Ubaydiy (Ubaydullaхон). She’rlar

081  Убайдуллахон ҳам ўз даври ҳукмдорларидан Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон, Бобур мирзо  каби муттасил ижод билан шуғулланиб «Убайдий», «Қул Убайдий», тахаллусларини қўллар эди. Убайдийнинг ўзбек, форс ва араб тилидаги шеърларидан иборат уч девони бир муқова ичига жойлаштирилган. Бу уч тилдаги девоннинг ягона қўлёзма нусхаси 1583 йилда Мир Ҳусайн ал-Ҳусайний томонидан кўчирилган бўлиб, котиб уни «Куллиёт» деб атаган.

014
ИЗЗАТИНИ ЯХШИРОҚ ЭТМАК КEРАК
Абдуқодир ҲАЙИТМEТОВ
филология фанлари доктори, профессор
021

Тарих шуни кўрсатадики, хонлар билан хонларнинг, амирлар билан амирларнинг, беклар билан бекларнинг фарқи бор. Бирлари ўзидан яхши ном қолдириш учун курашган ва яшаган бўлса, иккинчилари кўп вақт ўз ҳузур-ҳаловатини, бойлик орттиришни, бор нарсаларни бузишни, йўқ қилишни ўйлаган, яратувчилик ғоясидан йироқ юрган.

Бухоро ҳокими Маҳмуд Султоннинг ўғли Убайдуллохон ибн Маҳмуд Султон эса шайбонийлар сулоласининг йирик намояндаларидан бири бўлиши, ҳокимият учун кечган жангу жадалларда фаол қатнашиши билан бирга ўз даври маданиятининг катта арбоби, ХVI аср ўзбек адабиётининг йирик вакили даражасига эришган эди.

Туркистон халқлари сиёсий тарихида Убайдуллохоннинг энг катта хизматларидан бири шундаки, у Мовароуннаҳрни Исмоил Сафавий бошчилигидаги эронийларнинг, тарихчи Ҳофиз Таниш Бухорий тили билан айтганда, «қизилбошлар»нинг истибдодидан сақлаб қолди. Убайдуллохоннинг ҳарбий маҳорати ва жасорати унинг давлат арбоби сифатида қаттиққўллиги туфайли сафавийлар қўшини орқага чекинди. Уларнинг Ўрта Осиё шаҳарларини қирғин қилиши, талаши тўхтатилди. Убайдуллахон Шайбоний ҳукмдорлардан Кўчкинчихон (1510—1530), унинг ўғли Абдусаид (1530—1533) ҳукмронлиги даврида ноиб, 1533—1539 йилларда эса хон кўтарилиб, мамлакатни бошқарди. Ҳофиз Таниш Бухорий ўзининг «Абдулланома» асарида ёзишича: «Унинг давлати ва халофати замонида Мовароуннаҳр, айниқса, Бухоро вилояти гуллаб яшнади». Убайдуллахон ўша даврда ўз маблағига машҳур Мир Араб мадрасасини қурдирди. У 1539 йили вафот этган  ва хоки шу мадраса хоналаридан бирига қўйилган.

Убайдуллахон ҳам ўз даври ҳукмдорларидан Ҳусайн Бойқаро, Шайбонийхон, Бобур мирзо  каби муттасил ижод билан шуғулланиб «Убайдий», «Қул Убайдий», тахаллусларини қўллар эди. Убайдийнинг ўзбек, форс ва араб тилидаги шеърларидан иборат уч девони бир муқова ичига жойлаштирилган. Бу уч тилдаги девоннинг ягона қўлёзма нусхаси 1583 йилда Мир Ҳусайн ал-Ҳусайний томонидан кўчирилган бўлиб, котиб уни «Куллиёт» деб атаган. Бу қўлёзма ЎзФА Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

Убайдийнинг ўзбек тилидаги девонида 306 ғазал, 435 рубоий, 25 қитъа, 13 туюқ, шунингдек нома, муаммо, маснавий, ҳикмат, таржеъбандларидан намуналар мавжуд. Шоирнинг бой адабий мероси ҳали махсус ўрганилмаган. Убайдий ўзининг ўзбек тилидаги ғазал ва рубоийлари, қитъа ва туюқлари билан, ҳеч шубҳасиз, шеърий турлар тараққиётига катта ҳисса қўшган.

Масалан, Убайдий асосан беш байтли ғазаллар битган; бу унинг ғазалиётига хос хусусиятлардан бири. Шоир асарлари кўпроқ анъанавий мавзулар — ишқ ва муҳаббат, вафодорлик ва дўстлик, аёл гўзаллиги ва ошиқ садоқати, саховати талқинидан иборат. Бироқ бу шеърлардаги бадиий ифоданинг ўзига хослиги, шоир шахсиятининг юксак ахлоқий фазилатлари билан унииг гўзал нафис дунёси ўртасидаги уйғунлик ҳар қадамда китобхон диққатини ўзига тортади. Ўзбек адабиётида ишқий шеърлар кўп. Лекин Убайдийнинг бу мавзудаги қуйидаги сатрларини қайси шоирнинг шеърига ўхшатиш мумкин:

Кўнглум била дилдорни мен ёд этадурмен,
Хотирни доғи ёди била шод этадурмен.

Бедод этадур жонима дилдор, нетайким,
Демас: «Нега бу хастаға бедод этадурмен!»

Убайдий шеъриятида ўзига хосликка интилиш устун. Шоир шеърий услубида соддаликка мойиллик, ўз фикрини мумкин қадар халқчил баён этишга уриниш ёрқин сезилади.

Убайдий ҳукмрон сулола вакили бўлса ҳам, унинг ҳаёт йўлини силлиқ, фақат зафарлардан иборат деб тасаввур этиш тўғри эмас. Ғазалларининг бирида:

Бир лаҳза кўнгул ўлмади беғам замонадин,
Тўйди замона мендину мен ҳам замонадин,

деб ёзган шоир доим феодал низоларнинг, ички зиддиятларнинг ичида яшаган, бунинг кўп жабрини ҳам тортган. Бир ғазалида шоир гадолиғни подшоликдан афзал кўриб, қуйидаги байтни битган экан, бунда катта ҳаётий ҳақиқат ва самимият бор:

Басе фароғати бор, дўстлар, гадолиғнинг,
Балоу меҳнати кўп асру подшолиғнинг.

