Xurshid Do’stmuhammad. Orzu bo’yog’i & Firdavs Fayzulloh asarlaridan namunalar

09    Таниқли мусаввир Фирдавс Файзуллоҳ ижоди билан у ҳали мактабда ўқиб юрган пайтидаёқ танишган эдим. Ўша пайтда ишлаб турган «Ёш гвардия» нашриётида нашрга тайёрланаётган онаси шоира Гулчеҳра Жўраева китобининг муқовасини Фирдавс чизган эди. Кейинчалик оилаларимиз яқинлашуви билан мен Фирдавсни яна яқиндан билдим. Икки ижодкор: Гулчеҳра опа билан Сайёр аканинг фарзанди бўлмиш Фирдавс бугун дунёга танилган мусаввир. Унинг фарзандлари ҳам отасининг изидан боришмоқда ва ҳозирнинг ўзида Ҳусайн Файзуллоҳ билан Беҳзод Файзуллоҳ ўз асарлари билан кўпчиликнинг қизиқишига сабаб бўлмоқдалар.
033   Фирдавс Файзуллоҳ 1963 йилда туғилган. Ўрта мактабдан кейин рассомчилик билим юртида, кейин эса Тошкент давлат Санъат институтида таҳсил олди. У ижодининг дастлабки палласидан янгиликка интилди, тасвирий санъатдаги анъаналарни рад этмаган ҳолда янги шакл ва моҳият излади. Унинг айтишича «Ҳаёт, демак санъат ҳам туғилган шаҳару қишлоғинг билан чекланмаслиги керак».
Бундан йигирма йилча аввал Хуршид Дўстмуҳаммад томонидан ёзилган «Орзу бўёғи» эссесида ёш мусаввирнинг шаклланаётган ижодий олами ҳақида сўз юритилган ва унинг танлаган йўли юксакликка олиб боражагига бўлган ишонч намоён бўлган эди.

Хуршид Даврон

Хуршид Дўстмуҳаммад
ОРЗУ БЎЁҒИ
022

Ҳаётда жавоби топилмайдиган саволлар кўп. Шунга қарамай ўшандай саволларнинг-да баҳридан ўтолмайсан, киши. Чунончи, “Бадиий ижод нима?” деган савол ўз ҳолингга қўймайди. “Одамлар нега роман ёзади?.. Шеър битади.. Устахонага қамалиб олиб патила-патила бўлиб кетган соч-соқолига тароқ уриш эсига келмай, расм чизади… Нега?!”

Ҳар қандай ижод дунёвий ва руҳий асосга таянади. Дунёвий ёки моддий манфаатни изоҳлашга ҳожат йўқ. Руҳий, яъни руҳоний асос жилваларидан баҳраманд бўлиш эса тафаккурни бойитади, тафаккур бойигани сайин олам кенгаяди ва шунинг баробарида Инсон гўзаллаша боради.

—————————
Фирдавс Файзуллоҳ:
— Ижод — руҳий таскин, тасалли…
——————————

Ижодкор қалб соҳибининг ботиний гўзаллашуви баҳра олиш эрки билан ўлчанади. Баҳра олиш эрки дунёни бадиий идрок этиш — тасвирлаш ҳурлигига қўшилиб кетади. XX асрнинг буюк мусаввирларидан бири Сальвадор Дали (Испания) бу ҳодисани “руҳнинг эркин ижоди” дея талқин қилади. Бошқа ўринда у ижод эркинлигини анъаналардан, урф-одатлардан, даққи қадриятлардан воз кеча олиш дея такрорлайди. “Сарқитлардан юз ўгиринг!” дея хигоб қилади у.

Ёш ўзбек рассоми Фирдавс Файзуллоҳнинг “Ижод — руҳий таскин, тасалли” деган иқрори беихтиёр Сальвадор Далининг хитобларини эсга солади. Дарҳақиқат, ижодкор илҳом онларида мутгасил таскин-тасалли излайди, ўзи топган тасаллидан баҳра олади. Тотли изтироблардан қониб улгурмай қониқиш қониқмасликка айланади — шу тариқа ижодий изланиш, ижодий янгиланиш, юксалиш… давом этаверади.

…Қиз бола. Бошига ярим ёпинган рўмол — шахмат тахтаси. Қора шоҳ — мот! Хийла олисда кўҳна обида!.. Асар мазмунини ана шу уч асос белгилаган: яъни, фикр, ақл-идрок мот қилинган даврларда одамлар ўтмишни унутдилар.

