’zbekiston yozuvchilar Uyushmasining kotibi bo’lmish Muhammad Solih nazarda tutilmoqda) men bu mavzuga boshqa qaytmoqchi emasman, shu filьm uchun bir yarim yil Moskvaga qatnadim. Oxiri shu filьmdan voz kechdim. Xohlaganlaringni qilinglar, deb qo’l siltab chiqib ketganman. Oxir-oqibat filьm «dumi yulingan tovuq» shakliga kelib ekranga chiqdi, degan edi.
Namoz singari harakat qilgan Moldaviya xalqining milliy qahramoni G.I.Kotovskiy, Rossiyaning Podolьsk guberniyasida harakat qilgan xalq qasoskori Ustim Kormilyuk haqida yaratilgan filьmlarni biz faqat orzu qilib qolamiz shekilli. Ehtimol, kelgusida birorta fidoyi ijodkor chiqib, bizning orzulari-mizni ro’yobga chiqarsa ajabmas.

— Namoz harakati, uning hududi va harakatining o’ziga xos xarakterli xususiyatlari to’g’risida ham to’xtalib o’tsangiz?

— Namoz harakati asosan yersiz, mulksiz yigitlarning uning atrofida birlashishidan boshlangan. (1905 yil) Namoz o’z atrofiga to’plangan yigitlar bilan zolim, xasis boy va amaldorlarni topib, ularning mol-mulkini tortib olar va chor-nochor kishilarga, beva-bechoralarga ulashib berardi. Namozning yigitlari bir qancha guruh (otryad)larga bo’lingan bo’lib, har qaysi guruhda 10-17 nafardan qasoskor yigitlar bo’lgan. Bu guruhlarni Namozning Qobil, Davra, Tursun, Karim, Eshbo’ri, Sherniyoz, Abuqodir Jumanxo’ja, Piro’g’li, Norbobo va Esirgap singari jasoratli safdoshlari boshqargan. Ular Kattaqo’rg’on uyezdining Jom, Mis, Sho’rchi, Ulus, Oltinravot, Qosimqul, Mozorali, Gadoytopmas, Payshanba, Mitan, Ishtixon — Samarqand uyezdining Ko’kcha, Dahbed, Dovut, Qorasuv, Qoratepa, Urgut, Arabxona, Kultepa, Shayxlar, Yangiqo’rg’on, Chelak, Qorakesak, Qipchoq kabi yirik qishloqlarida tez-tez bo’lib, boy va amaldorlarning jazosini bergan.
1905 yil kuziga kelib Namoz harakati sezilarli darajada kuchaydi va u 1907 yil oxirigacha to’xtovsiz davom etadi. Bu harakat boy va amaldorlarga hamda chorizmning mustamlakachilik siyosatiga qarshi chinakam partizanlik urushi tusini oldi. Dastlab Samarqand viloyati hududida boshlangan harakat rus tarixchisi, akademik A.V.Pyaskovs-kiy keltirgan ma’lumotlarga ko’ra, Buxoro amirligiga qarashli «Chiroqchi, Ziyovuddin, Xatirchi, Kitob, hatto G’uzor bekliklaridan Afg’oniston chegaralarigacha borib yetdi». Darhaqiqat, Nurmon shoir aytganidek:

Samarqand shahrida davron surgandi(r),
Oldiga solgandir o’ttiz mergandi.
Xufton bo’la buzdi Kattaqo’rg’ondi,
Hech ko’rmadik Namozdayin sultondi.

Mahalliy hokim, volost va uyezd boshliqlari hamda yirik amaldorlarning qasoskorlari tomonidan tez-tez jazolanishi ularni qattiq tashvishga soldi. Chor ma’muriyatlarini tahlikaga soluvchi bunday xabarlar Turkiston general-gubernatori, hatto Nikolay podshogacha borib yetadi. Shoir o’z misralarida bu haqda shunday deydi:

Kecha-yu kunduz yurgani dala, dasht bo’ldi,
O’ttiz yigitlarga o’zi bosh bo’ldi.
Nikolayga necha kun kengash bo’ldi,
To o’lgunicha Nikolay bilan g’ash bo’ldi,
Namozdayin bir zo’r o’tdi jahonda.

