Xurshid Davron. Amir Temur va chumoli & Ahmet Şafak — Timur İle Karınca

07    Денгиз тарафлардан кўчманчи қушлар Мовароуннаҳр томонларга қараб учиб ўта бошладилар, шунда юрагимда шундай кучли бир аламли соғинч уйғондики, ўзимни қўйишга жой, беомон ҳаёллардан қутулишга имкон тополмай қолдим. “Энди буёғи нима бўлади? Қандай қилиб от минаману, қандай қилиб қиличбозлик қиламан? Она юртимни кўраманми, уни топтаб ётган ёғийлар билан жанг қила оламанму? Ёки ватандан узоқ бир чеккада хору-зор яшайманму?” – деб ўйлардим, учиб ўтаётган қушлар ортидан изтироб билан термилиб…

09
Хуршид ДАВРОН
АМИР ТЕМУР ВА ЧУМОЛИ
05

  Конигил ўтлоғининг этагида жойлашган улкан боғ сукунат ичида. Қоронғи кечада улкан дарахтларнинг серяпроқ шохларидан тимқора соялар ерга тўшалган. Бир-бирига ариқлар билан уланган учта ҳовузнинг сокин мавжида юлдузлар акси жилоланади. Ҳовузлар ва ариқлар теварагидаги устунларда ёниб турган машъалалар атрофга хира ва титроқ нур сочади. Тунги сукунатни ёлғиз  тиним билмай кўкка отилиб турган фаввораларнинг сокин жилдираши, гоҳи-гоҳида қасрдаги сонсиз хоналарда ухлаб ётган канизаклар уйқу аралаш қимирлаганда қўллари-ю, оёқларидаги тақинчоқларнинг жаранг-журунги бузарди.

Токлар чирмашиб кетган мармар устунли, чинни безакли айвондан кириладиган хонада ётган Улуғбекнинг кўзидан уйқу қочган. Бола ухлаб ётган бибисини безовта қилишни истамагандек, секин кўрпадан сирғалиб чиқди ва оҳиста қадам босиб ташқарига чиқди. Узоқдан ҳовуз юзида акс этган юлдузлар жимжимасини кўриб, ҳайратга тушди. У жимжимадан кўзини узолмай, ҳовузга яқинлашди.

Панада турган соқчи навкар шаҳзодани таниди-ю, нима қилишини билмай, ўйга ботди. “Бундай бевақт маҳалда амирзода нима қилиб юрибди?” – деб ўйларди у. Аммо шаҳзодага яқинлашишдан ҳайиқди, фақат зийраклик билан болани кузата бошлади. Шовқин чиқарса, мабодо Соҳибқирон уйқусини бузса, нима бўлиши ёлғиз худога аён.

Шаҳзода эса мармар ҳовуз четига ўтириб олди, сўнг кавушини ечиб, оёғини сувга тиқиб, ўйнай бошлади. Ҳовуз юзи мавжланиб, унда акс этган юлдузлар жилоси сув бетида ўйнай бошлади. Соқчи тўсатдан ўзига таниш одам шарпасини сезиб қолди-ю, ранги оқариб қотиб қолди. Шарпанинг ҳайбатдор овози тун сукутини бузди, шаҳзода қўрқиб кетганидан ҳовузга тушиб кетишига сал қолди.
— Ярим кечада нима қилаяпсиз, мирзо?

Бола шошиб ўрнидан турди. Ундан беш-олти қадам нарида бобоси — Амир Темур турар, унинг кўзлари жиддий боқар эди.
— Юлдузлар… – деди бола жилмайиб.
— Юлдузлар… – Амир Темур ҳовузга қаради. – Ҳа, юлдузларми?..
Соҳибқирон набирасига яқинлашиб, унинг кўзларига тикилди.
— Ҳовуздаги аксига эмас, юлдузларнинг ўзига тикилмоқ завқли эмасму, Улуғбегим?

Бобо билан набира ёнма-ён туриб, кўзларини осмонга тикдилар. Серюлдуз осмон гумбази Боғи Дилкушо устига тўнтариб қўйилгандай эди. Бирдан Соҳибқироннинг хотирасида болалик кунлари жонланиб, завқи келди.
— Юринг, мирзо, боғ айланамиз, — деди Амир Темур. Набира бобосига эргашди.  Икковлон узоқ вақт ёнма-ён юриб, боғдаги бинафшазор атрофини айланишди. Боғ шундай ойдин эдики, фавворалар томондан учиб келиб бинафшалар баргига сочилган сув томчиларини худди кундуздагидек аниқ кўриш мумкин эди.