Фикрнинг ўзига хос ечимда тасвирлангани таҳсинга сазовор. Лекин мен бир мухлис сифатида асардан чуқурроқ, абадийроқ, макон ва замон ўлчовларидан холилик даражасига кўтариладиган “бадиий гап” излайман ва топаман: қора доналар шоҳи ниҳоятда жўн ҳолатда таслим этилган… шуурни тафаккурдан тўхтатиш ва фикрсизликка олиб келиш айтарли мушкул эмас, бунинг учун шоҳ (ақл шоҳи)ни ёлғизлатиб олинса, бас! Онглар мот этилган жойда тарихий обидалар тимсолидаги ўтмишгина эмас, фалакнинг мўьжизалари ҳам унутилади…

“Аччиқ олма” ҳам ҳар бир томошабинни ўзича ўй суришга даъват этади. Юзини ўгирган қиз, сочлари тўзғиган. Оппоқ сочиқ устида бир дона қип-қизил олма. Қизил олма — такдир олмаси! Кимга насиб этди экан бу аччиқ олма?! Эҳтимол, тотли олмадир? Бу саволга ҳар ким ўзича жавоб беради, зеро, тақдир кимга қандай ҳаётни раво кўргани ёлғиз Парвардигорга ва банданинг ўзига аён.

Рассомнинг “гапи” бу билан тугамайди. Хусусан, Фирдавснинг мўйқаламига маънолар қатламининг чуқурлашуви, кенглиги хос. “Аччиқ олма”да маъно-мазмун моҳияти коинот қадар кенгаяди. Бу улкан маъно осмондан боқиб турган бир кўз чизғиси билан намоён бўлган. Шундан, бояги саволларга савол уланади: ўша тақдир олмасидан тишлаб кўрган қизнинг қисмати коинотдан боққан кўзга аёндир, эҳтимол?… Осмондан ерга қадар — олма натюрмортига довур чўзилиб тушган — Ер ва Коинотнинг бирлигидан далолат бераётган илдизлар ва илдизлардан кўкарган ям-яшил япроқчалар шунга ишора бермаяптими?..

Фикримча, “Аччиқ олма” эмас, “Тақдир олмаси” деб аташ маъқул кўринди асарни…

Ҳозирги замон ўзбек бадиий тафаккурида кўпмаънолиликка мойиллик сезилмоқда. Насрда, шеърият-да, хусусан, тасвирий санъат асарларида. Жавлон Умарбеков, Баҳодир Жалолов, Алишер Мирзаев сингари янги рассомлар ижодидаги ўзига хослик кўпчиликка таниш. Мақсуд Тўхтаев, Акмал Нуриддинов, Ортиқали Қозоқов… Қобил Чиғатой мўйқаламидаги модерн тафаккур, модерн юритишга ундайди.

…“Нигоҳ”даги олти кўзга бирма-бир тикилиб туриб кўнгилда беихтиёр туғилаётган саволларга беихтиёр жавоблар топасиз. Кўзлар ер шаридан анча юксакда. “Аччиқ олма”даги кўз илоҳий, самовий, “Нигоҳ”даги кўзлар заминий, турфа одамлар қарашларидир. Курраи арз устидаги лампа шиша ёнидаги қоғозда “Инсон бўлмаган инсон қадрини билмас” деган ёзув. Ёзув юқоридаги нигоҳларнинг тагсўзи — изоҳидек ўқилади. Яъни ҳар нигоҳ — бир олам! Сенга тик қадалиб тургани ҳам, кўзини олиб қочаётган нигоҳлар ҳам туганмас ҳикмат, туганмас жумбоқ!

Фирдавс аксарият асарларида рамз сифатида булутларни кўп чизади. “Булутлар — композицион яхлитликни таъминлайди” деди рассомнинг ўзи. Шунингдек, булутлардаги ўйчанлик, кишини хаёлга толдирувчи бир сеҳр ёш рассом ишларига ўзига хос салобат, донишона босиқлик ато этмоқда. Яна — булутлар томошабин хаёлларини пароканда қилиб юборади ҳам, қалбларда гоҳ вазминлик, гоҳ безовталик уйғотади. “Нигоҳ”да шундай. “Нафас”да ҳам.

Дарвоқе, мазкур асарни “Тескари дунё” деб аташ тўғрироқ бўлур эди. Кўз ўнгингизга келтиринг: қушлар озоддикда, париваш қиз — қафасда; булутлардан кўкариб чиққан илдизлар ўсиб, тарвақайлаб ерга қадар тушган.