Namozning nomi amir va hokimlar, boy va amaldorlarga sira tinchlik bermay qo’ydi. Ular Buxoro amiriga, Turkiston general-gubernatoriga ariza ustiga ariza yo’llab, yordam so’raydilar. Turkiston general-gubernatorligi Namozni tutish va uning harakatini tugatish uchun jazo otryadi ajratish, Namozning boshi uchun katta miqdorda mukofotlar belgilashgacha borib yetadi. Namozni ko’rib, orqasidan ot solib quvgan ko’plab kazaklar, politsiya va harbiy qo’riqchilar yeta olmay dog’da qolaveradilar. Namoz o’z otryadi bilan hatto Samarqandda chor ma’murlarining naqd burni ostida zulmkor amaldorlar va ochko’z boylarni qaqshatib bamaylixotir jo’nab qolar edi.
Namoz faqat mahalliy boy va amaldorlarnigina jazolab qolmasdan, mustamlakachi chor ma’murlari va askarlarini ham zir titratgan. 1906 yil oxirida Samarqand harbiy ma’murlari Turkiston general-gubernatoridan Namozni izlash uchun qo’shimcha yuzlik Ural kazaklarini yuborishni so’raydi va Samarqand artilleriya omboridan shunga yarasha miltiq, o’q-dori olish haqida ko’rsatma berdi. Bundan tashqari, u shunday deb yozadi: «Kazaklardan Namozni hamrohlari bilan jang qilish va ularni ushlash har bir minutda talab qilib qolinishi mumkin. Bu yerda Namozdan shunday qo’rqadilarki, «Namoz» deb bir baqirilsa, duch kelgan tomonga qarab qochadilar, bular bilan bir ish qilish qiyin».
1905 yil 29 oktyabrda Namoz birinchi marta qo’lga olinadi. Namoz va uning qo’lga tushgan safdoshlari Samarqanddagi «Maxovxona» turmasiga tashlanadi va ularni Sibirga surgun qilish mo’ljallanadi. Biroq turmada ham tinib-tinchimagan Namoz turma ostidan lahm kavlab, 1906 yil 2 fevralь kuni kechasi o’zi bilan birga yana 60 nafar mahbusni ham qutqarib chiqadi. Namoz tashqariga chiqqanida uni 4-5 nafar otliq do’stlari egarlangan ot bilan kutib turgan. Ular orasida Namozning pochchasi Xolbek ham bo’lgan.
Namoz harakati yana davom etaveradi. Namozni butun mehnatkash xalq ommasi qo’riqlayotgan edi. Mahalliy aholi uni chor hukumati jazo otryadining har qanday xavf-xataridan o’z vaqtida ogohlantirib turardi. Samarqand harbiy gubernatori G’oyat tashvishlanib, bu haqda shunday degan edi: «Uezd aholisi quvish paytida Namoz va uning guruhi» qayerga yashiringani va qayoqqa ketganligini hech qachon, sira hatto qiynoqqa solinsa ham aytmaydi. Hammasida bitta javob — hech nara bilmayman, ko’rganim yo’q. Mahalliy ma’murlarning ham to’rtdan uch qismi Namoz tomonda…».
Ko’rinib turibdiki, Namoz harakatini faqat mehnatkash xalq ommasigina qo’llab-quvvatlab qolmasdan, mahalliy boy-amaldorlar, hatto chor hukumati ma’murlari orasida ham unga xayrixoh kishilar ko’p bo’lgan. Namozning qo’lga tushgan yigitlarini Sibirga surgun qilish chog’ida qochirish, yordamlashgan, turma ostini kavlab tutqunlikdan chiqib ketishlarida, chor hukumati harbiylari orasida ham hech shubhasiz, Namozga xayrixoh, unga sidqidildan xizmat qiluvchi kishilar ko’p bo’lgan. Namoz harakatining boshqa shunday harakatlarga o’xshamaydigan o’ziga xos xarakterli jihatlari ham shundaki, uning harakatida qat’iy adolat mezonlari mavjud edi. U hech qachon duch kelgan boy va amaldorlarni yoppasiga jazolab ketavermagan. U faqat beva-bechoralarni ishlatib haqini bermaydigan ochko’z, noinsof boylarni, zolim amaldoru, muttaham qozilarni, xullas, nafs balosida insofu, diyonatdan yuz o’girgan turli mansabdorlarni jazolagan. Aks holda Namoz harakati xalq orasida bunchalik katta shuhrat qozonmagan bo’lur edi.
Yana tarixiy hujjatlarga murojaat qilamiz. Samarqand viloyati harbiy gubernatori yordamchisi dokladida shunday deyiladi: «Namoz kambag’al aholi orasida nihoyatda katta shuhratga ega. U aholining har bir xizmati uchun ko’p mehribonliklar ko’rsatadi. Faqat boy va amaldorlarnigina talaydi. Kambag’allarga esa pul, g’alla, urug’lik bilan tez-tez yordamga kelib turadi». Yoki Samarqand uyezdi hokimining yordamchisi imzosi bilan Turkiston general-gubernatoriga 1907 yil 10 yanvardagi raportida quyidagi gaplar tashvish bilan bildiriladi: «Mahalliy qishloq ahli orasida Namoz katta obro’ qozonib, deyarli afsonaviy shaxsga aylanib qolgan… Uni tutishda bizga ko’mak beruvchilar soni shu tufayli kamayib bormoqda».
Harbiy mahorat borasida ham chor hukumatining uncha-muncha harbiy ma’murlari Namoz oldida ep esholmasdi. 1906 yilning 24 dekabrida Joydevon volostining Saydin qishlog’ida va 1907 yil yanvarida Dahbed volostining Qo’shqo’rg’on qishlog’ida bo’lgan qonli otishuvda, Buxoro amirligining Xatirchi va Karmana bekliklarida bo’lgan to’qnashuvlarda Namoz o’z yigitlari bilan raqiblarning ko’p sonli askarlariga qarshi bo’lgan tengsiz janglarda qurshovdan chiqib keta olgan.
Akademik A.V.Pyaskovskiy keltirgan tarixiy ma’lumotda Buxoro amirligining Namoz otryadini tor-mor qilish uchun yuborilgan butun bir eskadron kavaleriyasini (otliq qo’shin) Buxoro cho’lida Namoz o’z yigitlari bilan qurshab oldi va qurolsizlantirdi, deyiladi. Namozning bunday harbiy mahorati Nurmon shoirning quyidagi misralarida juda o’rinli madh etib o’tiladi:

Bedov minib sag’risini silatdi,
Murodini bir xudodan tilatdi.
Yaqin dedi, Qarshi cho’lni talatdi,
Amir shohni taxt ustida jilatdi,
Hech ko’rmadim, Namozdayin azamatdi.

Tarixchi olim Yu.N.Alekserov keltirgan ma’lumotlarga ko’ra, Namoz harakatining milliy tarkibi ham turli-tuman bo’lgan. Ularning safida o’zbek, tojik, turkman, qozoq, qirg’iz, hatto rus, ukrain, arman va eron millatining qasoskor yigitlari ham bo’lgan. Harakat sarkorlaridan biri Doniyorbekning Namozga yo’llagan xatida shunday so’zlar bor: «…armanlar va ruslar bilan yaxshi natijalarga erishayapman va u Sergonovich, Grigore, Semene va boshqalar»ni eslatib o’tadi.
Chor ma’murlari va mahalliy ekspluatatorlarning zulmidan, haq-huquqsizlikdan jabrlangan, qalbi qasos hissi bilan to’lib toshgan yigitlar turli viloyatlardan kelib Namoz harakatiga qo’shilardilar. Ularning harakati Zarafshon vohasidan tashqari Jizzax, Karmana, Qarshi, Shahrisabz, Kitob va boshqa ko’pgina yerlarga yoyildi. Namozni qo’lga tushirish uchun sarflangan millionlab so’m pullar ham, jazo otryadlarining qariyb uch yillik urinishi ham foyda bermaydi. Samarqand viloyat harbiy ma’murlaridan biri Turkiston general-gubernatoriga yozgan raportida shunday deydi: Namoz otryadlarining politsiya yoki markazdan bir necha bor yuborilgan qo’shinlar tomonidan ta’qib etilishi biror natija bermadi. Mahalliy aholi Namoz otryadini har qanday xavfdan o’z vaqtida ogohlantirib turibdi. Hamma uni yashirishga ko’maklashmoqda». Ha, xalqning ishonchi va madadiga tayangan Namoz qishloq va shaharlarda bemalol ot surib yuraverdi.

«Namoz, — deb yozadi «Turkiston viloyatining gazetasi» o’zining 1906 yil 5 noyabrь sonida. – Ba’zi vaqtlarda qizil duxobadan to’n kiyib, rezinka arobag’a tushib ham yurar emish. Ul janob o’tganlarida hamma odamlar o’rinlaridan turib, unga salom berar emishlar. Namoz o’tirgan koloska arobaning oldida va ham orqasida ko’p nafar yigit-yasovullar go’yoki bir podshoh kelayotgandek ot chopib yurar ekanlar».