Тўсатдан Темур тўхтаб, диққат билан ерга тикилиб қолди. Улуғбек бобоси нигоҳи қадалган томонга қараб, чумоли уясига кўзи тушди.
— Дунёда чумолидек меҳнаткаш жонзот йўқ, — деди Соҳибқирон, сўнг “ялт” этиб набирасига қараркан, хиёл қийиқ кўзлари кулимсиради.
— Хоҳласангиз, бу митти жонивор менга қандай кўмак бергани ҳақида ҳикоя айтиб берай, — деди Темур. Кейин набирасининг кўзида қизиқиш сезиб, ҳикоясини бошлади:

— Бу воқеа менинг саросону-саргардонлик кезларим юз берган эди. Ўшанда йигирма олти ёшда эдим. Аввал сизга ҳикоя қилган эдимки, олтмиш икки кунлик зиндонбандликдан қутилиб, Хуросон мулкида беҳаловат кун кечирардим. Бир куни тўсатдан ҳузуримга Сеистон ҳукмдорининг элчиси кўп совға-салом билан келиб қолди. Малик  Маҳмуд мендан иттифоқчи бўлишни ва катта бир юмушда унга кўмак беришимни сўраган экан. Малик ёрдамим эвазига менга Сеистондаги бир неча қалъани ҳадя қилажагини ваъда қилган эди.

Мен етиб боргунга қадар маликнинг душманлари  еттита қалъани қўлга киритган эканлар. Шу қалъаларнинг бирига тунда, кутилмаган бир паллада ҳужум бошлаб, тўрт тарафдан ўровга олдим. Жанг бир кеча-кундузга чўзилиб, менинг фойдамга ҳал бўлди. Кейин бошқа қалъа томон юрдим. Униям жанг билан забт этдим.

Менинг  ғалабаларимдан душманлар  қўрқиб, талвасага тушдилар. Малик Маҳмуд  қолган тўрт қалъадан ёрлиқлар олди, уларга эгалик қилиб турган амирлар ўз қалъаларини қаршилик кўрсатмай   топширишларини ва маликни олий ҳукмдор деб тан олишларини билдирдилар. Шу билан баробар талвасага  тушган  амирлар малик Маҳмуд кўнглига ғулғула солиб: “Агар Темурбек Сеистондаги барча қалъаларни бир бошдан қўлга киритса, сени мамлакатингдан маҳрум қилади, бизни эса соғ қўймайди. Кел, яхшиси унга қарши бирлашиб курашайлик!” – деган мазмунда кетма-кет мактуб ёзган эдилар.

Малик Маҳмуд Сеистоний уларнинг бу сўзларига учиб, тунда менга билдирмай, уни авраган амирлари томонга қочиб ўтиб кетди. Кўп ўтмай улар биргалашиб менга ҳужум қилмоқчи бўлишгани хабари  етиб келди.

Жанг ашаддий бўлди, ҳар икки тараф беомон жанг қилди. Мен ўзим жангнинг энг қизиган маҳалида ўн икки баҳодирим билан  ўровга тушиб қолдим. Сеистонлик бир амир бошига энди қилич ураман деган ҳам эдимки, қаршидан отилган икки ўқ вужудимга “шарт” этиб санчилди: бири – оёғимга, бири – қилич тутган ўнг тирсагимга. Илк дафъа оғриқни сезмадим, сеистонлик амир бошини сапчадек узиб ташладим. Аммо кўп ўтмай, кўп қон йўқотганим туфайли кўз ўнгим хиралаша бошлади. Қачон ҳушимни йўқотганимни билмайман, ўзимга келсам, бир яйдоқ даштда ётибман. Мени жанг майдонидан олиб чиққан амир Жоку бошлиқ баҳодирлар ёнимда давра қуриб ўтиришарди. Уларнинг суҳбатини индамай эшитарканман, сеистонликлар мағлуб бўлиб қочганларини билиб олдим. Мен душман орқага юз ўгириб, чекинган маҳалда ҳушдан кетган эканман. Яна шуни билдимки, бир қанча баҳодирларким, шу жумладан иттифоқдошим бўлмиш амир Ҳусайн ҳам жангдан кейин аҳволимни кўриб, мени ўладига  чиқариб, ташлаб кетибдилар.

Шундан кейин Амир Жоку мени Ҳурмуз тарафига олиб кетди. Денгизга яқин бир овлоқ жойда манзил қурдик. Аҳволим борган сайин баттарлашиб, ҳаётдан умидим қолмади. Бирга келган айрим амирлару  навкарлар ҳам мени ташлаб кета бошладилар. Дунё унутган бир бечора одамга айландим. Ярам узоқ битмай азоб берди. Инсон боласи пешонасига қандай азоб-уқубат битилган бўлса, шуларнинг ҳаммасини тортдим. Дунё мени унутганига ишониб, мен ҳам уни унутишга қарор қилдим. Бу аҳволим билан на жанггу жадалга, на бошқа бир жиддий амалга ярайман, деб ўйлаб кеча-кундуз ўртанар эдим. Мана шундай умидсизлик чоҳидан мени бир чумоли олиб чиқди.