Тескари мушоҳада. Воқеа-ҳодисаларни реал ҳаётдагидек эмас, бамисоли тушда кўргандек тасвирлаш. Реаллик ва ирреаллик, яъни ҳаётий кечинмаларни аралашма, қоришма алфозда умумлаштира олишни Андре Бретон (Франция) “сюрреализм” деб таърифлаган. Сюрреализм аломатлари ўзбек рассомлари ижодига хийла бурун кириб келган. Ўзбек шоирлари ҳам бу борада отни қамчилаганларига кўп бўлди. Журъатли ёш носирларимиз шоир биродарларидан ортда қолмаслик ҳаракатида. Фақат дунёни ушбу услубий йўналишда инъикос этилган асарлар кўпда оммалашиб улгурмаяпти. Сюрреализмнингасосида реализм ётишини, сюрреализм — тасвир имкониятлари чексизлик қадар кенгайтирилган реализм эканлигини ҳатто аксари “Шарқона ўзимизники” тушунчасини “Ғарбона ўзганики” тасаввуридан устун қўйиш билан хаспўшланмоқда.

Қабул қилмасликни истаганча асослаш мумкин, аммо-лекин барча далил-исботлар пировардида маҳдуддикка олиб борадиким, санъатдаги ҳар қандай маҳдудлик миллий бадиий тафаккур ривожи учун тўсиққа айланажак.

Фирдавс эса ўз ижоди, аъмолини вужудга келтиришда улкан мактаб бўлаётган маънавий устозини “яширмайди”. Балки, унга ва ўз изланишларига махсус “Интилиш” асарини бағишлайда: кўкда, самоларда сузиб юрган булутлар қанотида афсонавий Сальвадор Дали, ҳў- ў пастда, ҳали чақилмаган тухум ичида ғужанак бўлиб ўтирган муаллиф — Фирдавс Файзуллоҳ.

Ўз ижодига талабчанлик, ўзидан-ўзлигидан қониқмаслик, улкан устоз сари интилишдек эзгу орзу-истак — бари-бари “Интилиш”да мужассам!

Асл рассомлар маънавий фазо ва кенгликни англашнинг мутлақо янги мақомларини излашларини таъкидлаган эди С. Дали. Бугунга келиб ёш ўзбек рассоми Фирдавс Файзуллоҳ тасвирий санъатнинг айни шу мутлақо мураккаб ва муттасил баҳсли йўлини танлади.

Бу йўлда Фирдавсга сабот ва омад ёр бўлсин.

1994

ФИРДАВС ФАЙЗУЛЛОҲ АСАРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
033

 045  Taniqli musavvir Firdavs Fayzulloh ijodi bilan u hali maktabda o’qib yurgan paytidayoq tanishgan edim. O’sha paytda ishlab turgan «Yosh gvardiya» nashriyotida nashrga tayyorlanayotgan onasi shoira Gulchehra Jo’raeva kitobining muqovasini Firdavs chizgan edi. Keyinchalik oilalarimiz yaqinlashuvi bilan men Firdavsni yana yaqindan bildim. Ikki ijodkor: Gulchehra opa bilan Sayyor akaning farzandi bo’lmish Firdavs bugun dunyoga tanilgan musavvir. Uning farzandlari ham otasining izidan borishmoqda va hozirning o’zida Husayn Fayzulloh bilan Behzod Fayzulloh o’z asarlari bilan ko’pchilikning qiziqishiga sabab bo’lmoqdalar.
Firdavs Fayzulloh 1963 yilda tug’ilgan. O’rta maktabdan keyin rassomchilik bilim yurtida, keyin esa Toshkent davlat San’at institutida tahsil oldi. U ijodining dastlabki pallasidan yangilikka intildi, tasviriy san’atdagi an’analarni rad etmagan holda yangi shakl va mohiyat izladi. Uning aytishicha «Hayot, demak san’at ham tug’ilgan shaharu qishlog’ing bilan cheklanmasligi kerak».Bundan yigirma yilcha avval Xurshid Do’stmuhammad tomonidan yozilgan «Orzu bo’yog’i» essesida yosh musavvirning shakllanayotgan ijodiy olami haqida so’z yuritilgan va uning tanlagan yo’li yuksaklikka olib borajagiga bo’lgan ishonch namoyon bo’lgan edi.