Mazmunan eshitilmish xabarlar ifodasi bo’lgan bu ma’lumotlar ham Namozning xalq bilan uzviy bog’liqligi, uning xalqqa, xalqning esa unga ishonganligining yorqin ifodasidir. 1907 yilga kelib Rossiyaning markaziy shaharlaridagi singari Turkiston shaharlarida ham ommaviy harakatlarning asta-sekin pasayish davri boshlandi. Endi Chor hukumati Namoz harakatiga qarshi kurashadigan jazo askarlari sonini yanada ko’paytirish imkoniyatiga ega bo’ldi.
1907 yilning 27 mayida Samarqand harbiy gubernatori buyrug’i bilan Namoz harakatini tugatish uchun operatsiyalar boshlanadi. Podpolkovnik Sokolov va uchastka pristavi kapitan Golov ixtiyoriga 2-Ural kazak polkidan harbiy kuch yuboriladi. Buxoro amirligi hududida 12 ta harbiy post, Samarqand viloyati hududida 10 ta kuzatuv posti tashkil etiladi. Harbiy postlarni tashkil etishda mahalliy aholi juda qattiq qarshilik ko’rsatadi. Bu hakda Turkiston general-gubernatorining Peteburgdagi bosh shtabi va Nikolay podshoga yuborilgan maxsus ma’lumotnomasida ham aytib o’tiladi.
Namozni tutish uchun yo’llarga, qishloqlarga ayg’oqchilar qo’yiladi. Bir tomondan esa rus-kazak jazo askarlari qurollantirilib, jangovar holatga keltirib qo’yiladi. Xabar kelishi bilanoq bu askarlar zudlik bilan tegishli joyga yetib borishi va Namozni mumkin qadar tiriklayin qo’lga tushirishi, uning yigitlarini esa asir olish yoki qirib tashlash rejasi tuziladi.
1906 yil 20 oktyabrь kuni Dahbed uchkastka pristavi 32 nafar otliq askar va bir ofitser hamda dahbedlik Mirza Saidmurod Mirza Qobil o’g’li va Mirza Hamid Hasanboy o’g’li bilan birgalikda Jarqishloqqa kelib Namozning hovlisini bosadilar. Namozni topa olmagan alamzadalardan biri opasi Ulug’oyning bo’yniga arqondan sirtmoq solib, «Namozni topib ber», deya hovlining u boshidan bu boshiga rosa sudroqlaydi. Bu zo’ravonlikdan holdan toygan, lekin omon qolgan Ulug’oy o’zining bosh barmog’ini sirtmoqdan o’tkazib olib arang nafas olib turganligini voqeadan so’ng farzandlariga gapirib bergan.
Vaziyat tobora murakkablashib bormoqda edi. Bunday sharoitda Namoz boshqa bir tadbirni ishga soladi. O’z safdoshlariga zarur bo’lganda, uning buyrug’ini kutib o’tirmasdan hujumga o’tish va xalq orasida o’rni kelib qolganda o’zini «Namoz» deb tanishtirishdan ham qaytmaslik va shu orqali omma bilan aloqani yanada mustahkamlashni topshiradi. Keyin esa Chor ma’muriyatlari va askarlarini chalg’itish maqsadida bir kunda turli volostlarda birdan harakat qilish va hujumga o’tish haqida ko’rsatma beradi. Bu reja haqiqatdan ham Chor ma’murlarini sarosimaga solib qo’ydi. Har kuni turli volostlar va amirliklarning turli bekliklarida Namoz yigitlarining hujumi to’g’risidagi tahlikali xabarlar oshib boraverdi. Biroq Chor ma’murlari ham jazolashning turli usullarini qo’llay boshlaydilar. Endi ular Namoz yordamidan bahramand bo’lgan dehqon, beva-bechoralarni ham topib jazolashga o’tadilar. Bu Namozning harakatini ancha qiyinlashtirib qo’yadi. Buning ustiga Namoz harakatini tugatish uchun tobora ko’proq kuch ajratilaveradi.
1906 yilning 24 dekabrida Jo’ydevona volostining Saydin qishlog’i starshinasi Dahbed pristavi Oleynikovga Namoz otryadi kelganligi haqida xabar yetkaziladi. Oleynikov o’zining 41 nafar kazak askarlari bilan aytilgan joyga yetib keladi. Namoz o’zining 11 kishilik kichik guruhi bilan jangga kirishadi. Jangda kazaklarning ko’pchilik askarlari o’ldirildi. Qasoskorlarning kelganligi haqida xabar yetkazganligi uchun sotqin uy egasi Tamom Eshiyev ham Namoz tomonidan o’ldirildi. Namoz talofat berib qurshovdan chiqib ketadi. Shu jangda qo’lga tushirilgan safdoshlari Ochil Mullajonov, Xudoyberdi O’tashev, Qurbonboy Otaniyozov, Qarshiboy Sultonov, Shodmon To’xtamishev, Avazqul Oqmirzayev va Sherniyoz Xudoynazarov ustidan ularni osib o’ldirish xususida shafqatsiz hukm chiqariladi, keyin esa bu hukm abadiy katorga ishlariga surgun qilish hukmi bilan almashtiriladi.
Ana shunday og’ir bir sharoitda Chor hukumati askarlari bilan ikkinchi bir qonli to’qnashuv 1907 yil yanvarida Qo’shqo’rg’on qishloqida yuz berdi. Ana shunday murakkab bir sharoitda Samarqand uyezdining hokimi polkovnik Chertovga Jo’ydevona volostidagi Kalachi dahasining starshinasi Mo’minbek oqsoqoldan bir xabar keladi. Shu qishloqqa kapitan Oleynikov boshchiligida 10 nafar soldat yuboriladi. Ular yo’l-yo’lakay Dahbeddan o’ziga ishonchli bir necha shaxsni olib Aslonobod qishlog’iga yetib boradilar. Ammo Namoz allaqachon o’z joyini o’zgartirgan edi. Ular Qo’shqo’rg’on qishlog’iga iz olib borib qarasalar, Namoz o’zining nadimlari – Jumanpuchuq, Qarshiboy, Avazko’r, Xolbek kabi 11 nafar yigiti bilan Hamroqul degan odamning hovlisida o’tirishardi.