Ҳурмуз тарафларга баҳор келган кезлар эди. Миноб дарёси оқиб тушадиган олисдаги тоғларнинг ён-бағирлари қалин қор тўшаклари билан ёпиғлик бўлса-да, совуқ чекинган, водийдаги юпқа қорлар эриб, ер ҳам офтоб қўрида секин-аста илий бошлаган эди. Сокин ойдин тунларда далаларда уна бошлаган уруғларнинг тирсиллашини эшитса бўлар – гўё олам назаридан пинҳон сон-саноғи номаълум, кўринмас мавжудотлар ўзаро шивирлашаётгандек…

Дарахт таналари бўйлаб, томирлардан шохларга қараб оби ҳаёт шарбати югура бошлади. Ҳавони тотли, нордон ислар тутиб кетди, далаларда ихрож униб чиқди, майсалар кўкарди, чимзорларда мойчечаклар, қизғалдоқлар, нафис сариқ наргислар гул оча бошлади.

Ҳар нарсада ва ҳар ёқда кўклам тантана қиларди: бир-бирини оҳулардек қувиб юрган денгизнинг оппоқ кўпикли мавжларида, кўпчиган далаларни қоплаб улгурган яшил сабзаларда, ғунчаларини ёза бошлаган атиргулларда, жўшиб оқаётган асов Миноб тўлқинларида ва кун сайин тўлиб оқиб, тошиб чиқаётган лойқа ариқларда, мозорлардаги сарвларда, анорзор боғларда, кунботарда алвон тусга кирадиган уфқда, ғира-шира осмонда чақнаб турган порлоқ шом юлдузларида ва биз манзил қурган адир теграсидаги сувларда – ҳар нарсада, ҳар ёқда кўклам тантана қиларди. Аммо мен буларни сезмасдим, ҳис қилмас эдим. Вужудимда кундан-кунга кучайган умидсизлик оғриғи мени енгиб, мен тобора ўлим ҳақида ўйлайдиган бўлиб борардим.

Денгиз тарафлардан кўчманчи қушлар Мовароуннаҳр томонларга қараб учиб ўта бошладилар, шунда юрагимда шундай кучли бир аламли соғинч уйғондики, ўзимни қўйишга жой, беомон хаёллардан қутулишга имкон тополмай қолдим. “Энди буёғи нима бўлади? Қандай қилиб от минаману,  қандай қилиб қиличбозлик қиламан?  Она юртимни кўраманми, уни топтаб ётган ёғийлар билан жанг қила оламанми? Ёки ватандан узоқ бир чеккада хору зор яшайманми?” – деб ўйлардим, учиб ўтаётган қушлар ортидан изтироб билан термилиб.

Бир куни оёғимни зўрға босиб, далалар томонга кетдим.  Юриб-юриб бир ёлғиз дарахт остида бориб тўхтадим. Уни яшин урган, танаси куйиб қорайиб кетган эди. Аммо ўлик дарахт танаси остида янги насл кўкариб чиққанини кўрдиму  ҳаяжонланиб кетдим. “Мана, ҳаётга муҳаббат! Мана, умид ва орзунинг тимсоли! Мана, кимдан ўрганишинг керак, Темурбек!” – деб ўйладим. Кейин дарахт ёнидаги харсангтошга ўтирдим.

Офтоб шууридан ва азобли уйқусизликдан кўзларим ачишаркан, қўйнимдан, бир пайтлар зангори тусда бўлгану қўлма-қўл юравериб, ранги ўчган, кўкимтир тус олган чарм билан муқоваланган мўъжазгина китобчани олдим. Бу Хожа Аҳмад Яссавий ҳикматлари жамланган китоб эди. Уни Самарқанддаги китоб расталаридан бирида сотиб олган эдим. Бирдан китобнинг тўғри келган жойини очдим. Очдиму назарим тушган ҳикматни ўқиб, йиғлаб юбордим. Қайта-қайта ўзимни ҳаяжонга солган сатрларни ўқирдим:

Кўзум намлик, дилим ғамлик, жон аламлик,
Нечук илож этаримни билмам, дўстлар.
Бу ҳасратда, надоматда ёшум оқиб,
Қаю тараф кетаримни билмам, дўстлар.