Шунинг учун биз, Убайдийнинг ўша мураккабликлар ва зиддиятларга тўла даврдаги фаолиятида амалдорлик ва ҳукмдорликка нисбатан маънавий камолотга, шеърият ва ижодга интилиши устун бўлган, деб хулоса чиқарсак, хато қилмаймиз. Масалан, Убайдийнинг ўз йигитларини бир туюғида бозордан яхши от олиш билан чекланмасдан, ўзидан жамият тарихида яхши от қолдиришга чақиришида катта маъно, ахлоқий покликка интилиш белгилари яққол кўзга ташланади:

Эй йигитлар, яхши-яхши от олинг,
Яхши отлар бирла яхши от олинг.

Убайдий рубоийларида ҳам умуминсоний муаммолар ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Адабий меросига бир ёқлама синфий муносабатда бўлиш ҳозирга қадар Убайдий ижодини ўрганишга имкон бермади. Энди биз бу ноёб шеърий истеъдод эгасининг уч тилдаги асарларини атрофлича ва ихлос билан ўрганишга, тарғиб этишга киришмоғимиз зарур.

011
УБАЙДИЙ
АСАРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
033

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Ошиқ эрмастур киши девона бўлмаса,
Ғам дашти ичра сокини вайрона бўлмаса.

Не ошиқ ўлғай ул кишиким жону кўнглини,
Ўз дилбариға сарф этиб, афсона бўлмаса.

Келмас ўзига ошиқи мадҳуш соқиё,
Оҳу фиғону наъраи мастона бўлмаса.

Бўстон аро очилмағуси ғунчадин кўнгул,
Гул мавсумида бодаю паймона бўлмаса.

Ғам кулбасида найлағай эрдинг, Убайдий,
Соқию жому мутрибу паймона бўлмаса.

* * *

Ёр истамаким, олам аро ёр топилмас,
Топилса дағи мушфиқу ғамхор топилмас.

Ахтарсанг агар бир яратиб икки жаҳонни,
Мендек сенга бир зору гирифтор топилмас.

Ҳушёр нетарсен тилабон, эй кўзи усрук,
Мастона кўзунг даврида ҳушёр топилмас.

Кўп ёр агарчи топилур сенга валекин,
Жон бергучи мен каби вафодор топилмас.

Дийдор ғанимат турур, эй телба Убайдий,
Дийдоридин айрилмаки, дийдор топилмас.

* * *

Кўрар кўзимсан, эй жону жаҳоним,
Севар ёрим, азизим, меҳрибоним.

Тараҳҳум қилки, бўлди хоки роҳинг,
Тани фарсуда, жисми нотавоним.

Кўнгул уйин бузар сели сиришком,
Ҳам ўтлуқ нолаю оҳу фиғоним.

Сенинг ишқингда Мажнун қиссасидек,
Эл ичра топти шуҳрат достоним.

Убайдийға топилмас олам ичра,
Сенингдек мушфиқ, эй ороми жоним.

* * *

Бир лаҳза кўнглум ўлмади беғам замонадин,
Тўйди замона мендину мен ҳам замонадин.

Етмай кўнгулга шодлиғ, эй ҳамдамим, етар,
Юз минг ғаму алам анга ҳардам замонадин.

Жамъиятики бор эди кўнгул диёрида,
Ул доғи бўлди бир йўли дарҳам замонадин.

Кўнглум гули бу гулшан аро сўлғали даме,
Умрим ниҳоли бўлмади хуррам замонадин.

Марҳам жароҳатингға, Убайдий, тиларни қўй,
Етмас жароҳат аҳлиға марҳам замонадин.

* * *

Шамъ эрур парвонанинг ҳолиға гирён ҳар кеча.
Йиғларам они кўруб мен ҳам фаровон ҳар кеча.

Аҳду паймонни танимас тонгға будур турфаким,
Жону кўнглум бирла айлар аҳду паймон ҳар кеча.

Кўргали ҳусн авжи узра моҳи тобоним анинг,
Уялиб юз ёшурур хуршеди тобон ҳар кеча.

Анбар афшон зулфининг савдосидин Мажнун бўлуб,
Сўзни ўз-ўзумга айтурмен паришон ҳар кеча.

Тортамен уммед ила ҳар кун фироқи дардини,
Васлидин қилғайму деб дардимға дармон ҳар кеча.

Айларам бир гул ғамидин нотавон булбул каби,
Тинмайин ҳар лаҳза тонг отқунча афғон ҳар кеча.

Ҳолима раҳм айламай кўнглим қушин парвонадек,
Эй Убайдий, ўртар ул шамъи шабистон ҳар кеча.

* * *

Неча ул ой жонимизға жавру бедод айлагай,
Ўзгаларнинг шод айлаб, бизни ношод айлагай.

Кўрсат, эй кўнглум, бориб ўзингни ул дилбарғаким,
Шояд ул соат сени кўргач, мени ёд айлагай.

Оҳким ғам селидин вайрон эрур кўнглум уйи,
Эмди ул вайронани ким бўлғай обод айлагай.

Ишқи иш андоқ қилай даврингда, эй лайливашим,
Не они Мажнун қила олғай, не Фарҳод айлагай.

Эй Убайдий, йўқтур андоқ дилбари олам аро,
Нотавон кўнглумни ғам қайдидин озод айлагай.

* * *

Сабзаи хаттин кўруб, дерменки, берсам жон анга,
Ким хатидур Хизру манзил чашмаи ҳайвон анга.

Кўрмадим бир зарраи меҳр ул қуёшдин, эй рафиқ,
Мунчаким кўнглум фалакдек бўлди саргардон анга.

Васли кўнглумнинг насиби бўлмоғидин англадим,
Ким насиб ўлмиш азалдин меҳнати ҳижрон анга.

Чун кўнгулдин чиқса ҳижрон кечаси оҳим ўти,
Ғунчадек ўтлуқ кўнгулдур оташин пайкон анга.

Эй Убайдий, ҳолатингни йиғлабон ёр оллида,
Ошкор этмак на ҳожат, чун эмас пинҳон анга.