Bu to’qnashuvga doir «Turkiston viloyatining gazetasida 1907 yil yanvarida shunday materiallar berilgan edi: «Ular pristav, bo’lusnoy va kazak soldatlarini ko’rib, o’rinlaridan turib, pristavga ikki marta miltiq otibdur. Soldatlar tashqaridan to’xtovsiz o’q otishib Jumanboyni o’ldirib, Avazko’r va ikki hamrohini yarador qilubdurlar. Mazkur o’g’rilar otlarini tashlab, hukizlar turgan uyga kirganda ikki hukiz miltiq o’qi yeb o’lub, Namoz Primqulov minib olgan besh ming tangalik ot va hovli egasining bir oti soldat va o’g’rilarning o’qidan nobud bo’libdur. O’g’rilardan sakkiz nafarini ushlab olibdurlar. Bulardan 4 nafari yarador bo’lgan ekandur. Xolbek, Avazko’r, Ochildi va yana biri…»
Namoz Sherniyoz va yana bir yigiti bilan usta G’affor deganning uyiga o’tib olib soldatlar bilan ancha vaqtgacha qattiq, otishadi. Soldatlardan biri uy ichiga kirib Namozni tutib olmoqchi bo’lganida o’q yeb o’ladi. Bundan qo’rqqan jazo otryadining biror soldati uyga yaqinlashmaydi. Shunda Namozni tutib berishga uy egasini majbur qiladilar. Ammo bunday paytda xoinlik ro’y berishini kutgan Namoz uy eshigiga kirishga o’ringan hovli egasini ham otib tashlaydi. Shunda soldatlar uyni portlatish kerak degan fikrga keladilar.
«Shul vaqtda mazkur atrofiga qarovullar qo’ylib, janobi pristav tura uyezd hokimiga xabar yuboradilarki, yana 50 soldat bilan 10 ta bomba yuborgaylar. Mazkur kuni soat 3 da 50 soldat bilan 10 ta bomba – mushak olib kelib, atrofni qurshab turadilar. Amir Namozga taslim bo’lib chiqishini aytadilar. Buning javobiga o’q ovozi eshitiladi. Bu rad javobining alomati edi. Andan keyin Namoz va Sherniyoz turgan uyning to’rt tomonidan o’t yoqiladi»
Dahshatli olov bir zumda qasoskorlar yashiringan uyni o’z girdobiga oladi. Birinchi uy yonib qulab tushadi hamki qasos-korlardan darak bo’lmadi. Ikkinchi uyga o’t qo’yildi, hamon na Namozdan darak bor, na Sherniyozdan. Uchinchi uyga bomba tashlandi. Ammo qasoskorlardan yana darak bo’lmadi. «Turkiston viloyatining gazetasi» qasoskorlar haqida shunday deb yozgandi: «Ertasi seshanba kuni jami soldatlar bir necha bombalar tashlab uylarni qatorasiga portlata boshladilar. Vayron bo’lgan uylarni ostiga nazar tashlanganda, Namozning 2 ta 5 o’g’li miltig’i, 4 adat to’pponchasi, taxminan 500 ta o’qi topildi. Mazkur Namoz jami asboblarini tashlab uyning ostini teshib chiqib qochibdur. Sherniyoz yarador bo’lg’on ekan ushlab olindi».
Qo’shqo’rg’on qishlog’ida yashab o’tgan Sanaqul ota Xudoydotov ( Men suhbatlashganda 1976 yil 83 yoshda bo’lgan), qo’shni jarqishloqlik Rajab ota Normurodov (1889 yilda tug’ilgan) va boshqa ko’pgina qariyalarning hikoya qilishlaricha, Namoz qurshovda qolgan uylarning biridan eski chopon, telpak va etikni kiyib olgan va cho’pkari imoratlarning tagidan kovlab tashqariga ustalik bilan chiqqan. Tashqaridagi yemish g’aramdan bir quchoq bedani olib askarlarning otlari tomonga borayvergan. Soldatlardan biri «To’xta boboy, qayoqqa boryapsan?» degan. Shunda Namoz: «To’ralarning otlariga yemish solaman», deb javob bergan va qator turgan otlarga yemish tashlab ketavergan. Ulardan uzoqlashib dayrovot qo’ynidagi qalin changalzorlar qo’yniga sho’ng’igan. Kazak otryadlari esa yana dog’da qolgan. Namoz tezda qo’shni Jarqishloqqa kelib Tangriqul degan kishining otini olib bu yerdan g’oyib bo’lgan. Shu tariqa ikki to’qnashuvda muayyan muvaffaqiyat qozongan rus-kazak qo’shinlari Namozni izlashni davom ettiradilar. Namoz ham raqiblarini dog’da qoldirib, qo’lga tushgan o’z sheriklarini qutqarish uchun kurashadi.
Chor ma’murlari va mahalliy amaldorlar Namozga qarshi kurashning endi boshqacha yo’lini tutadilar. Endi ular katta miqdordagi pul va oltinlarni ishga soladilar. Jangu jadallarda, o’q yomg’irlari va olovlar og’ushida o’zini oldirmagan dovyurak Namoz xoin do’sti qo’lida qurbon bo’ladi. 1907 yil 1 iyunь kuni uyquda yotgan paytida o’zining sotqin nadimi tomonidan xoinona ravishda o’ldiriladi.