Китобдан бошимни кўтариб, ярамдан кўра кўпроқ зирқираб азоб бераётган юрагимдан дардни аритмоқчи бўлган каби кўксимни силаб, дамба-дам хўрсинардим, гоҳ кўзларимни азоб билан осмонга қаратиб, тип-тиниқ осмонда чарх ураётган ёлғиз бургутни кузатиб, гоҳ умидсиз нигоҳимни ерга тикиб, қаршимдаги харсангтош ёриғидан чиқиб, тепага ўрмалаётган чумолилар карвонига тикилиб ўтирардим. Шу қадар изтиробда эдимки, гоҳ ўзумни унитиб, кўксимдаги ханжарни ушлаб-ушлаб қўярдим – жонимга қасд қилгудек аҳволда эдим.

07Тўсатдан чумоли карвонининг бир четида ғимирсиланаётган майиб чумолига кўзум тушди. Мен босиб олдимми ёки бошқа бир сабабми, чумолининг бир оёғи мажақланган эди. У тизилиб тепага ўрмалаётган бошқа чумолилар ортидан тош устига чиқишга уринарди. Ана, ярим қаричча кўтарилгач, ерга учиб тушди. У яна тошга келиб ёпишди. Бу гал ҳам бир қаричча кўтарилиб-кўтарилмай яна ерга қулади. Мен кўз узмай, унинг ҳаракатларини кузатардим. Майиб чумоли тақдирига тан бермади, яна харсангтошга ёпишди, яна ярим йўлга етмай, ерга учиб тушди. Бу ҳолат қайта-қайта такрорланди.

Ниҳоят чумоли минг бир машаққат билан тош устига ўрмалаб чиқди ва у ердаги нон ушоқларининг бирини орқалаб, изига қайтди.

Ичимда майиб чумоли матонатига қойил қолдим. Шунда тўсатдан ичимда ўйладим: “Шу ожиз чумоличалик эмасмисан, Темурбек? У қисматига кўнмай, ўз ҳаёти, ўз вазифасини бажариш учун машаққатлардан қўрқмай шунчалик курашади-ю, сен Аллоҳ таоло тилу-забон берган, онгу тафаккур берган инсон бўлатуриб, умидсиз бўласанми?!”

Ўрнимдан туриб, орқага қайтар эканман, бутун атрофим ўзгарганини сездим; энди ёзилган барра япроқларда шудринглар йиғилган, ғуж-ғуж товланган бу симобранг томчиларда сарҳадсиз яшил осмон акс этиб турарди. Олис-олисда мавжланиб ётган денгиз устида эса паға булутларни эслатиб, гала-гала бўлиб чағалайлар учиб юришарди.

Ҳа, Улуғбегим, мени ҳаётга қайтарган чумоли бўлади, — деб ҳикоясини якунлади Амир Темур.

1994

05

Ahmet Şafak — Timur İle Karınca

Timur bir gün savaşta ayağından vurulmuş
Timur o gün savaşta çok acayip yorulmuş
Zar zor atmış kendisini ovasına evine
Bakmış çok kederlenmiş ayağına haline

Bu işler bitti demiş bakıpta bedenine
Topalda adam olmaz demiş kendi kendine
Birde ne görsün tümür bir küçücük karınca
Tahtına tırmanıyor hep düşüyor karınca
Kalk haydi kalk timür şu dünyaya bak timur
Büyük adam olmanın yolu büyük düşünmek
Ayağın topal olsun yüreğin olmasın lenk

Bir iki üç derken timur bu iş güç derken
Karınca kırkıncıda cıkmıs timır tahtına
Timur ondan utanmış hemen ayağa kalkmış
Toplamış obasını konuşmaya başlamış

Bu iş burda bitmedi şimdi başladı asıl
Topal ayak bu işte erenliğe sis basın
Yüreğin ahbal olsun vicdanın olsun yeter
Haydi ne duruyorsun sürünmek daha beter
Kalk haydi kalk timür şu dünyaya bak timur
Büyük adam olmanın yolu büyük düşünmek
Ayağın topal olsun yüreğin olmasın lenk

099Ahmet Şafak 8 Ocak 1962 de İstanbul’da doğan sanatçı Ahmet Şafak, aslen Rizeli olup annesi Emine Demirci hanımdır. Yedi kardeşin en küçüğüdür. Bütün öğrenim hayatını İstanbul’da sürdürdü. İşletme eğitimi aldı ama bitiremedi. Bakü Devlet İnce sanat( Devlet Konservatuarı) Üniversitesinde kompozitörlük bölümü okudu.

1991 yılında gazeteciliğe başladı, binlerce köşe yazısı yazdı ve 1998 yılında gazeteciliği bırakarak müzik hayatına başladı. Evli ve üç çocuk babasıdır.