* * *

Гул сори қилмон назар зебо жамолинг борида,
Кўзга олмон сарвни нозик ниҳолинг борида.

Қилмади ҳусн аҳлиға ҳаргиз вафо ҳусну жамол,
Қил вафо, эй бевафо, ҳусну жамолинг борида.

Истамон ҳайвон суйин, босмон, доғи ичмон ани,
Дам-бадам жон бергучи ширин зилолинг борида.

Ҳар сори қилса азимат, борғил ул дилдор ила,
Қолма зинҳор эй кўнгул, андин мажолинг борида.

Эй Убайдий, ул париваш васлини қилғил хаёл,
Қилмағил ўзга хаёл ушбу хаёлинг борида.

* * *

Ўртанур ҳажр ўтиға жисми фигорим сенсиз,
Куядурмен, нетай, эй лола узорим, сенсиз.

Равнақи боғу баҳорим эдинг, эй сарви сеҳи,
Топмади нашъу намо боғу баҳорим сенсиз.

Ҳар неча кўкдин ўтуб бузди малойик кўнглин
Оҳу афғоним ила нолаи зорим сенсиз.

Туфроғим соврулубон чиқти қуюндек, эй сарв,
Сарсари ҳажр ила гардунға ғуборим сенсиз.

Сабр этиб қилмас эдим нола Убайдий ёнглиғ,
Йўқтурур, ваҳ, нетайин сабру қарорим сенсиз.

* * *

Умрлар айлаб саломат сўзларин ўздин йироқ,
Бўлмадим ҳаргиз саломат аҳлидек сўздин йироқ.

Шомдек зулфунгни олғил субҳ (да) юздин, дедим,
Дедиким: бўлғон эмастур кеча кундуздин йироқ.

Кўзни, билмон, нега юмдум васл айёмидаким,
Кўз юмуб очқунча бўлдум ул қаро кўздин йироқ.

Қўймади бир дам вафосиз чарх, қилмай оқибат,
Зарра янглиғ, ваҳ, ўшал хуршиддек юздин йироқ.

Кўзлари сайёрасидин бошқа (ҳеч) кўрмай юзи,
Эй Убайдий, кўрса бўлмас ойни юлдуздин йироқ.

* * *

Эй кўнгул, қилма тама ул дилситондин яхшилиқ,
Нотавон жонимға ул ошуби жондин яхшилиқ.

Эл ичида яхшилиқ кўрмаймен ондин, дер эдим,
Эй кўнгул, мен кўрмадим, ким кўргай ондин яхшилиқ.

Эй гули раъно, ҳазар қил оҳи сардимдин мудом,
Ҳеч гул кўрган эмас боди хазондин яхшилиқ.

Меҳрибонлиқ кўрсатиб, кўнглумни олди оқибат,
Шукри лиллаҳ, кўрдум ул номеҳрибондин яхшилиқ.

Эй Убайдий, яхшилиқ кўз тутмайин, не бок, мен,
Не умид этгай киши мендек ямондин яхшилиқ.

* * *

Жон фидо қилмай санга найлайки, жонимсен менинг,
Жон била кўнглумдин ортуқ дилситонимсен менинг.

Хоҳ қил меҳру вафо, хоҳи жафоу жавр ҳам,
Меҳр йўқ маҳвашлар ичра меҳрибонимсен менинг.

Эй ҳаётим сенга, жисмим эвида жон нақдини —
Сарф қилсам, айб эмаски, меҳмонимсен менинг.

Ҳамдамимдур фиғон айларда, эй жон булбули,
Нола айлаб, оҳ урарда ҳамзабонимсен менинг.

Жонфизо лаълиннга жон берсам Убайдийдек ҳануз
Ёвар этмас хўйи бебок, бадгумонимсен менинг.

МАСНАВИЙЛАР

Қойин ини давлати янга эрур, ёр-ёр,
Иззатию ҳурмати янга эрур, ёр-ёр.

Қойин ини янгасин олғусидур, ёр-ёр,
Ой юзингга кўзларин солғусидур, ёр-ёр.

Урса сафойи анинг шайдо бўлур, ёр-ёр
Ғояти йўқ меҳр анга пайдо бўлур, ёр-ёр.

Бир-бирига меҳрибон бўлғусидир, ёр-ёр,
Бир-бири меҳри билан тўлғусидур, ёр-ёр.

Янга мунингдек зариф бўлмас эмиш, ёр-ёр,
Хулқию ҳусни латиф бўлмас эмиш, ёр-ёр.

Қойин ини, янганинг қадрини бил, ёр-ёр,
Билиб анинг қадрини шукрини қил, ёр-ёр.

Нуқтасига бу сўзнинг  етмак керак, ёр-ёр,
Иззатини яхшироқ этмак керак, ёр-ёр.

 

* * *

Сарв қадлар сарвари гулчеҳрадур, ёр-ёр,
Дилраболар дилбари гулчеҳрадур, ёр-ёр.

Гулчеҳралар бирла боғ гулшан эрур, ёр-ёр
Гулшан аро сиз мудом гулхан эрур, ёр-ёр.

Гулчеҳралар исидин тўлди жаҳон, ёр-ёр,
Бошдин оёқ муаттар бўлди жаҳон, ёр-ёр.

Гулчеҳралар қомати тўби эрур, ёр-ёр,
Жаннат аро тўбининг хўби эрур, ёр-ёр.

Сарви саҳийдек бўйи нозик эмиш, ёр-ёр,
Бўйи каби ҳам хўйи нозик эмиш, ёр-ёр.

Меҳрки гулдин аён бўлғусидур, ёр-ёр,
Булбулу гул меҳрибон бўлғусидур, ёр-ёр.

Бир-бирининг қадрини билса керак, ёр-ёр,
Айлагуси шукрини қилса керак, ёр-ёр.

ҚИТЪАЛАР

Дўстлар, ихтиёт гулшанида
Айшу ишрат била нишот қилинг.
Чунки шарт ўлди ихтиёт этмак,
Шарти боринча ихтиёт қилинг.