Xurshid Davron

Xurshid Do’stmuhammad
ORZU BO’YOG’I
022

Har qanday ijod dunyoviy va ruhiy asosga tayanadi. Dunyoviy yoki moddiy manfaatni izohlashga hojat
yo’q. Ruhiy, ya’ni ruhoniy asos jilvalaridan bahramand bo’lish esa tafakkurni boyitadi, tafakkur boyigani sayin olam kengayadi va shuning barobarida Inson go’zallasha boradi.

—————————
Firdavs Fayzulloh:
— Ijod — ruhiy taskin, tasalli…
——————————

Ijodkor qalb sohibining botiniy go’zallashuvi bahra olish erki bilan o’lchanadi. Bahra olish erki dunyoni badiiy idrok etish — tasvirlash hurligiga qo’shilib ketadi. XX asrning buyuk musavvirlaridan biri Sal`vador Dali (Ispaniya) bu hodisani “ruhning erkin ijodi” deya talqin qiladi. Boshqa o’rinda u ijod erkinligini an’analardan, urf-odatlardan, daqqi qadriyatlardan voz kecha olish deya takrorlaydi. “Sarqitlardan yuz o’giring!” deya xigob qiladi u.

Yosh o’zbek rassomi Firdavs Fayzullohning “Ijod — ruhiy taskin, tasalli” degan iqrori beixtiyor Salvador Dalining xitoblarini esga soladi. Darhaqiqat, ijodkor ilhom onlarida mutgasil taskin-tasalli izlaydi, o’zi topgan tasallidan bahra oladi. Totli iztiroblardan qonib ulgurmay qoniqish qoniqmaslikka aylanadi — shu tariqa ijodiy izlanish, ijodiy yangilanish, yuksalish… davom etaveradi.

…Qiz bola. Boshiga yarim yopingan ro’mol — shaxmat taxtasi. Qora shoh — mot! Xiyla olisda ko’hna obida!.. Asar mazmunini ana shu uch asos belgilagan: ya’ni, fikr, aql-idrok mot qilingan davrlarda odamlar o’tmishni unutdilar.

Fikrning o’ziga xos yechimda tasvirlangani tahsinga sazovor. Lekin men bir muxlis sifatida asardan chuqurroq, abadiyroq, makon va zamon o’lchovlaridan xolilik darajasiga ko’tariladigan “badiiy gap” izlayman va topaman: qora donalar shohi nihoyatda jo’n holatda taslim etilgan… shuurni tafakkurdan to’xtatish va fikrsizlikka olib kelish aytarli mushkul emas, buning uchun shoh (aql shohi)ni yolg’izlatib olinsa, bas! Onglar mot etilgan joyda tarixiy obidalar timsolidagi o’tmishgina emas, falakning mo’`jizalari ham unutiladi…

“Achchiq olma” ham har bir tomoshabinni o’zicha o’y surishga da’vat etadi. Yuzini o’girgan qiz, sochlari
to’zg’igan. Oppoq sochiq ustida bir dona qip-qizil olma. Qizil olma — takdir olmasi! Kimga nasib etdi ekan bu achchiq olma?! Ehtimol, totli olmadir? Bu savolga har kim o’zicha javob beradi, zero, taqdir kimga qanday hayotni ravo ko’rgani yolg’iz Parvardigorga va bandaning o’ziga ayon.

Rassomning “gapi” bu bilan tugamaydi. Xususan, Firdavsning mo’yqalamiga ma’nolar qatlamining chuqurlashuvi, kengligi xos. “Achchiq olma”da ma’no-mazmun mohiyati koinot qadar kengayadi. Bu ulkan ma’no osmondan boqib turgan bir ko’z chizg’isi bilan namoyon bo’lgan. Shundan, boyagi savollarga savol ulanadi: o’sha taqdir olmasidan tishlab ko’rgan qizning qismati koinotdan boqqan ko’zga ayondir, ehtimol?… Osmondan yerga qadar — olma natyurmortiga dovur cho’zilib tushgan — Yer va Koinotning birligidan dalolat berayotgan ildizlar va ildizlardan ko’kargan yam-yashil yaproqchalar shunga ishora bermayaptimi?..

Fikrimcha, “Achchiq olma” emas, “Taqdir olmasi” deb atash ma’qul ko’rindi asarni…

Hozirgi zamon o’zbek badiiy tafakkurida ko’pma’nolilikka moyillik sezilmoqda. Nasrda, she’riyat-da, xususan, tasviriy san’at asarlarida. Javlon Umarbekov, Bahodir Jalolov, Alisher Mirzaev singari yangi rassomlar ijodidagi o’ziga xoslik ko’pchilikka tanish. Maqsud To’xtaev, Akmal Nuriddinov, Ortiqali Qozoqov… Qobil Chig’atoy mo’yqalamidagi modern tafakkur, modern yuritishga undaydi.