Daha önce gazetecilik yaptığı yıllarda, sosyal-politik inceleme dallarında, yayınlanmış 6 adet kitabı vardır. Artık gazetecilik yapmıyor. 2002 Yılında TGRT’de “SÖZ-MÜZİK AHMET ŞAFAK” adıyla müzik-söyleşi programı sundu ve hazırlığını üstlendi.

Şarkıları tamamiyle kendisine ait dokuz albüm çıkardı. Bunlardan biri tamamen anonim türkülerdir. 2000 de çıkardığı “Yalnız Kurt” isimli ikinci albümü ile herkes tarafından tanınmasını sağlamıştır.

2004 yılında Kanal 7 ekranlarında 13 bölümden oluşan Balaban (Rabia) adlı dizide ve 90 dakikalık bir filmde başrol oynadı. Çekimleri devam etmekte olan ve Azarbeycan Televizyon tarihinde ilk kez gerçekleştirilen ve yine Ahmet Şafak ın başrol oynadığı bir dizi çekimi gerçekleştirilmektedir.

“Sarıkamış” isimli şarkısıyla 2005 yılı Kral Tv Müzik Ödülleri Özgün Müzik kategorisinde “En İyi Erkek Solist” ödülü almıştır.
2011 yılında Azerbaycan Cumhurbaşkanı Sayın İlham Aliyev‘in serencamı ile ülkenin en önemli madalyalarından biri olan TERAKKİ ORDÖN’ ü aldı.

Türkiye’nin en fazla halk konseri veren sanatçısıdır. Ayrıca Avrupa ve Türk ülkelerinde de konserler vermektedir. Azerbaycan Devlet Filarmoni salonunda konser veren ilk Anadolu Türkü olmuştur. 2007yılında Bakü’de verdiği konserin tüm gelirlerini Azerbaycan ordusuna bağışlayarak “Fahri Ferman” ödülüne layık görülmüştür.

Oynadığı Diziler ve Filmler :

Avcı ( KanalD ) (2001)
Rabia ( Kanal7 ) (2003)
Kıyan Tepesi Efsanesi (Film) (2004)

Yazdığı Kitapları:

Türk Asrına Girerken (Dünya Türklüğü Uyanıyor) (1992)
Kavramlara Dokunmak (1993)
Yükselen Milliyetçilik ve Liberal İhanet (1995)
Kan Meclisi 1915 (2007)
Kurt (2008)
Şöhret Sanatı Öldürdü Cinayeti Ben Gördüm (2009)

Albümleri :

Yüreğim Yüreğinle (1999)
Yalnız Kurt (2000)
Aşk Militanı (2001)
Adam Gibi (2004)
Şimdi (2005)
Ben Hâlâ Nöbetlerdeyim (2007)
Şafak Türküleri (2007)
Aranıyor (2008)
Aşk ve Vatan (2010)

08

09
Xurshid DAVRON
AMIR TEMUR VA CHUMOLI
05

Konigil o’tlog’ining etagida joylashgan ulkan bog’ sukunat ichida. Qorong’i kechada ulkan daraxtlarning seryaproq shoxlaridan timqora soyalar yerga to’shalgan. Bir-biriga ariqlar bilan ulangan uchta hovuzning sokin mavjida yulduzlar aksi jilolanadi. Hovuzlar va ariqlar tevaragidagi ustunlarda yonib turgan mash’alalar atrofga xira va titroq nur sochadi. Tungi sukunatni yolg’iz tinim bilmay ko’kka otilib turgan favvoralarning sokin jildirashi, gohi-gohida qasrdagi sonsiz xonalarda uxlab yotgan kanizaklar uyqu aralash qimirlaganda qo’llari-yu, oyoqlaridagi taqinchoqlarning jarang-jurungi buzardi.

Toklar chirmashib ketgan marmar ustunli, chinni bezakli ayvondan kiriladigan xonada yotgan Ulug’bekning ko’zidan uyqu qochgan. Bola uxlab yotgan bibisini bezovta qilishni istamagandek, sekin ko’rpadan sirg’alib chiqdi va ohista qadam bosib tashqariga chiqdi. Uzoqdan hovuz yuzida aks etgan yulduzlar jimjimasini ko’rib, hayratga tushdi. U jimjimadan ko’zini uzolmay, hovuzga yaqinlashdi.

Panada turgan soqchi navkar shahzodani tanidi-yu, nima qilishini bilmay, o’yga botdi. “Bunday bevaqt mahalda amirzoda nima qilib yuribdi?” – deb o’ylardi u. Ammo shahzodaga yaqinlashishdan hayiqdi, faqat ziyraklik bilan bolani kuzata boshladi. Shovqin chiqarsa, mabodo Sohibqiron uyqusini buzsa, nima bo’lishi yolg’iz xudoga ayon.