* * *

Дўстнинг узрини қабул этмак
Дўстлуқнинг улуғ нишони эрур.
Кимки қилмас қабул узри анинг,
Билким, ул дўстнинг ямони эрур.

РУБОИЙЛАР

Кўргуз манга ул шўх вафосин, ёраб,
Кўргузма анинг манга жафосин, ёраб.
Ёраб, не дуо қилур, сен ўз лутфунг ила
Бу қулнинг ижобат эт дуосин, ёраб.

* * *

Сабр этса киши, муродиға етгусидир,
Ўзини сабур аҳлидин этгусидур.
Сабр этмакидин анга етиб хуррамлиқ,
Ғам хайли анинг хотиридин кетгусидур.

* * *

Эй дўст, даме бўлмади ғамдин қутулуб,
Мазлум каби зулму ситамдин қутулуб.
Фарёду фиғону оҳким, бўлмас эмиш,
Ўлмай ситаму ғаму аламдин қутулуб.

* * *

Ғайрат юзидин кимки қилич узра мудом,
Олғусидур мулк арусидин ком.
Ёр этса агар адолат этмакни анга,
Шак йўқким, олур адл ила оламни том.

* * *

Дўстнинг узрини қабул этмак
Дўстлуқнинг улуғ нишони эрур.
Кимки қилмас қабул узри анинг,
Билким ул дўстнинг ёмони эрур.

* * *

Гар уруш тушса ики ҳамдам аро,
Бот анинг тадбирини этмак керак.
Биридин айб ўлса зоҳир, ул бири
Узр айтиб айбини ёпмоқ керак.

* * *

Ҳижрон ғамидин кўнгул ичи тўлди яна,
Кўнглум уйи қайғу маскани бўлди яна.
Ҳажр ўлди висол ўрниға толе йўқдин,
Найлайки даво дардгға юрулди яна.

* * *

Ёрин киши, эй ёр, соғинмасму бўлур,
Маҳжурини дилдор соғинмасму бўлур.
Кўзу қошидин мусофир ўлғон ёрин,
Эй шўхи ситамгар соғинмасму бўлуре

* * *

Мажнун ишидин улкишиким огаҳдур,
Ушшоқ орасинда Убайдуллаҳдур.
Пайваста жунун аҳли эрур ҳамраҳ анга,
Ул раҳбар эрур аларғаю, ҳам шаҳдур.

* * *

Сарвики юзи гулу қадди раънодур,
Жон мойил ўлуб, анга кўнгул шайдодур,
Эй кимки тиласанг хўблуқ асбобини,
Ул руҳи мужассамда бори пайдодур.

* * *

Сенингдек бу жаҳонда ғамгузорим йўқтур,
Кўрмай сени бир йерда қарорим йўқтур,
Эй ёр, демаки ўзга ёринг бор эмиш,
Ёрим сен эрурсен, ўзга ёрим йўқтур.

* * *

Эй нома, ўзингни васлиға йеткура кўр,
Илкини ўпуб, юзингга олиб сура кўр,
Мен хасталиғимдин кўра олмай қолдим,
Сен бори анинг ҳусну жамолин кўра кўр.

* * *

Эй жон, ғаму дард поймол ўлғусидур,
Ҳамдам сенга ул тоза ниҳол ўлғусидур.
Зинҳор кўнгулни солма ҳижронидаким,
Ҳажр ўлса бу кун, тонгла висол ўлғусидур.

* * *

Ҳар дўстким ул душманингга ёр дурур,
Билким сенга ул ёр эмас, ағёр дурур.
Айланг ҳазар андинким анингдек кишида
Бир навъ хаёлу, бир бало бор дурур.

* * *

Эй шўх, мени ҳуснунгга ҳайрон қилғил,
Ё ишқинг аро бесару сомон қилғил.
Ё йеткур аёғингға менинг бошимни,
Ё соя каби йер била яксон қиғил.

* * *

Кўнгул санга, эй ғунчаи хандон, берайин,
Кофир кўзунгга дин била имон берайин,
Жонимни агар олур хаёлинг бўлса,
Кел-ке-лки сени бир кўрубон жон берайин.

* * *

Шарҳ айлама дардсизга роҳат қадрин,
Меҳнат кўрган билур фароғат қадрин.
Чекмай аламу оғримайин билмас эмиш,
Умринда киши роҳату сиҳҳат қадрин.

* * *

Бўлмас нима оламда адабдин яхши,
Ҳам роҳату ҳам ғам адабдин яхши,
Йўқтур кўрамен барча сифатлар ораким,
Яхши сифат одамда адабдин яхши.

ТУЮҚЛАР

* * *

Кирсанг, эй жону жаҳоним тушгасен,
Лутф этиб кўнглум уйига тушгасен,
Келайин дединг тонг отқач келмадинг,
Бу дағи хуштурки, келсанг тушга сен.

* * *

Сўғд ичинда ўлтурубдур ёбу*лар,
Ёбуларнинг минган оти ёбулар,
Ёбуларнинг илгидин эл тинмади,
Ё булар турсун бу йерда, ё булар.

* * *

Эй муҳиблар жаннат ўлсун дорингиз,
Ёр бўлсун душман учун дорингиз,
Солсангиз йўл байтул-аҳзоним сори,
Бир фақире бор эди деб дорингиз.

* * *

Сайр этарда гулузорим боғини,
Боғламас гулгун қабойи боғини.
Буздилар барча улусни боғилар,
Тангри йўқ эткай, илоҳи, боғини.

* * *

Ёрама ул ой марҳам ёқмади,
Оҳким, анга не ўтлар ёқмади.
Ўзгаларга ёқти ул таври анинг,
Ким анинг ул таври манга ёқмади.

* * *

Ул пари мажнун кўнгул жононидур,
Кўнгул ўзидур анинг, жон онидур.
Манга мунча лутфу қаҳринг ёр эгач,
Жонима жавр этмакинг, жоно, недуре

ҲИКМАТ

Аё дўстлар, жондин кечиб, ишқ эркин туттум мано,
Ваҳдат майин ичкунча не хуноблар юттум мано.

Уч юз олтмиш дарё ўта, юрмай киши суд айламас,
Тўрт юз қирқ тўрт тоғдин ошиб, борисидин ўттум мано.