Namozning o’limi minglab sof vijdonli kishilarni benihoyat chuqur qayg’uga soldi. Namozning raqiblari munofiqona bir-birlarini tabriklashadi. Namozga qarshi kurashda faoliyat ko’rsatgan bir guruh shaxslarga mukofotlar beriladi. Turkiston general gubernatorining 1907 yil 9 iyunda Samarqand viloyat harbiy gubernatoriga yuborgan telegrammasida shunday deyiladi: «Xayriyat, sizning jiddiy tashabbuskorligingiz va tadbirlaringiz tufayli biz Namozdan qutuldik… Tashakkurimni qabul qilgaysiz. Namoz harakatini tugatishda ishtirok etgan barcha ma’muriyat boshliqlarini, qo’shinlar qo’mondonlarini mening nomimdan tabriklang… Lozim bo’lganlarini taqdirga (taqdirlashga) tavsiya eting».
Samarqand harbiy gubernatori zudlik bilan taqdirga (taqdirlashga) loyiq shaxslar ro’yxatini tuzib yuboradi. Turkiston general-gubernatori o’zining 1907 yil 19 dekabrdagi 344-son buyrug’i Namozni izlashda va unga qarshi harbiy kurashda faollik ko’rsatgan quyidagi shaxslarni medallar bilan taqdirlaydi:
«Mulla Qulmuhammad Umarbekov – Samarqand uyezdidagi Polvonariq volosti boshqaruvchisi: Mirza Saidmurod Mirza Qobil o’g’li – Kattaqo’rg’on uyezd Kaliqo’rg’on volost boshqaruvchisi; Abduqul Abdurahmon o’g’li – Samarqand uyezdi Polvonariq volostiga qarashli Kulobod qishlog’i oqsoqoli; Karimboy Nazar o’g’li – Samarqand uyezd Shaxob volosti boshqaruvchisi; Tog’ay To’rayev – Shaxob volosti boshqaruvchisining yigiti; usta Muhammadmurod Yusuf o’g’li – Samarqand uyezd Dovul volosti boshqaruvchisining yigiti; polkovnik Sokolbeko, kapitan Golov…».
Haqiqiy imzosi bilan (Turkiston general-gubernatori).
Kontseliriya boshqaruvchisi polkovnik Mustafin.