Shahzoda esa marmar hovuz chetiga o’tirib oldi, so’ng kavushini yechib, oyog’ini suvga tiqib, o’ynay boshladi. Hovuz yuzi mavjlanib, unda aks etgan yulduzlar jilosi suv betida o’ynay boshladi. Soqchi to’satdan o’ziga tanish odam sharpasini sezib qoldi-yu, rangi oqarib qotib qoldi. Sharpaning haybatdor ovozi tun sukutini buzdi, shahzoda qo’rqib ketganidan hovuzga tushib ketishiga sal qoldi.
— Yarim kechada nima qilayapsiz, mirzo?

Bola shoshib o’rnidan turdi. Undan besh-olti qadam narida bobosi — Amir Temur turar, uning ko’zlari jiddiy boqar edi.
— Yulduzlar… – dedi bola jilmayib.
— Yulduzlar… – Amir Temur hovuzga qaradi. – Ha, yulduzlarmi?..
Sohibqiron nabirasiga yaqinlashib, uning ko’zlariga tikildi.
— Hovuzdagi aksiga emas, yulduzlarning o’ziga tikilmoq zavqli emasmu, Ulug’begim?

Bobo bilan nabira yonma-yon turib, ko’zlarini osmonga tikdilar. Seryulduz osmon gumbazi Bog’i Dilkusho ustiga to’ntarib qo’yilganday edi. Birdan Sohibqironning xotirasida bolalik kunlari jonlanib, zavqi keldi.
— Yuring, mirzo, bog’ aylanamiz, — dedi Amir Temur. Nabira bobosiga ergashdi. Ikkovlon uzoq vaqt yonma-yon yurib, bog’dagi binafshazor atrofini aylanishdi. Bog’ shunday oydin ediki, favvoralar tomondan uchib kelib binafshalar bargiga sochilgan suv tomchilarini xuddi kunduzdagidek aniq ko’rish mumkin edi.

To’satdan Temur to’xtab, diqqat bilan yerga tikilib qoldi. Ulug’bek bobosi nigohi qadalgan tomonga qarab, chumoli uyasiga ko’zi tushdi.
— Dunyoda chumolidek mehnatkash jonzot yo’q, — dedi Sohibqiron, so’ng “yalt” etib nabirasiga qararkan, xiyol qiyiq ko’zlari kulimsiradi.
— Xohlasangiz, bu mitti jonivor menga qanday ko’mak bergani haqida hikoya aytib beray, — dedi Temur. Keyin nabirasining ko’zida qiziqish sezib, hikoyasini boshladi:

— Bu voqea mening sarosonu-sargardonlik kezlarim yuz bergan edi. O’shanda yigirma olti yoshda edim. Avval sizga hikoya qilgan edimki, oltmish ikki kunlik zindonbandlikdan qutilib, Xuroson mulkida behalovat kun kechirardim. Bir kuni to’satdan huzurimga Seiston hukmdorining elchisi ko’p sovg’a-salom bilan kelib qoldi. Malik Mahmud mendan ittifoqchi bo’lishni va katta bir yumushda unga ko’mak berishimni so’ragan ekan. Malik yordamim evaziga menga Seistondagi bir necha qal’ani hadya qilajagini va’da qilgan edi.

Men yetib borgunga qadar malikning dushmanlari yettita qal’ani qo’lga kiritgan ekanlar. Shu qal’alarning biriga tunda, kutilmagan bir pallada hujum boshlab, to’rt tarafdan o’rovga oldim. Jang bir kecha-kunduzga cho’zilib, mening foydamga hal bo’ldi. Keyin boshqa qal’a tomon yurdim. Uniyam jang bilan zabt etdim.

Mening g’alabalarimdan dushmanlar qo’rqib, talvasaga tushdilar. Malik Mahmud qolgan to’rt qal’adan yorliqlar oldi, ularga egalik qilib turgan amirlar o’z qal’alarini qarshilik ko’rsatmay topshirishlarini va malikni oliy hukmdor deb tan olishlarini bildirdilar. Shu bilan barobar talvasaga tushgan amirlar malik Mahmud ko’ngliga g’ulg’ula solib: “Agar Temurbek Seistondagi barcha qal’alarni bir boshdan qo’lga kiritsa, seni mamlakatingdan mahrum qiladi, bizni esa sog’ qo’ymaydi. Kel, yaxshisi unga qarshi birlashib kurashaylik!” – degan mazmunda ketma-ket maktub yozgan edilar.

Malik Mahmud Seistoniy ularning bu so’zlariga uchib, tunda menga bildirmay, uni avragan amirlari tomonga qochib o’tib ketdi. Ko’p o’tmay ular birgalashib menga hujum qilmoqchi bo’lishgani xabari yetib keldi.