Восил мени васлиға ул қилди, муродим васл эди,
Юз минг шукр ҳар дам анга, мақсудима еттум мано.

Чун мосиваллаҳ кўйида истаб мени топмас киши,
Бас, ўзга ерда истангиз, ул кўйдин кеттум мано.

Солик топа олмас нишон мендин талаб водисида,
Эй Қул Убайдий, жон киби истай ани, еттум мано.

«Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 10-сон.

052

014
IZZATINI YAXSHIROQ ETMAK KERAK
Abduqodir HAYITMETOV
filologiya fanlari doktori, professor
021

Tarix shuni ko’rsatadiki, xonlar bilan xonlarning, amirlar bilan amirlarning, beklar bilan beklarning farqi bor. Birlari o’zidan yaxshi nom qoldirish uchun kurashgan va yashagan bo’lsa, ikkinchilari ko’p vaqt o’z huzur-halovatini, boylik orttirishni, bor narsalarni buzishni, yo’q qilishni o’ylagan, yaratuvchilik g’oyasidan yiroq yurgan.

Buxoro hokimi Mahmud Sultonning o’g’li Ubaydulloxon ibn Mahmud Sulton esa shayboniylar sulolasining yirik namoyandalaridan biri bo’lishi, hokimiyat uchun kechgan jangu jadallarda faol qatnashishi bilan birga o’z davri madaniyatining katta arbobi, XVI asr o’zbek adabiyotining yirik vakili darajasiga erishgan edi.

Turkiston xalqlari siyosiy tarixida Ubaydulloxonning eng katta xizmatlaridan biri shundaki, u Movarounnahrni Ismoil Safaviy boshchiligidagi eroniylarning, tarixchi Hofiz Tanish Buxoriy tili bilan aytganda, «qizilboshlar»ning istibdodidan saqlab qoldi. Ubaydulloxonning harbiy mahorati va jasorati uning davlat arbobi sifatida qattiqqo’lligi tufayli safaviylar qo’shini orqaga chekindi. Ularning O’rta Osiyo shaharlarini qirg’in qilishi, talashi to’xtatildi. Ubaydullaxon Shayboniy hukmdorlardan Ko’chkinchixon (1510—1530), uning o’g’li Abdusaid (1530—1533) hukmronligi davrida noib, 1533—1539 yillarda esa xon ko’tarilib, mamlakatni boshqardi. Hofiz Tanish Buxoriy o’zining «Abdullanoma» asarida yozishicha: «Uning davlati va xalofati zamonida Movarounnahr, ayniqsa, Buxoro viloyati gullab yashnadi». Ubaydullaxon o’sha davrda o’z mablag’iga mashhur Mir Arab madrasasini qurdirdi. U 1539 yili vafot etgan va xoki shu madrasa xonalaridan biriga qo’yilgan.

Ubaydullaxon ham o’z davri hukmdorlaridan Husayn Boyqaro, Shayboniyxon, Bobur mirzo kabi muttasil ijod bilan shug’ullanib «Ubaydiy», «Qul Ubaydiy», taxalluslarini qo’llar edi. Ubaydiyning o’zbek, fors va arab tilidagi she’rlaridan iborat uch devoni bir muqova ichiga joylashtirilgan. Bu uch tildagi devonning yagona qo’lyozma nusxasi 1583 yilda Mir Husayn al-Husayniy tomonidan ko’chirilgan bo’lib, kotib uni «Kulliyot» deb atagan. Bu qo’lyozma O’zFA Sharqshunoslik institutining qo’lyozmalar fondida saqlanmoqda.

Ubaydiyning o’zbek tilidagi devonida 306 g’azal, 435 ruboiy, 25 qit’a, 13 tuyuq, shuningdek noma, muammo, masnaviy, hikmat, tarje’bandlaridan namunalar mavjud. Shoirning boy adabiy merosi hali maxsus o’rganilmagan. Ubaydiy o’zining o’zbek tilidagi g’azal va ruboiylari, qit’a va tuyuqlari bilan, hech shubhasiz, she’riy turlar taraqqiyotiga katta hissa qo’shgan.

Masalan, Ubaydiy asosan besh baytli g’azallar bitgan; bu uning g’azaliyotiga xos xususiyatlardan biri. Shoir asarlari ko’proq an’anaviy mavzular — ishq va muhabbat, vafodorlik va do’stlik, ayol go’zalligi va oshiq sadoqati, saxovati talqinidan iborat. Biroq bu she’rlardagi badiiy ifodaning o’ziga xosligi, shoir shaxsiyatining yuksak axloqiy fazilatlari bilan uniig go’zal nafis dunyosi o’rtasidagi uyg’unlik har qadamda kitobxon diqqatini o’ziga tortadi. O’zbek adabiyotida ishqiy she’rlar ko’p. Lekin Ubaydiyning bu mavzudagi quyidagi satrlarini qaysi shoirning she’riga o’xshatish mumkin:

Ko’nglum bila dildorni men yod etadurmen,
Xotirni dog’i yodi bila shod etadurmen.

Bedod etadur jonima dildor, netaykim,
Demas: «Nega bu xastag’a bedod etadurmen!»

Ubaydiy she’riyatida o’ziga xoslikka intilish ustun. Shoir she’riy uslubida soddalikka moyillik, o’z fikrini mumkin qadar xalqchil bayon etishga urinish yorqin seziladi.

Ubaydiy hukmron sulola vakili bo’lsa ham, uning hayot yo’lini silliq, faqat zafarlardan iborat deb tasavvur etish to’g’ri emas. G’azallarining birida:

Bir lahza ko’ngul o’lmadi beg’am zamonadin,
To’ydi zamona mendinu men ham zamonadin,

deb yozgan shoir doim feodal nizolarning, ichki ziddiyatlarning ichida yashagan, buning ko’p jabrini ham tortgan. Bir g’azalida shoir gadolig’ni podsholikdan afzal ko’rib, quyidagi baytni bitgan ekan, bunda katta hayotiy haqiqat va samimiyat bor:

Base farog’ati bor, do’stlar, gadolig’ning,
Balou mehnati ko’p asru podsholig’ning.