Namozning o’limidan keyin ham qasoskor dehqonlar harakati to’xtab qolmadi. Xalq orasida Namoz o’lmagan ekan, u kurashni davom ettirayotgan emish, degan gaplar tarqaldi. Shundan so’ng «Namoz» nomi ostida uning safdoshi Qoraboy chiqdi.
1907 yil 12 avgustda Mingariq volostida Namozning sodiq do’sti Abduqodirxo’ja kuchli otishuvda halok bo’ldi. 1907 yil dekabrida esa Namozning yana bir jasur safdoshi Qobil kazaklar bilan bo’lgan otishuvda o’ldirildi. Faqat Namozning qasoskor do’stlaridan biri Davrcha 1909 yilning avgustiga qadar kurashni mardonavor davom ettirdi. Yana ikki yil davomida Davrcha shahar va qishloqlarga ot surib boy va amaldorlarning ta’zirini berdi. Namoz va boshqa safdoshlarining qasosini oldi. Biroq 1909 yil 29 avgust kuni kazaklar bilan bo’lgan to’g’nashuvda Davrcha ham qo’lga tushiriladi.
— Yuqorida keltirilgan tarixiy ma’lumotlardan shu narsa ayon bo’ldiki, Namoz tomonidan jazolangan kimsalar asosan zo’ravon, ochko’z boy va amaldorlar bo’lishgan. Demak, Namozni «o’g’ri» va «bosqinchi» deb aytganlar ham o’shalar, shunday emasmi?
— To’g’ri, Namozga «o’g’ri» «yorlig’i»ni yopishtirishga harakat qilgan kishilar aynan o’shalar va mustamlakachi chor ma’mur-laridir. Biroq, Namoz boshchiligidagi harakat shaklan o’g’irlikka o’xshasada, o’z mazmun-mohiyatiga ko’ra katta ijtimoiy ahamiyatga ega bo’lgan siyosiy voqeadir. Har qanday siyosiy tuzum davrida ham dono xalqimiz kimga qanday baho berishni yaxshi biladi. Shunday ekan, xalqning cheksiz hurmat va ishonchini qozongan, el ichida deyarli afsonaviy qahramon darajasiga yetgan, hatto chor ma’murlari hamda mahalliy boy-amaldorlarning juda ko’pchiligini o’z jasorati bilan qoyil qoldirgan Namoz botirni «o’g’ri» deb atashga hech kimning haqqi yo’g’. Qolaversa, tarixda nomlari qolib-qolmasdan ketgan boshqa o’g’ri yoki qaroqchilardan keskin farq qilgan Namoz, bosib olingan o’ljalarni o’zining shaxsiy hayoti va maishiy ehtiyoji uchun ishlatgan emas.
Tarixdan bizga yaxshi ma’lumki, Rossiyada feodalistik tuzumni larzaga solgan dehqonlar urushi sardori Ye.Pugachyovga ham, Moldaviya xalqining milliy qahramoni G.I.Kotovskiyga ham «o’g’ri» «yorlig’i»ni yopishtirishga harakat qilishgan.
— Namoz botir harakati ham yaqin o’tmishdagi o’zbek xalqi tarixidir. Shunday ekan, maktab darsliklarida bu harakat tarixini hozirgi avlodga o’rgatishning ahvoli qanday? Bu haqda sizning fikringizni bilishni istardik.
— Bir so’z bilan aytganda, yomon ahvolda. Sobiq sho’ro tuzumi davridagi umumta’lim maktablarining 9-sinfi uchun chiqarilgan «O’zbekiston xalqlari tarixi» darslik kitobida juda kam miqdorda bo’lsa-da, (bir sahifada atigi 5-6 qator) Namoz Pirimqulov boshchiligidagi qasoskor dehqonlar harakati to’g’risida ma’lumot berib o’tilar edi. Lekin, hozirgi umumta’lim maktablarining 9-sinfi uchun chiqarilgan «O’zbekiston tarixi» (XIX asrning ikkinchi yarmi XX asr boshlari) darslik kitobida (mualliflar: G.A.Hidoyatov, V.A.Konstanskiy «O’zbekiston» nashriyoti, Toshkent – 2006 y.) Namoz Pirimqulov harakatining bir og’iz ham tilga olinmasligini qanday tushunish mumkin. Namoz harakatining tarix darsliklaridan tushirib qoldirilishiga kim aybdor ekanligini bilmayman-u, biroq buni xalqimiz tarixiga nisbatan qilingan xiyonat deyish mumkin. Biz istaymizmi, yo’g’mi Namoz harakati bizning o’tmish tariximizdir. Bu o’zbek xalqi tarixidir. Uni kelajak avaloddan yashirish hech ham mumkin emas. Albatta, «O’zbekiston xalqlari tarixi»ning keyingi nashrlarida Namoz botir harakati bor bo’yi-basti bilan yosh avlodga xolisona yoritib beriladi, deb umid qilaman.
Masalaga mamlakatimiz Prezidentining 2006 yil 25 avgustdagi 451-sonli «Milliy g’oya targ’iboti va ma’naviy-ma’rifiy ishlar samaradorligini oshirish to’g’risida»gi qarori nuqtai nazaridan yondashadigan bo’lsak, Namoz botir tarixi ham milliy g’ururimiz va qadriyatimizni rivojlantirishga xizmat qiladigan o’zbek xalqi tarixining ajralmas bir qismidir. Uni keng jamoatchilikka, qolaversa, kelajak avlodga yetkazib bermaslik esa kechirilmas holdir. Aksincha, bu mavzuda yanada mukammal ilmiy va bir-biridan go’zal badiiy asarlar yaratish, shuningdek, ko’p seriyali hujjatli hamda badiiy filьmlar ishlash, uning xotirasini abadiylashtirish shu kunning dolzarb vazifalaridan biridir. Bunday xayrli ishlar Namoz botir harakatining 124 yilligiga qilingan munosib tuhfa bo’lur edi. Shunday damlarda shoir Jamol Sirojiddinning (Xumiy) mahzun va mungli «Namoz botir hasrati» she’ri beixtiyor yodga tushadi:

Daryo eding, oqa-oqa
soy bo’lding-a, soy bo’lding,
Quyosh eding, boqa-boqa
oy bo’lding-a, oy bo’lding.
So’ngsiz eding, ko’zga siqar
joy bo’lding-a, joy bo’lding,
Tushkunlarga marg’ub bo’lgan
dil kuyim-o, dil kuyim,
Armonlarga mag’lub bo’lgan
orzuim-e, orzuim.

Bulutlarga otgan toshim
yetmadi-ho, yetmadi,
Vatan, sen deb to’kkan yoshim
yetmadi-ho, yetmadi.
Yolg’iz edim, yolg’iz boshim
yetmadi-ho, yetmadi.
Tushkunlarga marg’ub bo’lgan
dil kuyim-o, dil kuyim,
Armonlarga mag’lub bo’lgan
orzuim-e, orzuim.

Seni dedim halovatim
tiydim man-o, tiydim man,
Kuch-qudratim ro’zg’orimdan
qiydim man-o, qiydim man.
Shoh siyratga gado suvrat
kiydim man-o, kiydim man.
Tushkunlarga marg’ub bo’lgan
dil kuyim-o, dil kuyim,
Armonlarga mag’lub bo’lgan
orzuim-e, orzuim.

Orzu eding mening qora
ko’zligim-mey, ko’zligim,
Zakiyligim, erkin-o’ktam
so’zligim-mey, so’zligim,
Bukun endi senda bo’lding
o’zligim-mey, o’zligim,
Tushkunlarga marg’ub bo’lgan
dil kuyim-o, dil kuyim,
Armonlarga mag’lub bo’lgan
orzuim-e, orzuim.

Nohaq — qilich bo’lsa, bir kun
singusi-yo, singusi,
Yurak dardim bag’irlarga
ingusi-yo, ingusi.
Shunda quvnoq bo’lur yokim
tingusi-yo, tingusi.
Tushkunlarga marg’ub bo’lgan
dil kuyim-o, dil kuyim,
Armonlarga mag’lub bo’lgan
orzuim-e, orzuim.

— O’ktam aka, oxirgi savol. Namoz botir voyaga yetgan Jar qishloqda uning avlod-ajdodlari bormi?

— Ma’lumki, Namozning o’zidan farzand qolmagan. Hozirda opasi Ulug’oyning hayot bo’lgan nabiralari, chevaralari bor. Ulug’oyning 5 nafar farzandi bo’lib, kattasi Omon Jizzax viloyatining Forish tumanidagi Qarabdol qishlog’ida yashab o’tgan. Hozirda u kishining nabira, chevaralari Jizzax viloyatining turli tumanlarida yashab kelmoqda. Ikkinchi o’g’li Barot bo’lib, Jar qishloqda yashab o’tgan. Hozirda nabira va chevaralari bor. Keyingi qizi Soatoy bo’lib, Jar qishloq yaqinidagi «Dorigar» qishlog’ida yashab o’tgan. Bu kishi mening katta onam (buvim) bo’lganlar. To’rtinchi farzandi Mardi bo’lib, Jar qishlog’ida yashab o’tgan. Kenja o’g’li Ravshan 1920 yilda tug’ilgan bo’lib, 1943 yil iyun oyida Kursk jangida halok bo’lgan.
Mustaqilligimizning dastlabki yillarida Dahbed sovxozining ikkinchi bo’limi hududida «Namoz Pirimqulov» nomli xo’jalik tashkil etildi. Bu quvonchli hol albatta. Biroq, Moldaviyaning milliy qahramoni deb e’lon qilingan G.Kotovskiy nomining abadiylashtirilishi bilan taqqoslaydigan bo’lsak, hali bu hech narsa emas. Xuddi Namoz harakati singari partizanlar harakatini olib borgan G.Kotovskiy xotirasini abadiylashtirish uchun ko’plab haykallar, qo’cha va maktablar uning qahramonona nomini ulug’lab turibdi. Podolьsk gubernasida shunday harakatni olib borgan Ustim Karmelyuk haqida ham shunday fikrlarni aytib o’tish mumkin.
Bir so’z bilan aytganda, «Namoz botirning xalqimiz ozodligi yo’lida qilgan qahramonliklari hech qachon unutilmaydi.

Muxbir: O’ktam aka, mazmunli suhbatingiz uchun tashakkur.

Tahririyatdan: Ulug’ adibimiz Abdulla Qodiriy moziyga qaytib ish ko’rmoq xayrlidir, degan edi. Haqiqatdan ham o’tmishda millatimizning ozodligi, erkinligi, baxt-saodati uchun kurashib, bu yo’lda jon fido qilgan insonlparning nomini yodga olish, xotirlash bizning tarix oldidagi burchimizdir. Tarixchi O’ktam Ikromovning millatimizning milliy qahramoniga aylangan Namoz botir haqida to’plagan materiallari, uning nomini abadiylashtirish to’g’risidagi fikrlari tahsinga sazovordir. Maktablarning tarix fani o’qituvchilari ham o’z darslarida Namoz botir haqida, uning ozodlik harakatining ahamiyati haqida o’quvchilarga so’zlab berishsa, maqsadga muvofiq bo’lardi.

Suhbatni Yo’lchi Muhammadiyev olib bordi.

Manba:»Oqdaryo ovozi» gazetasi veb-sahifasidan olindi.

033

(Tashriflar: umumiy 2 739, bugungi 1)

Izoh qoldiring