Jang ashaddiy bo’ldi, har ikki taraf beomon jang qildi. Men o’zim jangning eng qizigan mahalida o’n ikki bahodirim bilan o’rovga tushib qoldim. Seistonlik bir amir boshiga endi qilich uraman degan ham edimki, qarshidan otilgan ikki o’q vujudimga “shart” etib sanchildi: biri – oyog’imga, biri – qilich tutgan o’ng tirsagimga. Ilk daf’a og’riqni sezmadim, seistonlik amir boshini sapchadek uzib tashladim. Ammo ko’p o’tmay, ko’p qon yo’qotganim tufayli ko’z o’ngim xiralasha boshladi. Qachon hushimni yo’qotganimni bilmayman, o’zimga kelsam, bir yaydoq dashtda yotibman. Meni jang maydonidan olib chiqqan amir Joku boshliq bahodirlar yonimda davra qurib o’tirishardi. Ularning suhbatini indamay eshitarkanman, seistonliklar mag’lub bo’lib qochganlarini bilib oldim. Men dushman orqaga yuz o’girib, chekingan mahalda hushdan ketgan ekanman. Yana shuni bildimki, bir qancha bahodirlarkim, shu jumladan ittifoqdoshim bo’lmish amir Husayn ham jangdan keyin ahvolimni ko’rib, meni o’ladiga chiqarib, tashlab ketibdilar.

Shundan keyin Amir Joku meni Hurmuz tarafiga olib ketdi. Dengizga yaqin bir ovloq joyda manzil qurdik. Ahvolim borgan sayin battarlashib, hayotdan umidim qolmadi. Birga kelgan ayrim amirlaru navkarlar ham meni tashlab keta boshladilar. Dunyo unutgan bir bechora odamga aylandim. Yaram uzoq bitmay azob berdi. Inson bolasi peshonasiga qanday azob-uqubat bitilgan bo’lsa, shularning hammasini tortdim. Dunyo meni unutganiga ishonib, men ham uni unutishga qaror qildim. Bu ahvolim bilan na janggu jadalga, na boshqa bir jiddiy amalga yarayman, deb o’ylab kecha-kunduz o’rtanar edim. Mana shunday umidsizlik chohidan meni bir chumoli olib chiqdi.

Hurmuz taraflarga bahor kelgan kezlar edi. Minob daryosi oqib tushadigan olisdagi tog’larning yon-bag’irlari qalin qor to’shaklari bilan yopig’lik bo’lsa-da, sovuq chekingan, vodiydagi yupqa qorlar erib, yer ham oftob qo’rida sekin-asta iliy boshlagan edi. Sokin oydin tunlarda dalalarda una boshlagan urug’larning tirsillashini eshitsa bo’lar – go’yo olam nazaridan pinhon son-sanog’i noma’lum, ko’rinmas mavjudotlar o’zaro shivirlashayotgandek…

Daraxt tanalari bo’ylab, tomirlardan shoxlarga qarab obi hayot sharbati yugura boshladi. Havoni totli, nordon islar tutib ketdi, dalalarda ixroj unib chiqdi, maysalar ko’kardi, chimzorlarda moychechaklar, qizg’aldoqlar, nafis sariq nargislar gul ocha boshladi.

Har narsada va har yoqda ko’klam tantana qilardi: bir-birini ohulardek quvib yurgan dengizning oppoq ko’pikli mavjlarida, ko’pchigan dalalarni qoplab ulgurgan yashil sabzalarda, g’unchalarini yoza boshlagan atirgullarda, jo’shib oqayotgan asov Minob to’lqinlarida va kun sayin to’lib oqib, toshib chiqayotgan loyqa ariqlarda, mozorlardagi sarvlarda, anorzor bog’larda, kunbotarda alvon tusga kiradigan ufqda, g’ira-shira osmonda chaqnab turgan porloq shom yulduzlarida va biz manzil qurgan adir tegrasidagi suvlarda – har narsada, har yoqda ko’klam tantana qilardi. Ammo men bularni sezmasdim, his qilmas edim. Vujudimda kundan-kunga kuchaygan umidsizlik og’rig’i meni yengib, men tobora o’lim haqida o’ylaydigan bo’lib borardim.

Dengiz taraflardan ko’chmanchi qushlar Movarounnahr tomonlarga qarab uchib o’ta boshladilar, shunda yuragimda shunday kuchli bir alamli sog’inch uyg’ondiki, o’zimni qo’yishga joy, beomon xayollardan qutulishga imkon topolmay qoldim. “Endi buyog’i nima bo’ladi? Qanday qilib ot minamanu, qanday qilib qilichbozlik qilaman? Ona yurtimni ko’ramanmi, uni toptab yotgan yog’iylar bilan jang qila olamanmi? Yoki vatandan uzoq bir chekkada xoru zor yashaymanmi?” – deb o’ylardim, uchib o’tayotgan qushlar ortidan iztirob bilan termilib.