Shuning uchun biz, Ubaydiyning o’sha murakkabliklar va ziddiyatlarga to’la davrdagi faoliyatida amaldorlik va hukmdorlikka nisbatan ma’naviy kamolotga, she’riyat va ijodga intilishi ustun bo’lgan, deb xulosa chiqarsak, xato qilmaymiz. Masalan, Ubaydiyning o’z yigitlarini bir tuyug’ida bozordan yaxshi ot olish bilan cheklanmasdan, o’zidan jamiyat tarixida yaxshi ot qoldirishga chaqirishida katta ma’no, axloqiy poklikka intilish belgilari yaqqol ko’zga tashlanadi:

Ey yigitlar, yaxshi-yaxshi ot oling,
Yaxshi otlar birla yaxshi ot oling.

Ubaydiy ruboiylarida ham umuminsoniy muammolar o’zining yorqin ifodasini topgan.

Adabiy merosiga bir yoqlama sinfiy munosabatda bo’lish hozirga qadar Ubaydiy ijodini o’rganishga imkon bermadi. Endi biz bu noyob she’riy iste’dod egasining uch tildagi asarlarini atroflicha va ixlos bilan o’rganishga, targ’ib etishga kirishmog’imiz zarur.

011
UBAYDIY
ASARLARIDAN NAMUNALAR
033

G’AZALLAR

* * *

Oshiq ermastur kishi devona bo’lmasa,
G’am dashti ichra sokini vayrona bo’lmasa.

Ne oshiq o’lg’ay ul kishikim jonu ko’nglini,
O’z dilbarig’a sarf etib, afsona bo’lmasa.

Kelmas o’ziga oshiqi madhush soqiyo,
Ohu fig’onu na’rai mastona bo’lmasa.

Bo’ston aro ochilmag’usi g’unchadin ko’ngul,
Gul mavsumida bodayu paymona bo’lmasa.

G’am kulbasida naylag’ay erding, Ubaydiy,
Soqiyu jomu mutribu paymona bo’lmasa.

* * *

Yor istamakim, olam aro yor topilmas,
Topilsa dag’i mushfiqu g’amxor topilmas.

Axtarsang agar bir yaratib ikki jahonni,
Mendek senga bir zoru giriftor topilmas.

Hushyor netarsen tilabon, ey ko’zi usruk,
Mastona ko’zung davrida hushyor topilmas.

Ko’p yor agarchi topilur senga valekin,
Jon berguchi men kabi vafodor topilmas.

Diydor g’animat turur, ey telba Ubaydiy,
Diydoridin ayrilmaki, diydor topilmas.

* * *

Ko’rar ko’zimsan, ey jonu jahonim,
Sevar yorim, azizim, mehribonim.

Tarahhum qilki, bo’ldi xoki rohing,
Tani farsuda, jismi notavonim.

Ko’ngul uyin buzar seli sirishkom,
Ham o’tluq nolayu ohu fig’onim.

Sening ishqingda Majnun qissasidek,
El ichra topti shuhrat dostonim.

Ubaydiyg’a topilmas olam ichra,
Seningdek mushfiq, ey oromi jonim.

* * *

Bir lahza ko’nglum o’lmadi beg’am zamonadin,
To’ydi zamona mendinu men ham zamonadin.

Yetmay ko’ngulga shodlig’, ey hamdamim, yetar,
Yuz ming g’amu alam anga hardam zamonadin.

Jam’iyatiki bor edi ko’ngul diyorida,
Ul dog’i bo’ldi bir yo’li darham zamonadin.

Ko’nglum guli bu gulshan aro so’lg’ali dame,
Umrim niholi bo’lmadi xurram zamonadin.

Marham jarohatingg’a, Ubaydiy, tilarni qo’y,
Yetmas jarohat ahlig’a marham zamonadin.

* * *

Sham’ erur parvonaning holig’a giryon har kecha.
Yig’laram oni ko’rub men ham farovon har kecha.

Ahdu paymonni tanimas tongg’a budur turfakim,
Jonu ko’nglum birla aylar ahdu paymon har kecha.

Ko’rgali husn avji uzra mohi tobonim aning,
Uyalib yuz yoshurur xurshedi tobon har kecha.

Anbar afshon zulfining savdosidin Majnun bo’lub,
So’zni o’z-o’zumga ayturmen parishon har kecha.

Tortamen ummed ila har kun firoqi dardini,
Vaslidin qilg’aymu deb dardimg’a darmon har kecha.

Aylaram bir gul g’amidin notavon bulbul kabi,
Tinmayin har lahza tong otquncha afg’on har kecha.

Holima rahm aylamay ko’nglim qushin parvonadek,
Ey Ubaydiy, o’rtar ul sham’i shabiston har kecha.

* * *

Necha ul oy jonimizg’a javru bedod aylagay,
O’zgalarning shod aylab, bizni noshod aylagay.

Ko’rsat, ey ko’nglum, borib o’zingni ul dilbarg’akim,
Shoyad ul soat seni ko’rgach, meni yod aylagay.

Ohkim g’am selidin vayron erur ko’nglum uyi,
Emdi ul vayronani kim bo’lg’ay obod aylagay.

Ishqi ish andoq qilay davringda, ey laylivashim,
Ne oni Majnun qila olg’ay, ne Farhod aylagay.

Ey Ubaydiy, yo’qtur andoq dilbari olam aro,
Notavon ko’nglumni g’am qaydidin ozod aylagay.

* * *

Sabzai xattin ko’rub, dermenki, bersam jon anga,
Kim xatidur Xizru manzil chashmai hayvon anga.

Ko’rmadim bir zarrai mehr ul quyoshdin, ey rafiq,
Munchakim ko’nglum falakdek bo’ldi sargardon anga.

Vasli ko’nglumning nasibi bo’lmog’idin angladim,
Kim nasib o’lmish azaldin mehnati hijron anga.

Chun ko’nguldin chiqsa hijron kechasi ohim o’ti,
G’unchadek o’tluq ko’nguldur otashin paykon anga.

Ey Ubaydiy, holatingni yig’labon yor ollida,
Oshkor etmak na hojat, chun emas pinhon anga.

* * *

Gul sori qilmon nazar zebo jamoling borida,
Ko’zga olmon sarvni nozik niholing borida.