…“Nigoh”dagi olti ko’zga birma-bir tikilib turib ko’ngilda beixtiyor tug’ilayotgan savollarga beixtiyor javoblar topasiz. Ko’zlar yer sharidan ancha yuksakda. “Achchiq olma”dagi ko’z ilohiy, samoviy, “Nigoh”dagi ko’zlar zaminiy, turfa odamlar qarashlaridir. Kurrai arz ustidagi lampa shisha yonidagi qog’ozda “Inson bo’lmagan inson qadrini bilmas” degan yozuv. Yozuv yuqoridagi nigohlarning tagso’zi — izohidek o’qiladi. Ya’ni har nigoh — bir olam! Senga tik qadalib turgani ham, ko’zini olib qochayotgan nigohlar ham tuganmas hikmat, tuganmas jumboq!

Firdavs aksariyat asarlarida ramz sifatida bulutlarni ko’p chizadi. “Bulutlar — kompozitsion yaxlitlikni ta’minlaydi” dedi rassomning o’zi. Shuningdek, bulutlardagi o’ychanlik, kishini xayolga toldiruvchi bir sehr yosh rassom ishlariga o’ziga xos salobat, donishona bosiqlik ato etmoqda. Yana — bulutlar tomoshabin xayollarini parokanda qilib yuboradi ham, qalblarda goh vazminlik, goh bezovtalik uyg’otadi. “Nigoh”da shunday. “Nafas”da ham.

Darvoqe, mazkur asarni “Teskari dunyo” deb atash to’g’riroq bo’lur edi. Ko’z o’ngingizga keltiring: qushlar  ozoddikda, parivash qiz — qafasda; bulutlardan ko’karib chiqqan ildizlar o’sib, tarvaqaylab yerga qadar tushgan.

Teskari mushohada. Voqea-hodisalarni real hayotdagidek emas, bamisoli tushda ko’rgandek tasvirlash. Reallik va irreallik, ya’ni hayotiy kechinmalarni aralashma, qorishma alfozda umumlashtira olishni Andre Breton (Frantsiya) “syurrealizm” deb ta’riflagan. Syurrealizm alomatlari o’zbek rassomlari ijodiga xiyla burun kirib kelgan. O’zbek shoirlari ham bu borada otni qamchilaganlariga ko’p bo’ldi. Jur’atli yosh nosirlarimiz shoir birodarlaridan ortda qolmaslik harakatida. Faqat dunyoni ushbu uslubiy yo’nalishda in’ikos etilgan asarlar ko’pda ommalashib ulgurmayapti. Syurrealizmningasosida realizm yotishini, syurrealizm — tasvir imkoniyatlari cheksizlik qadar kengaytirilgan realizm ekanligini hatto aksari “Sharqona o’zimizniki” tushunchasini “G’arbona o’zganiki” tasavvuridan ustun qo’yish bilan xaspo’shlanmoqda.

Qabul qilmaslikni istagancha asoslash mumkin, ammo-lekin barcha dalil-isbotlar pirovardida mahduddikka olib boradikim, san’atdagi har qanday mahdudlik milliy badiiy tafakkur rivoji uchun to’siqqa aylanajak.

Firdavs esa o’z ijodi, a’molini vujudga keltirishda ulkan maktab bo’layotgan ma’naviy ustozini “yashirmaydi”. Balki, unga va o’z izlanishlariga maxsus “Intilish” asarini bag’ishlayda: ko’kda, samolarda suzib yurgan bulutlar qanotida afsonaviy Salvador Dali, ho’- o’ pastda, hali chaqilmagan tuxum ichida g’ujanak bo’lib o’tirgan muallif — Firdavs Fayzulloh.

O’z ijodiga talabchanlik, o’zidan-o’zligidan qoniqmaslik, ulkan ustoz sari intilishdek ezgu orzu-istak — bari-bari  “Intilish”da mujassam!

Asl rassomlar ma’naviy fazo va kenglikni anglashning mutlaqo yangi maqomlarini izlashlarini ta’kidlagan edi S. Dali. Bugunga kelib yosh o’zbek rassomi Firdavs Fayzulloh tasviriy san’atning ayni shu mutlaqo murakkab va muttasil bahsli yo’lini tanladi.

Bu yo’lda Firdavsga sabot va omad yor bo’lsin.

1994

02

(Tashriflar: umumiy 324, bugungi 1)

Izoh qoldiring