Bir kuni oyog’imni zo’rg’a bosib, dalalar tomonga ketdim. Yurib-yurib bir yolg’iz daraxt ostida borib to’xtadim. Uni yashin urgan, tanasi kuyib qorayib ketgan edi. Ammo o’lik daraxt tanasi ostida yangi nasl ko’karib chiqqanini ko’rdimu hayajonlanib ketdim. “Mana, hayotga muhabbat! Mana, umid va orzuning timsoli! Mana, kimdan o’rganishing kerak, Temurbek!” – deb o’yladim. Keyin daraxt yonidagi xarsangtoshga o’tirdim.

Oftob shuuridan va azobli uyqusizlikdan ko’zlarim achisharkan, qo’ynimdan, bir paytlar zangori tusda bo’lganu qo’lma-qo’l yuraverib, rangi o’chgan, ko’kimtir tus olgan charm bilan muqovalangan mo»jazgina kitobchani oldim. Bu Xoja Ahmad Yassaviy hikmatlari jamlangan kitob edi. Uni Samarqanddagi kitob rastalaridan birida sotib olgan edim. Birdan kitobning to’g’ri kelgan joyini ochdim. Ochdimu nazarim tushgan hikmatni o’qib, yig’lab yubordim. Qayta-qayta o’zimni hayajonga solgan satrlarni o’qirdim:

Ko’zum namlik, dilim g’amlik, jon alamlik,
Nechuk iloj etarimni bilmam, do’stlar.
Bu hasratda, nadomatda yoshum oqib,
Qayu taraf ketarimni bilmam, do’stlar.

Kitobdan boshimni ko’tarib, yaramdan ko’ra ko’proq zirqirab azob berayotgan yuragimdan dardni aritmoqchi bo’lgan kabi ko’ksimni silab, damba-dam xo’rsinardim, goh ko’zlarimni azob bilan osmonga qaratib, tip-tiniq osmonda charx urayotgan yolg’iz burgutni kuzatib, goh umidsiz nigohimni yerga tikib, qarshimdagi xarsangtosh yorig’idan chiqib, tepaga o’rmalayotgan chumolilar karvoniga tikilib o’tirardim. Shu qadar iztirobda edimki, goh o’zumni unitib, ko’ksimdagi xanjarni ushlab-ushlab qo’yardim – jonimga qasd qilgudek ahvolda edim.

To’satdan chumoli karvonining bir chetida g’imirsilanayotgan mayib chumoliga ko’zum tushdi. Men bosib oldimmi yoki boshqa bir sababmi, chumolining bir oyog’i majaqlangan edi. U tizilib tepaga o’rmalayotgan boshqa chumolilar ortidan tosh ustiga chiqishga urinardi. Ana, yarim qarichcha ko’tarilgach, yerga uchib tushdi. U yana toshga kelib yopishdi. Bu gal ham bir qarichcha ko’tarilib-ko’tarilmay yana yerga quladi. Men ko’z uzmay, uning harakatlarini kuzatardim. Mayib chumoli taqdiriga tan bermadi, yana xarsangtoshga yopishdi, yana yarim yo’lga yetmay, yerga uchib tushdi. Bu holat qayta-qayta takrorlandi.

Nihoyat chumoli ming bir mashaqqat bilan tosh ustiga o’rmalab chiqdi va u yerdagi non ushoqlarining birini orqalab, iziga qaytdi.

Ichimda mayib chumoli matonatiga qoyil qoldim. Shunda to’satdan ichimda o’yladim: “Shu ojiz chumolichalik emasmisan, Temurbek? U qismatiga ko’nmay, o’z hayoti, o’z vazifasini bajarish uchun mashaqqatlardan qo’rqmay shunchalik kurashadi-yu, sen Alloh taolo tilu-zabon bergan, ongu tafakkur bergan inson bo’laturib, umidsiz bo’lasanmi?!”

O’rnimdan turib, orqaga qaytar ekanman, butun atrofim o’zgarganini sezdim; endi yozilgan barra yaproqlarda shudringlar yig’ilgan, g’uj-g’uj tovlangan bu simobrang tomchilarda sarhadsiz yashil osmon aks etib turardi. Olis-olisda mavjlanib yotgan dengiz ustida esa pag’a bulutlarni eslatib, gala-gala bo’lib chag’alaylar uchib yurishardi.

Ha, Ulug’begim, meni hayotga qaytargan chumoli bo’ladi, — deb hikoyasini yakunladi Amir Temur.

08

(Tashriflar: umumiy 1 157, bugungi 1)

Izoh qoldiring