Qilmadi husn ahlig’a hargiz vafo husnu jamol,
Qil vafo, ey bevafo, husnu jamoling borida.

Istamon hayvon suyin, bosmon, dog’i ichmon ani,
Dam-badam jon berguchi shirin ziloling borida.

Har sori qilsa azimat, borg’il ul dildor ila,
Qolma zinhor ey ko’ngul, andin majoling borida.

Ey Ubaydiy, ul parivash vaslini qilg’il xayol,
Qilmag’il o’zga xayol ushbu xayoling borida.

* * *

O’rtanur hajr o’tig’a jismi figorim sensiz,
Kuyadurmen, netay, ey lola uzorim, sensiz.

Ravnaqi bog’u bahorim eding, ey sarvi sehi,
Topmadi nash’u namo bog’u bahorim sensiz.

Har necha ko’kdin o’tub buzdi maloyik ko’nglin
Ohu afg’onim ila nolai zorim sensiz.

Tufrog’im sovrulubon chiqti quyundek, ey sarv,
Sarsari hajr ila gardung’a g’uborim sensiz.

Sabr etib qilmas edim nola Ubaydiy yonglig’,
Yo’qturur, vah, netayin sabru qarorim sensiz.

* * *

Umrlar aylab salomat so’zlarin o’zdin yiroq,
Bo’lmadim hargiz salomat ahlidek so’zdin yiroq.

Shomdek zulfungni olg’il subh (da) yuzdin, dedim,
Dedikim: bo’lg’on emastur kecha kunduzdin yiroq.

Ko’zni, bilmon, nega yumdum vasl ayyomidakim,
Ko’z yumub ochquncha bo’ldum ul qaro ko’zdin yiroq.

Qo’ymadi bir dam vafosiz charx, qilmay oqibat,
Zarra yanglig’, vah, o’shal xurshiddek yuzdin yiroq.

Ko’zlari sayyorasidin boshqa (hech) ko’rmay yuzi,
Ey Ubaydiy, ko’rsa bo’lmas oyni yulduzdin yiroq.

* * *

Ey ko’ngul, qilma tama ul dilsitondin yaxshiliq,
Notavon jonimg’a ul oshubi jondin yaxshiliq.

El ichida yaxshiliq ko’rmaymen ondin, der edim,
Ey ko’ngul, men ko’rmadim, kim ko’rgay ondin yaxshiliq.

Ey guli ra’no, hazar qil ohi sardimdin mudom,
Hech gul ko’rgan emas bodi xazondin yaxshiliq.

Mehribonliq ko’rsatib, ko’nglumni oldi oqibat,
Shukri lillah, ko’rdum ul nomehribondin yaxshiliq.

Ey Ubaydiy, yaxshiliq ko’z tutmayin, ne bok, men,
Ne umid etgay kishi mendek yamondin yaxshiliq.

* * *

Jon fido qilmay sanga naylayki, jonimsen mening,
Jon bila ko’nglumdin ortuq dilsitonimsen mening.

Xoh qil mehru vafo, xohi jafou javr ham,
Mehr yo’q mahvashlar ichra mehribonimsen mening.

Ey hayotim senga, jismim evida jon naqdini —
Sarf qilsam, ayb emaski, mehmonimsen mening.

Hamdamimdur fig’on aylarda, ey jon bulbuli,
Nola aylab, oh urarda hamzabonimsen mening.

Jonfizo la’linnga jon bersam Ubaydiydek hanuz
Yovar etmas xo’yi bebok, badgumonimsen mening.

MASNAVIYLAR

Qoyin ini davlati yanga erur, yor-yor,
Izzatiyu hurmati yanga erur, yor-yor.

Qoyin ini yangasin olg’usidur, yor-yor,
Oy yuzingga ko’zlarin solg’usidur, yor-yor.

Ursa safoyi aning shaydo bo’lur, yor-yor
G’oyati yo’q mehr anga paydo bo’lur, yor-yor.

Bir-biriga mehribon bo’lg’usidir, yor-yor,
Bir-biri mehri bilan to’lg’usidur, yor-yor.

Yanga muningdek zarif bo’lmas emish, yor-yor,
Xulqiyu husni latif bo’lmas emish, yor-yor.

Qoyin ini, yanganing qadrini bil, yor-yor,
Bilib aning qadrini shukrini qil, yor-yor.

Nuqtasiga bu so’zning yetmak kerak, yor-yor,
Izzatini yaxshiroq etmak kerak, yor-yor.

 

* * *

Sarv qadlar sarvari gulchehradur, yor-yor,
Dilrabolar dilbari gulchehradur, yor-yor.

Gulchehralar birla bog’ gulshan erur, yor-yor
Gulshan aro siz mudom gulxan erur, yor-yor.

Gulchehralar isidin to’ldi jahon, yor-yor,
Boshdin oyoq muattar bo’ldi jahon, yor-yor.

Gulchehralar qomati to’bi erur, yor-yor,
Jannat aro to’bining xo’bi erur, yor-yor.

Sarvi sahiydek bo’yi nozik emish, yor-yor,
Bo’yi kabi ham xo’yi nozik emish, yor-yor.

Mehrki guldin ayon bo’lg’usidur, yor-yor,
Bulbulu gul mehribon bo’lg’usidur, yor-yor.

Bir-birining qadrini bilsa kerak, yor-yor,
Aylagusi shukrini qilsa kerak, yor-yor.

QIT’ALAR

Do’stlar, ixtiyot gulshanida
Ayshu ishrat bila nishot qiling.
Chunki shart o’ldi ixtiyot etmak,
Sharti borincha ixtiyot qiling.

* * *

Do’stning uzrini qabul etmak
Do’stluqning ulug’ nishoni erur.
Kimki qilmas qabul uzri aning,
Bilkim, ul do’stning yamoni erur.

RUBOIYLAR

Ko’rguz manga ul sho’x vafosin, yorab,
Ko’rguzma aning manga jafosin, yorab.
Yorab, ne duo qilur, sen o’z lutfung ila
Bu qulning ijobat et duosin, yorab.

* * *

Sabr etsa kishi, murodig’a yetgusidir,
O’zini sabur ahlidin etgusidur.
Sabr etmakidin anga yetib xurramliq,
G’am xayli aning xotiridin ketgusidur.

* * *

Ey do’st, dame bo’lmadi g’amdin qutulub,
Mazlum kabi zulmu sitamdin qutulub.
Faryodu fig’onu ohkim, bo’lmas emish,
O’lmay sitamu g’amu alamdin qutulub.

* * *

G’ayrat yuzidin kimki qilich uzra mudom,
Olg’usidur mulk arusidin kom.
Yor etsa agar adolat etmakni anga,
Shak yo’qkim, olur adl ila olamni tom.

* * *

Do’stning uzrini qabul etmak
Do’stluqning ulug’ nishoni erur.
Kimki qilmas qabul uzri aning,
Bilkim ul do’stning yomoni erur.

* * *

Gar urush tushsa iki hamdam aro,
Bot aning tadbirini etmak kerak.
Biridin ayb o’lsa zohir, ul biri
Uzr aytib aybini yopmoq kerak.

* * *

Hijron g’amidin ko’ngul ichi to’ldi yana,
Ko’nglum uyi qayg’u maskani bo’ldi yana.
Hajr o’ldi visol o’rnig’a tole yo’qdin,
Naylayki davo dardgg’a yuruldi yana.

* * *

Yorin kishi, ey yor, sog’inmasmu bo’lur,
Mahjurini dildor sog’inmasmu bo’lur.
Ko’zu qoshidin musofir o’lg’on yorin,
Ey sho’xi sitamgar sog’inmasmu bo’lure

* * *

Majnun ishidin ulkishikim ogahdur,
Ushshoq orasinda Ubaydullahdur.
Payvasta junun ahli erur hamrah anga,
Ul rahbar erur alarg’ayu, ham shahdur.

* * *

Sarviki yuzi gulu qaddi ra’nodur,
Jon moyil o’lub, anga ko’ngul shaydodur,
Ey kimki tilasang xo’bluq asbobini,
Ul ruhi mujassamda bori paydodur.

* * *

Seningdek bu jahonda g’amguzorim yo’qtur,
Ko’rmay seni bir yerda qarorim yo’qtur,
Ey yor, demaki o’zga yoring bor emish,
Yorim sen erursen, o’zga yorim yo’qtur.

* * *

Ey noma, o’zingni vaslig’a yetkura ko’r,
Ilkini o’pub, yuzingga olib sura ko’r,
Men xastalig’imdin ko’ra olmay qoldim,
Sen bori aning husnu jamolin ko’ra ko’r.

* * *

Ey jon, g’amu dard poymol o’lg’usidur,
Hamdam senga ul toza nihol o’lg’usidur.
Zinhor ko’ngulni solma hijronidakim,
Hajr o’lsa bu kun, tongla visol o’lg’usidur.

* * *

Har do’stkim ul dushmaningga yor durur,
Bilkim senga ul yor emas, ag’yor durur.
Aylang hazar andinkim aningdek kishida
Bir nav’ xayolu, bir balo bor durur.

* * *

Ey sho’x, meni husnungga hayron qilg’il,
YO ishqing aro besaru somon qilg’il.
YO yetkur ayog’ingg’a mening boshimni,
YO soya kabi yer bila yakson qig’il.

* * *

Ko’ngul sanga, ey g’unchai xandon, berayin,
Kofir ko’zungga din bila imon berayin,
Jonimni agar olur xayoling bo’lsa,
Kel-ke-lki seni bir ko’rubon jon berayin.

* * *

Sharh aylama dardsizga rohat qadrin,
Mehnat ko’rgan bilur farog’at qadrin.
Chekmay alamu og’rimayin bilmas emish,
Umrinda kishi rohatu sihhat qadrin.

* * *

Bo’lmas nima olamda adabdin yaxshi,
Ham rohatu ham g’am adabdin yaxshi,
Yo’qtur ko’ramen barcha sifatlar orakim,
Yaxshi sifat odamda adabdin yaxshi.

TUYUQLAR

* * *

Kirsang, ey jonu jahonim tushgasen,
Lutf etib ko’nglum uyiga tushgasen,
Kelayin deding tong otqach kelmading,
Bu dag’i xushturki, kelsang tushga sen.

* * *

So’g’d ichinda o’lturubdur yobu*lar,
Yobularning mingan oti yobular,
Yobularning ilgidin el tinmadi,
YO bular tursun bu yerda, yo bular.

* * *

Ey muhiblar jannat o’lsun doringiz,
Yor bo’lsun dushman uchun doringiz,
Solsangiz yo’l baytul-ahzonim sori,
Bir faqire bor edi deb doringiz.

* * *

Sayr etarda guluzorim bog’ini,
Bog’lamas gulgun qaboyi bog’ini.
Buzdilar barcha ulusni bog’ilar,
Tangri yo’q etkay, ilohi, bog’ini.

* * *

Yorama ul oy marham yoqmadi,
Ohkim, anga ne o’tlar yoqmadi.
O’zgalarga yoqti ul tavri aning,
Kim aning ul tavri manga yoqmadi.

* * *

Ul pari majnun ko’ngul jononidur,
Ko’ngul o’zidur aning, jon onidur.
Manga muncha lutfu qahring yor egach,
Jonima javr etmaking, jono, nedure

HIKMAT

Ayo do’stlar, jondin kechib, ishq erkin tuttum mano,
Vahdat mayin ichkuncha ne xunoblar yuttum mano.

Uch yuz oltmish daryo o’ta, yurmay kishi sud aylamas,
To’rt yuz qirq to’rt tog’din oshib, borisidin o’ttum mano.

Vosil meni vaslig’a ul qildi, murodim vasl edi,
Yuz ming shukr har dam anga, maqsudima yettum mano.

Chun mosivallah ko’yida istab meni topmas kishi,
Bas, o’zga yerda istangiz, ul ko’ydin kettum mano.

Solik topa olmas nishon mendin talab vodisida,
Ey Qul Ubaydiy, jon kibi istay ani, yettum mano.

«Sharq yulduzi» jurnali, 1991 yil, 10-son.

052

(Tashriflar: umumiy 3 784, bugungi 1)

Izoh qoldiring